Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 47


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 47 (всего у книги 67 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Ҳа, майли, шундай бўладиган бўлса, – деди охири чўтир Баймоқ кампир ўйлаб туриб, – буларни тезроқ олиб жўна. Етимларни ўзингнинг узоқ юртингга олиб кет. Агар улар узоқ йўл юриб толиқиб ҳалок бўлса ёки дуч келган қароқчилар ўлдириб кетса, ёки бўлмаса бу одам болалари сенинг яхшилигингга ёмонлик билан жавоб қайтаришса – ўзингдан кўр.

Она буғу чўтир Баймоқ кампирга миннатдорчилик билдирди. Бола билан қизга эса:

– Энди, мен сизларнинг оналарингман, сизлар эса менинг болаларимсизлар, – деди. – Сенларни узоқ юртга, қорли тоғ ва дарахтзорлар қўйнида жойлашган илиқ денгиз – Иссиқкўлга олиб кетаман.

Бола ва қизча шодланиб, Шохдор она буғу ортидан чопқиллаб кетишди. Лекин аста-секин чарчаб, ҳолдан тойишди, йўл эса олис – дунёнинг бу четидан у четига чўзилган. Она буғу болаларни ўз сути билан боқиб, кечалари бағрига босиб иситмаганда улар ҳеч қаерга ҳам етишолмас эди. Улар узоқ юришди. Она юрт бўлмиш Энасой тобора ортга чекиниб борар, лекин янги ватан бўлмиш Иссиқкўлга ҳали жуда узоқ эди. Йўл юришди, йўл юришса ҳам мўл юришди. Ёзу қиш, кўкламу ёз ва куз, яна ёзу қиш, яна баҳору, яна ёз ва куз қалин ўрмонлардан, жазирама чўллардан, кўчма қум саҳролардан, баланд тоғлардан ва ҳайқириб оққан дарёлардан не машаққат билан ўтишди. Уларнинг изидан бўрилар галаси қувди, Шохдор она буғу эса болаларни устига миндириб ёвуз йиртқичлардан қутқариб кетди. Уларнинг изидан тушган отлиқ овчилар ўқ узиб, қичқиришарди: «Буғу одам боласини ўғирлаб кетяпти! Ушла! Тут!» ва кетма-кет ўқ узишарди. Шохдор она буғу болаларни опичиб, ғизиллаб учаётган ўқларга, чақирилмаган қутқарувчиларга етказмай борарди. У ўқдан кўра тезроқ чопар ва шивирларди: «Маҳкамроқ ушланглар, болаларим, босқинчилар!»

Охири Шохдор она буғу ўз болаларини Иссиқкўлга етказиб келди. Улар тоғ тепасида туриб, ҳайратланишарди. Чор атроф қорли тоғлар билан қопланган, тоғлар ўртасида кўм-кўк ўрмон, кўз илғаган ҳамма жойда денгиз чайқалиб шовуллаб турарди. Кўм-кўк сув юзида оппоқ тўлқинлар югурар, шамол уларни узоқлардан ҳайдаб келиб, яна йироқларга ҳайдаб кетарди. Иссиқкўл қайдан бошланиб, қайда тугайди – билиб бўлмасди. Бир чеккасида қуёш бош кўтарса, иккинчисида ҳали тун пардасини йиғиштиролмасди. Иссиқкўлнинг чор атрофини қанча тоғ қуршаб олган – санаб бўлмасди, у тоғлар ортида яна шунга ўхшаш қанчадан-қанча қорли тоғлар бўй чўзиб турибди.

– Мана шу янги ватанингиз бўлади, – деди Шохдор она буғу. – Мана шу ерда яшайсизлар, ер ҳайдайсизлар, балиқ тутасизлар, молу ҳол қиласизлар. Минг йиллар тинч-тотув яшанглар. Ҳа, сизларнинг авлодингиз яшайди, кўпаяди. Сизлар келтирган тилни авлодлар унутишмайди. Уларга ўз она тилларида сўзлаш ва куйлаш ёқимли бўлади. Инсонларга қандай яшаш лозим бўлса шундай яшанглар. Мен эса сизлар ва сизларнинг болаларингизнинг болалари билан ҳамиша бирга бўлай…

Мана шундай қилиб, бола ва қизча қирғиз авлодининг аждодлари сифатида мангу жаннатмакон Иссиқкўлда ўзларига янги макон топдилар.

Вақт тез ўтиб бораверди. Бола бақувват йигит бўлди, қиз бўйга етди. Шунда улар қовушиб, эр-хотин бўлдилар. Шохдор она буғу эса Иссиқкўлни тарк этмасдан, яқин ўртадаги ўрмонда яшай бошлади.

Бир кун тонг маҳали Иссиқкўл қўққисдан нотинчланиб, шовуллай бошлади. Қизни тўлғоқ тутиб, азобланмоқда эди. Эр эса чўчиб кетди. Қоя устига чопиб чиқди-да, овозининг борича чақира бошлади:

– Қаердасан, Шохдор она буғу? Иссиқкўл қандай шовқин соляпти, эшитяпсанми? Қизинг туғяпти. Тезроқ кел, Шохдор она буғу, бизга ёрдам қил…

Шунда узоқдан худди карвонларнинг қўнғироғидай жарангдор товуш эшитилди. Бу товуш тобора яқинлашиб келаверди. Шохдор она буғу етиб келди.

У шохларида бешик келтирди. Бешик оппоқ қайиндан ясалган бўлиб, бандида кумуш қўнғироқча жаранглаб турарди. Бу қўнғироқ Иссиқкўл бешикларида ҳозиргача ҳам янграб турибди. Оналар бешикларни тебратар, кумуш қўнғироқ жаранглар, гўё Шохдор она буғу узоқлардан чопиб, шошиб, шохларида қайин бешик кўтариб келаётгандай туюлади…

Шохдор она буғу етиб келди-ю, шу пайт қизнинг ҳам кўзи ёриди.

– Бу бешик сизларнинг тўнғичларингиз учун, – деди Шохдор она буғу. – Ҳали кўп фарзанд кўрасизлар. Етти ўғил, етти қиз!

Ота-она хурсанд бўлишди. Тўнғич фарзандларини Шохдор она буғу шарафига – Буғубой деб аташди. Буғубой ўсиб-улғайди, қипчоқлар авлодидан бўлган гўзал қизга уйланди, шу билан Буғубой авлоди – Шохдор она буғу авлоди кўпая бошлади. Буғубой авлодлари Иссиқкўлда кўп ва қудратли бўлиб қолди. Бу авлод Шохдор она буғуни муқаддас деб билишарди. Буғубой авлодларининг ўтовида эшик тепасига буғу шохи осиб қўйилар, бу эса узоқ-узоқлардан ҳам ўтовнинг Буғубойлар авлодига мансуб эканлигидан дарак бериб турарди. Босқинчи душманларни даф этганда ёки пойга мусобақаларида Буғубой авлодларини «Буғу»! деган битта лақабнинг ўзиданоқ англаб олишар, улар эса ҳар доим ғолиб чиқишарди. Ўша кезлар Иссиқкўл ўрмонларида оппоқ шохдор буғулар бўларди, гўзалликда ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам уларга рашк қиларди. Улар шохдор она буғунинг болалари эди. Уларга ҳеч ким тегмасди, ҳеч ким ҳуркитмас эди. Буғубой авлодлари буғуга дуч келган жойда отдан тушиб, унга йўл берарди. Ошиқлар суйган қизларини сулувликда гўзал оқ буғуга қиёс қилишарди…

Буғубой авлодининг ошиб-тошиб кетган машҳур бир бойи то ўлгунига қадар шу одат сақланиб қолди. Унинг минг-минглаб қўйлари, минг-минглаб йилқилари бўлиб, молларига қарайдиган қанча-қанча чўпонлар ҳам унинг измида эди. Ўғиллари унга катта маърака қилишди. Улар бу маъракага ер юзининг ҳамма маълум ва машҳур кишиларини чақиришди. Меҳмонлар учун Иссиқкўл қирғоғига бир минг бир юзта ўтов тикдилар. Қанча мол сўйилди, қанча қимиз ичилди, қанчалаб қашқарча ноз-неъматлар берилди, саноғига етиб бўлмасди. Бойнинг ўғиллари гердайиб юришарди: Ахир отадан битмастуганмас мерос қолганлигини, фарзандлар отани ҳурматлаб, унинг хотирасини қандай эъзозлашларини одамлар кўриб қўйсин-да… («Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик».)

Марсия айтувчилар эса марҳумнинг ўғиллари тақдим этган арғумоқларда елиб, совғага берилган сувсар телпак ва шойи тўнларга ўралиб, марҳумни ва унинг меросхўрларини кўкларга кўтариб мақташарди.

– Бу оламда бундай бахтли ҳаёт ва шукуҳли маъракани кўрган борми? – деб куйларди бири.

– Дунё бино бўлгандан бери бунақаси ҳали бўлмаган! – дерди иккинчиси.

– Ҳеч қаерда бўлмаган! Фақат биздагина ота-оналарни шундай ҳурматлашади, ота-она шон-шарафини юксак тутишади, уларнинг муқаддас номини улуғлашади, – куйларди учинчиси.

– Эй, қақилдоқ марсиячилар, нима деб валдираяпсиз! Оламда бу хотамтойликнинг таърифига лойиқ сўз, марҳумнинг шон-шуҳратига тенг келадиган шуҳрат бор эканми? – куйларди тўртинчиси…

Улар шу зайлда кеча-кундуз ким ўзарга баҳслашарди. («Э-э, бўтам, ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, қандай ярамаслик, улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланишади».)

Довруқ солган маърака кўп кунлик байрамдай ўтди. Бойнинг мақтанчоқ ўғиллари бошқаларни лол қолдиришни, шуҳратлари оламга ёйилишини орзу қилишди. Яна бунинг устига мангу уйқуга кетган шавкатли оталари Шохдор она буғу авлодидан эканлигини ҳамма билиш учун унинг қабрига буғу шохини ўрнатишни ўйлаб топишди. («Э бўтам, қадимги одамлардан қолган гап бор: бойлик – такаббурликни, такаббурлик эса – телбаликни туғдиради».)

Бойнинг ўғиллари ота хотирасига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёдгорлик ўрнатишни исташгани учун ҳам ҳеч нима уларга тўсқинлик қила олмади. Айтилган сўз – отилган ўқ. Овчиларни йўллашди. Овчилар буғу отиб, шохини танасидан айиришди. Буғу шохларининг тепага таралиб туриши кўкда парвоз қилаётган бургутнинг қанотларига ўхшарди. Буғу шохлари ўғилларга ёқиб тушди: уларнинг ҳар бири ўн саккиз бутоққа бўлинган – демак, ўн саккиз ёшда экан. Яхши! Улар шохни қабр устига ўрнатиш учун усталарга фармон беришди.

Қариялар ҳайратда қолишди:

– Буғуни ўлдиришга қандай ҳаддингиз сиғди? Шохдор она буғу авлодига қўл кўтаришга ким журъат этди?

Бойнинг меросхўрлари уларга жавобан:

– Биз ўз еримиздаги буғуни ўлдирдик. Бизнинг салтанатимиз остидаги ерларда нимаики қимирлаган, учган тирик жонзот бўлса, пашшадан тортиб туягача – ҳаммаси бизники. Ўзимизга қарашли жамики нарсаларни нима қилишқилмасликни ўзимиз яхши биламиз. Йўқолинглар! – дейишди.

Хизматкорлар қарияларни қамчи билан савалаб, отга тескари миндиришдида, сазойи қилиб ҳайдашди.

Ҳамма бало шундан бошланди. Шохдор она буғу авлодларининг бошига катта бахтсизлик тушди. Деярли ҳар бир киши ўрмонларда оқ буғуларни овлашга тушиб кетди. Буғубой авлодидан бўлган ҳар бир киши ўз аждодлари қабрига буғу шохини ўрнатишни бурч деб билар эди. Бу иш энди марҳумлар хотирасига бўлган муқаддас вазифа, алоҳида ҳурматга айланди. Кимки буғу шохларини тополмас экан, энди уни одам ўрнида санамай қўйишди. Буғу шохлари билан савдо қилиш, уларни олдиндан ғамлаб қўйиш одат тусига кириб қолди. Шохдор она буғу авлодлари орасида шундай кишилар пайдо бўлдики, улар буғу шохларидан ўлжа йиғишни ва пуллашни ҳунар қилиб олдилар. («Э бўтам, пул ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ, гўзалликка ўрин йўқ».)

Иссиқкўл ўрмонларида буғуларга қирғин келди. Уларга шафқатсиз бўлишди. Буғулар қадам етмаган жойларга қочди, лекин у ерда ҳам қўйишмади. Овчилар тозиларни қўйиб пистирма томон ҳайдашар, ўзлари эса пистирмаларда беркиниб ётиб, яқинлашган буғуларни бехато отиб олишарди. Буғуларни тўда-тўдаси билан қиришди. Шох бутоқлари энг кўп бўлган буғуни ким отарга гаровга боғлашарди.

Буғулар ғойиб бўлди. Тоғларни тарк этди. На тунда, на тонгда буғу овози эшитиларди. На ўрмонда, на яйловда унинг қандай ирғишлаб, қандай сапчишларини, шохларини елкаси устига ташлаб, парвоздаги қушдай жарликлардан қандай сакраб ўтишларини энди ҳеч ким кўрмасди. Бутун умри бўйи буғу нима эканлигини кўрмаган янги инсонлар туғилди. Фақат у ҳақидаги эртакларни эшитиб, қабрлар устидаги шохларни кўришди, холос.

Шохдор она буғуга нима бўлди?

У одамлардан ранжиди, жуда қаттиқ ранжиди. Айтишларича, сон-саноқсиз ўқлар ва тозилар дастидан буғуларга кун қолмаган, уларнинг энг сўнгги авлоди бармоқ билан санарли даражада оз қолган чоғда Шохдор она буғу энг баланд чўққига кўтарилиб, Иссиқкўл билан видолашибди ва сўнгги болаларини улкан довон ортига, бошқа юртларга, бошқа тоғларга бошлаб кетибди.

Мана, оламда қандай ишлар бўлади. Мана, эртак ҳам тугади. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.

Шохдор она буғу эса кетиши олдидан бундан буён бу ерларга асло қадам босмайман, дебди…

БЕШИНЧИ БОБ

Яна тоғлар қўйнига куз кириб келди. Яна шовқин-суронли ёздан сўнг ҳамма нарса кузги сокинликка мослаша бошлади. Мол қамайдиган қўралар атрофидаги чанглар босилди, гулханлар ўчди. Моллар қишловга кўчди. Одамлар жўнаб кетишди. Тоғлар ҳувиллаб қолди.

Бургутлар базўр қур-қурлаб, ёлғиз уча бошлади. Ёз бўйи ўз ўрнидан шовуллаб оққан дарё саёзланиб, овози пастлашиб қолди. Ўтлар ўсишдан тўхтади, илдизлардан жон кетди. Баргларнинг шохларда осилиб туришга ортиқ мадори қолмай, узилиб туша бошлади.

Энг баланд чўққиларга эса кечалари кумуш ранг юпқа қор ёғиб чиқарди. Эрталаб ғира-шира тоғ тизмалари қорабурул тулкининг ёлидай оппоқ тусга кирарди.

Совуқ тушиб, дараларда изғирин шамол эса бошлади. Лекин ҳамон кунлар чароғон ва қуруқ эди.

Дарё ортида, қоровулхона рўпарасидаги ўрмон тезда куз оғушига кирди. Дарёдан то юқорига, Қора қарағайзор чегарасигача чўзилиб кетган чакалакзорларни дудсиз олов янглиғ кузги хазонрезги босганди. Энг чидамли дарахтлар – тўқ сариқ рангли тоғ тераги ва қайин ўрмонлари, айниқса, кўзга яққол ташланиб турарди. Улар улкан ўрмоннинг қор босган баланд чўққиларигача – қайрағоч ва арчалар қорайиб турган ергача чўзилиб кетган эди.

Қарағайзор қўйни ҳамма вақт топ-тоза ва қасрлардагидек салобатли. Қаёққа қараманг, фақат қаттиқ дарахтларнинг жигарранг танаси, смолали қуруқ ҳид, бутун ўрмон пойига тўкилган қорамтир игна япроқлар. Кекса қарағайларнинг учида ғир-ғир шамол эсади.

Лекин бугун эрта тонгданоқ тоғлар бошида чағиллаб, безовталанган зағчалар айланиб қолди. Жон-жаҳди билан чағиллаган зағчаларнинг каттакон галаси қарағайзор ўрмон тепасида бетиним айланаверди. Улар болта овозини эшитган заҳотиёқ безовталанган бўлса, сўнг худди биров озор бергандек бирбирларига гал бермай чағиллаб, қирқилган қарағайларни тоғдан олиб тушаётган икки кишининг изидан таъқиб этарди.

Ёғочларни отларга боғлаб судратиб келишарди. Ўразқул отнинг жиловини тутиб олдинда борарди. У туртиниб, плашининг бари буталарга илиниб, қўшга қўшилган ҳўкиздай ҳансирарди. Унинг ортидан, ёғоч орқасидан Мўмин бобо елиб келарди. Бундай баландликда унга ҳам осонмасди, чолнинг нафаси қисилиб қолганди. Унинг қўлида қарағай пишанг бўлиб, бу билан у йўлйўлакай ёғочларни ўнглаб борарди. Ёғочлар гоҳ тўнкаларга, гоҳ тошларга ҳадеб қадалиб қолаверар, қияликка келганда эса нишабга кўндаланг бурилар ва пастга юмалаб кетгудай бўларди. Унда фалокатдан қочиб қутулиб бўпсан – нақ мажақлаб ўлдиради.

Пишанг билан ёғочларни тўғрилаб бораётган кишига айниқса, хавфли, ҳар бало юз бериши мумкин. Қўрқувдан бир неча бор юганни ташлаб қочган Ўразқул ҳар сафар чол ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёғочни қияликда тутиб, унинг от ёнига қайтишини ва югандан тутишини кутаётганини кўриб уялиб кетарди. Лекин ўз айбингни яширмоқ учун уни бировга тўнкамоқ керак деб бекорга айтишмаган-да.

– Сен нима, мени нариги дунёга жўнатмоқчимисан? – Ўразқул қайнотасига қичқирди.

Атрофда Ўразқулнинг овозини эшитадиган ва унга дакки берадиган ҳеч ким йўқ эди: кексаларга шундай муомала қилишни ким кўрган? Қайнотаси, буни мен атайлаб қилибманми, ахир ўзим ҳам ёғоч тагида қолиб кетишим мумкинку, худди у буни қасддан қилаётгандек, унга бунча қичқиришнинг нима кераги бор, деб қўрқа-писа пичирлади.

Бу ҳол Ўразқулнинг яна баттар жаҳлини чиқарди.

– Эҳ, сени қара-я! – ғазабланди у. – Сени босиб қолса, ахир сен ёшингни яшагансан. Сенга нима? Мен майиб бўлсам, қизинг кимга қолади, уни ким олади? Шайтоннинг қамчисидай бу бепушт кимга керак…

– Тушуниб бўлмайдиган одамсан, ўғлим. Сенда одамларга ҳурмат деган нарса йўқ, – деди бунга жавобан Мўмин.

Ўразқул ҳатто тўхтаб, чолга разм солди:

– Бундай чоллар аллақачон ўчоқ олдида ёнбошлаб, ўзини оловга тоблаб ётибди. Сенга эса маош оқиб келиб турибди. Қаёқдан келяпти бу маош? Менинг шарофатим билан келяпти. Сенга яна қанақа ҳурмат керак?

– Кел, қўй энди, айтдим-қўйдим-да, – мулойимлашди Мўмин.

Шундай қилиб, улар юришда давом этди. Яна бир довон ошиб, қияликда тин олгани тўхташди. От бутунлай терга тушиб, кўпикка қопланди.

Сон-саноқсиз зағчалар эса ҳамон тинчимас, чарх уриб айлангани-айланган. Гўё бутун кун бўйи чағиллашга қасд қилгандай зўр бериб чағилларди.

– Қишнинг эрта тушишини сезяпти, – деди Мўмин оҳиста гапни бошқа ёққа буриб ва бу билан Ўразқулни жаҳлдан туширмоқчи бўлиб. – Учиб кетишнинг пайида бўляпти. Халақит берганни ёқтирмайди, – деб қўшиб қўйди, худди ақлсиз қушлар учун узр сўрагандек.

– Ким уларга халақит беряпти? – кескин бурилиб қаради Ўразқул. Бирдан қизариб кетди. – Алланималар деб алжийсан, чол, – деди секин дўқ урган оҳангда.

«Эҳ, – хаёлга келтирди у, – нимага ишора қиляпти! Бу нимаси, унинг зағчалари дастидан қарағайга тегмаслик, бир шохини ҳам синдирмаслик керак эканда? Йўқ, бекор айтибсан? Ҳозирча бу ерга мен хўжайинман». У ғазаб билан уймалашаётган зағчалар галасига қаради:

– Эҳ, пулемёт бўлгандами! – деди ва бурилиб уятсиз сўз билан сўкинди.

Мўмин жим қолди. У куёвини сўкишини кўп эшитганди.

«Яна айнияпти, – ич-ичидан ғам тортди чол. – Ичди – ҳайвонга айланади. Наҳорда бош оғриғига тортса ҳам – бир сўз қотма. Одамлар нега бундай бўлиб қолишар экан-а? – ўйга толди Мўмин. – Сен унга яхшилик қиласан, у сенга ёмонлик қайтаради. Уялмайди ҳам, уялишни хаёлига келтирмайди ҳам. Худди шундай бўлиши лозимдек. Ҳамиша ўзиникини тўғри деб билади. Фақат унга яхши бўлса бўлгани. Ҳамма унинг атрофида гирдикапалак бўлиши керак. Агар истамасанг мажбур қилади. Яхшиямки, мана бундай тоғда, ўрмонлар орасида ўтиради, унинг қўли остида битта, иккита одами бор. Каттароқ амалга минса борми? Худо кўрсатмасин… Бундайларни жойидан силжитиб ҳам бўлмайди. Ҳамиша ўз улушини чангаллаб қолади. Сен бунақалардан ҳеч жойга қочиб қутулолмайсан ҳам. Ҳамма жойда у сени кутиб туради, излаб топади. Ўзининг дориломон яшаши учун сенинг жонингни суғуриб олади. Ҳамиша ҳақ бўлиб чиқади. Ҳа, бундайларни силжитиб бўпсан…»

– Хўш, етар қаққайиб туриш, – Ўразқул чолнинг хаёлларини тарқатиб юборди. – Кетдик! – буйруқ қилди у. Улар йўлда давом этишди.

Бугун эрталабданоқ Ўразқулнинг кайфияти жойида эмасди. Эрталаб, асбобускуналари билан нариги қирғоққа, ўрмон тарафга ўтиш керак бўлган чоғда, Мўмин набирасини мактабга олиб боришга шошарди. Бугун ақлидан озиб бўлди! Ҳар кун эрталаб отни эгарлайди, болани мактабга элтиб қўяди, кейин уни яна олиб келгани боради. Бу ташландиқ дайди билан овора. Қаранг-а, мактабга кечикиш мумкин эмасмиш. Бу ердаги иш шундайки, Худо билади охири нима бўларкин, бундан чиқди – бу ишни кейинга қолдириб турса бўларканда? Шундай эмасми? «Мен, дейди, бир зумда қайтиб келаман, бола мактабга кечикса муаллиманинг олдида уяламан». Уяладиган одамингни топибсан! Аҳмоқсан-да! Бу муаллиманг ўзи ким бўлибди? Беш йилдан бери устидан битта пальто тушмайди. Фақат дафтар билан, сумка билан кўрасан… Доимо йўлда қўл кўтариб машина кутгани-кутган – ҳадеб туман марказига тушади, ҳамиша унга нимадир етишмайди, гоҳ мактабга кўмир дейди, гоҳ ойна, гоҳ бўр, ҳатто латтагача сўрайди. Ҳе, номусли муаллима бундай мактабга келармиди? Қанақа от топишибдия – «митти мактаб». У чиндан ҳам митти-да. Ундан нима наф келарди. Ҳақиқий ўқитувчилар шаҳарда. Мактаблари ойнадан. Ўқитувчилари галстук тақиб олган. Лекин шаҳарда шундай-да… Бошлиқлар у ерда ҳашаматли машиналарда кўчалардан қандай ўтишади. Машиналарни айтмайсанми?! Қопқора, ялтироқ, бу машиналарни «лип» этиб ўтиб кетгунча тўхтаб томоша қилгинг келади. Шаҳар одамлари эса худди бу машиналарни кўрмаётгандек парво ҳам қилишмайди. Вақтлари йўқ – шошилишади, қаёққадир чопишади. Ана у ерда, шаҳарда, ҳаётни – ҳаёт деса бўлади. Қани энди ўша ёққа етишсанг, бирон жойга ўрнашиб олсанг экан. У ерда одамларни амалига қараб ҳурмат қилишни билишади. Лозимми – демак, ҳурмат қилишинг шарт. Катта амалга – катта ҳурмат. Маданиятли одамлар. Шунинг учун ҳам у ерда меҳмонма-меҳмон юриш ёки у-бу совға қилиш, ёғоч ташиш ёки шунга ўхшаш аллақандай ишларни қилишга тўғри келмайди. Бу ердагига ўхшаб – эллик сўм, кўпи билан юз сўм бериб, ёғоч олиб, устингдан шикоят ёзиб юрмайди: Ўразқул порахўр, фалон-пистон… Нодонлик!

Ҳа, шаҳарда бўлгандами… Эҳ, тоғига ҳам, ўрмонига ҳам, мана бу дардисар ёғочларга ҳам, пуштсиз хотинига ҳам, манави валакисаланг, беақл чолга ҳам қўл силтаб юборган бўлардим. Эҳ, сулига тўйган отдек жўш уриб кетардим-да! Ўзимни ҳурмат қилишга мажбур этардим. «Ўразқул Балажанович, кабинетингизга киришга рухсат этинг». У ерда шаҳарликка уйланиб олардим. Нега мумкин эмас экан? Айтайлик, биронта қўлида микрофони билан ўйнаб ашула айтадиган гўзал артисткага: айтишадики, улар учун энг муҳими одамнинг амалдор бўлишимиш. Мана шунақасини қўлтиғидан олиб галстук тақиб юрсанг. Кинога борсанг. У бўлса туфлисини тиқиллатиб, атир таратиб юрса. Ўтган-кетган бурнини чўзиб қолаверади. Қарабсанки, болалар туғилади… Ўғлимни юристликка ўқитардим, қизим эса рояль чалсин. Шаҳарлик болалар дарров кўзга ташланади – ақлли бўлишади. Уйда фақат русча гаплашишади: улар каллаларидан эски қишлоқ сўзларини чиқариб ташлашади. У ўз фарзандларини шундай тарбиялаган бўларди: «Папочка, мамочка, уни олиб бер, буни олиб бер…», ўз жигарбандингдан бирон нарсани аяб ўтирармидинг? У кўпларни бопларди-да, ким эканини кўрсатиб қўярди. Бошқалардан нимаси кам унинг? Нима, юқоридагиларнинг ундан бирон жойи ортиқми? Улар ҳам ўзига ўхшаган одамлар-да. Уларнинг омади келган фақат. Унинг эса омади келмаган. Бахт кулиб боқмаган. Ўзида ҳам айб бор. Ўрмончилар курсини битиргач, шаҳарга кетиши керак эди, техникумга кириши керак эди ёки бўлмаса институтга. Шошди – амалга учди-да. Кичкина бўлса ҳам, ҳарҳолда амал-да. Мана энди тоғма-тоғ юр, эшакка ўхшаб ёғоч таши… Бунинг устига мана бу қарғалар ортиқча. Нимага бунча қағиллашади, нимага айланиб қолишди? Эҳ, пулемёт бўлгандами…

Ўразқулнинг авзойи бузилишига арзигулик сабаблар бор эди. Ёзни ялло қилиб ўтказди. Куз етиб келди, ёз билан бирга чўпонлар ва йилқибоқарлар даврасидаги меҳмондорчилик даврлари ҳам ўтиб кетди. Худди қўшиқда айтилгандай: «Яйловдаги чечаклар очилиб бўлди, этагингни йиғиштириб қол…»

Куз келди. Ўразқулга кўрсатилган ҳурматлар учун, зиёфатлар учун, қарзлар учун, ваъдалар учун ҳисоблашадиган пайт келди. Бунинг устига мақтаниб катта кетганлари-чи: «Сенга нима керак? Хари бўладиган иккита қарағай ёғочми, фақат шуми? Шунинг нимасини гапириб ўтирибсан. Машина олиб келасан-да, олиб кетаверасан».

Оғзидан гуллаб, ҳадялар олиб, ароқни ичаверди, мана энди бўғилиб, терга ботиб, ер юзидаги ҳамма нарсага лаънат ўқиб, тоғма-тоғ ёғоч судраб юрибди. Бу ёғочларнинг дахмаза бўлганини айтмайсизми? Умуман, бутун ҳаётида рўшнолик кўрмади. Бехосдан калласига лоп этиб бир фикр келди: «Ҳаммасига тупураман-да, бошим оққан томонга кетаман». Лекин у шу заҳотиёқ ҳеч қаёққа кетолмаслигини тушунди. Ҳеч кимга ҳеч қаерда кераклик жойи йўқ ва кўнгли тилаётгандек ҳаётни ҳеч қаердан излаб тополмайди.

Бу ердан кетиб ёки ваъдангдан тониб кўр-чи! Уни ўз ошна-оғайнилари тутиб беришади. Одамлар ярамас бўлиб кетган. Ўтган йили ўзининг буғу авлоди қариндошига ҳадя қилинган қўзичоқ учун қарағай ёғоч ваъда қилганди, кузда эса қарағай учун юқорига чиққиси келмади. Бу айтмоққа осон, қани у ёққа бир чиқиб боқ, ёғочларни арралаб, юмалатиб кўр, кейин биласан қанақа эканлигини. Яна бунинг устига қарағайлар беш йил-ўн йиллик бўлса қани, уларни эплаб кўр-чи! Олтин берса ҳам бу ишга қўл ургинг келмайди! Аксинча, ўша кунлари Мўмин чолнинг тоби қочиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Бир киши уддасидан чиқолмайди бундай ишни. Ҳа, бирон кимса умрида ёлғиз ўзи тоғдан ёғоч олиб тушишнинг уддасидан чиққан эмас. Йиқитиш-ку мумкин, лекин йиқитган билан қарағайни пастга олиб тушиб бўлмайди… Нима бўлишини олдиндан билганда, Сейдаҳмадни ёнига олиб чиққан бўларди. Лекин Ўразқул тоққа тирмашиб чиқиб юришга эринди-да, биринчи дуч келган қарағай билан қариндошидан қутулиб қўя қолмоқчи бўлди. Лекин у унча-мунчасига кўнмади:

унга ҳақиқий қарағай керак эмиш, вассалом. «Қўзичоқни олишни биласан, гапингнинг уддасидан чиқишни билмайсанми?» Ўразқул жаҳли чиқиб, ҳовлидан уни ҳайдаб чиқарди: олмайсанми – жўнаб қол. У йигит ҳам бўш келмади. Сан-Тош ўрмончилик заповеднигининг қоровули Ўразқул Балажанов устидан дарҳол шикоят хати ёзиб, унга шундай тўғри ва нотўғри гапларни қўшдики, оқибат-натижада Ўразқулни «социалистик ўрмон кушандаси» сифатида отиш лозим эди. Кейин туманнинг ва ўрмончилик вазирлигининг турли хил текширув комиссиялари Ўразқулни узоқ вақт сарсон қилишди. Зўрға қутулди. Мана сенга қариндош! Яна: «Биз ҳаммамиз Шохдор она буғу болаларимишмиз. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!» эмиш. Ҳаммаси бекор гап, қачонки бир тийин учун бир-биримизнинг ёқамиздан олиб, турмага тиқишга тайёр бўлсак. Қанақасига буғу авлодидан бўлайлик. Бу илгари вақтда бўлган, одамлар буғуга ишонишган. Нақадар бефаҳм ва содда бўлишган ўша замоннинг одамлари, кулгили! Энди эса ҳамма маданиятли, ҳамма саводли. Кимга кераги бор буни, бу эртакни ёш болаларга айтса бошқа гап.

Шу воқеадан кейин Ўразқул бошқа ҳеч кимга, ҳеч қанақа танишга, ҳеч қандай қабиладошга, ҳатто Шохдор она буғунинг минг туққани бўлса ҳамки, биронта новдани, биронта чўпни бермасликка онт ичди.

Яна ёз келди. Кўм-кўк тоғли яйловларда ўтовлар оқариб, ер-кўкни подаларнинг шовқин-сурони тутиб, ариқларда ва дарёда сув тортилиб қолди. Қуёш порлаган, сархуш қимиз ҳиди келар, гул бўйи уфурарди. Очиқ ҳавода ўтовларнинг олдида, кўм-кўк майсалар устида, ошна-оғайнилар даврасида ўтириб қимиз ичиб, қўзи гўштига тўйиб кайф қилишга нима етсин. Кейин эса бошни айлантириш учун бир стакан ароқни симириб, шундай кайфга келасанки, ўзингни гўё дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлагудек ёки бўлмаса анови тоғнинг бошини узиб олгудек ҳис қиласан…

Бундай кунларда Ўразқул ичган онтини унутарди. Катта ўрмоннинг катта хўжайини деб аташлари унга нақадар хуш келарди. Яна ваъдалар берди, яна ҳадялар қабул қилди. Яна қадимий қарағайлар қайси бирларининг куни битиб, куз келганда умри тугашини сезмасди.

Куз эса ҳосили ўриб олинган далалардан сездирмай келиб, тоғ сари пинҳона силжиди-да, бутун атрофни қоплаб олди. У босиб ўтган йўлда майсалар сарғайди, ўрмонни хазонрезги босди.

Мевалар пишди. Қўзилар тўқли бўлди. Уларни алоҳида отарларга – тўқлиларни алоҳида, қўйларни алоҳида тўдага айиришди. Аёллар йиғилган сариғ ёғни мешга жойлаб олишди. Эркаклар водийга ким биринчи бўлиб қайтиши ҳақида гурунг қилишарди. Кетиш олдидан эса ёзда Ўразқул билан гаплашганлар фалон куни, фалон соатда ваъда қилинган ёғочга машина олиб ўрмонга келишлари ҳақида уни огоҳлантириб қўйдилар.

Мана шу бугун кечқурун иккита қарағай ёғоч олиб кетгани прицепли машина келади. Қарағайнинг биттаси пастда тайёр турибди, машина келадиган жойга дарёдан ўтказиб қўйилган. Иккинчисини мана, пастга олиб тушишяпти. Агар Ўразқул ҳозир ушбу ёғоч устидан еб-ичганларини қусиш имконини топгандами, ҳозир чидашга мажбур бўлаётган бу азоб-уқубатлардан қутулиш учун шу заҳотиёқ қусиб ташлаган бўларди.

Афсуски, ўзининг тоғдаги лаънати бу тақдирини ўзгартиришга қодир эмас: машина тунда ёғоч олиб кетиш учун шу бугун кечқурун прицепи билан келади.

Ҳамма иш ўнгидан келса яхшику-я: йўл совхоз ўртасидан, тўғри идоранинг олдидан ўтади, бошқа йўл йўқ, совхозга эса милиция, госинспекция келиб туради. У ерда яна тумандан келганлар ҳам бордир? Уларнинг кўзига ёғоч ортган машина дуч келиб қолсами: «Хўш, ёғочни қаёқдан олиб келяпсиз ва қаёққа?» – деб суриштира бошлашади.

Бу хаёлдан Ўразқулни совуқ тер босиб кетди. Ҳамма-ҳамма нарсага – боши устида айланаётган зағчаларга, бахтсиз Мўмин чолга, бундан уч кун бурун шаҳарга картошка сотгани кетган дангаса Сейдаҳмадга ғазаби жўш уриб кетди. У тоғдан ёғоч олиб тушилишини биларди-ку ахир! Демак, сездирмай жўнаб қолган… Энди фақат бозордаги ишларини битиргандан кейингина қайтади. Бўлмаса Ўразқул, чол билан иккаласини ёғоч судраб келишга жўнатиб, ўзи бу азобдан қутулган бўларди.

Лекин Сейдаҳмад узоқда, зағчаларга ҳам қўл етмайди. Ҳаммасининг аламини хотинидан олиши мумкин – лекин уйга етиш амри маҳол. Биргина Мўмин чол бор. Тоғдан нафаси бўғилиб, қаҳр-ғазаби ортиб, ҳар қадамда оғзидан оқ ит кириб, қора ит чиқиб келаётган Ўразқул отга ҳам, унинг орқасидан келаётган чолга ҳам раҳм қилмай, чангаллар орасидан йўл солди. Бу от ҳаром ўлса майли, бу чол ўлса ҳам майли, юраги ёрилиб ўзи ўлса ҳам майли. Ўразқулнинг шаъни ва амалига ярашмаган, унинг кўнглидагидек бўлмаган бу дунёга ўт тушсин.

Ўразқул ўзини тутолмай, отни қияликдан тикка чангаллар орасига ҳайдаб кетди. Майли, Мўмин чаққон ёғочлар атрофида гирдикапалак бўлиб қолсин. Қани, у ёғочни эпламай кўрсин-чи! «Мажақлаб ташлайман аҳмоқ чолни, вассалом», кўнглидан ўтказди Ўразқул. Бошқа вақтда у ҳеч қачон ёғоч билан бундай хавфли нишабликка ўзини уришга юраги бетламаган бўларди. Бу сафар шайтон йўлдан оздирди. Мўмин ҳам уни тўхтатиб қолишга улгурмади, фақат қичқириб қололди, холос: «Қаёққа кетяпсан? Қаёққа? Тўхта!» – ёғоч чирпирак бўлиб айланиб, буталарни янчиб пастга юмалаб кетди. Ёғоч ҳўл ва оғир эди. Мўмин ёғочни ушлаб қолиш учун пишанг солмоқчи бўлди. Лекин зарб шундай кучли эдики, пишанг чолнинг қўлидан отилиб чиқиб кетди.

Ҳамма иш кўз очиб юмгунча бўлиб ўтди. От йиқилди ва ёни билан пастга сурилиб кетди. От сурилаётиб Ўразқулни ҳам уриб йиқитди. У титраб-қақшаб буталарга тирмашиб, илиниб, юмалаб кетди. Шу пайт қалин хазон устидаги аллақандай шохли жониворлар ҳуркиб қочиб қолди. Улар талвасага тушиб, жон-жаҳди билан сакрай-сакрай қайинзорлар ичида ғойиб бўлди.

– Буғулар! Буғулар! – қўрқув ва шодлигидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб қичқирди Мўмин. Кейин гўё ўз кўзларига ишонмагандек жим бўлиб қолди.

Ногоҳ тоғ қўйнига сукунат чўкди. Зағчалар бирдан ғойиб бўлди. Юмалаб кетаётган ёғоч ёшгина бақувват қайинни босиб, эзиб қияликда илиниб қолди. От эгар-абзали оғиб, оёққа турди.

Ҳаммаёғи йиртилиб кетган Ўразқул эмаклаб бир томонга чиқиб олди. Мўмин куёвига ёрдамлашгани ташланди:

– О, муқаддас она Шохдор буғу! Бизни ҳозир у қутқазди! Кўрдинг-ку. Бу Шохдор она буғунинг болалари. Бизнинг онамиз қайтиб келибди! Қара-я!

Ўразқул юз берган воқеага ҳали ҳам ишонқирамай жойидан ғамгин ҳолда хижолат чекиб турди-да, қоқина бошлади:

– Кўп вайсама, чол. Етар энди, отнинг абзалини чиқар.

Мўмин итоаткорона шошилинч равишда отнинг абзалини ола бошлади.

– О, қудратингдан ўргилай, Шохдор она буғу! – у хурсандлигидан ғўлдирашини қўймасди. – Буғулар бизнинг ўрмонимизга қайтибди. Шохдор онамиз бизни унутмабди! Бизнинг гуноҳимиздан ўтибди…

– Ҳали ҳам ғўлдираяпсанми? – дўқ қилди Ўразқул. У энди қўрқувни унутган ва яна эски ғазаби бўғзига келганди. – Эртагингни айтяпсанми? Ўзинг жинни бўла туриб, бошқалар ҳам аҳмоқона эртагимга ишонаверади, деб ўйлайсанми!

– Мен ўз кўзим билан кўрдим. Булар буғулар эди, – бўш келмасди Мўмин бобо. – Наҳот сен кўрмаган бўлсанг, ўғлим? Сен ўзинг кўрдинг-ку.

– Хўш, кўрдим. Учтаси чопқиллаб кетди, шекилли.

– Рост, учта. Менга ҳам шундай туюлди.

– Нима қипти шунга? Буғу бўлса буғу-да. Мана бу ерда одам ўз жонидан жудо бўлишига сал қолди. Нимасига қувониш керак экан. Булар агар буғулар бўлса, демак, довон ортидан келган. У ёқда – Қозоғистонда, тоғнинг нариги томонида, ўрмонларда ҳали буғулар бор, дейишади. У ер ҳам заповедник. Заповедникнинг буғулари бўлса эҳтимол. Келса келибди-да. Бизнинг нима ишимиз бор. Қозоғистоннинг бизга дахли йўқ.

– Балки, бизда яшаб қолар улар? – орзу қилиб гапирди Мўмин бобо. – Қани энди қолса…

– Бас энди, – унинг сўзини бўлди Ўразқул. – Кетдик!..

Ёғочни ҳали анча пастга судраб тушиш, кейин эса яна отда дарёдан судраб олиб ўтиш керак эди. Бу ҳам оғир иш. Агар ёғоч дарёдан омон-эсон олиб ўтилса, сўнгра яна машинага ортиладиган тоғ ёнбағригача етказиш даркор.

Эҳ, қанча меҳнат.

Ўразқул ўзини бутунлай бахтсиз ҳис қилди. Бутун борлиқ унга ноҳақ яратилгандай туюлди. Тоғлар бўлса, ҳеч нима сезмайди, ҳеч нима истамайди, ҳеч нимадан зорланмайди, бир жойда тургани-турган, ўрмонлар эса аввал кузга, ундан кейин қишга ўтади, бунинг ҳеч қандай машаққатли жойи йўқ. Зағчалар ҳам ўз эркича учиб юради. Истаганича чағиллайди. Буғулар, агар улар ҳақиқатан ҳам буғулар бўлса, довоннинг нариги ёғидан келади-да, ўрмонда дайдиб юраверади, қандай юради, қанақа юради, ўзининг иши. Шаҳарда одамлар асфальт кўчаларда бепарво қадам ташлашади, таксиларда юришади, ресторанларда ўтиришади, вақтичоғлик қилишади. Унинг пешанасига мана шу тоғларда юриш битилган, у бебахт… Ҳатто унинг мана шу ҳеч нимага ярамайдиган қайнотаси Мўмин чаққон ҳам ундан бахтлироқ, чунки у эртакка ишонади. Овсар одам. Овсарлар ҳамиша ўз ҳаётидан мамнун.


  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации