Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
КАМЮ, АБСУРД, СИЗИФ ВА ЎЗБЕК АДАБИЁТИ

Аслида Сизиф ва унинг маънисиз машғулоти мавзуси янгилик эмас. Ҳомер, Эсхил, Софокл, Еврипид, Критий сингари қадим юнон мутафаккирларидан тортиб Сартр, Беккет, Жойс, Кафка, Пруст, Мерль, Никитин каби европалик ўнлаб олиму ижодкор ҳам ушбу мавзуда турли жанрда асар яратган. Масалан, Ҳомернинг талқинича, Сизиф тамагир ва шуҳратпараст кимса, золим қароқчи бўлиб, йўловчиларни тўнаган ва уларни улкан думалоқ харсанг тош остида азоблаб ўлдиришдан завқланган. Бошқалар ҳам Сизифни фирибгар, ёлғончи, шаккок ва шаддод кимса қиёфасида тасвирлайди. Камю эса қаҳрамонининг инсоний сифатларини қаламга олади.

Сирасини айтганда, бизнинг маънавий муҳитимизда Камюнинг ғоявий-бадиий ниятини тўлиқроқ тушуниш, унинг ҳиссиётларини англашга ёрдам берадиган қўшимча манбага эҳтиёж бор эди. Қани эди, ўзбек адабиётида ҳам Камюнинг мураккаб фалсафаси, абсурд қаҳрамон Сизифнинг маънисиз хатти-ҳаракатларидан кутган мақсадини шарҳлаб берадиган бирор асар яратилса, деб орзу қилардик. Ўзбек адабиётида ҳанузгача ҳақиқий маънодаги абсурд қаҳрамон яратилмаган эди-да. Хайриятки, ана шу маънавий эҳтиёжни қондирадиган китоб пайдо бўлди – истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад «Донишманд Сизиф» романини ёзди.

Бир тарафдан, романни синчковлик билан мутолаа қилган зукко ўқувчи абсурднинг туб маъноси, абсурд қаҳрамон, абсурд асар ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлади. Иккинчи тарафдан эса асарнинг моҳияти ва аҳамиятини тўла-тўкис англаб етиш учун китобхоннинг абсурд фалсафасидан маълум даражада хабардор бўлиши ҳам талаб этилади. Негаки, «Донишманд Сизиф» – том маънода интеллектуал-фалсафий роман ва у, бизнингча, кенг китобхонлар оммаси эмас, балки хос ўқувчилар тоифаси учун битилган (Хуршид Дўстмуҳаммад. Донишманд Сизиф. Романлар. Тошкент, «О‘zbekiston» НМИУ, 2016).

Роман ҳам ғоявий, ҳам услубий жиҳатдан ёзувчининг аввалги асарларидан тубдан фарқ қилади. Мазкур асардан кишилар ёки гуруҳлар ўртасидаги кескин зиддиятлар, сюжет линиясининг тез-тез алмашиб туриши, муҳаббат изтироблари сингари Хуршид Дўстмуҳаммад ижодига хос бўлган хусусиятларни излаган ўқувчи адашади. Аввало, роман воқеалари ягона сюжет чизиғида кечади. Асар марказида илоҳлар илоҳи Зевснинг қаҳрига учраган Сизиф образи туради ва у афсонадаги каби тақдирига битилган харсанг тошни пастдан тепага олиб чиқишдек бемаъни машғулот билангина шуғулланади.

* * *

Ушбу нашрдан ёзувчининг «Бозор» романи ҳам ўрин олган. Икки асарни кетма-кет мутолаа қилган китобхон уларнинг ҳар бирида адиб услубининг ўзига хос қирралари намоён бўлганини кўради. Муаллиф «Бозор»да асарга объект қилиб олинган макон ва замонга мос равишда кўповозли (полифоник) нутқ типидан унумли фойдаланган. Кўпчилик одамлар ақлу фаросати ва қобилиятини маънисиз ишларга сарфлаётган бир пайтда Фозилбек билан Қадриягина ҳаётдан маъно излайди – шу мазмундаги асосий ғоя «Бозор» романида айнан полифоник нутқ усули воситасида тўлиқ воқеланган. «Донишманд Сизиф»да эса муаллиф монологик ва икки овозли нутқдан (муаллиф ва қаҳрамон овозининг чатишуви) фойдаланиб, биргина қаҳрамоннинг серзаҳмат фаолияти орқали матонатли инсоннинг монументал қиёфасини яратган. Айни чоғда, икки асар муаммолар ҳамоҳанглиги билан бир-бирини тўлдиради ҳам.

«Донишманд Сизиф» романи, бизнингча, абсурд назариясига оид кўплаб илмий ҳамда адабий манбаларни синчиклаб ўрганиш, уларни ўзаро таққослаш, таҳлил этиш самараси ўлароқ дунёга келган. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам мавзуни Альбер Камю сингари ҳам олим, ҳам ижодкор нигоҳи билан очиб беради. Сизиф образи ва характерига янгича чизгилар қўшиб бойитади. Сизиф Камюга абсурд таълимоти тўғрисидаги илмий қарашларини илгари суриш учун бир восита бўлган эди. Хуршид Дўстмуҳаммад эса дунё адабиёти ва фалсафасида маълуму машҳур бўлган мазкур таълимот ҳақидаги тезисларни янада кенгайтирди. Энг муҳими, Сизиф образи воситасида абсурд асар, абсурд қаҳрамон, абсурдча ҳаёт ҳақидаги ўз илмий қарашларига бадиий шакл берди. Асарни ўқиган китобхон абсурд маънисизлик тарғиботи эмаслиги, ҳаётни маъно ва мазмун билан бойитиш инсоннинг ўзига боғлиқ экани, бунинг учун у умид билан яшаши, муҳими, фикрлаши, мушоҳада юритиши лозимлигини билиб олади. Камю бир ўринда «Аслида афсоналар бизнинг фикримизни уйғотиш учун ўйлаб топилган», дейди. Х.Дўстмуҳаммад ҳам айни шу фикрни бадиий талқин этган.

Камю Сизифнинг ижтимоий мақомини аниқ белгиламаган бўлса, Х.Дўстмуҳаммад романида у – шаҳаншоҳ Эол ва малика Энаретнинг суюкли ўғлони, Мероплар сулоласининг арзанда куёвтўраси, Коринф қалъасининг ҳукмдори. «Донишманд Сизиф»даги талқинга кўра, у шунчаки илоҳлар илоҳи Зевснинг амрига бўйсунмагани учун эмас, балки қурғоқчиликдан азоб чекаётган халқини деб жазога мустаҳиқ этилади. Сув худоси Асопнинг суюкли ва гўзал қизи Эгина тўсатдан ғойиб бўлади. Ташвишга тушган ота бу борада Сизифдан ёрдам сўрайди. Қизни Зевс ўғирлаганидан хабардор бўлган Сизиф жабрдийда отага мадад қўлини чўзади. Бу хизмати эвазига у сув худоси Асопдан юртини қурғоқчилик балосидан қутқаришни сўрайди.

Қилмиши фош бўлганидан ғазабланган Зевс Сизифни оғир жазога ҳукм қилади. Унга кўра, Сизиф йирик харсанг тошни думалатиб, баланд қояга олиб чиқиши лозим. Маъбуднинг фикрича, одамзод учун фойдасиз ва самарасиз машғулотни бажаришдан оғирроқ жазо йўқ. Асар давомида Сизиф маънисиз жазога ҳукм этилганлар орасида энг доно кимса экани маълум бўлади. Зевс ҳукмига сўзсиз кўниши эса Сизифнинг ички исёнидир. Бинобарин, Камю ўз эссесида исён – абсурднинг асосий қирраларидан бири эканини таъкидлаган эди.

Аслида ўжар, қайсар, ҳатто маъбудларга қарши чиқиб, Ўлимни занжирбанд қила олган Сизиф бундай бемаъни ҳукмга бўйсунмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо унинг итоати замирида «Мен сенларга кимлигимни, қўлимдан нималар келишини кўрсатиб қўяман!» деган ички исён ётади. Хуршид Дўстмуҳаммад Сизифнинг қийинчиликларни ақл билан енгишга интилганига урғу беради. Романнинг номланишида ҳам шунга ишора бор.

Маълумки, Камю, юнон мутафаккирлари ва Европа олимларидан фарқли ўлароқ, Сизифни биринчи галда инсон сифатида талқин қилди. Адиб тош ортидан пастга энаётган Сизифнинг ўй-хаёллари, кечинмаларини тадқиқ этади. Камю талқинича, худолар томонидан мангу ҳукм этилган маконига қайтар экан, Сизиф ҳар дақиқада ўз қисматидан юқорига кўтарилади. У харсанг тошдан ҳам қаттиқроқ иродага эга бўла боради.

Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам Сизифнинг онгидаги ўзгаришларни, таъбир жоиз бўлса, тафаккури тадрижини қаламга олади. У ҳукмга бўйсунади, айни чоғда «Мен инсонман! Мени енгиб бўлмайди! Зинҳор енгилмайман!» деган ички овоздан куч олиб ҳаракатланади. Ўзбек адибининг қаҳрамони ўзининг биргина харсанг тошга кучи етмай мағлуб бўлишини тасаввурига сиғдиролмайди. «Мана шу бақалоққа кучим етмаса, инсонлигим қайда қолади!» дея ўзига бот-бот далда беради.

Абсурд қаҳрамон маънисиз ҳаётни мазмун билан бойитиш учун қатъий ирода ва юксак ақл-фаросат билан иш тутиши лозим. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Сизифи учун ҳам ўз иродасидан бўлак мададкор, халоскор йўқ. Агар Сизифдан кимдир «Исминг нима?» деб сўраса, ҳеч иккиланмай, «Исмим матонат ёки исмим бардош» деб жавоб берган бўларди. Метин ирода ва сабр-бардоши туфайли у «арслон – изидан, эркак – сўзидан» қайтмайди дея иш кўради ва ғолиб чиқади. Бу фазилат Сизифни ўзбек ўқувчисига янада яқинлаштиради.

Сизифнинг онгу тафаккури харсанг тош билан мулоқот жараёнида камолга етади. Унингча, тош ҳам фикр ва руҳга эга. Тош билан суҳбат Сизифга англаш, идрок этиш имконини беради; нурсиз ҳаётига мазмун, қувонч олиб киради. Тошни тепаликка думалатиб чиқиш, унинг ортидан яна қуйига тушишда «истайдими-йўқми, ўй-хаёли тиним билмайди, ушбу тинимсизликдан таскин топади». Ана шу тинимсиз машғулот Сизифни ичдан ўзгартиради, у бошқа одамга айланади. Сизиф тафаккури мудом уйғоқ бўлгани сабабидан охир-оқибатда донишмандлик чўққисини забт этади.

Роман, шартли равишда, уч қисмга, қисмлар бобларга бўлинган. Боблар ҳажман кичик бўлса-да, Сизифдаги ички ўзгаришлар изчиллигини кўрсатишга хизмат қилади; уларда қаҳрамоннинг донишмандга айлана бориши босқичма-босқич акс этган. Ҳар бир бобда абсурд фалсафаси ва абсурд қаҳрамон моҳиятини ойдинлаштирувчи мушоҳадалар бор:

– дунёнинг турган-битгани иродадан иборат, дейишган, дарҳақиқат, инсонни ирода тарк этса, Еру осмон ҳам, Қуёшу юлдузлар ҳам беҳуда-бефойда;

– ҳар бир ўзгариш, ҳар бир янгилик – янгидан-янги умидга доя;

– озод одамнинг чарчаши билан маҳкум одамнинг чарчаши орасида у дунё билан бу дунё орасича фарқ бор;

– инсон борки, унинг олдида, ёнидаю ортида таъқиб этувчилар бор!..

Ўзбек адибининг абсурд воқелик талқинидан туғилган мушоҳадаларида, бизнингча, Альбер Камюга ҳамоҳанглик сезилади.

Роман Сизифнинг ўз қисматига айланган харсанг тош билан «ҳамишадагидек яна ва яна навбатдаги муҳорабага» чоғланиши билан бошланади. Музаффар қаҳрамоннинг «кимсан Зевс томонидан белгиланган жазойи Ҳақни ниҳоят шараф билан ўтадим, уддалади-м-м! Харсанг тошни чўққига олиб чиқдим, чўққини забт этдим, зафар қучди-им-м!..» деган ҳайқириғи билан хотима топади. Тош эса думалайвериб-думалайвериб, инсоннинг иродаси ва сабр-тоқати қаршисида енгилиб, парчаланиб кетади. Сизиф ана шу парчаларни кўтариб, тепаликка олиб чиқади. Муаллиф таъбири билан айтганда, «Одам енгилмади, тош енгилди, тошга қўшилиб, тоғ енгилди, чўққи енгилди, маъбудларнинг маъбуди енгилди».

Сизиф чиндан ҳам қаттиқ заҳмат чекди ва ғалаба қозонди. Сизифнинг ғалабасида «тинимсиз машаққатга, жамики уқубатга ёлғиз инсонгина чидаши мумкин, аммо на тош, на темир, на метин, на бошқа мавжудот дош бера олади», деган залварли фалсафа муҳрланган.

«Донишманд Сизиф» романини ўқиб, абсурд фалсафаси «ҳаёт – маънисиз» деган қарашни эмас, балки «умид билан яшаган одам албатта мақсадига эришади» деган қутлуғ ғояни тарғиб этишига ишонч ҳосил қиламиз. Романнинг муҳим тарбиявий аҳамияти ҳам ана шунда.

* * *

Хўш, асосан замонавий мавзуда муваффақиятли ижод қилиб келаётган ўзбек адиби нега дабдурустдан халқимиз тарихи, миллий менталитетига дахли йўқдек туюлган, узоқ замон ва олис маконга (мил. авв. VII – VI асрлар, Юнонистон) тааллуқли афсонага мурожаат қилди? Умуман, асарнинг замонамиз билан боғлиқ томонлари борми?

Мутолаадан сўнг китобни ёпиб, кўзни юмиб, мушоҳадага берилсак… хаёлдан турфа фикрлар кечади. Масалан, тош образини олайлик. Романдаги асосий рамзий тимсол – ана шу «юм-юмалоқ, яп-япалоқ, бақ-бақалоқ» тошдир. Услубида бадиий ниятни рамзлар воситасида юзага чиқариш усули етакчи бўлган адиб тош образига бир неча вазифа юклаган.

Менинг тасаввуримда бу тош, энг аввало, инсон умиди тимсоли бўлиб гавдаланди. Қолаверса, Сизиф менга умид тошини севиб, ардоқлаб, асраб-авайлаб, ўзи орзу қилган тепаликка олиб чиқиш истаги билан ёнган буюк аждодларимизни эслатди. Ахир, тинимсиз саъй-ҳаракатларимизга қарамай, умидларимиз асрлар мобайнида неча марталаб парчаланиб кетмадими? Шу парчаларни ҳам асраб-авайлаб манзилга олиб бориб, бир бутун ҳолатга келтириш учун интилмадикми?

Хаёлларга эрк берсак, тошни мустамлака қуроли каби тасаввур қилиш ҳам мумкин. Ахир, халқимиз етмиш тўрт йил давомида шўронинг сип-силлиқ мафкура тошини думалатишдек бемаъни, бесамар иш билан шуғулланмадими?! Ахир, чорак кам бир аср мобайнида нима қилаётганимизу қаёққа бораётганимизни англай олмай ўтмадикми?! Ўзини англаган, фикрчан, сизифтабиат инсонлар зевсмонанд арбоблар қурбонига айланмадими?!

Хуллас, истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад янги романи билан жаҳон адабиёти хазинасига ўзбекона Сизиф образини олиб кирди. Бундан сўнг абсурд ва Сизиф тўғрисида гап кетса, ўзбек адабиёти ҳам албатта эсга олинади.

Йўлдош СОЛИЖОНОВ
(«Tafakkur» журнали. 2019. 1-сон. Б.78-83. )
МАЖЛИСЛАРДА ЗЕРИККАНДА…

20.07.2000.

Тошкент шаҳар ҳокимиятида йиғилиш. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Жамолиддин Бўронов хат узатди. Ўқидим:

 
Бозорга борсам ҳандалак,
Ўрисга борсам замбарак.
Миркомилдан қарзим йўқ,
Ҳамиша дўппим чамбарак!
 

(Андижонда шундай айтимлар бўлар эди. Домла машҳур андижонлик Миркомилбой ҳақидаги «Қазо бўлган намоз» ҳикоямни ўқиган эканлар.)


16.01.2002

АЙНИ ИЖОД ДАВРИ

(Мини суҳбат)

Мухлис: – Ижодлар нима бўляпти?

Адиб: – Янги йил, арча байрамлари билан бандмиз.

Мухлис: – Ижодлар бўлиб турибдими?

Адиб: – Хотин-қизлар байрами билан бандмиз.

Мухлис: – Ижод юришяптими?

Адиб: – Наврўз айёмлари ўтиб олсин, у ёғи…

Мухлис: – Ёз кезлари ижод гуллагандир?

Адиб: – Тўй мавсуми ижод мавриди эмас.

Мухлис: – Ижод оламида нима гап?

Адиб: – Бутун диққат-эътиборимиз истиқлол айёмини муносиб нишонлашда!

Мухлис: – Ижодга навбат келдими?

Адиб: – Касб байрамимиз яқин, сўнг ўғилчани уйлантирсак, Худо хоҳласа…

Мухлис: – Айни ижод қизийдиган давр келди-я?

Адиб: – Янги йил, арча байрамини ўтказиб олайлик…

(«Hurriyat» газетаси.)

30.12.2009.

Ўзбекистон Миллий университети филология факультети ҳузуридаги илмий кенгаш йиғилиши. Баҳс қизғин тус олди. Академик Азиз Қаюмов қуйидаги хатни ёзиб узатдилар.

 
Хати тақдимраст берун аз ғалат,
Аз ғалат холий набошад ҳеч хат!
 

Маъноси:

 
Тақдирнинг хатигина бехато,
Бошқа ҳеч бир хат хатодан холи эмас.
 

*Ҳайратланмаган одам таъсирланмайди, таъсирланмаган одам тарбияланмайди.

Матназар АБДУЛҲАКИМ
(«Кўнгил ҳақиқати» суҳбат. «Миллий тикланиш» газетаси. 13 январь 2010.)

25.12.2010

Муҳаббат Шарафиддинова докторлик диссертациясини ҳимоя қилмоқда. Суйима опа Ғаниева билан ёнма-ён ўтиргандик. Опа қулоғимга шивирладилар:

− Жуманиёз ака (Жабборов) бир байтда Навоийнинг баҳосини берганлар:

 
Навоий борлиғин билмоқлик учун,
Бир келиб кетишга арзир бу дунё.
 

ИЖОДИЙ ЛАБОРАТОРИЯ

«ҲАҚСИЗЛИК СИРТМОҒИ»ДАН «ЧАЁНГУЛ»ГАЧА
(Бир сарлавҳа тарихи)

«Ёш куч» Худойберди Тўхтабоев раҳбарлик кезларида ниҳоятда оммабоп журнал эди. Одамлар матбуотга жуда ишонарди.

Олис вилоятдан бир онахон келди. Турмуш ўртоғи вафот этган, катта қизи тўрт ёшли ўғилчаси билан қайтиб келган. 10-синфда ўқийдиган кичик қизи номуси бузилган, унга тажовуз қилган йигитнинг отаси совчи юбориш ваъдасини берган. Бироқ улардан дарак йўқ. Оқибат қиз ўз жонига қасд қилади. Онахон ва катта қиз прокуратурага танда қўйишади, тажовузкор йигит тегишли жазосини олишини талаб қилишади. Бироқ у жазосиз қолади. Шунда катта қиз ғазаб алангасида йигитнинг уйига пичоқ ўқталиб боради ва ногаҳон унинг 12 ёшли синглисини пичоқлаб ўлдиради.

Мана, сизга фожиа!

Ўша туманда бир неча кун юрдим, суриштирдим. Ўз жонига қасд қилган қизгина ҳақида мақола ёздим – «Ҳақсизлик сиртмоғи». Мақола юзасидан келган мактублар далдасида 12 йиллик жазо муддатини ўтаётган катта қиз билан қамоқхонада учрашдим. Узоқ суҳбатлашдим. «…нинг пушаймони ва армони» сарлавҳали мақолам ҳам анча таъсирли чиқди. Маҳкуманинг жазо муддати 12 йилдан 8 йилга туширилди.

Иттифоқо ҳаммага машҳур «Ўнта негр боласи» фильмини кўриб қолдим. Нечта одам ўлдирилади-ю, сокинлик, жимжитлик. Бизнинг мисолда эса ёш бир аёл пичоқни боши узра кўтариб, овозининг борича ҳайқириб, икки кўча наридаги хонадонга боради-ю, ҳой деб, унинг йўлини тўсадиган бирор мард топилмайди. Шу таассуротда «Соф ўзбекча қотиллик» деб номланган қиссам «Сирли олам» журналида босилди. (Шоир Сулаймон Раҳмон муҳаррирлик қилди, у кишидан яхши маслаҳатлар олдим.) Яширмайман, уни Габриэл Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси» таъсирида ёздим. Ажойиб телережиссёр Нуриддин Қосимов уч қисмли телепостановка суратга олди. Қиссада қаҳрамон ўзини осган бўлса, экран вариантида у ўзига ўт қўяди. Нуриддиндан бунинг сабабини сўрадим, осишдан кўра ўзига ўт қўйиш таъсирчан чиқади, деди. Шундан келиб чиқиб, телепостановка «Жаҳолат алангаси» деб номланди (Гулчеҳра Саъдуллаева, Лутфулла Саъдуллаев, Лола Элтоева, Майсара Имомова маҳорат билан ўйнаганлар унда).

Қиссани китобга киритиш чоғида уни дастлаб «Жаҳолат», сўнг «Ҳай-й Гулшод, Гулиш!.. ёхуд қуйиқишлоқча қотиллик» деб атадим.

Киночилар, хусусан, таниқли режиссёр Собир Назармуҳамедов қисса асосида фильм яратишга киришди. Жамоатчилик ишлари билан бўлиб, сира фурсат топилмаса десангиз! Собир ака ҳоли-жонимга қўймайди. Ниҳоят, 1998 йилда АҚШга хизмат сафарига жўнаб кетдик. Калифорниянинг Сан-Диего номли эртакмонанд гўзал гўшасида ҳордиқ чиқардик. Ҳамроҳларим тинмай чор атрофни томоша қилишади, мен эса хонага қамалиб олиб, сценарий ёзаман. Ёзиб тугатаёздим ҳамки, унга ном йўқ, ном! Ўзимга ёққан «Соф ўзбекча қотиллик» ўтмайдиган пайтлар.

Тушимда Тоҳир Малик билан суҳбатимиз қизиб кетди.

– Ҳа, Хуршид, нималар билан бандсиз, нима ёзяпсиз? – деб сўради Тоҳир ака.

– Бекор ўтириш йўқ, бир нарса ёзаётгандим, ўзингиз-чи? – сўрадим.

– Бир қиссани битирдим, номи – «Чаёнгул».

Тоҳир ака одатига кўра ҳазиллашаяпти, деб ўйладим, қарасам, қиёфаси жиддий.

– Нима деяпсиз, ака. Бу мен ёзаётган қиссамнинг номи-ку!..

Шундай дедим-у, уйғониб кетдим. Севинишимни кўрсангиз! «Чаёнгул» – қиссамга ҳам, фильмга ҳам узукка кўз қўйгандай мос келади-я! Ахир, тушуняпсизми, учта гул (она ҳам гул, қамалган опа ҳам гул, умри хазон бўлган қиз ҳам гул!) оёқости бўлди-ку! Катта қиз билан қамоқхонадаги суҳбатимизда у шундай деганди: «Оиламизда эркак киши йўқ, бундай пайтда эркаги йўқ уйда аёл эркакка айланади!»

Мен уни эркакка эмас, чаёнга айланади, дедим, холос…

Умида ИСМОИЛОВА
ёзиб олди.
ЭДГАР ПО СИЙМОСИ АДАБИЁТИМИЗДА

Истиқлол даврида ўзбек адабиётида адабий мавзуларнинг жуғрофий ва этник ҳудудлари тобора кенгайиб бораётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Бу жиҳатдан таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг изланишлари эътиборни тортади. Ёзувчи дастлаб уруғ рус адиби Достоевский ҳақида «Ёлғизим – сиз!» ҳикоясини нашр қилди. Ҳикояда ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб, ёши қирқ бешдан ошган адибнинг бахтли оила қуриши орзусини йигирма яшар дилбар қиз Аннага тўғридан-тўғри айтишга ботинолмай, «янги асар режасини баён қилиш» қабилида унга муҳаббат изҳор қилиши, оқибати улар учун бахтли ва жаҳон адабиёти тараққиёти учун фойдали бўлиб чиққан никоҳдан илк фарзанд туғилиши воқеалари мароқли тасвирланган.

«Жаҳон адабиёти» журналининг 2004 йил 11-сонида Х.Дўстмуҳаммад қаламига мансуб «Ал-Аъроф» фожиасининг эълон этилиши ёзувчи ижоди мухлислари учун бир даража кутилмаган ҳодиса бўлди, дейиш мумкин. Чунки асар қаҳрамони – Американинг буюк ёзувчиси Эдгар Аллан По (1809 – 1849) ижоди ўзбек тилига кам таржима қилинган. Бироқ жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқиб-ўрганишда илғор китобхонлар ҳар доим ҳам таржималарни кутиб туришмайди. Шундан келиб чиқиб, Эдгар По номи, асарлари ва ҳаётининг муҳим тафсилотларини Ўзбекистонда яхши билишади, дейишга ҳақлимиз.

Бинобарин, «Ал-Аъроф» фожиасининг мавзуи биз учун нотаниш эмас. Асарда ёзувчи ҳаётининг сўнгги йиллари тасвирланган. Унинг қисматдоши соҳибжамол Виржинияни ажал ўзининг совуқ оғушига олган. Эдгар бирон чора кўришга ожиз. Атрофдагилар Виржиниянинг фазилатларини таърифлаб, тасалли беришдан нарига ўтишмайди.

Охирги кунларда ҳам эр-хотин суҳбатлари танҳо муҳаббат ҳақида кечади. Улар шу даражада руҳан яқинлашганларки, Эдгар хотини ҳузурида бошқа маъшуқалари номини эслашдан тортинмайди. Виржиния рашк қилиш у ёқда турсин, эрини ҳамдардлик билан тинглайди. Пьесада Эдгарнинг хотинига қарата: «Гўзал кўзларингни таърифлашдан сира чарчамайман! Минг марта, миллион марта таърифлайман-у биласанми, бирорта сўзни икки бора такрорламайман», дейиши шунчаки шоирона муболаға эмас. Виржиния буюк асарлар яратилишида илҳом париси бўлиш бахтига эришган ва шу туфайли адабиёт тарихига кирган аёллардан бири. Эдгар По асарларидаги аёллар образларига Виржиниянинг сифатлари сингдириб юборилган.

«Исрофил» шеърида «Ижоднинг бешиги – эҳтирос» деб ёзган, ҳаётда адабиёт ва аёллардан бошқа қизиқиши кам бўлган Эдгарнинг асосий ҳамсубатлари ҳам, пьесада тасвирланганидек, ўзининг ҳамкасблари эди. Аммо даҳо адибнинг ҳамкасб дўстлари билан ҳам умумий тил топиша олиши даргумон. Шу сабабли суҳбатлар кескин ва мунозарали. Бу ҳол ўша даврдаги Америка жамиятига баҳо беришда ҳам кўринади. Дўстлари одамлар орасида авж олган бойлик орттириш талвасаси табиий бир ҳолат, деб уни тинчитишга уринишганида Эдгар баттар ёниб кетади: «Кўряпсизлар, кўпчилик эртанги кунга ишонишнинг бирдан-бир чораси – бойлик, фақат бойлик орттириш деб ўйлаяпти. Аслида бу йўл, охир-оқибат, жарга обориб қулатишини тушунтириб қўйиш бизнинг вазифамиз, бурчимиз!» Бу иқтибосдан аён бўладики, адабиётнинг қудратли куч эканлигини англаган адиб ўз қалами билан жамиятга эзгулик уруғини сочишни бурчи деб билади. «Пул ҳукмронлик қилган жойда ҳақиқат тилини қисиб ўтиради», деган ҳамкасбидан фарқли равишда, ҳар қандай ҳолатда ўз мамлакатининг келажагига катта ишонч билан қарайди.

Буюк ижодкорлар шахсияти ва руҳиятида баъзи ўхшаш жиҳатлар бўлишини кузатиш мумкин. Насимий: «Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам», Машраб: «Саропо дард кўрдум, муддаони кўрмадим ҳаргиз», дея нидо қилишган. Кўп йўқотишларни кўрган бўлса-да, тақдирнинг энг оғир зарбаси, яъни киборларча яшашни орзу қилган суюкли хотини Виржиниянинг ҳаётда на фарзанд, на рўшнолик кўрмасдан, аммо ҳеч бир шиква-шикоятсиз маъсумона жон бериши Эдгарнинг дарди дунёсини баттар қоронғи қилиб юборади. «Ўзим ичимга сиғмаганим сиғмаган, Америкагаям, дунёгаям сиғмадим», дея алам билан хитоб қилади у.

Қаҳрамонни қийнаган муаммолар, зиддиятлар тиғи тобора ўткирлашгач, энди буларни тасвирлаш учун ҳамкасблари ёки ноширу танқидчилар билан суҳбату мунозаралар етарли бўлмай қолади. Муаллиф Эдгарни ўзи билан ўзи олишиш ва тортишишга мажбур этади. Бунинг учун бадиий воситалар топиш муаммоси асарда ажойиб тарзда ҳал қилинган. Яъни 1,2,3,4-қиёфалар пайдо бўлиб, қаҳрамон билан мунозарага киришадилару тезда улар аслида Эдгарнинг ўзи эканлиги аён бўлади. Дарвоқе, инсон шахсиятининг кескин қарама-қарши қутбларга бўлиниб, иккиланган ҳолатга тушиш манзараси Эдгар Понинг «Зиддият шайтони», «Вильям Вильсон» каби ҳикояларида юксак маҳорат билан тасвирланган.

Пьесада Эдгар Понинг шеърий асарларидан парчалар келтирилади, унинг асарлари қаҳрамонлари персонаж сифатида иштирок этишади. Ижоди ва ҳаёти ажралмас бир бутунликни ташкил қилган адибга бағишланган асарда бу табиийдир.

Пьеса Эдгар По асарларидан бирининг номи билан аталган. «Ал-Аъроф» унинг ўсмирлигида ёзилган, тугалланмасдан қолган достонидир. Америкада туғилиб ўсган ёзувчининг ёшлигидан Шарқ маданиятига алоҳида қизиқиш билан қарагани, илк достонларига шарқона ном қўйгани ғаройибдир.

Назаримизда, бадиият имкониятларидан фойдаланиб, айниқса, драматургия жанридаги асарлар учун зарур контрастни янада кучайтириш учун Эдгар По ҳаётининг бурилиш нуқталари – нурли онларини ҳам тасвирлаш, ўлими олдидан метеордек ёниб кечган ҳаётини хотирлаши тарзида, пьесага яна баъзи гўзал лавҳаларни киритиш мумкин эди. Эдгарнинг ҳаёти, уни асраб олган бой оила хонадонидаги болалик, ўсмирлик даврини айтмаганда, узлуксиз драма тарзида яшаган. Шу сабабли, адиб биографиясида драматик асарларга зеб бўла оладиган ҳолатлар, ҳаяжонли дамлар кам эмас. Уларнинг аксари Эдгарнинг қисматига айланган бадиий ижод билан бевосита боғлиқдир.

«Ал-Аъроф» асари Ўзбекистонда Эдгар По ижодига қизиқишни янада орттиришга, ёзувчининг адабий шижоати ёш ҳамкасбларига яхши ўрнак бўлишига аминмиз.

Ғулом КАРИМ
(«ЎзАС» газетаси. 30 сентябрь 2005.)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации