Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 35 (всего у книги 38 страниц)
Қуёш бўзариб, бечораҳол, афтодаҳол бўлиб базўр томлар узра кўзга ташланди. «Ҳамма ёқнинг қор босиб ётишига, газ мўриларидан тутун бурқсиб чиқаётганига, одамлар куф-куфлаб юрганига мен айбдор» деяётганга ўхшайди… Кучаниб, қийналиб, ҳароратсиз нур таратади…
Тун. Соат 00.30. Ташқарида ой ҳам, қуёш ҳам йўқ. Ёлғиз совуқ, ёлғиз қор бор, холос.
31.01.1989
Осмон бир хил тусда − кирланган оқ рангда. Тунд. Қор − қуруқ қор тўрт-беш энлик ёғибди. Совуқ.
Эминжон ака (Усмон)нинг колхоздаги (Алишер Навоий номидаги) ҳовлиси. Кенг, қор қоплаган дала кўриниб турибди. Жимжит. Тиқ этган товуш, ширт этган шарпа эшитилмайди. Вақт тўхтаб қолганга ўхшайди.
Теплицага ёқилган печканинг бир маромда гувиллаши эшитилди: бўғиқ, алам билан инграяпти, нола чекаяпти…
17.05.1989
Сариосиё тоғларида «Олчабулоқ» деб аталмиш жойлар бор. У ерда Жўрақул бобо исмли чўпон бор. Ёлғиз ўзи 700дан ортиқ мол-ҳол, қўй-қўзи, эчки-улоқ боқади. Машина борадиган жойгача борди, у ёғи пойи-пиёда. Муддао – чўпон бобонинг суҳбатини олиш. Аломат одам, гаплашсанг, маза қиласан, одам!
Тўрт томон тоғ. Осмонга қараб ётсанг, серюлдуз палак ёпилган улкан коса тубида қолганга ўхшайсан. Кўзинг илинади.
Бир маҳал… Серюлдуз палакни кимдир йиғиб олибди. Ним ёруғ – тоғлардан тепада оқиш ҳарир дарпарда.
Ёруғлик оқиб туша бошлади…
Қўра томондан «ширр-ширр» товуш келди. Сигир соғиляпти.
Қўй-қўзилар қўтондан чиқарилган. Булутга ўхшаб ёйилиб бормоқда.
Итлар туни билан қўриқчиликдан толиққанми, тўртала оёғини чўзиб, ер билан битта бўлиб ёнбошлаб ётибди.
Чумчуқлар тинмай чириллайди.
Бесабр эчкилар қийшайиб ўсган толнинг белига чиқиб, шох учида қолган бир тутам яшил баргга тумшуқ чўзяпти.
Каттагина қўчқор билан қўзи тисланиб, бир-бирига хезланяпти.
Қашқа қўзи она совлиқнинг қуйруғини силтаб-силтаб мириқиб эмяпти.
Улоқча калта думчасини елпиғичдек ликиллатади.
Жўрақул бобо эчкидек илдам қадамлар билан липиллаб кўтариб келган сутни иккита пачоқ мис тоғорага қуйди. Бузоқдек-бузоқдек келадиган ит эриниб туриб келиб шапиллатиб ялай бошлади.
Қўтоннинг сим тўр деворига қариқуноққа ўхшаш қуш қўнди: «Чи-ви-чиви. Чиви-чиви»ладики!.. Итлар эриниб сут ялаётгани унинг ғашини келтираётгандек…
Қўй йўталди.
Осмон бир текис. Оч кўкиш тусда. Кунботарда бир тутам булут пайдо бўлди. Аллақайда бош кўтара бошлаган қуёш нурида кумушдай ялтираяпти.
Эгизак икки улоқча орқа оёқларида ғоз туриб, шохлаша бошлади. Она эчки гарданини нокнинг ғадир танасига ишқаяпти.
Питак қуш «вийт-вийт-вийт-вийт»лади. Кетидан қаторлаштириб «чу-чу-чу-чу»лади.
Жўрақул бобо улоқчани гарданидан кўтариб, зўрлаб бегона она эчкига тутди.
– Бир эмчак эмсин, – деди рухсат сўрагандек илтижоли оҳангда, она эчкини қўйиб юбормай. – Эма қолсин…
06.06.1989
Иссиқ, лекин у қадар лоҳас қиладиган даражада эмас. Соат 17 ларда беқарор шамол эса бошлади. Соат 22 да ҳилол кўринди. Жуда-жуда нозик. Нафис. Жамшидбек ўғлим билан биргаликда томоша қилдик. Ҳилол шундоққина айвонимиз тепасида осилиб турибди ўзини кўз-кўз қилиб… Соҳибжамол қиз ўзининг гўзаллигидан мағрурлангандек…
* * *
Куни ёдимда йўқ, шу йилги бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди.
Машҳур «Маҳаллада дув-дув гап» фильмининг охирларида янграйдиган вальсни жуда яхши кўраман. Композитор – Манас Левиев. Ушбу вальс мусиқаси нотасини журналда эълон қилишни ўйлаб қолдим. Бастакорлар уюшмасидан суриштирсам, композиторнинг уйи яқингинада экан. Адашмасам, 3-қават эди. Қўнғироқни босдим. Қўнғироқ жирингламади – ичкаридан ажойиб мусиқа садоси эшитилди. Эшик очилди, рўпарамда ўша машҳур Манас Левиев куйга хиром айлаб, рақсга тушиб турарди.
Муддаони айтдим.
– Нотани-я? – ишонмай сўради у. – Нотани чиқарасизми? Киринг.
Ичкарига кирдим. Эски, қадимги сандиқ бор экан, бастакор уни очди-да, қоғозларни титкилай-титкилай, дафтар қилиб тикилган тахламни олди.
– Фақат қайтарасиз, менда бошқа йўқ.
Келишдик.
Афсус, журнал саҳифаларида бутун бошли вальс нотасини чоп этиш имкони топилмади, ундан парча бериш мумкин, деган хулосага келинди.
Композитор қайдасан, дея яна бордим. Қўнғироқни босдим. Ўйноқи мусиқа янгради. Эшик очилди. Рўпарамда Манас Левиев иккала қўлини боши узра кўтариб, рақсга тушиб турибди.
– Келинг, – деди, бошини бир ёнга қийшайтириб.
Вазиятни тушунтирдим.
– Ҳаммасини беролмайсизми? – сўради у диққатини кўзларига йиғиб, мендан нигоҳини узмай.
– Иложи йўқ экан…
– Иложи йўқ эканми? – саволининг оҳангида қандайдир ўзгариш сезилди.
– Афсус, иложи йўқ экан..
– Қани?
Мезбон шундай деб нота дафтарини қўлимдан олди, индамай ичкари кириб кетди. Мен даҳлизда қолдим. Негадир хаёлимда бошқа нотани олиб чиқса керак-да ёки шундан бирор қисмини ажратиб кўрсатмоқчидир-да, деб ўйлабман.
Пича фурсат ўтди.
– Келинг! – деган товуш чиқди ичкаридан.
Кирдим. Қарасам, Манас Левиев ўша таниш сандиқнинг устида чордана қуриб ўтирибди. Назаримда Насриддин Афандига ўхшаб кетди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Оғзимни жуфтлаб улгурмадим ҳам.
– Йўқ! – деди иккала қўлини ёнларига ёйиб. – Нота йўқ!
– Ахир…
Мезбон мени гапиришга қўймади.
– Вальс бир созда чалинмайди, мен якка созда чалинадиган вальс ёзмайман, тамом-вассалом! Келганингиз учун ташаккур!
У шундай деб эшик томон ишора қилди…
16.10.1991
Ҳикоя ва қиссаларни машинкалатиб, «Ёш гвардия» нашриётига топширишдан аввал биринчи китобим сўзбоши билан чиқса, деган умидда қўлёзмани Иброҳим ака Ғафуровга олиб бордим.
07.11.1991
Фикр-хаёлим Иброҳим акада. Кун санаб, сўзбошини кутяпман. Лекин дарак йўқ. Шу қадар интиқ кутдим шекилли, бугун тушимга кирдилар. Устоз ошхонада овқатланиб ўтирибдилар. Салом бердим. Одатларича кўзимга тиккасига тикилиб турибдилару ортиқча эътибор бермаяптилар. Бир оғзи гапирмадилар. Овқатланишда давом этдилар…
08.11.1991
Эрталаб. Хуршид Даврон билан гурунглашиб ўтиргандик, Иброҳим ака қўнғироқ қилиб қолдилар. Севиниб кетдим. Тушдан кейин бордим. Сўзбоши йўқ. Тарвузим қўлтиғимдан тушди. Минг истиҳолада сўз очдим.
– Сиззи қўлёзмангизни ўқиш учун бир ҳафта бошқа ишларимми йиғиштириб қўйишим керак, – дедилар бошқачароқ оҳангда.
Нафасим ичимга тушиб кетди. Индамадим. Начора, эҳтимол ёзганларим маъқул келмагандир. Қолаверса, иши бошидан ошиб ётган одам 250–300 варақли қўлёзмани ўқиши осонми?! Сўзбоши ёзиш ҳазилми?! Тўғриси, бу томонини ўйлаб кўрмаган эканман, қаттиқ изза бўлдим.
…Метрода қайтяпман. Вагонларнинг тарақа-туруқи миямнинг ичидан чиқаётганга ўхшайди. Ҳар сафар бекатда такрорланаётган ёқимсиз ахборот атайин сени янаям эзиб ташлаш мақсадида бўғиқ овозда ўқилаётгандек. Хаёл суришга ҳам қўймайди. Тўсатдан рўпарамдаги ойнада аксимни кўриб қолдим. «Келаётган эканман, хайрият…» деган тасалли кечди кўнгилдан…
Изҳор: Қўлёзма ўқиш нақадар машаққатли юмуш эканлигига кейинчалик жуда кўп марталар иқрор бўлдим. Ҳақиқатда, ўзингиз мўлжаллаган режаларни четга суриб қўйиб, бошқаларнинг ёзганини ўқиб ўтириш озмунча вақтни ўғирлайдими?! Лекин муросадан қочиб қутулиш қийин. Мумкин қадар ё қўлёзмамни, ёки чоп этилган асаримни «Ўқиб беринг» деган илтимос билан деярли ҳеч кимга мурожаат этмадим.
13.11.1991
Бугун эрталаб «Библиотека классического зарубежного детектива» сериясининг 1-жилдини сотиб олдим. Уйга келибоқ, Г.Анжапаридзенинг сўзбошисини ўқидим. Детектив жанри ҳақида муфассал тушунча берибди. Олима ёзган мезонлардан келиб чиқилса, бизнинг адабиётда росмана детектив асар йўқ экан!
И.Ҳаққулнинг «Тасаввуф ва шеърият» китобини олдим.
Шодиқул Ҳамроевдан илтимос қилгандим – «Латиноамериканская повесть»нинг 1-жилдини олиб келди.
С.Цвейгнинг «Ницше»сини Бобур Тўхтабоев ҳадя қилганди, мириқиб ўқидим. В.Гораннинг қадимги юнон мифологияси, И.Волгиннинг «Достоевскийнинг сўнгги йили»… «А.Камью», «Блюз сонни» навбатда туришибди.
Ҳаммасин четга суриб, Қуръони каримни ҳижжалаб конспектлаштиришга киришдим.
М.Пришвиннинг «Кундаликлари»ни бошлашдан ўзимни тийдим.
29.11.1991
Оқшом. Дўрмон ижод уйи ошхонасида овқатланиб ўтиргандик. Шукур ака (Холмирзаев) шаҳардан қайтиб келиб қолди. Қўлида иккита гулдаста. Халқ ёзувчиси унвонини олишга кетганидан хабаримиз бориди.
– Қани? Қани? – деб у кишини қуршаб олдик.
– Ҳа, анави ерда, – деб ташқарига имо қилди ака.
Сўнг олиб кирди. Қутичани очиб кўрдик, томоша қилдик.
– Олдик, – деди ака, чимирилиб. Худойберди акангиз одатдагидек раҳматлар ёғдирди. Абдулла ҳам гап бошлаб қолди… Чиққанда айтдим: «Гапиришингиз шартмиди!» дедим…
Кейин, «Қани, хонамга!» деб ялписига таклиф қилганча, ошхонани тарк этди.
Дўрмонга келганимга беш кун бўлди. Кеча Шукур ака қўярда-қўймай хонасига олиб кирди. Роса мақтади мени, раҳматлар ёғдирди – сабабини тушунмадим. Қуйди – ичди, яна ва яна.
– Қўйинг, бўлди, етар! – дедим жеркиброқ.
– Сиз танбеҳ бериб туринг, мен битта олай, – деди устоз, пинагини бузмай…
Дам олиш уйининг даҳлизига чиқаётиб, тасодифан телевизорли хонага бош суқиб қолдим. Кикбоксинг бўйича профессионаллар жанги кўрсатилаётган экан. Биринчи бор кўришим, бундай жангни! Болалик кезларимиз муштлашардик, тепишардик, лекин бунчалар шафқатсизликни кўрмаганман!
Озми-кўпми, спорт билан шуғулланганман, ёқтираман, лекин бу қадар ёвузлик… Спортнинг ёвузлик тури ҳам чиқибди-да!..
Орадан икки-уч соатлар ўтди ҳамки, ичимдаги титроқ босилмаяпти. Кикбоксингчиларнинг важоҳати кўз олдимдан кетмаяпти… З.Фрейднинг «Я и ОнО» китобчасини ўқиб, бир оз чалғидим.
28.02.1992
Тоҳир Маликнинг уйида, болохонадаги ижодхонасида ўтирибмиз.
Тоҳир Малик:
– Баъзан тик туриб ёзаман. Ишламай юрган кезларим ҳафтасига фақат чоршанба куни кўчага чиқар эдим. Қолган куни кеч соат ўн бирдан то соат эрталабки бешга қадар – дадам раҳматли уйғонгунларича ёзар эдим. Сўнг – уйқу. Тушликка дадам билан аямга дастурхон тайёрлаб, пешиндан кейин ўғлимни ўқитар эдим… Иккита қиссани ўшанда битирганман. Кўп ўқиганман ўшанда…
84-йили Сочига дам олишга кетишимдан икки кун бурун мазам қочди. «Тез ёрдам» келди, укол, дори-дармон дегандек. Уч соатлар кетишмади тепамдан. Ҳайрон бўлдим. Салкам инфаркт бўлган эканман. Эртасига касалхонага бордим. «Қимирламай ётасиз», деди. Уйга бориб келай, деб рухсат олдим. Сочига жўнаб кетдим. Бордим, юракни текширишди. Шаҳарга чиқиб кетманг, кўпроқ ётинг, дейишди.
Дам олиб қайтдим. Шу болохонани қуриш нияти хаёлга келиб қолди. Эрталаб Аҳмаджонга (Тоҳир аканинг маҳалладоши Аҳмаджон Зокир – Х.Д.) айтсам кечқурун йигирмата тўсин ташлаб кетибди. Ёлғизман. Бўйнимга арқон ўтказиб йўлакка ташиб киритдим. Эртасига пойтешани олиб ишни бошлаб юбордим. Врач чақиртирди. Кўрди. Анча дурустсиз деди. Қилган ишларимни айтдим. Ишонмади. «Не может быть», деди.
05.03.1992
«Жума оқшомида» кўрсатувидан:
Исми Аъзам яширилган илми ғайбдир. Буни ҳеч кимса тополмайди. Қироат бўлмаса, намоз бўлмайди. Тажвид бўлмаса, қироат бўлмайди. Қуръонни ўқишда аввало тажвидни эгалламоқ, таълим қилмоқ керак. Тажвид фарзу айндир.
Қуръони карим Парвардигорга тажвид билан нозил бўлган.
* * *
Устоз Нажмиддин Комиловдан:
ХIII асрда яшаган Азизиддин Насафий офоқу анфус (кичик ва катта олам) назариясини ривожлантирган. Анфус − кичик, офоқ − катта олам. Унинг фикрича, офоқда нимаики ҳодиса бўлса, у кичрайтирилган ҳолда анфусда, яъни одамда зоҳирдир. «Шу боис инсон бир томондан моддий дунё билан, иккинчи томондан Мутлақ руҳ билан зич боғлиқ ва у шу улуғ борлиқнинг марказига қараб интилаверади, ундан мадад олади, уни ўзида топади. «Офоқ ва анфус» назарияси аслида қараматийлар мафкураси сифатида пайдо бўлган (Носир Хисрав шу мазҳабда бўлган). Азизиддин Насафий бу таълимотни тасаввуф ва ваҳдатул вужуд назарияси билан келиштириш, синтезлаш пайида бўлган.
Изҳор: Хуршид Даврон нашриётнинг бош муҳаррири эди. Хонасида ўтиргандик. Қўлёзмалар тахламини титкилаётиб, сўрадим:
– Бу қанақа қўлёзма?
– Э-э, неча йилдан буён ётибди. Чиқариб бўлмайди, – деди афсусланиб.
Қарадим: Нажмиддин Комилов. «Тасаввуф».
– Менга беринг, ўқиб кўрай.
Қўлёзмани олиб кетдим, бошқа барча иш-юмушларни йиғиштириб қўйиб, ўқидим. Бошқа дунёга бориб қолгандай бўлдим. Шундай таълимотдан бехабар умримиз ўтиб кетмоқда-я!
Кундалик вазифаларга ҳам қўл ургим келмай қолди…
* * *
Бетховен ўз даврида эътироф этилган қадриятларни бузиб ташлаган, яъни у мусиқада шоир ҳисобланган. Уни телбага чиқаришган. У мусиқанинг имкониятларини бойитиш ниятида симфонияга хорни қўшган.
* * *
Санъат турлари америкалик нафосатшунос олим Т. Манронинг ҳисобига кўра 400 та. Форобий ҳам санъатнинг чегараси йўқ, деган.
03.01.1994
Ўртоқлари билан уришиб, кучи етмай қолган бола, «Ота-а!» деб уйига югуради. Бас келолмаган бола, «Ҳо-озир отамни чақириб чиқаман!» деб, «Уйда акам бор!» деб пўписа қилади.
Нуқул, «Форобий, Беруний, Ибн Сино… каби боболаримиз бор!» деб аравани қуруқ олиб қочиш ўша боланинг аянчли ҳолатига ўхшаб кетади. Ўша зотларнинг буюклиги ҳақида шубҳа йўқ, албатта. Лекин ўзимиз нимага қодирмиз?! Қачонгача ўн аср илгари ўтган бобомизнинг номини рўкач қиламиз?!
Бу – биринчидан.
Иккинчидан, буюк боболаримизни яхши билмаймиз-ку! Ҳатто мутахассислар ҳам тўла-тўкис ўрганишмаган улардан қолган бисотни. Меросни!
Учинчидан, буюк зотларнинг буюклиги улардан қолган меросларнинг бугунги кунда давом этиши – ҳаётимизда амалан акс этмоғи билан белгиланмоғи керак. Токи, улардан қолган таълимотнинг буюклиги давомийликда акс этсин.
Ўтмиш маънавий мерос ҳақида сўз борганда яна бир мулоҳазани ўртоқлашишга тўғри келади. Шарқ халқлари учун озуқа вазифасини ўтовчи азалий илдизлар кўп: дин, алломалар, ёзма манбалар, ёдгорликлар… Ота-боболар анъаналаридан бир оз йироқлашиш ҳам қарийб кўнгилсиз ҳодиса сифатида баҳоланади. Анъана юки янги яратувчи кучга нисбатан беҳад оғир! Бу юк билан олға жадал юриш унча-мунча одамга насиб этавермайди. Зеро, хусусан, ижодда олдинга юриш айрим анъанавий қадриятлар пиллапоясини синдириб ўтишга тўғри келади. Модерн санъати шу тарзда вужудга келди.
С.Цвейг буюк Гёте дунёқараши зўрлик билан чегараланганлигидан нолиганини ёзади. «Слишком много в нем тени вчерашнего. Слишком много истории. Слишком тяжел неотвязный груз собственного «я» (С. Цвейг. Ницше. Таллин. 1990. С.42)
С.Цвейг шу ўринда динга тил теккизади. «…на протяжении двух тысячелетий прививало человечеству такую робость, запуганность, подавленность. Что заставляло его вечно каяться в каких-то грехаха. Что обесценивало все естественные, бодрящие, животворные ценности и даже самую жизнь» (Ўша китоб. С.43).
Ницшеда бор эди: «Тараққиётга хизмат қилмайдиган ҳар қандай эзгулик зарарлидир». Буюк олмон файласуфини тушуниш керак. У тараққиётга элтувчи ҳақиқатни ўзидан ҳам устун деб билган. Ҳақиқатни шафқатсизларча ёқлаш борасида унга ҳеч ким, ҳатто Достоевский ҳам тенг келолмаслигини С.Цвейг яхши ёзган. Лекин Достоевскийнинг ҳақиқати мутлақо бошқача. У ёш бола кўзидаги ёш эвазига бўлса ҳар қандай тараққиётдан воз кечиш кераклигини айтади. Шу маънода Ницшенинг назарида Достоевский тараққиёт душмани, Достоевский назарида эса Ницше шафқатсиз, ҳатто ёвуз!
Бир ҳаётий лавҳа.
Бундан 15 йил бурун колхоз қурилиши йилларининг шоҳиди бўлган бир отахонни излаб Зангиотага бордим. Эшикни тақиллатдим. Чамаси 64-65 ёшлардаги отахон чиқди. Ёшига номуносиб чаққонлик билан уйга таклиф қилди. Кирдим. Отахон йўл бошлаб боряпти. У кишининг хатти-ҳаракатларида дастёрлик аломатлари сезилиб турарди. Ҳайрон бўлдим. Колхозлаштириш даврини кўрган одам шу қадар ёш экан-да, деган ўй кечди кўнглимдан. Бироқ ичкарига кираётганимизда, отахон: «Кираверинг, меҳмон, отам уйдалар» деди, менга илтифот кўрсатиб. Шундагина мен излаб келган бобо ичкарида каравотда қават-қават ёстиққа суяниб ўтирганига кўзим тушди. Мени бошлаб келаётган отахон эса у кишининг ўғли экан.
Кирдим. Саломлашдик. Бобонинг кўзлари хира тортган экан.
– Ўтиринг, меҳмон, хуш келибсиз.
Салом-алик тугагунича «кичик» отахон курсига дастурхон ёзди, югуриб-елиб нон, қанд-қурс териб чиқди.
– Чой опкелдингми? – сўради каравотда ўтирган бобо.
Бобойнинг товушида зарда оҳанги сезилди.
– Келтирдим, ота, чой қуйяпман, – жавоб қилди ўғил.
– Фалончининг ошига чиқдингларми?!
Кичик отахоннинг нафаси ичига тушиб кетди, ҳатто бошини бўйни ичига тортди. Бобо буни пайқади.
– Одамгарчиликдан чиқиб кетасанлар. Айтилган жойга бирров бориб йўқлаб келсаларинг, бўлмайдими!
– Ҳа, ҳм, ота, вақтимиз …
– Нима ишинг қолиб кетяпти. Вақт, дейсан?!
Кичик отахон маъноли бош ирғаб қўйди, хижолат чекди, менга чой узатган қўли сезилар-сезилмас титрарди…
Нақадар гўзал, камдан-кам одамга насиб этадиган масрурлик! Ахир 60-65 ёшингда отанг ёнингда бўлса, майли, сени тергаб, танбеҳ бериб йўлга солиб турса, қиблагоҳингнинг хизматини қилиб дуоларини олсанг!
Бироқ!.. Кичик отахоннинг ҳам умри ўтиб кетди-ку! У отасининг танбеҳларини, даккиларини сўзсиз адо этиши нечоғлик эзгу амал бўлмасин, унинг ўзи ўз умри, ҳаёти учун нима қилди? Яратувчи бўлолдими? Ёхуд эзгуликка қўшган улуши кифоями?.. Ота-она ризоси учун оиладан узоқлашмайдиган, кашфиётлар, саёҳатлар, жасоратлар водийсида жавлон урмаган, урмаётган ёшлар озмунчами?!
Ана энди ушбу лавҳани Ницше ва Достоевский мезонларидан келиб чиққан ҳолда баҳосини беришга уриниб кўрайлик. Узил-кесил жавоб излайлик. Қатъий ва мутлақ жавоб эса йўқ, йўқ, йўқ…
Фаранг математиги Эварист Галуанинг (1811 –1832) қараши эса янаям қатъий: «Кто не чувствует глубочайщей ненависти к настоящему, не испитывает истинной любви к будущему».
Қадим япон қабилаларидан бирида кексайган одамни кимсасиз жойларга ташлаб келиб, баҳридан ўтиш удуми замирида ҳам Ницшеизм ётибди. Шукур Холмирзаевнинг «Қадимда бўлган экан» ҳикоясида жуда яхши тасвирланган шу удум.
Ўзбек ҳам, Достоевский ҳам бундай бедодликка тоқат қилмайди, бу йўл билан тараққиёт кўчасига йўламайди.
17.06.1994
«Давр, мафкура, шахс» номли мақолам «Туркистон» газетасида босилди. Деярли ҳеч бир кимса тилга олмади.
Изҳор: 1989 йил 12 апрель куни «Ёш ленинчи» газетасида худди шу сарлавҳада бир саҳифалик мақолам чиққан эди. Шу қадар кўп ва серҳаяжон муносабат билдирилдики, публицистиканинг олов, алангали қудратини ўшанда яққол сезгандим. Энди-чи? Эҳтимол, бу галги мақола аввалгисидек ёзилмагандир. Бошқа бир сабаб ҳам йўқ эмас. Бу – давр руҳи, кайфияти.
89-йиллар нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ шўролар юртида публицистик руҳ ниҳоятда баланд эди. Газета-журнал талаш эди. Танқид – таҳлилдан, таҳлил – танқиддан ўтарди. Бирорта материал кенг омма эътиборидан четда қолмасди. Муносабатлар оқиб келарди. «Ёш куч» журналида вилоятлардан, қўшни республикалардан қоплаб хат-хабар олардик. Таҳририятларда ҳаёт қайнарди. Одамлар матбуотга, матбуот сўзига ишонарди.
Муҳит, кайфият шундай эди!..
05.01.1994
Буюк ҳинд донишманди Р.Тагор анъана ва янгиликка интилиш ўртасидаги зиддиятни ифодаловчи яхши мисол келтиради. Яъни деҳқон ерни остин-устин қилиб ҳайдамаса дуруст ҳосил ололмайди. Бунинг фарқига етмаган одам деҳқонни шафқатсизга чиқариши мумкин. У гўё она заминга ёвузлик қилаётгандек, жабр етказаётгандек туюлади (Р.Тагор. 8-жилд. Б.310.)
19.10.1994
Киплингда шундай гап бор экан: «Отношения между людьми, это – островки лжи и океаны недорузумений».
Яна бир ҳикмат: инсон болалигида ўзини ҳаммадан ўзгача, фарқли ҳис қилади, улғайгани сари эса одамлар кўпда фарқланмайдилар.
31.10.1994
Болани ухлатиш мақсадида унга «Ёт, кўзингни юм!» дейиш – реал ҳаёт. Алла айтиб ухлатиш эса – адабиёт, санъат – бадиий реаллик.
28.10.1994
В.Гюгонинг «93-йил» романида машҳур саркарда Говэн маънавий падари Симрдэнга шундай дейди: «Сиз туфайли мен ҳаётман ва фикрламоқдаман. Тақдир сизга рўпара қилмаганида мен сеньор – жаноб бўлар эдим, сиз эса мени фуқаро қилдингиз, мен фақат фуқаролик билан чегараланиб қолган бўлар эдим. Лекин сиз мени фикрловчи инсон қилиб етиштирдингиз: сиз мени заминий ҳаётга мослаб тарбияладингиз, қалбимни эса – коинот ҳаётига муносиб қилдингиз» (352).
«Умуммувозанатга эришиш – яхши, умумуйғунликка эришиш – янада яхши» (352).
* * *
Ота, она, муаллим, шаҳар, Ватан, инсоният – буларнинг ҳар бири арши аълога олиб чиқадиган зинапоялар.
Имконият – бошимиз тепасида учиб турадиган сирли қуш. Тутиш керак, вассалом! Тутганда ҳам тирик тутмоқ керак. Ўлган имкониятнинг кимга кераги бор.
«Рассудок – это всего лишь разум, а чувство – нередко сама совесть; первое исходит от человека, а второе – свыше. Вот почему чувство не столь ясно, как разум, но более мощно» (332).
18.01.1995
Г.Флобер. «Госпожа Бовари».
Сиёсий тўфонлар атмосфера тўфонларидан кўра кўпроқ бузғунчилик олиб келади (123).
17.02.1995
Бутун коинот Мутлақ мувозанат туфайли мавжуд, деган ақида «яратдим» ўзимча. Ушбу ақидамни асослаш ниятида китоблар титкилашга киришдим. Диоген Лаэртский (юнон, II аср охири − III аср боши) ёзади: (М.: 86) ривоятларга кўра, Евмолпнинг ўғли Мусей инсоният тарихида худоларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳикоя қилган, биринчилардан бўлиб шар ясаган. Ёруғ дунёдаги ҳамма нарса Яккадан туғилади ва Яккада ўлади деб таълимот берган (55).
Гермеснинг ўғли Лин дунёнинг келиб чиқиши, Қуёш ва Ойнинг йўналиши, ҳайвонот ва набототнинг яратилиши ҳақида таълимот яратган. Унинг достони қуйидаги мисра билан бошланади:
Было время, когда все в мире явилося вместе…
Анаксагор Мусей ва Лин таълимотини қўллаб-қувватлайди ва дунёдаги барча нарса бирдан, бир йўла пайдо бўлган, сўнг Ақл пайдо бўлиб уни тартибга солган дейди (56).
Фалсафа ва философия деган тушунчаларни биринчи бўлиб Пифагор… ўзига нисбатан айтган. Унинг ақидасига кўра, ҳақиқий донишманд инсон эмас, Худодир (58).
Физика, этика, диалектика фалсафанинг уч қирраси:
Дунё ва ундаги нарсаларни ўрганиш − физика;
Инсон ҳаёти ва хоссаларини ўрганиш − этика;
Ҳар иккисини биргаликда ўрганиш − диалектика.
24.02.1995
Ҳар банда ҳаётини ўзича адолат йўлида, деб ўйлайди. Эҳтимол, бошқалардан кўра адолатлироқ яшаяпман деб ҳисоблайди. Ҳақиқат − нисбий, деган тушунча шундан келиб чиқади.
Аслида мутлақ ҳақиқат бор. Кўпчилик уни билмайди, холос.
Т.Маликнинг «Шайтанат»ида Асадбек ҳаётини аламзадалик, қасос асосига қурган. Гўё ўзича адолат ўрнатмоқчи. Ва… адолатга адолатсизлик орқали бормоқда. Элчин ҳам шу: қиморда ютқазиб, оқибати − касофати хотинига урди − пичоқлаб кетишди. Энди у қасос олмоқда…
Зоҳид қасос илинжида ҳаётини ўзга кўчага буриб юборди. Бироқ уларнинг бирортаси адолат мезони бўлолмайди. Чунки «Иброҳим» сурасида айтилганидек, қиёматда сўроқ чоғи саволга тайёр эмас улар. Уларнинг бари бу дунё васвасаси комида. У дунё учун ҳали мол-дунё орттиргани йўқ. Шайтанат − мана шу…
Мутлақ уйғунлик фарзандлари бўлмоқлик учун эса охират молини жамламоғи зарур…
Қиссадан келиб чиқадиган бош хулоса – ҳукм ҳам шунда.
10.03.1995
Рўзғор тебратиш қийинлашмоқда. Бир муддат китобфуруш дўстларга ҳамроҳлик қилишга тўғри келди…
26.04.1996
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Саъдулла Аҳмаднинг шеърлари эълон қилинди. Ундан қуйидаги мисраларни «Бозор» романига эпиграф сифатида олиб қўйдим:
Дунё боши гулзор, одоши мозор
Гулзору мозорнинг ораси бозор.
10.06.1998
Март ойининг биринчи кунлари Президент Ислом Каримов қабулига йиғишди. Чамаси 15 – 16 нафар таниш чеҳралар. Биз бир гуруҳ ижодкорларга жойларда учрашувлар ўтказиш, маҳаллий иқтидорли ёш йигит-қизлар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятларга боришимиз топширилди.
Муҳаммад Юсуф билан камина уч кеча-кундуз Наманганда бўлдик. Учрашувлар ташкил этилди. Меҳмондорчилик борасида, табиий, наманганлик дўстлар ҳеч кимдан қолишмайди. Шунда Муҳаммаджонга эътибор қилдим: ўзи, соғлиғи ҳақида мутлақо қайғурмас экан. Дастурхон ноз-неъматларга тўла, шоир ҳамроҳим эса ёлчитиб таомланганини билмадим. Дўстона койиган бўлдим, насиҳат қилдим, бирор марта йўқ демади, эътироз билдирмади, кулимсираб қўяди, холос. Лекин билганидан қолмади. Янглишмасам, ўзига, ўз соғлиғига эътиборсизликда Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Тоғай Мурод шундай эдилар.
Намангандан қайтдик. Таассуротлар ҳақида биргаликда мақола ёзишга келишдик. Газетачи эмасмизми (ўша кезлар «Ҳуррият» газетасида ишлар эдим), бундай мақолалар бир кунда ёзилади ва эълон бўлади-кетади. Икки-уч дафъа телефонлашдик, қайта-қайта аҳдлашдик, мақоланинг Муҳаммаджон ёзадиган қисмидан эса дарак бўлмади. Ҳафта ўтди, икки ҳафта ўтди, мавзу долзарблигини йўқотди, ёзиб қўйган 3-4 бетлик мақоламни унутдим ҳам.
Кутилмаганда, Муҳаммаджон таҳририятга кириб келди.
– Ака, мақолани ёздингизми? – сўради у, жиддий қиёфада. Менинг жавобимни кутмай, ниятини айтди: – Мен мақола ёзолмадим, манави шеърни қўшиб чиқарворарсиз.
Мақола ёзилмади, танти ва жўмард Муҳаммад Юсуфнинг менга қолдирган қуйидаги шеъри бисотимда сақланиб қолди.
НАМАНГАН
Қадам етса яйрар жон,
Наманган бу Наманган.
Водий бўйнида маржон,
Наманган бу Наманган.
Нолаи оҳи Машраб,
Ҳур ўғли шоҳи Машраб.
Бир ўғли Бобур Султон,
Наманган бу Наманган.
Қизлари кўкда ҳилол,
Тилларидан томар бол.
Йигитлари паҳлавон,
Наманган бу Наманган.
Бир ёғи қадим Нанай,
Попларидан айланай.
Бир ёғи Янгиқўрғон,
Наманган бу Наманган.
Қайга борсанг ёғар гул,
Одамлари дарёдил.
Ўхшаши йўқ бир бўстон,
Наманган бу Наманган.
Хуш келдинг, эй Муҳаммад,
Бу жой шаҳри – муҳаббат.
Неъмат тўла намаккон,
Наманган бу Наманган.
08.09. 1998
Бир гуруҳ журналистлар сафида Вашингтонга келдик. Ажойиб меҳмонхонага жойлашдик. Мен шоир Ғулом Мирзо билан ҳамхона бўлдим. Шу кундан «Чаёнгул» номли фильм сценарийсини ёзишга киришдим. Кейин Сан-Диегодаги ҳашаматли, жаннатмонанд меҳмонхонада, сўнг Спрингфильд ҳамда Нью-Йоркда сафаримиз ниҳоясига етгунга қадар бирор кунни канда қилмай ёзиб тугалладим.
25.06.2001
Марказий Осий республикалари журналистларидан иборат меҳмонлар қаторида Швейцария бўйлаб саёҳатимиз давом этмоқда. Бугун Женева кантони прокурори Бернар Бартосса қабулида бўлдик.
Прокурор Қозоғистон президенти Н.Назарбоевнинг бир неча ўн миллион доллари банкда сақланаётганидан сўз очди. «Вечерний Алмаата» газетасининг мухбири Вадим ўша заҳоти хонанинг бир чеккасига борди-да, газетасига хабар йўллади! «Тайёрланаётган сонга беришади» деди, жойига келиб ўтираётиб. «Президент сенга қандай муносабатда бўлади?» деб сўрадим. «Бу Женева прокурорининг ахбороти, менинг унга дахлим йўқ. Бизнинг президент тушунган одам», деб жавоб қилди Вадим, бамайлихотир.
29.01.2002
Сешанба. Миллий университетда Турсун Алининг «Туйғулар ранги» китоби тақдимоти бўлди. Тушликда ўтирганимизда Эркин Малик қўнғироқ қилди: шоир Аъзам Ўктам бандаликни бажо келтирибди!.. Аттанг! Шу-ундай йигит, ўтади-кетаверадими?! Яқиндан дўстлашиб-сирлашиб юргандик!
Таҳририятга бордим, кўз ўнгимда Аъзам Ўктам. Саҳифалардан бирида Фозил Зоҳиднинг «Пойга» шеърини қўйишган экан. Хушомадгўйлар пойгаси! Киноя йўсинида ёзилган. Ўқидим. Жуда яланғоч мисралар бор экан, иккита тўртликнинг устидан чизиқ тортдим. Жой очилиб қолмаганми, барака топгур дўстлар бўш жойни бошқа бирор матн билан тўлдириш ўрнига, шеър матнини йирик-йирик ҳарфда териб юборишибди. Шу қадар йирикки, истамаган одам ҳам беихтиёр шеърга кўз югуртиради. Ҳатто… ҳатто энг ёмони, эртага улуғ айём куни эканлиги мутлақо ёдимда йўқ. Ваҳоланки, бош муҳаррир деган одам бундай саналарга эътиборсиз бўлиши кечирилмайди. Хаёл раҳматли Аъзам Ўктамга кетган-да!..
30.01.2002
«Ҳуррият»нинг навбатдаги сони чиқди ва мен «Пойга» шеъри туфайли… пойгадан чиқдим. «Мустақил» газетадаги бош муҳаррирлик одиссеяси паймонасига етди…
04.02.2002
«Ўзбекистон матбуоти»да бош муҳаррир сифатида иш бошладим.
30.08.2002
Олий Мажлис, 9-сессия. Қўмита раиси Ўткир Ҳошимов маърузаси юзасидан муҳокамага чиқдим. Сўзимни тугатган жойимда Президент И.Каримов савол берди: «Мана, цензура бекор қилинди, оммавий ахборот воситаларидек катта соҳа энди қандай бошқарилади?»
Мен бу саволга тайёр эмасдим. Жавобимдан ўзим қониқмадим. Тушдан кейин Навоий кутубхонасига бордим. Картотекаларни титкилашга тушдим. Бир қанча адабиётлар, диссертациялар билан танишдим. Натижада, ҳар қандай миллий журналистикани касб этикаси – одоби бошқариши зарурлигини аниқлаган бўлдим.
Қаттиқ киришдим ва изланишларим жадал давом этди.
23.09.2002
Аҳмад Аъзам ўғли Улуғбекни уйлантирди. «Жар» ресторанида никоҳ оқшоми. Ўртада Шерали Жўраев хониш қилмоқда. Фурсатим тиғиз эди, кетишга чоғланиб тургандим, ҳофиз «Тушимда кўрсам эди»ни бошлаб қолди. Яхши кўраман, шу қўшиқни, мириқиб тинглайман. «Сабр қил, – дедим ўзимга ўзим. – Ёқтирган қўшиғингни тинглаб, сўнг борарсан!»
Ниҳоят, қўшиқ ниҳоясига етди, ташқарига юрдим. Иккинчи қават зинасидан тушиб келаётгандим, рўпарамдан 12-14 ёшлардаги бола жони борича югуриб чиқиб келяпти. Худди ортидан биров қуваётгандек!
Бола мени кўрди-ю, «Тушимда кўрсам»ни айтмадими?!» деди овози борича, бақириб.
Назаримда, Шералининг мазкур машҳур қўшиғи боланинг тақдирини ҳал қиладигандек, борди-ю, ҳофиз қўшиқни куйлаган бўлса ва бола уни тинглай олмаса, ҳаётда улкан йўқотиш юз берадигандек иккала кўзини менга умидвор-илҳақ тикиб, жони борича тўйхона томон югуришга шай турарди.
– Айтди, ҳозиргина айтди, – дедим, ҳамон боланинг ниятини тушунмай.
– Эҳ! – деб юборди бола, бўшашиб. Зина деворига беҳол суяниб қолди, йиғлаб юборай деди…
21.10.2002
ТВда Х.Тўхтабоевнинг «Хуршида» видеофильмини қабул ҳайъати аъзоси сифатида томоша қилиб ўтирибмиз. Тоқат етмаяпти, қачон тугаши номаълум, кўзим экранда, хаёлим уйда ўқиётганим Маркеснинг «Осень патриарха» романида. ХХ асрнинг буюк асарларидан бири! Адиб ижодининг чўққиси! Ўзини, ўзлигини англаш истагидаги ҳар бир одам мазкур романни йилда бир марта такрор ўқиб қўйса, кони фойда!
02.02.2003
Буюк итальян рассоми Микеланжело (1475 – 1564) 80 ёшдан ошганида ўзи кашф этган кўплаб ҳаётий ҳақиқатлардан изтироб чеккан. Жумладан, қалбим нозиклашиб боргани сари дунёнинг дағаллиги кўпайиб бораётгандек туюлади, дея оғир ўйга толган…
08.10.2003
Уч кунлик Фарғона сафаримиз ниҳоясига етди. Олий Мажлис қўмитаси вакилларидан иборат гуруҳимиз кўпгина туман, шаҳар-қишлоқларни айланиб чиқдик. Водий журналистлари иштирокидаги анжуман тугагач, учоқ қўналғаси томон йўлга отландик.
– Шу, Воғиз акани кўриб ўтайлик, – деди Иброҳим ака. – Кекса одам, ётиб қолганлар…
Таклиф ҳаммага маъқул келди. Уч машина одам бордик. Иккинчи қаватга чиқдик. Воғиз Музаффаровни газетадаги мақолалари орқали, сиртдан танийман. Икки-уч марта телефонда узоқ-узоқ суҳбатлашганмиз, холос.
Ёши тўқсонни қоралаб қолган Воғиз ота қоқ суяк оёқларини осилтириб каравотда ўтирибди, тиззасининг ёнида ингичка елим ичак кўринди.
Йўлдош Сулаймон баланд овозда дўриллаб таништирди:
– Ўткир Ҳошимов!..
– Ҳа-а-а!..
– Иброҳим Ғафуров!..
– И-и-и!..
– Хуршид Дўстмуҳаммад!..
– Бу киши билан телефонда гаплашганмиз…
Ўтирдик. Фотиҳа қилинди. Хона тор. Вилоят ҳокими ўринбосари Ҳаётхон Каримов, Охунжон Ҳакимов, Йўлдош Солижонов ҳам шу ерда.
Воғиз ота гап очди:
– Мен Ибрагим Ғафуровни ҳизрни кутгандек кутар эдим…
– Сафарга келишган экан, сизни зиёрат қилайлик дейишди, – изоҳ берди Йўлдошали ака.
– Кирмасанглар қаттиқ хафа бўлардим. Мана, ётибман… Касалдан гапирсак – гап кўп, лекин…
– Булар самолётга кетишяпти, вақтимиз зиқроқ, – деб вазиятни эслатди Йўлдош ака Солижонов.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.