Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 27 (всего у книги 34 страниц)
Юқоридагиларга ўхшаш «доно» оналар «уларнинг кўзини очадилар». Ва, аксарият бир умр қизларининг гоҳ ошкор, гоҳ яширин йиғлаб ўтишларига сабабчи бўладилар.
Аслида-чи? Аслида қандай бўлиши керак?
Аслида тўй маросими қизини узатаётган она учун қизига берган тарбиясини кўп ўртасида намоён этадиган имтиҳон эмасми? Қизини том маънода муҳаббатли, иффатли, меҳрибон, иродали, тоқатли, вафодор, бир сўз билан айтганда, онанинг юзини ерга қаратмайдиган қилиб ўстирдими? Қизларни оналарнинг қайтариғи, деб бежиз айтишмайди ахир.
Қиз ўстирган оналарнинг халқона одобини маҳкам ушлаган, унга риоя этган оналар бойликни, ҳашамни биринчи ўринга қўйишларига гумоним бор. Қолаверса, оқила оналар «Мен бир вақтлар шундай қийналган эдим, қизим асло қийинчилик кўрмасин!», «Менга мана бундай машиналарда юришлик насиб қилмаган эди, энди қизим нашидасини сурсин!» қабилида иш тутмай, қизларининг ўша қийинчиликларни руҳий оғриқсиз енгиб ўтишларига ёрдам берадилар, фаровонлик аста-секинлигини қизлари руҳиятига сингдирадилар.
Уйда қизи вояга етаётган оналарнинг ўзига хос одоби бўлиши керак, албатта. Қизлик уйга келган совчилар, биринчи навбатда, қизнинг онасига эътибор беришлари бежиз эмас. «Онасини кўриб, қизини ол!» деган гап бор-ку ахир! Агар қизнинг онаси «Мен қизимни фалон жойда ўқитдим, фалон едирдим, фалон кийдирдим! Қизим энди фалон иззатларни кўриши керак!» деб турса, ўз қизининг бахтига зомин бўлиб қолиши мумкин.
Биринчи мактубдан кўриниб турибдики, қизгина оқилалик қилиб, бува донолик қилмаганларида, қизгина бошидаги бахт қушининг «пар-р» этиб учиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Қизи бор оналарнинг ҳеч ерда битилмаган, аммо ҳаёт синовларидан обдон ўтган ўзига хос йўриқномалари бор. Унга риоя этган оналар қизларини янги уйга меҳрли қилиб ўстирадилар. «Сув келса – симириб, тош келса – кемириб» бўлса ҳам, чин уйини бўстон қилишга даъват этадилар. Муҳаббатини авайлашга, рост сўзлашга, хизматдан оғринмасликка ундайдилар.
Қиз боланинг момоларимиз айтмоқчи «бировнинг хасми» эканини билган ақлли оналар қиз томирига иккинчи мактубда айтилганидек, кибр аралашувининг олдини оладилар. Ўзлари қанча бадавлат эканликларидан қатъи назар, қизларининг ана шу бадавлат уйларига эмас, балки «чин уй»ларига, «борадиган жойларига» болалигидан меҳрли қилиб ўстирадилар. Айнан шу меҳр қиз боланинг, яъни ёш ниҳолнинг борган жойида тез илдиз олиб, гуркираб кетишига ёрдам беради.
Кези келганда қиз узатаётган онанинг кечмишлари, туғёнларини ҳеч бир асбоб билан ўлчаб бўлмаслигини, лекин қизнинг онаси ҳар бир асаб толасини тизгинлай билиши кераклигини айтмоқчимиз.
Момоларимиз қудалар уйини «ўзга юрт», «ўзга қўрғон», «ўз подшоҳи, ўзгача аъмоли бор мамлакат» деб аташади. Қизларини эсли-ҳушли, меҳрли, тоқатли, сабрли ўстирган оналар у хонадоннинг ички ишларига аралашишдан тийиладилар.
Аввало қиз ўстираётган онада қизининг тақдир илоҳий битган ерда тиниб-тинчиб, ўсиб-униб кетишига яхши ният, ишонч бўлсин! Она қизига сеп йиғмасаям майли, юрагини яхшилик билан тўлдирсин, назарини тўқ қилсин. Қизига берган молдунёни чамаласа, янги оиланинг кўражак фаровонлиги олдида урвоқчалик бўлмас. Аммо қилинган молини, йўқловини пеш қилиб, қизнинг онаси жипслашиб келаётган оиланинг пойдеворини дарз кетказиши мумкинлигини иккинчи мактуб мисолида яққол кўрдик.
Ўзига эмас, ўзгага, «бировларга», «ўзга юртга» меҳрли, яхши ниятли қилиб қиз ўстирган оқила оналарнинг хаёлига заруратсиз қизининг оила ишига аралашиш келмайди.
Биринчи ва иккинчи мактубга қиссадан ҳисса маъносида Мирзо Бедилнинг юқорида келтирган байти давомини келтирмоқчимиз:
Буюрибдир хокисорлар ташриф,
Шул сабабдан бул замин гулзордир.
Камтарин бўлиб, бу заминни гуллатиб юришимизнинг ўзида савоб кўп.
Ҳар биримиз шуни кўнгилга тугиб, амал қилсак, аввало ўзимизнинг, қолаверса, фарзандларимизнинг, оиламизнинг, демак, юртимизнинг тинчлигига ҳисса қўшган, дилимизнинг равшанлигини, хотиржамлигимизни таъминлаган бўламиз.
Икки тенгдошингиз, янги келинлар мактуби баҳонасида қиз ўстирган оналар ҳақида бироз фикр юритдик. Мақсад сизни бироз мулоҳаза, мушоҳадага тортиш. Иккала мактуб муаллифига ўхшаб ҳаётга, оилага жиддий қарашингизга ишонамиз. Қизларимизнинг назари тўқ, нигоҳи олам ва одамга тиниқ бўлса, мактубдаги буважон дуо қилганларидек, умр поёнига биргаликда ва пиру бадавлат бўлиб етишилади.
КЕЛИНГ, БИР СИРЛАШАЙЛИК
Мазкур китобнинг ушбу бўлимини бошқаларнинг кўзидан йироқроқда, ҳайиқиброқ, ҳаммадан яшириб-яшириб, аммо анча диққат билан ўқишингизни, ундан керакли хулосалар чиқаришингизни тасаввуримизга келтиряпмиз.
Агар ҳаётда учраб турадиган бир-икки воқеалар ҳақида эшитмаганимизда, балки бундай мавзуда гаплашмасдик ҳам.
Мутахассис шундай ҳикоя қилади:
Тўйнинг индинига мурожаат этган янги келин масалани жуда кескин қилиб қўйди:
– “Ажралишмоқчиман…”
Аввалига ажралиш масалаларини бошқа идоралар кўришини келинга тушунтирмоқчи бўлдим. Бироқ бу даргоҳга бекор келмагандир, деган хаёл мени тўхтатди. Барибир дабдурустдан чиқарилган кескин ҳукмга мен ҳам саволни қисқа ва кескин бердим.
– Сабаб?
– Эрим мени қониқтирмади! – кескинликдан тушмай жавоб берди келин.
Тўғрисини айтай, жавоб мени анча довдиратди. Янги келин бўлса… Тўйи ўтган куни ўтибди…
– Қовуша олмадингизми? – ичимда умид йилт этгандек бўлди, бу ерга келиш сабабини англагандек эдим.
– Йўқ, ундай эмас. Чойшабга қизлик белгиси суркалиб, қизариб қолганини мен ҳам, куёв ҳам, янгалар ҳам кўришди. Эримнинг хурсандлиги кўзидан шундай билиниб турарди. Чойшабни қайнонамга суюнчи деб чиқариб беришибди… Гап ундамас, гап менинг қониқмаганимда! Бундай эр билан яшашни истамайман…
Келин билан қисқа суҳбатданоқ “қониқиш” деб унинг оргазмни назарда тутганини англадик ва бунинг янги турмуш қурганларда дарров бўлмаслиги ҳам мумкинлигини тушунтирдик. Маълум бўлишича, келин тўйдан аввал эр-хотинчилик ҳақида минг хил, асосан, ғарбдан олинган таржима адабиётларни ўқиган ва уларни тўғридан-тўғри ўзига татбиқ қилмоқчи бўлган. Ғарбда эса аксарият қизлар яхшигина “тажриба орттириб”, яъни аллақачон аёл бўлиб эрга тегишади. Иффат пардаси аксарият ҳолларда унча аҳамиятга эга ҳам эмас. Келингина қониқмаганига далил сифатида бундан йигирма олти аср аввал яшаб ўтган юнон муҳаббат куйчиси бўлмиш Сапфонинг бир шеърини китобда ўқиганини, аммо ўзи не умидлар билан кутган биринчи кечада ўзида бу туйғуларнинг ҳеч бирини ҳис қилмаганини, шунинг учун ҳам муқаррар ажралишга қарор қилганини айтди.
Янги келин ўша шеърни ҳам кўрсатди:
Қаршимда турганни тангрим деяйми,
Деяйми илоҳим, кўздек яқиним.
Тиз чўкиб, менданми, кулгумдан у маст,
Жиддий қулоқ осмиш сўзимга маним.
Сўзлаш қайда! Тутиб бўлмас шўх ирмоқ –
Юраккинам сени кўргач – бўлди ҳап!
Асли гунгми эди тилим ёки сен,
Кучим олган каби қирқдинг уни ҳам!
Соқовман, вужудимда ёниқ титроқ,
Томирларда оқар қонми ё олов!
Кўзларим юмуғу нафасим оташ,
Қулоқда не жаранг? Бу – мен ё биров?!
Нима бу? Фаввора мисол тинмасдан,
Қайноқ тер қуйилар ҳар тук, жонимдан.
Майсадан кўкроқман, роса буғриққан,
Чиқарга келдими, эй тангрим, ё жон!
Лек чида! Чидаш-ку – илоҳий лаззат,
Вужудинг чуқурроқ бўлса-да фақат…
Шунақаси ҳам бўларкан-да, деяпсизми? Юрагингиз ҳам уюшаяпти-а?
Сизни бу мавҳумликдан чиқариш учун айтиб қўя қолай: келинчак билан уч-тўрт суҳбат ўтказдик, жинсий ҳаётнинг айрим, у шу вақтгача аҳамият бермаган томонларини тушунтирдик. Масалан, оилавий ҳаётнинг дастлабки уч ойида келин назарда тутган оргазмни аёлларнинг 22 фоизи, биринчи йилнинг охирига келиб 42 фоизи, йил давомида 72 фоизи, 10 йил яшаганда аёлларнинг 89 фоизи ҳис этиши мумкинлиги ҳақида илмий далиллар келтирдик.
Шукрки, у сўзимизни диққат билан эшитди…
Келингина насиҳат ва суҳбатлар учун миннатдорчилик билдирди. Ҳозир улар эр-хотин, аёлларимиз айтмоқчи, “биб-бинойи” яшаётганларини ҳам биламиз. Хайрлашаётганида ҳатто хизматимиздан қониқиш ҳосил қилганини айтди. “Тиббиётнинг бу нозик томони бизда ҳам анча ривожланибди…” – деб ўз мулоҳазасини ҳам яширмади. Мана шунақа гаплар…
Келинчак, албатта, ҳақ эди. Замон анча ўзгаргани, анча илгарилаб кетгани, қизларимизнинг жинсий ҳаёт, жинсий тарбия масалаларига қарашлари ҳам катта ёшдаги аёлларникига нисбатан анчагина фарқ қилиши, бу масалада “қизларимизнинг саводлироқ” эканликлари ҳақида кўп гапирилаяпти.
Лекин, барибир эркаклар асрлар давомида фойдаланиб келган жинсий ҳаёт эркинлигига аёллар эришган эмаслар, уларнинг бундай тўлиқ эркинликка эришишлари ҳам гумон. Бунга эришиш амри маҳол. Шарқда ҳатто буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Негаки, рўйи азалдан ҳатто ўз танамиз ҳам “бировга”, бўлажак эримизга тегишли деб сингдириб келинган, “иффатлилик пардаси” ҳам фақат улар учун асралган бебаҳо бойлик!
Секс табиатига озгина қизиқиш, англашга ҳаракат эса ҳамма замонда ва ҳамма юртларда ҳам аёл учун гуноҳ ҳисобланиб келинган. Бу борадаги ҳар қандай ахборот яширилган. Секс эркаклар учун қанчалик аҳамиятли бўлса, аёл учун ҳам шунчалик табиий эҳтиёжлиги тан олинмаган. Шунинг учун ҳам секс ҳақида эга бўлган озгина тушунчамиз қиз учун бу гуноҳи азим ва секс фақат эру хотиннинг хуфия машғулоти эканлигини билишдан иборат бўлган холос.
Икки жинс орасидаги оралиқ ҳамиша узоқ сақланган. Тақиқлар оқибати қиз бола билан ўғил боланинг бирга ўйнаши, бирга дарс қилиши, бир-бирини тушунишга, дўстлашишга интилишига йўл қўйилмаган. Оқибат ҳар бир қиз учун ахир бир кун бошидан кечириши шарт бўлган жинсий ҳаёт сирли ва қўрқинчли, тушунуксиз олам бўлиб қолаверган.
Кўп, жуда кўп аёллар ўзлари учун эру хотинчилик, жинсий ҳаёт кўзларини қора белбоғ билан маҳкам боғлаб, мураккаб лабиринт эшигидан зўрлаб киритиб юбориш билан тенг бўлганини тан олишади.
Ана шундай мавҳум ҳолатда бўлган янги келин – аёлдан бошқа томондан, яъни ахлоқ-одоб томонидан, оилани мустаҳкамлаш, эрни маҳкам ушлаб туриш талаб қилинади. Аёлнинг ҳаётдаги том маънодаги ўрни яхши хотинлигида, яхши оналигида деб таъкидланади. Аммо бунга эришиш осон эмас, бунга ҳам хоҳиш-истак, вақт, уқув, малака керак.
Эрига суюкли ҳаммага суюклидир, дейди кексалар. Ана шу суйиб-суюлишнинг йўли қандай? Эрга тегаётган қизлар буни англаши, ҳаётда қийналмаслиги учун нималарни билиши, нималарга итоат этиши керак?
Шу мавзуда кимга сўз очсак, қарийб ҳамма турмуш қурган аёллар бир нарсани эътироф этишади: қизлар турмушга берилгунича оилавий ҳаётнинг кўп томонларини, масалан таом пишириш, уй тутиш, меҳмон кутиш ва ҳоказоларни ўргансалар-да, қовушиш куни оқшомидаги янгаларнинг нариданбери гапини назарга олинмаса, ҳеч ким уларга эр-хотинликдан гапирмаганини, бу улар учун ҳамиша ёпиқ мавзу бўлиб қолаверганини тан олишади. Аёл оргазми нималигини, у нима учун, қачон, қандай содир бўлишини кўп аёллар анча кейин англаганлар, айримлар буни билмас ҳам эканлар. Бир суҳбатни мисол тариқасида келтирай. Бу ҳам аёлнинг эр-хотин муносабатларини том маънода англаб етиши, қониқиши учун анча вақт кераклигини кўрсатади:
– Иккинчи боламни туққанимдан кейин менда қандайдир ўзгариш содир бўлди. Эримни соғинадиган, тунги ишлардан оловланиб кетадиган бўлдим. Уят бўлса ҳам айтай, авваллари асло бундай эмасдим… Ёки бирон ёмон касалга чалиндиммикан? – аёл ҳам уялиб, ҳам ташвишда кўзини ерга олади.
– Мана шу шеърда тасвирланганидекми? – сўрайман ундан. Шеърни унга кўрсатишдан мақсадим, албатта, аёлга далда бериш, яъни табиийликда уят йўқлигини англатиш эди, холос. Иккимиз ҳам аёлмиз. Қолаверса, мутахассис бўлсам ҳам, менга мурожаат этганлар билан оқ халат кийиб суҳбатлашмайман… Ишончли тарзда ўтган суҳбатгина яхши самара беради…
– Ҳозирги тунлардаги аҳволи руҳиятим шу шеърда тасвирланганига яқин, – деди у томиридан ўтли бир нарса югургандек беихтиёр қизариб ва яна секин учқунли кўзларини ерга қадади.
– Энди тушунаяпсизми: тириклик бор экан, жинсий ҳаёт ҳам мавжуд. Жинсий ҳаёт фақат эркаклар учунгина эмас, аёллар учун ҳам зарурлигини, усиз авлодлар давоми йўқлигини ҳам англай бошладингиз чоғи. Ана шу давом авлоднинг қандай бўлишигина эмас, ҳатто ўзингизнинг ҳам руҳиятингиз, саломатлигингиз қандай бўлиши кўп жиҳатдан айнан шу жинсий ҳаётга боғлиқлигини ҳам англаб, хоҳ ошкор, хоҳ яширин ўзингиздан: “Менда шу масалалар қандай? Умуман жуфтим билан бу борада муносабатимиз қандай?” деб ҳам сўраб-сўраб қўяётгандирсиз.
Сирлашишга келишган эканмиз, сиздан ҳам сўрамоқчи эдик: сизнинг ўз жуфтингизга муносабатингиз қандай? Бирингизнинг тўйингиз ўтганига энди бир ой бўлгандир, бирингизникига эса икки-уч йил. Ўйлаб кўринг-а, Сапфонинг шеъридагига ўхшаш ҳис-ҳаяжон сизга тез-тез ошно бўладими? Балки умуман нотанишдир? Ўринга “жон-жон деб” ётасизми? Ёки бурч туфайлими? Балки “ўлганингиз кунидан”дир? Бунда сиз ўзингизни айблайсизми ёки жуфтингизни?
Жинсий ҳаётда ўзингизни тенг ҳуқуқли жуфт деб биласизми? Сиз-ку жуфтингизнинг ҳамиша “кўнглингиздагидек” бўлишини, сизни “эритиб-эритиб юборишини” жуда-жуда истайсиз. Жуфтингизга ҳам сиз истагандек исталган бўлишингиз учун нима қилишингиз мумкин? Эрингиз учун ҳам хотин, ҳам “жазман” бўла оласизми? Бунинг чегараси қайда? Нималарга қодирсиз? Нималарга тайёрсиз? Эрни “ушлаб қолиш”да фарзандлар, мол-мулк ва яна бир қатор омиллар қаторида, маълум даражада ҳатто улардан олдин тўшакнинг моҳияти катталигига ишонч ҳосил қилиб улгурдингизми?
– Тўғри, табиатан аёл аъзолари шундай яралганки, у эркаклар каби тез ва осонликча лаззатлана олмайди, – деб суҳбатни давом эттирди мутахассис. – Чунки аёлнинг ҳиссий (лаззат) аъзоси бўлган клитор эркакларнинг аъзосидан мислсиз кичиклиги бир сари, анчагина чуқурда ҳамдир. Ўғил болалар кичкиналигида “булбули” билан ғурурланиб, ҳаммага ундан “нос” улашгани ҳолда, қизлар ҳам ўзларида шундай аъзонинг борлигини, аксарият эрга текканларидан кейингина кашф қилишади. Унгача биринчи воқеада мисол келтирганимиз келинчак каби ҳовриқиб, дарровдан ажралиш масаласини ўртага қўймасдан, ақл билан (кўпинча ҳис-туйғуни ҳам фақат ақл тизгинлай билади ва бошқаради), мулоҳаза билан бекамбахтлик томонига қадам қўйишни ўйлаш керакдир…
– …Сиз юқоридаги иккала воқеани таҳлил этганингизда, демак жинсий ҳаётнинг ўзига яраша босқичлари бор экан-да, деган хаёлга келдингиз. Тўғри ўйлаяпсиз. Бу босқичлар жинсий ҳаётнинг муҳим таркибий қисмлари бўлганлиги учун уларнинг аёл ва эркакларда ўзига хос ифодаланиш хусусиятларини билиб қўйишингиз фойдадан ҳоли эмас.
Дастлабки босқич – либидо, яъни аёлда ҳам, эркакда ҳам жинсий яқинлашиш хоҳиш-истагининг пайдо бўлиши, ҳирснинг юзага келиши. Бу ҳол эркакларда аёлларга нисбатан осонроқ ва тезроқ юзага келиши мумкин. Аёл кишининг дийдорини кўриш, овозини эшитиш, кийинишидан қониқиши, ногоҳ аёлнинг қўли ёки елкасига тегиниб кетишнинг ўзи эркак кишининг ҳирсини қўзғаши, ҳатто у билан яқин бўлиш истагини пайдо қилиши мумкин. Аёлларда эса руҳий ҳолат физиологик ҳолатдан устунроқ бўлгани учун либидо кечроқ пайдо бўлади.
Ундан кейинги босқич – эрекция деб аталиб, у қўзғалиш юзага келишидан бошлаб, жинсий алоқага тайёрлангунга қадар бўлган вақтни ўз ичига олади. Бу босқичда аёл жинсий аъзоларида бир қатор ўзгаришлар юзага келади: қин сал намланади, клитор, катта ва кичик уятли лаблар катталашади, секреция безлари, айниқса жинсий аъзолар безларининг иши зўраяди, тана қизийди, терининг шиллиқ қавати қизаришига ўхшаш ҳолатлар пайдо бўлади.
Аёлларда эрекция пайдо бўлиши эркакнинг ширин гапиришига, жинсий алоқа қилинадиган жойнинг бегоналарнинг кўзи тушмайдиган холи, бехавотир бўлишига, эркакнинг уни ўпиб эркалашига, эроген зоналарини силаб-сийпалашига, баданнинг ва ўриннинг тозалиги ва хушбўй бўлиши каби бошқа яна кўпгина сабабларга боғлиқ бўлади. Булар, албатта, эркак киши учун ҳам аҳамиятли, бироқ аёл киши учун ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади.
Эркакларнинг аксарияти эрекция босқичида иложи борича ҳирсини тезроқ қондиришга ҳаракат қилса, аёллар кўпроқ лаззатланиш учун бу вақтни мумкин қадар чўзишга ҳаракат қиладилар. Эр-хотин муносабатларининг бу нозик томонига эркаклар эътибор билан қарашса, мукофотига аёлнинг ҳам жўшқин эҳтиросини олишлари мумкин. Аксинча, аёлнинг эрекция босқичини тўла ўтмагунича, аёл қини намланмагунича, қўзғалиши интиҳосига етмагунича эркакнинг “шошиб қолиши” оқибатида аксарият ҳолларда аёлнинг жинсий аъзоларида оғриқ пайдо бўлиб, у тўшакдан безиб қолиши мумкин…
Кейинги фрикция босқичи, одатда, олатнинг қинга кириши ва фрикцион ҳаракатларнинг бошланишидан то оргазм – жуфтлар лаззатланиши юзага келгунича бўлган вақтни ўз ичига олади. Кўпчилик аёллар фрикцион ҳаракат фақат эркаклар вазифаси деб ўйлайди. Ҳолбуки, бундай ҳаракатлар аёллар томонидан ҳам бўлса, оргазм ҳиссининг келиши осонлашибгина қолмай, лаззати ортади. Бу эркак ва аёл томонидан жинсий алоқани баравар эмоционал идрок этилишини кучайтиради. Айнан шундай пайтларда аёл киши жуфти билан бир вақтда юқоридаги шеърда тасвир этилганча лаззат олади ва бутун вужуди эриб, ором олади, жинсий алоқа тугаганидан кейин ҳам жуфтлар қониқиш ҳосил қилиб, енгил тортади.
Асосийси, бу туйғулар эртами-кечми ҳамма аёлларга ҳам таниш бўлишини истаймиз. Аёл ҳам, эркак ҳам ўзларини шундай, яъни юқоридаги шеърда тасвирланганидек, муҳаббат чўққисида узоқроқ сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишлари керак.
Мутахассис билан суҳбатимизни шу ерда тугатсак ҳам бўларди. Аммо унинг маслаҳатига кўра, амалиётида кўп учраб турадиган эру хотин ўртасидаги нозик муносабатларга, жинсий ҳаёт психофизиологиясига оид саволларнинг айримларига тўхталиб ўтишга, мутахассиснинг бу саволларга жавобини сизга ҳам ҳавола этишга қарор қилдик.
Савол:– Қўзғалиш ва ўз жуфтини қўзғатишда турли қўзғатиш шаклларидан фойдаланишнинг жинсий алоқага ижобий таъсири борми ёки булар айб, жинсий тубанлик ва бемазагарчиликларнинг жинсий ифодаланган шаклларидан бирими?
Жавоб: – Севги ва муҳаббат асосида жинсий ҳаёт кечираётган куёв ва келин, эр ва хотин учун икковларига маъқул бўлган ёки бири иккинчисига бахтли дақиқаларни тақдим этиш ниятида танланган жинсий ҳолатни қўзғатиш ва қўзғалиш шакллари ахлоқсизлик ҳисобланмайди ва жинсий ҳаётда бунинг аҳамияти каттадир. Бу ҳатто жуфтларнинг бирбирини яхши билишини, бир-бирига ишонишини кўрсатиб, оқибатда бу шакллар икковлари ўртасида ички бир сир бўлиб қолиб, оиланинг мустаҳкамланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки бунда эркак ва аёл бир-бирини умр йўлдоши тариқасида яхшироқ, жинсий ҳаётни эса нисбатан бой, ижодий, теран идрок этишади. Бу эса, одатда, оилавий ҳаётда маълум вақтдан кейин юзага келадиган психофизиологик тўйинишни сусайтиради, қайлиқларни, айниқса эркакларни жинсий тўйинишдан сўнг “янги лаззатли учрашув”ни бошқа ёқлардан қидиришдан, оиладан ташқарида жинсий муносабатлар ўрнатишдан сақлашга ёрдам беради.
Вафосизликнинг олдини олиш ёки унинг миқдорини камайтириш, оила мустаҳкамлигини ошириш аксарият эр-хотин, яъни жуфтларнинг ўз қўлида. Кузатишлар шуни кўрсатадики, баъзан вафосизлик қилган эр ёки хотин ўз жуфти ҳалолидан керагича меҳр, муҳаббат, эътибордан ташқари, яна озгина “жазман” ликни туйгач, аслида ўз турмуш ўртоғидан яхшиси йўқлигига яна бир бор иқрор бўлади ва ўзга билан янги учрашувлар қидиришни тўхтатади. Инсон ҳаётида бир хилликдек тез жонга тегадиган нарса бўлмайди. Шу жумладан, жинсий ҳаётда ҳам ижодкор бўлиш, ишқ-муҳаббат ўйинлари шаклларини янгилаш билан ҳам киши умр йўлдошига бахтли дақиқаларни тақдим этиши мумкинлигини унутмаслик керак.
Савол: – Аёл кишининг жинсий қониқишида олатнинг катта-кичиклигининг аҳамияти борми?
Жавоб: – Кўпгина сексологлар фикрича, агар олат қўзғалмаган, эрекция бўлмаган ҳолда уч сантиметрдан кичик бўлмаса, хотин кишининг жинсий эҳтиёжларини тўла қондира олади. Кўпчилик аёлларнинг фикрича, аёлнинг жинсий эҳтиёжларини қондиришда олатнинг ҳажми муҳим рол ўйнамас экан. Аёл оргазми олатнинг ҳажмига эмас, эркакнинг эътибори ва жинсий уқувига, аёлнинг жинсий қўзғалганлигига, психоэротик тайёрлигига боғлиқ.
Савол: – Қизлар гименлари (қизлик пардаси) бутунлигига қарамасдан ҳомиладор бўлиб қолишлари мумкинми?
Жавоб: – Севишган ёшларнинг маълум қисми никоҳгача жинсий алоқа қилиш ахлоқ-одобга тўғри келмаслигини яхши уққан ҳолда бир-бирлари билан петтинг кўринишида муносабатда бўладилар ва баъзан давомли петтингни ҳам қўллайдилар. Гименнинг ҳайз қони чиқадиган тешик қисми бўлади. Ёшларнинг петтинги натижасида манийнинг бир қисми жинсий лабларга тушиб, чаққонлик билан тешикдан ўтиб бачадонга киради ва бачадон найларига боради. Агар шу кунларда қизнинг тухумдонида ген тухум ҳужайраси пишиб етилган ва у бачадон найида бўлиб қолса, дарҳол оталаниб, ҳомила юзага келиши мумкин.
Савол: – Севги билан секснинг боғлиқлик жойи борми?
Жавоб: – Севгини секс сақлайди. Агар сизда бир-бирингизни тушунишда муаммо пайдо бўлиб, ранж-алам тўпланиб қолган бўлса, бир-бирингиз билан яқинлик қилишдан қайтманг. Бир-бирингизнинг орангиздаги кекни исботлашдан кўра секс билан шуғулланинг. Ўз нафсини қондирган эркак сизга албатта меҳрибончилик ва марҳамат кўрсатади. Қолган муаммоларни ҳал қилиш қийин бўлмайди.
Савол: – Айрим эрлар жинсий алоқанинг “Чавандоз аёл” шаклини маъқул кўрадилар. Бунинг аёл учун зарари йўқми?
Жавоб: – Жуфтлар учун жинсий алоқанинг мақбул шаклларидан бири шундай аталади. Бу эрларга аёлнинг энг нозик лаззат нуқталарини топишда ёрдам берибгина қолмай, икковининг оргазмини интиҳосига етказади.
Савол: – Жинсий алоқанинг соғлиққа қандай нафи бор?
Жавоб: – Тиббиётда жинсий алоқа йўли билан турли хасталикларни батамом даволаб юбориш, қайтариш ёки енгиллатиш мумкинлиги исботланган. Жинсий алоқа меъёрида бўлсагина соғлиққа фойда, акс ҳолда зарар эканлигини унутмаслик керак.
Яхши жинсий алоқа уйқусизликнинг ягона ва табиий дорисидир. Аввало алоқа тўғрисида ўйлаш хаёлот оламини янгилайди, кишига ором бахш этади. Биологик яхши жинсий алоқа табиий уйқу дорисидир, у олдинига соғлом мизғишга келиб, сўнг чуқур уйқуга айланади. Бу айтилган ҳолатни қоида сифатида айтадиган бўлсак: эр-хотинни тўшакда жинсий алоқадан кейин уйқу элитмаса, жинсий муносабатда қандайдир камчилик бор. Лекин ҳаммаси яхши бўлса, бўшашган тана, оёқлар, сустлашган кўзга уйқу малҳам бўлади. Эру хотиннинг енгил қадам ташлаши, порлаган кўзлари кечаси бўлган яхши алоқа нишонасидир.