Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЁЗИШГА ҚИЙНАЛЯПМАН…

Хизмат сафаридан қайтдим. Янги учрашувлар, янги таассуротлар… Тўлқин урган фикр-туйғуларимни бир ерга жамлашга, жиловини тутиб бир мақсад томон йўналтиришга ожизлик қиляпман. Ёзишга қийналяпман…

Илгарилари шундай узоқ «тўлғоқ» тутган вақтларида онам ўзлари билмаган ҳолда катта ёрдам берардилар. Хизмат сафаридан қайтгач, албатта узоқ суҳбатлашардик. Умрларида Тошкент атрофидаги айрим қишлоқлардан нарини кўрмаган ойим: «Қаерларда бўлдинг? Кимларни кўрдинг? Қандай яшашар экан, нима иш қилишар экан?» деб сўраб-сўраб турардилар. Ёзаётган вақтимда баъзан қоғознинг бир сатрини кўрсатиб «Нима деб ёздинг?» дердилар. Кўпинча янги нарса топширган куним албатта: «Ёзганинг Зулфия опангларга ёқдими? Ўртоқларинг нима дейишди?» деб сўрардилар.

Ойимларга ҳаммасини оқизмай-томизмай сўзлаб берардим. Учрашган кишилар билан бўлган суҳбатлар, таассуротлар бу «ҳисобот» жараёнида бир ипга тизилиб очерк, ҳикоя ёки лавҳа қарийб тайёр бўларди. Уларнинг диққат билан тинглаётганларини, далда бериб айтган сўзларини инобатга олиб, ўзим ҳам руҳланиб, илҳомланиб, ўша сўзлаб берганларимни шошиб қоғозга туширардим, олқиш олардим. Биринчи ўқувчим (аниқроғи – тингловчим), меҳрибон устозим эдилар ойижоним!

Ёзишга қийналяпман… Менга Сиз етишмаяпсиз, ойижон!

НОН

Онам тандирда нон ёпардилар. Кексаларга хос тўлишиб, вазминлашганларига қарамай, чаққон ҳаракат қилар, шоҳи рўмол елкаларига тушаётиб силаб ўтган оппоқ сочлари ялтирар, тандир тобидан юзлари бўртиб, кўзларида чўғ акси бўлгани учунми – чўғдек эди. Ўндан ортиқ набиранинг бувиси бўлган онамлар бугун ёш келинчаклардек чаққон ва хушчақчақ эдилар.

Нонни ҳамиша ёнимиздаги дўкондан янги-янги олгувчи эдик. Бугун бўлса, келинларининг туғруқхонадан келиши шарофати билан барча фарзандлари, набиралари бағриларига тўплангани учун:

– Ўзим сизларга ёғлиқ, жизза-пиёзли нон ёпиб бераман, – дедилар-у қизлари, келинлари билан биргаликда ҳаракатга тушиб кетдилар.

Нон ҳам узилди. Буғи чиқиб турган нон ва турли нознеъматлар билан безатилган дастурхон атрофига биз – бир кўрпани талашиб катта бўлганлар тўпландик.

Бирлари чўмич шаклида, бирлари тешик кулча ясатиб олган набиралар бўлса, кулчаларини совитиб олиш учун водопровод олдида навбат талаша кетишди. Болаларнинг қий-чувига равон айвондан бошларини чиқариб қараган ойим узоқ тикилиб қолдилар.

– Ҳой, Рустамжон, олдин укангникини совитиб бер, болажоним. Вазира, сен каттасанку, оппоқ қизим, бироз сабр қил, – дедилар меҳрибонлик билан.

Болалар ниҳоят равонга келишди. «Меники ширин! Меники ширин!» – ҳаммаёқни уларнинг чуғур-чуғури тутиб кетди. Хонтахта устидаги нондан буғ чиқар, ойим бўлсалар ҳамма набираларига бир-бир тикилиб турар эдилар. Нуроний чеҳралари жилмаярди-ю кўзлари алланечук намдан йилтиллагандек бўлди назаримда.

– Рустам, Азиза! Юринглар ўйнаймиз! – йўлакдан қўшни болаларнинг овози эшитилди.

– Ура-а! Мен ўйнагани кетдим! – суюниб кетган Рустам қўлидаги нонни ташлаб, кўчага қараб югурди.

Дам ўтмай қий-чувга тўлган айвон жимжит бўлиб қолди. Токчаларда иссиқлигида сувга ботирилган нонлар бўкиб ётарди… Ойим ўринларидан туриб ўша нонларни йиғиб олдиларда, тақсимчага солиб, устини тоза сочиқ билан ёпиб қўйдилар. Хотирамга болалигим тушди…

Уруш эндигина тугаган вақт. Кўп оилаларда ночорлик ҳукм сурарди. Ойим фабрикада ишлардилар. Ишдан қайтишларида забор қоғозга биз учун нон алмаштириб келардилар. Бир куни нон билан кичик халтачада ун ҳам олиб келдилар.

– Бугун нон ёпамиз, болажонларим! – дедилар серкепак унга намокобли сув қуйиб, хамир қорар эканлар. – Қани тандирга бир яхшилаб ўтин қаланглар-чи!

Тандиримизда анчадан бери гуриллаб олов ёнмас, уй нонининг таъмини кўпимиз унутиб ҳам қўйган эдик. Шунинг учунми улуғ бир нарсани кутгандек танчага тиқилганимизча, кўрпа остидан бошимизни чиқариб, ойимнинг чаққон ҳаракат қилаётган қўлларига тикилиб ётардик.

Тандирдаги ўтнинг гуриллаб ёниши, сал туриб қоп-қора тандирнинг оппоқ бўлиб «тушиши» ҳам бизга мўъжизадек кўринарди. Ниҳоят ҳовлини энг азиз неъмат – иссиқ ноннинг тасвирлаб бўлмас таровати тутди!

Онам сават тўлар-тўлмас қилиб нонни узиб келдилар. Зум ўтмаёқ ўртада атиги иккитагина кулча қолди. Яна нонсиз қолишимиз мумкинлигидан қўрқиб, ҳаммамиз ўз дўппимизга биттадан кулчани беркитиб қўйдик. Энди кўзимиз ўртадаги шу икки кулчада эди. Онам уларни ҳам ушатиб ўртага қўйдилар. Шошиб еб олдик. Ойим ўзларига олган бир бурдагина қолди холос. Улар кўзларига ёш тўлиб, бизга тикилиб ўтирар, назаримда шу нонни есалар, тиқиладигандек эди. Қандайдир ғайритабиий куч бизларни дўппимизга яширган кулчаларни ўртага қайтариб қўйишга мажбур этди…

Мана, у кунлар унут бўлди. Ҳаммамиз улғайдик. Энг кичкина укамиз ҳам уйлик-жойлик бўлди. Бугун унинг учинчи фарзандини туғруқхонадан олиб келдик…

Хотирам узилиб, онажонимга қараганимда хонтахта устидаги нонга тикилган кўзлари намдан ялтирарди. Лекин бу ёшлар бўлакча. Ўша оғир йиллар хотираси – атрофини ажинлар ўраган кўзлардан чиқаётган бу ёшлар шукроналик аломати эди.

Ўша нурли кўзларингиз, улардан қалбимга оқиб кирадиган шукроналик етишмаяпти менга, ойижон.

ТОҚАТ ВА ИТОАТ

Ҳовли ўртасидаги фаввора бир маромда жилдиллаб турибди. Қайнона ойимлар узун айвон четида унинг овозигами, қушларнинг чуғуригами қулоқ солиб, хаёл суриб ўтирибдилар.

Қайнотамлардан кейин ойим анча хомуш тортиб қолганлар. Уларни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Киши ўз хаёли билан ёлғиз қолса анча қийин.

Йиғиб олган дастурхонни гуллар орасига қоқиб, ҳовлидан уч-тўрт райҳон шохчасидан узиб айвонга чиқа бошладим.

– Ҳовлингиздан райҳон ҳиди келяпти-я ё экканмисиз? – сўрадилар.

– Баҳорда йўлка четларига уруғини сепгандик. Қалингина бўлиб авж олиб кетди. Чиройли бўлар экан. Ёнидан ўтсангиз ҳам, ҳовлига сув сепсангиз ҳам – ҳаммаёқни райҳон иси тутади…

– Жаннат гули деб бежиз айтишмаган-да райҳонни. Дадангиз ҳам доим ҳовлимизга кўчатидан экишни яхши кўрардилар. Ҳовлингиз каттагинами?

Ойим кейинги йиллар кўрмайдиган бўлиб қолганлар. Янги кўчиб келган кунимизнинг эртасигаёқ уйларга жой солиб бўлгач, ойимларни олиб келгандик. Қўлларидан етаклаб хоналарни, ҳовлини айлантириб, тасвирлаб берган эдим.

– Алоқадаги ҳовлингиздек келади. Ўртасига набираларингиз фаввора ясаттиришган. Атрофига атиргул экдик. Чор атрофига бўлса райҳон сепилган, – тушунтирдим мен.

– Суви жилдиллаётган фавворами? Водопроводингиз очиқ қолибдими дебман…

– Сувини пастроқ қилиб қўйдим. Ҳовузидаги сув куни билан илиб туради. Ҳали авараларингиз келиб чўмилишади.

– Қаранг-а… – райҳонни ҳидлаб, кичик шохини чаккаларига қистирдилар. Келин бўлиб тушибманки, чеккаларида ё атиргул ё райҳон… – Невараларим ҳам катта киши бўлиб қолишди… Ҳаммасининг тагида мошина, мана, ҳовлисида фонтан. Додангиз орзу қилардилар. Кўрармидилар-а, бу кунларни… Раҳматли кўчада нима яхши нарса кўрсалар, дастрўмоллари учига тугиб бўлса ҳам менга илиниб олиб келардилар. Ман уларга илина олмасам… Лоақал, мана, набирангиз ватанли бўлди, ҳовлисида сиз орзу қилган фонтани ҳам бор, деб айта олмасам… Роса севинардилар…

Хаёлларини тарқатиш ниятида гапни бошқа ёққа бурдим. Лекин сезиб турибман, мени эшитаётганлари йўқ.

– Шоиста опамларни ота-оналаримиз хилхонасига – Шайх Зайниддин бува қабристонига қўйишди (опалари қазо қилганларига ўн кунча бўлган эди). Поччамнинг ёнларига қўйиб бўлмасмиш… Келин нарса қайнона-қайнотаси, қайин-бўйни олдида оёғини узатиб ёта олмасмиш… Қаранг, шунча яшаб энди эшитганим…, – овозларида кишининг кўнглини ғашлантирадиган мунг бор эди.

Ёшлари саксонни қоралаб қолган, опалари саксондан ошган эдилар. Оппоқ сочларига қараб, «келин нарса» тушунчаси ҳеч сингишмаса ҳам овозларида, сўзларида аваралик бўлиб ҳам ўша «келинлик»нинг ҳеч ким, ҳеч ерга битмаган қонунқоидаларига тоқату итоатни сезиб, лол ўтирардим.

«ХОТИН ДЕВОР»

– Хўп устаси фаранг урган экан бу деворни! Сомонни ҳам аямаган экан, метин-а, метин! – деди қўлига теша ушлаган укам. Серсомон сувоқ унга бўйсунмас, ҳар қарич ерни куч билан кўчиришга тўғри келар эди.

Деворни бузмасликка, устини текислаб, бўлажак уйнинг асоси қилиб қолдиришга қарор қилдик. Унга қараб турибману қулоғим остида: «Қўяверинг, Ҳафиза опа, нақ девор бўлсинки, мана ман деган усталар ҳам «Бу деворни қурган уста ким экан?» деб юришсин…» – деган сўзлар, ҳорғин аёлларнинг хазин кулгиси эшитилгандек бўлди. Уларнинг бири – ойим, иккинчиси – Ҳафиза холам эдилар…

Кўз олдимга эса уруш тугаган йили худди шу ҳовлида кечган бошқа манзара келди: сочларини бошларига рўмоллари аралаш чамбарак қилган икки кўҳликкина опа-сингил пахса уришяпти… Офтобда қорайган пешона ва юзларидан маржонмаржон тер оқиб тушяпти. Улар баъзида менга кўз ёшлари бўлиб ҳам туйилиб кетади. Балки улар чиндан ҳам кўз ёшлари бўлгандир? Иккала аёлнинг ҳам эгнида офтобда ранги синиққан чит кўйлак, иккисининг ҳам этаги липасига қистирилган…

Одам бўйидан анча баланд бу деворни холамнинг эрларидан қорахат келганидан кейин опа-сингил неча дам олиш кунида тиклашган эди. Бир-икки кун олдин лой қоришади. Эртасига этакларини липаларига қистириб, лойни ағдаришади, ялангоёқ бўлиб лой тепкилашади. Кўпинча қўшнилар ҳашарга чиқишади…

Якшанбаларнинг бирида деворни сомон сувоқ қилганимиз эсимда. Холам тоғорада лой етказиб турган, ойимлар эса уни деворга чапиб суваган эдилар.

– Бу уруш йилларидан хотира – «хотин девор» бўлди, ука, – дегандилар ўшанда ойим лой қўлларини ариқда ювар эканлар, деворга имо қилиб.

Ҳали қуримаган сувоқда нозик бармоқ излари қолганди. Шунча йил ўтиб ҳам «Хотин девор»дан бу излар кетмагандек…

ТИЛЛА УЗУК

Болаликдан одам қанча узоқлашиб борса, ажабо, унинг таассуротлари шу қадар ёрқинроқ бўлиб боради. Инсон турмуш, тирикчилик, қисқаси, «Ҳаёт кемаси» деб аталмиш кемада қанча чайқалиб, синов довулларида қанча пишиб бормасин, ўша болаликнинг беғубор дунёси хотирда абадий, ҳар қачон, ҳар жойда эсласанг тамом, югургилаб қошингда пайдо бўлаверади. Яхшилик, эзгулик, покликнинг бошланиши болаликнинг ўша тиниқ булоғидан тўйиб-тўйиб симириш натижасимасмикин? Турмушда оддийгина бўлиб кўринган қанчадан-қанча ҳаракат, воқеалар шундай хулоса чиқаришга туртки бўлган…

Мактабда эндигина таҳсил кўра бошлаган пайтим эди. Ер супада диққатимнинг кучлилигидан пишиллаб, жамалак сочларим тўзиб, дафтаримга «о» ҳарфини қатор-қатор ёзиб ўтирганимда Бахриниса аммам чиқиб қолдилар.

– Ҳа, пучуқ, қачон отин бўласан? – деб ҳазиллашиб, ойимларнинг ёнларига ўтдилар.

Ойимлар ҳам шу ерда, супада, менга фақат биринчи «Аё дўстлар, биродарлар…» деб бошланадиган сатригина маълум бўлган мунгли қўшиқларини хиргойи қилиб, қўл машиналарида иш тикиб ўтирардилар. Очиғини айтсам, бу ашулаларини ҳеч ёқтирмас эдим. Чунки уни айта бошлаганларида ойим албатта йиғлайдилар. Кўзларидан ёшлари оқиб тушишига эътибор бермай иш тикаверадилар. Ойимларга шу ашулангизни айтманг, демоқчи бўламан-у, айтолмайман.

Ойим шу ашулани айтиб иш тикканларида ҳамма нарсани унутадилар. Тикув машинасининг қулоғини айлантираверадилар, айлантираверадилар… Аввалига иш тикишларига халақит берган кўз ёшлари бир-икки сидириб олингач тинади. Ойим иш тикаверадилар, тикаверадилар…

Аммам ойим билан «Эсонмисиз-омонмисиз» қилишиб, ёнларидаги кўрпачага ўтирдилар. Дастурхон ёзишимга қўймай, ўзлари билан олиб чиққан дўппи кизакларини қўлларига олдилар.

– Бўпон қизим, игнага ип ўтказиб бер!

Шундай дейишларини кутиб тургандим. Доим шундай қиладилар. Ҳарна деб кизакка пилта урадилар, дўппи тепасини тепчийдилар. Икковларининг қўллари ишда-ю, роса ҳасратлашишади. Гапларининг бошини тутиб бўлмаганидек, охирини ҳам кутиб бўлмайди. Аммамнинг эрлари фронтда «бедарак» кетибдилар. Уларнинг ҳам кўзлари кўпинча ёшли бўлади….

Мен уларнинг гапларига қулоқ солмайман. Ўша гал ҳам аммам қўлларига кизак олгач, мен пишиллаб «о»ни ёзишда давом этавердим. Шу пайт аммамнинг ёнларига дўп этиб, чўзинчоқ сариқ олма тушди.

– Хаҳ, чўчиб тушдим-ей, – дедилар аммам ёқаларини кўтариб кўксиларига туф-туфлаб. Кейин олмани қўлларига олиб, олдиларидаги қийтиқларга артиб, бир тишладилар-да менга узатдилар, – ма пучуқ, нордон экан. Ранг олгани билан ҳали маза кирмабди…

Олмага қўлимни узатганим чоғ бехосдан ойимнинг гапларини эшитдим:

– Нимасини айтасиз, кичик ойи, уруш ўлгур ҳам ҳар кимга ҳар хил келди шекилли. Бировлар битта забор қоғозга зор, бировлар мол-дунё пайида. Кеча марваридимни олиб боргандим, Саври сатангга қараб туриб оғзим очилиб қолди. Қўлидаги билакузуги, бармоқларидаги қўша-қўша узуклари ҳам майлику-я, кўзойнагининг гардишигача тилла-я! Марваридимга бергани жиянларингизга уч кунга нон пули бўлмайди. Ҳалиги кўзойнакни Масковдан келган профессор аёлдан арзимаган пулга олганмиш. Бўлмаса кўзи бинойидек, олифтагарчиликка тақиб юрибди. Ўрис кампир бечора иш қила олмай, роса қийналаётгандир?..

– Кўпи кетиб ози қолди, кеннойи, кўп хафа бўлманг. Саври сатанглар кийимдаги гарддек гап. Бахтимизга мана шу жужуқларингиз омон бўлишсин. Марварид ҳам, тилла асбоблар ҳам топилиб кетадиган нарса…

Гапнинг у ёғи қулоғимга кирмади. «Ойим кеча марваридларини сотиб келибдилар-да», деган хаёл борлиғимни эгаллади.

Бир куни ойим сандиқ очганларида кўргандим уларни. Уччала шодасини бўйнимга илиб роса сакраганман. Ойим бу марваридларни «онамлардан ёдгорлик» дердилар. Уларнинг бир шодасини – катта опамга, бир шодасини –кичкина опамга, бир шодасини – менга асраб қўйганларини, биз катта қиз бўлгач, беришларини айтган эдилар. Энди ўша марваридлар йўқ. Ойимнинг қўлларидаги узуклари, билакузуклари ҳам йўқ бўлиб қолганини энди пайқадим. Улар ҳам сотилган бўлса керак…

«Кўзойнагининг гардишигача тилла!» – ойимнинг гаплари қулоғимдан нари кетмасди. Ўша куни кўнглимда бир орзу, йўқ, қатъий аҳд пайдо бўлди. Катта бўлиб ишлай бошласам, худди ойимнинг узуклари, билакузуклари, марваридларига ўхшаганлардан кўп-кўп олиб бераман! Яна ойимларга ҳеч иш тиктирмайман. Ўша «Аё, дўстлар…» деб бошланадиган, доим ойимни йиғлатадиган ашулани ҳеч айттирмайман!

Катта бўлдим ҳам. Ойимларга шаҳарнинг олди тилло дўконларидан узуклар, зираклар олиб бердим ҳам… Бироқ вояга етгач, мен бошқа ҳақиқатни ҳам тушуниб етдим: ойимнинг энг навжувон пайтлари дилларига етган жароҳат ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас экан.

Ҳозир эса бошқа бир ҳақиқатни кашф қилиб турибман: оналар олдида қарздорлигимиз ҳисси ўша беғубор болалик даврида кўнглимда ниш уриб, умр бўйи мени тарк этмабди.

Момоларнинг ўгити – ойдин бахтнинг калити

Ойим қизим!

Жонингизга озиқ бўлиш умидида ёздик бу китобни. Бундаги мавзулар сиз кўрадиган, эшитадиган, ўқийдиган ва бошингиздан кечирадиганлар сабоқлар олдида урвоқчалик эмасдир. Бу китобдаги боблар сизга айтмоқчи бўлган, юраккинангизга жо қилмоқни истаганларимизнинг учқуни!

Сизга, яъни ойзодаларга аталган бу китобни момолар ўгити билан якунлаётганимиз ҳам бежиз эмас, оқила қизим!

Момоларимиздан, оналаримиздан эшитган, ҳикматга тўлиқ китоблардан ўқиганларимиз бу ўгитларни айнан сизнинг ёшингизда қулоғингизга атай қуяётганимизнинг боиси, ҳозир сиз шундай ёшдасизки, билган, кўрганингиз – кўзингизга, эшитганингиз – қулоғингизга, ёққани эса қалбингизга жо бўлади. Хуллас, она қизим, булар хотирангизга абадул муҳрланади.

Уларнинг кўпларини ёшлигингиздан бери сиз, албатта, эшитгансиз. Нега шундай дейишаркин, деб ўйлаганингиз ҳам бордир. Ўйлаганингиз, мушоҳада қилганингиз жуда маъқул.

Бу ўгитларнинг айримлари ҳозир сизга тушунуксиз кўринар. Лекин вақти келиб, сиз уларни, албатта, эслайсиз, албатта, уларнинг қадрига етасиз, биз кутгандан ортиқ уларга амал қиласиз. Биз сизга етказган бу ўгитларни сиз кейинги авлодлар қалбига етказишингизга, уларнинг ҳикматини оширишингизга ишонамиз.

Оиланинг тарихи Одам Ато ва Момо Ҳавога бориб тақалишини биласиз. Оила ҳақида кўп халқларда талай китоблар битилганидан ҳам хабарингиз бор. Ҳар бир оила кутубхонасида ўша китоблар терилган алоҳида жавон, ҳеч бўлмаса токча бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир аёл ўз пешонасига битилган бахтни маҳкам ушлаб қола билиши учун оила одоби, маданияти ҳақидаги китобларни ўқиган, ўқиганини уққан ҳам бўлиши керак. Сиз бу китоблардан момолар, оналар, опаларнинг ҳикматона ўгитини кўплаб топасиз. Вақти келиб, улар сизга тўғри йўл кўрсатади, руҳингизга қувват беради.

Кези келганда бошқаларга айтиш хотирангиздан кўтарилмаслиги учун «Момоларнинг ўгити» деб номланган дафтар тутсангиз, кўнглингизга озиқ берган ҳикматларни унга ёзиб юрсангиз ҳам чиройли иш бўлади.

АВВАЛО, АССАЛОМУ АЛАЙКУМ

* Салом – бу Оллоҳ исмларидандир. Оллоҳ уни ерга нозил қилди. Саломни ораларингизда кенг тарқатинглар, деб даъват қилинади ҳадисларда.

* Ҳа, она қизим, ҳар ишнинг боши «Ассалому алайкум!» ва «Бисмиллаҳир роҳманир раҳийм!» дир. Ҳадисларда айтилишича, «бисмиллаҳ» билан бошланмаган ишнинг охири кесикдир, яъни бекикдир.

* Шарқда салом бериш одобига катта эътибор бериб келинишини унутманг. Кишининг саломига қараб одобига баҳо берилиши ҳам рост гап.

* Салом беришдан олдин гап бошлаган одамга уйингизга киришга рухсат берманг, деб таъкидланади ҳадисларда.

* Кўча-кўйда, айниқса, одамлар сийрак жойда таниш ёки нотанишлигидан қатъи назар, яқин турган кишига, айниқса катта ёшдагиларга салом беришни унутманг.

* Бир хонадонга меҳмонга, йиғинларга борганда у ерда йиғилган жамоага, албатта, салом бериш лозим.

* Йиғиндан барвақтроқ чиқиб кетадиган бўлсангиз ҳам салом берасиз. Бу – хайрлашув саломи бўлади.

*Ўз уйингизга келганда ҳам хонадон аҳлига салом беришни унутманг.

* Саломни пок ҳолатда ва самимият билан беринг.

* Ёши кичиклар ёши улуғроқларга биринчи бўлиб салом берадилар.

* Кишиларга салом бераётганда чеҳрангиз очиқ бўлсин.

* Салом имо-ишора билан эмас, овоз чиқариб берилишини унутманг.

* Саломга жавоб бериш одобига кўра алик олувчи ҳам пок, очиқ чеҳрада бўлиши, салом берганга раҳмат дейиши керак.

* Бошқа миллат кишиси салом берганда ҳам ҳурмат кўрсатиб, алик олиш лозим.

* Кўп одам турган бўлса, ораларидан бир киши саломга жавоб қайтарса етарлидир.

* Эсингиздан чиқмасин, саломга ишорат билан эмас, овоз чиқариб алик олиниши ва салом берган киши буни эшитиши лозим.

* Дўстларни яхши кунлари билан муборакбод этмоқ даркор. Шодлик айёмида, чунончи, фарзанд туғилса ёки узоқ сафардан қайтиб келганда биродарларни муборакбод этиш уларнинг шодлигига шодлик қўшади.

* Муборакбод этгани борганда хурсандлигингизни изҳор этинг, ғамгин ва малоллик қиёфада кўринманг, маърака эгасини табриклаб, узоқ умр ва хуррам ҳаёт тилаб дуо қилинг. Агар келин тушган бўлса, хайру барака, оқилу доно фарзандлар тиланг.

* Узоқ ўтирманг, уй эгаси қўймай қистаса, бир муддат ўтириб, кўнгилочар гаплардан гапириб, уй эгасининг кайфиятини хушнуд этинг. Имкониятга қараб, туҳфа-тортиқ қилиб боринг.

* Касал одамни бориб кўришнинг кўп савоби ва фазилати бор.

* Намозгардан кейин касал кўришга боришнинг хосияти йўқ.

* Бемор ётган уйга кирганда кулиш, йиғлаш ўринсизлигини унутманг.

* Хаста қариндош, дўст ёки қўшни бўлса, эҳтиёжи сўралиб, тузалиб кетишини сўраш, хулоса қилиб айтганда, хастага изтироб эмас, қувонч бериб, кўнглини олиш керак. У ёқтирадиган егулик олиб бориш жуда ўринлидир.

* Қайғу-изтиробда бўлган хастани сўз ва ҳар хил муносабатлар билан хафа қилишдан қўрқиш, Оллоҳдан шифо тилаб, хайрлашиш лозим.

* Касал олдида кўп гапирманг. Бемордан ҳазар қилманг. Касалга мулойим сўзлар айтиб, тасалли беринг.

*Беморни чарчатмаслик учун узоқ ўтирманг.

* Таъзияга борганда кам гапиринг.

* Таъзия эгаларига ўзингизнинг нечоғли яқинлигингизни кўрсатмоқ учун сочингизни ёйиб, юзингизни юлиб, кўксингизга муштлаб, қаттиқ дод-фарёд қилиб, уввос солиб йиғламанг.

* Беҳудага бемаъни гапларни гапирманг. Буларнинг ўрнига мотам эгаларига сабру қаноат тиланг, марҳумни яхшилик билан хотирланг, қўлингиздан нима ёрдам ёки хизмат келса, аяманг.

* Кишиларга ёмонлик қилиб, яхшилик кутманг.

* Биров чақирганда жавобингиз «Лаббай!» бўлсин. «Лаббай!»нинг маъноси жуда кенг. У «Сизни эшитаяпман!», «Хизматингизга ҳозирман!», «Малол келмаса, гапингизни қайтариб юборинг?», «Бу гапга нима дейсиз?» кабиларни ҳам англатади.

* Эшикдан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, танишингиз ёки бегона одам келса, аҳволи руҳиятингиздан қатъи назар, ўз ташвишингизни яшириб, очиқ юз ва табассум билан кутиб олинг.

* Биров сиздан бир нарса сўраб келса, имкони борича қуруқ қайтарманг. Сўраганнинг бир юзи, бор бўла туриб бермаганнинг икки юзи қора дейдилар.

* Тансиқ таом пиширсангиз, олдини албатта уйдаги катта ёшли кишиларга берганингиздек, икки ёнингиздаги қўшнингиз билан баҳам кўришни унутманг.

* Қариндош-уруғникига борганда имкон қадар қуруқ бормасликка ҳаракат қилинг, жуда бўлмаганда болаларига бирор нарса олиб борсангиз чиройли кўринади.

* Киши йўқман деб зорланаверса, борининг ҳам баракаси учади.

* Уйингизга келган меҳмоннинг иззатини жойига қўйинг. Элда «Йўқча гуруч ош бўлур, меҳмон кўнгли хуш бўлур», деган нақл бор. Кишининг кўнгли сал билан кўтарилади, сизнинг эса яхши номингиз чиққани қолади.

* Меҳмон кетаётганда етти қадам бўлса ҳам бирга кузатиб чиқинг.

* Эркак киши билан рўпара келганда, орқага тисарилиб, унга йўл беринг.

* Икки киши суҳбатлашиб турган бўлса, ўрталаридан ўтиш – беодоблик.

* Кўча супираётганингизда, сув сепаётганингизда кимдир ўтаётган бўлса, ўтиб олгунича ишингизни тўхтатиб, четга чиқиб туринг.

* Ҳовли ёки кўчани супираётганингизда биров билан кўришишга тўғри келса, аввал супиргини чеккага қўйиб, кейин унга яқинлашинг.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации