Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 29

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 29 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ИЖОД, МАТБУОТ – ҲАЁТ: АЙЛАНАЁТГАН ЧАРХПАЛАК

– Хуршид ака, келинг, суҳбатни «кўнглингизни хуш қилатурғон» савол билан бошласам (шундан сўнг зора «очилиб», «яйилсангиз» деган илинж ҳам бор-да кўнгилда). Бир куни устоз шоиримиз Усмон Азим қўлида бир даста китоб билан адабий йиғилишдан чиқиб келаётган экан. Улар орасида сизнинг оқ рангли, устида миттигина бир гул солинган китобингизни ҳам пайқадим. Ўша китобга ошиғич қараб турганимни кўрган шоиримиз, «Ҳа, бу ғоят дидли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг китоби. Дидли деганимга сабаб – ҳозир ким кўп, китоб чиқараётган кўп. Улар орасида (муқовасининг биринчи бетида ўзгинасининг товоқдай башараси акс этган китобни кўрсатиб) манавинақалари ҳам бор. Буларни кўриб, муаллифнинг ўзи қолиб, мен хижолатга тушиб кетаман. Китоб чиқарсанг, Хуршидга ўхшатиб, мана шунақа қилиб чоп этсанг», дегандилар. Ўша китобингиз менда йўқлиги бошқа масала-ку, аммо шоир айтган дид масаласига тўхталсак. Бугунги бозор билан китоб аралаш-қуралаш бўлиб кетган ажиб замонада ёзувчи учун дид деган мезон нечоғлик муҳим?

– Комилжон, биродар! Суҳбат, интервью жанрида анча-мунча кўйлакни тўзитган журналистлардансиз. Бунга гап йўқ. Сўзимизни дид ҳақидаги мулоҳазалардан бошлашингизда ҳам ўша тажрибаларнинг нафаси келиб турибди. Буни дид билан берилган савол, дейишимиз мумкин.

Ишонсангиз, дид ҳақида жуда кўп ўйлайман. Юзаки қараганда, жуда оддий, маиший ва мутлақо шахсий-интим мавзуга ўхшаб кетади. Ҳақиқатан ҳам одамни одам қиладиган фазилатлардан бири – дид! Бирор бир одам ҳақида сўз борганда одатда «дидли-фаросатли» бирикмаси қўлланади. Ҳар банданинг ҳар бир сўзи, кўз қараши, ётиш-туриши, қадам олиши – ҳамма-ҳаммаси унинг дид-фаросатидан бамисоли ахборот бериб туради. Шахсий-маиший дид бор. Ижтимоий-сиёсий дид бор. Бадиий дид бор. Қаранг, ботиний-индивидуал ҳолат аста-секин жамият ва халқ тақдирини ҳал этишга қодир ижтимоий хусусиятга айланиб бормоқда.

Ижоднинг барча турларида дид жуда кўп нарсаларни ҳал қилади. Жумладан, бадиий адабиётда ҳам шундай. Бадиий маҳорат ҳам, услубдаги ўзига хосликлар ҳам, уларнинг яратилган асарда намоён бўлиши ҳам ижодкор шахснинг бадиий дидидан бошланади. Бадиий дид – бадиий савия, бадиий маҳорат «тақдири»ни ҳал қилади.

Дид муҳокама қилинмайди, деган нақл бирмунча оммалашган, лекин ҳозир турфа давраларда қизғин муҳокама мавзусига айланган «оммавий маданият» тушунчаси моҳиятан дид ва савияга бориб тақалади. «Оммавий маданият» бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган ниҳоятда серқатлам тушунча, яъни ҳар бир қатламга хос дид ва савия ҳақида муҳокамага киришиш учун махсус тайёргарлик, алоҳида ёндашув даркор.

Бошқа бир муаммо: ижодкор ва китобхон диди. Бир-бирига боғлиқ бўлган бу қўшалоқ жараён бир-биридан рағбат олади, бир-бирига мунтазам таъсир кўрсатиб туради. Шу тариқа яхлит бир адабий муҳит вужудга келади. Ўқувчи диди ижодкорнинг, ижодкорнинг диди китобхоннинг дидини тарбиялайди, нафислаштиради, шакллантиради. Ҳаётимизга кириб келаётган БОЗОР ижодкорнинг дидини кенг китобхон оммаси диди даражасига тушишга ундамоқда.

Яқин 15 – 20 йил мобайнида бозор, бозор муносабатлари ҳар қандай жамиятни олий мақомга кўтарувчи бирдан-бир омил эканлигини айтмаган, тасдиқламаган одам қолмади ҳисоб. Гўё бозор муносабатларига ўтамизу жаннатнинг қоқ марказида яшай бошлаймиз!.. Энг тараққий этган давлатларда барча муносабатлар бозор муносабатлари мезонларига бўйсунишини чала-ярим эшитиб-билиб, биз ҳам ўшаларнинг даражасига чиқиш мақсадида яшай бошладик ва… ўйлаганларимизга унча-мунча эришгандек бўлиб турибмиз ҳам. Энди эса ана шу ниятга етишиш асносида «Эҳ, аттанг!» дейдиган жойлари ҳам оз эмаслигини тушуниб қоляпмиз. «Аттанг»ларнинг биттаси китобга, бадиий дид ва бадиий савияга, умуман маърифатга тааллуқли.

Бозор муносабатларига жамият бутунисича ўтади, бир тармоқни «бозорлаштириб», бошқасидан юз ўгириш билан иш битмайди. Бозорга бутун жамият миқёсида ё ўтилади, ё ўтилмайди. Ўтишга қарор қилиндими, янги уй-жой қуриш истагида эскисини бузиш чоғида кўтариладиган чанг-тўзонга дош беришга мажбур бўлингани сингари, унинг оқибатида бошга тушиш эҳтимоли бўлган иллатларга чидашга мажбурмиз. «Иллатларга чидаш» деганда мен вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйишни назарда тутмаяпман, балки бундан фожиа ясамаслик, балки юзага келаётган қусурли ҳолатларга ақл-идрок ва халқимизга хос оқиллик, бағри кенглик билан ёндашув зарурлигини эслатмоқчиман, холос. Давлатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асари ана шундай ёндашувнинг ибрат намунасидир.

Бозор муносабати, фикри ожизимча, барча-барча соҳаларда соғлом ва очиқ-ошкора рақобатнинг ўрнатилиши, ҳамма нарсани истеъмолчининг инон-ихтиёри ҳал қилади, деганидир. Таассуф билан айтишимиз мумкин, бундай муносабатларда моддий манфаатдорлик энг муқаддас маънавий қадриятлардан-да устунлик қилиб қолиш ҳоллари ҳам юзага қалқиб чиқмоқда. Бу аҳволда оқибат нима бўлади? Келугиси авлод тақдири, жамиятнинг истиқболи, миллий ўзимизга хосликлар бошига қандай кунлар тушади?!

Ҳатто маънавият-маърифат, жумладан, китоб яратиш, уни оммалаштиришга тааллуқли саъй-ҳаракатлар ҳам мана шу бозор измига, комига тушар экан (ўзимиз шуни истаган эдик-ку!), сиз айтган бадиий диднинг тақдири нима кечади?

Гапнинг индаллоси – бадиий дид ҳам бозорнинг оёғи остида қолади!..

– Нажот нимада? Наҳотки, нажот топилмаса?

– Ягона нажот – одамларда, халқда!

Нимани назарда тутмоқдаман?

Бозор муносабатлари фақат иқтисодий-молиявий тушунча эмас. Жамиятнинг демократлашуви, жамият аъзоларида ўзини ўзи бошқариш кўникмасининг, тизимининг яратилиши ҳам бозор муносабатларига чамбарчас боғлиқ. Умумтафаккур тарзининг (жумладан, бадиий салоҳиятнинг!) равнақи ҳам бозор муносабатларининг муҳим кўрсаткичларидан саналади. Бундай шароитда ҳамма масъулият шахс зиммасига тушади. Ҳар бир одамнинг диди, дунёқараши, фуқаролик позицияси, саъй-ҳаракатлари учун, биринчи навбатда унинг ўзи жавоб беради. Жамият эркинми, инсоний камолот учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганми, марҳамат, яхшилик – комиллик йўлини тутсанг – олам сеники, акс ҳолда, тағин ўзингга ҳавола!.. Жамиятдаги соғлом кучлар, дейлик, жамоат ташкилотлари ўзининг мавжудлиги билан яхшилик йўлини тутиш истагидагилар сафини кенгайтиришга, уларни қўллаб-қувватлашга саъй-ҳаракат кўрсатаверади. Муҳит яратади. Шоир, ёзувчи ана шу муҳитнинг яратилишида, унинг мудом соғломлигини таъминлашда сўзи, амали, ижоди билан сафнинг олдида боришга маҳкум қавм ҳисобланади.

Биз адабиёт, китоб ва мутолаа жабҳасининг барча машмашаларини кўриб, «татиб» улгурганимизча йўқ. Рақобат яна қандай тус олишини келажак кўрсатади, ҳозир эса бадиий сўз майдонида кураш авжига чиқмоқда. Бу майдонда ҳақиқий ва сохта адабиёт ўртасида кураш давом этади. Ким қай томонда курашади, нечоғлик ниятига етади, бунинг гувоҳи бўлаверамиз. Лекин бир ҳақиқатга иқрор бўлмоқ керак: биз назарда тутган майдонда ҳақиқий адабиётнинг бош мезони сифат бўлса, жўн адабиётнинг устунлиги сонда, миқдорда акс этади. Олтин мезон тақдирини ҳал этиш эса яна ижодкор ва китобхон бадиий диди зиммасига тушади.

Шу тариқа кечаётган жараённи бамисоли тинимсиз ҳаракатдаги чархпалакка ўхшатгим келади – унинг бошланишию адоғини аниқлаш маҳол.

– Олдинги саволда биргина луқма билан чегараланиб қолинган «бозор ва адабиёт» иборасига барибир тўхтаб ўтишингизни билувдим. Тўғриси, мана, неча йилки, ўзини адабиётга салгина дахлдор сезган мардум борки, шу иборани бошдан-оёқ авра-астарини бирма-бир ағдариб кўрмоққа, фаҳми етса-етмаса, ўзни шунга дохил сезмоққа, бунақа адабиётни аввал-охир ҳазм қилолмай юрган оқсоқолларимиз-ку инчунун, ҳаттоки «бозорчи адиб»ларни бўралатиб сўкмоққа-да ҳаддилари сиғиб ётибди. Лекин ўшанақа «эъжод маҳсуллари» камайиш ўрнига ҳамон урчигандан урчишда, нодавлат нашрлари ўшаларни пуллаб, ўз ададларини оширишда, бу тахлит «асар»ларнинг қаҳрамонлари аҳли муштарий кўнглини ийдириб, бўзлатишда давом этаётир… Ҳозир сиз уларни бир қадар ёқлашингизни билганим учун муносабатингизни сўрамайман (бир журналда уларга нисбатан сал мойилроқ тарзда жавоб қилганингизни ўқиганим бор эди)…

– Мен табиатан мураккаб, ўқиш қийин бўлган, мазмунан ва шаклан «ҳазми» оғир асарларни ёқтираман. Тайёр образлар, тайёр қолиплар асосида яратилган бадиий машқларга ҳушим йўқроқ. У ҳолда «эъжод маҳсуллари» тоифасига мансуб асарларга мойиллик билдирганимнинг боиси нимада?

Сиз назарда тутган жавобим қачон ва қаерда чоп этилгани ёдимда йўқ, шундай бўлса-да, Сиз «мойиллик» деб сифатлаган сўзга изоҳ берай.

Аввало, кўнгилочар нашрларга нисбатан «сариқ матбуот», енгил адабиётларга «эъжод маҳсули» сингари таърифлар бериш енгил-елпи пичинг, киноя ва беписандликдан бошқа нарса эмас. Бундай таърифларни «Ў, жуда яхши!» ёки «Э, жуда ёмон!» деб баҳо беришдан нарига ўтолмайдиган оддий мухлису муштарийлар айтса, начора, уларни тушуниш мумкин, лекин зиёли инсон, айниқса сиз ва биз сингари мутахассислар, профессионаллар унақанги арзон-гаров иборалар билан ҳукм-хулоса чиқаришга одатланмаслигимиз керак, деб ўйлайман. Мен ҳар қандай воқеликни, реалликни, жумладан, бадиий асарни батафсил ва холис таҳлил қилиш, шу орқали яхшисини яхшига, ёмонини ёмонга саралаш ва шундан сўнггина қатъий фикр-мулоҳаза билдириш тарафдориман. Талаш бўлиб ўқилаётган китоблардан, оммабоп нашрлардан, масалан, дейлик, сюжет воқеаларини занжир қилиб улаб кетилишини, китобхон қизиқишини «тутиб» туриш ҳадисларини ўрганиш мумкин. Сийқа воқеабозликдан, тасвир жўнлашувидан, образ яратиш қолиб, насиҳатгўйликка ўтиб кетишдан ва шунга ўхшаш қатор-қатор бадиийликка путур етказувчи одатлар ҳар қандай маҳоратли қалам аҳлини исталган вақтда йўлдан уриши эҳтимолини унутиб қўймаслик учун ҳам сиз айтаётган китобларни варақлаб туриш фойдадан холи эмас.

Шу маънода жиддий адабиёт вакиллари ва тарафдорлари кибру ҳавони йиғиштириб қўйиб, енгил адабиётга мансуб асарларни ўқиш, таҳлил қилиш, уларга ошкора муносабат билдиришдек «қора» меҳнатдан қочмасликлари маъқулроқ, фойдалироқ туюлади менга.

Хуллас, Комилжон, шунга ўхшаш мулоҳаза ва истакларни «мойиллик» деб талқин қилсангиз, ихтиёр ўзингизда…

– Ўн беш – йигирма, борингки, эллик йилдан сўнгги адабиётимизни қандай тасаввур қиласиз?

– Башорат қилиш бандасига буюрилмаган. Мантиқий тахминларга уриниб кўрса бўлар.

Бир қарасангиз, жаҳон адабиётида забт этилмаган бўшлиқ қолмагандек туюлади, ҳамма гап маълуму машҳур сўз даҳолари томонидан айтиб бўлингандек гўё. Оғизга тушган асарларда ҳам фавқулодда янгилик топмайсиз: қайтариқлар, вариациялар, чиранишлар ва ҳоказо. Бир қарасангиз, шунга ўхшаш уринишлар тўлқинида кутилмаганда нимадир пишиб етиладигандек!.. Ҳозирги замон тафаккури инсоният ақл-идрокини лол қолдирадиган даражада ихтиро ёки кашфиётга қодир эмасдек… Ахборот оқимининг кўлами ва миқёси одамлардаги ҳайратланиш туйғусини сўндириб юбормоқда. Фалсафа янгиланмагунча адабиёт янгиланмайди. Ҳатто энг нозик, энг рубобий, энг беғубор туйғулар, эҳтирослар, ҳаяжонлар томири ҳам фалсафага – дунёни англаш сезгиларига туташиб кетади. Шахс ва жамият, инсон ва дунё, инсон ва ахборот дунёсида юз бераётган ўзгаришлар тўлқинида фавқулодда адабий кашфиётлар яратилиши мумкин.

Юқорида тилга олинган мавзуга қайтсак, биз сўз юритган муаммо янаям кескин тус олади, рақобатнинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган нағмалари, найранглари келиб чиқади, жиддий ва ҳавас учун ёзилган адабиёт сифат ва сон ўртасидаги кураш кўринишида давом этади. Сифат ўлмайди, аксинча юксалади, чунки, айниқса, бадиий ижодда бир дона СИФАТ юзлаб СОНдан, минглаб МИҚДОРдан устун ҳисобланади!

– Келинг, ҳадеб гапни айлантирмасдан, дангал бир савол берай. Қарасам, чайналиб, гапини тузук-қуруқ тушунтиролмаётган ланж бир одамдек туюлиб кетаяпман ўзимга ўзим. Газетачилар орасида шахсан Сиз ҳам бир пайтлар – амалдорлик чоғингизда қайсиям тижорат газетасига «ҳомийлик», бошқача айтганда «криша» бўлганингиз ҳақидаги гап-сўзлар юради…

– Юқоридаги саволлар гапни айлантириш қабилидаги саволларга ўхшамаганди, назаримда… Дангал саволингизга дангал жавоб шу: мен кимгадир ёки нимагадир «криша» бўладиган мақомдаги амалдорликка эришганим йўқ. Эришган деб ҳисобласангиз, амал нуфузини «криша»ликка совурмадим. Ҳар қалай ўзимни юлдузни бенарвон урадиганлар тоифасига мансубман, дея олмайман.

– Биласизми, Хуршид ака, барибир Сизни ҳурмат қиламан. Буни энди замон эврилишлари бошингизга амалу мансаб қушини қўндирганда ҳам, оддий бир ижодкор каби камтарона юриш-туришга маҳкум этилганингизда ҳам – ўша-ўша, таниш қиёфада – оддий, камтар, бироз одамови, бироз қитмир, бироз дангалчи, бироз тўғрисўз, ҳаммасидан «бироз»дан бор-у, энг асосийси ЎЗ ИНСОНИЙ ҚИЁ-ФАсини йўқотмаган одамга бўлган ҳурмат, деймизми, унга чин шогирдчасига бўлган ихлос деймизми, бу ёғини билмадим… Чунки ҳар хил тоифага, турфа табиатларга дуч келавериб, одам сал зада бўлибам қоларкан. Ҳозир айтганимдек – мутлақ ўзгармас бўлиб қолиш қийинми?

– Сизнинг лутфингиздан «Мансаб қуши»ни узиб оладиган бўлсак, бу борада тақдирдан минг карра розилигимни эътироф қилиб қўймоғим керак. Озми-кўпми турфа мақомларда хизматчилик кезларида ҳаётнинг анча-мунча саҳналарини кўриш насиб этди. Одамларга, ҳаётга, воқеликка бошқача нуқтаи назарлардан қараш, уларга баҳо бериш имкониятини тўлатўкис тасвирлаб бериш амри маҳол. Баъзан ўйлаб қоламан: мана шу имконият насиб этмаганида ҳаётий тажрибаларим, ҳукм-хулосаларим жуда-жуда ғариб, жўн ва чала бўлиб қоларди-ку?.. Кези келгани учун айтай – қаерда, қайси лавозимда бўлмай қўлдан келганича, астойдил, куч-ғайратни аямай тўғри ва ҳалол ишлаш ҳаракатида бўлдик, ғирромлик кўчасига йўламадик.

Ўз қиёфасини асраш ва сақлашга келсак, Комилжон дўстим, бир сирни айтадиган бўлсам, мен қайси мансабда бўлмай, унинг меҳнати-масъулияти ҳақида кучим-иқтидорим етганича қайғурдим, лекин мартабаю амалимни, унинг асъасаю дабдабасини деярли ҳис қилмаганман. «Мансабдор андоғ бўлмоғи даркор» дегулик урфларга риоя қилмаганман, уни ҳатто тушунишни истамаганман ҳам. Янаям очиқроқ айтсам, оддий инсонлик, инсонийлик олдида Сиз айтаётган қолган барча тушунчалар бир лаҳзалик ҳавойи нафасдай, бир акса уришдек ўтадиган-кетадиган матоҳ-манзара, деб билганман. Бу менинг кашфиётим ёки донолигимдан келиб чиққан хулоса эмас, инсоният тарихининг буюк сабоқларидан бири, холос. Ўзимизнинг кўҳна Шарқ маънавий меросига доир манбаларда мансаб-мартаба одобига доир дониш ўгитлар кўп, улардан бирида айтилишича, мансаб курсиси насиб этган дақиқа ундан мосуво бўлиш сари қўйилган дастлабки қадам ҳисобланади.

Дарвоқе, «Тарих – сабоқ» деган машҳур гап азбаройи нақлга, ҳикматга айланиб кетган. Мен бунга қўшилмайман, қўшилолмайман, чунки агар шу ҳикмат ҳақиқатан ҳам тўғри бўлганида, яъни олис ва яқин тарих воқеаларидан фойдали хулосалар чиқара билганида инсоният ҳозиргидан кўра юз, минг чандон гўзалроқ, фаровонроқ ва адолатлироқ яшаш даражасига кўтарилган, турмуш тарзига эришган бўлур эди. Амалда эса бундай эмас…

Лавозим, мартаба қуруқ савлат эмас, у – масъулият. Мансабдорликнинг ўз реаллиги, ўз талаблари, ўз тушунчалари ва қадриятлари бор. Айниқса, юқори мартаба-мавқе мезонлари билан оддий кундалик ҳаётда ҳамма рўпара келадиган мезонларни аралаштиришдан нотўғри, чала ва асоссиз тушунчалар урчийди. Бундан лавозим курсисида одамийлик унутилар эканда, деган хулоса чиқариш керак эмас, албатта. Лекин оддий ҳаётда виждон, диёнат, орият, адолат, холислик сингари туйғулар, қадриятлар бош мезон сифатида кишиларни тартибга солиб турса, юқори лавозимларда худди шу тушунчалар бошқачароқ «тобланади», бошқачароқ бошқаради, ўзгачароқ ечимлар чиқаришга олиб келади одамни. Такрорлай – икки ўртадаги ана шу ғоятда нозик пардани ҳис қилмасликдан келиб чиқади турфа тушунмовчиликлар, фалончи андоқ экан, пистончи бундоқ экан сингари миш-мишлар, арзон-гаров хулосалар. Афсуски, жуда кўп одамларимиз мана шу ҳақиқатни тўғри тушунишмайди, тўғри талқин этишмайди.

– Устод Озод Шарафиддинов хотирасига бағишлов тарзида битилган манзумада Сизнинг ҳам мақолангизни ўқиганим бор эди. Адашмасам у «Майдон ўртасида туриб гапиришга тайёрмисиз?» деб номланарди (номини адаштирган бўлсам, узр). Суҳбат бошидан бери шу саволни ўзингизга бериб кўраман, дейман-у, мавридини тополмай ётган эдим. Энди келди, шекилли… Хўш, ўзингиз майдон ўртасида туриб гапиришга, лозим бўлганда ҳайқиришга тайёрмисиз? Ё ҳайқириб бўлдингизми?..

– Аввало, мен ҳайқирадиганлар тоифасига мансуб эмасман. Табиатимда ҳайқиришга мойиллик йўқ. Ҳайқириш, ўшқириш ожизлик, чорасизлик аломати эканлигини ёш болалар ҳам биладилар. Майдон ўртасига чиқиб гапиришга келсак… нимаики ёзганларим бўлса, барчаси майдонда (О.Шарафиддиновга бағишланган мақоланинг номи – «Майдон ўртасидаги ҳисоботга тайёрмисиз?»). Бадиий асар бўладими, публицистиками, илмий изланишларми – борига барака, дастурхонга сочиб ташланган, омма ҳукмига ҳавола этилган Ўзим, улар. Уларнинг савоби ҳам, нуқсони ҳам меники.

«Ё, ҳайқириб бўлдингизми?» деган саволингизда эса суҳбатимиз бошланишида тилга олганимиз дид, яъни Сиздек тажрибали журналистнинг назокатли диди панд бергандек туюлди, менга… (Бу савол – ҳақорат! Битта ушбу савол учун суҳбатдан ҳам, «Аъло кайфият»дан ҳам воз кечишга тайёрман! – Х.Д.)

– Ўн йиллар муқаддам «Чаёнгул» деган фильмни томоша қилаётиб, унинг сюжетига қандай «кириб кетганимни» билмай қолганман. Очиғи, картинани бошдан кўрмаганим учун унинг сценарий муаллифи ким эканлигини билмаганман ва фильмнинг охиригача ғоят мутаасир бўлиб, уни ким ёзганини билгим келаверган. Бир пайт, тугаганда қарасам, муаллиф – ўзгинангиз экан. Яширмайман, «Хуршид акам зўр сценарийнавис ҳам эканлар-ку, қойил» деган бир фикр ўтганди ўшанда кўнглимдан. Маданият ва санъатнинг бирор-бир соҳасига бефарқ бўлмаган қаламкаш, моҳир журналист сифатида негадир бу соҳа бўйича ўзингизни ҳадеганда кўрсатавермайсиз?..

– Бадиий фильм ижодкори бўлишнинг ўзгача завқи, сурурини бошдан ўтказганлар биладилар. Кинонинг сеҳри бўлакча!.. «Чаёнгул» яратилганига ўн йилдан ошди, лекин уни ҳамон томоша қиляптилар, шу номли қиссани ўқишяпти. Янги фильмлар яратишга арзирли режаларим йўқ эмас, масалан, таниқли режиссёр Собир Назармуҳамедов билан бир неча сценарийни қоғозга туширганмиз ҳам. Лекин биз қўл урган сценарийлар асосида ишланадиган фильмлар бугунги бозор талабларига жавоб бермаслигини ўзимиз ҳам ҳис қиламиз. Улардан кассабоп фильмлар чиқмайди. Қолаверса, кино – жамоавий ижод майдони, битта сценарийни ўтказгунча, маъқул қилгунча неча-неча мутахассислар даврасига бош суқиш, улар билан ёқалашиш, талашиб-тортишиш керак бўлади. Бунақанги жангу жадалдан кўра, бир ўзим (одамови дедингиз-ку) қоғоз қоралаб ўтирганимда оладиган завқимга етмайди ҳеч нарса!

– Ҳозир Сизнинг олдингизга, суҳбатлашиш учун келаётганимда ўзингиз ҳам, мен ҳам яхши билган бир журналист ҳамкасбимиздан йўл-йўлакай, «Хуршид акага қандай савол беришимни хоҳлардингиз» дея сўраганимда у баттол ҳам қитмирлиги тутиб, «Хуршид акам узоқ йиллар мамлакат матбуотининг бошида турган роҳбонларидан бири эдилар, катта-катта, журналистик тараққиётимизнинг қай бир ўзани бевосита боғлиқ бўлган жойларда ишлаганлар. Бугун миллий матбуотимиз келажагини қандай тасаввур қиларканлар?» деган бир қараганда мавҳумроқ, яна бир қараганда дангалтоб бир саволни ташлаб қолса, денг. Бу саволни бермай дейман-у, аммо лафз қилиб қўйган жойим бор. Шунга нима дейсиз?..

– Башорат эмас, ҳатто фаразларга эрк берадиган замонда яшамаяпмиз. Ҳозирги тараққиёт шиддатида эртага нима бўлишини чамалаш мушкул. Матбуот соҳасига келсак, ҳар бир миллий матбуот ўзича – алоҳида яхлит организм, миллий тафаккур инъикоси, қарашлар майдони ва минбари! Матбуотнинг сеҳри, жозибаси, жунуни, эркаликлари, шўхликлари бор, очиқ айтай – буни камдан-кам одамлар тушунадилар, ҳис қиладилар, қадрлайдилар. Тўғри, ҳар бир матбуот ўз даври ижтимоий-сиёсий воқелигининг кўзгуси. Воқеа бирламчи, матбуот иккиламчи. Бундан дарҳол хулоса чиқармайлик-да, сўзимнинг «бердиси»ни ҳам тингланг. Ҳозир айтган гапимдан матбуот ижтимоий-сиёсий воқеликнинг сояси экан-да, деган хулосада тўхтаб қолманг, чунки матбуот ўзича ҳарчанд соя бўлмасин, ҳар қандай воқеликка соя ташлаши ҳам ҳеч гап эмас! Матбуотнинг бош ва мутлақо ўзгармас танянч нуқталари бор. Улар – ошкоралик, ҳозиржавоблик ва холислик! Матбуотнинг мазкур уч шарти олдида ҳар қандай қудратли куч – ожиз. Бу жавобдан Сизда қўшимча савол туғилади: бордию, мана шу уч таянч шарт ва талабни матбуот адо эта олмаётган бўлса-чи? Бордию, адо эта олмаётган бўлса, мана шу адо эта олмаётгани билан воқеликнинг асл қиёфасини фош этаётган бўлади!..

Бу матбуот табиатидан келиб чиққан хусусият, табиий хусусиятлар олдида эса ҳар қандай банда томонидан ўйлаб топилган ва минг қиёфага кириб хаспўшлашга уринишлар – саъй-ҳаракатлар ожиздир, ожиз.

– Бир пайтлар, телевидениеда ишлаб юрганимда Сизнинг фикрларингиз асосида, бевосита тақдирингиз ҳақида кўрсатув қилиш таклифи билан чиққанимда стационарда даволанаётганингизни баҳона қилиб, рад қилган, сабабини кейин тушунтираман, дегандингиз. Ўзи нега ўшанда розилик бермагансиз, энди сўрасам бўлар…

– Эҳтимол ўша қўнғироқ қилган кунларингизда даволанаётган бўлсам бордир. Лекин даволанмаётган бўлганимда ҳам Сизнинг таклифингизга розилик бермасдим. Биринчидан, мамлакат матбуотига дахлдор мансаблардан бирини эгаллаб ўтирган ходим сифатида ҳадеб телеэкранда кўринаверишни ўзимга эп билмасдим. Ваҳоланки, экранда бирров «лип» этиб кўзга ташланиш орзусида ўтаётганлар қанча! Иккинчидан, телеэкраннинг кўпчилик биладиган бир нозик жиҳати бор. Телеэкран одамнинг фазилатидан кўра нуқсонини кўпроқ бўрттириб кўрсатади. Ташқи қиёфа, нутқ ва ҳоказо. Бизда телевидение орқали гапираётган одамнинг манфаати эмас, телевиденимиз манфаати биринчи планда туради. Ноўрин қайчилашлар, тўмтоқ фикрлар, жумлалар мана шунинг оқибатида келиб чиқади. Томошабин эса булардан бехабар. Уларнинг ҳар бирига бориб, мен ундай демоқчи эмасдим, бундай эди, деб айтиб чиқмайсиз-ку!.. Хуллас, шунга ўхшаш истиҳолалардан келиб чиқиб, тележурналист ҳамкасбларим таклифларини жавобсиз қолдирган ҳолатларим кўп бўлган.

– Бугун нималар билан бандсиз? Хаёлингизга энг кўп келаётган ўй нима?

– Қоғозга тушиш фурсатини кутаётган гапларимиз мўл-кўл. Насиб этса, чиройли режалар, эзгу ғоялар бисёр.

Энг кўп келаётган ўй… Халқимиз ҳеч қачон узоқ йиллар тинч-барқарор турмуш кечирган эмас. Тинчлик-барқарорлик деганда бир неча авлод умри мобайнида соғлом давомийликнинг сақланиши, таъминланишини назарда тутмоқдаман. Мисол учун, деҳқончилик, миришкорлик, ҳунармандчилик бир неча авлоддан авлодга ўтиб келса, бундай давомийлик натижасида шу ҳунар муттасил тараққий топа боради. Илмфан, ҳатто бадиий ижодда ҳам узвий давомийлик (бу муайян сулола вакиллари ижросидами ёхуд устоз-шогирдлик тарзидами, қатъи назар) сақланмоғи керак. Женевада бўлса керак, икки қаватли ихчам ва кўримсизгина бинода 300 йилдан буён бир сулола кишилари иссиқ музқаймоқ тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйган эканлар. Ҳеч ким бу уйни бузиб ташламаган, сулола занжири ҳалқаларида ҳеч қандай сунъий узилиш юз бермаган. Яъни иссиқ музқаймоқ тайёрлаш илми ҳам, ҳунари ҳам – бу ҳунар соҳиблари ҳам шу юрт, шу халқнинг ўзига хос бойлиги сифатида ривож топиши йўлга қўйилган.

Мустақиллигимизнинг барқарорлиги мана шундай барқарорликка замин яратишига ишонаман.

– Негадир матбуотда камнамосиз? Дейлик, ўзингиз бир пайтлар гуриллатиб ишлаган – «Ҳуррият»да…

– Дарвоқе, «Ҳуррият» бор-а?! Ў-ў, «Ҳуррият»жон! Тўғри, унга беш йил мутасаддилик қилиш насиб этди. Қандай беш йил дерсиз? Республикада фаолият юритаётган барча оммавий ахборот воситалари орасида биттагина «Ҳуррият» цензура кўригидан ўтмай чиқарилган. Меъёрни, мувозанатни сақлашнинг минг бир ҳадисини ишга солишга тўғри келган. Ҳақиқатда гуриллатиб ишлаганмиз. Жамоада асосан ёш журналистлар эди, тиниб-тинчишмасди. Танқидий, таҳлилий мақолалар пайдар-пай чиқиб турарди. Бош муҳаррир бўла туриб, ўзимнинг мақолам газета саҳифасини кўрса бошловчи журналистлардек қувонардим. Газетанинг сеҳрларга тўла жозибаси, касбимизга муҳаббатимиз туфайли эди булар. «Ҳуррият» таҳририяти ўзимиз учун ҳам, мухлислар учун ҳам мўътабар даргоҳ эди!.. Ҳозирги газетанинг ҳар сонини қўлимга олар эканман, нималарнидир излаймиз, ютуқларидан қувонамиз. Таҳририят жамоаси аъзолари билан фикр алмашамиз. Ҳар бир газета ўз даври ижтимоий-сиёсий воқелигининг инъикоси, ўз даври муаллифларининг сўз айтиш минбари ҳисобланади. Биз фаолият юритган «Ҳуррият» ўша кунлар, ҳозирги «Ҳуррият» эса бугунги кун газетасидир.

Комилжон ШАМСИДДИНОВ суҳбатлашди
(«Аъло кайфият» журнали. 2012 йил, 6-сон. Б.20-24)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации