Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 26

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 26 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЖАННАТНИ ОРЗУ ҚИЛГАН, ДЎЗАХДАН ҚЎРҚАДИ…

Аслида мактуб саккиз тахта эди. Биз ундан атиги уч банд кўчириб олдик:

«Ёшлигимда кўп эшитганман бир ҳикояни. Жаннатда икки шоҳсупа (тахт) бўлар экан. Уларнинг тагидан асал билан сут оқиб турар экан. Шу пайтгача шу икки тахтга ўтириш ҳеч кимга насиб қилмабди! Ёшлигимда жуда катта гапирган эдим, худо хоҳласа ўша тахт мен билан қайнонамники, деб. Тўйдан кейин худо хоҳлабди, кейин эса йўқ. Ёшлигимдан пок ниятим олдида уятлиман. Муқаддас ниятимни амалга ошира олмаганим учун сизни ҳам, ўзимни ҳам кечира олмайман…

Қайноналар тўғрисида ҳар хил гаплар эшитганим учун қайноналар яхши бўлмас экан, деган фикрда эдим. Лекин сизни кўриб, Худо мени жуда яхши кўрар экан, зўр қайнона насиб қилибди, деб ўйлаган эдим ҳақиқатдан. Аммо бизни ҳам «қайнона-келин» муносабатлари ўз домига олди. Ҳеч қайси қайнона келинини яхши кўрмас экан, ҳеч қайси келин қайнонасини. Ундай эмас, яхши кўрадиганлар ҳам бор, деманг! Бўлса ҳам вақтинчалик ё алоҳида бўлиб чиққанидан сўнг ва ё билмадим у ёғини. Шу фикримга қўшилинг! Балки ноҳақдирман. Лекин вақтинчалик чиқарган хулосам шу бўлди! Негадир уч ойдан кейин сиз 90 0 га ўзгардингиз, тўғрироғи мен бўлсам керак…»

Аввалига мактубнинг «ёниб» ёзилганини инобатга олиб, бандига банд ила, сатрига сатр ила жавоб бериш керакмиди деб ўйладик. Муаллиф бўлмиш келин тушунармикин, у билан баҳсга, мунозарага киришиш фойда берармикин, деган хаёл мактубни киши шахсияти, характери хусусида ишлайдиган экспертларга кўрсатишга ундади. Уларнинг мактуб таҳлилидан сўнг билдирган фикри бизни анча ўйлантириб қўйди. Ҳақиқатда «Гап гапиргин уққанга…» деган гап ҳам борлигини ёдимизга солишди… Уларнинг тахмин қилишича (мактуб кайфияти ҳам шуни кўрсатиб турибди), унинг муаллифи ўзиникидан ўзга фикр билан ҳисоблашишга ҳам, муросаи-мадорага ҳам ўрганмаган. Қолаверса, ўзи таъкидлаётганидек, ўсиб унган муҳитида «қайноналар яхши бўлмас экан, деган фикр…», «ҳеч қайси қайнона келинини яхши кўрмайди, ҳеч қайси келин қайнонасини» каби руҳий «кўрсатма» қалби ва онгига сингдириб келинган. Бу кўрсатма аввал ишончга, кейин ҳаётий дастурга айланган. Бугун, яъни турмушнинг илк мушти шарпасини сезиши биланоқ, яъни «тўйидан уч ой кейин» айнан шу кўрсатма келинни «900 га ўзгартирган». Шунинг учун бу кўрсатма бугун келиннинг гўёки аламзада қалбида ҳамма нарсадан устувор! Ҳатто тўй олдидан Никоҳни қайд этувчи даргоҳ ходимининг, худди шунингдек масжидда домланинг анъанавий «Фалончига эрга тегишга розимисиз?» деган саволларига «Ҳа, розиман!» деб жавоб берилгандан кейинги ўз зиммасига юкланадиган катта масъулият ҳиссидан ҳам, Худога берилган сўзни бажармаслик, Унинг ғазабига, дуога қўл очиб Унинг ваъдасига гувоҳ бўлганларнинг қаҳрига учраш ҳиссидан ҳам устун бу кўрсатма. Ҳатто «Ҳар қандай кўйга тушмай, ёнимда полвоним, арслоним, мингта қувончларга ва мингта бахтларга алишмайдиганим – ўғлим бор» (келин хатидан учинчи банд) деб ёзган одамдаги бу кўрсатмага эргашиш туйғуси шу ўғлининг яхши кўрган ва суюкли бўлган отасидан шафқатсизларча айириб олиш, болагинанинг тирик ота ортидан отамлаб бўзлаб қолишиданда, мунгли ўсишидан-да устун!

Тўғри, оналар боласининг бахтиёрлиги, қувончи, бағри бутунлиги учун ўзларининг «минг бахтлари»ни қурбон берадилар, ҳатто кундош азобига чидаётганлар ҳам бор. Бу ҳолдачи? Бу ҳолда болагинанинг эртага онасига, яқинларига қайтарадиган меҳр томирларига аёвсиз болта урилмаяптими? Мактубда «онамни севаман, эъзозлайман!» дейиляпти-ю аслида қизнинг қайтиб келиш сабаблари онасининг:

 
Қайтган қиз отасин бошлари эгик,
Қайтган қиз онасин кўзларида ёш,
Қуёшин сўндириб, ойин сўлдириб,
Қайтган қиз қандайин кўтаради бош?!
 

кечинмаларидан-да устунмикин? Бу кечинмаларни умр савдоси тарозусининг посонгиларига бир қўйиб, чамаланса бўлармиди?

Мактуб муаллифи қайнонасига ўзича гўё «аччиқ», «ўртайдиган» хат ёзиб, уни ўғринча собиқ уйига киргиздириб юборибди. Балки бунинг ўрнига ўша қайнонанинг кўзларига тикилиб очиқ суҳбатлашса, майли-да қайдадир қоқилаётганисуқилаётганини айтса, аҳволи руҳияти ва бошқа кўп нарсалар ойдинлашмасмиди, куйган юраклари совимасмиди, асосийси, вақтики келиб, йиллар ўта армонлар дилини ўртамасди, аламлар тилини гунг қилмасди… У тутган иш тариқаси қалбига сингдирилган ўша «мендан бошқа ҳамма ёмон» кўрсатмасининг шайтоний тараннуми эмаслигига ишончи ҳамиша комил бўлиб қолармикин?

Ўзимиз истамаган ҳолда мактуб ёзган келиннинг уйдирма изтиробларига «бандма-банд», «сатрма-сатр» мулоҳаза юритишга киришиб кетибмиз. Бунинг охири бўлмас. Чунки унинг мактубининг ҳар сатри, мутахассислар айтмоқчи, озгина холис мулоҳаза юритадиган кишида эътироз уйғотмай қолмайди. Аммо у эътирозларни ўнлаб саҳифаларга сиғдириб бўлармикин? Алқисса, гапни шу ерда тўхтатиб қўяқолсак ҳам бўларди. Лекин…

Лекин «коса тагидаги ним косани» сиз ҳам сезаяпсизми? Назаримизда, унинг мактубида жиндек ажриқда тўлғониш, иккиланиш йилт-йилт этиб қолаётгандек. Айни шу йилт этган нарса киши қалбида «У ҳали ёш. Адашаяпти. Аммо тўғри йўлга тушиб кетишдан, эски кўрсатма, қарашларидан фориғ бўлишдан қўрқаяпти (чунки бу кўрсатмаларни энг яқин одамлари сингдирган), муҳими, фориғ бўлиш йўлларини топа олмай қийналаяпти», деган умидли ўйни пайдо қиляпти.

Унинг жаннатдан хабардорлиги бизни огоҳ тортишга ундаган биринчи хислат.

Ҳақиқатда ҳам муқаддас китобларнинг ривоят қилишларича «…етти қават осмон устида муаллақ турган саккиз жаннат – Дорус-салом, Дорул-хулд, Жаннат ун-наъим, Жаннат улаъдин, Жаннат ул-маъво, Жаннат Дорул-Жалол, Жаннат улФирдавс, Боғи Эрамнинг ариқларида сутдан оқ, асалдан ширин шарбатлар оқиб турур».

Тахт масаласига келсак, у ҳам жаннатда бор экан. Тахт ҳақида ўша китобларда шундай ривоятлар бор: «Аҳли Беҳиштнинг уйи етмиш турлук сарой, ҳаммасини олтундан, лаълу жавоҳиротлар бирла мурасса қилинғон. Ҳар бир саройнинг катталиги бир ойлик йўлдур. Ҳар саройда минг ҳужра, ҳар бир ҳужрада минг бир тахт, ҳар тахтда икки минг турлук бисот, икки минг турлук ёстиқ, ҳар ҳужрада етмиш минг ҳур, ҳар ҳурнинг эгнида етмиш қат ҳулла, бошида тож, қўл қовуштириб турурлар…»

Мактуб муаллифи жаннат нималигини билибгина қолмай, уни орзу қилаётгани ҳақида ўқидингиз… Фақат…

Фақат… Муаллиф ёшлиги туфайлими (балки у амал қиладиган дастурий кўрсатмаларида булар ҳақида айтилмагандир), Аллоҳ на бу дунёда, на у дунёда (жаннат ва дўзахда) ҳеч бир нарсани мақсадсиз ва ўринсиз («бўш туриш» учун) яратмаслигига ақли етмабди. Балки буни унга жаннат тўғрисида сабоқ берган кишилар атайлаб айтишмагандир.

Қайда-қайда-ю, лекин айнан жаннатда аҳли Беҳишт теппа-тенг! Жаннатда тўр ва пойгак йўқ! Бу дунёдаги каби «тўнга қараб тўрга чиқариш»лар йўқ! У ерда алоҳида гўзаллар ҳам, алоҳида хизмат кўрсатганлар ҳам йўқ! Аҳли Беҳиштнинг асл гўзаллигининг, Пулсиротдан осон ўтганининг сабаби – иймонининг бутлиги, Лавҳи Маҳфузга битилган савобининг кўплигидадир. Аҳли Беҳиштнинг юзидан бировларни айблаш, қарғаш, таъмагирлик эмас, чиройли нур ёғилади…

Жаннатдаги алоҳида «қайнона-келинларга» аталган, ҳамон бўш турган тахтлар ҳақидаги сохта ривоятлар бу дунёда мунофиқларнинг ўзларини оқлаш учун, ёшларга сингдираётган «кўрсатмаларини» ниқоблаш учун эмасмикин, деб ҳам ўйлайсан киши. Гўё «Хў, келинпошша, қанча ҳаракат қилма, барибир қайнонангга ёқмайсан. Қайноналар ўзи шунақа, ўрта бармоғингни қоронғуда шамчироқ қилиб ёқиб турсанг ҳам уларга ёқмайсан, барибир. У тахтлар Одам Атодан бери ҳеч кимга насиб қилмаган, интилсанг ҳам, интилмасанг ҳам, сенга ҳам насиб қилмайди!» – дейишмаяптими улар?

Яна бир муқаддас ҳадис бор: «Жаннат – оналар оёғи остидадир!» «Она» деган тоифага хат муаллифининг онаси, бувиси, холаси ҳам киришини ёшлик қилиб унутибди шекилли. Эрта-индин ўзи ҳам уларга етиб қайнона бўлади. Яхши келин бўлиб жаннатга «пропуск» ололмаган экан, қайнона бўлиб ҳам у тахтга етишмаслигини ўзи олдиндан башорат қилмаяптими?!

Бундай ақида билан ҳаётларини бошлаган қизларимизнинг кўпи тезда огоҳ тортиб, эс-ҳушларини йиғиб олмасалар, уларнинг ҳаёт кемалари бахтсизлик қирғоғи томон сузиши аниқ.

Қиссадан ҳисса яна шуки, жаннатдан хабардор бўлган ва уни орзу қилган одам, дўзахдан ҳам хабардор бўлади ва ундан қўрқади.

Жаннат таърифини иқтибос келтирган китобимизда «Дўзах шундоқларнинг жойидурки, амонатга хиёнат қилур, эр-хотун бир-бирини ҳурмат қилмай изо (изза, уят, айб) ва иҳонат (бепарволик, писанд қилмаслик, беҳурмат қилиш, таҳқирлаш, хўрлаш) қилур»…

Бу – еттинчи дўзах – Ҳутамага тушадиганлар таърифи ҳақидаги ривоятдан.

Кўриниб турибдики, бу дунёда яйраганларнинг, фақат менгина ҳақман деб кўксига урганларнинг, солиҳман деб бошқаларни ишонтиришга ҳаракат қилганларнинг ҳаммаси ҳам жаннатга тушавермас экан.

Дўзах таърифидаги иллатлар хат муаллифига ҳам илашмадимикин, аслида бахтсизлигига айнан феълидаги шу илашганлар сабабмасми, қалбини-ю борлиғини бир кўтариб, янгилаб олиши керакмасмикин, деган саволни беришдан ўзимизни тийдик. Хат ёзаётган вақтидаги кўкларга ўрлаган алангасини «қайтган қиз» тамғаси бўйнига осилгандан кейинги ҳаёти бироз сўндирган бўлса ажабмас. Сўндирмаган, қалб кўзи очилмаган бўлса, сўзимиз ҳам, саволимиз ҳам албатта, эсиз! Айримларга гап уқдириб бўлмайди дейишгани рост. Бироқ…

Бироқ қалб кўзининг очилишига мойиллик бордек. Унинг хатидан олинган шу уч банд кўчирмадаги айрим сўзларга эътибор беринг-а: «Балки янглишаётгандирман», «яна билмадим», «балки мен ўзгаргандирман», «вақтинчалик хулосам шу бўлди»… Иккиланиш, «ажриқда думалаш», ўз йўлини, ўз сўзини топиш қийноқларининг нишидек кўринди улар бизга. Фақат шу кайфиятда узоқ қолиб кетмаслик керак. «Эгилган бошни қилич кесмас», деган гап ҳам бор доно халқимизда.

Унга ёрдам бўлармикан маъносида юрагимиздагини айтишнинг, унинг мактубига жавоб беришнинг бошқа йўлини тутишни маъқул билдик. Ўйласа, ёшгина умридаги шу уч босқич – қизлик даври, оила қургандан кейинги ҳаёти даври, «қайтган қиз» даврини ҳолисанлиллоҳ солиштирса, мулоҳаза қилса, ўзи тўғри хулоса чиқариб олар.

Қалб кўзининг очилишига зора шу ривоятлар туртки бўлса…

ҚАЙНОНА ҲАМ ОНА

Турмуш қурганингиздан кейин оилангизда сиз билан энг яқин муомалада бўладиган кишиларнинг бири – қайнона ойингиздир. Бундай ўйлаб қарасангиз, бу табиийдир. Чунки икковингиз ҳам шу хонадоннинг соҳибаси ролини ўйнайсиз. Фақат у киши – етакчи соҳиба. Кўп, жуда кўп сабаб бор у кишининг етакчилик қилишлари учун. Ахир ўйланг, ёшлари ҳам, тажрибалари ҳам, уй-рўзғор тутиш малакалари ҳам шуни тақозо этади. Сиз эса етовдасиз. Буни ҳеч қачон унутмаганингиз маъқул. Ҳамма вақтлар, ўзбек халқи бошидан кечирган ҳамма тузумлар даврида ҳам келин оилага фарзандлар қаторидаги бир фарзанд сифатида қабул қилиб келингани учун ҳам шундай бўлиб келган. Уйингизда келинойингизнинг мавқелари ҳам шундай эди-а? Шунинг учун дастлабданоқ маълумотингизнинг юқорилигини ёки хизматдаги мавқеингиз уларникидан баландлигини пеш қилиб, ўзингизни қайнонангиз билан тенг ёки ҳатто улардан юқорироқ кўришларини талаб қилманг. Сизнинг улардек бўлишингизга, кексалар айтмоқчи «ўн-ўн беш қовун пишиғи бор». Уларнинг қўлларидан ишларини олиб, улар йўриғига тўғри юришни сабр-тоқат, сабот билан ўрганмасангиз, уятга қолишингиз турган гап.

Оилада ҳамманинг ўз ўрни бор-а? Бобо, буви, ота, она, кейин навбати билан фарзандлар… Ҳатто уйдаги катта ўғилга тенг кўрилиб, келин қилиб олинган бўлсангиз ҳам, эрингизнинг ёнидан жой эгаллагунингизча аввало шу оила аъзоларининг ҳаммасининг бир сидра ишончини, меҳрини қозонишингиз керак бўлади.

Йиллар, асрлар оша жамиятда, ҳаётимизда, руҳиятимизда эҳ-ҳе қанча ўзгаришлар рўй беради! Ахир цивилизация деган нарса бир жойда турмаса! Мана, олий маълумотли келинлар сони юртимизда шундай маълумотга эга бўлган қайноналар сонидан анча ошиб кетди. Бироқ оила тузугига маълумотли келинлар етакловчи бўлсинлар, деган банд киритилгани йўқда! Умуман, оила ва инсон руҳиятидаги ўзгаришлар умумцивилизациядан сал секинроқ кечаркан. Нега шундай деяётганимни ҳозир тушунтириб бераман.

Яқинда «Машъал» радиостудиясидаги «Дилкаш суҳбатлар»да иштирок этаётганимда телефонда студия билан боғланган катта ёшдаги эркак кишининг ташвишли овозини эшитдим: «Хотин-қизлар ҳақида кўплаб керак гапларни ёзаяпсизлар. Барака топинглар… Лекин айрим келинларга ҳам насиҳат қилиб қўйсанглар яхши бўларди… Сал ҳаётга жиддийроқ қарашсин ахир! Айрим келинлар мен олий маълумотлиман, қайнонам эса саводсиз, эримда ҳам диплом йўқ, деб ажрашиб кетишяпти! Маҳалламиздаги бир келинни қайнона-қайнотаси бош бўлиб, минг азоб билан контрактини тўлаб, олий маълумотли қилишди. Куни кеча эрини олиб, бўлак бўлиб чиқиб кетди. Кексалар ёлғиз қолишди. «Саводсиз» қайнонанинг «Оила бузилмасин! Қайда бўлса ҳам, боламнинг боши омон бўлсин! Невараларим етим қолмасин!» дейишга, яна чолу кампир кўп йиллардан бери «Болаларимизга оғирлигимиз тушмасин» деб йиғиб юрган ўлимликларини харж қилиб, жой олиб беришга ақли етибди-ю, «билимдон» келиннинг «Кексалар ёлғиз қолишмасин, умрининг охирида шуларни яшнатиб юрай!» дейишга ақли етмабди-да! Э, ўшанақа келинларни… Навоийни туққан онада ҳам олий маълумот бўлмаган-ку!..»

Ростини айтсам, бу гап юрагимнинг оғриқ нуқталарига теккани учунми, бироз ўзимни йўқотгандек бўлдим. Микрофон очиқ эди-да… Тўғридан-тўғри мулоқот бўлаётган эди. Вақт эса ҳамиша чекланган…

Тингловчининг гапидан кейин биринчи ҳис қилганим алам ва афсус бўлди. Цивилизация шунча илгарилаб кетса-ю қизларимиз маънавияти ундан шунча орқада бўлса-я! Сабаби бундан чамаси ўттиз йиллар олдин биз, ижодкорлар ўтирган саҳнага юборилган бир хатча ёдимга тушди. Ўша кезлар «Қайноналар» деган кичкина рисолачам чоп этилган эди. Шу баҳона ёшлар давраларига кўп суҳбатларга таклиф этишди. Кимлардир (асосан катта ёшдаги аёллар, аксарияти – қайноналар) рисолани маъқуллашди, чамаси улар менинг фақат ижобий қайнона ва келинларни ибрат қилиб кўрсатишдан мақсадимни ҳам тушунишди: танқиддан кўра яхши ибрат одамларга тезроқ таъсир қилади. Кимлардир эса (ёшлар, аксарияти – келинлар) «Ҳаётда бундай бўлмайди!» деб эътироз билдиришди. Аксарият қаҳрамонларнинг исми, манзили, ишлаш жойи аниқ бўлса ҳам, демак келинлар ишонқирашмабди…

Чет тиллар институти (ҳозирги Жаҳон тиллари университети) француз тили факултетидаги учрашувда биз ижодкорлар ўтирган саҳнага талаба қизларнинг бири шундай хатча юборибди:


«Яна кўп ўтмай мен олий мутахассис деган диплом билан қишлоғимизга қайтиб бораман. Турмушга чиқиш ҳар бир қизнинг бошида бор савдо. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Агар куёв ўзимизнинг Бештерак қишлоғимиздан бўлса, қайнонам нари борса қишлоқ мактабини битирган оддий аёл бўлади. Чунки оналаримиз тенги аёллар ичида олий маълумотлиси – иккита муаллимамиз холос. Аммо уларнинг биз тенги ўғиллари йўқ. Мен бўлажак қайнонам билан қандай яшайман? Нимани гаплашаман? Орамизда ер билан осмонча фарқ бўлса, мен уни қандай ҳурмат қиламан?»


Демак, қизгина ўзини осмонда, маликалик тахтида, қайнона – онани эса ерда кўряпти…

Маликалик тахтига аввал қулчилик эшигидан ўтиб борилади, ойим қизим, бу эшикдан ўтганларнинг тахти мустаҳкам, бахти мустаҳкамдир, дегим келди.

Кейин хаёлимга «олий маълумотли»ларнинг эмас, ҳақиқий билимли, том маънодаги зиёли кишиларнинг фазилатлари кела бошлади:

Ҳақиқий билим эгалари ўта камтар бўладилар. Билим ва камтарлик уларни барча ёмон, ярамас амаллардан тийиб туради.

«Билимдон» келинчак эса ўзини кичкинагина оилани тўзитишдан тия олмабди…

Ҳақиқий билим эгалари билимни ҳамиша ўз иззат-нафсларидан, молу мулкдан афзал билганлари учун ҳам кўпчиликка наф келтиришлари билан элда азиз бўладилар.

Келинчак эса икки кекса одамнинг кўнглини ола билмагани бир сари, уларни қароқчидек талаб кетибди…

Ҳақиқий билим кишининг инсонийлигини оширади. Яхшилик кўрмоқчи бўлган одам, аввало бошқаларга яхшилик қилиши кераклигини билади.

Келинчак ўзига яхшилик қилиб, контрактини тўлаб ўқитганлар юзига оёқ босибди, «контракт қарзини» лоақал меҳр, парвоналик билан уза олмабди…

Ҳақиқий илм кишилари саҳоватли бўладилар. Улар ўзларида борини ўзгалардан аямайдилар. Атрофдагиларнинг ҳам илми ўзлариники билан тенг бўлишига интиладилар. – Улар аураси атрофга нур таратади.

Келинчак эса ўз йўлини ёритиб турган ёғдуни шафқатсизларча ўз қўли билан ўчирибди…

Ҳақиқий билим эгаси маънавий гўзал бўлади. Маънавий гўзаллик эса маълумотдан, мансаб-даражадан, ҳусндан ҳам кўра кўпроқ обрў-эътибор келтиради.

Келинчак бунинг аксини намойиш этиб кетибди: онги қолоқ, маданияти ночор, феъли оғир қиз ўнта дипломга эга бўлса ҳам маънавий гўзал бўла олмаслигини исботлабди…

Ҳақиқий билим инсонга қут, шараф-шон беради, унинг номини улуғлайди.

Келинчак эса ўз шаънига доғ тушириб қўйибди…

Таққос ва мулоҳазадан зерикмаган бўлсангиз, ўзингиз ҳам давом эттираверинг: Ҳақиқий билим эгаси…

Сиз ҳам англагандирсиз, бундай қизларнинг тойиши анча аввал, тўйдан ҳам аввалроқ, қайноналар она ўрнида бўла олмайдилар, деган кўрсатмадан бошланган.

ЙИҒЛОМА ҚИЗ, ЙИҒЛОМА…
(Икки келин мактуби устида мулоҳаза)

Шу вақтгача ўз онангиз билан яхши дугона, сирдош эдингизлар. Турмуш қургач эса… Огоҳ бўлмасангиз, муносабатларингизни яхши ўйлаб ва тўғри йўналтириб турмасангиз, кейин қийналиб қоласиз. Айнан шундай мавзуда сўз юритишимизга қуйидаги мактублар сабаб бўлди.

Биринчи мактуб:

«… Ўз тўйида йиғлаган қизларни кўрганмисиз?

Мен кўп дугоналаримда кўрганман…

Дарвозаси олдида сурнай хониш қилиб турганда узатилаётган ҳамма қизлар ҳам, уларнинг оналари, амма-холалари, опа-сингиллари ҳам йиғлайдилар.

Сурнай одамнинг юрагини нега бундай тўлқинлантираркин? Нега одамни камалак доирасининг нақ тепасига олиб чиқиб қўйгандек бўларкин?!

Атроф бирам тоза! Бирам беғубор! Одамлар бирам сертабассум ва фариштали… Бу ёруғликка кўзларинг дош беролмай, шаффоф шудринг мисол кўз ёшларинг милкингга инади.

Қиз уйимдан қалбим шу шудринг мисол топ-тоза чиқиб кетаётгандекман. Ниятларим ҳам қуёш нурида ялтиллаётган шудринг мисол қалбимни заррин нурга тўлдиради…

Бувам фотиҳага қўл очганларида ана шундай туйғу чўққисида эдим… Ҳамма менга қараб турар, кафтлари қалбларидаги тоза, самимий ниятларини илиб олишга тайёрдек кўксилари узра фотиҳага очилган эди… Уларнинг кўзлари ҳам нам…

Шу дам…

– Тўхтанг, дада! Келинга бошқа машина юборишмагунча «Омин» қилманг!.. – бу онамнинг сўзлари эди.

Уларнинггина кўзларида нам йўқ. Уларнинггина кўзлари ўтли эди. Уларгина менинг қалбимни юксакларга кўтараётган соф туйғуларимдан йироқ эдилар…

Ҳамма саросимада қолди.

– Кўча тўла минг хил чиройли қора иномарка машиналар бўлса-ю, куёвнинг дидига куйдирги чиққанми нима бало, оппоқ «Волга» юборганини қаранг! Қизим ўтириб қолган қиз бўлганида ҳам «Ҳа, майли!» дердим. Энди ўн тўққизга чиққан қиз бўлса! Бундай келинга «Мерседес»ми ёки бошқа чиройли машина юборса асакаси кетармиди?!

Эшик олдида ярақлаб турган машина маркаси ва рангига онамдан бошқа ҳеч ким эътибор бермаган эди. Бир менгина дераза ойнасидан кўрган эдим, ойимга ёқмаган шу машина кўзимга бахтим манзили томон элтадиган оққуш, йўқ, оппоқ елканли кема бўлиб кўринганди…

Онамнинг гаплари мени саросимага солиб, ичимда титроқ уйғотди. Кипригимдаги шудринглар юзимга дув тўкилди. Негадир улар энди шаффоф эмас, ҳам қайноқ, ҳам аччиқ эди…

Нега ойим мени худди бегонадек «келин» деб атаяптилар? Нега қалбим ишонгани, бир умр суянмоқчи бўлган кишимни ёт одамдек «куёв» деяптилар? Назаримда, ойимнинг ғазаб чақмоғи ҳозир бахтимни чок-чок қиладигандек…

– Буважон! – дедим секингина ёнимда фотиҳа бераётган бувамларга, – биз набира куёвингиз билан айнан шу машинани танлагандик. У худди сиз эртакларда айтган оқ кемага ўхшайди…

Бувам мени бағриларига босиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар-да қўлларини баланд кўтариб:

– Қани, оми-и-ийн! – дедилар. – Эшигимизда турган ана шу оқ тулпор болагинамни куёв болам олдига, ўз чин манзилига, чин бахтига элтиб қўйсин! Болаларимнинг бахтига гард юқмасин! Илоҳо, қўшгани билан қўша қариб, серфарзанд, сердавлат, сермеҳр бўлишсин! Ўсишсин, унишсин, бугун боғланган ришталар умр поёнигача маҳкам бўлсин! Омин, Оллоҳу Акбар! – дедилар.

Ўша куни ойимлардан бошқа ҳамма тўйимизда яйраб ўтирди, иккимизга чиройли тилаклар билдиришди. Дилимдаги ғашликни ҳайдашга қанча уринмай, барибир унда нуқтадек кичик доғ қолди. Ишқилиб, бувам дуо қилганларидек, қўша қарийлик, бахтимизга гард юқмасин, ришталар абадга боғланган бўлсин…»

Одамни анча ўйлантириб қўядиган мактуб тўғрими? Аммо у ҳақида фикр юритиш, қизларини тўйларида аччиқ йиғлашга мажбур қиладиган, дилларида доғ қолдирадиган оналарга «Ҳай ўртоқ, озгина мулоҳаза билан иш тутинг!» дейишдан олдин иккинчи мактубни келтирайлик-да, кейин дилимиздагини айтайлик.

«Ҳайит яқинлашганда қайнона ойимлар менга шундай дедилар:

– Икки уйнинг пайвандчиси сизсиз, келин болам! Яна ўн беш кундан сўнг рамазон ҳайити. Рўза тутмасангиз ҳам, Оллоҳим икки жонни саломат қилсин, рўзанинг ҳурмати, рўзадорлар, уйингиздаги кексалар ҳурмати кунда саҳарда мен билан баробар туриб саҳарлик тайёрлаяпсиз. Яхши ниятларингиз ижобат бўлсин! Дадангиз ҳар куни сизни «Худойим шу келинингни кўпдан кам қилмасин, дилини ҳамиша равшан қилсин!» деб дуо қиладилар. Шунинг ўзи сизнинг уйимизнинг ҳақиқий аъзоси бўлишга уринаётганингиздан далолатдир. Дадангиз билан маслаҳатлашиб, қудаларимиз ҳайит йўқловига уринишмасин, биз ўзимиз чиройли қилиб дастурхон безайлик, яқинларимиз келиб қўлингиздан ҳайит чойи ичишсин, деган қарорга келдик. Билишимизча, айрим келинларнинг оналари рамазон бошланмасиданоқ ҳайит йўқлов ташвишига тушиб қолишибди.

Қудаларимизга борганингизда айтинг, уринишмасин. Биронта ҳам тоғора юбориб, овора бўлишмасин. Керак нарсани ўзимиз тайёрлаймиз, деб кўнгилларини хотиржам қилинг, келин болам. Имконлари бўлса, ҳайитнинг биринчи куни дам олиш куни-ку, уй ичлари билан келиб, бирон фурсат ўтиришиб, кўнгиллари яйраб кетишсин!

Ойижоннинг айтган гапларини қандай эшитган бўлсам, шундайлигича ойимларга айтдим. Хурсанд бўлсалар керак, деб ўйлагандим, кутилмаганда қовоқларини уйиб олдилар. Кейин дилимни чилпарчин қиладиган даражада ойижоннинг таклифларига терс жавоб қайтардилар:

– Бунча паст бўлмаса қайнонанг?! Майли, индамай тур, арафада элликдан ортиқ тоғора юбориб, бир шоширмасам, отимни бошқа қўяман! Кўнгилларида бизни камбағал деб аяптилар-да? Ерга ураяптиларми ҳали бизни? Ота-бувалардан қолган одат, албатта, қиламан йўқловни!

Ойим тайинлаганларидек, қайнона ойимга ҳеч нарса демадим. Аммо келин бўлиб тушган уйимдагилар олдида ўзимни гуноҳкор сезар, кўнглим синиб, нима қилишимни билмас эдим.

Арафа ҳам келди…

Ойим айтган йўқловларини юбордилар ҳам. Назаримда, қайнона ойимлар ойимнинг жуда ўжарликларини яхши сездилар-у, оғир бўлдилар. Яхши ҳамки, бозор деган нарса бор экан. Ҳайит арафаларида у ерда «одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса топилиши мумкин» экан.

Ойим кутганларидек, қайнонам «шошиб» ҳам қолмадилар. Ҳайит йўқлов олиб келганлар бир пиёла чой ичиб, арафа ошини еб бўлгунларича Анвар акам билан қайним бозордан қайнона ойим айтган ҳамма нарсаларни олиб чиқиб беришди. Тоғоралар тўлдириб-тўлдириб тугиб қайтарилди. Билмайман, бундан ойимнинг кўнгиллари тўлдимикин?

Ойим қайтган тоғорадагиларни қўни-қўшниларга тарқатибдилар, қолганини ҳайитимдан кейин қўшнининг молига олиб чиқиб беришибди. Нарсаларнинг увол бўлгани бир сари, икки уйим орасига киши билмас совуқчилик тушганини, бунга асосан ўз онам сабабчи эканларини ҳам сезиб турибман. Лекин ўз туққан онамга қандай қилиб ақл ўргатаман?!

Қандай қилсам, бахтимни маҳкам ушлаб қоламан?!»

Иккала мактубда ҳам мени севинтирган нарса – қизларимизнинг ўз бахти устида қайғуриши, мустақил фикрлашга интилиши бўлди.

Бундайлар ўз бахтлари ҳимоясида қаттиқ турадилар. Қанча қийинчилик бўлса ҳам улар иродаси мустаҳкам. Элда «Тош келса – кемиради, сув келса – симиради» сифати ана шундайларга берилади. Ўз бахти учун киши аввал ўзи курашмоғи кераклигини улар яхши билишади.

Афсуски, ҳамма қизлар ҳам шундай ўйламайдилар. Ўз тақдирини ота-онасининг, асосан онасининг юқорида бир учини кўрсатган ўжар феъли ихтиёрига ташлаб қўйганлар ва бундан аччиқ йиғлаб қолаётганлар қанча?!

Келинг, бирга мулоҳаза қилайлик. Суҳбатни иккинчи мактубдан бошлай қолайлик…

Сир эмас, ўзбекчиликда, қудачиликда кўпинча ташаббус йигит томонда бўлади. Ана шу ўзбекчилигимиз ва асрий одобахлоқимизга риоя қилган қиз томон аксарият «етовга юради», “пастроқ тушади” ва кўп нарсада ютади.

Мактубдан кўриниб турибдики, ташаббус кўрсатаётган қайнона анча мулоҳазали фикр юритаяпти. Ҳомиладорлиги туфайли рўза тутмаётган келинининг хизматига қайнона ташаккур билдириб, одоби туфайли келин эндиликда «ўзиники» бўлиб қолганини билдираяпти.

Дарҳақиқат, Рамазон ҳайити биз учун дилларимизга жило бериш, руҳимизни поклаш йўлида муқаддас ибодатларимиздан ҳисобланган Рамазон ойининг ўттиз кунлик рўзасини тутиб, бажарган ибодатимиз шукронаси, бундан қалбимизнинг юмшаганини ҳис қилишдан суюнч нишонаси байрамидир. Бу ниятимиз, ҳаракатимизнинг Китобу ҳадисларда буюрилганига мослиги руҳимизни янада кўтаради, дилимизга равшанлик, хотиржамлик келтиради.

Шу дамда бундан кўп асрлар аввал яшаган, лекин бутун ижоди халқимиз орасида ҳикмату донишга айланган, ўгитлари ҳамон дилимизга қувват бериб турган Мирзо Бедилнинг бир байти эсимга тушди:

 
Умримиз тўлсада манманликка
Бир нафас бирла бари бекордир…
 

Бу байтни эслаганимнинг боиси айрим ҳолларда ва яна қайд этаманки, айримларимизнинг ниҳоятда калта ўйлашимиз, кейинни кўзлаб иш тутмаслигимиз, сувнинг оқимини, замоннинг нафасини ҳис қилмай иш қилишимиз оқибатида шундай ёруғ байрам иккинчи мактубда қайд этилганидек кибримиз, манманлигимизнинг, ўринсиз ғуруримизнинг намойишига айланиб, қизларимиз кўз ёшига сабаб бўлиб қолаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Гап аёллар ҳақида, қалбида кибри устун аёллар ҳақида кетаяпти, албатта.

Аслида биз, яъни аёллар ўзимизни нечоғли заиф, ожиз деб таърифлашга, вақти келса, бор талантимизни кўрсатиб шуни намойиш этишга ҳаракат қилмайлик, яна қайтараман, айнан биз уйнинг об-ҳавосини яратамиз, айнан биз оиланинг ахлоқий, маърифий, маънавий муҳитини таъминлаймиз. Айнан биз шу кичкинагина вужудимизга момолардан олган яхши урф-одатларимизнинг оғир юкини жо қилибгина қолмай, уни тўлдириб, бойитиб келажак авлодга етказамиз.

Бу ҳол битта ўзбекларда эмас, дунёдаги барча миллатларда ҳам шундай. Шунинг учун ҳам бизни – Аёл, Оналарни оиланинг устуни дейишади.

Шу нозик қад билан устун бўлиш осонми?

Қийин, албатта!

Лекин бизни яратган Оллоҳ ана шу мушкул ва савобли амалларимиз учун «Жаннат оналар оёғи остидадир» деб мукофотини олдиндан ваъда қилиб ҳам қўйибди. Бир жон билангина эмас, «қирқ жон» билан бу мукофотга лойиқ бўлишга интилаётган, етмиш икки томиримиздан бунга қувват топаётган ҳам биз ўзимиз.

Лекин юқоридаги мактубларда келтирилгани каби баъзида айримларимиз панд бериб қўяётган ҳам ўзимиз эканимизни, бу билан порлоқ бахти томон интилаётган фарзандларимизни қийнаб қўяётганимизни чин юракдан тан олмагунимизча, ўзимизда, руҳимизда, қарашимизда ўзгариш ясамагунимизча, буни тузатишимиз мушкул.

Негаки, «ота-бувамиздан қолган урф-одат»нинг аслини тўғри тушуниб етмагунимизча, чамаси кибру манманлик отига миниб юраверишимиз аниқ.

Ҳайит йўқловлар ота-бувамиздан қолганми?

Ҳа, қолган! Аммо қандай шаклда?

Азалдан янги қудалар бундай катта байрамларда бир-бирини йўқлашган, албатта. Ҳайитлар орасида янги қариндошлик, қизи орқасида куёвлик, ўғли орқасида келинлик бўлганлиги шукронасининг ифодаси бу йўқловлар.

Нондек азиз бўлишсин учун нону патир, заминдек серҳосил бўлишсин учун ундан қилинган бўғирсоғу қуштили дегандек…

Ҳайитларда оила аъзолари покланиб, яна шу дамларга етказганига шукроналик рамзи сифатида охорлик кийинишганми? Ҳа, имкон қадар шунга ҳаракат қилинган! Уйда қизлар оналари бошчилигида оталари, акалари, укаларига дўппи-қийиқлар, яктаклар тикишиб, ҳайитларда совға қилишган. Оиланинг узатилган қизи бўлса, «сен ҳам бизнинг хотирамиздасан» маъносида қизларига ҳалиги нон-патирга қўшиб охорлик рўмолми, кўйлакми юборишган. Уйларига янги келин туширилган бўлса, «сен ҳам энди ўз боламиз бўлдинг» маъносида уни ҳам совғасиз қолдиришмаган. Бу чиройли урф-одатларимиз ҳақида агар ўз оиламиз шажарасини, тарихини, тузугини яхши билмасак, адабиётларда мисоллар кўп.

Лекин биз адабиётни ўқимаймиз, ўз маънавий илдизимиз моҳиятини билмаймиз, япроқмиз-ку қувватни илдизимиздан олмаймиз. Шу сабабли кўп нарсаларни урф-одат деб ўзимиз ўйлаб чиқарамиз. Унча-мунча билганларимизни ўзимиз истаганча бемалол ислоҳ қилаверамиз. Ҳеч бир нарсага таянмаган «янгиликларни» ўйлаб чиқараверамиз. Кейин яна айнан ўзимиз «Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси»га бир кулиб – бир йиғлаб, бир кулиб – бир йиғлаб муқом қилаверамиз!

Кибр билан, манманлик билан қизнинг онаси «бир нафас бирла барини бекор» қилди. Энди қизи тўйдан кейин ҳам йиғлар даражада кўнгли паришон.

Биринчи мактубни ёзган келингина қизим мени кўп жиҳатдан хурсанд қилди. Сезаяпсизми, ўз тақдири, ўз бахти учун жуда зукколик билан курашадиган авлод етишиб келяпти!

Тутган оқилона йўриғини қаранг: балки машина масаласида у куёв бола билан келишмагандир ҳам, андиша кучлилик қилиб ундан балки «Қандай машина юборасиз?» деб сўрамагандир ҳам!

Аммо шу бир оғиз «Биз шунга келишгандик…» дейиш билан у кўп олдида куёвнинг ҳурматини тиклади. Тикладигина эмас (муроса учун ёлғонни Оллоҳ ҳам кечиришга ваъда берган), бундан бу ёғига куёвнинг етовига юриш, борига қаноат қилишга тайёрлигини чиройли тарзда намойиш этди чамамда.

Онанинг ўринсиз кибрли сўзига кириб, бошқа машина келтирилгунига қадар ҳаммани тик оёқда турғазиб қўймади. Қизгина сурнай хонишини керагидан ортиқ чўздириб, мотам маршига айлантирмади, тўй уники эканини шу «келишганмиз» билан исбот этди қўйди. Афсус, куёв томон қиз онасининг талабини бажаргунча, сурнайчилар “Сурнай навоси” ўрнига енгил-елпи куй чалиб “тўйни қиздириб” туришгани ҳақида, “Ҳозирдан етовга юрмаган қиз, кейин юрармиди?” (англаяпсизми, “қизнинг онаси” эмас, “қиз” дейиляпти) деб, куёвнинг кийган зар чопонини қизникига ташлаб кетгани ҳақида ҳам эшитганмиз.

 
Йиғлома, қиз, йиғлома-ё, тўй сеники,
Остонаси тиллодано уй сеники…
 

Тўй – қизники, тўғри, аммо ҳангомалар аксарият оналарники.

Қўшиқда куйланаётган «тилло остона»нинг аслида рамзийлигини тушунмай, бошқаларнинг исёнига кўр-кўрона қўшилаётган қизлар қанча! Аслида ўзларининг-ку исён кўтариш хаёлларига ҳам келмас. Чунки ўзлари тасвири биринчи мактубда келтирилган жуда нозик ҳолатда бўладилар: «…Сурнай одамнинг юрагини нега бундай тўлқинлантираркин? Нега одамни камалакнинг нақ учига олиб чиқиб қўйгандек бўларкин?!

Атроф бирам тоза! Бирам беғубор! Одамлар бирам сертабассум ва фариштали… Бу ёруғликка кўзларинг дош беролмай, шаффоф шудринг мисол кўз ёшларинг милкингга инади.

Қиз уйимдан қалбим шу шудринг мисол топ-тоза чиқиб кетаётгандекман. Ниятларим ҳам қуёш нурида ялтиллаётган шудринг мисол қалбимни заррин нурга тўлдиради…»


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации