Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
– Ие, сенга нима бўлди, Жамилахон, жин тегдими? – деди Ўрозмат ҳазиллашиб.
– Жин теккани йўғу, лекин бормайман дедимми, бормайман.
Ўрозматнинг жаҳли чиқди:
– Бу гапингни қўй, ғалла ташийсан, вассалом! – деди у қўлтиқтаёғини ерга дўқ эткизиб уриб. – Агар биров хафа қилган бўлса, айт, мана шу таёғим билан гарданига бир туширай. Бўлмаса, ишингга жўна. Ғалла менга эмас, фронтга керак, эринг ҳам фронтда-ку.– Бригадир жаҳл билан шартта бурилди-да, тез-тез одимлаб кетди.
Жамила ғинг деёлмай, қўлидаги қамчинини ўйнатиб, айбдор одамдек, қизарганича туриб қолди. Бериги ёқда турган Дониёрни кўрди-ю, сир бой бермай, оғир хўрсиниб қўйди. Дониёр ҳамма гапни эшитди-ю, лекин сездирмади. У тескари қараганча хомут ипларини қаттиқ тортиб боғлай бошлади. Жамила ҳам хирмон ўртасида бирпас турди-да, сўнг: «Э, нима бўлса бўлар», дегандек қўл силтаб араваси томон кетди.
Ўша куни биз овулга ҳар кунгидан барвақт қайтдик. Чунки бораётганда ҳам, келаётганда ҳам Дониёр отларини зовталаб ҳайдаб борди. Жамила ғамгин, гапирмас эди. Мен қақраган бийдай далани кўриб кўзларимга ишонмасдим: ахир куни кеча у худди афсоналарда тасвирлангандек гуллаб-яшнаб турганди-ку… Кечаги ажойиб манзара, Дониёр билан Жамиланинг аравада ёнма-ён ўтирганлари сира кўз ўнгимдан кетмас эди. Гўё ҳаётнинг энг гўзал бир лавҳасини қўлимда ушлаб тургандек бўлардим. Ўша ажиб бир лавҳа бутун фикр-ёдимни банд қилган эди. Ўйлаган мақсадимга етмагунимча жоним тинчлик топмайдигандек эди. Хирмондаги ҳисобчининг бир варақ қалин қоғозини ўғирлаб олиб, ғарам орқасига яшириб, ғалла совурадиган курак устига қўйганимда юрагим чиқиб кетаётгандек дукиллаб бўғзимга тиқилди. Отам мени биринчи марта от устига мингизгандаги каби «Бисмилло!» дедим-да, қаламни қоғозга теккиздим. Ана-мана дегунча Дониёрнинг қиёфасини қоғозга чиза бошладим. Лекин бу ҳали мукаммал бўлмаган, шунчаки ўргамчикка чизилган сурат эди. Лекин Дониёрнинг қомати ўзига анча ўхшай бошлаганида бошим кўкларга етиб, у ердалигимни, нима иш қилаётганимни ҳам унутиб қўйдим. Ўша август туни, ястаниб ётган бепоён дала қоғоз бетида жилолангандек, Дониёрнинг дилрабо куйи ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлди. Кўз ўнгимда солдатча кўйлагининг ёқаси очиқ Дониёр билан унинг елкасига бош қўйган Жамила гавдаланди. Бу менинг умримда биринчи марта чизган мустақил суратим эди! Мана арава, мана ёнма-ён ўтиришган Дониёр билан Жамила, мана, бўш ташлаб қўйилган тизгинлар, мана, қоронғида сағриси зўрға кўриниб йўртиб бораётган отлар, ундан нарида бийдай дала, узоқ-узоқларда юлдузлар милтиллайди… Ишга шунчалик берилиб кетибманки, кимнингдир тепамга келиб жаҳл билан қичқирганидан ҳушимга келдим. Қарасам, Жамила экан:
– Нима бало, кар бўлиб қолдингми?
У мени излаб юрган экан, шошганимдан суратимни беркитишга ҳам улгуролмай қолдим.
– Буғдойни аллақачон юклаб бўлдик, бир соатдан бери қичқирамиз-а, овозинг чиқса-чи!.. Қўлингдаги нима? – деб Жамила суратни мендан тортиб олди ва: «Бу нима қилиқ!» – деб авзойи бузилиб, қоғозга термилганича қолди.
Ўшанда хижолатдан жуда мулзам бўлдим. Жамила суратга узоқ тикилиб турди-да, кейин ёшланган кўзлари билан менга маъюс боқиб:
– Шуни менга бергин-а, кичкина бола! – деди у секингина. – Сендан менга ёдгор…
Жамила сурат солинган қоғозни икки буклаб қўйнига солиб қўйди.
Биз йўлга чиқиб овулдан анча узоқлашиб кетгунча ўзимга кела олмадим. Қалбимни шу қадар тўлқинлантирган ўша лавҳани чиндан ҳам қоғозда акс эттира олдимми ёки бу бир туш – хаёлми, деб гумонсирадим. Лекин шундай бўлса ҳам қалбимнинг чуқур бир жойида чизган суратимдан фахрланиш ҳисси уйғониб, юрагим севинчдан тўлиб-тошар, яқинда бўёқ топсам, жуда кўп суратлар чизиб мактабга илиб қўярдим, деган ширин хаёллар мени маст қиларди. Энди билсам, бу болаликка хос бир фазилат экан. Мен ўз хаёлларим билан банд бўлиб, жуда тез кетаётганимизни ҳам пайқамабман. Чунки олдинда бораётган Дониёрдан орқада қолмайлик, деб Жамила отларга устма-уст қамчи урарди. Кейинги пайтларда Дониёр аравасини ҳар қачонгидан ҳам тез ҳайдайдиган бўлиб қолганди.
Жамила Дониёр билан ёнма-ён борарди. У гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга қарар, баъзан эса бирон айб иш қилиб қўйгандек аянчли жилмайиб турарди. Буни кўриб мен ҳам жилмаярдим ва: «Чизган суратим янгамга ёқди шекилли, хафалиги тарқаб, кўнгли ёзилди. Жамила Дониёрга ашула айт деса, у албатта айтиб беради… Демак, бугун Дониёрнинг ашуласини маза қилиб тинглар эканман-да… Эҳ, тезроқ айта қолса экан», – деган ўй кўнглимдан кечарди!
Бу сафар биз станцияга анча барвақт етиб келдик, лекин отларимиз қора терга тушиб кетган эди. Тарози ҳам бўш экан, Дониёр аравадан туша солиб, қопларни таший бошлади. Унинг бунча шошиб-пишиб ишлашига, индамай тумшайиб юрганига ҳайрон эдик. Поездлар ўтганда, Дониёр тўхтаб қолиб, уларнинг орқасидан узоқ вақт қараб турар, негадир чуқур ўйланиб қоларди. Жамила ҳам гўё унинг кўнглидагини билмоқчи бўлгандек, Дониёр боққан томонга қаради. Жамила аравасининг ёнига бориб Дониёрни чақирди:
– Бери кел-чи, Дониёр, қашқа отнинг тақаси тушай деб турибди, шуни юлиб ташлагин.
Дониёр отнинг туёғини тиззалари орасига қисиб, тақани юлиб олиб, қаддини ростлаётганида Жамила секин шивирлади:
– Нима, ҳеч нарсани тушунмайсанми дейман? Ё мендан бошқа қиз-жувон қуриб қолганми.
Дониёр қиё боқди-ю, лекин ҳеч нарса демади.
– Нима, менга осон деб ўйлайсанми? – деди Жамила хўрсиниб.
Дониёр Жамилага меҳр билан боқиб, алланима дедию, лекин мен эшитмай қолдим, чунки юганидан ушлаб турган отим бошини силтаб пишқириб юборди. Дониёр нимадандир мамнун бўлгандек қўлидаги тақани силаб, ўз араваси томон кетди. Мен унга қараб, наҳотки унинг юраги Жамиланинг ҳалиги сўзларидан таскин топди экан, деб ҳайрон бўлардим. Ахир «Менга осон деб ўйлайсанми?» – деган сўзининг нимасига хурсанд бўлади?
Биз қопларни ташиб бўлиб, энди овулга қайтмоқчи бўлиб турганимизда, ҳовлига эгнига ғижимланган эски шинель кийган, елкасига халта илиб олган бир ориқ ярадор солдат кириб келди. Ундан сал олдин станцияга бир эшелон келиб тўхтаган эди. Ҳалиги солдат чор-атрофга аланг-жаланг қаради-да:
– Гуркуров овулидан ким бор?! – деб қичқирди. Бу ким бўлдийкин, деб ўйладим-да:
– Мен Гуркуровдан бўламан, – дедим.
Солдат қувониб кетди-да:
– Кимнинг боласисан, укажон? – деб сўраб олдимга келмоқчи бўлган эди, бирдан Жамилага кўзи тушиб, турган жойида донг қотиб қолди.
– Кариммисан? – деди Жамила шодланиб.
– Вой, Жамила, сингилжоним! – деб солдат Жамиланинг ёнига югуриб бориб, у билан қўш қўллаб кўриша кетди.
Бу келган йигит Жамиланинг узоқ қариндоши, ҳамқишлоғи экан.
– Буни қара, худди билгандек шу ёққа қайрилибман-а! – деди у ҳаяжон билан, – Содиқнинг ёнидан чиққанимга атиги беш кун бўлди, госпиталда у билан бирга ётдик, Худо хоҳласа, у ҳам бир-икки ойда келиб қолади. Мен келаётганимда хотинингга хат ёзиб бер, ўз қўлим билан топширай, деб хат ёздириб олгандим… Жуда яхши қилган эканманда, мана, омонатингни ол! – деб хурсанд бўлиб, солдат шинелининг ичидан учбурчак хатни олиб, Жамилага узатди. Жамила хатни шоша-пиша олди-да, қувонганиданми ё уялганиданми, аввалига қизариб, сўнгра ранги қув ўчиб, индамай Дониёрга кўз қирини ташлади. У бояги хирмондагидек оёқларини кериб, аравасининг ёнида ёлғиз тураркан, Жамилага маъюс боқарди. Бу орада ҳар томондан югуриб келишган кишилар солдатни ўраб олиб, баъзиси қариндош, баъзиси ҳамқишлоқ чиқиб, ҳол-аҳвол сўрашиб қолишди. Жамила ўз ҳамқишлоғига миннатдорчилик билдиришга улгурмаган ҳам эдики, Дониёр унинг ёнидан аравасини тақир-туқур қилиб ўтдида, чанг-тўзон кўтариб йўлга тушди. Кишилар унинг орқасидан:
– Нима бало, уни жин урдими? Эси жойидами ўзи? – деб қичқириб қолишди.
Солдатни ҳам таниш-билишлари олиб кетишди шекилли, ҳовлида янгам иккаламиздан бошқа ҳеч ким қолмабди. Биз Дониёрнинг араваси кўздан ғойиб бўлгунча, олисда кўтарилаётган чангга қараб турдик.
– Юр, янга, уйга кетайлик, – дедим мен.
– Ўзинг кетавер! – деди Жамила.
Ана шундай қилиб, биз биринчи марта алоҳида-алоҳида кетдик.
Ҳавонинг димлигидан нафас олиш қийин эди. Ердан кўтарилган ҳарорат лабларимни қавартириб, томоғимни қуритиб юборди. Жазирама қуёш нури эрталабдан куйдириб, қовжиратиб ётган ер энди шўрхок туз билан қопланиб, аста-секин совиётгандек бўларди. Қуёш шўрхок ердан кўтарилаётган сароб сингари парда ичида уфқ сари чўкиб борарди.
Узоқда, уфқ тепасида қизилсур булутлар йиғила бошлади. Баъзан кучли гармсел эсиб, отларнинг тумшуқларига чанг аралаш оқиш шўрхокларни келтириб урар ҳамда уларнинг чанг босган ёл ва думларини юлқиб, йўл бўйидаги эрманларни учириб кетарди.
«Ёмғир ёғади шекилли», деб ўйладим. Шунда ёлғизлик дарди ичимни ўртаб, алланимадан қўрққандек отларни жадал ҳайдаб кетдим. Менгина эмас, ҳатто узун оёқли тувалоқ қушлар ҳам бир нарсадан чўчигандек қамишзорлар орасига кириб яширинишди. Шамол жазирама иссиқда қовжираган қариқиз япроқларини аллақаерлардандир йўл устига учириб келарди. Биз томонларда бундай ўсимликлар ўсмайди. Чамамда, бу япроқлар қозоқ чўлларидан учиб келган бўлса керак. Теварак-атрофда қимирлаган жон йўқ. Дониёр ҳам кўринмайди, орқада қолган Жамиладан ҳам дарак йўқ. Қуёшнинг охирги нури ҳам сўнди. Толиққан дала ҳам мудраб уйқуга кетди.
Мен хирмонга қош қорайганда етиб келдим. У ер тинч, ғир этган шабада йўқ. Дониёрни чақирган эдим, қоровул жавоб берди.
– У сойга кетди, нима ишинг бор эди? – деди-да, сўнгра бир ютиниб олиб, ўзича минғиллади. – Ҳавонинг димлигини-чи, ҳамма уй-уйига кетди. Шамол бўлмаса, хирмонда иш бўлармиди…
Отларни бедазорга тушовлаб, сойга бурилдим. Дониёр одатдагидек тик тушган жар тепасида тиззасини қучоқлаб, бошини қуйи солганча жар остида сувнинг шовуллаб оқишига қулоқ солиб ўтирарди. Унинг музтар бўлиб ўтириши юрагимни эзиб юборди. Дониёрнинг ёнига бориб, уни маҳкам қучоқлаб, тасалли бермоқчи, илиқ сўзлар билан кўнглини кўтармоқчи бўлдим. Лекин нима ҳам дея олардим, уни қандай юпатаман ахир. Анчагача иккиланиб турдим-да, сўнгра хирмонга қайтиб кетдим.
Ўшандан кейин ғарам устида ётиб анча вақтгача ухлай олмай, осмонни қоплаб келаётган булутларга қараб хаёл суриб кетдим. «Инсон ҳаёти нега бунчалик мураккаб, сира тушуниб бўлмайди-я». Жамиланинг бўлса ҳамон дараги йўқ. Нега бунча ҳаяллади экан, қаерларда юрганикин, деб араванинг ғилдирак товушларини эшитишга зор бўлиб қулоқ солиб ётдим. Қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам сира уйқум келмади. Тоғлар тепасидаги булутлар орасидан яшин ялт-юлт этиб чақнарди.
Дониёр келганда ҳали уйғоқ эдим. У нима қиларини билмай, қайта-қайта йўлга қараб, хирмонда бир оз айланиб юрди-да, сўнгра ёнимга келиб, ўзини юз-тубан отди.
«Энди у овулда қолмайди, бошини олиб кетса керак», деб ўйлардим. Лекин бечора қаерга ҳам борарди? Бошпанасиз бир мусофир кимга ҳам керак? Бечорага қийин бўлди-да, энди нима қилар экан?
Энди кўзим илинган экан, хирмон томондан арава товуши эшитилди. «Жамила бўлса керак», – деб ўйладим уйқу аралаш.
Қанча ухлаганимни билмайман, бир вақт нақ қулоғим тагида шитирлаган товуш эшитилиб, биров келаётгандек бўлди. Қанот серпигандек қандайдир бир совуқ нарса бетимни силаб ўтди. Кўзимни очсам Жамила экан. Чўмилиб келган бўлса керак, кўйлагини ҳам ҳўллаб олибди, шунинг учун ҳам ёнимдан ўтаётганида салқин шабада эсгандек бўлди. Жамила тўхтаб қолди-да, у ёқ-бу ёққа аланглаб, Дониёрнинг бош томонига ўтирди.
– Дониёр, мана мен ўзим келдим! – деди у секин шивирлаб.
Атроф жимжит, осмонни гумбурлатиб яшин чақнади.
– Хафа бўлдингми? Қаттиқ хафа бўлдингми?
Яна жимлик чўкди, қирғоқдан тупроқнинг сувга «шўлп» этиб тушгани эшитилди.
– Лекин менинг айбим нима? Сенда ҳам гуноҳ йўқ.
Тоғлар устида яшин гумбурлади. Жамила чўчиб ялт этиб қараганида, яшин унинг юзини ёритиб юборди. Жамила атрофга бир қаради-да, ўзини Дониёрнинг кўксига ташлади, унинг елкаси Дониёрнинг бақувват қўллари остида дир-дир учарди. Жамила ҳам ғарамга чўзилиб Дониёр билан ёнма-ён ётди.
Кучли шамол сомонни кўкка совуриб, хирмон четида қийшайиб турган ўтовни ялаб ўтди-да, қуюн бўлиб осмонга кўтарилди. Чақмоқ булутлар орасида кўкимтир из қолдириб, қарағай сингандек қасира-қусур қилиб ҳаммаёқни ларзага солди. Аъзои баданим титраб, ҳам қўрқиб, ҳам қувониб кетдим. Момақалдироқ, ёзнинг охирги момақалдироғи ёпирилиб келар, илк нафаси димоққа уриларди. Энди Жамилани ҳеч қандай куч тўсолмасди. У Дониёрга секин шивирлади:
– Чиндан ҳам гумонсирадингми, наҳотки, мен сени унга алмаштирсам! У мени ҳеч қачон севган эмас, севмайди ҳам! Майли, ким нима деса деяверсин, лекин мен сеникиман! Ёлғизим, азизим, мен сени ҳеч кимга бермайман. Мен сени кўпдан бери севаман. Ғойибона ошиқ бўлиб келишингни интизорлик билан кўзим тўрт бўлиб кутгандим. Кутганлигимни билгандек, мана, сен ҳам мени излаб келдинг.
Жарлик орқасидаги сой қирғоқларидан ивиб, сувга қулаб тушаётган тупроқ чақмоқ ёруғуда кўриниб турарди. Дастлабки йирик ёмғир томчилари сомон устига шитирлаб ёға бошлади.
– Жамилам, жонгинам, севгилим, Жамилахон! – деб Дониёр қирғизча ва қозоқча энг нафис сўзлар билан ўз маъшуқасини эркалатарди, – мен ҳам сени кўпдан бери севиб юрардим. Умримда кўрмаган бўлсам ҳам окопларда ётиб сени ўйлардим. Севган ёрим ватанимда эканлигини билардим. Бу сен экансан, Жамилам!
– Шунқорим, мард лочиним! Бу ёққа қара-чи, кўзларингга тўйиб боқай!
Ёмғир шаррос қуйиб берди. Қора уй тепасига ёпилган наматлар худди қанот қоққан қушдек шамолда учиб кетди. Гоҳ қиялаб, гоҳ тик қуйган жала ерни орзиқиб кутгандек устма-уст ўпарди. Кетма-кет момақалдироқ гумбурлаб, бутун осмон қаърини тилиб ўтгандек бўларди. Узоқ-узоқлардаги тоғлар баҳор лолаларидек қизариб кўринарди.
Ёмғир кучая борди. Мен бўлсам, сомонга кўмилиб олиб, юрагимнинг дук-дук уришини сезиб ётардим. Мен ниҳоятда бахтиёр эдим! Ўзимни узоқ касалликдан кейин биринчи марта кўчага чиққан одамдек ҳис этиб, ҳар бир нарсага суқланиб қарар, гўё ҳаёт лаззатини энди билаётгандек эдим.
Ёғин ҳам, чақмоқларнинг ёруғи ҳам сомон остида ётган жойимга етиб борарди, лекин мен ўзимни жуда яхши ҳис этардим, уйқуга кетар эканман, ўзимча кулимсираб қўярдим. Қулоғимга чалинган шарпанинг нималигини билмасдим. Бу Жамила билан Дониёрнинг шивирлашими ё бўлмаса тинаётган ёмғирнинг сомонга шитирлаб тушишими?
«Мана энди ёмғир тинмайди, ҳадемай куз ҳам киради!» – дердим ўзимга ўзим. Нам сомон билан эрман ҳиди димоққа уриб, куздан дарак берарди.
Лекин бу кузда бизни нималар кутаётгани ҳақида ўйламабман.
* * *
Ўша кузда мен икки йиллик танаффусдан кейин яна мактабга қатнай бошладим. Дарсдан бўш вақтларимда кўпинча ҳалиги сой бўйидаги жар тепасига бориб ўтирардим. Хирмон ҳувиллаб бўшаб қолган эди. Бу ерда мен мактабдан олган бўёқлар билан ўзимнинг дастлабки этюдларимни чиздим. Чизган суратчаларимдан ўзимнинг ҳам кўнглим тўлмас эди. «Бўёқларимнинг мазаси йўқ. Қани энди чинакам, асл бўёқлар бўлса!» – деб ўйлардим ичимда. Яхши бўёқларнинг қандай бўлишини билмасдим ҳам. Рассомлар ишлатадиган мойбўёқларни фақат кейинги вақтлардагина кўришга муяссар бўлдим.
Бўёқ ўз йўли билану, лекин муаллимларнинг гапида ҳам жон борга ўхшарди: рассом бўлиш учун ўқиш керак. Бу гап тўғрилигини билиб турсам ҳам ўқишимга сира кўзим етмасди.
Ўқиш қаёқда дейсиз, акаларим дом-дараксиз кетган бўлса, мен икки уйнинг ёлғизгина дастёри бўлсам, ўқишга юборишармиди. Шунинг учун ўқиш тўғрисида оғиз ҳам очмасдим. Лекин ўқишни қўмсаб, боролмаслигимга ич-ичимдан ачинардим, бунинг устига, бу йил кузнинг бу қадар кўркам келишини айтмайсизми!
Қўлингдан келса, ўтирсангу чизсанг, ажойиб сурат чиқарди-да.
Гуркуровнинг суви камайиб, қозондек-қозондек тошлар туртиб чиқиб, уларнинг усти ям-яшил, сапсариқ йўсин билан қопланганди. Эрталабки изғириндан яланғоч толларнинг нозик таналари қизариб кетганди, бироқ теракларнинг сап-сариқ япроқлари ҳали тўкилмаган эди.
Йилқичиларнинг ёзи билан ўт ёқилавериб тутундан қорайиб кетган ўтовлари катта сойнинг у ер-бу ерида кўзга ташланарди. Ўтовдан буралиб-буралиб чиқаётган кўк тутун худди тўй-тўйлаган хотинлардек овулма-овул сузиб юришарди. Тойчоқлар атрофга ёйилиб кетган оналарини қидиришиб, зўр бериб кишнашарди. Энди тойчоқларнинг кишнагани-кишнаган. Чунки бияларни то баҳоргача уюрда сақлаш қийин. Тоғлардан қайтган моллар ҳосили йиғиб олинган далаларда пода-пода бўлиб юришарди. Дашт саҳни туёқ изидан илма-тешик бўлиб кетган эди.
Бу йил ҳам куз кузлигини қилди: ҳаммаёқни тўзитиб изғирин шамол қўзғалди ва осмоннинг авзойи бузилиб, қор аралаш ёмғир ёға бошлади. Бир ҳафта сурункасига ёққан ёмғир бир кун сал тиниши билан мен Гуркуров томонга қараб жўнадим. Тошлоқдаги бир туп тоғ четани қип-қизил чўғдек ёниб, «Мени суратга ол», – дегандек бўй чўзиб турарди.
Мен сой бўйидаги буталар орасида сурат чизиб ўтирганимда қош қорайиб қолган эди. Бир вақт бошимни кўтариб қарасам, нариги соҳилда икки киши турибди, дарёнинг саёз жойидан кечиб ўтишган бўлса керак. Уларнинг Дониёр билан Жамила эканини дарров танидим. Мен уларнинг жиддий ва ташвишли юзидан кўзимни уза олмай тикилиб турдим. Дониёр ҳар галгидек дадил қадам ташлар, юрган сайин шинелининг бари оҳори тўкилган солдатча этигининг қўнжларига шартиллаб тегарди. Жамила бўлса эгнига бозорга борганда киядиган парча-парча қизил гулли кўйлагини, чийбахмал чопонини кийиб, бошига оқ жун рўмолини ўраб олганди. Бир қўлига тугунча кўтариб, иккинчи қўли билан Дониёрнинг халтасидан ушлаб бормоқда. Улар йўл-йўлакай нималар тўғрисидадир ўзаро гапиришиб боришарди.
Уларнинг овулимизни ташлаб, қаёққадир кетишаётганини сезиб, юрагим «жиз» этиб кетди.
Мана, улар жарликдан ўтиб, қамишзор оралаб кетиб борарди. Мен бўлсам, худди бир нарсани йўқотган кишидек уларнинг орқасидан қараб, нима қиларимни билмай қолдим. Қичқирайин десам, нафасим сиқилиб, овозим чиқмасди.
Қуёш тоғлар ёқалаб сузиб бораётган булутларга қизғиш нурларини сўнгги бор сочди, атрофни қоронғилик қоплай бошлади.
Дониёр билан Жамила орқа-олдиларига қарамай, темир йўл разъездини кўзлаб тез одимлаб боришмоқда. Бора-бора уларнинг қоралари узоқлашиб, бир оздан кейин қамишзор орасига кириб, бутунлай ғойиб бўлди.
Ана ўшандагина мен ўзимга келиб, орқаларидан овозимнинг борича:
– Жамилаааа! – деб қичқирдим.
Дала устида анча вақтгача «ааа» деган акс садо эшитилиб, бир оздан сўнг тинар эди.
Яна бир марта жаҳл билан:
– Жамилаааа! – деб қичқирдим-да, сўнг уларнинг орқасидан югуриб қолдим. Сувни сув демай, оёқ-яланг, бош-яланг, уларнинг орқасидан қувиб борардим, уст-бошим жиққа ҳўл бўлганди. Шунга қарамай, яна тезроқ чопа бошладим. Бирдан оёғим нимагадир чалиниб кетди-да, юз-тубан йиқилдим. Бошимни кўтармай, икки қўлим орасига олиб, ўксиб-ўксиб йиғлаб юбордим. Кўз ёшларимдан намланган майин тупроқ қўлимни, бетимни музлатиб ғирашира қоронғилик кўнглимга ғулғула солгандек, ўпкам қисилиб, аччиқ-аччиқ йиғладим, қамишлар гўё менинг қайғу-ҳасратимга ҳамдард бўлгандек тинмай шитирлашар эди.
– Жамила! Жамила! – дердим мен ўпкамни босолмай пиқ-пиқ йиғлаб. Мен энг яқин, энг азиз одамларим билан хайрлашар эдим. Мана, ҳозиргина ерда ётиб, ўзим ҳам Жамилани севиб қолганлигимни тушундим. Бу менинг илк, болаликдаги севгим эди.
Юзимни кўз ёшидан ҳўл бўлиб кетган енгимга артиб, яна анчагача йиғлаб ўтирдим. Мен фақат Жамилалар билангина эмас, балки ўзимнинг болалик даврим билан ҳам хайрлашар эдим.
Қоронғида тимирскиланиб уйга келганимда ҳовлимизда шовқин-сурон авжида эди; ит эгасини танимасди. Кимдир отга эгар урарди. Безори Усмон бўлса, ҳар кунгидек маст, отини гижинглатиб, овозининг борича бақирарди:
– Айтмаганмидим, мана оқибати нима бўлди. Йўлчибой ота шармандайи шармисор бўлди. Қани кетдик, бу саёқ ит, чала қозоқни ушлаб бўйнини узмасам, отимни бошқа қўяман. Ўн йилга кесилсам, кесиламану, лекин ҳар қандай ялангоёқнинг хотинларимизни олиб кетишига йўл қўймайман. Қани кетдик, йигитлар. Қаерга ҳам борарди дейсан?
Улар қайси томонга кетишаркин деган фикр хаёлимдан ўтдию, юрагим шув этиб, аъзои баданим музлаб кетди. Нима қиларимни билмай, отлиқларнинг орқасидан мен ҳам овул чеккасигача югуриб бордим-да, уларнинг разъезд томонга эмас, станцияга олиб борадиган катта йўл томонга қараб бурилиб кетганларини кўриб, кўнглим ўрнига тушди. Сўнгра уйга қайтиб келдим-да, йиғлаганимни ҳеч ким билмасин деб, отамнинг тўнига ўралиб ётдим.
Овулда ҳар хил миш-миш гаплар тарқалди. Ҳамма хотинлар Жамилани қоралашарди:
– Аҳмоқда! Ақли бўлса туз ичган жойига туфлаб, санқиб юрган бир мусофирга эргашиб кетармиди.
– Шунисига куяман-да! Унинг нимасига қизиқди экан дейман-да! Эски шинели билан тешик этигидан бўлак ҳеч балоси йўқ эди-ку!
– Қўтон-қўтон қўйи бормиди! Уйи йўқ, жойи йўқ, насл-насаби бетайин бир дайди-да! Майли, уволи ўзига, ҳали аттанг дейди… Бу танноз хотиннинг ҳолини ўшанда кўрармиз.
– Тавба, Содиқдан ортиқ эрни топиб бўпти.
– Қайнонасини айтмайсанми, қайнонаси-чи? Бундай ювош қайнонани қаердан топади! Ўзига ўзи қилди жувонмарг, майли!
Бурунги янгамни, Жамилани қораламай, унинг қилмишини тўғри деб топган ёлғиз мен бўлсам керак. Дониёрнинг эски шинели билан тешик этигидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам, лекин унинг маънавий бой, қалби юксак одамлигини мен билмаганда ким билади. Жамила Дониёрнинг этагини ушлаб кетиб, ўз бахтини топтади, деган гапларга ишониш у ёқда турсин, аксинча, мен, у ўз бахтини энди топди, деб ишонардим. Фақат ойимга ачинардим, холос. Жамила билан бирга унинг бутун куч-қуввати кетгандек. Ойим ғамгин бўлиб, ўзини анча олдириб, қадди букилиб қолди. Оҳ, бечора ойим! Ҳаёт оқими баъзида эскилик илдизига шафқатсиз болта уриб, янги бахт сари интилишини ойим тушунмаса керак-да. Агар бўрон азим чинорни таг-томири билан қўпориб ташласа, у қайтиб қаддини ростлаёлмайди… Ойимнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан унинг олдинги куч-қуввати қолмаганлиги сезилиб турарди. Илгарилари у ҳеч кимдан игнага ип ўтказиб беришни илтимос қилмас, қарилик ғурури бунга йўл қўймас эди. Бир куни уйга кириб келсам, ойим игнанинг кўзини тополмай, қийналиб йиғлаб ўтирибди.
– Ма, ипни ўтказиб бер-чи! – деди у қалтираган қўллари билан игна ва ипни менга узатиб. Сўнгра оғир хўрсинди-да, кўз ёшларини артиб, ўзича минғирлади: – Ээ, шўрлик келиним, кўра-била туриб ўзингни ўтга ташладинг-а. Уйимизнинг тўри сеники, еганинг олдингда, емаганинг кетингда эди… Ўзингни ўзинг жувонмарг қилдинг… Бизни доғда қолдириб кетдинг… Нега кетдинг? Уйимизда нима камчилик кўрдинг… Шўрлик Жамила…
Ойимнинг шундай мунғайиб ўтирганини кўриб, ўзимни тутолмай, беихтиёр: «Йўқ, ойи, у шўрлик эмас!» – деб қичқириб юборгим келдию, лекин ўзимни босдим. Ойимни маҳкам қучоқлаб, Дониёрнинг кимлигини, уни жонимдан азиз кўришимни айтиб, йиғлаб юборишимга оз қолди. Лекин бу сўзларни айтишга тилим борармиди. Бу гапим билан ойимни бир умрга хафа қилган бўлардим.
Лекин барибир бу бегуноҳ «қилмишларим» сир бўлиб қолмади.
Орадан кўп ўтмай Содиқ акам армиядан қайтиб келди. Ростини айтганда, у кўринишда унчалик сир бой бермаса ҳам, лекин номусдан қаттиқ куюниб, жиғи-бийрон бўлиб юрди, Усмонлар билан ичишиб қолгудек бўлса:
– Кетган бўлса садқайи сар! Сарсон-саргардон бўлиб юриб, охири бир кун очидан ўлади кетади. Хотинман деганинг тўлиб ётибди, чертиб-чертиб олиш мумкин. Олтин бошли хотиндан бақа бошли эр яхши! – дерди жаҳл билан.
– Гапинг-ку тўғри-я, – деб жавоб қайтарарди Усмон. – Афсуски, ўшанда қўлимга тушмади-да, унисининг ичак-чавоғини ағдариб, бунисининг сочларидан отга боғлаб судратардим! Эҳтимол, улар жанубда, пахта далаларида ё бўлмаса қозоқ ерларида тентиб юришгандир. Саёқлик Дониёрга касб бўлиб қолган. Шунисига доғманки, буни ҳеч ким билмай, ҳеч ким сезмай қолган-а, қандай бўлганига кишининг сира ақли етмайди-я… Бу ишнинг ҳаммасини ўша қанжиқнинг ўзи қилган, исини ҳам чиқармади-я, лаънати, бўлмаса мен уни нақ!..
Бундай гапларни эшитганимда қоним қайниб, муштларимни қисардим. Кучим етса, ўша Усмоннинг башарасига туфлаб: «Пичан ўроғида адабингни бергани эсингдан чиқибди-да… Энг ярамас, энг разил одам сенсан-ку!» – деган бўлардим.
Бир куни уйда мактаб деворий газетасига сурат чизиб ўтирган эдим, ойим ҳам печка олдида чўққайиб ўт ёқиб ўтирарди, бехосдан эшик очилиб, уйга ранги кўкариб, ғазабидан кўзларига қон тўлган Содиқ акам кириб келди. У менинг устимга ёпирилиб келаётганда, елкасига ташлаб олган шинели ерга тушиб кетди.
– Буни сен чиздингми? – деб сўради у бир варақ қоғозни тумшуғумга тиқиб. Қоғоздаги суратни кўриб юрагим орқамга тортиб кетди: бу ўша хирмонда ўтириб қаламда чизган Дониёр билан Жамиланинг сурати эди. Суратга кўзим тушиши билан гўё улар менга қараб туришгандек бўлди. «Қизиқ, Жамила буни нега ташлаб кетдийкин? Уни бир ерга яшириб қўйгану, кейин эсидан чиқариб кетган бўлса керак!» – деб ўйладим ичимда.
– Ҳа, мен чизган эдим! – дедим.
– Бу-чи, бу ким ўзи?
– Дониёр.
– Э, аблаҳ, сотқин! – деб ўшқирди Содиқ акам менга ва суратни майда-майда қилиб йиртди-да, оёғи остига олиб топтаб, кейин эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.
Уй ичига оғир жимлик чўкди.
– Сен буни билармидинг? – деб сўради ойим бир маҳал.
– Ҳа, билардим.
Ойим печкага ўт ёқиб ўтириб, менга шундай таъна ва ҳайрат назари билан қарадики, мен нима қилишимни билмай, бош бармоғимни узиб олгудек бўлиб:
– Мен уларнинг суратини яна чизаман! – дедим. Ойим ғинг демай бошини маъюсгина чайқаб, ерга боқди. Ерда сочилиб ётган суратга қараб, ичимни ўтдек ўртаётган хўрликка ҳеч чидай олмадим. Майли, мен оиламиз, уруғумиз учун «сотқин» бўлайин, бироқ мен одамгарчиликка, ҳақиқатга, ҳаёт ҳақиқатига хиёнат қилганим йўқ, аксинча, адолат тарафдори бўлдим. Менинг кўнглим соф, ниятим холис эканлигини ҳеч ким билган эмас, буни одамларга ҳам айтиб бўлмайди, бошқалар тугул, ҳатто ойим ҳам буни тушунмас эди, албатта.
Ойим индамай ўтираверди. Изза бўлганимдан кўзларимга ёш келди, йиртиб ташланган сурат парчалари гўё жонлидай ерда айланиб юрарди. Дониёр билан Жамиланинг ёрқин қиёфаси сира кўз ўнгимдан кетмас, Дониёрнинг ўша август кечаси айтган оромбахш қўшиқларини яна эшитаётгандек бўлардим. Уларнинг овулдан кетганларини эслаганимда, ғайратга тўлиб мен ҳам улар каби ўз истиқболим йўлида қийин сафарга отланишга қатъий бел боғладим.
– Мен ўқишга кетаман! – дедим ойимга. – Рассом бўлгим келади, рассомлик ўқишига бораман, отамга ҳам айтиб қўйинг…
Мен ҳозир ойим урушда ҳалок бўлган акаларимни эслаб, фарёд кўтариб йиғласа керак, деб ўйлаган эдим. Лекин бахтимга ойим йиғлагани йўғу фақат ғамгин, эшитилар-эшитилмас қилиб гапирди:
– Майли, ўзинг биласан, борсанг бора қол… Учирма қанот бўлганларингдан кейин гапимизга кирармидиларинг, ҳар қайсинг ўз билганларингни қиласизлар. Биз нимани биламиз, балки сизларнинг билганларинг тўғридир, балки жуда катта одам бўлиб кетарсанлар… Ҳозир замон ўзи шунақа-ку. Майли, боравер… Эҳтимол, ўша ёқларга борганингдан кейин сураткашлик яхши касб эмаслигини ўзинг тушуниб оларсан… Уйингни, ота-онангни унутма, насиҳатим шу…
Шу кундан бошлаб кичик уй ўз-ўзидан бўлиниб кетди. Ҳадемай мен ҳам ўқишга жўнадим.
Рассомлик мактабини битириб, ўз маҳоратимни ошириш учун яна Лениград академиясига ўқишга борганимда, ўз диплом ишимни топширдим. Бу диплом иши – кўпдан бери орзу қилиб, юрагимда сақлаб юрган суратим эди.
Албатта, сизлар бу суратда Дониёр билан Жамила тасвирланганини дарров фаҳмлагандирсизлар. Улар даладаги ёлғизоёқ йўлдан ёнма-ён кетишар эди. Дониёрнинг шинели шамолда елпиниб, юзидан севинч балқиган Жамила унинг халтасидан ушлаб олганди.
Уларнинг олдида Дониёр куйлаган поёнсиз, ёруғ, кенг дала ястаниб ётарди. Ҳозир оламда Жамила билан Дониёрдан бахтли одам бўлмаса керак!
Тўғри, суратимни ҳар томонлама мукаммал, бекам-кўст ишланган деб айтолмайман. Ахир, маҳорат деган ўз-ўзидан дарров келмайди-ку. Бу – оғир, машаққатли меҳнат меваси… Лекин бари-бир бу сурат мен учун дунёда энг азиз, энг қимматли нарса эди. Чунки ўзимдаги санъатга бўлган барча меҳр-муҳаббатим, ихлосим, завқимни мен биринчи марта ана шу суратга бергандим.
Мана энди анча тажрибали бўлиб қолган бўлсам ҳам, баъзан чизган суратларим кўнглимдагидек бўлиб чиқмайди, ўзимга ёқмайди, ўшанда ўз кучимга ўзим ишонмай гумонсираб қоламан. Шундай оғир дамларда ўша сурат – Дониёр билан Жамила мени ўзига чорлайди. Уларга узоқ тикилиб, ҳар гал улар билан маслаҳатлашгандек бўламан.
«Ҳозир қаердасиз, қайси йўлдан кетяпсиз? Ҳозир даламизда янги йўллар кўп. Қозоғистондан тортиб Олтой ва Сибирга қадар чўзилиб кетган! Ҳозир у ерларда чўлни бўстонга айлантириш, янги ерда янги турмуш қуриш учун кўплаб азаматлар мардона меҳнат қилмоқдалар! Балки сизлар ҳам ўша ёққа кетгандирсизлар! Ундай бўлса, оқ йўл! Сафарларинг бехатар бўлсин! Жамила, менинг Жамилам, сен бошингни баланд кўтариб, кенг даладан мағрур қадам ташлаб кетдинг… Ҳозир ҳам ўшандаймисан, ҳозир ҳам йўл юришдан толиқмайсанми? Ё ўз кучингга ўзинг ишонмай, чарчаган, иккиланиб қолган кунларинг ҳам бўладими? Бўш келма, бардам бўл, Дониёрдан мадад ол! Дониёр сенга севги, вафо, она Ер, ҳаёт тўғрисидаги жўшқин куйларини куйлаб берсин! Ўшанда кўз ўнгингда кенг дала гуллаб, август тунидаги кучли бўрон гувилласин! Олис йўлдан қўрқма, Жамила, сенинг йўлинг бахт йўлидир, сен ўз бахтингни топдинг!»
Мен уларга қараб Дониёрнинг овозини эшитаман, демак, Жамила иккиси мени сафарга чорлайди. Ҳа, мен йўлга чиқишим керак! Ҳа, кенг дала бағридан ўтиб, овулимга бораман! Туғилиб ўсган ерим – куч-қувватим! Мен ундан янги-янги бўёқлар топаман. Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғидан, ҳар бир лавҳасидан Дониёрнинг куйи эшитилиб турсин! Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғида, ҳар бир чизиғида Жамиланинг юраги уриб турсин!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?