Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 38 (всего у книги 38 страниц)
«ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ҲАМ ЯХШИЛИК ЯХШИ!»
Инсон туғилганидан бошлаб изланади. Изланаверади, изланаверади. Сочлар оқаради, тўкилади… Аммо умр сўнгида топгани бир ҳовуч ҳам чиқмайди.
Сабаб? Сабаби минг битта. Чунки бу – ҳаёт (аслида «ҳаёт» деган тушунчани ўзимизга далда бўлиши учун ўзимиз топгандаймиз).
Атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатимиз ана шу ҳаёт, унинг кичик бир бўлаги тўғрисида кечди.
– Инсон юксак комилликка эришиши учун нима қилмоғи лозим?
– Аввало, «комиллик» деганда нималарни тушуниш лозимлигини билиб олиш зарур. Комилликнинг чегараси йўқ, уни ўлчаш-белгилаш мезонлари эса жуда хилма-хил. Ҳар қандай инсон ақл-ҳушини танибдики, нимагадир интилади: илм олади, тажриба тўплайди, давлат орттиради. Ёш улғайиши, оила қуриш, уй-жой солиш – булар ҳам комилликка эришишнинг алоҳида бир қирралари. Ахлоқий комилликни айтмайсизми?!
Комиллик мисқоллаб йиғилади. Олим, ҳунарманд ёки санъаткор сифатида мукаммалликка эришиш мумкин, лекин комил инсонлик мутлақо бошқача тушунча. Комиллик тушунчасининг «таркиби»да муқаррар равишда ахлоқий фазилатлар бўлади. Ахлоқсиз одам ҳеч қачон комиллик мақомига кўтарила олмайди. Мисол учун кибр-ҳаво энг қаттиқ қораланадиган иллатлардан ҳисобланади. Инсон дунёнинг билмини эгаллаган, энг олий мартаба эгаси бўлган, олам-олам давлатни қўлга киритган тақдирда ҳам ўзининг ҳамма қатори банда эканини унутишнинг ўзи кибр. Кибрга ўтдими, комиллик ундан юз ўгиради.
Ислом динида муҳтарам жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) комиллик намунаси ҳисобланадилар. Лекин у кишининг даражасига етишиб бўлмаслиги китобларда ёзилган. Шуларга қарамай, комилликка интилиш инсонга хос хусусият. Шу ниятда у ўқийди, меҳнат қилади, яшайди. Фикримча, ҳар бир одамнинг ҳар битта яхши амали – комиллик белгиси. Яхшилик қилиш қўлингиздан келадими, демак, Сиз комиллик йўлидаги Инсонсиз! Илоҳо, шу йўлдан адаштирмасин!..
– Асаббузарликни қандай қилиб айланиб ўтса бўлади?
– Асаббузарликка чап бериш йўллари бўлмаганида ҳозиргача дунё остин-устин бўлиб кетарди. Яшаб турган давримизни «техника», «ахборот асри» деб таърифлаймиз, лекин «асаблар таранглашган аср», деган таърифлар ҳам бор. Дунёда энг кўп учрайдиган хасталиклардан бири – асаб касалликлари. Лекин «Қайси мамлакатда асаббузарлик камроқ?» деган саволга жавоб бериш қийин. Ҳар сафар хорижга борганимда кўча-кўйда, хиёбонларда етти ёт бегона одамларни узоқ-узоқ кузатаман. Ким нима хаёлда, ўй-ташвишда юрганини ўзимча тахминлашга ҳаракат қиламан. Шунда пешонаси тиришган, кимгадир зарда қилаётган ёки сўкинаётган одам деярли кўзга ташланмаслигидан ҳайратга тушаман. Ҳавасим келади. Бундай ҳолат нисбатан тараққий этган мамлакатларгагина хос эканлигини ҳисобга олсак, кундалик турмушда бўлар-бўлмасга асабийлашувнинг, серзардаликнинг ҳам ижтимоий асослари мавжудлигига иқрор бўласиз.
«Ўтиш даври»ни бошдан кечираётган мамлакатимизда асабий ҳолатлар етарли, улардан қочиб қутулиш осон эмас, албатта. Эл-юрт манфаатларидан шахсий манфаатларни устун қўйиш ҳолатларини кўрганда асабийлашмайсизми? Мунофиқлик, муттаҳамлик асабларни қақшатмайдими?! Тамагирлик, жоҳиллик, дидсизлик… фаросатсизлик, истайсизми-йўқми, аста-секин ўз исканжасига олаётганини ва асабингизни (демак, умрингизни ҳам!) эговлаётганини сезмай қоласиз, одам!
Шундай вазиятларга тушсам, кўз олдимдан ўша ўзим хорижда кўрган-кузатган одамлар ўтади. Ер юзида яшаётган одамзоднинг сони олти миллиарддан ошиб кетди. Ўшалар ҳам яшаб юрибди-ку! Мени қийнаётган ташвишлардан ўн карра, юз карра ортиқроқ ташвишда юрганлар бордир, деган ўйларда кўнгилни кенг қилишга ҳаракат қиламан. Кенгга – дунё кенг, деган гап бежиз эмас-да. Ортиқча ва беҳуда асабийлашишнинг бош сабабларидан бири биласизми, нима?
Атрофимдаги одамлар фақат менинг измимда бўлиши, фақат менинг истак ва талабларимга риоя этиши шарт, деган тушунча пировардида асабийлашишга олиб келади. Ваҳоланки, бошқа одам – бошқа: у ҳам ўз қарашларида, хатти-ҳаракатида эркин. У сизнинг измингизда, чизган чизиғингиздан юришга мажбур эмас. Мана шу ақидага риоя қилиш кўпгина катта-кичик зиддиятларнинг олдини олади. Тараққий этган мамлакатларда ёзилмаган бир қонун бор: ҳар бир кишининг ўз муҳофаза қобиғи бўлади, бу кўзга кўринмас девор аура деб аталади. Транспортда ёнма-ён, ошхонада бетма-бет ўтириш мумкин, лекин қўшнининг аурасини, яъни қобиғини бузиб ўтиш, унга мурожаат этиш, унга дахл кўрсатиш, ҳатто хаёлини бўлиш одобсизлик саналади. Мен, аурани асаб посбони, деб атаган бўлардим. Афсуски, бизнинг феъл-атворимиз учун аура тушунчаси ёт…
Яна бир гап: одам асабийлашган пайтларда меҳнат қобилияти ошиб кетади, битмаётган ишлар айни шундай кайфиятда зумда битади-қўяди. Бундан чиқди, асаббузарликнинг фойдали жиҳати ҳам бор экан-да?..
– Инсон ном қолдириши шартми, дунёда?
– Дунё унут бўлмайдиган номларга тўлиб ётибди. Уни яна биттага кўпайтириб, авлодларга даҳмаза бўлиш на ҳожат?.. Яхшики, номим тарихда қолади, деб хомтама бўлганларнинг ҳаммасининг ҳам шон-шуҳрати узоққа бормайди. Вақт – шафқатсиз ва адолатли ҳакам! Кимнинг номи абадийлашишини, яхшиси, Вақт жанобларининг ихтиёрига қолдирайлик.
– Умр тушунчаси нима?
– Инсон дунёга келиб неча йил ҳаёт кечирди, нималарга эришди ё эришмади, қандай қувонч-ташвишлар синовидан ўтди – шуларнинг ҳаммаси умр деб аталади. Умрнинг мағзи-мазмуни эса адо этилган амалий ишлар билан ўлчанади. Кунимиз, ҳафта, ой ва йилларимиз қандай ўтиб кетганини билмай қоламиз. Бу – умр эмас. Англаб етилган лаҳзалар ҳақиқий умр. Оқшом ёстиққа бош қўятуриб, «Кунни қандай ўтказдим?» деган саволга беихтиёр жавоб излайсиз. Жавобдан гоҳ қониқасиз, гоҳо – йўқ. Қониқиш ҳосил қилган кунни умр ҳисобласак, қониқиш ҳосил қилмаган кунларимиз озмунчами?! Самарали кунлар кўпайганига не етсин, лекин бир кунлик самара неча кун ва ойлар мобайнидаги меҳнат-машаққатнинг маҳсули бўлиши ҳам табиий.
Йиртқич йўлбарс чангалидан қочиб бораётган оҳу бир сония соя ташлаб ўтибди.
– Бу нима? – деб сўрашибди.
– Бу – инсоннинг умри, – деган жавоб эшитилибди самодан.
– Юз йил яшаб ажал комига етсанг, Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас, – дейди доно Махтумқули.
Вақтни, умрни қадрлаш борасида миллий тушунчалар ва қарашларимиз нечоғлик шаклланган?
Мен кўпроқ шу ҳақда мулоҳазаларга толаман…
– «Мен ёлғизман, ёлғиз мен бахтлиман!..» Сизнинг фикрингиз?
– Яхши савол, лекин унга қисқа жавоб бериш мушкул. Ёлғизлик – фалсафий, эътиқодий, ахлоқий тушунча. Ушбу мавзуга бағишланган асарлар, рисолалар, мулоҳазалар шу қадар кўпки, инсоният тугал хулосага келган эмас. Мен тушунган ва иқрор бўлган бўлган энг қисқа таъриф шу: ҳар бир инсон ўз тақдири олдида ёлғиз! Вассалом! Жамоанинг афзаллигини, ёлғизлик фақат Аллоҳ таолога ярашишини ва бошқа таърифларнинг ҳеч бири билан баҳслашиш ниятим йўқ, лекин ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан чиқарган хулосам – ақидам, такрор ёзишга тайёрман: ҳар бир инсон ўз тақдири олдида ёлғиз!
Газетхон хулоса чиқаришга ошиқмасин, бу, ҳар ким ўзича ёлғиз кун кечириши керак, деган маънони англатмасин. Ёлғизлик жисмий маънода эмас, руҳий-психологик маънода қўлланмоқда. Нуқтаи назардаги, дунёқарашдаги индивидуаллик назарда тутилмоқда. Мана шу маънодаги ёлғизлик туйғуси соф интеллектуал ҳодисадир. Одамдаги шахслашув жараёнидир.
Ёлғизлик – худбирлик ёки манманлик учун эмас, балки дунёни, инсон аъмолини чуқурроқ ўрганиш, тахайюл юритиш учун қулай бир ҳолат, зарурият. Одам бир ўзи ёки фақат ўз оиласи доирасидагина бахтга эришолмайди. Қўшнинг оч бўлса, сенинг еганинг татимайди, жамият нотинч бўлса – хонадонингдаги хотиржамлик омонат. Демак, бахт бирмунча ижтимоий тушунча.
– Оила… Агар оила икки ва ундан ортиқ бўлса кишида, киши тубанликка «энгашган» ҳисобланадими?
– Оила битта бўлади! Бу борадаги ҳар қандай оқлашларнинг таг-замини пуч! Мен бир вақтнинг ўзида икки оилага оталик қилиб юрганларни тушунолмайман. Кейинги пайтда мўмай пул-давлат орттириш оқибатида икки-уч оилани боқишни эплайдиган бойваччалар пайдо бўлаётганини «асослаш»га уринишларга ҳам қўшилмайман. Индамасангиз, кўп хотинлиликни қонунлаштириб олишдан тоймайди бундай бойваччалар!
Оиланинг замини фақат топиш-тутиш билан белгиланмайди. Оила, биринчи навбатда, маънавий жуфтлик ҳисобланади. Бу жуфтлик орасида учинчи ё тўртинчи «субъект»га ўрин йўқ! Эрининг иккинчи оила тутишига ҳатто розилик берган аёлнинг ҳам кўнгли кемтикдир. Кўп хотинли эркак қанчалик гердаймасин, унинг боши ғалвадан чиқмайди. Бир кун келиб у шунчалик афсусланадики, лекин сўнгги пушаймон чоғида тирсакни тишлашдан ўзга чора қолмайди. Мени даҳшатли даражада изтиробга соладиган фожиа – болаларнинг мунгли кўзлари! Отанинг бошқа ерда ҳам фаразандлари борлигидан хабар топган норасида гўдак кўнглидаги изтиробни яшира олмайди. Бундай изтиробга йўл қўймаслик учун ҳар қандай ҳою ҳаваснинг баҳридан ўтса арзийди. Эркак киши биологик жиҳатдан бир неча аёл билан яшаши маъқул, ўтмишда кўп хотинлилик оддий ҳолат ҳисобланган, ҳозир аёллар эркакларга нисбатан кўп… Ким шунга ўхшаш важларни истаганча келтирса келтираверсин, лекин шахсан мен ҳеч қандай важга қўшила олмайман! Албатта, фавқулодда истисно ҳолатлар мутлақо бошқа мавзу…
– Қўрқув яхшилик аломатими?
– Худо бекорга ато этмагандир одамга бу туйғуни? Қўрқувнинг тури кўп. Энг улуғ қўрқув – Аллоҳ таолодан қўрқиш. Бу ёруғ дунёдаги жуда кўп иллатларнинг дояси – Яратгандан қўрқувни унутиш. Имонидан, виждонидан қўрқмаган, жамиятдаги қонунлардан қўрқмайдиган, ёлғон гапиришдан қўрқмайдиган одам ҳар қандай ақл бовар қилмас тубанликларга қодир.
Демак, қўрқув яхшилик аломати экан!
Ёмоннинг ёмонлигини, яхшининг яхшилигини айтишдан қўрқиш эса кенг тарқалган иллат.
– Ёмонликнинг яхши томони борми ва аксинча, яхшиликнинг ёмон томони?..
– Яхшилик ва ёмонлик, кенг фалсафий маънода айтсак, эзгулик ва ёвузлик бирмунча нисбий тушунча. Кимгадир яхшилик ҳисобланган яхшилик бошқаларга ёмонлик келтириши ва аксинча бўлиши мумкин. Бу ёруғ оламнинг тузилиш-қурилишининг ўзида мазкур икки унсур тенг ишлатилган. Нур бор жойда соя бўлганидек, яхшилик ва ёмонлик ҳамиша ҳамроҳ. Жуда кўп ҳақиқатлар нисбатан ва қиёсда яққол кўзга ташланганидек, яхшиликнинг чиндан-да яхшилигини билиш учун у ёмонликка таққосланади. Ёмонлик эса шу ернинг ўзида ҳозиру нозир! Бу ҳол одамни ҳамиша ҳушёрликка даъват этиб туради. Одам сал чалғиса, иродаси ва хоҳиш-истагига бир зум изн берса, ёмонлик сўқмоғи «ҳозиру нозир» – у томон ўтиб кетишдан осони йўқ.
Яхшиликнинг ёмон томони… Сиз тоза ниятларда ва фақат яхшилик йўлида қилаётган амалларингизни кимдир ёмонотлиққа йўйе-еб ўтирса, шуларга асосланиб сизни ёмонотлиқ қилса… Қўйинг, шу тақдирда ҳам, ЯХШИЛИК ЯХШИ! ЯХШИЛИК!..
(«Ҳордиқ» газетаси. 9 –15 сентябрь 2004 йил)
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.