Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 34 страниц)
ЗИЁЛИ – ҚАЛБИ НУРЛИ ДЕГАНИ
Агар мен бугун суҳбатини тинглаган қизларнинг бири сизнинг дугонангиз эканини билмаганимда, балки бу мавзуда сўз юритмасдим, келин болам!
Хабарингиз бор: эрталаб ўзим кўп йиллар ишлаган идорага бир маслаҳатли иш билан чақиришган эди. Бекатда троллейбус кутиб турсам, метродан икки қиз алланарсаларни суҳбатлашиб чиқиб келишди. Уларнинг бири – дугонангиз Барнохон эди. Уйимизга уч-тўрт марта келган, бирга дарс тайёрлар эдинглар. Мана шу дастурхонда ўтириб чой ичганмиз… Унинг нимадандир жаҳли чиққан экан шекилли, мени ё танимади ёки танимаганга олди. Хуллас салом ҳам бермади.
– Ота-онаси зиёли бўлса, ўзи фалон институтни битирган бўлса, тегиб кетаверишим керак эканда! Йиғиштиринглар, дедим. Бир куним энди ойликдан ойликкача мўлтираб ўтиришмиди? Зиёлининг топгани нима бўларди? Оиласини боқишга ҳам етмайди. Яхши кийинишни-ку қўявер! – дугонангиз лаби-лабига тегмай бидилларди.
Бир кўнглим тўхтатай дедим. Яна Холисхоннинг қайнонаси ҳар нарсага аралаша берар экан, демасин дедим. Аммо дугонангиз қаттиқ янглишибди, ўз бахтига зомин бўлиб қолмасайди. Нега дейсизми? Негаки, зиёли дегани – қалби нурли дегани, келин болам. Қалби нурга тўлиқлар эса ҳеч қайси замонда хор бўлмаган. Чунки одамзод нурсиз яшай олмайди.
Жамиятимиздаги шиддатли ўзгаришлар туфайли йўқ ердан айрим «бойваччалар» пайдо бўлгани рост. Лекин булар жамиятнинг тарихи, маданияти, маънавиятини кўз-кўз қиладиган зиёлилар ўрнини боса олмайди!
Донишмандларнинг ҳикматли гаплари зиёли кишилар хотирасида қолиб, авлоддан-авлодга ўтади. Оддий бир мисол: қадимий китобларнинг бирида «ўз падаринг ва волидангни эъзозла, умринг узоқ бўлгувсидир», деб ёзилган. Узоқ умр кўришни, саодатли ҳаёт кечиришни орзу қилган одам буни билиши керак. Қалби бу ҳикмат билан нурланган бўлиши, ўзи шу ҳикматга амал қилиши керак. Бу вазифани зиёлилар бажаради.
Узоқ умр, саодатли ҳаёт деб бежиз айтаётганим йўқ. Зеро, зиёлилик маънавий, ахлоқий саломатлик дегани-ку, келин болам. Саломатлик эса ҳамиша фақат жисмоний эмас, онгли узоқ умр кўришнинг ҳам гаровидир, деб қадимгилар кўп айтишган.
Маърифат тарқатадиган, ҳамиша том маънодаги зиёлилар билан гавжум бўлган идорада қирқ йилдан ортиқ ишлаганим учунми дугонангизнинг зиёлилар ҳақидаги гапи менга ёмон таъсир қилди. Йўқ, мени ҳақоратлагандек бўлгани учун эмас, келин болам, асло ундай эмас. Эрта-индин сиз билан бирга олий маълумотли дипломини қўлига оладиган, қай бир даврага кириб адабиёт, халқнинг эзгу қадриятларидан ваъз айтадиган мутахассиснинг «зиёли» тушунчасини англашдан узоқлиги таъбимни хира қилди. Чин зиёли кимлигини шунча китоб ўқиб ҳам дугонангиз ҳали билмабди.
Балки сиз ҳам худди дугонангизга ўхшаб ва яна кўплар ўйлаганидек, кўп ўқиган, олий маълумотли, кўп саёҳатларда бўлган, жаҳонгашта, бир неча тилларни билган кишини зиёли деб айтилади, деб ўйларсиз? Мана шу фазилатларнинг ҳаммасига эга бўла туриб, зиёлиликдан узоқ бўлиш мумкинлигига бугун дугонангизнинг ўзи яққол мисол бўлди. Лекин бу фазилатларнинг кўпига, масалан олий маълумотга эга бўлмаган кишиларнинг ич-ичидан зиёли одам бўлиши мумкинлигига мен кўплаб мисол келтиришим мумкин. Ҳаётимда олий маълумоти йўқ, умрида ўз қишлоғи, нари борса вилоят марказидан нарига ўтмаган, бирон марта самолётда учмаган кишиларнинг маънавий-маданий қадриятларимиздан таъсирланганини, билимга қизиқишини ва илмли кишиларни ғоят эъзозлашини, тарихга қизиқишини кўп кўрганман. Бу оддий, дугонангиз тили билан айтганда «қишлоқи» кишиларнинг табиат чиройидан завқланганини, бошқа кишилар билан суҳбатлашганда одоб сақлай билганини, бошқаларни тушунишга ҳаракатини, унга ёрдам беришга тайёрлигини кўриб ҳузур қилган пайтларим кўп бўлган. Очиғини айтсам, уларда лоқайдлик йўқ, қўполлик йўқ, ўртоғингиз айтмоқчи – «юмшоқ супурги». Аммо охирги бурда нонини ҳам сиз билан бўлиб ейишга тайёр, охирги қўйини сўйиб бўлса ҳам, сизни сийлагиси келади.
Идорамизга ташриф буюрадиганларнинг чўнтаги қаппайиб юрганини билмайман, аммо кўзлари тўқ бўларди, биров бойиб кетса, ҳасад билан қайдан олдинг дейишмасди. Очиғини айтсам, улар билан бугунги учрашувдан ҳам яйраб-яйраб келдим. Дугонангизнинг таъбимни хира қилгани ҳам тез ўтиб кетди.
Эътибор билан кузатдим, уларнинг ҳеч бири дугонангиз айтмоқчи «зўрға кун кечираётганларга» ўхшамасди. Наҳотки ўзини камтар тутиш, маданиятли мунозара юритиш, манмансирамасликни ҳозирги ёшлар «камбағал зиёлилар» табақасининг фазилати деб тушунишса?! Зиёлилик – ўз номи билан атрофга зиё таратиш, нур таратиш-ку, келин болам!
Сиз ёшларга қандай, билмадим-у, лекин менимча ўзини бойвачча қилиб кўрсатишга уриниш, манмансираш, атрофга қаҳр ва ғазаб билан қараш, ҳамма нарсага ўз пули ва мавқеини пеш қилавериш одамнинг маънавий ва руҳий заифлигининг, яшашга қобилиятсизлигининг, кўзидагина эмас, қалбида ҳам нур йўқлигининг белгисидир. Бир сўз билан айтганда, улар – қалби том битган одамлар.
Ҳали дугонангизни «ўз бахтига зомин бўлиб қолмасайди, афсус», дедим. Бу гапни бежиз айтмадим. Негаки, ўз қалбини нурлантиришдан қочибди у. Зиёдан қочган одам ўзгаларни тушунмайди, ҳаммани ёмон отлиққа чиқаради, ҳаммага қаҳри келади. Бундай одам ўта қашшоқдир. У ўзи кунданкун қашшоқлашиб боргани бир сари, ўзгаларнинг ҳам тўғри яшашига ҳалал беради.
Бугун дугонангизнинг ғазабли юзига қараб туриб, исми Барно бўлса ҳам, унда чиройдан, нафосатдан асар йўқлигини кўрдим. Ғазабли, ҳамиша нолиб, дунёдаги ҳамма нарса фақат меники деб яшайдиганларда чирой ҳам, назокат ҳам бўлмайди деганлари рост экан.
Шу қизнинг бир жойга боришини, бир хонадоннинг келини бўлишини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Ростини айтсам, қанча ҳаракат қилмай, унинг атрофидагилар учун, демакки аввало ўзи учун «эзгулик муҳити»ни ярата олишига кўзим етмади. Бундайлар тўйнинг эртасигаёқ талаб қилишни бошласа керак. Кунда эр ишдан қайтаётганида унга зеб-зийнат, кийим-кечак олиб келиши керак, бўлмаса у нима учун эр? Талаблари кун сайин ўсиб боради, кўзи тобора очиқиб боради, табиийки, эр ҳам, атрофдагилар ҳам буни кўп ўтмай тушунишади, тенгини топмаганига афсусланишади. Қизнинг ўзи ҳам миясига «жойига тушмадим» деган кўрсатмани сингдириб олади, бутун ҳаракати-ю муомаласи шундан келиб чиқади.
Қисқасини айтсам, келин болам, бундай хонадонда «эзгулик муҳити»дан асар ҳам бўлмайди. Ҳолбуки, биз қиз, келин, она бўлганимиз учун ҳам биринчи вазифамиз атрофимизда шундай муҳитни яратишдир. Кўзи ва қалби зиёга тўлиқлар, нурга тўлиқларгина бунга қодирдирлар.
ҚАЛБИНГГА ҚУЛОҚ СОЛ
– Менга қулоқ солинг!
– Гапимни эшитинг!
– Сен аввал мени тушунгин!
– Гапимга қулоқ сол!
Диққат қилсангиз, бунга ўхшаш қалб нидосини кунда неча марталаб эшитишга тўғри келади-а? Ўзбекларда яна «Келинг, бир отамлашайлик!» деган гап ҳам бор. Бу – «Келинг, суҳбатлашайлик, бир дардлашайлик», деганидир, келин болам!
Одам борки, ҳамиша «дардлашиш»га, ўзини тинглай биладиган, тушуна биладиган кишиларга муҳтож. Ахир унинг «Мени эшитгин» дегани – «Мени тушунгин» дегани-да.
Қаранг-а, бир қарашда қаршингда турган кишини эшитишдан осон нарса йўққа ўхшайди. Аслида-чи? Аслида бировни эшита билиш ҳам бир санъат! Йўқ-йўқ, мен «текин қулоқ» вазифасини ўташни айтаётганим йўқ. Қулоқ сола биладиган одам деб, сўз айтгувчининг фикри изнига туша биладиган одамга айтилади.
Бировни эшита билиш одамийликнинг, юксак маданиятнинг, кишининг аввало ўзини англаши ва бировга англата билишининг ёрқин белгисидир.
Бировни эшита билиш ҳам санъат дедим-а, келин болам? Билсангиз, бу анчагина мушкул санъат ҳам. Тўғрироғи, бу санъатни эгаллаш, бир умрлик кўникма ҳосил қилиш анча мушкул. Ҳозирги даврда катта авлод кишиларининг қулоғига анча қийин ўрнашаётган бизнес мактабларида, жамиятни бошқарадиган идораларга ходимлар етиштириб берадиган илм масканларида бу санъатни анча қунт ва сабот билан ўргатишаяпти дейишади. Инсонларнинг бир-бири билан мулоқотига бағишланган адабиёт борки, уларнинг ҳаммасида ҳамсуҳбатни эшита билиш ҳақида анча мухтасар сўз юритилади. Чет мамлакатларга бориб ўқиб келаётган тенгдошларингиз билан бу хусусда гаплашиб кўринг, улар албатта олган сабоқларининг талай соатлари кишилар билан тўғри мулоқот қилиш, ҳамсуҳбатини тинглашга ўрганишга бағишланганини айтишади. Нега?
Негаки, олимларнинг айтишига қараганда, жамият ва касбкорнинг илгари силжишига кўмак берадиган ажойиб ғояларнинг тўқсон тўққиз фоизи кишиларнинг бир-бири билан мулоқоти маҳсули ўлароқ дунёга келаркан. Ажабо, олимларнинг шу фикрини ўқиганимда, ижодда ҳам худди шундай-ку, деган гап хаёлимга келади. Устозимиз Зулфия бегим муттасил: «Фикр – фикр уйғотади. Жим турманг! Ўқинг, одамлар билан суҳбатлашинг, дардлашинг!» деб шогирдларига тайинлар эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг ижод бисотлари ҳеч қачон ҳувиллагани йўқ. Мия ҳужайраларининг мунтазам тўлдирилиб турилиши, юрак умрнинг ҳар сониясидан ҳаяжон туйиши оқибати мисралари чуқур фалсафага тўлиқ, ўлмас шеърлар бунёд бўлди.
Сезаяпсизми, миянинг тўлиши, юракнинг ҳаяжонга тушиши, томирларга ҳаётбахш қон етказиб бериши учун ҳам хоҳ бевосита (суҳбат), хоҳ билвосита (ўқиш) тарзидаги мулоқот керак экан одамга!
Талабалик йилларимизда домламизнинг таниқли ёзувчи Бернард Шоунинг бир ҳикмат-ҳазилини айтиб бергани ёдимга тушди: «Агар биттадан олмага эга бўлган икки киши бирбири билан шу олмани алмашса, оқибат ҳар иккиси ҳам бояги-боягидек биттадан олмага эга бўлиб қолаверади. Борди-ю, улар фикр алмашса, оқибат ҳар иккови ҳам кам деганда иккитадан ғояга эга бўлади».
Англадингизми, келин болам, ўз ишини йўлга қўйишни истаган, оёққа туриб олишни хоҳлаган ёшлар учун буни англаш нақадар зарур! Ахир бу аввало ўз атрофидаги кишиларни билиш, улар фикри, ғоясини билиш демакдир. Бу биринчи навбатда, уларни тинглай билишни ўрганиш керак, бошқани тинглаш одобини эгаллаш керак, деганидир.
Бировга қулоқ сола билиш, бировни тушуниш осонми, деб сўраяпсиз? Йўқ албатта, ўзгаларнинг фикрини англаш, тушуниш инсон учун энг мураккаб жараёндир. Вақти келса, одам ўзини ўзи тушуна олмайди, қалбининг туб-тубига мўралашдан қўрқади! Демак, ўзгаларни англаш ундан-да жуда қийин!
Шарқ одобномаси ҳаммамизни бундай катта маданиятга, борингки юқорида айтганимиздек – санъатга кичик ёшимизданоқ ўргатиб келганини унутмайлик. Оддий мисол: уйимизга меҳмон келса, севинамиз. Дастурхон атрофида кўпроқ келгувчига, меҳмонга сўз берилади. Кўпроқ уни тингланади. Катталар гапираётганида уларнинг гапини бўлиш одобдан эмаслигини ёшлигимиздан биламиз.
Буларнинг ҳаммаси бировни тинглаш кўникмаси бизга ёшлигимиздан сингдириб борилганидан далолатдир. Бу кўникмаларни санъат даражасигача кўтариш ўз қўлимиздадир. Албатта, вазифа ҳам, қоидалар ҳам тобора мураккаблашиб боради. Чунки биз энди вазифаси катталарнинг суҳбатига қулоқ солиб ўтиришдангина иборат бўлган ёш бола эмасмиз. Бизнинг ҳам ўз қарашимиз, меҳримиз ва қаҳримиз, ўз феълимиз ва ўз майлимиз бор.
Қоидалар деб бежиз айтаётганим йўқ. Узоқ муддат нашриётда муҳаррир бўлиб ишлашим жараёнида, кўрганим, кузатувларимдан бировни тинглашни, эшита билишни, бировни тушунишни истаган одам бир неча қоидага оғишмай риоя қилиши керак, деган хулосага келдим. Бу қоидаларни сизга ўхшаган келинчаклар, уй бекаларидан тортиб раҳбарларгача билса ёмон бўлмайди.
Аввало киши суҳбатдошининг феъл-атвори ёки ўзини тутиши, кийиниши, бирон бир қилиғи ўзига ёқмаётган ёки ҳатто ғашини келтираётган бўлса ҳам, ўз шахсий қарашлари, дид ва майлларини тизгинлай билиши, суҳбатдошига яхшилик исташга интилиши керак.
Иккинчидан, айтилаётган фикрнинг моҳиятини, асосий мағзини топиб олишга ҳаракат қилиш зарур. Бу кўпинча осон кўчмайди. Айниқса, суҳбатдошингизнинг касби сизнинг касбингиздан, қарашлари сизнинг оламингиздан узоқ бўлса, унинг сўзлари ўз касби атамаларига тўлиқ бўлса, ниҳоятда босиқлик билан тушунмаганларингизнинг тагига етишга ҳаракат қилинг. Бу бир томондан, сизни бойитса, иккинчи томондан, суҳбатдошингизни тез тушуниб оласиз ва унинг қалбида ўзингизга нисбатан ҳурмат уйғотасиз.
Суҳбатдошингиз айтаётган гаплар ичида ҳақиқий факт (реал ҳодиса) қайси-ю, унинг ўз фикри-баҳоси қайсилигини ажратиб ола билиш ҳам керак. Бу жуда мушкул, лекин жуда зарур иш. Одатда, факт сўзлагувчининг мулоҳазаси, қараши, баҳосига ўраб, чирмалган бўлади. Сўзлагувчи айтилаётган фикр ичида юргани, «яшагани» учун унда факт билан мулоҳаза, қараш, баҳо уйғунлашиб кетган бўлади. Унинг ўзи буларнинг ҳаммасини факт ўрнида кўришга ўрганиб қолади.
Муҳим қоидалардан яна биттаси – хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Агар суҳбатдошингиз сўзида хоҳ бевосита, хоҳ билвосита сизга алоқадор танқидий фикр бўлса, ўзингизни босиб туринг. Агар жаҳлингиз чиқишига, ғазабингизнинг туғён уришига йўл берсангиз, сиз ҳеч қачон суҳбатдошингизни тўғри тушуна олмайсиз.
Сиз одамларни нечоғли диққат билан, олижаноблик ва самимият билан эшитсангиз, одамлар шунга қараб ўзларини ҳурмат қилишаяптими ёки менсишмаяптими – яққол билиб олишади. Ҳурмат қилишаётганини сезишса, ҳурмат билан, меҳр билан жавоб беришади. Менсимаётганингизни ҳис қилишган заҳоти, ичларида сиздан ихлослари қайтади.
Бу тинглаш санъатини эгаллашдаги машаққатлар тезда ўзининг самарасини кўрсатишидан далолатдир, келин болам.
Қадим донишмандлар айтган экан: агар турфа фикр бўлмаса, улар ичидан энг яхшисини ажратиб, танлаб олиш имкони ҳам бўлмайди. Ҳалиги олма ва фикр алмашиш ҳақидаги мисол эсингиздами? Бировни тинглай билиш санъатини эгаллашингиз, ўзингизнинг нечоғли одобли эканлигингизни кўрсатиш учунгина эмас. Турфа одамни тинглаб, қалбингиз турфа фикр билан бойиб боради. Одимингиз дадилроқ, аниқроқ, тўғрироқ бўлади. Иродангиз мустаҳкамроқ, изнингиз барқарорроқ бўлади.
Бировни эшита билган одамнинг душмани кам бўлади, келин болам! Тўғри-да, ўзингнинг ҳақлигингни билиш, буни бошқаларга англатиш учун ана шу бошқаларни тинглай билишинг, ўз фикрингнинг бошқалар қалбида қандай акс-садо бераётганини тарозига солиб, посонгисини тўғрилашинг ҳам керак.
Мени эшитинг, қалбимга қулоқ солинг, деган одам аввало бошқаларни тинглашга ўрганиши, бошқаларни англаши керак!
ШУКР – ЯХШИЛИК ҲАМРОҲИ
Болангизнинг чеҳраси очиқ, бугундан тузала бошлайди, худо хоҳласа. Туни билан мижжа қоқмадингиз. Бирпас биз қарайлик деб, тунда хонангизга кирсам, кўнмадингиз. Ичингиз бола деб бир сидирилса, оқшом ҳам туз тотмадингиз, очликдан бир сидирилаётгандир. Болажон бўлсангиз, айланай. Мен нонуштангизни тайёрлаб қўйдим. Келинг, тойчоғимни менга беринг-чи, бир бағримга босиб ўтирай, сиз насибангизни еб олинг.
Ҳа, оналикни осон деб ким айтибди?
Бу аёл – онанинг дунёдаги энг муқаддас ва азалий бурчи – оналикка дахлдорлиги учун бўлса керак. Ҳа, келин болам, оналикнинг мушкуллиги, қийинчилиги билан бирга буюклиги, муқаддаслиги ҳам борки, худди шу нарсаларни томирларида ҳис қилган аёлгина шу юксак туйғулар қудрати билан оналикнинг оғирлиги, мушкуллигини ҳам енгиб ўтади. Мана, сиз ҳам туни билан болани қўлингиздан қўймай, бир марта бўлса ҳам оҳ демадингиз. Дилингиздан шу туйғулар жой олгани учун ҳам шукр. Мен ҳам буларни неча бор бошдан кечирганман. Одамга шукроналик туйғуси ҳам ўзидан ўзи келмас экан.
Ҳаётимда сўз билан ифодалаб бўлмайдиган, аммо қудрати умримга татигулик дақиқалар нашидасини унутолмайман. Оилам, ишим, болаларим туфайли бошимга бир мушкул иш тушса, шу бахтли дақиқаларни эслайман, қаддим тикланиб, вужудимга туганмас куч, қалбимга фидойижонлик ато этилаётганини сезаман. Шу сониялар бахтини мендан дариғ тутмаган Яратгувчига шукроналар айтаман.
Бу қандай сониялар дерсиз?
Биласизми, болам, тўнғичимни илк дафъа қўлимга олиб, унга кўкрагимни тутганимда буюк бир кашфни очдим – мен ўзимнинг кўҳна оламга дахлдорлигимни, табиат билан уйғунлигимни, у билан муштараклигимни ҳис этдим! Ана шу туйғу қалбимга ажиб бир улуғлик, буюкликни олиб кирди. Ўша лаҳзалардаёқ мен шу дақиқаларгача кечирганим: юраккинам остида бу сирли мавжудотни тўққиз ой кўтарганимдаги мушкулликларни ҳам, ҳали вужудимни тарк этмаган тўлғоқ азобларини ҳам унутишга тайёр эдим. Энг муҳими, шу сониялардан эътиборан шу пайтгача бўлган ҳаёт қийинчиликлари, турмуш икир-чикирлари, назаримда, пастда қолиб кетди, аҳамиятини буткул йўқотди. Улар қўлимдаги шу мурғак вужуд олдида жўн нарса бўлиб кўринди. Ўшандан бошлаб буюкликни ато этган Яратганга шукрим умрим давомида ҳамроҳим бўлди!
Мен ҳам бора-бора Оллоҳнинг инояти билан ўзим яратганим ана шу кичик вужуд учун ҳар нарсага қодирлигимни, унинг учун ўроқ ойга арғимчоқ солишга, юлдузлардан унга бир қучоқ териб беришга қодирлигимни, ҳамиша шунга тайёрлигимни ҳис қилдим. Ана шу туйғу алла бўлиб унинг қулоқларига кирди:
Йиғинг қалбим фиғони, эркам,
аллаё алла,
Кулгинг лабим хандони, эркам,
аллаё алла…
Яна танимга, томиримга буюк қудрат ато этган Яратганга шукрим бир умрлик ҳамроҳим бўлди!
Яна шундай бахтли сония – туғуруқхонадан тантана билан олиб келганим ана шу янги меҳмон шарафига пойимизга ёзилган пояндоздан ўтиб борганимиз пайти рўй берди. Эзгулик рамзи ёзилган пояндоз кўзимга беҳад ҳаёт йўли бўлиб кўринди. Шу йўлда учрайдиган барча шодлик ва заҳматларни жигаргўшам билан бирга ўтишим кераклигини, оналик бурчи қанчалик мушкул бўлмасин, уни охиригача ўташга қодирлигимни ҳис қилдим. Ичимда шу оқ пояндозга ҳеч қачон доғ туширмасликка ҳаракат қилишга онт ичдим.
Шу буюк туйғу ва кечинмаларни ато этган Яратганга шукрим бир умрлик ҳамроҳим бўлди!
О, МАҲБУБАМ
(акс-садо)
Ишонинг, киши ўз маҳбубаси (кечирасиз, «хотиним» дейиш қўполроқ туйилди) ҳақида ёзиши анча қийин экан. Аммо ёзмасам ҳам бўлмайди. У ҳақида гапириб бермасдан туролмаслигимни аниқ билаяпман.
Ёшим йигирма тўртда. Киши бу ёшида маҳбубаси ҳақида нима ҳам дея оларди, дерсиз. Ўқиган китоблари, кўрган кинолари таъсири остида ярим ёлғон, ярим тўқилган бир нима деса керак-да, деб ўйлаётгандирсиз. Ундай эмас. Охирги бир йил ичида бутун бир умрни яшаб ўтгандек ҳис қилаяпман ўзимни…
Ҳарбий хизматни ўтаб, институтни ҳам тугатдим. Бир йил аввал ойим уйлантириш тараддудига тушиб қолдилар. Ҳарна ёрдам бўлар деб, хизматдан сўнг ўқишни кечкига ўтказгандим. Кундузи ишлайман. Йўқ, завод ёки фабрикада эмас, бир хусусий фирманинг дўконида. Эрта кетаман, ярим тун қилиб қайтаман. Ўқиш ҳам баъзида чиллаки бўлиб кетади. Армияда чўлда бўлганим, кейин оч-наҳор юрганларим эвазига ошқозонимда яра пайдо бўлибди. Тўйдан бир ой ўтгач, биринчи бор қаттиқ оғриқни сездим. Учинчи хуружидан кейин врачларга мурожаат қилмасам бўлмади. Ётқизишди. Текширишди. Жарроҳлар аралашмаса бўлмайди дейишди. Ота-онам бағрида бўлса ҳам, уйда янги келин ёлғиз деб, аввалига рози бўлмадим. Аммо оғриқ зўрайиб борарди. Шунда биринчи марта дилимга ғулув аралашди, ваҳима босди: борди-ю (отини айтишга ҳам қўрқасан киши) рак бўлса-чи?! Ундай эмас, аммо ўн икки бармоқ ичакда ҳам яра бор дейишди. Оғриқнинг зўрлиги шундан экан. Хуллас операцияга рози бўлдим, кейин билсам, шундай розиликни маҳбубамдан ҳам, отаонамдан ҳам олишибди. Демак, иш анча жиддий экан.
Маҳбубам ҳақида гапираман деб, ўз касалим ҳақида гапираётганимга ҳайрон бўлманг. Ҳақиқий жуфти ҳалолнинг, маҳбубанинг, умр йўлдошининг қандай бўлишини шу йигирма яшар Дилнурда кўриб билдим.
«Қуш уясида кўрганини қилади», дейишарди. Ҳамма вақт ҳам шундай бўлмас экан. Мени касалхонага ётқизишгач, кўп ўтмай, «Эринг ўлади», деб онаси Дилнурни кўчириб олиб кетибди. Тўғрироғи, молини олиб кетибди, Дилнур эса бизникида, ўзи келин бўлиб тушган уйда, бироқ шип-шийдам хоналарда қолибди. Адам билан ойим хоналарни баҳоли қудрат тўлдиришибди. Ўқишга Дилнур шу уйдан қатнаб турибди. Буларнинг ҳаммасини мен анча кейин, ўзим юрадиган бўлганимда, уйга рухсат беришганида билдим.
Дардим оғирлигини, операция зарурлигини билганида Дилнурнинг ранги оқариб кетди. «Ҳушидан кетмаса эди!» деб ҳам қўрқдим. Қўлимдан келганича юпатишга ҳаракат қилдим.
– Ошқозоним кичикроқ, ичагим калтароқ бўлса ёмонми, камроқ овқат талаб қиламан, вассалом!– деб ҳазил ҳам қилиб кўрдим.
Дилнур ўзини мен кутгандан кўра тезроқ қўлга олди. Худди қари энагалардек ёнимдан ҳеч қаерга силжимасди. Ойим келиб зўрлаб ўқишига юборардилар. Яқиндагина Дилнур ичидагини очиқ айтди:
– Оғриқ зўридан, касаллик ваҳимасидан эсингиз оғиб қолмасайди, деб қўрқдим. Одам ёлғиз бўлса, миясига ҳар хил нарсалар келаверади-да…
Операциядан олдинги куни Дилнурга агар уйига – отаонасиникига бориб турса, қаршилигим йўқлигини, кейин келишини айтдим. «Кейин» бўладими-йўқми ўзим ҳам билмасдим.
– Аллоҳ Момо Ҳавони Одам Атога ҳамроҳ, маҳбуба, ёрдамчи қилиб яратган экан. Сизни асраш, авайлаш, парвариш қилиш – менинг бурчим. Никоҳимиздан кейин мен сиздан ўзга ҳаётни тасаввур қила олмайман. Пешонамизга шу дард, шу кўргиликлар ёзилган экан, уларни биргаликда енгамиз… – Бу унинг яширин «Кетма!»ларимга жўнгина жавоби эди.
У мени бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмасди. Чамаси у менинг ўзим ҳам ёлғиз қолишдан қўрқаётганимни, тузалиб кетишимга ишонмаётганимни сезаётган эди.
– Ёмон нарсаларни хаёлингизга келтирманг. Ҳаммаси яхши бўлади, мени айтди дерсиз! Юрагим сезиб турибди, ҳаммаси яхши бўлади…
У йўқ пайтларда ўз дардим билан ўзим юзма-юз қолишдан қўрқардим. Бу ерда ҳамма нарса, ҳатто деворлар ҳам кишига дори ҳидини уфураётганга ўхшайди, тунларнинг тонги кўринмайди, қанча ҳаракат қилма, уйқу келмайди. Атрофдан оҳ-воҳ эшитилади, кимлардир ҳаёт билан видолашади… Жинни бўлиш ҳеч гап эмас…
Фақат қанийди кишида ҳеч бўлмаса ўлимингни муносиб кутиб оладиган куч бўлса… Биров келиб, қўлингни кесиб оламан ёки оёғингни бер, эвазига жонинг омон қолади, деса жонжон деб берардим. Жоним омон қолса бўлгани. Фақат анча кейин, операциядан чиққач, узоқ тунлар Дилнур ойим билан навбатма-навбат биргаликда тонг оттиришганда мен ўзим учун бир ғалати кашфиёт қилдим: ўша жоним омон қолса бас деганларимда, ич-ичимдан қандай бўлсам ҳам Дилнур билан бирга бўлсам бўлди, деган фоний бир истак борлигини англадим.
Дилнур мендан ҳам кўпроқ дард чекаётганини билардим, сезардим. Вужудимни парвариш қила туриб, дилимга йўл топишга ҳаракат қилаётганини, қалбимни ёлғизлик ва умидсизлик балосидан қутқаришга уринаётганини сездим.
Операциядан бир ҳафталар ўтгач, мени палатага олиб чиқишганида, тунда чўчиб кетдимми ёки алаҳсираб турибми унинг шундайгина оёқ томонимда ерга оппоқ чойшаб солганича Қиблага қараб сажда қилаётганини кўрдим… Бадавлат одамнинг боласи, нуфузли дорилфунуннинг талабаси кўзларида шашқатор ёш билан Худодан менинг соғлиғимни тиларди… Эркак киши ичимда нимадир, аниқроғи ёнғоқдек оташ у ёқдан-бу ёққа думалаётгандек туйилди. Кўзларимдан унсиз қайноқ ёш оқарди. Қўлларини юзига «Омин!» деб тортди, менинг ҳолатимни кўриб, саросимага тушди. Жойнамоз вазифасини ўтаган чойшаб билан шошиб ёшларимни артди. Ўша тун келин бўлганидан бери биринчи бор ўз ихтиёри билан озган ва дардманд юзларимдан ўпиб қўйди.
Ўша тундан кейин қалбимда қандайдир ўзгариш бўлди. Мен ўзим билмаган ҳолда икки оёқда юриб туриб ҳам, ойим ва опаларим унинг ўзига алоҳида пишириб келган овқатларни менинг, уларнинг зўри билан еб туриб ҳам мен каби озиб, кўзлари катталашиб, ўзи маъсумлашиб қолган мана шу маҳбубам ихтиёрига, изнига тушиб қолдим. Тунлари у парваришимни қилар, бошқа пайтлар қайрилиб боқмайдиган овқатларни ширин уннатиб ичирар, худди мен кичкина гўдакдек ҳамма хархашамни кўтарарди. Яна узоқ, жуда узоқ гаплашиб ўтирарди. «Ухла, эрталаб ўқишга борасан», десам ҳам ухламасди. Бирга кечирган ҳаётимизни тўй кунидан бошлаб дақиқама-дақиқа эсларди, ўз ҳикоясидан ўзи сархуш бўлиб, юзлари қизарарди, мени ўз тасаввуримдан бошқача, китобларда, киноларда тасвирланадиган илоҳий муҳаббат соҳиби қилиб кўрсатарди. Мен баъзан жуда ёш, ҳеч нарса билмайдиган, на ҳис, на туйғунинг қадрига етмайдиган қизга уйландим, деб ўйлаган вақтларим учун уялиблар кетар эдим. Ажабо, қизлар, келинлар ҳақиқий аёл бўлиб қачон уйғонаркин? Менинг маҳбубам қачон камолга ета қолди?
Наҳотки кутилмаганда бошимизга тушган бу синовлар унинг аёллик ўзлигини кўрсатишига туртки бўлган, сабоқ бўлган бўлса? Ё худо! Маҳбубамни топганимда ундан, менинг фариштамдан жудо қилма! Ўзим ҳам сезмаган ҳолда Дилнурни топишимга, ичимда илоҳий бир нарсанинг пайдо бўлишига ёрдам берган оғир дардни юборганига ҳам шукрлар қилардим. Айирма бизни деб худога илтижо қилардим! Аллоҳ унинг дуоларини-ю менинг илтижоларимни ижобат этди: мен тузала бошладим. Ёшлигим учунми, операциядан кейинги жараёнлар жуда тез ўтди. Бир ойда уйга чиқдим. Келсам, хоналаримиз одми, янги келинларникига ўхшамайди. Онаси унинг молларини олиб кетганини ўшанда билдим. Демак, тирик қолишимга ишонмаган. Қизи эса ишонибди…
Тузалганим эвазига дадам янги мебель, янги жиҳозлар олиб бермоқчи бўлдилар. Қудалар тарафидан ҳам мебелини, эгнибошини олиб бориб берамиз, деган хабар келди. Дилнур на унисига, на бунисига кўнди:
– Ўғлингиз касал бўлиб анча чиқим қилдингиз, – деди у дадамга, – ҳашамлар бизга керак эмас. Тузалиб ишга тушиб кетсалар, худо хоҳласа, ҳаммасини ўзимиз оламиз.
Онасининг юзи ҳанузгача шувут. Афсус, дунёда ҳаёт ва яқинингга меҳрдан қимматроқ ҳеч нарса йўқлигини у ўз қизидан ҳам анча кейин англади. Ишқилиб, англаган бўлсинда…
Бугун Дилнур мени бир севинчли хабар билан жинни қилаёзди: Худо насиб қилса, яқинда ота бўлармишман.
«О, Маҳбубам! Энди сени кафтда кўтариш навбати менга келибди!» дедим суюниб.
Жаҳонгир, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани.