Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 24 (всего у книги 34 страниц)
Менинг сенга айтар сўзим нақадар кўплигини билсанг эди, Аёвлигим! Ўн тўққиз йилдан бери гоҳ маъсум, гоҳ хандон сен билан сирлашиб келаман. Эрта-индин эшигимизда янграйдиган сурнай хониши иккимизнингда дилимизни бир пардада ҳаприқтиради… Айтмоқчи бўлганларимни-ю, айтишим керакларининг ҳаммасини айтдиммикин сенга? Ҳамма-ҳаммаси қулоғинг-у қалбингга жо бўлдимикин? Айтганларим қалб кўзингга тушадиган сирли калит бўлармикан-ки, бу ерда кўрган, эшитганларингни у epгa сеп қилиб олиб кетсанг?! «Сирдошинг ким эди?» дейишса, «Онам!» дейишинг-ку тайин, «Онам менга жон ато қилдигина эмас, қалбимга аждодларим руҳини, момоларим меҳрини ҳам солди!», дея олармикансан?
Эртага сени «бировнинг хасми» деб эмас, мен ўзим, ўзлигимнинг қайтариғи, иккинчи «ман»им деб, ушалмаган орзуларим ушатгувчиси, боролмаган манзилларим кўргувчиси, қилолмаган ишларимнинг ижрочиси, бир сўз билан айтганда «оқ тонгларимнинг ойдини», деб узатаман. Ғуруримнинг баландлиги, ифтихоримнинг кучлилиги, руҳимнинг юксаклиги шундан.
Қизини узатаётганда оналар йиғлашади дейишади. Мен эса дейман ҳойнаҳой:
Ўзимми ё ўзлигимми,
Кетар мендан сар-сари,
Кўзимдаги ёш эмасдир,
Қалбимнинг дур, гавҳари!
Юрган пойинг гулзор бўлсин,
Чаман бўлсин илоҳим!
Аёвлигим, бир умрга
Суянч бўлсин Иброҳим!
Йўқ, Аёвлигим, мен асло йиғламайман, негаки «у ерда» сен борган кундан бошлаб мендан-да ёшроқ, менданда чиройлироқ, менданда латофатлироқ, менданда ғамзаси кучлироқ, менданда меҳрлироқ, менданда… яна бир «мен» илдиз олиб, туб ёзиб, палак отади, иншааллоҳ!
Не бахтки, унинг меваси ҳам мен ўн тўққиз йил аввал ўзимдан яхшироқ ўзимни дунёга келтирганим каби, сенинг ўзингданда яхшироқ бўлажак!
Билсанг эди, сенга айтар сўзим қанчалик кўп! Биз ҳали жуда кўп гаплашамиз. Кўп сирлашамиз. Аммо бугун сенга айтар сўзимнинг аввали-ю охири:
– Борлиғим сенга сеп бўлсин, бир умрлик, вафоли сеп бўлсин! Шу уйдан барча яхши нарсаларни, мендаги бор фазилатларни ол! Илтижойим: хатоларим, адашганларимни қўй! Қўлингдан келса, уларни тузат, бироқ зинҳор такрорлама! Кўнглим синган, дилим ўқ еган дақиқаларни такрорлама! Негаки сен – менсан, буни унутма! Яна бир илтижойим, сен мендан кейинги ҳалқа бўлганингдек, менинг кечмишларимни ўзингдан кейинги бокира ҳалқага янада тозароқ етказ!
– Эшиттиришимизда иштирок этганингиз учун «Ёшлик» номидан раҳмат!
– Таклиф қилганингиз учун сизларга ҳам раҳмат. Касбикорингизга барака берсин.
ОИЛАМ МЕНИНГ – ҚАЛЪАМ МЕНИНГ
Сиз ҳам бу суратга узоқ тикилиб қолдингиз, келин болам! Тўйингиздан сўнг бутун оиламиз йиғилиб, бағри бутунликда тушилган сурат. Мен ҳам унга тез-тез тикилиб, хаёл суриб қоламан. Баъзан уни ярим аср олдин олинган бошқа бир сурат билан таққослайман. У вақтлар мен сиз каби янги келинчак эдим. Тўрда қайнота-қайнонамлар. Оллоҳ раҳмат қилсин, жуда яхши одамлар эди. Мана шунча вақт ўтиб кетибди…
Ҳа, умрни оқар дарё, деганлари рост экан, келин болам.
Ушбу сурат – унинг бир сония тинган лаҳзаси. Бу – маним тиллоларга алишмасим, дурру гавҳарларга бермасим, умрим мазмуни, кўнглимнинг муттасил сув ичар покиза чашмаси – оилам! Яъни – қалъам!
Сурат оиламнинг ишдан, юмушдан, ўқишдан, эзгулик кетидан қувишдан бир сония тинган лаҳзаси! Тинган ҳолдаки у вужудимнинг ҳар парчасида шукрлардан беадад байтлар яратади, жўшқин дарёлигида кечаю кундуз ҳамду сано –Ўзига!
Шукрларнинг аввали бир пок оилада мени яратганига, яна бир пок оилада яралганга жуфт қилиб боғлаганигадир!
Шукрларнинг энг улуғи бедов туйғуларим тизгинланиб, гўдак узра сокин, маъсум ва маҳзун эгилтиргани, қалбимни таърифларга сиғмас хокисорлигу буюклик ила тўлдиргани учундир! Алла айтсам, овозимга қайтариқ вужудимгина эмас, кўкда ой ҳам тингани учундир. Гўдакларимнинг тетапояси билан одимимнинг шаҳдамлашиб боргани учундир!
Оиланинг файзли гўшага, муқаддас даргоҳга айланмоғи учун аёлларга ўздан кечмоқлик, фидойилик буюрилганини вақтида англатгани учун ҳам Тангрига шукрлар бўлсин!
Аёлга яна оилани асраш, эркакни асраш, фарзандларни асраш каби кучли туйғу билан боғлиқ улкан жасорат мерос эканини билдиргани учун ҳам шукрлар бўлсин!
Бу туйғу аёлнинг ўтда ёнишига, сувда чўкишига йўл қўймаслигини, ҳар не оловлардан бошимизни худонинг ўзи омон олиб чиқишини ҳар биримиз умримизда неча бор синаймиз. Синовлардан ўтганимиз сари обрўйимиз, ҳурматимиз ўз оиламиздагина эмас, чор атрофда, жамиятда ҳам барқарорлашиб бораверади.
Мен мана шу сурат баҳона бағримда бир сония тиниб, Оламга-ю Одамга тиниқ нигоҳ ила қараб турганларнинг кимлигию, нима иш қилиши ҳақида гапирмоқчи эмасман. Баҳони эл берсин, келин болам! Зеро, иншааллоҳ, инсон экканини ўражаги сабоғини ҳаёт менга кўп кўрсатди.
Мен ҳаёт синовлари оша бу суратга тушолмаганлар ҳақида, бу давранинг ҳали яна анча кенгайиши борасидаги умидларим ҳақида ҳам гапирмоқчи эмасман. Зеро ўсиш, улғайиш, тараққий этиш ва тозариш Тангрининг бандага буюргани, иншааллоҳ!
Мен суратдагиларнинг ҳар бири менинг мен бўлиб шаклланишимда қўшган ҳиссаси, ҳар бирининг олдин мендан олиб, эндиликда мени офтобларга чўмилтираётган меҳри, муҳаббати, ўзига хос фазилатлари, эрка қилиқлари ҳақида соатлаб ва чарчамай гапиришим мумкин. Чунки…
Бу – менинг катта довонлардан ўтган, катта оқимларга қуйилган, эзгу тилаклари юзага олиб чиққан оилам!
Бу – менинг суюнчларимга қўш суюнч берган, ташвишларимда юпатган, эгилганимда суяган, АЁЛ аталмиш нозик отимга тош тегишига йўл қўймаган, ўқ тешмас зирҳли қалъам!
Қолаверса, оилам – менинг улуғ адабгоҳим. Довон орти довонлигини кўрсатган, сўқмоқ сўнгги равонлигини уқтирган, ирмоқ охир уммонлигига ишонтирган, инсон қалби ҳамиша ўт билан сув ўртасида тобланишини англатган, аёл жинси ҳаётдан беиз кетмаслигини далиллаган оилам!
Шукримнинг беададлиги шундан. «Ёмон кўздан, ёмон сўздан Ўзинг асра!» дея момоларим дуосини қайтаришим ҳам шундан келин болам!
Мана сиз ҳам қаторда бир чиройли бўлиб турибсиз. Илоҳо, мен бугун айтаётган шукрона туйғулар йиллар оша сизнинг ҳам қалбингизни тўлқинлантирсин:
Довон орти довон экан, минг шукр, кўрдим,
Сўқмоқ сўнгги равон экан, минг шукр, кўрдим,
Ирмоқ охир уммон экан, минг шукр, кўрдим,
Умрим – Жавҳар, Комрон экан, минг шукр, кўрдим,
Келинг, бир сирлашайлик…
Қизлар билан ўтказилган мактабдаги бир учрашувда фақат севги ҳақида етмиш олтита хат (савол) беришибди.
Мавзуни бу ёққа буришимизга, сирлашиб олишимизга, оқибат шу китобнинг ёзилишига қизларни қизиқтирган шу саволлар ҳам сабаб бўлгандир. Ахир бир учрашувда етмиш олти саволнинг ўндан бирига ҳам қизлар қалбини қондирадиган жавоб бериш қийин, албатта.
Қизларнинг, келинларнинг, ёш жувонлар, оналарнинг ўзаро сирлашишига ҳамиша мавзу топилади. Шунинг учун кўпчилик қиз-аёллар учун «Келинг, бир сирлашайлик!» ибораси энг севимли ибора бўлиб қолган. Сиз ҳам бундан мустасно эмассиз.
Энди бир фурсат суҳбатимизни нозикроқ мавзуларга буриб, бир сирлашиб оламиз. Ҳайрон бўлманг. Сезиб турибмиз, сўрайдиганингиз кўп. Одатда, иш ва ўқишдаги муаммоларни шароитга қараб ва холис ҳал этиб олаверасиз. Бунда сизга ҳамкасблар, дугоналарингиз, устозлар, буви ва онангиз, опангиз ёрдам беришади. Бироқ турмуш деганлари туганмас жумбоқларнинг ўзгинаси. Кўп саволлар сизни анчадан бери қийнаб келишини ҳам тушуняпмиз. Лекин улар билан врачга ёки бошқа мутахассисга мурожаат қилишдан уяласиз. Китоб эса сизга яқин сирдош бўлиб қолди.
Сирлашиш асло ғийбатлашиш дегани эмас.
Сирлашганда киши билмаганини ўрганади, камини тўлдиради, онгини ўстиради. Одатда, бир-бирларига самимий муносабатда бўлганлар сирлашганда, биридан кейин фикр қилади, иккинчисидан кейин шукр қилади. Бу дегани киши ўзини ўзи худди кўзгуга солгандек, суҳбатдошининг ёки воқеа қаҳрамонининг ўрнига қўйиб кўради, таққослайди. Озгина мулоҳаза қилса, ана шундай фикр қилиш, шукр қилишлардан сўнг ўзининг кўп хатоларини тузатади, камчилигини йўқотади.
Ғийбатлашганда-чи?
Бунда аксарият бировнинг камчиликлари «қозонга солиб қоврилади», киши ўзини шу қоврилаётганлар ўрнига қўйиб кўрмайди, яъни ўзимда шу масалалар қандай деб ўйлаб ўтирмайди, демак мақсад яхшилик томон бурилиш эмас, аксинча гуноҳга ботиш бўлиб қолади. Муқаддас китобларда қайтақайта ғийбатнинг кечириб бўлмас гуноҳлиги таъкидланади. Бунга эҳтиёт бўлмоқ керак.
Қиз-жувонларнинг сирлашиш мавзуси, айримларнинг билиб-билмай ғийбатлашиш объекти қилиб, асосан уларнинг энг яқин кишилари олинади. Булар: кўз остига олинган йигитлар, эрлар, кўпинча қайноналар, қайинэгачи ва қайинсингиллар, баъзида ҳатто ўз туққан оналари… Бу рўйхатни яна анча давом эттириш ҳам мумкиндир. Шу яқин кишилар билан бирга яшалади, турмушнинг пасти-баландига шулар билан чиқилади. Демак, муаммолар бўлади. Муаммони эса ақл билан ўйлаб, яқин киши билан сирлашиб ёки дуч келганга ҳасратини дастурхон қилиб, демак ғийбатлашиб ҳал этишга ҳаракат қилинади. Ҳар қалай жуда бегоналар ҳақида сирлашилмаслигига ишонч ҳосил қилгандирсиз.
Сирлашганда сирлашаётган тарафлардан ҳалоллик, покизалик, холислик талаб қилинади. Сир ўртада қолиб кетиши керак ҳам. Ғийбатлашаётган тарафларга эса бундай масъулият қўйилмайди. Шу сабаб ўртадаги гап, ҳатто энг нозик гаплар ҳам қўшнидан қўшнига қўшилиб, масофа билмай ошибтошиб кетаверади. Оқибатда, бундайларнинг ўша ғийбатлашган объект – эри, қайнонаси, қайинэгачи олдидаги иззат-ҳурмати йўқолади, «кўза синади», яъни турмуши мўрт бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам ўз бахтини қадрлайдиган оқила келинлар оилага тегишли муаммоларни шу оиланинг ўзида ҳал этадилар, оиланинг сири четга чиқишига зинҳор йўл бермайдилар.
Ана энди биз ҳам бироз сирлашиб оламиз, бироз мулоҳаза қиламиз-у, лекин гап шу ерда қолади-а?
СЕВГИ – БУ…
Балоғат ёшига яқинлашганингиздан бери «Севги нима?», «Муҳаббат нима?» саволлари дилингизда тобора турғун бўлиб бораверганди. Уни баъзан ё ўзингиз ё дугонангиз тилингизга чиқарган вақтлар ҳам бўлди. Мана, келин ҳам бўлдингиз. Бу саволлар энди сизни кўпроқ ўйлантиради. Аммо бу ибтидоий саволга жавоб топиш бунча мушкул-а?
Кузатасиз, ўқийсиз, ўйлайсиз, аммо кўнглингизни тўлдирадиган жавоб топа олмай хуноб бўласиз. Бу саволга ҳаммани бирдек қаноатлантирадиган жавобнинг ўзи йўқ-да! Шунинг учун бу суҳбатда ҳаётда кўрганимиз, ўқиган, кузатганларимизни бир мушоҳада этиб кўрайлик. Сиз ҳам жиддий ўйланг. Айримлар ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Баъзан ўзингизга ёққан ёки ёқмаган кишилар ўрнига ўзингизни қўйиб, бир яхшилаб мушоҳада қилиб олиш кишига, ишонинг, кейинчалик кўп хатоларнинг олдини олишига ёрдам беради.
«Ишқ инсоннинг ичини, жигарини ёқадиган пурҳикмат оташдир. У ақлни шошқин, қалбни жўшқин қилади. Инсонга катта қўрқувларни кичик қилиб кўрсатади… – деб таъриф берган эдилар бундан минг йил аввал шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари ва яна огоҳлантиргандилар: – Кўзни кўр, эшитиш туйғусини суст қилиб қўяди… У инсон бўғзини сиқади, нафасдан бошқа ҳеч нарса ундан ўтмай қолади, ўласи ҳолатга келиб қолади…»
Ҳинд донишманд файласуфининг фикри ҳам эътиборга лойиқ:
«Ақл майли ҳурматни туғдирса, қалб майли дўстликни, тана майли хоҳишни туғдиради. Ақл, қалб ва тана бир бўлиб, севги-муҳаббатни туғдиради».
Француз мутафаккири Вольтер: «Севги-муҳаббат – бу ҳам қалб, ҳам ақл ва танга бир вақтнинг ўзида ҳужум қиладиган энг кучли, завқли ҳис-туйғулардан биридир», дейди.
Бу гаплар сизнинг ёшингиздагиларга анча «жиддий» туюлади, тўғрими?
Чунки сизнинг ёшингиздаги қизларнинг аксарияти биринчи кўришданоқ севиб қолишга ишонади. Кўз ва қалб бир «ярқ!» этдими, тамом, ана шу севгидир, деб ўйлашади.
Аслида айнан севги ўзи ҳақида кўпроқ мулоҳаза қилишни, ақлни ишлатишни талаб қилади. Кўп, жуда кўп нарса бизнинг севги ҳақидаги тасаввуримизнинг қандайлигига, бу қарашларга нечоғли содиқлигимизга боғлиқ. Чунки…
Чунки икки қалб муҳаббатидан завқ олиш, бу муҳаббатни тобора аланга олдириб бахтибекам бўлиш ёки аксинча, бирбирини тушунмасликдан бахтсизликнинг қаро ғуссасига ботиш, айнан шу севги ҳақида қандай тасаввурга эгалигимизга боғлиқ.
Шундай қилиб, биз севгини қандай тушунамиз?
Бошимиздан кечирганимизга, кўнглимиздан ўтганига, дилимиз қонган ё, аксинча, қонмаганига қараб ҳаммамиз ҳам вақтики келиб маълум даражада «муҳаббатшунос», «севгишунос» бўлиб қоламиз, албатта.
Бу суҳбатимизда сиз кўп ўйлаётган муҳаббат ҳақида «бошидан ўтганлар» хулосасидан намуналар келтирмоқчимиз. Ўзингизнинг қарашингиз қай бирига яқинроқлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
Севги бу – бир-бирига меҳрибонлик билан ғамхўрлик қилишдир, деб таъкидлашади айримлар.
Бу тоифадаги аёллар табиатан жуда назокатли, жуда меҳрли бўладилар. Улар ўрнида ўзингизни тасаввур қилиб кўринг. Кўзингизга ёрингиздан, жуфти ҳалолингиздан ўзга ҳеч нарса кўринмайди. Жуфтингизнинг озгина эътибори, ишқий ҳаяжони ҳам сизни кўкларга кўтаради. Сиз ҳаммадан бекитиқчи тутадиган кундалигингизда ёрингизнинг таърифига лойиқ сўзлар ахтарасиз. Сизнинг назарингизда жуфтингиз яккаю ягона, дунёда унга тенг келадиган киши йўқ. Унга бир умр садоқатли бўлишга қасам ичишга ҳам тайёрсиз. Қанийди бир умр икки кабутардек бир-бирларингизга қараб «ку-ку»лашиб ўтирсангиз. Бундан ортиғи бўлмас! Сиз осмонлардасиз…
Ва, аксинча, жуфтингизнинг озгина эътиборсизлиги, бемаврид айтган кескин сўзи, бироз қўполлиги, озгина тушунмовчилик ҳам (ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз) сизни «У мени севмайди!» деган хулосага олиб келади, ҳафсалангизни пир қилади, сиз қўлингизни ювиб, қўлтиққа тиқишга, никоҳни бекор қилишга, «дунёдан танҳо ўтишга» ҳам тайёрсиз! Бу – осмонидан ўз вақтида тушолмаганларнинг, реал ҳаётни тасаввур этолмаганларнинг ва жичча ўзсеварларнинг қараши ахир, азизим…
Келинг, яхшиси унгача бормай турайлик. Сизнинг ҳали дарз кетмаган муҳаббатингизни асраш ҳақида озгина ўйлайлик. Нега шундай бўлаяпти?
Балки сиз болаликдаги осмонийми, илоҳийми муҳаббат ҳақидаги тасаввурларингиздан соқит бўлолмаётгандирсиз? Ҳаёт ҳамиша бетиним илгарилайдиган жараёнлигини унутдингизми? Демак, биз ҳам катта бўламиз. Меҳрдан эҳтиросга, ёқтиришдан муҳаббатга, ёшликдаги яширин оҳ уришлардан эркак ва аёл ўртасидаги ишқий ўйинларга ўтилажаги сизга қоронғумиди? Ҳаммамиз ҳам одаммиз. Хаёлингиздаги улкуни эмас, ёнингиздаги одамни севишингиз керак. Унга, тақдирингизга битилганига аста-секин кўникиб боришингиз табиийлигига қониқиш ҳосил қилишингиз ҳам керак.
Севги, бу – илоҳий инъомдир, дейишади баъзи одамлар.
«Осмон никоҳи» деган гапни ҳам кўп эшитгансиз-а? Ҳаммамиз ҳам ёшликдан орзу-ҳавасларга берилувчан бўламиз. Унинг қанотида еттинчи осмонларга чиқиб оламиз. Ана шу хаёлот даврида тақдир бизни йўлиқтирган жуфтимиз ўша хаёлот оламимиздаги илоҳий бўлиб кўринади. Осмону фалакдан вақтида туша олмаганимиз учун жуфтимиз биз етиб бўлмайдиган, бизнинг ўзимиз ҳам унга нолойиқ бир нарсадек бўлиб кўринади. Ерга тушгач эса жуфтингизнинг у ёки бу камчилиги, нуқсони дарров хафсалангизни пир қилади. Ғашингизни келтиради. Унутмангки, ҳаётнинг ўзи, муҳаббатнинг ўзи ҳам хаёлотимиздан кўра бойроқ, мукаммалроқдир. Фақат буни англаб етишга ожизлик қиляпмиз. Шунинг учун ҳам реал ҳаёт, ҳақиқат, ҳатто жуфтингиз ҳам сизга жуда қўпол, сирли, мавҳум бўлиб кўриняпти. Сиз уни тушуниш, англаш, қўлингиздан келганича яхши томонга буришга уриниш ўрнига, ундан ура қочаяпсиз. Нега шундай?
Севги – бу илоҳий бир нарсаю, у сизнинг иштирокингизсиз ҳам пайдо бўлаверади, ўзи алоҳида яшайверади, деб ўйлаяпсизми? «Севги – илоҳий инъом, сал адашсанг, сал гуноҳ қилсанг, тангрининг ўзи берган инъомини қайтариб олади», деган ақидага ишоняпсизми? Шунинг учун ҳам кўз ўнгингизда муҳаббатингиз сўниб, ўлиб бораётганини кўриб туриб ҳам, қўлингиздан ҳеч нарса келмаслигига олдиндан ишониб, тақдирингизни осмонларга топшириб қолавердингизми? «Сендан ҳаракат, мендан барака!» деган гапни унутибсиз-да.
Севги бу – жинсий қизиқишдан, бадан талабини қондиришдан бошқа нарса эмас… Шундай дегувчилар ҳам афсуски топилади.
Буни, айниқса, сизнинг ёшингиздагилар чуқурроқ ўйлаб кўришлари керак. Жинсий эҳтиёжнинг устунлиги, ҳамиша унинг домида бўлиб, бошқа ҳеч нарсани кўрмаслик, тан олмаслик – кишидаги бошқа инсоний туйғуларни топтайди. Одатда, муҳаббатга бундай фақат физиологик муносабатда бўлиш охир-оқибат руҳий бегоналик, ётликка олиб келиши мумкин. Чунки бундай ишончда юрган одамлар учун ким билан бирга бўлишнинг унча аҳамияти йўқ. Жинсий қониқиб, сексуал бўшаниб олса бас…
Эр-хотиннинг муҳаббат муносабатида жинсий алоқанинг аҳамиятини ҳеч ким инкор этмайди, албатта. Аммо фақат у деб инсоний бошқа туйғулардан – меҳр-муҳаббатдан, шафқат-мурувватдан, хуллас, муҳаббат деб аталмишнинг бошқа бир дунё фазилатларидан воз кечиш, ишонинг, бу – ҳозирги одамлар билан тош даври одамларини фарқлай олмасликнинг ўзгинасидир.
Севги бу – аслида йўқ нарса-ю, сентиментал кишилар уни ўзлари ўйлаб чиқарганлар, дегувчилар ҳам кўп.
Бундай одамлар табиатан ниҳоятда жиддий бўладилар. Улар ҳамма ҳис-туйғуларини ақлнинг қаттиқ назоратига бўйсундира оладилар. Вақтларини аслида йўқ «севги-муҳаббатга», «романтикага» сарф қилишни аҳмоқлик деб ўйлайдилар. Уйлансалар, эрга тегсалар ҳам, ҳамма нарсани совуққонлик билан олдиндан режалаб, ипга тизиб чиқадилар. Кейин умр бўйи шу белгиланган қоидаларга амал қилинишини қаттиқ назорат қиладилар. Муҳаббатнинг баъзан муайян қоидаларга сиғмай қолиши, бўйсунмаслигини улар тушунмайдилар. Ҳистуйғуларга берилишни улар ортиқча деб биладилар. Эр-хотинлик бурчини ҳам аввал келишилгандек муайян вақтда бажарадилар. Аста-секин эр-хотиннинг бир-биридан узоқлашиб боришини табиий деб биладилар. «Ёшимиз муҳаббат ёшидан ўтди», деб ўзларини оқлайдилар ҳам. Муҳаббатни, яъни эрхотинчиликни улар фақат бурч, ундан ўзга нарса эмас, деб биладилар. «Муҳаббат ўзи бор нарсами?» деган саволга улар ҳеч иккиланмасдан «Йўқ! Эр-хотиннинг ўзига тегишли бурчи, вазифаси бор холос!» деб жавоб беришлари мумкин.
Севги бу – инсоният занжири узилиб қолмаслиги учун табиатнинг усталик билан қўйган тузоғи! Ана шундай қарашдагилар ҳам бор.
Бундай одамлар севгининг завқ-шавқига асло қарши эмаслар. Аммо табиатнинг сенга берилган меҳр-оқибат ўрнини бусбутун тўлдиришинг шарт, деган талабига улар бутунлай қарши чиқадилар. Гарчи муҳаббат муносабатларида аксарият бундай одамларнинг ўз хоҳиши, иродаси устувор бўлса-да, кўпинча уялмай-нетмай: «Бир неча дақиқагина муҳаббатга берилганим эвазига кетидан бир дунё мажбуриятларни бажаришга мажбур этадилар!» дейишлари ҳам бор. Ўзларини чироқнинг ёруғига маҳлиё бўлиб, қурбон бўлган парвонага ўхшатиб ҳам юрадилар.
Севги, бу – ўзга инсон учун ўзингни ўз ихтиёринг билан қурбон қилишдир, дейишади айримлар. Улар ҳам ўз қарашида ҳақ, албатта.
Чунки… Бундай ўйлаб қарасанг, шу икки нарса: севги билан фидойилик бир-бири билан уйғунлашиб, бутун бир туйғу бўлиб қолганига тан берасан киши. Уларни бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди ҳам. Ахир киши севгисини биринчи бор ўз изтироблари орқали намоён этади-да. Бу изтироблар севгилингнинг бахти ва саодати учунку!
Гўё севгилисининг бахти ва саодати учун ўзини бус-бутун унга бағишлашга қарор қилиб, айримлар яхши кўрадиган ишидан (эрига бағишлаши зарур бўлган вақтининг кўпини иш олаяпти деб!) воз кечадилар, ёрга бахшида қилишим керак бўлган қалб қўри ёру-дўстларга кетиб қолаяпти деб, яхши дўст ва дугоналардан ҳам воз кечадилар. Таъсири ўтмасин, деб ҳатто қариндош-уруғлардан ҳам кечилади. Сиз ўз жиловингизни ўз ихтиёрингиз билан тамоман севган кишингиз ихтиёрига топширасиз. Ана шунинг отини ҳақиқий севги деб ҳам атайсиз. Бундай шароитда аксарият ҳолларда тез орада иккала томон севгиси ҳам сўнади. Қандай қилиб дейсизми?
Одатда, киши ўзини бошқа кишига нечоғли кўп қурбон қилса, унинг ихтиёри тузоғига кўпроқ илиниб бораверади. Айни пайтда дили тубида ёрини йўқотиб қўйиш қўрқуви ҳам ўсиб боради. Ахир сиз ҳамма нарсадан воз кечдингиз-у, ўрнига ўрин севгилингиздан ҳеч нарса олмадингиз-да! Аксинча, севгилингизда сизнинг ана шу тузоқдек кўринган севгингиздан қандай қилиб бўлса ҳам қутилиб кетиш истаги пайдо бўлиб ва ривожланиб боради. Одатда, бундай никоҳ умрини сизнинг доимий ҳадигингиз, унинг эса ўзсеварлиги (эгоизми) бироз узайтиргандек бўлади.
Бироқ кўп ўтмай, сиз инон-ихтиёрингизни қўшқўллаб топшириб қўйган ўз эркингизни тамоман йўқотиб қўйганингизни ва бу эркни жуфтингиз маҳкам ушлаб турганини, жиловни хоҳлаган томонга бураётганини англайсиз. Шундагина руҳингизда «қул қўзғолони» содир бўлиб, энди жуфтингизга нисбатан аввалгидек фидойиларча муҳаббат ўрнини нафрат эгаллай бошлайди. Муҳаббатга муҳаббат билан жавоб берилган ердагина у барқ уради. Тўғри, бошида сиз фидойилигимга яраша ёрим мени чин муҳаббат билан севади, деб ўйлагансиз. Буни ҳис қилмаганингиздан кейин дилингизни алам, нафрат, зое кетган муҳаббатнинг аччиқ изтироблари эгаллайди. Булар оқибатида дилингизда нафрат ва ўч ҳисси авж олиб, у никоҳни тамом барбод қилади.
Севги бу – эҳтирос, деган ишончда юрганлар ҳам кўп.
Бундай деб ўйлайдиганлар жуда эҳтиросли, севги можароларига енгил берилувчан кишилар бўладилар. Улар севгиси йўлидаги бор нарсаларни суриб-супириб тушадиган тоғ жилғасига ўхшайди гўё. Бундай эхтирос олдида енгилмай туриш жуда қийин, аммо ихтиёрингизни бус-бутун унга топшириш ҳам телбаликнинг ўзгинаси.
Бундай эҳтироснинг тўфонига фақат энг тажрибалиларгина бас келиши мумкин, аксариятлар «домида қолишади». Жуфтларининг эҳтироси ўзиникидан озгина паст бўлса, рашк оловида ёнадилар. Бундай эҳтирос эгалари ўз туйғуларига ғарқ бўлиб, ўз жуфтлари ҳақида мутлақ унутишлари ҳам мумкин. Айнан ўзлариники каби эҳтирос ола олмай, жуфтининг севгиси-ю садоқатини шубҳа остига оладилар, дарду дунёлари қоронғу бўлади. Билмайдиларки, жуфтларининг бор-йўғини улар ўз эҳтирослари билан янчиб ташладилар, унга ҳам жичча эркинлик қолдирмадилар. Бундай одамлар икки ёқламалик севги завқ-шавқидан эмас, аксинча, ўз эҳтиросларига ғарқ бўлишдан кўпроқ руҳланадилар. Очиғини айтганда, бундай одамларга севгилиси эмас, ўзининг унга бўлган туйғуси муҳимроқдир. Муҳаббат эса унинг учун ўзини кўрсатиш имконини яратадиган воситадир холос.
Севги бу – мистик қуюн, дейсизми. Кейин хотираларга бериласиз-а? Биринчи гал кўрганингиздаёқ хаёлингизга «Бу – ўша!» деган фикр келганди-а? Кейин ўша заҳотиёқ унга нисбатан ўзингизда тушунтириб бўлмас тортиш кучини сездингиз. Ҳис-туйғу эмас, нақ қуюннинг ўзгинаси! Икковингиз ҳам икки томоннинг хоҳишини аниқ ҳис қилиб турардингиз, айтилмаган фикрни аниқ англардингиз, бир-бирингизнинг қалб оҳангингизни аниқ эшитиб турардингиз. «Бир тан, бир жон!» деб шунга айтилади-да, дердингиз ишонч билан.
Бироқ икковингиз қанча кўп бирга бўлсангиз, кундалик икир-чикирлар сизларни бир-бирингиздан тобора узоқлаштирарди. Сиз бир-бирингиздан шунчалик узоқлашдингизки, ахир бир кун англаб етганингиз шу бўлди: муносабатларингиз «оддий», «ҳамманикидан фарқи йўқ»! Наҳотки киши бир-бирини қайтадан кашф қила олмайди, наҳотки ўша юксак бирлик туйғуси бошқа қайтиб келмайди?!
Афсус, «ўтганга салавот!» дейди киши. Ўтганни қайтариб бўлмайди. Буни англамаганингиздан хаёлингизга келган фикр «Бу – у эмасди!» бўлади. Шу фикр қувват бериб, энди сиз ягона, бетакрор «ўша» муҳаббатни излаб кетасиз. Унга ўхшашини кўришингиз биланоқ, ўйламай-нетмай ўзингизни унинг қучоғига отасиз. Эртами-кечми бу ҳам сароб бўлиб чиқади. Сиз яна янгисини излай бошлайсиз. Ўша дастлабки, борлиғингизни қуюндек ўраб олган туйғу сизга тинчлик бермайди: «Нега илоҳийдек кўринган муҳаббат бизни тарк этди? Ахир биз иккимиз ҳам уни ушлаб қолишга бор кучимизни бердик-ку!»
Муҳаббатни ушлаб туриб бўлмайди. У доим ҳаракатда, ўсувчан ва ўзгарувчан. Сиз ҳам ҳаракатда бўлишингиз, ўсишингиз, ўзгаришингиз керак. Сизнинг иштирокингизсиз, саъй-ҳаракатингизсиз у романтик босқичда қотиб қолаверади. Сизнинг интилишингизсиз у муҳаббат мен билан бир умр шундай қолади, деган ёлғон ишончда юради… Бора-бора бу ғашингизга ҳам тегади.
Муҳаббат санъатини онгли равишда эгаллаб бориш билангина эҳтиросли севгининг илоҳий кучини ҳис қилиш мумкин.
Севги бу – бир умр ўрганиб, эгаллаб бориладиган санъатдир.
Шу хулосага келгунча севгининг неча турини кўриб чиқмадик-а. Уларни бир-бир эслаб кўрсангиз, озгина мулоҳаза, мушоҳада қилсангиз, севги ўз сирларини чин дилдан ўрганишга киришган қалбларнигина чинакамига қувонтириши мумкинлигини англайсиз. Аслида, севги ҳаётсеварларнинг йўлини ёритиб туради, зеро, севги ҳаётни севувчилар, унинг оғир-енгилини енгувчилар учун фақат илҳом булоғигина эмас, дунёни билиш воситаси ҳамдир. Ҳар янгиликка сиз бағрингизни очасиз ва севгилингизга ҳам бус-бутун ишонишга қодирсиз. Бундай муносабатларда қурбонларга ўрин қолмайди, чунки ҳеч ким бошқасининг эркига ҳукмронлик қилмайди. Севгида сиз бир бутунсиз ва айни пайтда ҳар бирингиз ўзингизча эрклисиз. Севги сиз учун ҳисларнинг эртаклардагидек покизалиги холос. Унда илоҳий меҳр ҳам, идеаллаштирилган романтизм ҳам, сизни муҳаббат туғёнларига ғарқ қилувчи эҳтирос ҳам, бир-бирингизга нисбатан чексиз ҳурмат ва иззат ҳам мужассамлашгандир.
Санъатнинг бошқа ҳамма турларида бўлгани каби севги санъатида ҳам тажрибалар, изланишлар, илҳом ҳам керак. Фақат шундагина севгида омадли бўласиз!
Тўйингиз ўтганига қанча бўлди… Севги эса сизга ҳамон сирли кўринади. Шундай…
Халқимизнинг бир яхши удуми бўйича никоҳ кечаси сизнинг, яъни келин билан куёвнинг хосхонасига Қуръони каримни киритишгани эсингиздами? Кексаларнинг бири дуо билан Қуръоннинг қалби бўлган суралардан бирини очиб берганди, янгалар муқаддас китобнинг шу саҳифасига икковингизнинг бошингизни эгиб, яхши тилаклар қилиш кераклигига, бугун қилинган ниятлар албатта ижобат бўлишига ишора қилганди. Ўша дамлар икковингиз руҳиятингизга қаттиқ таъсир қилди-а? Таъбир жоиз бўлса, худди Каъба тавофидек дилларни поклайдиган, қалбларни ёритадиган дамлар эди бу. «Яхши ният – ёрти мол!» дейди халқимиз. Энг эзгу тилакларни илтижо қилинади, чунки сўзнинг моддийлашуви аниқ бўлган дамлардир бу! Биз ҳам сизлар билан бирга Оллоҳдан осмон никоҳи икковингизнинг бошингизни доимийга қовуштиргани, қалбингизни мангуга пайвандлагани рост бўлсин, деймиз. Илоҳим нафасларингиз, ҳаёт йўлингиз ўшандаги юрагингиз уриши каби бир-бирига ҳамоҳанг, бир-бирига акс-садоли бўлсин!