Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 30 (всего у книги 34 страниц)
Бу ерга келиб бекорчиликда босиб ўтган ҳаёт йўлиму давр, одамлар ҳақида кўп ўйлайман. Камолга етиб авжи иш берадиган пайтингиз ғалати, биров тушуниб, биров тушунмайдиган «ўтиш даврига» тўғри келди. Назарингизда ит эгасини, мушук бекасини танимаётгандек кўриняптими? Ҳамма билганича ўз ёғига ўзи қовирилаётгандек… Қаллоблар, зўрлар, зари борлар жамиятнинг устки ва анча қалин қатламини эгаллагандек бўляптими? Бу Тошкентдагина эмас, байрамона кайфият ҳукм суриши керак бўлгудек мана шу ерда ҳам сезиляпти. Ҳамма бир хил нарх тўлаб, путёвка олган, ҳамма баравар бўлиши керак бўлган мана шу ерда ҳам, айрим кимсалар атрофидаги яловкаларни кўрганда, бехосдан намокоб ютгандек ўхчийман.
Сизлар тўғри тарбиялангансизлар. Балки бугунги барча изтиробларингиз ҳам шундай тарбия оқибатидир. Жилла бўлмаса, бўйи эшикка етиб қолган болаларингиз учун ҳам жамиятнинг ўзаги барибир ҳалол ва пок одамлар эканини кўрсатиб беришингиз керак. Болаларингиз сизни шунинг учун ҳам ҳурмат қилишади. Ҳаммасининг ҳам умрини, бахтини, ҳалол омадини тилаб қоламан. Сизнинг бахтингиз, ҳаётдаги ўрнингиз ҳам ана шу болаларингиз! Ишда-ку ҳар хил вазият бўлади. Бундай муҳит ўтиб кетади. Боқий қоладигани – болаларингиз, эрингиз, бахтингиз! Буни ҳеч қандай вазиятда унутманг. Қаддингизни тик ушлаб турадиганлар ҳам шулар, қизим!
Сизни жуда соғиндим. Ҳаммангизни ҳам. Лекин тўнғич келин онага бошқача яқин бўлиб қоларкан. Мен ҳам сизда шундай ҳис уйғотган бўлсам, армоним қолмасди. Соғинчимни арзимас совға билан босай десам, «эркин нарх» бу ерларда ҳам роса гаштини суряпти. Сизгинани «олтин балиқ» кўйлагида тасаввур қилиб, тижорат дўконига кирсам, бир кийимлигини фалон пул дейди. Ҳафсалам пир бўлди. Ҳа майли, бундай ҳоллар ҳам йўлига тушиб кетар. Ишқилиб, одамлар молига қўшиб одамийлигини ҳам пуллаб юбормасалар бўлгани.
Соғ бўлинглар! Невараларимни ўпиб қўйинг. Сизни бағримга босиб, дуо қилиб қолувчи Ойингиз».
Хатни кўз кўтармай ўқиб чиқдим. Ўша кунгина эмас, кейин ҳам алла вақтларгача кўнглимда ёқилган чироқ ўчмай юрди. Худди субҳидамда ёзилган мактубни Санобархон катта келинига эмас, менга битгандек. Бошқаларнинг ҳам руҳини мувозанатга тортар, деган умидда мактубни сизга юбордим. Салом билан Шукрия».
* * *
«Азиз опа-сингиллар. Мактуб ёзганим билан номимни очиқ айтмаганим учун кечиринглар. Агар мен ҳозир ўзим ва қайнонамнинг номини очиқ ёзгудек бўлсам, кўп йиллардан бери яшириб келган сиримиз ошкор бўлади. Буни ҳозирча ўғлимиз билмаслигини истардик. Катта бўлса, бафуржа, балки қайнонамнинг ўзлари унга айтиб берарлар.
Ўрта мактабни битиргач, уйимиз олдидаги заргарлик фабрикасида ишлардим. Цехимиздагиларнинг ҳаммаси хотин-қизлар, оппоқ халатларда ишлаймиз. Ишимиз озода. Дунё кўзимга шу қўлимдаги буюмлардек ялтиллаб ва гўзал кўринарди. Оғзимдан куй тушмасди. Меҳнат мен учун катта шодлик эди.
Ўн саккиз ёшимда шу хонадонга тўнғич келин бўлиб тушдим. Қайнона ойимлар бир қарашда жуда тунд, ичимдагини топ, дейдиганларга ўхшаб кўринардилар. Унинг устига баланд бўйли, суяклари йўғон, басавлат аёл эдилар. Маҳаллада шунинг учунми у кишидан ҳайиқиброқ туришарди. Мен ҳам аввалига қисиниб-қимтиниб юрдим. Кейинчалик эса уларнинг бирам оқила, бирам меҳрибон эканликларини билдим. Серфарзанд бўлганлари учун бирон ерда ишламаган эканлар. Балки шунинг учундир эрталаб ишга кетаётганимизда, кечқурун ишдан қайтганимизда ҳаммамизга алоҳида эътибор қилардилар. Назаримда, ишлаганларга ҳаваслари келарди.
Тез орада жуда иноқ бўлиб кетдик. Она-бола, опа-сингилдек эдик. Қандай иш бўлмасин, бирга қилардик, кийимни ҳам бир хил кийишга ҳаракат қилардик. Мендан бахтли одам йўқ эди. Онам томондагилар ҳам жуда севинишарди.
Лекин… Баъзида бахтим узоққа чўзилмайдигандек кўринаверарди. Сабаби… Орадан уч-тўрт йил ўтган бўлишига қарамай, ҳали фарзанд кўрмагандик. Сезиб турардим, қайнонам мендан ортиқ эзилардилар. Невара кўришни орзу қилардилар. Аммо улар ҳам ичларидагини ўғиллари каби менга сездиришни истамасдилар. Ойдан ой, йилдан йил ўтгани сайин мен ич-ичимдан эзилар, кўпинча ҳеч кимга сездирмай йиғлаб ҳам олардим. Ана шундай вақтларда хомушлигимни сезсалар, қайнона ойим койиб берардилар:
– Нега ўзингизни қийнайсиз? Ахир бунда сизнинг айбингиз йўқ-ку. Бу ҳам худонинг бир синови. Худонинг синовига бебардошлик қилиб бўлмайди, Унинг қаҳри келади. Ҳали ажаб эмас, орқа-олдингиз болага тўлиб кетса! Агар сизларни шу йўлдан қисган бўлса, бу – бахтсизлик деган гап эмас-ку! Шукр, яхши эрингиз бор, ишда ўзингизга яраша обрўйингиз бор, майли кичкинагина жамоага бўлса ҳам сардорсиз… Дўсту биродарларингиз, мана шукр, уй тўла қайинбўйнингиз бор. Бу ҳам одамнинг жуда катта давлати, болам. Ўй ўйлаб ўзингизни касал қилиб қўйманг…
Қайнонамнинг бундай гаплари таскин берарди. Бироқ бола оилани ушлаб турадиган занжир, деб бекорга айтишмаган экан. Қайнонам, эрим билан иноқ эдик, лекин ана шу муҳим занжирнинг етишмаётгани тобора сезилиб борарди. Чунки оилада мен энди ёлғиз келин эмасдим.
Бизнинг тўйимиздан икки йил кейин қайнимни уйлантирдик. Бир йил ўтмай, овсинимнинг ойиси ўғил неварасига бешик ясаб келди. Тўйда елиб-югуриб хизмат қилаяпман-у назаримда, ҳамма менга қараётганга ўхшайди. Ичимдан ўтаётганини ўзим биламан. Одамларнинг «Сизга ҳам фарзанд ато этсин!» деган дуоси ҳам, фалон поликлиникада яхши доктор бор экан, фалончи ўн йилдан кейин туғибди, деган гаплари ҳам юрагимга тикондек қадаларди.
Асабларим тобора таранглашиб, илгариги қувноқ, шўхшодон келинга ўхшамасдим. Рангим ҳам синиқиб, озиб борардим. Овсинимнинг тобора суйгунчак бўлаётган ўғлини ўйнатаётганимда, унинг ширин қилиқларига маҳлиё бўлиб, ўзимни унутиб, яйраб кулардим. Лекин ойим билан овсинимга ёки эримга кўзим тушиши билан таққа тўхтардим. Улар менинг чеҳрам очилганидан хурсанд бўлишса, мен ачинишяпти, деб ўйлардим.
Қайнона ойимларнинг маслаҳатлари билан икки-уч йилдан бери Педиатрия илмий-текшириш институтида даволанардим. Юртга танилган, қўша-қўша китоблар ёзган врачлар даволашарди. Бироқ… Эрим ҳам, қайнонам ҳам гарчи менга таскин беришга ҳаракат қилишса-да, бир кунмас бир кун сабрлари тугашини юрагим зириллаганича кутардим. Шундай бўлди ҳам.
Олти йил деганда, биринчи марта эрим уйга қаттиқ маст бўлиб келдилар. Бундай аҳволни ҳеч кўрмаганман, кўникмаганман, нима қиларимни билмай қолдим. Ойим келиб ёрдамлашдилар, амаллаб, деярли кўтариб айвонга олиб чиқдик.
– Қаерда бўлақолдийкин бу кўр бўлмагур? – дедилар ойим.
– Одамлар ўғил тўйи кўряпти… – дедилар эрим, солиб берган жойимизга ётар эканлар.
Бундан уч-тўрт кун бурун бир ўртоқлари ўғил тўйига айтиб кетгани эсимга тушди. Демак, ўша ерда тенгдошлари, дўстлари орасида бошларини кўтаролмай ўтирганлар, кейин аламларидан ичганлар… Ўзимча шундай хулоса чиқардим.
Тонг отгунича мижжа қоқмадим. Эрим ҳам безовта бўлиб чиқдилар. Ичиб келиб жанжал, тўполон қилсалар, туғмайсан деб таъна қилсалар ҳам шунчалик бўлмасдим. Даҳлизга кўрпача ташладим-у, ёстиқни икки буклаб ёта қолдим. Уйқу қаёқда?! Эрталабгача йиғлаб чиқдим. Эрим ҳам тонгга яқинроқ ғивирлашдан тўхтадилар. Хабар олай-чи, деб кирсам, бошлари ёстиқдан тушиб кетибди. Ёстиқни суриб қўймоқчи эдим, қарасам у ҳўл! Демак, улар ҳам мендек эрталабгача йиғлаб чиқибдилар! Кўксимга биров ханжар санчгандек бўлди!
Овсинимнинг яна ой-куни яқин эди. Эрта-индин кўзи ёрийдиган… Чидолмайман энди! Чидолмайман! Ҳеч кимга билдирмай чиқиб кетишим керак! Секин чиқиб кетмоқчи бўлдим. Қаерга бораримни, нима қиларимни билмайман. Аммо қатъий қарорга келган эдим. Қаердан куч пайдо бўлди, билмайман, томоғимда алланарса тиқилганича секин туриб кийиндим. Чироқни ёқмай, тонг ғира-ширасида олти йил яшаган уйимни кўздан кечирдим-у аста зинадан тушдим. Дарвозанинг калитини бураётганимда биров келиб қўлимдан ушлади. Ойим! Бошяланг, оёқяланг қайнонам қаршимда турардилар. Ўзимни тутолмадим, у кишининг бағриларига отилиб, ўкраб йиғлаб юбордим.
– Ойижон, рози бўлинглар! Ўғлингизнинг умрлари ўтмасин. Сиз ҳам улардан набира кўринг, орзу-ҳавас қилинг…
Аламдан ўртаниб, кўп гапларни айтдим шекилли, лекин ҳаммасининг мазмуни шунга келиб тақаларди. Индамадилар. Йиғлаб бўлгунимча бошимни силаб «Онанг ўргилсин!!! Онанг ўргилсин! Эй, парвардигор, шуларни тирноққа зор қилмасанг нимайди?!» деб чуқур хўрсинардилар. Оғизларидан ўт пуркарди.
Ўша куни қайнонам мени қўйиб юбормадилар. Елкамдан тутиб, ўз хоналарига олиб кирдилар. Иш вақтигача мени овутиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдилар. Олти болани беваликда катта қилганларини, бировларнинг кирини уйга олиб келиб ювганларини, уруш даври қийинчиликларини гапирдилар. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, болам, дедилар.
Эрим ишга кетаётганларида уччаламиз бирга нонушта қилдик. Эрим бошларини кўтариб на менга, на оналарига тик қарай олмас эдилар. Мен ҳам худди шу алпозда эдим. Эримнинг аҳволларига ичим ачишар, лекин кетиб қолганимда баттар бўлишларига ҳам ақлим етиб, ўртанардим. Чойни ойим қуйдилар. Назаримда, биз чойни эмас, чой бизни ичди…
Кеч ишдан қайтсам, овсинимни тўлғоқ тутиб, туғруқхонага олиб боришибди. Ўз дардимни унутиб, унга мумкин бўлган егулик олиб, олдига кетдим. Тунда кўзи ёриди. Фотима-Ҳусан кўрди! Келиб қайнонамни табрикласам, мени бағриларига босиб йиғладилар. Кўз ёшларини биринчи марта кўришим.
– Келди-кетди кўп бўлади, болам, рухсат беришса, таътилингизни ола қолинг. Опа-укачилик шунда билинади, овсинингиз қувватга киргунича уйда бўлганингиз маъқул.
Шундай қилдим ҳам.
Кўнгли ўксимасин дебми, овсиним туғруқхонадан чиқадиган кундан бир кун аввал ойим уйимдаги анжомларни йиғишимни, шу уйга жой қилишимни айтдилар. Ҳайрон бўлдиму, айтганларидек қилдим. Уларнинг ўйлаганлари бошқа экан…
Овсиним чақалоқлар билан келганларида менинг уйим пойгагига пояндоз ёзилди! Чақалоқлар биринчи менинг уйимга кирди! Ҳам қувониб, ҳам хўрлигим келиб, елиб-югуриб меҳмонларга хизмат қилдим. Меҳмонлар кетишиб, кечки пайт ёлғиз қуда хола – овсинимнинг ойилари қолдилар. Шунда мен билан эрим учун кутилмаган қувончли хабарни айтишди. Ҳусан – бизники эмиш! Биз тарбия қилар эканмиз уни!
Мен қулоқларимга ишонмасдим. Ойим анча узоқ – Худонинг ишларига шак келтириш учун эмас, қалбимизда меҳр уйғотиб, ўз фарзандларимиз йўли очилишини тилаб-тилаб, шундай қарорга келганларини… Оллоҳнинг инояти билан жўралаб ўғиллар кўришимиз ҳеч гапмаслигини… овсиним билан иноқлигимиз, оилага киришимлигимиз, очиқ кўнгиллигимиз мукофотини, албатта, олажагимиз ҳақида гапирдилар. Қуда холамлар ҳам йиғлаб туриб дуо қилдилар: «Қудамларнинг келинларга муомалаларини кўриб, йўқ дейишим инсофдан бўлмас… Худонинг ўзи йўл кўрсатгани илоҳо рост бўлсин… қизимга икки фарзанд ато этгани балки сизнинг бахтингиз, ризқингиздир… Кўражак фарзандларингизга йўлбошчи бўлсин! Менинг эса бир қизим икки бўлди, Оллоҳга шукр! Энди овсингина эмас, чин опасингилсизлар!»
Овсиним билан қучоқлашдик, йиғлашдик… Ака-ука ҳам шундай…
Демак, бу ишларни ойим азалдан ўйлаганлар. Овсинимни, қайнимни ҳам шунга кўндирганлар.
Ойим чақалоқларнинг исмини одатдагидек Фотима ва Ҳусан эмас, Лобар ва Сардор деб аташни таклиф қилдилар: «Бўлажак ука ва сингилларига чин сардор бўлиб юрсин!» Икковлари бир ҳовлида катта бўлишади, ҳозирча билдирмаймиз-у, агар лозим бўлса, катта бўлишганда айтармиз, аммо икковингиз ҳам иккала болани тенг кўриб, меҳрингизни аяманглар, деб тайинладилар.
Туни билан чақалоқ тепасида ухламай чиқдик. Тушимми бу ё ўнгимми?
Ўша ҳафтанинг ўзидаёқ ойим қўярда-қўймай болани бизга расмийлаштирдилар. Фақат қорни очганда овсиним эмизиб берадилар, қолган вақтда чақалоқ мен билан ойимларда. Бир йил декрет отпускасини олдим, Сардор юриб кетгач, яна ишга тушиб кетдим.
Айтсам ишонмассиз, туриб-туриб ўз бахтимга ўзим ҳам ишонмайман, ростми деб қўяман. Меҳр-меҳр уйғотади, деганлари рост эканми ёки врачларнинг қилган муолажалари ниҳоят таъсир қилдими, ўғлимни эркалаб, қилиқларига севиниб юрганимда севинчим устига севинч қўшилди. Мен ҳам ҳақиқий она бўлишимни сеза бошладим. Ўзимга ишонмай, врачга бордим, гумонимни тасдиқлади – мен ҳомиладор эканман. Эримдан ҳам аввал ойимларга келиб айтдим. Севинганларидан «Ўзингга шукр, Оллоҳим! Кўрсатганингга шукр!» – дедилар.
Мана шунақа гаплар. Бутун бахтимнинг сабабчиси мана шу қайнонам – йўқ, чин онам, овсиним бўладилар. Ҳозир икки ўғлим, икки қизим бор. Катта ўғлимиз, меҳр пайвандчимиз ҳозир ўн уч ёшда. Агар ўша машъум тунда ойим олиб қолмаганларида, овсин-синглимнинг олижаноблиги бўлмаганда, кемтик кўнглимни ва бағримни тўлдирмаганларида, эзгулик йўлида мендан ортиқ курашмаганларида шу болаларим ҳам, шу бахтим ҳам бўлмасди.
Гарчи номимизни яширган бўлсам ҳам, қўни-қўшнилар, қариндошлар, ёру биродарлар билишади, айтганларимнинг ҳаммаси рост. Шунинг учун ҳам бу содда, лекин улуғ аёлга бир умр таъзим қилишга тайёрман! Бахтимга умрлари зиёда бўлсин, набира тўйларини ўзлари бош бўлиб ўтказиб, авараларини бағриларига босишни насиб этсин!»
* * *
Қайнона – она, аёл бўлгани учун ҳам биринчи бўлиб келинининг тарафини олади, унинг ҳимоясида туради. Фақат оналаргагина хос бўлган фидойилик билан, ғамхўрлик билан ёшларни не балолардан, хатолардан асрайди.
– Турмуш қурганимизнинг дастлабки йилларида бизнинг ажралиб кетишимизга озгина қолди. Бу айрилиқнинг оқибати нақадар фожиали эканини ғурур чўққисидан туриб эрим ҳам, мен ҳам кўра олмасдик, негаки бу фожиа қоронғу жарликда эди. Балки озгинагина бардошли бўлганимизда шу даражага бориб етмасмидик. Ҳар қалай одам бошига ана шундай кун тушмагунича оддий ҳақиқатни – вақтида тишни-тишга қаттиқ босганда пайдо бўладиган оғриқ ғам-ташвиш азобидан минг чандон енгил эканлигини тушуниб етмас экан. Биз ҳам буни билмадик. Эркакка хос сабот эримда топилмади, аёлларга хос нозик ҳис, кечирувчанлик, бардош, сабр, қаноат менда етишмади шекилли-да…
Хайриятки, бу нозик ҳис, бу сабот қайнонамда бор экан. Оиламизда нимадир бўлганини, иккимизнинг орамизда тубсиз қоронғу жарлик пайдо бўлганини улар ҳаммамиздан олдин сездилар, оналик кўксиларини фожиага қалқон қилиб қўйдилар. Жаҳолатнинг бир оғиз оғир сўзи туфайли ажралиб кетаётган бизни бошқа бир сўз – меҳр сўзи билан бирлаштириб қўйдилар.
Боламиз ёшига етай деб, атак-чечак қила бошлаганида нимадир бўлиб эрим билан айтишиб қолдик. Нимадан чиққанини ўзимиз ҳам кейин эслай олмадик. Аммо қизиққонлик билан кўп гап айтиб юборибмиз. Охирги гап бир-биримизга муносиб эмаслигимизга келиб тақалди.
– Агар болам бўлмаганида… – дедим мен ўзимни босолмай, – нима қилишни ўзим билардим!
– Шу бола деб яшаб юрибман-да! – дедилар улар ҳам.
Менга ана шу гап жуда алам қилди. Гўё мен ҳечман, гўё мен бир кишини бахтиёр қилишга қодир эмасман… Аёл зоти учун бунинг нақадар ҳақоратли эканини тушунасиз-ку! Шу сўз учун эримни кечира олмасдим. «Кетаман, дердим ўзимга ўзим, кетаман! Кимлигимни кўрсатиб қўяман! Ахир ўқитувчиман-ку! Ишим ҳам тайин, хор бўлмайман. Боланинг тирноғини ҳам кўрсатмайман. Боши очиқ, ана хоҳлаганини топиб олаверсин! Кўрарман уни бахтли қилган ўша нозанинни»…
Ўша дамда мендан ботири йўқ эди. Биз аёллар шундай дамларда жуда осмону фалакда бўламиз. Кўз олдимизда касбимиз, ойлигимиз, обрўйимиз туради. Ўзимизни ўзимиз хаёлан олиб чиқиб қўйган чўққидан тушишимиз амримаҳол! Армонлар, пушаймонлар, изтироблар эса узоқда, биз уларни кўргимиз ҳам, эшитгимиз ҳам келмайди. Нима бўлса-бўлар…
Оиламиздаги дарз кетиш хавфини биринчи қайнонам пайқадилар. Пайтини топиб, ўғиллари билан гаплашдилар. Сўзларининг таъсирини сезиб турсам ҳам, ўғиллари биринчи бўлиб кечирим сўрамадилар.
Икки кун ишимда на ҳаловат, на унум бўлди. Пешиндан кейин айниқса, юрагим сиқила бошлади. Ишлолмадим. Бошим оғриётганини баҳона қилиб, охирги икки соат дарсни ҳам ташлаб, уйга келдим. Ўғлим бешикда ухлаб ётарди. Қайнонам бешикнинг ёнгинасида кўзойнакларини тақиб, яқинда ювган кўрпачамни қавиб ўтирардилар. Алланарсани хиргойи қилардилар, киприклари шу қўшиқлариданми, хаёллариданми, алланечук намли эди… Салом бериб, кийимимни алмаштиргани хонамизга кириб кетдим. Чиққанимда хонтахта устида дастурхон ёзиғлик, чой дамланган, қайнонам мени кутиб ўтирган эканлар.
– Яхши келиб қолдингиз, бир ўзим ҳеч нарса егим келмай, зора тойчоғим туриб қолса, деб ўтиргандим (қайнонам ўғлимни доим эркалаб «тойчоғим» деб атардилар). Келақолинг, чой иссиққина экан. Овқатга кейин уннармиз…
Ўтирдим. Лекин гап-гапга қовушмас эди. Худди ўғиллари билан эмас, у киши билан аразлашгандек. Шу алпозда бирикки пиёла чой ичар-ичмас:
– Неварангиз тургунча бироз ишим бор эди, – деб туриб кетаётсам ойим:
– Менга қаранг, бугун ангишвона билан кўрпа қавийдиган игнани қидираётиб, қутидан тойчоғимнинг биринчи хатларини топиб олдим. Йўқолмасин, ўзингиз асраб қўйинг, катта бўлганида, тўйида ўзига беринг. Келин билан неварам ҳам сизларга, отаси-онасига ўхшаш мана шундай меҳрли, садоқатли бўлишсин…
Нима гаплигига тушунмай серрайиб қолдим. Ойим қўлимга кўрпача тагидан олган бир даста қоғозларни тутқаздилар. Биттасини очишим биланоқ тушундим! Бу – ўғлимиз туғилганида мен билан эримнинг бир-биримизга ёзган хатларимиз эди. Улар туғуруқхонада ёзилгани учун ҳам ойим «тойчоғимнинг биринчи хатлари» деган эканлар. Ғалати бўлиб ўз хонамизга кириб кетдим.
Ишлаш қаёқда? Хатларни ўқидим! Энтикиб-энтикиб, ўзимни уришиб-уришиб ўқидим. Наҳотки шу хатларни мен, мен ўзим, ўз қўлим билан ёзган бўлсам?! Уларнинг ёзилганига ҳали бир йил ҳам бўлмади-ку. Наҳотки ўша дамдаги ҳаяжон, ўғилчамнинг адасига лойиқ сўз ахтариб қийналганларим, бир умр ўғлимга яхши она, у кишига эса садоқатли, вафодор хотин бўлишга берган ваъдаларим унут бўлса?! Бу келишмаган ғурур қаердан келди? Наҳотки ўша қўпол гапларни мен, бир синф боланинг хархашасига бардошли педагог айтган бўлсам? Жанжал нимадан чиқди ўзи? Шу уйни, эримни, шу оқила, зукко қайнонамни ташлаб кетиш хаёлигача бордимми-а мен аҳмоққина! Нега-нега, дарз кетишга йўл қўйдим? Эркак кишига қараганда аёл кишининг феъли кенгроқ бўлиши керак, деб ўзим неча марта дугоналаримга насиҳат қилардим-ку. Энди эримнинг юзига қандай қарайман? Нима деб кечирим сўрайман! Наҳотки кечаги гапларни айтган ҳам, мана бу хатларни ёзган ҳам менман?! Қачон айниб улгурдим? Наҳотки майда икир-чикирлар мана бу юксак, пок, илк бора кўксимдан сизиб чиққан она сутидек оқ туйғуларим, эримга бўлган меҳримни сўндираёзган бўлса?!
Мана шу хатларни вақтида қўлимга бериб, кўзимни очиб қўйганлари учун қайнонамдан жуда миннатдор эдим. Ҳа, у киши бир оғиз сўз айтмадилар, лекин мени қоронғу жарлик оғзидан қайтардилар. Менга ишонибдиларки, бир оғиз таънаю дашном демай, ўзи тушуниб олар қабилида иш тутибдилар. Раҳмат, ойижон!
Мен кечгача, эрим ишдан келишларигача ҳам сабрим етмаслигини билардим. Тезроқ у кишидан кечирим сўраш керак эди. Бир соат олдин бўлса ҳам хуфтон дилини ёритишим керак! Секин телефонни олдим. Ҳаяжон билан керакли рақамларни тердим.
– Алло, бу – мен…
Мени тинглаётган киши, албатта, ҳам ҳайратда, ҳам қўрқувда эди. Яна нима деркин, яна қандай ҳақоратларни айтаркин… деган фикр хаёлига келган бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун у киши жим эди. Оғир нафас олиб кутарди. Қайнонам эшитиб қолмасинлар деб, мен секин гапирардим:
– Бу – мен… Бугун ушланиб қолмайсизми? Биз сизни кутяпмиз…
У кишининг нафас олиши ўзгарди.
– Ҳа, албатта! Албатта, вақтли бораман. Тушундим, ҳаммасини тушундим! – дедилар.
Вассалом. Жарлик йўқолди! Олам чароғон бўлди! Раҳмат сизга, ойижон! Илк меҳр ҳароратини ниҳоятда авайлаш кераклигини, бунда айниқса, аёл киши масъуллигини эсимга солиб қўйганингиз учун ҳам раҳмат!
Бу ҳикояни айтиб берган аёл Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчи. Ҳозир тўрт фарзанднинг онаси. Аммо оиладаги меҳр-оқибат худди ўша биринчи йилдагидек. Диққат қилсангиз, сиз ҳам ён-берингизда бундайларни кўплаб учратасиз.
* * *
Саодатхон ҳам Марғилон шаҳридаги мактабларнинг бирида ишлайди. Гаплашсангиз гаплашгингиз келадиган аёл. Унинг фикрича, ўз вақтида намоён қилинган яхши ибрат шикаста кўнгилга энг яхши доридан ҳам таъсирчанроқ бўлармиш.
– Илгарилари маҳалла фаолларининг кўп вақти қайнонакелин ғиди-ғидисини бостиришга кетарди, – деб эслайди Саодатхон. – Шикоят тушган хонадонга бориб, бир қайнонанинг, бир келиннинг гапларини диққат билан эшитардик. Икки томон ҳам ўзиникини маъқулларди. Шу баланд ақлимизни бир ўйлашга, фикр қилишга, шукр қилишга сарфлайликчи деб, бошқачароқ иш тутишга ҳаракат қилдик. «Қайнона ҳам – она, келин ҳам – фарзанд» мавзуида кечалар ўтказадиган бўлдик. Бора-бора шундай кечаларга ибратли хонадонларнинг соҳибаларини таклиф қиладиган, уларга сўз бериб, фикр алмашадиган, келинларнинг гапларини эшитадиган бўлдик. Шу кичкинагина ва гўзал ҳунармандлар шаҳарчаси бўлган Марғилонимизда ибрат қилиб кўрсатса арзигулик қайноналар ҳам, келинлар ҳам кўплигидан ўзимиз ҳам хурсанд бўлдик. Беш келинлик Тўтихон аяни минбарга таклиф қилиб, сўзларини эшитганимизда, бир мен эмас, кўпчилик ёзувчи Саид Аҳмад Фармон биби образини шу аёлдан намуна қилиб олган бўлса керак, деб ўйладик. Тўладан келган, оғир, бамаъни, етмиш ёшлардаги бу аёл хонадонидаги беш келин она-бола, опа-сингилдек бўлиб кетишган. Яна ҳаммаси ишлик. Нолишганини ҳеч ким эшитмаган. Ҳаммалиги бир қозонга қарайди. Невара, чеваралар сероб, аммо ҳеч қачон тиқ этган товуш чиққан эмас. «Ҳар бир хонадоннинг ўз аъмоли бор, – дейдилар Тўтихон ая. – Бир қизни келин қилиб туширдингми, уни шу хонадоннинг измига солиб олиш учун қайнона ширин сўз, самимий, яхши ният билан иш кўрадиган, сабр-тоқатли бўлиши керак, токи келин унда онани, меҳрибон кишисини кўрсин».
Шу маҳаллалик Ойдинхон ая ҳам ўртоқларининг сўзларини маъқуллайдилар: «Вақти келса бир эр, бир хотин бўлган ерда ҳам ўтади. Бироқ ҳамма нарсани ўзаро биргаликда, иттифоқчиликда ҳал қилингани, гапни кўчага олиб чиқилмагани маъқул». Ойдинхон ая ҳам асли ўқитувчи, пенсияга чиққанлар. Олти келинни айнан ўзлари айтгандек тарбияладилар, шунга яраша ҳурмат олдилар. Иттифоқликда, бир-бирига яхшилик тилашда, бир-бирига ён босишда, бири-бирини кечира билишликда гап кўп, дейдилар Ойдинхон ая.
– Азалдан оиланинг осойишталиги аёл қўлида деб келинади, – дейдилар суҳбатни давом эттириб Саодатхон. – Агар бир оилада икки аёл бўлса-ю иккови иттифоқликда иш кўрса, бу хонадонда қуёш чарақлайди, рўзғорига барака киради. Оила аъзоларида босиқлик, қилган ишларида унум бўлади. Бордию арзимаган нарса билан (кўпинча қайнона бу оилада мен устунроқман, менинг мавқейим баландроқ деб, келин эса мен устунроқман, чунки олий маълумотим бор, мол-мулкимни ҳам ота-онам бекаму кўст қилишган, каби нотўғри ўйлаш оқибатида) бу икки аёл ўртасидаги самимият йўқолса, бояги айтганларимнинг акси бўлади, устига устак учинчи киши (куёв)га, қолаверса, тўртинчи киши (қайнота)га, болаларга жабр қилинади. Куёв бу икки аёлнинг бирига ўғил – жигарбанди, иккинчисига эр – суянган тоғи. Бири не умидлар билан ўғил ўстирди, бешик устида не-не орзуларни қилди… Иккинчиси не ҳаяжонли умидлар билан бир ёстиққа бош қўйди, не-не гўзал режаларни чизди… Қанча қийин бўлмасин, қандай синовларга рўпара келмасин, инсон ана шу тоза орзулари, покиза ниятлари юксаклигида турмоғи керак…
* * *
Покиза ниятлар юксаклигида турмоғи керак! Мен бу гапни аввал ҳам эшитган эдим. Қаерда? Қаерда эди-я? Ҳа, эсладим. Уч-тўрт йил аввал журналга чет элдан меҳмон бўлиб келган бир ҳамкасбимиз ўзбек оиласи билан танишиш истагини билдирган эди. Уни «Илғор» маҳалласидаги бир хонадонга бошлаб борган эдим. Хорижлик бу таниқли журналист аёл кўҳна миллий анъаналар билан замонавий анъаналар акс этган оилани, хуллас, кўп болали, кўп келинли, лекин бир қозондан овқат ичадиган, «оталар ва болалар» муаммоси ижобий ҳал қилинган ўзбек оиласи билан танишишни ихтиёр этган эди.
Биз хонадонга кечки пайт кириб бордик. Бизни хонадон соҳиби, собиқ ишчи – эндиликда қарилик пенсиясидаги киши ва шу хонадон соҳибаси, оддий уй бекаси кутиб олишди. Уй бекаси набираси билан овора экан. Меҳмон кутишмаган, аммо кутилмаган меҳмонларга ўрганиб қолишган, бу дастлабки дақиқалардаёқ билинди. Алоҳида меҳмонхонага таклиф қилишди. Столга ширинликлар, узум қўйилди. Яқингинадаги гузардан иссиқ нон келтирилди. Уй соҳиби биз билан суҳбатлашиб ўтирди. Беш ўғил, беш келини бор экан. Улар ҳозир иш-ишида. Ҳадемай улар хизматдан, балоғат ёшига етиб қолган қизи мактабдан келиб қолишаркан. Ўғилларнинг ҳаммаси олий маълумотли, бири фан доктори, бири фан кандидати, қолганларининг ҳар бири ҳам «ўз ишининг профессорлари» эмиш. Келинларми? Келинлар ҳам ўқимишли, аксарияти тарбиячи ва шифокор, ҳамшира… Неваралар ўн бешга яқинмиш. Каттаси олий маълумотли бўлишига оз қолибди. Уй эгаси келинлари, болалари ҳақида суҳбатлашаркан, уй бекаси ҳам ёнимизга келиб ўтирди:
– Келинлар ишдан келишди, менинг «сменам» тугади, – деди у ҳазиллашиб менинг олдимда турган чойнакни ўз ёнига олар экан, мезбонлик вазифасини ўтаб, чой қуйиб турганим учун раҳмат дейишни унутмади.
Ҳозиргина жимжит бўлиб турган хонадоннинг тобора тўлиб бораётгани сезилиб турарди.
– Эҳтимол саволим ғалатироқ туюлар, лекин сўрашга мажбурман, – деди чет эллик ҳамкасбим кексаларга, хонадон соҳибларига қараб. – Унга тўлиқ жавоб бермасангиз ҳам майли. Чунки сезиб турибман, буни икки оғиз сўз билан ифодалаб бўлмайди. Лекин мана сизлар, икки оддийгина одам (ҳатто ўғилларингиздаги олий маълумот сизларда йўқ) мана шундай улуғликка, инсон орзу қиладиган оилавий фароғатга қандай қилиб эришдингиз?
Уй бекаси «Дадаси, сиз гапиринг!» дегандек имо қилди.
– Ҳаёт, турмуш деганлари ҳам бамисоли эртакдек гап. Одамзод ўз умрида «Ур, тўқмоқ!» қа ҳам, «Очил, дастурхон!»га ҳам рўбарў келаркан. Бу ҳаётнинг синовлари. Лекин инсон ҳар қанақа кунида яхшиликни орзу қилсин, яхшиликка интилсин. Покиза ниятлар одамни ҳар қандай оғир кундан ҳам омон олиб чиқади. Биз бунга ўз ҳаётимизда неча бор ишонч ҳосил қилдик…
…Уруш бошланганида ёш эдик. Икки ўғлимиз энди оёққа кирган эди. Эл қатори фронтга кетаман, деб тайёрландим. Олиб қолишди. Шаҳримизга уруш бошланиши биланоқ жуда кўп завод ва фабрикалар эвакуация қилинди. Саноқли кунойларда ишга туширилди, очиқ ҳаводаёқ фронтга зарур маҳсулотлар берила бошланди. Фронт орқаси ҳисобланса ҳам бу ернинг шароитини фронтдан осон деб бўлмасди. Бунинг устига, қора совуқ. Ҳаммаси бир бўлиб одамни ютгудек. Электр кучи етишмай, трамвайлар тўхтаб қолади. Шаҳарнинг нариги чеккасидаги тўқимачилик комбинатига саҳар туриб, пиёда кетаман, ярим тун қилиб қайтиб келаман.
Бир куни тунда қайтсам, опангиз кичик ўғлимизни бағрига босганича юм-юм йиғлаяпти. Бола ҳам ўпкаси шишганича энди ухлаган шекилли, уйқу аралаш ҳиқиллаб турибди.
– Нима гап? – дедим юрагим орқамга тортиб.
– «Нанна-нанна» деб ҳол-жонимга қўймади, лавлаги қайнатиб берсам отиб юборди, – деди опангиз. Шундоқ дедию, ўзи ҳам роса йиғлаган шекилли, шишган қовоқларини рўмоли билан беркитди. Ҳали йигирма бешга кирмаган эди опангиз. Ўша куни пайқабман, сочлари мош-гуруч бўлиб қолибди. Ичимда нимадир узилгандек бўлди. Чидаб туролмадим. Боғ ҳовлида ота-онам туришарди. Саҳар бўлмай етиб борибман. Онам бечора хавотирда эшик очдилар. Ўзимни тута олмай, йиғлаб юборибман: «Ўғлим нон деб йиғлаяпти!» Шунда онам олдин мени овутиб: «Бу кунлар ҳам унут бўлар, болам, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши – ёруғ! Ҳали қараб тур, ўғилларинг шундай йигит бўлсинки… Вақти келиб бир ҳовли бўлиб, тўкин дастурхонлар атрофида ўтирасизлар… Бу кунлар бутунлай унутилади…» дедилар. То ишга кетадиган пайтимгача онам билан узоқ гаплашиб ўтирдик. Азонда мени ишга кузатибдилар-у, ўзлари заборга бериладиган ярим буханка нонларини олиб, набиралари олдига келибдилар.
Ойим айтганларидек, у кунлар ўтиб кетди. Лекин унут бўлгани йўқ. Унутиб бўлмайди у кунларни.
Инсоннинг инсонлиги онасига бўлган меҳридан бошланади, менимча. Инсон бир кунда инсон бўлиб шаклланиб қолмаганидек, оналаримизга бўлган улкан муҳаббатимиз ҳам заррама-зарра йиғилиб, улғайиб, бутун умринг давомида қалбингни илитиб, йўлингни ёритиб турадиган машъалга айланаркан.
Қуйидаги ҳаётий қатралар – оналаримизнинг бизга қолдирган, бизга юқтирган боқий қадриятлари зарраларидан намуналардир.