Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
АБСУРДДАГИ МАЪНО ВА МАҚСАД

Аммо абсурд таълимоти ҳақидаги илмий манбалар камлиги, борлари ҳам бир-бирини инкор этиши, фикрларнинг хилма-хиллиги, етарли асосланмаганлиги кишини қониқтирмайди. Бу ҳақда маълумот олишни истаганлар асосан француз адиби ва файласуфи Альбер Камюнинг «Сизиф ҳақида афсона» деб аталган эссесини танлайдилар. Чунки бу асар абсурд моҳияти тўғрисида ҳам назарий, ҳам бадиий усулда етарли маълумот бера олади. Шунга қарамай, барибир, китобхон қалбида янада кўпроқ билиш, Сизифнинг маънисиз ишни амалга ошириш учун нега уринганлигини англашга эҳтиёж туғилаверади.

Хайриятки, мана шу маънавий эҳтиёжни қондиришга ёрдам берадиган китоб ўзбек адабиётида ҳам пайдо бўлди! Уни мутолаа қилган ўқувчи абсурд нима, унинг моҳияти, абсурд қаҳрамон, абсурд асар қандай бўлиши кераклигини англаб олиши мумкин. Бу асар истеъдодли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» романидир. Чунки бу асар ёзувчи томонидан абсурд назарияси ва амалиётига оид кўплаб илмий ҳамда адабий манбаларни синчиклаб ўрганиш, ўзаро таққослаш, таҳлил этиш самараси сифатида дунёга келганлиги сезилиб турибди. Воқелик ва муаммога ҳам олим, ҳам ижодкор нигоҳи билан ёндашган Х.Дўстмуҳаммад Альбер Камюнинг ғоявий ниятларини Сизиф образи орқали янада кенгайтиради, унинг характерига янгича фазилатларни қўшади, бойитади, бадиий жиҳатдан исботлаб беради. Натижада абсурд таълимоти маънисизлик тарғиботчиси эмас, аксинча, ҳаётни маъно ва мазмун билан бойитиш инсоннинг ўзига боғлиқ эканлигини, бунинг учун у умид билан яшаши, фикр қилиши лозимлигини билиб оламиз. Асар ана шу ғоявий ниятни ўзига асос қилиб олганлиги ва бадиий жиҳатдан ишонарли ифодалаб бера олгани билан ҳам қимматлидир.

Камюнинг «Сизиф ҳақида афсона» эссеси билан «Донишманд Сизиф» романини таққослаб ўқиш абсурд мавзусининг моҳиятини чуқурроқ англаб етишга имконият яратади. Муаллифнинг ўзи ҳам Сизиф характерининг шаклланишини, донишмандлик даражасига кўтарилиш жараёнини тасвирлашда Камюнинг фалсафий қарашларига асосланганлиги воқеалар давомида аниқ сезилади. Асар марказида худолар қаҳрига учраган биргина Сизифнинг тақдири туради. Маълумки, Камю Юнон мутафаккирлари ва Европа олимларидан фарқли ўлароқ, характеридаги ўжарлик, қайсарлик, бўйсунмаслик одатларини асраган ҳолда Сизифни биринчи галда Инсон сифатида қабул қилади: «Мен туганмас азоб-уқубатлари томон ҳорғин, бироқ шахдам қадамлар билан тушиб келаётган ОДАМни кўриб тураман, – деб ёзади Камю. – У шу пайтда нималарни ўйлаётган экан? Шу аснода нафас олиши билан ҳамоҳанг равишда унинг онги ҳам уйғона бошлайди. Қуйига, худолар томонидан мангу инъом этилган ғорига қайтар экан, Сизиф ҳар дақиқада ўз қисматидан юқорига кўтарилади. У ўз тошидан ҳам қаттиқроқ иродага эга бўла бошлайди».

Хуршид Дўстмуҳаммад Сизифни худди Камю таърифлаганидек, онгнинг шаклланиши жараёнини ифодалашга кўпроқ эътибор беради. У аҳдидан қайтмайдиган қатъиятли, юксак иродали инсон сифатида тасвирланади. Ҳукмни ижро этишга киришар экан, «Мен инсонман! Мени енгиб бўлмайди! Зинҳор енгилмайман!» дея аҳд-паймон қилади. «Харсанг тошни ҳо-ов анави чўққига олиб чиқиш унинг ягона мақсад-маслагига, умрининг маъно-мазмунига айланиб» қолади. У «шу харсангга кучи етмай мағлуб бўлишини тасаввурига сиғдиролмайди, зинҳор-базинҳор сиғдиролмайди ҳам! Мана шу бақалоққа кучим етмаса, инсонлигим қайда қолади» деган гапни қайта-қайта такрорлайверади. Муаллиф қаҳрамон табиатидаги бу фазилатни «Сизиф шунақа инсон. Нимагаки қўл урса, дадил ва ишонч билан киришади», деган таъриф билан янада мустаҳкамлайди.

Абсурд қаҳрамон маънисиз ҳаётни мазмун билан бойитиш учун қатъий ирода ва юксак ақл-фаросат билан иш тутиши лозим. Шу маънода ёзувчи ўз Сизифини ғоят иродали инсон қиёфасида акс эттиради: «Сизиф учун ўз иродасидан бўлак мададкор, халоскор йўқ эди». Ирода эса инсонда сабр-тоқат, бардош туфайли шаклланади. Агар Сизифдан «кимдир исминг нима деб сўраса, ҳеч иккиланмай, исмим матонат ёки исмим бардош» деб жавоб берган бўларди. Ана шу иродаси, сабр-бардоши туфайли у «арслон – изидан, эркак – сўзидан», қайтмайди дея ишга астойдил киришади ва ғолиб чиқади. Табиатидаги бу фазилат Сизифни ўзбек ўқувчисига янада яқинлаштиради. Чунки ўзбек миллатига хос аҳд-паймонли йигитгина шу мақолни шиор қилиб олиши мумкин.

Сизифнинг онги, тафаккури асосан харсанг тош билан мулоқотда камолга етади. Унингча «тошда ҳам фикр ва руҳ мавжуд». У билан суҳбат Сизифга «англаш, идрок этиш имконини» беради. Тошни тепаликка думалатиб чиқиш, унинг ортидан яна қуйига тушишда «истайдими-йўқми, ўй-хаёли тиним билмайди, ушбу тинимсизликдан таскин топади». Ана шу тинимсиз машғулот Сизифнинг «феъли-хўйини ўзгартирди, у бошқача одам, бошқача инсон»га айланди. Тафаккури доимий ҳаракатда бўлганлиги туфайли Сизиф охир-оқибатда донишмандлик чўққисини забт этади. Тош билан мулоқот ва тинимсиз машаққатли меҳнат Сизифнинг ҳаётига мазмун, қувонч олиб кирди.

Асар воқеалари Сизиф – инсоннинг машаққатли меҳнат туфайли ғалаба қозониши, маккор Зевс бошчилигидаги худолар ҳукмини муваффақият билан бажарганлиги саҳнаси билан тугайди. Сизиф бир томондан маъбудларнинг ҳукмини адо этгани учун қувонади, фахрланади. Иккинчи томондан, қилган ишидан қониқмайди. Ахир, у «юмалоқ, думалоқ, япалоқ харсанг тошни» бутунича баланд қояга думалатиб олиб чиқиши лозим эди-да! Тош эса думалайвериб-думалайвериб, инсоннинг иродаси, сабр-тоқати ва машаққатли меҳнати олдида енгилиб, парчаланиб кетади. Сизиф ана шу парчаларни кўтариб тепаликка олиб чиқиб ўрнатади. Зеро, ёзувчи Х.Дўстмуҳаммаднинг ўжар, қайсар Сизиф ҳақида роман ёзиш истаги ҳам ана шу ғоя билан ҳамоҳангдир. Бу билан адиб «Тинимсиз машаққатга, жамики уқубатга» ёлғиз инсон чидаши, бардош бериши мумкин, аммо на тош, на темир, на метин, на бошқа мавжудот дош беролмайди деган ғояни илгари суради ва яна инсоннинг енгилмас иродаси, сабр-тоқати, қатъияти каби фазилатларини улуғлайди.

«Донишманд Сизиф»да бу дунё ўткинчи, унда шахсий манфаатлар қулига айланмаслик, аксинча, олдингга аниқ мақсадни қўйиб, кучли ирода билан яшасанг, албатта муродингга етасан, деган юксак фалсафий ғоя илгари сурилади. Шу жиҳатдан бу асарни том маънодаги фалсафий-интеллектуал роман деб аташ мумкин. У ўқувчини жиддий мушоҳада ва мулоҳазага ундайди. Сизиф тимсолида ёзувчи «Одам енгилмади, тош енгилди, тошга қўшиб тоғ енгилди, чўққи енгилди, маъбудларнинг маъбуди енгилди», деган муҳим ғояни илгари суради. Сизиф чиндан ҳам машаққатли меҳнати туфайли ғалаба қозонади. Унинг бу ғолиблик ғуруридан ўқувчи «Меҳнат машаққатидан одам ўлиб қолмаслигига амин бўл(а)ди. Меҳнат қилган яшайди. Бахт – меҳнатсеварники, меҳнат машаққатларидан қўрқмаганники» эканлигига ишонади.

Хуллас, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» романини ўқиб, абсурд ҳаётнинг маънисизлиги, яшашнинг мантиқсизлигини тарғиб этувчи, шу ғояси билан инсоннинг ҳафсаласини совитишга хизмат қилувчи тушкунликка асосланган оқим эмас, балки умид билан яшаган одам мақсадига албатта эришади деган қутлуғ ғоя тарғиботчиси эканлигига амин бўламиз. Чунки Камю ҳам, Х.Дўстмуҳаммад ҳам инсоннинг бу маънисиз дунёда умид билан яшаши лозимлигини таъкидлайдилар. Зеро, умидбахшлик абсурд таълимотининг муҳим қиррасини ташкил этади. Бунинг ёрқин мисоли умидини сўндирмай ғалаба қозонган Сизифдир. Умид, аниқ мақсад билан яшашга интилиш, ирода ва меҳнатсеварлик унга бахт ва омад келтирди. Романнинг муҳим тарбиявий аҳамияти ҳам ана шундадир.

Йўлдош СОЛИЖОНОВ
(HURRIYAT» газетаси. 14 ноябрь 2018.)
СИЗИФ ҲАҚИДА ЯНГИ АСАР

Мустақиллик даври насри ўзининг ранг-баранглиги, маҳсулдорлиги, қамровининг кенглиги, таҳлил майдони, шакли, мазмуни, мақсади борасида янги жиҳатларни намоён этди. Бадиий характер яратишнинг янгича усуллари ва шакллари вужудга келди. Инсонни атрофлича ўрганиш, унинг руҳияти таҳлили бадиий асарнинг асосий сифат белгиси, бадиийлик мезонига айланди. Бунда китобхон қаҳрамон билан эмас, унинг «тафаккури» билан мулоқотга киришадиган, унинг тафаккур жараёни билан баҳслашадиган бўлди. Энди ижодкорлар ривоятда оддий тасвир йўлидан бормасдан, сюжет, композиция қурилишлари хронологик номутаносиблик асосида шаклланган, яъни мозаика усулида асарлар битмоқда («Куза…»). Онг оқими деган тушунча майдонга келди. Онг оқими қаҳрамонни унинг онг оқими орқали яратишдир. Онг оқими тасвирининг ўзига хос кўринишларини Хуршид Дўстмуҳаммад ижодида, айниқса, ёрқин кузатишимиз мумкин.

Х.Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи ва кўпчилик қиссалари таҳлилидан мустақиллик даври ўзбек адабиётида реализм ва модернизм синтези яхши самаралар бераётганлигини кузатамиз. Х.Дўстмуҳаммад асарларида воқеликни ўзгача идрок этади. Инсоннинг онгидан бадиий майдон ўрнида фойдаланади. Инсоннинг онги, тафаккури бадиий асар учун мазмун ва шакл, макон ва замон вазифасини бажаради. Адиб ўз асарларида ички монологдан ҳам кенг истифода этади. Ички монологда қаҳрамон онг оқимини акс эттириш учун муаллиф персонаж ҳаётини қайта бошдан кечиради, қаҳрамон ички дунёси, характери, урф-одати, қилиқлари, диди, фаросати, тутуми, нутқ манераси, қолаверса, уларнинг турли шароитларда, кайфиятда турлича товланишларини мукаммал билиши талаб қилинади. Асарнинг бош ғояси тагмаънода яширин бўлади, у, ўз навбатида, асар тушунарсизлигини, қайта-қайта ўқиш эҳтиёжини келтириб чиқаради. Адибнинг янги яратилган «Донишманд Сизиф» романида ички монологдан қаҳрамон ички дунёси қирраларини очишда, ўз «мен»ини англашда унумли фойдаланади.

Сизиф ҳақида Гомер, Эсхил, Софокл, Еврипид, Критий сингари буюк юнон мутафаккирлари ва Сартр, Жойс, Кафка, Пруст, Мерли, Никитин каби ўнлаб Европа адиблари турли жанрларда асарлар яратишган. Уларда Сизиф турли қиёфа ва характерда намоён бўлади. Лекин барчаси учун ягона хусусият ҳам мавжуд: Сизиф фирибгар, худоларни алдаган, уларнинг сирини фош қилган, бўйсунмаган, амрини бажаришдан бўйин товлаган. Бундай шаккоклиги ва қайсарлиги учун у худолар томонидан қаттиқ жазога маҳкум этилади.

– Сизиф юнон мифологиясида шамол маъбуди Эолнинг ўғли. Коринф шаҳри бунёдкори ва шоҳи. Вафотидан сўнг ер ости зулмат дунёси – Аида оғир меҳнатга маҳкум этилган. Сабаби, у – исёнкор. Ўлимни занжирбанд қилган, маъбудларни алдаган, бош маъбуд Зевсга қарши чиққан. Сизиф то қиёматга қадар оғир ва думалоқ харсангни баланд чўққига думалатиб чиқаришга маҳкум. Бироқ ҳар гал энди чўққига етдим деганда тош пастга қулаб кетаверган. Маъбудларнинг наздида, Сизифдек исёнкор одамга бемаъни ва бефойда меҳнатдан ҳам оғирроқ жазони топиб бўлмайди.

Альберт Камюнинг «Сизиф ҳақида асотир» эссесида Сизиф ҳаётнинг бемаънилиги устидан ғалаба қозонган, унда ўз ўрни ва ғурурини топган инсон сифатида гавдаланади. Адиб хулосаси: амалда «ҳаммаси яхши», Сизифнинг эса ягона қилиши зарур бўлган иши бу – ўзини бахтли инсон деб ҳис этиш.

Х.Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» романида исёнкор инсон қисмати тасвирланади. Сизиф – романнинг асосий қаҳрамони. Роман қаҳрамонлари саноқли. Лекин уларнинг барчаси рамзий характерга эга. Бу қаҳрамонлар инсоннинг ўз «мен»ини англаши ва англанишнинг изтироблари, қалб кечинмаларини акс эттиради. Адибнинг қаҳармони бежизга донишмандга айланмади. У ўзига ўқилган ҳукмнинг мантиқий интиҳосини топди.

Харсанг тош Сизифнинг дўсти, сирдоши, суҳбатдоши, рақиби ва ғаними эди. У билан қадрдонга айланди. Унга ном ҳам қўйди: «юмалоқ», «думалоқ», «бақалоқ». Харсанг тош тош эмас, бу Сизифга инъом этилган қисмат тоши, тақдир тоши, насибаси, оши ҳалоли. У маъбудлар томонидан берилган жазога қарши чиқмайди, ғалаён кўтармайди, балки бу жазони астойдил қабул қилади. Кўксини қалқон қилиб харсанг тошни чўққига олиб чиқиш ҳақида қайғуради, астойдил қайғургани учун ҳам шу мақсад, шу орзу унинг аъмолига, ўтаётган умрининг мазмунига айланади.

Альберт Камю «Сизиф ҳақида асотир» эссесида абсурднинг маъно-моҳиятини ёритиб беради. Камю талқинида: «Сизиф тепаликка тошни думалатиб чиқишга маҳкум этилган. Унинг тошни думалатиб чиқишида ҳеч қандай маъно йўқ. Бу думалатишдан маъно излашнинг ўзи маъносизликдир. Сизифнинг айнан тепаликка тош думалатиб чиқишга маҳкумлигини англаши бу биринчи исёндир, бу ҳолат ўзининг мавжуд эканлигини исботлашга ҳозирланишдир».22
  Эшонқул Н. Мендан менгача. Т.: «Академнашр». 2014. 354-355-бетлар.


[Закрыть]
Бу исён одамнинг олам ва ҳаётда тутган ўз ўрнини англаши. Ана шу англашдан сўнггина энди тошни думалатиб чиқишдан завқ олиш, уни ижодий шавққа ва ҳаётий қувватга тўлдириш, яъни қисмат маънисизлигини маънога, мавжудсизликни мавжудликка айлантириш даври бошланади. Сизиф ўзининг маҳкумлигини ўзгартиролмайди, унинг учун бошқа йўл қолмаган. Сизиф тошни тепага думалатиб чиқар экан, энди унда шу думалатишдан ўзини, «мен»ини англаш ва бу думалатишни ўзининг фойдасига ҳал қилиш, маҳкумликни ижодга айлантириш, яъни тошни тепаликка ўзи хоҳлагандай, ўзининг мавжудлигини билдириб, ўзи танлаган усул ва услубда думалатиб чиқиш имкони бор.

Н.Эшонқул талқинида Сизиф абсурд қаҳрамон: «Абсурд ўзини англаб етган инсон. У ўзини англаб етган жойдан янги тушунчани, янги эътиқодни яратишдан бошлайди. Эҳтимол, бу тушунча ва эътиқод ҳам вақти келиб сароб бўлар. Лекин абсурд одам учун бундай онгнинг ўзида яшаш ва яратиш учун куч топа олгани муҳим. Ана шунинг ўзи абсурддир. Худди Сизиф каби. У ўзининг енгилишини билиб туриб жангга кирган ва ҳамиша мағлуб бўлган жангчини эслатади. Аммо унинг ҳар бир мағлубияти ўзини, одамни, илоҳиятни англаш йўлидаги ғалаба бўлиб қолаверади. Унинг уқубатлари, унинг изтироби англаниш ва англаш изтиробидир».33
  Ўша китоб. 71-бет.


[Закрыть]

Романда Сизиф англаб етган ҳақиқат: «Инсон энг ваҳший, энг қўрқмас ҳайвонларга ҳавас қилиб, уларнинг барча яхшиликларини ўзлаштириб ола-ола, пировардида шу йўл билан инсонга айланган эмиш».44
  Дўстмуҳаммад Х. Донишманд Сизиф. Т.: «Ўзбекистон», 2016. 331-бет.


[Закрыть]
Ҳар банда етуклик ва комилликка эришмоғи учун нафақат ваҳший ҳайвонотдан, шулар қатори табиатдан ҳам энг зарур яхшиликларни тортиб олмоғи, ўзлаштирмоғи даркор. Акс ҳолда инсон иродаси табиат иродасини ўзлаштирмагунига қадар унга бас келолмайди, уни енголмайди. Сизиф иродали, ўз изидан, мақсад-маслагидан қайтадиган қўрқоқ, лапашанг эмас. Сизифнинг ҳаётда мукаммалликка интилиши, Ўзликни англаш томон юз тутаётганини донишманднинг фикрини эслаши орқали ҳам англашимиз мумкин: «Одамлар чала туғиладилар, чала яшайдилар ва чала ҳолда ўлиб кетадилар. Чала одамнинг шодумонлиги, қайғулариям тўкис бўлмайди».55
  Ўша асар. 336-бет.


[Закрыть]

Романни қуйидагича хронологик талқин қилишмиз мумкин:



Зевс – ўз нафсига қул бўлган инсон. Унинг отаси ҳам қонхўр. Улар ўлимни даҳшат деб биладилар. Зевс Рея ва Кронос оиласида туғилади. Кронос ўз фарзанди томонидан маҳв этилажагини билгач, туғилган фарзандларини жиғилдонига уришни одат қилади. Бундан Рея азоб чекарди. Рея Зевс дунёга келганда, уни яширади ва ўрнига чойшабга ўралган тош парчасини беради. Ота тошни ютиб юборади. Орадан вақт ўтиб, Зевс балоғатга етади, отасини енгади ва отасининг қисматига гирифтор бўлади. Сизиф Зевс қаҳрига учради. Бунга Эгина қизнинг малаксиймо, гўзалликда тенгсизлиги, сув тангриси Асопнинг суюкли арзандаси эканлиги ва Зевснинг назари тушганлиги сабаб бўлди. Гўзалликнинг маҳв этилиши Эгина қизнинг Зевс томонидан ўғирланганида акс этади. Бунинг натижасида Сизиф тоғ этагидаги биёбонда, Асоп эса денгизда сарсону саргардон. Адоқсиз ва маънисиз сарсонлик жазосига маҳкум этилганлар.

Сизиф ҳаётининг ҳар лаҳзаси, ҳар сонияси меҳнатдан, машаққатдан иборат бўлди. Унга туну куннинг фарқи қолмади. Сизиф машаққат сўқмоғи деб аталмиш сўқмоқдан тошни қанча тепага олиб чиқишга ҳаракат қилмасин, тош пастга думалайверади. Қаҳрамон бекорчиликни даҳшатли ва ёвуз жазо деб билади. Харсанг тошнинг борлиги Сизифнинг бахти, қувончи, саодати. Сизиф ўзига адоқсиз машаққату уқубатлар келтирган бу машғулотни бора-бора ёқтириб, ҳатто севиб қолди. Сизиф битта ҳақиқатни англаб етди. Чўққига чиқиш эмас, чўққидан пастга тушиш мушкул. Камю эссесида Сизифнинг фожиаси тепаликка чиқиш эмас, тушишида акс этади. Чунки у ўзининг чорасизлигини англайди ва унга қарши кураши қисматга қарши исёни эди. Харсанг тош ҳам чўққига чиқаётганда эмас, балки чўққидан пастга думалаш чоғида синишга юз тутди. Пастга энаётган лаҳзалардагина харсангнинг метинлиги панд берди. Харсанг тош чўққига чиқиш уқубатларига эмас, тепадан пастга тушиш машаққатларига дош беролмади. Инсон ҳаётда ўзлигини унутиб нимагадир интилади, курашади, алалоқибат тақдир ҳукмига бўйсунади. Сизиф қисматига битилган ҳукми азалдан юз ўгирмайди. Сизифнинг толиққан юзини тошдан фарқ қилиб бўлмайди. Унинг нафас олиши билан ҳамоҳанг равишда онги ҳам уйғона бошлайди. Ҳар дақиқада ўз қисматидан юқорига кўтарилади. У ўз тошидан ҳам қаттиқроқ иродага эга бўла бошлайди. Ҳар банда манглайига битилган қисматни адо этмоқлик учун дунёга келади.

Ёзувчининг ушбу романида Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссасидаги воқеалар ва қаҳрамонлар тасвирига ўхшаш жиҳатларни кузатишимиз мумкин. Қиссада қаҳрамон ўз ихтиёри билан баҳри уммонга овга чиқади. Бу балиқчи чолнинг ўзлигини англаш йўлидаги биринчи исёни эди. Қисса катта шахс бўлиш истаги ва машаққати ҳақида. Уммон маънавий-руҳий дунёнинг, инсоният ўз ўрнини топиш учун курашаётган бепоён оламнинг тасвири. Қиссада балиқчи чол ўзининг омадсиз тақдирига қарши исён кўтаради. Сизифнинг ҳаёт тартибини ўзгартириш йўлини излаши, самарасиз яшаётган ҳаётга исёни: «Инсон зотини оёқости ва беқадар қиладиган ҳар қандай қора меҳнат-машаққати барҳам топадиган янги иродага, бошқача ҳаёт кечиришга ўргатаман одамларни. Инсон ҳаёти ҳудами-беҳудами, бамаъними-бемаъними, деб бош қотириб ўзларига ўзлари азоб бериб юришмайди одамлар66
  Ўша асар. 270-бет.


[Закрыть]
». Аслида инсон бу ёруғ дунёга ўз ҳаётидан маъно излаш, унга мазмун бағишлаш учун келади.

Инсон борки, унинг ёнида, ортида таъқиб этувчилар бор. Одам мудом кузатувчи ва кузатилувчи. Ёзувчи қиссалари услубига хос қаҳрамоннинг ички «мен»и романда ҳам тасвирланган. Уни ижодкор «Сисиф» деб атайди. «Сисиф» – Сизифнинг виждони, қалб амри. Сизиф харсанг тошга яширин Сисифни топади. Харсанг тошнинг парчаланиши Сизиф қалбининг покланишидир. Демак, ижодкор харсанг тошни нафс сифатида ҳам келтирган. Инсон ўз нафси, ўз аъмоллари билан курашади, нафсига мағлуб бўлишни истамайди. Алишер Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонида қаҳрамони Фарҳоднинг ўз нафсига қарши исёнини Юнонистонга қилган сафари, учта манзилда учта нарсани енгиши билан тасвирлайди. Фарҳод нафсни мағлуб қилгандан кейингина Ширин висолини олдин ойнада кўришга, кейин эса ўзини кўришга муваффақ бўлади. Нафсни енгиш билан инсон ўзлигини англаш сари, синоатини билиш сари қадам ташлаган бўлади. «Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ», – дейди бу ҳақда шоир.

Романда денгизда қайиқда сузаётган чол тимсоли акс этган. Асар қаҳрамони чолни дастлаб кўраганида чол бошини осилтирганча ташқи ҳаётга эътиборсиз эшкак эшаётгани тасвирланади. Чол ўз қисматини тақдир ҳукмига топширган инсон. Сизиф балиқчи чолни кейинги кўрганида қора қузғунларга ем бўлганининг гувоҳи бўлади. Қора қузғун – йўқлик тимсоли. Ҳар бир инсоннинг умри ўлчовли, ҳар бир инсоннинг қора қузғуни бор. Паймона тўлганда ундан қочиб қутулолмайсан. Балиқчи чол – Асоп ёлғизлик ва қисмат қурбонига айланди.

Сизиф бошига тушган жамики машаққат, жамики уқубатга дош берди, харсанг тош эса дош бермади. Харсанг азоб-уқубатга чидамади – майда бўлакчаларга бўлина бошлади. Инсон матонати, иродаси дош берган чидамга оддий харсанг тош тоқат қилолмади. Бўлакларга ажрала бошлади. Бир парча этдан пайдо бўлган инсон чидади, сижжилми, темирми, метин харсанг тош чидамади. У тинимсиз ва муттасил равишда чўққи томон ўрмалаши ва пастга думалаши натижасида мўрт дарахт танаси янглиғ емирилиш, синишга юз тутди. Харсанг тошнинг вазни енгиллашган сайин Сизиф билан харсанг ўртасидаги муносабат ўзгарди. Орадаги рақиблик, ғанимлик кайфияти барҳам топди. Харсанг тош ҳар думалаганда ундан япасқи-япасқи парчалар ажралиб тушар, буларнинг бари Сизифнинг кўз ўнгида рўй берар эди. Буларни кўрган Сизифнинг хаёллари парчаланиб, пароканда бўлаётган эди. Харсанг тош синиқларини тоғ чўққисига олиб чиқди, адоқсиз машаққатлар ортда қолди. Харсанг тош парчаларида Сизиф ўзлигини топди.

Адибнинг бу романини тасаввуфий маънода инсон умри давомида сарсон-саргардон ниманидир қидиради, нималарнидир ахтаради ва алалоқибат ўзлигига қайтади, деган ҳақиқат асосига қуради. Бу хатти-ҳаракатлар, изланишларнинг барчаси Яратувчи томон қўйилган қадам эди. Ўзлигини англашга, ўзи учун яратилган ҳаётни ва дунёни ўз ақли ҳамда тафаккури билан тартибга солишга интилаётган инсон исёни ва изтироблари китобхонни уйғоқликка чорлайди.

Айимхон ЭШНИЯЗОВА
(«O’zbek tili va adabiyoti» журнали. 2018. 3-сон. 93-98-бетлар.)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации