Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 29 (всего у книги 34 страниц)
– Уйга келгач, раисман, чарчаб келдим, деб оёғимни узатиб ўтириб олсам, она бўлиб, аёл бўлиб уларга – энди ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўра бошлаган келинларим, болаларимга қандай ибрат кўрсатаман? Қайнона бўлганимдан бери кўп разм соладиган бўлганман. Биз каби эл ичида юрган хотин-қизларнинг оиласидаги тиқ этган товуш ҳам атрофга момақалдироқдек бўлиб эшитилади… Қолаверса, майда гапларга вақтнинг ўзи йўқ: мен ишда, улар ишда, кечқурунлари бўлса неваралар билан андармонмиз…
Бу аёлнинг исми Хайрихон Эргашева. У Андижон вилояти Балиқчи туманидаги илғор хўжаликнинг раиси эди. Оллоҳ раҳматига олган бўлсин уни.
* * *
Бундай диққат қилсам, юқоридаги ҳикояларнинг бир нозик томони бор экан. Бирида келин – раҳбар лавозимида, иккинчисида қайнона – хўжалик раиси. Калта ўйлаган айрим дугоналарим «Раҳбар бўлгач, уйда ҳам устун бўлади-да, ҳаммани ўзига қаратади, бундай уйда келишмовчилик бўлмайди, чунки ҳамма ўша катта лавозимдаги қайнона ёки келинга тобе бўлади», деб айтишлари мумкин. Шундаймикин? Мана яна битта раҳбар келиннинг сўзини эшитинг-чи. Унинг исми Тошхон. Фамилияси Ҳожиқосимова. Ҳа, топдингиз, бу ўша – Бўзда донг таратган, замонамизнинг шиддатли, чақноқ қизи Тошхон – Олтинкўл туманининг биринчи раҳбари.
– Тунми, кунми машина Асакага кириб келиши, мана шу уй эшигига яқинлашиши билан хаёлан ўзимни ўзим барча лавозим, довруқлардан озод қиламан. Бу дарвозанинг нарёғида мен – келинман, мен – онаман, мен – бекаман, мен – маликаман! Бу сўзларимга ҳайрон бўлаяпсиз-а. Ҳозир тушунтириб бераман. Дарвозанинг нариги ёғида мени бўйи бўйимни босиб кетган уч фарзандим, тиқ этса эшикка қараб ўтирган қайнонам кутиб туришганини бир лаҳза ҳам унутиб бўладими? Мен ана шу азизларим хизматида бўлсам, ўз қўлим билан бир пиёла чой берсам, ярим коса мастава тутсам, дейман. Аёл учун бу хизматдан ортиқ бахт бормикин?! Биласизми, ишчими, хизматчими, деҳқонми, врачми, раҳбарми – аёл – онанинг келишини уйда қандай интиқлик билан кутишади! Аввало ўғил ўстириб, келин қилиб, кексайганимда роҳатини кўраман, деб орзу қилган муштипар ва мушфиқ она кутади. Қуруқ эмас, ҳозир келиб қолар, қўлимдан ишимни олар, гангур-гунгур қилиб ўтирармиз, деб баҳоли-қудрат уйни тебратиб кутиб ўтиради.
Сезасизми, сиз кириб келишингиз билан юзларидаги ажинлар таранг тортади, кўзларидан ажабтовур нур ёғилади. Балки у сизнинг хизматингизга, пишириб қўйган овқатини сузиб келишингизга ҳам зор эмасдир. Лекин тайёр овқатни сузиб келганингизда, гўё уни сиз пиширгандек дуо қилади, сизни мақтайди. Сиз – унинг ёшлиги, сиз – унинг мадорисиз!
Сезасизми, кириб келишингиз билан ўзини қайга уришини билмай турган эрингиз ва болаларингизнинг иши қовуша қолади.
Сиз кириб келишингиз билан саволларига китоблардан жавоб қидираётган қизингиз қулоғингизга алланарсаларни шивирлайди. Диққат билан эшитинг! Бу сизнинг ёшлигингиз! Бу сизнинг келажагингиз! Қулоқ солинг гапига. Сиз унинг учун ҳаммадан ҳам кераксиз. Сиз унинг учун орзу, ширин хаёл, ўзи ўхшагиси келган сиймосиз.
Сезасизми, сиз кириб келишингиз билан бу уйнинг чироғи ёқилди гўё, кишилар ҳаловат топди. Сизнинг борлигингизнинг ўзи буларнинг катта давлати.
Шуларни сезганингиз учун ҳам, ишда чарчаганингизга қарамай, уй юмушлари сизни толиқтирмайди. Қайнонангиз юзидаги ажинларнинг ёзилганини кўриб чарчоғингиз кетади, эрингиз, ўғлингиз, қизингиз сўзларини тинглаб кун ташвишларини тамом унутасиз. Баъзида аёл зотининг жони қирқта бўлади, деб ҳазил қилишади. Чарчамаслигингизнинг сабаби атрофингиздагиларга кераклигингизни ҳис қилиб туришингиз эмасми? Ўзининг кичкина сеҳрли мамлакатида, ўз оиласида бахт чироғини ёқа олган аёл буни жуда яхши ҳис қилиб туради.
Лекин баъзи аёллар шу бахт чироғини ўз қўли билан ҳам ўчириб қўйиши мумкин. Тасаввур қилинг, эшикдан кириб келган келин:
– Ассалому алайкум, ойижон! Вой, анча уринибсиз-а, мана ҳозир қарашиб юбораман. Эсизгина, болалар ҳам кечикишибди-да. Мен ҳозир кийимимни алмаштириб чиқаман. Энди сиз дам олинг…
Ёки бўлмасам:
– Ҳа, келдим! Бирам чарчадимки! Жуда оғир кун бўлди-да. Мажлис устига мажлис. Яна суюқ овқатми? Қуюқроқ ул-бул қила қолмабсиз-да! – десин.
Бу гапларнинг қайси бири ёқади қайнонага? Қайси бири ўринли? Албатта, биринчиси, дейишади кўпчилик. Шундай дейишга деймиз-у, нега баъзан ўзимиз унутамиз? Шуни, оддийгина муомалани ўрнида қилиб, бизга куни билан интизор бўлганларни эркалаб, ўзимиз ҳам эркаланиб юрмаймизми ахир.
Яхши келин уйининг эрка маликаси бўлади, деганим ана шундан!
Агар остона ҳатлаб уйга кирганимда юмшоққина, ипагойим қайнонам (исмлари ўзлари билан – чин Лазокатлар), фариштадеккина, ёшлари тўқсонга яқинлашган қайнотам – Ражабали бува бўлишмаса, назаримда ҳаммаёқ ҳувиллагандек кўринади. Улар бўлса, бағрим бутун, илигим тўқ, нуқул эркаланавергим, шулардан ширин гап эшитавергим келади. Яйраб, яйраб юраман. Уларнинг ақлли, аммо содда гаплари, ҳаёт ҳақидаги фикрлари доим ишимда асқотади. Ҳеч қайси китобда йўқ гаплар улардан чиқади. Фарзандларимиз Қудратбек, Матлубахон, Бахтиёржонларга ҳам доим уларни ҳурмат қилишни тайинлаймиз.
Яширмайман, айрим раҳбар аёллар хонадонларида келин ёки қайнона бўлишларидан қатъи назар уйда ҳам лавозимларидан тушишмайди. Бундай оилада самимият борлигига ишонмайман. Тўғри, балки атрофдагилар унинг ҳурматини ўрнига келтиришар, ёнбошига болиш беришар, қўлига сув қуйишар, тайёр овқатни тутишар, лекин ўша аёл – қалам билан тасвирлаб бўлмайдиган аёллик, оналик бахтини сезармикан?!
Самимият бор хонадонда қайнона ҳам, келин ҳам турмушнинг икир-чикирларидан, ниҳоятда оз муддатда ўтиб кетадиган қийинчиликлардан юқори туришади!
– Оила тутиш, ўзи келин бўлиб тушган хонадоннинг ҳамма аъзолари томонидан бирдек суюкли киши бўлиб кетиш қийин, албатта, – деб ҳикоясини давом эттиради Тошхон Ҳожиқосимова. – Бироқ ана шу дақиқада унга катталарнинг кўмаги айниқса зарур. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Туманимизнинг обрўликкина ходимларидан бирининг оиласига аралашишга мажбур бўлиб қолдик. Эри масъул ходим. Баъзи-баъзида эмас, кўпинча эрта кетиб, кеч қайтишга мажбур. Бор жанжал шундан чиққан экан. Устига-устак хотин ўринсиз рашк қила бошлаган. Қарасак, икковининг ҳам обрўси эл олдида кетадиган. Лекин дабдурустдан «уйингизда шунақа бўлаётганини сезаяпмиз», деб аралашсак бўлмайди. Ахир ариза ҳам йўқ-да. Ўйлаб-ўйлаб бошқача иш тутдик. Келиннинг онаси жуда оқила аёллигини билардик. Ёшларга сездирмай у билан суҳбатлашдик. Секингина бўлаётган воқеага, орага совуқчилик тушиб қолиши мумкинлигига шаъма қилиб ўтдик. Биз кутганимиздек, оқила кампир оила устидаги ҳамма булутларни бартараф қила олди.
– Қадимда «Ер қўриган подшоҳ аҳмоқ, эр қўриган хотин аҳмоқ» деган мақол бўларди, – дебди у қизига. Куёвим эл ичида юрган эр киши бўлса, унга биринчи бўлиб сен ишонмасанг, эл қандай қилиб ишонади?! Эрим фақат меники, оиланики бўлсин деб, қайтага обрўсини кетказиб қўясан-ку. Қайтага ишдан ҳориб, эл ташвишларидан мияси ғовлаб келганида уйда шундай кутгинки, чарчоғи ёзилсин, қайда бўлса ҳам сени, невараларимни, шу уйни соғиниб келадиган бўлсин…
Бу суҳбат одамни анча ўйлантириб қўяди-а?
Рисоланинг қаҳрамонлари фақат ибратли келинлару оқила қайноналар бўлади, деб мақсад қилиб қўйган бўлсам ҳам айрим оилаларда ана шу самимият арзимаган нарсалар туфайли йўқолишига оз қолганига икки-уч мисол келтирмоқчиман.
* * *
Санам хола келин туширгунларича қўни-қўшни, қариндошуруғларининг ҳаммасига келин бўладиган қизнинг таърифини қилиб юрдилар:
– Ҳа, айланайлар, ўғилгинамга мос қаллиқни кўп қидирдиму, кўнглимдагини ниҳоят топдим ҳам! Ҳа, топдим! Ўғлимга доим «Болам, пешонанг отангникидек кенггина. Хотиндан ёлчийсан, худо хоҳласа!» дердим. Мана, айтганим келди! Илмининг ўзи бир дунё мол-а! Худо кўрсатса, кимсан аспирон келиннинг қайнонаси бўлиб, олдимга солиб олиб юраман…
Тўй ҳам бўлиб ўтди. Бироқ кўп ўтмай, Санам холанинг ҳасратларидан чанг чиқиб қолди:
– «Ҳой Санам, танлаб-танлаб тозисига учрама яна!» дейишарди-я. Мана, айтганлари келди! Қайнонанинг гапига кирмайдиган келинлар ҳам бўларкан-а! Уй-рўзғорда қиз монанд ҳам шунчалик типпа-тик бўладими-а?
Норозилик аввал бошданоқ юришдан чиқди. Кўрса кўргудеккина келин туширган қайнона, Назирани қариндош-уруғига кўз-кўз қилишни истарди. Қани энди аспирон келинини олдига солиб, тўрт тарафга меҳмондорчиликка юрса, бу дунёнинг зийнати деб қайноналикнинг гаштини сурса! Бироқ, бир гал қайнотанинг, бир гал қайнонанинг кекса ота-онасиникига келинсаломга бориб, назокат билан уларнинг ҳурматини бажо келтирган Назира бошқа қариндош-уруғларникига боришдан бош тортди.
Келин ўзига етгунча бир сўзлик экан, Санам хола қанча қилмасинлар, у бошқа ерга меҳмондорчиликка юрмади. Шундан кейин Санам хола тўнларини тескари кийиб олдилар. Ахир улар ака-ука, опа-сингилларининг узатилган қизларини, туширган келинларини чорлаб, ўтқазиб қўйган эдилар-да. Ўз билгиларича келинни қайириб олмоқчи бўлдилар. Турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ дея бошладилар.
– Ҳой Назираой, нега ҳовлини эшикдан тўрга қараб супурасиз? Уйимга фалокат киритмоқчимисиз, нима бало?!
– Ие, умрингизда ҳовли супирганмисиз ўзи? Ҳеч замонда ҳовлини тўрдан эшикка қараб ҳам супирадиларми? Давлатимизнинг баракасини учирасиз-ку, келинпошша!..
Бундай гапларни умрида биринчи бор эшитаётган Назира аввалига нима қилишини билмади, кейин ҳовлини айлана шаклида супириб, тўрт жойга ахлат тўплаб, олиб ташлайдиган бўлди. Бироқ бу билан ҳам иш тугамади.
– Вой товба, ўн саккиз йил ўқибсиз-у битта мошкичири пиширишни ҳам ўрганмабсиз-да? Пичоқ билан қирқиб ейдими буни, айланай келин?!
– Ҳой келинпошша, овқатингиз яна шўр! Юз марта айтгандирман тузни бирданига солманг, бир чимдим, бир чимдимдан солинг деб…
Бу гапларнинг кети кўринмайдигандек эди. Бир куни уларникига Моҳира буви – Санам холанинг қайнонаси меҳмонга келдилар. Агар ана шу оқила, бағри кенг она олтин қафаси тикандек туйилиб қолган қушчани авайлаб жойига қўндирмасалар, ўз паноҳларига олмасалар, билмадим, иш нима билан тугар эди. Кампиршо бир-икки кундаёқ разм солиб, аҳволни тушундилар: «Айрим аёлларга ҳайронсан. Қайнона бўлиб улгурмай, ўзларининг келинлик даврларини, диллари нақ шамчироқдек липиллаб турган вақтларини унутадилар-қўядилар. Санам келиним ҳам унутибди». Моҳира буви шундай хулоса чиқардилар.
Бир куни кечқурун янги келинлик даврини бошдан кечириш Мирзо Бедил ғазаллари мағзини чақишдан ҳам қийин кечиши, қайноналарнинг ҳам бир хил эмаслиги ҳақида гап кетди.
– Ҳозирги келинларга Бедил ҳам мушкул бўлмай қолди. Барчаси давлат ишиниям, уйниям, бола-чақаниям эплаяпти, – гапга аралашдилар Моҳира буви. – Айрим қайноналар бунинг қадрига етмайди. «Ўқияпти-ю, уй тутишни билмаяпти, типпа-тик», – деб койишади. Ҳамма ўз суйган ошини ичганидек, ҳамма билганича, ўзига ёққанича уй тутади. Уқуви йўқ келинлар илгари бўлмабдими? Илгари қайноналар хўпам сабрқаноатли бўлган эканда-а? Ахир келин бечора унинг қўлига 13-14 ёшида келиб, на уйни эпларди, на эрни. У келинларнинг ўзи тарбия талаб бўларди. Мен ҳам шунақа жуда ёш келин бўлганман. Маҳалламиздаги беш-ўнта қиз ва мен отин ойининг қўлида ўқирдик. Унинг унча-мунча юмушларини ҳам қилардик. Бир куни томга чиқариб, лой тептирдилар. Шўхроқ эканманми ё қизларни атай кулдириш учунми, кўйлагимни липпамга қистириб, зикр тушаётгандек «Ҳай жон обло, ҳай жон обло!» деб лой тепаётсам, акам кўриб қолибдилар. Шу «ашулам» менинг бошимга етган. Эрга бериб юбордилар. Бола эдим-да қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Қайнонам раҳматли бир куни мошхўрда пишириб туришни буюрдилар-у, ўзлари зарур юмуш билан қаергадир кетдилар. Билмадим, олдин мошни солдимми ёки гуручними, хуллас мошхўрда пишди деб, тузини кўрарманми – арки намокоб! Вой, мен ўлай, дедим-у кўча ариққа олиб чиқиб, ҳеч кимга кўрсатмай, бир чўмич мошхўрдани ариққа тўкаман, ўрнига бир чўмич ариқ сувини қозонга соламан. Қани ўрнига келса! Шунинг устига қайнонам келиб қолдилар. Уялганимдан девор бўлдим деяверинг. Раҳматли, индамадилар. Битта кичик пиёлада мош ювиб келишни буюрдилар. Кейин биргаликда овқатни пишириб, ичдик. Мендан ўтмай турган эди, келинлик даврларидаги бир-икки қизиқ воқеаларни айтиб, бояги кўнгил хираликни чиқариб юбордилар. Бир куни тайёрлаган холвайтарим ҳам думалоқ-думалоқ, ҳам қаттиқ бўлиб қолди. Шунда ҳам койимадилар.
– Майли, болам, зарари йўқ. Унни яхши қовурмабсиз холос. Мана ҳозир бир дамда пиширамиз. Сиз шарбат тайёрланг, мен ёғига қарай, дедилар-у, холвайтар пиширишни ҳам ўргатиб қўйдилар. Э, нимасини айтасиз, қўйган самоварим қайнамаса, ёнига мук тушиб йиғлаб ўтирардим. Ҳозирги келинлар ундай эмас. Энг қийин овқатнинг отини айтсангиз ҳам, ботирлик билан ишга киришаверишади. Билмаганларини ўргатадиган сирли китоблари бормиш. Унда уч юз хилдан ортиқ қуюқ-суюқ таомни пишириш йўли кўрсатилган эмиш. Энди ўша вақтларни ўйласам ўзимга-ўзим, агар қайнонам ҳозирги айрим қайноналарга ўхшаб, қўни-қўшнига чиқиб ёмонлаб юрсалар борми, ёмон отлиққа чиқардим-қолардим, дейман. Йўқ, у киши ёмонимни яшириб, яхшимни ошириб, «келингинам қўллик-оёқликкина» дерканлар. Раҳматли доим «Келиннинг қандай ном чиқариши қайнонага боғлиқ. Ўзининг келинлик даврини унутмай, келинга чин она бўлиб, муомала қилса, йўл-йўриққа солса, олам гулистон!» дердилар.
Ҳикояни тинглаб, кулиб ўтирганлар Моҳира бувининг сўнгги сўзларидан кейин Санам холанинг ғалати бўлиб қолганларини сезишмади. Ҳикоядаги мошхўрда билан ҳолвайтар воқеаси Санам холанинг келинлигида юз берган эди. Шунинг учун Санам холанинг юраклари така-пука бўлди: «Ойим ўша келин мен эмас, мана шу Санам эди!» деб, янги келин олдида мени изза қилмасалар бўлгани».
– Ҳа, яхши одамни унутмас экансан. Қайнонам тўнғичимни уйлантирганимдан кейин қазо қилдилар. Шунгача бир қозондан овқат ичдик, оғизларидан бир марта бўлса ҳам «келин» деган гапни эшитмадим. Доим «болам» деб чақирардилар, раҳматли.
Моҳира буви «бояги келин Санам эди, энди бўлса ўз келинини қийнаб ўтирибди», демаган бўлсалар ҳам, Санам холанинг ўзлари Назирага кўп озор берганларидан уялдилар. Бундай ўйласалар, ҳеч қандай асоссиз, инжиқликдан экан шу ишлар. Янаям оғир экан Назира, кўтарибди. Бор-э, деб кетиб қолса нима қилардим? Шу хаёллар билан Санам хола туни билан қийналиб чиқди.
Эрта билан Назира қўлига одатдагидек супирги олди-ю, айвонда ўтирган қайнонасига кўзи тушиб, яна таъна эшитишдан безиллабми, секингина сўради:
– Ҳовлини қаёқдан бошлаб супирай, ойижон?
– Вой, болам, қизиқ савол берасиз-а. Қаёқ ўзингизга қулай бўлса, ўша ёқдан супираверинг. Иш вақтингиз бўлган бўлса, отлана қолинг, кечга қолманг, мен чойингизни дамлай, – деб ҳозиргина Назира айвонга келтириб, қопқоқлаб қўйган, патиллаб қайнаб турган самоварга яқинлашди.
Қайнонасидан анчадан бери бундай ширин гап эшитмаган Назира бирпас унга тикилиб турди, кейин бирдан кўнгли ёришиб кетди, бориб Санам холани қучиб, юзидан ўпди:
– Ойижонимдан ўргилай!
Уйдан туриб буларни кўрган Моҳира буви ҳам мамнун жилмайиб қўйди.
Оқила, зийрак кампир арзимаган нарса учун келиб чиқадиган можаронинг олдини олган эди.
* * *
Умри холанинг яқиндагина туширган кичик келини Зарифанинг аммаси тўйга айтиб кетди. Янги қуда эмасми, бир дастурхонга сомса, бир дастурхонга баррадек нон тугилди-ю, Умри хола деганлар келинини олдига солиб, савлат тўкиб, таксида тўйга етиб борди.
Хола уйига қайтгани замоно оғзидан бол томиб, у ерда кўрсатилган иззату ҳурмат ҳақида эрига гапира кетди:
– Вой-бўй, дадаси, бу дунёга кел, қуда қил, айшини сур экан! Ҳай-ҳай-ҳай! Эшикка чиққанда қарасам, ковушимнинг чангигача артиб қўйишибди-я! Энди денг, куюқ тортилсаям, суюқ тортилсаям первой менга келади, кейин бошқаларга. У ёнбошимга қарасам ҳам «Олинг, айланай қуда!»ни эшитаман, бу ёнбошимга қарасам ҳам «Олинг, ўргилай қуда!» дейишади. Зарифахонга биринчи марта совчи бўлиб боргандаёқ айтмабмидим сизга: «Ҳой, дадаси, бу Аброрингиз бало, қизи тушмагур тагли-зотли экан!» деб. Мана, айтганим келди. Сепида биронта кам-кўсти йўқ. Қариндошларини айтмайсизми, бирам одамшаванда, бирам ширин сўз! Лекин дадаси, жуда уялиб қолдим-да бугун. Қани энди ер ёрилса-ю, менгина ўлмагур кириб кета қолсам!
– Ҳа, яна нима бўлди? – деб сўради хотинининг ҳар гал тўймаъракадан келганида шундай кўпириб ўтиришига кўникиб қолган Болтавой ака лоқайдгина.
– Ўзингиз ҳам бундай йўл-йўриқ кўрсата қолмадингиз одамга. Бўлмаса айтдим-а «дадаси, янги қудалик жой, нима қилишим лозимикин?» деб. Айтдимми ё йўқми-а?
– Сўраган бўлсанг нима қилибди? Айтдим-ку билганингни қил, деб. Кошки бировнинг маслаҳатига кирсанг…
– Ҳа, айтмадимми?! Дарров билганингни қил, дейсиз. Тайинлироқ бир маслаҳатни пулга сотиб оламан сиздан. Менгина тушмагур тугунимга атиги бир кийим штапел қўйиб борибман. Улар-чи? Улар зап боплашди-да мени. Ипаклик кўйлак, шойи рўмол, одмигина велюрдан лозим… Келинпошшага ҳам бош-оёқ сарпо. Ўғлингизга бош-оёқ! Сизга – чопон! Мана-мана кўринг!
– Ҳо! Берган худога ҳам ёқибди, деганлари шу эканда. Сарполар муборак бўлсин! Қани-қани кўрайлик. – Болтавой ака хотинини ранжитмаслик учун тугунга яқинроқ сурилиб ўтирди.
Умри хола олдин бир тугунни очди, кейин «наригисига тугибман шекилли» деб иккинчисини очди. Бироқ сарполар унда ҳам йўқ эди. Умри хола «Ё, тавба!» деб тугунлар ёнига ўтириб қолди. Кейин эсига бир нарса тушгандек:
– Ҳа, энди билдим – ош баҳона бўлган. Ошни солган-у, сарполарни олиб қолган қудам. Кўпчилик олдида мана кўринг, деб сарпо қўйиб, обрў олди. Кейин олиб қўйган. Ҳа, худди шундай қилган!
– Қўй, хотин, қаёқдаги гапни гапирасан-а. – Болтавой ака юпатмоқчи бўлди уни, – йўлда тушириб қолдиргандирсан?
– Вой, умримда бир тийин йўқотган хотинмидим мен-а, айтинг! Энди келиб-келиб тугилган сарполарни тушириб қолдираманми? Йўқ, дадаси, уларни атай олиб қолишган дедимми сизга, атай қилишган!
– Қўй, энди, келининг эшитиб қолса, хафа бўлади, – уни босишга уринарди Болтавой ака.
– Бо худо! Эшитса-эшитмаса, қўрқадиган жойим борми? Бошида айтгандим сизга, ўзи хоҳлаб тегадиган қиз қандай бўларкин, деб. Шунга йўл қўйган ота-онанинг зоти қандайикин, демабмидим… Бўлмаса, битта жойда ишладим деб, бошлашиб кетаверадими? Аброргинамни қўлга ўзи илинтирган, ҳа, илинтирган! Бўлмаса, болагинамга уйда ўтирган қизлардан озмунча кўрсатдимми? Йигитгина ўлмагур кўнмади-я. Зоти паст девдим ўшанда. Зоти паст бўлмаса, икки машинада қақир-қуқур – нуқул ишкоп, девону, стол-пустолларни юборармиди? Шу ҳам молми? Ҳа, палаги қани, дорпечи, кирпечи, қозиқлунгиси қани?!
– Келининг замонавий, хотин! Нима қилади латта-путтани? Керагидан ортиғи билан қилди-ку, қудам бечора!
– Вой замонавий бўлмай кетсинлар! Ҳа, замонавий бўлса, эрта билан чойда қайнота-қайнонага эгилиб салом қилишни ҳам билмади-ку. Яна замонавийми? Ҳаммаси кўр-кўрона! Бечора Аброргинам бир илинди, илинди-да! Пешонаси шўр экан болагинамнинг!
– Секин! Эшитади ахир! – фиғони чиқди Болтавой аканинг.
– Рост-да! Таглик-зотликкинага ҳам учрамади болам бечора. Зотликкина бўлса, олиб чиқиб, шартта битта машинани тўхтатиб, пулини тўлаб солиб юбормайдими бугун?! – Яна сарполарни олиб қолгани ортиқча!
Умри хола Зарифанинг жияни кузатиб чиққани, такси топа олмай, минг хижолат билан шаҳар транспортига ўтказиб юборгани ҳақида индамади.
Очиқ деразадан ҳамма гапни эшитиб турган Зарифа индамай кўзидан ёш тўкар, нима дейишини ҳам билмасди.
Шу вақт эшик очилиб, Зарифанинг онаси тугунча кўтариб кириб келди.
– Вой, қудажон, қилган ишингиз бор бўлсин! Сарполарни шундай ёнбошингизга қўйганингизча ташлаб келаверибсиз. Ҳозир уй йиғаётиб кўриб қолдик. Йўлда тушириб қўйдикми деб безовта бўлманглар, деб чопқиллаб ола кела қолдим. Бахтимга такси учраб қолди. Аслида мендан ўтибди, ўзим тугиб, кузатишим керак эди. Хизматдан бўшай олмадим… Айбга буюрмайсизлар, қуда…
Она деразадан қараб турган қизининг кўзларида ёш кўриб, гапидан тўхтаб қолди… Умри хола ҳам индай олмади.
– Қани ичкарига киринглар, қудапошша. Ҳозир қудангиз меҳмондорчилик таърифини қилаётган эди… – деди Болтавой ака хотини учун хижолат бўлиб.
* * *
Ушбу икки воқеага ҳукм чиқариш муҳтарам китобхонга ҳавола қилинади. Тўқликка шўхлик қабилида иш тутаётган айрим опа-сингилларимиз ўтган аср биринчи ярми қайнона-келинлари ҳақидаги қиссадан ўзлари ҳисса чиқаришсин.
* * *
Биринчи воқеа…
Ўрик гуллари бодраб қолган эрта баҳор эди. Айвон олдидаги ариқ лабида тўрт-беш кетмон жойдаги бинафшалар қийғос очилиб, қуёшнинг илиқ нурига юзларини тутишган. Бу бинафшаларни Рисолат ая экканини Яккатеракда ҳамма билади. Ҳар баҳор бу ҳовлига кирган одамга у «Омонлик-омонлик, кўрмайлик ҳеч ёмонлик!» деб тўрттагина бўлса ҳам қўлига бинафша тутарди. Бугун келини Санобархон бу бинафшалардан олиб, йиғлай-йиғлай тирикдек ётган қайнонасининг ёстиқлари устига сочди.
Бутун қишлоқни жанозага хабарлаб чиқишди. Аммо уруш бўлгани учун қишлоқда одам жуда кам эди. Ҳамма адирда, эрта уйғониб, бўрсиллаб қолган тупроққа чигит экишяпти. Ҳар дақиқа ғанимат.
Кечки пайт раис бува икки эркак билан кириб келди. Иккови ҳам яқинда фронтдан келган – бирининг чап қўли йўқ, бирининг ўнг оёғи.
Рисолат аяни тобутга солиб, устига малла-ю паранжи ва мирсак ёпилганда, хотин-халажнинг йиғиси авжга чиқди – тобут кўтаришга эркак етишмас эди. Раис бува билан чап қўли йўқ киши тобутнинг бош томонини кўтаришди. Рисолат аянинг ўн тўрт ёшли навдадек бўйдоргина набираси билан ўнг оёғи йўқ собиқ жангчи тобутнинг оёқ томонидан кўтаришди. Бироқ, ҳали оғир ёғоч оёққа ўрганмаган жангчи, оғир юк остида қийналар, шинелининг бағри ёғоч оёқларига ўралишиб қолар, тобут кўтарган бошқа уч кишининг одимига мос қадам ташлолмасди.
Шунда Санобар шахд билан уйга кирди. Камзулини ечиб, фронтга кетган эрининг қозиқдаги тўнини олиб кийди. Белбоғ билан белини маҳкам боғлади. Сочини чамбарак қилиб, устидан телпак билан бостирди. Югуриб чиқиб, беш -ўн қадам илгарилаган тобуткашларга етиб олди-да, оёқсиз жангчи қўлидан тобут дастасини олди.
Ўша куни Яккатерак тарихида биринчи марта аёл киши тобут кўтарди, биринчи марта хотин-халаж қабристонгача тобутни кузатиб бориб, жаноза ўқишди. Ўша куни Санобархон Рисолат аянинг энг яқини – ўғли қилиши керак бўлган вазифани бажарди – Рисолат аяни ўз қўли билан авайлаб тупроққа қўйди. Рисолат ая учун қиёматлик фарзанд бурчини бажарди.
* * *
Иккинчи воқеа…
Рихсихон унинг қирқ беш йиллик келини. Қирқ беш йилдан бери тилидан «ойижон» тушмади, эшитгани «болам» бўлди. Лекин бугун у ўзини ҳеч тута олмас, ўксиб-ўксиб йиғларди. Билса, онадан ҳам аъло экан қайнонаси.
– Нега мендан яширдингиз, онажон, билсам дардингиз енгиллашмасмиди, балки яна яшармидингиз?!
Сабабики, она бўлмиш келинининг қалбини жароҳатламай деб, бир умр юрагида энг оғир сирни сақлаб келибди. Оналар учун энг оғир бўлган дардни…
Ўғлидан қора хат келган машъум кунда она уйда ёлғиз эди. Йўқ, кичик набираси беланчакда ётарди. Лекин унинг ақли ҳеч нарсага етмайди. Бувисининг томоғига бир нарса келиб тиқилганини ҳам, унсизгина остонага шилқ этиб тушганини ҳам билмади. Уни неварасининг ғингшигани ўзига келтирди. Амаллаб турди. Беланчакни итарди, бола кўна қолмади. Қорни очлиги ёдига тушди. Токчадаги қути тагидан иккитагина пряник олди, чойга ивитиб яна болага яқинлашди. Нима қилаётганини ўзи ҳам билмасди. Шу дам шамол оёғи остига ўша машъум қора хатни учириб келди…
– Сен ўлгунча онанг ўлса бўлмасмиди, вой, боле-е-ем! – унинг овози ғайриоддий увиллаб чиқди. Нафаси бўғзини куйдирарди, кўз ёшлари чўғ бўлиб юзларини ачитарди.
Болага овқатини берарди-ю, нималар деб айтиб йиғлаётганини ўзи ҳам билмасди. Гўдак яна уни ўзига келтирди. Дунёнинг ишларидан хабарсиз бу бола унинг елкалари аро сирғалиб тушган пешонабоғини қўлларида ўйнаб, юзига интилар, назарида унинг кўз ёшларини артмоқчи бўларди. Ёки унга шундай туйилдими-а?! Булоқдай қайнаб чиқаётган кўз ёшлари таққа тўхтади. Болани беланчакдан даст кўтариб олиб кечгача қўлидан қўймади.
Кечқурун Рихсихон ишдан кела туриб, болаларини боғчадан олди. Уйга киргач, қайнонасининг синиққан юзига қаради-ю:
– Набирангиз роса қийнабди-а, ойижон. Энди сиз бироз дам олинг! – деди. Интилган боласини қўлига олиб, остонага ўтирган кези унга кўксини тутди. Онани соғинган бола энди чиқа бошлаган тишлари билан унинг кўксини тишлар, онасининг юзига шапиллатиб, қиқир-қиқир куларди. Унинг бу кулгусида бахтиёрлик ҳам, ана шу бахтиёр болада бўладиган ширин қувлик ҳам бор эди.
– Бугун тушимда уйимизда тўй бўлаётганмиш, – деди Рихсихон қайнонасига, – ҳовлимиз бирам чиройли бўлиб кетибди-ки. Ўғлингиз янги беқасамларини, йўл-йўл беқасамлари борку, ўшани кийиб, қувнаб юрганмишлар. Иккаламиз чиройли нонлар ёпибмиз. Даста-даста нонлар… Бирам кўп… Ўғлингиз келсалар, тўй қилиб берардик. Майли, боримни сотиб бўлса ҳам яхши тўй қилиб берамиз-а, ойижон!
Онанинг нимчаси чўнтагида турган бир парча қоғоз назарида бағрини куйдираётгандек эди. Айтолмади… Айтишга қудрати етмади…
– Худоё айтганингиз келсин, болам, – деди у ўртаниб. Унинг овозидаги бу титрашни Рихсихон ўзи каби соғинч туйғусига йўйди. Соғинмасинми-я шундай ўғилни!
Орадан йиллар ўтди. Она қора хатни эски сандиқдаги бисотининг тагига солиб қўйди. Кечаги кунгача келинининг «ана келадилар, мана келадилар», деган илинжини буза олмади. Бошқа ўғлиникига ҳам кетмади. Невараларига бош бўлиб, шу уйда келини билан қолди. Неваралардан авара кўрди, шукр, чевара ҳам кўрди.
Кеча оқшом Рихсихонни ёнига яқинроқ ўтиришини илтимос қилди.
– Болам, айтсам тилим куяди, айтмасам – дилим… Бугун андек бошқачароқ бўлиб турибман. Худога беадад шукр, сизлардан кўнглим тинч. Бағрингиз бутун, невара ҳам кўрдингиз. Бир ўғлим орқасида мана бир ҳовли одам бўлдик. Эрсиз катта қилдингиз, илоҳо роҳатини кўринг! Боламдан афзал мени бошингизга қўйдингиз. Мингдан-минг розиман… Болаларингиздан, худодан қайтсин, болам! – унинг кўзларида ёш кўринмасди, овози ҳам титрамасди.
Рихсихон кампирнинг қуруқлашиб қолган қўлларини силар экан, унга далда беришга ҳаракат қиларди.
– Яшаш бўлса, менчалик бўлар… Дунёнинг қаттиқчилигини ҳам, яхши кунини ҳам кўрдим. Ёшим ҳам одамлар ҳавас қилса арзийдиган ёш. Биттагина илтимосим бор сиздан… – Она у ёғини гапира олмади. Томоғига бир нарса келиб тиқилгандек безовталанди.
Она тўшак тагидан бир парча сарғайган қоғоз олиб Рихсихонга узатди:
– Болам, сизнинг хабарингиз йўқ. Бедарак кетди, деб юрибсиз. Сизни ўйлаб, аза очмадим… Менга… қазоим етиб… жон болам, Қудратжоннинг ўша беқасам тўнини менинг кийимларим ёнига илинг. Менга йиғламанглар, уят бўлади – етти мучалдан ортиқ яшадим… Майли, унга аза очинг…
Тунда кампиргина тилдан қолди. Эртасига пешинда чиқаришди. Аммо Рихсихон ҳамон ўзига кела олмайди. Ҳа, қайнонаси онадан ҳам азиз экан, уларни кўз қорачиғидек асрабди!
* * *
Дарҳақиқат, рисола аввалида келтирилган мактубда айтилганидек, «келинларнинг кўзига қараб ичидагини ўқийдиган, тўғри йўлга солувчи, таскин берувчи, жондек азиз, мунис, оқила қайноналар жуда кўп…» Улар туфайли келинлар ўзлигини топадилар, жамиятда, оилада ниҳоятда қадрли шахс бўлиб етиладилар. Шулар ҳақида ўйлаганимда, ҳамкасбим кўрсатган шикоят хатлари эмас, меҳр ва эъзозга тўла мактублар эсимга келади:
«Бутун санаторий бўйича биздан эрта уйғонадигани бўлмаса керак. Бугун ҳам Санобархон мендан илгари уйғонибдилар. «Ҳа, ўртоқ, мунча барвақт туриб олдингиз?» деб сўрамоқчи бўлдим-у столда нимадир ёзиб ўтирганларини кўриб, индамадим. Аста туриб, шарпасиз ташқарига чиқдим. Юз-қўлимни ювиб келганимда, Санобархон мактубни тугатган, шундоққина деразамиз тагидан оқаётган шарқироқ Угамга, ундан нари ўркач-ўркач тоғларга, қуёшнинг заррин нурларига тикилиб, аллақандай хаёлу ҳаяжон оғушида дераза ёнида турардилар.
– Ассалому алайкум! – дедим.
– Ваалайкум ассалом! – нурли табассум билан алик олдилар. – Яхши ухладингизми? Мен негадир тузук ухлолмадим. Агар имкон бўлса, қанот боғлаб учиб кетардим уйимга. Сал соғинчимни босай деб, келинимга хат ёздим. Эрталабки сайрда почта қутисига ташлаб ўтамиз-а? Ҳарна барвақт боргани.
– Туш кўрдингизми дейман-а? – ҳазиллашдим мен.
– Йўқ, туш кўрганим йўқ. Лекин келганимдан бери катта келиним кўз олдимдан кетмаяпти. Кетаётганимда руҳи сал бесарамжонроқ эди шекилли. Сездирмасликка уринди-ю… Ҳай, майли, мана ёзган хатимни ўқинг-чи. Сал далда бўлармикин дейманда.
Санобархон мен томон суриб қўйган мактубни олиб ўқий бошладим.
… «Азизам Заҳрохон! Ассалому алайкум!
Соғ-саломат юрибсизларми? Уй, болалар, Рустамжон тинчми? Ҳамма соғ-омонми? Кайфиятингиз қандай, қизим? Руҳиятингиз оламида тинчликми? Ажабо, кўришмаганимизга ҳали икки ҳафта бўлгани йўқ-ку, назаримда бир йил ўтгандек. Мен билан хайрлашиш учун келгандаги ҳолатингиз ҳеч кўз ўнгимдан кетмаяпти. Назаримда, фаромуш эдингиз. Сабабини кўп ўйладим. Рустамжондон, болалардан-ку кўнглим тинч. Сиз ҳам улардан розидирсиз. Қолаверса, уйидан нотинч аёл жилла бўлмаса қайнонасига зарда қилмаса ҳам, ўғлидан жичча писанда қилиб қўярди. Сизда буни сезмадим. Биламан, иродангиз мустаҳкам аёлсиз. Бу соҳада онангиз тенги бўлсам ҳам, сизга ҳавасим келади. Ўша куни Сиздан нима бўлди, деб сўрай олмадим. Назаримда, бу замон тўлқинлари Сиз раҳбар бўлган корхонада ҳам билиняпти шекилли. Ҳарқалай мени кузатишга келганингиздаги ўша кунги ҳолатингизни унута олмаяпман. Ҳеч кўз олдимдан кетмаяпсиз. Баъзида хаёлан қайнона-келин узоқ-узоқ гаплашиб, тортишиб, баҳслашиб қоляпмиз. Қани имкон бўлса-ю, Сиз билан бир ҳоли қолиб, бир тўйиб «ҳасратлашсак»! Лекин қалбингиздаги «ҳасрат» ҳали пишиб етилмади ҳам шекилли-да. Томчи тўлганида узилганидек, ҳасрати етилганида киши ўзи ҳасратлашгани одам ахтариб қолиши табиий. Одатда, руҳингиздаги нотекислик, қўнимсизлик, хаёлотингиздаги мувозанатсизлик бор ҳасратингизни, сизни қийнаётган нарсаларни бошқа билан ўртоқлашсангиз, аста йўқолади. Кекса муаллиманинг гапига ишонинг, баъзи-баъзида одамга «текин темир қулоқ» жуда керак бўлади. Қанийди-я, у ҳамма гапингизни эшитса-ю, жаранг этиб қулфланиб, эшитган гаплари ҳеч чиқмас бўлиб ичида қолиб кетса! Назаримда, ана шундай темир қулоқ вазифасини ўтайдиган одам ўша кезлари сизга жуда керак эди. Шундай пайтда мени кузатишингиз кераклиги ҳам сизга жичча ташвиш бўлди шекилли. Ёлғиз қолишга муштоқдек кўриндингиз кўзимга. Айнан ана шундан: ўз дардингиз, ташвишингиз, изтиробингиз билан ёлғиз қолишдан асрасин!
Ҳаммаси ўтиб кетдими?
Ўзингизни ўша куни, назаримда, жуда кўтаринки руҳда кўрсатишга ҳаракат қилдингиз. Ичингиздагини мендан бошқа ҳеч ким сезмади ҳам шекилли. Ҳатто ўғлим ҳам сезмаганга ўхшади. Аммо сиздаги бу кўтаринкилик «Менга бало урмади, урмайди ҳам!» қабилида ўзини бепарво кўрсатишга уринишга ўхшаб кетди. Ойим сезмасалар бўлди, ўзлари қачондан бери орзулаган сиҳатгоҳга кетаверсинлар, ўз дардташвишимни ўзим енгиб оламан, деган йўриқни тутишга қарор қилдингиз чоғи. Ана шулар ҳақида келганимдан бери ўйлайман.
Сиз каби бир катта корхонанинг раҳбари бўлмасам ҳам, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп тотганман, қизим. Менда ҳам сиздаги каби ҳолатлар кўп бўлган. Биласизми, фақат меҳнат билан ютиб чиқардим. Сизга ўхшаганлар ҳам бутун аламини ишдан олади. Меҳнат сизга ҳам, менга ҳам ибодатдай гап: юракни бўшатамиз, руҳимиз тиниқлашади, кўзимиз ойдинлашади.