Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 58 (всего у книги 67 страниц)
ЎНИНЧИ БОБ
Бироқ эртасига кун очиқ, беғубор бўлди. Кечаги ёғингарчиликдан асар ҳам йўқ эди. Фақат намгарчилик, фақат одамнинг руҳини тетиклаштирувчи муздек шабада эсмоқда ва фақатгина ер бир оз қизғиш рангга кирган ва фақат чўққилар устида енгилланиб қолган оппоқ қорлар бор эди, холос. Тоғлар ортидан ўзлигини оламга кўз-кўз қилиб, кўкнинг ярмини нурга буркаб баҳор қуёши кўтарила бошлади. Бутун бепоён Оқсой ўзининг барча ўтлоқлари, ялангликлари, адирларию паст-баландликлари билан узоқ-узоқларгача кўзга яққол ташланиб турарди. Бироқ улар ўзлари ёнбағрида туғилиб ўсган Улуғ Манас тоғлари, зотан бу ғайритабиий бир ҳол бўлса-да, гўё тунда уларга яқинроқ келиб қолгандай, шу оқшом тоғлар Оқсойга қараб улар томон силжигандай, қўшчилар тонгда туриб тоғнинг улуғлиги, гўзаллиги ва қудратини кўриб ҳайратланишлари учун силжигандай туюларди.
Яқин-йироқда, ёнгиналарида, уфқнинг қўл етмайдиган жойларида тоғ тизмалари жилваланарди…
Ҳа, Оқсойда ўша куни ажойиб тонг отди. Ер шабадада сингисин деб улар шудгорлашга шошилмай чиқишди.
Бу вақт ичида отларга қарашди, абзалларни тузатишиб, ҳўл бўлиб кетган пичанни ёйишди. Кун тезда исиб кетди. Улар шундан сўнг плуглари томон жўнашди. Плуглар кечаги эгатларга ботиб қолган эди. Плугнинг ҳар бирини уч кишилашиб тортиб чиқаришди, тишларини тозалашиб, ғилдиракларини ёғлашди. Кейин отларни қўшишиб, бугун кечгача бу пайкалнинг шудгорини тугаллашни, эртага эса бошқа участкага жўнашни ўйладилар. Иш қизигандан қизиб кетди. Туни билан дам олган отлар саҳарлаб парвариш қилинганлиги учун илдам ишларди. Отлар оғир плугларни тортиб боришарди. Аммо кечаги қорда қилинган шудгор ўзини оқлаган – тупроқ шабадада селгиб қолганди, қор аралаш ағдарилган қатламлар қуёш нурлари остида хамирдай кўпчиб ётарди. Демак, тупроқ «бузилмаган», бездек бўлиб қолмаган. Демак, шудгор кўнгилдагидай бўлибди.
Ўша куни ажойиб ўтди. Шундай кунлар бўладики, агар ишинг юришиб кетса, ҳаёт шундай мароқли, кўнгилли, ажойиб ва айни вақтда оддий бўлиб туюлади. Бекорга қиш бўйи тайёрланишмаган, меҳнат қилишмаган ва бунинг учун мактабни ташлашга мажбур бўлишмаган экан; мана энди Оқсой отряди ҳаракатда, плуглар эса ишламоқда, яна бугун Эргаш ва Қуббатқуллар келишлари керак. Ўшанда уларда бешта плуг бўлади, бу эса ўнта тиш дегани. Ана куч. Ана ўшанда ҳақиқий десант деса бўлади! Ундан сўнг уруғ сепиб, майдонларни бороналашади, ана ўшанда ҳосилни кутавер! Баҳорги буғдой ажойиб бўлади. Чекиш бригадир баҳорги ҳосил унумдор бўлмаса ҳам, аммо нонлар ичида энг ширини бўлади, дейди. Ишимиз ўнгидан келади. Ёмғир ёғади. Шунча меҳнат қилингандан кейин ёмғир тихирлик қилиши мумкин эмас. Ёмғир ёғади, фақат у ёқда, фронтда бардош қилсалар, ҳужумга ўтсалар бўлгани, бахтимизга бу ҳосил томоғимизда туриб қолмаса бўлгани…
Улар пайкал узра ана шундай боришарди. Олдинда Султонмурот, ортда, икки юз қадамча нарида Онатой ва ярим чақирим нарида Эркинбек боришарди…
Қуёш қизигандан қизирди. Тепаликлардаги ям-яшил майсалар товланарди. Худди эртакдагидай у ёққа ўтсанг ҳам, бу ёққа ўтсанг ҳам, қаршинг ҳам кўмкўк. Тупроқ янгиланиб енгил нафас оларди. Плуглар эса Оқсойдан ортида худди узун кокилга ўхшаш янгигина олинган изларни қолдириб борарди…
Оёқ остидан «пирр» этиб тўрғай учди. Қуш сайрай-сайрай яқингинага қўнди ва яна қаердадир бошқаси сайрай кетди, уларга аллақаёқда яна бир тўрғай жўр бўлди. Султонмурот жилмайиб қўйди. Қушлар қувонганларида сайрайверишади, уйлари ҳам йўқ, бошлари устида япроқ, новда ҳам йўқ, кимсасиз чўл қўйнида ўз билганларича яшайверишади. Тағин хурсанд ҳам. Баҳордан миннатдор, қуёшдан миннатдор! Кеча қушлар қаерда эдилар-а, ёғингарчиликнинг ўтишини қандай кутиб турдилар экан? Ҳа, энди буларнинг ҳаммаси ортда қолди.
Баҳор ўз ҳақини энди олади. Энди иш ҳам кўпаяди, бу эса фақат бошланиши. Нима қипти! Бугун Эргаш, Қуббатқуллар келишади, шунда бутун десант биргаликда киришишса, ишлари жўнашиб кетади…
Отини «чу»лар экан, тўсатдан Султонмуротнинг кўзи нариги томонда бир отлиқни кўриб қолди. Отлиқ шудгор яқинидан четлаб ўтиб, уларга қараганча тоғ тарафга кетмоқда эди. Елкасида милтиқ. Бошида қишки тумоқ. Тагида бақувват, совитилган саман. Болалар ҳам уни кўришди-да, қичқира бошлашди:
– Эй, овчи, биз томонга отингни бур!
Бироқ овчи индамади. Овчи уларга яқинлашмасдан ўгирилиб қиё ташлаб кетмоқда эди. Султонмурот уни кўриб суюниб кетди, отни тўхтатиб, оёқларини узангига тираб бақирди:
– Эй, овчи, ширалға берганинг учун раҳмат! Эшитяпсанми, раҳмат! Тегиш учун раҳмат!
Аммо овчи индамай, худди ҳеч нимани эшитмагандай, тушунмагандай кетаверди. У тезда тепаликлар ортига ўтиб кетди. Демак, вақти йўқ, ишига шошиляпти шекилли.
Тахминан ярим соатлардан сўнг яна бир овчи кўринди. У ҳам тоққа томон борар, унинг ҳам елкасида милтиқ бор эди. Аммо у бошқа ёқдан, қўтоннинг бошқа чеккасидан ўтиб борарди. Бу овчи ҳам узоқдан сўрашмай, уларга қараганча жим борарди. Ўзи одат бўйича отлиқ отини буриб, қўшчиларга саломатлик, хирмонига барака тилаши керак эди. Чекиш чол ҳозир одамлар айниб кетди, дейди. Эҳтимол шундайдир. Чекиш чол донишманд, унинг гапи тўғри чиқади.
Овчилар ўтиб кетгандан сўнг жуда ҳаяжонли бир воқеа содир бўлди.
Буни биринчи бўлиб Онатой эшитиб қолди. Яшавор! Овозининг борича қичқирган ҳам Онатой бўлди:
– Турналар! Турналар учяпти!
Султонмурот юқорига қаради – мусаффо, мовий, чексиз осмон кенглигида оҳиста айланиб, парвоз қила туриб сафланиб, қурқурлашганча овоз чиқариб турналар учиб боришарди. Катта гала турналар юксак парвоз қилишмоқда. Аммо само ундан ҳам юксак. Бепоён осмон кенглиги ва бу кенгликда худди барҳаёт орол сингари сузиб бораётган қушлар тўдаси. Султонмурот бошини кўтариб қараганча бирдан овозининг борича қичқириб юборди:
– Ура! Турналар!
Учалови ҳам қушларнинг турналар эканлигини яхши кўриб турган бўлсаларда, кутилмаганда, бу катта бир янгиликдай бир-бирларига бақиришарди:
– Турналар! Турналар! Турналар!
Султонмурот турналарнинг эрта келиши яхши белги эканлигини эслаб қолди.
– Турналарнинг эрта келиши яхшилик аломати! – бақирди у от устида Онатойга қайрилиб қараркан. – Ҳосил мўл бўлади!
– Нима, нима? – эшитмади Онатой.
– Ҳосил, ҳосил мўл бўлади!
Сўнг Онатой эгар устида Эркинбек томонга қайрилиб унга қичқирди:
– Ҳосил! Ҳосил мўл бўлади!
Эркинбек эса жавобан қичқирди:
– Эшитдим, эшитдим! Ҳосил мўл бўлади!
Турналар эса ҳамон учиб бормоқда эдилар. Улар самонинг мовий оғушида чўмилиб, шошилмай сузар, бир маромда қанот қоқишиб, айланишиб, гоҳ вазмин, гоҳ кўп овоз-ла, гоҳ бирваракайига жўр бўлишиб, бир-бировларини чақиришар ва яна жимиб қолардилар. Шаффоф кун оғушида уларнинг силлиқ бўйинлари, ингичка тумшуқлари ва баъзиларининг бағрига ярим киргизиб олган, баъзиларининг эса маҳкам сиқиб олинган оёқчалари яққол кўзга ташланиб турарди. Гоҳо қанотлари четларидаги оппоқ патларининг учлари кўзга чалиниб қоларди. Ана шунда қушларни томоша қила туриб, қўшчилар галанинг секин-аста пастлаётганини сезиб қолишди. Турналар борган сари пасайиб ерга яқинлаб борар, гўё уларни қандайдир оқим ўша томонга, узоқ тепаликларга ҳайдаб бораётгандай эди. Султонмурот умри бино бўлиб турналарни бундай яқиндан кўрмаган эди. Турналар ҳамиша шарпа сингари, худди тушдагидай бош узра сузиб ўтишарди.
– Қара, қўнишяпти, қўнишяпти! – қичқирди Султонмурот ва учовлари ҳам эгарлардан сакраб тушишиб, уловларини қолдирганларича турналар қўнаётган ерга қараб чопишиб кетишди.
Улар оёқларини қўлларига олиб, жонлари борича югура кетишди! Улар турналарни яқиндан кўргилари келарди: қанақа экан-а? Зўр бўлди-да!
Эҳ, Султонмурот шундай тез елардики! Ер оёғи остида пояндоз, ўзи унга пешвоз эди. Ер билан бирга қорли тоғлар ҳам унинг истиқболига югурар, кўз узмай келаётган турналар галаси ҳам кўкда чарх уриб, унга пешвоз учиб келишмоқда эди. Югуриб, қувониб, нафаси бўғилар, юраги суюнчга тўлиб, турналарни қуваркан, агар қушлар патини тушириб қолдиргудай бўлишса, сақлаб Мирзагулга совға қилишни ва қизга бу воқеани ипидан игнасигача ҳикоя қилиб беришни хаёл қиларди. Фақат етиб олса, турналарни кўрса бўлгани эди. У Мирзагулга нисбатан қалбида қуйилиб келаётган меҳрни туйганча чопиб борарди. Агар иложи бўлса эди, у ҳозирнинг ўзида турна пати билан тўппа-тўғри Мирзагулнинг олдига елиб борарди… Турна пати билан тўппа-тўғри қизнинг олдига…
ЎН БИРИНЧИ БОБ
Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ милтиқнинг нишони бўйлаб турналар томон елиб бораётган болаларни мўлжалга олар эди. Прицелдан ташқаридаги ер бепоён, улар эса чайқалиб турган мушка қаршисида шундай зарралар эдиларки… Уларнинг тепасидаги осмон прицелда нақадар катта, болалар эса мушка учида шунчалик кичкина кўринардики… Тепкини боссанг, вассалом, улар йўқ бўлади… Буларнинг ҳаммаси бир дақиқада йўқ бўлиши мумкин ва улар прицелда милт-милт этмай қўярди, фақат бунинг учун тепкини босилса бўлди эди.
– Эҳ, ҳозир уларни ер тишлатиб, бирваракайига тутдай тўкиб қўярдим, ҳатто овоз чиқаришга ҳам улгуролмай қолишарди, – нафасини ичига ютиб, ғўлдиради мўлжал олиб турган одам.
– Бас қил, тентак! Ўқ билан ўйнашиб бўладими, бекорга мўлжалга олма, – деди унга ўсиб тўқай бўлиб кетган, худди бўрининг инини эслатувчи тепалик остидаги кўрайлар ичида отларни жиловидан тутиб турган иккинчи овчи.
Мўлжалга олувчи киши ҳамон милтиқни мўлжалдан олмай, лунжини шиширганча жимиб қолди.
– Ҳаддингдан ошма, деяпман сенга, – буйруқ берди унга отларни ушлаб тургани. – Чопишиб-чопишиб қайтиб кетишади. Сенга нима?
У қулоқ солмади. Дағал соқолли даҳанини милтиқ қўндоғига қўйиб, прицел орасидан турналарнинг қичқириқларидан маст бўлиб югураётган беақл болаларни таъқиб этишдан маза қиларди. Унинг жаҳли чиқа бошлади. Болаларнинг чопишиб кулишини-чи! Суюнишларини кўр. Учта ўқ билан қийратиб ташласа, қимир этмай қолишарди. Чопишади – кулишади! Бирон сабаби борми десанг. Чопишади – кулишади…
Плугчилар ҳаллослаб адирга яқинлашганларида турналарнинг яна тепага кўтарилашаётганини кўриб қолишди… Демак, ниятлари ўзгарибди. Балки уларга турналар қўнаётгандай туюлгандир?
Болалар нафасларини ростлаб тўхтаб қолишди. Уларнинг ҳафсалалари пир бўлди. Султонмурот эса яна анча ергача чопиб борди ва турналар галасини кўзлари ёшланиб кузатганча тўхтаб қолди…
Сўнгра улар ортларига қайтишиб, яна Оқсой ерларини шудгор қила бошлашди. Бугун кун жуда яхши бўлди. Тушга яқин отларга хашак олиб колхоз араваси келиб қолди. Аравакаш уларга картошка, гўшт, ун, ўтин олиб келибди. У Чекиш бригадирнинг ўзи эртага Эргаш, Қуббатқулларни улови билан олиб келишлигини айтди. Чекиш бригадир, болаларга айт, жаҳллари чиқмасин, ҳаммаси ҳал бўлган, эртага десант тўлиқ составда бўлади, дебди. Албатта бўлади, деб яна ваъда берибди. Бир-икки кундан кейин уларнинг олдига, Оқсойга раис Тиналиев ҳам келаркан. Аравакаш мана шундай хабарлар олиб келди. Тушда ҳаммалари бирга овқатланишди, сўнг яна шудгорлашга жўнаётганларида ошпаз кампир Султонмуротга овулга бормоқчи эканлигини, эртага Чекиш бригадир билан бирга қайтиб келишини айтиб қолди. Овулда унинг қандайдир зарур иши бор эмиш ва яна кир ювиш учун совун олиб келиши керак эмиш. Болаларнинг оч қолмаслиги учун кун бўйи етадиган нон ёпиб ва яна гўжа пишириб қўйганмиш, уни иситиб ичишлари ҳам мумкинмиш. Султонмурот кампирнинг кетишини ҳеч хоҳламаса ҳам чор-ночор рози бўлди, кекса одамнинг йўлини тўсиб, тортишиб ўтирармиди.
Шундан сўнг қўшчилар яна ўз плуглари томон жўнашиб, кун ботгунча ишлашди. Кеч бўлганда шудгорни тамомлашди. Энди бемалол томоша қилса арзийди – катта бир майдонни шудгордан чиқариб қўйдилар. Бу эндигина биринчи майдон, эҳе, яна ҳали қанчаси бор. Бошламаси тайёр. Демак, охири ҳам бўлади.
Охирги пайкални ғира-шира қоронғида ҳайдаб битиришди, қайрилишларда қолиб кетган ерларни шудгорлашиб узоқ ивирсимай, эртасига саҳардан янги майдонда иш бошлаш учун плугларни у ерга олиб бориб қўйишди.
Отларни чиқариб, шийпонга келгунларича қош қорайиб қолди. Шийпон ҳувиллаб ётибди. Кампир аллақачон кетган. Ҳа, майли, эртага келади-ку.
Кун бўйи роса чарчашди. Шошилмай бўйинтуруқларни бўшатиб, уларни отларнинг бўйнидан олишиб, жабдуқларни ечишди-да, ҳар ким ўз жойига ўтовга олиб киришди. Ўн икки бош отларнинг барини ҳам ўз жойларига, шийпонга, охур вазифасини ўташ учун келтирилган ғилдираклари йўқ эски аравага боғлашди. Ҳа, ҳар бир отни жой-жойига арава ичидаги хашакка тўғрилаб боғлаб қўйишди. Эрталаб отларнинг қотиб қолган терларини тозалаш учун барвақтроқ туришга қарор қилишди. Қоронғида ювинишиб, кейин ўтовда гулхан ёқишди-да, унинг ёруғида гўжани иситишга эриниб совуқлигича ичишди.
Ухлашга ётишди. Султонмурот ҳаммадан кейин ухлади. Уйқу олдидан у яна бир бор отларни кўздан кечиргани ўтовдан чиқди. Отлар тумшуқлари хашакда, қуруқ бедани қурт-қурт чайнаб, пишқирганларича жимгина туришарди. Ҳа, бошма-бош, олтитадан от араванинг ҳар тарафида жимгина туришарди.
Ҳаво очиқ бўладиганга ўхшарди. Ой борган сари кичрайиб бормоқда эди…
Султонмурот негадир бир нимадан чўчиб, озгина айланди. Кимсасиз сокинлик, чексиз зим-зиё кеча. Иш билан, ташвишлар билан бўлиб, кимсасиз чўл бағри шунчалик қўрқинчли эканлигини сезмаган экан. У ўтовга қайтишга шошилди. Жойига ётиб узоқ пайтгача ухлаёлмади. Бирдан уйини соғиниб, юраги ғаш бўлиб қолди. Усиз онасининг уёқда ҳоли қандай кечаётган экан? Отасидан ҳанузгача ҳеч қандай дарак йўқ. Агар бирор хабар бўлганида бугун аравакаш унга етказиб суюнчи сўраган бўлармиди. Нимани сўраса, берарди. Бироқ нимани берарди. Бу ерда ҳеч вақоси йўқ. Ярим қоп буғдой ваъда қиларди, ахир кузда колхоз уларга буғдой беради-ку, ана шуни берарди-да унга. Шуларни ўйлаб у оғир хўрсинди. Ажимурот ундан: агар отам урушдан қайтса, иккаламиз Чопдорга миниб уни кутиб олгани станцияга чопамиз, Султонмурот катталиги учун олдинда, Ажимурот эса орқасига мингашиб бориши ҳақида ундан ваъда олганини эслади. Отасини кутиб олгач, унга Чопдорни бериб, ўзлари эса отаси билан ёнма-ён югуришларини, онаси ва бошқа узоқ-яқин кишилар уларга пешвоз чиқишини тасаввур қилди… Эҳ, қани эди шундай бахтга муяссар бўлганида эди, у Чопдорни плугдан чиқариб чоптириб кетарди… Кейин эвазига юз ҳисса кўпроқ ишлаб берарди.
Султонмурот аста йиғлай бошлади, чунки бундай бахт, эҳтимол, ҳеч қачон рўй бериши мумкин эмаслигини ғира-шира англарди…
Сўнгра у Мирзагул билан сой бўйида учрашганини эслаб қоронғида жилмайди. Ҳатто ҳозир ҳам қизнинг қўллари тафтини, гўё ўша қўлларнинг унга:
«Мен хурсандман! Мен жуда бахтиёрман! Менинг қанчалик бахтиёр эканлигимни наҳот сезмаётган бўлсанг!» – деганини эслади. Қизга тикиларкан, унинг қиёфасида ўзини кўрганлигини ҳам ва Мирзагул ўзи эканлигини сезиб қолиб ҳайратланганини ҳам ёдга олди. Мирзагул ҳозир ухлаётган бўлса керак. Эҳтимол, мана шу дақиқаларда Мирзагул ҳам у ҳақда ўйлаётгандир. Ахир Мирзагул бу – Султонмурот-ку. Султонмурот гимнастёркаси чўнтагидаги Мирзагулнинг рўмолчасини пайпаслаб, силаб қўйди…
Шундай ўйлар билан уни мудроқ босиб уйқуга кетди. Қаттиқ ухлаб қолди. Сўнг тўсатдан уни қандайдир ёмон туш чулғаб олди. Кимдир уни бўғганича қўлини қайирарди. У шунда уйғониб кетди, қўрққанидан бақиришга ҳам улгуролмади. Кимнингдир аччиқ махорка ҳиди анқиб турган катта-қаттиқ кафти унинг оғзини беркитди.
– Жонингдан умидинг бўлса жим бўл! – деди хириллаб унинг қулоғи остида махорка ҳидини анқитиб, пишиллаганча қўпол бир одам. У одам темирдай панжалари билан Султонмуротнинг жағини синдиргудай пастга босиб, оғзига латта тиқди. Султонмурот ўзига келганда қўллари арқон билан орқасига боғлаб қўйилган эди. Уни совуқ тер босиб ўзидан ўзи титрай бошлади. Ўтовдаги бу икки одам ким, нега уни боғлаб қўйишди?
– Буниси тайёр, – шивирлади бири иккинчисига. – Наригиларига кетдик.
Улар Онатой ётган томонда қоронғиликда пайпасланишди. Онатой қичқириб типирчилади-ю, аммо уни ҳам чандиб ташладилар.
Эркинбекнинг эса бошига туширишди шекилли, у бир инграб жимиб қолди.
Султонмурот ҳамон нима бўлаётганини тушунмасди. Латта оғзини беркитиб қўйганидан у бўғилар, қўллари арқонда қисилиб оғрирди. Ўтов зулмат оғушида эди. Бироқ бу одамлар кимлар, нега улар бу ерга келишди. Улар нима учун бундай қилишяпти, ниятлари нима, балки уларни ўлдиришмоқчидирлар? Нега?
Султонмурот қутулмоқчи бўлиб типирчиларди. Шунда бу одамлардан бири уни тиззаси билан босиб, темирдай бармоқлари билан калласига ниқтаганча секин дона-дона қилиб деди:
– Кўпам шатталайверма. Эшитяпсанми? Сен бу ердагиларнинг каттасига ўхшайсан. Биз жавобга тортилмаслигингиз учун сизларни боғлаб ташладик, сизларнинг бу ерда дахлингиз йўқ. Уқдингми? – деди у ҳамон темирдай бармоқлари билан унинг калласига чертиб. – Ақл ишлатсаларингиз ҳаммаси жойида бўлади. Сизларни бу ердан топишганда воқеа қандай юз берган бўлса, ҳаммасини шундай айтиб берасизлар. Сизларни қандай қилиб сўроқ қилишлари мумкин? Аммо кимки ҳозирдан ҳаммадан бурун бирор ҳаракат қилиб типирчилайдиган бўлса, итдай савалаб ташлайман. Ўлдираман! Жим ётинглар. Ўлиб қолмайсизлар.
Улар қаттиқ ҳансирашиб, сўкинишиб, тупуришганча ўтовдан чиқиб кетишди. Султонмурот уларнинг отлар боғлоғлиқ турган жойда нимадир қилишиб, пайпасланаётганларини, отларнинг қўрқувда типирчилаётганларини эшитди. Бир оздан сўнг кўплаб туёқларнинг тақиллаши, қамчи овозлари аралаш яна қандайдир сўкинишлар эшитилди-ю, туёқларнинг овози узоқлашиб, тез орада бутунлай эшитилмай қолди.
Фақат шундагина Султонмурот содир бўлган воқеанинг даҳшатини тушуниб етди. Ўғрилар уларнинг қўшчи отларини ҳайдаб кетишганди! Алам ва ғазаб юрагини ўртаб юборди. У қўлларини бўшатишга уринди-ю, аммо ҳеч нарса қилолмади. Нафаси қисилиб, бошини у ёқ-бу ёққа буриб, тили билан оғзидаги латтани итара бошлади. Оғзига худди ўт солиб қўйилгандай аланга олиб, нафаси қайтиб, қон оқа бошлади. Ниҳоят оғзидаги лаънати латтани тупуриб ташлашга муваффақ бўлди. Гўёки озодликка чиққандай бўлди. Ўпкасини тўлдирган ҳаводан боши айланиб кетди.
– Болалар, бу менман! – қичқирди у калласини кўтариб. – Менман! Мен гапиряпман!
Бироқ ҳеч ким унга жавоб қайтармади. У Онатой, Эркинбек жойларида қимирлаб қўйганларини эшитди.
– Болалар, – деди у шунда, – қўрқманглар. Мен ҳозир. Ҳозир бирон нарса ўйлаб топаман. Фақат менга қулоқ солинглар. Онатой, қимирлагин, қаердасан?
Онатой инқиллаб, типирчилаб ўрнидан тура бошлади.
– Шошма, Онатой! Жойингда тур! – Султонмурот кийимлар ва жабдуқлар устидан у томонга отилди.– Энди орқанг билан менга суян, қўлларингни қўй. Эшитяпсанми, қўлларингни қўй…
Улар орқама-орқа ётишди. Султонмурот дўстининг қўлидаги арқонни пайпаслаб топди. Онатойга қандай ётиш, ўгирилишни айтиб, ўзи арқоннинг тугунларини топишга тутинди. Онатойни оғриққа чидашга ундаб, ўзи охири қандайдир тугунни топиб, уни тортиб юборган эди, арқон бўшади. Энди Онатой қўлларини ўзи бўшатиб олди…
ЎН ИККИНЧИ БОБ
От ўғрилари шошилмай кетишарди. Улар отларни гоҳ йўрттириб, гоҳ йўрғалатиб боришарди. Қоронғида отларни чоптириб бўлмайди, кейин бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Иш силлиқ кўчди. Кимдан қочишсин – гўдак болаларданми? Юз чақирим атрофда эса тирик жоннинг ўзи йўқ. Болалар эса тупканинг тагида боғлоғлиқ ётишибди. Ҳалиям ишни бундай кўчганидан тақдирдан миннатдор бўлишсин…
Улар тўртта отни олиб кетишмоқда эдилар. Ҳар қайсиларига бир жуфтдан бўлади. Бошқа олиб бўлмасди. Худо кўрсатмасин, шу ёғини ҳам ҳазм қилиб олишса бўлгани эди… Кимсасиз жойлардан узоқ юришлари керак. Тошкент атрофларига боришнинг ўзи уч кунлик йўл. Яна у ёғига қанча йўл юриш керак. Етиб олишса бўлгани. У ёғига иш осон кўчади. Тошкентдаги Олой бозорида гўштни килолаб эмас, мисқоллаб сотишади. У ердаги одамлар савдонинг тилини билишади, уқувли. Бировга ошириб юборишади. Энди буёғи уларнинг иши. Аммо ҳозир гўшти тиллага баравар бўлиб турган тўртта семиз отнинг пулини олиб кетишнинг ўзи бўлармикин? Ҳазилдан ташқари, бу жумбоқ! Шунча пулни нима қилишади! Росаям ўмаришди-да! Тезроқ бўла қолишса эди. Энди топиб бўлишибди. Пул бўлса жуфтакни ростлаш қийин эмас. Кетишлари, қўлга тушмасдан бурун аллақачон бу ердан жуфтакни ростлашлари керак эди. Ушласа – тамом! Трибунал! Энди тутиб бўлишибди! Пул бўлса, чангалда шўрва. Тошкентнинг нарёғида, эҳе, яна қанча шаҳарлар, ерлар бору…
Тақдир деб бекорга айтишмайди. Ўзиям бўларича бўлгандилар. Қани қорбўрон, қаҳратонда тоғда кезиб кўр-чи, ана у архарни қўлга тушириб кўр-чи, қўлга туширганингда-чи, гўшти бу пайтга келиб нимага ярарди, ориқ, қуруқ чандирнинг ўзи. Тишинг ўтмайди. Бунинг устига, патронлар ҳам тугаб бўлган эди. Узоққа боришолмасди. Шундай пайтда худди осмондан тушгандай бу болаларнинг плуглари билан пайдо бўлиши кимнинг хаёлига келибди. Худонинг уларга юборган инъоми! Олло бор, у тепамизда муқаррар – ҳар кимнинг ризқнасибасини бўлиб қўйган.
Бир чеккадан танламай олаверишди, отларнинг бари териб олингандай, барининг қовурғаларида икки энли ёғ, бунақасини оламни айланиб чиқсанг ҳам тополмайсан. Ҳил-ҳил гўшт бўлади, еб тўймайсан. Худо бор, у тепамизда муқаррар! У ризқ, ўлжа юборди, омад юборди!..
Улар шошилмай боришарди. Отларнинг вазнини йўқотишга зарурат йўқ эди. Бунақа отлар Олой бозоридаги қассобларнинг тушларига ҳам кирмаган. Пулни беру, олавер, очофатлар!
Мана, саманлар олдиндан тайёрлаб қўйилган жиловларда тўртовлари йўртиб, пишқиришиб боришяпти, қани энди ўзларини қаёққа олиб кетишаётганини билишса эди. Ўғирлаб олиб кетиш ҳам олдиндан ўйлаб қўйилган. Йилқиларни тўдаси билан ҳайдаб бўлмайди, тарқаб кетишади. Бири ўртада жиловни қўлида тутганича эгарда ўтириб олган, узун жиловлардаги отлар эса иккитаси чап томонида, иккитаси ўнгда борарди. Ортда малла от миниб олган шериги эса қамчи билан тезлаб ҳайдаб, тўхташга йўл қўймасди. Фақат бир маромда, секин ҳам эмас, тез ҳам юришмай кетишарди. Ақл билан, фақат ақл билангина иш юритиш талаб қилинарди…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.