Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЁЛҒИЗ ҚАЛБ ИЗТИРОБЛАРИ

«Ёлғиз» қиссаси буюк Абдулла Қодирий ҳаётининг таҳликали кунлари ҳақида. Қисса адиб таваллудининг125 йиллиги арафасида аввал «Шарқ юлдузи» журналида, кейин алоҳида китоб ҳолида чоп этилиб, 2020 йил «Эҳтиром» мукофотининг «Йил адиби» номинациясида ғолибликни қўлга киритди, унинг асосида саҳна асари яратилди.

Китобни ўқимаганлар учун икки оғиз сўз. Хуршид Дўстмуҳаммад «Ёлғиз» қиссасини қамоқхона манзарасидан эмас, балки ундан-да мудҳиш залолат ботқоғи – жадидлар даврида англаб етилган масаланинг туб илдизи тасвирланган бозордаги саҳнадан бошлайди.

«– Отқа қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек – маориф шўросига сало-о-ом!»

Кейин… «Кўрунган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқу қора ҳам малла – Туркистон уламоларига сало-о-ом!»

Сўнг… «Масков бориб келибон, минглаб фойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон; …халқ қайғусин емайин, мактаб очай демайин; …эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган Туркистон савдогарларига сало-о-ом!»

Охирида … «Амма-холаси ҳаводор, аҳ-ҳа-ҳу-ей, кучингда-ан-н!!!»

Улуғ Темур қурган салтанатни парчалаб, оёқ ости қилган, миллатни таназзул ботқоғига ботирган, ҳурлик учун курашиш хаёлига келмаган аъёнлар – мударрис, олимлар, савдо билан шуғулланадиган, шу билан бирга юртма-юрт кезиб дунё тамаддуни янгиликларини юртга ташийдиган пулдорларнинг тубан дунёқараши ва пуч нарсадан ҳаволаниб юрган бу «юқори табақа» оилаларининг аҳволи… Қодирий фелъетонларидаги беаёв масхаралаш усулига уйқаш оҳанглар…

Энди бу гапларни эшитиб, воқеани кузатган бозордаги одамларнинг руҳиятини кўрсатадиган фикрларга эътибор беринг:

«– Уҳ, қизиталоқ, гап бағда экан-да-а!»

«– Топиб айтди».

«– Боплади! Ошиб-тошиб ётган дунёсига мактаб очиш эсига келармиди!»

«– Унинг ўрнига бачавозлик қилади!..

– Давлатингга ўт тушсин!..

– Лутдан баттар қирилсин!..»

Бозор – ҳаётда учрайдиган халқ вакиллари, хусусан, аҳли дониш («топиб айтди»), маърифатпарвар («мактаб очиш эсига келармиди») фикрлари, ниҳоят оддий одам («давлатингга ўт тушсин») ва энг аянчлиси Қуръондаги оятлардан бохабар мусулмон банданинг қарғиши («Лутдан баттар қирилсин»)…

Афсуски, эзилган халқнинг дуоибади ёзувчи тасвиридаги барча қатламни, ҳатто қарғиш соҳибларининг ўзини ҳам навбатма-навбат қирғин қилди!.. Қиссанинг бадиий бўёқларда, таъбир жоиз бўлса, кулги воситасида акс этган даҳшатли киришидан олинган таассуротлар эди бу!

Аммо миллатнинг поймол бўлишини истамаган, курашган, бунинг учун бошини мустамлакачи кундасига қўя олган маърифатпарварлар оз бўлса-да, бор эди. 1918 йилда Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухторияти иттифоқсизлик сабаб бостирилгач иштирокчиларнинг баъзилари қатл этилган, бошқалари қочқинликка юз тутган, бир гуруҳи чекка ҳудудларда босқинчига қарши курашаётган, бир қисми эса даҳрийлар қўл остида бўлса-да, Ватанда қолиб қаламлари билан озодликни орзулаётган тарихий фурсат ҳақидаги асар.

Юқорида таҳлил қилганимиз бозордаги воқеалар тасвири масжидда илиб қўйилган газета, матбуотнинг аҳамияти («Бирдан-бир нажот матбуотда, ягона халоскор – матбуот!»), ундан «Муштум» журнали таҳририятидаги ижодий жараёнга кўчади. Большевиклар сиёсати авжга чиқа бошлаган, маҳаллий халқ зиёлилари, айниқса, маърифатпарварлик ҳаракати вакилларига нисбатан тазйиқлар кучайган палла. Қодирийнинг «Йиғинди гаплар»и «Муштум» журналида чоп этилади.

Ҳаммаси шундан бошланади, дейиш ноўрин… Балки миллат онгидаги ҳурликка интилиш ҳиссини йўқотишга қаратилган Сталин бошлиқ большавойлар қаттол сиёсатининг собитлашуви ва уни ташувчи «итюрак»ларнинг (М.Булгаков) ўзгача фикрловчилар устидан ҳукмронликни бошлаган фурсати дейиш ўринлидир.

Абдулла Қодирий шеър, ҳикоя, пьеса машқ қилар, мақолалар ёзарди. Шунда у ҳажвий журналистикага берилди. Нега? Қиссада бунинг сабаби қаҳрамоннинг сўзларию амалларида изоҳланган.

Қодирий Мунаввар қорининг «Тараққий» газетасида ёзган фикрларини эслайди ва хаёлан хитоб қилади: «Хўп ёзган, топиб ёзган, англаб етармиканлар деган ниятда аччиқ, қиличнинг тиғидек ўткир ёзган – дунёға нима учун келгонини билдирмоқликни кўзламоқ зарур, билсин ахир, одамларимиз! Билсин, билсин, кўзи очилсин! Йўқ, яна бир карра, ўн карра йўқким, «…билмаслар, билмаганликларини ҳам билмаслар!»

Яна савол беради Қодирий: «Буюк падаримиз Беҳбудий ҳаётини, умрини, жисми жонини гумроҳлар боши узра машъала ўрнида ёқди – билдиларми?»

Фитратни, Чўлпонни эслайди, Таваллонинг маърифий шеърларига мурожаат қилади.

 
«Бошқа миллат қилди ғайрат, минди мақсад отиға,
Маҳрум ўлдук лоф уриб, чойхоналарда куну тун.
 

Офарин, домулло Тавалло, офарин! Аччиқроқ, чимдимроқ айтаверинг эмди ҳақ сўзни, Усто, аччиқроқ! Ғайрат уйи эмас чойхона, ғафлат уйи, уйқу уйи – ҳасратхона. Неча-неча эр йигитлар умри зое – чойхона! Чойхонага қурбон эл қалбида ўқимоққа муҳаббат уйғотмоқлик учун ҳам кўп, рост ва қизиқ ёзмоқлик шарт».

Бу фикрлардан кўринадики, оддий насиҳатомуз гаплар одамларга таъсир қилмай қўйган. Хуршид Дўстмуҳаммад буни турли ҳаётий саҳналарда, гурунглар воситасида кўрсатиб берган.

Маҳалладошлар аҳволи ҳақида чойхонадаги ҳолат тасвиридан бир чимдим: «…ўтганнинг ўроғини-кетганнинг кетмонини пайров қиладиган чапани йигитлар гап айтишга баҳона истагандай анграйиб-санграйиб ўтиришарди…»

Шунда кўчада кетаётган Қодирийга кўзлари тушади.

«– Ҳой, Абди, – деб чақирди гулдор қийиқли йигит Хизр бувани учратгандек севиниб. Бироқ у узун енгининг ичидаги беданаси чўчиб кетмасин деган хавотирда қўлини орқасига қайириб, бўш қўли билан имлаб чақирди, қарийб шивирлади: – Бу ёққа қара!»

Чапани йигитлар (бири беданавоз) аҳволотини кўринг. У узоқ ўлкада таҳсил олиб, эндигина қайтган Абдулладан сафар таассуротларини айтиб беришини талаб қилади. А.Қодирий:

«– … ўқиш мақсадини кўзлаб оқиб келаётган йигит-қизлар билан гурунг қилсангиз баҳри-дилингиз очилади. Ҳайрат ва ҳавасдан ёқа тутасиз!»

Энди берилган жавоб мағзидан изланган «мантиққа» диққат қилинг:

«– Нечта қиз билан гурунглашдинг? Беш-олтитасини етаклаб келмабсан-да Эшонгузарга!

– Воҳ-воҳ-воҳе-й-й!

– Оҳ-оҳ-оҳе-е-й-й!

– Жонимми қоқай-й, жонингда-а-а-н!

Сафар таассуротлари қолиб аския қизиди…»

Изоҳга ўрин йўқ, лекин савол бор. Қодирийларнинг маърифий суҳбатини ўзлаштиришга қурби етмайдиган, бунинг учун ҳаракат ҳам қилиб кўрмайдиган, истамайдиган, эринадиган, ҳар қандай муаммо таҳлили жараёнини енгил-елпи кўнгилхушликларга буриб юбориш билан «роҳатланадиган», аслида ҳар қандай тугун ечимини кулгига олиб ўзининг товуқмиялигини тан олмайдиган «оми-оломон» тасвирига эътибор бердингизми? Афсуски бундайлар ҳеч қачон йўқолмайди. Жадидларнинг ҳаракатию умиди уларнинг сонини камайтириш эканлиги асар қаҳрамони фикрларида мужассам.

Хуршид Дўстмуҳаммад қўни-қўшниларнинг Қодирийга муносабатини ёш қизчалар ҳаракати ва сўзларида беозор тасвирлаган бўладики, бунда уларнинг мустабид жамият шакллантирган тубан дунёқараши акс этган.

«Бир пайт дўланазор адоғидаги пастак гувалак девор оша икки-уч қизалоқ чеҳралари лип-лип ўта бошлади. Ўша тарафдан дугоналарнинг эҳтиёткорона қиқирлагани чалинди қулоққа. Бироқ бу шарпалару қиқирлашлар тақир ер устидаги кўрпачада чордана қуриб ўтирган ёзувчининг фикрини чалғитолмади. Ваҳоланки, гувалак девор оша ўғринча уни кузатаётган қора кўз қизлар ўзлари билганларича қўшни Жулқунбойни ғийбат қилаётган эдилар.

– Хат битвотти! – шивирлади қизлардан бири.

– Нималарни битвотганикин, тавба-а-а! – Ҳаяжондан энтикиб илова қилди бошқаси. – Хадич, қўшнингни феъли санга маълумдир ахир? Айт, билсанг!

Дугоналарнинг учинчиси – Хадича узоқ ўйламай «аниқ-тиниқ» ойдинлик киритди:

– Ёмон одам бўлса керакки, тинмай ёзади!..

– Астағфуриллоҳ, ўзинг асра бундай одамлардан! Яхшиям, ёзишни бимайман!..

– Ўзингга шукр, ман ҳарф ҳам танимайман…»

Фикрлашдан маҳрумлик. Билимсизликдан шукроналик – миллатнинг бўлғуси оналари, демакким, келажак болаларининг ақлий мажруҳлиги, яъниким, фожиа асоси…

Асарда бу тахлит «шукроналик»ни халққа ўргатадиган Исоқ домла образини ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад маҳорат билан бера олган. Унинг фикрига қулоқ тутинг.

«– Улдурким, ман санга айтсам, ёзғувчилик – асли шайтони лаъинни касми!»

Маҳалла «чапанилари», домла, қиз-жувонлар аҳволи ойдинлашмоқда. Бундан кўриниб турибдики, асар қаҳрамони ўз маҳалласида ЁЛҒИЗ эди…

Бобоси Абдулла тараф бўлса-да, унинг ҳам ўз ҳақиқати бор – «Ҳақ гап мағзи бамисоли аччиқ бодом, уни қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал шундай…»

Ўзи ишлайдиган таҳририятда-чи? Унда нега уни сафдошлари ёлғизлатди? Бугунгача ҳукм сураётган ғалати ҳолат. Дўсти Ғози Юнусдан хафа бўлиб шундай ўй суради Қодирий:

«Кулгини камайтир, ғазабингни жиловла – жиддий оҳангда ёз мақолани, деб ақл сўқигани-сўқиган Ғози. Вой, ақлингдан сани, Ғози! Вой, дўстим, деган тилингга жонимни қоқай! Кулгини, таъна-ўпкани тўкмасанг кимга керак бундай мақоланг?! Меҳрингни бер, диққат ила ўқи, оғайни, маним мақолаларим – маним дардларим ахир! Ёзар сиёҳим – дардларим, шу боисдан ҳам заҳар у, заҳар. Бўлак сиёҳдан қўлимга қалам тутмайман, Ғозивой жўра! …Сен билан қачонгача сўқишамиз, Ғози? Сендек қалами пухта-сўзи ўткир биродарим билан тил топишолмасам, ким қолади ёнимда, ким?!»

Демак, Қодирий ишхонасида, ижод майдонида ҳам ЁЛҒИЗ эди…

Шундай бўлса-да, азият чеккан, ноҳақликка учраган одамлар Жулқунбойни излаб таҳририятга келардиларки, бу ҳажвнинг ўрни жабрдийда жамоатчилик учун нақадар аҳамиятли эканлигини англатади. Жамиятнинг ЁЛҒИЗ малҳами…

Аччиқ гаплар оддий одамларга ёқади, лекин Наполеондай қаттол император ҳам журналистларни «кўча санитарлари» деб, уларнинг зарурлигини тан олган бўлса-да, аксарият ҳукмдорларга уларнинг кинояю кесатиқлари, танқидлари ёқмайди.

«…Абдулла Қодирий «Овсар» тахаллуси остида ёзган «Йиғинди гаплар» мақоласини ўқир эканман, мақола мазмунига кўра унинг йўналиши Ўзбекистон ҳукуматининг масъул раҳбарларини обрўсизлантиришга қаратилган, шунингдек, Ўзбекистон компартияси ва совҳукумати томонидан ўтказилган ғоятда муҳим тадбирлар устидан кулган ва уларни танқид остига олганким, мақола очиқдан-очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ҳамда у журналда босиш орқали кенг оммага тарқатилганким, ул эгаллаб турган вазифасига кўра муҳаррир ўринбосари бўлиб хизмат вазифасидан фойдаланган ва уни суиистеъмол қилган ҳолда муҳаррирнинг қатъиян тақиқлаганига қарамай мақолани навбатдаги сонда эълон қилдирган…»

Большавой зобит Агидулин томонидан жиноят иши қўзғатиш учун ёзилган асосномадан парча бу. Қиссада журналист устидан иш очиш жўнлиги, мантиқсизлиги ҳужжатлар асосида очиб берилган.

Бўпти, озодлигимиз душманлари малайлари – Агидулинларнинг МАҚСАДИ аниқ – берилган топшириқни ҳар не қилиб бўлса-да, БАЖАРИШ – ОБРЎ ОЛИШ. Кимни эзиб, янчаяпсан, фарқи йўқ… Асарда «Бўғма» образида берилган жиноятчига-да фарқи бор, лекин улар учун аҳамиятсиз…

Бугун-чи? Бугун озодмизку! Вазирлардан бирининг саксон ёшни қаршилаган «ғирт газетчи» устидан фуқаролик судига, яъни фуқаро сифатида қилган мурожаати матнидаги қуйидаги кўчирмага эътибор қаратинг: «…мақоланинг чоп этилиши айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган мажбурий обунага қарши кураш, шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатига қарши нуқтаи назарни ифодаловчи мақола бўлди. …амалга оширилаётган ислоҳотларга нотўғри муносабат шаклланишига олиб келди»(«ХХI аср» газетаси). Судга берилган мақола матбуотнинг аҳамияти ҳақида эди. Хуршид Дўстмуҳаммад асари қаҳрамони – Абдулла Қодирий миллат равнақи, ҳурлиги учун «…ягона халоскор – матбуот», деб турибди. Агидулин ёзган айбнома билан ҳуррият даврида уюштирилган айбноманинг ўхшашлигини тан олинг… Иккала публицистик асар ҳам жамият равнақи учун ёзилган, иккаласи ҳам муносиб иш қилмаётган мутасаддиларга қаратилган аччиқ сўзлар. Лекин хулоса чиқариш, аҳволни яхшилаш ўрнига улардан халқ ва давлат душмани ясалмоқда.

Демак, Агидулинлар ҳеч қачон йўқолмас экан-да, деган афсус юракка ғашлик солади…

Хуршид Дўстмуҳаммад «Ёлғиз»да «Ўткан кунлар»даги образлар, жумладан, Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш, Ҳомидлардан маҳорат билан фойдаланган. Айниқса, муҳаббат ёшидаги китобхонларни Юсуфбек ҳожи образига чорлаши жуда мароқли топилма.

Х.Дўстмуҳаммад асарда Юсуфбек ҳожи образига мурожаат қилар экан, юртини ҳур ва адолатли кўришни истаган миллат донишманди сифатида кенгроқ тасвирлайди. Бугунги ўқувчига Абдулла Қодирий қаттол сиёсат сабаб очиқ ёритолмаган, лекин «Ўткан кунлар» мағзига сингдирган, ҳар киши ҳам илғаши қийин бўлган синоатларни очиқлайди.

Худди шу ўринда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг «Абдулла Қодирий типик жадид эди… Асарларининг мавзулари, идеяларигина эмас, балки уларнинг формал тузилишлари, бадиий хусусиятлари, даражалари ҳам жадид адабиётининг типик намуналарини ташкил этади», деб уни бежизга танқид қилмаганини хотирлагимиз келди.

Жадидлар ғояси нима эди, деган саволга жавобни такрорлашдан чарчамаймиз – ОЗОДЛИК эди!..

Шу боис Абдулла Қодирийнинг бандиликда «Оми-оломон ҳаётига янгилик шабадасини олиб кирувчи яккаю ягона куч – матбуот», деб ўйлаганини эътироф этсак-да, «Абдулла етти ухлаб тушига кирмаганди мана шундай аҳволда қолиши, бор-йўғи матбуотга гап ёзғувчи мухбир-мусанниф бўлса, нимаики ёзса янги жамиятнинг корига яраш, ёмонни камайтириш – яхшини кўпайтириш дардида ёзди…» деган ёзувчи изоҳига бироз бошқачароқ қарагимиз келди.

Қисса қаҳрамони, Ойбек айтмоқчи, жадидлар ғояси билан тарбия топган Абдулла Қодирийнинг «Йиғинди гаплар»и фақат 1926 йил воқеалари муносабати билан эмас, балки билимсизлик, иттифоқсизлик, сотқинлик сабаб асралмаган озодлик қайғуси, адолатсизлик сабаб «мажақлаб» ташлаган Туркистон мухторияти қонга ботирилганининг саккиз йиллигига бағишланган ва албатта, қалбида йиғилиб қолган дарду аламлар эди.

Очлик эълон қилган Қодирийнинг аҳволини кўрган турма шифокорининг «Шундай рўмон ёзган одамни аянч аҳволга солишибди, инсофсизлар! Уч қайта ўқидим, яна ўқийман! Кумуш нега ўлди, ука? Нега?! Юраклар дош беролмади, ука. Эркак бошимга йиғладим, жон, ука!..» деган дилни эзар сўзлари ёки Қодирийнинг ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча онасига «Кумуш ўлди, бибижон! Кумушбиби ўлиб қолди!..» деб айтган гаплари қатидаги ҳаяжонли уч нуқта билан берилган моҳият.

Кумушбиби – ҳуррият мустабидлар томонидан ўлдирилган эди… Ким қанча йиғламасин, у ғаним заҳридан ҳалок бўлган эди.

Хуршид Дўстмуҳаммад Туркистоннинг ана шу аламли тарихида большевиклар сиёсатига қўнишолмай юрган юрт зиёлилари тимсолини, жадидлар ботинидаги жасоратни, шижоатни, қолаверса, тушкунликни Қодирий образида ишонарли, таъсирли тасвирлаган.

«Ёлғиз» – ҳурлик йўлида бошни кундага қўйиб бўлса-да, тўғри сўз айтган бобо(лари)миз тақдири!..

«Ёлғиз» – шу пайтгача ҳақиқатни ёзиб, оқибатда таҳқирланганлар қисмати!..

«Ёлғиз» – салтанат соҳибларининг келгусида танқидга тўғри муносабатда бўлишга интилиши зарурлиги хусусида ўтинч!..

«Ёлғиз» – ҳақ сўзни айтган инсонни жамият қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақида чорлов!..

«Ёлғиз» – айтилганлар кўйида азобланаётган ёлғиз қалб изтироблари…

Китобни ўқиган ҳар бир зиёли бундай эътирофлар қаторига ўз ҳақиқатларини қўшиши, шубҳасиздир!

Ҳалим САЙИД
(«Жамият» газетаси, 24 июл 2020.)
КЕЧИНМАЛАР ТАСВИРИ ВА ТАҲЛИЛИ

Ҳозирги ўзбек насрининг фаол вакилларидан бири Хуршид Дўстмуҳаммад шу кунга қадар прозанинг роман, қисса, ҳикоя, эссе, бадиа жанрларида баракали ижод қилди. Қисса насрнинг ўрта жанри бўлиб, роман, ҳикоя, эссе каби бошқа жанрлар орасида унинг алоҳида ўрни бор. Ўзбек адабиётида қисса жанри узоқ тарихий жараённи бошдан ўтказди. Халқ ижодининг оғзаки қиссахонлик анъаналари, пайғамбарлар ҳақидаги диний қиссалар, муҳаббат қиссалари, мумтоз адабиётдаги қиссачилик, шўро даври повесть жанри, модерн қиссалар таъсиридаги қатор омиллар бугунги ўзбек қиссачилиги учун асос ва пойдевор бўлиб хизмат қилди. Замонавий ўзбек қиссанавислиги тарихида реалистик анъанавий қиссачилик, вульгар социологик қиссачилик, киноявий қиссачилик ва модернистик қиссачилик ижодий анъаналари ва тажриба-кўринишлари вужудга келди.

Хуршид Дўстмуҳаммад 80-йиллар адабий авлодига мансуб бўлиб, муаллифнинг жами ўнта қиссаси унинг бу жанрдаги ўзига хос ижодий изланишларини намоён этиб турибди. Қисса жанрига хос муҳим назарий белгилардан бири – унда битта қаҳрамоннинг тўлақонли саргузашти ҳикоя этилишидир. Қиссада баъзан роман жанрига хос унсурлар, баъзан эса ҳикоя, новеллага хос жиҳатлар кўриниш бериб қолади. Кейинги пайтдаги назариётчи олимлар ва ўзимизнинг бу жанр борасидаги кузатишларимиз натижаси шуни кўрсатмоқдаки, қисса доминант бўлган асарда албатта, унга хос муҳим белгилар билан бир қаторда баъзан бошқа жанрлар (роман, новелла, ҳикоя, эссе, хотира)нинг ҳам унсурлари иштирок этаверади. Лекин барибир, қисса жанрининг доминантлиги ҳисобига қисса бўлиб қолаверади.

Қисса ёзувчиларимиз томонидан замонавий миллий адабиётимизда кўп бора синовдан ўтказилган ва янада тажрибадан ўтказилаётган, натижада унинг турли хил қирралари кашф этилаётган жанрлардан бири. Шу маънода, серқирра ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бу жанрда яратган бадиий яратиқлари ўзига хослиги, анъанавий қиссачиликдан фарқланадиган қатор бадиий ва ғоявий хусусиятлари билан аҳамиятга молик. Назаримизда, Хуршид Дўстмуҳаммад қиссаларида муаллифгача яратилган 70 йиллик замонавий қиссачиликнинг социал (маиший) томони, мафкуравий ғоябозликдан (социалистик, коммунистик сиёсий идеология) воз кечилгани билан оригиналлик, ўзгачалик касб этади. Ҳозирги ўзбек адабиётининг истеъдодли вакили бўлган ижодкор қиссанавис сифатида олам ва одам муаммоларини янгича ракурсда бадиий тафтиш қилади. Бу янгилик, аввало, қаҳрамон ботини, унинг ўй-хаёллари, руҳиятида содир бўлган иккиланишлар, азоблар, зўриқишлар, ўзини ўзи тафтиш қилиш, муҳокама этиш, фикрлаётган инсоннинг кечинмалари тасвирининг бўртиқлиги билан шу кунгача яратилган қиссанавислардан фарқлаб туради. Асосийси, муаллиф қиссаларида Шарқ ва Ғарб ижодий анъаналарининг таҳлилини кузатиш мумкин.

«Нигоҳ» қиссасида трамвай ҳайдовчиси Бекнинг руҳий «саргузашт»лари, «Паноҳ»да Аҳмадалининг зилзиладан сўнг аммасиникидан уйигача бўлган масофани босиб ўтиш жараёнидаги ўй-хаёллари ва кўрган-кечирганлари, «Оромкурси»да Кўкламали Тонготаровнинг оппоқ оромкурсига ишқу муҳаббати, «Чаёнгул»да Гулгуннинг жинояти билан боғлиқ саргузаштлар, «Сўроқ» қиссасида Бозорнинг кўрган-кечирганлари, «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз»да аёл ва эркак ўртасидаги азалий ва ўлмас муҳаббат мавзусининг ўзгача талқини, «Куза…»да Умиднинг Устоз олдида, оилада, дўстлари даврасидаги руҳий кечинмалари, «Катта кўча»да С.Алиевичнинг ишдан бўшаб, амал курсисини олиб, уйга қайтиши воқеаси ҳикоя этилади. Хуллас, муаллиф ҳар бир қиссасида бирор бир кўз кўриб қулоқ эшитмаган ёки жуда таниш бўлган тақдир соҳиби (Бек, Аҳмадали, Кўкламали Тонготаров, Гулшод, Гулгун, Бозор, Умид, С.Алиевич ва бошқалар) ҳақида ёйинки, бирор бир кутилмаган воқеа ҳақида (трамвай ва «Волга» йўл ҳалокати пайтида содир бўлган воқеа («Нигоҳ»), зилзила ва ундан сўнг содир бўлган қаҳрамон руҳиятидаги зўриқишлар, хавотирлар («Паноҳ»), Оромкурсига, оппоқ рангга мубтало, касал бўлиб қолган қаҳрамон фожиаси («Оромкурси»), номуси топталган сингил фожиасидан сўнг содир бўлган қотиллик («Чаёнгул»), учар ликопчада келиб, кўпчиликни сўроққа тутган ўзга сайёраликлар ташрифи ва шу ташрифдан сўнг содир бўлган Бозор ва завод ишчилари руҳиятидаги ўзгаришлар, қишлоқда юз берган воқеалар («Сўроқ»), Рассом йигит ва Қизнинг бир-бирига ёзган севги мактублари («Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Гўё рўё»), Умиднинг донишманд Устози, руҳий хаста Опаси, тадбиркор дўстлари қуршовида кечган мулоқоти ва ўй-хаёллари хусусида китобхонга ўзгача бир услубда қисса битиб, тақдим этади.

«Қисса» рўйхатидан жой олган сўнгги асар ХХ аср замонавий ўзбек насрининг улкан дарғаси Абдулла Қодирийнинг бошига тушган аянчли кунларидан («Ёлғиз») ҳикоя қилади. Абдулла Қаҳҳор архивини ўрганганимизда, адибнинг «Абдулла Қодирий»га бағишланган мақола қўлёзмалари ва кундалик қайдларида беназир истеъдод соҳиби Қодирийга «Ёзувчилар Амири» деган ёрлиқни берганини ўқидик. Хуршид Дўстмуҳаммад «Ёлғиз» қиссасида илк бор ўзбек ёзувчиларининг Амири Абдулла Қодирий бадиий сиймосини яратишга уринди.

Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг ўнлаб қиссалари билан ҳозирги замонавий миллий модерн қисса жанри табиатига бир қатор янгиланишларни олиб кирди. Назаримизда, бу янгиланиш ва сифат ўзгаришлари қуйидагиларда яққолроқ кўринади.

Х.Дўстмуҳаммад интеллектуал наср намояндаси сифатида мураккаб сюжет қурилиши, Шарқ ва Ғарб адабиётининг илғор, умуминсоний бадиий ғояларини мужассам этган қисса жанрининг гўзал намуналарини яратди. Муаллиф қиссаларида ижтимоий муаммо етакчи мавқега чиқмайди, аксинча, руҳий муаммо – инсон ботинида содир бўлган мураккаб, кутилмаган бир вазият, ҳолат, кайфият, кечинма, онгостидаги воқелик (ўз ўзини таҳлил этиш) бирламчи бадиий талқин ҳадафига айланади. Муаллиф қиссалари шаклан Ғарб қиссачилиги таъсирида яратилгандек («Чаёнгул» ва «Ошкора қотиллик қиссаси» (Габриэль Гарсиа Маркес), «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Гўё рўё» ва «Камбағаллар» (М.Ф.Достоевский), «Куза…» ва «Жараён» (Франс Кафка) таассурот пайдо қилади. Аммо бу зоҳирий ўхшашликни етакчи тенденцияга, ижодкорнинг индивидиуал ижодий услуби сифатида қабул қилмаслик керак, чунки Х.Дўстмуҳаммад қиссаларида воқеалар ҳам, қаҳрамонлар ҳам ўта миллий руҳ билан яратилади. Муаллиф кўпда қиссалар тўнини, яъни сюжети ва композициясини Ғарб қиссачилиги, Европа насри андозалари асосида бичса-да, аслида Шарқ адабиёти, хусусан, мусулмон одами учун хос бўлган исломий маърифат, исломий дунёқараш билан бадиий талқин ва тафтиш этади. Энг муҳими, Хуршид Дўстмуҳаммад қиссаларида шунчаки ҳаётда содир бўлган исталган бир воқеа ҳикоя этилмайди (йўл ҳалокати, зилзила, курсига муҳаббат, учар ликопчадаги ўзга сайёралик сўроғи, кузатув, таъқиб, амалкурсини етаклаб уйига қайтган амалдор қиссаси), аксинча, ўша оддий воқеага улкан бадиий-фалсафий маъно юкланади. Воқелик ҳам, қаҳрамон ўйлари ҳам метафоралашади, ижодкорнинг ҳар бир қиссасида юксак даражада бадиийлашган поэтик метафоралашган образни кўриш мумкин. «Нигоҳ»да қўрқинч, хавотир, таҳлика, олайган, қорайган, қийшайган, юмилган нигоҳлар рамзийлаштирилса; «Оромкурси»да оппоқ, савлатли, момиқ Оромкурси – амалпарстлик рамзи сифатида, курсига ошиқлик амалпарастликка чалинган генетик касаллик рамзи сифатида; «Куза…»да таъқиб, кузатув, жамият назорати, кузатувчи ва кузатилувчи образлари рамзийлаштирилади; «Катта кўча»да ишдан, амалидан айрилган кекса амалдорнинг амал курсисига ўчлиги, катта кўчага ҳайдалиши рамзийлаштирилади; «Сўроқ»да Аллоҳ даргоҳида сўроқ қилинмасдан олдин одам ўзини ўзи сўроқ қилиб туриши кераклиги рамзийлаштирилади… «Чаёнгул»да эса аёллар ор-номуси ҳимоя қилинмаган жамиятда Чаёнгул қотиллар (ёллар жинояти) пайдо бўлиши юксак бадиий маҳорат билан очиб берилади.

Хуллас, адибимиз қиссаларига хос энг муҳим бадиий услубий хусусият ёзувчининг метафоралар, аллюзия, тимсолли ишоралар, рамзлар, истиоралар, ўхшатишларга бойлиги билан эътиборни тортади.

Қиссаларнинг яратилиш санасига диққат қаратсак, бу қарийб қирқ йиллик ижод маҳсули. Йиллар бу – Умр. Йиллар бу – ижодкорнинг тажриба тўплаб, янада ёзувчилик касбини мукаммал эгаллаши учун синов-имтиҳон майдони. Айни камолотга тўлиб, пишиб етилган фасли.

Хуршид Дўстмуҳаммад насри ўқувчини мудом ўйлантириб, мулоҳаза юритишга, китобхонни фаол фикрлашга ўргатувчи интеллектуал жиҳатдан баланд ижод. Ёзувчи оммабоп-ҳаммабоп эмас, балки кўпроқ элита наср намуналарини яратди. Бу фикрни адибнинг «Бозор», «Донишманд Сизиф» романлари, «Ибн Муғанний», «Нусхакашнинг меросхўри», «Кўз қорачиғидаги уй», «Меҳмон», «Жажман», «Жимжитхонага йўл», «Жим ўтирган одам», «Қичқириқ» каби ўнлаб ҳикояларига нисбатан ҳам айтиш мумкин.

Характерли жойи шундаки, муаллиф қайси жанрда қалам тебратмасин, уларда минг йиллик миллий анъаналар билан шаклан модернистик бадиий услубий изланишлар маҳсули қоришиб кетади. Умуман олганда, ижодкорнинг хоҳ ҳикояси бўлсин, ҳоҳ қиссаси, ҳоҳ романи – уларнинг барчасида янгиликка ўчликни кўриш мумкин. Ижодда янгилик қилиш эса янги услуб, янгича ёндашув, янгича фикрлаш демакдир. Хуршид Дўстмуҳаммад бадиий ижод табиатини шундай тушунади ва шунга қатъий амал қилади. Шу маънода, адиб қиссаларининг ҳар бирида янгилик ифори бор, янгича услубий изланишлар ва янги метафоралар кўзга ташланади.

Ёзувчининг «Оромкурси» қиссаси ҳақида У.Норматов, Р.Қўчқор каби кўплаб олимлар ёзишди, асардаги образлар моҳиятини очиб беришга уринишди. Аммо ёзувчининг ўзи Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида тадқиқотчилар билан бўлган ижодий учрашувда бу қиссада кўзлаган мақсади, асарнинг яратилиш биографияси ҳақида мутлақо хаёлга келмаган бир гапни айтди. Ёзувчининг айтишича, у кунлардан бир кун қаердадир рангпарастлик касаллиги ҳақида ўқиб қолади. «Ойпараст одам» ҳақида эшитганмиз, лекин «рангпараст одам» ҳақида эшитмагандик. Мана шу кутилмаган руҳий касаллик билан боғлиқ ҳолат ёзувчини ўзига тортади. Адиб рангпараст одам образини Кўкламали Тонготаров қиёфасида тасаввур этади. Бу «Оромкурси» қиссасининг яратилиши учун илк хамиртуруш эди. Мана шу ғояни хаёлда пишитиб юрган адиб кунларнинг бирида талабалар ётоқхонаси деворига илинган рўйхатга кўз югуртира туриб, унда Кўкламали исмига эътибор қаратади. Ушбу исм ёзувчининг юрагига лахча чўғ бўлиб тушади. Шундай қилиб, ёзувчи «Оромкурси» қиссаси қаҳрамонига исм топади. Бу «Оромкурси» қиссасининг яратилиши ва қаҳрамон исми, унинг руҳий ҳолати яратилиш тарихи билан боғлиқ ижодкорнинг ўз оғзидан эшитилган гаплар. Назаримизда, бадиий асар таҳлилида ижодкор лабораториясини очишда бундай деталлар, фактлар жуда муҳим роль ўйнайди.

Қарангки, олимлар шу пайтгача «Оромкурси» ва «Кўкламали Тонготаров» образларига ижтимоий рамзий маъно юклаб келишди. Аммо ёзувчининг ўзи бу қисса ва образда руҳий муаммони очиб бермоқчи бўлганини эътироф қилди. Қисса қаҳрамони Кўкламали Тонготаров амалдор шахс Жанобали Тонготаровнинг ўғли. Бу қиссада ижтимоий ва руҳий муаммо сифатида илгари сурилган «мансабу мартабага мутелик», «оромкурсини севиш касаллиги» каби ғоялар «Катта кўча» қиссасида бадиий тадриж этди. Ҳатто «Катта кўча»да «Оромкурси» қиссаси ва унинг қаҳрамонига очиқ бадиий ишоралар (аллюзия) берилади.

Ёзувчи «Катта кўча» қиссасида «Оромкурси»га ва унинг бош қаҳрамонига бадиий ишора (аллюзия) қилиш орқали асарда яна бир янги услуб яратади. Кўкламалининг отаси Жанобали Тонготаров ишхонасидаги қип-қизил курсисига ошиғу мубтало бўлиб, бу генетик касаллик ота қонидан ўғил (Кўкламали)га ўтади.

Бизнингча, отасининг қизил оромкурсига ошиқ бўлиши бу шўро давридаги амалпарстликка рамзий ишорадир. Кўкламали эса отасидан фарқли равишда оқ рангли оромкурсига ошиқ бўлади. Ёзувчи қаҳрамоннинг ички руҳий тўлғанишларини, бу рангпарастлик ва амалпарастлик, оромкурсига ошиқлик касалининг оғриқли азобини таҳлил этади. Кўкламали бу руҳий хасталикнинг отасидан мерос бўлиб ўтганини англаб етади, обрў ва ором, ҳаммасидан воз кечиб, оддий одамлардек яшашни истайди. Аммо қаҳрамон бу руҳий хасталикни енголмайди. Ўз жонига қасд қилади.

Ёзувчи Х.Дўстмуҳаммад миллатимиз онгига сингиб кетган ижтимоий муаммоларни соф руҳий ҳолат билан боғлаб таҳлил қилади. Масалан, амалпарастлик, қўрқоқлик касалининг миллий генга кириб чуқур илдиз отганини ниҳоятда теранлик билан бадиий талқин қилади. Адибнинг «Сўроқ» қиссаси ҳадисдан олинган ушбу эпиграф билан бошланади: «Сўроққа тутилмай туриб, ўзларингни ўзларинг сўроқ қилинглар».

Хуршид Дўстмуҳаммад ислом фалсафасини ва ислом маърифатини чуқур ўргангани қиссаларида ҳам сезилади. «Сўроқ» қиссаси учун ўтган асрнинг 80-йиллари воқеалари асос қилиб олинган. Пахта заводидаги қўшиб ёзишлар, заводдаги ўғирликлар мазкур қиссада фош этилади. Бозор асли тракторчи бўлади. Уйлангач, катта миқдорда қарзга ботиб қолиб, каттароқ даромад топиш учун пахта заводга ишга киради. У Аминвой гуппининг ёрдамида ишга жойлашиб олади. Қиссада пахта қулига, сохта рақамлар қулига айланган ўзбек миллатининг улкан фожиаларидан бири қаламга олинади. Ёзувчи қиссада рамзий ва киноявий оҳангда бу қишлоқ номини «Пахтақайнар» деб номлайди. Муаллиф воқеаларни ҳаётдан айнан нусха кўчирмайди. Балки ҳаётий воқеаларни бадиийлаштиради. Масалан, «Сўроқ»да Бозор «учар баркаш»да учиб келган ўзга сайёраликларнинг сўроғи туфайли қўрқувдан боши кичрайиб, овози ингичкалашиб, ҳомиладор хотини Шабнамнинг пинжига тиқилиб олади. У ваҳима ва қўрқув касалини енгиб ўтади, қўрқоқ қулдан эркин, фикрловчи одамга айланади. Мана у хотини Шабнамга нима дейди: «Ахир, мен бир ой, йўқ – икки ой, йўқ – уч ойдан буён ўзимни тергаяпман… саволларга кўмилганим сайин бошқача бўлиб қоляпман, тушуняпсанми, қўрқмаяпман!.. Тасаввур қилгин – ичимдаги ваҳиманинг барини қувиб соляпман, сўнг, қўрқмайдиган одамга айланаман, қўрқув не эканини унутаман-да, одамга айланаман, одамга!..» Бу эса жаҳолат ва разолат ичида мудраб ётган халқ ва унинг кун келиб, уйғонишига рамзий ишорадир.

Хуршид Дўстмуҳаммад «Чаёнгул ёхуд қуйиқишлоқча қотиллик» қиссаси учун ҳаётий фактларни олис вилоятнинг бир туманида содир бўлган жиноят тафсилотлари асосида ёзганини айтди. Ёзувчи қиссада номуси топталган ўсмир қиз (Гулиш – Гулшод), синглисининг ва оиласининг ор-номусини ҳимоя қилишга отланган опа (Гулгун)нинг кўзи қонга тўлиб, Ашурни ўлдираман деб, унинг норасида укаси Акмални пичоқлаб қўйиб, жиноятга қўл уришини бадиий асар ўлароқ тақдим этади. Қиссага шунчаки суд материаллари кўчирилганида бу ҳужжатли очерк, публицистик мақола бўлиб қоларди. Аммо ёзувчи ҳаётий материалларни (суд ҳужжатларини) ва жиноятга қўл урган аёл ва икки қизнинг онаси Чучук момонинг гап-сўзлари, дарду ҳасратларини эшитиб, ўрганиб, шу қадар гўзал ва бадиийлашган қисса яратадики, унда қўлланган тасодифий бадиий шартлилик усулини кўриб, ҳайратланасиз. Қиссада тасодифлар занжири узун тўрдек тўқилган. Тасодифий бадиий шартлилик қадим юнон мифологиясида, антик юнон адабиётида ҳам, ўзбек халқ достон-эртакларида ҳам жуда кўп бора синовдан ўтган усул ҳисобланади. Қисса қаҳрамони жабрланувчи (номуси топталган қиз Гулиш) қора тақдир, шум қисмат ёзиғига кўра якка ўзи ёлғизоёқ йўлдан ўтиб, балиқ овлаётган Ашурга дуч келади. Ашур ичидаги ёввойи ҳис туфайли сувга шалоплаб йиқилиб тушган Гулишни бағрига олиб, жирканч ишга қўл уради. Адиб шундай ёзади: «Афсуски, шу дақиқаларда жуда кўп ҳодисалар аксига олди: «Гулшодлар синфининг помидор теримига бориши – Гулгун боласини етаклаб, бўғчасини қўлтиқлаб онасиникига келиши – опаси туфайли Гулшод дугоналаридан ёлғиз қолиши – таначанинг ғойиб бўлиши – Акбар уни топиб келмагани – отаси Ашурга зарда қилгани – Ашур кўл ёқасидан узоқлашай деганда, қамишзорга қисилиб қолган балиқни кўриб қолиши – айни шу пайт Гулшоднинг челак кўтариб ўтиши… бир-бирига мутлақо дахлсиз тафодифлар боғлана-боғлана фожиа занжирини ҳосил қилгани шумикан?» Ёзувчи шум тақдирнинг тасодифлар занжири асосида Гулгуннинг ва Гулгун оиласининг, шунингдек, Ашур ва Ашур оиласининг катта фожиасини очиб беради.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации