Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 38 страниц)
ИШОНИШ ҚИЙИН, ЛЕКИН…
Аслида мунажжимлар башоратига ишонмайман. Лекин баъзан кайфиятдан келиб чиқиб, ўзимни чалғитиш учунми, уларни кузатиб бораман. Ваҳоланки, диний эътиқодимизда башоратларга доир қарашлар қатъий белгиланган. Унга тил теккизмаймиз, албатта. Лекин ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, унинг сирини-ҳикматини англаб етишга ақл-идрок ожизлик қилади. Буни қаранг!
«Правда Востока» газетасининг 2004 йил 27 август сонида қуйидаги «Астропрогноз» чиқди:
«Эпопея, тянувшаяся весьма продолжительное время, судя по расположению звезд, завершилось с отрицательным для вас результатом. Сегодня вы стоите перед ответственным выбором: либо продолжать то, что когда-то начали, либо, трезво оценив ситуацию, выйти из игры».
Ҳақиқатда ўша йили ёз ойлари ташкил этилиши мўлжалланаётган Журналистлар ижодий уюшмасининг Низомини тайёрлаш билан банд бўлдик. Одатда бундай кезларда саҳна «ортида» ишлар қизғин тус олади. Бўлажак раис билан бирга кунда ғайрат кўрсатиб ишладик ва таъсис йиғилиши бошланган дақиқаларда барча тахминлар, режалар чиппакка чиқди. Раис бамисоли… кўкдан тушгандай пайдо бўлди – ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди-қўйди.
Бу «янгилик»ка кўникиб улгурмаган ҳам эдимки, янада қалтисроқ ва нозикроқ масала чиқиб қолди: «Миллий тикланиш» демократик партиясига етакчилик лавозимини қабул қилайми ёхуд сиёсий фаолликдан воз кечайми? Ихтиёр қанчалик ўзимда?..
Ўйлаб ўйимга етолмай тургандим, «Труд» газетасининг 2004 йил 7 октябрь кунги сонида 11–17 октябрь кунлари «гороскопи» эълон қилинди. «Козерог. Будьте придирчивее и внимательнее к предложениям, которые могут поступит на данной неделе, особенно от вышестоящих, поскольку есть риск оказаться подставной фигурой».
Ажабо! Назаримда, башоратчилар атай менинг асабларимни синовдан ўтказаётгандек эди.
Вақт ҳам, бошқа омиллар ҳам мен билан ҳисоблашиб, пачакилашиб ўтирмади.
Яъни 9 октябрь куни Миллий матбуот марказида ЎзМТДП МК пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилиб, каминани партия Марказий қўмитаси раислигига сайлашди.
Қизғин фаолият бошланди.
Орадан сал кам 3 йил ўтди.
«Российская газета»нинг 2007 йил 9 июль кунги сонида қуйидаги башоратга кўзим тушиб қолди:
«Козерог. Начинается период активного обновления во всех сферах ващей жизни. Вас не должны пугать перемены и неизбежно связанные с ними потери».
Сайлов яқинлашаётган эди. Бундай сиёсий тадбир, айниқса, ўша пайтлардаги бизнинг шароитда сиёсий партия раҳбарлари учун нақадар масъулиятли кечиши тушунган одамлар учун кундек равшан манзара эди.
Таассуротлар ва тафсилотлар бир дунё! Лекин ҳеч кимга оғиз очмадим. Ўзим иштирок этаётган манзараларни ҳам ҳайрат, ҳам истеҳзоли кулги билан енгишдан бошқа иложи йўқ. Башорат эса худди устимдан кулаётгандек.
«Маҳалла» газетасида (2007 йил 26 сентябрь) босилган башорат: «Тоғ эчкиси буржида туғилган кишиларга қуйидагича башорат қилинибди: «Айни кунларда асабларингиз анча толиққан.
Шу боис дам олиш кунлари оила аъзоларингиз ёки дўстларингиз билан мириқиб дам олишга ҳаракат қилинг».
Ола-а, мириқиб дам олиш билан вазият енгиллашса экан?!
Навбатдаги мисол 2007 йил 26 сентябрь кунги газетада босилди:
«Настало время перемен. Не стоит им противиться, просто по возможности держите ситуацию под контролем».
Мазкур башорат ҳам фавқулодда аниқ ва ўз вақтида кўрсатилган йўл-йўриқ сифатида гўё шахсан менга қаратилган эди. Бир-икки кун дам олиш билан масала ҳал бўладиган эмас. «Миллий тикланиш» партияси етакчиси сифатида сайловда иштирок этадиган бўлдим, бунинг юкини, масъулиятини, қолаверса, оқибатини башоратчилар фарқига борармиди?!.
Тасодиф десам, тасодифга ўхшамайди, тасодиф эмас, десам…
КИТОБДАН УЗР СЎРАЙМАН
Биз – китобий авлод
Биздан илгариги ва бизнинг авлод кишилари нисбатан анчагина китобий руҳда тарбия кўрганмиз. Китобий бўлганмиз. Китобда, газета-журналда нима ўқисак, ҳаётда ҳам шундай, деб ишонганмиз. Ибратли воқеаларни, намуна бўларли сиймоларни ўқиганларимиздан излаганмиз ва топганмиз ҳам. Сўнгги чорак аср мобайнида дунё миқёсида юз берган ва бераётган ўзгаришлар, жамиятда кечаётган жараёнлар ундай тасаввурларни чиппакка чиқариб юборди. Лекин мен шу борада ўзимни чиппакка чиқарилган, деб ҳисобламайман. Китобга меҳр қўйган, уни ўзига ошно тутган инсон ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ўзини четга-чиппакка чиқарилган одам, деб ҳисобламайди. Мен эса КИТОБга ишонаман, КИТОБга бўлган садоқатимни зинҳор ўзгартирмайман!
Уйдаги жавонларга сиғмай қолган, ўз даврини ўтагандай кўринган китобларни чордоқда сақлайман. Лекин вақти келиб, бирор сабаб билан уларнинг бирортаси шу қадар зарур бўлиб қоладики, чордоқдан топиб, чанг-чунгини артиб, кўзимга суртгудай бўлиб олиб тушаман ва уларга жавонимдан жой топаман. Керак эмас, даври ўтди деб ҳисоблаганим ва кўздан нари суриб қўйганим учун КИТОБдан узр сўрайман. Айтмоқчиманки, ҳар бир китоб бамисоли бир одам, ҳар қандай одамни биринчи навбатда инсон бўлгани учун ҳам қадрламоғимиз, ардоқламоғимиз лозим. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, китобни олтин ё кумушга ўхшатиш эҳтимол тўғридир. Лекин мен унчалик тўғри деб ҳисобламайман. Моҳиятан, китобнинг қадри олтину жавоҳирлардан анча қиммат!
Китобсеварлар қавми
Ҳар бир халқда китобсеварлар қавми бўлади. Улар бир-бирларини кўрганда танийдилар, сира бегонасирамай гурунглашиб кетаверадилар, чунки ҳаммаларига маъқул ва таниш мавзу тилнинг учида турган бўлади. Китобсевар одам тирик тарғиботчи ҳисобланади. Ундай кишилар яшаш ва фикрлаш тарзи билан бошқаларни билимга, билишга – зиёли ҳаёт кечиришга ундайдилар, даъват этадилар. Афсуски, ҳамма жойда ҳам халқнинг умумий сонига нисбатан бундай қавм вакиллари озчиликни ташкил этадилар.
«Китобсеварлар» деб атаймизми ё бошқача ном бериладими, қатъи назар, китобга меҳри баланд ҳамюртларимизнинг бошини қовуштирадиган, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган маърифий вазифаларни адо этувчи нодавлат ташкилот зарур, деб ўйлайман. Бундай ташкилот каттаю кичикнинг севган масканига айланади, бундай маскандан таралган нур жамиятнинг барча пучмоқларини чароғонлаштириб туради.
Ҳақиқатларни эслатувчи бойлик
Китобни ўқишнинг ўзигина кифоя эмас, ўқилганининг маъно-мазмуни, моҳиятини уқмоқ ҳам керак. Қолаверса, ҳозир жуда кўп китобларни такрор мутолаа қиладиган даврда яшамоқдамиз. Замон, давр, қарашлар, тафаккурлар, муносабатлар тубдан ўзгаришга юз тутган бир шароитда у ёки бу китоб ҳақидаги илгари шаклланган қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз, янгидан-янги хулосаларга келишимиз даркор бўлаётган бир пайтда китобни тез ва тушуниб ўқиш алоҳида муаммо бўлиб қолмоқда. Китобни тўғри ўқиш ва тушуниб ўқишнинг нақадар зарурлигини, бунинг учун вақт озлиги, имкониятлар чекланганлигини ёшларимиз ҳозирданоқ билиб қўйишлари зарур. Ҳаёт эса кутиб турмаяпти – янгидан-янги китоблар шу қадар кўп чиқмоқдаки, уларни пешма-пеш ўқиш, ўзлаштириш ҳар бир зиёли инсон зиммасидаги маънавий мажбурият миқёсини кенгайтириб юбормоқда. Шахсан ўзим шахсий кутубхонамдаги китобларнинг барини бошдан охиригача ўқиганман, деб айтолмайман, лекин уларни жавонимда кўриб турсам, вақти-вақти билан варақласам, «чўқилаб-чўқилаб» ўқиб қўйсам завқ оламан, қувватланаман, янгиланаман, ҳузур топаман. Айтмоқчиманки, ўқиб улгурмаган китобларим ҳам менинг бойлигим, уларнинг жавонимда туришининг, менга жуда кўп ҳақиқатларни эслатаётганининг ўзи менинг маънавий бойлигим, бисотим, хазинам ҳисобланади.
Чинакам ижодкор шахс
Бизда ҳаётини, яшаш тарзини профессионал мақомга кўтарган ёзувчи йўқ ҳисоби. Профессионал ёзувчи бўлиш учун аввало истеъдод, бадиий дид ва савия, бу истеъдодни юзага чиқарувчи ички меҳнат интизоми, муттасил мутолаа, ўзидан қониқмаслик, қатъият ва, энг муҳими, шахсий нуқтаи назар бўлмоғи зарур (иқтисодий маънода профессионалликка эришиш алоҳида мавзу). Қатъият ва шахсий нуқтаи назар деганда ҳар қандай миқёсдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан мутлақо шахсий нуқтаи назари ва мутлақо ўзининг муносабати бўлиши назарда тутилмоқда. Кимларнингдир ёки нималарнингдир таъсирида, соясида яшовчи ва шу таъсир доирасидагина қалам тебратувчи ижодкор катта ва ҳатто машҳур ёзувчилик рутбасига эришиши мумкиндир, лекин у ҳеч қачон йирик профессионал адиб, ибрат ва намуна бўларли чинакам ижодкор шахс мақомига кўтарила олмайди.
Одамлар ўзгармаса…
Катта адабиёт муқим ўрнашиб қолган азалий анъаналардан воз кечилган ҳолдагина яратилади! Жаҳон адабиётида воқеа ҳисобланган энг буюк асарлар ўзларигача ҳукм сурган анъананинг инкоридирлар!
Аччиқ бўлса ҳам айтай, бутун бир миллий адабиёт битта Қодирий ёки битта Чўлпон даҳоси соясида қачонгача ялпайиб ётади? Ахир замон ўзгарди, дунёнинг ранглари ўзгарди, орзу-ҳаваслар ўзгарди. Адабиёт-чи?!
Қайси ижод тури оқсаётган экан, энг аввало мухлис (қўшиқ тингловчи, фильм ва театр томошабини, бадиий адабиёт ихлосманди ва ҳоказо) айбдор, зеро, ижодкорни тарбияловчи, унинг олдига улкан вазифаларни қўювчи, ундан юксак савиядаги асарлар яратилишини талаб қилувчи ҳам юксак дидли мухлисдир.
Адабиёт ўзгармагунича одамлар ўзгармайди ёки бўлмаса, одам ўзгармас экан, адабиёт ҳам ўзгармайди, янгиланмайди!
Истеъдоднинг қадри
Бадиий ижод – инсонни тушунишга уринишдир. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир асар инсонни қайтадан, янгитдан, мутлақо ўзгача нуқтаи назарлардан тушунишга ҳаракатдир. Бунинг учун ижодкор мумкин қадар дахлдорлик ришталаридан холи қолмоғи керак бўлади. Ундаги бетакрор бадиий лаёқат – Бадиий тафаккур, дид ва дунёқараш бошқа ҳар қандай қадриятлардан устун ҳисобланади.
Инстеъдод манфаати халқ, миллат, Ватан манфаатларидан-да устун саналади. Чунки истеъдод истайдими-йўқми, моҳиятан ўша халқ, миллат ва Ватан манфаати учун хизмат қилади. Навоийсиз ўзбекни, Пушкинсиз русни, Айтматовсиз қирғизни тасаввур қилиш мумкин эмас. «Сиз Ирландия учун жонингизни берасизми?» деб сўрашган Жеймс Жойсдан. «Ирландия мен учун жонини берсин!» деб жавоб қайтарган адиб тап тортмай. Бу жавобни эшитган заҳоти шўрлик ёзувчини сазойи қилишга ошиқмаслигимиз керак, зеро, Жойс исмли буюк ва бетакрор ИСТЕЪДОД қолдирган ўлмас адабий мерос абадулабад ер юзида Ирландия деган давлат, ирланд деган миллат, халқ мавжудлигини дунё аҳлига танитиб, эслатиб туради. Бу кичкина хизматми?! Ирландияни дунёга танитиш борасида Жойсга тенг келадиган яна қайси ирландни биламиз?..
Адабий дидсизлик
Бадиий ижод – Аллоҳ таоло бандаларига ато этган бемисл сеҳр, бетакрор жозиба, туганмас мўъжиза! Бадиий ҳақиқатсиз ҳаёт ҳақиқати жуда ғариб, ғоятда зерикарли бўлиб қолур эди. Бадиий реаллик ҳаёт реаллигидан бойроқ, шунинг учун ҳам, дейлик, бадиий адабиёт ҳақида сўз борар экан, уни ҳаёт ҳақиқатларининг исталган пучмоғига тортиб кетиш мумкин. Шу боисдан ҳам муайян бадиий асарни истаган киши истаганича талқин қилади. Бизда шўро давридан мерос қолган мезонлардан бири – бадиий асарни асосан теварак-атрофда бўй кўрсатиб турган воқеликка қиёсан талқин қилиш, ундан ижтимоий ёки тарбиявий аҳамият излаш касаллигидан воз кечиш, айрим уринишларни истисно этганда, қийин кечмоқда. Бадиий асарда ҳаёт ҳақиқатини кўриш энг юксак чўққи ҳисобланади. «Вой, худди ҳаётдагидек тасвирлапти-я!» дея ҳайратларга тушиш оддий китобхон учун узрли бўлиши мумкин, лекин бутун адабий жамоатчиликнинг шу мезондан нарини, бошқа ўлчамларни билмаслиги ёки билишни истамаслиги маънавий фожиа! Адабий дидсизлик, юзакичилик!
Сиёсий расмиятчиликдан инсоний самимийликка
Сиёсат алоҳида бир ҳаёт реаллиги. Бу реалликдан ташқарида, чеккада туриб унинг ичида кечаётган жараёнлар устидан тўғри ва адолатли ҳукм-хулоса чиқариш қийин. Далат арбоблари ёки сиёсий арбоблар ҳаётдан йироқ, деган таъналар қулоққа чалинади. Бўлиши мумкин. Мен бундай таънани давом эттириб, сиёсатдан йироқ жуда кўп одамлар ҳам сиёсат оламини тўғри тушунишмайди, деган бўлар эдим. Аслида бундай тушунмовчиликдан жудаям ажабланмаслик керак. Чунки, айтдим-ку, сиёсат ниҳоятда ўзгача бир реаллик, ўзига хос воқелик. Мана шундай – ҳаёт ва сиёсат воқелиги орасидаги тушунмовчилик вазиятларида ижодкор-сиёсатчи боғловчилик вазифасини, миссиясини адо этиш учун ҳам сиёсатга асқатади. Ижодкор сифатида айтсам, сиёсат дунёсидаги ўта расмиятчилик, ташқаридан қараганда кибр-ҳаводан, димоғдорликдан фарқлаш қийин бўлган сиёсий хулқ-атвор кўпда ёқавермайди. Шундай сиёсий расмиятчиликни оддий инсоний самимийлик даражасига олиб тушиш (эҳтимол, кўтариш!) йўлларини ўзимча излашга киришаман. Ўта жиддий сиёсий жараёнлар замирида ҳам, охир-оқибат жуда оддий, ҳатто жўн ҳаётий муаммолар ётади-ку, ахир. Сиёсатнинг, сиёсатчининг ҳам бирламчи бурчи, вазифаси ҳаёт учун хизмат қилиш-ку.
Сиёсат олами ёзувчига шу қадар кўп ижодий мавзу берадики, башарти мен, дейлик, шу оламни кўрмай-нетмай ижод билан машғул бўлиб юрганимда жуда-жуда кўп ҳақиқатларни билмай-нетмай яшаган, ёзсам – билмай-нетмай ёзган бўлар эканман. Шу нуқтаи назардан сиёсат ижодкор учун кони фойда…
Мухлис ҳамиша топилади
Адабиёт ўлмайди, у яшайверади. Мухлислар доираси камайиши, сийраклашиши мумкин, лекин бутунлай йўқолиб кетмайди – мухлис ҳамиша топилади. Фикримча, ҳозирги даврни яқин ўтмишдаги вазиятга қиёслайвериш тўғри эмас. Кенг китобхонлар армияси сийраклашаётган экан, демак, ҳаёт ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Энди каттаю кичикни унча-бунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди. Ахборот оқими шу қадар шиддатли тус олдики, бирорта янги топилма гапни наср ё назмга сингдириб улгурмасингиздан ахборот тўлқини унча-мунча ҳайратларни сўндириб улгурмоқда.
Ахборотлашган жамият – хилма-хил ахборот муттасил алмашиб турадиган майдон. Ахборотнинг хилма-хиллиги одамларни ҳам хилма-хиллаштириб юбормоқда. Бу борадаги вазият бундан 15–20 йил бурунги аҳволдан буткул фарқланади, чунки у пайтлардаги ахборот майдони ҳозиргидан кўра анча-мунча ғариб эди. Шу боис илгари айтарли қийинчиликсиз эътибори бир нарсага жалб этилган юз минг кишининг бугунги қизиқиш доираси шу қадар кенгайиб, хилма-хиллашиб, парчаланиб кетдики, энди ўша юз минг киши ўн, эҳтимол йигирма хил нарсага қизиқмоқда. Яъни кимдир роман, шеър ўқишга қизиқишини сақлаб қолса, кимдир енгил-елпи фильмлардан қаноат ҳосил қилмоқда, яна бир тоифа кишилар «реппер»лардан завқ туймоқда. Шуларга қарамай, ишончим комилки, жиддий адабиёт яратилаверади, у – яшайди!
Аввало, китобга меҳр қўйишдек инсон ҳаётининг э-энг саодатли туйғусини ардоқламоқ керак. Муҳтарам КИТОБХОН, ишонинг, Сизнинг қалбингизда ҳам китобга меҳр-муҳаббат туйғуси бор, Сиз фақат ундан бехабар қолманг, «Э-э, мен китобга қизиқмайман», деган сўзни оғзингизга олманг. Ўқисангиз-у, тушунмаган бўлсангиз яна ўқинг, меҳр билан, синчковлик билан ўқинг. Астойдил, диққатингизни жамлаб ўқишга киришсангиз китобнинг ўзи, ундаги сўз ва жумлаларнинг ўзи сизга ёрдам беради, бундай мўъжизали ҳолатни бошдан кечирсангиз китобга, мутолаага умрбод дўст тутинасиз-қоласиз. Шунда бу дўстликка ҳеч ким ва ҳеч қачон рахна сололмайди. Атрофингизга қаранг, китоб ўқийдиган ва мутлақо ўқимайдиган танишларингизни таққослаб кўринг, китоби бўлган ва китоб сақламайдиган оила кишиларини ўзингизча қиёслаб кўринг, ана шунда, ўзингиз бирдан ўзгариб қола бошлаганингизни сезасиз, аввалига қийналиброқ, зерикброқ мутолаасига киришган китобингизни шитоб билан, завқ-шавқ билан ўқий бошлаганингизни сезмай қоласиз! Албатта, ҳаёт йўлингизни аниқлашга, яшаш сирларини ўрганишга ёрдам берадиган китобларни диққат билан ўқинг, ҳаёт таърифига тил ожиз бўлган нақадар ширин, нақадар гўзал мўъжиза эканини билиб оласиз!
(«Маърифат гулшани» газетаси, 19 февраль 2018.)
ТУШИМДАГИ ЎЗИМ
Туш воқелик бетини тўсиб турган пардани шу қадар маҳорат-ла олиб ташлайдики, бу борада ҳеч қандай хаёлу ҳиссиёт унга бас келолмайди. Ҳаётнинг даҳшати ҳам, санъатнинг мўъжизаси ҳам шунда.
Франц КАФКА
1976 йил
Баҳайбат от қувишга тушди. Қочдим – қувди, қочдим – қувди. Дарахтнинг йўғон танаси ортига яшириндим. От ерни «дупур-дупур»латиб етиб келди ва мени топиб олди…
* * *
1977 йил
Уйимиздаги сандал теварагида ўтирибмиз. Онам, акам, кеннойим. Меҳмонлар кетма-кет кириб келаверди. Курси. Сопол лагандаги бир чимдим паловга қўл чўзишди. Палов озлигидан хижолат чека бошладим. Одамларнинг келиши тўхтамади – келганлар танча ёнига суқилаверди, лагандаги ошга қўл чўзаверди, ош эса сира тугамаяпти…
* * *
1980 йил
Ҳовлимиз этагидаги уйда ёлғиз ётибман. Акам оҳиста кириб келди-да, чолворимнинг орқа чўнтагини кавлашга тушди.
– Калит шеттами? Китобларингни оламан, – деди.
– Жон ака, ундай қилманг. Китобларимга тегманг, китобларимга, – дея йиғлаб ёлбордим…
* * *
Оёқ остида тангалар сочилиб ётибди. Соқол-мўйлаби калта қилиб қайчиланган қари тиланчи чол «Тангаларни менга териб бер», деди мулойимлик билан. Теришга тушдим. Тангаларнинг анчагинасини чолнинг қўлига тутқаздим-да, қолганини кафтимда сиқимлаганча қочишга тушдим. Қўштутга етдим, ундан Кайковус анҳори бўйлаб қочдим. Болаликда чўмиладиган жойимизга етдим. «Бўлди, қутулдим!» деган ўйда севиниб тўхтадим-у, бошимни кўтариб… рўпарамда бояги тиланчи чол менга қараб турганини кўрдим…
* * *
Болалик дўстларимдан бирининг уйида тўй авжида. «Ҳозир қайтаман», дедиму анча йўл юриб танқидчи акамиз Маҳмуд Саъдийнинг уйига кириб бордим.
– Явдот Илёсовнинг ижодидан мақолани ёзиб битирдим, – дедим.
– Ия, намунча тез ёздингиз? – ҳайрон бўлиб сўради Маҳмуд ака.
– 85-йилга чиқариб берсангиз ҳам майли. Корректурасини эртага ўқиб бераман, – дедим.
* * *
Эски, хароб нарвонни ғичирлатиб болохонага кўтарилдим. Катта аквариум. Ичи тўла китоб. Бири биридан ноёб китоблар. Бирма-бир олиб варақлайвердим.
– Балиқларга қаранг, ада, – деди ўғлим Жамшидбек аквариумдан кўзини узмай, севиниб, қийқириб.
* * *
Мени суд қилишмоқда.
– Нималар ёзгансиз? Хаёл эркинлиги нима? – судьями ё унинг ёнидаги прокурорми савол ташлади.
Саволнинг ғалатилигидан кулгим қистади.
– Хаёлнинг сиёсатга нима дахли бор: истайсизми-йўқми, хаёл – эркин, – жавоб бердим.
– Леонид Андреев ҳикояларининг нимаси ёқади сизга?!
«Бу ёзувчини прокурор қаёқдан биларкан?» деган ўй кечди кўнглимдан. Ва ўзим истамаган ҳолда Андреевни қоралай кетдим:
– Бу ёзувчининг муболағаси кучли, ҳаётни бу қадар қора тасвирламаслиги керак эди.
Гапиряпману, «Акутагавадан таржима қилганимни сезиб қолишмасин-да, булар», деб хавотирим ошиб бораверди…
* * *
1982 йил
– Абдулла ака, бизнинг журнални ҳам ўқиб турасизми? – деб сўрадим Абдулла Ориповдан.
– «Фан ва турмуш»нинг бир-икки сонини ўқиганман, холос.
– Ўшанда ҳам фақат чет эллик муаллифларнинг мақоласини ўқигансиз-да! – деди кимдир кулимсираб.
* * *
Таҳририятга – Иброҳим ака Ғафуров ҳузурига кираётсам Одил Ёқубов учраб қолди. Хонасига чақирди. Салом бериб кўришмоқчи эдим, олдига боришимни истамагандай «Ўтиринг», деб жой кўрсатди. Товуши дағал эшитилди. Шундай деб ёнида турган кимгадир гапира кетди:
– Бизни менсимабдилар бу киши, ҳикоясини тўхтатмай чиқариб юбордик, яна катта мақола ҳам ёзибдилар. Ана, столимда турибди!..
* * *
Ҳовлимиз. Дам у томон-дам бу томон кетма-кет портламоқда. Вайрона. Ўт тутамоқда. Бир чеккада бошини ёнбошига қийшайтирганча турган Аҳмад Аъзам: «Ана, холо-о-ос…» деб менга ачиниб қаради…
* * *
1988 йил
Телефон жиринглади. Дастакни кўтардим. Таниш овоз. Лекин овоз эгасини эслолмадим. Кўчага чиқдим. «Волга»да Аҳмаджон Мелибоев ўтирибди. Рўйхуш бермади.
– Ҳа, Хуршидвой, – деди ёлғондака ранжигандек қўл учини узатиб. – Қўнғироқ қилсак, танимайсиз!..
* * *
1989 йил
– Ой билан Қуёш иккови осмонда бир вақтда кўринса қизиқ бўлади, – деб гап бошлаб, қарасам, кунчиқар тарафда Ой билан Қуёш ёнма-ён кўриниб турибди.
– Ана, ана! Қаранглар! Чирой-йли! – дедим қувониб.
Айтиб улгурмасимдан яна бир – тўқ қизил нур таратиб турган Оймома пайдо бўлди…
* * *
Олис ва кимсасиз қишлоқ. Қаршимда бир одам кўринди. Қарадим – кўкрагидан дарахт ўсиб чиққан. Афти одамга ҳам, аллақайси ҳайвонга ҳам ўхшайди. Бир томонда осмон баравар сув тоғи ёпирилай деб турибди. Қочишга шайландим. Лойқа сувда аёллар, болалар икки букилиб нимадир теряпти.
Сувдан чиқиб келган аёл билан қизининг қўлидагига қарадим – мих теришаётган экан.
– Камюнинг «Посторонний» пьесасида тасвирланган қишлоқ шу-да, – дея, мажлисда ёнимда ўтирган Хуршид Даврон билдан Аббос Саидга қишлоқ ҳақида сўзлаб бердим.
– Юринг, бориб кўрамиз, – деди Хуршид.
Бордик. Сув тоғи анча пасайибди.
– Ишга эртароқ келинглар-да, – деди Саид Аҳмад ака ранжиб.
Аёллардан бири лойқа сув ичидан топган мих билан қулоғимни кавлай бошлади…
* * *
Олим Отахон номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Уйида меҳмондорчилик бўляпти. Отаси – Қобил амаки бош-қош – кўрсатма беряптилар:
– Дастурхон қуюқ бўлсин, ҳой, обрў кетмасин!..
* * *
«Фан» нашриёти ходималари билан гурунглашиб ўтирибмиз. Улардан бири уйига кимдир кириб, буюмларини ўғирлаб кетганидан шикоят қилди.
– Мен нима қилай? – деб сўрадим улардан.
– Сиз депутатсиз, ёрдам берасиз-да, – дея чувиллаб кетди аёллар.
* * *
07.11.1991
Фикр-хаёлим Иброҳим акада. Биринчи китобимга сўзбоши ёзиб беришларини сўрагандим, кутяпман, лекин дарак йўқ. Шу қадар интиқ кутдим, шекилли, бугун тушимга кирдилар. Ошхонада овқатланиб ўтирибдилар. Салом бердим. Одатларича кўзимга тиккасига тикилиб турибдилару, ортиқча рўйхуш бермаяптилар. Бир оғиз гапирмадилар. Овқатланишда давом этдилар…
11.01.1992
Хуршид Даврон билан ёнма-ён трамвайга югурдик. Югуриб бораётиб, шифокор берган қоғозни кўрсатди: «Юрагим ёмон», деди.
Трамвайга чиқдик. Қарасам, додам Усмон Азим билан ёнма-ён ўтиришибди. Биз олдинги қаторга ўтдик. Додам:
– (Усмонга имо қилиб) Шеърларини ўқидим. Жуда шиддатли, жаҳд билан ёзар экан, – дедилар ҳайратлангандек бош чайқаб.
06.06.1992
Мадина. «Салом» меҳмонхонасининг 6-қаватидаги хонада ётибмиз. Тушимда кимдир қўнғироқ қилди. Дастакни истамайгина кўтардим: аёлим Феруза!
– Биз атайин қўнғироқ қиляпмиз, энди келақолинг, – деди.
Ҳайрон бўлиб қолдим. Жавоб бериб улгурмасимдан алоқа узилди…
2000 йил
Раҳматли онамдан жажжигина сандиқча мерос қолган. Каттагина калити ҳам бор. Ҳавасга очиб ёпаман уни. Осонгина очилади, осонгина ёпилади.
Қарасам, Иброҳим Ҳаққул уни тиззасига қўйиб олиб, очмоқчи бўляпти.
– Очилмаяпти-ку? – деб сўради у.
– Очилади, жудаям осон очилади, – дедим.
Шундай деб, сандиқчага қўл чўздим. Бироқ тўсатдан сандиқча шунақанги жарангдор товуш чиқариб очилдики!.. Иброҳим Ҳаққул оппоқ тишларининг бир чеккасини кўрсатиб мамнун кулди, мен ҳайрон бўлиб қотиб қолдим.
Сандиқча илгари бирон мартаям жаранглаб очилмаган эди…
21.11.2006
Касалхона. Эрталаб. Ташқарида ҳамма ёқ оппоқ қор. Қор ҳамон майдалаб ёғмоқда. Тепадан кимдир элаётгандек. Совуқ. Тушликдан сўнг Муқимжон Қирғизбоевнинг «Фуқаролик жамияти:…» китобини ўқиб ётиб, уйқу элитди. Туш кўрдим:
Президент девонидан чиқаётиб эски, темир оёқли, қора чарм қопланган курсичани кўтариб олдим. Кўтариб қаёқларгадир бордим. Анҳор ёқалаб кетаётиб Алишер Азизхўжаев билан саломлашдим.
Сағбон кўчасида Қўштут томонга ўтаётиб гала-гала йигитларга рўпара келдим. Биттаси стулни тепди. Кетавердим. Йўлни қават-қават ип билан тўсиб қўйишибди. Остидан ўтдим.
Бир хаёлим, «Ботиржон неварамга стул оберолмадим, шуни берсаммикан», деган ўйга бордим. Қарасам, стул анчагина уринган, эски. Жойига обориб қўяман, деган фикрда девон томон йўл олдим. Шундагина ўйлаб қолдим: ҳозир олиб борсам, ичкарига киритмаса, қачон, қандай қилиб олиб кетган эдинг, деб сўрасалар. Фалон машинада олиб чиққандим, десам – ўша машинани текширсалар…
(Ушбу туш турткисида кейинчалик «Катта кўча» қиссасини ёздим.)
21.12.2013
«Шарқ» нашриётининг ҳовлиси. Аҳмад Аъзам шошилиб ўтиб қолди. Қўлтиғида бир қўлтиқ қоғоз. Китоб.
– Э, юринг, ош еймиз. Яхши учратиб қолдим, анчадан буён боролмаётган эдим, уйингизга, – дедим.
– Ҳозир, – деди Аҳмад ака тетик товушда, – шундайгина Муҳаммал Раҳмонга учрашиб чиқай, тезда чиқаман.
Шундай деб, кирганча кетди. Кутиб ҳовлида иккита дошқозонда дамланган, сергўшт паловга қарадим.
Кутдим, кутдим. Аҳмад акадан дарак бўлмади. Бир киши ош еб ўтирган экан, ёнига ўтириб, индамай тақсимчасидан паққос тушира бошладим.
– Гўшти қолмади-ку, – деди қошиқни қўйиб у.
– Ҳозир оламиз, – дедим-да, бояги иккита дошқозонга қарадим. Гўшт қолмадбди.
Аҳмад акадан эса дарак йўқ…
07.02.2014
Жума. Ғалати туш кўрдим: қандайдир жойда уй ташқарисида кўпчилик турибмиз 2-3 киши. Ичкарида Президент Ислом Каримов битта-битта қабул қилиб, суҳбат ўтказяпти. Нотаниш йигит мендан аввал киришга интилди. Кирақолинг, деб ўтказиб юбордим. У қабулдан чиқаётганида, қабул тўхтатилди, деган хабар эшитилди. Эсизгина деб, ачиндим. Уйғониб кетдим. Яна уйқу элтди. Мабодо ичкари кирсам нималар деган бўлардим, деб ўйлай бошладим. Одамларда тафаккур ўзгаргани, чет элликлар ҳайратга тушаётгани, кейин… талабалар орасида билимдонлари борлиги, Беруний Алимов ёзаётган диссертация… шуларни айтардим деб тургандим, эшик очилиб Катта кўринди. Унинг кўзи менга тушди-да, имлаб чақирди. Ичкари кирдим. Ўтирдик.
– Нима гаплар? Қандай янгиликлар бор? – деб сўради.
– Одамларнинг тафаккури тубдан ўзгарди. Сиз шуни кўп айтасиз. Ниятингизга етяпсиз, – дедим. Кейин чет элликларнинг ҳайратини айтдим.
Катта столга муштини, мушти устига иягини қўйиб тинглади.
– Яхши. Раҳмат, – деди. Афтидан сўзларим ёқди.
– Яна бир гапни айтсам рухсат берасизми? – дедим. – Ахир доим ҳам сиз билан кўришиш осон эмас. Фурсатдан фойдаланиб…
– Айт, айтавер, – деди диққатини жамлаб.
– Мен имзоингизни кўп ўрганаман. Сиз ҳали жуда узоқ ва муттасил фаолият юритасиз. Ва бир маромда ишлайсиз. Сиздаги шиддат ҳайрон қоларли даражада мустаҳкам!
– Қаердан биласан? – кулимсираб савол қотди Президент. Имзосига қаради. Мен ундаги таниш белгиларга, айниқса имзо адоғидаги икки-уч тўғри чизиқни кўрсатдим.
Ислом Абдуғаниевич мамнун бўлиб табассум қилди. Хайрлашдик.
11.07.2014
Туш кўрдим: Шерали Жўраев торини йўқотиб қўйибди. Хуноб. «Торсиз қўшиқ куйлаб бўлармиди?! Мана, эшитинглар» деб доирачисига қўл силкитди. Доирани тўпиллатиб, беўхшов овоз чиқарди. Унга шундай беўхшов ғижжак жўр бўлди. «Ким олиши мумкин, ҳофизнинг торини?» деб ўзимча ўйлаб, изланиб юргандим, тор топиб олдим: ихчамгина, бежиримгина!
– Мана, ака, тор топилди! – дедим севиниб, Шералига.
Шерали қўлимдан торни олиб, уни созлашга киришди…
10.01.2015
Абдусаид Кўчимовга қўярда-қўймай шеър учун мавзу айтяпман:
– Амир Файзулланинг отаси 1946 йилда туғилган тўнғич ўғлига Амир, иккинчи ўғлига эса Темур деб ном қўйган экан. Шуни шеърга солинг, роса зўр шеър бўлади!..
16.03.2015
Миржалол Қосимов (Ўзбекистон терма жамоасининг мураббийси) билан гаплашиб қолдим. «Ану, татар йигити бор-ку, капитан, ўша 50 марта тепган угуловойни анализ қилиб кўринг, бирорта тузук тепганини кўрмадим. Угуловойни бошқалар тепсин» дедим. «Ўйлаб кўраман», – деди Миржалол.
29.01.2016
Қаердандир келатуриб пастак девор остидаги туйнукдан энгашиб ўтдим. Катта, ке-енггина кўл ястаниб ётибди, суви ниҳоятда тиниқ, сокин – оқаётгани билинмайди, томоша қилиб шу қадар роҳатланадики одам!.. Энтикиб кетдим! Ёнимда кимдир пайдо бўлди. Қўлида доира.
– Менга бирорта ритм-оҳанг чертишни ўргатинг, шу сувнинг жимирлашига ҳамоҳанг бўлсин, – дедим, илтимос қилиб.
18.06.2017
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси таҳририятида иш бошладим. Биринчи иш кунимда Шукур Холмирзаевнинг мақоласини тайёрлаш учун беришди. Мақолани ўқий бошладим. Телефон жиринглади. Гўшакни олдим – Шукур ака!
– Ака, мақолангизни ҳозиргина ўқий бошладим, шу сонга тайёрлаймиз.
Айтар гапимни айтиб улгурмасимдан кимдир эшикдан бош суқиб, менга ўдағайлади:
– Мақола уч қоғоздан ошмаслиги керак, уч қоғоздан!
29.06.2018
Ифторлик йиғини. Кўпчилик. Мусаввир акамиз Алишер Мирзо билан бирга кириб, жой олдик. Столимизда микрофон. Бир басавлат киши кириб келди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф! Бир оз толиққандек кўриндилар. Мен олдимиздаги микрофонни у кишига узатдим. Ўзларида микрофон бор экан, шундан сўз бошладилар:
– Бугунги куннинг энг долзарб масаласи Уйғуристондаги мусулмон биродарларимиз тақдири! Чунки…
– Тўғри! – деб юбордим, ҳазратнинг сўзини бўлиб. – Тўғри!
25.09.2020
Эшик очилиб, одатдаги журналлардан беш-олти баробар катталикдаги журнални кўтариб киришди. Столга қўйишди. Югуриб бордим. Саҳифалари катта – бир қулоч чиқади!.. Варақладим, варақладим, сира одоғига етолмадим. Шу қадар ранг-баранг, хилма-хил! Кўзимни узолмаяпман.
– Маматқул ака «Гулистон»нинг охирги сони хотира бўлсин, деб роса жонбозлик кўрсатибдилар-да!.. – дедим ҳам ҳайрат, ҳам афсусланиб. («Гулистон» журналининг бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов назарда тутилмоқда.)
Изҳор: Бир ойча бўлди, «Гулистон», «Мозийдан садо» ва «Театр» журналлари бирлашиб, янги журнал таъсис этилади, деган хабар қулоғимга чалинган эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.