Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 34 страниц)
ҚИЗЛАР МУҲАББАТГА ЖИДДИЙ ҚАРАЙДИЛАР
Мирзо Улуғбек туманидаги ўрта мактабларнинг бирида юқори синф ўқувчи қизлари билан бўлган суҳбатда залдан ижодкорлар минбарига шундай мактуб юборишибди:
«Ўзбек йигитларидан кўплари (аксарият шаҳарликлар, вилоятлардан келиб шаҳарда ўқиётганлар) рус қизлари ёки ҳаётга сал енгилроқ қарайдиган ўзбек қизлари билан кўп «висол» (русча – «свидание») қилишади. Бизнинг тилимизда – юришади. Ўша йигитлар учрашиб юрган даврларидаёқ шу қизларга ўлсалар ҳам уйланмасликларини билишади. Ёмон томони шундаки, буни «юрағон» қизларнинг ўзлари ҳам билишади. Унда…
Бундай висоллар уларга нима беради? Мақсад «ўйнаб қолишми»? Ёки қизлар билан йигитлар бундай муносабатларда «муҳаббат тажрибасини» орттирадиларми? Тўғри, улар балки беармон қучоқлашишар, ўпишишар… Учрашувлар бусиз бўлмайди дейишади. Оқибатда, доғда қолаётганлар тобора кўпайиб кетаяпти. Газеталарда, радио-телевидениеда уларнинг афсусли, пушаймонли дил изҳори тобора кўпроқ берилаяпти. Айрим газеталар учун бу «мода», «сенсация» дейишади. Балки бизга ўхшаган ёш қизларга ибрат бўлсин, деб бундай хатларни кўплаб беришаётгандир. Ўқитувчимиз бўлса қизлар ҳаётга жиддий қараши керак, газеталарга бундай хатларни ёзаётган қизлар ақлсиз ва беандиша қизлардир, дейдилар. Худо ҳамманинг пешонасига бир чиройли тақдир битган, албатта, унинг қадрига етиш керак, дейдилар.
Ўша йигитлар, ўша ҳайиқмайдиган қизлар вақти келиб «пешонасига битилганига» етишишганида ўз тақдирига битилгани билан биринчи бўса, биринчи висол қадрига ета олишармикин?
Қизларнинг туйғулари, кечинмалари, умуман, ҳамма нарсаси анча чуқурку! Демак, бўлиб ўтганлар, кўрган, кечирганлари уларнинг бир умр эсларида қолади. Ўша юрағон қизларнинг худо ярлақаб бахти очилса, оила қурса, ҳақиқий висол онларида уларнинг ҳоли нима кечади? Ўша хотираларидан уялиш, эрим билиб қолмасмикин, қулоғига етиб келмасмикин деган қўрқув, андиша бир умр уларни қийнаб ўтмайдими?..»
Шу мактубни ҳеч хаёлимдан чиқара олмайман. Назаримда, қизгина ўзи кўндаланг қўяётган саволларига ўзи ва яна жуда тўғри жавоб бераётир. Ахир унинг охирги сўзларига «Тўғри юрган, тўғри турган одам виждон азобига қолмайди», деган маъно яширинган-ку!
Ростини айтсам, мени севинтирган нарса ҳам айнан шу бўлди. «Ҳаётга енгил қарайдиганлар», «юрағон», «ҳайиқмайдиган» қизлар борлигидан хавотири, охирги саволига яширган маънога кўра, қизгинанинг ўзи кўп ўзбек қизларимизга хос бўлган оғир-босиқликни олий фазилат биладиганлардан, бокиралик, шарм-ҳаё қизларнинг энг катта ҳам бойлиги, ҳам афзаллиги деб ҳисоблайдиганлардан бўлса керак, деган ишонч юрагимга қувват беради.
Ҳаётда «Сув келса – симирадиганлар», «Тош келса – кемирадиганлар» аксарият шундай қизлардан, мулоҳазалилардан чиқади.
Бундай қизлар оламга, одамга, оилага, демакки муҳаббатга ҳам жиддий қарайдилар. Қизгинанинг ўзи ҳам таъкидлаяпти: «Қизларнинг кечинмаси, туйғулари, умуман ҳамма нарсаси анча чуқур-ку!» У нақадар ҳақ!
Фақат қизгина ёшлигига борибми ёки кўзлари кўчаларда, транспортда, истироҳат боғларида кўп кўрганларига таянибми, европаликлар («рус қизлари») учун «юрағонликни» табиий деб қабул қилаётганга ўхшайди. Аслида бундай эмас.
Аслида аёл кишининг ҳаёти эркакларникига нисбатан минг бора нозикроқ ва серқирралироқ эканини ҳамма миллат вакиллари баб-баравар эътироф этишади. Ўрта аср маданиятида бўлгани каби янги даврда ҳам айни ўша Европа аёлларининг ахлоқий поклиги мезонларида ҳам асосан бизнинг қизларимизга хос бўлган бокиралигу, шарм ва ҳаё устун қўйилади.
Ҳамма миллатларда ҳам қизлар муҳаббатга жиддий қарар эканлар. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ва айни шарм ва ҳаё ҳамма миллат аёллари учун уларни минг бир балолардан муҳофаза этувчи қалқон бўлиб келган, шундай бўлиб қолади.
Ҳадисларда «Ҳаё – иймондандир», деб бекорга айтилмаган. Менимча, ҳаё – аввало худодан, қолаверса, бизни таниган ва танимаган одамлардан уялишдир. Қудсий ҳадисда келтирилишича, Аллоҳ Таоло буюрмишки: «Эй инсон фарзанди, агар мендан уялмасанг, ҳарна хоҳласанг қил!» Яъни, оқибат мендан уяладиган, менинг қаҳримга лойиқ ишларга йўл қўймайдиган иш бўлса, хоҳлаганингни қил, акси бўлса, охири ёмон.
Ана шу чегарадан қўрқмай ўтадиганларнинг муҳаббати чин муҳаббат бўла олармикин? Ундай муҳаббатнинг оловига исина олмасанг ҳам, тутуни бир умр кўзларингни кўр қилиши, ёшлантириши муқаррар-ку. Қизгина айтмоқчи «Оқибатда доғда қолаётганлар тобора кўпайиб, газеталарда, радио-телевидениеда уларнинг афсусли изҳорлари тобора кўпроқ берилаяпти…»
Ҳамма миллатларда ҳам қизлар муҳаббатга жиддий қарайдилар деганимни Урвингнинг қуйидаги сўзлари билан тасдиқламоқчиман: «Муҳаббат бобида аёллар эркакларга нисбатан анча сермулоҳазакорроқлар, чунки муҳаббат аёл учун чин маънодаги улуғ туйғу ва бутун ҳаётининг мазмунидир».
Бундай ўйлаб, солиштириб, қиёслаб кўрсанг, умумбашар ахлоқ дастури амалларининг аёл аталмишнинг олдига қўяётган талаблари бир хил ва бизнинг аждодларимиз қиз бола тарбиясида бунга, айниқса, қаттиқ риоя этиб келганлар.
Қатор илмий китобларда қайд этилишича, муҳаббат, оила масалаларини ҳал этишда йигитларда аксарият биологик омил (чирой, қад-қоматнинг келишганлигига эътибор) устунлик қиларкан. Қизларнинг эса фақат кўзи билангина эмас, қалб билан, ақл билан, ҳатто қулоқ билан ҳам севишини биламиз. Демак, уларда биологик, руҳий, ақлий, ижтимоий омиллар қарийб баробар иш беради. Туйғуларининг чуқурлиги балки шундандир. Лекин менинг назаримда, ҳар бир одимнинг оқибатини ўйлашда ҳам, улар шу тўрт омилни баробар ишлатсалар керак.
Йўлда юрмасанг ҳам, доимо йўлнинг бошини кўзла, деганлар. Катталарга қулоқ солсанг, ҳаёт тажрибасидан келиб чиқилган ҳикматларни кўп эшитасан. «Севганида энг ақлли йигит ҳам тентак бўлиб, қизнинг эса ақли тўлишади», деган гапнинг маъносини аёл жинсига мансуб ҳар бир инсон яхшилаб англаб олишини жуда-жуда истардим. Чин муҳаббатнинг ҳақиқий қўриқчиси бўлиши айнан аёлга буюрилганига ишора бор эмасми бу сўзларда?
«Аёлнинг бир тола сочи билан филни боғлаб қўйса бўлади», деган мақолга ишонгим келади. Айни пайтда ҳалиги қизгинанинг хавотири кўнглим тубида турибди! Кўпчилигимиз «Войэй, жуда рисоладагидек қизлар экан!» деб юрганларимиз орасида «юрағонлари», кўра-била туриб тиконга, чўғга оёқ босаётганлари ҳам бор. Чамаси бундайлар ҳамма замонларда ҳам бўлган шекилли. Менга қаттиқ таъсир қилган бир ҳадисни эслатиб ўтмоқчиман.
Саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббоснинг гувоҳлик беришича, Муҳаммад с.а.в. шундай деган эканлар: «Менга дўзахдаги даҳшатли манзарани кўрсатдилар: у ердагиларнинг аксари кўпчилиги ношукр хотинлар эдилар». У зотдан сўрадилар: «Ё, Расулуллоҳ, бу аёллар Худога ношукрлик қилдиларми?» Пайғамбаримиз жавоб қайтардилар: «Улар ўз эрларига нисбатан ношукрлик қилганлар. Агарда бундайларга доимо яхшилик кўрсатсанг-у арзимаган айб сендан ўтса, ношукр хотин: «Мен сендан ҳеч бир ёруғлик кўрмадим», деб айтади», – дедилар ва давом этдилар: «Қайси бир аёл ўлса, эри ундан рози бўлгандагина жаннатга тушгайдир».
Бу ҳадиснинг умри қарийб бир ярим минг йиллигига кишининг ишонгиси ҳам келмайди. Ахир «Мен сендан нима кўрдим?» ни ҳозир ҳам ҳар қадамда эшитаяпмиз-да.
* * *
«Муҳаббатнинг ўзи бор нарсами?» сўрашади минг бор қоғозда-ю оғизда ўша мактабдаги учрашувга ўхшаш суҳбатларда. Жавобига ҳам минг бора «Бор!» деймиз. Сўзимизни китоблару ҳаётдан олинган мисоллар билан мустаҳкамлаймиз. Аммо бугунги куннинг руҳи билан яшаётган ёшлар яна «Нега ҳамма муҳаббат тўй тантаналари-ю, нари борса яна бир-икки ой нари-берисида ўлади?!» деб сўрашади.
Бунга нима деб жавоб берасиз?
Ахир бу аччиқ, лекин – ҳақиқат!
Яна узоқ баҳс-мунозарага киришамиз. Мавзуни бу ёққа буришимизга, сирлашиб олишимизга қизларни қизиқтирган шу саволлар ҳам сабаб бўлгандир.
Тўйни қизларимиз қандай тушунишади ўзи? Тўй улар назарида икки қалбни бир яхлит Қалбга айлантирувчи, Муҳаббатнинг «сеҳрли оламига» йўналтирувчи «сим-сим»ми ёки бирини икки қилиб берадиган, зеб-зийнатини кўпайтирадиган халфанами?
Ёр қучоқда бўлса ҳамки, кимдир у, билмаймиз ҳеч,
Ойнадек ойдин агарчи бағримиз бўстонимиз…
деганлар Мирзо Бедил.
Қизларимизнинг асл мақсадлари шу сирларни билиш – ёрни таниш, уни суяш, унга суяниш, ойнадек ойдин бағрини унга бахшида қилиш, момоларимиз тили билан айтганда «Эрни эр қилишми?»
Ёрни улар
Сизни мен ўзимга ҳам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб…
даражасида ўзларининг Ўзларидан-да юқорироқ қўя оладиларми?
Уйидан ўтганини дугонаси борми, таниш-нотаниш борми – кўнглини дастурхон қилиб ёзиб юрган, шу билан ўзини ҳам қийнаб, оилавий муносабатларини ҳам мушкуллаштираётган келинлар қайдан пайдо бўлаяпти?
* * *
Иш тақозоси, жамоат ташкилотларининг топшириғи билан кўплаб оилаларни, айниқса ёш оилаларни ўрганамиз. Афсуски, кўп ёш жувонлар табиатида очкўзлик, юлғичлик, ҳатто маълум даражада агрессивликни кўриб, лол қоласан киши. Уларда аёл жинсига хос бўлган назокат, нигоҳида тиниқликни қидирманг, овора бўласиз.
Санаб ўтилган бу барча салбий фазилатлар асосан тўйдан кейин, турмушнинг дастлабки йилларида намоён бўлади. Гўё сал олдинги «асалдеккина», «шакардеккина», «ширин сўзли», «иболи» қиз умуман бўлмагандек. «Уч ой ўтмай муҳаббат деб ўйлаб юрганларим саробга айланди!», «Тўйдан кейин кўп ўтмай муҳаббатим битмас-туганмас қаҳрга айланди!» деган гаплар ҳам учрайди қизгина айтмоқчи матбуотда ҳозир кўплаб босилаётган мактубларда.
«Муҳаббатдан қаҳргача бўлган масофа – бир қадам!» дегувчиларга ишонмайман.
Инсон кўнгли султониятида бир туйғунинг пайдо бўлиши, унинг тилини «Ҳа!» ёки «Йўқ!» деган қарорга келтиргунича бўлиб ўтадиган жараёнлар жуда мураккаб жараёнлардир. Бир туйғу турғун бўлгач, унинг акс туйғуга ўсиб ўтиш жараёни унданда мушкул руҳий эврилишдир. Балки дод дейишдан олдин: «Юрагимдаги ўзи чин муҳаббатмиди?» деб сўралгани, чуқур мулоҳаза қилингани маъқулдир?!
Худога беадад шукрки, ҳаётда чин муҳаббатнинг ўз соҳибларини руҳан енгилмас қилганининг, кемтигини тўлдирганининг, ҳусни йўққа жозиба ато этганининг кўп маротаба шоҳиди бўлдик. Ҳамманинг диди ҳар хил эканлиги тўғри. «Кишининг диди билан рангга баҳо беришда – шерик бўлмас» («На вкус и цвет – товарища нет»), дейди одамлар. Бироқ кўпчилик хунук деб эътироф этган аёлнинг (аёлларга нисбатан бундай сифатни ишлатганим учун Аллоҳ кечирсин!) ҳам бола эмизаётгандаги рухсорига бир қаранг! Қанча меҳр бор! Қанча нур бор! Айни пайтда қаҳрни ифода этган гўзал чеҳра ҳам сизни ўзидан итаришига неча бор шоҳид бўлгансиз-ку! Аёл кишининг қаҳри ўз умр йўлдошинигина эмас, борлиқни ҳам кунпаякун қилиши мумкин. Минг афсуски, бу ақида тобора кўпроқ қалбларда турғун бўлиб қолаяпти.
Аёлнинг беадад меҳр ярашган чеҳрасига бу қаҳр қайдан келди? Нечун бу қаҳр аёл чеҳрасида тобора турғун бўлиб қолаяпти, деган саволни ҳам кўп беришади. Аввало бу ҳадисда айтилган аёлнинг ношукрлиги, ўзи чин деб қабул қилишга уринаётган туйғулари асли ёлғонлигидан, Худонинг ўзига берган буюк яратувчилик кучини туйиб юришга ожизлигидан эмасмикин, деб кўп ўйлайман.
Суҳбатни жуда кўтаринки руҳда бошлаб, охири ўзингиз ҳам тушкунликка тушиб кетмадингизми, деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, ундай эмас. Ҳаёт сўқмоқлари нотекислигини, бу йўллардан чидаганларгина омон чиқишини яхши биламиз.
Мен аввало қиз-келинларимизнинг ҳаммаси шундай, деяётганим йўқ! Қизларимизнинг юрак билангина эмас, ақл билан ҳам севишини юқорида айтдик. Йигит томонидан ўта эҳтиросли муҳаббат тўлқинига дуч келганда ҳам, чин муҳаббатли, ақлли қизлар «Жиннилик қилманг!», «Девонаи Машраб бўлиб кетинг-э!» дан тортиб, бу эҳтиросни жиловлашнинг ҳам, муҳаббатларини оёқ ости қилдирмасликнинг ҳам, айни пайтда йигитларни тўғри тарбиялашнинг ҳам минг бир йўлини топадилар. Ҳайрон бўлманг, аёл – бош тарбиячи!
Мени хавотирга солаётгани бошқа: аввало хаёл, ҳавас, қолаверса, ҳирс гирдобига ўзини ўйламай отганлар кейин «Билмайин босдим тиконни, тортадирман жабрини!» деб бутун жамиятни оёққа турғизиш ниятида, ўз хатоларини, тўғрироғи гуноҳларини уялмай матбуотда муҳокама қилишга ундайдилар. Ҳали ўзлари ҳам тушуниб етмаган туйғулари, ҳатто ҳаракатлари, майллари, истакларини ўртага дастурхон қилиб ёзадилар.
Инсон аввало ўзини билиши керак, ўзини билган худосини ҳам билади, деганлар донишмандлар.
Унда, «Муҳаббат гирдоби»га ўзини кўпинча ўжарлик билан отаётганда ҳеч кимга билдирмаган, ҳеч ким билан маслаҳатлашмаган қизлар (эндиликда ёш жувонлар) нега айбли, ҳаёсиз ишларини тафсилотлари билан ошкора этишади, деб ҳам ўйлайман.
Тўғри, инсон табиатида бошқаларнинг эътиборини ўзига қаратиш хусусияти анча турғун. Қолаверса, инсон худди болалигидаги каби бир меҳрибон кишининг ўзига ачинишини, бошини силашини исташи умрининг охиригача сақланиб қолади ҳам. Лекин ўз хатолари, ўз гуноҳларини достон қилишдан мақсад ҳам ўша инсон табиатидаги эътибор талабликнинг бир кўриниши деб бўлармикин?
Кеча танишган йигитга бугун ўпич беришга рози бўлган қизлар ҳақида, ота-онасининг ризолигисиз, никоҳсиз қовушган қизлар фарёдини ўқиганда айримларнинг «Аввалроқ калланг қаерда эди?!» деганларини кўп эшитганмиз. Аксарият одамлар қалбларини минг титкиламасинлар, бундай қиз-аёлларга нисбатан ачиниш ҳиссини топа олмаётганликларини ҳам айтишади. Аксинча, муҳаббатдек улуғ туйғунинг ниқоби остига беркинганларга, шу муқаддас сўзни хор қилганларга кўпчиликнинг қаҳри ҳам келади. Лекин бу аксарият катта ёшдаги аёлларга хос мулоҳаза, хавотир, куюниш…
– Кумушлар, Раънолар шунча майдалашиб кетдиларми? – деганди кўпни кўриб қўйган китобсевар дугонам.
Кўп газета ва журналларда тобора бодраб бораётган бундай кўнгил изҳорларининг ёшларга, муҳаббат остонасида турган қизларга таъсири бўлакча бўлишидан қўрқаман. Оммавий ахборот воситаларида шундай кўнгил изҳори – хатларга саҳифа-саҳифа жой ажратилиши тўғримикин, деб ҳам ўйлайман.
Русларда «Тақиқланган мева ширин туюлади» деган мақол бор. Айрим хатларни чоп этиш билан ҳали туйғулари, майл ва онглари тўла шаклланиб улгурмаган ёшларнинг қизиқиши, ҳирсини уйғотиб қўймаяпмизми? Кўнглида ҳаёсизлик ёки гуноҳга ҳазардан аввалроқ, ўзлари ҳам яширинча бўлса-да, синаб кўриш хоҳиши туғилиши ҳам мумкин-ку. Чунки ёшлик – бебошлик, деб, бекорга айтишмаган-ку.
* * *
Хавотирларни ростга яқин далил билан кунпаякун қиладилар: «Ҳозирги қизлар бошқача!»
«Сизларга маза – бизга ваҳимали қилиб кўрсатишаётган даврдан эсон-омон ўтиб олгансизлар. Биз учун ҳали ҳаммаси олдинда! Шу йўллардан покиза ўтиб олишимизга ёрдам берсангизлар, адашганлар кам бўларди!»
Бу – ўша Мирзо Улуғбек туманидаги учрашувда юқори синф қизининг билдирган мулоҳазаси.
Исмингиз нима эди-а, қизгина? Гулгунми, Дилбарми, Саодат ё Севарами? Наргиза ёки Гулчеҳрами?
Сўзларингиз менга қанчалик қувват берганини билсангиз эди!
Дилимдагини юзага чиқаришимга синфдошингизми, мактабдош дугонангизми минбарга жўнатган мактуби сабаб бўлганди. Унинг ва сизнинг сўзингиз дилимда қачондан бери паноҳ топмоқ истагида бўлган фикрни барқарор қилди: «Фарзандларимиз биздан кўра тасаввур қилиб бўлмас даражада ақллироқ, мулоҳазакорроқдир! Биз уларнинг ёшида бунчалик ақлли эмасдик. Фақат уларда шакл ҳам тасаввур қилиб бўлмас даражада биз катталар учун аксарият салбий бўлиб кўринадиган томонга ўзгарган, лекин мазмун – ўша-ўша!»
Йўқса, «ўтиш давридан» эсон-омон ва покиза ўтганларга «маза!» деб ҳавас қилишмасди. Яхшиларга эргашиш – адашмасликнинг тўғри йўли эканини англашмасди. Покиза ўтиб олишни, этакларига гард юқтирмасликни орзу қилишаяпти ахир! Яхши ният – ярим амал! Умид – ишонч йўлининг боши ахир! Йўл юриш олдидан йўлнинг бошини кўзлашаяпти-ку ахир!
Бу ҳолатни ҳис қилмоқ, тушунмоқ, фарзандларимизга тенглашмоқ керакдир бизга. Ҳатто муҳаббат бобида ҳам улар устунроқ, тезоброқ кўринадилар.
Ҳа, қизларимиз момолари, оналари, опалари каби ҳамон муҳаббатга жиддий қарайдилар! Шундай бўлиб қолади, иншааллоҳ!
ШАҲЗОДАНГИЗ КЕЛУР АЛБАТ
Севги… Муҳаббат…
Яшириб нима қилдик, бу – одамзодни кўп қизиқтирган, лекин ҳали ҳеч ким таърифини мукаммал қила олмаган мавзу…
Нима бўлганда ҳам муҳаббат жуда индивидуаллиги, яъни ҳар бир киши уни ўзича, ҳеч кимга ва ҳеч кимникига ўхшамаган тарзда бошидан кечириши аниқ. Инсонни муҳаббатдан узилишига, шунчалар мураккаб туйғудан кечиблар кетишига йўл қўймайдиган яна бир буюк ҳақиқат ҳам бор: муҳаббат инсонни олижаноб қилади, қалбини тозартади, бошқаларга меҳрибонроқ, ғамхўрроқ, фидойироқ қилади, келажак режаларини тузиш ва уларни бажаришда ботирроқ қилади. Унинг ички оламини нурга тўлдиради. Шулардан ҳам кўриниб турибдики, муҳаббатнинг инсон камолотида мавқеи беқиёс.
Лекин шундай таърифи чиройли нарса қалбимизга қачон, қандай кириб келишини олдиндан ҳеч биримиз билолмаймиз. Бировда олдин, бировларда кейин… Бировларда ёниб-куйиб, бировларда суйиб-суйилиб…
Ҳамма ўқиган китобларингиз ичида шу мавзуга кўп қизиққанингиз ҳам, бир чиройли муҳаббатни орзу қилганингиз ҳам, уни кутганингиз ҳам рост. Ҳали қизалоқ вақтингиздан кўрибкўриб тўймаган, ҳатто ўша кичик ёшингизда ҳам ичингизда енгил хўрсиниб-хўрсиниб томоша қиладиган, сизни ҳаяжонга соладиган «Қизил елкан» (эсингиздами?) фильмидаги покиза қиз Асоль каби кутяпсиз… Сиз ҳам у каби атрофингиздаги шароит, муҳитдан қатъи назар бир бокира, иффатли қиз бўлиб борлиғингизни, ўзингизни «фақат унга» бахшида қилгингиз келади. «У» эса ҳали йўқ. Аммо келишига ишонасиз. Шунинг учун сабр билан кутасиз… Кутасиз…
Бу ҳали тушунуксиз, аммо умидли кутишингизда беихтиёр қулоғингизда жаранглаб қоладиган «Сиз ўшами?» сизга қувват беради. Сиз «Уни» аниқ-таниқ ёнингизда кўряпсиз, оташ нафасини ҳам сезаяпсиз, бу нафас юзингизни куйдираётгандек… Қалбингизда Кумушнинг Отабекни чимилдиқда биринчи бор кўргандаги ва ўз бахтига ишониб-ишонмай тургандаги титроқли ҳаяжони… Ёшлигида бу хаёлларнинг ҳаётга айланиб қолишини орзу қилмаган қизнинг ўзи бўлмаса керак…
Ҳатто ўз тақдиримизни ҳал қилишни ота-онамиздек яқинларимизга ёки «бировлар» қўлига топширишаётганда қалбан исён кўтаришга қодир энг шаддодларимизни ҳам титроққа солади Кумушнинг бу сўзлари. Узатилаётган неча қизларнинг болиши остида шу «Ўткан кунлар», «Чолиқуши» ва яна бошқа китоблар! Нега? Нима бор бу китобларда? Нега Кумушнинг, Фариданинг мактубларини ҳеч унутолмаймиз? Бир ўйлаб кўринг-а!
Биринчи ўринда – энг гўзал Ҳаё бор уларда! Яна ҳаёнинг қиз қалбида турғунлиги, мустаҳкамлиги оқибатида келадиган Итоат… Сабр… Тоқат… Ва ниҳоят, шуларга бош эккани учун улкан ажр: «Сабрнинг таги олтин!» Қизнинг нуқрадек кўз ёшларида сим-сим оқиб кетаётган умидларнинг, қалбида сўнибсўниб бораётган муҳаббат шамининг БАХТ бўлиб порлаши эмасми бу! Отабекка шундай мактублар битган оқила, зукко, покиза Кумушдек бир қизнинг, Отабекни дор остидан қайтаришга қурби етган Кумушнинг ўзи билмаган, кўрмаган, ишонмаган бир одамга турмушга чиқишга қарши исён кўтаришга қурби етмасмиди? Етарди. Тўйи эсингиздами? У ҳаё, уят пардасини босиб ўтолмай, ота-онаси лозим кўрган йигитга турмушга чиқиши керак… Удумларга қарши чиқишга, азиз отасининг бошини хам қилишга, мунис онасини номусларга қолдиришга ички бир куч, у ҳам бўлса – ҲАЁ йўл бермади. Эвазига мукофот олди: қаршисида Отабекни кўриб, «Сиз – Ўшами?!» дейишдан, кутилмаган бахт мадҳиясидек янграган ажиб кулгудан ўзини тиёлмади…
Ҳаё – қиз қалбини не-не мавҳумликлар, балолардан асрайдиган қалқон, не-не шамолларга бермайдиган ишончли устун.
Қизларимизнинг миллий ўзлигини, қизларимизнинг менталитетимизга хос шаклу шамойилини бир-икки жумла билан ифодалаш қийинлигини биласиз. Аммо мумтоз адабиётимизда ҳам, хориж адабиётида ҳам, ҳаётда ҳам, юқоридаги шу икки сўз – «Сиз – ўшами?» билан қизларимизнинг бутун ички оламини намоён қила оладиган мисоллар жуда кўп.
Нодирабегим ҳақидаги ривоят эсингиздами?
Подшоҳлар ҳаётида ҳам бўларкан-да… Кунларнинг бирида базму жамшид оқибати сархуш келган амирга нимадир маъқул келмай, Нодирабегимнинг жавобини берибдилар: «Кўнглингизга керагини, қўлингизга сиққанини олинг-у уйингизга кетаверинг, тонг отиб, уйғонганимда сизни бу ерда кўрмай…»
Малика бўлсалар ҳам «Эр амри – вожиб!» деган гап уларга ҳам тегишли. Амир уйқуга кетгач, Нодирабегим ишончли кишилар кўмагида уни шоҳона ясатилган аравага олиб чиқиб, она юрт – ота уйи томон йўл оладилар. Йўлнинг талай қисмини ўтганда амир чанқаб уйғонадилар-да, Нодирабегим берган сувдан ичиб, куйган кўнгилларининг ҳовури пасайиб, аравада кетаётганларидан ғоят ҳайратланиб: «Нима қиляпсиз?» деб сўрайдилар. «Отамникига кетяпман!» жавобини эшитгач, бадтар ҳайратга тушиб: «Мен-чи?» саволини берадилар. Шу ерда уловни тўхтатмаёқ, маликаи даврон изоҳ берадилар: «Амирим! Тунда мен учун қадрли нарсаларни олиб, отамникига кетишимни амр этдингиз. Даргоҳингизда менга сиздан бўлак қадрли нарса йўқ, амрингизни бажаришим керак бўлгани учун сизни аравага солиб, отамникига қайтаяпман!»
Айтишларича, маликанинг ақл-фаросатига қойил қолган амир умрининг то охирига қадар эс-ҳушини йўқотар даражада майхўрликка берилишдан ўзини тийган экан.
Аёлларга хос бўлган муҳаббат, буюк садоқат ва поклик нафақат унинг ўзини ва ўзлигини, балки жамиятни ҳам фахш ва зино қабоҳатидан сақловчи энг катта қуролдир. Фариданинг («Чолиқуши») кундалигини варақлаганингизда бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилдингиз. Эсланг, не-не бойлар, нене амалдорлар, зобитлар йўлиқмади унинг мусофирчиликдаги адоғи кўринмайдиган заҳар-заққумлар кечган йўлида. Шамдеккина парпираб турган севгиси уни не балолардан омон олиб чиқмади-я. Қизларимизнинг ҳар бири ўзларида ҳам шундай кучнинг борлигига ва ўзлари ҳам кўп нарсага қодир эканликларини билишлари, бунга ишонишлари керак.
Ҳаё ва вафо қизлар учун жуда керакли фазилатгина бўлиб қолмай, гўзал ахлоқнинг асосидир ҳам. Шундай ахлоқли қизлар гулдан гулга ўтиб қўниб юрган капалак мисол ҳар кимларга шайдо бўлиб қолавермайдилар. Ўз номларини пок тутадилар. Номни пок тутиш, аввало ўзига катта ҳурмат билан қараш, қизлик ғурури қадрини билиш демакдир. Кузатган бўлсангиз, аксарият бундай қизлар ўзлари ҳам кимнидир ёқтиришларини билдирмайдилар, аксарият ўша ёқтирган йигитларининг ҳамма айтган гапларига киравермайдилар, кўнгилларини дастурхон қилмайдилар. Ҳатто синаш учун улар билан жичча аччиқроқ ҳам бўладилар. Одатда, бундай қизлардан ҳар қандай бедов йигитлар ҳам ҳайиқиброқ турадилар. Аста-аста ўз камчиликларини йўқотишга киришадилар ва бунга эришадилар ҳам. Демак, унинг кўнгли борлиги рост, демак, унинг ниятлари жиддий.
Ҳаёли ва иболи қизларнинг харидорлари кўп бўлгани учун улар «совчи пойлаш»дан озодгина эмас, аксинча совчиларининг кўплигидан «куёв танлаш» мақомига ҳам эгадирлар. Совчилар ҳам покиза қизлар эшигида айланадилар-да.
Қизлар ўсмирлик чоғлариданоқ хаёлларида, орзуларида ўз идеалларини яратиб оладилар. Бироқ ҳаётда тўла идеал одамнинг бўлиши қийин. Идеалликка бир-бирини яхши кўрганлар бир-бирини тўлдириб, тузатиб, бир-бирига фидойилик кўрсатиб эришадилар. Шу жиҳатдан муҳаббатни инсон аста-секин яратади, десак тўғрироқ бўлар.
Яна кўп қизлар оддий ёқтириш билан муҳаббатни унча фарқлай олмайдилар. «Ишқ бошқа, ҳавас бошқа» деганларидек, инсоннинг ёқтирганлари кўп бўлиши мумкин, муҳаббати эса бир кишига бағишланади.
Таниқли актёрлар, шоирлар, чемпионлар, футболчи ёки теннисчиларни ёқтириб қолиб, суратларини йиғиб юрадиган қизлар ҳам кўп. Айрим қизлар дуч келган даврада тўплаган суратлари коллекциясини намойиш этиб, ундан ҳам ёмони ўша таниқли одамнинг қачон қандай кийим кийиши-ю, қачон уйлангани, тўйи қайси машҳур ресторанда бўлгани, нечта боласи борлиги, қайси санъаткор қизларнинг бошини айлантиргани ҳақида миш-мишларни уялмай «достон» қиладилар. Одатда, бундай ёқтириш кўп вақтга чўзилмайди. Ёрлақаса, бу ёқтириш муҳаббатга эмас, самимий мухлисликка ўсиб ўтиши мумкин. Аммо бундай қизларнинг шаънига бу ҳам яхшимас.
Яна қизлар ўртоқлик, дўстлик туйғуларини муҳаббат билан адаштириб, баъзилар қийналиб ҳам юрадилар. Кўп қизлар дўстлик, албатта, муҳаббат босқичига ўтади, деб ишонадилар.
Баъзан кишининг баланд бўйи, қадди-қоматининг келишгани, ўзини жуда улфатижон тутиши, ҳамиша ўзига ярашадиган кийимларни кийиши, суҳбатлар вақтида давра эътиборини торта билиши, шеър ёзиши ёки ёддан кўп шеър билиши, қўшиқ айтиши ёки бирон чолғуни чалишни билиши кабиларга қараб қизлар уларни ёқтириб қоладилар. Уларнинг ширин гапига учиб, шундай одамлар билан танишлигидан ғурурланиб, алданиб қолганлар ҳам бор. Ҳар бир қизнинг ўз шаҳзодаси, ўз тақдири бўлиши ҳақидаги ишонч уларда кунпаякун бўлади. Кишининг бундай алданишлардан кейин одамларга ишончи йўқолади, дунё ҳам кўзига кеча-кундуз қоронғу кўринаверади. Энг ёмони «номига доғ» тушади. Уни ювиш қийин кечади. Бундайларнинг яна ва яна «алданиши» осон, аста-секин бу ҳаёт тарзига айланади, бундай ҳаёт тарзини оқловчи воситалар ахтариб топилади… Ғурур эса яна қайтиб эсга олинмайди. Энг ёмони – ҳаё ундайлардан ҳазар қилади. Аксарият бундай қиз-аёллар вақтинчалик ёшликдаги хуштор ва жазманларини демаса, ёлғиз ўтишга маҳкумлар.
Йигитлар билан муносабатда эркин бўлмаган қизлар қолоқ, дегувчилар ўз маънавий ожизликларини ошкор этадилар холос. Ахир қиз қалби куч, қўполлик, беҳаёлик билан эмас, соф муҳаббатни кўрсатувчи чиройли ахлоқ ва одоб, одамийлик билан забт этилади.
Афсуски, ҳозир дунёда қизлар йигитларга нисбатан кўпроқ, шунинг учун ҳам уларнинг биринчи талаблариданоқ хўп дейиш керак дегувчилар ва оқибат, шундай қилганларидан изтироб чекаётганлар ҳам кўп. Ўзига фақат бир оқшомлик қиз қидираётган йигитлар бундан фойдаланиб қолишади. Ўзини ҳурмат қиладиган қизлар ҳеч бир вазиятда йигитларнинг ўзи билан бундай эркингина, суюқ муносабатда бўлишига йўл қўймайди, дастлабки учрашувларданоқ дуч келганга «кўзини сузмайди», албатта. Юқорида айтган бўлсак ҳам яна қайтарамиз, ниятлари, мақсадлари жиддий бўлган йигитлар биринчи талабданоқ ҳар нарсага кўнадиган қизларни ҳурмат қилишмайди, муҳаббат, оила ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу бекор гап эмас. Чунки…
Йигитлардан уларга қизларнинг қай фазилатлари ёқади-ю, қай фазилатлари ёқмайди деб сўралганда, улар кўпинча ёқадиган фазилатлардан дастлаб эзгу ниятлиликни, иккинчи камтарликни, учинчи ўринда оқилалик, тўртинчи ўринда назокатлиликни ва вафодорликни қўйишларини айтишади.
Ёқмайдиганлар сирасида эса биринчи бўлиб ахлоқсиз ва суюқоёқларни, иккинчи ўринга енгилтакларни, учинчи ўринга чекувчиларни, кейин қийшанглайдиган ва таннозларни қўйишларини айтишган. Буни унутмаслик керак.
Киши ёшлигиданоқ ўз шаъни ҳақида ўйлаши, ёмон отлиқ бўлиб қолишдан қўрқиши керак. Маънавий олами бўм-бўш қиз-аёлларгина ўз шаънлари ҳақида ўйламайдилар. Чунки улар асл ҳаётнинг мазмуни ўйин-кулгидан, ясан-тусандан, хушторларни алмаштираверишдан иборат, деб ўйлайдилар. Бундайлар чин муҳаббатни ҳис қила олмайдилар ҳам. Ҳар кимнинг пешонасига ўз шаҳзодаси, ўз ёрқин бахти, ўз муҳаббати битилганига ҳам ишонмайдилар.
Ҳолбуки, кишини юксакларга айнан муҳаббат кўтаради.