Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
– Ушла буни, шофёрлигим пешонамга ёзиб қўйилгани йўқ-ку.
– Юриш-туришингдан сезиб турибман.
– Хўп, майли, кетавер бўлмаса, саломат бўл!
Машина йўлга тушди, у ҳовлилар ортидаги кўчага кириб кўздан ғойиб бўлди. Мен эса эс-ҳушимни йиғиштиролмай ҳамон йўл устида турардим. Шамолга чап бериб сигарета тутатдим. Сигаретани лабимга келтирар эканман, бармоқларим дир-дир титрарди. Бир неча бор босиб-босиб, ичимга тортдимда, сўнгра ғилдирак изига ташлаб топтаб, йўлга равона бўлдим. «Мана, етиб ҳам келдим», деб ғўлдирадим ўз-ўзимга. Бошқа айтадиган гапим ҳам йўқ эди. Юрагим фикр-хаёлларимни босиб кетмоқчидек гурс-гурс урар, гўё бир нарсани болғалаётгандек қулоғим шанғилларди.
Овул ажабтовур ўзгариб, хийла кенгайиб қолибди, янгидан солинган кўпгина шифер томли бинолар пайдо бўлибди. Кўчаларга симёғочлар ўрнатилиб, симлар тортилибди, колхоз бошқармаси биноси олдидаги симёғочда радио гапирарди. Болалар мактабга чопқиллаб кетишяпти. Улардан сал каттароқ болалар эса университетни битирган ёш ўқитувчилари билан (бу кўкрагидаги нишонидан кўриниб турарди) бир гала бўлишиб, алланималар ҳақида ўзаро гаплашиб боришарди. Эҳтимол, уларнинг орасида менга тош ва таёқлар отиб қолган болалар ҳам бордир. Майли, ҳечқиси йўқ, ўша кезларда ҳали улар ёш бола эмасмиди.
Гарчанд мени бу ерда ҳеч ким танимаса ҳам, биров сезиб қолмасин деб кўчанинг бир чеккасидан шошиб борардим.
Мана ўша самбиттолли ва пахса деворли ҳовли. Тўхтаб, нафасимни ростладим. Қўрқув ва ташвишдан баданим музлаб, кўча эшиги томон қатъиятсизлик билан юриб боравердим. Тақиллатдим. Қўлида портфель кўтарган қиз чопиб чиқди. Бу – менга тилини кўрсатиб қочган ўша қизча эди. Энди у мактабга борадиган бўлиб қолибди. Қиз шошилиб турарди. У менга ҳайрон бўлиб қарадида:
– Уйимизда ҳеч ким йўқ! – деди.
– Ҳеч ким йўқ?
– Ҳа, ойим лесхозга меҳмон бўлиб кетди… Дадам тракторларга сув ташияпти.
– Асал-чи, қаерда у? – деб қўрқа-писа сўрадиму шу заҳотиёқ оғзим қақраб кетаётганини сездим.
– Асал? – деб ажабланди қиз. – Асал аллақачон кетиб қолган…
– Кейин ҳеч келмадими?
– Ҳар йили поччам билан бирга келади. Ойим уни жуда яхши киши деб мақтайди.
Қиздан бўлак ҳеч нарса ҳақида суриштириб ўтирмадим. У мактабига чопиб кетди, мен эса орқага қайтдим.
Бу янгилик мени шу қадар довдиратиб қўйдики, унинг кимга ва қачон турмушга чиққани энди менга барибир эди. Билиб нима ҳам қилдим? Бироқ ўтган йиллар орасида нима учундир Асал бошқа бировга турмушга чиқиб кетгандир, деган фикр ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган эди. Ахир шундай бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Ҳеч қандай дом-дараксиз бир неча йиллар қорамни кўрсатмай кетганимдан кейин, ҳаммани қўйиб мени кутиб ўтирармиди…
Овулдан чиқибоқ, ҳеч қандай машинани кутиб ўтирмасдан, тўғри йўл ёқалаб кетавердим. Агар бирор машина қувиб етганида ҳам уни тўхтатмас эдим. Ҳар қалай, бирон ёққа юришим керак эди, қаёққа бўлса ҳам – дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам менга барибир эди энди.
Мен бир вақтлар Асални олиб кетган йўлдан борардим. Аммо йўл бурунгича эмас – яхшилаб шаббаланиб, шағал ётқизилганди. Фақат даштгина илгаригича:
атрофда қоп-қора шудгору ўриб олингандан кейин қолган сарғиш поялар кўзга ташланарди. Бепоён дашт Иссиқкўлнинг нурли ҳошиядек ажралиб турган узоқ қирғоқларини ёриб кириб, тоғ ёнбағирларидан тортиб то уфққа қадар ястаниб ётарди. Қорлар эриб, яланғочланиб қолган ер намга тўйиб кўпчиб ётарди. Аллақаёқларда тракторлар тариллаб, баҳорги шудгорлаш бошлаб юборилганидан дарак берарди.
Роса хуфтонда туманга етиб келдим, тунни меҳмонхонада бир амаллаб ўтказдим-да, эрталаб автобазага боришга аҳд қилдим.
Қаёққадир, ўзга ўлкаларга кетишдан энди фойда йўқ эди. Ҳамма орзу-истакларим барбод бўлиб, ҳаммасидан маҳрум бўлган эдим. Энди шунчаки яшашу ишлашдан ўзга илож қолмаган эди – уёғи нима бўлишини ким билсин.
Тянь-Шань трактидан машиналар одатдагидек турнақатор тизилишиб у ёқдан бу ёққа қатнаб турарди, бироқ мен ўзимизнинг автобаза машиналаридан биронтасида кетишни маъқул кўрдим. Мана, таниш машиналардан бири яқинлашиб келмоқда. Қўл кўтардим.
Кабинада ўтирган шофёр ҳадеганда мени пайқамай қолди. Катта тезлик билан келаётган машина ғизиллаб ўтиб кетди-ю, бироқ шу заҳотиёқ таққа тўхтади. Мен чамадонимни қўлга олдим. Шофёр кабинадан чиқди. Бундай қарасам, полкдошим Эрмак, у стажировкани армияда менинг қўлимда ўтаган эди. Эрмак ўша кезларда ҳали ёшгина йигитча эди. У менга қараб жимгина жилмайиб турарди.
– Танимаяпсанми?
– Сержант… Илёс! Илёс Алибоев! – Ниҳоят эслади у.
– Худди ўзи! – деб илжайдиму, аммо ўзимга жуда алам қилиб кетди, одамлар зўр-базўр танигандан кейин, жуда ўзгариб кетибман-да.
Биз йўлга тушдик. У ёқдан-бу ёқдан гаплашиб бордик, армияда хизмат қилган йилларимизни эсладик. Ишқилиб, менинг турмушим ҳақида гап очиб, суриштириб қолмаса бўлгани, деб чўчиб турардим. Аммо Эрмак, афтидан, ҳеч нарсадан хабарсиздек кўринарди. Мен бироз тинчландим.
– Уйга қачон қайтдинг? – деб сўрадим мен.
– Ишлаётганимга мана икки йил бўлди.
– Алибек Жонтурин қаерда?
– Билмадим. Мен келсам, у кетиб қолган экан. Айтишларича, Помирнинг аллақаеридаги автобазада бош механик бўлиб ишлаётган эмиш.
«Қойилман, Алибек! Қойилман сенга, дўстим! Пухта йигитсан!» – деб ундан беҳад хурсанд бўлдим. Демак, охири ўз мақсадига эришибди-да, у армияда хизмат қилиб юрган кезларидаёқ автомобиль ва йўл техникумида сиртдан ўқиб юрган эди. У институтни ҳам сиртдан тугатишни орзу қилиб юрарди.
– Бошлиқларинг Омонжўловми?
– Йўқ, янги одам. Омонжўлов вазирликка кўтарилиб кетди.
– Сенингча, қалай, мени ишга олишармикин?
– Нега энди олишмасакан, олишади, албатта. Биринчи класс шофёрсан, ахир армияда ҳам яхшилар қаторида эдинг-ку.
– Қачонлардир шундай эдим, – деб тўнғилладим мен. – Жонтойни-чи, биласанми уни?
– Бизда унақа одам йўқ. Ҳеч қачон эшитмаганман ҳам.
«Ҳа, автобазада озмунча ўзгаришлар бўлмапти…» – деб хаёлимдан ўтказдим. Кейин сўрадим:
– Прицеплар билан ишлаш қалай? Довондан олиб ўтяпсизларми?
– Ҳа, бемалол ўтиб юрибмиз, – деди у эътиборсизгина. – Юкнинг қанақалигига боғлиқ. Зарур бўлса тиркаб олишади-ю, кетишаверади. Ҳозир машиналар жуда бақувват эмасми…
Бу прицеплар менга нақадар қимматга тушганини у билмасди. Анорхой даштида ишлаб юрган кезларимда ҳам бу ҳодиса ҳақида кўп бош қотирардим. Бу ишда биргина мен айбдорманми ёки яна қандайдир бўлак сабаблар ҳам бормикин? Агар бундай ўйлаб қаралса, бу жуда оддий, унча бош қотириб ўтирадиган иш эмас эди. Қанчалик оғир ва қанчалик қийин бўлмасин, Дўландан прицеп улаб ўтиш мумкин эканлиги охири исботланди-ку, эндиликда, агар зарурият туғилиб қолса, бемалол олиб ўтиляпти-ку. Аммо бари бало шундаки, бирор янгилик ўзининг ишда қўлланилишини талаб этаётгандек, эшигингни қоқиб турган тақдирда ҳам ўз вақтида сезиб ололмаймиз. Нега одамлар менинг таклифимга шунчалик ишончсизлик билан қарашди? Бу таклифни тоғ шароитида амалга ошириш ҳақиқатан ҳам қийинлигидан ташқари, яна бизнинг трассада машиналардан фойдаланиш ва юк ташиш қонун-қоидалари инструкцияси ҳам бор эди, унда довондан прицеп улаб ўтиш ман этилганди. Худо билади, бу инструкция қачон ишлаб чиқилган экан. Эҳтимол урушдан аввал полуторкаларга мослаб тузилгандир. Бу бечора полуторка прицеп уёқда турсин, ҳатто ўзи теп-текис йўлдан аранг юрарди. Эндиликда ҳеч қандай инструкциянинг ҳожати йўқ эди. Янги маркали, жуда бақувват замонавий юк машиналари вужудга келди-ю, аммо қоғоздаги нарсалар эса то ҳаётнинг ўзи ўчириб ташламагунча эскилигича сақланиб келаверди. Майли, бу кичкина ва алоҳида бир масала, дейлик, бироқ шунга ўхшаш нарсалар бошқа, янада муҳимроқ ва янада каттароқ ишларда юз бериб қолиши мумкин-ку, ахир. Энди-ку, ўртоқларимнинг юк ортиш станциясидаги беодоблигим учун салкам дўппосламоқчи бўлганларидан хафа эмасман-а. Лекин ўша вақтда худди ана шу нарса менинг жаҳлим чиқиб кетишига ва қизиқ устида ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, прицепни довонга олиб кетишимга сабаб бўлган эди-да…
Хуллас, ўзимнинг қадрдон автобазамга қайтдим. Биринчи куни Эрмак ўз уйига таклиф қилди. Яхшигина кутиб олди. Учрашганлигимиз шарафига бир оз ичамиз, деди. Аммо мен ичмадим, кўпдан бери ичмасдим, ичиш ниятим ҳам йўқ эди.
Автобазада ҳам яхшигина кутиб олишди. Ишга қабул қилишди, ётоқхонада яшай бошладим. Мени танийдиган ошна-оғайниларимнинг жиғимга тегиб, уни-буни сўраб-суриштиравермаганларидан жуда хурсанд бўлдим. Кўриб турибдиларки, бир кимса қаёқлардадир тентираб юриб, яна ўз ўртоқлари ҳузурига қайтиб келиб, виждонан ҳалол ишлаяпти – жуда яхши. Ўтган ишни қўзғашнинг нима ҳожати бор? Ўзим ҳам ҳаммасини унутишга, бир умрга унутишга ҳаракат қилардим. Мен бир вақтлар оилам билан яшаб турган ўша довондаги база олдидан ўтиб бораётиб, атрофга назар ташламай, ҳатто бензоколонкадан бензин ҳам олмай, ғизиллаганимча ўтиб кетардим. У ерда бир дақиқа бўлса ҳам ушланиб қолмаслик учун тўхтамасдан четлаб ўтардим. Аммо барибир мени ҳеч нарса қутқара олмади, ўзимни ўзим алдай олмадим.
Автобазага қайтганимга ҳам анча вақт бўлди. Трасса мени ўзига жалб этиб олди, унга яна кўникиб қолдим. Машинани ҳар оҳангга солиб ҳайдардим, моторни барча тезликларда ва баландликларга чиқишда синаб кўрдим. Қисқаси, ўз ишимни билардим ва унга шўнғиб кетдим.
Ўша куни Хитойдан қайтиб келаётган эдим. Бамайлихотир, ҳеч нарсани ўйламай папирос чекиб, рул чамбарагини айлантирганча, ҳар томонга назар ташлаб келардим. Айни баҳор, теварак-атроф кишини ўзига мафтун этарди. У ер-бу ерга ўтовлар тикилаётган эди: чорвадорлар баҳорги яйловларга чиқишаётган эдилар. Ўтовлар узра кўтарилган кўкиш тутунлар кўкка бўй чўзишарди. Шамол безовталаниб кишнаётган от овозини олиб келди. Қўй-қўзилар йўл ёқасида ўтлаб юришарди. Болалик чоғларим эсимга тушиб кетди, кўнглим хиёл ғаш тортди… Кўлга яқинлашиб қолганимни биламан, бирдан чўчиб, сесканиб кетдим: оққушлар!
Шу билан ҳаётимда иккинчи марта Иссиқкўлда баҳорги оққушларни кўришим эди. Кўм-кўк Иссиқкўл узра оппоқ қушлар гир айланишиб парвоз қилишарди. Тўғри бораётиб, нимагалигини ўзим ҳам билмай, машинани йўлдан кескин бурдим-да, худди ўтган сафаргидек, қўриқ ерни кесиб, кўлга томон ҳайдай бошладим.
Ў, Иссиқкўл, Иссиқкўл, қирғиз диёрининг сўнмас қўшиғи! Нега мен яна ўша кунни, Асал билан сув бўйида, тепаликда тўхтаган кунни эсладим-а! Ҳа, ҳозир ҳам ҳаммаси аввалгидек: оқ кўкиш тўлқинлар гўё қўл ушлашиб олгандай саф тортишиб ўркач-ўркач бўлиб, сарғиш қирғоқларга мингашар эдилар. Ётоғига йўл олган қуёш тоғлар ортига аста-секин ботиб бормоқда, этакдаги сувлар эса қонталашгандек қизғиш тусда товланарди. Оққушлар тантанавор чағиллашиб чарх уришарди. Улар бирдан қанот қоқиб юқорига парвоз қилардилару яна қанотларини ёзиб чувиллаб пастга сузиб тушар, сувга тўш уриб, қатқат ҳалқачалар ҳосил қилардилар. Ҳа, ҳамма-ҳаммаси айни ўша манзаранинг ўзи-ю, аммо ёнимда Асал йўқ эди, холос.
Ҳозир қаерларда юрибсан, қизил дуррачали сарвқоматим?
Кўл бўйида алламаҳалгача қолиб кетдим. Кейин автобазага қайтиб келдим, ундан чиқиб сабр-тоқатим тугаб, кайфиятим тағин бузила бошлади. Юрагимда қўзғалган дард-аламларни босиш учун яна чойхонага бордим. Чойхонадан жуда кеч қайтдим. Атроф қоп-қоронғи, осмонни булут қоплаган эди. Қувурдан отилиб чиқаётгандек дарадан гувиллаб эсаётган кучли шамол қутуриб дарахтлар қаддини эгиб-букар, симёғочлардаги симларга урилиб чувиллар ва майда тошларни киши юзига келтириб урар эди. Кўл эса чайқалиб тўлғанарди. Мен ётоқхонага зўр-базўр етиб олдиму ечиниб ўтирмасдан ўзимни каравотга ташладим.
Эрталаб бошимни кўтара олмасдим, сирқираб оғрирди. Ташқарида юракни сиқувчи қор аралаш ёмғир шивалаб ёғарди. Ишга боришга ҳафсалам келмай, уч соатлар чамаси ағанаб ётдим. Бундай ҳодиса, яъни ҳаттоки, ишнинг ҳам кўнглимга хуш келмаётганлиги ҳаётимда биринчи марта содир бўлаётган эди. Аммо кейин ўзимдан ўзим уялиб кетдиму йўлга чиқдим.
Машина мажоли қуригандек имиллаб борарди, тўғрироғи, ўзимнинг табиатим хира эди. Бунинг устига, ҳаво ҳам айнаган эди. Қаршимдан кабиналари ва бортлари қорга ботган машиналар чиқиб турарди. Демак, довонда қор ёғаётган экан. Майли, ёғса ёғаверсин, менга нима, бўрон туриб бермайдими, менга барибир, нимадан қўрқаман, нима бўлса бўлар…
Авзойим жуда бузуқ эди. Тепамда турган кўзгучага қараб кўнглим айнаб кетди: соқол-мўйловим ўсиб кетган, худди касалдан тургандек юзларим сўлғин, қовоғим шишган эди. Йўлда бир оз тамадди қилиб олсам бўларди, эрталабдан бери туз тотганим йўқ, аммо овқатга иштаҳам йўқ бўлса ҳам ичишдан қочмасдим. Ўзингга бир марта эрк бердингми, бас, кейин тўхтатиб олиш қийин. Биринчи стакандан сўнг анча тетикланиб, ўзимга келдим. Машина ҳам енгил юриб бораётгандек бўлди. Кейин яна йўлда югуриб кириб юз грамм ичиб чиқдим, кейинроқ бунинг устига яна озроқ отиб олдим. Йўл ғириллаб ортда қолиб борар, ойна тозаловчи чўткалар у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Машина билан жангга кириб бораётгандек эгилиб олиб, оғзимдаги сигаретани чайнардим. Қаршидан келиб, кабина ойналарига кўлмак сувларни сачратиб, ғизиллаб ўтиб кетаётган машиналарнигина кўрардим, холос. Мен ҳам тезликни ошира бордим, кеч кириб қолган, тоққа келганимда зим-зиё тун эди. Мана шу ерга келганимда ароқ ўз кучини кўрсата бошлади. Мадорим қуриб, кўзим тиниб, йўлни кўриш тобора қийинлаша борди. Кабина ичида димиқиб кетдим, кўнглим айний бошлади. Ҳали ҳеч қачон бунчалик маст бўлмаган эдим. Юзимдан шаррос тер қуйиларди. Ўзимни машинада эмас, гўё олға томон шиддат билан тун бағрини ёриб бораётган иккала чироқ нурлари ўртасида ўтириб кетаётгандек ҳис қилардим. Нурлар билан биргама-бирга мен ҳам гоҳ ёруғлик тушиб турган чуқурликка зарб билан отилиб тушар, гоҳ титраб-қалтираб қоялар устида ўрмаловчи нурларга тирмашиб юқорига кўтарилар, гоҳ нурлар кетидан қувлаб у ёқдан-бу ёққа югураётгандек бўлардим. Ҳар дақиқа сайин ҳолдан тойиб боравердим. Бироқ ҳар қанча оғир бўлса ҳам тўхтамасдим, чунки рулдан қўлимни уздимми, бас, машинани энди бошқара олмаслигимга ақлим етиб турарди. Ўша пайтда довоннинг қаерида бораётганимни аниқ эслаёлмайман. Оҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг ҳайбатли бели! Сенда юриш бунчалар мушкул! Айниқса тунда, яна мен сингари кайфи ошган шофёр учун!
Машина аллақандай баландликка зўр-базўр кўтарилди-ю, бирданига пастликка, тоғ этагига қараб шўнғиди. Кўз ўнгимда тун гир-гир айланиб, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Қўлларим энди менга итоат қилмай қўйганди, рул чамбарагидан сирғалиб тушар, тезлик ричагини тута олмас эди. Борган сари машинанинг тезлиги ошиб, пастга томон учиб борарди. Сўнг алланимага урилди шекилли, тарақа-туруқ, шарақлаган овозлар эшитилди. Чироқлар ўчиб, кўз ўнгимни зим-зиё қоронғилик босди. Қалбимнинг аллақаерида: «Мана, аварияга ҳам учрадинг!» – деган фикр ялт этиб кетди.
Шу кўйда қанча вақт ётганлигимни билмайман. Бир пайт қулоғимга пахта тиқиб қўйилгандек бир овоз аранг эшитилди. «Қани, ёрит-чи!» Кимнингдир қўллари елкамни, бошимни ва кўкрагимни пайпаслаб кўрди. «Тирик, аммо ўлардек маст», – деди ўша овоз. Бошқаси эса: «Йўлни бўшатиш керак», – деди унга.
– Қани, дўстим, сал сурил-чи, рулни менга бер, машинани четга олайлик! – ҳалиги қўл елкамга секингина туртарди.
Мен инграб, рулдан зўрға бошимни кўтардим. Пешонамдан қон оқарди. Кўкрагим эзилиб шикастланган экан, қаддимни кўтаришга йўл қўймасди. Тепамдаги киши гугурт чақиб, юзимга қаради. Сўнгра яна иккинчи марта гугурт чақиб, яна тикилди-да, қўнғир мўйловлари остидан ҳайратланиб жилмайди.
– Дўстим, сенга нима бўлди! Бу қанақаси? – дерди у хафаланиб ғамгин оҳангда қоронғилик орасидан.
– Машина… қаттиқ шикастланибдими? – дедим хириллаб қон аралаш туфлаб.
– Йўқ, унчалик эмас. Фақат бораётиб зарб билан сурилиб кетгану, кўндаланг бўлиб қолган, холос.
– Ундай бўлса ҳозир жўнаб кетаман, йўлда турмайман! – деб ўзимга итоат қилмай қўйган қалтироқ қўлларим билан моторни юргизмоқчи бўлиб стартёрни босишга уриндим.
– Тўхта! – деб у мени маҳкам қучоқлаб олди. – Майнабозчилик етар. Чиқ бу ёққа. Тонг отгунча ухлаб ол-чи, эртага уёғини яна кўрармиз…
У мени кабинадан тортиб чиқарди.
– Камол, сен йўл тирбанд бўлиб қолмасдан машинани чеккага чиқариб қўй, кейин нима бўлганини аниқлармиз! – деди у ҳамроҳига, ўзи бўлса қўлларимни бўйнига солиб, қоронғида қаёққадир етаклади. Биз узоқ юрдик, у одам мени жимгина етаклаб борарди, мен иложи борича ўзим юришга ҳаракат қилардим, бироқ тезда толиқиб қолавердим, шунда у одам яна қўлтиғимга кириб етаклашда давом этарди. Шу йўсинда биз аллақандай хонадонга етиб келдик. Бояги киши қўлтиғимдан тутиб туриб, уйга киришимга ёрдамлашди. Кираверишдаги хонада керосинчироқ ёниб турарди. У киши мени табуреткага ўтқазиб, устимдан калта пўстинимни еча бошлади. Шундагина мен унинг юзига қарадим. Уни танидим. Бу йўл тузатувчи уста, довонда машинани шатакка олганимда учрашган ўша Бойтемир эди. Мен жуда уялиб кетдим, лекин шунга қарамай, севиндим ҳам, энди узр сўраб, ташаккур изҳор этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, шу пайт полга бир нима тарақлаб тушди. Мен қайрилиб қарадим ва елкаларимдан улкан тош босиб тургандек ўрнимдан хиёл кўтарилдим. Остонада, сочилиб ётган ўтинлар олдида тошдек серрайиб қотиб қолган Асал турарди.
– Бу нимаси? – деб пичирлади у. «Асал!» – деб қичқириб юборишимга сал қолди, аммо унинг яқинлашмай, бегона қиёфада тикилиб турганидан оғиз очолмай қолдим. Уят ва номусдан ўт бўлиб ёниб, бошимни қуйи солдим. Хонага бир зум юракни ёриб юборгудек оғир сукунат чўкди. Агар Бойтемир бўлмаганида, билмадим, нима бўларди. У ҳеч нарса бўлмагандек бамайлихотир мени ўрнимга ўтқазди.
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, Асал, – деди у хотиржамгина. – Шофёр бир озгина шикастланибди, тузалиб кетади… Сен, яхшиси, йод берсанг бўларди бизга…
– Йод? – энди унинг овози ўз ҳолига қайтган, майинлашган ва ташвишли эди. – Йодни қўшнилар олиб кетишган эди… Ҳозир олиб чиқаман! – дея Асал эс-ҳушини йиғиб олди-да, югуриб ташқарига чиқиб кетди.
Мен қимир этмай, лабларимни тишлаганимча ўтирардим. Кайфим тарқаб, бир зумда ҳушимга келиб қолдим… Энди чакка томирларим лўқиллаб ура бошлади.
– Аввал ювиш керак, – деди Бойтемир пешонамдаги шилинган жойларни кўздан кечираркан, кейин челакни кўтариб ташқарига чиқиб кетди. Қўшни хонадан кўйлакчан, ялангоёқ, беш ёшлар чамасидаги бир бола мўралаб қарарди. У ётган жойидан туриб келган бўлса керак, катта-катта синчков кўзлари билан менга термилиб боқарди. Мен уни дарҳол танидим. Қандай таниганимни ўзим ҳам билмайман, ҳар қалай, ўғлим эканини сездим, қалбим сезди буни.
– Самад! – деб шивирладим кутилмаган учрашувдан овозим бўғилиб ва унга қараб интилдим. Шу пайт остонада Бойтемир пайдо бўлди, мен уни кўриб, негадир бир чўчиб тушдим. Чамаси, ўғлимнинг отини атаб чақирганимни эшитиб қолган бўлса керак. Худди ўғирлик устида қўлга тушгандек, ўзимни жуда ноқулай сеза бошладим. Хижолат тортаётганимни сездирмасликка интилиб, пешонамдаги шилинган ерни қўлим билан бекитганимча:
– Бу сизнинг ўғлингизми? – деб сўрадим. Нега шунақа деб савол бердим-а? Бу хатоим учун ўзимни ҳозиргача кечира олмайман.
– Менинг ўғлим! – деди мезбонга хос хушмуомалалик билан Бойтемир. У қўлидаги челакни полга қўйди-да, Самадни кўтариб олди. – Менинг ўғлим, албатта, ўз ўғлим, шундай эмасми, Самад! – дерди у ўғлини ўпиб ва мўйлови билан унинг бўйниларини қитиқлаб эркалаб. Бойтемирнинг овозида ва ўзини тутишида сохталикдан асар ҳам йўқ эди. Унинг барча хатти-ҳаракатлари шунчалик табиий эдики, гўё менинг ўрнимда менинг ролимни адо этаётгандек эди. – Ҳа, тойчоғим, нега ухламаяпсан? Ҳамма нарсадан хабардор бўлсанг-а, қани, ўрнингга чопқилла-чи!
– Ойим қани? – деб сўради Самад.
– Ҳозир келади. Ана келяпти. Бор энди, ўғлим, ухла.
Асал жимгина югуриб кирди ва бизга сергаклик билан тезгина назар ташлаб чиқди-да, йодли шишачани Бойтемирга бериб, ўғлини олиб кетди.
Бойтемир намланган сочиқ билан юзимдаги қонни артди.
– Бирпас чидайсан энди! – деб ҳазиллашди у шилинган жойларимга йод сураркан ва жиддий суратда: – Бу ишинг учун сени ўтда куйдирса ҳам бўларди-ю, майли, энди, меҳмонимизсан-да… Мана тамом, қутулдинг, битиб кетади. Асал, бизга чой қўйиб юборсанг бўларди.
– Ҳозир! – деди Асал ўғлини аллалай туриб.
Бойтемир полга ёйилган кигиз устига икки қават кўрпача солиб, ёстиқ қўйди.
– Бу ёққа ўтиб ўтир, – деди у менга. – Ёнбошла, бир оз дамингни ол…
– Ҳечқиси йўқ, раҳмат! – деб ғўлдирадим мен.
– Ўтир, ўтиравер, ўз уйингдек бемалол ўтиравер!– деб қаттиқ туриб олди у.
Буларнинг ҳаммаси гўё тушимда бўлаётгандек эди. Мана ҳозир ҳаммаси ошкор бўлади, қани энди ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсанг, деган қўрқув ва ташвишдан юрагим тарс ёрилиб кетаёзгандек эди. Чунки мен бу ерга нақадар аянчли аҳволда: маст, ифлос ва қонга бўялган ҳолда келганимни пайқаган эдим. Уф, онам нега туққан экан мени-я!
Асал бизга қарамасликка ҳаракат қилиб, самоварни олди-да, ташқарига олиб чиқиб кетди.
– Мен ҳозир сенга ёрдамлашиб юбораман, Асал! – деди Бойтемир унинг орқасидан. У Асалнинг кетидан энди чиқмоқчи бўлиб турган эди, Самад яна ўрнидан ирғиб турди. Унинг мутлақо ухлагиси йўқ эди.
– Сенга нима бўлди, Самад! – деб меҳрибонлик билан бош чайқади Бойтемир.
– Амаки, сиз тўппа-тўғри кинодан чиқдингизми? – деб сўради ўғлим жиддий, олдимга яқинроқ келиб.
Мен унинг нима ҳақда гапираётганини тушунмадим, Бойтемир бўлса хахолаб кулиб юборди.
– Вой, тентаг-эй, – деб куларди Бойтемир боланинг ёнига чўккалаб ўтирганича. – Тоза ичакларни уздинг-ку. Биз конга кино кўргани бориб турамиз! – деди у менга мурожаат қилиб. – У ҳам биз билан бирга боради.
– Ҳа, мен кинодан чиқдим! – деб умумий кулгига қўшилдим.
Аммо Самад қовоғини солиб олди-да:
– Ёлғон! – деди.
– Нега энди ёлғон бўларкан?
– Бўлмаса, анов уришадиган қиличингиз қани?
– Уйга ташлаб келдим…
– Менга кўрсатасизми, амаки? Эртага кўрсатасизми?
– Хўп, хўп, кўрсатаман. Қани, буёққа кел-чи, сенинг отинг нима, Самад-а, тўғрими?
– Самад. Сизнинг отингиз нима, амаки?
– Меникими… – дея нафасим ичимга тушиб кетди. – Менинг отим Илёс амаки, – дедим зўр-базўр.
Бойтемир шошиб қолди:
– Сизлар бу ерда гаплашиб ўтира туринглар, биз ҳозир чой қайнатиб келамиз. – У остонада тўхтади. – Сен, Самад, бориб ёт, кеч бўлиб қолди.
– Дада, яна озгина ўтира қолай! – деб ёлворди Самад.
– Ҳа, майли! – деб рози бўлди Бойтемир.
Самад олдимга келди. Мен унинг қўлларини силадим: у менга ўхшарди, жуда ўхшарди. Ҳатто қўллари ҳам, кулгиси ҳам худди меникига ўхшарди.
– Катта бўлганингда ким бўласан? – деб сўрадим мен қандай бўлмасин, ўғлимни гапга солмоқчи болиб.
– Шофёр бўламан.
– Машинада юришни яхши кўрасанми?
– Жудаям… Қўл кўтарсам, ҳеч ким мени машинасига чиқармайди…
– Эртага мен сени ўйнатиб келаман. Бўптими?
– Бўпти. Мен сизга ўзимнинг ошиқларимни бераман! – У ошиқларни олиб келиш учун нариги хонага чопиб кириб кетди.
Дераза ортида самовар карнайидан ўт чиқиб турарди. Асал билан Бойтемир алланималар ҳақида гаплашишарди. «Самадимизнинг нима деганини эшитганингдами, ичагинг узиларди», – деди Бойтемир қувонч билан тараша ёраётиб. Қизиқ, Асал ҳам айтарли бирон нарса бўлмагандек хотиржамгина жавоб берди: «Ҳа! У шунақа, нимани кўрса, шуни гапираверади!»
Самад архар терисидан ясалган халтачадаги ошиқларини пишиллаб кўтариб келди-да, олдимга сочиб ташлади:
– Танлаб олинг, амаки! – деб у ранг-баранг бўёқларга бўялган ўз бойлигини намойиш қила бошлади.
Мен эсдалик учун биттасини олмоқчи бўлдиму, аммо журъат эта олмадим. Эшик очилиб, қайнаган самоварни кўтариб Бойтемир кирди. Унинг кетидан Асал кўринди. У чой дамлагунча, Бойтемир бизнинг олдимизга юмалоқ хонтахтани келтириб қўйди-да, дастурхон ёзди. Биз Самад билан ошиқларни йиғиштириб, уларни яна халтачага солиб қўйдик.
– Ўз бисотини кўз-кўз қилаяпти, аҳ, мақтанчоқ! – деб севиб тортқилади Бойтемир Самаднинг қулоғидан.
Орадан сал ўтмай биз самовар атрофида ўтириб чой ича бошладик. Биз бир-биримизни гўё ҳеч қачон кўрмагандек ва билмайдигандек ўтирардик. Шунинг учун бўлса керак, ўзимизни хотиржам тутишга, камроқ гаплашишга тиришардик. Фақат Самадгина ўзини эркин тутарди. У Бойтемирнинг тиззасига чиқиб олиб, пинжига тиқилганича бошини сарак-сарак қилиб ўйнарди.
– Ууҳ, доим мўйловингиз одамни қитиқлайди-я, дада! – деб типирчиларди у ва ўзи унга ёпишиб чаккасини мўйловига тегизар эди.
– Эҳтиёт бўл, чойга куйиб қоласан! – деб огоҳлантирди Бойтемир.
Ҳали бу гўдак атрофида ўтирган биз катталарнинг ҳар биримиз ҳозир ўз ўйхаёлларимиз билан банд эканлигимизни фаҳмламас эди. Бизнинг тақдиримиз бугун фавқулодда тўқнашиб қолиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Буларнинг ҳаммаси нима билан тугалланаркан?..
Бошқа одамни «дада» деб эркаланаётган ўз ўғлим билан ёнма-ён ўтириш менга осон дейсизми? Висолида қанчалар азоб ва изтироб чекканим Асал, менинг азиз Асалим рўпарамда ўтирган бўлса-ю, кўзларига тик қарашга журъат эта олмасам. Қандай қилиб бу ерга келиб қолдийкин у. Севиб қолиб турмушга чиқдимикин? Гўё мен унга мутлақо бегона, мутлақо нотаниш кишидек, у ўзини танимасликка солаётган бўлса, мен буни қаёқдан билайин ахир? Наҳотки у мендан шу қадар нафратланган бўлса? Бойтемир-чи? Наҳотки у менинг аслида ким эканлигимни пайқамаётган бўлса? Самад иккимиз бир-биримизга ўхшашимизни наҳотки сезмаётган бўлса? Нега у довонда машинани шатакка олганимиздаги учрашувимизни ҳатто эсламади ҳам? Ё унутдимикин?..
Уйқуга ётганимизда мен ўзимни янада оғирроқ сездим. Менга шу ернинг ўзига, кигиз устига ўрин солиб беришди. Мен деворга қараб ётардим, чироқ пилиги хиёл пасайтирилган. Асал бўлса идиш-товоқларни йиғиштирмоқда эди.
– Асал! – деб чақирди Бойтемир секингина қўшни хонанинг қия очиқ турган эшигидан.
Асал унинг олдига борди.
– Кўйлагини ювиб қўйсанг бўларди, – деди у.
Асал стулдан қонга беланган катак-катак кўйлагимни олди-да, юва бошлади. Бироқ шу заҳотиёқ ювишдан тўхтади. Бойтемир томонга ўтгани эшитилди.
– Радиаторнинг сувини тўкиб қўйдиларингми? – деб сўради у шивирлаб. – Тағин музлаб қолмасин…
– Тўкилган, Камол тўкиб ташлади! – деди Бойтемир ҳам шивирлаб. – Машина деярли лат емаган… Эрталаб ёрдамлашамиз…
Мен эса машина ҳақида ўйламабман ҳам: на радиатор ва на мотор кўринарди кўзимга.
Асал кўйлакни ювиб бўлиб, уни печка тепасига ёяр экан, чуқур хўрсиниб қўйди ва чироқни ўчириб, чиқиб кетди.
Уйни қоронғилик қоплади. Ҳаммамизнинг ҳам ухламай ётганимизни сезиб ётардим. Ҳар биримиз ўзимизча ёлғиз ўй-хаёлларимиз билан эдик. Бойтемир ўғли билан бир каравотда ётибди. У нималардир деб Самадни эркалар, уйқусида типирчилаб тепкиланса, кўрпани устига тортиб ёпиб қўярди; Асал гоҳо-гоҳо оғир хўрсиниб қўярди. Унинг қоронғида худди ёмғирда қолган тошдек йилтираётган кўзлари менга кўриниб турарди… Улар балки ёш билан тўладир. Нима ҳақда, ким ҳақида ўйлаётганикин? Энди у бир эмас, уч киши ҳақида қайғуриши керак эди… Эҳтимол, у ҳам худди мен сингари бир-биримизни боғлаб турувчи ўша ўтмиш кунларни, лаззатли ва изтиробли дамларни хотиридан бир-бир ўтказаётгандир. Аммо энди унинг висолига етолмайман, шунингдек, унинг ўй-фикрларини ҳам билолмайман. Кейинги йиллар ичида Асалнинг ўзи ҳам, кўзлари ҳам ўзгариб кетган эди… Энди бу кўзлар аввалги, ишонч билан боқиб, меҳр, соддадиллик билан порлаб турувчи ғуборсиз кўзлар эмас эди. Улар вазмин ва жиддийлашган эди. Бироқ Асал мен учун ҳамон ўша дашт қучоғида яйраб ўсган сарвқоматлигича қолган эди. Унинг ҳар бир хислат, хусусият ва хатти-ҳаракатлари мен учун таниш ва қадрдон эди. Бу эса бир аламимни икки қилиб, қалбимни ўртаб тирнарди. Аламимдан ёстиқ бурчагини тишлаганимча ғинг демай ётардим. Тонггача мижжа қоқмадим.
Деразадан кўкда сузиб юрган ой булутлар орасидан ёғду сочар, дам-бадам ўз жамолини кўрсатиб қўярди.
Эрта тонгда Асал билан Бойтемир хўжалик ишлари билан ҳовлига чиқиб кетганларида мен ҳам ўрнимдан турдим. Жўнаш керак эди. Секин одимлаб бориб Самадни ўпдим-да, тезда хонадан чиқиб кетдим.
Асал ҳовлида тош ўчоққа ўрнатилган катта қозонда сув иситмоқда эди. Бойтемир ўтин ёрарди. Биз у билан бирга машина томон кетдик. Жимгина папирос чекишиб борардик.
Машина кечаси йўл чеккасидаги бетонли устунчаларга урилган экан. Улардан иккитаси таг-туги билан қўпорилиб ётарди. Машинанинг чироғи синган, қаноти ва олдинги қисми пачақланган, ғилдираги бир томонга хиёл қийшайиб кетганди. Биз буларнинг ҳаммасини лом ва болға билан озми-кўпми тузатдик. Сўнг моторни юргизолмай узоқ вақт азоб чекдик. Мотор довонда музлаб қолган эди. Картерни машъал ёқиб қиздирдик, кейин икки кишилашиб ручкани айлантира бошладик. Елкаларимиз тўқнашиб, кафтимиз ручка дастасини айлантиравериб қизиб кетди, бир-биримизнинг юзимизга илиқ нафасимиз уриларди, иккаламиз ҳам бир ишни бажарар эдик, эҳтимол, ўй-хаёлларимиз ҳам бир ердан чиқар.
Моторнинг ўт олиши жуда қийин бўлди. Иккаламиз ҳам ҳансирай бошладик. Шу орада Асал икки челак иссиқ сув келтирди ва уларни жимгина олдимга қўйди-да, ўзини четга олиб турди. Сувни радиаторга қуйдим. Сўнгра яна Бойтемир билан биргаликда ручкани бир-икки айлантириб юборган эдик, ниҳоят мотор ишлаб кетди. Мен кабинага ўтирдим. Мотор нотекис, узилиб-узилиб ишларди. Свечаларни текшириш учун Бойтемир капот остига кирди. Шу чоғ палточасининг тугмалари қадалмаган Самад ҳансираганича чопқиллаб келиб қолди ва машинанинг атрофидан ғизиллаб чопа бошлади. Чунки у машинага миниб сайр қилиш иштиёқида эди. Асал уни тутиб олди-да, қўлидан маҳкам ушлаб олганча, кабинанинг ёнига ўтиб турди. У менга таъна қилгандек, шунақа ҳам алам ва ачиниш билан термилдики, ўз гуноҳимни ювиш ва уларни яна ўзимга қайтариш учун шу дамда лозим бўлса ҳар нарса қилишга тайёр эдим. Мен кабинанинг очиқ эшигидан энгашиб қарадим:
– Асал! Ўғлимизни олиб ўтир! Ўтган галгидек машинага ўтқазиб олиб кетаман, бир умрга олиб кетаман! Ўтир! – деб мотор шовқини остида ёлворардим унга.
Асал ҳеч нима демади, жиққа ёшга тўлган кўзларини жимгина четга буриб, «йўқ», дегандек бош чайқади.
– Ўтирайлик, ойи! – дея унинг қўлидан тортқилади Самад. – Ўйнаб келамиз!
У ўғлини силтаб ташлади ва уни қўлидан қўймай нарига етаклаб кетди. У бошини қуйи солганча атрофга назар ташламай борарди. Самад эса орқага тортқилар, кетгиси келмасди.
– Тайёр! – деб қичқирди Бойтемир капотни ёпиб, кейин, асбоб-ускуналарни менга узатди.
Йўлга тушдим. Яна қўлим рулда, яна йўл, тоғ-тошлар, машина мени учириб олиб кетмоқда, унинг мен билан қанчалик иши бор…
Асал билан ўғлимни довонда ана шу йўсинда топдим, биз шу хилда учрашдик ва ажрашдик. Чегарага бора-боргунча ва қайтишда бутун йўл бўйлаб ўйлаб ўйимга ета олмадим. Чеки-чегараси йўқ ўй-хаёллардан чарчаб кетдим… Энди бу ерлардан бошим оққан томонга қараб бош олиб кетишим керак эди, бу ерда қолишим мумкин эмас эди.
Бунга мен қатъий қарор қилдим, шу хаёллар билан орқага қайтдим. Довондан ошиб ўтдим ва йўл участкасидан ўтиб кета туриб Самадни кўриб қолдим. У йўл ёқасида бир ўғил бола ва ўзидан бир оз каттароқ бир қиз бола билан ўйнаб юрган эди. Улар тошқўрғон ўйнашарди, яъни тошлардан ҳов личалар ва моллар учун қўралар қуришмоқда эди. Эҳтимол, илгарилари ҳам уларни йўл ёқасида кўргандирману, аммо таний олмагандирман. Демак, деярли ҳар куни ўғилчамнинг ёнгинасидан ўтиб-қайтиб юрганимни ўзим пайқамай юрган эканман. Машинани тўхтатдим.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?