Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ОДАМИЙЛИК – БУЮК ҚУДРАТ

Одамийлик, эзгуликнинг қудрати буюк, келин болам! Эзгулик ҳаммага, ҳар биримизга, ҳар дақиқада жуда керак. Бунга ўзингиз ҳам неча бор ишонч ҳосил қилгансиз. Қандай дейсизми? Эслаб кўринг, асослими-асоссизми, бировга қўполлик қилган, зардангиз қайнаган кунда кечгача таъбингиз хира бўлиб, ишингиз орқага кетавермаганмиди? Оддий, кунда бажариб юрган ишингизга ҳам уқувингиз етмагани ҳам рост-a? Зардангиз вулқони пасайгандан кейин ҳам талай пайтгача ичингизни алланарса кемиргани ҳам тўғри-а?

Фақат ана шу кайфиятда узоқ қолиб кетманг. Бундай қийноқли кайфият чангалидан чиқиб кетиш ҳам ўз қўлингизда. Ҳозиргина ўзингиз зарда қилган кишининг сизга қилган бирон бир яхшилигини эсланг. Балки ўзингиз ҳам унга неча бор яхшилик қилгандирсиз? Эсланг, ўша – унга яхшилик қилган дақиқаларингизда қалбингиз ҳозиргидек тош қотмай, аллақандай илиқликдан, сернурликдан яйраб кетмабмиди? Ўшанда шу киши сизга дунёдаги энг яқин кишингиз бўлиб кўринмабмиди? Эсланг, ўша куни нечоғли қанот қоқиб юргандингиз, кўзингиз чақноқ, билагингиз кучга тўлиқ, юзингиз файзли, қўйиб берса, тоғни талқон қилгудек қудрат бор эмасмиди вужудингизда?

Эсланг! Эслаганингиз сари чимирилган қошларингиз жойига туша бошлайди, оқаринқираб турган юзингизга қизиллик югуради, гезарган лабларингизда табассум пайдо бўлади.

Эсланг! Бу одам сизга яқин, қадрдон эди-ку! Сиз ҳам унга жуда қадрдон эдингиз-ку! Икковингизга боғлиқ бўлган яхшиликларни эсланг. Ичингизни кемираётган нарсани ҳайдашга, қалбингиздаги тошни эритишга, билагингизнинг яна кучга тўлишига фақат шу икковингизга боғлиқ яхшиликларни эслашингизгина ёрдам беради.

Сезаяпсизми, оёғингизнинг ўзи сизни ҳозиргина зарда қилиб келган кишингиз томон тортаяпти. Боринг! Балки ундан кечирим сўраш ҳам шарт эмасдир? Балки ундан ҳам ўтган бўлса, унинг ўзи ҳам қийналиб тургандир? Унинг ёнига борганингизнинг ўзи сизнинг олижаноб киши эканлигингиздан нишона!

Олижаноб кишилар қандай бўлади, деб сўраяпсиз-а, келин болам. Юқори даражада одобли, хулқ-атворли, одамгарчилиги баланд, асл кишиларни олижаноб кишилар дейилади. Яна олийҳиммат, юраги эзгуликка тўла кишилар ҳам шу тоифага кирадилар.

Биринчи қадамни қўйишингиз билан ана шундай яхши хислатлар эгаси эканлигингизни исбот қилган бўласиз. Бу қадам сизни ҳам, атрофдагиларни ҳам кўп ёмон нарсалардан асраб қолади. Одамийликнинг қудрати яратувчилик, бунёдкорликдир. Қаҳр, ғазаб, зарда эса томирларда, айниқса юрак ва мия қон томирларида соғлиққа ёмон таъсир қиладиган моддаларнинг йиғилишига, тўпланишига сабаб бўлади ва кишини ёмон ҳаракатларга ундайди.

Соат механизми қанча оддий бўлса, унинг умри шунча узоқ, хизмати ҳам шунча беминнат бўлади, деган гапни қаердадир ўқиган эдим. Инсонлар муносабати, муомаласи асосига ҳам биринчи галда одамийлик, эзгулик каби башариятнинг энг бирламчи ва оддий фазилатлари қўйилса, ҳаётдаги кўп мураккабликлар, зиддиятларнинг олди олинган бўларди, деган хулосага келаман. Хулоса ҳам фикрнинг ўзидек оддий. Аммо ота-боболаримиз ўзаро бир-бирини тушуниш, «умр – муроса демак» қабилида иш тутиш оқибатида кўп кўнгилсизликларнинг, зўриқиш ва зиддиятларнинг олдини олиб келганлари ҳақидаги ўй қалбимга илиқлик бағишлайди, уларнинг оддий буюклигига тасанно айтаман.

Кишининг хизмат қиладиган ери ҳам, ундаги кишиларнинг бир-бири билан муомаласи ҳам оиладагидек гап. У ерда оддий инсоний муносабат – бир-бирини хотиржам тинглаш, бирбирини тушунишга интилиш, бир-бирига яхшилик, эзгулик тилаш иқлими яратилмас экан, демак у ерда порох омборининг муҳити ҳукм суради.

Буюк одобимизга хос бўлган фазилатларимиздан бири – катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ҳам аслини олганда халқимизнинг одамийлигидан, қалбининг эзгуликка тўлиқлигидан нишондир.

Айрим вилоятларда кўрганим, халқимизга хос бир хислатни айтиб ўтмоқчиман. Тошкентда аллақачонлардан бери от минилмайди. Аммо қишлоқларда от миниб кетаётган ёшлар пиёда кетаётган кексаларга рўпара келишганда отдан, албатта, тушиб салом беришганини, ҳол-аҳвол сўрашиб, оғирини енгил қилишга тайёрликларини билдиришганини кўп кўрганман. Шу дамларда мўйсафиднинг кўзлари учқунланиб, атрофдаги ажинлардан нур бўлиб ёғилганини ҳам пайқаганман. Ҳа, нима десангиз-денгу, келин болам, аммо яхшилик қилиш, эзгулик исташ ҳаммага ҳамиша керак!

Эслаб кўринг, ҳаётингизда эзгу қалбли, олижаноб одамларни кўп учратганмисиз? Ҳеч ҳам учратмаган бўлишингиз мумкин эмас. Ўзингиз тахассуб қилишни истамаган, ўша кишига ўхшашни истамаган, у сизнинг қалбингизни илитгани каби сиз ҳам бировларнинг қалбини иситишни истамаган пайтингизнинг бўлмаганига ишонмайман. Яхши хислатли ёки серфарзанд, табаррук кишилар билан гаплашганда очиқ-ойдин «Сизга ўхшаб юрайлик!» демаган бўлсангиз ҳам, бошқалар шундай деганда, қалбан уларни қувватласангиз ҳам, бу сизнинг яхши одамларга ҳавасингиз борлигини билдиради. Агарки, сиз ўзингизни яхши одам деб ўйлаётган бўлсангиз, бу яхшилик сизга бошқа одамлардан ўтган. Эзгулик, олижаноблик шунақа «юқувчан» бўлади.

Агарки, умрингизда олижаноб биронта инсонни учратмаганман дейишда қатъий бўлсангиз, айб, аввало, ўзингизда эмасмикин? Одамлардан яхшилик кўрмаганингизнинг боиси, улардан фақат ёмон хислатларни қидираётганингиз эмасми? Донишманд халқимизда бир яхши ўгит бор: Бирон киши ҳақида яхши гап айтолмасанг, яхшиси индамай қўяқол! Бинобарин, бошлиғингиз ёки ҳамкасбларингиз сиз яхши таниган кишини асоссиз ёмонлашаётган, танқид қилишаётган бўлишса, улар сўзини тасдиқлашга шошилманг. Сиз ўша танишингизнинг яхши томонларини билсангиз, уни асоссиз ёмон отлиққа чиқараётганларга айтинг. Сизнинг шу сўзингиз билан улар ўз фикрини ўзгартиришса ажаб эмас. Демак, сиз одамийлик намунасини кўрсатдингиз, бир эзгу иш қилдингиз. Индамай кетишингиз эса бир чеккаси ўша танишингизга нисбатан сотқинлик бўлса, иккинчи томондан бу асло одамийлик, олижаноблик эмас.

Кишиларга эзгулик, табассум улашиш олижанобликдир. Ўз уйингизга, дўстингиз уйига ҳам табассум билан кириб борингки, атрофдагилар ҳам нурингиздан баҳра олсин. Табассум олижаноб, қалби эзгуликка тўлиқ кишиларнинг бош фазилатидир. Табассумлари билан улар яхши одамлар билан дийдорлашув қувончидан қалблари нурланиб кетаётганини изҳор қиладилар. Қалби кулиб тургувчининг қўли ҳам эзгу ишлар, хайрли ишлар қилишга тайёр туради, келин болам!

НОНУШТАНГИЗ ТАЙЁРМИ

Қайнона: – …Вой болажоним, Дурдонахон, саҳар-мардонлаб ошхонада нималар қиляпсиз? …Ҳали жуда вақтли-ку, болангиз билан ярим тунгача ухламадингиз, яна…

Келин : – …Ассалому алайкум, ойижон, яхши дам олдингизми? Кеча ўғлингиз бозордан ялпиздан тортиб отқулоққача олибдилар. Биласизку, кўк сомсани яхши кўрадилар. Шунинг учун эрталабки чойга янгилик қилиб кўк сомса пиширмоқчийдим…

Қайнона: – Ҳа… барака топинг, болам… Эрингизнинг ёқтирган таомини тайёрласангиз, сизга меҳри ошаверади. Келинг, мен ҳам қараб турмай, тезда бўламиз… Сизнинг ҳаракатларингизни кузатиб туриб, ўзимнинг келинлик даврим эсимга тушиб кетди. …Каттагина хонадонга келин бўлгандим. Нонуштага ҳамма баробар ўтирмасди. Қайним эрта саҳарлаб ишга жўнарди. Кетидан қайноғам шошилиб туришарди. Энг кейинда, ҳамма хизматга, ўқишга, боғчага кетиб бўлгач, кексалар – қайнотамлар билан қайнонамлар дастурхонга келишарди. Газ танқис пайти, самоварнинг чўғини ўчириб қўймай, суви парланиб кетмасин, деб эсим кетарди.

Шунақа урф эканми ёки оғир дамлармиди, ишқилиб дастурхонга эрталаб қанд, нон, мураббо, сарёғ қўйиларди.

Узум пишиғи пайтида ликопчада олтинранг узум ҳам қўярдим. Эрталабки дастурхон жуда чиройли бўлишини истардим. Қанийди, ҳамма бирдек баҳраси очилиб, раҳмат, келин, деб дуо қилса…

Катта бўлган уйимизда эрталабки нонуштага ойимлар кўпинча қуймоқ пиширардилар. Баъзан тухумларни тозалаб ювиб, самоварнинг қопқоғи тагига, кунгирали жойига қатор қилиб териб қўярдилар. То биз юз-қўлимизни ювиб келгунимизча тухумлар пишарди. Мактабдан қайтгунимизча тўқ юрардик. Сигир, эчкимиз бўлгани учун уйимиздан сут-қатиқ аримасди. Келин бўлиб тушган ҳовлида эса сигир-бузоқ, товуқ йўқ эди. Аммо эрталабки нонуштага ҳаммага ёқадиган таом пишириб, уларни хурсанд қилишни жуда истардим.

Келин: – Ойижон, нонуштага қандай иссиқ таомлар тайёрлардингиз? Ишқилиб, вақтни кўп олмасмиди? Ширин ва тез пишадиганлари бўлса айтинг… мен ҳам ўрганиб олай, майлими?…

Қайнона: – …Ҳа, болам айтаманда, ўрганганингиз – ўзингизники. Пиширганингизни дуо қилиб ҳаммамиз еймиз. Мен билан бирга ишлайдиган Мукамбар холангиз бор-ку, жуда пазанда аёлда. Шу холангиз янги келинлик даврида ўзи ҳам анча қийналганини айтиб, жуда жўяли маслаҳат берди. У ҳар куни эрталаб нонуштага, албатта, бирон бир иссиқ таом тайёрлар экан. Тушлик ёки кечки таомдан фарқи шундаки, эрталабки нонушта анча енгил таомларни талаб этади. Дугонам кунда нима пиширсам экан, деб ўйлаб ўтирмаслик учун ҳафтанинг етти кунига мослаб тахминий таомнома ҳам тузиб олибди. Дугонамнинг бир кун ширгуруч, бир кун қуймоқ (сизлар уни блинчик дейсизлар), бир кун оширилган хамир орасига гуручми, картошками солиб пирожки, яна бир кун холвайтар, бир кун қатлама, манний бўтқа, ҳатто айрим кунлари ярим косадан маъниликкина қилиб мастава ҳам қилиб бераркан.

Келин: – Ўҳ-ҳў… ойижон, бунинг учун яхшигина пазанда ҳам бўлиш керак-ку… Очиғи мен унчалик… билмайман-да, қўлимдан…

Қайнона: – Ҳа… Ҳа… қўлингиздан келади, болам… Ҳамма ҳам бирданига билмайди. Ўзим-чи, мен ҳам аста-секин ўрганганман. Ўқиш билан бўлиб, мени ҳам уйда қозон-товоққа унча солишмаганди. Ҳа, энди эзгуликнинг кечи йўқ, дедимда, дугонамнинг бошини қотирдим. Ҳаммасини ўрганиб олмагунимча тинчитмадим. Оқибатда, у ҳам хурсанд, мен ҳам хурсанд. Хурсандлигимнинг боиси, бу таомларга унча вақт кетмайди, масаллиқни ҳам меъёрида ишлатса бўларкан. Дейлик, эрталаб пирожки пиширмоқчи бўлсам, кечки овқатга икки-уч картошкани ортиқча солиб юбораман. Пишгандан кейин, совутгичга қўяман. Юмшоққина қилиб хамиртурушли хамир тайёрлаб, ўраб қўяман. Эрталабгача тобида ошади. Пишириш эрталабда чой қайнаб, ҳамма юз-қўлини ювиб келгунча бир пастда бўларди. Бошқасини қўйинг-ку, ярим соатга қолмай тайёр бўладиган мастава пиширганим, ҳаммаларига маъқул бўларди. Кексаларнинг дуосини айтмайсизми? Бориб-бориб Мукамбар холангиз рўйхатига ўзим ҳам қўшадиган бўлиб қолдим.

Келин: – Вой, қандай қилиб?..

Кайнона: – Бу, жуда оддий, келин болам! Дейлик, иккитагина тухумни яхшилаб ийлайман, бўлка нонни тилим-тилим қилиб, ийланган тухумдан ярим қошиқ суртаман-у ёғда жазбуз қилиб оламан. Қарабсизки, нонушта қуруқ нон-чойда эмас, биноий иссиқ нон-тухум билан ўтади, қоринни ҳам тўқ тутади. Яна… эрталабда шошилиб қолмаслик учун баъзида кечқурунлари нонушта ҳаракатини қилиб қўярдим. Ахир мен ҳам келинман, эрталаб ишим фақат нонушта тайёрлашгина эмас. Ҳовли супуриш, болаларни боғчага отлантириш, яна пардозандоз дегандай… Шунинг учун кечқурун олмадеккина хамир қориб, бир пиёла қийма тайёрлардим. Телевизор кўриб ўтирибми, кечки чой устидами майда қилиб чучвара тугиб, совутгичга қўйиб қўярдим. Эрталаб вақтли кетадиганларга лойиғини солиб берсам, шундай хурсанд бўлишардики… Шунақа, келин болам, эрталабда уйдагиларни нон-чой билангина эмас, озгина иссиқ енгил таом билан сийлаганга нима етсин! Майли, болам, вақтингизни олмай, мана гап билан бўлиб, тугиб ҳам қўйибмиз. Дарров пишириб ола қолинг, қолган гапни кейин давом эттирамиз…

Келин: – Хўп ойижон, ҳозир тайёр бўлади…

ЭРИ СЕВГАННИ ЭЛ ҲАМ СЕВАРКАН…

Ҳа, шунақа экан, келин болам!

Эскидан қолган гап бор: «Бировни кўриб фикр қиласан, бировни кўриб – шукр!»

Бугун мени маҳаллага, хотин-қизлар кенгашининг йиғилишига чақиришганидан хабарингиз бор. Кенгашда ўтирибману ҳам фикр қиламан денг, ҳам шукр!

Кўчамизнинг муюлишидаги хонадонга сиздан бир йил аввал келин бўлиб тушган дугонангиз Лобархон бор-ку? Бирга ўқигансизлар шекилли. Шу келин тушмагур эримдан ажрашаман, деб судга ариза берибди. Ҳа, ҳайрон бўлманг. Бир сиз эмас, ҳамма ҳайрон. Ҳатто эри ҳам, қайнона, қайнота ҳам хабарсиз экан бу савдолардан. Судья, ҳартугул аёл киши бўлиб, бамаъни экан, аввал оила билан танишай, у ёқ-бу ёқни яхшилаб ўрганай деб маҳаллага келибди. Кейин аризани судда кўриб чиқишга лойиқ эмас, деб маҳалла ҳукмига қўйибди. Бир ҳисобда тўғри қилибди, тўй кўпнинг маслаҳати билан бўлганидек, ажралиш ҳам кўпнинг муҳокамасига тушади-да.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деб тўғри айтишган экан, келин болам! Бугун ҳам биров у деди, биров бу деди. Ростини айтсам, кўпчилик келинни койиди. Енгилликда, тантиқликда айблашди. Турмушга тайёрланмаган деб онасига таъна тоши отишди. Кўпнинг олдида бош эгилишидан худонинг ўзи асрасин. Куёв томон андишадан бошини кўтаролмай ўтирди. Аксарият гапирганлар қизнинг онасига теккизиб-теккизиб гапиришди. «Ҳамма гап, ҳамма иллат – онада!» деб айтишди. Аммо қизнинг онаси Мавжудахон «Шармандага шаҳар кенг» дейдиганлардан экан шекилли, ҳеч кимга гап бермай, ҳаммани бир-бир мот қилишга уринди.

Нимасини айтасиз, гап кўп. Келин томоннинг қўяётган асосий айби куёв тез-тез янги кўйлаклар олиб бермас эмиш, зебзийнатлар билан сийламас эмиш. Келиннинг бирга ўқиган дугоналарининг ва қариндош-уруғларининг эрлари шундай қиларкан. Эрнинг қанчалик севиши олиб берган совға-саломининг салмоғига қараб билинади, деб она бўлмиш бидиллаб турибди денг. Ўқиган билан уқмаганда бу аёл, деб фикр қилдим. Шундай қудаларга йўлиқмаганимга шукр дедим. Аёл юртма-юрт юриб, мол олиб келиб, мол сотиб шишиниб кетибди. Ҳамма нарсани пул билан, мато билан ўлчаркан. Буни қизига ҳам юқтирибди.

Охирида куёвни эшитишди. Бола бечора ўтирган еридан сал туриб, дона-дона гапирди. Ўзини зўрға ушлаб тургани кўриниб турарди. Маҳалладаги кексаларга ҳурмати унинг кескин ҳаракатини тизгинлаб турарди.

– Суд агар хотинимнинг аризасини ўринсиз деб билган бўлса, менинг аризамни инобатга олар? Мана шу гаплардан кейин аризани мен ўзим беришга қарор қилдим. Кўриб турибсиз, мен бу ерда ота-онам билан ҳам, бошқалар билан ҳам маслаҳатлаша олмадим. Аммо назаримда, шунча гаплардан кейин Лобар билан яшаб кетишимиз қийин бўлса керак. Мен ҳаётимни ўқиган, тушунган қиз билан боғладим, турмушнинг пасти-баландини бирга ўтармиз, деб ўйлагандим. Бир-биримизга суянчиқ бўламиз, деб ишонардим. Кўриб турибсиз, бирон бир жиддий сабабсиз отам билан онамнинг бошини шунча одамнинг олдида эгиб қўйишди. Мен қандай қилиб уни умр йўлдошим деб айта оламан?..

Ажабо, унинг гапи қиз билан онасига қаттиқ таъсир қилди. Йигит чиқиб кетганидан кейин ҳозиргина қақиллаб турган қуда бўлмиш маҳалла аёлларини ўртага қўйиб, қудасига ялинишга тушди.

– Ҳаммасига сиз айбдорсиз, – деб йиғлаб юборди Лобархон онасига қараб. – Биб-бинойи юрувдим, ариза бериб нима қилардингиз тинч уйимни бузиб?

Шу вақтгача бир чеккада бошини эгиб ўтирган Сурайёхон кўзида ёши ғилтиллаб шундай деди:

– Шунча дардингиз бор экан дадангизга, менга, ўғлимга айтсангиз бўлмасмиди, Лобархон? Уйимиздагилар ориятли, қатъиятли одамлар эканини ҳали ҳам билиб олмадингизми? Эрини қўрқитиш учун ҳам ажрашаман, деб судга ариза берадими одам? Болангизнинг отаси тирик, онаси тирик туриб етим қолишидан қўрқмадингизми? Буларнинг тақдири нима бўлади энди?

Сурайёхон гапираяптию, ич-ичидан титраб кетаётгани билиниб турарди.

Э, келин болам, нимасини айтасиз? Қўшнимизга қараб биз ҳам эзилиб кетдик. Шу пайтгача бу хонадонда шунча дард бор экан-ку, биз бирон шарпасини ҳам билмаган эканмиз-да. Ҳамма ҳайрон. Чамаси йиғининг навбати энди қизнинг онаси Мавжудахонга келган эди:

– Ажралиш ниятимиз йўқ эди, қуда. Ариза берганимдан қизимнинг ҳам хабари йўқ эди. Ниятим бироз пўписа қилиш эди холос! – унинг гапини эшитиб кўпчилик бир сапчиб тушди. – Куёвимизнинг қизимни яхши кўришларини, қудаларимиз келин ва невараларини бошларига қўйишларини биламан. Ўзга юртларга юрадиган дугоналаримникида бошқачароқ эди. Шунга ҳавасим келиб, куёвимни «гаҳ» десам қўлимга қўнадиган қилиб олмоқчи эдим. Сафардан келганимда мени машина билан аэропортда кутиб оладиган, қизим эса олиб келган нарсаларимни сотадиган бўлса, менга ҳам, ўзларига ҳам фойда дегандим…

– Қизингизга яхши ақл ўргатмабсиз, қуда! Суд бирданига ажратиб юбормаслигига ақлингиз етган, албатта. Илгари ўйламаган бўлсангиз, энди ўйланг, қуда: ўзга юртлардан олиб келган қайси матойингиз невараларингизга ота, қизингизга эса эрлик қилади? Уларнинг кўнглини нима билан овлайсиз энди? – Сурайёхон тобора ўртаниб гапирарди. – Хонадонимиз эркаклари юрт қатори топиб, рўзғорини юритиб туришибди. Бировга оғирлигимиз тушганича йўқ эди. Қизингиз очман, яланғочман, деб бормагандир уйингизга? Ёки шундай қилдингизми, Лобархон? Шундай хонадонлар ҳам бор, лекин қизнинг онаси боласига сабрни ўргатади, ойнинг ўн беш куни қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ деб, қалбига умид учқунини солади. Эрингиз-ку мана шундай ишларингизга чидай олмай, этак қоқиб кетган хонадонингизга қизингиз қайтиб борса, қайси юрагингиз билан кўтарасиз бу номусли юкни, қуда?

Мавжудахон нимадир деб гапирмоқчи эди, гапи бўғзида қолди. Маҳалла оқсоқоли Солиҳ ака борларку, шу киши шартта сўзини бўлди:

– Маҳалламизга қиз берган қудаларнинг йигит томонни босиб олишга уринишини энди кўраяпман. Йигитимиз отасига ўхшаган ўқиган, андишали, мўмин бола. Кўзимиз ўнгида катта бўлган. Уйланиб, болали бўлгач ҳам бу хонадонни кўпга ўрнак қилиб кўрсатардик. Тўғри айтдингиз, опой, бу оила зиёли, маданиятли, диёнатли оила. Лекин уларни асло камбағал, фақир деб айта олмайсиз. Мана, қизингизни қаранг, кийиниши, кўриниши, невараларингизнинг яшноқлиги шундан далолат бериб турибди. Эри севганни эл ҳам севади, дейишади, опой! Шу пайтгача бу оиладан бирон бир садо чиқмагани учун аввало Сурайёхонни, қолаверса қизингизни ҳурмат қилардик. Ўйламай қилган бир иш билан уларнинг юзига қора суртмоқчи бўлдингиз. Қизингизни шу қилиғингиз билан эри меҳридан, эл ҳурматидан айирдингиз. Суд ҳам анойи эмас, албатта. Дарров ажратиб юбормаслигини билиб қилдим деяпсиз яна уялмай… Шу десангиз, бир нарсани ўйлаб қолдим: назаримда, битта осойишта, ҳалол оилани бузишга уринганингиз учун маҳалла энди сизнинг устингиздан ариза ёзса тўғри бўлар. Одам деган ҳар бир сўзи учун жавоб бериши керак-да! Қизингиз ҳам аризани сиз ёзганингизни айтиб йиғлаяпти. Бундай ҳолга мен шу ёшимда энди дуч келаяпман. Шуларнинг ҳаммасини эътиборга олиб, Сурайёхон, синглим, келинингизга эрининг, сизнинг, қайинотасининг дилини овлашига имкон берайлик. Оилангизнинг қандайлигини кеча қилган қудангиз эмас, биз яхши биламиз, бизнинг бошимизни эгиб қўйди қудам, деб ўйламанг. Икки бола ҳали ўзингиз айтгандай етим бўлмасин. Келинимиз ўз бахтини маҳкам ушласин, остонасининг поклиги учун курашсин. Ажаб эмас, эрининг ҳам, элнинг ҳам меҳрини қозонса яна…

Ҳа, келин болам, мана шунақа қизиқ ҳангомалар… Ишқилиб болагиналарнинг бахт қуши бу ҳангомалар зарбидан «пар-р!» этиб учиб кетган бўлмасин-да.

КЎЗИМ ЁШИ КАТТА ДАРЁДИР…
(акс садо)

Ростини айтиб қўя қолай, радио тинглайдиган одатим йўқ. Уйимизда радио ҳам йўқ шекилли. Онам олиб берган машинани ҳайдаганимда илгарилари унча-мунча «Машъал»ни эшитардим. Ҳозир яхши автомагнитофон қўйиб олганман. Тагида йигирматача диск бор. Шуларни қўйиб, эшитганимча, манзилга бориб қолганимни сезмай қоламан.

Ёш, келишган жувоннинг машина ҳайдашини, бармоғида калитларни ўйнатиб, ишга кириб кетишини кузатганлар ҳавас қилишини ҳам биламан. Лекин бу менга аввалларидагидек завқ бағишламайди. Негаки, турмушим бузилганини, машинани менга шунчаки эрмакка бойвачча онам олиб берганини қоровулдан тортиб, бинодагиларнинг ҳаммаси билади. Шунинг учун бошимда охирги пайтлар қуюндек айланиб, мени ўз гирдобига тортишга ҳаракат қилаётган фикрларимни ҳайдаш учунгина магнитофонни баланд қилиб юраман.

Бугун эса эрталабдан бу ҳувиллаган уйда бир ўзим нима қилишимни билмай, юрагимни тобора эгаллаб бораётган ғашликни йўқотиш учун магнитофоннинг радио тугмасини босиб юборибман.

Дам олиш куни эди. Онам, акам, келинойим яқин қариндошимизникига тўйга кетишган.

Одатим бўйича эринибгина нонушта қилдим. Уч-тўрт печенье билан аччиқ кофе ичдим.

Бўш қолсам видеомагнитофонни айлантириб ўтирардим. Бугун ҳам шу ният билан видеокассеталар турадиган жавонга қарадим. Тўйлар… Тўйлар… Синглимнинг тўйи, менинг тўйим, акамнинг тўйи туширилган кассеталар.

Одатда, укам прокатга кинофильмлар олиб келарди. Бу гал жавони бўш…

Тўй кассеталарини кўриб юрагим сиқилди. Яна эски – анчадан таниш бўлиб қолган ҳис қалбимни чирмаб олди. Миллий боғда уларни – Қодир акамни хотини ва ўғиллари билан бирга кўрганда ичимни ачиштириб ўтган туйғу яна дилимни чок-чок қила бошлади. Билмадим, нечанчи марта кассетани ёқиб юбориш учун қўлимга олдим-у қандайдир бир куч уни яна жойига қўйишга мажбур қилди. Бу қандай куч? Балки бизга бахт тилаб, тўйимизда қилинган дуолар, ҳеч бўлмаса шу кассетани асраяптимикин? Бу кассетани бизда ҳеч ким видеомагнитофонга қўйиб, томоша қилмайди. Лекин менинг тўйим туширилган кассетани ташлаб, яшириб, ёқиб юборишга ҳам ҳеч ким журъат этмайди, ҳеч кимнинг мажоли етмайди. Бутун оиламиз бўйнига осилган тавқи лаънатга ўхшайди у: унутиб бўлмайди, ташлаб қутулолмайсан ҳам…

Енгилроқ мусиқа эшитиб, кўнглимни ёзиш мақсадида магнитофон олдига келдим. Хорижий қўшиқчиларнинг бири ёзилган кассетани унга жойлаб, тугмани босдим. Қушиқ ўрнига таниш бир актрисанинг овози эшитилди. Беихтиёр, хаёл билан магнитофоннинг радио тугмасини босибман. Сизнинг «Оналик муборак, келин болам!» деган эшиттиришингиз кетаётган экан:

«Сизни она бўлишдек улуғ бир шарафга, мениким на ўлчаб, на тасвирлаб бўлмас саодатга етказган, янги меҳмон пойига пояндоз тўшаш бахтига мушарраф қилган Тангрига беадад шукр!..»

Бошқа тугмани босиб, овозингизни ўчиришимга нимадир ҳалал берди. Чамаси бу «нимадир» – тўй кассетамизни ёқиб юборишга ҳалал берадиган туйғуга яқин эди. Охиригача эшитдим…

Ажралишганимизга беш йил бўлган бўлса, беш йилда биринчи марта ўкраб-ўкраб йиғладим. Негаки, сизнинг овозингиз қулоғимга қайнона ойимларнинг овози бўлиб эшитилди.

Нега бу сўзларнинг чин юракдан чиқаётганига, уларнинг самимий эканлигига ишонмадим?! Нега ўша хонадоннинг ҳар бир кишисининг ҳар қандай хатти-ҳаракатидан ўзимга қаратилган ёмонликларни изладим? Нега келинликнинг қайнона ойим айтмоқчи авжи эркаланиб, яйраб юрадиган «асал даври»ни ўзимга заҳар-заққум қилдим? Нега? Нега? Нега?!

Охирги тўрт йил ичида ана шу «Нега?»лар ҳар куни миямни кемираяпти, ичимни емираяпти! Аммо жавоб йўқ! Бирдан бир тўғри жавоб – «Ҳаммасига ўзим айбдорман!» деган сўз дилда зардоб бўлиб ётипти-ю, тилга чиқмайди. Чиққани билан энди кеч. Қодир акам уйланиб, икки фарзандлик бўлдилар.

– Лобар қизим ерда кул босиб қоладиганлардан эмас, не-не бойваччалар рухсорига интизор! – деб башорат қилинган мен эса тобора сўлиб боряпман!

– Ўйлаб иш қилинг, Лобархон! – дегандилар қайнона ойим иш ажралишга бориб етганда. – «Юк кўтарган ютади», деган гап бор, қизим! Сизга ташлаб қўйган юкимиз ҳам йўқ. Бироқ вақти келиб, кўзингиз очилганида кеч бўладими, деб қўрқаман, – улар ниҳоятда ўртаниб гапирардилар. – Нима истаётганингизни, сизга нима кераклигини билмай аросатда кетаяпсиз. Оила, турмушнинг қадрига етадиган вақтингиз келди, эсҳушингизни йиғинг ахир! Эрингиз, бутун оиламизнинг меҳрига меҳр билан жавоб бермасангиз, бу меҳрларнинг уволи тутади, қизим!

– Кеч… Кеч… Кеч… – ичимдан чиққан ўкраш томоғимни бўғади. Кўзим ҳеч нарсани кўрмайди.

Вақтида эс-ҳушимни йиғганимда, «менга нима керак ўзи?!» деб ўзимни ўзим вақтида имтиҳон қила билганимда, шундай бахтсиз бўлмасдим! Одамлардан меҳрни очофатлик билан юлиб олавермай, ўзим ҳам меҳр улаша билганимда ҳозирги «…Оналик муборак бўлсин, келин болам! Авлодлар занжирини жисми бекам зурриёт билан улашлик улуғлиги, ўзидан яна бир ўзини яратиш қодирлигини туйиш ва бундан-да неча карра кўтарилиш муборак бўлсин!» каби сўзлар қайнона ойим тилларидан менга, фақат менгагина аталган бўларди.

Сиз мен энди ҳеч қачон туйишим мумкин бўлмаган туйғулар ҳақида оддий нарса ҳақида гапиргандек бир маромда гапирардингиз:

«… Бир она боласини дунёга келтирар, тириклигининг қуввати бўлган сути бирла уни тўйдирар, қучоғида ўстирар, суюкли юрак мевасининг роҳати учун ширин уйқудан, бутун тинчлигидан кечар. Унинг тарбияси-ю бахтли бўлуви учун чекмаган жафоси, қилмаган фидокорлиги қолмас. Тириклигининг сўнгги нафасига қадар уни севар…»

Буларнинг ҳеч бирига қодир эмасман! На меҳр улашишга, на фидойи бўлишга мени ўргатишмаган. Ўргатишмаган… Ўргатмоқчи бўлган кишиларни эса онам гапига кириб, мен менсимадим.

Катта бўлган муҳитимда эшикдан келган кишига эгнига қараб, сўзидаги мол-дунёнинг мавқеига қараб баҳо бериларди. Келин бўлиб тушган хонадоним эса бунинг тескариси эди.

«Тенг тенги билан…» Сен қандай қилиб ўз оламингдан тескари оламга тушиб қолдинг, дерсиз?

Мен ўқиётган институтда қайнонамнинг яқин дугоналари ишларди. Шу аёлдан ўғиллари Қодир акамга муносиб қиз тавсия қилишни сўрабдилар. Тақдир чекларига мени рўбарў қилибди. У аёл бизнинг уй муҳитимизни билмасди. Одамлар кўзида эса мен бошқа турлук эдим…

Хуллас, кўп ўтмай тўй бўлди. Унинг қандай чиройли ўтгани, каминанинг нақадар файзли келин бўлганлари, қайнонам ёзган пояндоздан у кишининг ёнидан маликалардек гердайиб ўтганларим ҳалиги видеокассетада тасвирланган.

– Биринчи таъзимингизни ойимларга берсангиз хурсанд бўлардим, – дегандилар ўшанда Қодир акам.

Мен ўзимни эшитмаганга олдим. Онамнинг:

– Жиловингни дарров эрингга, қайнонангга бериб қўйма! – деган гаплари эса қулоғимга қўрғошиндек қуйилиб қолди.

Шу эгилмаганимча эгилмай, мана беш йилдан бери ўз уйимдаман.

Онам дастлабки ойлар:

– Ҳозир авжи ўйнаб-куладиган, яйраб оладиган вақтларинг. Ота-она бўлиш қочмас, улгурасизлар! – дердилар.

Фарзандлик бўлмасликнинг минг бир чораларини менда синаб кўрдилар чоғи. Қайнонам эса аксинча, невара кўришни жуда орзу қилардилар.

Онам:

– Катта еб, катта ичиб, яхши кийиниб ўргангансан. Интелегент оила экан, ойликка қараб яшаб бўлмайди ҳозир. Эринг ишини ташлаб, тижорат билан шуғулланса бўларди. Мен билан бир-икки Дубайга бориб келсин. Пул топишни ўргатаман! – дердилар.

Қайнотам билан қайнонам эса бунинг аксини сўзлашарди:

– Кўп ёшлар қўл қўйиб оладиган ойликка қаноат қилмай, ўзини бозор-ўчарга уриб кетаяпти. Ана шу кайфиятга берилиб кетманглар. Эндигина иш бошладинглар. Нима қилиб бўлса ҳам касбингизни, малакангизни оширишга ҳаракат қилинглар. Рўзғор ташвишини қилишга сизларга ҳали эрта. Кийимларингиз ҳам етарли. Замонасига яраша тил ўрганинглар, ўз соҳангизни пухта эгаллаб олинглар…

Хуллас, шунга ўхшаш гаплар. Мен бу гапларни аранг эшитардим.

Қайинсинглим Наргизахон уйга жуда кам келарди. Қайнонамнинг унга айтадиган насиҳатлари ҳам доим энсамни қотирарди. Уйидагиларнинг ҳоли-аҳволини обдон суриштириб бўлгач, қайнонам кўпинча шундай дердилар:

– Ойинг жуда бамаъни аёллар. Бувинг-ку фариштадеклар. Ишқилиб, шуларнинг кўнглига қара, дуосини ол. Даданг ишдан келганларида дарров қўлларидагини олиб, бир пиёла чой бер. Куёвимнинг кўнглини ол. Ҳуда-беҳудага уйга бораман, деб уларни хит қилма, болам! Ўз уйингдан тин. Худога шукр, яхши ўтирибмиз. Келинойиларинг қарашиб туришибди.

Кўпинча Наргизани куёв эрталаб ишга кетаётганида ўғли билан қўйиб кетарди. Ишдан чиққач келиб, бирон фурсат меҳмон бўлиб, кейин олиб кетарди. Куёв кутиладиган кун қайнонам тиним билмасди. Наргизанинг ўзи ҳам онасини аяб, қараб турмас, пешинга қолмай тансиқ овқатлар, сомсалар, турли салатлар тайёр бўларди. Қайнонам бирон марта бўлсин:

– Эртага қайинсинглингиз билан куёвимиз келишаркан, тадоригингизни кўринг, – демасдилар. Қайинсинглим келса, менга қайтага мазза – уйларимизни ярақлатиб, яхши таомлар пишириб бериб кетарди. Гўё бу уйда мен эмас, у келиндек. Аммо бирон марта юзимга солган эмас.

Бир куни Наргизахон шу томонларга иши тушиб, бирров хабар олгани кирганида мен ҳам уйда эдим. Унинг бу ерга келганидан уйидагилар хабарсизлигини билган қайнонам шундай деганини ўзим эшитдим:

– Чакки қилибсиз, қизим! Сўрамай, хабардор қилмай бирон ерга борманг! Уйингиздагилар хавотир бўлишади. Қолаверса, муомалага ёлғон аралашмасин. Қудалар ўртасидаги парда кўтарилмасин, болам! Уйга бораман десангиз, бирон марта йўқ дейишмайди. Ўзлари машинада олиб келиб, олиб кетишади. Иззатингизнинг қадрига етинг. Бугунгига ўхшаш ҳоллар бўлганда «Йўлим тушса, бирровгина уйдан хабар олиб чиқсам майлими?» деб сўрасангиз, қайтага хурсанд бўлишади. Қизларнинг турмушига кўпинча мана шундай яшириқча юришлар совуқчилик туширади. Оқибатда, келин сутни оқ деса, қайнона ҳам, эр ҳам ишонмайдиган бўлиб қолади…

Қайнона ойим болаларини койиган, диллари ранжиган пайтда «сиз»лаб гапиришларини шунда билдим. Бу ҳаммаларига калтакдан ҳам, уриб-сўкишдан ҳам қаттиқроқ таъсир қиларди.

Ўша куни Наргизани изига қайтариб юбордилар. Бечора хомуш бўлди-ю, онасига индамай кетди.

Шундай гапларни эшитганда баъзида юрагим орқамга тортиб кетарди. Наҳотки менинг ҳафтасига уч-тўрт кунлаб дарсни ташлаб уйимга бориб, ойим билан валақлашиб ўтиришимдан хабардор бўлсалар? Наҳотки мен борадиган кунлар келинойимни ишдан олиб қолиб, менга хизмат қилишга мажбур этишларидан, акам бечора ишини ташлаб бозор қилиб келишидан хабардор бўлсалар?! Менга теккизиб гапираяптилармикин?

Хуллас, кўриб турибсизки, бу икки хонадондаги муҳит худди икки қутб муҳитига ўхшаш ҳар хил эди.

Ҳомиладор бўлганимда ўз туққан онам қанча жеркиб, уришган бўлса, қайнонам шунча кўп севиндилар. Қодир акамнинг ҳам оғзи қулоғида.

Кечқурунлари Қодир акам ишдан келгач, қайнонамнинг маслаҳати билан Тошкентнинг гўзал жойларига сайрга чиқамиз.

– Руҳингизни тинч, яхши мувозанатда ушланг. Яхши нарсалар ҳақида кўпроқ ўйланг, – дердилар қайнонам.

Бу сайллар мен учун маза эди. Қодир акамга истаган нарсамни олдираман. Гўё мен ҳомиладор бўлиб, у кишини ўзимга тобе қилиб қўйгандек. Пули бор-йўқлиги билан ишим бўлмасди. Бир ходим ойлиги билан тенг стипендиямни бермасдим. Кунда бу сайллар, қолаверса институтда ҳушимга келганини олиб ейиш учун, йўлкира учун пул сўрардим. Ўртоқларимнинг эрини, ҳомиладор хотинига олиб бераётган нарсасини бирига ўнни қўшиб, менга ҳам олиб беришни талаб қилардим.

Баъзида Қодир акам чақимчилик қилмаяптими, деб пойлоқчилик қилардим. Балконда сўзлашиб ўтиришса, парда орқасидан тўрт оёқлаб эмаклаб бориб, қулоқ солардим. Йўқ, гап мен ҳақимда бўлмасди. Умумий гаплар. Нега, нега мен ҳақимда, менинг ҳусним, «каттаконларнинг боласи ўқийдиган жойда» ўқишим, онам қилган импорт сарполар ҳақида гапиришмайди?! Нега қойил қолганликларини билдиришмайди?

Мен шунга ҳайрон эдим. Ўз уйимизда суҳбат мавзуси фақат шулар ҳақида бўларди. Фалончининг қизига қилган гарнитури, зеб-зийнати, тақинчоқлари бир-бир муҳокама этиларди. Ойим бирон ерга тўйга бориб келсалар, кейин икки соат ўша тўйга кимнинг нима кийиб боргани-ю, кимнинг олдига нима қўйилгани ҳақида гап бўларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации