Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 34 (всего у книги 34 страниц)
* Ўзингизни жуфтингиздан ақллироқ билиб, зинҳор буни намоён этишга шошилманг, тезда уни қайта тарбиялашга киришманг. Буни эркакларнинг жини суймайди.
* Донишмандлар аёл эрдан тўрт нарсада афзал бўлиши керак дейишади:
1. Гўзалликда аёл эркакдан устун бўлиши керак.
2. Назокат ва зарофатда аёл эркакдан нозикроқ ва маданиятлироқ бўлиши керак.
3. Аёлнинг феъли эрининг феълидан юмшоқроқ бўлиши керак.
4. Аёл эридан кўра сабрлироқ бўлиши керак.
* Кишилар ўртасидаги муносабатларда, энг муҳими, инсоннинг ўзлигини йўқотмаслигидир. Жуфтингизнинг ўзига ёққан, узоқ йиллар ўрганиш бўлиб қолган кўникма ва одатларини, агар улар атрофдагиларга зарар келтирмаса, ўзгартиришга мажбур этманг.
* Ноз, назокат, дилбарлик – аёлнинг энг зарур фазилати. Қолаверса, бахти ҳам. Лекин буни араз, гина, нолиш билан аралаштириб, асло бачканалаштириб юборманг. Жуфтингизнинг кўнглини олишнинг ҳар бир жараёнида нозни ишга солинг, назокатни жилвалантиринг, тилни ширин қилинг.
* Яхши тарбия кўрган жуфт – бутун дунё бойликларидан хайрлидир. Жоҳил, тарбиясиз жуфт билан турмушни давом эттириш ўта машаққатлидир.
* Бир-бирларингизнинг ишларингиз билан қизиқиб туринг. Эрини суйган аёл уни ишига суйиб кузатади. Бундай кузатилган эр куни билан кўп яхши ишлар қилишга қодир бўлади. Унинг ишлари билан мунтазам қизиқиб, суриштириб турсангиз, ишонинг, ўз ғам-ташвишларини, қувонч ва шодликларини бировларга кўтариб боришига ҳожат қолмайди.
* Бир-бирингизга эътиборли бўлинг. Ичингизда ҳойнаҳой «Барча оилавий низолар асосида майда-чуйда нарсалар ётади», деб кўп ўйларсиз. Бемеҳрлик кўпинча «майда-чуйда» деб ўйлаган эътиборсизликдан келиб чиқади. Эрни мулойим ишга кузатиш, ишдан қайтганида яшнаб кутиб олиш одат тусига кирса, низолар барҳам топади. Эътибор – муҳаббатдир, унинг энг аниқ ва мўлжалга, нишонга тегадиган изҳоридир. Эътиборсизлик «совуқлик»нинг ёрқин ифодаси.
* Бир-бирингизни қадрлашга ўрганинг. Ўз жуфти олдида қадр топган инсонгина бошқалар олдида ҳам қадр топиши осон. «Эрга суюкли – элга суюкли», деб бежиз айтмаган халқимиз.
* Бир-бирингизга ширин сўз бўлинг. «Бахт калити – тилда», деб бежиз айтилмаган. Айримлар хизмат жойларида, одамлар орасида жуда тарбия кўрган, маданиятли ва ширинсўз кишилар каби муомала қиладилар-у, уйда эса бошқа турлук одамга айланадилар. Ўз уйимдаман-ку деб қўпол муомала қиладилар, зардали, тўнг бўладилар. Бу оила аъзолари руҳиятига ёмон таъсир қилиб, оиладан рўшноликни қувади.
* Бир-бирингиз билан кўпроқ мулоқот қилиб туринг. Бу мулоқотлардан кўнглингиз тўлиб, дилингиз яйрайди. Яқинингиз – жуфтингизнинг яна ҳам яқинлашганини, қалбингизда эзгу тилаклар яралаётганини сезасиз. Сиз унга кераклигингизни, унга ўзингизни фидо қилишга тайёрлигингизни ҳис қиласиз.
Аёл учун оила уни қувватлантирувчи булоқлигини унутманг.
* Фақат яхши нарсаларнигина эслаб қолинг. Яхши нарсаларни эслаб қолиш ёмон нарсаларни унутиш демакдир. Тўғри, ёмонликнинг жароҳати чуқурроқ, изтироби кучлироқ, оқибат келадиган кайфият бузуқроқ бўлади. Яхшилик бир қадам юргунча, ёмонлик ўн қадам босиб қўяди, деган гап ҳам рост. Лекин ёмонликнинг яхшиликка нисбатан анча камлигига аввало ўзингизни, кейин артофдагиларни ҳам ишонтиринг. Яхшиликни ҳар нарсада кўра билиш, қадрига ета билиш керак.
* «Қиз бола – бировнинг хасми», деган гап бор. Бу – қиз боланинг ўз уйи унга вақтинчалик макондир деганигина эмас, бу ана шу уйда кўргани, ўрганганини, олган яхши сабоғини бошқа – «у уйда» такомиллаштириш, ривожлантириш дегани ҳамдир.
* Рўзғор – бу истироҳат боғи эмас. Унда фақат гул кўтариб, рози дил айтиб, қўлтиқлашиб юрмайдилар. Халқ ҳақни айтади: рўзғор – бу ғор! Ўзингни йўл-йўлакай худди шаммисол ёқиб борсанггина, атрофинг ёришиб, шаклга киришиб боради. Рўзғор эркакка ҳам, аёлга ҳам бир-бирига муносиб бўлиш учун бир умр ўзини-ўзи қайта тарбиялайдиган майдон!
* Элда «Аёл кишининг ҳийласи қирқ туяга юк бўлади» деган нақл бор. Буни ижобий тушунмоқ керак. Бу аёлнинг ўзлигига нисбатан айтилган айни ҳақиқатдир: ҳийлани ақли бор одам ўйлаб топади! Демак, ўшандай ҳийланинг замирида аёлнинг қирқ туяга юк бўлгулик ақли ҳам мавжуд экан-да! Агар ўша ақлни ҳар сафар фақат эзгулик йўлида сарф қилсак эди, қанчадан-қанча рўзғорлар тўзимаган, қанча диллар ўксимаган бўларди.
* Кўнглингиз бировдан озор еса, уйингиз нотинч бўлса, бўғилиб тутақишдан аввал ўзим сабабчи эмасманми, деб бир карра ўйлаб кўринг. Одамнинг заифи айбни бошқалардан излайди, деган гап бор. Малоҳат, нафисликни табиат аёлга берган. Биринчи бўлиб зарба бериш, чегарадан биринчи чиқиш аёллик иқлимига хос эмас…
* Рўзғор – муқаддас даргоҳ. Унга махсус тараддуд кўрмай, яқинлашиб бўлмайди. Эр-хотиннинг бир-биридан андак кўнгли қолдими, тамом, оилада синиш бошланади. Бизни доим бир ғофиллик банди қилади: турмуш қурган заҳоти эр аёлини, аёл эрини энди ўз-ўзимники бўлди, деб хотиржам тортади. Аксинча, шу кундан бошлаб хавотири бошланиши керак. Гап шундаки, киши кишига яқин бўлгани сари олдин кўрмаган камчиликлар сезила бошлайди. Бир-биридан совиш содир бўлмаслиги учун доно эр-хотинлар бутун умр давомида ўз каму кўстларини тузатиш ва жуфтига ёқиш учун тинимсиз ҳаракат қилиб яшайдилар.
* Аёл зотини донишмандлар эркакларнинг буюк мураббийси ҳисоблаб келганлар. Бу ишончни оқлашга ҳаракат қилинг.
* «Пароканда оилаларни қовуштирган – биз. Бўш-баёв эрларни қаторга қўшган ҳам, ноиттифоқ ака-укаларни бирлаштирган ҳам – биз! – деб ёзадилар Турсуной Содиқова. – Суягувчи тоғ бўлган ҳам, яйратувчи боғ бўлган ҳам – биз аёллар, бу биздаги ўша яхши маънодаги «ҳийла»нинг шарофатлари. Аммо, холис айтайлик, бизни деб, биз туфайли чекувчи бўлиб кетганлар қанча, ичувчи бўлиб кетганлар қанча! Бизнинг ханжар тилларимиздан абгор бўлиб… ювошроқ жуфтни орзулаганлар қанча! Атрофга астойдил разм солсангиз, шу нарса аён бўладики, аёлларга қараганда, эркак зоти ишонувчанроқ, соддароқдир. Мана шу самимиятни биз суистеъмол қилмаслигимиз керак. Эрларнинг ишонувчанлигини ўзимиз учун катта мукофот деб билмоғимиз ва бу самимиятни яхши ишлар сари йўналтирмоғимиз жоиздир».
* Донишмандлик қувватини китоблардан оласиз. «Момолар ўгити» дафтарини тутсангиз, унга қуйидагиларга ўхшаш насиҳатларни ёзиб борсангиз, ўзингизгагина эмас, сиздан кейинги авлодларга ҳам асқотади:
«Тарбияли хотунлар шариат ва ақлга хилоф бўлмағон ўрунларда ўзларининг эрларига итоат қилмоқлари шарт. Чунки хотунлар устида эрларнинг кўп ва шул нисбатда улуғ ҳақлари бордур. Оллоҳ таолонинг ризолигини умид этган ва охиратда шодлик кутган хотун учун эри ила гўзал маишат этмак ва сўзларини жонию тани ила тинглаб, итоатли бўлмак лозимдур. Бунинг хилофида бўлғон хотун бу дунёда ўкинур, у дунёда – охиратда эса қўрқинчли жазо кўрар. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эрини ризо этган ҳолда вафот қилғон хотун жаннатга кирур», «Эрига итоат этган хотун жаннатийдур», «Агарда бандаларга сажда этмак шариатимизда дуруст бўлса, эрларига сажда қилиш ҳақида хотунларга буюрур эдим», деган сўзларидан эрларга итоат этмоқ хотунлар учун буюк бурч экани ҳамда итоатли хотунларнинг келажак кунлари кўп роҳатда ўтажаги маълум бўлур.
Яхши хотунлар ҳар вақтда қаноатли бўлурлар, қаноат етишурлик миқдориға ёки уйда топилғониға ризо бўлмоқ демакдур. Бу эса эркаклар учун ҳам, хотунлар учун ҳам энг гўзал бир сифатдур. Қаноатлилик бир хазинадурки, ҳеч вақт камаймас. Етишур миқдориға ризо бўлмағон кимса, ер тўла бойлиги бўлса-да ҳаргиз қаноат қилмас. Демак, қаноатсизлик одам боласидаги бир хасталикдир. Ушбу сабаб унга мубтало бўлган кимса охиратнинг тўғри йўлидан адашиб, турмушнинг кўп машаққатларига дучор бўлур. Қаноатсиз кишининг ҳожат нарсаси кўп ва кўзи очлиги чексиз бўлғонидан муродини ҳосил қилиш учун ҳар қачон ёлғон сўзлар ила маддоҳлик қилур. Шунга кўра хотунларга эрларининг бор-йўқларига қаноат айламоқлик лозим эрур» (Ризоуддин ибн Фахруддин – «Оила»).
* Бахт ҳақида кўп сўрайдилар. Ҳар ким бахтни ўз кўзи билан кўради. Ўз қаричи билан ўлчайди. Менинг бахтим бошқа одам учун шунчаки арзимас бир нарса бўлиб туюлар. Қоғозқалам билан ўтган тунларим мен учун бахтли лаҳзалардир, менга куйгувчи дўстларим эса «тирикчилик важҳидан ухламайди, бечора», дейишади. Мен эса бошқаларга ачинаман. Менга бир нарса аниқ: бахт бевафо нарса, келаверади, кетаверади… «Бахт қуши» деган таъбирнинг мавжудлиги бежиз эмас. Қуш ҳеч маҳал бир ерда узоқ қўниб ўтирмайди. Бахт ҳам шу – кишига ҳамиша йўлдош бўлавермайди. Бахтиёрлик кўп ҳолларда кишини худбинликка, манманликка етаклаши мумкин. Ана шунда жар ёқасига келтиради-ю ўзи ғойиб бўлади. Киши «бахтим, қайдасан?» деб чапак чалиб қолаверади. Ҳаётдан маълумки, жарга қулаганлар ҳам учрайди. Эси бутун одамлар эса ўзини асраб қола олади. «Бахтингни қўлдан берма», деган гапни мен «манманликка берилма, худбин бўлма», деган маънода тушунаман.
Бахт зарралардан ташкил топади. Масалан, эрталаб дастурхонимда нон туриши – бахт. Уни емай, исроф қилишлик эса худбинлик. Ҳар тонг аҳли оиламни, қўни-қўшнимни, қариндошу дўстларни соғ-омон кўрмоқлик – бахт. Улардан бирининг кўнглини оғритиш эса худбинлик… Заргар тилла зарраларини тўплаб, бир ажиб узук ясаса-ю, уни бир онда йўқотиб қўйса… Одам бахтини ана шундай машаққат билан топади, осонлик билан йўқотади. Бунга фақат ўзигина айбдор (Тоҳир Малик. «Меҳмон туйғулар»).
* Эл ичида «Одобни беодобдан ўрган», деган нақл бор. Кишилардаги пайқаган ёмон иллатнинг ўзингизда қайтарилмаслигига ҳаракат қилинг. Одобни беодобдан ўрганганда унинг беодоблигини юзига солмай, бироқ шу иллатни одоб билан инкор этиш, яъни ўзингизга юқтирмаслик йўли билан ўрганилади.
* Сизни дуо қилувчиларнинг, айниқса, ота-онанинг тилаклари беназир, чин дилдан ва самимий эканига ишонинг. Бир умр шу дуоларга лойиқ ва содиқ бўлишга интилинг. Дуолар кишига ҳеч вақт ўз-ўзидан юқиб қолмайди. Дуолар вожибига лойиқ ҳаракат қилинг.
* Кишилардан қанчалик кўп яхшилик излаб, яхшилик кашф этиб яшасангиз, бахтибекамликка шунчалик тез эришасиз.
* Сизга айтилган панд ва насиҳатларни сабр билан эшитинг. Айниқса, келин бўлиб тушган ерингиздаги кишиларнинг насиҳат ва маслаҳатларига беэътибор бўлманг. Буларнинг ҳаммаси тезроқ сизни ўзлариники қилиб олиш, сизнинг келинлик даври қийинчиликларидан тезроқ ва бешикаст олиб чиқиш учун айтилаётганига чин дилдан ишонинг.
* Ёмонлик қилиб, яхшилик кутиб бўлмаганидек, надоматнинг аччиқ заҳридан рўшнолик илмини кашф қилиб бўлмайди.
* Ҳаётда сиз кўрмаган, эриша олмаган, сизга насиб қилмаган нарсалар кўп бўлар. Бундан қалбингизнинг бутун қисми алам, аламзадалик билан тўлишига йўл қўйманг. Ана шундай аламзадаликлар оқибати қалбингиз қоронғуликка тўлади. Бу ҳасад зулматидир. Ҳасад кирган қалбдан нур кетади.
* Назокат ҳамиша меҳр булоғидан сув ичади. Меҳр эса аёллигини англаган, ухдасидаги вазифа ва бурчларини шараф деб билганларга тинмас булоқдир.
Дилида меҳри йўқнинг файзи, назокати ҳам йўқ бўлади. Аёл киши нима учун яшаётганини, оила, турмуш, бола-чақа, эр нима эканини билмаса, турмушдан ҳеч қандай лаззат топа олмайди.
* Осонлик билан эришилганни йўқотиш ҳам осон эканлигини унутманг.
* Ҳадисларда айтилишича, матоси кўп бўлган одам эмас, кўзи тўқ бўлган одам бой саналади.
* Жуфтнинг хайрлиси эрни тангликка туширмайдиганидир. Дарҳақиқат, харжи мўл хотинни олиб, у билан яшаш осон эмас. Ҳадисларда эрига оғирлик солмайдиган хотинлар энг яхши хотинлардир, дейилган.
* Ҳар икки тарафдан асоси сабр-бардошга қурилган оила, яъни сабрли жуфтлар турмуши энг мустаҳкам, энг бахтли турмуш ҳисобланади.
* Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муслима аёлнинг ўз диндош синглисининг талоқ қилинмоғини талаб қилмоғи макруҳдир. Бундай аёлнинг бети қурсин! Зеро, унга ҳам кўз тиккан бало бордур!» дедилар. Аммо оилани сақлаб қолиш учун ёлғон ишлатишга тўғри келса, Оллоҳ унинг бу гуноҳини кечирар экан.
* Уйингизни саришта тутсангиз, фариштали аёл номини оласиз.
* Пок аёллар қалбида меҳр гули яшнаб туради, дейишади.
* Агар аёл кулиб турса, борлиқ нурга тўлади, рўзғорнинг ками ҳам билинмайди.
* Тадбиркор, миришкор аёлларнинг қудрати йўқдан бор қилишга етади.
* Донишмандлар ҳамиша хотин киши учун энг аъло кийим – очиқ юзлилик деб таъкидлаб келганлар.
* Аёлнинг сариштаси – рўзғорнинг фариштаси эканини ёдингизда тутинг. Агар аёл истаса, ҳатто қоянинг ичидан ҳам ўта олади.
* Момоларимиз «Чекингга тушганига чидагин», дейишган. Борига қаноат қилмаганлар эртага келадиган давлатдан ҳам айриладилар.
* Момолар тўйгача атрофга кўзни катта очиб қарашни, тўйдан сўнг кўп нарсага кўзини юмишни ўргатишган.
* Қудалар ақлимиз камолга етганда ўз ихтиёримиз билан танлаб олган, ўз ихтиёримиз билан ўғил ёки қизимиз туфайли оиламизга қабул қилган янги ва эндиликда жигардан яқин қариндошдир. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
* Қудалар ўртасидаги меҳр ва оқибат, андиша пардаси аксарият икки томоннинг одамийлигини, маданиятини, маънавиятини кўрсатадиган нозик мезондир. Қандай ўғил ёки қиз тарбиялашганини кўрсатадиган мезон. Парда кўтарилдими, икки томонни ёки икки томоннинг бирини кибр кўзини кўр, ғурур қулоғини кар қилган бўлади.
* Муҳаббат яхшиликлар, гўзалликларга йўл топади.
* Муҳаббатсиз қалб тош қалбдир. Тангрим муҳаббатсиз қалбларга зинҳор назар солмас. Шунга кўра, қалбимиз уйини Оллоҳга бўлган ишқимиз билан тузатмоғимиз жоиз. Инсон вайрона қалбни фақат муҳаббат билангина обод этмоғи мумкин.
* Турли йиғинларда эркак билан аёлнинг фарқи нимада, деб кўп сўрашади. Эркакларнинг устунлиги борасида, аёллар кўп жиҳатдан ютқизаётгани ҳақида кўплаб мисоллар келтирадилар. Буларни айтаётганда, албатта, изтироб бўлади.
Нима деб жавоб бериш мумкин?
Иш, ўқиш, ҳатто пул топишда (ҳозир касбларнинг асосийси – пул топиш ҳисобланармиш) фарқ йўқ. Фарқимиз қалбимиздаги маънавий асосларда бўлса керак.
Эркак киши уйининг бир чеккасига ўт тушса, наридан бери ўчириб, тутаб турган куйиндилар устидан ҳатлаб ўтиб, кўчага чиқиб кетар экан «Йиғиштириб ол!» дейди. Кеч қайтганида, худди ҳеч нарса бўлмаганидек, «Овқатингни олиб кел!» дейиши мумкин. У – ҳақ!
Аёлнинг эркакдан фарқи… Ўша уйининг жичча жойини куйдирган олов аввало аёлнинг ичини куйдиради! Эри чиқиб кетгач, ўзи унут, ҳамма ёқни ювиб тарайди, болалари кўзидан олов изини йўқотади. Ўзининг томоғидан яна уч кун овқат ўтмаслиги мумкин, лекин ўша куниёқ эри ва болаларининг яхши кўрган таомини олдиларига қўя олади.
Ёки бошқа бир мисол: фақат аёлгина ҳали туғилмаган набирасининг чиқмаган тишининг оғриғини тасаввур қилишнинг ўзиданоқ чин дилдан ҳали йўқ набирасига қўшилиб изтироб чека олади. Фақат аёлгина…
* «Ҳаётининг бошидан шукрдан андоза олиб, сабрдан кўйлак тиккан келинлар доим ютади». Бу гапни яқинда Мукамбар кеннойидан эшитдим.
Халқ ҳикматларидан озиқланиб яшаган кишиларнинг маънавияти ҳамиша тўлиқ бўлиши шаксиз. Эшитган яхши гапнинг мағзини умр бўйи чақиб юрган киши донишдир.
Ҳаётнинг яхши-ёмондан иборатлигини тан олишга ўргатиш, қалбни унисига ҳам, бунисига ҳам тайёрлаш аслида шукр ва сабрни билишдан бошланади.
* Биз ҳаётимиз, турмушимиз давомида кеча, бугун, эрта тушунчаларидан айро яшай олмаймиз. Инсоннинг узун ёки қисқа умрида шу тушунчаларнинг аҳамияти ҳақида ўйласангиз, улар замон (давр, вақт) теграсини ёриб ўтиб, макон (қалб)ни ҳам абадга забт этганини англайсиз. Чунки ҳаммамизнинг умримизда
КЕЧА – беадад шукрлар фасли, сабр, армон, шодон кулги, аччиқ йиғи, тушкунликлар ва кўтарилишлар, топишлар ва йўқотишлар, ўртаниш ва изтироблар фасли, ўсиш ва улғайиш фасли, юки жуда салмоқли фасл;
ЭРТА – туганмас ва ширин умидлар фасли;
БУГУН – кеча ва эрта ўртасидаги кўприк фасл. Кечаги беадад шукрлар, сабр ва армонлар, кулгу ва йиғи, чўкиш ва кўтарилиш, топишлар ва йўқотишлар, ўртаниш ва изтиробларга, шунингдек, эртанги келадиган туганмас ва ширин хаёллар, орзу-умидларга муносиб яшаш фасли. БУГУН – КЕЧА ва ЭР-ТАдан қувват олади. Айнан шуниси билан жуда қадрли ва ғанимат фасл.
ОЗ СЎЗЛАНГ – СОЗ СЎЗЛАНГ…
* Одамнинг шарафи нутқи биландир. Нутқ одобига риоя қилмаган одам бу шарафдан бебаҳрадир. Сўз ҳамма вақт савоб учун ишлатилиши, тўғри ва ҳаққоний бўлиши керак.
* Тил – уқув ва билимнинг тилмочи, таржимони. Яхшилик ва рўшнолик кишига тил туфайли келади. Қут-иззатни, обрўэътиборни ҳам киши тил орқали топади. Билиб-билиб сўзласанггина доно бўласан.
* Кишини мақсадига тез етказувчи воситалар – тавозе, камтаринлик, юмшоқ сўз, одоб ва вазминлик эканлигини унутманг.
* Тилингни авайла – омондир бошинг,
Сўзингни авайла – узаяр ёшинг.
* Ҳеч қачон кўп гапирма. Туман сўз тугунини битта сўз билан ёзиб юбор, яъни ҳар сўзга кўп маъно сиғдириш пайида бўлгин.
* Киши сўз туфайли бўлади малак,
Ортиқ сўз бу бошни этади ҳалак.
* Гапирилган гап кўр одамлар учун кўз бўлиши керак. Билимсиз одам кўзи кўр одамга ўхшайди. Унинг кўзини очиш учун билимдан ҳасса бериш лозим.
* Туғилган одам албатта ўлади. Ундан ҳеч бир нишона қолмайди. Лекин унинг сўзлари эзгу бўлса, бошқалар юрагидан жой олиб улгурса, унинг номи мангу қолади, тиллардан-тилларга, диллардан-дилларга кўчиб юраверади.
* Инсон икки нарса туфайли қарилик нималигини билмайди. Уларнинг бири хуш қилиқ, бошқаси – эзгу сўздир. Одам ўлади, бироқ сўзи мангу қолади.
* Дағал сўз – киши бошига офат. Ҳасадли сўз – кишининг қизил рангини сомонга айлантиради.
*Икки хил ном қолур тилда бегумон,
Бири яхшилигу бириси ёмон.
Доно мақтов олар, нодон-чи сўкиш,
Ўзинг ўйла, сенга маъқул қайси иш?!
* Ҳар бир киши ўз тилаги, ниятидан топади:
Яхши ном олади, кўр, эзгу киши,
Ёмонлар насаби – эл-юрт қарғиши.
* Донога қуйидан, пойгакдан ўрин тегса, ўша пойгак тўрдан ҳам баланд саналади.
Билимсизга тўрдан ўрин бўлса, кўр,
Бу тўр пойгак бўлди, пойгак эса тўр.
* Киши сўзини тили билан сўзлайди. Сўзлари яхши бўлса, унинг юзи сув олади, яъни обрў қозонади, эътибор топади.
Уқув кўрки сўзу бу тил кўрки сўз,
Киши кўрки юзу бу юз кўрки кўз.
* Катталар сўрамасидан туриб сўз бошлаш одобсизликдир.
* Тананинг улуши томоқдан кирар,
Жон улуши – сўз қулоқдан кирар.
* Киши ўнта сўзни ўйлаб, биттасини айтмоғи керак. Ноўрин айтилган сўз киши кўнглини хуфтон қилади, обрўсини кетказади.
* Сўзни донолардан эшитиб, нодонларга қўллаш лозим. Улуғлардан эшитилган фойдали сўзларни кичикларга етказмоқ керак.
* Ҳеч ким кўп сўзлаб доно бўлган эмас. Аммо кўп эшитиб, кўпчиликка бош бўлганлар талай.
* Тил сўз учун берилган, юрак, кўнгил, қалб эса шу сўздан лаззатланиш учун берилгандир.
* Юксак мақомлардаги кенгашларда жиддий бўлиш, ёқимсиз сўз ва ҳаракатлардан тийилмоқ фойда келтиради.
* Бетиним баҳс юритавериб чарчагандан, келишув, сулҳ йўлини излаган маъқулроқ. Чунки сулҳ – ҳукмларнинг энг фойдалиси ва энг хайрлисидир.
* Инсонга яхши гапириб, дўст тутинмоқлик – иззат-икром кўрсатмоқликдир. Суҳбатдошга доимо эътиборли бўлиш керак. Эътибор этган эътибор кўради. Танқид танқидни туғдиради. Ҳар сўзни ўйлаб гапириш билан бирга, шу сўзларни хайрли дуоларга боғлаш яхши.
* Сўккан сўкиш эшитади, қарғаган қарғиш эшитади, деган гап бор. Сўккан, қарғаган кишининг қалби қора, кўнгли ҳамиша хуфтондир. Бундайларнинг боши кўпнинг олдида доим эгик бўлади.
«ИКИР-ЧИКИР» ДЕМАНГ…
Оиладаги келишмовчиликларнинг аксарияти бир қарашда икир-чикир бўлиб кўринган нарсалардан чиқади. Демак, уй тутиш, рўзғор юритишда ҳеч бир нарсани «икир-чикир» деб бўлмайди.
Балки ишонмассиз, аммо яқинда бир танишимизнинг ўғли оиласи билан ажрашди. Сабабми? Хотини тиш пастасидан фойдаланганида уни таг томонидан бир текис қилиб сиқмай, пастани дуч келган жойидан сиқиб чиқарар, тишини ювиб бўлгач, пастани жойига қўймай, қопқоғини ҳам ёпмасдан, қийшиқ-қинғирлигича дуч келган ерга ташлаб кетаверар экан. Эрининг бу ҳолга аввал ғаши келибди. Ғаши келганини яшириб ўтирмабди. Бир-икки марта пастани таг томонидан тўғрилаб, қопқоғини бураб, махсус стаканчага солиб кўрсатибди ҳам. Хотин бир-икки кун эр айтганидек қилиб юриб, кейин яна «эсидан чиқиб» асли ҳолига қайтаверибди. Бу нарса қайтарилавергач ва яна кўп нарса «эсидан чиқиб» қолавергач, эр: «Хотинимнинг ичи ҳам ана шундай қинғир эмаслигига, оғзининг берк эмаслигига ким кафил бўла олади?» деб ундан воз кечган экан.
«Тақдири мустаҳкам битилмаган экан-да!» дейишди воқеани эшитганлар.
Сал мушоҳада қилинса-чи? Келин бола эрининг кўнгли нозиклигига, ўзидан кўра сариштароқлигига эътибор бериб, унинг ғашига тегадиган ишларни қилмасликка одатланганида балки ажралиш содир бўлмасмиди…
* Оила қуриш ҳам уй қуришдек нозик масала. Янги уй беҳисоб қурилиш материалларининг бир-бирига мосланиб, ўлчаб, ўйлаб, моҳирона қурилишидан ташкил топганидек, оила ҳам ундаги кишиларнинг бир-бири билан муносабатларидан ташкил топади. Бу муносабатларнинг барқарор бўлишида рўзғорга оид катта-кичик ишларни билиш, уқувли бўлиш ҳам муҳим. Азалдан шундай бўлиб келганига Олимат ул-Банотнинг «Муошарат одоби» рисоласи ҳам гувоҳлик бериб турибди: «Ислом шариатимиз ҳар қачон поклик ва софликка ундайди. Воқеан пок бўлганда бир роҳатлик ҳам бордирки, ҳар ким ўзи синаб кўрган бўлса керак. Шунинг учун уй ва хоналарни чўп-хаслардан, чанг-тупроқлардан супуриб туришга одат этмоқ лозимдир. Ўшандоқ идиш-товоқ, қошиқ-пичоқ, қозон, самовар ва шу кабиларни ҳар доим пок этиб турмоқ зарурдир.
Ўргимчак уяларини олмоқ ва уй атрофларини соф тутмоқ хотунларнинг энг катта вазифалари ҳисобланади. Ҳар нечук бўлса-да, мусулмон кишига пок турмуш қурмоқни шариат буюради…»
* Ишим унсин, куним самарали бўлсин десангиз, кунда қиладиган ишларингизни яхшилаб режалаб олинг. Уларни бажариш навбатини белгилаш ҳам жуда муҳим. Акс ҳолда ўрмонда адашган одам ҳадеб бир ерда айланавергани каби сал олдин бажарган ишингизни бироз вақт ўтгач, яна бажаришга мажбур бўласиз.
* Қизлар, аёл кишиларнинг ошхонадаги фаолиятининг эркакларникидан фарқи шундаки, улар бир иш қилишлари жараёнида атрофларини йиғиб-териб, саранжомлаб туришади. Овқат тайёрлаётганларида пеш тушган идишни пеш ювиб турадилар.
* Ҳар кунги овқатнинг олдини оиладаги катталарга илининг.
* Дастурхон ёзаётганда ўнг-тескарисига бир қараб олиш ёдингизда бўлсин. Дастурхонни текис қилиб ёзинг, столнинг тўрт тарафидан баробар осилиб турса чиройли кўринади. Узун-қисқа ёки қийшиқроқ ёзилган дастурхон уй соҳибасининг диди, фаросати бундайроқлигини, меҳмон кутиб роҳат топмаслигини, одамови эканлигини билдиради.
* Қизиган ёғга пиёз ва гўштни асталик билан, қозоннинг бир четидан секин сирпантириб солинг, шунда ёғ атрофга сачрамайди.
* Супиргини кишининг кўзи тез тушадиган жойга – йўлакка ёки ҳовлининг ўртасига ташлаб қўйманг.
* Уйингиз ҳамиша топ-тоза, бежирим ва ҳар нарса ўз ўрнида бўлсин.
* Хоҳ уй ичида, хоҳ ҳовлида, хоҳ ишингизда оёқ остига тушиб қолган, шунингдек ўз ўрнида ётмаган нарсаларни юрган йўлингизда жой-жойига олиб қўйишга одатланинг. Ўз вақтида бажарилган бу ишлар вақтингизни олмайди. Борди-ю «кейин қиламан» деб орқага сурилган шундай ишлар йиғилиб «кейин» кўп вақтингизни олади.
* Қиз бола ёшлигиданоқ пойгакдаги пойабзалларни парпари билан текис қилиб қўйишга одатлангани яхши. Уй эгасининг ҳам, кўчадан келган одамнинг ҳам таъбининг очилиши, кўнглига ёруғлик, фароғат ато қилиниши остонадан бошланади. Уй бекаларига, шу уйда катта бўлаётган қизларга бериладиган баҳо ҳам остонадан бошланади.
* Пойгакдаги пойабзаллар уч-тўрт кунда бир эмас, уй соҳибаси, қиз-келинлар томонидан ҳар кириб-чиққанларида тўғрилаб турилади.
* Уйингизга меҳмон келганида улар хонага кириб ўтиришлари биланоқ оёқ кийимларини четроққа кийишларига қулай қилиб, тумшуғини олдинга қаратиб териб қўйинг. Ифлос бўлса чангини артиб, лойини ювиб қўйсангиз бир дунё дуо ҳам оласиз.
* Уволдан қўрқсангиз, қолаверса «қўли бемаза» ёки меъёрини билмайдиган бефаросат келин экан, деган номингиз чиқмаслиги учун зинҳор-базинҳор пиширган овқатингизни музлатгичда икки-уч кунгача хили тобора кўпайиб туришига, кейин эса коса-коса қилиб қўшнининг молига олиб чиқилишига йўл қўйманг.
* Имкон борича «икки ичар» таом пиширманг. Бу дангасаликнинг белгиси.
* Сабзи, пиёз, картошка, олма, бодринг пўстини қалин артиш билан ўз уқувсизлигингизни намоён этсангиз, иккинчи томондан рўзғорингизга тер тўкиб масаллиқ топиб келаётганларни қадрламаётганингизни намойиш этасиз.
* Эркаклар бозор қилиб рўзғорингизни тўлдирган заҳоти, халталарни бўшатиш жараёнида келтирилган масаллиқни ҳамиша бир-бир саралаб олинг, йиригини-йирикка, майдасини майдага ажратинг. Сал уринганларини алоҳида қўйинг. Аввал шуларни ишлатиб юборинг.
* Олмадеккина хамир кифоя қиладиган жойда катта зуваланинг ҳожати йўқ. Қолган хамирингизни майда қилиб угра, манпар шаклида кесиб қўйган бўлсангиз, уларни тезда ишлатиб юборинг. Уларнинг ҳафталаб патнисда чанг босиб ётиши, кейин ташлаб юборилиши уволи азмдир.
* Овқатдан сўнг идишларни раковинага йиғиб қўймай, шу заҳотиёқ ювиб қўйишга одатланинг.
* Овқат сузиб олингач қозонни «шайтонга ялатиб» ювиқсиз қолдирманг. Газ плитанинг устини ҳам кунда бир сидра артишни канда қилмасангиз, сизнинг юзингизни ёруғ қилиб доим ярақлаб туради.
* Уй-жойи, ошхонаси тоза, ўзи озода қиз-аёлларнинг елкасига фаришталар қўнади, дили равшан тортиб, кўзи нурланади, дейишади.
* Меҳмон келганда тутиладиган чинни идишларингизни кундаликда тутиладиганлар билан бирга тахламаганингиз маъқул. Биринчидан, сони кўпайиб, ҳаракатингизга халақит беради, иккинчидан чувалашиб, ҳуда-беҳудага сув остига бориб-келавериб охори кетади, чети учади, синади.