Текст книги "Изхор"
Автор книги: Xurshid Do`stmuhammad
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 26 (всего у книги 38 страниц)
СУҲБАТЛАР, СУҲБАТЛАР
ОДАМ ЎЗ МУҲАББАТИ ОЛДИДА ЁЛҒИЗ
– Ижодкор халқи борки, муҳаббатнинг қули. Ҳаммаси бир бор унинг кўчасига мўралаб кириб ниманидир қоралайди. Ўзингизнинг муҳаббат ҳақида қайси ёзган асарингизни қадрлайсиз?
– Энг охирги ёзганим – «Ҳижроним мингдир менинг» қиссамда муҳаббат борасидаги туйғуларимни қоғозга туширганман. Шуниси кўпроқ ўзимга маъқул.
– «Ёш куч»нинг машҳур «Қатортолга мактублар»ини очишга сизни нима мажбур қилган эди?
– Муштарийлардан келган хатлар. Улар ҳаммадан яширган сирларини оқ қоғозга тўкиб, бизга жўнатишарди. Кунига юзлаб тақдирлар ҳаётини ўқиганимдан сўнг менда шу рукнни очиш истаги туғилди. Муҳарриримиз ҳам бунга рози бўлган эдилар.
– Мактублар мавзусини кўпроқ нима ташкил этарди?
– Жамиятдаги камчиликлар. Ёшлар эса ишқ-муҳаббатни биринчи ўринга қўйишарди. Қўлимиздан келганича уларни чоп этардик. Маслаҳатлар берардик.
– Катта ҳам, кичик ҳам муҳаббатни оғир дард деб ҳисоблайди…
– Худо кўрсатмасин, ҳамма дард ҳам оғир. Муҳаббатники эса бошқачароқ. У ҳам мароқли, ҳам роҳатли, ҳам жон олар оғриқ.
– Ўзингиз шундай оғриқни биринчи марта қачон ҳис қилгансиз?
– Ўқувчилик йилларим. 5-синфда ўқиб юрганимда бир қизга мактублар йўллаганман. У учун алоҳида кундалик ҳам тутган эдим. Кундалик ўқитувчиларим, кейин уйдагиларимнинг қўлига тушган. Анчагина гап-сўзга қолганман. Ҳеч ким мени тушунмаган. Ҳамманинг кўзига ахлоқсиз, ёмон кўринганман. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша муҳаббатлар болаликча самимийлик экан. Бировни севиш, уни тушуниш, унга эътибор билан қараш экан. Катталар эса кўпинча бундай ҳолатларга буткул ўзгача назар билан қарашади.
– Бирор марта муҳаббатга хиёнат қилганмисиз?
– Ҳеч қачон.
– Ажралмас севгига эришиш учун қандай йўл тутган маъқул?
– Етишиб бўлмас армоннинг ўзи муҳаббат. Унга эришдингми, сендан муҳаббат айрилади. У эҳтиёжга айланади.
– Муҳаббатнинг маслаҳатсиз пайдо бўлишига ишонасизми?
– Ишонаман. Биров бир кўрганда, биров секин-аста яхши кўриб қолади. Менимча, синаштаси мустаҳкам бўлади.
– Нимага бугун Навоий куйлаган, Қодирий ҳикоя қилган севгилар йўқ?
– Бу фикрингизга қўшилмайман. Уларнинг сони бугун ҳам кўп. Улар бўлмаганда дунё шунчалик бўлмасди. Фақат уни сир тутишади. Шундай бўлгани ҳам маъқул. Баъзида биз ҳар қандай буюк севгиларни миш-мишларга кўмиб ташлаймиз. Қадрсизлантирамиз. Шундан кейин Кумушлар, Отабеклар йўқ, деган хулоса ясалади.
– Ўзингиз қайси асарни ўқиб қаттиқ ҳаяжонга тушгансиз?
– Достоевский ва унинг хотини Анна билан ёзишмаларини. Ёзувчи ўз жуфтини қанчалар гўзал севади! Японияда ўн марталаб қайта чоп этилган. Ниятим, бу ёзишмаларни ўзбек тилида ўқиш.
– Ҳаётингизда ҳақиқий муҳаббатни учратдингизми?
– Учратдим. Лекин бу сир. Тўғрисини айтганда, бу дунёда Аллоҳдан сўнг муҳаббатгина одамни улуғлайди, кўкка кўтаради.
– Муҳаббатни сир сақлаган маъқулми, ёки…
– Йўқ. Муҳаббат ошкора бўлгани яхши. Фақат уни майда-чуйда гапларга алмаштирмаслик керак. Муҳаббат ҳар қандай икир-чикирлардан юқори туради.
– Бошқалардан яширган гапларингизни кимга айтасиз?
– Қоғозга. Ҳар кимга дардингизни дастурхон қилавермайсиз. Одам доимо ўз муҳаббати олдида ёлғиз.
– Кимнидир севиш қўлимдан келади, дея оласизми?
– Ҳеч ким бунга кафолат беролмайди. Баъзилар 70 ёшида кимнидир севади. Ўша қария ёш йигит ё қиз бўлишни орзуласа, ҳеч ким айб қилмайди. Бировни ёқтириши эса шарму ҳаё томонидан ўлчанадиган бўлса, шармандалик. Мен ўша муҳаббат пок бўлса қадрлайман. Юрак бировни севишга қодирми, ундан ёмонлик чиқмайди.
ЛАЙЛО суҳбатлашди(«Чимилдиқ» газетаси. 14 июль 1999.)
ЎҚИТУВЧИСИНИ ҚЎЛИДА КЎТАРГАН ХАЛҚ
«Офарин» танловининг «Йилнинг энг яхши ёзувчиси» номинацияси бўйича ғолиблик таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммадга насиб этди. Адиб бу мукофотга «Бозор» романи, «Ҳижроним мингдир менинг» қисса ва ҳикоялар тўплами ҳамда «Озод изтироб қувончлари» китоби учун лойиқ кўрилди.
– Суҳбатни анъанавий саволимиздан бошласак. Биринчи муаллимингиз ким?
– Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов (ҳозир Олмазор) тумани ҳудудидаги 11-мактабда саккиз йил ўқиганман. 1958 йили 1 сентябрда биринчи бор синфга олиб киришганида биринчи қатордаги партани эгаллаб олиб, «Битта ўзим ўтираман!» деб хархаша қилганимда, онам (раҳматли волидамиз ўз даврида бошланғич синфларга муаллимлик қилганлар), биринчи ўқитувчимиз Ирисали ака Мирвалиев (жойлари жаннатда бўлсин) роса кулишган. Жуда хокисор, фидойи ўқитувчи эдилар…
– Адабиётда устоз-шогирдлик масаласи бугунги кунда бир қадар унутилгандек. Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳорлар давридаги устоз-шогирд муносабатлари бугун унчалик кузатилмаяпти.
– Бадиий ижодда устоз-шогирдлик бўлмай сира иложи йўқ. Тўғри, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода сингари мўътабар устозлар яшаган даврда бу ҳолат бирмунча бошқачароқ кечган. Мисол учун устознинг айтгани-айтган, ҳатто ижод курсисида ўтирган пайтда ҳам «Абдулла Қаҳҳор нима деркин?», деган хавотир шогирдлар кўнглига ғулғула солиб турган. Бу нечоғлик яхши ё ёмон, маъқул ё номаъқуллиги бўлак масала, аммо-лекин ҳозир устоз-шогирдлик муҳити тубдан ўзгариб кетди. Эндиликда шогирд оёққа туриб олгач, устози айтган, ўргатган йўл-йўриқлардан юрмай, ўзи фавқулодда йўналишлар топса, шуниси маъқул, назаримда. Бундан хурсанд бўлиш керак. Бизнинг халқимизда ёши бир жойга бориб қолгунича ота-онанинг этаги остида ўралашиб юриш азалий урф, устозга садоқат борасида ҳам шу урфни маҳкам тутиб олсак, бундай кайфият бадиий ижод руҳига, табиатига зид, деб ўйлайман. Устозни қанчалик ҳурмат қилмай, у кишининг измидан қадам босиб ташқарига чиқмасам… адабиётга ҳам, у кишига ҳам хиёнат қилган бўламан. Қолаверса, ёзувчи учун ўзига қадар яратилган бутун инсоният адабиёти устоз! Тасаввур қиляпсизми? Навоийдан то бугунги кунда қалам тебратишни бошлаган ёш ижодкоргача ҳам устозлик қилиши мумкин. Айтмоқчиманки, янги фикр бера оладиган, янги шакл-шамойиллар яратишга ундайдиган, бадиий тафаккур оламига янгидан-янги ҳаво олиб кирадиган ҳар қандай адибни УСТОЗ ҳисоблайман.
– Ўтган асрнинг сўнгги йилида уч китобингиз – «Бозор» (роман), «Ҳижроним мингдир менинг» (қисса), «Озод изтироб қувончлари» (публицистика, адабий танқид) нашрдан чиқди. Сизнинг асарингиз асосида суратга олинган «Чаёнгул» бадиий фильми экранларга чиқарилди. Жамоат арбобисиз, муҳаррирлик, ижод… Ҳаммасига қандай улгуряпсиз?
– Одам қанча иши, юмуши кўп бўлса, шунча кўп имконият, куч-қувват топаркан. Мен тиним билмайман, бўш ўтиришни тасаввур қилолмайман. Сир сифатида айтадиган бўлсам, ёзиш учун алоҳида шоҳона шарт-шароит, кайфият, махсус ҳолат талаб қилмайман – ёзавераман. Ёшларимиз орасида вақтни беҳуда совуриш касаллиги менга жуда оғир ботади. «Ҳа-а, бекорчилик, юрибма-ан…» деган оҳангдаги гапни эшитсам фиғоним фалакка чиқиб кетади. Ҳой, оғайни, ҳозир бекор юрадиган пайтми! Ишла, бошингни кўтармай, тунлари уйқунг келмай ишла!..
– Сизни адабий танқидчи сифатида ҳам биламиз. Бугунги адабий жараёнга танқидчи сифатида баҳоингиз?
– Адабий танқидчиликдан кўнглим тўлмаяпти. Мавзу ғиж-ғиж, баҳсталаб муаммо истаганча топилади, уларни нега ёзмаймиз, матбуот саҳифаларига олиб чиқмаймиз – сира тушунолмайман. Аксарият жамият бошидан кечираётган ўтиш даврини рўкач қилишади, ўтиш даври ўтсин, кейин асар яратамиз, танқидчилик қиламиз, деган гаплар қулоққа чалинади. Афсуски, бундай кайфиятдаги одам ўтиш даври билан бирга ўзи ҳам ёшини яшаб қўйишини, кейин кеч бўлишини хаёлига келтирмайди.
– Биронта ҳам роман ўқимасдан филология факультетини тугатиб кетганларни биламан. Улар ҳозир мактабларда дарс беришяпти. Бугунги китобхонлик ҳақидаги фикрингиз?
– Бу таънали саволда жон бор. Сиз филология факультетида ўқиганларни айтяпсиз, шу соҳада илмий иш ёқлаган, мутахассисман, деганлар орасида ҳам роман ўқимаган, умуман, бадиий жараённи кузатмайдиган, ўқиса-да, ўқиганини илғаб ололмайдиганлар учрайди. Бунисига нима дейсиз? Ўша муаллим мактабда дарс берса, ўқувчи унга эргашадими, адабиётни севиб қоладими? Ўрни келганда айтсам, Жиззахнинг Форишидаги чекка тоғ қишлоқларидан бирида оддий ўқитувчи билан гаплашиб, у кишининг адабиётдан хабардорлигини кўриб ҳавасим келди, ҳатто уялган жойларим ҳам бўлди. Китобхонлик мутахассис учунгина эмас, миллатни миллат қиладиган, халқнинг умимий диди, савиясини тарбиялайдиган, янгидан-янги инсоний турмуш даражалари мақомига олиб чиқадиган боқий мўъжиза! Китобхонлик мавзуси «Маърифат» газетасининг мунтазам рукнига айланишини, унга барча муаллимларнинг, ўқувчиларнинг жалб этилишини жуда-жуда хоҳлайман!..
– Ўтган аср ўзбек адабиётимизга бир назар ташласак. Бир сўз билан айтганда, уни қандай таърифлар эдингиз?
– ХХ аср ўзбек адабиёти ўз даврининг бадиий тафаккури сифатида тарихда қолди. Улкан адабий мактаб яратилди. Адабиёт қандай бўлиши керак ва қандай бўлмаслиги керак, деган саволга истаганча жавоб бера оладиган академияга айланди…
– Бу ёғи қандай бўлади? Насрнинг очилмаган имкониятлари ҳақида кўп гапириляпти…
– Дунёда бадиий идрок этишнинг чеки-чегараси йўқ. Замонавий бадиий тафаккур анча илгарилаб кетди. Ҳозирги жаҳон адабий жараёни ҳали биз кўриб, биз эшитмаган, биз «татиб» кўрмаган усулларни қўлламоқда. ИНСОННИ ўрганмоқда! Инсон бор экан, имкониятлар тугамайди, унинг адоғига етиш амри маҳол.
– Тилакларингиз.
– Адабиёт бўлмаса инсоният қандай яшар эди, деб сўрашади. Дунёни бадиий идрок этиш тўхтаса, дунё ғоятда ғариблашиб қолади. Бунинг иложи йўқ. Адабиёт йўқ дегани – ҳаёт тўхтади дегани!
Халқимиз омон бўлсин, муаллимлик жамиятимизнинг энг ардоқли, энг нуфузли касб-корига айлансин! Ўқитувчисини кафтида кўтара олган халқ сира-сира кам бўлмайди!
Суҳбатдош Ҳусан КАРВОНЛИ(«Маърифат» газетаси. 17 март 2001.)
«ЖУРНАЛИСТ КАСБИНИНГ ЗУВАЛАСИ…»
– Драматургияда ҳам ўзингизни синамоқчимисиз?
– Драматург дўстим Эркин Хушвақтов премьерага таклиф қилди. Бордим. «Қаллиқ ўйини» экан. Кўрдик, зални тўлдирган томошабинларга қўшилиб кулишдик ва ишонасизми, ўша куни бир ўзбек зиёлиси сифатида жуда алам қилди. Изтиробдан бошимни ёстиққа қўёлмадим. Инсоф билан ўйлайлик: Ўзбек миллий театри биносини бунёд этиш учун озмунча маблағ сарфландими, озмунча эътибор кўрсатилдими! Ва… ҳар ойда ўн-ўн беш кунлаб саҳнада «Қаллиқ ўйини»! Юмшоқ қилиб айтганда, бу – уят! Мўътабар саҳна учун номус бу! Менинг бу томоша муаллифларига заррача эътирозим йўқ, муаллиф – бўзчи, билганини тўқийди. Лекин Ўзбек миллий академик театри қиёфасини, об-ҳавосини бундай асарлар белгиламаслиги керак. Уларга томошабиннинг кўплиги эса биз зиёлиларни ҳушёр торттирмоғи керак. Умумдидсизлик касаллигидан қутулиш чораларини ахтармоқ ҳар бир зиёлининг бурчи, қисматига айланмоғи шарт!.. Ишонсангиз, ўша премьерадан қайтган куним, алам устида саҳна асари ёзаман, деган аҳд билан столга ўтирдим. Икки ой бош кўтармай ишладим. Америкалик машҳур адиб, шоир ва журналист Эдгар Аллан По ҳаётидан ҳикоя қилувчи трагедияни ёзиб тугатдим.
– Нима учун айнан америкалик?..
– Ҳали бу саволни кўп эшитсам керак. Эдгар Понинг шахси, ҳаёти юртдошларимизга, озми-кўпми, таниш. У АҚШ мустақилликка эришган, мамлакат мураккаб даврларни бошдан кечираётган даврда яшаган. Ниҳоятда оғир турмуш кечирган. Ҳаёти фожиали тугаган. Асарда фавқулодда истеъдодли адиб, унинг шахсий ва оилавий фожиаси, уларга жамият муаммоларининг уйғунлашиб кетгани тасвирланган. Муҳаббат фожиаси…
– Муҳаббат фожиаси?..
– Шундай, муҳаббатсиз фожиа фожиа эмас, мен бугун муҳаббат фожиаси ҳақида алоҳида ва узоқ ҳикоя қилишим мумкин, лекин ўрни эмас. Ва айтиб қўяй: мен фавқулодда саҳна асари яратдим, деган даъводан йироқман, фақат мумтоз саҳнамиз ўзига нолойиқ, номатлуб майнавозчиликлар майдонига айланиб қолаётганидан куюнганимни ўртоқлашмоқчиман, холос.
– Сизнингча, энг юксак туйғу нима?
– Айтдим-ку, МУҲАББАТ!
– Энг тубани-чи?
– Кибр! Мутлақ фикр даъвоси!
Тоҳир МИРҲОДИЕВ суҳбатлашди.(«Mulkdor» газетаси. 28 июнь 2002.)
ЭНГ ЎЗБЕКОНА ТУЙҒУ – СОҒИНЧ
– Болалигингиз ҳақида сўзлаб берсангиз…
– Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Чорсу бозоридан Сағбон кўчаси бўйлаб кетаверсангиз, Қўштут даҳасидан ўтасиз, шунда чапга – Чиғатой дарвозасига олиб чиқадиган Ҳуррият тор кўчаси келади. Ўша кўчадаги хонадонда туғилиб, ўша кўчаларни чангитиб ўсганмиз. Ҳарф таниган пайтларимдан кўчамизнинг номи менга жуда ёқар, негадир «ҳуррият» деганда юзларимни майин шабада сийпаб ўтгандек бўлар, ҳатто 60-йилларнинг бошларида Чимбой маҳалласидаги янги қурилаётган уйимизга кўчганимизда биринчи навбатда, янги кўчамизнинг номи қандай бўларкин, деган хавотир кўнглимдан кечган.
Оиладаги тўққиз фарзанднинг кенжаси – уч ака, беш опанинг укаси бўлиш тенги йўқ бахт, албатта, қачон шундан гап очилса, суҳбатдошларим, роса эркатой бўлган экансиз-да, деб ҳаваслари келади. Аслида, кенжатойлик имтиёзлари менга кўпда насиб этмаган, чунки тўнғич опамизнинг тўнғич фарзанди мендан бор-йўғи бир ёш кичик бўлганидан бизнинг оиладаги кенжалик «ҳуқуқ ва имтиёзлари» тўнғич неварага ўтиб кетган. Қолаверса, яқин-яқинга келиб бошқа бир хаёллар олиб қочадиган бўлиб қолмоқда: серфарзанд оилалардаги кенжанинг масъулияти кейинроқ, йил сайин ошгандан-ошиб бораверар экан…
Ҳу-у, болалик кўчаларини, тор ва тупроқ кўчаларни унутиб бўларканми?! Уйдек-уйдек сомон ё саксовул ортилган туялар карвон тортиб ўтиб қолар, тенгқур ўртоқларимиз билан қалдирғочлар янглиғ терилиб туриб олар, «Оғзингни беркит, туя тишингни санаб олса, тўкилиб кетади!» деб бир-биримизни қўрқитар эдик. Кун бўйи ёнғоқ, чиллак, ланка, футбол, қувламачоқ, яширинмачоқ, қутқармачоқ ўйинларидан чарчаган эмасмиз. Қўш отли аравада керосин сотувчи амаки ўтиб қолса, албатта, унинг ортидан бориб тармашар, аравакаш амаки сўкиниб ё эркалаб узу-ун қамчисини шарақлатиб сермаб қолар, шунда тум-тарақай тўзиб қочиб қолардик. Абдураззоқ амаки деган қўшнимиз бўлар эди. Қотмадан келган, оппоқ соқоли, мўйлаби доим дарғазаблигидан титраб турар, ҳамиша биз болаларни қувиб солиб кўчадан тош, кесак, темир-терсак, қоғоз парчаси – қўлига илинган нарсани териб-термачлаб юрар эди. Яна бир қўшнимиз Ҳусан отанинг ниҳоятда ширинсўз, мулойим, меҳрибон келинининг чиройли кўз қарашлари болалик хотирамдан ўчмаган. Кўп болали эканига қарамай, ҳовлисига кирсангиз ёғ тушса ялагудай топ-тоза бўлар эди, янглишмасам, саккизинчи боласини туғиш чоғида нобуд бўлди. Нобуд бўлди-ю, катта оиладан файз-барака кўтарилди. Эр ичкиликка муккасидан кетди, саккиз норасида ўғил-қизнинг куни қариб-чуриган Ҳусан отага қолди. Кириб, бир чеккада чўк тушиб ўтирганча, узоқ кузатиб ўтирардим – ота ўша ҳолига косибчилик қилар, ўтирган курсисидан базўр қаддини узиб ёнгинасидаги кўрпачага чўзилиб қолар, пича ҳордиқ чиқаргач, яна амаллаб, инқиллаб-синқиллаб базўр курсичани эгаллар, увоққина кампири, алкаш ўғли билан қўшиб ҳисоблаганда ўн бир жоннинг оғзи мункиллаган чолнинг қўлига термилган эди… Ҳазилвон Маҳкам отани эслайми, Жўрамбой отани, Қутби холани, тиниб-тинчимас Абдулатиф маҳалла оқсоқолини, пак-пакана ва ўрдакюриш қилиб, қадам олишини кўрганда ортидан болалар билан масхара қиладиганимиз Фотима кинначини, Минов девонани унутиб бўладими?.. Уларнинг ҳар бири ўзича бир тип, ўзича бир образ, ўзича бир асар қаҳрамони… қачон уларни ёзаман, болаликда шўхлик қилиб, тушуниб-тушунмай уларни ранжитиб, дилига озор етказиб қўйганларим менинг бўйнимдаги қарз ахир!..
Жонимиз ичимизга сиғмасди, шўх эдик, ўт-олов эдик. Тенгқур оғайнилар билан бир кун муштлашсак, эртасига соғинишиб қолардик!
Сира эсимдан чиқмайди – ёз, саратон, тор кўчамизни бошимизга кўтариб нимадир ўйин билан оворамиз, кўча бошида онам кўриндилар. Икки қўлларида халта-хулта, ҳаммаси лиқ тўла. Одатда, онам тонг саҳарда Ҳастимомдаги бозорга кетадилар, кун тиккага келганда уйга қайтадилар, табиийки, катта рўзғор, бозордан қуруқ қайтмайдилар. Хуллас, «Ойи! Ойим кевоттила-а!» деганча югуриб бордим-да, на салом, на алик бор, онамнинг қўлларидаги халтага ёпишдим. «Нима опкевоссиз? Нима бор?!» Шундай деб қўлимга илинган нарсани олдим-у, оғзимга тиқиб, ғизиллаганча изимга қайтиб, ўйинга қўшилдим. Орадан пича ўтиб, оғзимни ширин қилган егуликдан яна олиш илинжида ҳовлимизга югуриб кирсам, ойим ҳовлимиз чеккасидаги ер супанинг лабига тўшалган кўрпачада омонатгина ёнбошлаб ётибдилар. Бозордан келтирган халта-хулталари шундоққина оёқ остида, қўл урилмай турибди.
– Бир қултум сув опке, – дедилар ойим.
Чопқиллаб бориб пиёлада сув келтирдим. Ойим қақраб кетган лабларини намладилар. Базўр туриб, оёқларини осилтарганча супа қирғоғига ўтирдилар.
– Манавиларни кўтариб кегунча қўлларим узилиб тушай деди, болам, – деб беҳол шивирладилар…
Тўққиз фарзанд отамизнинг қўлидаги сўзан-бигиз, онамизнинг қўлидан тушмаган игна учидан топилган ризқ-рўз билан оёққа турганмиз, катта ҳаётга йўл топганмиз… Қиблагоҳимиз билан волидамиз ҳаётларининг сўнгги дамларигача ўзлари меҳнатдан тиним билмадилар, лекин биз фарзандларни фақат ва фақат ўқишга, илм олишга даъват этиб ўтдилар…
– Шу-унча бола туғиб нима қилардингиз, – дедим ўша ғўрлик кезларим бир куни ойимга, – мана энди бизани боқишга қийналяпсизлар, ман ўзим ҳам сизга ҳеч нарса қилиб беролмайман, ман катта бўлгунча…
Шу ерга келганда гапимнинг давомини ўйлаб қолдим, тилимни тишладим, лекин ойим жуда зийрак, китоб кўрган саводли аёл эдилар, мириқиб, яйраб кулдилар. Рўмолнинг учи билан оғизни паналаб, товуш чиқармай кулганларида кўпинча кўзларидан ёш чиқиб кетарди…
Ҳақиқатан, шахсан ўзим онамга ҳеч нарса қилиб беролмадим…
14 – 15 ёшимда отам билан ёнма-ён ўтириб маҳсидўзлик қилардик. Оилада отамизнинг сўзлари икки бўлмас, у киши ўта мулойим, камгап бўлсалар-да, бир нигоҳ ташлашларининг ўзи ҳар қандай шўхликнинг ўтини ўчириб қўяр эди. Раҳматли, маҳсининг чокини текис тикишдан тортиб, чумагини, дастагини оби-тобига етказмагунча кўнгиллари жойига тушмасди. Бир куни хуноб бўлиб, «Э, дода, бозордаги харидорнинг биттасиям маҳсининг сифатини, кам-кўстини фарқламайди, билмайди-ку, намунча уни пайпаслайверасиз!» – деб юборибман. Қиблагоҳимиз узоқ жим ўтирдилар ва ниҳоят, бир маҳал: «Бозордаги харидорлар билмаса, сен ўзинг биласан-ку», – дедилар секингина…
Ўша тор кўчамиздаги хонадонлардан биринчи бўлиб бизникига телевизор кирган. Оқшом тушиб, экранда ё Насиба Қамбарова, ё Насиба Иброҳимова кўринди дегунча икки-учталаб қўшнилар бизникига чиқишар, ўз даврининг соҳибжамол дикторларининг қош-кўзидан соч тарашигача адоқсиз гурунглар мавзусига айланар эди…
1969 йили ҳаётимда иккита улуғ ва савобли иш қилгандекман: додам билан ойимни етаклаб аввал Санъат саройида намойиш этилаётган «Ўткан кунлар» фильмини, сўнг Ҳамза театрида шов-шувга сабаб бўлган «Шоҳ Эдип»ни томоша қилишга олиб борганман…
– Талабалик йиллари. Дорилфунун, устозлар, курсдошлар, орзулар, адабиётда сиз эргашган, интилган йўналишлар…
– Талабалик йилларини олтин давр дея таърифлаган одамнинг отасига тасанно! Жуда топиб айтган. Менинг бу олтин даврим ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида ўтган.
Одатда, қайси олий ўқув юртига кириш ҳар кимнинг ёшликда касб танлашидан бошланади. Қизиқ, ҳозир ўйлаб кўрсам, мен қайси касбни танласам экан, деган савол устида бош қотирмаган эканман. Эсимда, еттинчи синфни битириб ёзги таътилга чиққан кунларимиз, Шуҳрат акам билан кўчада кетаётган эдик.
– Таътилга чиқдингми? – деб сўрадилар.
– Ҳа, – дедим.
– Уч ойми?
– Ҳм.
– Уч ой нима қиласан? Кўча чангитиб юраверасанми?
– Билмадим, – дедим ҳайрон бўлиб. – Нима қилишни билмайман-да.
– Бекор юрмай, мақола ёз.
Кулиб юбордим.
– Вой, мен қандайига мақол ёзаман, мақолни халқ ёзади-ку! – дедим хайрон бўлиб.
Акам кулдилар-да, сўнг тушунтирдилар:
– Мақол эмас, мақола ёзгин, деяпман. Мана, футбол мусобақаси бўлади-а, шу мусобақа қандай ўтгани ҳақида ёзсанг, газета чиқаради, ўша мақола бўлади.
Ўша йили кузда биринчи ахборотим «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон») газетасида босилди. «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») таҳририятидаги Файзи Шоҳисмоил раҳбарлигидаги, «Ёш ленинчи»даги Муҳаммаджон Қўшоқов раҳбарлигидаги «Ёш мухбирлар» тўгарагига қатнаганман.
Журналистика факультетида Тўғон Эрназаров, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Очил Тоғаев, Бегали Қосимов, Лазиз Қаюмов, Сайди Умиров, Абдулла Сайфиддинов… сингари домлаларнинг дарсларида кўп фойдали йўл-йўриқлар олганмиз. Ғайбулла Саломовни биз талабалар шунчалик ҳурмат қилардикки, азбаройи таржимашунослик фанининг қийинчиликлари ҳам кўзимизга кўринмас эди. Устозга бўлган ҳурмат туфайли бадиий таржима муаммоларига доир тадқиқотлар билан шуғулланганман.
Курсимиздаги, қўшни курслардаги сабоқдошлар орасидан таниқли журналистлар, адибу шоир-шоиралар етишиб чиқишди. Уларни мен олтин даврнинг олтинларидан тўғри фойдаланганлар деб атаган бўлур эдим.
– Қачон ёза бошлагансиз? Нима сабаб бўлган? Биринчи асарингиз? Кимларга кўпроқ ҳавас қилгансиз ўша пайтлар?
– Ўқувчилик пайтларим битта-яримта шеър машқ қилганман, ҳикоя ва эртакчалар қоралаганман. 70-йилларнинг охирларида Ажажа деган бир олимнинг ўзга сайёралик келгиндилар мавжудлиги ҳақидаги суҳбати матбуотда эълон қилинди-ю, қўлёзмаси қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўша суҳбат таъсирида ёзган фантастик ҳикоям 1979 йили «Фан ва турмуш» журналида эълон қилинган. Йил ўтиб, «Гулистон»да босилган «Киова қуёши» номли иккинчи ҳикоям бирмунча баҳсларга сабаб бўлган.
Ёзишга нима, қандай куч ундаган? Мен билган, мен тасаввур қилган, мен тасвирлаган, ўзимгагина хос бўлган нуқтаи назар… хуллас, мендаги «мен»нинг ўзига хосликлари ёзишга, ижодга ундаган бўлса керак. Мана шу «мен» бўлмаса, ижоднинг нима кераги бор?! Ишонинг, ҳеч қачон менда бошқалардан зўр ёзиш даъвоси бўлмаган, лекин БОШҚАЧА ёзиш мумкин, БОШҚАЧА ёзиш керак деган туйғу, истак кўнгилга сира тинчлик бермаган. Одам ўз-ўзидан бошқача ёза бошламайди, бундай интилиш бошқача қарашлардан, адабиётшунослик илми тили билан айтсам, бошқача ҳаётий концепциянинг шаклланишидан келиб чиқади.
Ўзбек адабиётига мансуб барча асарларни битта қўймай ўқир эдим, Москвада, шунингдек, Болтиқбўйи республикалари, Грузия, Озарбайжонда нашр этиладиган адабий-бадиий газета-журналларни гоҳ обуна бўлиб, гоҳ кутубхоналардан топиб ўқир, маъқул мақолаларни эринмай дафтарга кўчириб ёзиб юрардим.
Фалсафага, психологияга доир адабиётларга, мақолаларга, айниқса, қаттиқ қизиққанман. Шу аснода, очиғини айтсам, ўзимизнинг адабиётдан (мен замонавий ўзбек насрини назарда тутяпман) қониқмаслик туйғуси кўз оча бошлади, миллий адабиётдан кўнгил совиши баъзан хиёнатдек туюлган дамлар бўлган, бундай хаёлларни қувиб солишга уринган пайтларим бўлган, аммо-лекин жаҳон адабиёти намуналарини ўқиганим сайин беихтиёр қиёслашлар, юқорида айтганимдек, БОШҚАЧАРОҚ бадиий талқин истаги кейин-кейин устун кела бошлаган ва каминани буткул «йўлдан урган».
– Сизни «йўлдан урган» ўша асарларни ҳозир эслайсизми?
– Эслаганда-чи! Бошланишига Гаршин, Л.Андреев, Засодимский ҳикоялари, кейинроқ Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба» романлари ҳақиқий маънода ақлдан оздирган. Бу икки романни ўзбек тилида ўқигач, буюк адибнинг «Бечора кишилар», «Ўлик уйдан мактублар» романлари, «Кулгили одамнинг туши» ҳикояси чинакам бадиий асар ҳақидаги тушунчаларимни тўзитиб юборган, десам муболаға бўлмайди. Сўнг япон Рюноскэ Акутагава, Кобо Абэ, Кэндзабуро Оэ, кейинроқ Ясунари Кавабата асарлари… Стефан Цвейг ҳикоялари, Андрей Платоновнинг қиссалари… Франц Кафканинг «Эврилиш» ҳикоясини бир кечага олиб, тонгга қадар ўқиганман-у, ўзимизнинг адабиёт ўзгача руҳ, ўзгача қарашлар, ўзгача концепцияларга жуда-жуда муҳтож деган қатъий хулосага келганман. Бадиий тафаккур адабий-бадиий анъанага қанчалик садоқатли бўлмасин, қўл-оёғи билан анъанага боғланиб қолиши ҳам яхши эмас.
Мана, сизга бошқотирма: катта адабиёт анъаналардан воз кечилган жойда яратилади! Энг буюк асарлар ўзларигача ҳукм сурган анъананинг инкори ҳисобланади!
Аччиқ бўлса ҳам айтай, бутун бир миллий адабиёт битта Қодирий ё битта Чўлпон даҳоси соясида қачонгача ялпайиб ётади? Ахир, замон ўзгарди, дунёнинг ранглари ўзгарди, адабиёт-чи?.. Келинг, яна бир бошқотирмани ўртага ташлайлик: адабиёт ўзгармагунича халқ ўзгармайди ёки бўлмаса, халқ ўзгармагунича адабиёт ҳам ўзгармайди!..
Нима бўлди-ю, ўзимизда Темур Пўлатов исмли ёзувчи борлигидан хабар топдим, адибнинг роман, қисса, ҳикояларини пешма-пеш хатм қилдим-у, хайрият-э, деб юбордим! Бор экан-ку!.. Доғистонликларнинг Расул Ҳамзатови, қирғизларнинг Чингиз Айтматови, озарларнинг Анори, арманларнинг Грант Матевоясани, гуржиларнинг Нодар Думбадзеси сафида қаддини ғоз тутиб турадиган адибимиз бор эканлиги мен учун унутилмас шодиёна бўлган!
– Адабиёт ҳақидаги ўша пайтдаги тасаввурингиз қандай эди? Ҳозир-чи? Кимларни тан олиб, эътироф қиласиз? Уларнинг нимаси кучли?
– Бадиий ижод – Аллоҳ таоло бандаларига ато этган бемисл сеҳр, бетакрор жозиба, туганмас мўъжиза! Бадиий ҳақиқатсиз ҳаёт ҳақиқати жуда ғариб, ўта зерикарли бўлиб қолар эди. Бадиий реаллик ҳаёт реаллигидан бойроқ, шунинг учун ҳам, дейлик, бадиий адабиёт ҳақида сўз борар экан, уни ҳаёт ҳақиқатларининг исталган пучмоғига тортиб кетиш мумкин. Шу боисдан ҳам муайян бадиий асарни истаган киши истаганича талқин қилади. Бизда шўро давридан мерос қолган мезонлардан бири – бадиий асарни асосан теварак-атрофда бўй кўрсатиб турган воқелик қиёсида талқин қилиш, ундан ижтимоий ёки тарбиявий аҳамият излаш касаллигидан воз кечиш, айрим уринишларни истисно этганда, қийин кечмоқда. Бадиий асарда ҳаёт ҳақиқатини кўриш энг юксак чўққи ҳисобланади. «Вой, худди ҳаётдагидек тасвирлапти-я!» – дея ҳайратларга тушиш оддий китобхон учун узрли бўлиши мумкин, лекин бутун адабий жамоатчилик шу мезондан нарини, бошқа ўлчамларни билмаслиги ёки билишни истамаслиги маънавий фожиа! Адабий дидсизлик!
Адабиёт – инсонни тушунишга уринишдир. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир асар инсонни қайтадан, янгитдан, мутлақо ўзгача нуқтаи назарлардан тушунишга ҳаракатдир. Бунинг учун ижодкор мумкин қадар дахлдорлик ришталаридан холи қолмоғи зарур. Ундаги бетакрор бадиий лаёқат бошқа ҳар қандай қадриятлардан устун ҳисобланади.
Истеъдод манфаати халқ, миллат, Ватан манфаатларидан устун ҳисобланади. «Сиз Ирландия учун жонингизни берасизми?» деб сўрашган Жеймс Жойсдан. «Ирландия мен учун жонини берсин!» деб жавоб қайтарган адиб, тап тортмай. Бу гапни эшитган заҳоти шўрлик ёзувчини сазойи қилишга ошиқмаслигимиз керак, зеро, Жойс исмли буюк ИСТЕЪДОД қолдирган ўлмас адабий мерос абадулабад ер юзида Ирландия деган давлат, ирланд деган миллат, халқ борлигини дунё аҳлига танитиб, эслатиб туради. Бу кичкина хизматми?!
Бадиий ижод – мубталолик!
Қизиқ-да, бир нарсага мубтало одамнинг бошқа ҳар қандай нарсага кўзи кўр, қулоғи кар бўлади. Унинг учун ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмайди. Шу боис мубтало одамни тушуниш, унинг қадрига етиш қийин кечади. Мубтало одамнинг замондошлари томонидан бадарға қилинганига, маҳв этилганига мисоллар инсоният тарихида истаганча топилади.
Мубтало ижод, мубтало ижодкор учун йўл очадиган, имкон берадиган битта қудратли куч бор, бу – саводли бағри кенглик!
Бутун дунёни сармаст қилаётган, не-не давлатлар ва халқларнинг тақдирини ҳал қилаётган демократия тушунчасининг барча ҳикматию нағмалари ўзбекона биргина бағри кенглик сўзига жо бўлиб кетади! Бағри кенглик умумқадриятга айланган жамиятнинг афзалликларини қўя турайлик, бундай саодат ҳатто МУБТАЛО ёзувчию шоирнинг эмин-эркин ижоди учун ҳам чексиз имкониятлар яратади…
Ёзмаслик мумкинми?.. Яхшиям, ижод бор, Ницше айтмоқчи, ҳаёт ҳақиқатидан бош олиб қочиб, жон сақлаш мумкин бўлган бирдан-бир бошпана – ижод, акс ҳолда кундалик ҳаёт ҳақиқатларидан бўғилиб кетади, инсон!
– Сир бўлмаса, қандай мавзуга бағишланадиган асар ёзиш ниятингиз бор?
– Соғинчга!
– Соғинчга?! Сабаб? Нима учун айнан соғинч?
– Инсоннинг энг изтиробли туйғуси – соғинч! Менинг назаримда, энг ўзбекона туйғу ҳам – соғинч…
– Таржималарингиз ҳақида… Таржима қиляпсизми? Кимларни, нималарни? Ўзбеклар учун нималарни таржима қилиш жуда зарур?
– В.Гаршин, А.Рюноскэ, Т.Сухотина-Толстая, А.Якубовский, Г.Гулиа, Юсуф ас-Шаббий, А.Жук, А.Риук, М.Хошур, В.Череванский, К.Кальваро, Хосе Варас, А.Ал-Манфалутий, Ботир Зокиров, Шавкат Абдусаломов сингари ёзувчи, тарихчи, адабиётчиларнинг қисса ва ҳикояларини, эссе, эсдалик ва кундаликларини ўзбекчалаштирганман. Ҳе-е, бир пайтлар С.Цвейг новеллаларини бир бошдан таржима қилишга киришиб кетганман. Темур Пўлатовнинг бир неча ҳикояси ҳамда «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилдим-у, бу хил ижодий меҳнатнинг машаққату уқубатига ортиқ дош беролмаслигимга иқрор бўлдим. Қайтиб таржимага қўл урмасликка онт ичдим. Бир суҳбат асносида устозимиз Озод Шарафиддиновга (Аллоҳ раҳматига олсин) Достоевскийнинг аёли Анна Григорьевна билан ёзишмалари ҳақида гапириб қолдим. Уларнинг ёзишмалари бетакрор адабий ёдгорлик эканини, неча қайта ўқисангиз, шунча ўқигингиз келишини, ўша ёзишмалар япон тилида бир неча бор китоб ҳолида чоп этилганини айтдим. Домла, зудлик билан таржима килинг, «Жаҳон адабиёти»да берамиз, дедилар. Устознинг сазаси ўлмасин, деган ниятда, қолаверса, ўзим неча ўнлаб марта ўқиб юрадиган мактубларни ўзбек китобхонлари ҳам ўқишар, деган хаёлда таржима қилишга киришдим-у… ният амалга ошмай қолиб кетди.
«Жаҳон адабиёти» журнали кўплаб яхши асарларни ўзбек адабиёт мухлисларига тортиқ этмоқда, афсуски, бизда таржима асарлар тарғиботи жуда-жуда суст. Таржима масаласида қарашларим ўзгачароқ. Келинг, мулоҳазаларни чуқурлаштирмайлик-да, навбатдаги бошқотирма мавзусини айтай: жаҳон адабиётининг энг нодир асарлари ўзбек тилига таржима қилинишининг аҳамияти беқиёс, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Лекин энг мумтоз асарларга ихлоси баланд китобхонларимиз уларни аллақачон рус тилида ўқиб бўладилар. Енгил адабиёт мутолаасига кўниккан шинавандаларимиз эса ундай асарларни на рус тилида, на ўзбек тилида ўқийдилар! Қандай йўл тутган маъқул?..
– Ижод баробарида сиёсат билан ҳам машғулсиз. Балки бир буюк асарга сарфланадиган вақт бошқа ёққа сарфланаётгандир. Депутатлик, сиёсатчилик ижодкорга керакми? Ёки сиёсат ижодкорлик тафаккурига эҳтиёжмандми?
– Болалигимдан касб танлаш мен учун муаммо бўлмаганини айтдим. Ишонсангиз, қаерда, қандай вазифа ёки лавозимда ишлашим ҳам ўз-ўзидан амалга ошаверган. Ҳеч бир остонага иш, мартаба сўраб бормаганман. Мен қаерда, қандай вазифа билан машғул бўлсам, зиммамдаги вазифага астойдил киришиб, дилдан чиқариб меҳнат қилиш – одатим. Бошқачасига ишлашни тасаввур қилолмайман. Сиёсат дунёсига ҳам қарийб шу тариқа кириб келганман. Ўрта мактабимизнинг битирувчи бешта синф ўқувчилари (150 нафар) орасида битта мен комсомол сафига ўтмаганим директорнинг қулоғига етиб қолибдими, ёнимга бир ўқитувчини қўшиб райкомкомсомолга жўнатди. Бордик. Қарасам, тумонат одам – даста-даста қилиб комсомолга қабул кетяпти. Менга пойлоқчилик қилиб борган ўқитувчининг кўзини шамғалат қилиб турдим-да, қочиб қолдим. Комсомолга ўтмай мактабни битирдим. Ишлаб юрган кезларим худди шундай ҳолат комфирқага қабул қилиш билан юз берди. Нашриётимиз раҳбарларидан бири ҳузурига чорлаб, зимдан шипшиб партияга ўтишим учун битта ўрин борлигини айтди. Мен бош тебратдим. Раҳбарнинг ранги ўчиб кетди. Кўзининг ола-куласи чиқиб, қулоғига ишонмай қайта айтди таклифини. Мен ҳам рад жавобимни такрорладим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.