Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 34 страниц)
Дадангиз ҳам, мен ҳам ёнимизда керагидан ортиқ пул олиб юрмаганмиз. Пулимиз, яъни ойлигимиз уйда, тайинли, ҳаммамиз биладиган жойда турарди. Болаларга у-бу керак бўлса, ҳеч қачон қўлига санаб берган эмасмиз. Ўзлари ўша жойдан олиб, қайтимини яна жойига қўйиб, бизга нима ва қанчага олишганини айтишарди. Шундай иш тутишимиз мени ҳам, биз уйда йўғимизда болаларни ҳам вақти-бемаҳал таниш-нотанишлардан қарз сўраш хижолатидан озод этган.
Сиз ҳам шундай қилинг, келин болам. Қолаверса, дафтар тутиб, рўзғор юритишингизни таҳлил қилиб туришингиз, одамни сабр-қаноатли бўлишга, керак бўлса ўз эҳтиёжларини тизгинлашга ҳам ўргатади. Ахир орзу-ҳавас, хархашалар ҳам аввало топишга, даромадга қараб бўлиши керак-ку. Режадан чиқиб, қарзга ботаётганда киши улардан узилиш йўлларини олдиндан билиши керак.
Илоҳим, рўзғорингиздан барака аримасин, «оила бюджети» турадиган жойингиз ойлик кунлари ҳам бўш қолмасин. Даромадингиз харажатларингиздан ҳамиша ортиқ бўлиб, «оилавий захира»нгиз тобора тўлиб бораверсин!
Кир ювиш ҳам санъат
– Бир ками энди кир ювиш ҳақида сўз юритиш қолувмиди, ойижон, – деманг, келин болам.
Шошилманг, мен ҳам аввалига бу мавзуни жўн ўйлаб эдим. Гап сиз ҳақингизда кетаётгани йўқ, шунинг учун ўзингизга олманг. Аммо бу мавзу хусусида сўзлашиш лозим экан.
Шифохонада ётганимда ҳамхона бўлган ўқитувчи аёлга кўзингиз тушган эди-а? Ана шу аёл бизга шундай ҳикоя қилган эди:
«Сиринг кўчага чиқсин десанг – келин қил», деганларида маъно кўп экан. Бу мақолни мен ҳам бир кекса аёлдан эшитган эдим. Балки бу мақол эмас, ўша кекса аёлнинг ҳаёт, турмушдан чиқарган лўнда хулосасидир. Лекин бу менга бошқа бир ҳаётий хулоса чиқаришимга ёрдам берди. Келинликни Бедилни ўқишдек мураккаб дейишади. Қайноналик ҳам бир зўр мактаб, қайноналикни ҳам чидаганга чиқарган экан. Айланай, келин қилгач, ишим ўн чандон ортди. Кир ювса, ўзига сездирмай қайта ювдим – чала ювганини билдирмадим. Овқатдан сўнг қозон-товоқ ювиш ҳам менинг бўйнимда бўлди. Боринг-чи, келинимдан ҳасрат қилай десам, авваламбор оғзимнинг қўли тегмади, қолаверса, сиримнинг сиртга чиқиш дарчасини ўз қўлим билан очиб беришни истамадим. Охири педагогикада жуда камдан-кам қўлланиладиган усулга ўтиб, бошқача иш тутишга мажбур бўлдим. Бир куни келиним кирини ёйган дор тагига ариқ қазиб, унга узун плёнка ётқиздим. Сунъий ариқча пайдо бўлди. Келин ёйган кирдан тушаётган мағзавани шу ариқчага йиғиб қўйдим. Бир ухлаб турганидан кейин кўзини каттароқ очишни илтимос қилдим-да ўзига кўрсатдим.
– Болам кирни тоза ювинг, совун ҳиди, эски кирлар ҳиди қоляпти, одамнинг кўнгли тортмайди бундай энгилни кийишга ҳам, бундай ўринда ётишга ҳам, – деганларимда неча бор гап қайтариб, тоза ювиши, тоза чайишига қасам ҳам ичарди-да. Бу гал ҳар тугул индамади.
Бошқа бир куни ишдан келсам, идиш-идишда, товоқ-товоқда, пешинда ёзилган дастурхон устида мусичалар ку-кулаб увоғ териб, косадаги овқат юқларини чўқилаб юрибди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, овқат еб бўлгач, дастурхонни йиғиб, идиш-товоқни ювиб қўйинг, деб минг марта айтаман, қулоғига олмагач, ўзим қиламан. Лекин ўша куни ишдан чарчаб келдимми ёки бошқаларнинг келинларига ҳавас қилдимми, ишқилиб юрагим сиқилиб кетди. Ҳаммасини йиғиб, ҳовлига қараб улоқтирдим. Чирк бўлиб кетган қозон билан ювиқсиз косаларни тахладим. Қайнонаси, ҳадемай эркаклар ҳам ишдан келадиган пайтда донг қотиб ухлаб ётган келин хосхонасига олиб кириб, кўзгуси олдидаги пардоз анжомлари олдига «ясатиб» қўйдим. Вой, кулманглар, айланайлар, сизлар куляпсиз-у, менинг ўша пайтдаги ҳолатимни бир тасаввур қилинглар…
Нимасини айтасиз, шундан кейингина кир тоза ювиладиган, озгина ҳафсала билан дазмолланадиган, қозон-товоқ ювиқсиз қолмайдиган, кеча куйдириб берганим қозон сув тагида қолиб кетавериб, бир ҳафтада яна асли ҳолига қайтмайдиган бўлди…
Сизларнинг кўзингизга жуда золим қайнона бўлиб кўринаётган бўлсам керак-а? Шунчаликка етгунича айтсангиз бўлмасмиди деяётгандирсиз?
Айтганда қандоқ, овсинжонлар! Аммо қулоғига олмаса нима қилай? Икки ойлик эмас, икки йиллик келин-а! Онасиникида ўрганиб келмаган бўлса, зеҳн солиб, билмаганини сўраб, айтганни қилиб аллақачон ўрганиб кетиши мумкин бўлган мухлат бу. Бошқа томонларни қўяверай, лекин қайнона ойимлар кир ювишни хам бир санъат дердилар…
Ҳамхона аёлнинг гаплари ҳаммамизни анча ўйлантириб қўйди. Лекин гапида жон бор, келин болам! Ҳақиқатда ҳам кир ювиш билган одамга бир санъат! Уни идрок билан, уқув билан ўрганган келин ораста номини олиши турган гап.
Ҳойнаҳой ичингизда «Мен тўғри юваяпманми, ойижон?»деб сўрагингиз келиб тургандир? Анча дуруст иш қиласиз, масалан, сочиқни кўйлак-шимларга, боланинг эгнини катталар кирига аралаштирмайсиз. Бу – яхши. Менга қолса, аввало кир тўплайдиган одатни йўқотиш керак.
Алмаштиришга энгил-бош ҳам, ўрин-бош анжомлари ҳам, сочиқлар ҳам етарли-ку деб, тушган кирни тоғорага босиб, унниқтириб, моғор бостириб, ойда икки марта кир ювишга одатланмаслик керак. Ўн беш кун тоғорада ётган кирнинг ҳам эгасига зарда қилгандек ювилиши, тоза бўлиши анча қийин. Пеш тушган кирни пеш ювиб, дазмоллаб жойига қўйсангиз, ўзингизнинг дилингиз равшан тортади. Керак пайтида қидириб, диққат бўлиб, шошиб қолмайсиз.
Борди-ю бирон сабаб бўлиб, кирингиз йиғилиб, ювилмай қолса, бир бошдан уларни сархиллаб олинг. Дастурхонларни алоҳида ажратиб олиб, уларни биринчи навбатда ювинг. Кейинги навбатда кир машинага ўринбош ғилофларини, чойшабларни солинг. Эркакларнинг оқ кўйлакларини машинада ювмаганингиз маъқул. Чунки аксарият уларнинг ёқалари ва енг учлари кир бўлади. Бундай кўйлакларни тоғорага озгина порошок солиб, 10-15 дақиқа ивитиб қўйинг. Кейин ёқа ва енгларини тозалаб ишқаб, ҳаммасини бир-икки мижиғлаб олсангиз топ-тоза бўлади.
Эсингизда бўлсин, юз-қўл артадиган сочиқларни алоҳида ювганингиз маъқул. Машина айланганида улардан майда оқ иплар-толачалар ажралиб чиқади. Сувим ҳали тозаку деб, сочиқлардан кейин солган нарса тоза бўлади-ю лекин бояги ажралган оқ толачалар уларга илашиб, кейин сизга иш кўпаяди.
Кир ювиш ва чайиш жараёнида кирларни рангига қараб ажратиб олишга аҳамият бермасангиз, бирининг ранги бирига ўтиб, тузатиб бўлмас хатога йўл қўясиз. Шу тариқа биридан бирига ўтган рангни кетказиш амримаҳол.
Бувим раҳматли доим кир ювишда энг муҳими – уни тоза чайиш деб таъкидлагувчи эдилар. Шунинг учун ювган кирингизни қайта-қайта чайишга, сув ўтиши қийин бўлган нозик ерларини ағдариб, ишқалаб-ишқалаб чайишга одатланинг. Совун ва кукунли совун ҳиди тамом кетсин, ёйганингизда бояги келинникига ўхшаб мағзава эмас, тоза сув оқиб турсин. Одатда, тоза сиқилган кирдан сув оқмайди. Кучингиз етмай чалароқ сиқсангиз ҳам, тоза чайилган кир сизга панд бермайди.
Энди кир ёйиш «санъатига» ҳам пича тўхталиб ўтайлик. Санъат деганимга мийиғингизда кулиб қўяпсиз-а. Лекин сирасини айтсам, келин болам, кир ювгувчининг бутун меҳнатини дор намойиш қилишини унутманг. «Шундай ҳам қурийверади», деб кирни шунчаки дорга ташлаб қўймайдилар. Катта-кичиклигига, рангига, хилига қараб текислаб, қоқиб ёйилган кир эгасининг ниҳоятда дидли ва орасталигини намоён этади.
Баланд қават уйда яшаганимиз учун кўпчиликнинг катта кирларини пастга, махсус ажратилган ердаги устунларга тортилган дорга илганини кўп кўрганман. Баъзида шундай санъаткорона ёйилган кирларни кўриб баҳри-дилинг очилади. Кексаларимиз:
– Илоҳим, фалокатинг арисин, тоза дилингдан топ! – деб дуо қилишади.
Дорга ёйилган кир билан кир ювгувчининг диди орасидаги муштараклик кўзга дарров ташланганини қаранг! Айниқса, болаларнинг пайпоқли иштонлари, кўйлакчаларининг дорга пала-партиш ташлаб қўйилиши жуда хунук кўринади.
Бир текис, чоклари текислаб осилган кирни қуриганида йиғиб олиш, ўрни-ўрнига тахлаш ҳам осон. Қолаверса, дазмол босиш жараёнида қилинадиган ишларнинг ярмини бажариб бўлдим, деяверинг. Шундай, келин болам, илоҳим сизни ҳам дуо қилиб юришсин!
Эшикли уй
Болалигим урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келган, келин болам! Ҳозир невараларим ўйнаётган турфа ўйинчоқлар қаёқда дейсиз? Бўйранинг чўпидан бинойи қўғирчоқлар ясаб, безардик. Тол баргагидан соч попуклар тақардик. Ишқилиб, болалик дунёйимизни қўлдан келганча бойитардик-да!
Аммо гап бу ҳақида эмас, келин болам. Мен ўшандай оғир пайтларда ҳам ойимларнинг (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) меҳмоннинг қадр-қимматини жойига қўйиб кутишлари тўғрисида сўзлаб бермоқчийдим.
Уйимизда кичкина хонадаги қутидан бўлак бошқа нарсага қулф тушмасди. Ҳойнаҳой, унда нима бор эди, деб сўрарсиз? Сизнинг бутун деворни эгаллаган катта ишкопингизнинг «бар» деб аталувчи хонасидаги каби меҳмонга аталган нарсалар-да, келин болам!
Унда ҳамиша уч-тўрт ликопчада қанд-қурс, ёнғоқ-майиз, қопқоқли шиша идишларда мураббо, қиёмлар турарди.
Шу хонадонда олти бола катта бўлдик, аммо ҳеч биримиз бу қутидагиларни олишга журъат этмасдик. Ундагилар меҳмон учун аталганини билардик. Ойимлар:
– Эшикли уй, битта-яримта келиб қолса, яна уялиб қолмайлик, – дердилар.
Ўша қутидаги қулф ҳам «хўжакўрсинга», шунчаки осиб қўйилганини кейин билдик. Ойимларнинг «Уялиб қолмайлик яна!» – деганлари боис, ҳеч биримиз унга тегмасдик-да! Меҳмон ким бўлишидан қатьи назар энг улуғ киши эканини ойим бизга шу тариқа англатиб борганлар.
Бу мавзуда сўз юритаётганимга ҳайрон бўлаяпсиз. Ҳатто сезиб турибман:
– Ойижон, мен ҳам болаларга айтаман-ку! – демоқчисиз.
Лекин…
Сизларникидан кичик ўғлимникига, овсинингизникига кетганимга ҳали икки ҳафта бўлгани йўқ-а. Ўшанда зимдан кўриб турувдим, ўғлим – эрингиз бозор қилиб чиқди. Ҳўл мевалардан ташқари анча-мунча писта-бодом, майиз, ёнғоқлар олиб келди. Ахир ўзингиз уни шундай қилишга ундадингиз:
– Ойимлар бизникида меҳмонлар, дадаси, дастурхон қуруқ турмасин! – деганингизни ўзим эшитгандим.
Ичимда севиндим ҳам. Севинганимнинг боиси, ўғлимнинг мени деб анча харид қилгани учун эмас. «Эшикли уй… Биров келиб қолса», – дедим-да, келин болам.
Дарҳақиқат, ўшанда яқин қўни-қўшнилар чиқиб туришди. Айрим ўзим тенги қадрдонлар ишга кетганингизда зерикмасинлар деб суҳбатлашиб ўтиришди. Ўғлим олиб келган ўша қанд-қурсларни қўйиб, чой ичиб ўтирдик.
Бугун келишим билан тўғридаги қўшнингиз Зарифанинг қайнона ойилари чиқдилар. Чой қўйдим… Дастурхон ёзиб, нон келтирдим. «Бар»ингизни очиб, не кўз билан кўрайки, аввал тўлиб турган биллур идишларнинг кўпи бўш! Бир-иккисининг тубида жиндек-жиндек майиз, ёнғоқ турибди, холос.
Меҳмонга хижолатлигимни сездирмасдан, овсинингиз бериб юборган қатлама-сомсаларни ўртага қўйдим. Пиёлаларига ёнғоқдек новвот солиб бердим. У ёқ-бу ёқдан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Чой ҳали совиганича йўқ келинг, сиз ҳам бир пиёла ичинг, келин болам!
Қадимгиларнинг меҳмонхонаси токчасидаги патнисда ширинликлар устига сочиқ ёпилганча, доим тайёр турарди. Меҳмон келди дегунча, дастурхон ёзилиб, нон ва тайёр патнис қўйилиб, чой бериларди. Сизлар энди биллур идишларда, замонасига ярашиқ мана бундай сервантларда сақлайсиз. Аммо қаерда сақлашингиздан қатъи назар, меҳмонники ҳамиша бежоғлиқ турсин.
Болалар еб қўйишди ёки «бизникига кунда меҳмон келаётибдими», деган баҳоналар ўринли эмас. Эшикли уй дейдилар буни, келин болам. Қолаверса, болалар ёшлик чоғиданоқ уйига меҳмон келганда энг яхши нарсалар билан сийланишини билишсин. Янги бўлмаса ҳам тоза дастурхон ёзиш, тахмондан бошқа кўрпача олиб солиш, қўлига сув қуйиб, сочиқ тутиш кераклигига кўникма ҳосил қилишсин.
Бозор қилиб чиққандан кейин биллур идишларингизни мева, писта-бодом, ёнғоқ новвот билан тўлдириб:
– Буларни меҳмонларга олиб қўямиз-а, болалар, ўзингиз меҳмон олдига қўйиб хурсанд қиласизлар, – десангиз, биламан, болаларингиз тегишмайди. Бугунгидек идишларни бўшатиб қўйишмайди.
Уларни ҳам меҳмон келганда дастурхон тўкинлигини кўриб, севинишга ўргатинг, келин болам!
Тўкин дастурхон эвида бўлса, исрофгарчиликни англатмайди. Бу кўнгли кенглик, қўли очиқлик, сердастурхонлик аломатидир. Бу энг муҳими, одамни қадрлаш, бошқани ўзингдай, ҳатто ўзингдан юксак билиш, кишининг ҳурматини жойига қўйиш демакдир. Бу инсонга ўзлигини танитиш, ўзига ҳурмат туйғусининг турғун бўлиб қолишига кўмаклашиш демак.
Бундай қараганда, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш, меҳмонга борганда эъзоз кўриш ҳам бу дунёнинг зийнати. Меҳмондўстликнинг маданий-маънавий, тарбиявий аҳамиятининг катталиги ҳам шунда. Болаларимизга ўзбекона инсонга ҳурматни сингдириб боришда, салом-алик, муомала маданиятини ўргатишда меҳмон кутиш ва меҳмонга бориш катта ҳаётий сабоқ вазифасини ўтайди.
Қолаверса, меҳмонга бориш, меҳмон кутиш билан болалар «кўпга», «маъракага» олиб кирилади. Давра одоби, жамоатда ўзини тутиш, маъракада ўтириб-туриш ўргатилади. Буларнинг ҳаммасини болалар аввал уйда кўришлари керак. Шунда эшикли уйингиз «дастурхонли уй», «меҳмондўст уй» деган номни олади, келин болам. Ҳа, шундай булсин!
Қиш тадориги – ёзда
Ҳаммасини эшитдим, келин болам. Қишга деб тайёрлаган ўрик компотларингиз уч кун ўтмай ҳаммаси пақ-пақ отибди. Мураббойингизга разм солсам, суви тагига чўкиб турибди. Демак, у ҳам ачийди. Маромига етказиб қайнатилмаса, шундай бўлади. Айрим қайноналарга ўхшаб «эсиз, шунча шакар, шунча мева увол бўлибди», деб уришсам ўринсиз. Аввало вақт ўтмасин деб, менинг касалхонадалигимда қишга шарбатлар, ҳовлимизда пишиб етилиб турган ўрикдан мурабболар тайёрлашга уринганингизнинг ўзи яхши. Қолаверса, ҳар йили ёшларга ишонмай бу нарсаларни ўзим бажариб ўргатиб қўйганим, чакки бўлибди. Келинларни ёш болали деб аярдим-да. Келинг, энди овсинингизни ҳам чақиринг, биргалашиб тайёрлаб олайлик. «Қиш тадоригини ёзда кўриш керак», деган гап бор. Чилла ўтмасин, ҳали ҳам вақт ғанимат.
Аввало шиша банкаларнинг ҳаммасини тозалаб ювайлик. Бунинг учун хабарингиз бор, фақат шу банкаларни ювишга тайёрлаб қўйган оқ сурп латта бор. Зеҳнингизни солган бўлсангиз, банкаларни хўллаб ўша сурп сочиққа кир совун суриб, банканинг ичи-ташини тозалаб ювардим. Кейин аввал совун теккан қўлимни билагимгача тозалаб ювиб, сўнгра банкаларни ҳам тозалаб қайта-қайта чаярдим. Шу ишни энди сиз қилинг. Ювилган банкаларни дастурхонча (тоза ювилган) устига тўнтариб қўямиз. Бошқаларини ювгунча, тоза банкаларни газ устидаги чойгумга (қасқонга) оғзини пастга қаратиб парлатиб олса ҳам бўлади. Парланган билан парланмаган банкалар адашиб кетмасин учун парланганларининг оғзини тепага қилиб қўйинг. Бу – аввалроқ ювиб, тоза дастурхон устига қуритиб қўйган меваларимизни мўлжаллаб, уларга солиш учун ҳам қулай.
Қаранг, олчамиз сероброқ, ўригимиз озроқ, олхўри ва олма ҳам етарли экан. Косани тўлдириброқ олча солинг, 8-10 та ўрик, тахминан шунчадан олхўри, 4-6 та олма солинг. Энди навбат шакарга келди. Тўғри айтдингиз, келин болам, шакар қиммат ва танқис бўлгани учун ўтган йилдагидан сал камроқ соламиз. Уч литрли банкаларга 5 ош қошиғида шакар солсак, етарли бўлади, деб ўйлайман. Гилос пишиғида тайёрлаган гилос шарбатларига, эсингизда бўлса, зеҳн солган бўлсангиз 3 ош қошиқдан шакар солгандим. Гилос олчадан ширинроқ бўлгани учун етарли бўлди. Шарбат жуда нордон бўлмасин учун бу гал 5 ош қошиқдан шакар соламиз. Энди навбат қайнаган сувга келди. Чунки банкаларни парлаб бўлдик, меваларни, шакарни солиб чиқдик. Газдан энди сув қайнатиш ва қайнаган сув солиб устига қопқоғи қўйилган банкаларни 15-20 дақиқадан қайнатиб олиш учун фойдалансак бўлади. Бир қайнаганда икки банкани бемалол тўлдирадиган катта чойгумимиздан фойдаланганимиз маъқул. Аммо диққат қилинг, сув яхши қайнасин, ҳатто жўмракларида ҳам хом сув бўлмасин. Газнинг биттасига тоғорачага сув қуйиб, паст оловда темир қопқоқларни қайнатиб қўйинг. Мева солинган банкага яхши қайнаган сувни тўлдиргач, темир қопқоқнинг биттасини дарров унинг устига омонат қўйинг. Махсус ушлагич билан, агар шундай ушлагич бўлмаса, сочиқ билан банкани аста кўтариб, сув қайнаб турган сирли челакка ёки кастрюлга аста туширинг. Сув банканинг ташқарисида бўғзидан пастроқда бўлсин. 15-20 минут қайнагач, банкани аста олиб, қопқоғини ёпқич билан бураб маҳкамлайсиз. Ҳар бир банкани ёпиб бўлгач, ётқизиб, қопқоқ силлиқ ёпилганини, албатта, текшириб кўринг. Ғадир-будур ёпилган қопқоқ ҳаво ўтказиб, икки кун ўтмаёқ шиша банка пақиллаб, отиб юборади.
Ёпилган банкаларнинг тагига юмшоқроқ нарса солиб, ётқизиб, «думалатиб» қўяверинг. Ҳамма банкаларни беркитиб олгач, темир қопқоқли томонини ерга қилиб, болалар тега олмайдиган жойга иссиқ қилиб ўраб қўямиз. Бунинг учун эски адёлми, кўрпачами, чопонми ишлатса ҳам бўлаверади. Улар обдон совигач, яъни 4-5 кундан кейин қиши билан турадиган жойига, ертўлага олиб, қатор қилиб териб қўяверасиз. Мева шарбатлари (компотлар)ни мен шундай тайёрлайман. Бузилган, қопқоғи отилган ҳоллар ҳали бўлгани йўқ. Буни менга қайнона бувингиз ўргатганлар. Билганимни энди мен сизларга айтаяпман, келин болам.
БУҒДОЙ КЕЛИН
«Камалак» радиожурналида «Қайнона сабоқлари» рукнини ташкил этганимизда суҳбатларимизнинг тингловчилар қалбида акс-садо беришига, уларнинг фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билан қатнашишларига, эшиттиришимизни бойитишларига жуда ишонгандик. Дарҳақиқат, таҳририятимизга кўплаб мактублар келиб турибди. Улардан биз опа-сингилларимизнинг ички олами нақадар бойлигини, ниятлари, интилишлари ҳамиша поклигини англаб, хурсанд бўламиз. Қуйидаги мактуб бугунги суҳбатимизга туртки бўлди:
«Ассалому алайкум «Камалак»нинг серғайрат ижодкорлари!
Кейинги пайтларда радионинг ҳамма тўлқинлари ўзимиз учун хизмат қилаётгани оқибатида унинг мавзулар доираси ҳам кенгайиб бораётганининг гувоҳимиз. Хусусан, илгарилари эътибор берилмай ёки эътибор берилса ҳам қолоқ деб қораланиб келинган ўзбекона турмуш, шарқона одоб ва ахлоқ, оилавий муносабатлар, рўзғор тутиш тарзлари, урфодат, оила маданияти муаммолари ва бошқаларга эътибор кучайиб бораётгани қувонарлидир. Босма нашрлар қимматлашиб кетгани сабабли радионинг мавқеи айниқса ошди.
Кейинги пайтларда «Камалак»нинг эшиттиришларида никоҳ, оила, турмуш сабоғи хусусида кўп маънили суҳбатлар бўляпти. Яхши мавзулар кўтариляпти. Уларда жамият замини ҳисобланган оила, оилавий муносабатлар, асрлар давомида оила пойдеворини мустаҳкам тутиб келган масалаларга эътибор тортилаётгани мақтагуликдир.
Собиқ иттифоқ даврида ҳам юртимизда бошқа республикаларга қараганда, ажралиш нисбатан оз бўлгани кўп эътироф этиларди. Менимча, бунинг сабаби бизда урф бўлган кўп оилалилик, яъни бир катта оила қошида бир нечталаб кичик оилаларнинг оёққа туриб олгунигача бирга бўлишидир. Ана шу даврда қизларимиз келин – аёл – оила соҳибаси жараёнларидан ўтиб, турмуш сабоқларини оладилар. Бу ёш оила учун энг масъулиятли давр, ҳаёт синовларидан ўтадиган давр. Назаримда, «Камалак»нинг доимий «Қайнона сабоқлари» саҳифаси ана шу давр оила муносабатларига чуқур тўхталиши билан яхши иш қиляпти.
«Келин бўлган билар келин аҳволини», дейишади. Ўзимда кўрганим, яқин қариндошлар, ҳамкасблар оиласини кузатувларимдан биламанки, келинларда аксарият ана шу даврда кўпроқ довдираш, ўзини йўқотиш, эсанкираш ҳоллари учрайди. Улар ҳаётида салбий ҳодисалар рўй бермаслиги учун нима қилиш керак? Қандай қилса оиланинг умри узоқ, пойдевори мустаҳкам бўлади? Шулар ҳақида кўпроқ суҳбат ўтказишингизни илтимос қиламан.
Эҳтиром ила ишингизга муваффақият тилаб Заҳро Мусаева, Тошкент ш.»
Заҳрохоннинг мактуби мени кўп ўйлантириб қўйди. Синглим жуда тўғри айтибдилар. Янги келинлик анча масъулиятли давр. Айни шу даврда ҳақиқатдан ҳам довдираш, ўзини йўқотиш, эсанкираш ҳоллари учрайди. Заҳрохон қандай қилса, оиланинг умри узоқ, пойдевори мустаҳкам бўлади, дептилар.
О, келин болам-а! Қанийди тайёр бир йўриқнома ёки рецепт бўлса! Қизларимиз, келинларимиз шуни ўқиб, керак бўлса ёдлаб олишса-ю, рисоладагидек яшаб кетишса! Йўқ, буни умр савдоси дейдилар, болам! Ҳар ким ўз пешонасига битилган бахтни ўзи маҳкам ушлаб қолиши керак. Бу осон эмас, ҳеч ҳам осон эмас! Аммо, билсангиз, келинларга мушкулини осонлаштирадиган ҳаракатлар кўп. Қиз эсликкина бўлса, оилада яхши тарбия топган бўлса, уйим-жойим, оилам, бола-чақам дейдиган келин бўлса, кексаларимизнинг дуоларини ўзига дастур қилиб олади.
Нимасини айтай? Сиз – ёшлар кўпинча дуо ва панд-насиҳатларга ўткинчи бир нарсага қарагандек қарайсизлар. Кексаларнинг вазифаси гапириш, панд-насиҳат қилиш, деб ўйлайсизлар. Ҳолбуки, ўша сизга панд-насиҳат қилаётганлар бошидан кўп савдони ўтказиб, юраги сизларга ачишаётганидан гапираётганини хаёлингизга ҳам келтирмайсизлар.
Янги келин-куёвлик даврида ёшларни кўп дуо қиламиз, насиҳат ва маслаҳатлар берамиз. Агар келин бола шунга амал қилса, ишонинг, ҳеч ютқазмайди. Қайтага янги ниҳол янги хонадонга тез мослашиб, Заҳрохон айтмоқчи довдираш содир бўлмайди. Бу ниҳол яхши униб, япроқлари барқ уради. Худди Мукаррамахонга ўхшаб «Буғдой» келин номини олади. Келинг, мен ҳам панд-насиҳат қилиб ўтирмай, Мукаррамахон ҳақида гапириб бера қолай. Ажаб эмас, ибрат олсангиз!
Мен бу келин билан «Турон» санаторийсида бирга даволанган эдим.
Мукаррамахон қувноқ, серғайрат, айни пайтда мулоҳазали ва мушоҳадали жувон экан. У андишали, мулозаматлилиги билан тез кунда мен билан бир палатада даволанаётган бошқа аёллар – тошкентлик Донохон ва Раънохонларнинг ҳам меҳрини қозонди. Ҳамширалар ва даволовчи врачлар қалбида ҳам ўзига нисбатан илиқлик уйғотди.
«Бировни кўриб фикр қиласан, бировни кўриб – шукр», деганлари рост экан. Менинг назаримда, Мукаррамахон маълум даражада биз – шаҳарлик аёлларнинг ҳаётга қарашимизни, муросаю мадора тушунчамизни, бизни ўраб турган қадриятлар – оила, турмуш, болалар, набираларга муносабатимизни ҳам ўзгартириб юборди десам, ишонинг, келин болам!
Мукаррамахон Оҳангарон туманидаги «Янги ҳаёт» қишлоғида яшар экан. Шу ердаги маиший хизмат уйида меҳнат қилар экан.
Суҳбатларимиз орасида Мукаррамахон бизни кўп марта ўз қишлоғига таклиф қилди. Оддий, беҳашам, аммо ҳаётнинг ўзи каби содда ва кўҳна қишлоқ аёллари ичида ҳам олижаноб, ажойиб инсонлар кўплиги ҳақида фахрланиб гапирди. Уларнинг биттаси, ўзининг қайнонаси – 13 фарзанднинг онаси, жаҳонгашта аёл Бибисора опа ҳақида-ку кўп таъриф қилди. Бибисора опанинг бир марта суҳбатини олган киши катта ҳаёт мактабидан ўтишини, қалби анча бойишини иссиқ меҳр билан сўзлаб берди.
Мукаррамахоннинг суҳбатларини тинглар эканман, мен бу ҳаётсевар, дардга саботли, уйига садоқатли, болаларига фидойи аёлнинг яшаш шароитини кўз ўнгимга келтиришга кўп марта уриндим. Бу шароит биз – шаҳарликлар шароитидан анча фарқ қилади, келин болам!
Унинг ўчоқда ғўзапоя ёқиб овқат тайёрлаган, қоронғуда сигир соғиб, кув пиширган пайтларини кўз олдимга келтирдим. Одамларга ваъда берган буюртмани эрталабгача битириб, эгасига етказиш учун туни билан иш тикканини тасаввур қилдим. Жун йигириб, болаларига камзулчалар тўқиган, кир ювган, дазмол урган пайтларини кўз олдимга келтирганим сари бир унгагина эмас, ҳамма қишлоқ келинларига дилимда ачиниш ҳисси пайдо бўлса ҳам қойил қолардим. Унинг қизиқувчанлиги, ҳар хил вазиятдан фақат яхшилик излаши, курашувчанлиги, уддабуронлигини айтмайсизми, келин болам! Гапнинг рости унинг кўп фазилати шаҳарлик келинларимизга ибрат бўларлик эди.
Барвақт туриб, Мукаррамахон кўпинча муолажалардан сўнг биринчи навбатда кутубхонага борар эди. Кўп газеталарни ўша ернинг ўзида эринмай ўқиб чиқарди. Тадбиркорлик, кичик корхоналар ҳақидаги янгиликларга қизиқарди. Инсон тақдири, маънавияти, одоб ва ахлоқига оид диққатга сазовор каттароқ мақолалар кўриб қолса, кутубхоначидан илтимос қилиб газеталарни бизга ўқиб бериш учун палатага олиб келарди. Ҳаммамиз биргаликда ўқиб, мушоҳада қилардик. Унинг гапларидан, содда, айни пайтда чуқур қарашларидан кўп ўқиши, ўқиганларини ҳаёт билан, турмуши, атрофидагилар билан солиштириши сезилиб турарди. Унинг озгина яхшиликка ҳам оламжаҳон қувониб кетиши ҳаммамизнинг меҳримизни уйғотди. Набирам Жавоҳирнинг эгнидаги мана шу жажжи нимчани биз билан гаплашиб ўтириб икки оқшомда эрмак учун тўқиб берди. Менинг севинганимни кўриб, ўзи ҳам бир дунё севинди денг! Нимасини айтасиз, келин болам, меҳри дарё жувон экан Мукаррамахон!
Баъзида суҳбатлар орасида уни ҳаёт эркаламаганини, анча мураккаб вазиятлар, синовларни бошидан кечирганини билиб қолардик. Лекин у ҳаётдан безмабди, айрим тантиқ келинларга ўхшаб тез енгилмабди, «берсанг – ейман» қабилида иш тутишни ор билиб, уйи, оиласи учун тиришиб-тирмашибди. Катта хонадон, катта қозондан насибасини сузиб ейиш, шу қозонга ўз улушини бошқалардан кам қилмай қўшиш уни анча чиниқтирибди. Шу мактаб туфайли Мукаррамахон чаққон ва зукко бўлибди.
Мукаррамахон ҳозирча етти келиннинг биттаси экан. Тўғри, улар яқинда рўзғорларини бўлак қилишган. Бироқ Мукаррамахон ўзини Бибисора опа хонадонининг илдизидан узилган, деб ҳисобламайди. Аксинча, ўша илдиздан қувват олади. Ўз хонадонининг ҳам келин бўлиб тушган еридек бақувват тортиб кетишини орзу қилади. Қайнонасининг кўп фазилатларини ўзига «юқтиришни» истайди.
Назаримда, Мукаррамахон айрим шаҳарлик, анча эрка келинларга ўхшаб, тайёрини кутиб ўтирадиганлардан эмас экан. Унинг ўзи одамларга, энг аввало яқинлари – турмуш ўртоғи, онаси, болаларига шодлик инъом этиш, қўлидан келганча яхшилик қилиш билан ўз кўнглини кўтариб, шодланиб юрган аёл кўринади. Мен унинг эгизаклари – Фотима ва Ҳусан учун кўйлак ва камзул тўқиб бўлган пайтдаги ички шодлигини кўзида кўргандим. Бир куни шаҳарга тушгани баҳона, эри болаларига кийимлар харид килибди. Уни «лойиқ келармикин» деб Мукаррамахонга кўрсатгани олиб келганида унинг кўзлари бир нурланиб, қалби ҳам тўлқинланиб кетганини кўрдим.
Балки сиз ҳам, келин болам, айрим тенгдошларингизга ўхшаб «болаларига кийим тўқиса нима қилибди? У ахир – она! Шундай қилиши керак. Эри болаларига кийим олса нима қилибди? У ахир – ота! Болаларини кийинтириш унинг вазифаси!» – дерсиз. Балки ҳақдирсиз. Лекин мен ўша дамлардаги Мукаррамахоннинг кўзларидаги нурни унута олмайман. Бу – алоҳида нур, келин болам! Сиздан яшириб нимa қилдим. Минг афсуски, ҳар кимга ҳам туйиш насиб этмаган, ҳар кимнинг ҳам қалбини гуллатмаган алоҳида меҳр, алоҳида фидойилик нури бу. Бундай нурли шодлик, самимий меҳр пешонасига бир умр ошиқу маъшуқликда қўш қаришлик насиб этган, аёл – оналигини эрта туйган, борлиғим – оилам, болаларим, азиз остонам деганларда, жуфтлик қудратининг қадрига етганларда бўлади. Илоҳим, бу нурдан сизга ҳам насиб этсин!
Доно халқимизда «Арпа жойига тушса – буғдой бўлади», «Онанинг аччиқ сўзи фарзанднинг ақл кўзини очади», деган мақоллар бор, келин болам! Мукаррамахон қайнонасининг, яқинларининг оқила маслаҳатларини тўғри тушунган, тушган жойимда буғдой бўлиб унай деб ният қилган келинлардан экан. Ҳа, тўлиқ ва бўлиқ буғдой келин бўлибди.
Келинлик – Бедиллик дейишган. Ҳаёт шу қадар мураккабда. Аммо бир донишманд аёлнинг «Қайноналик ҳам катта мактаб, айланай!» деган гапи эсимга тушди. Ҳозиргина айтиб ўтган «Янги ҳаёт»лик Бибисора аянинг етти келини бор. Демак, бу аёл ўша айтилган мактабда етти марта сабоқ олган, насиб этса, яна уч марта сабоқ оладиган. Бу оқила аёлнинг олтин деб олган келинлари жез чиққан кезлари бўлмадимикин? Бўлгандир, албатта. Аммо ҳеч бир ҳолда у сирини сиртига чиқармаган экан. Ўз илдизи, мавқеи, кўпда кўрганига таяниб, вазминлик билан, мушоҳада билан иш тутган экан. Йўқса, келини у ҳақида шунчалик меҳр ва муҳаббат билан гапирмасди.
Афтидан, Бибисора ая ўғилларига Қуръондаги «Аёлларга яхшилик ила ҳамҳаёт бўлинглар», деган гапни ҳам сингдирган кўринади. Кимки ўз бола-чақасига яхши муносабатда бўлса, ўша яхши одам эканлиги уқдирилган ҳадисда. Ана шу хислатлари унга етти келинини ўз етовига солиб олишда, улар қалбида меҳр қозонишда, энг асосийси уларда ўз оиласи, ўз остонасига нисбатан ҳурмат уйғотишда ёрдам бергандир. Шуларнинг ҳаммаси бир бўлиб, унинг келинларига дастлабки йиллар, мактубда айтилмоқчи довдираш йилларида тўғри йўл кўрсатиб, руҳига мадад бўлгандир. Тўғрисини айтсам, келин болам, бу жаҳонгашта аёлга ҳавасим келди.
Мана шунақа гаплар, келин болам. Заҳрохон мактуби баҳонасида Мукаррамахонни ҳам эсладик. Унга Аллоҳдан эзгуликлар тилаймиз: илоҳим, бешта қора кўзи бахтига, турмуш ўртоғи, жигарлари бахтига соғ бўлсин! Илоҳим, қалбида жўш ураётган эзгу ниятлар юрагига, билагига қувват берсин, томиридаги ўтни сўндирмасин, руҳига мадад бўлсин!
Оҳангарон қир-адирлари ҳозир кўм-кўк бўлгандир. Илоҳим, табиат яшноқлиги, жигарларининг меҳри унинг хаста юрагига буюк қудрат олиб кирсин. Фарзандларининг камоли, роҳатидан насиб этсин!