Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 33

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 33 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ОНАЛИК – УЛУҒЛИК

* Она бўлиш – Оллоҳнинг инояти билан авлодлар занжирини жисми бекам зурриёдлар билан улашга қодирликни туйиш саодатидир.

«Жаннат – оналар оёғи остидадир» деган ҳадиси шариф оналарнинг нақадар ортиқ ҳурмату муҳаббатга лойиқликларини кўрсатади.

Дунёга фазилат ва камолот соҳиби сифатида танилган ҳазрат Имом Ғаззолий ўзларининг неча асрлардан бери авлодлар қалбини нурлантириб келаётган «Айюҳал валад» («Эй, фарзанд») китобларида «Жаннат – оналар оёғи остидадир» ҳадисини шундай талқин этадилар: «Бу – ҳадиснинг маъноси. Пайғамбаримиз маънони умматга рамзли, қисқа, бадиий ва гўзал бир тарзда етказмоқдаларки, ақли бор одам буни англайди.

Оёқдан мурод – онанинг розилиги, жаннатдан мурод – Оллоҳнинг розилигидир. Бошқачароқ айтганда «Онанинг розилигини олсанг, Оллоҳнинг ризолиги (жаннат)га етган бўласан!»

Жаннатга киришга лойиқ бўлиш учун ота-она ризолигини олиш зарур. Уларни хушнуд ва хурсанд қилиш зарур».

Бу борада яна қуйидаги ҳадисларни ҳам эслаб қолсангиз маъқул бўлади:


Ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларида бўлиш намоз, рўза, ҳаж ва жиҳоддан ҳам савоблироқдир.

Ота-онасига яхшиликлар қилиб, яхши муомалада бўлиб, уларни мамнун этган кишининг умри баракали, узун бўлади. Аксинча, уларни ранжитиб, хафа қилган кимсанинг умри қисқа бўлади.

Оллоҳ ота-онанинг фарзанд учун қилган яхши дуоларини ҳам, бад дуоларини ҳам рад этмайди. Фарзанд учун икки дунё саодати – ота-онанинг икки лаби орасидадир. Она дуосига лойиқларнинг йўли ҳамиша очиқдир.

* Ҳадисларда аёлларга ҳомиладор бўлиш, туғиш, болаларни эмизиш, тарбия бериш, фарзандларга марҳаматли бўлиш башорат қилинган. Булар устига яна намоз ҳам ўқисалар, жаннатга киришлари шубҳасиз дейилган.

* Она боласини дунёга келтиради, тириклигининг қуввати бўлган сути билан уни тўйдиради, қучоғида ўстиради, суюкли юрак мевасининг роҳати учун ширин уйқусидан, бутун тинчлигидан кечади. Унинг тарбиясию бахтли бўлиши учун жону юрагидан тиришади. Унинг учун чекмаган жафоси, қилмаган фидокорлиги қолмайди. Тириклигининг сўнгги нафасига қадар уни севади. Боласининг бироз боши оғриса, унинг саломатлигини қайтариш учун молу жонини беради. Шунинг учун боласини жоним деб чақиради.

* Ҳар гал чақалоқни қўлингизга олиб эмиза бошлаганингизда, шу саодатли сонияларни сизга инъом этган ягона Яратувчига шукр қилиб, қудратига ҳамду санолар айтинг, унинг улуғлигини тан олинг. Йўқдан бор қилган болангизга «Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм!» билан кўкрак тутинг.

Кексаларимиз «бисмиллаҳ» билан кўкрак эмган боланинг юзи фариштали, қалби нурли бўлади, дейишади.

* Чиллали чақалоқ хонасида ҳам худди янги келин-куёвлик даврингиздаги каби тунлари чироқ ёниб турсин.

* Момоларимиз азал-азалдан уни асрайди, деб чақалоқнинг ёстиғи остига кулча нон қўйишни одат қилишган. Яхши иримни сиз ҳам тарк этманг.

* Чақалоқнинг танглайини кўтариш, қулоғига азон айтишни синашта, фариштали, пок ниятли нуроний кишилардан илтимос қилинади. Яхши дуолар билан танглайини кўтаришнинг, пок нафас билан қулоғига «Оллоҳу Акбар!» етказишнинг хосияти иймони саломат, комил инсон тарбиялашдир.

* Чақалоққа қариндошларнинг бирига ҳавас қилганингиз учун унинг исмини қўйишга қарор қилинса, албатта улардан розилик сўраш керак. Борди-ю сизнинг исмингизни қўйишса, ўзингиздаги бор нуқсонларни йўқотишга, кишиларнинг ҳавасига лойиқ бўлишга ҳаракат қилинг.

* Ота-оналарингиз ёки бирон табаррук кишининг исмини болаларингизга қўйсангиз, уларни сизламоққа, иззатини жойига қўймоққа, тарбиясига назокат билан ёндашмоққа одатланиш керак. Аммо оилада ундан бошқа болалар ҳам бўлса, уларни бир-биридан кам кўрмасликка, бирини сизлаб, бошқасининг кўнглини чўктирмасликка ҳаракат қилиш керак бўлади.

* Болани эмизишдан олдин покланиб олиш ёдингиздан чиқмасин. Либос ва баданингизни ҳамиша тоза тутинг.

* Эмизикли аёл олдида шовқин-сурон кўтариш, беўхшов ҳазил қилиш, чўчитиш ярамайди, акс ҳолда унинг сути қочиши мумкин.

* Болани эмизаётган дастлабки пайтда чақалоқдан ортган сутни соғиб олинг. Лекин бу сутни ҳар ерларга тўкманг, яхшиси гулнинг тагига оҳиста қуйилгани маъқул. Сутни соғиб оладиган идишингизга бегоналарнинг назари тушмасин.

* Боланинг сочи, тирноғини олганда ҳам эҳтиёт бўлинг. Боланинг қорин сочига биринчи бўлиб табаррук одамлар қайчи урадилар. Кексалар боланинг сочини гулнинг тагига, олинган тирноқларини тоза жойга кўмиш даркор, деб насиҳат қиладилар.

* Чақалоқнинг кийимлари, айниқса чилласи чиққунига қадар алоҳида совунда, алоҳида тоғорада ювилади. Боланинг кийимлари қоронғуда қолса, бола учиниши мумкин.

* Боланинг бир сидра идиш-товоғини ҳам алоҳида тутиб, ҳамиша озода сақланишига эътибор беринг. Токчада бир чеккада турган пиёла, қошиқча ва боланинг бошқа идишларининг устига тоза сочиқ ёпиб қўйинг.

* Пичоқ, қайчи, теша, болта каби кескир, ўткир буюмлар болаларнинг кўзидан узоқроқ турсин.

* Онанинг эҳтиётсизлиги туфайли куйиб қолган болада онанинг ҳаққи қолмайди, деб огоҳлантиришади момоларимиз. Шунинг учун иссиқ чой, чойнак-пиёла ва овқат солинган бошқа идишларни боладан нари тутинг.

* Бармоғингизда тилло ёки кумуш узук бўлсин. Шунда рўзғор ишларини бажарганда ва кир-чир ювганда қўлингиз покланиб туради, деб огоҳлантиришади момолар.

* Болани эмизаётганда, йўргаклаётганда, хуллас унга яқинлашганда сочларингизни турмаклаб, рўмол ўраб олишни унутманг. «Соч – фалокат» дейишларининг боиси, унинг узун толаси боланинг қўлига, бўйнига, оёқлари ёки бошқа нозик жойларига ўралиб қолиб, азоб бериши ёки бирон ёмон оқибатга олиб келиши мумкинлиги бўлса ажаб эмас.

* Тунлари боланинг бир меъёрда эмиши онага роҳат бағишлаб, кўзига уйқу келтиради. Ғафлат босиб ухлаб қолиш фалокат эшигини ланг очиш демакдир. Минг чора қўлласангиз ҳам зинҳор ухлаб қолманг.

* Алла айтишни ўрганинг. Майин, мунис овозда айтган аллангиз болангизнинг қалбини тўлдиради, сизнинг қалбингиздаги айрим нохушликлар ўрнини эса умид эгаллайди. Ҳакимлар алла айтган аёллар дардга чалинишдан йироқ бўладилар, дейишади. Чунки алла айтгувчилар томиридан ҳаёт, меҳр, фидойилик, бир сўз билан айтганда эзгулик оқади.

* Умрида алла тўқимаган, уни алоҳида, фақат ўзигагина хос қалб оҳанги билан куйламаган она бўлмаса керак. Майли, у шу аллани бошқаларнинг сўзи билан айтсин, лекин унинг ўз оҳанги, ҳатто сўзсиз ифода этадиган минг бир тўлғонишлик, минг бир мунислик, минг бир шукрлик бетакрор куйи бўлади. Онанинг алласи – бу унинг меҳрини, шукрини, орзу ва яхши ниятларини ниҳоятда сокин, ниҳоятда тиниқ ифода этадиган бетакрор шоҳ асаридир, дейдилар.

* Бола эркини бўғишлик, унга зуғум ўтказишлик, уришиб, қарғаш, калтаклаш худо олдидаги, инсоният олдидаги энг катта гуноҳдир. Тарбиянинг бундай усуллари болани тундликка, биқиқликка олиб келади. Бола учун бу энг катта таҳқирликдир. Бу таҳқирлик унинг қалбчасида ўзи сезмагани ҳолда ёмон энергиянинг йиғилишига олиб келади. Охир-оқибат бу энергия исёнга сабаб бўлади ва ёмон портлаши мумкин. Бу – онанинг ўз боласидан айрилишидир.

* Болаларнинг мустақиллигини, ташаббусини «сен ҳали ёш боласан, ақлинг етмайди» деб бўғаверишлик боланинг катта бўлганида лоқайд, тепса-тебранмас бўлиб қолишига сабабдир.

* Болалар тарбияси фақат буви-буваларга, ота-оналарга хос деб ўйласангиз, хато қиласиз. Аксарият ақлли оналар болаларидан кўп нарсани ўрганадилар. Улар билан дўст, сирдош бўлганлари мукофоти тариқасида қалблари ёш бўлиб қолади, ҳар соҳадан билимлари ортади.

* Она учун энг азиз нарса – болаларининг унга бўлган ҳурматидир. Бундай ҳурматга эришган ва уни йўқотмаслик учун тинмай ҳаракат қилган оналарнинг жамиятда ҳам катта иззат топиши кундек равшан.

* Она учун энг олий мукофот – болалари ҳақида яхши гап эшитишдир.

* Донишмандлар фарзандларга яхши тарбия бериб, уларни комил инсон қилиб ўстиришликни маъданларни олтинга айлантириш билан тенг мураккаб меҳнат, дейдилар.

* Оналар ўз фарзандларининг дили пок ва мусаффо бўлишига эришмоқлари лозим. Донишмандлар пандномасида шундай дейилади: «Мабодо руҳ нафсоният натижасида зангланиб қолган бўлса, дил жило топиши зарурдир, шунда руҳ ҳам покланади».

* Боланинг жисми дардини ҳам, дили дардини ҳам биринчи бўлиб онаизор англайди. Бу дардлар давосига минг бир чора излагувчи, топгувчи ҳам – онадир.

* Оналарнинг қалбидаги туганмас меҳр ва ўз болаларидан ҳамишалик хавотир олиш ва ташвиш чекиш фақат ўзлари билан йўқ бўлиши мумкин, дейиш ҳам тўғримас, чунки ундаги кўп яхши фазилатлар болалари, набиралари дилида қолади.

* Аёллар ўз умри давомида кўрадиган ҳурмат ва эъзознинг ярми яхши аёллиги учун бўлса, ярми яхши оналиги учундир.

* Фарзандлар тарбиясида қўлланиладиган минг бир усулни, тўғри йўлни танлашни оналарга уларнинг ўз ҳурматларини, ўзликларини нечоғли яхши англашлари кўрсатиб беради. «Олма тагига олма тушади», деб бежиз айтилмайди.

* Фарзанд онанинг иккинчи «мен»и, унинг бу дунёдаги қайтариғи, юрадиган йўли, кўрадиган кўзи, айтадиган сўзи, ҳаётининг мазмунидир. Оналар бу давом ҳаётларининг ўзлариникидан бахтлироқ, мазмуни бойроқ бўлишини исташлари ҳам табиий. Оналарнинг ўз болалари олдидаги масъулиятларининг катталиги шундан.

* Оналик туйғуси аёлнинг ёши ўтиб бориши билан тобора камолга етиб, чуқурлашиб, салмоғи оғирлашиб бораверади. Оналарнинг, айниқса буви бўлгач, оналик саодати билан ёшларни, янги она бўлганларни ошно қилиб бориши, йўлга солиши – улар зиммасидаги улуғ бурчдир.

* Аксарият оналарнинг қалби тоза, ақли тиниқдир. Бунга сабаб уларнинг қалби маънавиятимиз ёғдуси билан тўлиқлигидир. Бундайларнинг иродаси мустаҳкам бўлиб, ҳаётнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий силсилаларига тиз чўкмайдилар, қирқ жонларининг ҳаммасига қувват топадилар.

* Болангизнинг қалбига энг кичиклигидан меҳрни, ҳалолликни, ички-ташқи покизаликни, ҳурматни, энг муҳими шафқат ва ҳамдардликни сингдирган бўлсангиз, эртага унинг бировга ҳамдард бўлишдан, бировга яхшилик қилишдан завқлангани ва ҳузур қилганини кўриб, ўзингиз улуғлик пиллапоясидан янада юқори кўтарилганингизни сезасиз.

* Донишмандлар оналикнинг ҳеч қачон нурамас биносининг ғиштлари асли меҳрдан, нозикликдан, сабр-тоқатдан, кечирувчанликдан ясалган дейишади.

* Оналарнинг ўз болаларини яхши тарбиялаганлари оқибатида эришган бойлик ва фаровонликлари энг ҳалол бойлик ва фаровонликдир.

* Оналар фидойилик ҳақида кам гапирадиган, айни пайтда фидойилик намунасини ҳар дамда кўрсатишга қодир бўлган зотлардир. Оналарнинг киши билмас башариятга ўтказадиган бу қарзини ҳеч ким ҳеч қачон уза олмайди.

* Оналарнинг муҳаббатини қуёшнинг ҳарорати билан тенг, дейишади. Аммо айнан шу меҳри қуёш оналар фарзандларининг кичик меҳр шуъласи билан ҳам қаноатланадиган зотлардир.

* Ердан ҳам вазминроқ – онадир, осмондан ҳам буюкроқ – онадир. Лекин дунёда энг камтарин ва энг камталаб зот – оналиги ҳам рост.

* Яхши одамлар кўпайсин деган жамият яхши оналарнинг кўпайишига ғайрат қилмоғи керак.

* Миллатнинг келажаги оналарнинг қўлида, дейишади донолар.

* Онанинг ўз меҳрини қўшиб берган оши боласига дунёдаги энг ширин таом бўлиб уннайверади.

* Ҳадисларда айтилишича: кимки учта қиз фарзандини ўстириб, тарбиялаб, вояга етказиб, муносиб жойларга узатса, унинг мукофоти жаннатдир.

* Ҳурмат бобида она билан баробар бўлган зот – холадир.

* Қизининг келин бўлиб тушган жойи йўриғига юриб, хонадонининг суюкли бекаси эканини ҳис қилган она бахтига тенг келадиган бахт йўқ. Зеро, бу унинг кўп йиллик имтиҳондан аъло ўтганининг мукофотидир.

УҚУВ, ИДРОК, БИЛИМ БОРАСИДА

Ҳадисларда илм ҳақида шундай дейилади:

* Илм дунёда – қувват, охиратда – шараф.

* Илм – ибодатдан афзал.

* Илм – хазина, унинг калити савол. Сўранглар, Оллоҳ марҳаматини аямайди, тўрт кишига – сўраганга, муаллимга, қулоқ солиб турган ва уларга хайрихоҳ бўлганга ажр беради.

Мақоллар илм ҳақида:

* Илм – ақл булоғи, ақл – яшаш чироғи.

*Илм – эгарланган от, билганга – дўст, билмаганга – ёт.

* Илм – бениҳоя, керагини ол.

* Илм олишнинг эрта-кечи йўқ.

* Илм истасанг, такрор қил.

* Илм ва одоб – таги йўқ хазина. Кимки унга эга бўлса, қадру қиммати баланд бўлади.

* Бахт белгиси илм ва ақлдир.

* Билимдон ўз билимлари туфайли бало-офатлардан омон қолади.

* Уқув-идрок қоронғу тундаги машъалага ўхшайди. Билим эса ўша машъаладан таралаётган нурга қиёс. У кишини ёритади, унга рўшнолик беради.

Уқув қут беради, билим – шараф-шон,

Шу иков туфайли улуғдир инсон.

* Билимни буюк бил, уқувни чуқур,

Бу иккиси бирла ғофил уйғонур.

Уқувли тушунар ҳам билимли бўлар,

Билимли уқувли тилакка етар.

* Эга бўлинадиган нарсаларнинг энг шарафлиси илмдир.

* Ҳурмат кишининг уқув-идрокидан келади. Уқув-идроксиз киши бир ҳовуч кепак билан тенг.

* Уқув-идрок кишини покиза қилади. Билим эса юксалтиради. Инсон заминдаги бошқа мавжудотлардан ўз билими билан фарқланади.

* Дунёдаги турли-туман санъат, сон-саноқсиз ҳунарлар уқув ва билимга таянгани учун мақталади, тиллардан тилларга кўчиб юради. Уқув-идрокдан озгина улуш олган киши ҳам талай наф кўради.

* Билим аслида битмас-туганмас бойликка ўхшаш. Аммо унинг бошқа бойликлардан туб фарқи бор:

Билим бойлик ахир, заволдан йироқ,

Уни ола билмас қароқчи бироқ.

* Илмдур туганмас хазина, бойлик,

Бахтлидур илмла ким айлар дўстлик.

* Билимлиларнинг ишни ҳал этиш усуллари шундай: ишда ўзларини қўлга ола биладилар, барча ишларни тўла ва тугал адо этадилар. Бундайлар тилакларига етадилар, мақсадларига осон эришадилар.

* Одам қаҳрланса, билимсиз бўлади, жаҳл келса, ақл кетади.

* Киши эзгулик, яъни яхшилик қилиши керак. Эзгуликнинг ҳар бир иши чиройли, ҳар бир қадами гўзал. Яхшилик қилишга одатланган одам асло қаримайди. Кексайганда ҳам очиқ чеҳра билан дили равшан юради. Қалби эзгуликка тўла киши ҳар куни янгидан-янги тилак ва мақсадларга эришаверади.

* Одамзод наслининиг улуғлиги билимдан. У ақл-идрок туфайли не-не тугунларни ечишга қодир. Уқув-идрок ва билим эгаси бўлган ҳар қандай одам шарафлидир.

Билимни буюк бил, уқувни улуғ,

Шу иков улуғлар кишини тўлиқ.

* Кимда бўлса ақлу илм ҳам тамиз,

Ақлу дониш аҳлин тутади азиз.

* Уқув қайда бўлса, улуғлик бўлар,

Билим кимда бўлса, буюклик олар.

Уқувли уқару билимли билар,

Билимли, уқувли шодликка тўлар.

* Илмингиз ҳар қанча кўп бўлса ҳамки, ўзингизни илмсиз ҳисоблаб яна илм ўрганишга киришинг. Молу давлатингиз билан эмас, илм, ҳунарингиз, гўзал хулқ-атворингиз билан ифтихор қилинг.

* Билимдонга бало йўқ.

Билимсиз кишида касаллик бўлар,

Касал эмланмаса, яшамас, ўлар.

* Илм агар оз бўлса ҳам ҳеч этма хор,

Оз билимнинг ҳам буюк қиймати бор.

* Билим мисоли бир сеҳрли жилов. У кишини барча ёмон, ярамас ишлардан тийиб туради.

* Кимки илм уруғини сепса, улуғлик мевасини теради.

* Ақл-идрок эгаларининг нафи ҳар доим кўпчиликка тегиб туради. Билим эгалари элда азиз бўлади, ҳурмат қозонади. Барча мураккаб ишлар билим билан ҳал этилади.

* Илму ҳунар елга эмас, элга берилади.

* Билим инсоннинг инсонийлигини оширади. Дунё шодлигини олмоқчи бўлган одамга чора – эзгулик. Эзгулик кўрмоқчи бўлган одамнинг ўзи бошқаларга ҳам эзгулик қилиши лозим.

* Тўрт нарса улуғликка даъват этади: илмни эъзозлаш, ёмонликни яхшилик билан бартараф қилиш, ғазабни ютиш, саволга дилдан жавоб бериш.

* Донолар илмни молу мулкдан афзал дейдилар. Айтишларича, илм мағиз бўлса, мол унинг пўсти, илм гул бўлса, мол унинг ҳидидир. Доно кишилар доимо ўша мағизни қўлга киритиш учун заҳмат чекканлар. Чунки илм, аввало, фазилатли кишилардан мерос бўлса, мол ҳорун ва ҳамоннинг меросидир. Иккинчидан, илм камтаринлик келтирса, мол манманлик келтиради. Учинчидан, илмли кишининг дўсти кўп бўлса, молдор кишининг душмани кўп бўлади. Тўртинчидан, молдор кишилар ўта хасис ва бахил бўлсалар, илмли кишилар саховат эгаси бўладилар. Бешинчидан, илм дунёда обрў келтирса, мол-дунё азоб келтиради. Демак, илм ранжи кишининг хазинаю ганжидир. Мол-дунё ганжи эса бошдан-оёқ ранжидир.

* Аёлларга билим маънавий гўзаллик ато этади, маънавий гўзаллик эса маълумотдан, мансабдан, ҳусндан, кийимдан кўра ишончлироқ обрў-эътибор келтиради.

* Ички олам ташқи оламни белгилашига шубҳа йўқ. Онги қолоқ, маданияти ночор, феъли оғир қиз ҳусну латофатда тенгсиз бўлса ҳам, маънавий гўзал бўла олмайди.

* Ким нима деса, ўшаники маъқул деб кетаверадиганлардан ҳеч қачон ақлли фикр чиқмайди. Улар ҳар жиҳатдан ожиз одамлардир. Ўз мустақил фикри, дунёқараши, одаму оламга ўз баҳосига эга бўлган кишилар тоифасида бўлсангиз, ҳаётда қийналмайсиз.

* Донишмандлар ҳамиша аёллар ҳам эркаклар каби истеъдодга эга кишилар эканини, улар ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ эканликларидан ташқари оиланинг асосий тарбиячилари бўлганликлари учун ҳам, зарур илм эгаллашлари кераклигини эътироф этишган.

* Донишмандлар илм устозини – ота мақомида, ҳунар устозини – она мақомида кўришни уқдирадилар.

БАХТЛИ БЎЛАЙ ДЕСАНГИЗ…

* Оила муқаддас ва нозик қадриятлар устига қурилган. Эрхотин бир-бирига Оллоҳнинг муқаддас омонатидир. Омонат яхши сақланмоғи, унга хиёнат қилинмаслиги зарурдир.

* Аёллигингизни англаш, ўзингизни таниш, ўзлигингизни билиш учун ҳам вақт-вақти билан, айниқса турмуш қургандан кейин Қуръони Каримни олиб, ушбуга ўхшаган оятларни ўқиб туришингиз, маъносини уқиб олишингиз керак: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар таскин топишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» («Рум» сураси, 21-оят).

Англаяпсизми, Оллоҳ таоло башарият отаси Одамни яратиб, унинг ҳаловатли турмуш қуриб, сукунат топиши учун жуфтини – Ҳавони яратгани, уларнинг орасига муҳаббат ва раҳматни солгани ҳақида айтиляпти. Бу – Оллоҳнинг биру борлигининг нишонларидандир, албатта. Ақл-идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп аломатларнинг борлигини эса момоларимиз айниқса аёл, она оилада осойишталик, оқибат, меҳр ва муҳаббат муҳитини яратувчи зотлигига ишорат деб тушуниб келганлар.

* Аёл туйғулари ақлидан устунроқдир. Севгисини ҳам, нафратини ҳам эркакдан кўпроқ билдиради. Оз нарсага севиниб, кичик нарсадан хафа бўлишини ёдда тутиш лозим.

*Аёллар эса эрларини беҳузур қиладиган сўз ва ҳаракатлардан тийилиши, уларга ишониши ва ишончларини қозониши, уйини, эрини, болаларини ҳар жиҳатдан озода тутиши, заковати билан эрининг ўзига боғланишини таъмин этишлари керак.

* Хотин эри истамаган кишилар билан кўришмаслиги, уйга эри истамаган кишиларни қўймаслиги, аёллик номуси ва шарафини асрашга ҳаракат қилмоғи керак.

* Яна эсингизда тутинг: Агар эрингиз барча бўш вақтини сиз учун сарфлашини истасангиз, унга ҳеч қаерда кўрмаган, ҳис қилмаган иззат-икром ва лаззатлар ато этинг.

* Келинлик даври аёлнинг кейинги умри пойдевори деб бекорга айтилмаган. Турмуш қуриш, оилани гард юқтирмай сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида риёзат чекиш – бу катта жасорат. Энг муҳими, оила қуриб бахтиёр яшаш, муносиб келин бўлиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Унутмангки, келин бўлиш бахт, келинлик вазифаси ва ахлоқ-одоби эса катта маҳорат, ирода, қунт ва меҳнат талаб этадиган юксак санъатдир.

* «Чиққан қиз – чиғириқдан ташқари», деган гап бор. Оила қурдингизми, демак, шу хонадон сизнинг ўз уйингиз, қадрдон гўшангиз. Унга кўнгил қўйинг, ҳамиша ҳаммага очиқ чеҳра, ҳаё ва иффат билан, ақл-фаросат билан муомалада бўлингки, улар ҳам сизга ҳавас қилишсин, меҳр қўйишсин.

* Узоқни кўрмайдиган баъзи келинлар ўз уйларига борганда ўзларини «эзилган», «азоб чекаётган», «қўли косов, сочи супирги» эканлигидан доим нолий берадилар. Албатта, бунда ёлғонни ишга соладилар. Ёлғон аралашган хонадондан файз кўтарилади. Эр-хотин орасида ишонч ва самимият йўқолади. Қудалар ўртасига совуқчилик тушади.

* Қудалар ўртасида меҳр пайдо қилувчи ҳам, совуқчилик туширувчи ҳам, бир сўз билан айтганда, икки оилани пайвандловчи – келиндир. Иккала уйингиз одамлари ҳақида фақат яхшисини гапиринг. Ёмонни озгина яшириб турсангиз, унинг яхши мевасидан кўп ўтмай, албатта баҳраманд бўласиз.

* Эрингиз ҳар вақт «Шукур, мақсадим ҳосил бўлди!» деб севиниб, сўзлаб юрсин ва сиздан рози бўлсин десангиз, унга ҳамиша йўлдош бўлиб, шодлик ва қайғу кунларида бирга шодланувчи ва қайғурувчи ўртоқ бўлинг.

* Эрингизнинг яқин кишиларини, айниқса, қайнота ва қайнонангизни ҳурмат қилинг, уларни ўз отангиз ва онангиз қаторида кўриб, болаларини ака, ука, опа-сингилларингиз ҳукмида ҳисоб қилинг. Насиҳатларини тинглаб, уларга амал қилинг.

* Эрингиз икки ўт орасида қолиб қийналмасин, уйдан фаришталар учмасин десангиз, янги оила аъзоларининг хулқ ва табиатларини яхши ўрганиб муомала қилинг, улар билан орангизнинг бузилишидан сақланинг.

* Эрингиздан сир яширманг, ундан бошқа ҳеч кимга сир айтманг.

* Эрингиз ёнида бирон киши бўлса, эрингизга қарши бир оғиз ҳам сўз айтманг. Эрингизнинг бирон ножўя одати бор бўлса, ёнида ҳеч ким бўлмаган вақтда ўзига айтиб, уни яхши йўлдан юришга кўндиринг.

* Эрингизнинг севмаган ишларидан, кўнгли тўлмайдиган, рашкини келтирадиган одатлардан узоқ бўлинг.

* Қайнонангизнинг бажаришига ёки сизга бирон юмуш буюришига қараб турмасдан, кучингиз етадиган ишларни ўз фаросатингиз билан қўлингизга олиб, унинг ризолигига ва дуо қилишига эришинг.

* Болаларингизнинг эрингизга, эрингизнинг болаларингизга муҳаббатли бўлишига ғайрат қилинг.

*Болаларини севган эрлар кўп вақт тавфиқли бўладилар. Болалари билан овуниб, шодланиб, ножўя йўлларга қадам қўймайдилар.

* Эрингиздан бир нарсани сўрасангиз, уни бир-икки марта эсига солинг, шундан ортиқ ҳадеб қистаб, безор этманг.

* Эрининг ёнида юрувчи, ўйнаб-кулиб хизмат қилувчи хотинларни ёмонлашга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.

* Эрингиз ишга отланса, ҳамма нарсасини тайёрлаб, очиқ чеҳра билан кузатинг, ишдан келганда ҳам шодлик билан кутиб олинг.

* Турмуш ҳамма вақт бир хил кечмайди. Турмушнинг шод кунлари бўлгани каби заҳарли, тиканакли кунлари ҳам бўлади. Эрингиз билан орангизга совуқчилик тушса, ўзингизни оғир тутинг, қизишманг, юзингизни буриштириб, кўзингизни чақчайтириб, бақириб-чақирманг. Яхши муомала қилинг. Сўзингизда ҳақли бўлсангиз, мулойимлик ва ётиғи билан тушунтиринг. Эрингиз бу гўзал муомалангизни кўриб, ғазабдан тушади, муҳаббати яна ҳам зиёда бўлади.

* Болаларингизни яхши тарбиялаб ўстиринг, гўзал хулқларга одатлантиринг.

* * *

Агар ота ва она ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият, илиқлик, меҳр-оқибат, муҳаббат бўлмаса, болаларга юқтирмоқчи бўлган ҳамма яхши хислат ва фазилатлар зое. Гарчи уларни юқтиришда биз энг тўғри, энг оқилона тарбия йўлини танлаган бўлсак-да, бу воситалар ожиз бўлиб қолади.

* * *

Бахтингизнинг бутун бўлишини истайсизми? Унда шу бир бутун бахт томон энг қийин ва оғир йўлни танланг: эрингиз билан фикрингиз бирлигига, орзу-умидларингиз бирлигига, интилишингиз бирлигига, маслагингиз бирлигига эришишга ҳаракат қилинг.

* * *

Эркаклар бахтни бой бериш, хиёнат изтиробларини аёлларга нисбатан енгилроқ кечиришади, деган фикрга қўшилиб бўлмайди. Йўқса, улардан бири айтган бу сўзлар кишини бунчалик ўртамас эди: «Ишқилиб, мендан топмаганингни бошқадан изламагин…»

«Аёл кишининг хиёнати «Мен эримдан яхшироқ кишига лойиқман», деган ўй хаёлидан кечган лаҳзадаёқ бошланади…»

* * *

Ота ва онанинг тенг меҳри, ардоғида яйраган болагина оилага ҳақиқий пайванд бўла олади. Боланинг кўзи иккисини ҳам кўриб туриши, қўлининг қуввати ва тирагини сезиб туриши, иккисининг муҳаббатидан тенг қониб туриши керак. Кўпинча ажралишаётганлар боланинг икки жинс маҳсули эканини унутишади. Оналар болани ўзида олиб қолса, одатда бола кўзига отани даҳшатли қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Шунинг ўзи билангина улар бир умр ўзларига «ёлғиз она»ликнинг оғир ёрлиғини бўйниларига осадилар. Бунинг бола дунёсидаги руҳий оқибатлари дахшатини тасаввурларига келтира олмайдилар. Тасаввур қилишга ё онглари етмайди ё маданиятлари. Бугун уларнинг бола қалбига етказган, кичкинагина бўлиб кўринган жароҳатлари бир фасл ўтиб, ўзларига катта патос бўлиб қайтади: аксарият бундай она ва бола (ёки ота ва бола) руҳан қарама-қарши қутбларга ажралиб кетишади.

* Куч-қувват билан қилиб бўлмайдиган ишларни яхши хотинлар ўз ақллари билан қила олишларини унутманг.

* Бахтли бўламан десангиз, бир қўлингиз билан ишингизни, мансабингизни, мавқеингизни, иккинчи қўлингиз билан эса уйингиз, оилангиз, эрингиз, болаларингиз, энг муҳими, аёллигингизни маҳкам ушланг.

* Аёл кишини бахтли қиладиган манбалар унинг аввало эрига, оиласига меҳри-муҳаббати, оналик фидойилиги, жигаржонлиги, оиласининг яхши, намунали оила бўлишига интилиши, пок, яхши ниятларидир. Ана шу туйғу ва истаклар унинг жонини қирқта, ўзини чарчамас, юрагини ўтли қилади.

* Эрингизнинг ҳар соати, ҳар дақиқасини тергайверманг. Қадимгиларнинг «Эр қўриган хотин – аҳмоқ» деган гапи бўларди. Эрга заруратсиз ишончсизлик кўрсатиш унинг оиладан ихлосини қайтаради, ташаббусини ўлдиради.

* Эрингизнинг кучи, иқтидори, энг муҳими, хоҳиши борида оила равнақи учун уринишларига рағбат беринг, парвозига қанот беринг, ҳалол топишига ёрдам берингки, меҳнатидан завқ олсин, болалари олдига келганда чарчоғи ёзилсин, ҳаётнинг зийнати оила эканини ҳис қилсин.

* Эрим билан тенг келаман деб уринманг, аёл кишининг буюклиги эри билан тенглигида эмас, бир поғона пастлигидадир.

* Аёл киши оиласининг тинчи, болаларининг саломатлиги деб ўзини кўпдан, борди-келди, тўй ва ҳашамлардан вақтинча сал четга олиб туриши билан ҳам иззат топади.

* Эрингизга қилган ҳар бир ўринсиз талабингиз оиладан фариштани қувади, унинг бунга жавобан эшикни зарда билан қарсиллатиб ёпиши эса рўзғордан баракани кетказади.

* Жуфт қанотнинг парвози ўзгача бўлгани каби эру хотиннинг бир хилда нафас олишининг файзу баракаси ҳам бўлакча бўлади.

* Эрингизга ёқмайдиган бирон бир иш қилиб қўйганингизда ўзингиз узоқ вақт изтиробда юрганингиздан кўра, вақтида эрингиздан шу иш учун узр сўраганингиз маъқул. Шундай қилсангиз, унинг сизга меҳри ўн чандон ошади, иши баракали бўлади, сиздек жуфти борлигидан, уни ҳурматлаётганингиздан кўнгли тоғдек кўтарилади.

* Жуфтликнинг қудрати бир-бирига ишонишда, бир-бирини аяшда, бир-бирини ҳимоя қила билишда.

* Бегона эркак билан ёлғиз қолманг.

* «Ўз уйим – ўлан тўшагим!» дейди эл. Ўландан юрагинг тўлади, ўландан хуморларинг ёзилади. Ўлан сени юпатади, рағбат беради. У руҳингни тозалайди, феълингни созлайди.

* Оила – булоқларнинг боши ва инсон учун биринчи Ватандир. Ватанпарварлик, инсонпарварлик фазилатлари, асосан, оилада шаклланади. Кишининг бахтли ёки бахтсиз бўлиши ҳам унинг оиладаги аҳволига қараб белгиланади.

* Бошга қилич келса ҳам ёлғон гапирманг. Эгилган бошингизни қилич кесмаслигини ҳам унутманг. Қайнона экан-ку, юраги тош одамнинг ҳам самимий узрдан кўнгли ҳалимлашади.

* Бир марта ёлғони фош бўлган келин, кейин сутни «оқ» деса ҳам бошқалар ишонмайди.

* Ҳамма ҳам бойваччаликка етишни истайди, аммо фаровонлик аста-секинлигини унутманг. Бойликнинг қадрлиси ва умри узоқроғи – ўзингизнинг меҳнатингиз билан эришган бойлигингиздир.

* Бировнинг эри «топағонроқ», қўшнининг қозонида пишгани «ширинроқ» туйила бошладими, огоҳ бўлинг, демак шукроналикни унутдингиз, ичингизни ҳасад ўти куйдиряпти. Кимсиз, қандай яшаяпсиз, маблағни қайдан олаяпсиз, яхшилаб ўйлаб, дилингиздаги ҳасад моғорини тозалаш пайига тушинг.

* Яхши келин номини чиқармоқчимисиз, бунинг энг яқин ва аниқ амали учдир: аввало саховатли бўлинг, яъни борингизни ҳеч кимдан қизғанманг; иккинчиси, қалбингизни кибру ҳаво, гина-кудурат, қасд-ғазабдан покиза тутинг; учинчиси, ҳаммавақт очиқ юз билан хизматда бўлинг. Киши бу дунёга бир марта келади. Одамнинг, айниқса аёл кишининг ўзидан кейин яхши ном қолдирганига нима етсин! Машойихлар деганлар:

 
Боримизни меҳр дастурхонига ҳозир айладик,
Гарчи арпа нонию сиркодин ўзга нарса йўқ.
 

* Келин отлиқ тушган ерида эшитганини, кўрганини ҳамиша ўткир зеҳн билан мушоҳада қилиб турса, кексаларнинг ҳикматли гапларининг мағзини чақса, ақлига ақл, зеҳнига зеҳн қўшилади.

* Ҳеч бир вақтда, ҳар қандай шароитда ҳам уйингиздаги эркаклар – қайнотангиз, қайиноғангиз, эрингиз, қайнингиз, ҳатто жиян болаларга ҳам тик қараб, қовоқ уйиб, зарда билан гапирманг. Елкангиздаги фаришта учади-кетади.

* Келин бўлиб тушган уйингиздагиларнинг катта-кичигини бирдек «сиз»лаб гапиринг. Жавобига меҳр қайтади.

* Ота уйингизга борар бўлсангиз, юмушларни бажариб кетинг, шунда то бориб қайтгунингизча қайнота-қайнонангиз сизни алқаб, дуода ўтирадилар.

* Заруратсиз ҳар уч куннинг бирида отангиз уйига бораверсангиз, чин уйингизга, ўз оилангизга меҳр қўйишингиз қийин бўлади. «Чиққан қиз – чиғириқдан ташқари», дейилгани бир сари.

* Ишда, ўқишда атрофингиздагиларга уй синоатларидан айтаверманг. Тилдан чиққани тез ва кенг ёйилади, аммо дард сизники бўлгани учун ҳеч ким муаммоларингизни ҳал қилиб бермайди.

* Оиланинг қанча кўп чанги чиқса, шунча кўп кулги бўлади. Бир марта оғизга тушиб, сирини ошкор қилиб қўйганлар ҳақида кўплар гапираверади. Шу масалани муҳокама қилишга лойиқлар ҳам, шунга маънан ҳаққи йўқлар ҳам ғийбатини қилаверишади. Ўша оиланинг ички олами яланғочланиб бораверади.

* Оилани муқаддас билиб, сир олдирмаганларга ҳамма ҳурмат билан қарайди. Тил теккизиш у ёқда турсин, аксинча кўпчиликка «Бу хонадондан тиқ этган товуш эшитмаганмиз!» дейишиб, умрига умр қўшишади.

* Сиз келин бўлиб тушган оилангизнинг ўзига яраша қоидалари катта бўлган ерингиздаги тартиб-қоидалардан ўзгачароқ бўлса, бу ердаги одамлар ва сизга бошқачароқ туйилаётган тартиб-қоидалар ҳақида фикр билдиришга кўпам шошилманг. Бу – сизни шу оилага нисбатан терс қилиб қўядиган энг қисқа йўл.

* Келин бўлган оилангиз билан бир жон, бир тан, яъни ўзлариникидек бўлиб кетиш ниятингиз бўлса, зинҳор уйингизга боргандаги еган овқатларингизни мақтаманг. Олиб келганингизни эса писанда қилманг.

* Ҳар бир аёлда ерлилик ва самовийлик мужассам, дейишади. Яхши ният, орзуларни самовийлик руҳиятида қилсангиз ҳам, уларни ерлилик муҳитида бажаришингизни унутманг.

* Ҳамма ниятингиз аввалида жуфтингиз билан қалбларингизни мангуга пайвандлаганини сўраш, нафасларингизнинг ҳамоҳанг бўлишини сўраш, аждодларимиз руҳидан руҳингизга мадад, томирингизга беназир меросидан ўт бериб туришни сўраш, ҳаёт синовларидан муносиб ўтказишни сўраш ва сўраганларингизга амал қилишга руҳан ва жисмонан тайёр туришлик учун қувват сўраш бўлсин.

* Фақирлик айб эмас. Аммо иккала томоннинг ҳам насаби яхши бўлиши муҳимдир. Кўринишга алданиб қолмаслик керак. Кечмиши аралаш-қуралаш оила қизининг нима келтириши маълум эмас.

Жуфтингизнинг насли тозалиги, ўзининг поклигига ишонч қалбингизда ҳамиша турғун бўлсин. Бунга озгина шубҳа қила бошлашингиз билан бахтингиз дарз кетади.

* Ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда бир-бирингизни «эговламанг» ҳам, «арраламанг» ҳам. Худонинг инояти билан эр хотинга, хотин эса эрга энг яқин кишилардир. Яқин кишилар бирбирларининг «оғриқли нуқталарини» яхши биладилар. Табиийки, яқинларнинг кичик зарбаси ҳам очиқ ярага туз сепгандек таъсир қилади. Киши бошқалар, бегоналарнинг энг кучли зарбасини ҳам кўтариши мумкин. Яқинининг арзимас озорини эса кўтара олмаслиги турган гап. Инсон табиати шундай.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации