Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 37 (всего у книги 38 страниц)
ДЎСТОНА ҲАЗИЛЛАР
Ҳожи укаларим Анвар ва Хуршидга
Дўст бўлурми бунчалар ҳамдам, иноқ,
Бир пиликдан куч олар икки чироқ.
Оҳ, аҳиллик бор экан ўзбекда ҳам,
Улғайинг турли ёмон кўздан йироқ.
Абдулла ОРИПОВ(«Ўзбекистон овози» газетаси, 1992 йил 18 июль)
ИККИ ДЎСТ
(Х.Дўстмуҳаммад ва М.Муҳаммад Дўстга)
Икки адиб, иккиси ҳам бекаму кўст,
Бир-бирига ҳеч ўхшамас, бу ҳам дуруст.
Мурод зинҳор Хуршиддан кам нур
таратмас,
Дўстлар ёндош – Дўстмуҳаммад,
Муҳаммаддўст.
Эркин ВОҲИДОВ(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 2016 йил 23 декабрь)
САВОЛ
Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммадга
Мухбирларнинг бисотида
Қалам, қоғоз, сўзи бор.
Супроси сал қуруқроғ-у,
Эгнида-чи, бўзи бор.
Кундузлари чиқар Қуёш,
Тунда эса Ой чиқар.
Журналистлар орасидан
Айтинг, қачон бой чиқар?
Абдураззоқ ОБРЎЕВ(«Ватанпарвар» газетаси)
СОКИН МОМАҚАЛДИРОҚ
Бадиа
1
Тушга яқин туйқус телефоним куй «чалиб» қолди.
– Господин Кўчимов!..
– Ў-ў! Кабиров жаноблари!
– Бўл тайёр!
– Доим тайёр!
– Манзил?
– Юнусобод, «Миллий таомлар».
– Вақти?
– Якшанба, соат ўн икки.
Тўрт кишилик мумтоз даврамизнинг тўпландиси ҳар сафар худди шу тарзда бошланади: Кабиров менга ёки мен Лутфилла Кабировга, Жаббор Раззоқ Хуршид Дўстмуҳаммадга ё Хуршид Дўстмуҳаммад Жаббор Раззоққа телефон қилади, сўнг ташаббускор – «гуноҳкор» хушхабарни қолганларга етказади. Учрашувга сабаб изланмайди, вақти ёки манзили аввалдан белгиланмайди, ҳозиргидек, мисол учун мен, гурунгни қўмсаган пайтим, телефонни оламану: «Жаноб Кабиров» ёки «Жаббор ака», дейман. Дейишим билан: «Бизники қадимги пионерчасига – «Бўл тайёр!» – «Доим тайёр!» деган шодиёна овоз эшитилади. Дарров тўпланамиз. Ҳамма соғинган. Ҳамма келади. Келишда чопқиллаб келамиз-у, кетар чоғи яқинлашганда ажралгимиз келмайди, яна озроқ ўтирайлик, бир оғиз гап қолди, шуни айтволай… қабилида вақтни чўзишга баҳона қидира бошлаймиз.
«Миллий таомлар» шундоқ Юнусобод чорраҳасида, Жаббор аканинг уйига яқин, бу манзилни ўзи топган, «Беш бармоқ» билан уйғурча лағмонни боплашади.
Ҳар сафаргидек бу гал ҳам Лутфулланинг машинасида икковлон йўлга тушдик. Кузги осмоннинг қовоғи солиқ, ҳавода сезилар-сезилмас ёмғир иси анқир, кўчаларда машиналар бегим кунларига нисбатан сийракроқ. Жаббор ака бурчакдаги «ўзимизники» бўлиб қолган диванли столда кўк чой ҳўплаб ўтирар эди. Ҳали салом-алик тугамай, Хуршид акаям етиб келди. Қўлида уч дона янги чиққан китоби – «Ёлғиз» – ҳаммамизга совға қилди, аввалдан «автограф» ёзиб, тайёрлаб келган экан.
– Табриклаймиз!
– Муборак бўлсин!
– Буни ювмасак, гуноҳ бўлади! – Лутфулла ухлагандаям ёнида олиб ётадиган қўнғир тусли чарм сумкасидан елим шиша чиқариб, намойишкорона стол устига қўйди.
– «Маде ин Кабиров!» – шодон олқишладим мен.
– О, кей! Экологик тоза. Энг фойдали.
Авваллари бир шиша «қултамицин» битта ўтиришнинг «норма»си эди – майдалаб-майдалаб, шошилмай «юмалатар» эдик тўртовлон. Хуршид ака олдинроқ, Жаббор ака сал кейинроқ муқаддас ҳаж зиёратига бориб келиб, ҳожи ака мақомига эга бўлганларидан сўнг манзара ўзгариб кетди: Кабиров икковимизнинг «юк»имиз бир мунча оғирлашди. «Юк»ни енгиллатиш учун Кабиров уйида, ўз қўли билан тайёрлайдиган «дамашний» шаробга ўтволдик. Аммо бу қилиғимиз неча замонлардан буён шеригимиз бўлган ҳожи акаларимизга ёқмайди, нуқул дакки беришгани-беришган. Бугун ҳам шиша пайдо бўлиши ҳамоно Жаббор акамиз бошладиларкойишни:
– Бўлди-да, қачон ташлайсиз бу исқотни?
Кабировнинг жавоби ҳамиша тахт:
– Ҳажга борсак.
– Қачон борасиз?! – овозини кўтаради Жаббор ака.
– Ичишни ташласак, – тиржаяди Лутфулла.
– Қачон ташлайсиз?
– Ҳажга борсак.
Бараварига кулворамиз.
– Соч-соқолинглар оп-поқ. Қачон эс киради? – ясама хўмрайиб пўписага ўтади Жаббор ака. – Инсоф борми? Уят-ку!
Лекин ҳали-ҳозирча бизга – икки «пиёниста»га ақлу инсоф киришидан дарак йўқ.
Жўрачилик жой ҳам, ёш ҳам танламайди, дейишади. Ҳаққати рост. Жаббор ака Хоразмнинг қайсидир туманидан, мен Самарқанднинг Ургутидан, Лутфулла Тошкентда катта бўлган эса-да, асл тупроғи Бекобод тарафлардан, Хуршид ака пойтахтнинг қоқ маркази – Эски шаҳардан. Нимамиз нимамизгадир тўғри келиб қолган бўлса керакки, бир-биримизни кўргимиз келаверади, соғинамиз, суҳбатлашиб, суҳбатимиз тугамайди. Яйрашамиз. Кўнглимизга келган гапни айтамиз. Ҳазил-мутойиба, латифа, бемаъни гаплар, баъзан ёш болага ўхшаб, ёшимизга ярашмаган шўхликлар қиламизми-ей.Жа-а суюлиб кетсак: «ҳой, безори болалар, атрофда одамлар бор-а, – деб тартибга чақиради жўрабошимиз Жаббор Раззоқ. «Безори болалар»нинг ёши етмишга, жўрабошиники етмиш бешга томон ғизиллаб кетаётгани билан бировнинг иши йўқ. Хуллас, ўзимиз истагандек, маза қилиб ҳордиқ чиқарамиз.
«Бошимизни қовуштирган» яна битта муҳим сабаб бор – қалам, умримиз қаламга суяниб ўтаётган одамлармиз. Оқсоқолимиз Жаббор Раззоқ эллик йилдан зиёд бир манзил – «Туркистон» (аввалги «Ёш ленинчи») газетаси «тупроғи»ни ялаган. Бир нечта публицистик китоблар муаллифи. Лутфулла Кабиров журналист ва юморист адиб. Китоблари ўзимиздан ташқари Москва, Киев ва бошқа хорижий мамлакатларда нашр этилган. «Пионер Востока» газетасида, собиқ комфирқада ишлаган, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси бўлган. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида эса батафсилроқ гапиришга тўғри келади. Аслида, ушбу бадиадан мурод-мақсад ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад сувратига чизгилар чизишга уринишдан иборатдир.
Шундай қилиб, яна даврага қайтаман. Бу ерда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Хуршид аканики эса алоҳида. Худдики, сершовқин синфга муаллим кириб келгандек, илкис ҳушёр тортамиз у пайдо бўлиши билан; унинг ташрифи қандайдир салобатми, масъулиятми, маданиятми ва яна нурми… бошлаб келгандек бўлади. Аслини олганда, Жаббор Раззоқнинг икки-уч кўйлакни олдинроқ йиртганини айтмаса, қолган учовлон тенгқурмиз. Кабиров менга «Апсайит», мен унга «Лутпилла» шаклида бемалол мурожаат қилаверамиз, лекин Хуршид Дўстмуҳаммадга келганда таққа тўхтаймиз – ийманамиз; мен – «Хуршид ака», Лутфулла – «Хуршид Набиевич» дейди; шундай демасак, нимадир етишмагандай, ҳурматли муаллимимизнинг отини айтиб номаъқулчилик қилгандай ноқулай аҳволга тушамиз. Ҳатто оқсоқолимиз Жаббор Раззоқ ҳам алоҳида илтифот ичра, «Хуршид домла», дейдилар. Ака дейсизми, домлами, Набиевичми – ҳаммаси ярашади у кишига: фан доктори, профессор, ёзувчи, жамоат арбоби, депутат, ҳожи ака…
Лекин гап бундаям эмас. Депутат, профессор, арбоб ва ҳоказолар, Худога шукр, бугун сероб. Хўш, шундоғ экан, биз нега Хуршид Дўстмуҳаммад олдида сергакланамиз, ноўрин сўз айтиб қўйишдан тийиламиз, эҳтиёт бўламиз? Мулоқотимиз баҳсга айланган пайтларда Хуршид ака нима деркин, деб оғзига тикиламиз? Гап-сўзларига, хулосаларига интиқлигимизнинг сабаби қайда? Кўп ўйлайман, сездирмай, синч солиб қарайман гоҳида унинг сийратига, тикиламан, қидираман – қанча изламай, ярқираб кўринадиган, бошқалардан фарқланиб турадиган биронта белги тополмайман: ўрта бўй, тик қомат, пешонаси кенг, мош-гуруч мурти ўзига ярашган, боқишлари ўйчан, катталар гапирганда одоб сақлашга ўрганган мўмин ва вазмин кишиларникидек хайрихоҳ ва қандайдир бепарводек, ҳатто бироз ўз қобиғига ўралишиб қолгандай…
Каму кўпи билан таний бошлаганимга, мана, қирқ йилдан ошибди-ю, ҳануз шу сирнинг тагига етолганим йўқ. Тўғри, ёлғон гапирмай, танишувимизнинг дастлабки пайтларида у қадар эътибор бермаган бўлишим мумкин. Курсдош дўстим, фантаст-ёзувчи, журналист ва таржимон Рустам Обид сабаб бўлган одатдаги танишувнинг дўстликка айланиб кетишига. Рустам билан Хуршид ака «Фан ва турмуш» журналида, мен «Ленин учқуни» газетида ишлардик. Гоҳ тушликда, гоҳ ишдан сўнгги кўришувлар аста-аста қуюқлашди. Уларни билмайман, аммо мени ҳадеб боргим келаверарди уларнинг ёнига. Уларнинг гапларини эшитганда кўнглим кенгайиб кетгандай бўлаверарди. Уларнинг дунё адабиёти, машҳур ёзувчилар тақдири, бадиият муаммолари каби турли мавзулардаги қизиқ-қизиқ ҳикояларини эшитиш беҳад мароқли эди; фикрлашга, таҳлил қилишга ундарди одамни. Ёзувчи машаққатлари ҳақида бўлса бамисоли беш-ўнта қиссани қотириб ёзиб қўйган адиблар сингари чуқурдан-чуқур мулоҳаза юритар эдилар. Бизга ўхшаганлар «Ўзбек халқ эртаклари», «Том Сойернинг саргузаштлари», «Гулливернинг саёҳатлари»ни ўқиб юрганда, булар Мопассандан Цвеггача, Достоевскийдан Жек Лондонгача, Кафкадан Жойсгача, Хемингуэйдан Акутагавагача, Диккенсдан Стендалгача, Бальзакдан Толстойгача – ҳамма-ҳаммасини сув қилиб ичиб юборган эдилар-да! Дўстларимнинг билағонлиги ҳавас баробарида, хиёл «ғашимни» қўзғаганиниям яширмайман. «Биз мол боқиб, молхона тозалаб, тиззагача сув-лойга ботиб тамаки экиб, белимиз тарашадай қотиб тамаки чопиб, уст-бошимизни бутлайлик, деб эшакараваларда сомон сотиб юрганда булар ўқиган-да, ўқимай нима қилади? – қабилидаги хуфиёна ўйлар кечган баъзан хаёлимдан. – Катта шаҳар, жозибали ҳаёт, соя-салқин парклар, кўзни қамаштирувчи магазинлар, ҳар қадамда кутубхона, ўқишдан бошқа қиладиган иш йўқ…»
Ўзингдан бир бўғин баландлигини кўра-била туриб тан олишни истамаслик ҳам ёшликнинг «бебош хато»ларидан бири эканини кейинроқ – Хуршид Дўстмуҳаммадни яқиндан таний бошлагандан сўнг фаҳмладим. Ичимда кечган ножўя хаёллар учун, ичимда кечирим сўрадим, кўп афсусландим. Мен шаҳарлик олифта деб ўйлаган йигит, ўртамиёна зиёли ҳунарманд оиласида тўққиз фарзанднинг кенжаси бўлиб ўсган экан. Бизга ўхшаб тамаки чопмаган, аммо ёшлигидан қўлида сўзан (косибчилик игнаси), отасининг қаватида ўтириб, кун бўйи маҳсидўзлик қилган. Бундай қадалиб ўтириш нималигини жуда яхши биламан, бошимдан ўтказганман тамаки тизавериб, шунинг учун ҳам Хуршид Дўстмуҳаммадга бўлган ҳурматим янаям ортди.
Рустам Обид мен каби хаёлпараст, Хуршид Дўстмуҳаммад эса реалист эди ўша пайтларда ҳам. Оғиркарвон, камгап, аммо топиб, жойига қўйиб сўзларди. Фикрлари ҳамиша салмоқли, хулосалари мантиқли бўларди. Қандайдир кўринмасбир шарпа, уни олдида ҳар нарсани валдирама, аввал ўйла, кейин сўйла деб тургандек туюлаверарди. Ваҳоланки, мен ҳам ўзини билағон, ақлли ҳисоблаб, унча-мунча шоиру ёзувчини тан олмайдиганлар қаторида юрардим босар-тусарни билмай. Бошқалар, хусусан, Рустам Обид билан тез-тез тортишиб қолардик. Биз қизишиб, тутаган пайтлардаям Хуршид ака синини бузмас, бировимизнинг тирсагимиздан оҳиста ушлаволиб, серқатлам мулоҳазалар билан бемалол мунозарага нуқта қўярдики, «миқ» этишга ҳожат қолмасди…
2
– Жаббор ака, «Бешбармоқ»ми? – деб сўради шу пайт патнисда чой, нон, тўғралган памидор, бодринг кўтариб келган хизматчи қиз.
– Шефга тайинлаб қўйганман, эслатгин, хамири кўпроқ бўлсин, – жавоб берди Жаббор ака қўлидаги «Ёлғиз»ни варақлашдан тўхтаб-тўхтамай. – Сизга раҳмат, Хуршид домла. Жуда яхши китоб бўпти. Муқовасиям қаттиқ.
– Ёзувчилар уюшмасига раҳмат. «Адиб ва жамият» сериясига муносиб кўриб, жамғарма ҳисобидан чиқариб беришди, – миннатдор бўлди Хуршид ака.
Миннатдорлик шундай босиқлик билан ифодаландики, беихтиёр яна қайси мактабда ўрганган экан бу одобни, деган савол айлана бошлади миямда. Ва бир жойда: «Отамиздаги вазминлик, фикрга мойиллик, мумкин қадар камроқ гапиришга уриниш менга маъқул келган кўринади, – деб ёзганини эсладим. – Отам билан ёнма-ён кун бўйи чурқ этмай сўзан тортиб маҳсидўзлик қилардик, отам «айтганинг – кумуш, айтмаганинг – олтин» нақлига қаттиқ риоя қилар эдилар». Кейин устозлари бир-бир кўз олдимдан ўтди: Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Талъат Солиҳов, Темур Пўлатов, Нажмиддин Комилов – ҳаммалари азамат тоғлардек кўркам, кўкўпар чўққилардек серсалобат. Яхши кўрган ёзувчилари янаям баланд, янаям улуғвор – Абдулла Қодирий, Фёдор Достоевский, Акутагава Рюноскэ, Кафка, Жойс, Хемингуэй… Падари бузруквордан, устозу мукаррамлардан юққан «чанг»дан излаш керак ундаги муҳташам фазилатлар илдизини.
У адабиётга ҳам сокин момақалдироқ сингаришошмай, ҳовлиқмай, газеталарда, журналларда ишлаб, пишиб, қаламини чархлаб, ана ундан кейин салмоқли қадамлар билан бир-бир босиб, катта ихлос карвонида кириб келди. Узоқ йиллар «Қишлоқ ҳаёти» газетасида, «Фан» нашриётида, «Ўзбекистон матбуоти» журналида, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида фаолият кўрсатди. Ҳаётнинг чигал, мураккаб ва айни чоғда мунаввар жилваларини, кўз илғамас тўлқинларини кўрди, оғриқли, беҳаловат, жонсарак воқеа-ҳодисаларини ўрганди, таҳлил қилди, фикрлади. Журналистик фаолият, хусусан, «Фан ва турмуш» билан «Ёш куч» жуда катта мактаб бўлгани ва бу журналларда ўтган кунларимдан бир умр миннатдорман, деган иқрорларини кўп эшитганман. Адибнинг биринчи ҳикояси ўттиз ёшга кирганида «Гулистон» журналида, биринчи қиссаси ўттиз олти ёшида «Ёшлик» журналида эълон қилинди, биринчи китоби эса бир кам қирқ ёшида нашр этилди. Сўнг: «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик» қиссалари, «Бозор», «Донишманд Сизиф» романлари, «ҳижроним мингдир менинг», «Озод изтироб қувончлари», «ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари», «Беозор қушнинг қарғиши», «Қиссалар», «Ижод – кўнгил мунавварлиги»…
Мен «Ижод – кўнгил мунавварлиги»га тез-тез мурожаат қилиб тураман. Сабаби, тўпламда менинг «Оқ каптарлар ороли» деган қиссам ва «Эл сув ичган дарёлар» номли китобим ҳақидаги фикр-мулоҳазалари борлигидагина эмас – борлигидан ифтихор қиламан, албатта. Лекин бу китобдан ўзбек ўқувчиларига номи яхши таниш бўлган бир қатор ижодкорларнинг асарлари ҳақидаги мўъжаз тадқиқотлар – ижодий портретларига чизгилар жой олганки, гоҳ суҳбат, гоҳ эссе, гоҳ очерк, гоҳ лавҳа шаклидаги бу чизгиларида, таъбир жоиз бўлса, муаллиф ҳам адиб, ҳам олим сифатида ўзи иззат қилган, асарларини севиб ўқиган устозлари ва тенгдошлари битикларидаги ҳикматларни очиб беришга ҳаракат қилади. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Худойберди Тўхтабоев, Озод Шарафиддинов, Тоғай Мурод ва Маҳмуд Саъдийдан то Назар Эшонқулгача бўлган ўттиздан зиёд ёзувчи-шоирларнинг руҳий дунёси, ёзганларининг мазмун-моҳияти талқин қилинади. Восил Қобулов, Сулаймон Азимов, Акмал Саидов каби алломалар; Жавлон Умарбеков, Алишер Мирзо, Собир Назармуҳамедов каби рассомлар ва кинорежиссёр ҳақидаги очерклари ҳаётий ва бадиий ифоданинг етуклиги билан ҳар қандай китобхонни мафтун этмай қўймайди.
Фахр билан айтаман: Хуршид Дўстмуҳаммад бугун ўзбек адабиётининг ардоқли адиблари қаторидан мустаҳкам жой олди. Ҳар қанча ўрганса, таҳлил қилса арзигулик бадиий обида яратди. Бу кўркам ижодни баҳолаш бошқаларнинг вазифаси. Афсуски, ҳозирга қадар ҳеч ким бу ишга жиддий киришган эмас.
3
Буғи булутдай кўпириб турган «Бешбармоқ» келди. Келгунча улар икки чойнак кўк чойни, биз «Маде ин Кабиров»ни бўшатдик. Ўз шаробидан сархуш Кабиров тўсатдан Хуршид акага «ҳужум» қилиб қолди:
– Биламиз, Сиз модерншунос. Лекин Абдулла Қодирий модернсиз ҳам зўр ёзмаганми?
Мен ўз хаёлларим билан овора бўлиб, эътибор бермай қолган эканман, Хуршид ака Жаббор Раззоққа Франц Кафканинг Вафо Файзулло таржимасида нашр этилган «Жараён» романининг ўзбек тилида пайдо бўлиши ўзбек адабиёти тарихида алоҳида воқеа экани ҳақида сўзлаётган экан. Бу фикр Лутфулла Кабирга унча маъқул келмабди.
– Ёки Ойбек, Одил Ёқубов… Модернчимиди? – давом этди Кабиров.
Хуршид ака беғубор жилмайди. Бундай пайтларда мен уни жуда авайлаб, кўнгилга оғир ботмайдиган сўзларни топиб, тушунтиришга ҳаракат қилишини билардим.
– Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи «Жараён» ўша тилга ўгирилган-ўгирилмагани билан ҳам белгиланади, десам муболаға бўлмайди, – деди дона-дона қилиб. – Тадқиқотчилар жаҳон адабиёти тарихи Кафкагача ва ундан кейинги даврга бўлинади, дейишади. Миллий адабиётлар ҳам Кафканинг асарлари ўша тилга ўгирилгунига қадар ва ундан кейинги даврга ажралади.
– Мен ўрисча ёзаман, – негадир ўжарлиги тутди Лутфулланинг. – Ўзбекча китобларниям ўқиб бораман. Кафка таржима қилинди. Лекин ҳамма ёқ гуллаб кетмади-ку?
– Бор, бор. – Ундан кўзини олмай давом этди Хуршид ака. – Бизнинг адабиётда ҳам Ғарб адабиётида бирмунча кенг тарқалган «онг оқими» пайдо бўлди. Бу атама «тафаккур оқими», «туйғулар оқими», «онгости оқими», баъзан «онгсизлик онги» тарзида ҳам қўлланилади. Ҳозир анча-мунча ўртоқларимиз шу йўналишда ёзяпти. Яхши ютуқларга эришаётганлар ҳам анча бор.
– Тўғридир-у, лекин барибир зерикарли, тушуниш қийин, – Лутфулланинг ёнини олгандай бўлди Жаббор ака.
– Шундай, – ҳеч қандай эҳтиросга берилмай гапнинг индаллосига кўчди Хуршид ака. – Тушуниш оғиргина эмас, азоб. Игор Гарин деган адабиётшунос модерн жанридаги асарларни «Чорасизлик ва фарёднинг қалбни ўртовчи ҳайқириғи», дейди. Топиб айтилган. Бундай асарлар жуда катта билим соҳибларига, ақлий меҳнат ва изланишдан чарчамайдиган китобхонларга ўз тилсим эшикларини очади, ботиний жозибаларига шерик қилади.
Хуршид аканинг ҳозирги сўзлари унинг «Жон Мильтон ва Абдулла Қодирий: «Ареопатика»дан «Диёри Бакр»га қадар» деган мақоласини эсимга туширди. Бу тадқиқот унинг олим ва ёзувчи сифатидаги қиёфаси ва салоҳиятини кўрсатувчи энг муҳим илмий иши саналади менинг назаримда. Мақола 1608 – 1674 йилларда ҳаёт кечирган инглиз шоири, олими ва публицисти Жон Мильтон билан 1894 – 1937 йилларда қисқагина умр кечирган ўзбек адиби ва публицисти Абдулла Қодирий қисматидаги яқинлик ва ўхшашликлар ҳақида. Икки буюк сиймо тақдиридаги ўхшашлик катта ақл, зўр маҳорат билан ғоятда асосли, ишончли талқин қилинади. Умуман, Хуршид ака ўзи билмаса, ишонмаса гапирмайди, аралашмайди. Билганларини уқтириш, тушунтиришдан эса сира чарчамайди. 90-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон Президенти девонида бир муддат, бир тизимда ёнма-ён ишлаганимизда бот-бот гувоҳ бўлганман бундай хислатларига. Ботинан оғир-вазмин, сермулоҳаза; зоҳиран жасоратли, қайтмас, шиддаткорликларига. Дўстига садоқатли, ҳамкасбига меҳрибон, қўлидан келадиган ёрдамни аямайди ва ҳайратланарли даражада камтарлигига. Бир воқеани айтай. Ўша кунлари Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан «ҳуррият» газетаси ташкил этилди. Мамлакатимиздаги илк мустақил оммавий ахборот воситаси бўлмиш бу газет цензурадан холи, истаган мавзуда ёзадиган, жамиятда фикрлар хилма-хиллигини акс эттирувчи, чинакам демократик ўзбек матбуотининг истиқболини белгиловчи жасур газета бўлмоғи зарур эди. Шундай эди давлат раҳбарининг орзу-истаги. Истеъдодли журналист Карим Баҳриев бошчилигида газетанинг бешта сони мукаммал чоп этилди. Афсуски, демократия рақиблари сўз эркинлигига чидолмадилар. Газетада кўтарилган муаммолар тескари талқин қилиниб, бош муҳаррир ёмонотлиққа чиқарилди ва ишдан бўшатилди. Мустақил газетага раҳбарлик Хуршид Дўстмуҳаммадга юклатилди. «Тепанинг қозони»да қайнаган янги бош муҳаррир катталарнинг қош-қовоғига қараб, жимгина, узоқ вақт ишлаб юриши мумкин эди, мушугини пишт, товуғини кишт, демасди биров. Уйғоқ виждон изн бермади лоқайдликка. Одамларнинг дилида, тилида турган масалалар кўтарилаверди газетанинг ҳар сонида. Охир-оқибат, тутуриқсиз битта мусиқа гуруҳи «Жажжи фельетон» рукни остида танқид қилинган «Дод-ей, Дадо!» сарлавҳали мақолача баҳона, Хуршид Дўстмуҳаммад «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири вазифасидан озод этилди…
4
– Мен Абдисаид акага ўхшаш дипломат эмасман-да, етказиб тушунтиролмадим, – деб модерн тўғрисидаги мулоҳазаларини якунлаган бўлди Хуршид Дўстмуҳаммад негадир ўртага мени қўшиб.
– Тушунтириш ва дипломатлик бундан «баттар» бўлиши мумкинмас. – Мақсади нималигини тузукроқ англамаган бўлсам ҳам шоша-пиша жавоб қайтардим мен. – Сиз ёзувчи бўлмаганингизда ҳеч шубҳасиз мамлакатимизнинг энг зўр элчиси бўлар эдингиз.
Шу «хушомад»им Хуршид акага ёқди-ёв:
– Элчимас-у, мусиқачи ёки рассом бўлишим мумкин эди, – деб биринчи марта мақтангандай бўлди у. – Ҳозир ҳам баъзида мириқиб дутор, роял, саксофон, кларнет чалгим келади. Мўйқалам тутишни эплаганимда Сальвадор Далининг тушига кирмаган суратлар чизардим. Эплаганимда Сальвадор Далининг тушига кирмаган суратлар чизардим. Лекин, – ўтирган жойида бир қўзғалиб олди. – Устоз Абдулла акаям шунга яқин бир гап айтувдилар, ука, сиздан бинойидай дипломат чиқаркан-ку, дегандай бўлувдилар, – деди ёйилиб. – Айтгандим-у, ҳажга устоз билан бирга бориш насиб этди деб.
Айтувди. Икки улуғ аллома – Анвар қори Турсунов ва Абдулла Орипов билан зиёрат кунлари бир хонада туришгани; Абдулла ака қаттиқ шамоллаб қолганига, иситмаси кўтарилиб-тушиб ётганига қарамай, ҳар кун янги шеър ёзгани ва ҳамхоналарига ўқиб берганларини зўр ҳаяжон билан сўзлаб берувди. Ўзбекнинг улуғ ва бетакрор шоири Абдулла Ориповнинг «Ҳаж дафтари» деб аталмиш тарихий туркуми ўша хонада дунёга келган. Китобда «ҳожи укаларим Анвар ва Хуршидга» деган тўртлик ҳам бор:
Дўст бўлурми бунчалар ҳамдам, иноқ,
Бир пиликдан куч олар икки чироқ.
Оҳ, аҳиллик бор экан ўзбекда ҳам,
Улғайинг, турли ёмон кўздан йироқ.
– Қани, энди режадан гапиринг, нималар қиляпсиз? – сўраб қолди қази-қартали бешбармоқдан кейин бостириб-бостириб чой ҳўплаётган Жаббор Раззоқ. – Бизни нималар билан хурсанд қиласиз?
– Ростини айтайми? Ҳар йили Рио-де Жанейро шаҳрида бразилияликларнинг умумхалқ, умуммиллий ҳурлик тимсоли бўлган карнавали бўлади. Шу байрамда лоақал бир марта иштирок этсам, дейман.
– Мен Муз океанининг энг чекка нуқтасини кўргим келади, – илиб кетди Кабиров.
Хуршид ака жиддий саволга ҳазил билан жавоб қайтарди-ю, аслида орзу-ниятлари, ижодий режалари кўплиги: Достоевский билан Кафка ижоди ҳақида эсселар ёзмоқчилиги, Марсел Прустнинг «Бой берилган фурсатларни излаб» туркум романлари таассуротларини қоғозга туширмоқчи эканини қаердадир ёзган эди. Худди шу асарга тақлидан беш қисмдан иборат роман ёзиш истаги борлигиниям ўқигандим ўша жойда.
Гурунг энди авжлана бошлаганда Жаббор ака, э-э, намоз қазо бўлай депти-ку, дея тараддудланиб қолди. Ноилож, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг режалари ҳақидаги саволга батафсил жавобни кейинги учрашувга қолдириб, ташқарига чиқдик. Кузнинг куни бир тутам, бирпасда қош қорайиб, кўчаларга қоронғилик қўна бошлабди. Ёмғир майдалаб томчилар, тентираб эсаётган безовта шамол руҳингни эркалаб, яйратарди.
Абдусаид КЎЧИМОВ2020 йил 3 декабр
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.