Электронная библиотека » Xurshid Do`stmuhammad » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Изхор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 38 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МУНАВВАР КЎНГИЛ МАЪРИФАТИ

Адабиётшунослар, мунаққидлар иши деб қараладиган бадиий дид тарбиясида ёзувчи, шоирнинг эстетик принциплари акс этган адабий-танқидий асарлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу мулоҳазаларимизга туртки берган таниқли адиб, публицист ва олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ижод – кўнгил мунавварлиги» («Mumtoz so’z» нашриёти, 2011) номли китоби ўқувчини бадиий сўз маърифатини эгаллашга чорлаши билан эътиборга лойиқ. Муаллиф адабиётдан сабоқ беришни мақсад қилмайди, балки китобхон билан бирга – самимий суҳбат йўсинида бадиият сир-асрорларини ўрганади: миллий адабиётимизнинг, жаҳон адабиётининг атоқли, машҳур намояндалари, уларнинг ҳар бирига хос руҳий дунёси, шахси, асарлари мазмун-моҳиятини синчков нигоҳ билан кузатади, таҳлил ва талқин қилади. Айни шу жиҳат мазкур тўпламнинг ўзига хос хусусиятидир.

Олти қисмдан иборат китобдаги ижодий портрет, очерк, суҳбат, лавҳа ва эсселар, муаллиф таъбири билан айтганда, адабиётнинг «мунаввар оламига олиб борувчи сўқмоқ йўлнинг бошланиши». Чунончи, «Вазмин жилвалар» деб номланган илк қисмдан адабиёт ва адабиётшунослик мавзуларидаги мақолалар жой олган.

«Отабек шуурининг оний сурати» мақоласида роман қаҳрамонлари қалбидаги нур ва қоронғилик, қувонч ва изтиробларнинг вазият ҳамда табиат ҳолатлари орқали берилишини таъкидларкан, Х.Дўстмуҳаммад атоқли адиб маҳоратининг бетакрор қирраларини кашф этади. «Илҳом манбаининг бир қирраси» мақоласида Мирмуҳсиннинг болалар образини яратишдаги ўзига хос услуби, «Китобингни эл ўқисин»да эса Худойберди Тўхтабоевнинг умр мазмуни, ижод фалсафаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади. Шунингдек, «Фикр шоирининг ҳикоялари», «Отангиздан тилло қолганми?», «Машҳурликнинг бир сири», «Адибнинг ажиб дунёси», «Олий хилқат», «Назарнинг умидбахш кемалари», «Бадиий сўз масъулияти» мақолаларидан Асқад Мухтор, Неъмат Аминов, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Абдусаид Кўчимов, Назар Эшонқул, Нуриддин Исмоилов ижодининг ўзига хос хусусиятларидан воқиф бўлиб, уларнинг шахси-камолига доир қизиқарли кузатишлардан қониқиш ҳосил қиламиз.

«Майдон ўртасидаги ҳисобот» мақоласида Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг инсон ва олим, том маънодаги зиёли сифатидаги фазилатлари ёритилади. Ғарб адабиёти билимдони бўлган зукко олим Талъат Солиҳовнинг («Беминнат муҳаббат») умр йўлига ташланган назар – унинг адабиёт оламидан қўним топган, сўзлар дунёси ичида кечган ҳаёти талқинлари ўқувчида беихтиёр устозга улкан ҳурмат-эҳтиром, адабиётга кучли иштиёқ уйғотади. «Уйғониш йўлларига ёқилган чироқ» мақоласида профессор Нажмиддин Комилов тадқиқотлари мисолида тўхталади. «Қалб маърифати», «Зиёли», «Ўтаётган биллур вақт» мақолаларида эса адабиётшунос олим, таниқли таржимон Иброҳим Ғафуров феноменини инкишоф этишга муяссар бўлади. Китобдаги «Орзулар мавсуми», «Уч лавҳа», «Тотли беҳаловатлик», «Янги замон одами» мақолаларида академик Восил Қобулов, файласуф Сулаймон Азимов ва ҳуқуқшунос Акмал Саидовнинг фанлар ривожига ва маънавиятга қўшган ҳиссалари ёритилган. Эътиборлиси, бу олимлар фидойилигининг таъсирчан талқини ўзбек китобхонида миллий ғурур туйғусини кучайтиради ва айни шу жиҳат ушбу мақолаларнинг тарбиявий-маърифий аҳамиятини белгилайди.

Китобнинг «Одам бахтли яшамоқ учун яратилган» номли қисмидан жой олган мақолаларда муаллиф ўқувчини буюк адиблар даҳосини англашга чорлайди. Хусусан, Х.Дўстмуҳаммад «Инсон қалби – коинот», «Буюк зумраша» мақолаларида Фёдор Достоевский асарларидаги киши шуурига шуур қўшадиган, унинг қалбига инсоний фазилатларни сингдирадиган, мавжудлик ва ҳаёт ҳақида мушоҳада қилишга ундайдиган муҳим нуқталарини топиб, китобхонга тақдим этади.

Модернизм адабиёти классиклари Жеймс Жойс, Франц Кафка асарлари таҳлили ва талқини жаҳон адабиётшунослигининг мураккаб мавзуларидан ҳисобланади. «Энг узун туш», «Одиссейнинг қайтиши» мақолалари модернизм йўналишининг моҳиятини англашда, бу турдаги асарлар муваффақиятини таъминлаган омилларни тушунишда ўзбек китобхонига маърифий кўмак беради.

Хуршид Дўстмуҳамамаднинг «Ижод – кўнгил мунавварлиги» китобини ўқиш жараёнида кўнгилда туғилган айрим мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтсам. Ҳам олим, ҳам адиб сифатида муаллифнинг бугунги адабий жараён муаммолари, ютуқ ва камчиликларини ёритишда ҳам фаол бўлишини истардик. Теран кузатишлар, мазмунли умумлашмалар билан бирга, мақолаларида ёзувчиларнинг индивидуал услуби, маҳорати, сўз санъати ҳам таҳлилга тортилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Жаҳон адабиётининг йирик намояндалари ижодига доир мақолаларида уларнинг бадиий-эстетик принциплари, услубларининг фақат ўзларига хос бўлган хусусиятлари, бу борада жаҳон адабиётшунослигида қилинган тадқиқотлар ҳам эътиборга олинса муаллифнинг нуқтаи назари янада теранлашиб, адабий-маърифий хизматининг миқёси кенгаярди.

Китобхон шуурига шуур қўшадиган, адабий маърифатини бойитиб кўнглини мунаввар қиладиган бундай китоблар ҳамиша керак.

Ҳакимжон КАРИМОВ
(«ЎзАС» газетаси. 24 июнь 2011.)
«ИЖОД – КЎНГИЛ МУНАВВАРЛИГИ»
китобини ўқиб

Ҳурматли Хуршид ака! Шуҳрат Набиевич (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!) 1983 йили бизни таништирганларидан сўнг сизнинг ижодингизга мунтазам қизиқиб келаман. Фикрларни баён этиш услубингиз ўзига хослиги билан диққатимни жалб қилган. «Ёш ленинчи»нинг 1983 йил. 7 октябрь сонидаги мукофотга тавсия этилган илмий ишим хусусида ёзган «Қатламлар қаърига кўз тиккан йигит» мақолангизнинг бошланишини ўқиб, илмга бўлган ҳавасим яна ҳам ортган: «Қирқ ёшида фан доктори бўлиб етишган олимнинг давлатга, халққа келтирадиган нафи кутилгандек бўлди», – деб академик Восил Қобулов сўзларини келтиргансиз. У вақтда мен 29 ёшда эдим. Орадан 9 йил ўтиб, 38 ёшимда фан доктори илмий даражасини олдим. Бугун эса мени улуғлаб «Илмингиз, шахсингиз ва бемисл қамровга эга тафаккурингизга самимий ҳурмат билан» ёзуви остида, «Ижод – кўнгил мунавварлиги» китобингизни совға қилдингиз. Илиқ сўзларингиз ва китобингиз учун сизга чин дилдан ташаккур. Китобни ўқиш чоғида хаёлга келган фикрларни, ўринлими ёки йўқ, қуйида баён этиб, сизга тақдим этишни жоиз деб билдим.


Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида ўз ижоди ва фаолияти билан ялт этиб кўзга кўринган, фалсафий мушоҳадалари билан онгларни забт этган, ижоди билан кўнгилларни мунаввар этган адиб, публицист ва олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг навбатдаги асарини, унинг аввалги асарлари сингари бир неча бор варақлаб чиқиб, асарни тушинишга ҳаракат қилдим.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бу асари, асар номланганидек, кўнгилни мунаввар этди. Бунинг сабаби, аввалам бор, асарнинг ёзилиш услуби бўлса, муҳими, асар қаҳрамонларининг ижодий маҳорат қирраларини ёритишда адибнинг ўз фикрларини фалсафий мушоҳадалар орқали баён этишини озми-кўпми бўлса ҳам англашлик бўлди.

«Туғилгандан то умрининг сўнгги лаҳзасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди одам» (3– бет) деган жумла билан бошланади китоб.

Адибнинг қуйидаги фикрида ноанъанавийлик уфуриб, у диққатни жалб этади: «Ҳар бир халқ ўрганилган одамлари билан халқ даражасига кўтарилади, ҳар бир жамият ўрганилган фуқаролари билан тўлақонли жамиятга айланади» (3-4-бетлар). Бу фикрнинг ноанъанавийлиги – ундаги «ўрганилган» сўзи, зеро, адиб бу борада «билимли», «ўқиган», «тафаккурли», «зиёли» каби залварли сўзларни ифода этиш учун алоҳида урғу бериб, ўз фикрини қуйидагича давом эттирган: «агар у алоҳида истеъдод, алоҳида қобилият эгаси бўлса нур устига нур – унинг мулклик даражаси, қиммати чандон зиёда бўлади» (4– бет).

«Ижод – кўнгил мунавварлиги» ўзим ўқиганларимдан ва кўрганларимдан олган таассуротларимни янада ойдинлаштиришга, батафсилроқ тушунишга хизмат қилди.

«Ўткан кунлар» билан ёшлигимда танишиб, қалбимда нечук бу роман ўрнашиб қолган, нечук Абдулла Қодирий «сўзи» одамга роҳат бағишлайди? – деган саволлар пайдо бўлган эди. Йиллар ўтиб, Хуршид Дўстмуҳаммад асарининг «Вазмин жилвалар» бўлимидаги «Отабек шуурининг оний сурати» номли мақолани ўқиб, бу саволларимга жавоб топдим. Бу мақола Абдулла Қодирий ижодига бағишланган. Унда «Ўткан кунлар»даги нозик, қалбларни жунбишга келтирувчи, ўзбекнинг биринчи романига жон ато этган сўзлар сеҳри очиб берилган.

«Ўткан кунлар» билан таниш бўлмаган ўзбекнинг ўзи бўлмаса керак. Отабек ва Содиқ образларининг биридан руҳланган, бошқасидан нафрат ҳиссини туйган ўқувчи, бу образлар характерини очиб беришда Абдулла Қодирий маҳоратининг нозик қирраларини Хуршид Дўстмуҳаммаддек кўра олганмикан: «Содиқ илтифотсизгина унга қараб олгач, шоша-пиша ўнгдаги тор кўчага юриб кетди. Аммо Отабек тўғрига, катта кўчага қараб юрди» (6-бет). Романдаги бу жумлага шарҳ бериб, Хуршид Дўстмуҳаммад шундай ёзади: «Тор кўча ва тўғрига, катта кўчага иборалари билан муаллиф Содиқ билан Отабекнинг мақсадларига, уларнинг истиқболига ишора беряпти» (6-бет).

Улкан истеъдод соҳиблари – япон Акутагава Рюноскэ ва ўзбек Ғафур Ғулом ижоди чизгиларини ёритишга бағишланган «Нажот муҳаббатдами ё … нафратда?» номли мақолада бу адибларнинг асарлари қаҳрамонларидаги характерни, уларнинг хатти-ҳаракатларида намоён бўладиган ҳолатларни умумлаштириб, Хуршид Дўстмуҳаммад шундай фалсафий фикрни илгари сурган: «Жон сақлаш майли – инстинкти ташқаридаги табиий ҳодиса. Жон сақлашга уриниш – ҳалол. Бироқ жонни ҳар нарсадан воз кечиш эвазига сақлаш ҳалолми ёки ҳаромми? Ҳалолни ҳаром билан асраш ҳалолми?..» (12-бет). Нима учун бу мақолада япон ёзувчисининг «Расёмон дарвозаси» ва ўзбек ёзувчисининг «Менинг ўғригина болам» асарлари таҳлил қилинган? деган саволимга Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фалсафий фикри жавоб бўлди: «Очлик ва муҳтожликнинг миллати йўқ… Йўқчилик важидан талончилик, қаллоблик, босқинчилик, қотилликка қўл уриб, нажот излашдан енгилроқ чора топилмас. Бироқ …» (14-бет).

«Китобингни эл ўқисин»даги Худойберди Тўхтабоев билан суҳбатни ўқиб, болалар ёзувчисининг «Сариқ девни миниб» китоби ёдимга тушди. Бу китобнинг биринчи нашри ўтган асрнинг 60-йиллари олам юзини кўрган эди. Бу йиллари мен ё олтинчи ё еттинчи синфда ўқир эдим. Худойберди ака бизнинг маҳалладошимиз бўлгани туфайли, маҳалла болалари деярли ҳар куни кечки пайт кўча чангитиб юрганимизда ишдан уйга қайтаётган бу ёзувчи амакини кўрар эдик. Кўриб ҳавас қилардик! «Сариқ девни миниб»ни маҳалламизда яшовчи зиёли инсон – мактаб директори Фахритдин ака Муҳитдиновга ҳадя этилган нусхаси, у инсоннинг фарзанди – дўстимиз Нуритдин орқали маҳалла болаларида қўлдан қўлга ўтиб ўқилгани ҳамон ёдимда.

Бу суҳбатни ўқиб, қуйидаги фикр алмашув диққатимни тортди:

– Умрнинг мазмуни уни қай мақсадда сарфлашга боғлиқлиги ҳақида суҳбатлашаётган эдик.

– Умрнинг мазмуни англаш дақиқаларида намоён бўлади. Бизни ўраб турган олам беҳад ранг-баранг, айни чоғда беҳад мураккаб. Ҳар ким ҳаётнинг мазмунини турли ёшда англайди…» (36-бет). Менимча, «турли ёшда турлича англаб улғаяди» – деб айтилса фалсафий нуқтаи назардан тўғри бўлармиди? деган фикр келди. Чунки Хуршид Дўстмуҳаммад таъкидлаганидек: «Туғилгандан то умрининг сўнгги лаҳзасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди одам» (4-бет).

«Олий хилқат»ни ўқиб, танишим Абдусаид Кўчимов на фақат яхши ташкилотчи, раҳбар, балки унинг «Оқ каптарлар ороли» мавжудлигини билдим. Абдусаид ака билан Ўзбекистон радио ва телевидение комитетининг Раиси бўлиб ишлаган йилларидан танишмиз. Телевидение орқали намойиш этилган бир қанча эшиттиришлар бўйича фикр алмашган бўлсак-да, бу инсоннинг унга ато этилган камтарлик хулқи туфайли ўзининг асарлари ҳақида бирор фикр айтганини эслолмайман. Яна, «Олий хилқат»даги диққатни жалб этувчи фикр: «… машҳур санъатшунос файласуф Ортего-и-Гассет айтмоқчи, бир майсанинг униб-ўсишида бутун олам, бутун коинот иштирок этганидек, ҳар бир катта-кичик бадиий асар ижодкорнинг бутун умри маҳсули ҳисобланади» (95-бет).

«Тўғрилик тўнини кийгил» замондошимиз тарихнавис ёзувчи-олим Хуршид Давронга бағишланган. «Хуршид буюк соҳибқирон шахсини улуғлайдими, Бибихоним, Улуғбек ё бошқа Темурий шаҳзодалар ҳаётини ўрганадими – мезон шайнини адолат, виждон, жасорат юксаклигига кўтаради. Темур номаълумлик қаршисида қўл қовуштириб ўтиришни ёқтирмайди… «Иккиланиш – мағлубиятдир» деб ўйлайди Темур. Буюк саркарда қўрқоқликни кечирса кечиради-ю, аммо хиёнатчига мурувват кўрсатишни гуноҳ санайди…» (105– бет). Хуршид Давронни «Бибихоним қиссаси ёхуд тугамаган достон» орқали таниганман. Унда Бибихоним образи яратилмаган, унда Бибихонимнинг ўзи иштирок этган. Менда шундай ўчмас таассурот қолдирган бу асар. «Тўғрилик тўнини кийгил»да: «Қандай бўлмасин, жаҳолатдан, илмсизликдан, манқуртликдан халос бўлиш керак. Ватанни озод кишиларгина чуқурроқ ва теранроқ англайдилар. Бунинг учун эса ишни тарихни англашдан бошламоқ зарур» (103-бет) – деб қайд этилган Хуршид Дўстмуҳаммад жумлаларини ўқиб, Хуршид Даврон ижоди мазмунини ташкил этган ғоялар маъносини тушуна борасан. Бу борада тадқиқотчи публицист олим Хуршид тарихшунос ёзувчи-олим Хуршиднинг қуйидаги шеърини келтиради:

 
«Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла…
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан» (102– бет).
 

«Дахлсиз дунё» «Майдон ўртасидаги ҳисобот» билан бошланиб, унда ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғаси Озод Шарафиддиновнинг 70 йиллигини нишонланишидаги воқеалар орқали, бу олимнинг серқирра ижоди, шахси очиб берилган. Бу мақолада зиёлилар ҳақида сўз бориб, Хуршид Дўстмуҳаммад Озод Шарафиддинов нутқидан цитата келтиради:

«Президентимиз Ислом Абдуғаниевич ниҳоятда бағри кенг инсон, у киши ўзидаги ана шу кенгликни зиёлиларга улашиб бермоқда» (120– бет).

Хуршид Дўстмуҳаммад зиёли ҳақида фикр билдириб, «зиёли ҳар қандай воқеа-ҳодисани энг оддий ва юксак инсоний виждон, диёнат мезонлари тарозисида ўлчайди, бинобарин, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик воқеаларга ҳам шу мезонлар нуқтаи назаридан ёндашади. Ваҳоланки, ижтимоий-сиёсий воқелик, биринчи навбатда, муайян вазият манфаатидан келиб чиқади. Ушбу икки хил муносабат майдонида зиёли фикр, зиёли шахс вояга етади. У – зиддиятларга бой тескари одамга айланади» (121-бет).

«Уйғониш йилларига ёқилган чироқ»да бу мақола қаҳрамони – тараққиёт «тарихига Шарқ ва Ғарб халқлари навбатма-навбат ҳисса қўшиб келган»ликларини (133-бет) дунёга исбот қилиб берган забардаст олим Нажмиддин Комилов ижодига бағишланган. Ушбу мақолани ўқир эканман, инсоният тарихидаги IX – X асрларни швейцар шарқшуноси А. Мец (1922) «Мусулмонлар Ренессанс» даври деб номлагани ва ўзининг китобини айнан шу ном билан атагани хаёлга келди. [Ренессанс – бу французча сўз «renaissanco» бўлиб, унинг таржимаси «уйғониш» маъносини англатади]. Тарихий китобларда «Уйғониш даври» деб қайд этилувчи Европа Ренессанси Шарқ цивилизациясидан, илм-фан ва маданиятининг гуркираб равнақ топганидан деярли 400 йил ўтиб, XIV асрда Италияда бошланган. Айнан шунинг учун бўлса керак, мақолада урғу берилган Нажмиддин Комилов асарлари дунёга келган ва ўзбекни оламга танитган. Булар «Гомердан Берунийгача», «Ибн Сино ва Данте», «Бокаччонинг илҳом париси», «Чернишевский ва Шарқ»…

«Қалб маърифати» ҳозирги ўзбек танқидчилигининг ёрқин вакили – адиб, олим, таржимон Иброҳим Ғафуров ижодига бағишланган ва Хуршид Дўстмуҳаммад бундаги «Зиёли»да қатор хусусиятларни очиб беради. Жумладан: «Халқ табиатидаги иллатларга барҳам бериб туриш учун орасидан зиёли тоифа кишиларни етиштириб туради.

«Хаёлнинг ранглари» «Нурлар, соялар жозибаси» билан бошланади ва бу мақола рассом Жавлон Умарбековга бағишланган. «Э, ука, ман график эмасман, бундай ишларга вақт йўқ бизда» – мақолада келтирилган Жавлон аканинг бу сўзларини ўқиб, у киши кўз ўнгимда гавдаланди. Биз болалар «Гуруч ариқ» маҳалласидан тор кўчалар орқали ҳозирги «Софийский» кўчасига (у пайтлар тупроқ йўл эди!) чиқиб, ундан «Қичқириқ» бўйига ўтар эдик. Қичқириқнинг нариги тарафига кўприк орқали ўтиб, чап тарафдаги кўчалардан биридаги Жавлон аканинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари истиқомат қилишадиган ҳовлига кирар эдик (Жавлон аканинг укалари билан ўртоқ эдик). У ҳовлига борганимизда доимо Жавлон акани ижод устида кўрар эдим. Чизган расмларини томоша қилар эдик. Бу ХХ аср 60-йилларининг ўрталари эди. Мана, ҳаммамиз улғайдик. Агар Хуршид Дўстмуҳаммад фикридан борадиган бўлсак «Жавлон аканинг асарлари дунё модерн адабиёти оқимига мансуб асарлар янглиғ тушуниш «қийин» суратларга айланиши кузатилди» (208– бет). Аммо «Оқшом натюморти», «Қишки ҳовли», «Ёз» каби 70-йилларда яратилган асарларими ёки «Эски-туски мис идишлар сотувчиси», «Идиш-товоқлар», «Учаётган аравалар» – буларнинг барчаси «Жавлон Умарбековнинг асарлариман» деб овоз бериб тургандек бўлади, назаримда. Бу мусаввир ижодининг феномени – Хуршид Дўстмуҳаммад ибораси билан айтганда, «бадиий оламининг тафаккурга мойиллиги мўйқаламининг ўйноқилиги, киноя ва қочириқларга бойлиги билан уйғунлашиб кетади» (209-бет).

«Э, ука, ман график эмасман, бундай ишларга вақт йўқ бизда», дейилган эътирозга Хуршид Дўстмуҳаммад: «График бўлмай туриб безаган ўнлаб китобларингиз ҳурмати, агар сиз чизмасангиз, китобим чиқмаса ҳам розиман», деб «Жажман» номли китоб муқовасига безак ишлаб беришни илтимос қилиб, жавоб қайтаради. Жавлон ака ўзига ярашган узун сочларини силкита-силкита кулиб, қўлёзмани олиб қолганда «соф ўзбекона беғуборлик ва кўнгилчанликни, кейинроқ китоб («Жажман». – Т.: «Шарқ» нашрёти, 1995.) безаклари тайёр бўлгач эса бадиий олами жаҳон рассомчилик маданиятининг улкан анъаналарини ўзида мужассам этган Жавлон Умарбеков маҳорати, санъати намунасини кўрдим» – деб ёзади Х. Дўстмуҳаммад (210-бет).

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ижод – кўнгил мунавварлиги» китобини якунлаган «ХХ аср менинг ҳаётимда» 2001 йили «Жаҳон адабиёти» журнали мухбири саволларига муаллиф жавоблари келтирилган. Ундаги зиёлилар ҳақидаги фикр диққатимни тортди: «Зиёли – халқ маънавиятининг озон қатлами, у тафаккур ва қалбларни кислород билан таъминлайди, зиёли – жамиятнинг ҳароратини ўлчагич симоб устуни, зеро, у танадаги аҳвол қандай бўлса, уни худди шундай намойиш ва намоён этади, унинг заррача оғриқли ҳужайраси бор экан – ҳаловат билмайди, тинчимайди, тиним билмайди!» (312-бет). Ўзбекистон зиёлиларининг барчаси (гарчи барчаси ҳеч қачон бўлмаса-да, кўпчилиги!) шу хусусиятларга эгамикан? Мустақил Ўзбекистонимизда зиёлилар қатлами, сафи сифат жиҳатдан қандай ўзгаришларга дуч келмоқда? Зиёлилар Ватан равнақига қўшаётган хиссалари етарлими?..

27 январь – 06 март 2012.
Асрор АБИДОВ,
геология-минералогия фанлари доктори, профессор

ҚАЛБ ИСТИҒФОРИ

ФРАНЦ КАФКА ЎЗБЕК ҲУҚУҚШУНОСИ НИГОҲИДА 77
  Китобга ёзилган сўзбоши. Қаранг: Саидов А. «Кафка – юрист». Т.: «O‘ZBEKISTON», 2013. Б.3-8.


[Закрыть]

2010 йили адабий жамоатчилигимизда ўзига хос воқеа юз берди – таниқли ҳуқуқшунос олим, профессор Акмал Саидовнинг «Гёте – юрист» деб номланган бежиримгина китоби чоп этилди. Таъкидлаш зарурки, мазкур китоб тўсатдан пайдо бўлиб қолмади. 2007 йили «Адвокат» журналида эълон қилинган «Гёте – адвокат», 2008 йили «Ҳуқуқ ва бурч» журналида босилган «Буюк шоир ва ҳуқуқшунос (И.В.Гётенинг ҳуқуқшунослик фаолиятига доир айрим қайдлар)» мақолаларида Акмал Саидов мавзуга алоҳида иштиёқ билан киришгани сезилган эди. Жаҳон адабиётининг улкан сиймоларидан бирининг ҳаёт ва ижод йўлини ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этиш мутлақо ўзгача хулосалар чиқариш имконини бердики, улар «Гёте – юрист» китобининг мазмун-мундарижасини ташкил этди. Тўғри, муаллифнинг ҳуқуқшунос олимлиги, мавзу асосан буюк шоирнинг ҳуқуқий қарашларига қаратилгани даставвал китоб фақат ҳуқуқшуносликка бағишланган экан-да, деган тасаввур туғдириши табиий эди. Бироқ олдиндан чиқарилган бундай фикр асосли эмаслиги китобнинг дастлабки саҳифалариданоқ аёнлашади, зеро, Акмал Саидов олмон шоирининг ҳуқуқшуносликка доир қарашларини адиблик ва шоирлик даҳосини ўзида мужассам этган бадиий салоҳиятидан ажратиб олмайди, балки «қўл урган соҳаларини санаб адо қилиб бўлмайди»ган Гётенинг (ҳурматли устозимиз Эркин Воҳидов таъбири) ҳаётий ва ижодий йўлини ҳуқуқшунослик призмаси орқали кўради, шу призма атрофида умумлаштиради, ушбу призмадан келиб чиқиб таҳлилга тортади ва хулосалар чиқаради.

Яна бир чекиниш: жаҳон адабиёти, фалсафаси ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган сиймолар портретини яратиш илгаритдан Акмал Саидовнинг ижодий кредосига айланганини унутмаслик керак. Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг ижодий-маънавий жасоратлари маҳсули ўлароқ, «Фауст» ва «Илоҳий комедия»нинг ўзбек тилига ўгирилиши муносабати билан А.Саидов томонидан эълон қилинган салмоқли мақолалар жамоатчилик эътиборига тушган. Шекспир асарларининг Жамол Камол томонидан таржима қилингани, Жеймс Жойснинг афсонавий «Улисс» романи Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбекчалаштирилгани, шунингдек, Чингиз Айтматовнинг адиблик ва дипломатлик феномени А.Саидовни янги-янги тадқиқотларга ундаганидан ҳам бохабармиз. Характерли жойи шундаки, шу сингари мақолаларнинг ҳеч бирида муаллиф фақат таржима ёки таржимон маҳорати ҳақидаги мулоҳазалари билан чекланиб қолмайди, балки буюк истеъдод соҳибларининг шахси, ижоди, улар яшаган давр хусусиятлари, зиддиятлари қатори мавзуни мумкин қадар кенг миқёсларда қамраб олишга ҳаракат қилади, таъбир жоиз бўлса, тўкилиб, яйраб-яшнаб ёзади. Шунда ҳам, такрор бўлса-да таъкидласак, ўзи танлаган йўналиш – ҳуқуқшунослик призмасидан узоқлашмайди, балки мазкур мавзу бошқа ҳар қандай фикр-мулоҳазаларнинг меҳвари – лейтмотивини ташкил этади. Шу ўринда толмас тадқиқотчининг Ғарб фалсафасининг атоқли намояндаларидан бири – Иммануил Кантнинг фалсафий-ҳуқуқий қарашларига бағишланган монографиясини («Философско-правовое наследие Иммануила Канта и современная юриспруденция»), ниҳоятда ўзига хос «Бобби Фишернинг мушкул партияси» рисоласини эсламаслик адолатдан бўлмайди. Лекин асосий гап қисқа фурсат ичида яратилган ва кенг китобхонлар оммасига тортиқ этилган «Гёте – юрист», «Шекспир ва юриспруденция» ва «Данте – юрист» китоблари ҳақида, янаям аниқроғи, мазкур ўзига хос илмий-оммабоп трилогиянинг мантиқий давоми бўлмиш «Кафка – юрист» китоби ҳақида.

ХХ аср жаҳон адабиётининг энг номдор уч адиби деганда Жеймс Жойс, Марсел Пруст қатори Франц Кафканинг номи тилга олинади. Бор-йўғи 41 йил умр кечирган Кафканинг ижодидан, унинг шахси, ҳаётий қарашларидан сўз очилганда эса мунозаралар, баҳслар, топишмоқнамо саволлару уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилинган жавобларни қаторлаштиришга киришиб кетилади. Жавоблар, ҳукм ва хулосалар ҳам топилаверади, лекин, қизиғи, бу билан саволлар барҳам топмайди, тугал ва мутлақ жавоб топиш навбатдаги авлод кафкашунослар, Кафка мухлислари зиммасига кўчиб ўтаверади. Ваҳоланки, Ф.Кафка ўнлаб роман, юзлаб ҳикоя ёзиб ташламаган. Ундан борйўғи учта тугалланмаган роман, бир неча туркум ҳикоялар, мактублар, кундаликлар, суҳбат мерос қолган, холос. Буларнинг саноғини олиш ҳам унчалик мушкул иш эмас, лекин дунё миқёсида адибнинг ҳаёти, шахси ва ижодига бағишланган тадқиқотлар, кузатишлар, таҳлиллар, тахмину фаразлар, изланишларнинг ҳисобини олиш эса тасаввурга сиғмайдиган даражадаги вазифага айланиб улгурган.

Қўлимизда ўзбек ҳуқуқшуноси томонидан яратилган «Кафка – юрист» китоби. Таажжуб, нима учун бу адибга нисбатан юрист сифати берилмоқда? Нима сабабдан адибнинг жумбоқлар тўла дунёсига адабиёт ва адабиётшунослик «анжом»лари воситасида эмас, ҳуқуқшунослик назар-нигоҳи билан ёндашилмоқда? Ахир Кафка, биринчи навбатда, ёзувчи-ку? Наҳотки?..

Саволни, ажабланишу ҳайратланишни бас қилсак-да, Кафканинг бутун ижодига яхлит назар ташлайдиган бўлсак, совуққон таҳлил нуқтаи назарига суянсак, фавқулодда ечимни кашф қилгандек бўламиз. Бу ечим уч феноменал ҳодисадан иборат.

Биринчиси – гарчи Акмал Саидов камтарлик билан ўзини «адабиёт ихлосманди» деб билса-да («Гёте – юрист». Б.5.), ўзи танлаган объектни изчил ва чуқур ўрганиш борасида унча-мунча адабиётшунос мутахассисдан оз меҳнат қилмайди. Юқорида тилга олинган ва қўлимиздаги тадқиқотларнинг ҳар бирини варақлаган китобхон бунинг яққол исботини кўриши қийин эмас. Қолаверса, «Ҳуқуқшунос ихтисослигини эгаллаганим боис, Йоҳанн Волфганг Гётенинг бу соҳага (ҳуқуқ соҳаси назарда тутилмоқда – Х.Д.) дахлдорлиги унинг ижодига қизиқишим янада кучайишига сабаб бўлди», дея эътироф этади А.Саидов («Гёте – юрист». Б.6.). Ваҳоланки, жаҳон гётешунослик ва ҳуқуқшунослик адабиётида Гёте ижодини юрист сифатида ўрганиш учрамайди. А.Саидов эса ўзига қадар учрамаган йўлни танлади, яъни ҳуқуқшунослик назар-нигоҳи билан Гётедек ноёб фигура ижодига хос кўплаб ҳақиқатларни англаш мумкинлигини исботлади. Бу ҳеч муболағасиз, А.Саидовнинг феноменал топилмаларидан бири эди!

Иккинчиси – А.Саидов кашф қилган тадқиқ қуроли-призмаси Данте, Шекспир ва Кафка ижодига мурожаат қилишда ҳам айни қўл келди. Бунга асос бор эди. Чунки Данте, Шекспир, Гёте ва Кафка ҳаётда у ёки бу мақомда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритишган, бинобарин, улар асарлари ўзак томирларидан бирини ҳуқуқ мавзуси ташкил этадики, бу – иккинчи феноменал воқеадир. А.Саидов мана шу ўзак томирни, таъбир жоиз бўлса, улкан сўз санъати соҳиблари ижодининг жон томирини тутиб олади ва ўзи мустаҳкам оёқ қўйган нуқтадан туриб бетакрор ижодкорлар бадиий оламини бамисоли заррабин орқали таҳлилга тортади.

Учинчиси – номлари тилга олинаётган улкан сўз даҳолари олам ва одам сир-синоати ва мўъжизасини ҳуқуқ дунёси воситаси-ла таҳлил этишга ҳаракат қилишганининг туб сабаблари нимада эди?

Саволга Кафка ижоди мисолида жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Маълумки, Ғарб дунёсида, хусусан, тараққий этган давлатларда замонавий тушунчадаги ҳуқуқий жамият барпо этилгани фавқулодда ютуқ сифатида кўз-кўз қилинади. Қонуннинг амалдаги ижросига эришиш жамиятнинг муҳимдан-муҳим тараққиёт кўрсаткичи сифатида эътироф этилади ҳам. Бироқ юқорида номлари тилга олинган бадиий сўз даҳолари ижодида нима сабабдан шахс, жамият, давлат орасидаги ва бошқа муносабатлар ҳамда тубига етиб бўлмас чигалликлар «чангалзори» марказида қонун гавдаланади? Қонунга мурожаат этилади? Қонундан олий рутба – «инстанция» сифатида чора, паноҳ изланади? Ва, ажабланарлиси, ҳар қандай ва ҳар қанча изланишлар беҳудадан-беҳуда, бесамардан-бесамар кетади?..

Франц Кафканинг қонундан нажот ва паноҳ излаш изтироблари, аввало, Данте, Шекспир, Гёте изланишларига мутлақо ўхшамайди, иккинчидан, адолат ва ойдинлик истаб, зир қатнаган олий «инстанция» маҳкамаларининг аслида таг-туги йўқлигини, туб-тубидан ўпирилиб ётганини ўхшатиб, шафқатсизларча тасвирлаб бериши нафақат бадиий адабиётда, балки ХХ аср ижтимоий-сиёсий тафаккуридаги фавқулодда бемисл воқеа эди! Узоқ йиллар мобайнида Кафка ижодидан ҳайратланишлар, унга шубҳа билан қарашлар, уни қабул қилмасликлар, уни рад этишлар, уни қатағон этишлар, ғалати, ҳатто телба одамга чиқаришлар боиси ҳам шунда!

Қонун устуворлигига эришилган муҳитда барча муносабатлар қатъий равишда ҳуқуқий меъёрларга бўйсундирилади, қонунга зидми, қонун бандларига муносиб эмасми, вассалом, ўзгача муносабатлар, ўзгача туйғулар бебурдга чиқарилади. Қонун – реал воқелик, у ё моддий, ё маънавий манфаатга хизмат қилади, инсоний кечинмалар, меҳр-оқибат, виждон, адолатга дахлдор эҳтирослар – бари-бари сафсатадан ўзга нарса эмас («Эврилиш» мана шу концепция асосига қурилган)! Ҳақиқатнинг аччиқлигини қарангки, бордию, бундай жамиятда олий «инстанция» мақомига кўтарилган қонунга, қонун ижросини таъмин этувчи маҳкамаларга иши тушган шахснинг мушкули осонлашмаса нима бўлади?! Катта мушкулоту мусибатлар у ёқда турсин, у лоақал ўзи ҳам, яқинларию йироқлари ҳам билмаган-сезмаган айби-гуноҳи нимадан иборатлигини аниқлаштира олмай сарсону саргардон. Бунинг сабабларидан бирини ўз замонида Гёте Фауст тилидан қуйидагича нақл қилган:

 
Бир вақтда қонун – кори хайр эса,
Ул кори хайр кулфатдир бу кун.
 

Шундай, Кафка тасаввуридаги маҳкама инсон кўзи қамраб ололмайдиган даражадаги баҳайбат махлуқ, у жиғилдонига рўпара келган битта эмас, юзлаб, минглаб (керак бўлса, миллионлаб!) одамларни бир бошдан ямламай ютаверади. У тўйганини билмайди, чунки у тўймайди, у ҳис қилмайди, чунки унда ҳис йўқ, у изтироб чекмайди, чунки унда туйғунинг ўзи йўқ. Унинг қони – қонун, бу қон инсоний туйғуларни тушунмайди, қабул қилолмайди, улар билан пачакилашмайди. Тўғри, қонунни қонун доирасида инсонийлаштириб туриш механизми ҳам йўқ эмас, унинг номи адвокатура. Аслида адвокатуранинг миссияси ниҳоятда юксак, у энг олий мақсадларда кашф этилган, бироқ раҳм-шафқат посбони бўлмиш бу тизимнинг сурати бору, сийрати йўқ, суд маҳкамаларининг зимистонга бурканган вужудида милт-милт қилиб жон сақлаб турган шамчироқ янглиғ бечора, мазлум бир хилқат, холос. Адвокатларни ҳатто одил суд ҳам кўргани – кўзи, отгани – ўқи йўқ, бу етмагандай, ундан очиқдан-очиқ жирканишини яширмайди ҳам («Жараён» романи). Франц Кафкани бетакрор адиб, бетакрор мутафаккир даражасига кўтарган феноменал концепциялардан бири шу!

Табиий савол туғилади: хўш, нажот қаерда? Прагада яҳудий оилада дунёга келган, чех ва француз тилларида сўзлаша олган, немис тилида ижод қилган адиб қисқа умри мобайнида ўз асарлари дунёсидан ташқарига чиқолмай табиатан изтиробларга кўмилиб яшаган, ўзи кашф қилган бадиий реалликда туғилган бу қадар мураккаб саволларга жавоб топа олмаган. Адоқсиз изланишлари боши берк кўчага, зимистон қалъага («Қалъа» романи) кириб қолавериш уқубатлари Кафкани нафақат жисмонан, балки маънан сил қилган. Ўзи кашф қилган бу аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат келажакда инсониятнинг бошқотирмасига айланмаслиги учун (инсоният ақл-идроки бу саволлар олдида ҳали-ҳануз ожиз қолмоқда ахир!) ҳам… барча асарларидан воз кечган, уларни ёқиб, йўқ қилиб юборишни яккаю ягона дўстидан илтимос қилган.

«Кафка – юрист» асари биз китобхонларни яна бир карра ана шундай улкан ва ажабтовур (эҳтимол, боқий!) бошқотирмалар дунёсига олиб кирганидан миннатдор бўлмоғимиз керак. Китоб маълумотларга, манбалар рўйхатига бой. Бир қатор ихчам ҳикоялар, Кафка ижоди таҳлилига бағишланган мақола ва эсселар биринчи марта ўзбек тилига ўгирилганлиги билан ҳам қимматлидир. Китобни ўзбек тилидаги дастлабки «Франц Кафка» қомуси деб аташ ҳам мумкин. Мазкур қомусий мажмуа ҳар бир китобхон олдига кўплаб саволларни кўндаланг қўяди, ҳар бир фикрчан китобхонни ўз имконияти даражасида саволларга жавоб излашга ундайди. Жавоблар топилади, саволлар эса тугамайди.

Кафка ижодининг ҳикмати ҳам, туганмас мўъжизаларга бойлиги ҳам мана шунда.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации