Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 31

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 31 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
КИТОБЛАР ВА КИТОБХОНЛАР САЙЁРАСИДА ЯШАШГА НЕ ЕТСИН!
«Маърифат» газетаси саволларига жавоб

1. Чиройли йигит соҳибжамол қизга совчи қўйибди. Тўйдан кейин бир неча кун ўтиб келинчак анҳор ёқасида қошига қўйган ўсмани ювиш учун сувга энгашганида хунук, алвастибашара қиз уни туртиб юборибди-да, мен келинчакман, «Мени жин чалиб кетди!» деганча дод солиб уйга кирибди. Куёв алданибди – тақдирга тан берибди. Ҳар куни бир вақтда уй ёнидан чиройли тойчоқ югургилаб ўтишга одатланибди. Алвастибашара келин шу тойчоқнинг гўштига бошим қоронғи бўляпти деб зорланаверибди. Куёв тойчоқни тутиб, уни қассобга топширибди. Қассоб пичоқни чархлаётганида эшикдан фолбин кампир келиб қолибди. Кампир бир ҳовуч бодомни патнисга қўйиб, фол очишга киришибди:

 
Сакра, сакра, бодомим, сакра!
Сакра, сакра, бодомим, сакра!
 

деса бодомлар тарақа-туруқлаб патнис устида ўйинга тушиб кетибди. Йиғилганлар қарасалар, тойчоқ худди гўзал ва маъсума келинчакка ўхшаб юм-юм йиғлаётганмиш…

Кеннойимиз шунга ўхшаш эртакларни ўхшатиб айтар эдилар. Ҳар сафар тинглаб ўтириб ё ухлаётиб юм-юм йиғлаётган келинчак-тойчоқ кўз олдимдан кетмасди. Унга ёрдам бергим келаверарди. Ўша болалик тасаввурим таъсирида бўлса керак, тойчоқнинг кўзи оҳуникига ўхшаш – ғилт-ғилт ёшга тўла, мунгли туюлади назаримда…

Онамиз одатда бизни ухлатиш учун эртак айтардилар.

Эртаксеварликка китобхонлик уланди. Акаларим, опаларим китобхонлик борасида кимўзар ўйнашарди, айниқса, опаларим китоб талашиб жанжаллашишлари оиламизда оддий ҳол эди. 60-йилларнинг ўрталарида шов-шувга сабаб бўлган «Шохидамас, баргида» (муаллифи Искандар Қаландаров) қиссасини ўқидиму, акамдан: «Шу китоб менинг кутубхонамда турсин», деб сўраб олдим. Шахсан ЎЗИМНИНГ КИТОБИМ бўлишини жудаям истардим. Унга қозоқ адибининг «Ҳожимуқон» қиссаси қўшилди. Бу китоб қўлимдан тушмасди, неча қайталар ўқидим, эслолмайман. «Барк хонимнинг қўғирчоғи», «Қоплон дара асирлари», «Том Сойернинг саргузаштлари», Шерлок Холмснинг изқуварликлари…

Мактабнинг юқори синфларида ўқиётган кезларим Тошкент шаҳридаги бешта кутубхонага аъзо эдим. Чорсу бозори мен учун албатта 1-китоб дўконидан бошланарди. Эҳ-ҳе-е, озмунча китоб ўқиб ташладимми! Қани энди уларни эслай олсам! Нима мақсадда ўқидим? Нега таассуротларни ёзиб қўймадим? Нега болалик чоғларимдаги китобхонлик «тажриба»ларни кундаликка туширмадим?

Отам билан онам Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақое» асари ҳақида узоқ суҳбатлашганлари қулоғим остида. Ғафур Ғулом радиодан «Афанди ўлмайдиган бўлди» ҳикоясини ўқиди. Мен роса кулдим, отам ёқинқирамай: «Топган майнавозчилигини қара!» дедилар совуққина. Онам ҳикоя замирига яширин мутлақо кутилмаган маъно қатламларини талқин қилдилар. «Ёш болага бундай гапларни айтмаслик керак», дедилар-қўйдилар отам.

Ёш бола, яъни каминага эса айни онам назарда тутгандақа талқинлар кўпроқ ёқарди. Анча кейин Омон Матжоннинг «Ҳаққуш қичқириғи» тўплами юзасидан туғилган ҳаяжонларимни тўкиб солганимда, отам: «Онангдан ўргангансан-да, ҳар ерда гапираверма!» деб авайлабгина танбеҳ бергандилар.

«Ўғил-қизларимиз ёшликдан китобга меҳр қўйишлари учун нима қилмоқ керак?» деган саволни кўп ўйлайман, шу саволга «топилган» жавобларни кузатаман, лекин қониқарли ва тайинли чора кўринмайди. «Ёш китобхон» танловига ўхшаш тадбирлар ўркач-ўркач бўлиб сузиб юрган муз тоғларини эритиш йўлидаги янгича бир уриниш бўлди. Болалар, ўрта ёшлилар, қизлар, йигитлар, ота-оналар орасида китобхонлик муҳити яратилмас экан, эришилган натижа чала бўлиб қолаверади. Тизимли, давомли, узлуксиз жараённинг моддий-маънавий қатламлари маромига келтирилган тақдирдагина биз истаётган соғлом оммавий китобхонлик муҳити вужудга келади. Мисол учун ёшликдан китобхонликка ишқи тушган, ҳар қандай шароитда қўлидан китоб тушмайдиган – китобга мубтало одам шу халқнинг, юртнинг маънавий бойлиги, топилдиғи ҳисобланади. Жамият шу тоифа кишиларини муҳофаза қила билиши, қадрламоғи лозим. Токи, қайсидир ватандошимиз қалби-шууридаги китобга бўлган муҳаббат пировардида жамиятнинг бойлигига, маънавий бойлик амалий воқеликка айлансин.

2. Менинг дунёқарашимга қаттиқ таъсир кўрсатган, дунёқарашимни кескин ўзгартириб юборган асарларни санашга киришсам, рўйхат ҳаддан ташқари чўзилиб кетади. Айримларини тилга олишга уринаман: талабалик йилларимда «Эстетика поведения» («Хулқ-атвор нафосати») деган китоб қўлимга тушиб қолди. 1965 йили Москвада нашр этилган. Уни ўқиганим сайин ўзимдаги камчилик ва нуқсонларни кўра бошладим, уларни бартараф этиш чораларини излашга киришдим. Яқин сабоқдош дўстларни қўярда-қўймай ўша китобни ўқишга мажбурладим. Яширмайман, ҳали-ҳануз таниш-билишларнинг яшаш тарзи, рўзғор тутимлари, юриш-туриши, кийиниши, муомаласи, ҳатто дастурхон теварагида ўтиришларини ўша китоб мезонларидан келиб чиқиб баҳолашга одатланиб қолганман. Айни шунга ўхшаш китобларни ўзбек тилида чекланмаган ададда чоп этиб ҳар бир оилага, фарзандларимизга тортиқ этишни орзу қиламан.

Япон Сэй Сёнагон хатлари, Кэнко-хосининг кундаликлари, Дэн Тонинг оқшом суҳбатлари… Зорге, Гоген, Кампанелла, Чаплин, Белинский, Толстой, Гогол, дунёда тенги йўқ жасоратли сайёҳ Нуоми Уэмура, денгиз сайёҳи француз Ален Бомбар, ўзимизнинг жадид алломаларимиз ҳақидаги хотиралар… «Сўна», «Жейн Эйр», «Ой ва чақа», «Робинзон Крузо» романлари… Ф.Достоевскийнинг «Бечора кишилар», «Жиноят ва жазо» ва «Телба»си, кундаликлари… С.Цвейг, Т.Манн, Леонид Андреев, Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Кобе Абэ, Франц Кафка асарлари… Маркеснинг «Бузрукнинг кузи», А.Платоновнинг «Жон», «Чевенгур», «Бахтли Москваой» романлари, Чўлпон, Ойбек ва Ғафур Ғулом шеърлари, Темур Пўлатов ва Иброҳим Ғафуров ижоди… Ҳаммасини санаш қийин, шарт ҳам эмас. Муҳими, китобнинг битмас-туганмас жозибаси, сеҳри – китобхон дунёқарашини ўзгартириш, дунёга ва одамларга бошқачароқ нуқтаи назарлардан қарашга ўргатишида. КИТОБ ва МУТОЛАА бўлмаса бу дунёда яшаб бўлармиди?! Яшаш мумкин бўлган тақдирда ундай ҳаётнинг маъно-мазмуни, қизиғи, шукуҳи қолармиди?! Китобсиз ўтган умрлар ҳақида озмунча оғирдан-оғир гаплар айтилмаган дейсизми?!

3. Бор-йўғи учтагина китоб олиб ўтиш мумкин бўлган сайёрада яшашдан Худонинг ўзи асрасин! Ўзимизнинг Она Заминдан ўтаверсин ҳар қандай сайёра! Майли, ҳамон, шартли равишда савол қўйилаётган экан, биринчи КИТОБ аниқ – Қуръони каримнинг арабий нусхаси, иккинчиси – ўзимнинг айрим асарларим, учинчиси… қандай бўлмасин, назоратчиларнинг кўзини шамғалат қилиб кўпроқ асар олиб ўтаман. Қўлга тушгудай бўлсам, янада яхши, ахир китоблар ва китобхонлар сайёраси – Ерда, Ернинг «Ўзбекистон» дея аталмиш гўшасида яшаганга не етсин!

ОДДИЙ ИНСОНИЙ ТУЙҒУДАН… ОЗОН ҚАТЛАМИГА ҚАДАР

– Жамиятимиздаги икки йирик соҳа – илм-фан ва матбуотдаги муаммоларга, гарчи мухтасар бўлса-да, тўхталдингиз. Ҳар иккала ҳолатда ҳам, кечирасиз-у, муаммонинг илдизи бир нарсага – зиёли, аниқроғи, зиёлинамо юртдошларимиз орасида кенг ёйилган ва аслида ахлоқсизлик бўлган бир иллатга – «аччиқ ҳақиқат»дан қўрқиш ва айни чоғда, «ширин ёлғон»ни қарсаклар билан қаршилаш «одат»ига бориб тақалмоқда. Нима учундир ҳақиқатни доим қоғозга ўраб гапиришни тавсия қиламиз. Аслида, тоталитар давлат ва жамиятларга хос бўлган бу «санъат» қўрқув асорати ўлароқ вужудга келган. Бизнинг ҳам «муҳташам» тоталитар ўтмишимиз бор, унинг онгимизга муҳрланган излари ҳамон ўчмаган. Қизиғи, шароит ўзгарса-да, бу «санъат» давом этмоқда. Уни эгаллаганлар «маданиятли» дея олқишланади ҳам. Қачон «ширин ёлғон»ларимиздан бетимиз қизариб, «аччиқ ҳақиқат»ларимиз билан фахрланадиган бўламиз? Ҳақиқатнинг юзига упа-элик суртмай, қандай бўлса шундай айтиб қўяқолиш қачон фазилатга айланади?

– Жаҳон журналистикасида саволларнинг бу қабилда кўндаланг қўйилиши «колючие вопросы» дея таърифланади. Ҳечқиси йўқ, жамиятимиз ҳар бир соҳа эгаси ўзини ўзи айни «тиконли саволлар» билан ўққа тутадиган паллани бошдан кечирмоқда.

Инсон табиатидаги ҳеч бир туйғу бехосият-беҳикмат эмас, уларнинг барчаси қандайдир вазифани адо этади. Жумладан, қўрқув – инсон табиатидаги энг мураккаб, энг сирли туйғулардан бири.

Тирик жон борки, қўрқув бор. Чунки тирик жоннинг бирламчи мақсади – қандай бўлмасин, жонни сақлаш. Бадандаги оғриқ қайсидир касалликнинг даракчиси бўлганидек, қўрқув – жонга хавф туғилишидан бохабар этувчи сигналдир. Жон талвасаси – жисмоний-биологик қўрқув, бу – алоҳида мавзу. Лекин қўрқувнинг тури-хили шу қадар кўпки, уни заргарона фарқламай туриб у ҳақда ҳукм-хулоса чиқариш тўғри бўлмайди.

Машҳур даниялик мутафаккир Сёрен Кьеркегор (1813 – 1855) инсондаги қўрқув туйғусини махсус ўрганган. Ва мулоҳазаларини Одам Ато билан Момо Ҳаввога Парвардигор эълон этган илк таъқиқдан бошлаган. Бироқ башарият падари ва волидаси таъқиққа қулоқ осмадилар, оқибатда гуноҳга ботдилар. Шу тариқа биринчи гуноҳ, биринчи гуноҳкор ва шу гуноҳ эвазига ҳукм этилган жазо орқали биринчи қўрқув уруғи қадалди инсон қалбига. Бошқа диний эътиқодларни қўятурайлик-да, Қуръони каримга мурожаат қилайлик. «Бақара» сурасининг 6-оятида «қўрқитиш-қўрқитмаслик» ибораси келади. Навбатдаги оятларда гуноҳкорлар учун «улкан азоб», «аламли азоб» борлиги ваъда қилинади. Шу тариқа Аллоҳ таолодан қўрқишнинг улкан фазилат экани, нариги дунё азобларидан қўрқиш имоннинг салмоғини белгилаб бериши бот-бот такрорланади. Илоҳий каломга тил теккизишдан эҳтиётланамиз, албатта (қўрқамиз ҳам!), илло, мулоҳаза тариқасида айтадиган бўлсак, фикри ожизимизча, улкан ва аламли азоблардан қўрқув туйғуси диний эътиқодимизнинг ўзак ақидаларидан бири сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Яъни жисмоний-биологик қўрқувга эътиқодий қўрқув қўшилган. Бу ёқда ижтимоий, маиший қўрқувлар «қучоқ очиб» кутиб турибди одамни.

Кьеркегор айбсизлик туйғусини алоҳида тадқиқ қилган. Унинг фикрича, ҳар бир одамда ўзини айбсиз ҳисоблашга бўлган иштиёқ кучли кечади. Оила аъзолари олдида, ҳамкасблари, раҳбарият, ёр-биродарлари, қолаверса халқ, миллат, ватан ва ҳоказолар олдида айби бўлмаслигини жуда-жуда истайди киши. Қизиғи, ушбу истак кучайгани сайин у қўрқувга айлана боради. Айбли бўлиб қолишдан, бошқаларга айбдор кўринишдан қўрқиш… Бир мисол келтирайлик: тўрт-бешта болакай кўчада тўп қувалашаётиб бехосдан дераза ойнасини синдириб қўяди. Уй эгаси югуриб чиқади ва ўзига жавдираб, мўлтираб қараб турган болалар орасидан «айбдор»ни топади. Айбдорнинг аҳволи-ку маълум, аммо қолган болалар ўз айбсизлигидан шу қадар енгил тортадики!..

Бу – жўн гап эмас, балки ҳар қандай одамни умр бўйи таъқиб этадиган, ҳаётнинг жуда кўп вазиятларида тасдиғини топадиган руҳий ҳолат. Ўзини айбсиз ҳис этиш туйғуси, чунончи, кенг омма олдида фариштадек пок қиёфасига доғ тушишидан хавотир кучайиб боргани сайин қўрқувнинг кўлагаси қуюқлашади. Агар бундай одам ихтиёрида ҳукмронлик, куч-қудрат чексиз йиғилган бўлса, Худо урди деяверинг – у ўзини бирон лаҳза тарк этмайдиган қўрқувидан қутулиш учун кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ёлғонларни ўйлаб топади, келажакда асқатиб қолар, деган умидда айбсиз эканини исботлайдиган «тарихий» ҳужжатлар яратади, бу сингари ёлғонлар (ёлғонлигини ўзи билади-да!) зимистон қалбини ёритолмай қолган чоғларда эса таҳдид, таъқибга зўр беради. Жуда оддий тилда айтганда, вос-вос касаллигига йўлиқади, вужудию шуури ваҳимали хаёллар харобазорига айланади, унга даво топиш қаёқда дейсиз?!

Кўряпсизми, ёлғон, қўрқув ва мустабидлик бир-бирига бамисоли қондошу жондош оға-ини. Кечирасиз-у, бундай бедаво дардга йўлиққан одамнинг бетига қараб туриб ёлғончисан, лўттибозсан, беномуссан, дея рўй-рост айтишни ҳеч бир соғлом ақл эгаси ўзига раво кўрмайди. Ундан кўра «Шунга зормисан, олақол», деган маънода ўша ёлғонларини олқишлаб қўя қолади.

Унутмайлик, ёлғонга ғоятда ноёб бир «фазилат» ато этилган, у – узоққа бормай ўзини ўзи фош этиш, эл-юрт кўз ўнгида шарманда бўлиш «фазилат»и. Шундай экан, ёлғонга чалинаётган қарсакларни ўша ёлғон учун мукофот эмас, балки ёлғон узоққа бормай, ҳадемай фош бўлишидан дарак берувчи пайғом, деб қабул қилинмоғи тўғри.

Кези келганда айтай, бир неча йил бурун чоп этилган «Куза…» номли қиссам айни шу руҳий ҳолатни очиб бериш нияти ила туғилган эди. Қиссада кўзда тутилган мақсадлардан бири – ҳар бир инсон ўз умри мобайнида ҳам кузатувчи, ҳам кузатилувчи мақомида бўлишини тасвирлаш бўлган. Асар ўқувчини саволга тутади: сиз кўпроқ КУЗАтувчимисиз ёхуд КУЗАтилувчи? Текширувчимисиз ёки текширилувчи? (Айбловчимисиз ёки айбланувчи ва ҳоказо.)

Кузатилувчининг (текширилувчининг) ичида ё англанган, ё англанмаган қўрқув, хавотир бўлмай иложи йўқ. Бу – ҳозиргина тилга олинган айбсизлик туйғусининг айнан ўзгинаси.

Энди қўрқоқлик ва маданиятлилик ҳақида. Бир киши билан бир неча йил мунтазам мулоқотда бўлишга тўғри келди. Ниҳоятда хушбичим, басавлат. Ёши ўтиб қолганига қарамай қиличдай. Ўзига шу қадар оро берадики, азбаройи никоҳ оқшомига отланган куёв болани эслатади. Муомала ҳам шунга яраша – ғоятда хушфеъл, латиф. Болаликда Усмон Носир, Амин Умарий билан қувалашиб ўсган. Аянчли қисмати ҳам машҳур шоир дўстиникига ўхшаш – 18 йил умри қамоқда, сургунда ўтган. Ўша инсоннинг феъл-атвори, юриш-туриши, гап-сўзлари таъсирида «Маданиятли киши» номли ҳикояни ёзгандим. Гап шундаки, қаҳрамоним ҳеч кимсага товушини кўтармайди, ҳатто чумолига ҳам тик қарамайди, ҳеч қаерда зинҳор ўз сўзини айтмайди, бошқалар нима деса маъқуллайди, маъқуллаб туриб ҳам вужудини лиммо-лим тўлдирган қўрқувдан халос бўлолмайди. Ва аянчли жойи шундаки, шуларнинг барини маданиятлилик пардаси ортига яширади.

Охирати обод бўлсин, ўша танишимнинг феъл-атворидан мутаассир бўлиб юрган кезларимда буюк Достоевскийнинг «Хилватдан мактублар»идаги қуйидаги гапни ўқиб қолдим: «Бизнинг даврда ҳар қандай батартиб одам қўрқоқ ва муте бўлмоғи керак, аслида ҳам шундай. Унинг оддий нормал ҳолати – шу».

Бу ўринда аҳволнинг нозиклиги қўрқоқлик билан маданиятлилик ўртасидаги деворнинг ғоят юпқалигида.

Бундай қиёс келтираётган бўлсам-да, шахсан мен маданиятга тил теккизиш, унинг устидан кулиш тарафдори эмасман. Инсоният бу ёруғ очунга келиб орттирган бебаҳо бойлиги ҳам маданият. Дид, фаросат, назокат ва нафосат. Ёлғоннинг бетига қараб туриб – ёлғон, ёмоннинг кўзига ўқрайиб – ёмон, деб ўзимизда шаклланган маданият, лутф, дид-фаросату назокатнинг ҳақоратланишини, булғанишини ҳам унутмайлик. Бу – қўрқоқлик эмас. Рост гапни айтиш жасорат саналишининг ўзи аслида уят, иснод. Чунки нотўғри қилинаётган ишнинг нотўғрилигини, ёлғоннинг ёлғонлигини очиқ-ошкора айтиш… тўғри гап тўғри ва холис қабул қилинмайдиган, боз устига, шафқатсиз жазоланадиган, таъқиб этиладиган муҳитдагина жасорат саналади (аксаран ақлсизликка йўйилади). Мен зинҳор жамият, эл-юрт манфаати кўндаланг турган жойда қўрқоқликни, ҳақиқатни очиқ-ошкора айтишдан қочишни оқламоқчи, хаспўшламоқчи эмасман. Аксинча, ҳар қандай танқидий мулоҳазани маданият билан, мулойимлик билан ҳам изҳор этиш йўлини топиш мумкин деб ҳисоблайман. Афсуслар бўлсинки, бизда ёши улуғлар – ўзидан кичиклардан, эркаклар – аёллардан, ота-оналар – фарзандлардан, раҳбарлар – ўз қўли остидагилардан, бадавлатлар – ночорлардан, димоғдорлар – камсуқумлардан кўра ўзини ақллироқ, ростгўйроқ, устунроқ сезади. Улар аслида устун эмаслигини сезмайдилар ёки сезмасликка оладилар, илло дунёга ўт кетса кетадики, ўзларининг ноҳақ эканини тан олмайдилар.

Муаммонинг энг нозик жойи – жамиятда (ҳар қандай жамоада) энг қуйидан тортиб то олий мақомга қадар очиқ-ошкора фикр-мулоҳаза билдириш ва унга тоқат қила билиш муҳитини, маданиятини шакллантиришда. Ушбу маданият шакллантирилмас экан, порлоқ келажакни барпо этиш орзулигича қолаверади.

Хуршид ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди.
(«TAFAKKUR» журнали, 2017 йил, 2-сон. Б.4-19.)
ИЖОДКОР – КАЙФИЯТ ОДАМИ

– Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ҳар бир ижодхона ўзича бир олам: шакл-шамойили, иш тиртиби, муҳити ва ҳоказолари билан. Жуда кўп ишлар кайфиятга боғлиқ. Кўнгилнинг аллақаерида йилт этиб туғилган ғоя учқуни баъзан шиддат билан, баъзан эса ойлар-йиллар мобайнида пишиб етила боради. Кўпроқ шакл излайман, синовлардан ўтган ва тайёр шакллардан мумкин қадар фойдаланмайман. Қўшиқнинг муваффақиятини сўз, оҳанг ва ижро уйғунлиги таъминлагани сингари насрий асарда ғоя, баён йўсини ва сюжет шакли уйғунлиги зарур деб ўйлайман. Шулар топилса, ер юзида янги қитъа кашф этган одамдек дўппини осмонга ирғитасиз, сиздан шодон одам бўлмайди дунёда! Топганларим-ёзганларимни ўқиганларнинг барчалари бирдек мақбул кўрмасликларини, мутолаа жараёни қийинроқ кечишини ҳис қилиб тураман. «Мен қийналиб ёздимми, ўқувчи ҳам пича қийналсин-да» деб қўяман ғойибона кулиб (ҳазил).

– Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

– Ёзиш эҳтиёжини келтириб чиқарувчи сабаблар кўп. Гоҳ у, гоҳ бу сабаб қўлга қалам тутишга ундайди. Ҳаммасини санаб ўтиш қийин албатта, лекин бир сирни очадиган бўлсам, ижод жараёни ижодкор учун ўзга бир реалликда яшаш имконини ҳадя этади. У реалликдаги макон ва замоннинг, муҳит ва кайфиятнинг эгаси – ижодкорнинг ўзи. Бу ерда у мутлақо дахлсиз: образлари, туйғулари, кечинмалари қуршовида ёлғиз. Муқаддас, сирли ва тушунтириб бўлмас дахлсизлик бу.

Ёзолмай қолиш ўша дахлсиз реалликни ярата олмасликдир. Ницше ёзган-ку, инсонни ҳаёт воқелигидан санъат воқелиги халос этади деб. Ҳақиқат бу.

– Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

– Илоҳий бўлмаган, яъни Илоҳдан ташқарида нима бор бу ёруғ дунёда? Биргина жумла, биргина сўз, битта ҳарф – мўъжиза. Битта тиниш белгисида Аллоҳ таолонинг зикри, фикри, тажаллиси мужассам дейилади китобларимизда.

Бадиий адабиётнинг, бадиий ижоднинг бу борадаги сеҳр-жозибасини батафсил баён этишга сўз ожизлик қилади. Илҳом деган ҳолатни тушунишга ҳаракат қиладиган бўлсак, юқорида айтганимиз каби ижодий реаллик ярата билиш, унинг «ичи»га биқиниб олиш ва ўзингизни эмин-эркин ҳис этиш – илҳом онлари шу. Буни қарангки, илҳом дақиқалари аслида анормал руҳий ҳолат, ижодкор ундай ҳолатларда қўлига қалам тутмагани маъқул, ақл-ҳуши тиниқлашган ҳолатда ижод қилмоғи зарур, деган фикрлар ҳам бор. Бундай қарашларга қандай муносабатда бўлиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

– Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва, табиийки, энг тўғри баҳони ўзига ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман, деб ҳисоблайсиз?

– Ким нималарга қодирлигини санайдиган бўлса кўпгина ожизликларини достон қилиб қўймайдими? Уйдаги гап уйда қолса-да, яхшиси, вазиятдан эсон-омон чиқиш учун қуйидаги жавобларни тақдим этай:

– Зўр ёзувчиман.

– Ўртамиёна ёзувчиман.

– Ўзига хос бир қаламкашман.

Булардан тўғри жавобни танлаш эса азиз газетхонларга, муҳтарам мухлисларга ҳавола.

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди
(«KITOB DUNYOSI» газетаси, 26 апрель 2017.)
«ШЕЪР – ДАРД, ДАРД – СИЁСАТ»

Исмат Худоёров:

– Хуршид ака, анъанавий адабиёт вакиллари билан «модерн»чилар ўртасида анчадан буён баҳс-мунозара юради. Бири «модерн»ни инкор этса, иккинчиси ҳимоя қилиш билан оворадек. Миллий адабиёт наҳотки тажрибаларни, изланишларни инкор этса?! Бунда у ўз қобиғига ўралашиб қолмайдими?

Х.Дўстмуҳаммад:

– ХХ аср ўзбек адабиёти ўз даврининг бадиий тафаккури сифатида тарихда қолади. Улкан адабий мактаб яратилди. Адабиёт қандай бўлиши керак ва қандай бўлмаслиги керак, деган саволга истаганча жавоб бера оладиган академияга айланди…

Дунёни бадиий идрок этишнинг чеки-чегараси йўқ. Замонавий бадиий тафаккур анча илгарилаб кетди. Ҳозирги жаҳон адабий жараёни ҳали биз кўриб, биз эшитмаган, биз «топиб» кўрмаган усулларни қўлламоқда, инсонни ўрганмоқда! Инсон бор экан, имкониятлар тугамайди, унинг адоғига етиш амри маҳол.

Адабиёт бўлмаса инсоният қандай яшар экан, деб сўрашади. Дунёни бадиий идрок этиш тўхтаса, дунё ғоятда ғариблашиб қолади. Бунинг иложи йўқ. Бадиий тафаккур бошқача фикрлаш, дунёни бошқача англаш, дегани. Миллий адабиётимиз, миллий бадиий тафаккуримиз охирига етиб бўлмайдиган даражада чуқур, теран ва мураккаб. Лекин тафаккурни янада бойитиш, ҳаётга янада бошқача қарашни хоҳлаймиз. Кафканинг бир гапи бор: «Маҳаллий адибларга тақлид қилишдан нарига ўта олмайдиган адабиёт – аянчли адабиёт».

Мен ҳеч қачон тарафкашлик қилмайман. Хоҳласангиз Муқимийни ўқинг, хоҳласангиз Махтумқулини мутолаа қилинг. Бу борада ҳамманинг ўз фикри бор. Ўзимни модерн ёзувчи ҳам дея олмайман. Шунчаки бошқача фикрлайдиган, ёндашадиган, бошқача талқин қиладиган қаламкашман, дейман. Кўнгилнинг аллақаерида йилт этиб туғилган ғоя учқуни баъзан шиддат билан, баъзан эса ойлар-йиллар мобайнида пишиб етила боради.

Мен кўпроқ шакл излайман, синовлардан ўтган ва тайёр шакллардан имкон қадар фойдаланмайман.

Исмат Худоёров:

– Сўнгги йиллардаги ижодингизни кузатиб, уларнинг бугунги кун руҳи, миллийлик билан тўйинганини ҳис қиламиз. «Қичқириқ» номли ҳикоянгиз ўқувчида гўёки халқимизнинг ўзлигини англашга бўлган ҳайқириқ, чақирув ёки даъватдек таассурот уйғотади…

Х.Дўстмуҳаммад:

– «Қичқириқ»нинг қаҳрамони Султон образининг яратилиши давр тақозоси билан боғлиқ. Агар ҳикоя бу ҳақда, яъни ўзликни англашга чақириқ бўлмаганида ҳам унга «Қичқириқ» деб ном берилишининг ўзи халқни уйғоқликка чақирарди, дейишган эди ҳикояни таҳлил қилган адабиётшунослар. Сувга ғарқ бўлган келинчакни қутқариш учун пайдо бўлган инсон, унинг домига тушганни ғарқ қилувчи дарё шиддатидан омон қолиши, сув остидаги майда, кўз илғамас чиқиндилару сув ўтлари – жамиятдаги иллатларни кўрсатиш ва уларни бартараф этишда қаҳрамонларни уйғоқликка чақиришдир.

Исмат Худоёров:

– «Умид гули» ҳикоянгиз қаҳрамони «шеър – дард, дард – сиёсат», деган эди. У бугун ҳам шундай фикрдами?

Х.Дўстмуҳаммад:

– Ҳар бир ижодкор ўз ҳаётий ва хаёлий кечинмаларини қаламга олади. Ўз қарашларини образлар воситасида ифода этади. Мен ҳам ушбу ҳикояда ўз қарашларимни қаҳрамоним тилидан билдирганман. Шеърнинг дард, дарднинг эса сиёсат эканини ифода қилиш учун бадиий тафаккурнинг ҳаётдаги ўрни ҳақида суҳбатлашишга тўғри келади. Аслида она алласи ҳам сиёсат. Онанинг сокин туйғулари, орзу-армонлари унинг тилидан ифода этилган сиёсат бу.

Жамиятдаги ўзгаришлар, инсон онг остидаги ўзи англаб етмаган туйғуларни англатувчи дард, омиллардан бири – мусиқа. Мусиқа – илоҳий мўъжиза. Ижтимоий дарднинг кўринишлари рассомларда, шоирларда пайдо бўлади. Жамиятда кўз очаётган интилишларнинг импульслари мана шу дард орқали намоён бўлади.

Шоҳида ДАМАНОВА ёзиб олди
(«MILLIY TIKLANISH» газетаси, 31 январь 2018.)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации