Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 38 страниц)
ҚИССАДАН ҲИССАЛАР
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ҳижроним мингдир менинг» қиссаси бир қарашда анъанавий лиро-романтик йўсинда битилган, асар ошиқ ва маъшуқанинг кўнгил розларини изҳор этувчи мактуб-ёзишмалардан иборат. Бу ёзишмалар Лайли ва Мажнуннинг, «Ўткан кунлар»даги Отабек билан Кумушнинг мактубларини ёдга туширади. Фарқ шундаки, бу ердаги диллар изҳорида айтарли нолишлар йўқ; аслида севги йўлида ташқи тўғаноқлар, орада «Қоработирлар», жиддий драмалар учун асоснинг ўзи йўқ. Биз кўп йиллар «конфликтсизлик назарияси»га қарши жанг қилиб келдик, ҳар бир асарда албатта жиддий «конфликт», «жанг учун асос» бўлиши зарур деган даъвода юрдик. Энди ўйлаб қарасак, бу шарт эмас экан; жаҳон адабиётида шундай ноёб бадиий обидалар борки, улар тайинли ҳаётий зиддиятлардан, ўткир конфликт-интригалардан холи; шунга қарамай уларда инсон табиати, қалби қойилмақом қилиб очилган. Хуршид Дўстмуҳаммад қиссасидаги ошиқ ва маъшуқалар бир-бирига фақат эзгу туйғуларини изҳор этади, севги мулоқотлари жараёнида улар хаёли, вужуди, борингки бутун ҳаёти бамисоли нурли, мусаффо туйғулар қанотида сайр этади; бу нафис, мусаффо туйғулар уларни инсоний камолот сари етаклайди. Улар ошиқона мулоқотлар асносида ўзгача одамга айланиб бораётганлигини, ҳаёти бошқача маъно касб этаётганини ҳис этиб турадилар. Икки ошиқ орасидаги нур, нафосат билан йўғрилган бахтиёр дамларини кузатар экансиз, кўнглингизнинг бир чеккасида қандайдир хавф-хатар, бирор кори ҳол юз бермасмикан деган хавотир кезиб юради; улар гўё висол эмас, ҳижронга маҳкумдек, мабодо улар висолга эришса ҳаммаси барбод бўладигандек туюлади кишига. Сизу биздаги мана шу хавотир туйғуси ошиқ ва маъшуқанинг кўнглида ҳам пинҳона, онг остида кечади. Аслида ҳаётнинг ўзида шундай. «Дамлар шудир, ўзга дамни дам дема» деган ҳикмат бежиз айтилмаган; инсонга берилган ширин, бахтли дамлар ўткинчи, ҳамиша таъқиб остида, кичик бир тасодиф билан ҳаммаси бир дамда тугаши мумкин. Асарда ҳали бундай тасодиф, хатарнинг ўзи йўқ, бироқ сезилар-сезилмас хавотир шарпаси бор. Ёзувчи қиссасида шу сеҳрли ҳолат-вазиятни, ғаройиб ҳақиқатни бадиий кашф этган.
Умарали НОРМАТОВ(«Умидбахш тамойиллар». Т.: «МАЪНАВИЯТ», 2000. Б.49-50.)
ОРОМКУРСИ ФОЖИАСИ
Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг «Оромкурси» қиссаси билан ўзбек адабиётини ўзига хос асари билан бойитди. Қиссада фикрлар олишуви ва диалоглар орқали, асар қаҳармони Кўкламали Тонготаров образида мансаб, лавозим, ҳою ҳаваслар инсон зотини тубсиз жар ёқасига олиб келиши кўрсатиб берилади. Охир-оқибат «Оромкурси»даги Кўкламали бу касалликдан қутулолмай ҳалок бўлади. Асар фожиали якунланади.
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад Кўкламали Тонготаров образи орқали инсон ички дунёси, унинг фикрлаши, унинг эврилишларини моҳирона ифодалаб беради. Қиссанинг бош қаҳрамони «Оромкурси»га ҳирс қўяди. Шаҳарга келиб ўқишга кирганида, Кўклам ғайриинсоний майлни унутишни ўйлаб қувонган эди. Аввалига ўзи ўйлаганидек бўлди, уйидан, қишлоғидан, туғишганларидан узоқлашди-ю, ҳаммасидан қутулганга ўхшади. Лекин Кўклам онасидан эшитган «отангнинг фикри-хаёли идорасидаги оромкурсисида эди», деб айтганлари Кўкламга таъсир қилиб, ўйланиб қоларди. Онаси яна қизил суянчиқли оромкурсиларни ҳаммадан ортиқ кўришини айтганида Кўклам эзилиб кетарди. Балки отамдан мерос касалликмикан, деган фикр унинг миясида тинчлик бермасди. Шаҳар унинг касаллигини зўрайтиради. Охирги марта домласи Ниёзовичникидаги оромкурсига ишқи тушади. Баланд суянчиғи қиз боланинг белидек нозик, андак эгик, ўтирган киши ясланади-ю, хаёлан арши аълога парвоз қилади!..
Фақат оромкурсининг оёқлари кўздан пинҳонлиги Кўкламнинг қизиқишига чўғ солади. «Оёқларини этагига ўраб олгани нимаси!..»
Асар якунида Кўклам она номасини ўқий бошлайди ва ўз-ўзига мен табибга бораман, даволанаман, дейди. Ҳамма дори-дармонларни олиб эрта субҳидам қучоғингизга етиб бораман, онажон, деб аҳд қилади. Шу пайт у хонасидаги стол устида аралаш-қуралаш сочилиб ётган китоб-дафтарларни тахлайди, латта билан стол устини арта бошлайди. Сўнг юзини тескари буриб оромкурсининг елкасини, ён суянчиқларини обдан артади. Шунда бирдан хўрлиги келиб, латта қўлидан тушиб кетади. Алла-паллагача оромкурсини силаб-сийпалайди. Кўзлари юмилиб узоқ тин олади. Сўнг оромкурсини даст кўтаради, кўтариб бориб айвонга чиқади. Шу пайтда эшик асабий ва қаттиқ тақиллайди. Кўклам оз фурсат тўхтайди. Боши узра кўтарган оромкурсини оёғининг остига оҳиста қўяди, ҳолсизланиб унга маъносиз тикилади, оромкурсининг устига чиқади-да, айвончанинг темир панжараси устидан ошиб ўтиб, ўзини пастга ташлайди. Фожиа юз беради.
Шундай бўлиши асар ибтидосидаёқ сезилганди. Кўклам Тонготаров бу курашда енгилади. Нима учун десангиз, инсонни инсонлигидан чиқарадиган ҳирс туғилаётганди. Бу ҳирс оромкурсига қаратилганди. Қисса азалдан эскирмайдиган мавзу, яъни мансаб, амал инсонни муқаррар одамгарчиликдан чиқариб, уни ҳалокатга етаклаши ҳақида катта фалсафий мушоҳадага етаклайди. Кўклам Тонготаров ҳали бу оромкурсига етишмаёқ руҳий қийноқларга дуч келади. Кўкламнинг психологик нуқтаи-назардан азобга тушиши китобхонни ларзага солади. Бу ҳақиқий маънода офат ёки касаллик авлоддан авлодга ўтиши мумкинлигини ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ёрқин бўёқларда тасвирлаб беради. Бу мавзу умумбашарий бўлиб, у вабо мисоли тарқалиши мумкинлигини бу асарни ўқиган китобхон англаб етади. Қисса ўқувчини жиддий ва умумбашарий фикрлашга ундайди. …Қисса шуниси билан қадрлидир. Жаҳон адабиётида Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссаси, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Оромкурси» асарига сюжет йўналиши бўйича жуда ўхшайди. «Чол ва денгиз» асарида инсоннинг табиат олдидаги унинг иродаси, матонати, енгилмаслиги кўрсатилса, «Оромкурси»да Кўкламали Тонготаровнинг мансаб ва лавозим ҳою ҳаваси нималарга, қай аҳволга солиб қўйиши моҳирона тасвирлаб берилади. «Чол ва денгиз»да инсоннинг қатъияти кўрсатилса, «Оромкурси»да унинг ожизлиги тасвирлаб берилади. Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз»ида бош қаҳрамон чол образи бўлса, Хуршид Дўстмуҳаммад асарида ёш йигит образи ҳаракат қилади. Бу икки асарни таққослашдан мақсад – бу асарлар бутунлай қарама-қарши мавзуда ёзилган. Ўхшашлиги шуки, бирида инсон иродаси, матонати куйланса, иккинчисида ёш инсон фожиаси кўрсатилади. Икки асарда ҳам қаҳрамонлар кўп эмас. Хулоса қилиб айтганда, бу асар долзарб мавзуни ёритиб берган. Қиссани ўқиган китобхон ногаҳон турли ўйлар гирдобига тушиши табиий. Асарнинг ютуғи ҳам шундадир.
Рустам МАННОПОВ(«Ёшлик» журнали. 2008. 3-сон. Б.32.)
МУҲАРРИР ТАҚРИЗИ
Қўлёзмани диққат билан ўқиб чиқдим. Унга жамланган қиссалар ўқувчини ўзига бутунлай жалб қилиб олади. Бирор бир жумла ёки абзацни бепарво ўқиган ўқувчи воқеалар ривожини чалкаштириб, бир-икки саҳифа орқага қайтишга мажбур бўлади. Китоб муҳаррири сифатида фикримча, бу қиссалар бошловчи, оддий китобхонларга эмас, адабиёт оламига аллақачон кириб келган, адабий зеҳни анча ўткирлашган ўқувчиларга мўлжалланган. Муаллиф чинакам бадиий асар жуда катта меҳнат эвазига ёзлишини уқдириб, бундай меҳнат ҳосилаларига ўқувчи бепарво бўлмаслигини, қанча-қанча изланиш, изтироб билан қоғозга тушган, тарошланган фикр-мулоҳазаларни, жумла ости ишораларини шунчаки, енгил кўз югуртириш билан ўтказиб юбормаслигини, ҳар бир сўз, ҳар бир иборанинг мағзини чақишини ва, албатта, у ҳам, ёзувчи каби, ўқиш жараёнида озроқ заҳмат чекишини, фикр юритишини, кўнглида бир нималар уйғониши, тушунарли-тушунарсиз саволлар пайдо бўлишини истайди ва бунга эришади. Бу – фақат Хуршид Дўстмуҳаммаднинг истаги эмас – чин адабиёт асли шундай бўлиши керак.
Тўпламга кирган қиссалар турли йилларда ёзилган. Диққат-эътиборли ўқувчи муаллиф қиссадан қиссага ўсиб, маҳорати такомил топиб бораётганини сезади. Дастлабки «Нигоҳ» ёки «Паноҳ» билан «Куза…» ўртасида ҳар жиҳатдан жиддий фарқ бор. Ижобий фарқ, албатта. «Чаёнгул» ва «Сўроқ»дан кейин ўқувчи бироз чарчайди, чунки бу қиссаларда фикр жуда тиғиз, бир қарашда илғаш қийин бўлган кечинмалар бирин-кетин келаверади, биттасини энди «ҳазм» қилганингизда янада муҳимроғи, мураккаб бўлса-да, эътироз билдиришингиз қийин бўлгани хаёлингизни банд этади. Биргина «Висол»нинг ожиз томони шундаки, унда ҳамма нарса бор, аммо «Соғинч» йўқ», деган маънони берувчи бор-йўғи учта сўздан иборат жумланинг ўзи фикр қозонингизни қайнатиб юборади. Хайриятки, шу икки қиссадан омон-эсон ўтиб олган, енгилтаклик қилмаган ўқувчи «Ҳижроним мингдир менинг»га, сўнг «Мен – Сенсиз, Сен – менсиз»га дуч келади, ўй-фикрлари бироз таскин топади. Муаллиф ўқувчига бироз дам беради, чунки олдинда «Куза…» турибди. Бир кун аввал, ўта муҳим матчда жон куйдириб тўп сурган футболчи эртаси куни яна майдонга туширилса анча қийналиши каби бордию китобхонга «Сўроқ»дан кейин «Куза…»ни ўқиш таклиф этилганида, у ҳам ўқиш майдонида кекса Ривальдо каби лўкиллаб қолган бўларди.
Бугунги кўплаб китобларимизда уларни ўқийдиган, ўқиши ва уқиши лозим бўлган ўқувчининг, бизнинг ўта бепарволигимиз оқибатида танбал ва енгилтак бўлиб улгурган бозор шароити китобхонининг руҳий ҳолати, адабий малакаси, дид-фаросати эътиборга олинмайди. Китоблар ўз ҳолича, ўқувчи ўз ҳолича. Шу маънода менга Х.Дўстмуҳаммаднинг ушбу китоби кўзи анча пишган, бадиий асарларнинг сарак-пучагини ажрата олишга қодир ўқувчиларга мўлжалланганлиги маъқул бўлди. Она қуш нимжон, касалванд боласига овқат бермай, бутун борини эртага ёнига кирадиган, кўкка мустақил парвоз қилишга қодир полапонларига қаратгани каби биз ҳам дуч келган одамнинг оғир қулоғига танбур чертавермай, бўладиган, эшитишга ва озроқ бўлса-да, фикр қилишга қодир китобхонлар билан ишлаганимиз маъқул кўринади.
Таҳрир қилган, муаллиф билан келишмаган жойларимни алоҳида белгилаб қўйдим. «Куза…»нинг охирида асосий, бош фикр бироз ялонғоч тус олганини айтишим керак. «Сиз аблаҳсиз, ярамассиз!» дейишдан осони йўқ, борди-ю, шу фикр бироз бошқачароқ кўринишда, масалан, «Сиз аблаҳ, ярамас одам эмассиз-ку, нега энди бундай қиласиз?» деб айтилса, танқид ниши янада ўткирлашади. Бошқа бир эътирозим, буни энди муаллиф жиддий ўйлаб кўриши керак, баъзи қиссаларда шева сўзлари (асар қаҳрамонлари тилида ҳам, муаллифда ҳам) кўплаб ишлатилади. Лекин… шевалар аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Чунончи, «қиллим», «амак», «деёпман», «кетопти», «чақиропти» деган одам «боравурайми», «боравур», «уравур», «ётавур» демайди. «Қури» деган буйруқ феъли Тошкент ёки Фарғонада йўқ, шунингдек, воҳаликлар (Қашқадарё, Сурхондарё) «ирғит», «ижикилаб», «қаттан», «қаттайдиз», «минан», «довур» сўзларини ишлатишимайди. Китобнинг номи бу энди – муаллифнинг эрки.
Китоб муҳаррири Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ18.04.2010.
БАДИИЙ ТАФАККУР НАМУНАЛАРИ
Замонавий ўзбек адабиётида модернлашган реализмнинг концептуал асосда намоён бўлишининг ёрқин мисоли Хуршид Дўстмуҳаммад ижодидир. 70-йиллар охирларидан адабиётимизда бу йўналишнинг муайян эстетик концепция негизида шакллана бошлаб ривожланиши ва сўнгги ўн йилликда такомиллашиб, адабий-эстетик тенденция тусини олиши айни шу ижодкор асарлари мисолида ўзининг аниқ тасдиғини топади. Ижодининг дастлабки давридан то ҳозиргача анъанавийлик билан ноанъанавий экспериментал йўналиш ёнма-ён, гоҳо қоришиқ бир ҳолда давом этадики, дабдурустдан мазкур ёзувчининг ижодий кредосини қатъий белгилаб олиш мушкул. Балки айнан шу хусусият ижодкорга бўлган ноодатий қизиқишни, айрича эътиборни белгилаётган бўлса ажаб эмас. Айни чоғда бу жиҳат фақат унга тегишли индивидуал хусусият бўлмай, балки сўнгги ўттиз йиллик, айниқса, Истиқлол даври насримизнинг ўрта ёш авлоди вакиллари ижодида кўриняпти. Бундай тажрибавий услубий йўналиш адибнинг илк ҳикояларидан бошлаб «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Ҳижроним мингдир менинг», «Куза…» қиссаларида, «Бозор» романида яққол намоён бўлади.
Х.Дўстмуҳаммад ижодий-эстетик кредодан келиб чиқиб, имкон қадар ҳар бир катта-кичик асарида шундай тадқиқотлар қилади. Тасаввурида пайдо бўлган ҳолатни макон ва замонда тўхтатиб қўйиб, уни ҳар томондан ўрганишга, ифодалашга ҳаракат қилади. Шундай қиссаларидан бири 80-йиллар сўнгида эълон қилинган «Паноҳ» қиссасидир.
Ёзувчи ўзбек ўқувчисига ҳодиса ҳолатларга янгича ёндашув таклиф этаётганини назарда тутиб, қиссанинг номи остига «ёхуд 13 октябрь 22ю 13да бўлган воқеа» деб аниқлик киритиб қўяди. Айни шу дақиқада асар қаҳрамони Аҳмадали хаёлида, онги ва онг ости қатламларида кечган жараённи бутун кўринишлари билан илғаб акс эттиришга ҳаракат қилади. Кўрсатилган аниқ вақт оддийгина вақт эмас, фавқулодда ҳодиса – Ер қимирлаш содир бўлган дақиқа. Ана шу воқеа қаҳрамон онгидаги фавқулодда ўй-фикрларни уйғотиб юборади. У воқеа содир бўлганда, уйидан бир неча юз метр нарироқда бўлади. Ана шу масофани босиб ўтиш, шунинг орасида рўй берган онгдаги жараён, дақиқа ичра тафаккур эврилишлари, қатлам-қатлам онг ости англамалари тасвирга, психологик таҳлилга тортилади. Бадиий асарда «Онг оқими» деб номланувчи бу эстетик тадқиқот ўқувчини фаол ишлашга, муаллиф билан баб-баравар бадиий тадқиқот ўтказишга мажбур этади. Муаллиф – ўқувчи муносабати бутунлай бошқа доирага кўчади. Руҳий мулоқотга айланади. Ўқувчи воқеабанд тафсилотли асарлардаги каби кузатувчи, ёзувчи етовидаги ҳодиса эмас, айнан тенгтошли ишловчи, ёзувчининг ҳаммуаллифи мақомини олади. Чунки ёзувчи онг жараёнида бўлганидек мозаика тамойилида синдириб, парчалаб ташлаётган лахтаклардан бир бутун ясаш, икки ва ўрни билан ҳатто учга бўлиниб кетадиган қаҳрамоннинг «мен»ини аниқ белгилаб олиш ўқувчидан росмана ҳаммуаллифликни, муаллиф билан бирга бутун жараённи обдан ўрганиб, тадқиқ этиб, сўнг муайян махражларга келтиришни тақозо этади. Айни чоғда асар ҳар қандай тажриба эканидан қатъи назар, миллий-этник тушунча, тасаввур ва қадриятлар негизида шакллантирилиб, жиддий таъсирли ғоя ташийди. Ўзбек заминида, соф миллий-этник тушунчалар негизида шаклланган, тарбия топган ўзбекнинг ва ўзбекона фикрлаши, онг жараёнини тадқиқ этиши юрт, қадрият, меҳр-оқибат, садоқат каби ниҳоятда инсоний тушунчаларнинг инсонга паноҳ эканлиги ҳақидаги яхлит ибратли ҳиссани аёнлантириб беради. Асар модерннинг айнан ўзи эмас, балки модернлашган реализм эканлиги бир чеккаси шунда ҳамдир. У янгиликнинг ўзи учун янгилик, тадқиқотнинг ўзи учун тадқиқот, санъатнинг ўзи учун санъат яратаётгани йўқ. У ўқувчини фаол ҳаммуаллифликка таклиф этиб, унинг қалбига, онгига муайян қадрият, ибрат, ҳаётбахш тушунча билан кириб боради. Ўзига хос поклайди, мунавварлаштиради. Реалликда ирреаллик, фожиада катарсис тозариш ҳолатини бериш орқали ўқувчини гўёки поклайди. «Онг оқими» ўзбекона ифодада ўзбекона қадриятлар тасдиғига, ривожига хизмат қилади. Ёзувчи тажрибаларининг муваффақияти айнан шунда.
Х.Дўстмуҳаммад «Паноҳ»дан йигирма йил ўтиб «Куза…» қиссасини эълон қилди. Бу асар ҳам Х.Дўстмуҳаммад тажрибакорлик анъанасининг давоми, лекин ривожланган, такомил топган давоми. Бу давомийликда реализм ва турфа модернистик тамойиллар омихталигининг тиниқлашгани, янада узвийлашгани яққолроқ кўринади.
«Куза…» бошдан-охир тамоман мажозийликка қурилган асар. Э.Хемингуэй айтмоқчи, ўндан бири сув юзида, қолгани сув остида бўладиган муз тоғ айсберг каби тамойил деярли ҳар сатрига сингдирилган бу асарни ўқувчи ҳам ҳамдардлик, ҳам муаллифдошлик кайфияти билан мутолаа қилади. Ҳамдардлик бу зоҳиран қараганда, асарнинг мажозий дунёсига умуман кирмаганда ҳам, оддийроқ нигоҳга дарҳол илғанади. Бу, аввало, асар қаҳрамони Умиднинг руҳий носоғ Опаси билан боғлиқ лавҳаларда кучлироқ сезилади. Бу психологик мистификация, ғайришуурий мотивлар, тафсилотлар орқали ифода топади. Опа ҳақидаги маълумотлар, яъни унинг хушрўй аёллиги, турмушга чиқиб, сўнг она айтмоқчи, «қайси суллоҳнинг тўймаган суқи» назаридан савдойи куйга тушиб қолгач, оилавий ҳаёти бузилгани, ғалати-ғалати «қилиқлари», муштипар онанинг куйишини, ҳадик-хавотирлари гоҳ баён қилиниб, гоҳ тасвирланиб борган сари ўқувчининг ҳамдардлик ҳисси кучайиб боради. Умиднинг «васий»лиги каби ўқувчида васийлик кайфияти уйғона бошлайди. Ҳамдардлик даражасининг ҳиссий-эмоционал намоён бўлиши, албатта, аввало, инсоннинг сезимлар доирасида шаклланиши ва яшаши билан боғлиқ табиий жараён.
Қиссада ҳамдардлик учун асос берадиган иккинчи мотив бу – интеллектуал публицистик мотив. Яъни асар бошланишидан охиригача давом этадиган уч дўст суҳбати-баҳси.
Асардан ўқувчи қалбига кўчадиган яна бир ҳамдардлик – тўшакка михланиб қолган Устознинг ғариб, маҳзун ҳолатлари тасвирланганда сезилади. Психологик таҳлилий йўсиндаги бу ҳолатлар Умиднинг кўзи-кўрими, кузатуви, ички таҳлиллари, муносабати орқали берилади. Айнан Умидни ўз ўғлидай кўрадиган («Мақсуд қатори ўғлимсиз») Устозга муносабати бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди.
Яна бир ҳамдардлик, аниқроғи, ҳамрозлик, ҳиссий-эмоционал кайфият Умиднинг Котибага муҳаббати, унинг хаёлий дунёсида жонланадиган қизнинг гўзаллиги, «оппоқ, пахтадай, аллақайси замон асилзода сарой маликаларига ўхшаш» қиёфаси. Қизни кўрганда, унинг майин, ёқимли овозини эшитганда «қўлларини сал силкитса учиб кетадигандек» енгиллик, самовийлик ҳис қилиши каби ҳолатлар тасвири ўқувчининг ҳам балки қачонлардир, балки шу дамларда бошидан кечирган ё кечираётган туйғуларига эш-уйқаш келиб, ҳамдардликдан сал бошқачароқ, ёруғроқ, умидворроқ, завқлироқ узвий муносабатни пайдо қилади.
Демак, асарга дастлабки зоҳирий қараш-ёндашишда ўқувчи ундаги тасвир, таҳлил, асосий образ ва бошқа персонажлар ҳолатларидан таъсирланиб, ҳамдардлик кайфиятини туяди. Бунда у ўзига ортиқча юк юкламай, оддий кузатувчи мақомида қолиш билан чекланиши ҳам мумкин.
Дастлабки таассуротларнинг ўзи-да асар ҳақидаги ижобий фикрларни шакллантиради. Бироқ ўқувчи фаол – фикрловчи бўлса ва асар айнан фикрлашга ундовчи руҳи, хусусияти билан интеллектуал ёндашуви талаб этаётганини тушунса, ҳаммуаллифга айлана боради. Ёзувчи-муаллиф билан бирга тасвирланган, баён қилинган барча лавҳа, ҳолат, кайфият, образ, персонаж, мотив, мазмун, ишора, метафора, ташбеҳ, монолог (ташқи ва ички), диалогларнинг ичига кира бошлайди. Жеймс Жойс «епифания» деб атаган «тагмаъно», «тагматн» қатламларига етишга интилади, уларни кашф этади, асар компонентлари, айни чоғда реал ҳаёт, ирреал хаёл унсурлари, кўримлари, лавҳа ва бўлаклари орасидаги боғлиқлик, робиталарни топади, ва асарни ҳам бир бутун бадиий тизим, ҳаётни эса бир-бирига ниҳоятда чамбарчас боғланган воқеа-ҳодисалар бирлиги, яхлитлиги сифатида қабул қилади. Бу жараён онгдаги таҳлиллар, муносабатлар, топилмалар тарзида кечади ва айнан шуниси билан муаллиф-ўқувчи муносабатини ҳаммуаллифлик даражасига кўтаради.
Руҳий мулоқотнинг такомиллашган мезонлари асосида «Куза…» қиссасини таҳлил этадиган бўлсак, асарнинг дастлаб зоҳиран кўринган жиҳатлари энди буткул ўзгача теран бир моҳият инкишоф этиб, ўша бирламчи таассуротларни тамомила бошқа бадиий доира, қатламларда қуюқлаштириб, тадқиқ этиш имконини беради. Аввалги таассурот гўё ернинг кўриниб турган юза қисмини ағдариб, сўнг кейинги қатламларга чуқурлашиб қазиб борилганидай, навбатдаги топилмалар учун зинапоя вазифасини ўтайди. «Куза…» ана шундай теранлашув имкон бера олгани билан қимматли ва қадрли асардир.
Ўтган аср сўнгги чорагидаги энг машҳур интеллектуал ўйинлардан бири бу кубик-рубик эди. «Куза…» қиссасининг композицион қурилиши ана шу ўйинни эслатади. Кубикнинг ҳар хил рангдаги ясси бўлакларини бир рангдаги бутунликка келтириш учун неча бора айлантириб мослаштирилганидек, асардаги парчаларга бўлиниб сочилиб ётган бир бутунни тиклаш, яъни лавҳа, тафсилот, тасвирлар, воқеа ва ҳолатларни онгда муайян тизимга, яхлитликка келтириб олиш керак бўлади. Шунда ҳар бир нисбий бутунлик ўзича бир қатлам бўлиб, қаватланиб бориб, пировардида яхлит ҳодиса, воқеа, тасвир, образлар ва персонажлар «катта бирлиги», «катта воқелик»ни барпо этади.
Х.Дўстмуҳаммад «онг оқими» ифода усулини ўрни билан қўллаб, ўз ўқувчисини фаол фикрлашга даъват этади ва парчалардан бир бутун ясаш томон йўллайди. Уларни яхлитлаштирган сари тўрт макон ва тўрт замон – вақтдаги мотив – мазмундан лейтмотивга – бош ғояга яқинлашиб боради. Ўқувчи ҳар бир сатрдан берилаётган ахборотни аввал тўғридан-тўғри, сўнгра эса кўчма – рамзий маъноларда англаб боради. Рамзийлик учун дастлабки ишора яхлит тафсилот, ҳолатларнинг парчаланиши бўлса, кейингиси кичик-кичик деталларда (Масалан: қўл телефонининг «тринг»лаши, «минғирлаши», «нағма қилиши», «Азизнинг «йўқолиши» ва «топилиши», «беморнинг кумушдек… сочларини силаш», «уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит», деган дакки-эслатма ва ҳоказо), исмлар маъносида (Умид, Азиз, Мақсуд, Лариса Латиповна…), тилшунослик қоидаларига кўра вазифаси ва қариндош-алоқадорлиги назарда тутилганда турдош от бўлиб ифодаланиши лозим бўлган персонажларнинг бош ҳарфда берилиши (Опа, Устоз, Котиба) кабиларда кузатилади. Бу ўринда аниқки, Опа, Устоз, Котиба тўғридан-тўғри тушуниладиган бир қиёфали шахслар эмас. Уларнинг ҳар бирига оид лавҳаларда ирреалликка, мажозийликка ишоралар яққол англашилиб туради.
Ўқувчи ҳаммуаллиф ўлароқ асарнинг таркибига, сўзлар, образлар рўёсига сингигани сари рамз, тагмаъноларни туяверади. Ва энг муҳими, асар якунида ўша тўрт доира-қатлам қаъридаги маъданни топади – ким кузатувчи, ким кузатилувчи дея ҳар қанча иддао қилма, гоҳи уч дўстнинг баҳслари каби қизиб-ёниб эҳтиросларга берилма, яъни Азиздек кузатилувчи тақдир-қисматдан ҳар қанча қочма, ё Опадек назар-нафас исканжасида доимий кузатилаётган бир савдойи ҳолатига келма ёки Устоз каби кўнглининг бир чеккасида, бир пучмоғида энг кучли, буюк кузатувчига айланиш илинжини пинҳон сақлаётган Шайтоний хоҳишларни зуҳур этма, оламда бор қилгувчи ҳам, йўқ қилгувчи ҳам энг олий кузатувчи бор. Кузатилиш инсон зотининг қисмати. Ана шу қисматга иймон келтиргувчилар саодат топгувчилардир…
Ҳаммуаллифга айланган ўқувчи балки асарда бундан-да теранроқ ғоявий-фалсафий фикр, бундан-да қатламлироқ тагматнлар, рамзлар топар. Қатламларни бир-бир инкишоф этиш ўзи каттагина тадқиқотга асос беради. Муҳими, ўқувчининг ёзувчи билан унчалар осон кечмайдиган руҳий мулоқотга кира билишида.
«Куза…» қиссасида «онг оқими» тажрибаларидан (мозаика, монтаж усули, ички монолог) тажрибаларидан фойдаланилган. Аммо ундаги қаҳрамон ва бош ғоя инкишофига кўра бир-бирига охир-оқибат боғланиб кетадиган тўрт воқеа – тафсилот, ҳолат ва персонажлар устуворлик тамойиллари асосида тўрт хил адабий ифода йўналиши бўйича тасвир ва тадқиқ этиладилар. Шартли номлаганда: дўстлар лавҳалари – анъанавий реалистик усулда; Опа лавҳалари – магик реализм анъаналарида; Устоз мулоқотлари – фалсафий интеллектуал реализм йўсинида; Устознинг бемор ҳолати тасвири, тафсиллари бош қаҳрамон Умид нигоҳи, ички монологлари билан теран психологик реализм йўналишида ифода топади… Хулоса шуки, буларнинг бари ҳаётбахш реализм доирасида юз беради.
Шуҳрат РИЗАЕВ(«Til va adabiyot ta’limi» журнали. 2011. 2-сон. Б.43-56.)
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.