Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 31 (всего у книги 34 страниц)
УЧТА ЧИТ КЎЙЛАК
Эндигина мактабга чиққан сочлари жамалак қизалоқ эдим. Урушдан кейинги, одамлар турмуши эндигина ўнгланаётган оғир йиллар эди. Рамазон ҳайити ёз кунларига тўғри келди. Ойим ўша ҳайит арафасида менга бир эмас – учта чит кўйлак тикиб бердилар. Уччаласи уч хил фасонда…
Мен уларнинг бирини олиб, бирини кийиб, анча вақтгача ҳовлида чирпирак бўлиб юрдим. Қувончимнинг чеки йўқ эди: мендан катта опаларимга ойим ҳайитга биттадан кўйлак тикиб бердилар-у, менга эса бир эмас учта!
Бошқалардан шўхроқ бўлганим учун бир мавсумга менга битта кўйлак чидамаслигига унда ақлим етмасди. Ойимлар ҳам буни бошқача тушунтирдилар:
– Биттаси – менинг яхши қизим бўлганинг учун, биттаси – укангни яхши ўйнатиб юрганинг учун, биттаси – эчкингга яхши қараганинг учун!
Ажабо, учта чит кўйлак билан ойим мени қувонтирибгина қолмай, уҳдамга ота-онага меҳрли бўлиш, кичикларни севиш, жониворларга ҳам бепарво бўлмаслик каби уч савобли фазилатни юклабдилар. Фақат юклабгина эмас, бу фазилатларга эга бўлган киши мукофотларга лойиқ бўлишига нозик ишора ҳам қилибдилар.
«ҲИМО» НИМА, ОЙИЖОН?
Ўн беш кунлик келин эдим. Ён қўшнимиз – амакимизникида тўй бўлди. Янги келин биринчи бор катта даврага киришим, янги қариндошлар олдида биринчи бор кўринишим керак… Қалбимни ваҳима босди: қандай бўларкин? Ишқилиб «типпа-тик келин экан» сифатини олмасам бўлгани!
Безовталигимни қайнона ойимлар сездилар шекилли, менинг бу кунги вазифаларимни қуйидагича тушунтирдилар:
– Аёлларга дастурхонни катта айвонга тузаганмиз. Бошингизга чиройли тўрингизни ёпиниб, ним таъзим билан кириб боринг. Овсин опангиз ёнингизда бўладилар. Қариндошларни таништираётганларида уларга бир-бир эгилиб таъзим қилиб: «Хуш келибсиз!» денг. Салом тугагач, сизни дуо қилишади. Кейин меҳмонларга бир пиёладан чой бериб, секин ҳимо билан чиқиб кетарсиз. Зинага етганингизда ҳаммага яна бир умумий таъзим қилинг. Оёқ остидаги кавушларни тўғрилаб, аста айвондан тушиб кетинг…
Ҳаммаси тушунарлику-я бироқ «ҳимо билан» чиқиб кетиш қандай бўларкин?
– Ойижон, «ҳимо» нима? – титрабгина сўрадим.
– «Ҳимо»ми? – ойим ўйланиб қолдилар. Кейин соддагина қилиб, – келинларнинг ҳимралибгина чиройли юриши-да, болам! Аёлларга чой берганингиздан кейин тўрингизни яна бошингизга илинг-у оҳиста, ним таъзимда орқангиз билан битта-битта қадам ташлаб чиқинг, деганим-да бу. Кўпчилик аёллар ўтирган ерда чирс ўгирилиб, «тап-тап» юриб кетиш келинларга ярашмайди…
Айтилган жараёнлар ойим тушунтирганларидек ўтди. Охирида «Хуш келибсизлар!» деб ойимлар айтмоқчи «ҳимо» билан чиқиб кетаётиб зимдан иккала оналаримга нигоҳ ташладим. Икковларининг кўзларида бирдек ажиб нур жилваланарди! Гўё мен эмас, улар келинлик имтиҳонидан ўтган эдилар! Бир айвон тўла меҳмон аёлларнинг «Хушбахт бўлинг! Илоҳо, қўша қаринглар!» дуолари-ю олқишларига маст эдилар моҳларим!
ҲАЛОВАТЛИ ОДАМ…
Жавзонинг этаклари, серёғин кунлар эди.
Ойим хаста бўлиб қолдилар. Уларнинг ҳеч касал бўлиб, кўрпа-тўшак қилиб ётганларини билмасдик. Бу оғришларидан жуда хавотирга тушдик. Врачларга кўрсатиб, бир-икки ҳафта давомида қиз уйимга одатдагидан тез-тез келиб туришга тўғри келди.
– Ўзи ишга энди тушувдинг, мен деб ёлчитиб ишлолмаяпсан ҳам. Бошлиқларингдан гап эшитиб қолма яна! Сангинанинг ҳам ҳаловатинг йўқолди, – дердилар ойим ҳар гал келганимда хижолат тортгандек.
– Мендан хавотир олманг, ойижон! Ишимни уйимга олиб келиб, болалар ухлаганидан кейин ишлаб, етказиб бераяпман. Сиз тузалиб олсангиз – бўлди! – деб у кишини хотиржам қилишга уринардим.
Дарҳақиқат, у вақтлар аёлларнинг ҳомиладорлик ва бола туғилгандан кейинги таътиллари қисқа бўлгани учун ўғлим тўрт ойлик бўлар-бўлмас, уни қайнона ойимларга қўйиб, ишга тушиб кетгандим. Аксига олиб ойим бетоб бўлиб қолдилар…
Шу кунларнинг бирида иш вақтимгача ойимларни бирров кўриб кетай деб шошилаётсам, қайнона ойим қўлимга бир тоғорачада тут тутқаздилар:
– Янгилик-да, қудамга олиб боринг. Қонни тозалайди, – дедилар.
Қўшнимизникидан атай чодир тутиб қоқтирибдилар. Ғарқ пишган, пилладек йирик-йирик, оппоқ тутлар…
Бора-боргунча инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ҳақида ўйладим. Трамвайдан тушганимда яна ёмғир шивалай бошлади. Қадамимни тезлатдим. Муюлишда… Не кўз билан кўрайки, мен кўргани шошилиб келаётганим – ойимлар бошларида-ю қўлларида катта тугунлар билан бекат томон келаётган эдилар.
– Тинчликми? – бошларидаги тугунни олиб, шамсиямни тутар эканман хавотирланиб сўрадим. – Ҳамма соғми? Дадам тинчмилар?
– Ҳа-ҳа, ҳамма яхши, хавотир бўлма! Тинчимадинг-тинчимадинг-да! Яна келаяпсанми-я? Ахир кеча анча тузукман, дедим-ку сенга! Сенгинада ҳам ҳаловат йўқ…
– Вой, ҳаловатли одам-эй! Ҳа, ўзлари қайга кетаяптилар, тугунларини бошларига қўйиб? – овозимда, албатта, норозилик оҳанги бор эди.
– Қўшнимиз – Бувининг келинлари туққан эди. Кечаги кун жавоб беришган экан. Ҳеч ким бормагани учун бояқиш туғруқхонада қолиб кетибди. Эрталаб бизникилар ишга кетиб бўлишувди. Буви чиқиб зорланиб қолдилар: «Мен юролмасам, келинингиз ўртоғининг кийимларини етказиб берармикин, девдим»… Келинойинг ишга кетган эдилар, ўзим бора қолай дедим…
– Шу аҳволда, шу ёмғирда, касал одам… Буви юролмасалар ўғиллари бор, катта овсин бор… Ҳар қандай зарур ишдан ҳам янги меҳмонни олиб чиқиш учун бир кунга рухсат берилади-ку! – аммо норозилигим ичимда қолди.
– Қўй, болам, худога шукр, мана – туппа-тузукман! Хайрли ишга Оллоҳнинг ўзи қувват беради. Бувининг диллари оғримасин. Биронтангизга шикаст етиб юрмасин яна… Мен яхшиман, сен ишингга боравер…
Туғруқхона унча узоқ эмасди. Тугунларни кўтаришиб, қабулхонагача бирга бордим. Ойим тоғорачадаги тутлардан уч-тўрттасини «Омонлик-омонлик! Кўрмайлик ҳеч ёмонлик!» деб оғзиларига солдилар-у қолганини ҳамшираларга бердилар:
– Оғзингиз тегсин, айланай! Қудам бериб юборибдилар! Бир чиройли тутлар экан, енглар!
Тутларнинг диркиллаб бошқа идишга тушаётганини кўриб, хаёлим кетибди: «Мен онамни десам, онам…»
Аммо трамвайга шошилаяпман-у бирам ўзимни енгил сезаяпман денг!
Ў, азиз моҳларим-а! «Омонлик!» дея яқинига илиниш, «Кишининг дили оғримасин, биронтангизга шикаст етиб юрмасин яна!» деб болаларига қалқон бўлиш каби улуғ сабоқларни шу тариқа оддий ва одми бердингиз!
ЯХШИЛИГИМ ОШИРГАН
Тушлик танаффусда қайнона ойимлардан хабар олгани бордим. Одатдагидек равон айвонларида ўтирган эканлар. Кайфиятлари анча чоғ кўринди. Сабабини кўп ўтмай билдим:
– Кеча касалхонага дадангизни кўргани мени ҳам олиб боришди. Кўзларига ёш олиб, қизингиз билан куёвингизни мақтаб, дуо қилиб ўтирибдилар: «Янги келин бўлса ҳам, қара-я қудаларимиз неча хил ноз-неъматлар билан сийлашиб, дадангизни кўриб келинглар, деб юборишибди. Овқатларни бироз кўнглим тусамай турувди. Набира қизинг бўлса ўзим едириб қўяман, деб зўрлайди дегин… Аммо набира куёвинг анча зийрак экан. «Дадам нима истаётганларини мен топдим, овқатни қўйиб тур, кейин ейдилар» – деди-ю ўзи олиб келган нашватидан битта артди. Шу десанг, ҳалиги нашватидан оғзимга лойиқ қилиб, паррак-паррак қирқиб тилим устига қўйиб турди. Бирам ширин уннади! Бирам кўнглим очилди-ки… Мен сенга айтсам, Ҳудиста, шу невара куёвинг бошқачароқми ёки ўзи невара куёвлар шунақа меҳрибон бўладими-а? Э, кўрсатганига шукр қилиб, оғзимда нашватининг мазасини ҳали ҳам туйиб ётибман! Илоҳо, қўшгани билан қўша қаришсин! Мени сийлашибди, Оллоҳ уларни сийлайдиган фарзандлар ато қилсин!» Дадангизнинг севинчларини кўриб, бир паррак нок билан кишининг кўнгли шунчалар кўтарилар экан-да, деб ҳайрон бўлиб ўтирибман. Ё қариганда одам ёш бола бўлиб қолади, дейишгани ростмикин?
Ойимларни кўргани яна кимдир келди. Чойни янгилаб, улар олдига қўяр эканман, ишга боришим кераклигини айтиб, узр сўрадим. Ойимлар бўлса, келган одамга ҳалиги ҳикояни бошлаган эдилар:
– Кеча набира қизим билан янги набира куёвимиз дўхтирхонага бувасини кўргани боришибди…
Ёши улуғ одамнинг ҳаётдаги кичик нарсага ҳам ҳайрати йўқолмаганидан ўзим ҳам ҳайратда, арзимагандек кўринган шу ҳикоя билан ойим ичимга чироқ ёққанларини пайқамай қолдим.
Инсоннинг қувониши учун нима керак ўзи? Ҳарқалай, ойимнинг фарзандларимиз ҳақидаги гаплари, дадамнинг дуолари талай вақтгача юрагимга қувват бериб туришини сезардим…
«ҚАЛАМ КЕТМОНДАН ОҒИР»
Отам ва онам жуда ажойиб одамлар эдилар. Ўзиникини мақташга тушди, дейишга шошилманг. Назаримда, ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай вақт келадики, у ўз ота-онаси ҳақида: «Улар аслида қандай одамлар?» деб савол беради. Одатда, бу кўпроқ балоғат ёшида, инсон ўзигаю ўзгага, одамгаю оламга баҳо бера бошлаган даврда содир бўлади. Маълум даражада инсон шунга тайёр ҳам бўлиши керак.
Ота-она бўлгани учун ҳурмат қилишга интилгани билан, қарашлари туфайли ёки бирон бошқа нарса сабаб бўлиб, бу саволга ижобий жавоб берилмаган ҳолда оталар ва болаларнинг йўли бошқа-бошқа бўлиб кетади. Яна бир оғир томони ота-онасини севмайдиган, дилида уларга нисбатан самимий меҳр-муҳаббати йўқ одамлар «ҳурмат» юзасидан, «одоб» юзасидан буни бирон марта тилига чиқармаган бўлсалар ҳам, наслида яқинларигаю бошқаларга меҳр-мурувват кўрсатиш фазилати йўқ кишилар мунофиқлик йўлига айнан шу даврдан қадам қўядилар. Иккиюзламачилик уларга бир умр ҳамроҳ бўлади… Бу – жичча фалсафа билан айтмоқчи бўлганим – инсон ота-она бағрида шаклланади, ота-онасидан олганини умр бўйи ривожлантиради.
…Қизиғи шундаки, мен табиатан жўшқинроқ, куюнчакроқ бўлсам-да, баъзан таниш кишиларнинг орқаворотдан: «Карима опа каби вазмин бўлибди», дейишганини эшитиб қоламан.
Ойим камгап, аммо топиб-топиб гапирадиган, жуда самимий аёл эдилар. Халқ мақол ва маталларини, байт ва ўланларини кўплаб билардилар, билиб-билиб, жойида ишлатардилар. Мирзо Бедилнинг ҳаётий, чуқур фалсафий байтларини ёддан айтардилар. У киши билан суҳбатда бўлган одамнинг кўнгли ёришиб кетарди.
Яна мени «Отасига тортибди», деб ҳам айтишарди. Асоссиз эмасдир.
Дадагинам бир сўзлик, серғайрат, ёмонликка муросасиз киши эдилар. Қуръони каримни ёд биладиган, Тошкентда кўплар танийдиган, ҳурмат қиладиган қори эдилар. Улар Қуръон тафсирида ҳамиша инсон ҳаракатига даъватни қалб беришига урғу берардилар. Шунинг учун киши қалбини, руҳини пок ушламоғи керак, деб уқдирардилар, ҳалолликка ундардилар.
Эсимни танибманки, ойимларга ўхшашни орзу қиламан. Табиатан кўза кўтариб юрадиган, баланд-пастга мослашган тоғ аёлларига ўхшаш баланд бўйли аёл эдилар. Адл ва сал дуркун қоматларини, енгил ва назокатли юришларини кўз ўнгимга келтирганимда, болалигимдан таниш бир алам дилимни тирнаб ўтади: мен шундай назокатли аёлнинг қизиману, бироқ у кишидек бўлолмасам керак! Шундай дейман-у, бироқ у кишининг бир умр ҳаётдагина эмас, ижодда ҳам ёнма-ён келаётганларини ҳис қиламан.
Қиз ўхшар онага дейишар халқда,
Гоҳида қалбимни ўраб ҳаяжон,
Сизга тикиламан ўйлаб шу ҳақда,
Кошкийди ўхшасам сизга, онажон!
Баҳслаша олмайман чиройда сиз-ла,
Гўзал қиз бўлишлик мақсадим эмас.
Инсонни сиз каби севолганимда,
Дилим дилингизга ўхшатсалар бас.
– «Қалам кетмондан оғир!»
Ҳикматдек лўнда бу гапни биринчи марта ойимлардан эшитганман. Балки уни биринчи шеърим босилиб чиққан куни айтгандирлар. Ҳали ёшим етиб, паспорт олмаганим учун ўшанда қалам ҳақини почтадан ойим билан бирга олганмиз. Газетада босилган шеърга пул беришлигини, унинг «гонорар»– қалам ҳақи деб аталишини ойим ҳам, мен ҳам билмасдик.
«Ўзингники ўзингга бўлсин», дегандилар ўшанда ойим ва Тўқимачилик шаҳарчасининг бозорчасидаги дўкондан янги чиққан мато – штапелдан фартуклик олиб бергандилар. Яна укаларимга пряник, тешик кулча олганмиз…
Менга шундай туйилдими ёки аслида ҳам шундаймиди, билмадим-у, лекин назаримда ўша кундан эътиборан ойим менда ўз қизларидан ортиқ бир кимсани кўраётганларини ҳис қилардим!
– «Қалам кетмондан оғир!»
Бўрон ёши осуда ўтган, ўн саккизда шеър битмаган онам айтгандилар бу сўзни. Фақат айтиш эмас, ўзлари ҳам сезмаганлари ҳолда фарзандлари қалбига сўзнинг буюк қудрати олдида эҳтиромни, китобга ҳурматни, зиёлига эъзозни сингдирган эдилар. Ҳар гал матбуотда янги бир нарсамни кўрсам, биринчи шеърим чиққандаги ўша ёрқин ҳаяжон қалбимни чулғаб олади. Бу менга ойимлардан мерос.
ТАБАРРУК УЗУК
Ўғлимнинг никоҳ тўйи арафасида келинга деб олинган никоҳ узугини кўрсатгани биринчи бўлиб қайнона ойимларга олиб бордим. Кўзойнакларини тақиб, қўлларига олиб узоқ томоша қилдилар. Чинчалоқ бармоқларига тақиб, кунга солиб кўрдилар. Маъқул кўриб дуо қилдилар. Кейин бармоқларидаги ўзларининг никоҳ узукларини олиб менга узатдилар:
– Жуда чиройли экан. Уни шу кунлар шукри деб ўзингиз тақинг. Мана бу узукни эса ман ва додангиздан табаррук совға деб, бўлажак келинингизга мана шунақа чиройли узук ясаттириб беринг. Набираларим ҳам бизга ўхшаб ярим асрдан ортиқ бир-бирларига муҳаббат билан яшашсин! – дедилар.
Бўртган бармоқларида кўп йиллар ечилмай юрилган никоҳ узугидан қолган қабариқ изга тикилганимча эътироз билдирмоқчи бўлдим.
– Биламан, – бошқа сўзга ўрин қолдирмай дедилар ойим, – қайнингизни уйлантираётганимизда бўлажак овсинингизга аталган узукка қўшиб, менга деб олгандингиз буни. Сизларнинг илтимосингиз билан дадангиз қўлимга солган эдилар. Ўша дамда деганлари ҳам эсимда: «Ёшлигингда кўрмаганни кўрадиган вақт келибди, Ҳудиста! Бир вақтлар қўлингга тилло узук сола олмадим, деб кўнглим синиқ эди. Мана қара, энди болаларимиз армонларимизни тўлдиришаяпти. Табаррук қилиб тақиб юр! Қўлингдан ечма. Худо кўрсатса, иншааллоҳ, сен ҳам набираларинг тўйида бойвучча буви бўлиб, набира келининг қўлига тақиб қўй!»
– Бу кунларни кўриш дадангизга насиб этмади. Набиралари бахтини Аллоҳ баракали қилсин!
Узукларни олдим. Ойим айтганлиридек, яхши ният қилиб бирини бармоғимга тақдим. Иккинчисини шу табаррук узук эгасига ўхшаб узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришларини тилай-тилай келинга дея олиб қўйдим.
Билмадим, нечанчи марта авлодларнинг илоҳий боғлиқлиги-ю бир-бирларга садоқати ҳақида ўйлаб кетдим.
ОНАМНИНГ ГАПЛАРИ
Эсимда, ёшлигимда ойим раҳматлик, мен ухламагунимча, ўринларига кириб ётмас эдилар. Танчанинг у томонига ёки хонтахта ёнига кичкина ёстиқни икки буклаб, омонатгина ётиб турардилар. Куни билан уй юмушларидан чарчаганлари учун тезда текис нафас ола бошлардилар. Аммо бу «қуш уйқуси» эди. Кўпинча жуда тез уйғониб, қаршимда ўтириб олардилар, ёзаётган ишим билан қизиқардилар. Айниқса, хизмат сафаридан келган вақтларим, борган жойларим, учрашган одамларим, ёзмоқчи бўлган қаҳрамонларим ҳақида кўп қизиқиб, суриштирардилар. Кўпинча, кўрсаткич бармоқларини олдимдаги қораламанинг бирон сатрига қўйиб:
– Бу ерда нима деб ёздинг? – деб сўрардилар.
Мен эринмай ўқиб берар, яхши тушунишлари учун аввалги ва кейинги воқеаларни батафсил тушунтирардим. Кейин билсам, ойим олдиларида ёзганим имтиҳондан ўтаркан. Энг асосийси, бу савол-жавоблар менинг шууримда бошқа диалог бўлиб жаранглайверарди:
– Касб танлаётганда ишинг шунчалар мушкуллигини билармидинг, болам!
– Тасаввур қилардим, ойи!
– Нега танладинг бўлмаса уни? Қачон қарама шаҳармашаҳар, қишлоқма-қишлоқ кезганинг кезган! Нима топдинг у ерлардан?
– Одамларни, ойи, одамларни.
– Одамлар ҳамма ерда ҳам бир хил. Улар ҳақида ҳадеб нималарни ёзаверасан?
– Одамларнинг ҳар бири устозим айтмоқчи – ўқилмаган бир китоб, ойи! Мен уларни билишни истайман. Кейин улар ҳақида бошқалар ҳам билишини, уларни мен севгандек севишини истайман!
– Сени кутиб, туну кун хавотирда ўтираман! Қиз бола бўлсанг…
– Ўринсиз, ойи! Бу диёр, бу одамлар шундай ажойибки… Мен улар билан гаплашишга ташнаман. Уларнинг мен билан бир неча соатлик суҳбати мобайнида ҳаётининг оқу қорасини, ғаму шодлигини ўртага солишини севаман. Ана шунда, уларнинг кўзларига бир дам ёш қалқиса, бир дам бахтдан порлашини кўриб, Инсон йўли мураккаблигини ҳис қиламан…
– Яратган бандасини ҳеч вақт шукридан, умид ва яхши ниятдан бенасиб қилмасин. Шукр, яхши ният ва умид одамнинг дилига ёруғлик, кўзига нур беради. Улар кишини не-не ғам гирдобидан омон олиб чиқади…
Онамнинг гаплари қаҳрамонларимни кўзимга бошқача кўрсата бошларди.
БИЗНИНГ АЁЛЛАР
Ҳар бир оила ҳаётида киши кўнглини ёрқин қиладиган хотиралар бўлади. Улар ўз вақтида жуда аянчли, вақтлар ўтиб эсланганида эса кишининг кўзига ёш чиқарадиган азиз хотиралар бўлса ҳам, улар ҳақида эсланганида, сўзланганда қалбингни ҳаяжонга тўлдирадиган, яқинларингга меҳрингни оширадиган, юзингда беғубор табассум уйғотиб, сени узоқ тарк этмайдиган хотиралар…
Олти фарзанд, келинлару куёвлар, талай невара-аваралар йиғилганда ўтганлар ёди билан тез-тез эсга олинадиган бундай воқеалар оиламизда кўп.
…Уруш йиллари қайнотам Неъматжон ака Тўқимачилик комбинатида ишлар эканлар. Ўн тўрт-ўн олти соатлаб комбинатда қолиб кетарканлар.
– Ёш болалар билан ойингиз боғ ҳовлида ёлғиз қолиб кетар, катта ҳовли ҳосилини амаллаб тирикчиликка ёпиштирарди, – ҳикоя қилардилар қайнотам. – Тунлари бўш қолдим дегунча, уйдан хабар олгани ошиқардим. Электр энергия фронтга ишлаётган завод ва фабрикалар учун тежалиб, шаҳар кўчалари ёритилмас, трамвайлар ҳам тунлар юрмасди. Комбинатдан дуч келган аравами, уловгами мингашиб, кўпинча эса пиёда кетардим. Йўлни қисқартириш учун одамларнинг боғ-роғларидан ошиб, тун ярмидан оғиб қолганда уйга етиб келардим. Ойингиз берган об-ёвғонни ичибоқ, ҳориганимдан ухлаб қолардим…
Бир куни тунда болаларнинг хархашасидан уйғониб кетдим. Ўрнимдан турай десам, бошим гурс этиб мис тоғорага урилди. Нима гаплигини билмай гангиб қолдим. Кейин тушундим: оқшомдан шивалаб ёға бошлаган ёмғир сомон сувоқ томни обдон ивитиб, ҳар жой, ҳар жойдан чакка ўта бошлабди. Ойингиз имкон бор жойнинг ҳаммасига бисотидаги идиш-товоғини қўйиб чиқибди. Лекин менинг нақ бошимдан оқа бошлаган лойқа томчиларни тўхтатишнинг иложини қила олмай (идиш қўяй деса – мен ётибман, уйғотай деса – уйқумни қизғониб), тик турганича бошим узра тоғора тутиб турган экан! Шу алфозда ойингиз қанча турганини билмайман, ҳарқалай тоғорага сув анчагина йиғилган экан. Қаранг, уйғотай деса уйқумни аяган, ҳали замон тонг оқариб яна ишга кетишим керак… Ўртада бола уйғониб қолибди… Э, нималарни кўрмади бу бошлар! Нималарга дош беришмади бизнинг аёллар!
Ё, ХАЁЛ
Инсон заковати яратган бу улкан пўлат қуш осмону фалакка кўтарилганича паға-паға оппоқ булутлар қўйнига кириб бораяпти. Ана яна бир қалқиб олди-ю, пастдан жуда баланд кўринган оқ булутлардан ҳам анча юқорилади. Не ажабки, булутлар юқоридан улкан пахта хирмонларига, шаршаралар оқиб тушган пастликдаги кўпикли сувга – хуллас, мен ҳали тасвирига лойиқ сўз топа олмаган жонли, тўлқинли, ҳаяжонли бир нарсага ўхшаб кетар эди.
Хаёл билан паға-паға сузиб юрган шу «жонли», оқ булутларга тикиламан. Юрагим бир орзиқиб тушди. Аллақайси тўлқин орасидан онамнинг шу оппоқ булутлардек оқ сочли азиз сиймолари кўрингандек бўлди!
Ё, хаёл!
Ҳар доим бўлганидек, ҳозир ҳам сафарга бирга чиқибдилар-да! Фақат илгарилари самолётга ўтқазардилару, маъюс қўл силкиб қолаверардилар. Онам кўзларидан ўзлари бирон марта учмаган шу улкан пўлат қушга ўтираётган қизларидан ҳам ғурур, ҳам хавотир ҳиссини ўқиш қийин эмасди. Энди эса мана, ёнма-ён келаяптилар. Юрагимни ғижимлаган аччиқ алам билан йўл сумкамдан дастрўмол қидираман. Қўлим қоғозга ўроғлиқ, орасига пишлоқ солинган икки бурда нонга тегди. Илгарилари бўлса онам ё гўшт, ё товуқ пишириб: «Болам, узоқ йўл, самолёт бўлса ҳам манзилингга бориб жойлашиб олгунингча толиқиб қолма, вақтида овқатлансанг яхши бўлади, бошингга оғриқ турмайди!» деб сумкамга солиб қўйган бўлардилар.
Паға-паға булутларга тикиламан. Улар кўзимни қамаштиради, онам сиймоларини яққол кўриб олишимга халақит беради. Ўзимни тута олмайман, чўғдек қайноқ икки томчи ёш ёноғимга оқиб тушди…
Менга ҳамиша Сиз етишмайсиз, ойижон!
ФАРЗАНД БОРКИ…
Фарзанд борки, у ҳамиша онаси олдида қарздор. Бу қарздорлик туйғуси она оламдан ўтгандан кейин ҳам кишини тарк этмайди. Инсон тирик экан, уни дунёга келтирган она ҳам тирик. Она соғинчи, меҳрига, илоҳий кучига интиқлик фарзанд умрининг охиригача сақланади дейишганича бор.
Кунлар ўтаяпти. Ойлар ўтаяпти. Бир-бирини қувиб, йиллар ўтиб боряпти. Онам, онажоним йўқлар орамизда.
Баъзи пайтлар тушимда кўрсам кошки эди деб тўлғониб чиқаман. Бахтим кулиб боқиб нур тўла чеҳраларини, кумуш сочларини, кулган кўзлари, юмушдан дағаллашган, аммо доим жонимни киргазадиган бармоқларини аниқ-аниқ кўрсам, неча кунларгача қуёш қучган одамдек кўнглим ёруғ юраман.
Одамларнинг туйғу уммонларига бас кела олган эй оқил-у, одил донишмандлар! Менинг моҳларимни соғингандаги бу бебардошлигим, изтиробларим олдида сизнинг тасалли сўзларингиз – ҳеч! На қуёш тафти, на дарёлар жўшқинлиги, на уфққа қўл чўзган бепоён кенглик тасалли бера олади бу кичкина юрагимга. Онамнинг иссиқ меҳри, меҳнаткаш қўллари, она бўлган қизига суянч бўлган бағрининг ҳароратини қўмсаганимда кўнглимга таскин берувчи ҳамма нарса «ҳеч» каби орқага чекинади.
Ўчмаган номингиз буюклиги олдида, ҳамон, ҳар дақиқа тирик, барҳаёт руҳингиз олдида, дилгинамга жо бўлган ўша ҳаётсеварлик туйғуларингиз, ўлмас насиҳатларингиз, ўгитларингиз олдида таъзим қиламан, моҳларим!
Ҳар дақиқа менга нақадар кераклигингизни билсангиз эди!