Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 30 (всего у книги 38 страниц)
ИНСОНИЙЛИК МОҲИЯТИ − МУТОЛАА
− Китоб хушомадгўйлик қилмайдиган ўртоқ, малол келмайдиган йўлдош ва таҳқирламайдиган насиҳатгўй. Унинг инсон камолотидаги ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайди. Шундай экан, бугун ана шу дўст билан боғлиқ ҳолда кўп маротаба тилга олинаётган китобхонлик маданияти қандай мезон ва талабларни қамраб олади? Ўзи, аслида, китобхонлик маданияти қандай бўлмоғи керак, деб ўйлайсиз?
− Китобнинг инсон камолотидаги тутган ўрни ҳақида айтилган фикр-мулоҳазалар жамланса улар ҳеч бир муболағасиз тоғ-тоғ жилд китобга жо бўлса керак! Шу боис бу хусусда теша тегмаган сўз айтиш амри маҳол деб ўйлайман. Лекин шу нарса ҳам маълумки, шунга ўхшаш боқий мавзуларга доир фикрлар, ўйлар албатта давр руҳи нуқтаи назаридан аҳамиятга эга бўлади, албатта. Чунки кўнгилда йиғилиб қолган ва айтилмоқчи бўлган гаплар айни шу давр шароитлари, талаблари маҳсули сифатида туғилади ва шаклланади.
Маданият, маданиятлилик − ғоятда кенг тушунчалар, бироқ ким нима демасин, ким қандай талқин қилмасин, бу тушунчаларнинг моҳиятида тарбия, тарбияланиш ҳодисаси ётади. Инсон − тарбияланувчи мавжудотдир. Тарбиянинг шакллари эса кўп. Аммо-лекин унинг ўзак ва таянч нуқтаси мутолаа, мутолаа ва яна бир карра мутолаадан бино бўлади! Зеро, китобхонлик маданияти умумий маданиятнинг, маданиятлиликнинг мағзи, мазмуни − эпицентри. Бу ҳақиқатни ёниб-куйиб айтмаган, мутолаага даъват қилишни ҳаётий маслагига айлантирмаган донишманд, ақл-идрок соҳиби бўлмиш зиёли инсон йўқ ҳисоби тарихда.
Маданият, маданиятлилик тушунчалари жамиятдаги, умуман ҳаётдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ўзгара боради, демак, китобхонлик маданияти ҳам табиий равишда ўзгарувчан, тобланувчан ҳодисадир. Унинг ўзгарувчанлиги давр, замон ва макон билан чамбарчас боғлиқ.
Инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади, шундай экан, у истайдими-йўқми, шу жамиятнинг об-ҳавосидан баҳра олиб яшайди, тўла баҳра олиш учун эса ЎЗ жамияти ҳаётини яхшироқ, тўкисроқ билишга, унинг турмушидан бохабар яшашга интилади. Бохабарликни эса мутолаасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мазкур мулоҳазадан келиб чиқадиган хулоса аён, яъни БУГУНдан бохабарлик истаги, эҳтиёжи бўлган инсон, фуқаро БУГУНга доир адабиётларни ўқишга катта зарурият сезади ўзида. Шу мақсадда матбуотни олади, ундан қониқиш ҳосил қилмаса китоб олади, у ҳам кифоя қилмаса яна бошқа манбалар излайди. Ахборот асри, интернет замони фуқаросининг бу борада куни туғганига анча бўлди. Эндиликда у ўтирган жойидан дунё ахборот майдонига кириб бориш имконига эга, афсуски аксарият матбуотимиз фидойилари ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмиб келмоқдалар.
БУГУН фаровон, гўзал ва тўкис яшаш учун инсон ЎТМИШ ва КЕЛАЖАКни билишга, англашга эҳтиёж сезади − бунга ҳам фақат мутолаа орқали эришади. Бугунги китобхонлик маданияти мезонлари мазкур тушунчалар доирасида гавдаланади.
− Мутолаа − инсон эҳтиёжларининг гултожи. Китобхон, китобсевар, китобпарвар, китобхўр… Бу пиллапоя ана шу эҳтиёжнинг турфа шаклда товланишидир. Сизнингча, давримиз кишиси бу пиллапоянинг қайси поғонасида турибди?
− Бу қандай пиллапоя бўлди? Тепадан қуйига тушяпсизми ёки пастдан юқорига қараб кўтариляпсизми?.. Ҳар қандай даврда сиз санаган тоифа вакиллари истаганча топилади. Бизнинг давр ҳам бундан истисно эмас. Ҳақиқатда мутолаа − инсон эҳтиёжларининг гултожи, лекин бу гултожини асраб-авайлашга, эъзозлашга ҳаётини бахшида қилганлар ва қилаётганлар қанчалик кўп бўлса, уни сариқ чақага олмайдиганлар ҳам оз эмас.
Мен китоб тарғиботига, мутолаа завқини оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга зинҳор қарши эмасман, бироқ бир ҳақиқатни тан олиб қўйсак, чакки бўлмайди, деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, китоб мутолаасига ҳақиқий маънода ишқи тушган инсон то ҳаёт экан, бу машғулотдан зинҳор-базинҳор безмаганидек, мутолаа завқидан бенасиб бандаларни чинакам китобхонга айлантириб қўйиш ҳам амри маҳол.
Бир мисол келтирай.
Кўпдан буён сиртдан кўзтаниш бўлган одам билан яқиндан мулоқотга киришишга, ҳамкорлик қилишга тўғри келиб қолди. Табиатан босиқ, вазмин, ҳаётда анча-мунча паст-баландни бошидан ўтказган катта ёшдаги одам.
− Ака, − деди у дастлабки суҳбатларимиздан бирида, ўзи ҳақида сўзлай туриб, − мен китоб, газета, радио кўрмайман, ўқимайман, эшитмайман ҳам. Шулар ҳақидаги гап-сўзлар ҳам мени заррача қизиқтирмайди.
Бирдан ҳайрон бўлиб қолдим. Барака топгур, лоақал менинг соҳамга ҳурмат юзасидан бундай гапни айтмаслиги ҳам мумкин эди (ундайларга кўп дуч келганман). Лекин бошқа томондан у рост гапни дангал айтди, тилёғламалик қилмади. Хўп, унинг ШУНДАЙ ОДАМ бўлишга ҳаққи борми? Яъни бу ёруғ дунёдан мутлақо ўқимайдиган одам бўлиб яшаб ўтиш ҳуқуқи борми? Бор десак, мен нима учун ўзимдаги завқни унга юқтиришга уринишим керак? Қўярда-қўймай ундан ўзим истагандек китобхон ясашга уринишим керак? Борди-ю, мўъжиза рўй бериб, ниятимга эришсам, унақанги китобхондан кимга нима фойдаю, кимга қандай наф?!
Китобхонликка муҳаббат уйғотиш алоҳида муаммо, саводли китобхонлик даражасини кўтаришга уриниш яна бир алоҳида масала, савдо.
− Китобхон ва ижодкор бир-бирини тўлдиради. Ёзувчининг китобхонлик даражаси унинг асарларига кўчиб, кенг китобхонлар орасидан айнан ўз даражасидаги – мутолаа шинавандаларини топади. Бугун аксарият бадиий асарларнинг савия жиҳатидан қониқарсиз ҳолатда экани ёзувчиларнинг даражаси сустлиги билан боғлиқми ёки?..
− Бирор асарни танласак-да, унинг яратилишига сабаб бўлган омилларни сарҳисоб қилишга уриниб кўрсак. Мақсадимизга етамизми? Нималарнидир аниқлармиз, лекин жавоб мукаммал бўлмайди. Шундай экан, у ёки бу ижодкорнинг юксак даражада ижод қилиш омилларини аниқлаб бўлармикан? Дейлик, Алишер Навоий деган олий зот ижодкор қаердан пайдо бўлди?.. Болалик дўсти Ҳусайн Бойқаро туфайли у шундай даражага эришди десак, масалани мутлақо жайдари мезон билан қаричлаган бўламиз. Ёхуд Абдулла Қодирий, Чўлпон даврида китобхонлик даражаси ҳозиргидан анча юқори эдими?..
Айтмоқчиманки, кўплар орзу қилган ижодкор шахси-камолини белгилаб берадиган хосиятли замин ёки масканнинг аниқ-тиниқ белгилари − шифокор ёзиб берадиган тавсия-рецепти йўқ. Тўғри, китобхон билан ижодкор бир-бирини тўлдирувчи яхлит жараённинг икки мустақил палласи ҳисоб. Лекин улар бир-бирига ҳеч қандай дахл, таъсир кўрсатмаслиги ҳам мумкин. Ҳар қандай даражадаги ижодкорга лойиқ шинавандалар топилгани каби ҳар қандай китобхон ўз савиясига яраша ижодкор ва асар топади.
Аксарият бадиий асарларнинг савияси қониқарсизлигига урғу бераётганингизга келсак, бу жуда табиий ҳолат: ҳеч қачон қониқарли (яъни, яхши) асар қониқарсизидан кўп бўлган эмас. ЯХШИ ҳамиша оз. Бу ижодкорга ҳам, китобхонга ҳам тааллуқли.
− Китоб танлаш ҳам бир санъат. Нимани ўқисангиз, сиз ўшасиз, деганларидек, қандай китобларни харид қилишимиз, мутолаасига берилишимиз бизнинг феъл-атворимиз ва дунёқарашимиздан дарак беради. Эътибор билан кузатсак, юртдошларимиз орасида детектив-саргузашт, ҳиссиётларнинг очиқ-ойдин баёнига таянган китобларни харид қилишга талаб кучли. Бу замондошларимиз турмуш тарзи ўта енгиллашиб, биқиқ кайфиятга кириб бораётганидан дарак бермайдими?
− Китоб танлаш нафақат санъат, у − англаб бўлмас сеҳрларга бой руҳий жараён. Тўғри, ёқтирган асарларига қараб одамнинг аслида кимлигини билиш мумкин. Лекин бундай ёндашув мутлақ ҳукм-хулоса чиқариш учун асос бўлолмайди. Чунки китоб танлаш сабаблари кўп: мутахассисликка кўра ўқиладиган китоблар бор, кимдир ўткинчи қизиқишларидан келиб чиқиб китоб излайди. Шунчаки вақт ўтказиш учун, шуур-тафаккурга дам бериш, атайин чалғиш мақсадида ўқиш мумкин. Кенг омма орасида эса саволда тўғри таъкидланганидек, осон ҳазм қилинадиган мутолаага мойиллик кучли. Оммавий дид бундан юқори бўлиши қийин. ТВни ишғол қилган «қўшиқ (қошиқ) хўрлик» маънавий озуқамиз манбаига айланганига ҳам оммавий дид (аслида дидсизлик) сабабчи!
Хўш, нима қилмоқ керак?
Одамлар китоб ўқимай қўйди, деб зорланамиз, китоб ўқийдиганларни кўрамиз-да, кўпчилик енгил-елпи китобга берилиб кетди, деб ёзғирамиз. Умуман қўлига китоб тутмаслик ҳам, ҳазми енгил асарларга ўчлик ҳам жўн масалалар эмас, балки улар ниҳоятда жиддий ижтимоий муаммолардир. Ҳамонки, телевидение энг таъсирчан ва энг қамрови кенг оммавий ахборот воситаси экан, унинг бу қадар беқиёс имкониятларидан омма бадиий дидини тарбиялаш муҳитини яратишда фойдаланмоғимиз керак.
Қолаверса, келинг, очиқчасига гаплашайлик. Учта-тўртта китоб мутолааси яхшини − ёмон ёхуд ёмонни − яхшига айлантириб қўймайди. Мутолаа − мутолаа қилувчига ўзини, ўзлигини англаш учун ички муҳит яратади. Шу англаш орқали у дунёни англашга уринади. Англаш жараёнлари, юқорида ёзганимдек, инсонни тарбиялайди. Тарбияланишига имкон яратади. Тарбияланган, тарбияланиш йўлидаги одамдан жамият наф кўрса кўрадики, зарар кўрмайди.
Истасак, муаммони янаям чуқурлаштиришимиз мумкин. Бунинг учун китобга муҳаббати кучли бўлган, бирор кунини мутолаасиз тасаввур қилолмайдиган тоифадаги қавмни алоҳида ажратиб олсак-да, ўйлаб кўрсак: улар ўқиганларини етарли даражада тушуниб етаяптиларми? Тушунганлари даражасида ҳаётларини қайта изга соляптиларми?.. Салкам 1,5 мингта оммавий ахборот воситаларидан, янглишмасам, биргина (!!) «Тафаккур» журналида китобхонларнинг ўзлари ўқиган китоблари ҳақидаги таассуротлар тизимли тарзда чоп этиб келинмоқда. Нима сабабдан бошқа нашрлар шу борада «Тафаккур»дан ўрнак олмайдилар? Нега туман газеталари тумандаги энг китобсевар зиёлиларга саҳифалар ажратмайдилар? Нима сабабдан «Моҳият» газетаси ҳаёт, инсон ва инсонийликнинг асл моҳияти бўлмиш китобхонлик, мутолаа маданияти мавзуларига доимий эътибор қаратмайди?..
− Бугун савдо расталари безакли, ўқишли ва минг афсуски, олди-қочди китоблар билан лиқ тўла. Ҳаваскор шоиру носирлар тўрт-беш сўм пул топса, ўз «ижод» маҳсулларини китоб қилиб чиқаришяпти. Ҳатто 50–100 нусхада бўлсаям. Бу ҳол китобхоннинг савиясини туширишга, ўқувчининг дидини ўтмаслаштиришга «хизмат» қилаётгани эса янада ачинарли. Шундай эмасми?
− Шундай эмас. Мен ҳар сафар чет элга чиққанимда албатта китоб дўконларига кираман. У томонлардаги дўкон расталарига қўйилган китоб манзараларини кўз олдимга келтирсам сиз айтаётган «лиқ тўла» деган жумла ниҳоятда кулгили туюлади. Ва имоним комилки, ўша расталарни тўлдирган китобларнинг бари бирдек юқори савияда эмас. Китоб бозори кенг китобхонлар оммаси орасидаги ҳар қандай дид-савия эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Бироқ тез ва кўп сотиладиган китоб қанчалик сероб бўлса, суст ва оз сотиладиган китоблар ҳам шунчалар қадрланади, эъзозланади. Чунки китобхонларнинг умумий савиясини, асл ижодкорнинг маҳорати даражасини айни шу суст ва оз сотиладиган адабиётлар белгилаб беради.
Ададнинг (тиражнинг) камайиб кетиши эса ҳозирги ахборот глобаллашуви даври хусусиятларидан ҳисобланади. Яқин ўтмишда юз минглаб тиражларда босилган китобларни талашиб-тортишиб, ялаб-юлқаб ўқиган, дунёда энг китобхон халқ сифатида кўкларга кўтарилган совет халқи, кўрдикки, осмондаги ойни юлиб тушадиган даражада билимли бўлиб қолмаган экан, эндиликдаги тиражнинг ихчамлашуви ҳодисаси ҳам у қадар хавотирли ҳолат эмас. Зеро, яхши китобни ҳақиқатда қадрига етадиган, унинг аҳамиятини билган-тушунган оз сонли омма ўқигани фойдалироқдир.
− Узоқ вақтдан буён анъанавий ва электрон китобларни ўзаро чоғиштириш, даврлар ўтиб бири иккинчисини сиқиб чиқариши ҳақидаги баҳслар давом этаётир. Аслида, электрон мутолаа анъанавий китобхонликнинг замонавий қиёфаси эмасми?! Улар ўртасига тўсиқ қўйиш, бир-биридан ажратиш мумкинмикан? Чунки ҳар иккаласи ҳам туб моҳияти билан китобга ошноликнинг ифодачиси. Уларни қўшқанотга айлантириш ўрнига қарама-қарши қутбларга ажратиб ташланса, зарар кўпроқ бўлмайдими?
− Фавқулодда тафаккур соҳибларидан бўлмиш Маршалл Маклюэн ўтган асрнинг 60-йилларида инсоният ихтиро қиладиган ҳар бир янги ахборот воситаси бутун-бутун авлод вакилларини имтиҳондан, синовдан ўтказади деб башорат қилган эди. Бизнинг замондошларимиз электрон китоблар, уяли телефонлар синовини бошдан кечирмоқдалар. Ундан қандай ўтадилар − келажак кўрсатади.
Давр шиддатидан келиб чиқадиган бўлсак, электрон китоб имкониятларидан фойдаланмаслик ҳам жоҳилликка ўхшаб кетади. Лекин сиз назарда тутган анъанавий китобни кафтингда тутиб, кўксингга босиб ошиқмай-ҳовлиқмай, кўзингга суртгудек эъзозлаб-авайлаб, роҳатланиб, завқларга тўлиб-тошиб ўқиганга нима етсин?! Бундай мутолаа мўъжизасини йўққа чиқарадиган восита йўқ, унақаси кашф этилмаса ҳам, бир китобхон сифатида шахсан мен розиман!
(«Моҳият» газетаси мухбири саволла рига жовоблар. 1 ноябрь 2013.)
«МЕН ҲАМИША ШАКЛ ИЗЛАЙМАН»
– Хуршид ака, ёзиш ҳар бир ижодкорнинг қисмати. Бу ички жараёнга нималар сабаб бўлади, деб ўйлайсиз?
– Ёзишга кайфият, вазият, мавзу сабаб бўлиши мумкин. Баъзан фақат кўнгил учун ёзадиган ҳолатлар бўлади. Уларнинг негизида одамларга хабар етказиш иштиёқи турибди. Мен ҳамиша шакл излайман, ўзгачароқ шакл топмасам, ёзолмайман. Ўзим истаган шакллар топилмагани учун ҳам йиллаб жавонимда қолиб келаётган режалар мўлгина.
– Сизнинг назарингизда, маънавий етукликнинг моҳияти нимада?
– Маънавий етукликнинг тугал таърифи йўқ, деб ўйлайман. Инсон бўлиб дунёга келдикми, инсондек яшаш керак. Инсоннинг инсонлиги унинг зиёлилигида. Албатта ватанпарварлик, маърифатпарварлик, зиёлилик, холислик каби тушунчалар маънавий етукликка замин яратади. Бирор бир фан соҳасидаги янгилик бутун илм дунёсида янгилик бўлганидек, маърифат борасидаги янгилик бутун инсониятга наф келтириши билан қадрли. Юксак маҳорат билан ёзилган ҳар қандай бадиий асар ҳам шулар сафига киради.
– Кўпчилик тарбия воситаси деганда бадиий асарларни назарда тутади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Ҳақиқий тарбия туйғулар тарбиясидан бошланади. Туйғуларга эса бадиий ижод намуналаридан яқинроқ нарса йўқ. Ёзувчи, шоир ижоди ҳам шу жумладан. Жаҳон адабиёти уммонидан исталган асарни олиб кўрайлик, бадиий маҳорат мўъжизаси пировардида тарбияга бориб тақалади.
– Ахборот замонида яшаяпмиз. Аммо ахборот технологиялари тараққиётининг адоғи кўринмаётган бир пайтда ахборий мувозанат бузилмаяптими?
– Жамиятдаги ахборотнинг аҳамиятини тирик организмдаги қонга қиёсласак бўлади. Жамиятда муттасил ахборот айлансагина у соғлом жамият бўла олади. Ахборот дуруст айланмайдиган ёки ахборотсиз жамият «инсульт»га учрайди деяверинг. Ахборот технологиялари тараққиёти шу борадаги мувозанатни ҳам сақлаб турибди, ҳам парчаламоқда. Яққол мисол – интернет. У бир маълумот доирасида ҳисобсиз инсонларни жамлайди, бошини қовуштиради, айни вақтда парчалайди ҳам. Фақат қовушиш ва парчаланиш шиддатига дош бериш, технологиянинг қулига айланмаслик ва уни тўғри, соғлом мақсадлар йўлига сафарбар этиш инсоннинг ўз қўлида.
М.ЁҚУБОВА суҳбатлашди(«SABO» газетаси. 19 декабрь 2013.)
ИЖОДНИНГ ЖОНИ – САМИМИЯТ
– 1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?
– Серфарзанд оила бўлсак-да, онамиз ҳайит айёмлари муносабати билан ҳаммамизни бош-оёқ ясантиришга ҳаракат қилардилар. 1-синфга бориш кунларим ҳам ҳайитга айланиб кетган оиламизда. «Мактаб формаси» деган сўз бўларди. Ўша «форма»да олифта бўлиб мактабга йўл олдик. Ҳовлидаги тантанали йиғилиш тугагач, синфларга киришга рухсат берилди. Ҳамма ёпирилди. Эпчилгина эканман, шекилли, синфга биринчи бўлиб кирдиму, ўқитувчининг столига энг яқин жой – ўрта қатордаги биринчи партани эгалладим. Қанотимни икки ёнга ланг ёзганча ҳеч кимни ёнимга йўлатмадим. Синф ўқувчига тўлди. Ғала-ғовур тинди. Қарасам, синф эшиги олдида онам билан ўқитувчимиз менга кулибгина қараб туришибди. Ўша манзара кечагиндай кўз ўнгимда…
– Биринчи ёзган «мақолангиз, шеърингиз, ҳикоянгиз» нима ҳақда эди?
– 7-синф ўқишлари тугаб, ёзги таътилга чиқдик. Шуҳрат акам билан кўчада кетаётгандик. Икки йилчадан буён кундалик тутардим (кундалигим қўлга тушиб, ака-опаларим орасида роса кулгига қолганман). Ёзишга қизиқасан-а, деб сўрадилар. Ҳм, дедим. Мақола ёз, газетага чиқар, дедилар. Мақолани халқ ёзади-ку, мен қандай ёзаман, дедим тушунмай. Акам кулдилар. Халқ мақол ёзади, сен мақола – хабар ёзгин, дедилар. Хуллас, мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган стол тенниси мусобақаси ҳақида нақ олти бетли «хабар» ёздим. «Туркистон» («Ёш ленинчи») газетаси таҳририятига олиб бордим. Эшикдан қарасам, бир рус киши ўтирибди. Ол-а, русча гапиролмасам, шарманда бўламан, деган хавотирда ичкарига киришга журъат қилолмай кутиб туравердим. Билмадим, қанча вақт ўтди, бир маҳал қарасам, бояги «рус» одам росмана ўзбекча гурунглашиб, ташқарига чиқиб кетишди. Сездим, тушликка кетишди. Кутиб ўтириб, хабарни ўқисам, икки-уч имловий хато ўтибди. Ғизиллаб магазиндан бошқа дафтар келтириб, дераза токчасига чўнқайиб олти бетлик «асарим»ни қайта кўчирдим. «Рус» киши қайтиб, жойига ўтирди. Кирдим. Салом бердим. Бу нима, деб сўради. Теннис мусобақаси ҳақида хабар ёзгандим, дедим. Қолдириб кетинг, деди. Дафтар у кишида, мен қаққайиб тураверибман. Бир замон бош кўтариб, қолдириб кетаверинг, дедим-ку, деди. Хўп, дедим ҳамки, столнинг ёнидан қадамимни узолмайман денг! Бораверинг, деди «рус» киши, бу сафар товушини хийла кўтариб (беминнат ёрдамларини мен сингари бошловчи ёшлардан аямаган устоз Миршароф ака Муҳсимовдан ҳамиша миннатдорман).
Кўчага учиб чиқдим. Бир маҳал қарасам, Навоий кўчасининг ўртасидаги трамвай изининг орасида чопқиллаб боряпман. Назаримда кўча тўла оломоннинг кўзи менда. Қани энди бирортаси, ҳой, бола, нима гап, деб сўрасаю, мен, «Эртага газетада мақолам чиқяпти!» десам, оламни бошимга кўтариб! Уйга кела солиб, онамдан суюнчи олдим. Ҳар куни тонг отар-отмас, газета киоскасига югураман. Мақоладан эса дарак йўқ. Икки ой деганда, «Хатлардан сатрлар» деган умумий сарлавҳа остида олти ярим қаторли хабарим босилди!..
«Вьетнам ғалаба қилажак» сарлавҳали биринчи (ва охирги) шеърим дунё юзини кўрмай жон берган. Биринчиликка даъвогар «Ижозат» ҳикоям «Фан ва турмуш»да, «Киова қуёши» эса Асқад Мухтор даври «Гулистон»ида босилгани ўзим учун алоҳида тарих!
– Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик… хотирлай оласизми?
– Мактабимизда ёзги болалар лагерига (оромгоҳи) ўртоқларим ҳар куни қатнашарди. Бир марта уларга қўшилиб бордим. Бир кунга. Қоронғи тушмай уйга қайтдик. Таътил тугади. Сентябрнинг биринчи куни ўқишга борсам, Ёқуб ака деган муаллим (оромгоҳда мутасадди эди) эшикни тўсиб, мени ичкарига киритмади. «Сен лагерга пул тўламай кетдинг, ўқишга кирмайсан!» деб турибди. Ҳайрон бўлдим, ҳарчанд тўлаганман, дедим – ёдидан чиққан шекилли, ишонтиролмадим. Қарасам, ҳамманинг кўз ўнгида шарманда бўладиганман. Аламимдан йиғламсираб, уйга қайтиб бориб, онамни айтиб келдим. Бир кунлик лагер ҳақи 30 тийин экан…
– Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб…
– Марк Твеннинг «Том Сойернинг бошидан кечирганлари», Искандар Қаландаровнинг «Шохидамас, баргида», Аньаняннинг «Қоплон дара асирлари», Одил Ёқубовнинг «Муқаддас»и, яна-а… «Барк хонимнинг қўғирчоғи»…
– Халқимиз орасида «боладай беғубор» деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?
– Савол ўхшамайроқ чиқибди назаримда… «Боладай беғубор»лик деганда самимийлик назарда тутилаётган бўлса, бу туйғу ҳар қандай ижоднинг жони ҳисобланади. Шахсан мен ёзаётган пайтда ҳеч қандай муваффақиятни ўйламайман. Топганимни, боримни, эплаганимни ёзаман, холос…
(«Kitob dunyosi» газетаси. 25 февраль 2015)
КИТОБ ҲАҚИДА ЎН САВОЛ
«Гулхан» журнали саволларига жавоб
– Китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
– Ҳаётим тўласича китоб билан, мутолаа билан боғлиқ. Бирор кунимни китобсиз тасаввур қилолмайман. Китоб ўқимаган куним кун эмас. Эҳтимол, «Гулхан» ўқувчилари учун бундай гап ғалати туюлиши мумкиндир, лекин мен бор гапни айтяпман. Чунки китобга меҳр қўйган одамлар учун бу жуда-жуда оддий ҳол.
– Илк бор ўқиб, завқ олган китобингиз эсингиздами? Болалигингизда ўқиган яна қайси китоблар ҳаётингизда ижобий таъсир кўрсатган?
– Эсимда қолгани – Марк Твеннинг «Том Сойернинг бошидан кечирганлари» романи. Китобга чизилган суратларни кўп томоша қилардим. Уларда Том Сойерга хос шумликлар, қўрқмаслик, саргузаштлардан, турфа қийинчиликлардан ҳайиқмаслик яхши акс эттирилганди. Кейинроқ «Гекельберри Финнинг саргузаштлари»ни топдим. Ўқидим, лекин негадир ундан Том Сойерни ўқиганчалик завқ олмадим. Кейинчалик шу ҳақда ўйлай-ўйлай, шундай хулосага келдим: муаллиф, яъни Марк Твендек улкан адиб Том Сойерни шу қадар завқ-шавқ билан, шу қадар болаларча самимият билан ёзгану ана ўша завқ-шавқ, ўша буюк самимият Гекельберри Фин образини яратишда бир қадар сўниб қолган. Болаларнинг қалбида китобга муҳаббат уйғотувчи қудратли бир неча куч бор, булар – самимият, беғуборлик, ўйноқилик, саргузашт, қаҳрамонлик!
«Ҳожимуқон» повестини ҳам қўлимдан қўйгим келмасди. Унда ўз даврининг фавқулодда машҳур полвони Ҳожимуқоннинг болалиги, кураш гиламида ва ҳаётда кўрсатган мўъжизалари яхши тасвирланган. Искандар Қаландаровнинг детективнамо «Шохидамас, баргида», Ананяннинг «Қоплон дара асрлари», хориж адибининг қаламига мансуб «Барк хонимнинг қўғирчоғи» эсимда… Келин аяларимиздан бирининг ялмоғиз, ажиналар «иштироки»даги эртаги ҳали-ҳануз қулоғимдан кетмайди: «Ялмоғиз патнисга бир ҳовуч бодомни солибди-да, «пуф-ф» деб, чангини учиргач, кўзларини олайтирганича такрорлайверибди: сакра, бодомим, сакра! Сакра, бодомим, сакра! Сакра, бодомим, сакра!..»
– Янги чоп этилаётган китобларни кузатиб борасизми? Улардан кўнглингиз тўлаётган жиҳатлари ҳам борми?
– Китоб дўконларига, бозорларига доимо бориб тураман. Турли сабаблар билан боролмай қолсам ниманидир йўқотгандай, кўнглим хижил бўлаверади, қаердадир кимдир мени кутиб тургану мен уни маҳтал қилиб қўйгандек бўлавераман.
Кўнгил тўлишига келсак, кейинги йилларда республикамизда китоб чоп этиш анча жонланди. Хилма-хил мавзуда китоблар нашр этилмоқда, муаллифлар доираси кенгаймоқда, китоб чоп этиш санъати, маданияти – матбаачилик ўсди, ўсмоқда. Албатта бу борада ҳали қилинадиган ишларимиз анчагина…
– Ҳозир бизда кийим-кечак, озиқ-овқат бозорининг харидорлари ниҳоятда сероб. Қачон китоб бозори гавжумлашади?
– Китоб бозорини замонавий талаблар даражасида ташкил этиш ишлари кўнгилдагидек эмас. «Шарқ», «Маънавият», «Янги аср авлоди» нашриётлари китоб бозорини ташкил этиш борасида таҳсинга сазовор чоралар кўраётганини алоҳида таъкидлаш керак. Лекин бу салкам ўттиз миллон аҳоли яшайдиган, тарихда камдан-кам такрорланадиган Уйғониш палласига кирган миллат манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқилса, жуда-жуда оз. Болалигимдан менга қадрдон бўлиб қолган китоб дўконларининг иморати, қиёфаси, расталари, китоб сотувчилари сира кўз ўнгимдан кетишмайди. Ҳар бир китоб дўконию дўкончаси, расталари мен учун қадрдон масканга айланиб қолганди. Китоб сотувчиларини эслаб кетаман, улар қаерда, қандай юмушлар билан банд, соғмилар-омонмилар? Оилаларида тинчлик-хотиржамликми?.. Ахир мен улар билан китоб ҳақида суҳбатлар қурганман, улар менга китоб танлашда маслаҳатлар беришган, бу билан менга мураббийлик, тарбиячилик, устозлик қилишган. Шундай экан, нима учун мен уларни унутишим, ёдга олмаслигим, оқибат кўрсатмаслигим керак?!
Одамлар расмий-норасмий табақаларга, қавмларга бўлинади. Тенг-тенгини топади. Ҳар бир халқда китобсеварлар қавми ҳам бўлади. Улар бир-бирларини бир кўрганда танийдилар, сира бегонасирамай гурунглашиб кетаверадилар. Улар ўзларининг борликлари билан ўзига хос тарғиботчилик вазифасини ҳам ўтайдилар. Бошқаларни зиёга, билимга, билишга – зиёли ҳаёт кечиришга даъват этадилар. Афсуски, ҳамма жойда ҳам халқнинг умумий сонига нисбатан бундай қавмлар озчиликни ташкил этадилар. «Китобсеварлар» деб атаймизми ё бошқача ном бериладими, қатъи назар, китобга меҳри баланд ҳамюртларимизнинг бошини қовуштирадиган, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган маърифий вазифаларни адо этувчи нодавлат ташкилот зарур.
– Таниқли адиб Асқад Мухторнинг: «Китоб – бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани» деган иборасини қандай изоҳлайсиз?
– Бу ибора замирида кўзда тутилган маъно тушунарли, яъни ҳар қандай китоб ўқилгандагина чинакам маънавий бойликка айланиши назарда тутилмоқда. Талқинни янаям чуқурлаштириш мумкин, мисол учун, китобни ўқишнинг ўзигина кифоя эмас, ўқилганининг маъно-мазмуни, моҳиятини уқмоқ ҳам керак. Қолаверса, ҳозир жуда кўп китобларни такрор мутолаа қиладиган даврда яшамоқдамиз. Замон, давр, қарашлар, тафаккурлар, муносабатлар ўзгараётган бир пайтда у ёки бу китоб ҳақидаги илгарилари шаклланган қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз, янгидан-янги хулосаларга келишимиз керак бўлаётган бир пайтда китобни тез ва тушуниб ўқиш алоҳида муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳаёт эса кутиб турмаяпти – янгидан-янги китоблар шу қадар кўп чиқмоқдаки, уларни пешма-пеш ўқиш, ўзлаштириш ҳар бир зиёли инсон зиммасидаги маънавий мажбурият миқёсини кенгайтириб юбормоқда. Шахсан ўзим шахсий кутубхонамдаги китобларнинг барини бошдан охиригача ўқиганман деб айтолмайман, лекин уларни жавонимда кўриб турсам, вақти-вақти билан варақласам, «чўқилаб-чўқилаб» ўқиб қўйсам завқ оламан, ҳузурланаман. Айтмоқчиманки, ўқиб улгурмаган китобларим ҳам менинг бойлигим, уларнинг жавонимда туришининг, менга жуда кўп ҳақиқатларни эслатаётганининг ўзи менинг бойлигим ҳисобланади.
– Жавонингизда қайта-қайта ўқийдиган, соғиниб қўлга оладиган китоб борми? Айтинг-чи, у қайси китоб?
– Бундай китоб битта ё иккита эмас. Ундай китобларим кўп. Жаҳон адабиёти намуналарига мансуб бадиий асарлар, тарих, ахборот дунёси, фалсафа ва психологияга, спортга доир китобларни вазиятга кўра қайта-қайта қўлга оламан, илгари ўқиган чоғимда белги қўйган саҳифаларга такрор эътибор қаратаман.
– Ҳозир нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари ҳам кам китоб ўқиётганлиги ҳақидаги ташвишли фикрларга қандай қарайсиз? Уларни китобга қайтаришнинг йўли борми?
– Биз ўзгараётган замонда яшаяпмиз. Кейинги йигирма – йигирма беш йил асносида нималар ўзгаришга учрамади дейсиз?! Китобга муносабат ҳам шу жумладан. Биздан илгариги ва бизнинг авлод кишилари нисбатан анчагина китобий руҳда тарбия кўрганмиз. Китобий бўлганмиз. Китобда, газета-журналда нима ўқисак, ҳаётда ҳам шундай, деб ишонганмиз. Ибратли воқеаларни, намуна бўларли сиймоларни ўқиганларимиздан излаганмиз ва топганмиз ҳам. Сўнгги чорак аср мобайнида дунё миқёсида юз берган ва бераётган ўзгаришлар, жамиятда кечаётган жараёнлар ундай тасаввурларни чиппакка чиқариб юборди. Лекин мен шу борада ўзимни чиппакка чиқарилган деб ҳисобламайман, мен китобга ишонаман, китобга садоқатимни ўзгартирмайман!
Мустақиллик даври ўша ишонч, ўша муҳаббат, ўша иштиёқни қайтариб бермоқда. Одамларимиз ўрганишмоқда. Ва ишончим комилки, мана шундай ўзгаришлар вақти келиб каттаю кичикни китобга қайтаради. Ахир китобга бўлган буюк муҳаббатсиз маданиятли жамиятни ҳам, маданиятли инсонни ҳам тасаввур қилиш мумкин эмас.
– Агар ўзбек адабиёти бўйича «Олтин жавон» тузилиб, унга 10 та китоб киритиш зарурати туғилса, қайси китобларни киритган бўлурдингиз?
– Уйдаги жавонларга сиғмай қолган, ўз даврини ўтаган деб ҳисоблаш мумкин бўлган китобларни чордоқда сақлайман. Лекин вақти келиб, бирор сабаб билан уларнинг бирортаси шу қадар зарур бўлиб қоладики, чордоқдан топиб, чанг-чунгини артиб, кўзларимга суртгудай бўлиб, олиб тушаман ва жавонимдан жой топаман. Уни керак эмас, даври ўтди деб ҳисоблаганим учун КИТОБдан узр сўрайман. Айтмоқчиманки, ҳар бир китоб бамисоли бир одам, ҳар қандай одамни биринчи навбатда инсон бўлгани учун ҳам қадрламоғимиз, ардоқламоғимиз лозим. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, китобни олтин ё кумушга, ё… мисга ўхшатишни маъқулламайман.
– Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?
– Ҳамиша бир йўла икки-учта китоб ўқиётган бўламан. Афсуски, тез ўқиш сирларини етарли ўзлаштира олмадим. Устига-устак, чизиб, белгилар қўйиб, таассуротларимни қоғозга тушириб ўқишга ҳаракат қиламан.
– Журналхонларга қайси ва қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз?
– Аввало, китобга меҳр қўйишдек инсон ҳаётининг э-энг саодатли туйғусини ардоқламоқ керак бўлади. Ёш дўстлар, ишонинг, Сизнинг қалбингизда ҳам китобга меҳр-муҳаббат туйғуси бор, Сиз фақат ундан бехабар қолманг, э-э, мен китобга қизиқмайман, деган сўзни оғзингизга олманг. Атрофингизга қаранг, китоб ўқийдиган ва мутлақо ўқимайдиган танишларингизни таққослаб кўринг, китоби бўлган ва китоб сақламайдиган оила кишиларини ўзингизча қиёслаб кўринг, ана шунда, ўзингиз бирдан ўзгариб қола бошлаганингизни сезасиз, аввалига қийналиброқ, зерикиброқ мутолаасига киришган китобингизни шитоб билан, завқ-шавқ билан ўқий бошлаганингизни сезмай қоласиз! Албатта, ҳаёт йўлингизни аниқлашга, яшаш сирларини ўрганишга ёрдам берадиган китобларни диққат билан ўқинг, ҳаёт нақадар ширин, нақадар гўзал эканини билиб оласиз!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.