Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 28

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 28 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
НАЗОКАТНИНГ ЕТТИ СИРИ

Яхши қиз, яхши келин, яхши жувон номига биринчи бўлиб назокатлилар эришадилар.

Аввало «назокат» сўзининг маъносини кенгроқ тушунишимизга ёрдам берадиган бу атаманинг синонимларига эътибор берайлик. Назокатлик – зарофатлик, нафосатлик, латофатлик, хушқадлик, хушандомлик, хиромандлик, нозиклик, майинлик, мулойимлик, юмшоқлик, латифлик, заифлик, ишвалилик дегани.

Сўзларга изоҳ берадиган луғатларни, бадиий асарларни ўқисангиз, айниқса шеъриятда бу сифатларга яна кўплаб сифатлар қўшилиб бораверади. Русларда бу сифатларнинг ҳаммасини биргина «женственность» сўзи билан ифодаласа бўларкан. Бу сифатларнинг ҳаммаси ўзбекларда аксарият қиз-аёлларга нисбат берилганда ишлатилади. Аёл зотининг буюклигини-ю, унинг таърифида тилимизнинг бойлигини кўринг!

Айримлар назокатли деб фақат чиройли, қадди-қомати келишган ва гўзалларга айтилади деб тушунадилар ва бунга яхши, ўхшатиб пардоз қилиш билан эришса бўлади, деб ўйлашади. Йўқ, диққат қилинг, ахир бу сифатлар қиз-аёлнинг ҳуснига эмас, асосан дилига нисбатан берилаяпти-ку! Ҳа, булар ҳуснга эмас, дилга чирой берувчи фазилатлар. Чиройли дилларнинг эса ўзига яраша нури бўлиб, у юзга кўчади ва уни жуда чиройли қилиб юборади. Чунки:

Назокатли деб юриш-туриши, ҳаракати ва муомаласи нозик, гўзал, латиф ва ёқимли, одоблиларга айтилади…

Назокатли деб мулойим, майин, бировларга қаттиқ гапирмайдиган, озор етказмайдиган, раҳмдиллиларга айтилади…

Назокатли деб муомаласи хуш, латофатлиларга айтиларди…

Назокатли деб юмшоқ, мулойим, нафис, мулозаматли, такаллуфли, сезгир, фаҳм-фаросатлиларга айтилади…

Назокатли деб зукко, ҳозиржавобларга айтилади…

Назокатли деб жозибали, илтифотли, нозик, чиройли муомалалиларга айтилади…

Назокатли деб ипакдек майин муомаласи киши кўнглига хуш ёқадиган, юмшоқ кўнгиллиларга айтилади…

Назокатли деб одобли, хушхулқ, гап-сўзи, хатти-ҳаракатлари ниҳоятда ёқимлиларга айтилади…

Ҳа, назокатли деб назокатлиларга айтилади.

Биттагина сўз… Лекин қаранг, қандай сўз!

Энди бир ўйлаб кўринг, юқорида санаб ўтилган фазилатларга эга бўлганларни ким ҳам хунук дея оларди? Борди-ю, худо бундайларга ҳусн бермаган тақдирда ҳам, ичидан нурлантириб қўйибди-ку!

Биргина қиз-аёлларнинг ўзига шунча сифатми деяётгандирсиз. Умуман олганда, назокатли бўлиш қийинми?

Назокат сабоқларини бувимиз, ойимиз, опаларимиздан кўп эшитганмиз. Фақат уларга бефарқ бўлмаслик керак. Қаранг, назокатли бўлиб кўринишнинг дастлабки сирлари сифатида қайнона келинининг ташқи кўринишига, кийинишига, юриштуриши, ўзини тутиши, ҳатто гапирадиган гапларига аҳамият бераяптилар: «…чирс ўгирилиб, «тап-тап» юриб кетиш келинларга ярашмайди…» Сезаяпсизми, ташқи қиёфа, кийиниш, юриш-туришлар одоб ва ички маданият билан узвий боғлиқ экан.

Кишининг юриши унинг қандай одамлигини кўрсатади. Қиз-аёлларнинг борадиган жойларига, кийган кийимларига қараб юришлари, қадам ташлашлари ҳам ўзгаришини биласиз. Спорт кийимида тез, эркин (лекин оёқни катта-катта ташлаб эмас) юрсангиз, кўйлак кийганингизда бошқача, хиром айлаб юрасиз. Назокатли қиз-аёлларга, биринчи навбатда, латифлик, юмшоқлик хос. Қўлларни силтаб, ортиқча ҳаракатларни кўп қилиб, баланд овозда гапириш, қаттиқ кулиш, қисқаси, қайнона айтмоқчи «тап-тап» юриш уларга ярашмайди… Назокатли кўринаман деб ортиқча пардозга берилиш ҳам нотўғри. Ортиқчаси ортиқча-да. Меъёрдан ташқариси қиз-аёлларни енгилтак қилиб кўрсатиши мумкин.

Оналарим – моҳларим

ҚАЙНОНАЛАР

Яширмайман, оила, турмуш, қайноналар, келинлар, оиладаги ўзаро муносабат-муомала мавзулари ҳамма ёзувчи ва журналистлар ижодида катта ўрин эгаллайди. Бусиз иложи йўқ. Балки бу мавзу менда етакчироқ бўлгандир… Балки кўп ижодкор дугоналаримнинг «Саодат» журналининг ҳақиқий «Ростонбуви» си – сизсиз!» деб юришлари бежиз эмасдир.

Бу бир қарашда қалтис ва тойинчоқ, ҳатто баланд парвозларни кўзловчи ўртоқларга майда кўринган мавзуга киришганимнинг сабабини билиш учун ижозатингиз билан озгина ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларига саёҳат қиламиз. Биринчи «Қайноналар» рисоласи ўша даврда, 1981 йилда «Ўзбекистон» нашриётида оммавий тиражда, яъни кўп нусхада чоп этилган. Унда ҳеч нарса – на қаҳрамонлар, на воқеалар ўйлаб чиқарилмаган.

Даврлар ўтаверар экан, оила эса мангу, унинг устувор кўрсатмалари, одобномаси пойдевори мангу, қувонч ва ташвишлари, дард ва изтироблари ҳам мангу экан.

Ушбу рисолани қайта ишлаб, сизга тақдим этишга журъат этдим.

Мазкур рисола қаҳрамонлари – мунис ва меҳрибон қайноналар, ўз уйларининг ардоқли кишилари – келинлардир. Уларнинг биздан фарқ қиладиган алоҳида фазилатлари ҳам йўқ – ҳамма қатори яхши тилак, яхши ният билан яшаб, оилада осойишталик сақлаб келаётган фариштали аёллар.

Аслида рисоланинг ёзилишига қуйидаги мактублар сабаб бўлганди.

«Салом, ҳурматли редакция! Сизга бу хатни … кўчада турувчи М. исмли аёл ёзмоқда. Мен оғир аҳволда, қоронғу зиндон ичида ҳаёт кечирмоқдаман. Сизлардан илтимос, ёруғликка чиқишга ёрдам берингиз! 22 ёшимда турмушга чиқдим. Эрталаб соат 6 дан кеч соат 12 гача шу хонадоннинг хизматини қиламан. Қайнонам келинни чўри деб ҳисоблайди. Ишга бориб келишим учун 10 тийин пул беради. Ойлигимнинг ярмини бермайдиган бўлдим. Шундан кейин қайнонам ҳатто ушоқ нонни ҳам яшириб қўядиган бўлди. Радио қўйдирмайди, телевизор кўрсатмайди. Турмуш ўртоғимга ҳар хил бўлмағур гапларни айтиб, бизни уриштиради. Қандай қилиб бу уйда яшаб бўлади? Бутун ёш умрим хазон бўлди! Менга ҳаётнинг қизиғи қолгани йўқ. Лекин қизим учун чидаб келаяпман.

Ҳурматли редакция, менга ёрдам беринг! Ёруғликка чиқиш, бахтли ҳаёт кечириш учун нима қилиш керак? Маслаҳат беринг! Қайнонамни (Ҳожи она-ку у) яхшилаб мақола қилиб чиқаринглар, бошқаларга ибрат бўлсин. Мен тушган зиндонга адашиб бошқалар тушиб қолмасин…»

«Ассалому алайкум, ҳурматли редакция! Мен ўз ҳаётимдан биргина воқеани ёза қолай. Мен оддий аёлман, далада ишлайман. Ўқитувчи ёки врач эмасман. Лекин ҳаётимда шундай воқеалар бўладики, уни ёзиб таърифини келтира олмайман. Замонамиз яхши, фаровон замон.

Қайноналар, келинлар ҳақида гап очдинглар. Ижозат берсангиз, мен ҳам суҳбатда қатнашсам.

Мен бир нарса тўғрисида кўп ўйлайман. Армон эмас-ку, лекин шу ғубор ҳам бўлмаса яхши бўларди-да.

Менинг ҳам ўз оилам, турмуш ўртоғим, қайнона-қайнотам, қайинбўйним бор. Ўз онам мана икки йилдирки оғриб ётибдилар. Жонинг ачир экан. Бот-бот бориб тураман. Жойларини офтобга ёйиб, ўзларини ювиб-тараб келаман. Буни келинойиларим ҳам қилишади. Уларга раҳмат! Лекин мен ҳам қизман-ку! Бироқ, шу бориб, келинойиларимга қарашиб турганим қайнонамларга ёқмагандек бўлиб туйилади. Баъзан гап билан чимдиб оладилар: «Уйига қатнагани-қатнаган», дейдилар. Шунда ойимнинг касаллари билан ўксиб юрган қалбимга баттар нина санчилгандек бўлади. Мен уларни ўз онамдан кам кўрмайман. У киши ҳам онам. Икковлари ҳам бирдек. Қайтага қайнонам яқиндайлар. Эртаю кеч ёнимдалар, шунинг учун улардан кўнглим тўқ. Баъзи вақтлари ўз оғизларидан: «Болам, чопқиллаб қудамлардан хабар олиб келинг. Кекса одам, боласига кўнгли зор кетаётгандир», дейишларини орзу қиламан. Икки кўздай менга яқинлар, дилимдан ўтганини биладиларку ахир. Дилим бут бўлиб, кўнглим тоғдек кўтарилиб кетарди. Келинларининг кўзидан ичидагини ўқийдиган, тўғри йўлга солувчи, таскин берувчи, жондек азиз қайноналар, мунис, азиз, оқила қайноналар жуда кўп. Менинг қайнонам ҳам шундайлар. Бояги гапни шикоят деб ўйламанг, ҳаётимда шикоятга ўрин йўқ…»

* * *

Қайноналар… Келинлар…

Ушбу мавзуда сўз юритаман деб сира ўйламаган эдим. Рисола ёзиш-ку хаёлимга ҳам келмаганди.

– Мана, қаранг-а, – деди бир куни «Саодат» журнали бош муҳаррири ўринбосари Холидахоним Аҳророва, қизларни кўриб чиқай деб таҳририятга кирганимда.

Стол устида папка-папка хатлар уюлиб турганди.

– Ҳаммаси келинлардан келган… Хат эгалари бирдек ўз қайноналаридан шикоят қилишган… Айтсам, ишонмассиз, аммо бир келинчак, «агар ихтиёр менда бўлганида, ҳамма қайноналарни девор остига қатор тургизиб, пулемётдан отиб ташлардим!» деган… Ўқиганда юракларим орқамга тортиб кетади, шуларни ёзганлар ўзимизнинг қизларми деб… – Холида опа уф тортадилар.

Хатлар… Улар ҳақиқатда ҳам шу қадар кўп эдики, Ҳожар холанинг машҳур сумкасига солсанг, яна қанчаси ортиб қолиши табиий. Маҳалламизда яшайдиган Ҳожар холанинг ош хомини солиб юрадиган қанордек сумкасини айтаяпман. Бу, ҳазил, албатта. Лекин газета ва журналлар таҳририятларида хатларга нисбатан жуда катта масъулият билан қарашади. Шунга ўрганилган. Ҳар қандай бўшанг ходим ҳам, энди ижодим сўниб боряпти деб ўйлайдиган ижодкор ҳам дарёдек оқиб келадиган хатлардан жонланмай иложи йўқ. Хатлар кишини фикр қилишга чорлайди, булоқдек тетиклантиради, янги-янги режаларни кўнглингга солиб қўяди.

Беихтиёр мен ҳам ҳамкасбим айтган «шикоят» хатларига интилдим. Иккитасини олиб ўқий бошладим. Юқорида келтирганим ўшалар…

Эсимда, ўшанда журнал топшириғи билан навбатдаги хизмат сафарига отланаётган эдим.

Одатдагидек сафар олдидан қилинадиган ишларни бир-бир хаёлимдан ўтказдим.

Эркакларга маза! Хизмат сафарига чиқишадиган бўлса, аёли сафар сумкасини ҳозирлаб беради, сумканинг майка, пайпоқлар жойлаган бурчагини тайинлайди, дафтар-қаламни юзароқ жойга қўйганини кўрсатади. Болалардан бехавотир, яхши бориб, ишларни муваффақиятли битириш тилагини билдиради. Оқ йўл тилаб, охири бир ўпиб ҳам қўяди…

Аёл хизматчиларнинг эса хизмат сафари олдидан тараддуд ишлари анчагина. Аввало эрини очиқ юз билан рухсат беришига кўндириши керак. Токи қайтгунича болаларига қовоқтумшуғини солиб, уларнинг чақноқ чеҳрасини сўндирмасин. Кейин онаси ёки қайнонасини болалари олдига келиб туришларига кўндириши керак. Бунга ҳам осонликча эришиб бўлмайди: яхши гапириб, елкаларини силаб, йўқни йўндириб, олдиларига рўзғорни бекаму кўст қилиб қўйиб дегандек… Ҳа, нима бўлганда ҳам рўзғори бўлак келинларнинг хизмат сафарига чиқиши осон эмас.

Ҳа, қайноналар…

Ўша икки мактуб дилимни ғаш қилиб турарди. Икки аёл, икки келинчак, гарчи исмини ёзишмаган бўлишса ҳам, юрагидаги кечинмасини яширмай ёзишибди. Ана шунинг учунми бу мактублар таъсиридан чиқиб кета олмасдим. Балки ўша мактубларни ўқиганим учундир, мухбирлик касбим туфайли қайси шаҳар ёки қишлоқда бўлмай, қайси замондошим билан сўзлашмай, қайнона-келинлар муносабатига эътибор берадиган бўлдим. Ахир қаҳрамонларимнинг аксарияти ё келин ё қайнона эдилар-да.

Иккинчи мактуб эгаси тўғри ёзибди. Киши кўнглидек нозик нарса бўлмаса керак. Салга тоғдек кўтарилади, салга чилчил синади.

Ҳа, киши кўнглининг биллурдек нозиклиги рост. Балки шу нозиклиги туфайлидир, халқ орасида «Қайнона-келин ўртасига фақат эси йўқ тушади», деган гап бор. Бир маҳаллада қайнона-келин можаросига чек қўйишганмиш. Рост, рост! Кейинги уч-беш йил мобайнида маҳалла қўмитасига биронта қайнона ўз келинидан ёки, аксинча биронта келин ўз қайнонасидан шикоят қилиб келмаган эмиш. Маҳалланинг ҳаваскор ижодкорлари томонидан тўқилган янги нақл шу қадар самара берибди.

«Эрга тегмасанг – қайнона қайда?!» дейишаркан улар қайнонасидан шикоят қилиб келган келиннинг ҳасратини обдон эшитгач.

«Ўғил уйламасанг – келин қайда эди?!» дейишаркан улар навбат қайнонага келганда.

Бу илмоқли, тагдор нақлни эшитгач, келин ҳам, қайнона ҳам лабларини тишлаганларича, бошларини эгиб қайтиб кетишар экан.

* * *

Шундай қилиб хизмат сафарига йўл олдим…

Беруний шаҳрига оқшом етиб келдим. Меҳмонхонага жойлашиб, бир вақтлар дорилфунунда бирга ўқиган дугонам Гулсанамга телефон қилдим.

– Қаердасиз? – сўради Гулсанам салом-аликдан сўнг, – овозингиз жуда яқиндан эшитилаяпти.

– Шаҳрингизда, меҳмонхонада…

– Вой, ўлманг (Гулсанам илгарилари ҳам шошиб қолганида шу иборани ишлатарди)! Ҳозироқ бориб олиб келаман. Уят эмасми, биз туриб, сиз – меҳмонхонада…

– Санамжон, безовта бўлманг, ўртоқжон, эртага бафуржа учрашамиз. Барибир ҳузурингизга киришим керак. Ҳозир кеч бўлиб қолди, ноқулай, болаларингиз… қайнонангиз…

– Ана шу қайнонам сизнинг Тошкентдай жойдан келиб, меҳмонхонада мусофирлардек турганингизни эшитсалар, кейин менга нақ кун бермайдилар…

Эътироз билдириб улгурмадим, гўшакнинг қисқа-қисқа бетоқат товуши қулоғимда қолди.

Кўп вақт ўтгани йўқ, хона эшиги шиддат билан очилди: Гулсанам! Ўша-ўша, ўзимизнинг қувноқ Гулсанам. Фақат сал тўлишибди, улғайибди… Кўзларида, ҳаракатида тўғри йўлни танлаб, мақсади сари шаҳдам бораётган кишиларга хос осойишталик, ҳаётсеварликни сезиб турибман.

Гулсанам дорилфунунда ҳам аълочи, жамоатчи эди. Ўқишни битиргач, она шаҳри Берунийга йўлланма билан келди. Ўрта мактабда ишлади. Кейин уни туман ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари қилиб сайлашганини эшитгандим.

Туман ишлари ҳам ёмон эмас. Ёзадиган очерким баҳонасида туман ташвишлари, келажак режалари билан танишдим. Қилинадиган ишлар кўлами катта. Бу вазифаларни бажариш учун раҳбарлар ҳам ниҳоятда уқувли, жонкуяр, билимли, халқпарвар бўлиши керак. Гулсанам шу раҳбарларнинг биттаси. Лекин у ҳозир уйида. У бу ерда – келин, болаларига она.

Гулсанамнинг оддийгина безалган уйида ўтирганимда зимдан қайнона ва келиннинг ўзаро муомаласига эътибор бераман. Бунга сабаб боя, Гулсанамнинг телефонда айтган «нақ кун бермайдилар» дегани бўлса, яна битта сабаб – юқорида айтиб ўтганим ўша хатлар эди. Лекин қанча кузатмай, оддий онабола муносабатидан бўлак ҳолатни кўрмадим.

Гулсанам билан кўп йиллардан бери энди кўришишимиз эди. Шу орада у турмуш қурибди. Олдинма-кейин тўрт фарзандлик бўлибди. Болаларнинг ёшидаги фарқ унча сезилмагани учун уларнинг исмини менгина эмас, Гулсанамнинг қайнонаси – Ўғилжон опа ҳам адаштириб юборардилар. Бундан завқланиб-завқланиб куламиз. Бола бор жойда ғийбатга ўрин йўқ, деб шуни айтишса керак-да, ўша оқшомги суҳбат қалбимда узоқ ўчмас бир илиқлик қолдирди.

– Тошкентдай жойда ўқиб келгач, ишга шўнғиб кетибди, турмуш қуриш хаёлига ҳам келмас эди. Туманда ҳамма танийдиган ёшулли бўлиб қолди. Аёл боши билан тиним билмайди, юрт сўрайди. Элнинг иши эса эрта бошланиб, кечда тугайди. Бунинг иши-чи? Тунда ҳам тамом бўлмайди! Лекин мен ҳам қаттиқ туриб олдим. Фарзандларнинг кўп бўлгани яхшида! Мен ҳаёт эканман, сенга оғирлиги тушмайди, ўзим энага бўламан, дедим… Ҳартугул, сўзимга кирди. Умуман, шунча йил бўлди-ю, юзимга тик боққанини, сўзимни икки қилганини билмайман. Бу уй-дунёчиликда жуда керак…

Ўғилжон опа мен билан сўзлашиб ўтирганида, Гулсанам ошхонада жаз-буз қилаётган эди. Момо невараларининг шўхлигига, қилиқларига меҳр билан тикилар, келинига имо қилиб, ҳикоясини давом этарди:

– Гулсанам остонамдан ҳатлаб ўтганида, бир болам икки бўлди деб севиндим, шукр қилдим. Мана энди, берганига шукр қилай, битта болам олтита бўлди! Аммо ҳеч бири етовимдан чиққани йўқ.

Ҳеч кузатганмисиз, ўтган умридан ризо кексаларнинг кўзига дарров ёш кела қолади. Бу севинганларидан, умр изсиз кетмаганидан бўлса керак-да. Ҳа, шундай. Ўғилжон момо ҳам дамо-дам узун енги билан кўзларини артиб туради. Менинг ҳар бир сўз мазмунига алоҳида диққат қилаётганимдан, балки эртага ўзи ҳам қаҳрамонимга айланиб қолиши эҳтимоли борлигидан, умуман, менинг мухбирлигимдан бехабар ўзини жуда эркин тутардилар.

– Қайноналарнинг етовига ҳамма келинлар ҳамиша ҳам киравериши керакми, бошқача бўлиши мумкин эмасми? – сўрайман сал айёрлик билан.

– Қайнонами, келинми, барибир, оиладаги икки аёлнинг бири етаклаши, иккинчиси етовга юриши керак. Шунда келишиб, муросаи-мадора билан иш қилади-да…

Гулсанам билан ҳам узун тунда узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Болаларининг ҳаммаси бувиси билан ухлаш истагини билдиришди. Гулсанам улар учун равон айвонга қатор қилиб жой солди. Ёнига қайнонаси учун қалин тўшак тўшади. Бу жой юмшоқроқ, ёстиғи ҳам баландроқ эди. Оппоқ чойшаб ёзди. Гулсанам меҳр билан кунда бажаришга одатланган ишини қилаётгани сезилиб турарди.

– Аксига Худойбердининг Тошкентга, мажлисга кетганини қара, ўртоғинг келганини кўриб бирам хурсанд бўларди, – деди Ўғилжон момо Гулсанамга. – Дарёдан балиқ тутиб келиб меҳмон қиларди, айлантириб ҳаммаёқни кўрсатарди. Жуда томоша қиладиган бўлиб кетди Беруний ҳам. Ёшуллилар чунон чаққон чиқишди, обод бўлсин, деб роса терлашаяпти… – бу сўзлар оддий самимият билан айтилган эди.

– Сизнинг қайнонангиз бўлакчамилар ёки уларни сеҳрлаб олганмисиз? Қайноналарга ҳам ўхшамайдилар-а. Она-бола бўлиб кетибсизлар.

Мен бу гапни Гулсанамга тунда, икки дугона ёшлигимиз, талабалик йилларимизни эслашиб бўлгандан сўнг, ишимиз, оиламиз ҳақида гаплашаётганда айтдим.

– Сиз ўзингиз орқада қолиб кетибсиз, ўртоқжон, – деди кулиб Гулсанам. – Сиз хаёлда тутган «золим» қайноналар ўтмишда қолиб кетган. Илгариги қайноналар ҳукумат ишида ишлашмас эди. Шунинг учун келиннинг, ишлаган аёлнинг қадрига етишмасди. Ҳозирги қайноналарнинг аксарияти ишлаб чиқариш стажига эга, бошқача қилиб айтганда, ишдан ажралмаган ҳолда қайноналик қилишади! Бу жуда қийин иш. Бундай қайноналар меҳнатнинг, роҳатнинг, оила фароғатининг қадрига етишади. Қолаверса, тўғри айтдингиз, қайнонам ўзи бўлакчалар. Ҳамманики ўзига-ю… – Гулсанам нималарнидир эслаб хаёлга кетди. – Ўзингиз айтинг, бошқача муносабатда бўлиб бўладими? Кеча-кундуз болам деб турсалар, ўзимнигина эмас, болаларимни ҳам еру кўкка ишонмасалар… Биласизми, қаерда қайнона-келин ҳақида сал кўнгилсиз гап эшитсам (юртчилик, шунақаси ҳам бўлиб туради, аёл раҳбар деб кўпинча шундай можароли ишларни менга рўпара қилишади), тўй кунимиз кўз олдимга келади. Мен келинлик либосида уйларига кириб келаяпман-у кўзларида ёш билан фотиҳа бердилар: «Ували-жували бўлинглар, бир-бирингизга садоқатли бўлинглар, ҳеч кимдан кам бўлманглар», деб дуо қилдилар. Яна кўп гаплар айтилди, ҳаяжонимдан эслаб қола олмадим. Лекин ўша дақиқалардаги бу мунис кўзларда ғилтиллаб турган ёш ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак. Бундай қарасам, Худойбердининг кўзлари ҳам ғилтиллаб турибди. Мен ҳам чидаб тура олмадим. Онаизор шундай фотиҳа бериш учун неча йиллар ўй ўйлашини биласизми? Ўша дамда Худойберди аста қўлимни сиқиб қўйдилар. Тушундим. Онамни мендек ҳурмат қил деганлари эди бу…

Берунийга сув тошганини эшитгандирсиз? Онамнинг бўлакчаликларини шунда яна билдим. Ҳамма раҳбарлар, соғ одам борки, аҳолини бешикаст, тинч жойга кўчириш билан банд эдик. Уйдан хабар олишга имкон бўлмади. Худойберди акам врачлар, табиийки, у киши ҳам кела олмаганлар. Кўчирилмаган ҳовли қолмадимикин, деб кўчаларни машинада яна бир айланиб чиқаётганимда не кўз билан кўрайки, остонамизда онам ҳақ деб ўтирибдилар! Аранг у кишини машинага кўтариб олишга улгурдик. Машинамиз шитоб билан кетаяпти-ю, орқамиздан пишқириб сув қувиб келяпти.

– Нега кетмадингиз, ахир бу кўчадаги аҳолининг ҳаммаси кўчирилди-ку? – деб сўрадим. Биздан хавотир олибдилар… Ҳеч нарса дея олмадим…

Гулсанам билан қайнонасининг ўзаро муомаласига алоҳида диққат қилаётганимнинг асосий сабабини унга айтдим. Хатларни ҳам кўрсатдим. Эл ичида юрган аёл, қолаверса, у ҳам – келин. Нима деркин?

– Бу мактубларга сиз нима жавоб қилган бўлардингиз, Гулсанам?

– «Зулмат»… «Зиндон»… Ўтган замонларни эслатади-я бу сўзлар. Ўқигач, бехос вужудингда титроқ туради, – деди Гулсанам хаёл билан биринчи хатни қайта қўлига олар экан. – Баъзан бизнинг туман хотин-қизлар кенгашида ҳам шундай можароларни ҳал қилишга тўғри келиб қолади. Кўпинча текшириб бўлганимиздан кейин шикоятга ўрин йўқ экан-ку, деган хулосага келамиз. Қизиғи шундаки, қайнона ҳам, келин ҳам айнан шу хулосага келишади. Бир куни бир кампиршо нима дейдилар денг:

– Болам, сен ҳам ҳукуматсан-ку, шу «қайнона», «келин» деган сўзларни йўқ қилиш тўғрисида буйруқ чиқаришнинг иложи йўқми? Ўрнига фақат «онам», «қизим» деган сўзлар ишлатилсин, деб фармон бер – олам гулистон! Мен кампирни айтди дерсан, бу иллатлардан қутуласизлар. Ахир ҳеч ким онасидан ёки қизидан шикоят қилмайди-ку!

– Хатларга келсак, – деб давом этди Гулсанам, – аввало, кекса одамни хоҳ олдидан, хоҳ орқасидан сенсираш яхши эмас. Менимча, биринчи хатга иккинчи хатнинг эгаси жуда яхши жавоб бериб қўйибди. Ишончим комилки, иккинчи аёл бу хонадон билан ҳеч қачон сан-манга бормайди. Хатнинг руҳини сезиб турибсизми: у аввало турмуш ўртоғига жуда ҳурмат билан қарайди, қайнонасини «икки кўздек яқин» деб, қайинбўйинлари ҳақида ҳам ҳурмат билан гапираяпти. Бундай аёллар оиласида келишмовчилик чиққан тақдирда ҳам (чиқмай эса иложи йўқ, қайси хонадонда йўқ дейсиз?) жуда эҳтиётлик билан бартараф қиладилар. Мактубидан сезилиб турибдики, унинг эгаси оила чироғининг ҳамиша порлаб туришини истаяпти, иккинчидан, шу уйдагиларнинг биронтасининг кўнгли дарз кетишини асло хоҳламаяпти. Биринчи хатда ана шу руҳни, авваламбор, ўз бахтини асраш, авайлаш истагини кўрмадим. Ҳамма иллат ана шунда! Аёл – оила устуни, аёл – оила чироғи, деб бежиз айтишмаган. Оилани асраб, уни ҳақиқий фароғат ўчоғига айлантириш учун ёш келинда ҳам кексаларга хос сабот, кечира билишлик, фидойилик фазилатлари бўлиши керак. Нимасини айтасиз, агар бу мавзуда гап очиладиган бўлса, неча-неча китобга етарли фикр-мулоҳаза айтиш мумкин…

Шу вақт эшик очилиб, Ўғилжон момо кириб келдилар.

– Гулсанам, дугонангга телефонда Тошкентни улаб бер, гаплашиб олсин, онаизор хотиржам бўлади…

– Ҳа-я! Қаранг, ёдимдан кўтарилибди. Рақамингизни айтинг, – деди Гулсанам менга қараб, – линия тунда бўшроқ бўлади, дарровгина улаб беришади.

Дарҳақиқат кўп кутмадик. Гўшакни катта ўғлим кўтарди:

– Ойижон! Ассалому алайкум! Хавотир бўлманг, яхши ўтирибмиз. Қўнғироқ қилиб қоларсиз деб кутиб турувдик. Бувижоним шу ердалар. Сиз келгунингизча бизникида турадилар. Мана ўзлари билан гаплашинг.

Болаларимнинг хурсандлиги шундай овозидан сезилиб турарди. Доим шундай: буваси, бувиси келишган кун уйимиз байрам бўлиб кетади.

Гўшакда энди қайнона ойимларнинг овозлари эшитила бошлади:

– Яхши етиб бордингизми? Самолётда қийналмадингизми? Ишларингиз яхши кетаяптими?

– Раҳмат, ойижон! Яхши келибсиз. Болалардан кўнглим тинч энди.

– Эрталаб сизнинг кетингиздан қайниларингизни ишга кузатдик-ку, дадангиз билан невараларимиз олдига кела қолдик…

– Раҳмат, ойижон, яхши ҳам бахтимизга сизлар борсиз…

Яширмайман, нимаики яхшилик кўрган бўлсам, нимагаки эришган бўлсам, бунда у кишининг ҳиссалари катта. Биз, келинлар қайнонамиз Хужиста опани ҳазиллашиб «ўн дипломли она» деймиз. Баъзида кулишиб «катта овсин» деб ҳам чақирамиз. Айтилган ўн дипломнинг бештаси беш ўғилники бўлса, бештаси – беш келинники. Шундай дейишимизга асос бор. Келинларнинг аксарияти ўқишни шу оилага келгач битиришди. Қайнона ойимиз бараварига куйиб-пишиб, бараварига ҳаракатда бўлдилар. Ҳар биримизнинг яхши меҳнат қилишимизда у кишининг ҳиссалари жуда катта. Ахир келинлар ишлаганида невараларга ўзлари қарайдилар-да. Бир эмас – ўн уч неварани боғчагача соғлом қилиб тарбиялашда кўмаклашдилар.

Телефонда Тошкент билан гаплашиб олгач, Гулсанамга ана шулар ҳақида гапириб бердим.

– Бизга ҳавасингиз келаётувди, ўзингизнинг қайнонангиз ҳам зўр эканлар-ку! – деди Гулсанам кўзлари кулиб.

Ҳа, аёл – оила устуни, аёл – оиланинг порлоқ чироғи. Лекин осонликча эришадими нозиккина аёл бу катта ташбеҳларга? Қаердадир паст тушади, қаердадир баланд келади. Қанча бардош, қанча ирода керак устундек мустаҳкам туриш учун, чироқ бўлиб бошқаларнинг кўнглини ёритиш учун. Бу юксакликка қалбида яхши тилак жўш урган аёлларгина кўтарила олади. Ҳа, яхши тилак…

* * *

Бу ҳикоя ҳам бир умр ана шундай яхши тилак билан яшаб келган аёл ҳақида. Лекин яхши тилакнинг қўри юракда сўнмасин учун ҳам, яхши тилакнинг машъаласи бир умр порлаб, сени олдинга чорлаб турсин учун ҳам, аёл муттасил курашиши керак. Ахир ҳеч нарса ўзидан-ўзи бўлмайди-да.

«Ҳаракатда – барокат!» деб бежизга айтишмаган. Бу аёлнинг катта ва мазмунли ҳаётидан чиқарган оддий хулосаси шундай. Уни Андижон вилоятида танимаган, ҳавас қилмаган одам топилмаса керак. Ўз меҳнати билан у шу қадар катта обрў топган.

– Теримчидан раисликкача бўлган ҳамма поғоналарнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган раҳбар-да, ишнинг кўзини ҳам билади, одамлар билан муомалани ҳам, – дейишади у ҳақида бировлар.

– Бақирмади, чақирмади, аста-секин жамоа хўжалигини юзага олиб чиқди, – дейишади бошқалари.

– Аммо-лекин ёлғонга ҳам, ёмонга ҳам, ҳаромга ҳам кун бермайди! – дейишади учинчилар.

Бу таърифлардан сўнг кўз олдингизга юрса ер гурсиллайдиган, овозидан атроф гулдирайдиган шаддод раис аёл келса ажаб эмас.

Мен уни ҳар хил муҳитда кўп кузатдим. Мажлисда ҳам, маъракада ҳам, вилоят раҳбарлари орасида ҳам, ўз жамоа хўжалигининг оддий аъзолари даврасида ҳам, ниҳоят ўз уйида, болалари атрофида ҳам. Рост, қомати дуркун, юз-қўллари офтобда, шамолда, меҳнатда қорайиб, пишиб кетган. Тошкентга, мажлисларга борганида кенг кўйлакларга ўрганмаганми, қўша-қўша орденлари тақилган костюмда салқин-салқин идораларда ўзини бироз ноқулай сезади. Аммо гап пахта ҳақида, дала ҳақида кетса, сувга тушган балиқдек жонланади. Телевизордами, радиодами иши, жамоа одамлари, режалари ҳақида гапирганда қоғозга ёзиб келганлари унут бўлиб, одми сўзлар билан соддагина қилиб гапираверади. Табиатан у кўп гапирмайдиган, аксинча, кўпроқ суҳбатга қулоқ соладиган аёл. Яна неча ўйлаб, бир кесадиган аёл. Шунинг учунми бир сўзи икки бўлмайди, мулоҳазалари эътирозга дуч келмайди. Лекин гап ҳозир унинг лавозими, ишидаги обрўси, ютуқлари ҳақида эмас. Мен унинг хонадондаги ўрни ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

У билан бирга уззу кун дала кездим. Зимдан уни кузатаман, аммо асло чарчаганга ўхшамайди, ҳамон тетик.

Қуёш пахтазор ортига ботганида меҳмонхонага боришим ҳақида айтдим. У рухсат бермади. Уйига олиб кетди.

– Жамоа меҳмонхонасида жой оз, уни ҳам шу кунларда механиклар эгаллашган. Катта хонадон, бизникида қолаверинг, – деди.

Эътироз билдирмадим, уни уй шароитида ҳам кузатмоқчи эдим.

Ҳақиқатда катта хонадон экан. Эшикдан киришимиз билан бир неча бола келиб, унинг тиззаларига ёпишди. Опа ҳаммасини суйди, эркалади, улардан онаси, акаси, дадасини сўради. Чулдираган гапларини эшитди, бу гапларга тушунди ҳам. Шу орада овозини сал кўтариб:

– Гулчеҳрахон, меҳмон бор, қаранглао! – деди.

Ошхонадан бўлса керак нозиккина, қош-кўзлари пиликдек аёл чиқди, сўрашиб, дарҳол сўрига кўрпача ташлади. Ҳойнаҳой, келини бўлса керак.

– Ая, илиқ сув тайёрлаб қўйибман, ювиниб оласизми? Гавҳарой, аянгга сув қуйиб юбор!

Ҳовли этагида ҳам иморат бор экан. У ердан оқ-сариқдан келган ёшгина жувон чиқиб, яқин келиб сўрашди.

– Яхши келдингизми, ая!

– Ҳорманг, ая!

– Чарчамадингизми, ая!

Бу дамда неваралар каби атрофни қиз-келинлар тутди. Келини қайси-ю, қизи қайси ажратолмай қолдим. Меҳмон бу хонадонга янгилик эмаслиги, ҳар дам келган меҳмонга хурсандликлари ошкора кўриниб турарди. Муомалалари оддий, самимий эди. Бу ерда қолишга рози бўлганимдан қисилмадим.

Кейин билсам, бу юрганларнинг иккитаси, ҳали айтган оқсариқдан келган аёл – Матлубахон билан, қош-кўзлари пиликдек деганим – Гулчеҳрахонлар опанинг келинлари, қолган учтаси эса қизлари экан. Қизлари Ҳафизахон, Насибахон, Матлубахонлар бугун дам олиш куни бўлгани учун оналарини кўргани келишибди. Кечга яқин қизлар она дийдорига, янгалар суҳбатига тўйишиб, ижозат сўраб, уй-уйларига қайтишди.

– Қудаларни сўраб қўйинглар, – деб тайинлади она.

Янгалар оз-оздан бўлса-да улар қўлига совға-салом тутишди, болаларига ширинлик беришди, жим бўлиб кетмасликни тайинлашди.

Қизлар кетгач, катта келиннинг қизи Гавҳарой келиб, дўхтир аммаси тикиб келган кўйлакни бувисига кўз-кўз қилди. Келинлар болаларнинг ажабтовур ширин қилиқларидан гапириб беришди. Опа қулоқ соларди-ю қўли нима биландир банд эди. Мана неварасини кўтариб бориб, унинг шира бўлган юзини водопроводда ювиб, тозалаб артди. Дастурхонга яна нималардир олиб келди, музлаткичдан кичик хурмачалардаги қатиқни олди. Газ устида қайнай бошлаган чойни олиб дамлади. Келинларнинг бирини ўғли билан уйидан хабар олгани юборди: «Қудамни кундузи далада кўрмадим, тинчмиканлар?» Иккинчисини бир нима деб севинтирди.

Болаларнинг ухлайдиган вақти бўлди. Келинлар уй-уйларига кириб, уларни тинчитишди. Биттаси, чамаси шўхроғи бувиси билан қолди.

– Кел, болам, сен мен билан ётақол, – деб бағрига олди уни бувиси, кейин менга тушунтирди, – жуда олов бўлган шу кунларда. Умри узун бўлсин, аммо ҳозир илон чангалласа ҳам билмайди. Авраб ухлатмасам, ака-укаларини қўймайди, онаси қолганларини эплаб ухлатсаям… Бири-биридан майда, кўрдингиз-ку…

Осмонда юлдузлар чарақлаб, телевизорда кўрсатувлар тамом бўлгандан сўнггина бу катта хонадонда ҳам сукунат чўкканини пайқадим. Келинлар ҳам ухлашди. Бўйдоқ йигитлар – унинг кенжа ўғиллари Ғафуржон билан Алижонлар ҳам ухлашди. Бу орада опа келини билан ёпилганда бир тандир тўлгулик нонга хамир қорди, ўқувчи ўғилларининг эрталаб киядиган кийимларини бир-бир текширди. Яна нималардир қилди. Шундан сўнггина у ҳам менга хайрли тун тилаб, ниҳоят жойига чўзилди.

Қанча огоҳ ётмай, унинг саҳар қай вақт турганини сезмай қолибман. Узоқлашаётган машина товушидан уйғониб кетдим. Ҳали соат беш ҳам бўлмаган экан. У эса аллақачон далага жўнаб кетибди.

– Хавотир бўлманг, ҳали замон келадилар, – дейди Матлубахон. – Одатлари шундай, тонгда далаларни бир айланиб келадилар, кейин нонушта қиламиз…

Опа келгунларича сигир соғилиб, нон ёпилиб бўлди. Кузатиб турибман, иккала келин билиб-билиб, чаққон ҳаракат қилишяпти. Сен қил, сен қил қабилида иш тутганлари ҳам йўқ. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларида ажабтовур келишувчанлик бор эди. Катта ўғиллари Мухторжон билан Соибжон ҳам ишга отланишди, болалар боғчага кетишга тайёр, келинлар ҳам отлангани кириб кетишди. Катта дастурхонда нонушта тайёр, аммо ҳеч ким ўтирмади – онани кутишарди.

– Қаерда бўлсалар ҳам, албатта, нонуштага етиб келадилар. Бизни ишга ўзлари кузатадилар. Шундай бўлмаган кун одам ўзини йўқотиб қўяди негадир. Аям нонуштага келмасалар, негадир дунё ҳувиллаб қолгандек бўлади, – деди кичик келин Гулчеҳрахон.

Мана яна мотор овози эшитилди. Болалар эшикка югуришди. Шиддатли одимлардан унинг келаётгани билинарди. У қўлини ювиб, дастурхонга биринчи ўтирди, кейин бошқалар. Гангур-гунгур нонушта бор-йўғи ярим соат давом этди. Кейин она дастурхонга дуо ўқиди. Катта ҳовли яна ҳувиллаб қолди…

Опа кабинетига кириб, қандайдир қоғозларни кўтариб чиқди. Демак, энди жамоа идорасига боради.

Идорада бироз кузатиб ўтирдим. Ҳамманинг унда иши бор. Опа ниҳоятда банд одам. Ҳозирги мана шу қандайдир қоғозларга имзо чекаётган, кимларгадир кўрсатмалар бераётган, кимнидир койиб, кимнидир мақтаётган аёл, мен кеча кечқурун ва ҳали нонуштада кузатган меҳрибон онага, содда, куюнчак аёлга ҳам ўхшарди, ҳам ўхшамасди. Идорада ўтирган бу аёл билимдон, шиддаткор, шу билан бирга жонкуяр эди. Балки оилада зарур бўлган фазилатлар, раҳбарга хос фазилатлари билан чоғишиб кетгани учун ҳам у ҳамма ерда шундай обрўга эгадир. Шу самимий ҳурмат унга сўнгги йилларда эркаксиз уч қиз, тўрт ўғилни вояга етказишда, олий мактабларда ўқитишда ёрдам берди. Фақат ўз болаларигина эмас, оиласига кейин қўшилиб, ўз боласидек бўлиб кетган келинлари ҳам унга ўхшашни орзу қилишади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации