Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 38 страниц)
ТИМСОЛЛАР ТАЛҚИНИ
Ёзувчининг айрим ҳикояларида табиат тасвири ҳаяжонларга бойлиги, ўзига хос лиризм билан ажралиб туради. «…Ой ярақлаган тун. Қуюқ ва баланд-баланд олма дарахтлари, амал-тақал жон сақлаган пастак шафтоли барглари сап-сариқ тилло тусини олибди… Олма дарахтлари тик, баланд, япроқлари ям-яшил, қадди дол шафтолининг сочларига оймоманинг олтин шуъласи тўкилиб турибди. Тилло ранг нур, тилло ранг япроқлар, тилло сукунат, тилло сокинлик, тилло гўша…» Китобнинг бошқа бир саҳифасида табиат уйғониши, эрта баҳорнинг қуйидаги тасвирини келади: «Ҳовли, атроф-жавониб шу қадар жимжит эдики, ариқчадаги сувнинг жилдираши эмас, ҳатто лолақизғалдоқларнинг майин шабадада оҳиста тебранишлари ва бутун бўй-басти бўйлаб шиддат ила югургилаб чопқиллаётган безовта чумолиларнинг оёқ товушларидан чиққан «шитир-шитир»гача эшитиларди». Бу каби тасвир учун муаллифнинг ўзи табиат қўйнида яшаши ва табиатдаги гўзаллик ижодкор қалбига кириб бориши керак.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида сўзлар товланади, бўғин ва товушлар маъно ташийди. Қайсидир қаҳрамон характерини тавсифлар экан ёзади: «У «иш» деганда худди думли «ш»ни талаффуз қилгандек «ш»ни ботириброқ айтади. Бу билан ўзининг давлат ишига фидойилигини таъкидлаган бўлади». Ёзувчи бошқаларга ҳам, ўзига ҳам: «Хаёлингга, тасаввурингга эрк бер, уни бошқарма, ўз ҳолига қўй…», деб маслаҳат беради. «Мувозанатга дахлдорлик… илоҳий дахлдорлик… да-хил-дорми?.. Да-хил-дордир?.. Жаҳл-дормикан?.. Дахлдор-жаҳлдор, дахлдор-жаҳлдор! Жа-хилдор, жахил-дор… жахил-дор?! «Дор» бунча ёпишиб олмаса?! Унинг дахл ёхуд жаҳлга қандай дахли бор?.. Демак, «дахл» дейиш ҳам мумкин! У ҳолда «дор» қолиб кетади. «Дор»сиз «жаҳл» дахлдор бўла олмайди. Шундан, шундан… дахлга ҳам, дорга ҳам… дахл билан жаҳл арқоннинг икки учи, «дор» эса сиртмоқ, дор… «сиртмоқ доим бор» дегани. Дор-бор! Дор – одамга зор! Одам дорга зор!..» Ёзувчи шу зайлда хаёлига эрк беради, сўзларни бўғинларга бўлиб, сўзларни ўйнатади; товушларга маъно юклаб, шовқин кўтаради. «Маош»ни иккига ажралади: ма-ош. «Чизиқ» таркибида «чиз» билан «из» келади. «Бозор» – озор – зор – ор кўринишини олади. «Дахилдор», «жаҳлдор» каби сўзлар «жа-хилдор» бўлади, уларга «дор» ёпишиб олади. Шу зайлда фикр чайқалади, «фикр – шовқиннинг уруғи» саналади. Бундай сўз ўйинлари Хуршид Дўстмуҳаммад насри услубига хос муҳим жаҳатлардан биридир.
Бир гап вужудига, аниқроғи, миясига зирапчадек санчилиши оқибатида танаси қизиб, жаҳли чиқса одамнинг безовта руҳий ҳолати баёнида ҳам сўз ўйнайди, сўзлар такрорланади: «Раво – даво, раво – даво, раво – даъво… даъвоми, раво?.. давоми?.. да-во-ми?.. Иситма даво, иситма раво, раво-раво-раво, бугун шу дaвo!.. бугун шу раво: раво-раво-раво!.. раво кўрилгани даво, буюрганини ейман, буюрганини ичаман, буюрганини ейман, буюрганини ичаман… Танам қизияпти, кўзларимнинг ичи бозилламоқда, жаҳаннам алангаси янглиғ, жаҳаннам!..» Ёзувчининг бир қаҳрамони фикрича, «оддийгина сўз ҳам вақт ўтгач ўзгача маъно, ўзгача таъсирда» товланиши мумкин. «Илгари жўнгина туюлган гап вақтлар ўтгач, қайноқ сувга, ўт-оташга айланиши, юраккинангга ўт қалаши, ўй-хаёлингни остин-устин қилиши мумкин». Албатта, «Ҳой, бола, лалайма, кўрпангга қара!», «Каллани ишлатиш керак», «Куй оламни … сел қиладур», «Бир оиланинг бузилиши аршни ларзага келтиради…» – булар одамни изидан эргаштирадиган, ўй-хаёлини остин-устин қиладиган гаплар. Баъзан ўзакдош сўзлар кутилмаганда бир жумлада пайдо бўлади ва дўсту биродарларнинг «отамлашиш замони ўзгариб», улар ўзаро отишмага чиқади. Ҳикоя худди шеърий асардек баъзан битта сўз, битта бирикма, битта гап ортидан бунёд бўлади.
Тизгин, қатъий қоидалар, тизим, гап қурилишидаги барча бўлакларнинг ўрни ўрнида келиш – рисоладагидек иншо. Бироқ бундай баён усули гоҳида одамни толиқтиради. Расмий баённома ёки қонунларга доир рисолалар тили шундай бўлиши мумкин. Ҳаёт эса бошқача. Бадиий асар ҳаёт инъикоси. Юракнинг ҳаприққан ҳаяжонига ҳислар қўшилади. Гапнинг грамматик қурилиши бузилади. Буни нуқсонга йўймаслик, бундан фожиа ясамаслик керак. Поэтик нутқ жозибаси, оҳанги ва ҳаётийлиги баъзида грамматик қоидага тушмаган «бузуқ жумла»лар устига тушади. Ёзувчи шундай жумлалар тузади ва тўғри қилади.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Жажман» ҳикояси адабиётшуносликда жуда кўп таҳлилга тортиган асарлардан бири. Ҳикоя номи жумбоқ, воқеалар содир бўладиган жой – бозор. Бозорчилар ҳоли, Жажманнинг қиёфаси, еб тўймаслиги, каттариши-кичрайиши. Жажман – Хуршид ака ўйлаб топган бир бир махлуқ номи. Турлича шарҳлашга имкон берадиган тафсилотларга бой ҳикоя. Адиб асарларида бозор – адабий хронотоп мақомида келади. «Бозор» номли романини яхши биласиз, «Жажман», «Соғинч», «Беозор қушнинг фарёди» каби ҳикояларининг воқеалари бозорда содир бўлади. Хуршид ака ҳикояларида «ким бозорга ошиқаётган, кимлар бозордан қайтаётган» бўлади. Зеро, ҳар қандай одамнинг йўли бозорга тушади. Керак бўлса, бозор одамларни табақалайди. Бозор – бу ҳаёт рамзи. Аслида «ҳаёт ҳақиқатларини, ҳикматларини ўзида мужассам этган тимсол-тамсилларнинг саноғи йўқ дунёда». Ижодкор шулардан заруратига қараб саралайди, танлайди.
Баҳодир КАРИМ2019.
МИРКОМИЛБОЙНИНГ ҚАЗО БЎЛГАН НАМОЗИ
Миркомил Мирмўминбой ҳожи – 1860 йили Қўқон хонлигининг Андижон шаҳрида бой савдогар оиласида дунёга келган. Меҳнат фаолиятини ўспиринлик йилларидан бошлаган. XIX асрнинг 80-йилларида ер-сув ва катта пахта майдонларига эга бўлиб, йирик шахсий бойлик тўплашга муваффақ бўлган. Архив ҳужжатларига қараганда XX аср бошларида унинг шахсий бойлиги 13–15 млн сўмни ташкил этган. Асосий савдо муомалаларини чет эллардаги йирик «Ака-ука Шлосберг», «Кноп», «Ака-ука Степпун», Москва ҳисоб банки, Рус-Хитой банки, Рус-Осиё банки ва бошқа савдо-сотиқ фирмалари ва банклари билан олиб борган.
1915 йил октябрида бўҳтон билан қамалган ва сургун қилинган. Лекин 1916 йилнинг бошларида рус армиясини қуроллантириш учун 500 минг сўм бериш шарти билан сургундан озод қилиниб, Андижонга қайтган. 1917 йил бошларида «Шўрои Исломия» жамиятининг Андижондаги энг фаол иштирокчиси, деб тўқилган бўҳтонга асосланиб муваққат ҳукуматнинг Туркистондаги вакиллари томонидан қамоққа олинган. 1918 йили отиб ташланган 11
Маълумот Интернет материалларидан олинган.
[Закрыть].
Х.Дўстмуҳаммаднинг «Миркомилбойнинг қазо бўлган намози» ҳикояси ўтган асрнинг 20-йилларида яшаган андижонлик тадбиркор ҳақида. Бу ҳақда ёзувчи сарлавҳа остидан «тарихдан ҳикоялар», деган изоҳ орқали ишора қилади. Реал тарихий образлар, тарихий воқеалар, реал тарихий-миллий характерлар яратилган бу асарда адиб мустамлака миллат ва мустамлакачиларга мансуб бир нечта образларни яратади. Шу йўл билан у миллий характернинг кўплаб қирраларини тасвирлайди.
Асар қаҳрамони Миркомилбой доимий таъқиб остида яшайди. Бироқ, бу таъқиб очиқ эмас, махфий равишда. Шу билан бирга иккиёқлама. Бир томондан, уни чор мустамлакачи амалдорлар турли йўллар билан таъқиб этсалар, бошқа ёқдан ўз миллатдошлари таъқиб этадилар. Ёзувчи бу билан умуммиллий характерга хос салбий жиҳатларни Миркомилбой шахсига бўлган муносабатлар орқали миллатнинг ўзлигини емирадиган катта хавф сифатида ифодалайди.
Миркомилбой ҳақиқатда бойлиги билан нафақат маҳаллий аҳоли ўртасида, хорижда ҳам танилган. Бойлигининг маълум қисмини ўз юртдошлари фаровонлиги учун сарфлайди. У табиатан ўта ростгўй одам. Шу боис ҳам «у жини суйганга ҳам, суймаганга ҳам дилидагини аямай айтади». Унинг характеридаги ростгўйлик билан бирга соддалик ҳам бор. Муаллиф Миркомилбойдаги бу хусусиятни шундай тасвирлайди: «Суриштириб келганда, Миркомилбой кимдан, нимани сир тутган ўзи!.. Қув ёки маккор бўлганида раҳматли отасининг Макка ва Мадинада такя қурдириш ниятида ўттиз минг тилло васият қилиб қолдирганини уезд ҳокимига айтармиди?! Соясидан чўчиса, ҳатто ўз пушти камаридан бўлган ўғил-қизларидан ҳадик-хавотирда яшаса, етти ёт бегона, бунинг устига ғайридин Искандарни (1901 – 1911 йил Орскдан келиб Миркомилбойга гумашталик қилган Александр Тимофеев. – Муаллиф изоҳи) ўзига гумашта қилиб олармиди?!»
Миркомилбой характеридаги яна бир ўзига хослик унинг адолатпарварлигида кўринади. У тўғрилик, адолат йўлида ўзининг мискин миллатдошини ҳам аямайди. Кўсак ўғирлаб келаётган ишчини аямай тарсакилаб юборади. Яқин маслаҳатгўйи Ёқубхўжанинг эътирозига жавобан: «Жўжабирдай жон бўлса оиласини ўғирлик орқасидан боққани маъқулми?!» дейди. Миркомилбойнинг тавсияси билан қозилик лавозимига эга бўлган Темирҳожи унга ҳадя сифатида зарбоф тўн келтирганида, «Хушомадни бандага эмас, Худога қилинглар!» дея кескин гапиради. Ёқубхўжа айтмоқчи: «Тўғри гапни гапираман, деб душман орттиради».
Ҳақиқатда бундай феъл-атворидан Миркомилбойнинг ўзи ҳам баъзан руҳий, баъзан зоҳирий изтироб чекади. Лекин унинг хулосаси шундай: «Табиатидаги кажбаҳсликдан қутулиш фурсати жон чиқар вақтига қолди».
Ростгўйлик, адолатпарварлик, дангаллик каби хусусиятлар ҳар қандай замонда, ҳар қандай жамиятда ҳам одамлар томонидан ижобий қабул қилинавермаган. Аксинча, оқсуяклар, мансабдорлар, сармоядорлар даврасида манфаат ҳар қандай ҳақ сўздан устун турган.
Ёқубхўжанинг «душман орттириш» ҳақидаги башорати Миркомилбой яшаётган жамиятга қисқа ҳам лўнда тавсифнома. Миркомилбой ҳаётининг фожиали тугашига нозик ишора. Муаллиф Миркомилбой характерига хос ушбу жиҳатларни тасвирлаб келиб, кейин унинг қандай буюк мақсад сари интилаётгани ҳақида сўз юритади.
Миркомилбой юртдошлари орасида энг катта сармоядор. Шу билан бирга қўли очиқ. Ўрис мустамлакачиларининг нима мақсадда келишганини, аҳвол шундай бўлаверса, ўзбекни келажакда қандай фожиалар кутаётганини жуда яхши билади. Имкон қадар янги замон шиддатидан ортда қолмасликка, миллатдошларини ҳам шундан огоҳ этишга имкон қадар уларга ёрдам беришга интилади. Асар бошида табиатан содда деб таърифланган Миркомилбой истилочилар билан муносабатда ўз табиатига зид йўлдан боради. Ўрис амалдорларига қувлик қилади: «Миркомил ўрисчани чала-ярим гапирар, унча-бунча тушунса-да, ўзини бу тилдан мутлақо бехабардек тутар, шу «ҳийласи» айрим ўринларда иш бериб қолар эди», деб ёзади бу ҳақда муаллиф. Биз Миркомилбойнинг ўз миллатдошлари билан муносабатида бирор марта «қув» ёки «ҳийлагар» қиёфасида кўрмаймиз. Демак, Миркомилбойнинг «қув»лиги унинг характеридаги сунъий бир хусусият. Шу билан бирга маълум бир мақсадга, яъни мустамлакачилар билан зимдан курашишга, аниқроғи, миллат манфаатига қаратилган.
Миркомилбой юртдошлари ичида биринчи бўлиб завод қуришга бел боғлайди. Касалхона, масжид, ҳаммом очмоқчи бўлади. Бу ҳаракати остида ҳам миллат манфаати туради. Яъни «ҳамюртлари жонига ора кириш, уларни ўрис истибдодидан ҳимоялаш» – бойнинг асл мақсади. Айниқса, мардикор воқеасига муносабатда Миркомилбойнинг миллатпарварлик қиёфаси ёрқин намоён бўлади. Скобелевда ҳарбий ҳоким ҳузурида кечган мана бу суҳбат фикримизга далил:
– Андижондан қанча мардикор оласиз? – сўради у (Миркомилбой) гапни чўзмай.
– Нима эди? – ўсмоқчилади муовин.
– Барининг ҳақини тўлаймиз! Бизнинг йигитлар Россини ўрмонларида жон сақлаб яшолмайди. Совуқ!..
Муовиннинг ранги гезарди.
– Ў-ў!.. Давлатингиз шунчалик зиёдами?.. – деб юборди энтикиб.
– Борини бераман. Тўлаймиз, лекин бирорта фарзандимизни жўнатмаймиз!..
Юқорида келтирилган воқеаларнинг барчаси ҳикояда бойнинг хотираси тарзида берилади. Шу йўл билан яна бир характерли хусусият, аниқроғи, миллат фожиасининг сабаби очилади. Миркомилбойнинг бутун фаолияти миллатдошларининг манфаатига қаратилган. У ўз миллатининг бойларига қарз беради, камбағаллари учун завод, ҳаммом, касалхона қуради. Чор ҳукумати томонидан мардикорга олинаётган ўзбек йигитларини олиб қолиш учун бор дунёсини тўкиб солади. Бироқ, шунча хизматлари эвазига миллатдошларидан фақат таънаю дашномлар, ғийбату йўқотишлар олади, холос.
Убайдулла жунфурушнинг уйида берилган зиёфат тасвирида ғийбатнинг психологик қиёфаси чизилади. Зоҳиран қаралганда, зиёфатда йиғилган Fофиржон, Ҳошимбой, Ниғматбеклар Миркомилбойни ҳурмат қилишади. Кириб келганда катта ҳурмат-эътибор кўрсатишади. Аммо ҳикоя муаллифи уларнинг фасодларга тўла ички дунёсини юксак маҳорат билан кўрсатадики, натижада Миркомилбой шахсиятидаги фожиавий улуғворлик яққол намоён бўлади. Миркомилбой зиёфатга кириб келган дастлабки дақиқадаёқ: «Деразага яқин ўтирган Fофиржоннинг туси ўзгаради». Ҳошимбой эса ғийбат эшигини баралла очади: «Закот – фарз! Закотдан бўйин товлаш бенамозликдан кам бўлмаган гуноҳи кабир!» Бу гап зоҳиран жамоага, ботинан эса Миркомилбойга қаратилган. Бу айрим оғзига кучи етмаганларнинг «Миркомил айрим даромадларидан закот тўламайди», деб тарқатган ғийбатларига зоҳиран ишора. Бир пайтлар Миркомилбойга ёқиш учун ўғлига Комилжон деб исм қўйган Ниғматбек ҳам унга нисбатан зимдан адоват сақлайди. Fийбат оловига ўтин қалайди. Миркомилбой завод қуриш масаласида чор амалдори билан учрашганида, амалдор ундан бу ҳаракатдан кўзлаган мақсадини сўрайди. Бой индамагач, «балки обрў учундир», деб ўзича башорат қилади. Қурилаётган биноларининг фақат «сартларга хизмат қилишини» тушунолмайди. Миркомилбой эса уни тушунолмайди. «Миркомилбой касалхонасининг талабларини, мусулмону кофирларнинг бир ҳаммомда ювиниши оддий инсоний одобга тўғри келмаслигини» бу «илоннинг ёғини ялаган» амалдорларга тушунтиролмай хуноби ошади. Худди шу вазиятда ҳам Миркомилбойга ўз миллатдошлари панд беради. Амалдор унга сиёсат билан ўйнашмасликни, у ҳақда ўз юртдошлари берган чақувлар борлигини ишора қилади. Амалдор – полковник Сошальскийнинг ушбу сўзлари Миркомилбойнинг атрофидагиларга, у ишонган, яхшилик қилиб жонини азобга қўйган миллатдошларига нисбатан айбнома бўлиб янграйди: «Э-э, жаноби олийлари сартларға-чи тўрт танга берсангиз, Миркомилбой экану, ўзининг отасини сотади!»
Миркомилбой фожиасини келтириб чиқарган сабаблардан яна бири миллатнинг айрим болалари манқуртга айлангани деб талқин қилинган. Шўролар ҳокимияти ўрнатилгач, Миркомилбой инқилобий трибуналга топширилади. Трибунал вакилларидан бири – ғайримиллат, бири – ўзбек йигити. Миркомилбой ғамхўрлик қилган ўша ўзбек йигитларидан бири. Бой ҳадеб ўзига инқилобий трибунал чиқарган ҳукмни рўкач қилаётган бу ўзбек йигитидан отини сўрайди:
– Отангнинг отини биласанми?
– Отамнинг отини нима қиласиз суриштириб, барибир отиласиз!..» – жавоб беради аскар.
Сўнг Миркомилбой ундан таҳорат учун сув сўрайди. Ўзбек аскарининг: «Нималар деяпсиз, бой! Буйруқ қиладиган даврингиз ўтди. Энди пўписангиз кетмайди. Таҳоратни «ашёқда» қиласиз», деган гапларидан бир четда тамаки чекиб ўтирган ғайридин – ўрис йигит тутақиб кетади. Бу манқурт болага: «Одамни боласимисан, мол?! Ўзингнинг сартинг бўлса, мусулмон бўлсаларинг, охирги илтимосини бажарсанг ўлиб қоласанми, энағар», – деб бақиради. «Хўжаси» берган бу дашномдан «аскарча» қўрқиб ерга ўтириб қолаёзди. Миркомилбой беихтиёр «Наҳотки?» дея пичирлади. Бу бир калиманинг остида бойнинг барча алам ва изтироблари мужассам эди. Муаллиф буларнинг ҳаммасини шу бир сўзга юклайди. Ҳикоя охирида икки ракат намозини ўқиб улгурмаган Миркомилбойга қарата: «Босар-тусарини йўқотган ўзбек аскарча устма-уст тепки босаётган эди…»
«Табиатидаги кажбаҳсликдан қутулиш фурсати жон чиқар вақтига қолди».
Ҳикояда Миркомилбой образи гарчанд тарихий шахс сифатида берилган бўлса ҳам, Чор истилоси ва Октябрь тўнтариши сабаб таназзулга учраган миллат рамзи. Ёзувчи талқинида ҳалол, адолатпеша, тўғрисўз, ишбилармон, миллат равнақи учун курашувчи, юртпарвар Миркомилбойни (яъни миллатни) фожиага олиб келган нарса зоҳиран майда бўлиб кўринадиган ҳасад, ғийбат, чақимчилик, иймонсизлик, манқуртлик иллатларининг кўпайиб кетишидир. Мустамлаканинг боиси ҳам душманнинг зўрлиги, айёр ёки қувлиги эмас, миллатни ичидан емирган ички низодир. Энг асосийси, иймондан, шарқона ахлоқдан жудо бўлиш. «Миркомилбойнинг қазо бўлган намози» ҳикоясида жамият фожиаси миллат фожиаси сифатида талқин этилади. Ҳикояда ўзбек миллати келажаги она-отасининг кимлигини унутган, руҳан, қалбан муте, манқуртга айланган «аскарча»га қолганлиги кўрсатиб берилган.
Ёзувчи бу ҳикояда Миркомилбой образини маҳорат билан тасвирлаган. Миркомилбойдаги юрт тақдирига қайғуриш, ўзига хос чўрткесарлик, ҳар бир гапни таҳлил қилиш, узоқни кўра билиш ва энг муҳими, ўз она тупроғини севиш ҳар бир қалби уйғоқ кишини мушоҳада қилишга ундайди.
Гулноз САТТОРОВА(«ЎзАС» газетаси. 19 июнь 2020.)
ИЛК ИЗЛАНИШЛАР, ТАНБЕҲЛАР, САБОҚЛАР
Хуршид, ҳикоя анча дуруст. Айниқса, менга унинг конфликти, нияти, ечими ёқди. Афсуски, ўқиётганимда қиш манзараси кўз ўнгимда гавдаланмади. Юз бизондан тўқсонтасига қирон келтирилганини ҳам ишонарли тарзда иншо қилмабсиз.
Сарлавҳасини «Киова қуёши» ёки «Интиқом» деб қўйган маъқул. («Қуёш сўнмайди» баландпарвозроқ туюлди.) («Киова қуёши» ҳикояси ҳақида.)
Самимият ила Мурод ХИДИР25.03. 1978.
Ҳаммаси зўр, асосан сострадания. Худонинг худди шундай ожиз, покиза бандаларига бўлган ҳамдардлик туйғуси кучлилиги ҳам. Бундай маъсума ва шундай одамни ушбу тахлитда ҳеч ким ифодалашга уринмаган. («Васий» ҳикояси ҳақида.)
Олим ОТАХОН11.11. 1983.
Бош редактор Эркин Воҳидов ўқиди. «Журналбоп эмас» деган фикр айтилди.
(«Ёшлик» журнали таҳририятидан «Васий» ҳикояси юзасидан берилган жавоб.)23.02.1983.
Ҳикоя Кафка ва Достоевский таъсирида ёзилганми? Эҳтимол, жуда зўр бўлса. Лекин газетага сираям тўғри келмайди. («Васий» ҳикояси ҳақида.)
Одил ЁҚУБОВ.16.12.1983.
Васий – инкубаторга айлантирилган аёл. Шунақа аёллар тиқилиб ётибди… Ҳикоя, шу ҳолича ҳеч нарса эмас. Формасини сақлаб қолиб, қайта ёзиш керак. Чунки… («Васий» ҳикояси ҳақида.)
Набижон БОҚИЙ24.02.1984.
Жуда ҳам тарқоқ фикрлар. «Фан ва турмуш»га балки бўлади! («Кафтдаги чизиқлар» номли эссега мулоҳаза.)
И.Ғафуровноябрь, 1986.
Ҳикояни ишлаш керак. Чолнинг хатти-ҳаракатларида бироз меъёр бузилгандай. Шунинг учун у кампири олдида насиҳатгўйга айланиб қолган. У ҳадеб эл-юртни қоралайверади. Нега шундай фикрга келди. Аввалдан шундай гапларни айтиб юргани учунми? Фикрларини асослаш керак. Умуман, чол насиҳатдан кўра амалий фаолиятда кўрсатилгани яхши. Акбар, Аҳбор ҳикояда чиқмаган. Назаримда, ҳикояни тугаган жойидан бошлаш керак. («Умр» ҳикояси ҳақида.)
Иброҳим ҒАФУРОВ21.11.1986.
ХИРА НИГОҲ
(Очиқ хатдан)
…Умуман, Хуршид ака, мен кўп улуғ ниятлар билан ўқиб чиққан қиссангизда айрим ўринларни истисно қилиб (кампирнинг пулини ўғирлаш сингари) яхлит олганда ИЖОДКОР НИГОҲИни ҳис қилмадим, бирон ярқ этиб кўзга ташланадиган образ, бирон узоқ вақт эсда қоладиган характер кашф этмадим. Билъакс, асарингизда кейинги йилларда шеъриятимизда кўп учраётган касаллик – ялтироқ сўзлар, мубҳам имо-ишоралар, чўзиқ жумлалар билан кўзни қамаштириб, ақлни шошириб қўйиш, зўрма-зўраки мураккаб шакл изланишларига интилиш, ақлнинг сезиларли ҳукмронлиги белгиларини кўргандай бўлдим, бундан кўнглимда ғашлик пайдо бўлди.
Самимий эҳтиром билан, мухлисингиз
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ,инженер.август, 1987
Ўқидим:
Нозик кузатишларингиз менга маъқул бўлди. Ёзувчи назардан қочирмаслиги лозим бўлган нарсаларнинг, ҳолатларнинг ҳаммаси бор.
Менга ёқмагани – қиссанинг қурилиши. Аҳмадали бош образ бўлиши керак эди. Уни Сиз сюжет чизиғи ўрнида олибсиз-да, у босиб ўтган йўлда илгари нима бўлган, ҳозир нима бўляпти – барини ипга тизиб гапираверибсиз. Натижада улар майдалашиб, бачканалашиб кетиб, яхлит бир манзара кўз олдимизга келмайди. Йўл-йўлакай нотаниш қаҳрамонлар кириб келаверади. Аппон нима ёмонлик қилган одамларга? Кичкина бир қиссада жуда масала кўп. Ва буларнинг бирортаси ҳал бўлмай қолаверади. Нега? Кимсан ким? Аҳмадалининг руҳими? Тушунмадим.
Менингча, буларнинг бари яхлит бир сюжетнинг, воқеанинг йўқлигидан бўлса керак. («Паноҳ» қиссаси ҳақида.)
Носир Фозилов10.02.1988.
МУНОЗАРА МАЙДОНИ – ҚИССА!
ВИЖДОН БИЛАН МУЛОҚОТ
Хуршид Дўстмуҳамедовнинг «Нигоҳ» қиссасидаги («Ёшлик» журнали. 1987 йил, 7-сон.) воқеалар кўп эмас – трамвайнинг «Волга» машинасини уриб юбориши, трамвай ҳайдовчиси Бекнинг ўз бошлиқлари, оиласи, шикастланган аёл билан мулоқотлари… Таъкидлаш лозимки, бу эпизодларда айтарли янгилик йўқ: раҳбарлар нохушроқ муомалада бўлишади ва бу табиий. Шу билан бирга, унга ёмонлик қилишмоқчи ҳам эмас. Жароҳатланган аёл эса бироз ўпка-гинадан сўнг: «Ёш экан, болалари бордир, даъво қилмайман», – дейди. Бор-йўқ гаплар мана шулар. Асарнинг асосий хусусиятлари руҳий жараёнлар талқинида очилади. Улар ҳам бир неча йўналишга эга. Замира, Ўктам, Бекнинг опаси, жароҳатланган аёл руҳиятидаги ҳолатлар анчайин содда кечинмалар сирасига киради. Амаки ва Бек руҳиятидаги жараёнлар эса хийла мураккаб. Уларнинг моҳиятини англаш учун нигоҳни, яъни нуқтаи назарларнинг мезонларини янгилаш зарур. Қисса мана шундай ўқилганда, ундаги ноодатий талқин қилишга имкон топилади, инсон дилининг қаъридаги майлларни илғашга йўл очилади.
Бекнинг авария билан боғлиқ руҳий ҳолатлари таҳлилига, сўнг «жиноят ва жазо» талқинига эътибор берайлик: «Ҳа, Бек вагонни тўхтатишга улгуриши мумкин эди. Нега кўра-била туриб, ҳар доим ушлаб ўтирадиган тормоз дастагини шундоққина торта қолмади. Тортишга улгурмадими ёки тортгиси келмадими?..» Бек шу саволни ўзига ўзи қайта-қайта беради, ўша дақиқаларни бот-бот таҳлил қилади. Хулоса аниқ: трамвайни тўхтатгиси келмаган. Нега?! Сабаб шуки, ўша кунларда Бекнинг руҳида бир бесарамжонлик бор эди. Марҳум ота ва она хотираси олдидаги қарздорлик мавҳумоти шу кунларда унга тинчлик бермаётган, ўзидан қониқмасликни ўстираётган ва пировардида кўнгилда мувозанатсизлик ҳосил қилаётган эди. Бекнинг ўзи ҳам тузукроқ англаб етмаган, аммо қалбида аниқ мавжуд бўлган нохушлик энг қалтис вазиятда ҳосиласини беради, яъни авария содир бўлади.
Қисса воқеалари инсон ҳақидаги тасаввурларимиз мукаммал эмаслигини кўрсатади. Айниқса, одамзод табиатидаги савқитабиий ҳаракатлар, фикрлаш тарзини ўрганиш зарурати борлигини тасдиқлайди. Қиссага мурожаат қилайлик. Трамвайни Бек тўхтатиши мумкин эди, бироқ негадир унинг онгидан ташқаридаги бир куч бунга монелик қилади. Трамвай ургандан сўнг эса Бекнинг қўли ғайриихтиёрий равишда «вазифасини» бажаради, яъни тормозни тортади.
Мана шу «беихтиёрлик» замирида нимадир бор, бироқ инсондаги рационализмга интилиш, ҳамма нарсани онг категориялари билан баҳолашга ўрганиш оқибатида бу нарсаларнинг характерини билишга шошилмаймиз. Қолаверса, нарсалардаги хоссаларни бир қадар ўз фойдамиз томон буриб фикрлашга одатланганмиз. Мана шу эътироф этилмаган ақидага кўра Бек авария сабабчиси деб ўзини эмас, аксинча, «Волга» шофёрини ҳисоблайди.
Узоқ руҳий кечинмалардан сўнг Бек қалб ҳақиқатларини кашф эта бошлайди. Бу ҳақиқатларнинг ибтидоси ҳалолликдир. Виждон хасталигининг бошланиши ҳақиқатга салгина хиёнатдандир.
Бек ўзига бошқаларнинг, умумнинг нигоҳи билан назар солади ва улуғ ҳикматни кўради: «Нима бўлса бўлар!» – деганинг гуноҳингдир. Чунки энг разил гуноҳлар ҳам ҳамма нарсадан қўл силтаган лаҳзада бошланади. Шу фикр Бек кашфиётининг ўзагидир. Бу бир томондан, эмоциялар силсиласининг тасвири, иккинчи томондан, ана шу ҳиссиётлар курашларида тобланган виждоннинг бўй кўрсатишидир.
Бек одамлар ўртасида доимий содир бўладиган яна бир жиҳатнинг мавжудлигига иқрор бўлади. Кўпчиликнинг кўзлари – Виждондир. Виждондан эса бекиниш мумкин эмас. Кўринадики, ҳамма гап энг аввало, инсоннинг ўзида мужассам. У бировга қарар экан, унда ўзини кўради. Кўнгли тоза, виждони беғубор одамларгина бошқаларга ҳам шундай нигоҳ билан қараши мумкин ва улардаги ўзига бўлган беғуборликни кўра олади. Шу зайлда одамзод сон-саноқсиз ришталар билан ўтмишдошлар ва замондошлараро боғланган.
Қиссадаги бадиий деталларда бирламчи мазмун билан бирга бошқа рамзий образли моҳият ҳам мавжуд. «Амаки, уй, нок – учови бир-бирига суяниб амалтақал кун кўряпти. Бирортаси қуласа – тамом, Жаннаторолдан ном-нишон қолмайди». Нега? Дарахтнинг, уйнинг, ҳатто одамнинг вақти-соати етгандан сўнг ҳалокати табиийку?! Гап шундаки, амаки, уй, нок, трамвай депоси ҳовлисидаги яккаю ягона салқин, ораста жой – Жаннаторол тасаввуримизда инсон ва табиат уйғунлигининг рамзи, амаки эса имон, анъаналарга садоқатнинг мужассами сифатида ўрнашиб қолган эди-да. Фронтовик-жангчи ҳаётдаги бошқа барча орзу-ҳавасларидан воз кечиб, ота-она ҳовли-боғининг бир парчасини сақлаб қолишга эришади ва бу билан инсондаги эзгуликнинг хамиртурушини асраб келади. Демак, уй, нок, амаки – халқ турмуш тарзининг, анъана ва орзуларининг бирикмаси, шунинг учун ҳам улар ўзаро қувват олиб яшайдилар.
Амаки Бек – адашган инсон тақдирининг изга тушишида ҳам ижобий роль ўйнайди, дардини сувга айтиб, кўнглидаги аламли юкдан халос бўлиш йўлини ўргатади. Ҳақиқатан ҳам, Бек сувга тикилар экан, сув тиниқлашган сайин кўз олдида ўз тарихи ҳам аниқлаша боради ва лоп этиб беш сўм можароси бутун маънавий кўлами билан қалқиб чиқади. Хулоса шуки, дарё – ўз қалбингиз, дарё тубида намоён бўлган ва Сиз билан гаплашган одам – ўз виждонингиз; виждон билан холис ва қатъий гаплашиб туриш зарурлиги – асарнинг ғояси. Қиссанинг ғоявий мотивлари шундай.
«Нигоҳ» – кўп жиҳатлари билан янги руҳдаги қисса… Дил жараёнларини тасвир марказига олиб чиқиш, улардаги ўзгаришларнинг қатламларига янада чуқурроқ киришга интилиш, мажоз ва рамзлардан фойдаланиш ва бу воситалар ёрдамида инсон қалбини фалсафий трактат даражасида изчил ўрганиш асар бадиийлигини ўзига хос белгиларидир. Бу фактлар қайта қуриш жараёнларида Инсон омилининг ролини аниқлаштиришдек ҳамда давр қўяётган янги талаблар силсиласида Виждон категориясининг реал картинасини кўз олдимизга келтиришдек амалий аҳамиятга эгадир.
Муҳаммади ЖУМАНОВ
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.