Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 49 (всего у книги 67 страниц)
Бола кўзларини юмди ва яна очди. Кўз олдида ҳамон ўша манзара, олтин япроқли дарахтзордан сал берироқда, топ-тоза шағал устида ҳамон ўша эртаклардаги буғулар турарди.
Мана улар бурилди-да, тизилганча шағалдан ўрмон томонга юриб кетди. Олдинда – катта буғу, ўртада шохсиз буғуча, улар ортида Шохдор она буғу. У қайрилиб, болага яна бир бор қараб қўйди. Буғулар дарахтзорга кириб, буталар оралаб кетди. Улар тепасида қизил новдалар чайқалар ва олтин япроқлар уларнинг таранг ва силлиқ елкасига тўкиларди.
Кейин улар сўқмоқдан жар томон юқорига кўтарилди ва шу ерда тўхтади. Болага гўё буғулар яна қараб тургандек туюлди. Катта буғу бўйнини чўзиб ва шохларини орқасига ташлаб худди карнайдай садо солди: «Ба-ба!» Унинг овози жар ва дарё устида узоқ акс садо бериб таралди: «Аа!»
Шундагина боланинг ҳуши жойига келди. У оёғини қўлга олиб таниш сўқмоқдан уйга чопиб кетди. У жонининг борича чопарди. Ҳовлидан ғизиллаб ўтиб, эшикни ланг очиб, энтикканча, остонадан туриб қичқирди:
– Бобо! Буғулар келди! Буғулар! Улар шу ерда!
Бир бурчакда ғамгин ва жимгина ўтирган Мўмин бобо унга бир қараб қўйди-ю, ҳеч нима демади, гап нима ҳақда эканлигини аниқ тушунмади.
– Ўчир овозингни! – дўқ қилди кампир. – Келса келибди-да, ҳозир улардан ҳам бошқа ташвиш кўп.
Бола жимгина чиқиб кетди. Ҳовли кимсасиз эди. Куз қуёши ғира-шира яланғоч тоғ тизмалари – Қоровултоғ ортига ботди. Қуёш ҳароратсиз қуюқ шафағи билан тоғларни лола рангига буркарди. Муз қотган шафақ бу ердан кузги тоғ чўққиларига беқарор шуъла сочиб турарди. Ўрмонга ғирашира қоронғилик чўкди.
Изғирин турди. Бола эти увушиб қалтирай бошлади.
ОЛТИНЧИ БОБ
Тўшакка кирганида ҳам эти увушиши қолмади. Анчагача ухлай олмади. Ҳовлига аллақачон қоронғилик чўккан. Боши зирқирарди. Лекин у миқ этмасдан ётарди. Унинг оғриб қолганини ҳеч ким билмасди. Унутгандилар.
Бу ерда уни унутмай ҳам нима қилишсин!
Бобо бутунлай тинчини йўқотиб қўйди. Ўзини қўярга жой тополмасди. Гоҳ ташқари чиқар, гоҳ ичкари кирар, гоҳо ачиниш билан чуқур нафас олиб ўтириб олар, гоҳо турарди-да, қаергадир кетарди. Кампир бўлса чолга дакки берар ва айни пайтда у ҳам тинмай гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа юрар, ҳовлига чиқар ва яна зум ўтмай қайтиб кирарди. Ҳовлида қандайдир ноаниқ, узуқ-юлуқ овоз эшитилди, кимнингдир шошилинч оёқ шарпаси, кимнингдир сўкиниши қулоққа чалинарди, афтидан, Ўразқул яна сўкина бошлаганди, аллаким энтикиб-энтикиб йиғларди…
Бола ўринда жимгина ётар, барча овоз ва оёқ шарпаларидан, уйда ва ҳовлида юз бераётган бутун воқеалардан чарчоғи ортар эди.
У кўзини юмиб олди. Ўзининг ёлғизлигини, унутилганини сездирмай, бугун кўпдан бери орзу қилиб юрган нарсасини кўрганини эслай бошлади. У катта дарё қирғоғида турарди. Сув шунчалик тез оқардики, унга узоқ тикилиб туриш мумкин эмасди, кўз тиниб, бош айланиб кетарди. Дарёнинг нариги қирғоғида эса унга буғулар қараб турарди. У кечга яқин кўрган ўша учала буғу ҳозир ҳам ўша жойида эди. Ҳамма-ҳаммаси унинг кўз олдида қайта такрорлана бошлади. Шохлари катта эркак буғу бошини сувдан кўтарганда унинг намли лабларидан яна ўша сув томчилари оқиб тушди. Шохдор она буғу эса худди аввал кўргани сингари меҳрибонлик билан тикилиб турарди. Унинг кўзлари катта-катта, қопқора ва намли эди. Бола ҳайратда қолди, Шохдор она буғу худди одамларга ўхшаб, худди бобоси сингари ғамгин ва аянчли хўрсинар эди. Кейин улар буталар орқали дарахтзорларга кириб кетди. Буғулар устида қизил новда чайқалар ва олтин япроқлар уларнинг таранг, силлиқ елкасига учиб тушарди. Улар жар бўйига кўтарилиб, шу ерда тўхтади. Катта буғу бўйнини чўзиб, шохларини елкаси оша орқасига ташлаб «Ба-ба!» дея карнайдай садо солди. Бола унинг овози дарё устида узоқ янграб турганини эслаб, ўзича жилмайиб қўйди. Шундан кейин буғулар ўрмонга кириб, ғойиб бўлди. Лекин бола улардан ажралишни истамасди. У ўзи истаган нарсаларни яна кўриш учун хаёл сура бошлади.
Яна тезоқар улкан дарё кўзи олдидан шиддат билан оқиб ўта бошлади. Оқим тезлигидан унинг боши айланди. У бир сакради ва дарё устидан учиб ўтди. Ҳамон қумлоқда ётган буғулар яқинига енгил ва оҳиста қўнди. Шохдор она буғу уни ёнига чақирди:
– Сен кимнинг боласисан?
Бола индамади. У кимнинг боласи эканлигини айтишга уяларди.
– Биз бобом билан сени жуда яхши кўрамиз, Шохдор она буғу. Биз сени анчадан бери кутаётган эдик, – деди.
– Мен ҳам сени биламан. Сенинг бобонгни ҳам. У яхши одам, – деди Шохдор она буғу.
Бола севиниб кетди. Лекин ўз миннатдорчилигини қандай баён этишни билмасди.
– Истасанг, балиққа айланаману, дарё бўйлаб сузиб Иссиқкўлга, оқ кемага етиб бораман, – деди бола тўсатдан.
У бунинг уддасидан чиқа оларди. Бироқ Шохдор она буғу унга ҳеч нима демади. Шунда бола ечина бошлади ва худди ёздагидек, дарё ёқасида толнинг шохидан ушлаб, сувга тушди. Сув иссиқ ва димиққан эди. У кўзи очиқ ҳолда сув тагидан сузиб кетди. Сон-саноқсиз олтин қум доначалари майда сув ости ўтлари билан қўшилиб гирдоб ҳосил қиларди. Унинг нафаси бўғила бошлади. Иссиқ оқим эса уни ҳамон олиб кетарди.
– Ёрдам бер, Шохдор она буғу, ёрдам бер менга, мен ҳам сенинг фарзандингман, Шохдор она буғу! – дея бақирди у.
Шохдор она буғу унинг ортидан қирғоқ бўйлаб югурди. У шундай тез югурдики, ҳаво визиллаб кетди.
Бола устидаги кўрпани отиб ташлади ва дарҳол енгил тортди. У терлабпишган эди. Лекин бундай пайтларда бобоси уни яна яхшироқ ўраб қўйишини эслаб, кўрпага ўралиб олди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Чироқ пилиги ёниб тугаган, шунинг учун ҳам у хонани хирагина ёритиб турарди. Бола ўрнидан турмоқчи, сув ичмоқчи бўлди, лекин ташқаридан қандайдир кескин овоз эшитилди. Кимдир бировга бақирди, аллаким йиғлади, кимдир уни яна юпантирди. Ғалағовур, оёқ шарпаси эшитилди. Кейин нақ дераза тагидан уҳ тортиб икки киши ўтди. Улар бир-бирини етаклаб бораётгандек эди. Эшик тарақлаб очилди, кампир жаҳл билан ҳарсиллаганича Мўмин бобони уй ичига итариб юборди. Бола бобосининг бунчалик қаттиқ қўрққанлигини ҳеч қачон кўрмаган эди. Афтидан, у ҳеч нарсани англамасди. Чолнинг кўзлари бесаранжом жавдирарди. Кампир уни кўкрагидан итариб, ўтиришга мажбур қилди:
– Ўтир, ўтир, аҳмоқ чол, сўрамаса аралашиб нима қиласан. Биринчи марта шундай бўляптими уларда. Ҳаммаси яхши бўлсин десанг, тумшуғунгни суқмай тек ўтир. Нима десам, шуни қил. Эшитяпсанми? У биз билан дўстлашмоқчи эмас, балки дунёдан бездирмоқчи, тушуняпсанми? Кексайганда қаерга ҳам борамиз? Қаерга? – Кампир шундай деди-ю, эшикни тарақлатиб ёпиб, шошганича чиқиб кетди.
Уй яна жимиб қолди. Фақат чолнинг хириллаган, узуқ-юлуқ нафас олиши эшитилиб турарди. У ўчоқ ёнида чўнқайганча бошини қалтираётган қўллари орасига олиб ўтирарди. Бирдан чол тиз чўкди ва қўлларини чўзиб, кимгадир зорланганча илтижо қила бошлади:
– Ол мени, олиб кет, бу толеи пастни! Унга фарзанд ато қил! Унга қарасам юрак-бағрим қон бўлади. Ҳеч бўлмаса биттагина тирноқ ато эт, раҳминг келсин бизга…
Чол йиғлаганча гандираклаб ўрнидан турди-да, деворни ушлаб бориб, эшикни очди. У ташқари чиқди, эшикни ёпди ва эшик ортида кафти билан оғзини беркитиб ич-ичидан ўксиниб йиғлади.
Бола ночор аҳволда қолди. У яна қалтирай бошлади. Ўзини гоҳ иссиққа, гоҳ совуққа отарди. У турмоқчи, бобоси ёнига бормоқчи бўлди. Лекин қўл-оёқлари унга итоат қилмас, боши зирқираб оғрирди. Чол эшик орқасида юм-юм йиғлар, ҳовлида эса яна бадмаст Ўразқул тўполон кўтарарди, Бекей хола дод-фарёд солиб йиғларди. Икки томонни ҳам Гулжамол билан буви ялиниб-ёлвориб тинчитишди.
Бола ўз хаёл дарёсига чўмган эди.
У яна ўша тезоқар дарё ёқасида. Иккинчи соҳилда, шағал устида эса худди ўша буғулар турибди. Шунда бола илтижо қилди: «Шохдор она буғу, Бекей холага шохингда бешик олиб кел. Сендан ўтиниб сўрайман, уларга бешик олиб кел. Уларда ҳам фарзанд бўлсин». Ўзи бўлса сув юзасидан Шохдор она буғу томон югургилаб кетди. У сув юзасидан чопиб борар экан, қулаб тушмасди, шу билан бирга, соҳилга ҳам яқинлашолмасди, худди бир жойда депсиниб туриб қолгандек эди. У ҳамма вақт Шохдор она буғуга ялиниб-ёлворарди. «Сен шохингда бешик олиб кел. Шундай қилгинки, бобомиз йиғламасин, шундай қилгинки, Ўразқул амаки Бекей холани урмасин, шундай қилгинки, уларда фарзанд туғилсин. Мен ҳаммаларини севаман, Ўразқул амакини ҳам севаман, сен унга фақат фарзанд бер. Уларга шохингда бешик олиб кел…»
Болага узоқдан қўнғироқча жаранглагандай эшитилди. У тобора кучлироқ жарангларди. Она буғу тоғ бўйлаб югурарди, у бешикни – қайиндан ясалган қўнғироқчали бола бешигини бандидан шохларида кўтарганча келтираётган эди. Бешик қўнғироқчасининг жаранги ҳаммаёққа тарала бошлади. Шохдор она буғу жуда шошилаётган эди. Қўнғироқча овози тобора яқинлаша бошлади.
Бу ниманинг овози? Қўнғироқча жарангига моторнинг узоқдан гуриллаган овози жўр бўлди. Қаердадир юк машинаси келарди. Машинанинг гуриллаши тобора кучайиб, аниқроқ эшитиларди, қўнғироқчанинг жаранги эса худди ундан чўчигандай узуқ-юлуқ эшитила бошлади, кўп ўтмай эса уни моторнинг гуриллаши бутунлай босиб кетди.
Бола темирларни шарақлатиб, ҳамма ёқни ларзага солиб ҳовлига оғир машина келиб тўхтаганини эшитди. Ит ҳуриганча ташқарига отилди. Дераза ойнасига бир зум чироқ ёруғининг акси тушиб турди-ю, шу заҳотиёқ ўчди. Айни чоғда моторнинг овози ҳам жимиб қолди. Кабина эшиги тарақлаб ёпилди. Келган кишилар, афтидан, учовлон бўлса керак, ўзаро гаплашиб, бола ётган дераза ёнидан ўтиб кетишди.
– Сейдаҳмад келди, – бирдан Гулжамолнинг қувончли овози янгради, унинг эри томон шошилаётгани эшитилиб турарди. – Биз бўлсак кутавериб, тоқатимиз тоқ бўлди!
– Ассалому алайкум, – жавоб қилишди унга нотаниш кишилар.
– Хўш, тинч ўтирибсизларми? – сўради Сейдаҳмад.
– Шукур. Нега мунча кеч?
– Шунисига ҳам шукур. Совхозгача етиб келдим, йўловчи машиналарни кутаман-кутаман, қани кела қолса. Ҳеч бўлмаса Жилисойгача етиб олсам дейман. Бир маҳал мана булар ёғоч олиб кетгани бизнинг томонимизга келишаётибди, – дея ҳикоя қиларди Сейдаҳмад. – Тоғ оралиғи қоронғи. Йўлни ўзинг биласан…
– Ўразқул қани? Уйдами? – қизиқиб сўради келганлардан бири.
– Уйда, – иккиланиб деди Гулжамол. – Сал тоби қочибди. Ташвишланманглар. Бизда тунаб қоласиз, жой бўлса бор. Юринглар.
Улар рози бўлишди. Лекин бир неча қадам босгач, тўхтаб қолишди.
– Ассалом, оқсоқол. Ассалому алайкум, бойбича.
Келганлар Мўмин бобо ва кампир билан саломлашишди. Чол билан кампир ҳам уятга қолмаслик учун уларни ҳовлида кутиб олишди. Балки Ўразқул ҳам уялар? Ишқилиб, ўзини ва бошқаларни уятга қўймасин-да.
Бола бир оз тинчланди. Умуман, у ўзини енгил ҳис эта бошлади. Боши ҳам унчалик оғримаётган эди. Ҳатто ўрнидан туриб, машинани кўздан кечирмоқчи бўлди: у қанақа, тўрт ғилдираклими ёки олти ғилдираклими? Янгими, эскими? Прицепи қанақа? Ўтган ёзда уларнинг уйига ҳатто ҳарбий юк машинаси ҳам келганди – ғилдираклари баланд, худди тумшуғи кесиб олингандек эди. Ёш аскар шофёр болани кабинага ўтирғизган эди. Қандай яхши! Олтин ранг погонли ҳарбий киши эса Ўразқул билан бирга ўрмонга тушиб кетишди. Қанақаси бу? Ҳеч бунақаси бўлмаганди-ку.
– Сизлар жосусни излаяпсизми? – сўради бола аскардан. У жилмайиб қўйди.
– Ҳа, жосусни излаяпмиз.
– Бизникига ҳали биронта ҳам жосус келгани йўқ, – деди бола ғамгин.
Аскар кулиб юборди.
– Нимага керак у сенга?
– Мен уни изидан қувлаб, тутиб олардим.
– Оббо изқуварэ, ҳали ёшлик қиласан.
Олтин рангли погонли ҳарбий киши Ўразқул билан ўрмонни айланиб юришганда, бола шофёр билан гаплашиб олди.
– Мен ҳамма машиналарни, ҳамма шофёрларни яхши кўраман, – деди бола.
– Нима учун? – қизиқиб сўради шофёр.
– Машиналар – яхши, кучли ва тез юради. Улардан ёқимли бензин ҳиди келади. Шофёрлар бўлса ёш, уларнинг ҳаммаси ҳам Шохдор она буғунинг болалари.
– Нима? Нима? – тушунмади аскар. – Қандай Шохдор она?
– Сен ҳали билмайсанми?
– Йўқ. Бунақа ғаройиботни ҳеч қачон эшитмаганман.
– Сен ўзинг кимсан?
– Мен қарағандалик қозоқман. Шахтёрлар мактабида ўқиганман.
– Буни сўраётганим йўқ, сен кимнинг фарзандисан?
– Ота-онамни.
– Улар кимники?
– Улар ҳам ота-онасининг фарзандлари.
– Улар-чи?
– Эй, оғайни, шу зайлда тўхтовсиз савол бериб, суриштиравериш мумкинми, ахир.
– Мен бўлсам Шохдор она буғу фарзандларининг фарзандиман.
– Буни ким айтди сенга?
– Бобом.
– Ҳарқалай, тўғри эмас, – аскар иккиланиб, бош чайқади.
Бу катта бошли, шалпангқулоқ боланинг Шохдор она буғу авлоди эканлиги уни қизиқтириб қўйди. Аскар ўз авлоди қаердан тарқалганини билмаслиги маълум бўлиб қолганлигидангина эмас, ҳатто етти пуштини билмаслигидан бир оз хижолат ҳам тортди. Аскар фақат ўз отасини, бобосини ва бобокалонини биларди, холос. Бошқалари-чи?
– Сенга етти ота-боболарнинг номларини эсда тутишни ўргатишмаганми? – деб сўради бола.
– Ўргатишмаган. Нимага керак бу? Мен улар ҳақида ҳеч нимани билмасам ҳам, ҳамма қатори бинойидек яшаяпман.
– Бобом, агар одамлар ўз ота-боболарини билмасалар, улар айниб кетади, дейди.
– Ким айнийди? Одамларми?
– Ҳа.
– Нима учун?
– Бобом айтадики, унда ҳеч ким ёмон ишлардан ҳазар қилмайди, чунки болалар ва болаларнинг болалари ҳам уни эсламайди. Шунингдек, ҳеч ким яхши иш ҳам қилмайди. Чунки, барибир, болалар унинг яхши ишлари ҳақида эсламайди-да.
– Бобонг қизиқ экан-ку! – Аскар чинакам ҳайратда қолди. – Ғаройиб. Аммо у сенинг бошингни бўлмағур нарсалар билан гангитиб қўяётганини билмаса керак. Ахир, сенинг бошинг катта-ку… Қулоқларинг ҳам шунчалик каттаки, худди бизнинг полигонимиздаги локаторларга ўхшайди. Сен унинг гапларини тинглама. Коммунизмга боряпмиз, космосга учяпмиз, у бўлса сени нимага ўргатяпти? Уни бизга, сиёсий машғулотга олиб боришса борми, бир зумда маълумотли қилиб қўярдик. Сен ўсиб, ўқиб-ўрганиб олганингдан сўнг бобонгдан воз кечиб қўя қол. У нодон, маданиятсиз киши.
– Йўқ, мен ҳеч қачон бобомни ташлаб кетмайман, – эътироз билдирди бола. – У яхши.
– Ҳозирча шундай. Кейинроқ тушуниб оласан.
Ҳозир овозларга қулоқ солиб турар экан, бола ўша ҳарбий машиналарни эслади. У ўшанда аскарга нима учун бу ердаги шофёрлар, айниқса, у билган шофёрлар Шохдор она буғунинг фарзандлари эканлигини яхшилаб тушунтириб беролмаган эди.
Бола унга тўғрисини айтди. Унинг сўзларида ҳеч қандай уйдирма йўқ эди. Ўтган йили худди шундай куз палласида, эҳтимол, сал кечроқмиди, пичан олиб кетиш учун тоққа совхоз машиналари келган эди. Улар қоровулхонанинг ёнидан эмас, балки унга бир оз етмасдан Арчадарага олиб борадиган йўлга бурилишди, сўнг юқорилаб бориб, ёзда ўриб қўйилган пи чанлар томон кетишди. Қоровултоғдаги моторларнинг мислсиз гуриллашини эшитган бола йўлнинг айрилишига қараб чопиб кетди. Бирданига шунча машина! Бирининг кетидан бири тизилишиб кетган. Бутун бир колонна. У машиналардан ўн бештачасини санади.
Ҳаво айниб турибди. Бугун-эрта қор ёғиб қолиш сиёқи бор. Унда «хайр, хашаклар, келгуси йилгача» деявериш мумкин. Бу жойларда пичанни ўз вақтида ташиб олмасанг, кейин доғда қоласан. Ўтиб келолмайсан бу ерга. Афтидан, совхозда турли хил ишлар кўпайиб, вақт зиқ келиб қолганлиги учун ўриб тайёрлаб қўйилган пичанни бир йўла ташиб келтиришга қарор қилинган эди.
Бироқ бола буни билмасди. Тўғрисини айтганда, унинг нима иши ҳам бор? У ҳовлиқиб, қувонганидан ҳар бир машинанинг қаршисига чиқди, бир оз ким ўзарга чопишди, сўнг бошқасини қарши ола бошлади. Енгил юриб бораётган юк машиналарининг ҳаммаси яп-янги, кабиналари чиройли, ойналари эса кенг эди. Кабинада ёш йигитлар ўтиришибди. Уларнинг ҳаммаси бир хилда муртсиз, айрим кабиналарда эса иккитадан ўтиришибди. Бу шерик бўлиб ўтирганлар пичанни йиғиш ва боғлаш учун боришаётган эди. Уларнинг ҳаммаси болага чиройли, қувноқ, жасур бўлиб туюлди.
Умуман-ку, бола янглишмаганди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Машиналар соз эди, улар Қоровултоғдаги шағалли, заранг йўлдан ўтгач, елдай учиб борарди. Болаларнинг вақти чоғ эди – ҳаво ҳам ёмон эмасди, бу ерда яна қаёқдандир пайдо бўлиб қолган шалпангқулоқ, катта бошли тирмизак бола ёшлик шўхликларини ичига сиғдиролмай қувонганидан ҳар бир машина қаршисида гирдикапалак бўларди! Бола яна кўпроқ севинсин ва шўхлик қилсин учун унинг хатти-ҳаракатларига кулмасдан, ҳазил аралаш қўл силкиб, пўписа қилмасдан бўлармиди…
Энг охирида келаётган юк машинаси ҳатто тўхтади ҳам, кабинадан погонсиз, ҳарбий фуражкасиз, аммо кепка кийиб олган аскар кийимидаги ёш шофёр йигит бошини чиқариб қаради.
– Яхшимисан, нима қилиб юрибсан бу ерда, а? – Очиқ юз билан болага кўз қисиб қўйди у.
– Ўзим, шундай, – бамайлихотир жавоб берди бола.
– Сен Мўмин бобонинг набираси эмасмисан?
– Ҳа.
– Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Мен ҳам Буғубой авлодиданман. Бу бораётган болаларнинг ҳаммаси Буғубой авлодидан. Пичанга боряпмиз. Эндиги Буғубой авлодлари бир-бирини билишмайди ҳам, тарқалишиб кетган… Бобонгга салом айт. Қулибекни, Чўтбойнинг ўғли Қулибекни кўрдим деб айтгин. Қулибек армиядан қайтиб келиб, совхозда шофёр бўлиб ишлаяпти экан, дегин. Хайр, омон бўл, – хайрлашиш олдидан у болага қандайдир ҳарбий значок совға қилди. Жуда ғалати. Орденга ўхшаб кетади.
Машина қоплон каби бўкириб шериклари ортидан шамолдай учиб кетди. Ногаҳон болада Буғубой авлодидан бўлган акаси – бу оқ кўнгил, мард йигит билан бирга кетиш иштиёқи туғилиб қолди. Аммо йўл ҳувиллаб қолган бўлиб, у уйга қайтишга мажбур бўлди. Қайтаркан, бобосига учрашув ҳақидаги таассуротларини гапириб берди. Значокни бўлса кўкрагига тақиб олди.
Ўша куни кечқурун осмон гумбази остидаги тизма тоғлардан қаттиқ шамол – Сан-Тош шамоли тура бошлади. У бўронга айланди. Ўрмон япроқлари қуюндек осмонга учиб чиқиб тобора кўкка ўрлар, гувиллаганча тоғ чўққисида ўйнарди. Зум ўтмай ҳаво шундай бузилдики, кўз очиб бўлмай қолди. Бирдан қор учқунлай бошлади. Ана-мана дегунча ер юзи оқ чойшабга бурканди, ўрмонлар чайқалди, дарё жўш урди. Қор тушди, у буралиб-буралиб ёғарди.
Бир амаллаб молларни ҳайдашга, ҳовлидаги у-бу нарсаларни йиғиштиришга, иложи борича уйга мўл ўтин олиб келишга зўрға улгуришди. Кейин эса уйдан чиқмай қамалиб олишди. Бундай эрта тушган изғирин совуқда ким ҳам эшикка чиқади дейсиз.
– Бунинг кимга кераги бор? – ҳайратланиб ташвишланарди Мўмин бобо ўчоққа ўтин қаларкан. У шамолнинг ҳуштак чалишига ҳамон қулоқ тутар, дераза олдига бориб ташқарини кузатарди. Дарча ортида гир айланиб ёғаётган қор ҳаш-паш дегунча уюлиб қолган эди.
– Ўтир ўрнингга! – минғиллади буви. – Биринчи марта шундай бўляптими? «Бунинг кимга кераги бор?» эмиш, – тақлид қилиб масхаралади кампир. – Қиш қишлигини қилиши керак-да.
– Бир кунда-я…
– Бўлмаса-чи? Сендан сўраб ўтирармиди? Вақт-соати келибди, ёғади-да.
Ўчоқ мўриси увиллай бошлади. Бола олдин бобосига хўжалик ишларида ёрдам бериб, совуққа қотди, бироқ ўтин тезда қизишиб ёниб кетгандан сўнг уй ичи исиб қолди. Ҳаммаёқни дуд аралаш қарағай смоласининг ҳиди қоплади. Исиниб олгач, боланинг ҳам кўнгли жойига тушди.
Кейин овқатланишди. Сўнг ухлаш учун ўринга киришди. Ҳовлида эса қор бўралар, шамол увилларди.
«Ўрмонда балки жуда қўрқинчлидир», – ўйлади бола ойна ортидаги гувиллашга қулоқ солиб, у баногоҳ қандайдир англаб олиш қийин бўлган овозларни, шовқин-суронларни эшитиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Кимдир бировни чақирди, кимдир унга жавоб қайтарди. Дастлаб болага шундай туюлаётгандай бўлди. Шундай пайтда қоровулхонага ким ҳам келарди? Бироқ Мўмин бобо ва кампир ҳушёр тортишди.
– Одамлар, – деди кампир.
– Ҳа, – ишонқирамай деди чол. Кейин безовталана бошлади: – Бемаҳалда ким бўлди? – у тезгина кийина бошлади.
Кампир ҳам шошиб қолди. Туриб, лампа чироқни ёқди. Бола ҳам нимадандир чўчиб, туриб кийинди. Бу орада одамлар уйга яқинлашиб келишди. Ғовур-ғувур, оёқ товушлари. Номаълум одамлар қорни ғарчиллатиб босиб, айвонга келганларида оёқларини қоқиб, тақиллата бошладилар.
– Оқсоқол, эшикни очинг! Совқотдик!
– Кимсизлар?
– Ўзингизники.
Мўмин эшикни очди. Қорда, изғирин шамолда совқотган кишилар уйга бостириб кириб келишди. Булар кундузи Арчадара томонга пичан ортишга кетган ўша ёш шофёрлар эди. Бола уларни дарҳол таниди. Унга ҳарбий значок тақдим қилган Қулибек ҳам бор эди. Улар бировни қўлтиғидан ушлаб олиб киришди. У инграрди, оёғини судраб босарди. Уйда бирдан қий-чув кўтарилди.
– Астағфирулло! Нима бўлди сизларга? – Мўмин бобо билан кампир баравар ташвишланиб сўрашди.
– Кейин гапириб берамиз! У ёқда яна биздан етти киши келяпти. Йўлдан адашишмаса бўлгани. Қани, бу ерга ўтир-чи. Оёғи қайрилиб кетди, – оқсоқ йигитни печка ёнига ўтқизаркан, тез гапирди Қулибек.
– Қолган одамларингиз қаерда? – Шошиб қолди Мўмин бобо. – Мен ҳозир бориб, уларни бошлаб келаман. Сен эса югур, – деди у болага. – Сейдаҳмадга айт, тезлик билан электр фонарини олиб келсин.
Бола уйдан отилиб чиқди ва ҳовлиққанидан нафаси бўғзига тиқилиб қолди. Умрининг охиригача у бу даҳшатли дақиқани эсдан чиқармади. Қандайдир ҳурпайган, башараси совуқ, чинқириб даҳшат солувчи баҳайбат махлуқ унинг томоғидан бўғиб олиб силтай бошлади. Лекин бола ўзини йўқотмади. У даҳшатли чангалдан ситилиб чиқди ва қўли билан бошини тўсиб ҳимоя қилганча Сейдаҳмаднинг уйига югурди. Ҳаммаси бўлиб йигирма-ўттиз қадамлик йўл унга худди узоқдек бўлиб туюлди. Гўё жангчиларга кўмаклашмоқ учун олис ерга шамолдек елиб бораётгандек эди. Унинг қалби мардлик ва жасурлик кўрсатиш иштиёқи билан тўлиб-тошган эди. У назарида ўзини қудратли ва енгилмас кучга эга экандек ҳис этди, ҳатто Сейдаҳмаднинг уйига етиб боргунча ҳам шундай қаҳрамонона ишлар қилишга улгурдики, қойил қолмай илож йўқ. У тубсиз жарликлар орқали тоғдан тоққа сакраб ўтди, қилич билан душман тўдасини яксон қилди, дарёда чўкаётганни, ўтда куяётганни халос этди, байроғи ҳилпираб турган реактив қирувчи самолётда дара ва қоялар сари ундан қочиб бораётган даҳшатли қора махлуқни қувди. Унинг реактив қирувчи самолёти махлуқ ортидан ўқдек учиб ўтарди. Бола пулемётдан ўқ узиб, «фашистларни қир!» деб қичқирарди. Ҳамма жойда Шохдор она буғу уни қўллаб-қувватлади. Буғу ўз фарзанди билан фахрланарди. Бола Сейдаҳмаднинг уй эшигига келиб етганда, она буғу унга: «Энди менинг болаларимни, ёш шофёрларни қутқариб қол!» – деди. «Мен уларни қутқараман, Шохдор она буғу, азбаройи Худо, қасам ичаман!» – деди бола овоз чиқариб ва эшикни қоқа бошлади.
– Тезроқ, Сейдаҳмад амаки, бизникиларни қутқариб қолайлик, юринг! – У бу сўзларни шундай таъсирли қилиб айтдики, Сейдаҳмад ва Гулжамол қўрқувдан жойида турганча туриб қолишди.
– Кимни қутқариш керак? Нима бўлди?
– Бобом электр фонари билан тезда чопиб келсин, совхоздан келган шофёрлар йўлда адашиб қолишибди деб айтгин, дедилар.
– Аҳмоқ, – сўкиб берди уни Сейдаҳмад. – Шундай десанг бўлмайдими? – У отланиш учун югуриб кетди.
Лекин бу ҳолат болани ҳеч қанча ранжитмади. Сейдаҳмад унинг бу ерга келгунча қанчалик жасорат кўрсатганини, қасам ичганини қаердан билсин. Бола шофёрларнинг етталови ҳам Мўмин бобо билан Сейдаҳмад томонидан қоровулхонанинг ёнидан тезда топилиб уйга олиб келинганда ҳам унчалик ажабланмади. Шундай учрашув содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди-ку! Хатарнинг олди олинса у енгил кўчиши мумкин… Умуман олганда, бу адашган кишилар ҳам топилди. Сейдаҳмад уларни уйига олиб кетди. Ҳатто Ўразқулникида тунаш учун ҳам беш киши юборилди.– Уни ҳам уйғотишга тўғри келди. Бошқалари эса Мўмин бобонинг уйига тиқилиб қолишди.
Қор бўрони тоғда ҳали ҳам тўхтамаганди. Бола айвонга югуриб чиқди ва дақиқа ўтмай ўнг ва сўли қайси, баланд ва пасти қайси, тушуна олмай қолди. Ҳавонинг қовоғи солиқ, гўё доира шаклида айланаётгандек эди. Қор эса тизза бўйи бўлиб қолганди.
Мўмин бобо совхоз шофёрларининг ҳаммаси топилиб, исиниб олгач ва совуқдан, хавф-хатардан қутулиб кўнгиллари тинчигач, воқеа тушунарли бўлса ҳам йўлда, қор бўронида қандай ҳодиса юз берганини секин-аста суриштира бошлади. Йигитлар ҳикоя қилиб беришди, чол-кампир эса хўрсиниб-хўрсиниб қўйишарди.
– Бай, бай-ей, – дея содир бўлган ҳодисадан ҳайратда қолишар ва қўлларини кўксига қўйиб Худога шукроналар айтишарди.
– Бунчалик енгил кийинмасаларинга, болалар, – ўпкалади кампир иссиқ чойдан қуяркан. – Тоққа шундай кийим билан келиш мумкинми, ахир. Боласизлар-да, бола. Ўзингизга зеб берасиз, шаҳарликлардек бўлай дейсиз. Агар йўл топа олмай эрталабгача қолиб кетганларингизда борми, Худо кўрсатмасин? Нақ музлаб қолардиларингиз.
– Ким билсин бундай бўлишини, – деб жавоб берди Қулибек. – Иссиқ кийиниш нега керак? Бирон нарса бўлса ичкарида машина иситиб қўяди. Худди уйингдагидек ўтириб, баранкани айлантиравер. Самолётда-чи, мана бу тоғлар у ердан тепачалардек кўринади – борт ташқарисида қирқ даража совуқ бўлса, ичкарида одамлар кўйлакчан юришаверади.
Бола пўстинга ўралиб шофёрлар ўртасида ётарди. У Қулибекнинг ёнига тиқилиб олиб катталарнинг суҳбатини бутун вужуди билан тингларди. Бирдан бўрон кўтарилиб, бу йигитлар уларнинг уйидан бошпана излашга мажбур қилганидан ҳатто у хурсанд бўлганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади. У бўрон узоқ кунлар, ҳеч бўлмаганда уч кун давом этишини ич-ичидан жуда истарди. Майли, улар шу ерда яшайверсинлар. Улар билан вақт ўтказиш қандай яхши. Қизиқарли. Бобоси, афтидан, ҳаммасини таниркан. Ўзларинигина эмас, оталари ва оналарини ҳам биларкан.
– Мана, кўрдингми, – бобо набирасига ҳатто бир оз ғурурлангандек деди, – ўз акаларингни, Буғубой авлодларини кўрдинг. Уларнинг кимлигини билиб оласан. Қара, қандай улар! Эй, ҳозирги йигитлар бўйчан бўлиб ўсишяпти-да. Худойим сизларни ўз паноҳида асрасин. Қирқ иккинчи йили қишда бизни Магнитогорскка қурилишга олиб келишгани эсимда…
Бобо набирасига яхши таниш бўлган тарихни ҳикоя қилишга тутиниб, уларни мамлакатнинг турли бурчакларидан чақирилган меҳнат армиясини бўйга қараб узайиб кетган сафга тортишганида қирғизларнинг деярли ҳаммаси паст бўйли бўлганлиги ва сафнинг охирига тушиб қолганлиги ҳақида сўзлаб берди. Йўқлама ўқиб бўлинганидан сўнг папирос чекишга рухсат берилди. Сарғишдан келган давангирдек бир йигит келиб, баланд овозда:
– Булар қаердан? Манжурларми ё? – деди. Уларнинг орасида кекса ўқитувчи ҳам бор эди. У шундай жавоб берди:
– Биз қирғизлармиз. Биз бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда манжурлар билан жанг қилганимизда Магнитогорскдан ном-нишон ҳам йўқ эди. Бўйимиз эса худди сеникидек эди. Урушни тамомлаганимиздан сўнг яна ўсамиз…
Бобо ўша ўтмиш воқеани эсга олди. Жилмайиб, қониқиш билан яна бир бор ўзининг тунги меҳмонларига кўз ташлади.
– Ўша ўқитувчи тўғри айтган экан. Шаҳарда бўлганимда ёки кўчада келаётиб назар ташлайман: ҳозирги авлод илгаригисига ўхшамай, бўйчан ва кўркам бўлиб етишмоқда.
Тушунган йигитлар секин кулиб қўйишди – чол чақчақлашишни яхши кўради.
– Ҳа, бўйчанмиз, бўйчан, – деди улардан бири.– Машинани бўлса пастликка ағдариб юбордик. Шунча киши бўла туриб кучимиз етмади…
– Хашак юкланган бўлса, бунинг устига яна шундай қор бўронида уддасидан чиқиб бўлармиди, – уларни оқлай бошлади Мўмин бобо. – Шунақаси ҳам бўлади. Худо хоҳласа, эртага ҳаммаси жойида бўлади. Энг муҳими, шамол тинсин.
Йигитлар бобога юқоридаги, Арчадара тоғидаги пичанларга машинада қандай етиб борганларини гапириб беришди. У ерда учта катта пичан ғарами турарди. Учала ғарамни ҳам бир йўла юклашга киришдилар. Юклаганда ҳам баланд қилиб, ҳатто томдан ҳам баланд қилиб юклашди. Кейин юқоридан арқонга осилиб тушишга тўғри келди. Шундай қилиб, бирин-кетин ҳамма машиналарга пичан юкланди. Кабина кўринмас, фақат олд ойналар, капот ва ғилдираклар кўриниб турарди. Келарга келиндими, яна овора бўлиб юрмасдан, ҳаммасини бира-тўла олиб кетишмоқчи бўлишганди. Улар ҳозир олиб кетишмаса бу пичанлар келгуси йилгача қолиб кетишини билардилар. Ғайрат билан ишладилар. Кимнинг машинаси тайёр бўлса, четга чиқариб қўйиб бошқасига юклашга ёрдамлашар эдилар. Улар қарийб ҳамма хашакни юклашди, бироқ икки аравачаси қолди, холос. Чекиб олишди, ким кимнинг ортидан ҳайдашини келишиб олишди ва ҳаммалари тизилиб йўлга тушишди. Машинани секин-аста ҳайдашди. Қоронғида тоғдан сирғалиб кетишларига оз қолди. Пичан енгил юк бўлса ҳам олиб бориш қийин, айниқса, тор жойларда, бурум йўлларда хавфли.
Улар боришаркан, олдинда нима кутаётганини хаёлларига ҳам келтиришмасди.
Улар Арча тепалигидан тушиб, дара бўйлаб кетишарди. Дарадан чиқишда эса кечга яқин бўронга дуч келишди. Қор ура бошлаган эди.
– Шундан бошлаб бирпасда елкалар увиб қолди,– дея ҳикоя қила бошлади Қулибек. – Бирдан қоронғилик босиб, шунақанги шамол уриб бердики, нақ бўлмаса қўлингдан баранкани тортиб олгудек эди. Ана-мана дегунча машинани ағдариб юбораётгандек одамни ваҳима босади. Яна бунинг устига йўл шунақа ёмонки, ҳатто кундуз куни ҳам юриш хавфли.
Бола нафасини ичига ютиб, чақноқ кўзларини Қулибекдан узмай жимгина тингларди. Ҳикоя қилинаётган ўша шамол, ўша қор ойна ортида авжига чиқмоқда эди. Кўпчилик шофёрлар ва юк ташувчилар этикларини ҳам ечмай полда ётиб ухлашмоқда. Улар нимани бошидан кечирган бўлсалар, буни қилтириқ бўйинли, катта бошли, шалпангқулоқ бу бола ҳам қайта бошидан кечирди.
Бир неча дақиқадан сўнг йўл кўринмай қолди. Машиналар четга чиқиб кетмаслик учун бир-бирининг изидан қолмай нуқул сигнал берарди. Машина деразаларини ва фараларини қор босди. «Тозалагичлар» эса ойнадаги қорни тозалаб улгура олмасди. Кабинадан бош чиқариб ҳайдашга тўғри келди. Бироқ бу аҳволда қанча ҳам йўл босиш мумкин? Қор бўлса заптига олиб ёғарди! Ғилдираклар оғирлашиб, деярли жойидан жилмасди. Колонна тикка тепаликка етганда тўхтади. Моторлар ўкирарди – лекин фойдасиз эди… Машиналар тоққа чиқа олмай таққа тўхтаб қолди. Кабинадан сакраб тушишиб, бир-бирларига овоз қилганларича бир машинадан иккинчисига чопиб ўтишиб, колонна бошида тўпланишди. Нима қилиш керак? Гулхан ёқиш мумкин эмас. Кабинада ўтирилаверса, қолган ёнилғи ҳам ёқиб битирилади. Усиз ҳам совхозгача аранг етиб бориш мумкин. Кабина иситилмаса музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Йигитлар нима қилишларини билмай довдираб қолишди. Ҳамма нарсага қодир бўлган техника ҳозир ожиз. Нима қилиш керак? Кимдир машиналардан бирининг хашагини ағдариб, ичига кириб ётишни таклиф қилди. Бироқ арқонни бўшатиш биланоқ хашакдан бир тутам ҳам қолмаслиги аниқ эди: кўз очиб-юмгунча бўрон учириб кетарди. Бу орада машиналар қор уюмига тобора чуқурроқ кириб борар, ғилдираклар остидаги қор анча кўтарилиб қолган эди. Йигитлар ўзларини бутунлай йўқотиб қўйишди, изғирин суяк-суякларидан ўтиб кетди.
– Бир маҳал эсимга тушиб қолди, оқсоқол, – деб ҳикоя қиларди Қулибек Мўмин бобога. – Биз йўлда Арчадарага кетаётиб мана бу Буғубой авлодидан бўлган укамизни учратдик. – У болани кўрсатди ва эркалаб унинг бошини силади. – Йўлда чопиб юрган экан. Мен уни тўхтатиб саломлашдим. Гаплашдик. Тўғрими? Нима, ҳали ухлаганинг йўқми? Оббо, азамате!
Бола жилмайиб бош ирғади. Унинг қалби қувонч ва ифтихордан гурсиллаб ураётганини биров билганда эди. Буни йигитлар ичида энг кучлиси, энг ботири ва энг чиройлиси – Қулибекнинг ўзи гапириб берди. Мана шунақа бўлса киши.
Бобо ҳам ўчоққа ўтин ташларкан, уни мақтаб қўйди:
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.