Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ҚАНДАЙ КЕЛИН БЎЛМАСЛИК ҲАҚИДА

Мен янги келин бўлиб тушганимда қайнона бувим ҳам бор эдилар. Улар ҳам қайнона бувижонингиз сингари уйнинг тўрида, қалин кўрпачалар устида, юмшоқ ёстиқларга суяниб, фаришталиккина бўлиб ўтирардилар. Бувижонингизга ўхшаб невара келинларни улар ҳам эркалаб, ўзларига атаб фарзандлару неваралар олиб келишган тансиқ нозу неъматлар билан сийлардилар. Узун енглари ичидан чиқиб турган сертомир қўлларида тансиқ нарсаларни бизга узатар эканлар, ҳар гал:

– Еб олинг, жон болам! – дердилар.

Баъзида уйда иккимиздан бўлак ҳеч ким қолмасди. Шундай пайтларда ишларимдан қутилиб, битта чойнакда чой дамлаб, олдиларига келиб ўтиришни яхши кўрардим. Ўтмиш ҳикояларидан сўзлаб беришлари ёқарди-да!

Кейин билсам, Катта ойимлар бу суҳбатлар давомида менга Бедилдан, яъни турмушдан, келинлик, уй-рўзғор ишларидан сабоқ берар эканлар.

Эсимда, кунларнинг бирида у киши менга бир ривоят мисолида қандай келин бўлмаслик ҳақида уқтирган эдилар. Киши одобни ўзига маъқул бўлмаган, эриш туйилган хулқдан, яъни беодобликдан ҳам ўрганиши кераклигини англатган эканлар. Бир умр эсимдан чиқмайдиган ўша кунги ҳикоянинг мағзини чақсам, у киши менга «Сен шундай келин бўлма, болажоним!» деганлари экан. Келинг, ўша ҳикояни сизга ҳам айтиб берай.


…Қадим замонда бир подшоҳ ўз келинининг уқувсизлигидан жуда куйибди. Лекин у жуда оилапарвар, адолатли подшоҳ экан. Тезлик қилмабди, кескин хулоса чиқариб, ҳозирги айрим бойваччалардек келинининг уйига молу давлатини бисёр қилиб олиб бориб қўймабди.

Масалани анча босиқлик билан ўрганган подшоҳ аввал ўз аркони давлатидаги турмушга чиқариладиган қизлар тарбиясига аҳамият бериш кераклиги ҳақида фармони олий чиқарибди.

Подшоҳ бу фармонини беришдан аввал бутун мамлакати бўйлаб ўз хос кишиларини юборибди. Уларга ҳамма вилоятларда бўлиб, келин тушган оилалар ҳаётини яхшилаб ўрганишни буюрибди. Бахтли оилаларнинг ибратли томонини намуна қилиш зарурлигини уқтирибди. Келинидан куйган оилаларга алоҳида эътибор беришни, уларнинг ўзига кейинчалик шундай қилмаслик керак деб кўрсатиш учун ҳам, барча ёмон хислатларни эслаб қолишни, имкони бўлса келинларидан нолиган қайноналарни саройга йиғиб уларнинг ўз оғзидан эшитиш зарурлигини тайинлабди.

Қайси кўз билан кўрсинки, орадан кўп ўтмай подшоҳнинг саройи қайноналарга тўлиб кетибди. Бирлари оғзиларидан бол томиб келинларини мақташса, бошқалари келинидан дод деб сочларини юлармиш. Эвоҳ, подшоҳ кўрса, иккинчи тоифадагилар, яъни ўзига ўхшаганлар кўп экан.

Ўз келинидан куйган, аммо чин дилдан чора излаётган подшоҳ бундай қайноналарнинг ҳаммасини сабр-тоқат билан эшитибди. Фақат эшитиб қолмай, қўлига қалам-қоғоз олиб, нималарнидир ёзиб ҳам ўтирибди.

– Олампаноҳ, келинимнинг дастидан уйимда озор топмаган жонзод қолмади, синиб-чега кўрмаган идиш ҳам йўқ. Ўттиз йил олдин онам раҳматли тўйимда берган хитой чинни лагани ҳам синиб бўлди! – депти қайноналарнинг бири ёниб. – Келинимнинг ҳусни чақмоқдеккина. Кўрсангиз ҳавасингиз келади. Ақли-ҳуши, ғайрати ҳам етарлидек. Аммо ҳеч иши олдинга босмайди. Қилган ишини кўрган одам «Қайси қўлинг сингур қилди?!» дейишдан ўзини аранг ушлайди. Ишлари шу даражада пала-партиш. Ҳамма ишга баробар уннайди. Менга беринг, деб қўлингиздан ишингизни олади-ю, бирортасини ҳам тугата олмай, дардисар ҳолда ташлаб кетади. Қўлимдан ишимни олар деб, не умидлар билан келин қилгандим. Ҳа, олди! Лекин уйимнинг фариштаси кетди. Қўллари режа билан иш қилишга ўрганмаган. Мисол келтир дейсизми, олампаноҳ, қайси бирини айтай!

Эрталабдан қумғонга ва ўчоққа олов ёқиш учун қўлига тушган ўтинни қалайверади. Пайраҳа билан ўт олдириб олинг, деб неча марта айтдим, неча марта кўрсатдим. Шунга юрса-ку, олам гулистон-а! У бўлса ҳўл ва йирик ўтинни ёндиролмай, ўчоққа энгашиб олиб пуфлайверади, пуфлайверади… Ҳамма ёқни қора тутун босади. Оловни зўрға ёндириб олгач, ачишаётган кўзларини кир қўллари билан ишқалайди. Неча бор кўзи оғриса ҳам тавба қилмайди. Кўзини ишқаб келгунича сут тошади. Қумғон қайнаб, жўмракдан тошган сув оловни ўчиради, атрофни кул тўзони қоплайди. Сутни идишга солаётиб ё ярмини тўкади ё хурмачани тепиб юборади.

Келинимнинг овқат қилишидан-ку юрагим безиллаб қолди. Қизиган ёғга пиёз-гўштни асталик билан қозонга сирпантириб солиш ўрнига узоқдан туриб ирғитади, қозондаги ёғнинг ярми атрофга сачраб камаяди. Ўчоқ атрофи чирк бўлиб кетгани бир сари, ўзининг қўли-юзига сачраб доғ бўлиб кетганини айтмайсизми?

Айтганим билан, қилиб кўрсатганим билан бўлмаяпти. Ўзи нарёғида йўқ бўлгач, айтган билан фойдаси бўлмас экан. Ошхонадаги идиш-товоқни жой-жойига қўйганини билмайман. Қачон қарама пичоқ, теша, ўтин, идиш-товоқ, тезак ва пўчоқ ошхона юзига ёйилиб, оёқ босишга жой қолмайди. Аёлнинг эркакдан фарқи шундаки, у бир иш қилиши жараёнида атрофини йиғиб-териб, саранжомлаб туради. Менинг келиним бир иш қилганида ундан кейин йиғиштириш, тартибга солиш учун бир кишининг кучи етмайди. Пеш тушган идишни пеш ювиб қўя қолмай, қозонга уст-устига тахлайверади. Пиёлаю пичоққача, сабзи тахтагача ўшанинг ичида. Ювишга тушганда идишлар бир-бирига тегиб, ярми синади, ярми дарз кетади. Қўлини артган сочиққа пиёлани ҳам, пичоқни хам артади. Ҳай-ҳайламасанг, қозон сочиқ ҳам пиёла сочиқ бўлиб қолади. Қўлини ювиб, қозон сочиққа артганини кўп кўрганман.

Меъёр, ўлчов тушунчалари унга бегона. Идиш-товоқни каттадан кичикка қараб тахламай нобоп жойларга: курси чеккаларига, токча зиҳига қўйиб кетавергани майлия, ҳатто боласини кўтарганда ҳам ё бошини у-бу ерга уради, ё бирон ерини қайириб олади. Бола бечора онасидан зириллайди.

Супурганда ё супурган ери чала бўлади ё уйнинг чанги осмонга кўтарилиб, бироз ўтгач, супурилмагандек бўлиб тураверади. Кетмон чопгандек шиддат билан супуради-да, тўплаган ахлати олинмай, эртасигача яна ҳовли билан битта бўлади.

– Э, олампаноҳ, қай бирини айтай?

Унинг сўзини диққат билан эшитиб турган подшоҳ: «Бу муштипар менинг келиним ҳақида гапираяптими ёки ўзиникини таърифлаяптими?» – деб дилидан ўтказибди.

Ўша кенгаш охирида подшоҳ бир фармон чиқарибди. Вазирнинг айтишича, подшоҳнинг қалам билан қоғозга ёзибчизиб ўтирганлари ўша фармонга асос бўлибди.

Фармонда қиз кўрган хонадонда қизнинг тарбиясига у туғилгандан бошлабоқ алоҳида аҳамият берилсин, дейилибди. Аввало қизлик уйда ҳам, у келин бўлиб тушган жойда ҳам, қизлар асло «сен»ланмасин, ҳамиша «сиз»лансин, деб буюрибди подшоҳ. Қизлар билан муомалада овоз кўтарилмасин, қўл югуртирилмасин, токи улар бошқалар билан муомалада мулойимликка ёшликдан ўрганиб борсинлар. Қизлар оёқ чиқарганлариданоқ ўз ёши, қувватига қараб уй юмушларига солинсин, токи улар озода ва саришталикка кичикликдан ўргансинлар, катта-кичикнинг ҳурматини жойига қўядиган бўлсинлар. Қизлар доим меҳр ва ардоқда бўлсинларки, токи келин ва она бўлганларида ҳаммага меҳрибон, шамчироқдек нур таратсинлар, дейилибди фармонда. Яна ўша фармони олийда мамлакатдаги қизларни ҳаётга тайёрлайдиган махсус мактаблар очилсин, уларда энг оқила, зукко, қўли гул чеварлар, пазандалар, сухандонлар, отинчалар дарс берсинлар, бу мактаблар учун зарур ашёлар давлат хазинасидан олинсин, токи ҳамма фуқаролар билсинларки, биз оила устуни, чироғи бўлган аёл, қизлардан ҳеч нарса аямаймиз, зеро, оила фароғати – давлат равнақидир, деган кўрсатмалар ҳам битилибди.

Подшоҳнинг ўша фармони олийси кучга кирганидан кўп ўтмаёқ подшоҳ тўғри иш тутганини англабди. Негаки очилган бу янги мактабларда биринчи бўлиб кеч бўлса-да «чиқмаган жондан умид» деганларидек, унинг келини ва қизлари, келинидан нолиган қайноналарнинг келинлари ўқишган экан-да.

Ўша фармоннинг бир бандида ўғлига келин қидириб совчилик қилиб юрган аёллар кирган ҳовлиларининг орасталигига, ошхона-ўчоқ бошининг йиғинчоқлигига, ҳатто ҳожатхонанинг тозалигига эътибор берсинлар, иложи борича ўзлари танлаган қизни у ёки бу ишини, хизматини кўриб, синасинлар дейилган экан.

Шу-шу қизлик уй бир қарашда ажралиб турадиган саришта, келинлик уйлар эса фаришталик бўлган экан, болам!

ШУ ОДДИЙ ҚОЗОН-ТОВОҚ

Бугун сиз билан шу оддий қозон-товоқ ҳақида суҳбат қилмоқчиман-у, кўз ўнгимдан онам раҳматли ҳеч кетмаяптилар. Илоҳим, гўрлари тўла нур бўлсин!

Бу биринчи марта шундай бўлиши эмас. Сиз билан бирон мавзуда сўзлашмоқчи бўлсам, эсимга болалигим, келинлигим тушаверади. Ўша пайтларда юрагимни гоҳо қийноққа солган, гоҳо вужудимни қуёш қучгандек енгил қилган сабаблар – хотиралар билан ўртоқлашиб тураман. Қолаверса, «келин бўлган билар келин аҳволини», деган гап ҳам бор.

Менинг келинлик давримда авайлаб, шу даврнинг ўзига яраша шабадаларига олдирмай олиб ўтишган бувим, ойим, қайнона ойимларнинг менга, опаларимга, дугоналаримга қилишган насиҳатларини, ҳаётий сабоқларини сизга етказгим келади, ажаб эмас хотирангизда қолса.

Энди билсам, уларнинг ҳар сўзи, ҳар бир ҳаракатида катта маъно, катта сабоқ бор экан. Турмушнинг баъзан оғир кечадиган сўқмоқларидан бизни авайлаб, беозор ўтказмоқчи бўлганларини энди, сочим оқарганда, қайнона бўлиб бошимга келин тарбиялаш масъулияти тушганида яхши билаяпман. Сиз ҳам билиб оласиз, келин болам. Негаки сиз биз билан ўзингиздан кейинги авлод ўртасидаги боғловчи бўғин, ҲАЁТ деб аталмиш катта ва мураккаб баҳру байтнинг боғловчи қофиясисиз.

Дарвоқе, сиз билан ўчоқ боши, қозон-товоқ ҳақида сўзлашмоқчи эдик-а? Шу ерда онагинам – Букаримани эслаганимнинг боиси бор. У киши жуда пазанда, нозиктаъб, фаросатли аёл эдилар. Тошкентдек шаҳри азимда яшасак ҳам, биз яшайдиган маҳаллага газ, электр чироғи анча кеч келганди. Опаларим узатилаётганларида газ нималигини билишмасди.

Эшикдан келган совчилар тўғри ошхонага, ўчоқ бошига ўтганларини неча бор кўрганман. Қизлик уйга баҳо беришда, қиз монанднинг саришталигини аниқлашда шу оддий ошхоначалик аниқ мезон бўлмаслигини биз қизларга жуда барвақт тушунтиришган эди. Болалигимда буни англаб етмай, баъзида совчилар опаларим ошхонада бўлишса керак деб ўйлашаётгандир, дердим. Ахир улар кўпинча совчилардан ўша ерга беркиниб олишарди-да. Ошхонани кўрган совчилар ичида бизникидан оёғини узганлар бўлмасди. Ҳовли ҳамиша супурилган, ўчоқ боши эса бу ерда ҳеч қачон ўтин ёки хас-хазон ёқилмагандек чиннидай бўларди.

Болалигимда бўйим аранг оғзига етадиган катта тандиримиз тагидаги ўтин тахлаб қўйиладиган мўъжаз айвончада ҳамиша кичкина челакда лойли сув ва унинг ичида коптокдек латта турарди. Эсимда, ойим овқатни сузиб олишлари билан опаларимдан бири қозонга бир чўмич сув солиб ювиб, ювиндисини кўпинча сигир-бузоқларнинг терт қорадиган тоғорасига тўкишарди. Қозон сочиқни яхшилаб сиқиб, қозонни тозалаб артиб, қуритиб олишарди. Опаларимнинг бири қозон-товоқни юваётганида, иккинчиси тандир тагидаги ўша лойли челакни олиб, ўчоқ оғзининг оловдан қора бўлган жойларини латтани суюқ лойга ботириб-ботириб суваб қўярди. Опаларимдан кейин бу ишни ўзим ҳам кўп бажарганимданми, қизиган ўчоқ оғзига сурилган сомон сувоқ ҳиди ҳали ҳам димоғимда…

Буларни эслаганимнинг ўзидагина елкамга фаришта қўнгандек, дилим покизалик, саришталикдан яйраб кетади. Ўчоқ ва тандир оғзи қорайиб, ошхонанинг лойли деворлари қурум босиб ётганини ҳеч маҳал кўрмаганман. Ҳолбуки, ўчоғимизга ҳар куни икки мартадан ўтин қаланар, кунора тандиримизда нон ёпиларди.

Баъзида ошхонага нисбатан озодаликни қаттиқроқ талаб қилганим, сизга уни-буни эслатиб турганимнинг боиси шундан. Сиз-у менга шу оддий ошхонамизга қараб баҳо беришади, келин болам!

Аввало ўзимизнинг кўнглимиз ёришиб туриши учун, қолаверса, ошхонамизга биров бош суқиб қолса, боши айланиб кетмасин, бизга ёмон баҳо бермасин учун, келинг, ошхонамизни ҳамиша ораста тутайлик.

Ойим раҳматли доим «Биринчи навбатда оёқ остини очиб, саранжомлаб олиш керак», дердилар. Сиз ҳам шундан бошланг. Кўпинча ошхоналар тор, жиҳозлар эса кўп бўлади. Ошхонадан ҳеч бир нарсани бу керак эмас, деб олиб чиқиб ташлаб бўлмайди. Чунки бугун бўлмаса, эртага албатта керак бўлади. Варақи кесадигандан тортиб, гўшт чопадиган ойболтагача, чой қошиқдан тортиб, нисбатан кам ишлатиладиган човлигача ҳаммаси керак! Улар жой-жойида, тоза турмаса, аҳволингизга вой! Аввало керак нарсани керагида дарров топиб олишдан ожиз бўлиб қоласиз. Иккинчидан, тозалаб-саришталаб жойига қўймаган бўлсангиз, камарининг четига капгирни осиб олиб, кейин уни қидириб чирпирак бўлган, жиғибийронлигидан ёғи ёниб кетган эркаклар кўйига тушасиз. Эркакларку, ойда-йилда бир овқат қилишгани учун уларга бундай ҳол кечирарлидир, аммо биз учун кечиримли эмас.

Газ плитаси, идиш-товоқ турадиган жавон, шкаф, масаллиқларни тўғраб, тайёрлаб оладиган столингиз орасида юришингизга, чаққон ҳаракат қилишингизга халақит берадиган нарсаларни четга суринг.

Рўзғорда катта-кичиклигига, тайёрланадиган таомга қараб ишлатиладиган 3-4 хил қозон бўлади. Меҳмон келишини, дам олиш кунлари тайёрланадиган тансиқ таомларни назарда тутмаса, аксарият уларнинг биттаси ишлатилади. Қолганини ювиб-тозалаб, керак пайтида олишга қулай қилиб, тахта жовоннинг тагроғига ёки ҳужрачага қўйинг. Зинҳор уч-тўрт қозонни уст-устига қилиб, коса тахлагандай тахлаб қўйманг. Ҳар бирининг ичини тозалаб ювиб, қуритиб, ўз қопқоғини ёпиб қўйинг.

Меҳмон келганида тутиладиган коса, лаган, пиёлалар кундаликда тутиладиганлари билан аралашмагани маъқул. Биринчидан, сони кўпайиб ҳаракатингизга халақит беради, иккинчидан, чувалашиб, ҳуда-беҳудага сув тагига боравериб, оҳори кетади, чети учади, синади.

Кунда тутиладиган ҳамма асбобларингизни ҳар ишлатганингиздан кейин ювганингиздан ташқари ҳафтада, узоғи билан ўн кунда бир порошоклаб яхшилаб ювиб туринг. Косаларингизнинг таги чирк бўлса, сирли тоғора-товоқ-кастрюлларнинг чети қорайиб ётса, ҳаммамизнинг кўнглимиз хиралашади. Лаган, тақсимча, ликобчаларингизни энг тагига каттасини қўйиб кичигига қараб тахланг. Шундай қилсангиз керагини тез топиб оласиз, ҳам синди-синдидан асрайсиз. Коса-пиёлалар ҳам шундай тахланади. Шуларни ҳам билмас эканманми, бунча ойим менга насиҳат қилаверадилар деманг. Косанинг ичига пиёла қўйиб яна устига коса тахлаб кетаверадиганлар, коса-қошиқ-пиёла– қошиқ-коса қилиб тахлайдиганлар ҳам кўп. Лаган-тарелка-тоғорача-ликобча шаклида дасталайдиганлар ҳам бор. Сиз бундай қилманг, келин болам!

Ҳозир энди узоқ ўтмиш бўлиб кўринади, аслида яқинда ҳам хонадонларда самовар қўйиларди, келинлар оқланган, рухланган самоварларини олиб чиқиб, уч кунда бир водопровод тагида ёки ариқда оқиб турган сувда ювишарди. Сизнинг чой чойгумингиз ҳам ўша келинларнинг самоваридек ярақлаб турсин. Орқа-ўнги қорайиб ётган чойгумдан дамланган олий навли ҳинд чойи ҳам томоқни қириб ўтади, жон болам!

Овқатга масаллиқ тайёрлашда уларнинг ҳар бирини алоҳида идишларга солсангиз, биринчидан меъёридан адашмайсиз, иккинчидан қозонга солишда қийналмайсиз, куйдирмасдан қовуриб оласиз. Сув солгандан сўнг қозонингиз қайнаб чиққунича, масаллиқлардан бўшаган идишларни тезда ювиб олинг, ҳали қозон-товоқ билан юваман, деб орқага сурманг. Ҳам вақтдан ютасиз, ҳам керак бўлса, олиб ишлатаверасиз, сонини кўпайтириб, ўзингизга иш орттирмайсиз.

Ҳозир кўп хонадонларда ошхонага иссиқ сув олиб кирилган. Шунинг учун овқат сузиб олингани заҳоти қозонни ювиб қўйиш канда бўлмасин, келин болам! Овқатингиз кўпроқ бўлган, уни эрталаб иситиб, ишга кетаётганларга едириш ниятингиз бўлса, сирли идишларингизнинг бирига кўтариб олинг, совигач, холодильникка қўясиз. Лекин зинҳор қозонда қолиб кетмасин. Бизга бувиларимиз «Қозон ювиқсиз қолса, шайтон ялаб кетади», деб уқтиришарди. Шайтон ялагани – бугунги ишни эртага қўйиб вақтдан, таом сифатидан ютқазилгани бўлса керак. Қолаверса, қозонларнинг қусадиган бўлиб қолишига, орқа-ўнги икки энлик қатирмоч бўлишига асосий сабаб – қозоннинг вақтида ювилмаганидир.

Овқатга фотиҳа ўқилгач, коса-лаганларни ҳам тозалаб ювиб, дастурхонни йиғиб олинг. Дастурхондаги увоқларни оёқ босадиган жойдан четроққа қоқинг, келин болам! Паррандадаррандалар еб кетади. Дастурхонингиз кечаю кундуз бирдек ёзиғлиқ турмасин! Қоқиб, текис қилиб тахлаб қўйинг.

Икки-уч кунда дастурхонни, кунда кечқурун ошхона сочиқларини ювиш ёдингиздан чиқмасин. Бундан ҳамиша оҳорли дастурхон ёзаётгандек дилингиз равшан тортади. Ўзингизгаям, меҳмонгаям тоза дастурхон ёзганга нима етсин!

Кечки овқатдан сўнг, ошхонада бажарадиган яна бир ишингиз, газ устини артиб олиш, иссиқ-совуқ сув оқиб турадиган мослама – раковинани тозалаб ювиш, энг муҳими – ошхона полини бир сидра артиб олишдир. Бу ишларни ҳар куни қилиш керак. Агар шундай қилмасангиз, иккинчи куниёқ газ плитангиз усти, сув тагидаги мосламалар кирланиб, таъбингизни хира қиладиган, полда юрганингизда эса шиппагингиз чип-чип ёпишиб ғашингизга тегадиган бўлади. Ишқилиб ғашингиз келсинда, келин болам!

Ҳозир ошхона ишларини бир сидра айтиб ўтаётганим учун «вой-бў!» деб ваҳимага тушаётган бўлсангиз ажаб эмас. Аслида, ўз вақтида ва соз бажарилса, бу ишларнинг ҳаммасига алоҳида ва кўп вақт талаб қилинмайди. Овқат пишираётгандаёқ буларни навбати билан билиб-билиб қилиб оласиз. Озгина зеҳн, озгина хоҳиш бўлса бас, келин болам! Қолаверса, шукр қилинг, ёлғиз эмассиз, бинойи каттакон оиламиз! Яхши гап билан қайнингиз-у қайинсинглингизни ишга соласиз, мен ҳам қараб турмайман. Фақат сизга ташлаб қўймаймиз. Аммо баҳо сизга-ю менга берилади!

Ошхонани йиғинчоқ, саришта қилмай туриб, уйларни саранжом қилиб бўлмайди. Бунга эътибор беришингизни ҳам илтимос, ҳам талаб қиламан! Чунки оиладаги келишмовчиликларнинг кўпи шунга ўхшаш арзимаган икир-чикирлардан чиқишини унутманг, бунга йўл қўйманг, келин болажоним!

АРМОН
(Акс садо)

Ҳар бир ижодкор ҳаётида ўқувчи ва тингловчиларидан кўплаб мактублар олади. Уларни олиш менга ҳам насиб этган. Улар ҳар хил бўларди. Оқ қоғоз баъзида оқ ҳарир парда вазифасини ўтаганини, унинг ортида турган аёл менга, баъзида ўзига-ўзи ҳам айтиши қийин бўлган сирини айтаётгандек туюларди. Айрим пайтлар кафтимдаги бир варақ енгил қоғоз эмас, лаққа чўғдек вужудим ёнаётганини сезардим. Кафтимдаги – инсон юраги! У – инсон дарди! У киши вужудини гоҳ темирчининг босқонидаги ўтга солади, гоҳ сувга. Ўқийман, қувонаман, куйинаман, куламан, аммо ҳар гал хулосам бир хил бўлади: О инсон, о ҳаёт, мунча мураккаб бўлмасанг! Чигал муносабатлар тугунининг ечими қайда? Яна амин бўламанки, гарчи бу хатлар ортида биргина инсон ва унинг тақдири турган бўлса-да, у асло «шахсий» хатлар тоифасидан эмас. Унга қўшилиб мен ҳам куюняпман, мен ҳам куляпман, мен ҳам ўйлаяпман, демак у бир шахс дарди эмас, инсоният дарди. Кўпинча ана шундай хулосага келардим: менинг бу хатларни ўз ижод сандиғимда бисот қилиб сақлаб туришга асло ҳаққим йўқ! Шунинг учун ҳам уларнинг кўпи номини ўзгартирилган ҳолда ёки кимлигини аниқ айтилмаган ҳолда, албатта, кўпчиликнинг муҳокамасига ҳавола қилинарди.

Радиода «Қайнона сабоқлари» эшиттиришини бошлаганда ҳам, гарчи унинг мавзуи азалий, ҳеч қачон эскирмайдиган бўлса ҳам, суҳбатлар жараёнида мактублар кўп келишини, фикр-мулоҳазалар турфа бўлишини кутгандик. Ҳатто вақтивақти билан эфирни бус-бутун шу мактубларга, фикр-мулоҳазаларга беришни ҳам кўнгилга тугиб қўйган эдик.

Келадиган мактублар, яширин ва ошкор билдириладиган мулоҳазалар асосан оналар, келинлар, ёш қизлардан бўлишини ҳам тахмин килардик. Дарҳақиқат, шундай бўлаяпти ҳам. Айрим хатларни ўқиганингда томирингга босиқлик, донишмандлик оқиб киргандек, ўзингни бир неча ёшга улғайгандек ҳис қиласан, бесаранжом кўнгил ҳаловат топади, тилингга шукр келади… Ёpyғ дунёда юрганингга шукр, бировга кулиб боққанингга шукр, ризқинг кўпдан кам эмаслигига шукр, меҳнатинг кўпга кераклигига шукр, ота-онанг, жигарларинг борига шукр, олдингда ва ортингда «Она!» дегувчи зурриётларинг борлигига шукр, насибанг бутлигига шукр…

Воажаб! Инсон инсон бўлибдики, азал абад шу ибтидоий нарсаларнинг борига севинади, шукр қилади. Зеро, инсонни бошқа мавжудотлардан фарқлабгина қолмай, камолатга етаклаган ҳам шу шукрлар бўлса ажаб эмас. Киши қалбига илоҳий бир ҳаловат ва шукроналик олиб кирувчи мактублар бор бўлсин! Кўпайсин улар!

Аммо мактублар ичида шундайлари ҳам борки, уларни ўқиганингда столдаги қоғозлар кўз ёшларга ғарқ бўлгандек туйилади. Аксарият бундай мактубларда манзил ва исм тўлиқ кўрсатилмайди, кўрсатилганда ҳам ошкор этмаслик ўтиниб сўралади. Келинлар қайноналарини золимликда айблашади, қайноналар келинларидан «Мени оёқости қилаяпти», деб шикоят қилишади. Эрларга қарши исён кўтариб ёзилган мактублар ҳам оз эмас. Мактубларда ўзаро келишиш, «юлдузга юлдузни мослаш», муросаи-мадорага юз тутиш камдан-кам.

«Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир».

Эсингизда бўлса, Лев Толстой ўзининг «Анна Каренина» романини айнан шу чуқур маъноли сўзлар билан бошлаган эди. Бугунги кунда ўз мактубларида «Мен бахтсизман!» деб дод солаётганларнинг кўпчилик қисми – бахтсизлигига сабаб қилиб вақтида олиб берилмаган кўйлак, ҳеч қачон бут бўлмаган рўзғор кемтигини кўрсатишаётгани билан бир-бирига ўхшаш. Уларни ўқиган, эшитган киши, айниқса ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрганлар «Қаттиқчиликни, катта ғам-кулфатни кўрмаган, уруш қурбонларини билмаган авлод-да, шунинг учун ҳам майда ташвишлар катта бўлиб кўринаяпти», дейиши табиий.

Табиат биз аёлларни фидойи қалбли қилиб яратган. Лозим бўлса биз бола, оила, турмуш деб ўз шахсимизга тегишли кўп нарсани қурбон берамиз. Очиғини айтиш керакки, бизнинг бу фазилатимиз дунё тургандан бери кимларни лол қолдирмади… Лекин эътибор беринг: бу қурбонлигимиз ортида катта бир нарса ётибди-ку! Масалан, боламиз катта бўлишини кўзлаб, биримиз илмий ишимиздан воз кечамиз, биримиз оила фароғатини сақлаб қолиш учун обрўли мансабни қурбон берамиз. Тул бўла туриб, яхши одамлар оғиз солганда фарзандларининг юзидан ўтолмай, бошқа турмуш қурмаган аёллар қанча…

Хуллас, ҳар мактубда инсон тақдири. Уларга бефарқ қараш гуноҳи азим.

Навбатдаги суҳбатимизга асос бўлган мактуб ўзгача. Айни пайтда, гарчи уни йигит киши ёзган бўлса-да, мавзуимиздан четдаги гап деб ҳам айта олмайман. Аксинча, оилани асраб қолиш, келинга ўрнак бўлиш, ўғилни гуноҳ ишлардан қайтаришда мактубда таърифланган аёл ҳар жиҳатдан аъло намуна! Шунинг учун бу мактубни сизга тўла ҳавола этмоқчиман. Қиссадан ҳиссани ўзингиз чиқариб оларсиз…

* * *

«Оналар, қайноналар ҳақида эшиттириш бераяпсизлар. Қўлим рулда, кўзим йўлда, қулоғим радиода, кўпинча бу эшиттиришни диққат билан эшитаман.

Она ва оила. Она ва ҳаёт. Она ва умр. Она ва зурриёт. Она ва тақдир… Назаримда, булар бир-биридан ажратиб бўлмайдиган тушунчалар. Оналар бунча бир-бирига ўхшамаса! Ҳар гал эшиттиришдан кейин беихтиёр шу менинг онам эди, дейман. Дейишга дейман-у, армон дилимни чок-чок тилишлаб ташлаётганга ўхшайди. Аламимга зўрға чидайман. Мени иймонли-инсофли қилгунча, оиламни асраб қолгунча онаизорим қурбон бўлиб кетдилар…

Оилада иккинчи фарзанд эдим. Ҳамма оилада бўлганидек, биз билан кўпроқ ойим шуғулланардилар. Опамга, менга, укамга кўпчилик ҳавас қиларди. Мактабни ҳаммамиз аълога битирдик. Опамни турмушга узатган йилимиз армияга кетдим. Ойимни нечоғли яхши кўришимни, оиламиз нақадар бахтли оила эканлигини ўшанда билдим. Уч кунда бир ойимдан хат олардим. Бошқалардан ҳам хат ҳафтада канда бўлмасди. Узоқда бўлсам ҳам мен оиламиз билан яшардим. Хизматим унча оғир кечмасди. Иккинчи йили бизни Россиянинг катта шаҳарларидан бирига кўчиришди. Шаҳарга рухсат берилган кунларнинг бирида метрода ойимдан келган хатни ўқиб кетаётганимда қулоғимга бехосдан русча:

– Йўқ, бу бўлмайди, бу онасининг эркаси, бундан нимани ҳам олардинг? – деган гапни эшитиб қолдим. – Кўрмайсанми, қўлидаги хати бошқа тилда бўлса ҳам, аёл киши ёзганлиги дастхатидан билиниб турибди. Аммо характери жуда яхши, оғир-босиқ аёл бўлса керак. Мен дастхатга қараб кишининг характерини била оламан…

Ўрнимдан туриб қизларга жой бердим. Улар анча катта ёшдаги аёллар эди аслида, лекин жуда башанг кийинишганидан ҳеч ким уларни ўттиз беш – қирқ атрофидаги аёллар деб атамасди.

– Солдат, бизни уйга кузатиб қўясанми, кеч бўлиб қолди? – деб тегажоғлик қилди биттаси.

– Йўқ, у олдин бориб онасидан рухсат сўраши керак, кўрмаяпсанми, ҳали она сути оғзидан кетмабди-ку! – деди бошқаси.

Хуллас, метронинг охирги бекатида тушдик. Мен қисмга йўл олганимда улар ҳам шу томон юришди. Айтишларича, қисмимиздан бир кўча наридаги баланд қаватли уйда туришар экан. Танишдик.

Кейинги якшанбада уларнинг иккитаси – Ляля билан Света келиб, мени чақиртиришди. Дарвоза олдида бироз гаплашиб турдик. Кейин Лялянинг бир ўзи келадиган бўлди. У мендан ўн уч ёш катта эди. Аммо қилиқлари, гаплари асло ўн беш яшар қизи бор аёлникига ўхшамасди. Рухсат берилган кунлар шаҳарга, кундузги театр томошаларига, киноларга тушардик. Кўп ўқигани, кўп билгани сезилиб турарди. Баъзи суҳбатларда мен кўпроқ жим турардим, маданиятли ва билимдонлигига лол қолардим. Хаёлимда нега ўзбек қизларимиз шундай эмас, деб ўйлардим. Нега улар билан эркин гаплаша олмаймиз, дунёқараши нега бунча тор уларнинг, дердим.

«Дўстмиз», – дерди Ляля. «Дўстлигимиз» армиядан кейин ҳам давом этди. Тошкентга қайтиб келгач, уни меҳмонга чақирдим. Ўқишим битадиган йили у меҳмонга келди. Кўп ўтмай, қизи билан бутунлай кўчиб келди. Мусофир деб бориб турдим. Кези келганда, ойим билан таништирдим. Ўшандан бошлаб мен ойимни танимай қолдим. Мен билмаган ниманидир у киши англагандек, кўзларида ташвиш пайдо бўлди. Қайга бориб, қайдан келганимни тергайдиган бўлдилар. Отам ҳам шундай қила бошладилар. Менга бу оғир ботарди. Чунки Ляля:

– Нима, сен кичкина боламисан, армия кўрган йигит бўлсанг. Ўзи оналарнинг психологияси шунақа бўлади. Ҳали кўрасан, уйланганингдан кейин хотининг билан онанг ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Оналар ўғилларини ўзлари яхши кўриб уйлантирган келинларига ҳам рашк қиладилар, – дерди. – Қўрқма, уйланишингга қаршилик қилмайман, биз дўстмиз холос, ушлаб қолмайман сени.

Ойим дадам билан суриштириб, Лялянинг қизи кимдан эканини ўзи ҳам билмаслигини, у енгилоёқ аёл эканини, вақтида ўзимни қўлга олмасам, охири вой бўлишини айтишди. «Биз дўстмиз, менинг дўстларимни ёмон кўришларингизга йўл қўймайман», дедим. Бу бизнинг – уч киши ўртасидаги энг жиддий гапимиз бўлди. Эртасига келсам, ойимни касалхонага олиб кетишибди. Югуриб бордим. Кўзларида ёш ғилтиллаб, деворга қараб олдилар.

– Бувинг раҳматли «Бировга айтадиган гапинг оғир бўлса, уни айтишга шошилма, бир айланиб кел. Агар айтилиши шарт бўлса, шундан кейин ҳам айтаверасан. Айтилиши шарт бўлмаса, ўша айланганингдаёқ тилингдан ҳам, дилингдан ҳам кўтарилади. Орада бировнинг қалбини оғритишдан қутиласан», деб насиҳат қилардилар. Сенга оғир гапни мен, онанг айтаман, болам! Қадамингни билиб бос! Оқ қандга ҳам бир гард тегса, уни ташлаб юборилади. Инсонга бир доғ тушса, ундан фориғ бўлиш қийин. Жон болам, сен муҳаббат деб қабул қилаётган нарса – сени домига тортаётган тузоқ, ўзинг англаб етмаган бўлсанг, менга, отангга ишон! У ифлос аёл, вақтида тузоғидан чиқ, иродангни қўлга ол…

Ойимнинг кўзлари жиққа ёш эди. Ҳали ҳам кўз олдимда турибди бу кўзлар. Палатада ҳеч ким йўқ эди. Энгашиб бу ёшларни артгим келди. Энгашдим ҳам. Аммо қўлим бу ишни қилмади, тилим бошқа гапни айтди:

– Ҳамма аёллар ҳам бир гўр эканда. Сал нарсага ўламан деб қўрқитади, сал нарсага йиғлайди, сал нарсага пашшадан фил ясайди…

Ойимнинг кўзлари ҳайратда қотди. «Сенми – шу!» дерди улар унсиз ҳайқириб.

– Агар сенга бу гапни шайтонлар ўргатган бўлса, ёлғиз умидим Худодан. Парвардигор сени шайтон йўлидан олиб Раҳмон, иймон йўлига солсин! Сен – мен севган, мен ишонган, мен жонимни ҳам қурбон қилишга лойиқ ва тайёр бўлган ўғлимки, менинг ҳар ҳаракатимни бошқа нопок одам кўзи, қараши билан баҳолаяпсанми, шунинг ўзи ёшлигингдан, ғўрлигингдан нишона. Кўзингни оч, ўғлим! Инсоннинг билагидан, вужудидан, борлиғидан куч-қудрат булоқ бўлиб оқадиган давр билсанг, жуда қисқа даврдир. Шунинг учун кучни ҳам, билимни ҳам, вақтни ҳам қадрига етиб билиб-билиб ишлатилмаса, умрини узайтирилмаса, ўзидан пок ном, пок зурриёт қолдирмаса, кишининг умри сувга оқизилгани билан тенг бўлади. Бу – минг йиллардан бери исботланиши асло шарт бўлмаган ҳақиқат-ку, ўғлим…

Менга бу гаплар кор қилмади. Кунда бўлмаса ҳам, кунора Ляляникига бориб турардим. Келганимда сезардим, ойимнинг ҳамиша қувноқ кўзларига мунг чўкарди. Менинг кўнглимда раҳм уйғотиш учун шундай қиляптилар, гуноҳ иш қилаётганим йўқ, менга оғирлиги тушмаса, кейин йўлимга тўғаноқ бўлмаганидан кейин уларга нима, йигитликда ўйнаб қолганим қолади, дердим. Ҳар гал гап очилса, «Биз дўстмиз холос», деб Лялянинг гапини қайтарардим. «Сизлар бир умр меҳнат билан ўтдинглар, нима кўрдинглар, шунинг учун ҳам мени тушунмаяпсизлар», деб жаҳлим чиқарди.

Кунларнинг бирида келишилган вақтдан олдинроқ бордим Ляляникига. Бегона эркак бор экан. Дўстим деб таништирди. Шунда ҳам ойимнинг бир гал йиғлаб туриб: «Ўйнаш дўст бўла олмайди, болам», деган гапларининг маъносига тушуниб етмабман. Кейин бошқа, яна бошқаларни учратдим. Шунда ҳам унинг: «Менинг ҳақиқий дўстим сенсан», – деганига учиб юравердим.

Ляля менинг бошқа қизга уйланишимга қаршилик қилмайман, дерди. Бироқ тўйимиз куни эрта билан телефон бўлди. Унинг қизи Ира «Онам дори ичиб ўлаяпти, касалхонага олиб кетишди», деб айтди. Ишондим. Куёвлик либосимни ечиб, югуришимга оз қолди. Онам бехабар эдилар-у, дадам ушлаб қолдилар.

– Аҳмоқ, лақма! – тўй куни эшитган гапим шу бўлди. Ҳа, бу ҳаммаси ҳақиқий фоҳишаларнинг найранги экан-у, мен билмас эканман.

Тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, оилам барбод бўладиган, қайнонам келиб қизини олиб кетадиган бўлди.

– Саҳнадаги аёллар қаторига яна бири қўшилди, – дедим мен киноя билан қайнонам кириб келганида.

Ойим келинга рухсат бермадилар. Қайнонамга ҳам нималар деб ишонтирдилар, билмадим. Менга барибир эди. Ҳаммаси Ляля айтгандек бўлаётганди. Унинг ақлига, узоқни кўра билишига қойил эдим.

– Ўзбеклар анча эски анъаналарни маҳкам ушлаган халқ, уларнинг сендек замонавий йигитни тушуниши қийин, сенга армиянинг, замоннинг таъсири катта, сен талант, сен илғорсан, сенинг бутун вужудингдан интеллегентлик ёғилиб туради, театрсиз, киносиз туролмайсан… – дерди.

Кўп гаплар, кўп ишлар бўлиб ўтди. Ойимнинг кучлари қандай эдики, эрининг кўнгилсизлигини ошкор билган хотинни олиб қола олдилар? Нима дедиларкин унга? Балки қариндошуруғидан номус қилиб қайтиб кетмагандир хотиним? Ҳозир бу тўғрисида кўп ўйлаяпман. Ўйлаганим сари бошим хотиним олдида тобора эгилиб бораётгандек туйилади. У эса сездирмайди. Тез-тез ойим бошига бориб тиловат қилиб, йиғлаб-йиғлаб келади-ю, сездирмайди. Оҳ, буни кўришнинг азоби нақадар қийноқли!

Ойим қазо қилмасларидан бир кун олдин ўғлим бир ёшга тўлибди. Меҳмонлар келишадиган экан. Ота бўлиб ўзинг кутгин, дедилар. Вақтим йўқлигини, кечқурун кеч келишимни айтдим. Ишхонадагилар Ляля билан алоқамни билиб, бўшагин, деб очиқ айтишди. Нуфузли идора эди. Ойлиги ҳам яхшигина эди. Йигитнинг хўрозига ҳамиша иш топилади дедимда, бир танишим орқали катта бир хўжайиннинг машинасини ҳайдайдиган бўлдим. Ойим бундан бехабар эдилар. Ўша куни хабар топдилар, ранглари оқарди-ю, ошхонага киришимни имо қилдилар. Эшикни беркитиб деганлари шу бўлди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации