Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 45


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 45 (всего у книги 67 страниц)

Шрифт:
- 100% +

У шу зайлда уйга қайтди. Портфель билан гаплашиш унга жуда ёқиб қолди. У бу суҳбатни давом эттириб, ҳали портфелига номаълум бўлган ўзи ҳақидаги воқеалардан сўзлаб бергиси келиб турганда, унга халақит беришди. Ён томонда отнинг дупур-дупури эшитилиб қолди. Қишлоқ тарафдан бўз отлиқ келарди. Бу – Ўразқул. У ҳам уйга қайтаётибди. Унинг ўзидан бошқа ҳеч кимга минишга рухсат этмайдиган Олабош бўз отига тўй-ҳашамларда уриладиган мис узангили эгар урган, кўкрак қайишлари тортилиб, қўнғироқли попукчалар осилганди.

Ўразқулнинг қалпоғи энсасига сурилиб тушиб, соч қоплаган бир энли қизил паст манглайи очилиб қолган. Иссиқ элитган уни. Туман раҳбарлари киядиган нусхадаги унча келиштириб тикилмаган чий бахмал кителининг тугмалари бошдан охиригача ечилиб кетганди. Оқ кўйлаги камари тагидан чиқиб ётарди. Қорни тўқ, кайфи баланд. Бундан сал олдин меҳмонда ўтириб, қимизга тўйган, бурнидан чиққунча гўшт еган эди.

Ён-атрофидаги чўпонлар ва йилқичилар ёзда яйловга келишлари биланоқ Ўразқулни тез-тез меҳмонга чақиришарди. Унинг эски ошна-оғайнилари бор эди. Лекин бу таклифлар тама билан қилинарди. Ўразқул керакли одам. Айниқса, тоғда яшаб уй қурмоқчи бўлганлар учун у жудаям керак: молни ташлаб бирон ерга кетолмайсан, қурилиш материалларини қаердан қидирасан, биринчи навбатда ўрмонга келишга мажбурсан. Ўразқулнинг кўнглини топсанг, қарабсанки, дарахт кесиш тақиқланган ўрмондан иккита-учта ёғочни танлаб олиб кетасан-да.

Акс ҳолда тоғда бир умр молнинг орқасидан сарсон-саргардон бўлиб юраверасан, уй қуришинг ҳам бир умр чўзилади…

Лоҳас бўлган карахт Ўразқул хром этигининг учини узангига эҳтиётсиз тираб, эгарда мудраб борарди.

Бола қўлидаги портфелини силкитиб рўпарасидан чопқиллаб чиқиб қолганда, бу тасодифдан унинг отдан учиб кетишига сал қолди.

– Ўразқул амаки, портфелимни кўринг! Мен мактабга бораман. Мана менинг портфелим!

– Оббо палакат-э! – Ўразқул сесканиб жиловни тортаркан, койий бошлади.

У болага уйқу аралаш қизарган, шишган, ширакайф кўзларини тикди:

– Нима қилиб юрибсан, қаёқдан келяпсан?

– Уйга кетяпман. Портфелимга қаранг, уни Сейдаҳмадга кўрсатиб келяпман, – деди бола минғирлаб.

– Майли, ўйнайвер, – тўнғиллади Ўразқул ва эгарда омонатгина тебраниб йўлида давом этди. У ўз тақдиридан ранжиб юрган, Худо уни фарзанд доғида куйдириб, бошқаларга сахийлик билан беш-ўнталаб бола бериб қўйган бир пайтда, бу аҳмоқона портфелу ота-онаси ташлаб кетган, хотинига жиян бўлмиш бу бола билан қанчалик иши бор…

Ўразқул пишиллаб, хўрсиниб қўйди. Афсус-надомат ва қаҳру ғазабдан у бўғилиб борарди. У ич-ичидан эзиларди, негаки умри зое ўтяпти, шуларни ўйлаганда, бефарзанд хотинига нисбатан ғазаби қайнаб-тошарди. Бунинг барига ўша лаънати хотини айбдор, мана бир неча йилдирки туғмаяпти…

«Шошмай тур ҳали!» – Ўразқул гўштдор муштларини сиқиб, хаёлан дўқ урди ва ҳўнграб йиғлаб юборишдан ўзини аранг тутиб қолди. У уйга етиши билан хотинини тутиб уришни биларди. Ўразқул маст бўлганда ҳамиша шундай қиларди; бу ҳўкизтабиат эркак ғам ва жаҳлдан ақлини йўқотиб қўярди…

Бола сўқмоқдан изма-из бора туриб, олдинда бирдан Ўразқулнинг ғойиб бўлганига ҳайрон қолди. Ўразқул эса дарё томон бурилиб, отдан тушди-да, жиловни ташлаб, ўсиқ ўтларни босиб-янчганча пастга тушиб кетди. У чайқалиб ва букилиб, юзларини қўллари билан сиққанича бошини елкалари ичига тортиб борарди. Ўразқул қирғоқ бўйида чўнқайиб ўтириб олди. Дарёдан ҳовучлаб сув олиб юзига сепа бошлади.

«Балки, иссиқдан боши оғригандир», – Ўразқулнинг қилаётган ҳаракатидан шундай хулосага келди бола. Ўразқулнинг йиғлаётганини ва ҳеч ўпкасини босиб ололмаётганини у билмасди. У шунинг учун йиғладики, унга пешвоз чиққан бола унинг ўғли эмас, шунинг учун йиғладики, у портфелли бу болага ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўз айтиш учун ўзида куч тополмади.

ИККИНЧИ БОБ

Қоровултоғ чўққисидан ҳаммаёқ яққол кўриниб турарди. Бола қорни билан ётиб олиб дурбинни кўзига тўғрилади. Бу ўткир дашт дурбини эди. Қачонлардир бобога қоровулхонадаги узоқ йиллик хизматлари учун мукофотга беришганди. Чол дурбинни олиб юришни ёқтирмасди. Ўзимнинг кўзларим ундан қолишмайди, дерди. Бироқ дурбин набирасига ёқиб қолди.

Бу сафар у тоғга дурбин ва портфель билан бирга келди. Бошда ҳамма нарса юмалоқ ойначада сакраб аралашиб кетаверди, кейин бирдан тиниқлик ва турғунлик касб этди. Мана шуниси ҳаммасидан завқли эди. Бола топилган фокусни бузиб қўймаслик учун нафасини ичига ютар, манзараларни гўё ўзи яратаётгандек маҳлиё боқарди. Кейин у нигоҳини бошқа нуқтага тикди, яна ҳамма нарса аралашиб кетди, тиниқлик йўқолди. Бола яна окулярни айлантиришга тушди.

Бу ердан атрофдаги ҳамма нарса, ҳатто осмонўпар юксак қорли чўққилар ҳам кўриниб турарди. Улар ҳамма тоғларнинг ортида, ҳамма тоғлардан баланд, бутун ер узра юксакликка бўй чўзганди. Қорли чўққилар пойидаги ўрмонзор тоғлар, пастроқдаги сербарг бутазорлар, юқорида қалин қарағайзорлар билан бурканган тоғлар ҳам кўриниб туради. Кунга қараган Кунгай тоғи ҳам шундай эди; Кунгайнинг пастки томонларида ўтдан бўлак ҳеч нима ўсмасди. Тоғнинг кўлга қараган томонидан янада пастроқ тушилганда нуқул майда тошлар кўчмасига дуч келинарди. Бу кўчмалар водийга қуйилиб тушган, водий эса кўл билан туташиб кетганди. Бу тарафда далалар, боғлар, қишлоқлар ястаниб ётарди… Ям-яшил экинзорларнинг у ер-бу ери сарғиш тус олган, ўрим пайти яқинлашяпти. Йўлларда зиғирдай кўринаётган машиналар худди сичқонлардек ғизиллар, улар орқасидан узун дум – чанг-тўзон кўтариларди. Даланинг аранг кўз илғаб оладиган узоқ чеккасида, қумлоқдан тасма тортган қирғоқ ортида улкан кўл тўқ самовий рангда товланарди. Бу – Иссиқкўл. У ерда сув билан осмон бир-бирига туташиб турарди. Ундан нарида ҳеч нима йўқ. Кўл ҳаракатсиз, шуъладор, кимсасиз. Фақат қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг оппоқ кўпигини аранг илғаб олиш мумкин.

Бола ўша томонга узоқ қараб турди. «Оқ кема ҳали кўринмаяпти, – деди у портфелга. – Кел, яна бир марта мактабимизга қарайлик».

Бу ердан тоғнинг ортидаги қўшни пасттекислик равшан кўринарди. Ҳатто дурбинда уй олдидаги дераза остида ўтириб олиб, қўлда калава йигираётган кампиргача кузатса бўларди.

Жилисой бағри дарахтсиз, фақат онда-сонда қирқилмай қолган, яккамдуккам қарағайлар ўсиб ётарди. Қачонлардир бу ерлар ўрмонзор бўлган. Энди усти шифер билан ёпилган қатор молхоналар турар, катта қорамтир гўнг ва сомон уюмлари кўзга ташланарди. Бу ерда сут фермасининг зотдор бузоқларини сақлашар ва боқишарди. Молхоналардан унча узоқ бўлмаган жойда бир парчагина қишлоқ – чорвадорлар посёлкаси жойлашган. Қишлоқча тепаликдан пастга томон чўзилиб тушган эди. Қишлоқнинг энг чеккасида, кўринишдан турар жойни эслатмайдиган кичкинагина уй турарди. Тўрт йиллик мактаб мана шу эди. Юқори синфларнинг ўқувчилари совхозга, мактаб-интернатга қатнашарди. Бу ерда эса кичкинтойлар ўқишарди.

Бола томоғи оғриганда бобоси билан шу посёлкадаги фельдшер ҳузурига келганди. Энди у кулранг черепица билан ёпилган, ёлғиз трубаси қийшайиб турган, қўлда ясалган тахталавҳада: «Мектеп» деб ёзиб қўйилган кичкинагина мактабга дурбиндан узоқ тикилиб турди. У ўқий олмаса-да, худди шу сўз ёзилганини фараз қилди. Дурбиндан ҳамма майда-чуйда нарсалар аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Девор сувоғига тирнаб ёзилган аллақандай сўзлар ва дераза ромларига елимлаб ёпиштирилган ойналар, айвоннинг ғадир-будур тахталари кўзга чалинарди. У қўлда портфели билан бу ерга келишни ва ҳозир каттакон қулф осиғлиқ турган анови эшик остонасидан қандай ҳатлаб ўтишини тасаввур қилиб кўрди. Ўша эшик орқасида нима бор, нима бўлади?

Бола мактабни томоша қилиб бўлгач, дурбинни яна кўлга тўғрилади. Лекин у ерда ҳамма нарса илгаригидек эди. Оқ кема ҳали кўринганча йўқ. Бола тескари ўгирилди-да, дурбинни бир четга қўйиб, пастга, тоғ тубига қарай бошлади. Пастда, шундоқ тоғнинг тагида чўзинчоқ пастқамлик бўйлаб жўшқин серостона дарё кумушдек товланиб оқарди. Қирғоқдан дарё бўйлаб йўл кетган ва у дарё билан бирга қоя бурилишида кўздан ғойиб бўлади. Рўпарадаги қирғоқ жарлик ва ўрмонзор эди. Нақ тоғлар тепасидаги қорларгача чўзилиб кетувчи ноёб Сан-Тош ўрмонзори мана шу ердан бошланарди. Энг тепада қарағайлар ўсарди. Улар тошлар ва қорлар орасида тоғ тизмаларининг қиррасидаги қорамтир тароқлардек диккайиб турарди.

Бола уйларга, бостирмаларга, қоровулхона ҳовлисидаги қурилишларга масхараомуз қараб чиқди. Улар юқоридан кичкина ва омонат кўринарди, Қоровулхонадан нарироқда, қирғоқ бўйида у ўзининг таниш тошларини топди. «Туя», «бўри», эгар», «танк» – ҳаммаси жойида, уларнинг ҳаммасини биринчи марта дурбинда мана шу ердан – Қоровултоғдан туриб кузатган, ўшанда уларга от қўйганди-да.

Бола мийиғида кулиб ўрнидан турди ва уйлар томонга тош юмалатди. Тош шу ернинг ўзида, тоғнинг устидаёқ қола қолди. Бола яна жойига ўтирди-да, дурбиндан қоровулхонага қарай бошлади. Аввал линзаларнинг каттасидан кичиги томонга тутиб қарай бошлади – уйлар узоқ-узоқларга силжиб, ўйинчоқ қутичаларга айланиб қолди. Харсанглар кичкина тошчалар ҳолига келди. Дарёнинг қирғоққа яқин ердаги саёз жойида бобоси қилган кўлоб эса кулгили, чумчуқнинг инича келарди. Бола бош чайқаб кулимсиради-да, дурбинни тез айлантириб, окулярни тўғрилай бошлади. Унинг улкан шаклга кенгайган суюкли харсанг тошлари дурбиннинг ойналарига манглайини тираб тургандай туюлди. «Туя», «бўри», «эгар», «танк» кемтик-ёриқлари, ён-веридаги сарғайган отқулоқлари билан жуда ҳайбатли ва, энг муҳими, улар ҳақиқатан ҳам бола атаган нарсаларга жуда ўхшарди. «Эҳ, сен қандай зўр «бўри»сан! «Танк»ни қара, даҳшатли!..»

Харсанг тошлар ортидаги саёзликдан бобо кўлоб қилганди. Дурбиндан қирғоқдаги мана шу жой яққол кўриниб турарди. Шитоб билан оққан сув бу ердан, кенг тошлоқ саёзликдан қиялаб ўтар ва тошлар устидан кўпириб ўтардида, яна шиддатли оқимга келиб қўшилиб кетарди. Саёзликдаги сув тиззадан келар, лекин оқими шунчалик кучли эдики, болаларни дарёга оқизиб кетиши ҳеч гап эмасди. Оқим суриб кетмаслиги учун бола қирғоқ бўйидаги толнинг шохини ушлаб оларди. Тол буталари айни қирғоқнинг чеккасида ўсиб чиққан бўлиб, бир шохи ерда, бир шохи сувда, нақ сувга ботиб турарди. Бунинг нимаси чўмилиш? Боғлаб қўйилган отдан фарқи йўқ. Бунинг устига яна қанча дилсиёҳлик, сўкиш эшитишлар! Бувиси бобосига уқтирарди:

«Дарёга оқиб кетса ўзидан кўрсин – қўлимни чўзмайман. Энди шуниси етмай турган эди. Ўз ота-онаси ташлаб кетди. Менга бошқа ташвишлар ҳам етиб ортади, мажолим йўқ».

Унга нима деб бўлади? Кампир бу ҳисобда тўғри гапираётир. Лекин болага ҳам раҳминг келади-да: дарё ёнгинасида, нақ эшигининг остида. Кампир қанча қўрқитмасин, бола барибир сувга тушаверди. Мана шундан кейин Мўмин чол бола бехатар чўмилсин, деб, саёзликда тошлардан кўлоб қилишга қарор қилди.

Мўмин чол оқим юмалатиб кетмаслиги учун қанчадан-қанча катта тошларни танлаб кўтариб келди. Уларни қорнига қўйиб ташиди, тошлар орасидан сувнинг бемалол ўтиб туришини ҳисобга олган ҳолда уларни сувнинг ичида тик туриб, шундай тахлаб тердики, сув ҳақиқатан ҳам бемалол оқадиган бўлди. Сийрак соқолли қотма чол ҳўл иштонлари баданига ёпишган, кулгили ҳолда кун бўйи шу тўсиқ билан овора бўлди. Кечқурун эса зўриқиб йўталди, белини ололмай қолди. Шунда бувиси жавраб берди:

– Кичкина аҳмоқ-ку – ўз оти билан кичкина, катта аҳмоққа ким қўйибди бу ишларни? Намунча жон куйдирмасанг? Едирасан, ичирасан, яна нима керак? Бунча эркалатмасанг. Эҳ, бу яхшиликка олиб бормайди…

Нима бўлмасин, саёзликда ажойиб кўлоб пайдо бўлди. Энди бола ҳеч қўрқмасдан чўмиларди. Шохчадан ушлаганича қирғоқдан пастга тушар ва оқимга ўзини отарди, отганда ҳам ҳамиша сувга кўзини очган бўйи тушарди. Шунинг учун кўзини очиқ тутардики, балиқлар очиқ кўз билан сузиб юради-да. Унинг ғалати орзуси бор: у балиққа айланиб қолишни ва узоқ-узоқларга сузиб кетишни хаёл қиларди.

Бола ҳозир дурбиндан кўлобга қараб туриб, кўйлак-иштонини ечиб, қипяланғоч жунжикиб сувга тушишини тасаввур қилди. Тоғ дарёларининг суви ҳамиша совуқ, энтиктиради, лекин кейин кўникиб қоласан. Толнинг шохчасини ушлаб, оқимга юзи билан отилишини кўз олдига келтирди. Боши узра сув шовуллаганча қўшилиб кетади, қорни остидан, елкалари, оёқлари устидан сув қайнаб оқиб ўтади. Сув остида ташқаридаги ҳамма товушлар тиниб, қулоқларда фақат сувнинг шилдираши қолади. У кўзларини катта-катта очиб, сув остида нимаики кўринса, барига жон-жаҳди билан тикилади. Кўзлари санчиб кетади, оғрийди, лекин у мағрур жилмаяди, ҳатто сувда туриб тилини кўрсатади. Буни у бувисига кўрсатмоқчи. Билиб қўйсин, у ҳеч қаерда ҳам чўкмайди ва ҳеч қаерда ҳеч нимадан қўрқмайди. Кейин у қўлидаги шохчаларни қўйиб юборади, токи у оёқлари билан тўсиқдаги тошларга тиралиб қолмагунга қадар сув уни суриб кетаверади. Шу ерда нафаси ҳам қайтади. У сувдан сапчиб туради, қирғоққа чиқади ва яна тол шохчаси томон чопқиллаб кетади. Бу такрорланаверади. У бобоси ясаган кўлобда кунига юз марта чўмилишга ҳам тайёр. Хуллас, балиққа айланмагунча чўмилаверади. Қандай бўлмасин, унинг балиққа айланиши шарт…

Бола дарё қирғоғини томоша қила туриб, дурбинни ўзларининг ҳовлисига тўғрилади. Товуқлар, курка товуқлар жўжалари билан тўнкага суяб қўйилган болта, тутаб ётган самовар, ҳовлидаги турли-туман нарсалар ақл бовар қилмайдиган даражада катталашиб, шундай яқинга келиб қолдики, бола беихтиёр уларга қўлини чўзди. Шу пайт, фалокат босиб арқонга ёйилган кирни бамайлихотир ямлаётган қўнғир бузоқча дурбинда филдай кўриниб қолди-ю, жон-пони чиқиб кетди. Бузоқча ҳузур қилганидан кўзларини қисиб олган, лабларидан сўлак оқиб турарди – у кампирнинг кўйлагини оғиз тўлдириб чайнашда маза қилаётганди.

– Эҳ, сен жинни! – Бола дурбинни ушлаганча ўрнидан турди ва қўлини силкий бошлади. – Қани йўқол, эшитяпсанми, йўқол нарёққа! Балтек, Балтек! (Кучук объективда уйнинг тагида пинагини бузмай ётарди.) Тишла, тишла уни! – жон аччиғида итга буйруқ қиларди у. Лекин Балтек парво ҳам қилмай, гўё ҳеч нима бўлмагандек сояда чўзилиб ётарди.

Худди шу маҳал уйдан бувиси чиқиб қолди. Нима бўлаётганини кўриб қолган кампир қарс урди. Супургини қўлига олди-да, бузоққа ташланди. Бузоқ қочди, кампир орқасидан қувди. Бола дурбиндан уларга тикилган бўйича тоғдан кўзга ташланиб қолмаслик учун ўтириб олди. Бузоқни қувган кампир аламдан ва югуришдан бўғилиб жавраганча уйга жўнади. Бола уни худди ёнмаён тургандек, ҳатто ёнма-ён турганидан ҳам яқинроқ кўрди. Бола бувисини худди объективда бирор кишини катта қилиб кўрсатгандек равшан кўриб турди. Бола унинг жаҳлдан қисилган сарғиш кўзларини, қат-қат буришган ажинли юзининг қизариб кетганини кўрди. Худди бирдан овози йўқолиб қолган кинодагидек, дурбинда кампирнинг яккам-дуккам тишлари кўриниб, лаблари овозсиз тез-тез қимирлади. Кампирнинг нима деб қичқираётганини узоқдан эшитиб бўлмасди, лекин бола унинг сўзларини худди қулоғи остида жаранглаётгандек аниқ ва баралла эшитарди. Уҳ, кампир уни роса койирди! Бола нима деб қарғаётганини ёддан биларди: «Қани, қараб тур. Қайтиб келарсанку. Додингни бераман. Бобонгга ҳам қарамайман. Неча марта айтдим-а, шу жинниларнинг ўйинчоғини йўқотгин деб. Яна тоққа қочиб кетган. Худо кўтарсин ўша кемангни, ўт тушсин, чўкиб кетсин».

Бола тоғ тепасида оғир хўрсинди. Портфель олган, мактабга қандай отланишни орзу қилиб турган шундай бир кунда бузоқни кўздан қочирса-я…

Кампир жаврашни қўймасди. У койиб туриб, чайнаб ташланган кўйлагига тикилиб қаради. Унинг олдига Гулжамол қизчасини олиб чиқди. Буви унга шикоят қила туриб, тутоқиб кетди. Муштини тугиб тоғ томонга дўлайтирди. Унинг қоқ суяк бўлган жоҳил мушти окуляр олдида узоқдан дағдаға солиб турарди. «Эрмак топдинг ўзингга. Худо кўтарсин кемангни. Ўт тушсин, чўкиб кетсин…»

Ҳовлидаги самовар қайнади. Қопқоқ остидан бурқсиб кўтарилаётган буғ дурбинда кўриниб турарди. Бекей хола самоварни олиб кетгани чиқди. Бувисининг яна жазаваси тутди. Ма, жиянчангнинг қилмишини кўриб қўй дегандек, чайнаб ташланган кўйлагини унинг бурнига тиқди.

Бекей хола уни тинчитмоқчи, юпатмоқчи бўлди. Бола унинг нималар деб таскин бераётганини билиб турарди. Ҳар қачонгидек, бу сафар ҳам шундай деяётгандир: «Хафа бўлманг, энажон. Эси йўқ, гўдак ҳали – нимасидан хафа бўласиз. Бу ерда биронта жўраси йўқ, бир ўзи. Қичқириш, гўдакни қўрқитишдан нима фойда». Бунга бувининг ҳам жавоби шубҳасиз, аниқ: «Сен менга ўргатма. Сен олдин ўзинг туғиб кўр, болаларни тергашни ўшанда биласан. У нима қилиб тоғда санқиб юрибди? Бузоқни арқонлаб қўйишга вақти йўқ. Тоғда у нимага бунча тикилгани-тикилган? Саёқ ота-онасининг йўлигами? Уни туққанлар турли тарафга қочиб кетишди. Сенга яхши-да, бепушт…»

Бола ҳатто шундай узоқ масофадан туриб дурбинда Бекей холанинг ичичига ботган юзларининг қандай оқариб-бўзариб кетганини, бутун вужуди билан титраб-қақшаб ўгай онанинг юзига – бола холасининг қандай жавоб қилишини аниқ биларди – тўрсиллатиб гапириб ташлаганларини билиб турди: «Сен ўзинг жодугар кампир, қанча ўғил-қиз ўстириб қўйдинг? Ўзинг ким бўлибсан?»

Ғалағовур бошланди! Буви жаҳлдан уввос сола бошлади. Гулжамол аёлларни яраштиришга уриниб, бувини қучоқлаб, юпатгани уйга олиб кирмоқчи бўлар, у эса, баттар тутоқиб, ҳовлида жиннилардек у ёқдан-бу ёққа зир югурарди. Бекей хола қайнаб ётган самоварни кўтарганча доғ сувни тўкиб-сочиб, чопган кўйи уйга олиб кириб кетди. Буви эса толиқиб, молларга сув қуйиладиган нов томонга тушиб кетди. У ҳўнграганча йиғлаб ўз тақдиридан қаттиқ куйинарди. Болани унутди, энди яратган парвардигорнинг ўзига, бу фоний дунёнинг бепарволигига ёпишиб кетди. «Ҳали менга осиляпсанми? Сен менинг кимлигимни сўраяпсанми? – буви ўгай қизнинг орқасидан ғазабланарди. – Агар мени Худо жазоламаганда, агар у менинг беш гўдагимни бағримдан юлиб олмаганда, ёлғиз ўғлим ўн саккиз ёшида урушда ўққа учмаганда, чолгинам, меҳрибонгинам Тайғар сурув билан бўронда қотиб қолмаганда, мен сиз, ўрмон одамларининг орасида юрармидим? Мен сенга ўхшайманми, сенга-я, туғмас? Мен қариган чоғимда сенинг жиннисифат отанг Мўмин билан яшаб юрармидим? Қайси айбим-гуноҳларим учун сен мени бунча қийнадинг, лаънати Худо?

Бола кўздан дурбинни олиб, ғамгин бош эгди. «Биз энди уйга қандай қайтамиз? – Секингина портфелга сўз қотди у. – Бунинг ҳаммасига мен сабабчи, жинни бузоқ сабабчи. Яна сен ҳам сабабчисан, дурбин. Оқ кемага қарагани ҳар сафар мени сен чақирасан. Сен ҳам айбдорсан».

Бола атрофга разм солди. Чор атроф тоғ – қоя, ўрмон. Тепаликдан, музлар қўйнидан бошланган ирмоқлар ярқираб жилваланганича оҳиста пастга оқиб тушар ва фақат шу ерга, пастга тушгандан кейингина дарё бўлиб тинимсиз ҳайқириб ётиш учун овоз пайдо қилгандек бўларди. Тоғлар эса улкан ва ниҳоясиз, кўкрак кериб турарди. Бола ўзини шу дақиқаларда бағоят кичик, бағоят ёлғиз, бутунлай унутилган ҳис қиларди. Фақат тоғлар бор унинг ёнида, тоғлар, чор атрофда баланд тоғлар.

Қуёш кўл томонга оға бошлади. Ҳаво унчалик иссиқ эмасди. Шарқ тарафдаги қияликларга биринчи, калта соялар тушди. Қуёш энди тобора пастга йўналаверади, соялар эса пастга, тоғлар пойига чўзилаверади. Одатда, куннинг айни шу маҳалида Иссиқкўлда оқ кема кўринарди.

Бола дурбинни кўзга ташланиб турган ўша энг узоқдаги жойга бурди ва нафасини ютиб кутиб турди. Ана у! Ҳамма нарса бирдан унутилди: у ерда, олдинда. Иссиқкўлнинг кўм-кўк сатҳида оппоқ кема пайдо бўлди. Мана, қалқиб чиқди. Ана у! Трубалари қатор тизилган, ўзи кучли ва чиройли. У худди ип тортиб қўйгандек тўғри ва бир текис сузиб борарди. Бола шоша-пиша дурбин ойналарини кўйлагининг этаклари билан артди-да, яна окулярни тўғрилай бошлади. Кеманинг кўриниши янада тиниқроқ бўла бошлади. Энди унинг тўлқинлараро қандай чайқалиб, қуйруғи ортидан қандай оппоқ кўпикли из қолдириб кетаётганлигини илғаса бўларди. Бола оқ кемадан кўз узмай унга завқ билан тикиларди. Боланинг ихтиёрида бўлганда эди, у сузаётган одамларни кўрмоқ мумкин бўлиши учун оқ кемани яқинроқ сузиб келишга ёлвориб кўндирган бўларди. Лекин кема булардан бехабар эди. У ўз йўлидан, ким билади, аллақаёқдан чиқиб, аллақаёққа, оҳиста ва улуғвор сузиб борарди.

Кеманинг сузиб бориши узоқ вақт кўриниб турди, бола ҳам узоқ вақт балиққа айланиб, дарё бўйлаб унга, оқ кемага қараб сузиб кетиши ҳақида хаёл суриб қолди…

Бола бир куни Қоровултоғдан туриб кўм-кўк Иссиқкўлда оқ кемани биринчи марта кўриб қолганида унинг гўзаллигидан юраги гупириб, дарҳол отасини – иссиқкўллик матросни – худди шу оқ кемада сузаётир, деган қарорга келганди. Бола ўзи бунга ишонар, чунки у шундай бўлишини жуда-жуда истарди.

У на отасини, на онасини эслай оларди. Бола уларни бирон марта ҳам кўрмаган. Уларнинг ҳеч қайси бири уни бирон марта йўқлаб келмаган. Лекин бола биларди: отаси Иссиқкўлда матрос, онаси эса отасидан ажрашганидан сўнг, ўғлини бобода қолдириб, ўзи шаҳарга кетган. Кетгану, шу бўйи ғойиб бўлган. Тоғ ортидаги, кўл ортидаги, яна тағин тоғ ортидаги узоқ шаҳарга кетган.

Мўмин бобо кунлардан бирида ўша шаҳарга картошка сотгани борганди. Роса бир ҳафта йўқ бўлиб кетиб, қайтгач, чой устида Бекей хола билан бувига қизини, яъни боланинг онасини кўрганини гапириб берган. У аллақандай катта фабрикада тўқувчи бўлиб ишлар экан. Унинг янги оиласи – икки қизи бўлиб, уларни болалар боғчасига топширар ва ҳафтада бир мартагина кўрар экан. Катта турар жойда, лекин каталакдек хонада яшашар экан. Ҳовлисида эса худди бозордагидай биров-бировни танимасмиш. Ҳамма уйига кирди дегунча эшигини қулфлаб олармиш. Худди турмадагидай, ҳамиша қамалиб ўтиришармиш. Эри шофёр бўлса керак, автобусда одамларни кўчама-кўча ташиб юраркан. Эрталаб соат тўртда кетиб, кеч қайтаркан. Иши оғир экан, деб ҳикоя қиларди чол. Зор йиғлаб, кечирим сўради. Улар янги квартира олиш учун навбатда туришибди. Қачон олишади – номаълум. Лекин қачон олишса, эри кўнса, ўғлини олиб кетмоқчи. Мендан пича кутиб туришни илтимос қилди. Мўмин бобо унга, ғам емагин, дебди. Энг муҳими – эр билан муроса қилиб яшаш, бошқаси битиб кетаверади. Ўғлининг ҳам кўп ғамини тортмасин. «Токи мен тирик эканман, болани ҳеч кимга бермайман, агар ўлсам – Худо уни ўзи бир йўлга солар, тирик одам ўз тақдирини топиб кетар…»

Чолнинг гапларини эшитган Бекей хола билан буви дарҳол хўрсиниб ва ҳатто баробарига жиндай кўз ёши қилиб олишди.

Худди шу ўтиришда гап айланиб келиб, боланинг отаси ҳақида ҳам сўз очиб қолишди. Бобонинг айтишича, унинг аввалги куёви, боланинг отаси, ҳали ҳам аллақайси кемада матрос бўлиб хизмат қилармиш, унинг ҳам янги оиласи, иккитами, учтами боласи бор эмиш. Пристан яқинида яшармиш. У чамаси ичишни ташлаганмиш. Янги хотини ҳар сафар болалари билан уни қарши олгани пристанга чиқармиш. «Бундан чиқди, – ўйлади бола, – улар мана шу кемани – унинг кемасини қарши олишар экан-да…»

Кема секин узоқлашиб борарди. Трубасидан тутун бурқситиб, кўлнинг кўмкўк силлиқ сатҳида сузиб бораётган бу оппоқ ва узун кема, балиққа айланган боланинг ўзи томон сузиб келаётганини билмасди.

У шундай балиққа айланиб қолишни орзу қилардики, балиқнинг ҳамма жойи – танаси, думи, сузгич қанотлари, тангачалари унга ўтса-ю, фақат ингичка бўйинли, шалпанг қулоқли, тирналган бурунли боши ўзида қолса бас. Кўзлари ҳам ўзича қолсин. Лекин худди ҳозиргидай эмас, чин балиқлардай кўрадиган бўлишсин.

Боланинг киприклари худди бузоқникига ўхшаш узун-узун бўлиб, ҳамиша ўзидан-ўзи нимагадир пирпираб турарди. Гулжамол, қизимнинг ҳам киприклари шундай бўлгандами, қандай чиройли бўларди! – дейди. Чиройли бўлишнинг нима кераги бор? Шахсан унга чиройли кўзларнинг кераги йўқ, унга сув остида кўра оладиган кўзлар керак.

Бобо ясаган кўлобга келганда у балиққа айланади. Бир қарабсизки – у балиқ-да. Сўнгра кўлобдан дарёга, нақ пишқириб шиддат билан оқаётган дарёга сакраб ўтарди ва оқим бўйлаб сув остига шўнғиб кетарди. Кейин ҳам шу тарзда сакраб-сакраб атрофга назар ташлаб боради, қизиғи йўқ жойларда фақат сув остида сузарди. У жўшқин дарё оқимида қизил тупроқли катта жарлик бўйидан, дарё остоналари ва тўлқинларидан, тоғлар ва ўрмонлар ёнидан оқиб ўтади. У ўзининг суюкли харсанг тошлари билан хайрлашади: Хайр, «чўкиб ётган туя», хайр, «бўри», хайр, «эгар», хайр, «танк». Қоровулхона ёнидан сузиб ўтаётганда эса сувдан сакраб чиқиб, сузгич қанотларини бобосига силкитади: «Хайр, бобо, мен тезда қайтаман». Бобо шунда ҳайратдан довдираб, нима қилишини билмай қотиб қолармиди? Буви, Бекей хола, Гулжамол қизчаси билан – ҳаммаси оғзини очиб қолармиди? Қаерда ким кўрибди – калласи одаму, танаси балиқни?

Бола эса уларга сузгич қанотларини силкиб қўярди: «Хайр, мен Иссиқкўлга, оқ кемага сузиб бораман. У ерда менинг матрос дадам бор». Балтек, эҳтимол, қирғоқ бўйлаб чопса керак. Ит умрида бунақа ҳодисани кўрмаганда, ахир. Агар Балтек у томонга сувга ўзини ташлагудай бўлса, у қичқиради: «Қайт, Балтек, қайт. Чўкиб кетасан!» – ўзи эса сузиб кетаверади. Осма кўприкнинг сим арқони остидан, кейин тўқайлар ёнидан, сўнг гумбурлаб турган дарадан ўтиб, тўғри Иссиқкўлга сузиб боради.

Иссиқкўл деганлари – бу бутун бир денгиз. У Иссиқкўл тўлқинларида сузиб юради, тўлқиндан тўлқинга кўчади ва шунда оқ кеманинг қаршисидан чиқиб қолади. «Салом, оқ кема, бу менман! – дейди у пароходга. – Дурбиндан ҳар доим сенга қараган менман». Кемадаги одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб, мўъжизани кўргани югуришади. Шунда у ўзининг матрос отасига сўз қотади. «Салом, дада, мен сизнинг ўғлингизман. Мен сизнинг олдингизга сузиб келдим». – «Сен қанақа ўғилсан? Сен ярим балиқ, ярим одамсан-ку!» – «Сиз мени ўз олдингизга, кемага чиқариб олинг, мен шунда сизнинг ўғлингиз бўлиб қоламан». «Вой, тавба. Қани, кўрайлик-чи». Отаси тўр ташлаб уни сувдан палубага тортиб олади. Шунда у ўз аслига қайтади. Кейин-чи, кейин…

Кейин оқ пароход ўз йўлида сузиб кетаверади. Бола отасига ҳамма нарса ҳақида, бутун ҳаёти давомида нимаики билган бўлса ҳикоя қилиб беради. Ўзи яшаб турган тоғлар ҳақида, ўша харсанг тошлар ҳақида, дарё ва ноёб ўрмон ҳақида, балиқлардай кўзи очиқ сузишни ўрганган ери – бобосининг кўлоби ҳақида сўзлайди.

Мўмин бобосиникида қандай яшаётганлигини ҳам айтиб беради, албатта. Бу одамни Мўмин чаққон деб аташса ҳам, унинг ёмон одам эмаслигини отаси билиб қўйсин. Бунақа бобо ҳеч жойда йўқ, боболарнинг энг яхшиси. Унинг ҳеч шумлиги йўқ, шунинг учун ҳамма ундан кулиб юради. Бировга ҳеч ёмонликни раво кўрмайди. Ўразқул амаки эса чолга ҳадеб тирғилаверади! Баъзан одамларнинг олдида ҳам бобога қичқираверади. Бобо эса гапига боплаб жавоб қилиш ўрнига, Ўразқул амакини кечиргани-кечирган ва ҳатто унинг ўрнига ўрмон хўжалиги ишларини ҳам ўзи бошқаради. Фақат шугина дейсизми? Ўразқул маст-аласт бўлиб келганда, унинг ҳаёсиз кўзларига тупуриш ўрнига, унга пешвоз чиқиб, отдан тушириб қўяди, уйга суяб киради, каравотга ётқизиб қўяди, совуқ емасин, боши оғримасин, деб устига пўстин ташлайди, отининг эса эгарини олади, ювиб тарайди, ем беради. Ҳаммасига сабаб – Бекей холанинг туғмаслиги. Нега шундай, дада? Истасанг туққин, истамасанг кераги йўқ, деб қўя қолса бўлмайдими? Ўразқул амаки Бекей холани урганда бобога раҳминг келади. Бобонинг ўзини урса енгил бўларди. Бекей хола қичқирганда у бирам қийналадики. Қўлидан нима ҳам келарди? Қизининг орасига тушгиси келади-ю, лекин буви бунга йўл қўймайди. «Аралашма, – дейди у, – ўзлари муросага келади. Сен чолга ким қўйибди. Хотин сеники эмас, жойингда ўтир». «Ахир, у менинг қизим-ку!» – деса, буви: «Хўш, уйинг уйига туташ бўлмай, узоқда яшаганингда нима қилардинг? Ҳар сафар от чоптириб бориб ажратиб келармидинг? Шундан кейин ким сенинг қизингни хотин қиларди?» – дейди.

Мен айтаётган буви – бу илгаригиси эмас. Сиз уни, дада, балки билмассиз ҳам. Бу бошқа буви. Ўз туғишган бувим ёшлигимда вафот этган. Бу буви бўлса кейин келган. Бизнинг ҳаволарга сира тушуниб бўлмайди – бир қарасанг очиқ, бир қарасанг булутли, бир қарасанг ёмғир аралаш дўл. Буви ҳам худди шундай, тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг меҳрибон, бир қарасанг бераҳм, ҳеч тушунолмайсан. Жаҳли чиққанда – нақ еб қўяди. Биз бобом билан жим бўламиз. Буви: «Бегонани қанча едирма, қанча ичирма, ундан яхшилик кўрмайсан», – дейди. Мен, ахир бу ерда ўгай эмасман-ку, дада. Мен ҳамиша бобом билан бирга яшаб келдим. Унинг ўзи ўгай бу ерда, у бизга кейин келиб қўшилди. Энди эса мени ўгай дейди.

Қишда биз томонда қор мени кўмай дейди. Эҳ, қор уюлиб кетади! Агар ўрмонга бориш керак бўлса, фақат бўз от Олабошдагина бориб бўлади, у кўкраги билан қор уюмини суриб кетади. Шамоллар ҳам шундай зўраядики, оёғингда туролмайсан. Кўлда тўлқинлар кўтарилиб қолса, кемани ёнғоқ пўчоғидек ўйнатса, билингки, бизнинг Сан-Тош шамоли кўлни чайқалтиряпти. Бобом ҳикоя қилгандилар, жуда қадим замонда душман лашкарлари бизнинг ўша ерларимизни босиб олгани юриш қилибди. Ана шунда бизнинг Сан-Тошдан шундай шамол турибдики, душманлар эгарда ўтиролмай қолишибди. Отлардан тушишибди, лекин пиёда ҳам юришолмабди. Шамол уларнинг юзини қонга белабди. Шунда улар шамолга орқа ўгиришибди, шамол эса уларнинг елкаларига урилиб, қайрилиб қарашига имкон бермабди, тўхтагани қўймабди ва уларни битта қўймай Иссиқкўлдан ҳайдабди. Мана қандай бўлган. Биз ана шу шамолда яшаяпмиз! У биздан бошланади. Бутун қиш бўйи ўрмон дарё ортида шамолдан ғичирлаб, инграб чиқади. Ҳатто ваҳимали бўлади.

Қишда ўрмонда иш унчалик кўп эмас. Қишда биз томонлар одамсиз ҳувиллаб қолади – ёзда кўчманчилар келадиган маҳалларга сира ўхшамайди. Ёзда катта яйловда оқшомлари сурув ёки йилқи уюрлари билан одамларнинг қўнишини жуда яхши кўраман. Тўғри, улар эрталаб тоққа жўнаб кетишади, лекин барибир уларнинг келиши яхши. Уларнинг болалари ва хотинлари юк машиналарида келишади. Юк машиналарида ўтовларни ва бошқа турли-туман нарсаларни олиб юришади. Улар сал-пал жойлашиб олишгач, биз бобом билан сўрашгани борамиз. Ҳаммалари билан қўл бериб кўришамиз. Мен ҳам. Бобом, кичиклар ўзларидан катталарга доим биринчи бўлиб қўл узатишлари керак, дейди. Кимки қўл узатмаса, у одамларни ҳурмат қилмаган бўлади. Кейин, бобом еттининг бири авлиё бўлиб чиқиши ҳам мумкин, дейди. Авлиё – бу жуда хушфеъл ва ақлли одам. Кимки у билан қўл бериб кўришишга муяссар бўлса, бир умр бахтиёр бўлади. Мен, шундай экан, нега у ўзининг авлиё эканлигини айта қолмайди, биз ҳаммамиз у билан қўл бериб кўришган бўлардик, десам, бобом кулади: ҳамма гап шунда-да, дейди у, авлиё ўзининг авлиёлигини билмайди – у оддий одам. Фақат қароқчигина ўзининг қароқчилигини билади. Булар менга унча тушунарли эмас, лекин бир оз уялинқирасам ҳам, мен ҳамиша одамлар билан қўл бериб кўришавераман.

Бобом билан бирга яйловга келганимда эса уялмайман.

«Ота-боболарингизнинг ёзги қўноғига хуш келибсизлар! Молу жон соғ-саломатми, бола-чақа омон-эсонми?» – бобом ана шундай сўрашади. Мен эса фақат қўл чўзиб кўришиб қўя қоламан. Бобомни ҳамма билади, бобом ҳам ҳаммани билади. Унга яхши. Унинг ўз суҳбат мавзуси бор, у кўчманчиларнинг ҳолаҳволини сўрайди ва ўзи биз қандай яшаётганлигимизни гапириб беради. Мен эса болалар билан нимани гаплашишни билмайман. Кейинчалик биз бекинмачоқ, уруш-уруш ўйнаб кетамиз ва ўйинга шундай берилиб кетамизки, кетгим келмай қолади. Қани энди ҳамиша ёз бўлса, ҳамиша болалар билан ўтлоқда ўйнаб юрсанг!


  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации