Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 34

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 34 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Нимани? – савол қотди бош муҳаррир ўринбосари Комилжон ака Холмуҳамедов.

– Хуршидбек таржима қилган, – деди дарҳол зийраклик билан масъул котиб Ҳусниддин ака Нурмуҳамедов.

Мен ҳамон ҳайрон, тек қотиб туравердим. Бундай пайтларда, бирор хато ўтганмикан, деган хавотирга тушардик, одатда.

Теша Зоҳидов домла хона тўридаги бош муҳаррир Ёлқин Холматовичга мўлжалланган креслога бориб жойлашиб ўтириб олди.

– Йўқ, таржима қилмаган! Мени ҳаётимни ёзган, ўзбекча қилиб ёзган! – Теша ака бошини энгаштириб олган, ҳеч кимга қарамай гапирарди: – Ол, ўша сонини, ол. Опке, ўқи-чи.

Тахламлар орасидан журналнинг ўша сонини олдим. Домланинг ёнига олиб бордим. Ўқимоқчи эдим, тўхтатди.

– Мени ёзибсан, боплабсан!..

Домла шундай деди-да, шартта туриб, бош чайқай-чайқай хонадан чиқиб кетди.

…Орадан ким неча кунлар ўтди. Ўша ҳол яна такрорланди.

Хонамизга кириб келган Теша Зоҳидов тўрга чиқатуриб менга гапирди:

– Ўша журнални ол. Мени ёзгансан-ку, ўшани ўқиб бер. Тоза ўхшатиб ёзибсан…

Журнални олиб, Т.Сухотина-Толстаянинг отасининг сўнгги кунлари ҳақидаги хотираларини ўқишга тутиндим. Тўрт-беш жумла ўқимасимдан Теша ака чидолмади, курсини тарақлатиб қад ростлади-да, қўлини силтай-силтай, шарт-шурт қадам ташлаб, хонани тарк этди…

* * *

Болаликдан машҳур қозоқ полвони Ҳожимуқон ҳақидаги китобларни қизиқиб ўқиганман. Шу кезларда у ҳақда мақола ёзишга киришдим. Бир неча кун махсидўзликдаги Тошкент вилояти кутубхонаси – «Турон»да китоб титкиладим. Дурустроқ маълумот топилавермади. Пешинда кутубхона рўпарасидаги чойхонага чиқдим, ярим бош узум билан бир кулча олиб чой ичиб ўтиргандим, ёнимда ўтирган кексароқ киши билан суҳбатлашиб қолдим. Муддаони айтдим. Шунда у киши Тожи полвон деганнинг ўғли Ғулом Тожиаълоевни («Тоҳир ва Зуҳра» фильмида Тоҳир образида ўйнаган) топсанг, кўп нарсани билади деб қолди. Худо берди! Ғуломжон акани излаб топдим. Отаси ва отасининг яқин дўсти ҳисобланмиш афсонавий Ҳожимуқон ҳақида бир дунё хотираларини ҳикоя қилди, суратлар берди.

Сўнг Тўланбой Қурбонов полвоннинг уйини истаб бордим. Бу полвон турли оғирликларни кўтариш борасида машҳур эди. Уйида гурунглашдик. Кечга томон боргандим, макарон жаркоп келтиришди. Қорин оч экан, тортиниб ўтирмай паққос туширдим. Яна пича ўтар-ўтмас каттагина лаганда паловхонтўра келди.

– Ия, Тўланбой ака, қорин тўйиб қолди-ку, – дедим хижолат чекиб.

– Э, боягиси балаларди овқати, – деб кулди мезбон.

Биринчи марта шу ерда афсонавий қозоқ паҳлавони Ҳожимуқоннинг суратини кўрдим.

Изҳор: Журналнинг ушбу 9-сонида «Х.Набиев» тахаллуси остида «Ўзбек полвонлари» сарлавҳали мақолам чоп этилди, унда Тўланбой полвон Қурбоновдан олган талай маълумотлардан фойдаланган эдим. Иттифоқо Фанлар академияси биносида Тўланбой акани учратиб қолдим. Қарасам, у кишининг шашти пастроқ. Ҳайрон бўлдим. У кишини шунча машҳур қилганим наҳотки ёқмаган бўлса?!

– Бизди яш бала қип қўйибсиз-ку, ука! – деди Тўланбой ака ранжиганини яширмай.

– Тушунмадим, нима гап? – сўрадим ҳайрон бўлиб.

– «Полвонлик томошаларидан олдин 17 – 18 та товуқни қовуриб ейди» деб ёзибсиз, ахир мен 30 – 35 тасини ейман! Мақолани ўқиганлар устимдан кулмайдими?!

Ола-а, демак, мендан ўтибди, мен нотўғри эшитганман ва қайта сўрамасдан, аниқлик киритмай ёзиб юбораверганман.


23.03.1978

«Қуёш сўнмайди»ни Тоҳир Малик, Мурод Хидир асосан маъқуллашди. Мурод ака ҳикоянинг номини «Киова қуёши» деб қўйишни маслаҳат берди. Маъқул. Қайта ишладим. Назаримда пича сайқал топди. Билмадим, бу ёғи нима бўлади?.. Устоз Маҳмуд Саъдий «тахаллус» (лақаб) қўйишда устаси фаранглардан. «Гулистон» журналига берган ҳикоям билан танишдилар-у, камина у кишининг лаҳжасида «Купер»га айландим-қолдим. Бир неча йилгача ўзимга ҳам Купер дея мурожаат қилиб юрдилар Маҳмуд ака (Фенимор Купер назарда тутилмоқда).

Изҳор: 2019 йилнинг март ойида АҚШда яшаётган ўғлим Жамшидбек бир сурат жўнатди. Йўл ёқасига ўрнатилган кўрсаткичда «КИОВА» ёзуви!

– Жануби-шарқий Арканзасдан келаётганимда катта йўлни четлаб, кичикроқ маҳаллий йўлдан юрдим, – дея сўзлаб берди ўғлим, – Оклахомага кириб келдим. Шимолий-шарқда Миссури, Жанубда Техас, Шимолда Кансаз билан чегарадош штат. Маркази Оклахома сити шаҳри. Ушбу шаҳарда АҚШнинг қоқ маркази белгиси қўйилган. Хуллас, шу йўлдан ўтиб бораётиб, «Киова» ёзувига кўзим тушди. Сиз ёзган ҳикояни эслаб, уни суратга тушириб олдим. Оклахома азалдан ҳиндулар юрти ҳисобланади. Киова шаҳарчаси шу томонда экан…


28.04.1978

«Фан ва турмуш» таҳририятида кўплаб таниқли ва машҳур олимлар билан танишганмиз. Улардан бири таҳрир ҳайъати аъзоси Ҳамидулла Ҳасанов – география фанидан ўзбеклар орасида биринчи фан доктори, профессор. Ҳаммамиз ҳурмат қиламиз. Хушмуомала, талабчан, инжиқ одам. Дунёда бормаган давлати қолмаган ҳисоб!

«Фан» нашриётидан менга у кишининг қаламига мансуб «Қизиқарли география» китобчасини тайёрлашни топширишди. Суюндим. Астойдил ишга киришдим. Бироқ қўлёзма шу қадар харобки, бош-кети йўқ, бетартиб! Бунинг устига, ҳар куни қийқим-қийқим қоғоз парчаларида, ҳатто шапалоқдек варақларда янги-янги қўлёзма – қўлёзма бўлганда ҳам домла қўлда, илонизи қилиб ёзган алланималар келади! Барини жой-жойига қўйиб тартибга келтиргунча бўларим бўлди. Лекин шу-ундай олимнинг китобини тайёрлашни ишониб топширишгани мен учун шараф эди!..

Корректурани ўқиб тугатдим ҳамки, қўшимчалар, тузатишларнинг кети узилмайди. Уларнинг барчасини қўшиб-чатиб жой-жойига қўшдим. Ниҳоят, саодатли кунларнинг бирида китобчанинг «сигнал» нусхаси қўлимизга етиб келди! Ана, қувонч, ана шодиёна!

Домла ҳам суюнди! Табассумга ўхшаш ним кулги қилар эди. Қизариб кетарди. Ўзи оқ-сариқдан келган, юзи думалоққа мойил, қирра бурун. Соч, киприк йўқ ҳисоби. Дўппи ё шляпа кийиб юрарди.

Уйга меҳмонга таклиф қилдилар.

Шу бугун кечга томон «Фан ва турмуш»чилар бордик. Профессорлар шаҳарчасидаги чала-ярим қурилган, қаровсиз, бефайзгина хонадон!

Уй-жойлар ҳам дуруст қаралмаган (кейин билсам, домла сўққабош яшар экан). Аёлсиз уй қадам босиб кирган жойингиздаёқ билинади…

Атай таклиф қилинган меҳмонларга махсус… мошкичири тайёрланганини биринчи кўришим!

Лекин гурунг қизиди. Домла дунё кезган. Ичи тўла таассурот!

Меҳмондорчиликнинг қизиқ жойи кейин бўлди:

Овқатланиб бўлгач, пича гурунглашиб ўтирилгач, қоронғи тушди, домла ўрнидан турди-да, кулимсираб, лекин сир бой бермай деди:

– Ҳозир чироқни ўчирамиз. Бир оз кутасизлар ва…

Шундай деб ташқарига чиқди. Қоронғида ниманидир кўтариб кирди. Деворга суяб қўйди. Шарпадан кўриб турибмиз, деворга суяб қўйилган рамка юзидаги матони кўтарди. Чироқни ёқди. Не кўз билан кўрайликки, рўпарамизда Беллолининг «Чўмилаётган аёл» сурати! Тахминан 1:1,5 метр ҳажмда. Айнан асл нусхага ўхшатиб ишланган. Жим, нафасимизни ичимизга ютиб томоша қилдик. Ҳамидулла Ҳасанов дунёнинг етти мўъжизасидан бирини кўз-кўз қилаётгандек, гўё суратдаги аёл билан яқин ошнодек, гўё суратни ўзи чизгандек бопладимми, деган маънода ҳаммамизга бирма-бир қараб чиқди. Ва индамай суратнинг устини ёпиб, арзанда буюмини ўртоқларидан қизғанаётган гўдак боладай қўшни хонага олиб чиқиб кетди.

…«Қизиқарли география» босмадан чиқди. Чиройли. Мўмайгина қалам ҳақи оламан деб кутиб юрибман. Гонорардан эса дарак йўқ. Маош бериладиган куни кассага тушсам, одатдаги оладиганимдан 16–18 рубл оз! Нима гап, десам, мен муҳаррирлик қилган рисолага ҳаддан ташқари кўп тузатиш киритилган, эвазига муҳаррирдан жарима ундирилар эмиш!.. Ана, холос! Дамим ичимда қолди.

Мошкичири билан Беллолининг соҳибжамоли томошаси гонорар ўрнига ўтди!..


01.06.1978

Бугун Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкентдаги кинофестивали тугади. Бу анъанага айланган, улкан маданий воқеа эди албатта.


04.06.1978

Шу бугун тунда «Санъат саройи» портлабди, деган хабар тарқади. Учиб бордим. Ўз кўзим билан кўрдим. Биронта соғ жой қолмабди! Куйиб, қорайиб ётибди!.. Тавба, шу ҳодиса кечаги тадбир чоғида юз берса нима бўларди?! (У пайтларда террорчилик деган тушунчаларни ҳеч ким эшитмаганди.)


15.06.1978

Афсонавий бокс қироли Муҳаммад Али Тошкентга келди. Қизил майдонда (ҳозирги Мустақиллик майдони) жойлашган Республика Спорт қўмитасида учрашув ўтказилди. Бордим. Жуда катта қийинчилик билан киришга муваффақ бўлдим. Машҳур фотосуратчи (боксчи) Алишер Рисқиев туширган сурат ноёб эсдалик бўлиб қолди.


18.12.1978

«Тошкент оқшоми»да Иван Буниннинг «Бернар» номли ҳикояси босилди. Таржимон Ғаффор Ҳотамов. Ҳикоядан парча: «Гарчи, бизга аён бўлмаса-да, Худойим яратаётиб, ичимизда кимларгадир ҳаёт билан бирга у ёки бу даражада истеъдод бағишлайди. Бағишлайди-ю, уни ўзинг билан бирга қора ер бағрига олиб кетмаслик учун зимангга бурч ҳам юклайди».

Изҳор: Ушбу ҳикоя қуйидаги китобда Абдулла Шер таржимасида босилди: Бунин И. Тийрамоҳ. Т.: «Давр пресс». 2018. Б.180-183. Кундалигимга кўчириб олган гапни Абдулла Шер қуйидагича ўзбекчалаштирган: «Тангри ҳар биримизга ҳаёт ила муайян бир истеъдод ҳам ато этганини ва уни тупроққа қориштирмасликдек муқаддас бурчни зиммамизга юклаганини айтмоқчи эди у».


31.12.1978

Ҳаво баҳорий. Қуёш чарақлаб турибди. Янги йил байрами билан ҳам ишим йўқ, Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»сидан бош кўтаролмаяпман!

Ўтган йил мобайнида адиб Мирмуҳсин билан икки-уч марта суҳбатда бўлдим. У кишининг ижодига мансуб барча НАРСАларни ўқидим. Битта мақола ҳам ёздим: «Илҳом манбаининг бир қирраси».

Мен таржима қилган ҳикоя «Ёш гвардия» нашриётида чоп этилган «Коинот елкани» тўпламида чиқди.

Яна бир-иккита ҳикоя қораладим. Лекин ёзиш қийин кечяпти, ўхшамаяпти.

1978 йилги пахта терими кунларида Нуъмон ака Раҳимжонов билан анча қадрдонлашиб кетдик. У кишининг маслаҳати билан Мирмуҳсин ва Явдат Илёсов асарларининг барини пешма-пеш ва қиёсий ўқидим. Мулоҳазаларни ёзиб боряпман.

Ўтган йили қуйидаги асарларни ўқидим: А.Хэйли. «Аэропорт», Я.Илёсов. «Стрела и солнце», «Тропа гнева», «Согдиана», «Заклинатель змей». Ҳаммаси яхши, «Жиноят ва жазо» эса – ЗЎР!


26.07.1979

64-атобусда Тоҳир Малик билан суҳбатлашиб келяпмиз.

Тоҳир ака:

– Қаҳрамонлар номини бир танладимми, бўлди, уларни ўзгартирмайман. Фақат «Фалак»да ўзгартирганман, холос. Қаҳрамонлар исмини алоҳида қоғозга ёзиб столга қўйиб қўяман, акс ҳолда уларнинг исми ёддан чиқиб қолади.

Тил устида ишлаш керак. Аввал «Қўшчинор» романининг русча таржимасига солиштирганман. Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор асарларидаги ноёб гапларни алоҳида дафтарга кўчириб олганман. Ўшани тез-тез ўқиб турардим. Ҳозир бундай ишга қунт йўқ.

Энди фантастика ёзмайман. Тарихий асарлар машқ қиламан. Реалистик ҳикояларим бор. Масалан, «Улоқда» нашр этилган.


10.09.1979

«Гулистон» буюртмасига кўра, академик Восил Қобулов билан суҳбат тайёрлагандим. Аввалига қизиқ бўлди. Қизиқ ҳам гапми, ғаройиб бўлди.

Буюртмани олгач, икки-уч дафъа домлага қўнғироқ қилдим. У киши фурсат тополмай учрашувни ортга суравердилар. Бунга қадар Ё.Тўрақулов, О.Содиқов, Р.Бекжонов сингари академиклар билан суҳбатларни ўзим «ясаб» ташлагандим. Ўша тажрибани такрорладим. Яъни суҳбатни қоғозга туширдим. «Кибернетика» бирлашмасига кўтариб бордим. Домланинг ҳузурига кирдим.

– Келинг, – деди домла ҳорғин кўзларини менга тикиб.

– Суҳбатни олиб келгандим.

– Қандай суҳбат?

Мен қоғозни узатдим. Домла икки дақиқада кўз югуртириб чиқди-да, уни қўлимга тутқазди.

– Буни сиз бермадингиз, мен ўқимадим. Бундан кейин бундай иш қилманг.

Роса мулзам бўлдим.

– Якшанба куни соат ўнда бизникига борасиз. Ўша ерда суҳбатлашамиз. Тамом.


15.09.1979

Бордим. Совуқ эди. Оёқни бозиллаган танчага суқиб ўтириб, икки соатлар суҳбат қурдик.

Яхши суҳбатдош инсон экан домла. Анчагина янги гапларни айтди. Келгусида биргаликда оммабоп мақолалар ёзишга келишиб олдик.


29.03.1980

Боланинг тили ширин дейишади.

Болаларимнинг онаси – Ферузахон ўғлимиз Жамшидбекнинг кўйлагини ечди. Жамшид:

– Э, опа, сочимни ғижим қилдийз! – дея хархаша бошлади-ку, қани тушунтиролсак!

* * *

Республика бош невропатологи, академик Абдуманнон Раҳимжонов суҳбат орасида:

– Уйқусизлик – тарбиясизликдир, – деди таъкидлаб.

* * *

«Фан» нашриётининг фаол рассомларидан Сазоновнинг теша тегмаган фалсафаси:

– Мен кунига 25 сўм топмайдиган одам билан саломлашмайман.

* * *

Ён дафтаримдаги ёзув: «Чиройли кўзларига тикилиб қарасанг гаплари оғзида пайдо бўлиб, мияси иштирок этмаётгани яққол сезилади…»


11.09.1980

«Комсомольская правда»: «Великая трагедия науки – уничтожение прекрасной гипотезы безобразным фактом» – Томас Гексли.


18.11.1980

Шу йилда ўқиганларим:

Ў.Усмонов. «Гирдоб» (Маъқул); А.Мухтор. «Бухоронинг жинкўчалари» (Қийин ўқилди); Ч.Айтматов. «Эрта келган турналар» (Унчалар тортмади); Мурод Муҳаммад Дўст. «Чоллардан бири» (Ўртача); Омон Матжон. «Ҳаққуш қичқириғи». (Қаттиқ таъсирландим); В. Жуковский. «Черные дни Хайяма». «Побег и возваршение Авиценни» (Маъқул эмас); Т.Бобоев. «Ҳаёт материалидан бадиий образга»; В.Қобулов. «Ақл мўъжизаси»; В.Қобулов. «Кибернетика ва биология»; В.Қобулов. «Кибернетика ва биосфера»; С.Мирвалиев. «Тарихийлик ва замонавийлик» (Қониқмадим); Б.Даниельсон. «Гоген в Полинезии» (Яхши китоб); Аристотель. «Поэтика» (Яхши, лекин тушуниш қийин); Алекс. Дымщиц. «Георгий Гулиа». Сухуми. 1971. (Ёқмади); С.Цвейг. «Шахматная новелла». «Страх» (Зўр!); Мопассан. «Азизим»; А.Штекли. «Кампанелла», М.:1966 (Яхши); Артур Хэйли. «Аэропорт» (Ўқиб қўйса бўлади).


01.02.1981

Рустам Обид билан Мурод Хидирнинг уйига борамиз, ака Муроднинг уйи бамисоли кутубхона! Кўзингиз қувонади! Суҳбатларини соғинамиз! Нима бўлди-ю, Сартрнинг «Слова» деган юпқагина китобини ўқиш учун сўрадим.

– Йўқ, – деди Мурод ака.

Ҳазиллашяпти, деб ўйлабман, билсам, беҳазил, жиддий айтяпти. Қулоғимга ишонмайман. Ахир мендек садоқатли ва миннатдор шогирд устознинг китобига хиёнат қилмайман-ку!

– Бир ҳафтага беринг, ўқийману қайтараман.

– Қонун бутун Совет Иттифоқида ҳаммага бир хил – китоб берилмайди! Тамом вассалом!

Рустам кулимсираб қаради менга. «Ака Мурод ҳеч кимга китоб бермайдилар», деди афсус чеккандек. Ёмон жаҳлим чиқди, астойдил ранжидим.

Горький номидаги болалар боғида шоир-ёзувчи дўстлар тушликка йиғиламиз, гурунг қизийди. Аччиқ аламда Мурод ака китоб бермаганини айтиб юборибман!

Кечга томон уйга келсам, ҳовлидаги дераза токчасида оч, қизғиш муқовали китоб турибди: Сартр. «Слова»!

Ҳайрон бўлиб қолдим, сўраб улгурмасимдан айтиб қолишди:

– Олим деган бир ўртоғингиз ташлаб кетди…

Ваҳоланки, тушлик пайтидаги гурунгда Олим йўқ эди, шоир дўстимиз Тойир Юнус (радиода Олим Отахон билан бирга ишлар эди) ҳаяжон билан айтган гапларимни етказган экан, Олим ўша куннинг ўзидаёқ менга айтмай-нетмай, яшаш жойимни суриштириб-топиб, ташлаб кетибди!..

* * *

Аҳмад Аъзам никоҳ тўйига таклиф қилди.

Эрталабдан махсус автобусда Жомбой қайдасан, дея йўлга чиқдик. Ҳамроҳлар ўша давр ўзбек шеъриятининг, насрининг, адабиёт илмининг «султон»лари – Рауф Парфидан тортиб Хуршид Давронгача, каминагача, ҳоказо ва ҳоказо.

Кечга томон кириб бордик тўйхонага. Ҳовлида қатор-қатор дастурхон тузалган, лекин тантана бошланмаган. Қишлоқда одамлар даладан қайтгач бошланади тўй, дейишди. Тошкентдан борган «султон»ларга ҳурмат кўрсатилди. Жойлашдигу, бўридай оч эмасмизми, дастурхонга човут солинди. Икки дақиқада дастурхон шип-шийдон бўлди. Ҳали меҳмонлар келмаган, тўй бошланмаган, биз забт этган қатордаги дастурхонда бўш идишлар қолди, холос. Назаримда ҳовлида айланишиб-хизмат қилишаётган ҳамма бизга анграйиб қолгандай! Шу пайт нима бўлди денг? Қаторимизда ўтирган қайсидир сўз даҳосининг доно даъвати чалинди қулоққа:

– Нариги қаторга ўтамиз!

«Делегация» гурр этиб қўзғалди-ю, қўшни қатор дастурхоннинг икки томони ишғол қилинди. Очлик ҳали қониб улгурмаган шекилли-да…

Хуллас, никоҳ оқшоми қизигандан-қизиди. Аҳмад куёв билан Фароғат келин шаънига ашъорлар айтилди. Ғала-ғовур, шовқин-сурон бошни оғритди. Аста даврадан чиқиб, кўча томон юрдим. Зимзиё қоронғи. Тор кўча бошига чиқсам энсизгина ариқ бор экан. Ёқасида қато-ор тол экилган. Толга суяниб хаёл суриб турсам ўзимдан икки қадам нарида кўлага-шарпа кўринди. У ҳам мени илғаб қолди шекилли, икковимиз ғўлдирашиб саломлашдик.

– Тошкентликмисиз? – сўради у тўсатдан.

– Ҳа.

– Қатта турасиз? Қайси мактабда ўқигансиз?

– Ачаободда. Чиғатойдаги 111-мактабни битирганман.

– Отийз нима?

– Хуршид.

– Мани отим – Олим.

Изҳор: Ким кимни қоронғида топишган дейдилар одамлар, унинг бизга дахли йўқ, лекин бундан қатъи назар, Аҳмад Аъзамнинг уйланиш кечасида юз берган мазкур танишув, билишув ва дўстлашув шахсан менинг кейинги китоб ўқишимда, қалам тутишимда, ҳатто маълум маънода дунёқарашимда фавқулодда ўзгаришлар ясади. Олим Отахон ниҳоятда фикри уйғоқ, дунёни ва одамларни, воқеа-ҳодисаларни мутлақо ўзгача идрок этадиган, талқин қиладиган йигит. Унинг адабий «қарич»лари, мезонлари одамларни шошириб қўяди, ҳазм қилиш қийин кечади, эътироз билдирмоқчи бўлганларнинг билими ҳаминқадар эмасми, оғиз очолмайди. Олимнинг қарашларига қўшилиш осон кечмайди, лекин мароқли, завқли. Ҳаётий мантиқдан йироқ, кўпроқ эҳтирослар тўлқинидаги қарашларини шу қадар жўшиб баён этадики, асослайдики, тўғриси, уларни рад этишга тил бормайди. Фикр айтаётган одамни ўз ҳолига қўйгинг келади, ундан унумли баҳра олгинг келади.

Олим ажойиб ҳикоялар ёзди, қисса ёзди. Жаҳон адабиётининг етук вакиллари ижодидан кўплаб таржималар қилди – ўз қарашлари, мезонларидан заррача чекинмади. Эҳтиросининг чўғи сўнмади. Адабиёт борасида ҳеч ким билан муроса қилмади.

Бадиий адабиёт, китоб, мутолаа мавзусида севиб, жўшиб, қайнаб-тошиб, ёниб-ёндириб, куйиб-куйдириб, ўртаб-ўртаниб сўзлашда Олим Отахонга тенг келадиган, лоақал унга ўхшаган қаламкашни учратмадим…

* * *

Кейинги кунларда «Мурғак» («Жўранинг дадаси келди» номи билан) ҳикоям радиода ўқилди. Дурсун Акчамдан таржимам – «Марҳум учун келтирилган нон» радиода ўқилди.

Изҳор: Мазкур ҳикоя «Бекажон» газетасининг 2018 йилги сонларидан бирида Тоҳир Малик таржимасида эълон қилинди.


28.03.1981

Вақт ўтгани сайин одам қай тариқа ўзгаради? Ўзгармаса-чи?.. Баъзан ўзинг ўзингга жуда билағон кўриниб кетасан, баъзан… айрим китобларни ўқиганда асл қиёфанг кўзингга кўринади-қолади…

Ҳақиқий маънода китоб ўқишни энди-энди ўрганаётганга ўхшайман. 30 ёшга чиққанда-я?! Қанча китобларни ўқиб ташламадим, ёдда қолгани жуда-жуда оз.

«Шохидамас, баргида» повести (Искандар Қаландаров), «Ўткан кунлар», «Навоий», А.Қаҳҳор ҳикоялари. Ш.Холмирзаев ва Ў.Ҳошимовнинг айрим ҳикоялари. О.Ёқубовнинг «Муқаддас», «Тилла узук», шунингдек, «Қанот жуфт бўлади», «Эрк» қиссалари.

Менда жиддий ўзгариш ясаган китоб 1971 йили ўқиганим «Эстетика поведения» («Хулқ-атвор нафосати») мақолалар тўплами. 1965 йили Москвада нашр этилган. Уни икки-уч қайта ўқиб ўзимнинг нақадар «ёввойилигимни» сездим, англадим. Мана, уни учинчи марта ўқияпман. Менинг феълимни, дунёқарашимни ўзгартирган китоб. Мени тарбиялаган китоб! Мақолалар тўплами! Журфакдаги сабоқдош ўртоқларимни қўярда-қўймай шу китобни ўқишга мажбурлаганларим, ҳатто ҳаддимдан ошиб, «Бу китобни ўқимаган одам қўлига қалам тутишга ҳаққи йўқ!» деб ҳукм чиқарганларим ёдимда.

«Жиноят ва жазо»! Инқилоб юз берди қарашларимда!

«Эстетика поведения»ни ўқигач ўзимда бошланган ғалати туйғу – одамлардан бегоналашиш «Жиноят ва жазо»дан сўнг янаям кучайди. Яқин ўртоқлардан ҳам ўзимни олиб қоча бошладим.

С.Цвейг, «Страх», «Шахматная новелла».

Ч.Айтматов, «Оқ кема», «Алвидо, Гулсари!», «Йилга татигулик кун».

Дурсун Акчам, «Шаҳарликлар», «Марҳум учун нон» (ҳикоялар).

А.Хейли романлари.

Л.Толстой, «Уруш ва тинчлик». Айниқса, Павел Безухов дунёси. Масонлик оқимининг шарт-шароитлари. Гарчи баён услуби, маҳорати у қадар қониқтирмаган бўлса-да, «Ҳожимурод» қиссаси.

П.Засодимский, «На большой дороге», «Перед потухшем камельком» ҳикоялари қаттиқ таъсир қилди.

Акутагава Р, «В чаше», «Как верил Бисэй», «Повесть об оплате за добро» новеллалари.

Бу рўйхат давом этади албатта. Ёзишни ўрганиш нуқтаи назаридан айтадиган бўлсам, Л.Толстойдан серкўламлилик, психологик таҳлилни, Ф.Достоевскийдан фожеий ва руҳият оламни тадқиқ этишни, А.Хейлидан сюжет пухталигини, Акутагавадан фавқулодда вазиятлар топиш, шаклий хилма-хиллик, инсон табиатидаги эзгуликни кўриш ва кўрсата билишни ўрганиш мумкин.


18.04.1981

Метро поезди тўхтади. Одамлар оқими тошқин сувдек зинага урди ўзини. Оқимда мен ҳам борман. Ошиқаётганлар ён-веримдан ўтиб боришяпти. Кетаверишсин. Мен ишга бироз ҳаяллаяпман. Шошилмайман. Аста-секин, овлоқ йўлдан хаёл суриб, пиёда бораман.

Йўлакай таниш башара ва қиёфаларга дуч келмасам бас…

Арчазор. «Одам нима?», «Яхши нимаю, ёмон нима?», «Яшашдан мақсад нима?» каби саволлар тирғалиб келаверади. Топган жавобларим жавобга ўхшамайди, уларни қоғозга тушириш кулгили!.. Акутагава Рюноскэнинг ҳаёти, тақдири аянчли. Айни кунларда ўқиётганим Леонид Андреев ҳикоялари ҳақида нимадир ёзгим келяпти…

Арчазор хиёбон тугади.

Ч.Айтматов Г.Маркеснинг «Сто лет одиночество» романини «Роман века» деб таърифлабди. Қани, ўқиб кўрай-чи. Адиб маҳоратини тўла англаб етишга қийналяпман, лекин инсоннинг табиатан ёлғиз эканлиги яхши тасвирланган. Буэндиа сулоласининг онахони Урсула ҳарчанд бирлаштириш, қовуштириш кўйида ёнмасин, одам танҳо экан-да… Қайта ўқишга тўғри келади…

Ўқиганларим: А.де Сент-Экзюпери, «Планета людей», «Маленький принц»; Л.Андреев, «Рассказы» М.: 1957. «Защита», «Весной», «Вор», «Рассказ о семи повешенных» (Ҳаётий ва бадиий дунёқарашни ўзгартириб юборадиган асарлар). Рафаэль Сабатини, «Одиссея капитана Блада» М.: 1957. (Саргузашт. Ёқмади).

«Луна и грош»даги Стрикленд образи Акутагава ҳикояларини тушунтириш учун ёзилганга ўхшайди…


12.08.1981

Қизим билан ўғлим 5-6 ёшда. Уларни олдимга олиб, ёзувчилар ҳаётидан ҳикоя қилдим. Ҳилола: «Лермонтов йиғлаб юборай деяпти, ада» деди, унинг суратидан кўзини узмай. Татъяна Толстаянинг отаси ҳақидаги китобни кўрсатдим. «Толстой шу қизини жуда яхши кўрган» десам, Ҳилола нимадир демоқчи бўлди-ю, сўз тополмади, шекилли, изҳори дил маъносида бўйнимдан қаттиқ қучоқлаб олди…

Боядан бери хаёл суриб турган Жамшидбек, «Улар нега ўлган?» деб сўради, ачиниб.


24.08.1981

Саккизта ҳикояни машинкалаб, икки-уч кундан буён ўқияпман. Кўнглим тўлмаяпти. Ортиқча сўзлар, чучмал иборалар меъдага ботяпти.

Республика радиосининг «Адабий эшиттиришлар» таҳририяти одатдагидек гавжум. Усмон Азим гурунг бераётганди, тўсатдан жўшиб кетди:

– Чиройли сўзлар жонга тегиб кетди! Бутунлай ўзгартириш керак. Бутунлай!

Бошқаларни билмадиму, у менга қарата гапираётгандек бўлди…


01.09.1981

Бугун эрталаб Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Тойчоқнинг хуни» ҳикоясини ўқидим. Тасвир услуби, тили ёқди. Сўзга бой, ўйноқи.

«Ўзбекистон маданияти»га берган учала ҳикоямни («Бегоналар», «Кузатиш», «Гуноҳи азим») Асқад Мухтор ўқиб, қайтарибди. Учови ҳам газетага мос келмас экан… Феофрастнинг «Характеры» китобчасини ўқиб ўтириб (Ленинград: 1974), гуноҳкор одамдек шўрлик ҳикояларимга қараб-қараб қўяман.


Сентябрь ойи ҳам тугади. Шу ойда Ихара Сайкакунинг (ХVII век) «Новеллы». М.: 1959 («Пять женщин, предавшихся любви», «История любовных похождений одинокой женшины»); Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» (такрор); Фитратнинг «Қиёмат»ини ўқидим.


15.11.1981

Сирдарё область, Боёвут районидаги «Пушкин» совхозида 20 кун пахта теримида мардикорлик қилиб қайтдим. Беш кун бўлди – ёзиб, қайта ишлаган «Ёмғир тинмаган кеча», «Чақалоқнинг ноласи», «Номсиз туркум» («Ҳолат», «Вазият», «Кайфият») ҳикояларимни ёзиб битирдим.

Икки ой ичида ўқиганларим:

В.Давыдович, Р.Аболина, «Кто ты, человечество?» (теоретический портрет) М.: 1975.

В.С.Гривнинг, «Акутагава Рюноскэ». М.: 1980.

Ф.М.Достоевский-А.Г.Достоевская, «Переписка» . М.: 1979. (Бебаҳо китоб!)

Ф.Достоевский, «Телба». Т.1981. !!! «Бедные люди»(!!!). «Белые ночи».

Л.М.Розенблюм, «Творческие дневники Достоевского». М.: 1981.

Садек Чубек, «Камень терпения». М.:1981 (Ҳикоялар: «Обезьянка», «Почему бесновалось море» ва роман. Ҳикоялари ўзига хос. Романи мен учун янгилик.)


22.12.1981

«Шарқ юлдузи»га берилган икки ҳикояни замред Ҳайдарали Ниёзов қайтарибди. Аламимни китоб мутолаасидан оляпман.


11.02.1982

Ниҳоят! Бугун қуёш ўзгача чиқди, одамлар, ўзгача! Ишонмасангиз, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигини варақланг, унда аканг қарағайнинг ҳикояси – «Ҳовли этагидаги уй» чиқди!


22.12.1982

Шу йилда ўқиганларим:

О.Сулейменов, «Аз и Я». (Книга благонамеренного читателя). Алма-Ата. 1975.

Дэн То, «Вечерные беседы в Яньшани». М.: Прогресс. 1971.

Шавкат Раҳмон, «Юрак қирралари». Т.: 1981.

Имант Зиедонис, «Бедор тош». Т.: 1981.

Игнасио Альдекоа, «Баллада реки Мансанарес». М.:1979. (Чакки эмас.)

Д.Лондон, «Смирительная рубашка» (роман). – Назаримда адиб асарлари орасида энг сараси! (Кейинчалик қайта ўқиш ниятида кўп изладим, тополмадим.)

М.Маҳмудов, «Ўлмас қоялар» («Шарқ юлдузи» №10-11. 1981). Фавқулодда янги асар!

Г.Г.Маркес, «Хроника объявленной смерти». «И.лит.» №11-1981. Шакл, композиция ниҳоятда пухта ишланган. Сюжет, концепция ҳам зўр!

Ф.Достоевский, «Записки из мертвого дома». «Сон смешного человека». Гап йўқ!

Иванов П.И., «Умумий психология». (600 бет) Т.: 1967.

Михайлов Ф.Т. «Загадка человеческого «Я» Изд.второе. Изд-во Полит. Лит-ри. М.: 1976.


Яна:

Маҳкам Маҳмудов, «Абадият лаҳзалари». Т.: 1981.

Вл.Леви, «Искусство быть собой». М.: 1977.

Г.Г.Маркес, «Сто лет одиночество». М.: 1979.

Дарвоқе, Кафканинг китобини топдим! Қаёқлардан ва кимлардан изланиб юрибману, Худо ёнгинамизда яшайдиган Тамара Сергеевна Никоненконинг хонадонида қўлимга «тутқазди».

Шунинг ўзи бир тарих!

«Процесс» романини ўқишга киришдим. Аввалига жуда оддий, жўн гапларга ўхшади. Ҳатто ҳафсала пир бўла бошлади. Роман охирлаб «В соборе» қисмига келгач, адвокатлар ҳақидаги мушоҳадаларни ўқигач, руҳан Жозеф К.нинг аҳволига тушиб қолдим – ёлғиз, бирор юпанч, дардкаш йўқ. Одам ўз тақдирининг олдида ёлғизлиги ойдек равшан бўлиб қолди…

Притча ва новеллалари ҳам кутилганидек эмас. «Преврашение» ва яна бир-икки нарсаси ўйлатиб қўйди, лекин роман мутлақо бошқа дунё!

Кафкага нисбатан Кобо Абэ, К.Оэ бошқачароқ туюлди, ваҳоланки, бу япон адиблари асарларида ҳам ёлғизлик туйғуси атрофлича таҳлилга тортилган. Жойс, назаримда шакл ўйини жиҳатидан Кафкадан анча устун. Кафка ўзининг оддийлиги билан устундир, эҳтимол…

М.Бахтиннинг «Эстетика словесного творчество» китобини ўқидим. Жуда фалсафий, мураккаб экан. Романни турларга ажратгани ёқди. Достоевскийнинг даҳо адиблик сирларини Бахтинни ўқигач янада чуқурроқ англагандек бўлдим. Достоевскийга ўхшайдиган ёзувчи йўқлигига ишончим аввалгидан ошди. Бошқа ёзувчилар, хусусан, ўзим ўқиганларим маҳорат жиҳатидан Достоевскийнинг маълум бир қиррасини забт эта олишган, холос. Ҳатто бир неча қиррасини ҳам эмас…

* * *

«Бир мавзунинг турфа талқини» рукни остида жуда қизиқ туркум мақолалар ёзиш мумкин. Масалан:

Мирзо Улуғбек образи – Миркарим Осим («Улуғбек ва шайх Аҳмад» ҳикояси), Глеб Голубев («Улуғбек» қиссаси), Еремей Парнов («Тумандаги юлдуз» қиссаси), Мақсуд Шайхзода («Мирзо Улуғбек» трагедияси), Одил Ёқубов («Улуғбек хазинаси» романи) мисолида;

Степан Разин образи – А.Чапигин, С.Злобин, С.Алексеев, В.Шукшин асарлари мисолида;

Широқ образи – М.Осим («Широқ» ҳикояси), Мирмуҳсин («Широқ» достони (1965 – 1966), Я.Илёсов («Тропа гнева» повести. 1957 – 1959) асосида;

Умар Хайём образи – Х.Лэм («Омар Хайям») («Звезда Востока». 1978.№7-9);

Г.Гулиа («Сказание об Омаре Хайяме» («Дружба народов».1974.№10), 3. Я.Илёсов («Заклинатель змеи». Т.: 1979), В.Жуковский («Черние дни Хаяма». Воронеж, 1967), Наби Жалолиддин («Хайём») мисолида;

Александр. Македонский образи – Рим тарихчиси Арриен («Александрнинг юриши»), грек адиби Плутарх («Қиёсий ҳаётномалар»), А.С.Шофман («Александр Македонскийнинг Шарқдаги сиёсати»), Геродот ва бошқалар мисолида.

В.Ян «Қўрғонлардаги гулханлар», Я.Илёсов «Сўғдиёна», М.Осим «Искандар ва Спитамен»да Искандар ва Спитаман тўқнашувини ёзсалар, Л.Воронкова тарихий-биографик планда ёзган.

Хасис, мумсик, зиқна одамлар образи – Н.Гоголь («Шинель»), О.Бальзак («Гобсек»), С.Айний («Судхўрнинг ўлими»), А.Қодирий («Меҳробдан чаён»даги Солиҳ махдум) ва ҳоказо.


12.04.1983

«Ёшлик» (№2) да яхши шеърлар ўқидим.

Ўтган ҳафта И.Тургеневнинг 10-жилдини сотиб олиб уйга қайтатуриб, йўл-йўлакай «Стихотворение в прозе»ни ўқидим. Уйга кирмай, хиёбоннинг бир чеккасига бориб, уни охиригача тугатдим. Қаттиқ таъсирландим. Шундай дамларда дунёга инсон бўлиб келганингга қувониб кетасан одам!

Эрталаб автобусда, сўнг трамвайда келаётиб Ким АНнинг («Лит. Россия». 8.04.83) «Между Байдуром и Махой» ҳикоясини ўқидим. Бундай ҳикоя ўқимаган эдим шу пайтгача. Инсон, ёлғизлик, тақдири азал… Охирги абзацни олиб ташлаш керак эди фақат…


17.11.1986

«Ёш куч» журнали таҳририяти. Тушликдан кейин Жамол Шаропов Худойберди ака Тўхтабоев билан шахмат ўйнашди. Шоир ва таржимон Олим Бўриев:

– Ҳа, Жамол ака, натижа қандай бўлди?

Ж.Шаропов:

– Ютқаздик…

О.Бўриев:

– Ҳа, сиздек тажриба билан раҳбарни ютиш мумкин эмас-да… – деди кулгига олиб.


12.01.1988

«Навбаҳор» сиҳатгоҳи. «Маданиятли киши» ҳикоясини ёзишга киришдим. Прототип – «Фан ва турмуш»да ўзим билан бир хонада ўтирадиган Иброҳим Назирий. Бўйдор, хушсурат, серпарвариш. Усмон Носир, Амин Умарийнинг болалик дўсти. Шу дўстлик ортидан қамалган, сургун азобларини бошдан кечирган. Руҳан адойи тамом бўлган инсон. Ботинда ҳеч нарса қолмаган, ботинда.

* * *

Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат – қирқ қайғу-алам» романи таржимасини тугатдим. Шу йили «Ёш гвардия» нашриётида китоб ҳолида нашр этилди. Гарчи қайтиб таржимага қўл урмайман, деб ўзимча аҳд қилган бўлсам-да, кейинроқ шу адибнинг «Ғорга яширинган қиз», «Жалолиддиннинг сўнгги суҳбатдоши» ҳикояларини таржима қилишга тўғри келди. Шунга қарамай, таржимонлик касби-ҳунарининг нақадар жоннинг азоби – уқубат эканлиги муқаррар. Унга сарфланган куч-ғайратни асл ижодга сарфлаш керак.

Кейинроқ машҳур Арсений Тарковскийнинг қуйидаги тўртлигини ўқиб қолдим:

 
Для чего же лучшие годы
Отдал я за чужие слова?
Ах, восточные переводы!
Как болит от вас голова.
 

28.01.1989

Эрталаб соат 07.00. Ой кўкда чарақлаб турибди. Тиккадан салгина кунботар томон оғган. Совуқ! Худди ой совуқ пуркаётгандек. Заррин нурлари ер юзига совуқ ташиётгандек. Ердаги нарсалар совуққа дош беролмаётганидан «қилт» этмай қотиб қолгандек…

Кундузи. Қор қалин. Ғарч-ғурч, қғарч-қғурч қилади қадамингда. От қуп-қуруқ пичанни кутурлатиб чайнаётганга ўхшайди. Хаёл олиб қочади… Кетаверасан, қор гўё ейдиган нарсаю у оёғинг остида қолиб кетгандек, увол бўлаётгандек ва буни ногаҳон сезиб қолгандек бўласан. Қорни босмай дейсану, начора, оёқ қўйишга жой йўқ − ҳамма ёқ қор, қор, қор…


29.01.1989

Эрталаб соат 07.00. Ой хира, бунинг устига кечагиндан хийла кичрайибди. Афтидан кечаги гуноҳи − ерга, одамларга совуқ таратгани гуноҳига жазо олгандек − кимдир ярмини кесиб ташлагандек…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации