Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ИБОДАТГА УНДАР КЎНГИЛ
 
Аё сиз жабр чекиб, ҳар лаҳза изларсиз илоҳийни,
Ани излашга ҳожат йўқ, илоҳий – сиз, илоҳий – сиз!
 

Бу байт Жалолиддин Румийдан, келин болам. Одам, олам, эзгулик, одамийлик қадриятлари каби бу байт ҳам мумтоз ҳисоблангани билан ҳар бир авлод, ҳар бир инсон уни ўзича кашф қиладиган, ўзича мағзига етадиган дақиқалар бўлади. Ҳикматларнинг умри узоқлиги шундан.

Қай кечинмалар, қай кўргиликлар, қандай руҳий кўтаринкиликдан сўнг пайдо бўлганийкин бу умри боқий байт?

Кишилар умри давомида танҳоликни, ёлғизликни истаган пайтлар бўлади. Ҳеч ким сизни хафа қилгани йўқ, хеч ким муҳаббатингизни ҳам инкор этган эмас. Аммо сершовқин давралар, югур-югур кўчалар, кишиларнинг «керак!», «топ!» ташвишлари юрагингиз деворларига шундай зарбалар берадики, уни – қалбингизни беихтиёр ҳовучингиз орасига авайлаб олгингиз, эҳтиётлаб кимсасиз ерларга, тоғлар бағрига, тиниқ оқаётган сойлар бўйига, сарғимтир барглари чирс-чирс узилиб тушаётган боғларга, хуллас, сизнинг қалбингиз билан суҳбатингиз – ибодатингизни ҳеч ким эшитмайдиган ерларга кетгингиз келади! Ботаётган қуёшнинг қизил шафағига тикилиб туриб, кўзингиздан ёш сизиб чиқаётганини сезмайсиз ҳам. Майли, йиғланг! Бу ёшлар сизнинг шу сокин, сирли, муқаддас олам билан бирлашиб кетганингиз, уйғунлигингизнинг белгиси! Буни вақти-вақти билан бўлсада туймай қолишликдан асрасин худо!

Сезаяпсизми, ҳаётнинг ўзи муқаддас, ҳаётнинг ўзи илоҳийга айланиб бораётгандек кўриняпти-а сизга! Шу сершовқин, серғавғо, серташвиш оламдан муштдеккина юрагингизни олиб чиқиб кетганингизга, у билан – шу серғавғо оламда етимдек дилдиллаб қолган қалбингиз билан ёлғиз қолганингизга, айрим пайтлар илоҳийга тикилгандек унга тикиласиз. Унинг замон зарбларидан, юмшоғу қаттиқ тепкиларидан олган жароҳатларини даволайсиз. Малҳамингиз ҳам антиқа – сокинлик, қайноқ кўз ёши-ю, ибодатдагидек аёвсиз ва ошкора суҳбат…

Қалбнинг нидосига ҳам вақт-вақти билан қулоқ солиб туриш керак! Уни ҳам рағбатлантириб туриш керак!

Эсингиздами, унинг нидолари ўқтин-ўқтин қулоғимизга чалинарди-а? Яхши кишилар билан суҳбатлашганда шу суҳбат оқибати ўзимиз аллақандай юксалиб, тозариб бораётганимизни ҳис қилиб, ичимиздан ҳаяжон вулқони қўзғалганини сезардик. Лекин уни шу заҳотиёқ «Бу уят!» деб яширардик, ҳаяжонни бўғардик. Китоб ўқиганимизда қалбимизнинг нидоси баъзи пайтлар беихтиёр кўз ёши бўлиб юзага чиқарди. Бундан уялиб, шошиб-пишиб атрофга қарардик, биров кўрмадимикан, қалби юмшоқ экан демасин, деб тезда кўз ёшимизни артардик. Аслида бу ҳам қалбимизнинг поклигидан, файзлилигидан нишон бўлган яхши ҳаяжон нидоси эди-ку! Унинг росмана ҳислари, туйғулари, кечинмаларини ошкора қиладиган белгилар устига шайтон даъвати билан тош босавердик… Бу нурли, аслида шуурли ҳаяжонларни, қалбимизнинг нидоларини шеър қилишдан уялдик, куй қилиб туширишдан ҳуркмадикми? Аммо бугун сезаяпсизми, қалбимизнинг туб-тубига яширганимиз шу туйғу, шу нидо, шу ҳаяжонлар муштдеккина қалбимизни портлаш даражасига олиб келаяпти, Аллоҳ берганини шайтон кучи билан яширишга уринганимиз учун эмасми бу!

 
Туйғуларим, ҳисларимдан тортинмай қўйдим,
Жилов унут, тизгини ҳам йўқолди гўё.
Деяримни деб олайин, юмшасин қалбим,
Кўз ёшларим оқсин майли, тўғонсиз дарё!
 

Ё, Аллоҳ! Ўзинг берган қалбни жонлантириб, шайтон иродасини куйдириш ўз қўлингда! Қалбимни шайтон босган тошлардан тозалаб, эзгулик сари етакла!

Ё, Қодир худо! Қалби нурсиз, қалби мажруҳ киши эзгу ишларга қодир бўлмаслигини кўрсатганинг учун ўзингга шукр! Ўзинг мадад бер, ёмонликдан асра!

Ё, Аллоҳ! Мени ибодатга ўргат, токи қалбим сен билан юзмаюз бўлганда ва чин ибодат билангина юзидаги тошларни олиб ташлашга қодир бўлади.

Қалбимни ишонч билан озиқлантир, унга умид бағишла! Эзгу ишлардан қувонишни, кулфатда кишилар билан бирга қайғуришни ўргат!

Ё, Аллоҳ! Менга чиройли сабрларингдан ато этгинки, қоронғудан сўнг сенинг ироданг билан ёруғ келишига, бир ёмондан сўнг икки яхшининг келиши муқаррарлигига ишончим мустаҳкам бўлсин!

Ибодатингда сенла юзма-юз турганимда шу муштдеккина қалбимга аввало Ўзингга, Ўзинг яратган Оламга, Одамга, оилам ва мендан қолажак зурриётларга чексиз муҳаббат ато эт!

Кишининг ўз умри давомида танҳоликни, ёлғизликни истаган дамлари бўлади. Чунки унинг Аллоҳ билан ёлғиз қолиш эҳтиёжи бор. Уни Аллоҳ яратган ва унинг Аллоҳдан сўрари кўп!

Дунёда неча киши бўлса уларнинг ҳеч бири бошқасини такрорламайди. Демак, ҳар бир киши ўзи бўлиб яшаб ўтиши, ўзлигини кўрсатиб, ўзига хос из қолдириб кетиши керак.

Ким нимани кўрса, ким нимага интилса, ким нимани қандай тушунса, ким нимага интиқ бўлса, ким нимани дилдан соғинса – шу бўлади! Яхшиликни кўриб, яхшиликни эшитиб, яхшиликни соғиниб, яхшилик қилишга интилиб яшаган инсонга Аллоҳ эзгулик мевасини ваъда берган.

Эй, Қодир худо! Яхши ниятларимни қўш қанотимга айлантир! Қалбимдаги уммон жўшқинлигини сўндирма!

СЕН ЎЗИНГЧУН СЕН ЎЗИНГСАН

Инсон! Ҳар ким ҳам шу мўътабар сўзга лойиқ бўлишни хоҳлайди, албатта. Аммо юксак ахлоқий мезонлар талабига жавоб берадиган, беҳисоб яхши фазилатларга эга бўлган кишинигина биз ҳақиқий, чин инсон деб атаймиз.

Инсон ёшлигиданоқ шу улуғ сўз билан аталишга лойиқ бўлиши учун ўзини ўзи имтиҳон қилиб туришга одатланиши керак. Бунинг учун у тез-тез ўзига «Нима учун яшаяпман?», «Одамларга нима яхшилик қилдим?», «Кимга нафим тегаяпти?», «Кимнинг оғирини енгил қилдим?» каби оддий саволларни бериб туриши ва уларга ғоят ҳалоллик билан жавоб беришга интилиши керак.

Дарҳақиқат, вақт-вақти билан ўзингизга, ўз тилингиз билан айтмоқчи «ич-ичингизга» бировнинг кўзи билан қараб, ўзингизга одилона баҳо беришга уриниб кўринг.

Ана шунинг оқибатида сиз ўзингиздаги бор иқтидорингизни намойиш қилишга қодирлигингизни англайсиз. Вужудингизни, руҳингизни бошқара олиш қобилиятига эгалигингизни тушуниб етасиз. Сиз ҳар бир ишга завқ ва шавқ билан киришасиз. Мустақил фикрлай оласиз. Мустақил иш тута оласиз. Анча қатъиятли бўлиб қоласиз. Жўшқин шахслар сирасига киришингиздан, ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишга шайлигингиздан қувонасиз.

Холис ва одил туриб ўзингизни шундай баҳолай олишингиз ўзингиздаги камчиликларни, салбий иллатларни йўқота бориб, яхши фазилатларингизнинг кўпайишига ёрдам бериши мумкин.

Ҳамма ҳам шундай эмас-ку, дейсизми? Ҳа, тўғри. Қўзғалиш даражаси паст, имкониятлари чегараланган, суст кишилар ҳам бор. Бундай одамларга ўз қадрини тўла билмаслик, ўзининг маънавий ва ақлий имкониятларини тўла намоён қила олмаслик, тортинчоқлик ҳам хос бўлади. Улар ҳам холис туриб ўз камчиликларига қарши қаттиқ курашишлари керак. Бундай одамлар инсон ўзи ҳавас қилган, ўзига зарур бўлган фазилатларга фақат ўзи, ўз кучи ва иродаси билан эришажаги мумкинлигини унутмасликлари керак. Инсон аввало ўз кўзи, ўз баҳосида ҳақиқий инсон бўлиб қолиши керак. Мирзо Бедилнинг:

 
Ўз-ўзингдан қилмайин ваҳм, журъат эт, ўтгил кечиб,
Сен ўзингчун сен ўзингсан мисли уммон ҳар нафас.
 

байти ҳам ўзини билган, ўзлигини англаган инсоннинг имкониятлари доираси чексизлигига ишорадир. Инсон ўз камолати ҳақида муттасил ўйлаши, қайғуриши керак.

Дунёдаги жуда катта-катта руҳшунос олимлар тан олган оддий ҳақиқатларнинг бири шуки, ҳеч ким, ҳеч қачон сизни ўзингизчалик яхши била олмайди. Шуни англаб етгач, ўзингизни имтиҳон қилаётганингизда ич-ичингиздаги, фақат ўзингизгагина аён бўлган хислатларни ҳам худди ибодатдагидек юзага олиб чиқишдан қўрқманг.

Келинг, ўзини ўзи имтиҳон қилишнинг осон ва оддий йўлини синаб кўрайлик.

Қўлингизга қоғоз ва қалам олинг. Қоғознинг чап томонига ўзингизда бор ижобий фазилатларингизни тепадан пастга қараб (устун шаклида), қоғознинг ўнг томонига эса худди шундай тарзда салбий хислатларингизни ёзиб боринг. Сизни ўзингиздан бошқа ҳеч ким ўзингизчалик яхши билмаслигига, бошқа ҳеч ким бу ёзувларни кўрмаслигига таяниб, ҳатто энг қалтис вазиятларда ҳам ўзингизни аяманг, одил бўлинг.

Дейлик, сиз кўп марта онангизнинг кўнглини олмоқчи бўлдингиз. Унга гул совға қилсангиз, боши кўкка етишини ҳам биласиз. Унинг қувончини кўрганда дилингиз яйрайди. Аммо бирон марта бўлсин, онангизга гул совға қилганингиз йўқ. Чунки сиз кўчада гул кўтариб юришдан, маҳаллада айримларнинг сизни «нозиктаъб» дейишидан ёки айрим «бой» тенгдошларингизнинг «шу ҳам совға бўлибдими» дейишидан уяласиз. Шундай дегувчилар топилади ҳам.

Уятчанлик аслида ижобий хислат ҳисобланади. Лекин бу ерда сиздаги тушунча сохта уятчанликка киради, демак, салбий. Сизнинг эса уни енгиб ўтишга иродангиз ожизлик қиляпти. Сиз шу даражада иродасизлик қиляпсизки, ҳатто бошида онангизни хурсанд қилишдай яхши ниятингиз борми-йўқлигига ҳам шубҳа пайдо бўлди. Чунки сиздаги шу бир яхши фазилат – бировга яхшилик қилишни бошқа икки салбий хислатингиз – сохта уятчанлик ва иродасизлик босиб кетаяпти. Демак, қоғозга ҳам бир яхши фазилатингиз қаршисига икки ёмон хислатингиз ёзилди. Ҳисоб тили билан юритилса, 1 : 2 бўлди.

Шу тариқа ўзингизга шафқатсиз баҳо бериб чиқишингиз оқибатида қарайсизки, салбий хислатларингиз ижобийларни анчагина босиб тушаяпти. Улар орасидаги фарқ катталигидан ҳатто тушкунликка ҳам туша бошладингиз. «Мен ўзи аслида қандай одамман – яхшиманми ёки ёмон?» деган хаёлга ҳам борасиз.

Салбий хислатларингиз кўп бўлиши мумкин. Аммо ўзингиз ҳақингизда «ёмон одам эканман», деб хулоса чиқаришга шошилманг.

Вақти-вақти билан ўзингизни тергаб туришингиз, яхшиёмон хислатларингизни таҳлил қилишингизнинг ўзи сизнинг аслида яхши одам эканингиздан далолатдир. Сизга ишонса, таянса бўлади. Бундай кишиларнинг дўстлари ҳурмат қилишади, ишда ҳам уларнинг ўзига яраша ҳурмати, мавқеи бўлади.

Бироқ ҳалигина ўзингиз тузган рўйхатдаги қатор тизилиб турган салбийларга қараб ваҳимангиз келмасин. Қандай қилсам, уларни рўйхатдан бирма-бир йўқотиб бораман, деб хаёлга ҳам ботманг. Яхшиси, чап томондаги «ижобийлар»га кўпроқ эътибор беринг.

Ижобий хислатларингизнинг ҳаммаси ўзингизда турғун, мустаҳкамми? Айримлари ҳақида иккилансангиз, барча чоралар билан уларнинг ҳам мустаҳкам фазилатингизга айланишига ҳаракат қилинг. Шунда ўнг томондаги «салбийлар»дан бир-иккитаси ўз-ўзидан тушиб қолади. Ахир, эсланг-а, қалбингиздаги онангизга гул совға қилиб уни қувонтириш ниятингизни амалга оширсангиз, буни қайта-қайта бажарсангиз, қоғозга тушган дастлабки икки салбий хислат ўз-ўзидан йўқ бўлади-ку! Ҳали ҳам салбийлар кўп-ку, дейсизми? Бунга жавобан сиз бошқа «ижобийлар»ни ҳам муқим фазилатингизга айлантириб бораверинг. Яъни, кўпроқ «салбийлар»ни ўчириш ҳақида эмас, ижобийларни кўпайтириш, муқим қилиш ҳақида қайғуринг. Ижобийлар кўпайган сари салбийлар ўзўзидан йўқолиб бораверади.

Мен бу гапларни «осмондан» олаётганим йўқ. Бундай қараш бизга ота-боболаримиздан мерос эканини эслатиб ўтмоқчиман, холос. Бизнинг давримиздан етти аср аввал яшаб ўтган мутафаккир Насриддин Тусий ҳам худди бизга ўхшаб қўлига қоғоз-қалам олиб, «ижобий фазилатлар» ва «салбий фазилатлар» жадвалини тузган бўлса керак. Фақат унинг рўйхатида «ижобий фазилатлар» кўпроқ бўлган. Олим ахлоқийликнинг ўн тўрт омилини талқин қилади. У ўзининг бу рўйхатига сабртоқат, эвидалик, ёрдам ва дўстона муносабат, одамийлик, сахийлик, юмшоқлик, олижаноблик каби жами ўн тўртта фазилатни киритади. «Салбий хислатлар» рўйхатида эса у ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга олиб келадиган етти «омил»ни санаб ўтади. Бу рўйхатга у хасислик, жаҳлдорлик, қизғанчиқлик, адоват сақлашлик, шаҳвонийлик, манманлик, ҳасадгўйликни киритади. Олим, агар кишилар ўз ахлоқий қиёфаларини ўзгартиришга ҳаракат қилсалар, ўзларидаги ярамас одатларни бартараф этсалар, унда уларда юқоридаги салбий хислатларга қарама-қарши ижобий фазилатлар ривожлана боради, деб ишонтиради.

Унинг фикрича, тарбиянинг асосий мақсади кишида ижобий фазилатларни шакллантиришдан иборатдир. Олимнинг «Ахлоқи Насрий» асари ўз вақтида Шарқда жуда машҳур бўлган экан. Унда миллат, жамият равнақида яхши тарбиянинг муҳимлиги таъкидланган. Олим ўз китобида ота-оналарнинг ҳуқуқ ва бурчлари, саховатлилик, бахт, инсоннинг олижаноб хислатлари, қадр-қиммат, садоқат ва самимийлик, саломатлик тўғрисида жуда қимматли фикрларни берганки, қаранг, орадан етти аср ўтиб ҳам, улар ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Эътибор бераяпсизми, олим ўша даврдаёқ киши ўзида яхши фазилатларни шакллантириши учун саломат бўлиши зарур, деб таъкидлайди. «Соғ танда – соғлом ақл» балки ўша даврдан қолган ҳикматдир.

Насриддин Тусийдан етти аср кейин ёзилган академик Д.С.Лихачевнинг қуйидаги гаплари буюк мутафаккир қарашларига ҳамоҳанг эканлигини ким инкор қила олади?

«Мен таърифларни хуш кўрмайман,– деб ёзади бизга замондош бўлган мутафаккир, – ва кўпинча уларга тайёр эмасман. Лекин мен виждон билан ор-номус ўртасидаги фарқни кўрсатишим мумкин. Виждон айтиб беради, яъни йўл кўрсатади. Ор-номус амал қилади. Виждон ҳамиша қалб тубидан келиб чиқади ва виждон туфайли киши у ёки бу даражада мусаффолашади. Виждон кишини кемиради! Виждон қалбаки бўлмайди. Лекин ор-номус тўғрисидаги тасаввурлар тамомила қалбаки бўлиши мумкин.

Қорлаверса, шу қалбаки тасаввурлар жамиятга жуда катта зарар етказади… Ички ор-номус нимада ифодаланади? Кишининг ўз сўзида туришида ифодаланади. Бошқача қилиб айтганда, расмий шахс сифатида ҳам, шунчаки бир киши сифатида ҳам ўз сўзида туришида ифодаланади. Ўзига тўғри бўлган киши ахлоқий нормаларни бузмайди, ўзини муносиб тутади. Бошлиқлар олдида хушомадгўйлик қилмайди, бошқаларнинг нотўғри фикрига мослашмайди, ўзининг ҳақлигини кўрсатиш учун ўжарлик қилмайди, бировлардан қасд олишга уринмайди, ўзига керакли одамларга давлат ҳисобидан турли ҳадя-инъомларни қилиш, керакли одамларни ишга жойлаштириш ва ҳоказолар билан шуғулланмайди…»

Қаранг-а, битта ижобий фазилатнинг кишида турғун бўлиб қолиши учун қанча салбий хатти-ҳаракатларга йўл бермаслигимиз керак экан.

АВВАЛО ОДАМ БЎЛ

Келин: – Кексаларимиз аксарият «Аввало одам бўл!» деб дуо қилишади.

Одамийлик тушунчасига нималар киради?

Инсоннинг инсонийлигини белгилайдиган маънавий қадриятлар қай фазилатлардан таркиб топади?

Қай фазилатларига қараб биз кишиларга «Яхши одам экан!» ёки «Ёмон одам экан» деб баҳо берамиз?

Қайнона: – Кексалар ёшларни яна инсофу товфиқли, ҳаёандишали, меҳр-оқибатли, каттага ҳурматли, кичикка меҳршафқатли, мурувватли, ҳалол ва ҳимматли, диёнатли ва ваъдага вафоли бўлишга чақирадилар. Ана шундай фазилатлар инсонийлик, одамийликни, кишининг одоб дунёсини ташкил этади. Шунинг учун ҳам «Инсон одоби билан», «Олтин олмадуо ол!», «Одоб – олтиндан қиммат!» каби ҳикматлар минг йиллардан бери халқ қалбида сақланиб келади.

Шуниси қувончлики, кейинги вақтларда бу ҳақда кўп гапириладиган бўлди. Инсонийлик қадриятларининг айни шу тушунчаларини унутаёзганимизни, қалбимиз қуруқлашиб бораётганини, инсонда инсонийликни уйғотиш даври келганини чуқур ҳис қила бошладик.

Яхшики, маънавиятимизни, руҳиятимизни, қалбимизни бир поклаб олишимиз, халқ педагогикаси булоқлари кўзини кенг очишимиз, халқ одобномасидан сабоқ олишимиз кераклигини чуқур тушуна бошладик.

Нега? Нега гўё замон билан ҳамнафас бўлиш ниқоби остида, ҳаётнинг текис-нотекис, паст-баланд, поку нопок кўчаларидан тирикчилик дебми, ҳаммадан устун бўламан, дебми ҳаллослаб югураверганимиздан дил сандиғимиздан Эзгулик, Яхшилик, Одамийлик, Мурувват, Меҳр-шафқат, Оқибат, Самимият, Фидойилик, Бурчга садоқат, Хайрихоҳлик, Ҳимматлилик каби энг нодир қадриятларимизни тушириб қолдираёздик? Буларсиз инсон инсон эмаслигини била туриб, буларсиз томирларимиздаги қон зардоб бўлиб қолишини била туриб, нега, нега уларнинг қалбимиздан чиқар йўлларига тўғон қўймадик?!

Келин: – Қалбимизнинг қуруқшаб қолаётгани, кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб боришига кўплар атом асри деб ном олган замонни, киши мияси фаолиятини анча енгиллаштиришга, билагига қувват бўлишга даъват этилган компьютерлаштириш даврини, бозор иқтисодиётини баҳона қилиб кўрсатишади. Бунга асос бормикин?

Қайнона: – Ҳа, ҳам руҳий, ҳам жисмоний зўриқиш даврида яшаётганимиз рост. Аммо буларнинг ҳаммасини инсониятнинг тафаккури яратди-ку! Яна инсон мияси бунданда зўрроқларни яратиш мақсадида зўриқиб ётибди-ку!

«Замон, замон», деймиз-у, аммо бу замондан инсон қадами етмайдиган жойларга қочиб кетиб бўлмайди. Таркидунё қилиб чўлга, тоғга чиқиб кетмоқчи бўлганлар ҳам йўқ ҳисоби. Шундай қилинганда ҳам жисмоний ва маънавий зўриқишларсиз яшаб бўлмаслигини англаб, тезда қайтиб келинади. Зеро, ўшандай пассив ҳаётнинг ўзи ҳам кишини беаёв кемириб боради. Чунки фақат ўзинигина севган кишининг ҳаёт синовларига бардош бериши қийин. Ҳаётни, одамларни эмас, фақат ўзини севадиган бундай киши доим ўз қисматидан, ҳаёт синовларидан нолиб юради. Нолиш эса олдинга босиш эмас, орқага қайтишдир. Ўзаро меҳр, ҳурмат, муҳаббат, андиша бор жойда ғам, ташвиш чекиниши ҳақида ўйлаб кўрсак, ҳар биримиз ўз ҳаётимиздан кўплаб мисоллар топамиз.

Расул Ҳамзатовнинг бир шеърини эсланг:

 
– Қувонч, айтчи шошасан қайга
– Мени севган қалбларга, албат!
– Ёшлик, сен-чи ошиқдинг қайга?
– Мени севган қалбларга, албат!
– Куч, жасорат, сизлар-чи, қайга?
– Мени севган қалбларга, албат!
– Сиз-чи ташвиш, андуҳлар қайга?
– Мени севган қалбларга, албат!
 

Қиссадан ҳисса сифатида гўрлари тўла нур бўлгур устоз шоирамиз Зулфиябегимнинг киши ўзига ўзи қувонч, ҳаяжон излаб яшамоғи керак, деган шеърий хулосалари ёдимга тушади

Келин: – «Бахилнинг боғи кўкармас», деган мақолнинг маъноси нима?

Қайнона: – Инсоннинг эзгулик каби оддий ва буюк туйғуларсиз яшаши қийин. Меҳр-муҳаббат нурларигина киши қалбини ёритади, бу нур унинг ҳаёт йўлига таралади, уни гўзал қилиб кўрсатади.

Мисолни мураккаб инсоний, ижтимоий муносабатлардан қидирмайликда, одми, кундалик ҳаётимиздан бир чизги берайлик.

Эрталаб оила аъзолари бир-биримизга ишга-ўқишга яхши бориб келишни тилаганимиз оқибати кунимиз мазмунлироқ, кўнглимиз ёрқинроқмасми? Бежиз айтишмайди, яқинларининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб турган киши кучли, қанотли, мурувватли бўлади деб. Ундайлар бошқаларга ҳам шундай муҳаббат билан қарайди.

Ёшларни кузатишни, улар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Уларнинг биз катта ёшлиларга, ўзаро муомаласига, ҳаётга муносабатига қараб ота-онасининг, буви-бобосининг меҳрига қанчалик қонган ёки аксинча, қанчалик ташналигини сезиб тураман. Ота-она бир-бирига муҳаббатли бўлса, биринчи навбатда, бу муҳаббат нури болалар чеҳрасини ёритади. Назаримда, бундай оилаларда ўсган болаларнинг кексалар айтмоқчи «фариштаси» бўлади.

Бу гапларим янгилик эмас, албатта. Инсон номи борки, унинг боши мағрур бўлиши учун, биринчи навбатда, унинг қалбида ота-онасининг меҳр-муҳаббати билан йўғрилган яхши туйғулар ниш олиши керак, завол топмай униши керак.

Умуман, ўқиганларим, кузатганларим, эшитганларимдан қилган хулосам шу бўлдики, ҳали юқорида айтган зўриқиш, зиддиятлиликни енга оладиган куч инсоннинг ўзида, унинг инсон бўлиб қолишидадир.

Инсон маънавият деб аталмиш хазина оламини бойитиб, унинг қалб, юрак, кўнгил деб аталмиш хазинабонини чиниқтириб боради. Чиниқтириб боргани сари бу зўриқишга дош бера оладиган бўлади.

Демоқчиманки, давримиз нечоғли техник, роботли, компьютерли бўлмасин, айни шу мураккаб ва тезкор даврга инсон ўзининг яхшига меҳрлилиги, ёмонга муросасизлиги, курашувчанлиги, ўз қарашларини ҳимоя эта олишга қодирлиги, сидқидилдан меҳнат қилиши, нарсани жойидан олиб, бошқа жойга қўйиши билан эмас, шу нарсани ўзи яратишга интилиши, ўз олдига катта мақсадларни қўя билиши, шу мақсадлар учун кураша олиши, янглишишдан қўрқмаслиги, янглишганда ишни янгитдан бошлашга қодирлиги, гўзалликка интилувчанлиги, ночорга ачинувчанлиги билангина дош бера олади. Дош бера оладигина эмас, шу даврнинг яна илгарилаши учун, замон тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўша олади. Шоири замон айтмоқчи, агар юракни, қалбни гоҳ чўғга, гоҳ сувга солиб, чиниқтириб турилмаса, ундан оташ сўз чиқармиди?

Бундай кишини ҳалол, номусли, пок қалбли, ўзига талабчан инсон, бир сўз билан айтганда, чин инсон деймиз.

Келин: – Дунёда инсоннинг ичини билишдек мураккаб нарса бўлмаса керак-а, ойижон?

Қайнона: – Аммо дунёда инсончалик ўз ички дунёсини бир хатти-ҳаракатида, сўзида, юзининг бир ишорасида ошкор қила оладиган мавжудот ҳам бўлмаса керак.

Мураккаблик, менинг назаримда, ўша хатти-ҳаракат, ўша сўз, ўша ишоранинг минг бир хил қарашни ифода этишида ва уларни ҳар ким ҳар хил тушунишида, ҳар ким унга ўз «қаричи» билан ёндошишида.

«Қаричлар» эса бир хил эмас. Ҳар кимнинг тушуниш оламини, қалбини акс этиб турадиган кўзгуси ҳам бирдек тиниқ эмас.

Ўз кўрганини, эшитганини қалбининг хира ёки синиқ кўзгусидан ўтказиб, ўша синиқ ва хира аксни «фақат меники тўғри!» деб туриш одамийликдан кўра худбинликка кўпроқ хос бўлса керак!

Ўзбекона маънавият, шарқона одобимизни тиклаш оқибати ўлароқ, кишилардаги энг яхши фазилатлар юзага чиқаётганини кўраяпмиз. Лекин айни шу пайтда кишилар қалбининг, вужудининг, томирининг ковак-ковакларида писиб, яшириниб ётган барча қусур, иллатлар ҳам (мен уларни бепарда қилиб «худбинлик», «риёкорлик» дейишга тилим бормаяпти) юзага қалқиб чиқаётгани ҳам ҳақиқат.

Одатда, кишиларга уларнинг ўз хатти-ҳаракатларига қараб баҳо берилганда, яхши, инсонпарвар, одамгарчилиги зўр, мурувватли, меҳр-шафқатли, оқибатли, меҳнаткаш, меҳмондўст, самимий, очиқ кўнгилли, фидойи, байналминалчи, садоқатли, ваъдага вафоли, саховатли, мард, пок, ҳалол, олижаноб, ҳимматли, ростгўй, масъулиятли, бурчни тушунадиган, орномусли, иймонли, диёнатли, виждонли, иффатли, инсофли, иродали… деймиз.

Келин: – Атрофимиздаги кишиларнинг ҳаммасига фақат шу фазилатлар хос бўлганда-ку олам гулистон эди-я!

Қайнона: – Аммо куннинг туни бўлганидек, ёмон, шафқатсиз, диёнатсиз, тошбағир, виждонсиз, оқибатсиз, ишёқмас, бахил, ичи қора, эгоист, вафосиз, қизғанчиқ, қўрқоқ, нопок, қаллоб, ёлғончи, уятсиз, инсофсиз, имонсиз… одамлар ҳам бор.

Кейингиларнинг мавжудлилигигина эмас, ҳатто айрим вақт биринчилардан устун келишга муваффақ бўлгани учун ҳам кейинги пайтларда юртимизда одамлар эзгулик, одамийлик танқислигини, қалблар биринчи санаб ўтилган фазилатларга чанқоқлигини ҳис қила бошладик. Минг шукрки, маънавий бой, ахлоқан пок, жисмонан мукаммал, феълан фаол шахсларни тарбиялабгина миллатимиз юзини, юртимиз шаънини кўтариш чора-тадбирлари ҳақида қатор фармони олийлар, йўриқлар қабул қилинмоқда.

Инсон номи буюк! Ҳар ким ҳам яхши одам деган номга лойиқ бўлишни хоҳлайди, албатта. Аммо юксак ахлоқий улкулар (идеаллар) талабига жавоб бера оладиган, юқорида санаб ўтилган яхши фазилатларга эга бўлган кишинигина биз ҳақиқий инсон деб атаймиз.

Баъзида ёшлардан атом асрида, бозор иқтисодиёти даврида инсоннинг ичини, одамнинг яхши ёки ёмонлигини аниқ билиб берадиган мўъжизакор асбобнинг бунёд этилмаганига афсус эшитиб қоламан. Кўпинча шундай асбоб кишининг ўзида эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Дарҳақиқат, инсон инсонийликни даъво қилса, биринчи бўлиб ўз ичига боқиши, ўз кўзгусини, қалби сув ичаётган булоқларни поклаши, ана шундан кейингина ўз иқтидори, истеъдоди, малакасидан келиб чиқиб ўзига холисона баҳо бериб, ўзидан (асло «ўзига» эмас!) жамиятга кўпроқ наф келадиган вазифаларни сидқидилдан бажариши керак. Ҳазрат Навоий ҳам халқ ғамини, ташвишини ўйлайдиган чин инсонларгина ҳақиқий одамдир, деганлар-ку. Менимча, бу – замоннинг биздан биринчи талаби.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации