Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 34 страниц)
ЮЛДУЗИНГНИ КЎЗЛАР ЮЛДУЗИМ
Қайнона: – Келин болам-а, тўйлар хўп яхши нарса-да! Ёшларга унча билинмаса керагу, лекин одам сал чарчайдида. Кишилик кийимларингизни алмаштирдингизми? Мен ҳам уй кийимимни кийиб чиқа қолай. Унгача сиз маъниликкина қилиб битта чой дамланг. Тўйдан қайтган бўлсак ҳам, ўз уйингнинг чойи бошқача бўлади-да. Сизлар буни ҳали билмайсизлар. Ишқилиб, қўша қаринглар…
Келин: – Келинг ойижон, чой тайёр! Ҳали келин билан куёв таъзим билан кириб келишаётганда бир отахон дуо қилдиларку, вой жудаям ғалати бўлиб кетдим-а! Жуда нуроний одам эканлар ўзлари ҳам! У киши аввал худодан куёв бахтига ҳам, келин бахтига ҳам барака тиладилар. Аллоҳдан ҳамиша икковига яхшилик ва бахтибекамлик ато этишини сўрадилар. Юлдузингиз ҳамиша бир-бирингизга иссиқ келсин, деб дуо қилдилар. Худди ўзимнинг тўйим бўлаётгандай, катта дадам фотиҳа қилаётганларидагидай кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
Қайнона: – Нозик дилли бўлсангиз, ўзим ўргилай! Кексаларнинг дуосида гап кўпда, келин болам! Яхшилик тиланган дуолар кишининг йўлини ёритиб туради, қалбига тўғри йўл кўрсатади. Келинг, гап навбати шунга келган экан, юлдузлар ҳақида гаплашиб олайлик…
Кексалар «Юлдузи юлдузига тўғри келсин» дейишганда, баланд нарвон қўйиб ҳам одам боласи чиқа олмайдиган кўкдаги юлдузларни назарда тутишмайди, албатта. Келин билан куёв шу кундан эр ва хотин номини олиб, бир кичик оиланинг соҳиби бўлишди. Дуода ана шу эр билан хотиннинг муомала-ю муносабати бир-бирига мос тушсин, деб илтижо қилинади. Бу мосликда бутун умр, бутун ҳаётнинг маъноси яширинган-да, келин болам! Негаки эр ва хотиннинг самимий муносабати, меҳр-муҳаббати илдиз олган оилада туғилган болалар тўлиқ ва бўлиқ, демак бу оиланинг инсониятнинг узун занжирига қўшаётган ҳалқачалари ҳам муносиб бўлади. Одамда одамийлик, меҳр-муҳаббат шу оилада яралганидек, қалбидаги инсоний қадриятлар ҳам шу ерда камол топади, мева беради, четга ўз таъсирини ўтказади. Шунинг учун юлдузнинг юлдузга тўғри келишида гап кўп!
Келин: – Шу юлдуз деганлари ҳамиша ҳам бир-бирига мос келаверадими ёки…
Қайнона: – Ёки мослаб туриладими, демоқчисизда-а, келин болам? Ҳа, баракалла! Ўғилдир, қиздир турмушга тайёрланган, оила қуришдан мақсадини аниқ биладиган бўлишса, ҳаётлари давомида, муросаи мадора жараёнида юлдузларини мослаб борадилар.
Ойим раҳматли «Бир оғирга бир енгил», «Бир яхшига бир ёмон» деган иборани кўп ишлатардилар. Дунёда нечта одам бўлса, шунча характер, шунча феъл-атвор бўларкан. Кишиларнинг ҳамиша мижози бир-бирига тўғри келиши қийин. Биров «пов» этиб ёнса, бировнинг кўзида битта учқун ёқиш учун бир аср етмайдигандек кўринади…
Келин: – Вой, ойижон, гапингиз, домламизнинг гапларига ўхшаб кетди! Кеча дарсда темпераментларни ўтгандик. Темперамент кишиларнинг индивидуал руҳий хусусиятлари эканини тушунтириб бердилар-да, домламиз улар тўрт хил – холерик, сангвиник, меланхолик, флегматик бўлишини айтдилар. Кейин холериклар билан флегматиклар ҳақида гапирганларида худди сизга ўхшаб улар ҳам: «Бировлари» пов этиб ёнсалар, бирлари тепса тебранмас бўладилар», девдилар. Вой, гапингизни бўлиб қўйдим-а, кечиринг, ойижон, маза қилиб эшитаётувдим.
Қайнона: – Олимлар ҳам ҳаётдан олиб гапирадилар-да! Лекин одам оила қургандан кейин юлдузи-ю, сиз айтмоқчи темпераменти, мижози қандай бўлишидан қатъи назар, киши нима қилиб бўлса ҳам мувозанатни сақлаб туришга уриниши керак.
Ишлаб юрган пайтимда бир ёшгина ҳамкасбимиз бор эди. Шўх, ташаббускор, давраларни роса қиздирарди.
Цехимиздаги энг илғор аёллардан эди. Қаерга биздан вакил керак бўлса, шу жувонни юборардик. Битмаган ишни битириб келарди-да. Бошлаган ишини охирига етказмагунча қўймасди. Ўзи ҳам тинчимасди, бировни ҳам ҳоли жонига қўймасди. Шундоқ жувоннинг бир хил ишлари кўпчилигимизни ранжитарди. Ловуллаганида одамни аямасди. Бу камчилигини ўзи ҳам биларди.
– Мен ловуллаб турган пайтимда эрим индамасликлари билан ютиб кетадилар, – дерди у. – Ўзимни ҳеч тўхтатолмай дилимга-ю тилимга келганини қайтармай, гапириб-гапириб оламан. Индамайдилар. Агар шунда бир-икки гап қайтариб қолсалар борми, нақ олам офат бўлади! Оиладан асар ҳам қолмайди. Лекин у киши индамай енгиб кетадилар. Ана шу хислатларига беш кетаман-да!
Мен пенсияга кетаётганимда ёш бўлса ҳам ўша аёлни ўрнимга цех бошлиғи қилиб тайинлашларини маслаҳат бердим.
Келин: – Кишини аямайдиган, қизишганда кўпларни хафа қилиб қўядиган одати бор эди дедингиз-ку, шундай бўлса ҳам…
Қайнона: – Ҳа, келин болам! Жамоамизга келиб қўшилгандан кейин секин-секин ўша ёмон хислатларини йўқ қилдик. Уйда эри, қайнонаси ловуллаб турганида индашмаса ҳам, олови ўчгандан кейин камчилигини тушунтириб туришди. Шундай яхши жувон бўлди-ки, одамнинг ҳаваси келарди. Ана шундайлардан яхши сардорлар чиқади-да, келин болам! Одам дейдиган юддузни юлдузга мослаб яшаши кераклигига бу жувонни бекорга мисол қилиб келтирганим йўқ.
Одамга феъл, мижоз, «оғирлик» ёки «енгиллик» туғма берилгани билан улар доимий ва ўзгармас экан деб ўйлаш нотўғри. Тирик жонда! Одамнинг ёши улғайиши, оила ва иш шароити, таълим-тарбия таъсири натижасида улар ўзгаради. Демоқчиманки, эр-хотиннинг юлдузи бир-бирига мос келмаган, турли характердаги ва турли мижоздаги одамлар бўлишига қарамай, ният яхши бўлса, мақсад тўғри бўлса, юлдузларни бирбирига мослаб, муросаи мадора қилиб, келишиб, муносабатни мослаб бориш керак.
Келин: – Кеча домламиз ҳам шунга ўхшаш гапирдилар-а, ойижон. Улар айтдиларки, одамий яшаш, одамий ният қилиш, шу ниятларнинг амалга ошишида инсонларча ҳаракат қилиш керак. Инсон ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларини бошқара билиши, лозим ерда уларга муайян йўналиш бера билиши ҳам керак экан. Домламиз онгли инсоннинг бунга кучи етади, деб ишонч билан гапирдилар.
Қайнона: – Жуда тўғри айтибдилар! Менинг назаримда, юлдузни юлдузга мослаб яшаш қобилияти халқимизнинг қонқонига сингиб кетганга ўхшайди. Кўп болали оналаримизни олинг-а! Улар ўз болаларига «Ўнталасининг ўрни бошқа», деб уларнинг ҳар бирининг феъли, характери, сиз айтмоқчи темпераментларига қараб муомала қиладилар. Олий маълумотли дипломи йўқлар ҳам онгли кишилар намунасини кўрсатадилар. Қолаверса, аёллар, айниқса оналарнинг келишувчанлиги, кечирувчанлиги, фидойилиги ҳам уларнинг табиий моҳир руҳшунос қилиб яратилганини, улар домлангиз айтмоқчи ўз ҳиссий ва ақлий туйғуларини бошқара олиши, юраккиналарига керакли йўналиш бера олишга қодирлигини кўрсатмайдими?
Домлангиз жуда тўғри айтибдилар. Ҳаётда эр-хотиннинг юлдузи бир-бирига тўғри келиб яшаши уларнинг ўзларига, юракларига қандай кўрсатма беришларига боғлиқ.
Битта гапни айтай, сиз қулоқ солинг, келин болам. Бу кузатувларимдан қилган хулосам-да!
Ҳар биримиз ўз ҳаётимиз давомида икки жамоа билан боғлиқмиз. Биринчи жамоамиз – оиламиз. Иккинчиси – боғча, мактаб, институт, иш, корхона, муассаса ва ҳоказо…
Диққат қилсангиз, иккала жамоада кўпчилигимиз ўзимизга икки хил кўрсатма берар эканмиз.
Қаранг, турли тоифа, турли ёш, турли темпераментдаги кишилардан таркиб топган иккинчи жамоамизда биз юлдузимизни юлдузимизга тўғрилаш учун қўлимиздан келган барча ишни (баъзида қўлимиздан келмайди деб ўйлаган нарсаларни ҳам) бажарамиз. Бошлиқнинг қош-қовоғига қараб турамиз. Унга нима ёқишини, нимани хуш кўрмаслигини махсус ўрганамиз. Унинг яққол кўзга ташланиб турган камчиликларини ҳам ё кўрмаганга оламиз ёки кечирамиз. Бу камчиликларга ғашимиз келаётганини асло сездирмаймиз. Қаранг-а, «умр – муросаи мадора демак» қабилида иш тутишнинг олий намунасини ишимизда яратиб қўйибмиз!
Ҳа, бу ёмонми? Нимаси ёқмади сизга дейишдан олдин сидқидилдан ўзимиздан ўзимиз сўраб кўрайликчи: биринчи жамоада, яъни уйимизда ҳам шундаймизми? Уйда ўз қадрдон жуфтимизни, боламиз, ота-онамиз, ака-укамизни бошлиқни билиб олишга урингандек билишга ҳаракат қиламизми? Ишда бошлиққа нисбатан бўлганидек уйда ҳам, яъни муқаддас даргоҳимизда ҳам эътиборли, кечирувчанмизми?
Атрофимиздагиларнинг қай мижозга тегишлигини-ю, унга қандай муомала қилиш кераклигини ҳеч ўйлаймизми?
Нима учун уйдагилар – энг қадрдон, қондош-қариндош кишиларимизга нисбатан кечирувчан эмасмиз? Нега улар измида юриш биз учун ҳақоратдек туйилади? Нима учун ишда бошлиққа хамиша «паст келамиз-у», онда-сонда жуфтимиздан «пастроқ туришга» бўйнимиз ёр бермайди? Нима учун жуфти ҳалолимизнинг феъли-атвори, мижози яратгувчидан, ирсиятдан эканини, у бизга ёқмаган тақдирда ҳам уни бирданига, дабдурустдан ўзгартириб бўлмаслигини била туриб, ўзимизникини маъқуллайверамиз?
Бунинг ҳаммаси-чи, келин болам, биз ишда ўзимизга ўзимиз «Ўзимни шундай тутишим керакки, бошлиғимга ёқайин. Бу – зарур. Бу – керак!» – деб кўрсатма берганимизнинг, бор имкониятларимизни ишга солиб, шу кўрсатмани бажаришга интилганимиз оқибатидир! Аслида уйда ҳам фақат ҳиссиётлар билангина, руҳиятнинг ўзи билангина яшамай, ақлимизни ҳам ишга солишимиз, шундай кўрсатмани қаттиқроқ беришимиз керак эмасми? Шунда ажралишлар у қадар кўп бўлмасмиди?
Менинг назаримда, юлдузи юлдузига чап бўлиб турганлар ҳам, биринчи навбатда, ақл, виждон тарозуси билан асосий мақсадни аниқ белгилаб олишлари керак. Асосий мақсад, бирга яшаш, оилани, болалар боши узра ёғду сочиб турган Қуёш ва Ойни асраб қолиш бўлса демак, юлдузни юлдузга мослаштиришга уриниш, келишишга ҳаракат қилиш лозим.
Ҳа, келин болам!
Юлдузларнинг бир-бирига мос тушгани яхши, албатта. Бу – ўзаро меҳр-муҳаббат ва оқибат асоси. Аммо инсон ўз жуфти-ҳалолининг юлдузини кўзлаб, юлдузларни бир-бирига мослаб юришга интилиши билан ҳам табиатнинг бошқа мавжудотларидан фарқ қилишини унутмаслик керак.
Юлдузларнинг бир-бирига мос тушганига, кишиларнинг бир-бирлари билан мослашиб, келишиб, севишиб яшаганига нима етсин! Шунда биздан қолажак ҳалқалар ҳам анча мустаҳкам бўлади!
АЁВЛИГИМ
(Радиожурналист Муқаддасхон Халилова билан суҳбат)
– Раҳима опа, «Ёшлик» радиоканалида турмуш, оилада муомала маданияти, муросаи-мадора, юлдузга юлдузни мослаб яшаш хусусида сўз юритадиган «Қайнона сабоқлари»ни бошлаганимиздан бери тайёрлаб берган «сабоқларингиз»нинг бир китоб бўлганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Ишончим комилки, бу китоб сабоғимизда иштирок этаётган келинларгагина эмас, эрта-индин эшигида сурнай навоси янграшини ҳаяжон билан кутаётган қизларимизга, келин тушириш орзусида юрган оналаримизга ҳам жуда фойдали бўлади. Узоқ йиллик меҳнатингиз, биз билан ҳамкорлигингиз шунчалар ҳосил берганидан хурсандмиз.
– «Эр эпламоқ осон, лекин…» деб номлаганимиз бу китоб менинггина эмас, ҳаммамизнинг саъй-ҳаракатимиз туфайли яралгани учун «Ёшлик»нинг ҳам ижодий мулки бўлиб ҳисобланиши тарафдориман. Дилимиздаги гапларни, ёшларимизга айтмоқчи бўлган эзгу истакларимизни бир мажмуа сифатида кўриш насиб қилгани учун ҳам шукрлар бўлсин!
– Сабоқларимиз мобайнида кўпчиликнинг истагига кўра навбатдаги суҳбатимизни оиладаги энг эъзозлилар – қизлар тарбияси хусусида олиб борсак. Суҳбатимизни шартли равишда «Аёвлигим» деб атадим. Қизларимиз дунёга келиб, вояга етгунча оиланинг, айниқса оналарнинг, бувиларнинг масъулияти ҳақида гаплашсак.
– Муқаддасхон, тўғри айтдингиз, қиз бола, яъни миллат келажагини яратувчи инсонни жисман соғлом, қалбан меҳрли, руҳан тетик қилиб тарбиялаш азалдан оналар уҳдасига ёзилган. Кексаларимиз қиз келтирадиган раҳмат ҳам, худо кўрсатмасин, лаънат ҳам биринчи навбатда она шаънига, шу қизни Аллоҳ инояти билан дунёга келтирган, вояга етказган, қанчақанча шодлигу изтиробларни бошидан кечирган инсон шаънига бўлади, деб тўғри айтишган.
– Ҳикояларингизнинг бирида янги меҳмоннинг, яъни қиз боланинг дунёга келиши дақиқаларидаги оналарнинг қийноқли, ҳаяжонли кечинмаларини жуда таъсирли тасвирлагансиз:
«…Кўзимни очганимда олам ҳаддан зиёд чароғондай кўринди. Кўзларим қамашиб, беихтиёр киприкларимни уларга қалқон қилдим. Бемажол вужудимда чидаб бўлмайдиган оғриқ билан яна алланима бор эдики, бунинг нималигини ўзим ҳам ҳали тушуниб етолмасдим.
– Тирикми?! – вужудимдек бемажол шивирлади лабларим ҳам.
– Тирик! Тирик! Суқсурдай қиз! Муборак бўлсин!
– Кўрсам бўладими? – менинг товушимда ишонч йўқ эди. Миямдан чақин тезлигида «Яна ҳушидан кетмасин деб алдашаяпти шекилли», деган фикр ўтди.
Доя ичимдан ўтганини сезгандек, дам ўтмай мен ётган махсус хонага фақат туғуруқхоналардагина йўргакланиши мумкин бўлган услубда йўргакланган чақалоқни олиб кирди.
Негадир чақалоқ, тик, ғўлачадай типпа-тик эди. Тахтакачдек қаттиқ боғлангани учунми, юзлари кўзимга лўппи кўринди. Кўзлари юмуқ, сочлари пешонасига тушиб турибди. Қошлари ўрнида нафис мўйчизиқ тортилгандек…
– Меникими? – сўрадим ҳамон кўзларимга ишонмай.
– Сизникиман, ойижон! Сизникиман! Мана «паспортим»ни ҳам кўринг! – чақалоқни елкасидан баланд кўтариб турган доя аёлнинг гўдагим тилидан гапираётганини анча кейин англадим.
Кўзларимга бор қувватимни йиғиб, чақалоқ белидаги клеёнка қийтиғига тикилдим. Унда ўзимнинг фамилиям ёзилганди. Боятдан бери бор идрокимни бошимга, кўзимга йиғаётгандим. Бирдан шу таранглик қайгадир сингиб, бўшашиб кетдим. Кўзларимга негадир қайноқ ёш келди. Кейин улар қулоқларим ортига оқиб тушаверди, оқиб тушаверди!..
– Онагинам! – ўз овозимни ўзим танимадим. У қандайдир оловли эди. Шу биргина сўз билан мен айни пайтда дилимда борини изҳор қилган эдим. «Оллоҳ, менга қиз инъом этибсан, Ўзингга беадад шукр! Қиз кўрдим! Дунёга мен сенинг ироданг билан ўзимдан яна битта ўзимни яратдим!»
Доя аёл мени чамаси сал жўнроқ тушунди.
– Ҳа, киши она бўлганидагина онаси қадрига етади. Ўзи ҳам дунёга шундай қийноқлар билан келганини ҳис қилгандан кейингина киши инсонга, ҳаётга, онага бошқача кўз билан қарай бошлайди.
– Онагинам!
Ҳозиргина жоним соат мили каби Ҳаёт ва Мамот ўртасида бориб – келиб турганиданми ушбу сўз билан борлиғимни ифода этмоқчи бўлдим шекилли.
Давом вужудимни биринчи бор қўлимга олаётганимда беихтиёр тилимга «Қизгинам, аёвлигим!» деган сўзлар келди. Гўё шу сўзлар билан Онам, Ўзим, Келажак ўртасида узилмас ришталарни боғлаганимни ҳис қилардим»…
– Раҳима опа, ҳозирги парчада тасвирлангани каби, қиз кўрган она ўз муждасини «Онагинам!» дейишини кўп эшитганман. Назаримда, шу биргина сўз билан у инсоният занжиридаги бирлик узлуксизликни ифода этади. Ана шу кичкина парча баҳона, келинг, сиз билан қизли хонадон, қиз ўстираётган оналар қалбидаги кечинмалар ҳақида сўзлашайлик. Бу кечинмалар сизгада бегона эмас.
– Ҳа, бу кечинмаларни бегона қилмаган Оллоҳга беадад шукр. Аввалги китобим – «Аёл қалби» опа-сингилларимиз қўлига текканидан сўнг кўп фикр-мулоҳазалар эшитдим. Деярли ҳаммасида бир асосий мулоҳаза – аёлнинг том маънодаги аёл, ота-боболаримиз айтмоқчи «рисоладагидек» аёл бўлиши учун унинг шаклланиши даврида, яъни қиз болалик даврида тарбиясига катта аҳамият бериш керак, деган мулоҳаза илгари сурилган. Айнан шу даврда қиз боланинг кўзига мумкин қадар кўпроқ атроф-муҳитни кўрсатиб, қулоғига кўпроқ нарса қуйиш керак экан. Ана шу фикр-мулоҳазалар асос бўлиб, қолаверса, сиз билан биргаликда тайёрлайдиганимиз «Қайнона сабоқлари» рукнига келаётган хатлар сабаб бўлиб, навбатдаги кўнглим дафтарини очишга ва уни «Аёвлигим» деб аташга қарор қилдим. Унда битилган ва битилажак сўзлар худди айтганингиздек вояга етаётган набира қизларимизга, ўзим ҳар гал учрашувларига ошиқадиган қизларимизга она, опа, аёл ижодкор сифатида айтмоқчи бўлган сўзларимдир.
– «Аёвлигим!» Раҳима опа, ростини айтсам, бу сўзни мен илгарилари эшитмаган эканман. Ҳарқалай одамнинг томирига «Шашмақом»ни эшитгандаги каби чиройли бир туйғу бахш этадиган сўз экан. Ўзагида аяш, асраш, авайлаш, эъзозлаш маънолари бўлса керак-да?
– «Аёвлигим» деган бу ғоят нозик сифатни мен Миртемир домланинг шеърларида учратгандим. Гўрлари тўла нур бўлсин домланинг, бу сўзни сатрлари орасидан «ўғирлаб» олганим учун кечирарлар.
Назаримда, ўзбек оилаларида отанинг, она ва опаларнинг, ака ва ҳатто укаларнинг аёл зотлик мўъжизага нисбатан азалий эъзозли муносабатини мана шу сўз билан, мана шу сифат билан жуда тўғри ифодаласа бўларкан. Ахир қайси асл китобни ўқиманг, қадим-қадимдан ўзбек оилаларида қиз болани capa чиннидай, оқ қанддай асраб-аяб келинганини кўрасиз. Қадим-қадимдан қизларимизнинг нозик ибоси аввалам бор уларга нисбатан нозик муомаладан озиқ олиб келган, меҳрдан тобланган. Кумушбибининг отаси Қутидорнинг, Отабекнинг отаси Юсуфбек ҳожиларнинг ўз уйларидаги қиз-аёл-келинларига бир мўъжизага қарагандек қараб, нозик муомала қилиш саҳналарини ўқиганда, ёшгина шоҳ Бобурнинг онаси, опасига, айниқса ёстиқдошига муомаласи лавҳаларини ўқиганда ўзбек борки, ҳали айтганингиз каби қалбига иссиқлик югурмай иложи йўқ.
Буларнинг ҳаммаси юқори табақадагиларга, «оқсуяклар»га, сарой аҳлигагина хос, шунга ҳавас қиласизларми деб яқиняқингача ҳатто ҳавас, тақлид, муомала маданиятини нозик тушуниш истагимиз, умидимизни тизгинлаб келинди. Яхшига ҳаваснинг, тақлиднинг нимаси ёмон?
Тошкентнинг кўҳна Қоратош маҳалласида шоиртаъб оилада катта бўлиб, ота-она ўрнида тўрт синглисини узатган, укасини уйлаган, ёшлигидан Абдулла Қодирийнинг асарлари руҳида ўсган Собир тоғамлар раҳматлининг ўз сингилларидан биронтасига, опа-сингилларнинг ҳам биров-бировига ва кичик укаларига бирон марта «сен»лаб гапирганини эслолмайман. Холаларимнинг бир-бирларини сизлаб гапиришида мана энди, болаларим улғайганда ўзим ҳам жуда катта маъно туймоқдаман.
– Бу маънавият илдизимиз тўқлигидан нишона.
– Ҳа, кузатган бўлсангиз, ўсиб-унаётган қизларни ўзбек хонадонларида ажиб улуғ зотга таҳаасуб қилиниб «Онам!» деб чақиришади, «Она қизим!» деб эркалашади, «Онагинам!» деб суйишади. Она билан қизнинг биринчи бор кўкрак тутиб эмизишдан бошланган сирдошлиги бир умрлик ва муқаддас бўлади. Бу сирли қўрғонга унча-мунчалар кира олган эмас. Бир авлоднинг иккинчи авлодга қолдирадигани кўп бўлганидек, онанинг қизига айтар сўзи ҳамиша кўп бўлади. Қизининг эса Оламга, Ҳаётга интилиши ҳамиша кучли. Бу – она шу сирли булоқдан сув ичганининг, бу булоқни ҳамиша беғубор тутишга интилганининг оқибатидир.
– Қиз ўстириш қийин дейишади, ростми?
– О, буни бағрида қизи бор оналардан сўранг! Уйида қизи балоғатга етаётган оналарнинг юрагида не гавҳарлару, не инжулар ётибди! Сизни ҳам Муқаддасхон, худо бундан бенасиб қилмаганига шукр қилинг!
– Ҳозир қиз ўстираётган она кўнглидан ўтаётган ҳисҳаяжонлар ҳақидаги монологингизни биргаликда тингласак…
–«…Боғимда бир гул ўстираяпман, у атиргул ғунчасидек сеҳрли-сеҳрли. Уни шамоллардан, қуёш жазирамасидан, ёмон кўздан, ҳатто булбулнинг бевақт хонишидан асраш ҳаётим мазмуни бўлиб қолди. Бу йўлда менга ҳеч ким, ҳеч нарса бас кела олмайди. Ҳамма-ҳаммасини енгиб ўтишга қодирман. Шамолдан қовжираш, жазирамада жизғанак бўлиш мен учун ўстираётган ғунчамнинг бевақт очилиши ёхуд бевақт заволини кўришдаги қийноқларданда енгилроқдир ва тотлироқдир…»
Она билан бола, гул билан лоланинг суҳбатига қулоқ тутганмисиз? Ҳа, оналарнинг қизларига айтар ёниқ сўзлари кўп бўлади:
«Бугун сенинг ёшинг ўн еттида!
Бугун олам сенинг кўзингга мактабни битириш оқшомига кийганинг – шафтоли гулидек нафис, пушти кўйлагингдек ҳарир, енгил, ўзингдек бокира, эзгулик ва яхшиликка, романтикага тўлиқ кўринаётгандир?!
Бугун ҳаёт сенинг кўзингга гўзал, серзавқ, сурурли ва сеҳрли бўлиб туйилаётгандир?!
Бугун одамларнинг ҳаммаси сенга тенг, дўст, ҳамдам, фидойи бўлиб кўринишаётгандир?! Ҳа, ҳаммаси аслида шундай!
Лекин нечун менинг қалбимда сенинг бўй бастинг билан севиниш, хулқингу одобинг билан сурурланиш туйғулари ила яна тасвирлаб бўлмас, қийноқли изтироб ҳисси ҳам ёнма-ён?! Нечун сен самоларга сирли-сирли боққан серюлдуз кечаларда менингда кипригимга уйқу инмайди?! Нечун мен мижжа қоқмай тонг қаршилайман?! Нечун сенинг кечинманг, назарингга, ҳаяжонингга лойиқ нарсаларни кўрган, ўқиган, эшитганимда қалбим сенинг қалбинг каби ўзгача сурурли тўфонга тўлиш билан бирга, яна унга қўрқув ҳам кириб олади?! Нечун сенинг назаринг тушган нарсаларнинг биридан завқ олсам, иккинчисидан жароҳатига туз теккан кишидек юрагим ачишади?!
Чунки бугун сенинг ёшинг ўн еттида!»
– Муқаддасхон, бу давр қизлар тарбиясидаги энг масъулиятли, энг назокатли, айни пайтда энг қалтис давр ҳисобланади. Чунки бу қизларнинг кўзига олам яшноқ, айтиш мумкинки, лола рангида кўринган, қизларнинг нафис хаёлларга бериладиган, ишонувчан, романтик даври.
– Раҳима опа, айнан шу давр тўғрисида бир қатра ҳикоянгиз ҳам бор. Янглишмасам, «Узилмас кўнгил» китобингизда ўқигандим.
«… Вой, ана лола!
Унинг қўлида лола, қучоғида лола. Табиат уни бугун лола рангга кўмиб ташлашга қасд қилган кўринади – оёқлари остига ҳам сон-саноқсиз лолаларни сочиб ташлабди. Бироқ унинг кўзлари баланд қоя устида тебраниб турган ягона лолада эди.
– Вой, ана лола!
Танҳолиги учунми, қоя устидаги лола шундай гўзал, киши қалбини алланечук қилиб юборувчи шундай нафис эдики, қизнинг лаблари беихтиёр шивирлади:
– Жудаям чиройли-я!
– Олиб берайми?!
– У ерга чиқиб бўларканми?
– Мен чиқаман!
– Жиннилик қилманг!
Аммо йигит аллақачон узоқлашиб бўлган эди. Тирмашиб қоянинг ярим белига етгандаёқ, қаро терга тушиб кетди. Пастга қараган эди, боши айланди. Ета олармикан? Жуда қалтис жойда экан, уза олармикан? Бирдам иккиланиб қолди. Зимдан қизга кўз ташлади. Минг-минг лолалар ўртасида у улкан лола бўлиб ёниб турарди! Ўзига ошно бўлиб қолган аллақандай илиқ ҳис бошидан оёғигача яна жимирлаб ўтди. Юрагининг тепкиси тоғда акс-садо бераётгандай…
Қўлларининг шилиниб кетганига қарамай, яна шиддат билан юқорига кўтарила бошлади.
Қанча муддат ўтди, билмайди. Қизнинг кўзи ҳамон ўша қоя устидаги ёлғиз лолада. У жуда гўзал, ягона… Шу лола томон тирмашиб кетаётган йигит ҳам яккаю ягона туйилиб кетди қизнинг кўнглига. Ташвишли ҳаяжондан юраги энтикди: «Негаям кўрсатдим-а ўша лолани? Нега унинг шу тик ва қўрқинчли қояга чиқишига йўл бердим?! Тезроқ туша қолсайди!..» Бироқ юрагининг таг-тагида бошқа орзу. Баланд қоядаги ўша лолани бугун унга бошқа биров эмас, синфидаги энг шўх бўлгани учун ҳам охирги партага «сургун» қилинган мана шу йигит олиб беришини истайди…
Йигит қўлларини дорбоз таёғидек кериб, қоянинг лола ўсган чеккасига яқинлашаётганида қиз «Вой!» деб кўзларини кафти билан беркитиб олди.
Қанча муддат ўтди, билмайди. Кўзини очганида қаршисида йигит тиз чўкиб, иккала кафтида ўша лолани узатиб турар эди…
Улар ўн етти ёшда эдилар!..»
«Оҳ, қизгинам, менинг ёниқ лолагинам! Бу ҳаяжонларинг менгада таниш, менгада азизку-я, лекин қалбимда шу ҳаяжон билан ёнма-ён турган қийноқли туйғуларни қай сўзлар билан ифода этай сенга?»
– Қизи бор оналарнинг қалбида ғурур, сурур, фахр билан бирга, бир умр ифода этиб бўлмас хавотир ҳам бўлади, деганлари рост эканда? Раҳима опа, бир шеърингизда ана шундай хавотирнинг лаҳзалик ифодасини сезгандим:
Гўзаллиги, нафислигидан,
Яноқлари ёниқлигидан,
Борлиғини унутиб бутун
Чайқаларди лола уззу кун.
Қўними йўқ парвона каби
Атрофида учади ари.
Лола ёниб ҳаяжонидан
Қалбин очди севгиси сари!
Олиб илку охирги бўса,
Кетди ари, сўлиди лола…
Ишқ майини тўйиб сипқормай,
Юрагида қолди доғ, нола…
– Киз боланинг айнан «лола»лик пайтида онаси ҳамиша сирдоши, энг яқин кишиси бўлиши керак. Чунки она қалбида ҳақиқатда ҳам Сиз айтган юксак туйғулар билан бирга, қийноқли изтироб ҳам бўлади.
«Бу қийноқли изтироб бир мендами ёки қиз боққан оналарнинг ҳаммасидами?» деб ўзимдан ўзим кўп сўрайман. У қийноқ оналар юрагига қачон, қайси асрда илаша қолди? Нега замонларнинг, фаслларнинг ол ранги оналар юрагидаги бу азалий изтироб рангини, шаклини ўзгартира олмади?!
Сўрамишлар:
– Дунёда ўлимдан ёмони нима?
– Қизингнинг ноқобил бўлиши!
Бу даҳшатни бошидан кечирганларнинг дилиданда, тилиданда бундан даҳшатлироқ нидо чиқади:
– Қиз асрагандан кўра туз асрасам бўлмасмиди?!
Дол бўлган қадлар, эгилган бошларга келадиган хулоса ундан ҳам даҳшатли:
– Қиз келтирган номус ўлимдан кучли!
Нега, нега янги-янги замонлар бу азалий маталларнинг маъносини, тиғини ўтмаслаштира олмади?! Қайтага «замонавийлаштириш», «овропалаштириш» каби сунъий тушунчалар оналар ярасини чуқурлаштириб туз сепмадими?
Сен туғилганинг дамдан бери бу қийноқли изтироб ғурурим, сурурим, меҳрим ёнидан бир дам силжиганини, хоҳ уйғоқ, хоҳ уйқуда бўлмайин, бир дам қалбимни тарк этганини билмайман. Қачон, қандай қилиб у юрагимнинг энг кўринмас бурчагига, аммо ҳукмдор бурчагига жойлашиб олди?! Унинг ўткир тиғини биринчи бор қачон ҳис қилдим? Биринчи бор жароҳатини қачон олдим?
Бевақт узилган, «юрагида доғ, нолалар қолган» лола қизларни кўрганимда эмасми?
Нега, нега ҳар гал бир бахтсиз ҳодисага дуч келганимда «Оҳ, шунинг ўрнида менинг қизим бўлганда нима қилардим?! – деган хаёл дилимни тирнаб ўтади?! Хаёлнинг ўзигаёқ вужудимни совуқ тер босади? Сен туғилгандан бери бировларнинг дардига бефарқ қарай олмайдиган бўлиб қолганман, негаки ҳар гал бахти қаролар ўрнига ўзимни-ю сени қўйиб кўраман. Хаёлот изтироби шунчалар, ҳаётий изтироб бошига тушганларга Тангридан сабр сўрайман!
Қалб ярасини вақт ҳам даволашга ожизлигини сенга қандай тушунтирсам, не сўзлар билан англатсам экан? Бугун сенинг ёшинг ўн еттида, Аёвлигим!
Сенга айтар сўзим нақадар кўплигини билсанг эди!
Ҳаётнинг серқирра довонларидан бирини ўтганимдан кейин қизлар тарбияси ҳақидаги дастлабки тасаввурларим чилпарчин бўлди. Мен сенга бутун дунёни фақат нафис, пушти рангда кўрсатмоқчи эдим. Ҳа-ҳа, мен сени бу дунёнинг даҳшатларидан, ёмон одамлар ҳам мавжуддигидан чалғитиб, аяб олиб ўтиш ниятида эдим. Дунёни кўзингга нашидали, сурурли, ҳамиша табассумли қилиб кўрсатмоқчи эдим. Тўғри яшаганларга тикон кирмайди, ҳаёт зарбалари уларни четлаб ўтади, деб ўйлардим. Йўқ, Аёвлигим, онанг қалбида ўзгача қийноқли изтироблар қонталашиб қолмаслиги учун сен ўша тиконларга, зарбаларга тайёр туришинг керак, ўзингнигина эмас, бошқаларни ҳам бу зарбалардан ҳимоя эта билишинг керак!
Бугун сенинг ёшинг ўн еттида! Бугун сен буларни билишинг керак!
– Раҳима опа, афтидан қизларимиз вояга етгани сари, ҳозирги парчадан кўриниб турибдики, уларни ҳаётнинг пасти-баландига, аччиқ-чучугига ҳам тайёрлаб бориш керак экан. Мана, неча йилдирки, «Ёшлик» радиостудиясининг «Камалак» радио журналига «Қайнона сабоқлари» саҳифасини тайёрлаб берасиз. Фикрингизни Рихсихон Иброҳимова тингловчиларга ғоят нафис қилиб етказадилар. Раҳима опа, мавзуларингизнинг чексизлиги, баъзида кишининг хаёлига келмаган гапларни ўртага ташлашингиз, аммо ҳар гал ҳам ҳар қандай муҳитдан яхшиликни кўзлаб чиқиб кетишга интилишингиз биз ёш журналистларни ҳам ҳайрон қолдиради, ҳам бизга сабоқ бўлади. Ёзиб берганларингиз ўз қизингиз, келинларингиз билан муносабатда бошингиздан кечирганларингизми ёки кузатувларингиз маҳсулими? Саволим қалтисроқ туйилган бўлса, жавоб бермаслигингиз ҳам мумкин. Сўраганимнинг боиси, аввало қизлар тарбияси, бўлажак келинлар тарбияси хусусида гап юритаяпмиз, қолаверса, ҳали айтганимдек, мавзуни жуда ўйлаб, изчиллик билан, ҳатто мен ёдингизга солмасимдан ҳам аввал етказиб беришингизга, бу ишга, яъни радионинг топшириғига ўта масъулият билан қараганингиздан мамнунлигимдир.
– Муқаддасхон, саволингиз сал қалтисроқлигини сезиб турибман. Айрим дугоналарим бу эшиттиришимиз боис (менку эфир ортидаман) Рихси опани «Республика қайнонаси» деб ҳам атай бошлашибди. Бунинг тагида озгина ҳазил, озгина фахр ҳам бор. Сиз ҳам ҳозир чамаси ўз уйингизда аҳвол қандай демоқчисиз. Аввало шуни айтиш керакки, ёшимиз, касбимиздан қатъи назар, ҳар биримиз ҳам шу жамиятнинг маҳсулимиз. Менинг қиз-келинларим ҳам «осмондан», «ўзга сайёралар»дан тайёр инсон, тайёр келин бўлиб тушишган эмас. Юртда бор маънавий таранглик, меҳр танқислиги бизда ҳам мавжудлигини ҳис қилиб тураман. Баъзан бу юрагимнинг оғриқ нуқталарига тегинади… Оллоҳдан ҳозир бағримни тўлдириб турганларнинг ҳаммаси ортимда қолишини, иймонли, яхшиларга эргашадиган солиҳ фарзандлар бўлишини илтижо қиламан. Уйи, бахти, оиласини маҳкам ушласин, деб сўрайман. Ақлим, қалбим етганича ҳаётдан олган сабоқларимни бошқалар, хусусан, сизнинг тингловчиларингиз билан ўртоқлашиш асло «ақл ўргатишга» кирмаса керак. Борингки, айрим мавзулар бошимдан ўтганининг ҳосиласи бўлса ҳам, бу «Сирни сиртга чиқариш эмас», аксинча ўзгалар салбийсини қайтармасинлар, ижобийсини эса илдиз олдирсинлар, деган яхши истак холос. Бу ижодкорларга хос фазилат-ку! Хусусан, ҳозирги мавзуйимизга қайтадиган бўлсак, ҳамма оналар ҳам қизини аяшни истайди. Уларнинг ҳаётда қаттиқ синовларга дуч келишинигина эмас, бармоқларига ҳатто зирапча киришини ҳам раво кўрмайдилар. Лекин Бедилни ўқишни қизларимизнинг ўзлари ўрганишлари керак. Қийинчиликларнинг ҳам ўзига яраша гашти, сурури, энг кераклиси, сабоғи бўлади. Оналар қизларига айтар сўзларида ҳаётдан ана шу сабоқни ола билишни ўргатишлари керак. Чунки… Чунки қиз – онанинг иккинчи «мен»и, иккинчи умри, юрагининг тубида пинҳон қолган армонларининг рўёси, ушалмаган орзуларининг ушалиши… Она қизининг қалбини шунинг учун ҳам авайлагиси келади. Бир вақтлардаги ўз қийноқларининг бирон чимдими унда қайтарилишини, ўз изтиробларининг анча енгил пардада бўлсин унда нола бўлиб эшитилишини истамайди.
– Бунинг учун назаримда қизларни, яъни ниҳолларимизни бошқа ерда тез илдиз олиб кетишга тайёрлаш керак. Лекин қандай қилиб?
– Муқаддасхон, бу борада ота-боболаримиз, оқила момоларимиз тутган йўл бизга қувват берсин. Улар «Қиз бола бировнинг хасми», деган гапни қизларининг этига жуда ёшлигиданоқ сингдириб боришган. «Бир жойга» боришга қизлар гўдаклигиданоқ тайёрланган. Ҳозир бу гапларни ёшларимиз ғурурини поймол қилиш деб тушунадиган кишилар ҳам кўп. Бу ҳам уйда олган тарбиянинг акс-садоси. Айрим хонадонларда қизларга доим «меҳмон» деб қаралади. Ота-онасиникида кўриб қолсин дейилади. Аёл ўзидан меҳр, шафқат, нур улашиши кераклигини унутишади. Ўзига нисбатан муттасил эътибор талаб қилиш билан ўсган қизлар биров билан бир бурда нонни, қўғирчоғини, кейинроқ меҳрини бўлашишга қодир бўлмай қоладилар. Бундайлар ҳаётда кўп қийналаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Ҳолбуки, қиз – она – буви – фидойиликдан, ўзини атрофидагиларга бахшида қилишдан иборат узун ва мураккаб йўлдир.
Бир ривоят эшитганим бор эди. Тангри Таоло Одам Ато билан Момо Ҳавони яратиб, уларга фазилат улашаётганида Одам Атога куч-қудрат, уддабуронлик, тадбиркорлик, шафқат бериб, Момо Ҳавога биргина калит берган эканлар. Азалу азалдан оналар, бувилар қизларимизга шу калит билан кишилар кўнглини олишни, бахт, осойишталик, файзу-барака ҳукм сурган хонадон эшигини очишни ўргатиб келишган. Шунинг учун ҳам бувиларнинг, оналарнинг қизларига айтар сўзлари кўп бўлади:
«… Билсанг эди, сенга айтар сўзим нақадар кўп! Булар – бошимдан кечганлар, дугоналаримдан эшитганларим, кўрганларим, одамлардан эшитган ривоятлар ва ҳикоятлар, қалбимни қачонлардир қуш мисол осмонга кўтариб, офтобда чўмилтирган, айрим пайтлар тубсиз жарга ирғитгандаги каби шувиллатиб, музлатган, кўп, ниҳоятда кўп ўйлатган воқеалар! Мен уларни билганимга қанча вақтлар ўтганидан қатъи назар, вақтики келиб сенга айтиб берарман деб бутун тафсилотлари биланда эслаб қолганман. Худди бугунгидек минглаб чақноқ юлдузлари қўл билан узгудек пастга тушган ойдинли тунлари сенла ёнма-ён ўтириб сирлашмоқни орзу қилган дамларим кўп бўлган. Ҳаёт, рўзғор, тирикчилик деб аталмишга асира бўлиб, бу орзуларим жуда кам ушалган…