Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 56 (всего у книги 67 страниц)
– Нима бўлди? Сенга нима бўлди? – унга яқинлашди Султонмурот.
– Ҳеч нарса, – деди у йиғламсираб.
Султонмурот қайта суриштириб ўтирмади. Яқинда Нурғози тоғаси келганида Ажимуротнинг йиғлаганини эслаб, дарров тушунди. Болакай отасини соғиниб йиғлаяпти. Тулки ва тулки тумоқ бунга бир туртки бўлди, холос…
Султонмурот укасига қандай ёрдам беришни билмасди. Унинг ўзи ҳам маъюс тортиб қолди. Укасига меҳр-шафқат ҳамда изтироб билан яқинлашаркан, у қалбидаги ноёб туйғуларини унга айтишга қарор қилди.
– Йиғлама, Ажике, – деди унинг ёнига ўтираркан. – Йиғламагин. Биласанми, отам қайтиб келгач, мен уйланмоқчиман.
Ажимурот йиғидан тўхтаб унга ҳайратланиб тикилиб қолди:
– Уйланаман?
– Ҳа, агар сен бир ишда менга ёрдам берсанг.
– Қанақа иш? – дарров қизиқсинди Ажимурот.
– Фақат бировга чурқ этиб оғиз очмайсан!
– Ҳеч кимга! Ҳеч кимга айтмайман!
Энди Султонмурот иккилана бошлади. Айтсинми ё айтмасинми?.. У ўзини йўқотиб, ўйланиб қолди. Ажимурот эса тиқилинч қила бошлади:
– Қани айт-чи, қанақа иш? Айта қол, Султон. Чин сўзим, ҳеч кимга оғиз оча кўрмайман.
Султонмурот терга ботганча укасининг юзига қарамай, қийналиб шундай деди:
– Мактабга, хатни бир қизга элтиб бериш керак.
– Хат қани, қанақа хат ўзи? – Ажимурот дарҳол акасига яқин сурилди.
– Кейин кўрсатаман. Хат бу ерда эмас.
– Қаерда?
– Қаерда бўлса ўша ерда. Кейин кўрасан.
– Кимга, қайси қизга?
– Уни биласан. Кейин айтаман.
– Ҳозир айта қол!
– Йўқ, кейин.
Ажимурот тиқилинч қилиб туриб олди. Уни тинчитиб бўлмасди. Султонмурот оғир хўрсиниб дудуқланганча айтишга мажбур бўлди:
– Бу… бу… хатни Мирзагулга обориб берасан.
– Қайси Мирзагулга? Ўзларингнинг синфларингдаги қизгами?
– Ҳа.
– Ур-эй! – қувонганиданми ё шўхлиги тутибми, бақириб юборди укаси. – Мен уни танийман, у ўзини жуда гўзал ҳисоблаб юради! Ўзидан паст синфдагилар билан гаплашгиси келмайди!
– Нега бақирасан? – аччиқланди Султонмурот.
– Хўп, хўп! Бақирмайман! Сен уни яхши кўрасанми? Худди Ойчурек ва Семетей99
Ойчурек ва Семетей – «Манас» эпоси қаҳрамонлари.
[Закрыть]мисанлар, шунақами?
– Жим бўл! – бақирди Султонмурот.
– Нима қипти? Гапириб бўлмайдими? – унинг жиғига тегарди Ажимурот.
– Бор, бор, бақиравер, ҳув тоғларга чиқиб олгину, бутун дунёга жар сол!
– Чиқиб жар соламан! Сен ўша Мирзагулни севасан! Биламан! Биламан! Севасан…
Укасининг сурбетлиги акасининг жаҳлини чиқариб юборди. Султонмурот унинг орқасига яхшигина тушириб қолди. Укаси дарров букчайиб олганча бутун дарани бошига кўтариб йиғлай бошлади:
– Отам фронтдалигида мени уряпсанми? Шошмай тур! Шошмай тур! Ҳали жавобини берасан! – У бор овози билан бақириб йиғлай бошлади.
Энди уни юпатиш керак эди. Дардисар-ей! Улар ярашиб олишгач, Ажимурот ҳамон энтикиб, хўрсиниб, мушти билан юзидаги ёшларини арта-арта деди:
– Қўрқма, ҳеч кимга, ҳатто онамга ҳам айтмайман. Ўзинг-ку, дарров уришга тушдинг… Хатни обориб бераман. Энди айтмоқчи бўлиб турувдиму уриб қолдинг-да… Бир четга чақириб, танаффусда бераман. Сен эса бунинг эвазига отам фронтдан қайтиб станцияга келганида, ҳамма уни кутиб олишга шошилганида, мени ҳам бирга олиб борасан. Иккаламиз Чопдорга миниб, уни елдирганча ҳаммадан олдин етиб борамиз. Сену мен. Чопдор ахир сеники-ку энди. Сен олдинда, мен орқангга мингашиб чоптириб кетамиз. Чопдорни дарров отамизга бериб, ўзимиз ёнма-ён югурамиз, онам, бошқа ҳамма одамлар эса бизни кутгани пешвоз чиқишади…
Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига роса афсусланди.
– Хўп, Ажике, йиғлама энди… Икковимиз Чопдорда чопиб борамиз, фақат отамиз омон қайтса бўлгани…
Ўрилган ҳамма кўрайни тўплаб боғлаганларида учта каттагина боғлам бўлди. Султонмурот ўтинни боғлашга уста эди. Аввалига уюмлар уларнинг кўзига худди тоғдай салобатли кўриниб, ҳатто олиб кетолмаймиз, деб ҳам қўрқишганди. Кейин эса арқон усталик билан ишга солингач, уюм аввалгисидан уч марта кичрайди. Яхши тортилган боғлам елкада маҳкам ва текис туради, олиб кетиш ҳам қулай. Бунисини улар иккита боғлам қилишди. Ахир Қораёлни мана шунинг учун ҳам олиб келишган-да. Битта қўшимча боғламни Султонмурот ўзи кўтариб кетмоқчи бўлди. Йўл узоқ эди, аммо уйга бир йўла кўпроқ ўтин олиб борган яхши. Шундай кўрайни қолдириб кетиб ҳам бўлмайди. Туюқжар дарасидан антиқа шох-шабба йиғишди-да, ўзлариям.
Қораёлнинг устига ўтинни шундай ортишдики, қулоғиям, думи ҳам кўринмай қолди. Ажимурот тизгиндан тутиб етаклади. Унинг ортидан Султонмурот ўтин боғламининг оғирлигидан эгилиб изма-из жўнади. Боғлам елкага алоҳида усулда: арқон чап қўлтиқдан туширилиб кўкраги орқали ўнг елкага тортиб ўтказилган, гарданнинг ўнг томонидан арқонга илмоқ солиниб боғланган бўлиши ва юк ташувчи илмоқнинг учидан ушлаб олиши керак эди. Бундай ҳолда ўтинни кўтариб бораётган одам боғлам тугунининг бўшаб қолган жойини йўл-йўлакай тортиб олиши мумкин.
Улар шундай, олдинда Қораёлнинг тизгинидан тутиб олган Ажимурот, орқада елкасида юки билан Султонмурот, уларнинг ортидан эса ҳолдан тойиб судралганча Оқтош келарди.
Кўрай олиб кетаётганда узоқ вақт дам олмай юриш керак. Биринчи довондан ўтгач, босиб ўтиладиган йўлларнинг оралиғи қисқаради, иккинчи довон биринчисининг ярмига, учинчиси иккинчисининг ярмига камайиб бораверади. Султонмурот буни яхши биларди, шунинг учун ҳам кучини тежаб бир маромда, оёқларини кенг ёйиб қадам босарди. Энди у атрофда ҳеч нимани кўрмас, фақат олдинга, оёқлари остига қараб борарди. Боғламни кўтариб кетаётганингда узоқ вақт чарчаб қолмаслик ва тез-тез дам олмаслик учун, яхшиси, бирор нарса ҳақида ўйлаш керак.
У эртага эрталабдан отхонага қандай бориши ва яна десант командири вазифаларини бажаришга киришиши ҳақида ўйлаб борарди. Шошилиш керак. Оқсойга жўнаш учун саноқли кунлар қолди. Яхшилаб парваришланган отлар қадларини анча тутиб олишди. Плуглар ҳам, унинг захира қисмлари ҳам, эгару жабдуқлар шай қилиб қўйилдию, аммо барибир, далага чиқиш биланоқ нимадир етишмаслиги аниқланади, мири кам дунё деганлар. Бу бригадир Чекишнинг сўзлари эди. У шундоқ деганди: кўз – қўрқоқ, қўл – ботир, далага қўрқмай чиқиш керак, иш давомида қолганлари аниқланаверади, ҳаммаси бирдан бўлмайди-ку ахир.
Султонмурот қандай қилиб онасининг меҳнатини енгиллатишни ўйларди. Онасининг жудаям тинка-мадори қуриди. Фермада сигир соғади, молларга қарайди, яна уйда тиним йўқ. Ҳаммасига балогардон ўзи. Пишир-куйдир, кир юв… Қизлари бўлса ҳали ёш, Ажимуротнинг ҳам ҳали қўлидан бир иш келмайди. Ўзи бўлса оилага бегонадай бўлиб қолган, бугун-эрта Оқсойга жўнайди, ким билсин, шу билан қачон қайтади. Қанча ерни ҳайдаб шудгор қилиш, бороналаш керак… Унда эса бор-йўғи бешта улов бор. Қолган от-улов ва плугларнинг ҳаммаси эски ерларда ишлатилади. У ерларда иш яна ҳам кўпроқ. Бироқ бу ерлар ҳарҳолда овулга яқин. Бирор нима бўлса, хотинлар чопиққа тушишади. Эркаклар қиладиган иш аёллар зиммасига тушган. Энди улар бел баравар ариқлар қазишяпти, далаларга сув тарашяпти, тўғонлар қуришяпти…
Нима қилиб, қандай қилиб онасининг юмушини енгиллатса экан-а? Ўйлаб ўйнинг охирига етолмасди…
Аммо ҳаммадан кўра у эртага хатни бериши ҳақида, фақат «Оқ кабутар» қўшиғи сўзларини қўшиб қўйиши кераклиги тўғрисида ўйларди. Мирзагул унинг хатини ўқиётгани, ўқиб нималарни ўйлаётганини тасаввур қилишга уринди. Эҳ, севги ҳақида хат ёзиш шундай қийин эканки! Нимани изҳор этишни истаган бўлсанг тамом акси бўлиб чиқар экан. Ҳеч қандай қоғоз юракдаги туйғуларни ўзига сингдиролмас экан. Қизиқ, нима дер экан у? У ҳам жавоб хати ёзиши керак. Бошқа нима ҳам қиларди? Қиз унинг севгисига қандай қараркин? Унинг рози ёки норози эканлигини Султонмурот қаёқдан билсайкин? Ҳамма гап шунда. Агар қиз унинг севгисини рад этса нима бўлади?.. Унда нима қилади?..
Туюқжар аллақачон ортда қолиб кетди. Ботаётган қуёш энди унинг фақат бир томонидагина нур сочиб турарди. Замин ҳамон ўша қиш сукунати ва салобатини сақлаб ётарди. Одатда бўрон олдидан бор нарсани қўпориб парчалаб ташлаш учун шундай сокинлик, осойишталик ҳукм суради. Бунақа пайтларда ёвуз кучларни қайтариш учун «Яхшиликка кўринсин!» деб қўйиш керак. Бу баъзида ёрдам беради. «Яхшиликка кўринсин!» – деб қўйди ичида Султонмурот олдинги биринчи манзил учун қулай жойни кўздан кечираркан.
Шундай жой танлаш керакки, сўнгра қийналмай оёққа туриш керак бўлсин. Кўрай олиб кетаётган одам аввал боғламга елкасини қўйиб тебранганча туришга чоғланади, чоғланганда ҳам боғлам билан биргаликда тебраниб секин орқалаб олади. Агар ортиқча куч билан турмоқчи бўлса, боғлам боши устига сурилиб кетиб бақадай ялпайиб қолиши мумкин: тебрана туриб тиззалаш керак, кейин оёққа туриб олгач, «Ё пирим!» деб, иложи борича қад ростлаб олинади. Аввал яхшилаб нафас олиш керак бўлади.
Султонмурот боғлам устида чалқанча ётиб, бир дақиқа кўзларини юмди. Эҳ, арқонни кўкракка ташлаб ётиш қандай яхшия! У кейинги манзил қаерда бўлишини чамалаганча оғир йўл азобидан кейин маза қилиб чалқанчасига чўзилган эди. Шундай ҳолда қандай қилиб фақат қизни ўйлай оляпти-я?
– Фақат жавобни кечиктирмай ёзгин, эшитяпсанми? – унсиз пичирлади ўзўзича жилмайганча. Сўнг атрофга қулоқ тутди.
Ғира-шира қоронғилик чўкаётган бу оқшомда атроф улуғвор ва ажиб бир сукунат қўйнида эди.
ЕТТИНЧИ БОБ
Шундай кунлар яқинлашмоқда эди…
Маст уйқуга кетгунга қадар уззу-кун тўлқинланиб, орзиқиб Мирзагулнинг жавоб хатини кутиш ҳисси уни тарк этмади… У нима билан машғул бўлмасин, нима ишга тутинмасин, шу ҳақда тинимсиз ўйларди. У жон-жаҳди билан ишлар, десантига топшириқлар берар, хаёлида эса Ажимуротнинг мактабда отхона томон елиб учишини орзиқиб кутилган жавоб мактубини олиб келишини кутарди. Ҳатто Ажимурот иккови келишиб олган ҳам эдилар. Агар Мирзагул жавоб берган бўлса, Ажимурот сакраб-сакраб югуриши, қўлларини силкитиб ҳаккалаши, агар жавоб бермаса, қўллари шими чўнтакларида, югурмай, аста қадам ташлаб келиши керак эди.
Султонмурот ҳадеб йўлга қарайверарди. Бироқ укаси ҳар куни қўлларини чўнтакларига солинтирганча келарди. Султонмурот тушунолмай, изтироб чека бошлади. Унинг тоқати тоқ бўлганди. Дастлаб учрашганда қиз укасига нима деганини, қизнинг ёнига қандай яқинлашгани ва улар нимани гаплашганликларини билиш учун у Ажимуротдан ижикилаб қайта-қайта сўраб-суриштираверарди. Уйга укаси аллақачон ухлаб қолган пайтда келарди. Унинг яна нималарнидир сўрагиси келарди. Бироқ суриштиришнинг ҳожати ҳам қолмаган эди. Ажимуротнинг айтишича, бу бадфеъл Мирзагул бекач танаффус пайтлари умуман у билан гаплашмас, ўзини ҳеч нарса билмагандай тутаркан. Гўёки ҳеч қанақа хат олмаганга ўхшаркан. Танаффус пайтлари дугоналари билан жўрттага гаплашиб турар, Ажимуротни эса ўзи сўраб, қўлларидан тортмагунча пайқамас ҳам экан.
Буларнинг сабабини Султонмурот ҳеч тушуниб етолмасди. Мирзагул, агар у билан ҳеч қандай муносабатда бўлиш истаги бўлмаса, нега жавоб бермайди, нега буни очиқ айтмайди? Нега индамайди, наҳотки жавоб кутиш қанчалик азоб ва оғир эканлигига ақли етмаса?
У шундай ўйлар билан ухлаб қолар, эрталаб эса яна шу ҳақда ўйлай бошларди. Вақт ҳам тугаб борарди. Мана, музлар эриб, ер эркин нафас оладиган, далада биринчи жўяк тортиладиган пайтлар келиб қолди, сен бўлсанг ҳаммасига улгуришинг керак.
Бир куни Султонмурот укасига деди:
– Мени яқинда Оқсойга, узоқ вақтга кетади, деб айт.
Жавоб қисқа бўлибди…
«Биламан», – дебди, холос.
Ўйлайвериб унинг боши қотиб қолди. Гоҳо мактабга чопиб боргиси, танаффус бўлишини кутиб туриб, уни тутиб олиб барини ўзи сўраб билгиси келар эди-ю, бироқ иккиланарди. Илгари жуда оддий бўлиб туюлган нарсалар энди машаққатли эди. Қўрқув, журъатсизлик, уят ва иккиланишдан худди тоғу тошдаги ўзгарувчан ҳаво каби унинг юрагини ларзага келтирар эди…
Ишни ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Иш дегани тиқилиб кетди. Десант командири бўлиш осон эмас экан. Эрта тонгдан кечгача, қўли бўшамайди. Оқсойга кетиш муддати яқинлашган сари баттар ташвишлар кўпаяверди.
Кириб келаётган баҳор ташвишларни кўпайтирибгина қолмай, уларнинг турмушларини яшнатиб юборди. Сой бўйи баҳор янглиғ кенгайиб, хушнуд бўлиб кетди. Муз гўё тутун каби ғойиб бўлди. Музлардан халос бўлган сойдаги сув янада жонланиб шовуллаганча тошлар устидан чопа кетди. Тез оқаётган зангори сув остидаги ҳар бир майда тошлар нур ва сояда жилваланарди. Отлар энди туёқларидан қатра-қатра сув томчиларини сачратиб пишқирганларича сой ўртасигача йўрғалашиб боришарди. Болалар ҳам отларига минишиб, тўдага қўшилишарди. Кулгилар, муздай сувнинг сачрашидан қий-чув, тўполон авжига чиқарди.
Худди шу пайтда Султонмурот сув бўйида тураркан, қизга кўзи тушиб қолди. Сойнинг кечувида уни кўрдию, жойида қотди. Нега ўзини йўқотиб қўйгандай бўлди-я? Мирзагул ёлғиз эмасди. Улар, қизлар тўртта эдилар. Улар мактабдан қайтишмоқда эдилар. Уларни кўрмай қолиши ҳам мумкин эди… Озмунча одам кечувдан ўтмайди дейсизми. Бир омади келиб қолди! Дафъатан кўрди-ю, жойида қотди. Кўрган заҳоти қизни таниди-ю, Чопдорнинг тизгинидан тутганича қотиб қолди. Сойнинг саёз жойидан қулочини ёзиб мувозанат сақлаб ўтар экан, қиз ҳам Султонмуротни кўрди, қирғоққа чиқиб тўхтаб, у томонга нигоҳ ташлади. Дугоналари билан кетаётиб ҳам бир неча бор орқасига қараб қўйди. Ҳар гал Мирзагул у томонга ўгирилиб қараганда Султонмурот ўз бахтига пешвоз югургиси, бир йўла, очиқ-ойдин, талмовсирамай уни қанчалик севишини айтишга тайёр эди. Усиз яшай олмаслигини айтгиси келарди. Аммо қиз ҳар ўгирилганда журъати етмай, жойида қотиб тураверарди. Мирзагул дугоналари билан Оролкўча бошида ғойиб бўлган бўлса ҳам у ҳамон Чопдорни кечувда тутиб турар, бошқа отлар эса аллақачон сув ичиб бўлишиб қирғоққа чиқишган эди. Болалар отхонага жўнаш учун отларни бир жойга тўплашди, у бўлса ҳамон гўё Чопдорни суғораётгандай жойидан қўзғалмасди…
Кейинроқ эса бу ҳақда ўйлаб ажабланди, илгарироқ уни шу ерда, мактабдан келаётганида кутиб туриш мумкин эканлигига ақли етмаганлиги учун ўзини койиди. Ҳа, ўша ерда сойнинг кечувида иттифоқо уни учратиб қолиши мумкин эди-ку ахир. Нега аввалроқ бу фикр калласига келмадийкин? Албатта, энди ўзи ҳаракат қилмоғи, қизни учратиб, мактуби хусусида қандай фикрда эканлигини билмоғи керак.
Агар у десант отларини суғоришга одатдагидан бироз кечроқ ҳайдаса, шундай учрашув Худонинг берган куни такрорланишини у кейин билди. Ҳар сафар улар отларни кечувдан ҳайдаб кетишлари биланоқ шу ерда Мирзагулнинг пайдо бўлиши, ўзининг эса мана шу оддий нарсани пайқамаганлигини ҳис қилиши Султонмуротга жуда ҳам алам қилди. Ҳаммаси шундоқ жўнгина экану, у бўлса изтироб чекиб, қийналиб юрибди.
Энди у қизни кутиб туришга қатъий қарор қилди. Эртасига Султонмурот кечувда атайлаб ушланиб, болаларга тезда қайтишини, Чопдорни яхшилаб чоптиражагини айтиб, болалардан отларни суғориб қайтгач, унинг ҳам отларини жойига боғлаб, ем солиб қўйишларини илтимос қилди.
Яна Онатой орага суқилди.
– Кимни кутаётганингни биламан, – деди у сурбетларча.
Одам ҳам шундай бўладими?
Султонмурот ҳам тезлик қилди. «Билсанг билибсан-да, нима бўпти?» – деб жимгина тинчитиб қўйиш ўрнига Онатойга ўшқирди:
– Сен фашист жосусисан!
– Ким жосус? Мен-а?
– Ҳа, сен!
– Қани исботла! Агар мен жосус бўлсам, майли, трибунал отиб ташласин! Ёлғон бўлсами, тумшуғингга тушираман.
Улар бир-бирларига ўдағайлашиб, отларини чучулаб ниқташиб, бирбирларини суришганча сой ўртасида гир айлана бошлашди. Бир-бирларига бақиришиб, ғазаб билан ҳезланиб, бир-бирини от устидан итармоқчи бўлишарди. Қирғоқда болалар кулишар, уларни масхара қилиб, гиж-гижлардилар, улар эса ҳамон иккита хўроздай чинакамига чўқишарди. Атрофга сув сачраб, отлар сойда тақаларини ғижирлатганча тошга қоқила бошладилар. Шунда Эркинбек бақирди:
– Ҳей, отларни майиб қиласанлар!
Улар тезда ўзларига келишди, ҳатто баҳона топилганига суюнишиб, индамай бир-бирларидан нари кетдилар.
Бироқ барибир кайфияти бузилганди. Болалар отларни отхонага ҳайдаб кетганларидан сўнг ҳам Султонмурот зўрға ҳарсиллаб нафас оларди. Ўзини бироз овутиш учун йўлдан кўзини узмай сой бўйлаб отини йўрттириб кетди. Унча олислаб кетмасдан орқасига ўгирилиб қаради-ю, қизни кўриб қолди. Мирзагул худди кечагидай дугоналари билан келмоқда эди. Улар ўзлари билан ўзлари овора, кимдир улардан бирини деб муштлашишига сал қолгани, изтироб чекаётгани, ғам-ғуссага ботиб юргани билан ишлари йўқ эди. Яқинда Султонмуротнинг онаси ўғлига қараб қўрқиб кетди: «Сенга нима бўлди? Касалмасмисан? Рангингни қара-я!» Онасини юпатиб, қўлига кўзгу олиб қаради. Ойнага қарамаганига анча бўлди, ҳеч вақти бўлмайди, ҳақиқатан ҳам кейинги кунларда жуда ўзгариб кетибди. Кўзлари худди касалларникидай киртайиб кетибди, юзи тиришиб, бўйни ингичка тортиб чўзилиб қопти. Қошлари орасига худди ажиндай иккита чизиқ тушиб, лаблари устида эса қоп-қора туклар пайдо бўлибди. Агар чироқ ёруғуда разм солинмаса, шундоқ кўринмайди. Қаранг-а! Бутунлай бошқача бўлиб кетибди, таниб бўлмайди… Отаси фронтдан қайтса, дарров таний олмаса ҳам керак…
Султонмурот отда тўғри қизга томон яқинлаша борди. Шу пайт Мирзагулнинг бир-икки марта кечув томонга қараб қўйганини кўриб қолди. Қизнинг ҳам кўзи унга тушиб, чўчиб кетди ва жойида тўхтаб қолди, кейин тезда ўзини ўнглади-да, дугоналари билан бирга юриб кетди. Улар гўё ҳеч нима бўлмагандай тошдан тошга сакраб сойдан ўтишди-ю, уй-уйларига тарқаб кетишди. У эса қизларнинг ёнидан қувиб ўтиб, худди қаёққадир иш билан шошиб бораётгандай, экинзорларни оралаб қизга тўқнаш келиш умидида кўчага чиқди. У қизни кўчанинг у бошида кўрди. Султонмурот бу ердан секин юра бошлади. Улар бир-бирларига яқинлашганлари сайин уни ваҳима боса бошлади. Султонмуротга ҳамма деразалардан, эшиклардан кузатиб тургандай ҳамда уларни қандай учрашишларини ва унинг қизга нима дейишини кутиб туришгандай туюларди.
Мирзагул унчалик шошилмай келарди. Султонмурот нима содир бўлаётганини, нега ҳаяжонланаётганини тушунмас эди. Улар ахир бир синфда ўқишади-ку, унинг бирон нарсасини тортиб олиш, бир пайтлар ҳатто хафа қилиш ҳам ҳеч гап эмас эди. Ҳозир бўлса қизга ҳадиксираб, титраб-қалтираб яқинлашмоқда эди. Энди унинг бу учрашувдан қочиб, бош тортиб кетгиси келарди-ю, аммо кеч эди. Эҳтимол, Мирзагул унинг ҳолатини сезгандир. Тўқнашишларига озгина қолганида қиз бирдан шошилиб уйларига етмасданоқ қўшни ҳовлига ўзини урди. Султонмурот хурсанд бўлиб енгил нафас ола бошлади. Қиздан жудаям миннатдор бўлди. Яккама-якка учрашиш шунчалик ҳам қийин бўладими.
Кейинроқ эса журъатсизлик қилгани учун ўзини ўзи койий бошлади. Тунда уйқуси қочди, эрталаб ўрнидан тургач, қиз ҳақида ўйлаб, бугун қандай бўлмасин, ёнига бориб, тўппа-тўғри айтишга ва жиддий туриб хатига жавоб ёзадими-йўқми, қачон ёзади, шуларни сўрашга аҳд қилди. Агар жавоб бермаса хафа бўлиб ўтирмайди, эрта-индин Оқсойга жўнаб кетади, ўтган гаплар орада қолсин. Худди шундай дейди.
Шундай қатъий қарор билан кунни бошлади, мана шу мақсадда ишлади, шу мақсадда отларни суғориб келгач, яна сой томонга жўнади. Чопдорни миниб борди. Қирғоқ бўйлаб отда у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Шу аснода юраркан, беихтиёр овулдаги томларда ҳам, уйларнинг соя тушиб турадиган томонларида ҳам умуман қор қолмаганлигига кўзи тушди, қиш бўйи тепаликларда хийлагина тўпланиб қолган қорлар эса тўқ сариқ тусга кириб турар эди. Худди улар қачонлардир зоология дарсида дафтарларга расми чизилган амёбаларни эслатарди.
Кеча отхонада раис Тиналиев билан Чекиш бригадир Оқсой десантини синовдан ўтказишди. Ҳамма плуглар рақамлаб қўйилиб, қўшчиларга биркитилди. Султонмуротга биринчи рақамли плуг тегди. Кейин ҳар бирлари ўз отларига жабдуқ урдилар. Бу ишни қанчалик уддалай олишларини кўрсатишди, отларни қандай плугга қўшишларини намойиш қилишди. Бешта уловнинг ҳаммасини бир қаторга тиздилар. Умуман, буларнинг ҳаммаси четдан қараганда ажойиб, салобатли кўринарди! Худди тачанкаларга ўхшарди-ю, фақат уларнинг ўрнида плуглар бор эди, холос. Отлар бақувват, жабдуқлар созлаб тортилган, плуглар эса мойдай ялтирамоқда эди. Раис Тиналиев худди армия қўмондони сингари салобат билан десант олдида юрибди. Ҳар бир боланинг қаршисига келиб:
– Тайёргарлигинг ҳақида ахборот бер! – дейди.
– Ахборот бераман. Қўл остимда тўртта тақаланган от, тўртта яхши бўйинтуруқ, тўртта абзал, саккизта қайиш, битта эгар, битта қамчи, уч жуфт запас тишлари билан битта икки тишли плуг бор.
Худди армиядагидай. Фақат Чекиш бригадирнинг қовоғи солиқ. Албатта, у кекса одам, буларни қаердан тушунсин!
Текширув яхши ўтди. Бироқ иккита сўроқда десантчилар барибир ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Раис Тиналиев ҳаммаларини Эргашнинг плуг қўшилган отлари ёнига чақирди.
– Қани, жабдуқдаги камчиликни топинглар-чи, – деб қолди у.
Ҳаммаёғини қараб чиқишди, пайпаслаб кўришди ҳамки, бироқ ҳеч нима топиша олишмади. Шунда буни раис Тиналиевнинг ўзи кўрсатди:
– Бу нима? Наҳотки тўриқ отнинг айили ёнбошида буралиб қолганини кўрмаётган бўлсаларинг? Мана қаранглар! Буралиб қолган айил отнинг ёнбошини шилиб юборади-ку. От бояқиш буни қандай айтади. Тортаверади, эртасига эса ёнбоши шишиб кетади, кейин отни қўшга қўшиб бўлмайди. Мен запас отларни қаердан топаман сизларга? Запас отлар йўқ менда! Демак, абзалга бефарқ қараш натижасида плуг тўхтаб қолади! Қани, ўйлаб кўринглар-чи, бизнинг шундай ишга йўл қўйишга ҳақимиз бормикин? Биз қиш бўйи нимага тайёрландик ахир?..
Ҳаммалари уялиб кетишди. Бундоқ қараганда жўнгина нарса-ку…
– Султонмурот, десант командири сифатида сен доим иш бошлашдан аввал отларни ким қандай қўшганлигини текширишга мажбурсан. Тушунарлими! – деб тайинлади раис Тиналиев.
– Тушунарли, ўртоқ раис!
Десантчиларни доғда қолдирган иккинчи масала янада мушкул эди. Энди бу гал десант командирининг ўзи ноқулай аҳволда қолди. Раис Тиналиев уларни саволга тутарди:
– Қани айтинглар-чи, абзалларни кечқурун, иш тугаганидан сўнг қаерда қолдирасизлар?
Улар ўйланиб қолишиб, бунга ҳар хил жавоб қайтаришди. Сўнгра абзални далада, плуглар ёнида қолдиришга келишишди.
– Командир, сенинг фикринг қандай?
– Мен ҳам шу фикрдаман. Абзалларни ҳам отларни қўшдан чиқарган жойимизда, плуглар ёнида қолдирамиз. Кўтариб юрмаймиз-ку, ахир!
– Йўқ, бу нотўғри. Абзалларни кечаси далада қолдириб бўлмайди. Биров олиб кетмаслиги учун эмас. Оқсойда ўғирлаб кетадиган ҳеч ким ҳам йўқ. Кечаси ёмғир ё қор ёғиб қолиши мумкинлиги учун ҳам қолдириб бўлмайди. Абзаллар ивиб кетади. Абзаллар хом тери-ку ахир. Далада уни тулки ёки бўлмаса суғур ғажиб кетиши мумкин. Гап нима ҳақида бораётгани тушунарлими? Демак, нима қилиш керак? Плуглар далада қолади. Қўшдан чиқарилган отларни абзаллари билан шийпонга олиб келасизлар. Сизларга ўтов берилади, ўшанда яшайсизлар. Ўтов битта, холос. Менда бошқа ўтов йўқ. Ҳар бир киши жабдуқни ўтовга олиб келиб, ўзи ётадиган жойга яхшилаб тахлаб қўяди. Тушунарлими? Жабдуқларни бошингизга қўйиб ётасиз! Қонун шундай! Бу сизларнинг қуролингиз! Ҳар бир солдат эса энг аввал қуролини асрайди!
Ўша куни Оқсой отряди тўлиқ жанговар тайёргарликни намойиш этиш учун сафланганда раис Тиналиев шундай деганди.
Бу кунлар яқинлашмоқда эди… Ҳамма нарса шунга қаратилган эди…
Худди шундай…
Ҳа, уч-тўрт кундан кейин, агар ҳаво айниб қолмаса, улар Оқсойга жўнашлари аниқ эди. Бу ҳолда Мирзагул билан ёзгача кўришмаслиги турган гап. Султонмурот шуни ўйлаб қўрқиб кетди. Узоқдан бўлса ҳам уни шунча вақтгача кўриб туришдан маҳрум бўлишни тасаввур қилиш қийин, ҳечам мумкин эмас эди! У яна қиздан бугун аниғини билиб олишга қарор қилди. Агар йўқ деса, бу унчалик катта фалокат эмас, кутишга ҳам вақти йўқ, бундан Оқсойдаги ишлар муҳимроқ…
Султонмурот қирғоқ бўйлаб бораркан, ҳеч кўзини йўлдан узолмади. У хавотирлана бошлади. Вақт эса ўтмоқда эди. Бироқ, мана, қизлар ҳам келишяпти! Улар орасида Мирзагул йўқ эди. Дугоналари келишар, у бўлса йўқ эди. Султонмурот ранжиди. Шундай бўлгач, нима ҳам қилсин. Кўнгли бузилиб отхонага қайтди. Аммо балки қиз касалдир ёки бошқа бирор ҳодиса содир бўлгандир, дея йўл-йўлакай хавотирланиб кетди. Бу хавотир борган сари кучая боргани туфайли, буни билмагунча тинчланмаслигини ҳис этди. У қизлардан сўрашга аҳд қилди. Чопдорнинг бошини улар томонга бурди. Шунда бирдан унинг кўзи қизга тушиб қолди. Мирзагул ёлғиз ўзи келарди. У сойдан ўтадиган жойга яқинлашиб қолган эди. Султонмурот қиз билан кечувда учрашиш учун Чопдорнинг жиловини бўшатди. У шундай ҳаяжонланган эдики, охирги дақиқаларда беихтиёр ўз-ўзидан «Жонгинам!» – деб юборганини ҳам сезмай қолди.
Султонмурот қизни кечувда қарши олди. У отдан ирғиб тушиб жиловидан тутганча қизнинг қирғоққа чиқишини кутиб турди.
Мирзагул унга қараб жилмайганча келарди.
– Йиқилиб кетма яна! – у қизга шундай кенг чим ётқизилган сойнинг кечувидан йиқилиш хавфи бўлмаса-да, қичқирди. Қизнинг чимлар устидан юриб келаётгани қандай яхши! Мана бу ўжар сойга ҳар қандай кўприк ва кўприкчаларнинг бардош беролмагани қандай яхши!
У қўлини узатганча қизни кутиб турар, Мирзагул эса ҳамон ундан кўзини узмай, жилмайиб пешвоз келарди.
– Йиқилиб кетма яна! – деди у қайта.
Қиз ҳеч нима деб жавоб қайтармади. У фақат жилмайиб турарди. Қизнинг нигоҳиданоқ Султонмурот ҳамма саволларига жавоб олди. Роса тентак экан-да ўзиям, хат ёзиб, жавоб кутиб бекорга азобланиб юрганини-чи…
Мирзагулнинг узатган қўлини кафтига олди. Шунча йил бир синфда ўқиб юриб унинг шунчалик меҳрибон, зийрак қўлларини билмас экан. «Мана мен келдим! – дерди қизнинг қўли. – Шундай шодманки! Наҳотки хурсанд эканлигимни сезмаётган бўлсанг?» Султонмурот Мирзагулнинг юзига боқди. Қараб ҳайратга тушди – у қизда ўзини кўрди! Худди у каби Мирзагул ҳам вақт ўтиши билан тамом бошқача бўлиб қолган, бўйи чўзилиб, улғайиб, худди касалдан турган кишиникидай кўзлари маъюс, ўзи паришон бўлиб қолган эди. Мирзагул ҳам доим уни ўйлаб кечалари ухламай чиққани, севгани учун ҳам ана шу муҳаббат қизни Султонмуротга ўхшатиб қўйганди. Мана шунинг учун ҳам Мирзагул янаям гўзалроқ, қадрдонроқ бўлиб кўринарди. Қиз ўзининг шу туриши билан гўё бахт ваъда қилиб турарди. Султонмурот буларнинг ҳаммасини бир дақиқанинг ўзидаёқ тушуниб, ҳис этди.
– Мен сени касал бўлиб қолдими деб ўйлагандим, – деди у титроқ товушда.
Мирзагул бу сўзларга ҳеч нима деб жавоб қайтармай, деди:
– Мана, – у Султонмуротга аталган рўмолчани узатди. – Бу сенга! – деди-ю, юриб кетди.
Кейинчалик у бу шоҳи рўмолчани неча марталаб қайта-қайта томоша қилди. У рўмолчани чўнтагидан олиб, солиб қўяр ва яна оларди. Бир варақ дафтар қоғози ҳажмида келадиган рўмолча четлари чиройли гул ва япроқлар шакли билан безаб тикилган, бир чеккасига, безаклар орасига иккита катта ва битта кичкина ҳарфлар билан қизил ипда: «S. j. М» деб тикилган, бунинг маъноси «Султонмурот жана Мирзагул», яъни Султонмурот билан Мирзагул дегани эди. Улар мактабда қирғиз алифбоси реформа қилинмасдан олдин ўрганган мана шу лотинча ҳарфлар Султонмуротнинг узундан узоқ мактублари ва шеърларига жавоб эди.
Султонмурот отхонага шодлигини базўр босганича қайтиб келди. У буни бировлар билан баҳам кўрадиган бахт эмаслигини, бу фақат унинг ўзигагина аталганлигини ва бошқа ҳеч ким ўзидай бахтиёр бўлолмаслигини ҳис қиларди.
Бироқ бугунги учрашув ҳақида болаларга жудаям айтгиси, ўзига совға қилинган рўмолчани уларга кўз-кўз қилгиси келарди…
Иши юришиб кетди. Болалар отларини суғориб, тагларини тозалашди, челакларда сули олиб келиб, охурларга хашак солишди. У бирпасда ишга киришиб кетди. Қашлоғич билан отларининг таранг, бақувват яғрин ва ёнбошларини тез-тез қашлаб, хашак олиб келгани югурди. Югураркан, ҳамиша аскарча гимнастёркасининг кўкрак чўнтагига тикиб қўйилган рўмолчасини туярди. Гўё кўкрагида кўзга кўринмас чўғ ёниб тургандай эди. Шу туфайли ҳам у хурсанд, ҳаяжонда эди. Бахтиёрлиги – Мирзагул унинг муҳаббатини қабул этганлигидан, ҳаяжонланиши сабаби эса аллақандай англашилмас туйғуларнинг пайдо бўлаётганидан эди…
У беда келтириш учун отхона ортидаги беда ғарами томон югурди. Бу ер жимжит ва ёруққина бўлиб, қуриган ўтларнинг ҳиди анқиб турарди. Унинг яна рўмолчага жудаям қарагиси келиб кетди. Чўнтагидан рўмолчани олиб, ўтларнинг ислари орасидан унинг ўзига хос ҳидини ажратиб, томоша қила бошлади. Рўмолчадан хушбўй атир-совун ҳидига ўхшаш ҳид келарди. У бир куни мактабда Мирзагулнинг сочларидан шундай бир ҳидни туйганди. Ҳозир ёдига тушди, бу ўша ҳид эди. У рўмолчани қўлларида тутиб тураркан, кимдир бирдан рўмолчага чанг солди. Бурилиб қараса, Онатой!
– Ия, ҳали сен ундан рўмолча олиб тураман дегин?
Султонмурот лавлагидай қизариб кетди:
– Бу ёққа чўз!
– Шошма. Бир кўрай-чи.
– Сенга айтяпман, бу ёққа бер.
– Бақираверма, бераман. Бошимга ураманми буни!
– Берасанми, бермайсанми?
– Қаттиқроқ бақир, қаттиқроқ! Совғага берилган рўмолчамни тортиб олди, деб бақирмайсанми! – деди-да, рўмолчани чўнтагига солиб қўйди.
Кейин нима бўлганини Султонмурот билмай қолди. Фақат кўз олдида Онатойнинг ғазабдан ва қўрқувдан ранги қув ўчиб кетган юзи лип-лип қилди-ю, сўнгра у бор кучи билан рақибини бир туширди ва бирдан қорнига қаттиқ тепки тушиб ўзи бир чеккага учиб кетди. Энгашиб йиқилаёзди-да, аранг оёқларида туриб олди ва ғарам ёнида янада ғазабга миниб, жон-жаҳди билан Онатойга ташланди. Болалар югуриб келишди. Улар ёқалашиб кетишди. Уч кишилашиб уларни ажрата бошлашди. Болалар, қўйинглар энди, дея ёлвориб, уларнинг қўлларига осилиб олишар, Султонмурот билан Онатой қонлари қайнаб бирбирларини аямай муштлашар ва тинмай бир-бирига ташланишарди. Оқибат нима билан тугашини – ё ўлиш, ёки рўмолчани қайтариб олиш эканлигини ҳис этган Султонмурот фақатгина: «Бер! Бер дейман!» сўзларини такрорларди. Онатой бақувват бўлиб, совуққонлик билан ҳаракат қиларди. Аммо адолат ва ҳақиқат Султонмурот томонида эди. У тез-тез йиқилса ҳам орқа-олдига қарамай ҳужум қиларди. Сўнгги марта у ғарам ёнида ётган паншахага йиқилди. Қўллари шу онда ўз-ўзидан паншахага ёпишди. У паншахани ўқталганча ўрнидан сакраб турди. Болалар ҳар тарафга қочганларича бақириб юборишди:
– Қўй!
– Тўхта!
– Эсингни йиғ!
Онатой унинг рўпарасида, қаёққа қочсам экан, дея аланглаб, оғир нафас олганча, қўллари, оёқларини ёйиб турар, бироқ ҳеч қаёққа қочиб кетолмасди. Бир томонда ғарам, иккинчи тарафда отхона девори ғов бўлиб турарди. Худди шу дақиқада Султонмурот ўзини қўлга ололди. Бу охиргиси эканини, бундан бошқа чораси ҳам йўқлигини у тушуниб турарди.
– Бу ёққа бер, – деди у Онатойга, – бўлмасам ёмон бўлади!
– Ма, ол! Ма! – ҳазилга айлантиришга уриниб шошиб қолди Онатой. – Сени қара-ю! Ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими! Тентак! – деди унга рўмолчани ирғитар экан.
Султонмурот рўмолчани кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Қўрқувлари ўтиб кетди. Болалар енгил нафас олишиб, ғала-ғовур бошлангандан сўнггина Султонмурот боши айланаётгани, оёқ ва қўллари қалтираётганини сезди. Ёрилган лабидан қонни туфлаб, худди маст одамдай гандираклаб ғарам ортига ўтди-да, ўзини пичан устига ташлади, чалқанча ётганича нафасини ростлаб, ўзига келди…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.