Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
АДАБИЙ ЖАРАЁН: МУАММОЛАР ВА МУЛОҲАЗАЛАР

– Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?

– Ҳар қандай миллий адабиёт муайян имконият майдонида, ўзига хос шароит ва муҳитда яшаётган жонли жараён ҳисобланади. Унинг юксалишнинг қайси палласи ёки босқичини эгаллаб турганини аниқлашга уринишдан олинадиган самара у қадар катта эмас. Чунки аниқлик даражасини ўлчайдиган «тарози» палласига истаганча фикр-мулоҳазани қалаштириш мумкин, лекин уларнинг бари нисбий нуқтаи назар бўлиб қолаверади. Мутлақ холисликка эришиш қийин. Зеро, бадиий ижод махсулини баҳолаш бадиий дидга, китобхонлик малакасига, ҳаётий тажрибага боғлиқ. Шундай экан, ким қандай асардан завқ-шавқ олади, ихтиёр ўзида. Муҳими, замонавий ўзбек адабиёти бозорида ҲАР ҚАНДАЙ табақадаги, тоифадаги китобхон дидига мос асар ва китоб топилади. Шахсан ўзимда жиддий, ақлли – интеллектуал, тимсолларга бой тасвир услуби маҳсули бўлган, эҳтимол «ҳазми» оғирроқ, ҳатто тажриба тариқасида яратилган асарларни ўқишга мойиллик сезаман. Афсуски, бундай асарларни бизнинг китоб бозорларимиз кўтаролмайди, бозор одатда оммабоп китоблар ҳисобидан кун кўради. Яхшиям, жаҳон китоб бозори ҳамиша очиқ…

– Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?

– Муаммо кўп. Муҳимини айтай: салмоқли, залварли ЎЗБЕКОНА РОМАН ўқигиси келади одам! Мисол учун Толстой, Достоевский, Жойс, Манн, Вульф, Оруэлл, Маркес, Қодирий ва Авезовдан мерос қолган романлар бор-ку, ана ўшаларга ўхшаш, ўшалар даражасидаги романни назарда тутмоқдаман. Бунинг учун эса аввало муаллифнинг ўзи салмоқли, залварли бўлмоғи шарт. Дунёқараши, фикрий қамрови, бадиий диди, сўз маҳорати ва албатта ҳаётий нуқтаи назариконцепцияси шаклланган ШАХС-АДИБлар камолга етишмоғи даркор.

Ёзувчилар уюшмамизда қуйидаги мавзу йўналишларида МУНТАЗАМ давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралари ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман: бадиий тафаккур, бадиий дид, бадиий асар поэтикаси, тимсол, услуб, адабий таъсир, бадиий тасвирда тажрибалар ва изланишлар, таржима маҳорати, тасаввуф, мифология, миллий ва жаҳон мусиқаси, тасвирий санъат, кино, театр, шунингдек, тарих, жуғрофия, фалсафа, мантиқ, психология, социология, математика, жамият ва давлат, шахс ва жамият, глобаллашув, бошқарув ва ўзаро муносабат маданияти, тарих ва адабиёт, ҳужжат ва адабиёт, диний эътиқод ва бадиий адабиёт, диний ва кенгфеъллик муаммолари… Ушбу мавзуларнинг барини эмин-эркин оммалаштирадиган, кенг китобхонларимиз дунёсига таништириб борадиган нашр таъсис этилмоғи зарур.

Таклиф ғалати кўринаётгандир? Миллий адабиёт камолини истаяпмизми, марҳамат қилиб, рисоладаги саъй-ҳаракатлар қаторида ғалати таклиф ва мулоҳазаларни эътиборга олиш ҳам бесамар кетмайди, деб ўйлайман.

– Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

– Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон асарларидан тасвир тиниқлиги, руҳий таҳлил йўсини, рамзлар силсиласи, услублар қоришиқлигини ўрганишга ҳаракат қиламан. Алишер Мирзонинг «Каллахоналик йигитча», «Мусаввир», Ҳабибулло Олимжоновнинг «Журналист», Баҳодир Умрзоқовнинг «Ойжамол» романларида эҳ-ҳе-е, озмунча дард-фарёд борми?! ХХ аср инсоният бошига солган фожиаларнинг бадиий асардаги кўзгулари улар. Абдусаид Кўчимовнинг «Баҳор» ва «Сайланма»сига кирган бадиалар самимияти, ўзбекона беғуборлиги билан манзур бўлди. Машҳур шоиримиз Азим Суюн наср майдонига «қилич» ялонғочлаб тушганидан хабарингиз борми? «Тиллабурамашох» қиссаси. Қизиқ ва ноёб кузатишлар. Назар Эшонқулнинг «Мендан «мен»гача»си мароқли янгилик!

Қашқадарёлик Олмалик Дайнов 70 ёшида илк китобини чоп эттирди – «Ўқиган калла»! Жайдари, лекин тагдор қишлоқ юмори туйғусидан баҳра олишни истаганлар, марҳамат, ўқисинлар. Кўп ва хўб ёзаётган дўстларимиздан Нуриддин Исмоилов, Азамат Қоржововнинг тинимсиз ёзишларига, бунинг устига теша тегмаган сюжетлар, лавҳалар – интригалар занжирини топа олишларига ҳавасим келади.

Адабий жараён деганда униси ўпоқ, буниси сўпоқ, демай, борини олсак, бори юзасидан муносабат билдиришга уринсак, деган ниятман.

(«ЎзАС» газетаси. 5 октябрь 2018.)
ҲАР ҚАНДАЙ СОҲАНИНГ МУВАФФАҚИЯТИНИ ШАХСЛАР БЕЛГИЛАЙДИ

– Хуршид ака, бугун сиз билан адабиёт ҳақида, ундаги ўзгаришлар, янгиланишлар, шахслар ва эврилишлар ҳақида суҳбатлашсак. 70-йиллар адабиётида ўз ўрнингиз бор. Орадан қарийб 50 йил ўтди. Ўтган давр мобайнида руҳиятингизда, қалбингизда, умуман, эътиқодингизда, битикларингизда қандай ўзгаришлар юз берди?

– Албатта, тафаккур ўзгаради. Кишида ёш улғайгани сари, тажриба ортиб боради. Айниқса, ижодкор, қаламкаш одамга бу ўзгаришлар бевосита таъсир кўрсатади. Шўролар тузуми тарқаб кетди, Ватанимиз озодликка эришди. Буларнинг бари ёзувчининг халққа, ҳаётга, одамларга, жамиятга муносабати ўзгаришига сабаб бўлади, яъники, эътиқод ўзгариб, такомиллашиб боради. Одамларни, воқеликни чуқурроқ англаб борасиз. Албатта, ижобий қарашлар салбий, салбий қарашлар ижобий бўлиб қолмайди. Масалан, 70–80-йилларда Ўзбекистон шўролар чангалидаги бир қарам давлат эди. Мана энди Ватан деган тушунчанинг ўзи ўзгарди. Бир пайтлар бепоён ватан – совет иттифоқи, компартия деган бўлсак, мустақилликка эришгандан сўнг Ватан тушунчаси ўзгариб кетди. Миллат эътиқоди, Ватан эътиқоди, тил эътиқоди такомиллашди.

– Битикларингизда ўзингизга қарши борган, ўзингиздан рози бўлмаган, қалбингизга хиёнат қилган ҳолатлар бўлганми?

– Истаймизми-йўқми, журналист ҳукмрон сиёсат, ҳукмрон мафкура билан ҳамкорликда ишлайди. Шу ҳаводан нафас олиб яшайди. Ўзининг фаолиятини унинг йўриқларига мослаштиради. Лекин мен ўзимга қарши бориб ёзганимни эслолмайман. Ёки жуда кам ёздимми? Билмадим. Мен биронта мақоламда, бадиий асаримда хижолат бўладиган ўрин, эътиқодимга қарши борган жойим йўқ.

– Ёзувчининг қўрқуви нимадан иборат бўлади? Хусусан, сизнинг ички қўрқувингиз нимада?

– Қўрқув ҳамиша журналистнинг боши устида қиличини ўйнатиб туради. Бу гапни айтадими-йўқми ёки қандай айта олади дегандай? Мен ҳамкасбларимга кўп айтганман, сўз ҳар қандай вазиятда имкон топади. Сўзни яхшилаб маҳорат билан ишлата олсанг, асоссиз назоратларни, асоссиз тазйиқларни айланиб, четлаб ўтади.

– Адабиётимизда кейинги йилларда пайдо бўлган шеърлар, насрий, драматик асарлар ўз баҳосини олаяптими? Булар минглаб ўқувчиларда қандай акс садо бераяпти?

– Ўқийдиган китоб йўқ, деган гапга қўшилмайман. Ёзувчиларимизнинг дунёқараши ўзгарди, адабиёт ўзгарди, миллий адабиёт ўзгарди. Китоб дўконларига кирсангиз, чиқиб кетолмай қоласиз. Афсуски, ҳозирги саволингиздан келиб чиқадиган бўлсак, мен яхши, қониқарли деган сўзни айтолмайман. Бошловчи ёзувчими, таниқли ёзувчими, асарларини яхшилаб, атрофлича таҳлил қилиб, асослаб берадиган, ўқувчини жалб қилишга ундайдиган таҳлиллар йўқ. Адабиётнинг фарқига борадиган, диди баланд, талабчан адабиётшунослар бор. Лекин мен яқин орада мароқ билан ўқиладиган таҳлилий мақолалар, эсселар ўқимадим.

– Яқинда бир гуруҳ ёшларнинг ҳақли эътирозини эшитдим. Яъники, шахс тарбияси. Ўсиб келаётган авлод шахс сифатида кимга эргашиши керак деб ўйлайсиз?

– Ижодкор қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, шахс бўлиши керак. Ўзининг дунёқарашига, ички ақидаларига эга бўлган одам шахс бўлади. Шамол қай томонга эсса, ўша томонга оғадиган одам асло шахс эмас. Шахс кўпайса нафақат адабиёт, ҳар қандай соҳа ривож ланади. Айниқса, ижодий соҳанинг муваффақиятини шахслар белгилайди.

– Сохта ёзувчилар, ҳаваскорлар кўпайиб, мазмунан савиясиз китоблар урчиб кетишида адабий танқидчиликни қанчалик айбдор деб ўйлайсиз?

– Китобни аввал йўқ деб нолир эдик, энди кўп деб нолияпмиз. Ўқувчининг дидини ўйлашимиз керак. Ўқувчининг диди ўсса, савиясиз китобларни ўқимайди. Ўқувчига китобни саралашни, саралаб ўқишни, саралаб ҳазм қилишни ўргатишимиз зарур.

– Хуршид ака, турли лавозимларда ишлагансиз, ишдан кетгансиз…

– Мен жуда армон қиладиган, оҳу нола чекадиган даражадаги вазиятга тушганим йўқ. Кулиб бориб, кулиб кетганман. Бундан ажабланганим йўқ, ҳайратланмадим ҳам. Ҳар қандай мансабнинг умри мансабдорнинг умридан узунроқ, ҳар қандай лавозимнинг умри лавозимдорнинг умридан узунроқ. Ҳаёт эса давом этаверади.

– Кейинги йилларда ижодингизда янги саҳифа очган «Жимжитхонага йўл», «Нусхакашнинг меросхўри», «Беозор қушнинг қарғиши» ва «Жим ўтирган одам» ҳикояларингизда давр оғриқларини, инсон қалбининг сир-синоатларини худди руҳшунос каби очиб бергансиз. Қаҳрамонларингизнинг ҳаётдаги прототиплари борми?

– Сиз номларини тилга олган ҳикоялар ҳам, бошқалари ҳам нимадир туртки асосида ёзилган. Ижодкор, албатта, турткини қидириб юрмайди, беихтиёр содир бўлади бу. Сиз айтган ҳикоялар ўзимизнинг ҳаётимиздан олинган воқеалар. Ижодкор жамиятда кечаётган воқеаларни тинимсиз ва беихтиёр таҳлил қилади. Шу тариқа ўзи учун хомашё топади. Ана шу хом ашёни тайёр ашёга – образга, ҳикояга айлантиради. Шу маънода асарларимнинг замини, асоси ўзимиз яшаб турган ҳаёт.

– Устозингиз ҳақида.

– Иброҳим Ғафуров. У киши мени шогирд деб биладими-йўқми, мен билмайман, сўрамаганман, лекин мен ўзимни у кишига шогирд деб биламан. Ҳар битта мақоласини, ҳар битта таржимасини қайта-қайта ўқисангиз, олам-олам фикр беради, илҳом бағишлайди. Дунёқарашингизни беҳад кенгайтириб юборади. Бундай Устозлар адабиётимизга, маънавиятимизга ниҳоятда керак.

– Яқин икки-уч йил олдин ёзувчи-шоирга муносабат бошқача эди. Бугун эркин нафас олаётганга ўхшаймиз…

– Ижодкор – кўнгли нозик одам. Ҳар қандай ижодкорнинг кўнглини, бир оғиз ширин сўз тоғ қилиб юборади. «Мана шу гапни яхши ёзибсиз» деса, шундан улуғ эътибор йўқ. Лекин чуқурроқ ўйлайдиган бўлсак, ижодкор учун муқим жамият зарур. Жамиятда муқимлик, руҳий хотиржамлик бўлиши керак. Мустақилликка эришдик, йигирма етти йил ниҳоятда оғир кечди. Энди муносабат ўзгаряпти, яна ўзгариши керак. Ҳали ҳамма нарса ошкор бўлганича йўқ. Жамиятни, одамларни ўз ҳолига қўйиш керак-да. Президент шунга жуда катта эътибор қаратяпти. Жамиятда ишонч туйғусининг қарор топишига шароит яратмоқчи. Сайловолди йиғилишлардан бирида айтганди: «Битта китоб ёзиш осон эмас. Битта китоб ёзиш қанчалик қийинлигини яхши биламан. Тўртта одамнинг фикрига таъсир кўрсатадиган роман ёки шеър ёзиш қанчалик мушкуллигини тасаввур қиламан». Бу жўн гап эмас. Воқеа бу, воқеа. Яна бир айтиш керак бўлган гап борки, ёзувчи, ижодкор марҳамат кутиб яшамаслиги керак. Ҳақиқий ижодкор учун ялтоқлиқ қилиш, марҳамат, тама кутиб яшаш энг паст, уятли, шармандали ҳол.

Озода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди
(«IJOD OLAMI» журнали. 2019 йил, 4-сон. Б.2-4.)
«ЧЕККА БИР ҚИШЛОҚДА ТУҒИЛСАМ ЭДИ»

– Болаликни ҳамма ҳар хил нарсага қиёслайди. Сиз болаликка қандай таъриф берасиз? Болалик нима ўзи?

– Болаликни фақат болаликка қиёслаш мумкин. Табиатда, ҳаётда, ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг ибтидосига қиёслаш мумкин. Ҳар бир одамнинг болалиги – унинг «бошланиши»дир. Чунки бу даврда одам чинакам ҳаётнинг ичига кира бошлайди, инсон сифатида шаклланади. Биологик индивиддан ижтимоий индивид сари шаклланиб боради.

Одам ўзини турли ёшда турлича англай боради. Бола катталар ўртасидаги ўзаро муносабатларни таҳлил қила бораркан, бу нарса унинг ҳаётида ҳам ифода топади. Тўғри, айнан акс этмаслиги мумкин, лекин шуниси аниқки, болалик инсоннинг бутун бошли ҳаётига таъсир кўрсатади.

– Ижодкорлардан бири «Менинг болалигим бўлмаган», деганди. Болалиги бўлмаслик нима?

– Болалиги бўлмаслик – бу бирдан улғайиб қолишдир. Болалигидаёқ улғайишдир.

– Ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш, дейишади. Болаликда сизга берилган ўгитлардан бирортаси ёдингиздами?

– Отам кўпроқ китоб ўқигин, тўғри, бой бўлиб кетмаслигинг мумкин, лекин оч қолмайсан, дердилар. Онам раҳматли эса «Болам, бир ҳунарни ўрганиб қўй, майли, китоб ҳам ўқи, лекин илмнинг ўзи боқолмай қолиши мумкин», дердилар. Ҳаётда ҳар икки гапга ҳам амал қилишга тиришдим.

– Болалигингиздаги бирорта ёдда қоларли воқеани айтиб бера оласизми?

– Иқтисодий жиҳатдан ўртаҳол хонадонда улғайдим. Оилада ўн бир киши эдик: отам, онам, акаларим ва опаларим. Биз ҳаммамиз супага жой солиб, битта кўрпани талашиб, қатор бўлиб ётаверардик. Кунлардан бир куни нимадир бўлди-ю, «Кимдир темир каравот сотаркан», деган гапни эшитиб қолдик. Опаларим рус мактабда ўқишгани учунми, бошқачароқ тарбияланишган. Катта опам «Ўша каравотни оламиз», деб туриб олдилар. Масаланинг бу ёғи баҳсга айланиб кетди: «Ер кўтармайдими сенларни, ҳамманг ерда ётиб катта бўлдинг-ку!» Тушунчани қаранг! Бу 1961 – 1962 йилларнинг гапи. Ҳозир айтсанг, ҳайрон бўлади, киши. Хуллас, жанжал-тўполон билан каравотни сотиб олдик. Энди кўринг жанжални: «Бугун мен ётаман, кеча сен ётдинг». Худонинг берган куни талашиш-тортишиш. Шунга ўхшаган воқеалар. Ҳозир сизлар дарсликда ўқиётган «Беозор қушнинг қарғиши» номли ҳикоямга ҳам оиламизда бўлиб ўтган воқеалардан бири асос қилиб олинган.

– Катта оиланинг ташвиши ҳам катта: ҳамманинг ўз ташвиши, ўқиши, иши бўлган. Бола сифатида сизга эътибор қандай эди ўшанда?

– Ҳамма тенг кўрилар эди бизнинг хонадонда. Эътибор кучли эди. Эътибор деганингизга бир воқеа эсимга тушиб кетди. Французларнингми-ей, адашмасам, «Колдунья» деган киноси бўлар эди. Шуни дастурда «Фильм «Колдунья» (16+), яъни 16 ёшдан кичиклар кўриши мумкин эмас, деб ёзиб қўйилган экан. Уйда роса тўполон бўлган. 16 ёшгача деб ёзиб қўйилган, кўрмайсизлар, деб. Биз кўп тортишар эдик. Аммо кейинчалик ўша фильмни кўрганимда роса кулгим келди. Нега ундай ёзилган? Ҳозир ҳам ёзилади «16+», «18+», лекин ҳеч ким эътибор қилмайди. Бизнинг оилада шунга ҳам аҳамият бериларди.

– Мактаб йилларингиз ҳақида гапириб беринг. Қайси фанларни ёмон кўрар эдингиз? Қандай хулқли ўқувчи бўлгансиз мактабда?

– Ў-ў-ў, ерга урса кўкка сапчийдиганлар хилидан эдим. Фанларга келадиган бўлсак, ёмон кўриш эмас, тушунмасдим, ақлим етмасди. Аниқ фанларни яхши ўзлаштира олмасдим. Лекин ҳар ким қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар, математика фанини ўрганиши керак, деб ҳисоблайман. Бу фанни билмаган одам бирорта соҳани пухта эгаллай олмайди.

– Болаликдаги дўстларингиз билан ҳозир учрашиб турасизми?

– Ҳа, албатта. Мен бир нарсани айтаман уларга: «Биз туғилмасимиздан олдинроқ ўртоқ бўлганмиз. Чунки оналаримиз ҳомиладор пайтларида дугона бўлишган, шу сабабли дўстлигимиз мустаҳкам бўлиб кетган бўлса керак».

– Болалигингизда сизда қайси туйғу устунлик қилган?

– Менда ачиниш туйғуси кучли эди. Мени қаламга ошна қилган туйғу ҳам меҳр-шафқат. Ҳар қандай инсон эътиборга муҳтож. Эътибордан четда қолган одам эса ўзини ташландиқ, ҳеч кимга керакмасдек ҳис қилади. Қалам одами бировнинг эзилишига йўл қўймаслиги керак.

– Биринчи ижод намуналарингизни эслай оласизми? Сақлаб қўйганмисиз?

– Ижодни кундалик тутишдан бошлаганман. Кундалик тутган кунимни мен ёзишнинг бошланиши, деб ҳисоблайман. Ҳозир талабалардан кундалик тутганмисизлар, деб сўрайман. Афсуски, жуда камчиликни ташкил қилади бундай ёшлар. Дастлаб мақолалар, хабарлар ёза бошлаганман. Сақлаб қўйганман. Мен учун жуда катта воқеа эди улар.

– Муҳаббат нима ўзи? Сиз унга қандай таъриф берасиз?

– Муҳаббатдан эҳтиёт бўлиш керак. Янглишмасам, Навоий ҳазратлари муҳаббатни бало, деганлар. Муҳаббатнинг таърифини келтириш жуда қийин. Жуда сурурли, завқли туйғу, лекин ундан эҳтиёт бўлиш керак. У кўнгилга қулоқ солади, ақлга эмас. Ошиқу беқарор одамнинг ақли ишламайди, у кўнгилга бўйсуниб қолади. Афсуски, ҳаёт бешафқат бу борада.

– Айтишларича, ҳар қандай одамни ёзишга ўргатиш, ёзувчи қилиш мумкин экан. Бу фикрга қандай қарайсиз?

– Ҳар қандай одам ўзи ҳақида яхшилаб ёзса, роман бўлаверади. Лекин шакли тўғри келмаслиги, ифодаси мундайроқ бўлиши мумкин. Ҳамма гапира олади, дегани ҳамма нотиқ, дегани эмас-ку, тўғрими?

– Сиз ёзувчи бўлганингизни қачон англагансиз?

– Ҳали ҳам англамаганман. Ҳали ҳам ўзимдан қониқиш ҳис қилмайман.

– Ижодкорда қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли бўлиши керак, дейишади. Ўткир Ҳошимов эса «Менинг ижодкор сифатидаги чин бахтим шаҳарнинг биқинидаги қишлоқда туғилганимдир», дейди. Сиз шаҳарда туғилдингиз, ўсдингиз. Бу фикрларга қандай қарайсиз?

– Жуда яхши фикр бўлди. Ўткир ака ҳақиқатан ҳам шаҳар билан қишлоқнинг чегарасида яшаган. Бир қадам қўйса – шаҳар, бир қадам қўйса – қишлоқ эди. Бу Ўткир аканинг бахти бўлган. Қишлоқда ўсган содда, беғубор, самимий одамнинг туйғулари ҳам, шаҳарнинг ақли ҳам бор эди у кишида. Мен баъзан қишлоқда туғилиб ўсмаганимга афсусланиб кетаман. Мени афсуслантирадиган нарса – бу шева. Бирор бир шевани билганимда, чекка бир қишлоқда, чекка бир қишлоқда туғилганимда эди, бошқача ёзган бўлар эдим. Тошкент шаҳрининг шеваси тўмтоқ. Ёзишга ярамайди. Қоғозга тушса, дағал чиқади. Шунинг учун вилоятларга борганимда шеваларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Шева тилни бойитади. Лекин шаҳар ақлнинг маркази эканлигини ҳам унутмайман.

– Армонларингиз борми?

– Энг катта армонларимдан бири – ўзбек миллий адабиётида фавқулодда ўзига хос асар кўриш. Бу армоннинг ушалиши сиз ёш ижодкорларнинг қўлингизда.

Мафтуна ОМОНКЕЛДИЕВА суҳбатлашди
(«SINFDOSH» журнали. 2019. 1-сон. Б.6–7.)
КИТОБХОНЛИК – КУНДАЛИК ҲАЁТ ТАРЗИ, ТУРМУШ ТАРЗИ

– Яхши китоб – бу яхши. Ёмон китоб-чи? Ёмон китобнинг таъсири ва оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

– Китобга, умуман мутолаага берилган таърифу тавсифлар жамланса алоҳида кутубхонага сиғмаса керак!.. Ўз даврида ёзувнинг пайдо бўлиши одамларни тоифаларга ажратиб ташлаган: ёзувни ўқий оладиган саводлилар ва ҳарф танимайдиган омиларга. Замонлар ўтди, ҳарф танимаган одам қолмади ҳисоб, лекин табақаланиш тўхтагани йўқ. Энди китобнинг фарқига етадиганлар ва етмайдиганлар, «Китоб дунёси» саҳифаларида давом этаётган ушбу анкетани кузатсак, «Яхши китоб»чилар ва «Ёмон китобчи»лар табақалашмоқда. Компьютер, интернет ва қўл телефони оммалашуви оқибатида келиб чиққан табақаланишни-ку (буларнинг замирида ҳам мутолаа ётибди), тўла-тўкис англаш, тасаввур қилиш жараёни ҳали-вери поёнига етадиганга ўхшамаяпти.

Замонамиз одамлари бамисоли китоб ва мутолаа уммонида сузиб юрибди, бу уммонда жон сақлаш, эмин-эркин ҳаёт кечириш, яхшини ёмондан ажрата билиш ҳар кимнинг тушунчаси, дунёқараши, қизиқишлари, диди-фаросати ва, албатта, ниятига боғлиқ аввало. Қизиғи, ҳар қандай тушунча, дунёқараш, қизиқиш, дид-фаросат, ният соҳиб ва соҳибалари эҳтиёжига яраша китоб топилади. Истаймизми-йўқми, ҳаётнинг қонунияти, ҳикмати шундай.

Бир инсон умри мобайнида қанча китоб ўқиши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилиш шарт эмас, чунки натижа деярли аниқ: мавжуд китобларнинг (бошқа тилларда чоп этилганлари озмунчами?!) минглардан ёки миллионлардан бир чимдимини ўқишга улгурамиз, холос. Шахсан ўзим ҳали ўқимаган китобларимни ўқисаммикан ёхуд бир неча ўн йиллар бурун ўқиганларимни такрор ўқисаммикан, деган икки ўт исканжасидан сира чиқиб кетолмайман. Умр эса ҳисобли. Шу маънода хориж тилларини эгаллаган ёр-биродарларга ҳам ҳавасим келади, ҳам… ачинаман. Ахир улар неча ўт орасида яшайдилар?!

Айтмоқчиманки, фойдали (демак, яхши, дегани-да!) деб ҳисобланган китобларни ўқиш учун вақт-фурсат топилмайдию, фойдасиз (демак, ёмон) мутолаага вақт қайда! Мени энг қийнайдиган нарса – мажбур бўлиб ўқиш, мажбурият юзасидан ўқиш!

Яхши-ёмон китоб муаммосида қарашларим пича ўзгача: асли ёмон одам ҳар қанча яхши китоб ўқиган тақдирда ҳам яхши одамга айланиб қолмайди, асли палаги тоза инсон эса фавқулодда ёмон китоб ўқиб қўйган тақдирда ҳам айнимайди. Китоб – бебаҳо мураббий, тарбия воситаси, деганга ўхшаш оддий ҳақиқатларни жўнлаштириш, сийқалаштириш дидни ўтмаслаштиришга олиб келади, холос. Мутолаа, китобсеварлик, китобхонлик, бу – руҳий-руҳоний тафаккур тарзи, турмуш тарзи, ҳаёт тарзи. Афсуски, бу олий саодатга мубталоликни ҳаммага бирдек раво кўрмайди, ҳаёт…

– Бугун савиясиз китобларнинг нашр этилишига ким айбдор, нашриётми, муҳаррирми ёки?..

– Савиясиз китобларнинг нашр этилишига ўзини китоб дунёсига дахлдор деб билган… ҳамма айбдор! Ўзимиз айбдормиз! Бош айбдор эса – КИТОБХОН!..

Бемаза қўшиқлар урчиб кетаётгани учун – тингловчилар, арзон-гаров фильмлар, саҳна асарлари учун – томошабинлар айбдор бўлганидек, савиясиз китобларни харид қилиб, қўлдан қўймай-бош кўтармай ўқийдиган китобхонлар бор экан, бу қабилдаги китобларнинг чоп этилиши тўхтамайди.

Баъзан чинакам санъат бошқа, пул-бойлик, даромад бошқа, деган ақидани такрорлашдан чарчамаймиз. Бундай қарашлар қисман тўғри, холос. Юксак санъат асарлари юксак санъат, юксак ижодий кайфият муҳитида туғилади, ўша муҳитда санъат сифатида қадрланади, асар бозорга чиқдими, энди у буюмга айланади, ҳар қандай буюмнинг қиммати эса пул ва бойлик билан ўлчанади. Муаллифнинг хаёлида китоб – санъат асари, ижод маҳсули, ношир ва сотувчининг назарида эса китоб – товар, буюм. Масаланинг жон томири шу жойда…

Китобни яратаётганлардан – ижод аҳлидан кўра, уни ақчага айлантириш маҳоратини эгаллаганлар мўмай манфаат кўраётганининг боиси шунда. Чунки улар учун китоб аввало – катта бизнес, бойлик манбаи!

Мустақиллик арафаларида, истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор муносабатларига ўтилишини энг истаган, ҳатто бу жараённинг жадаллаштирилишини талаб қилиб айюҳаннос кўтарганлар зиёлилар эди. Энди кўриняптики, бозор муносабатларидан энг кўп жабр чекаётганлар ҳам зиёлилар экан…

Эркин бозор орзуси сабр-тоқатни, кенгликни тақозо этади. «Ёмон» китоб ёзадиганларнинг бошида қамчи ўйнатавермай, ундан кўра, келинглар, «Яхши китоб»чи дўстлар, яхши китобни кўпроқ ёзайлик, расталарни яхши китобларга тўлдириб ташлайлик, шу йўл билан «Ёмон китоб»чиларни доғда қолдирайлик, олам гулистон!

– Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

– Савиясиз китобларни камайтиришнинг бирдан-бир оқилона чораси – савияли китобхонлар сонини кўпайтириш. Бу борада кескин чоралар наф бермайди. Жарроҳлик кетмайди. Оқилона маърифий усулларни қўллаб кўриш натижа беради, албатта. Мисол учун, мамлакат миқёсида доимий китобсеварлар муҳити яратилса. Бунинг учун йилнинг ҳар фаслида уч кундан китоб байрами ўтказиш мумкин. Шу кунларда нуфузли жамоатчилик кенгаши-ҳайъати томонидан эътироф этилган энг яхши китоблар оммалаштирилса, кенгаш нашриётлар рейтингини матбуотда эълон қилса, тўпланган натижалар очиқ-ошкор ва холисона шарҳланса, таҳлил қилинса, муносабатлар билдирилса – буларнинг бари оммабоп ахборот воситаларида кенг ёритилса, тарғиб этилса…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации