Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Аммо ҳозир Хадича ҳам кўнглимга сиғмасди. Майли, у эркалигини қилаверсин.
Хадича сўнгги шпилкасини қадаб бўлди:
– Бас, етар энди шунча ўйнашганинг! – деди у амирона.
– Хўп бўлади, ўртоқ диспетчер! – деб кабина устидаги йигит қўлини чаккасига қўйиб чест берди-ю, ҳукмни осонлик билан бажо келтирди. Атрофдагилар хахолашганича йигитни кабина устидан судраб туширдилар.
Хадича эса биз турган гаражга қараб келаверди. У Жонтойнинг машинаси ёнида тўхтаб, кимнидир излай бошлади. У хийла пайтгача мени пайқамади. Орамизда гаражни хона-хона қилиб ажратиб турувчи сим тўрлар бор эди. Жонтой чуқурдан бошини чиқариб:
– Салом, сулув қиз! – деб саломлашди.
– Э, Жонтой…
У кўзларини лўқ қилиб, Хадичанинг оёқларига тикилиб турарди. Хадича эса энсаси қотгандек елкасини қимтиб қўйди-да:
– Хўш, намунча тикиласан? – деб этикчасининг учи билан Жонтойнинг иягига сал туртиб қўйди.
Бошқа одам бўлганда, эҳтимол уни сўкиб берган ёки ранжиб қолган бўлармиди. Бу бўлса гўё бўса олгандек оғзи қулоғига етиб, чуқурга шўнғиб кетди.
Хадича тўсиққа яқинлашаркан, менга кўзи тушиб қолиб: – Дам оляпсанми, Илёс? – деди.
– Ҳа, пар тўшакда ётгандек!
У юзини сим тўрга қадаб, менга тикилиб қаради ва секингина:
– Диспетчерхонага кир, – деди.
– Хўп.
Хадича кетди. Ўрнимдан туриб, кетишга ҳозирландим. Жонтой яна бошини чиқарди:
– Яхши нарса-я! – деди қўлларини ишқалаб, менга кўз қисиб.
– Аммо сенинг тенгинг эмас! – деб гапнинг пўсткалласини айтдим-қўйдим.
Мен унинг жаҳли чиқар, мен билан уришиб кетар, деб ўйлаган эдим. Уруш-жанжал ишқибозларидан эмасману, аммо юрагим шу даража азоб чекаётган эдики, ўзимни қўярга жой топа олмай турган эдим. Бироқ Жонтой хафа бўлишни хаёлига ҳам кетирмади:
– Ҳечқиси йўқ! – деб тўнғиллади у. – Омон бўлсак, кўрармиз…
Диспетчер хонасида ҳеч ким йўқ эди. Нима бало? Қаёққа йўқ бўлди у: ичкари киришим билан эшик ёпилди. Орқага ўгирилдиму кўкрагим Хадичанинг кўкрагига қадалиб, тўқнашиб қолдик. У бошини орқага ташлаб, эшикка суяниб турарди. Кўзлари киприклари остида чақнарди. Қайноқ нафаси юзимга уриларди. У менинг қучоқлаб олишимни, ўпишимни кутиб тургандек эди. Ўзимни тута олмай қолдим. У томон интилдиму, яна шу заҳотиёқ орқага тисландим. Бу гап қанчалик ғалати туюлмасин, мен ўша дақиқада ўзимни Асалимга хиёнат қилаётгандек ҳис этдим. Бундай фикрнинг жуда кулгили эканлиги хаёлимга ҳам келмади.
– Нега чақирдинг? – деб сўрадим норози оҳангда.
Хадича ҳамон менга жимгина боқиб турарди.
– Гапир, нима? – дедим тоқатим тоқ бўлиб.
– Наҳотки нимагалигини билмасанг? – деди у дили оғригандек. – Негадир қиё боқмайдиган бўлиб қолдинг. Ёки бошқа биронтаси топилиб қолдими?
Мен довдираб қолдим. Нега мендан ўпкалаяпти? Қаёқдан била қолдийкин?
Шу пайтда туйнукчанинг зулфини шиқиллаб қолди.
Жонтой бошини тиқиб мўралади. У қисиқ кўзларини ўйнатиб тиржайиб турарди. Пойламоқчи бўлибди-да! Эҳ, кўнглимда нималар борлигини билганда эди, бундай қилмаган бўларди!
– Марҳамат, ўртоқ диспетчер! – деди у ичиқоралик билан Хадичага қандайдир қоғозни узатаркан.
Хадича жаҳл билан унга хўмрайиб қаради-ю, қоғозни олмади. Алам билан юзимга тўрсиллатиб гапира кетди:
– Сен учун йўлланмани ким олади? Алоҳида таклиф қилишларини кутиб юрибсанми?
Хадича қўли билан мени четлатиб, стол томон тез ўтди.
– Ма! – деб йўлланмани узатди.
Мен уни олдим. Эрталик йўлланма яна ўша колхозга берилган эди. Юрагим муз бўлиб кетди: Асалнинг қай аҳволдалигини кўрабила туриб, яна ўша ёққа бораманми… Нега ўзи доим мени колхозма-колхоз ҳайдашгани-ҳайдашган?
Ғазабим қайнаб, қизишиб кетдим.
– Яна колхозгами? Яна гўнгу ғишт ташишгами? Бормайман! – деб йўлланмани столга улоқтирдим. – Бас, шунча лой кечганим етар. Бошқаларни ҳам юборишсин!
– Бақирма! Нарядинг бир ҳафталик! Лозим бўлса тағин юборишади! – деди Хадича менга.
Мен эса хотиржамлик билан:
– Бормайман! – дедим қатъий.
Ҳар галгидек ҳозир ҳам Хадича бирдан шаштидан тушиб қолди.
– Хўп, майли. Мен бошлиқлар билан гаплашиб кўраман, – деди.
У столдан йўлланмани олди.
«Демак, бормайдиган бўлдимми? – дея ўйладим мен. – Энди Асални ҳам ҳеч қачон кўрмайманми?» Баттарроқ қийнала бошладим. Негадир тезда ўз ҳукмимдан қайтдим-да, яна уёққа боришга аҳд қилдим. Агар шундай қилмасам, кейин умр бўйи афсусланиб юришим менга аён бўлди. «Майли, нима бўлса бўлсин, аммо бораман!..»
– Майли, буёққа бер! – деб йўлланмани тортиб олдим.
Туйнукчадан мўралаб турган Жонтой пиқиллаб кулиб юборди-да:
– Овулдаги бувимга салом айтиб қўй! – деди.
Мен ҳеч нарса демадим. Тумшуғига боплаб туширсанг! Эшикни тарақлатиб ёпдим-да, ётоққа кетдим.
Эртаси йўлда кетаётиб чор тарафга назар ташлаб, кўзларим тўрт бўлди. Қани у? Қани энди, унинг сарвноз қомати кўрина қолса. Қизил дуррачали сарвқоматим! Эҳтимол, резина этик, отасининг камзулини кийиб олган дерсиз! Бекор гап! Мен унинг қанақа эканлигини ўз кўзим билан кўрганман! Унинг нимаси мени ром этди, қалбимни нега бунчалик ўртаяпти?
Теварак-атрофга назар ташлаб бормоқдаман. Йўқ, ҳеч қаерда кўринмайди. Бу сафар эмас, турган-битгани азоб бўлди. Қани у, уни қандай топсам экан? Овулга етдим, сўнгра қишлоқ кўчаси бўйлаб ҳайдадим, унинг ҳовлисига яқинлашарканман, машинани секинлатиб, охири тўхтадим. Эҳтимол, у уйидадир? Қандай чақираман, унга нима дейман? У билан яна учрашиш менга насиб этмас экан-да. Юкни олиб бориб ташлаш учун машинага газ бердим. Юкни туширишяпти-ю, кўнглимда ҳамон умид учқунлари ёнмоқда. Балки қайтишда учратиб қоларман? Бироқ қайтишда ҳам учратмадим. Шундан кейин машинани ферма томон бурдим. Уларнинг кўҳна фермаси анчагина чеккада, овулдан узоқда экан. У ерга етиб келиб, бир қиздан сўрадим. У, Асал йўқ, бугун ишга чиқмади, деди. «Демак, йўлда мен билан учрашмаслик учун атайин ишга чиқмаган», – деб ўйладим-да, жуда хафа бўлиб кетдим. Автобазага ғамгин бўлиб қайтдим.
Иккинчи куни яна йўлга чиқдим. Аммо энди уни учратишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Дарвоқе, менинг унга нима керагим бор? Агар қиз унаштирилган бўлса, уни безовта қилишдан нима фойда? Аммо негадир бундай бўлишига сира ишонгим келмасди. Ахир овулларимизда ҳанузгача қиз билан йигитни бир-бирига кўрсатмай, орқаворотдан фотиҳа қилиб юбораверадилар-ку! Бу ҳақда неча марта газеталарда ҳам ўқидим. Бироқ ёзган билан фойдаси қанча? Тўйдан кейин ноғора чалишнинг фойдаси йўқ, фотиҳани бузиб бўлмайди. Унаштирилгандан кейин гап тамом. Фотиҳани бузиш – хайрли иш эмас, икки ёшнинг турмуши бузилди, деган гап… Мана шундай ўй-хаёллар миямда чувалашиб кетганди…
Ўша кезлар айни баҳор чоғи эди. Тоғ этакларида лолалар товланарди. Болалигимданоқ мен бу чўғдек қип-қизил гулларни севардим, ялангоёқ чопқиллаб юриб қучоқ-қучоқ лола терсангу унга келтириб берсанг! Аммо қани энди у, топиб кўр-чи…
Бир маҳал, қарасам, Асал. Кўзларимга ишонгим келмайди! Ўтган гал машинам тиқилиб қолган жойнинг нақ ўзгинасида бир четда, харсанг тош устида ўтирибди. Бировни кутиб ўтирганга ўхшайди. У чўчиб ўрнидан турди ва саросимага тушиб, бошидан дуррасини юлқиб олди-ю, қўлида ғижимлай бошлади. Асал бу сафар чиройли кўйлак ва туфли кийиб олган эди. Йўл шунчалик олис бўлса ҳам у пошнали туфли кийиб олибди. Машинани тўхтатишга шошилдим. Юрагим эса така-пука бўлиб ўйнарди.
– Салом, Асал!
– Салом, – деди у секингина.
Мен кабинага ўтиришга ёрдамлашмоқчи бўлдим, у бурилиб, йўл бўйлаб аста юриб кетди. Демак, кабинага чиқишни хоҳламаяпти. Машинанинг эшигини очганимча у билан ёнма-ён секин ҳайдаб кетавердим. Шу зайлда, у йўл чеккасида, мен эса рулда жимгина борардик. Мен нима ҳақда гапиришни ҳам билмасдим, бир пайт у:
– Кеча фермага келган сизмидингиз? – деб сўраб қолди.
– Ҳа, нима эди?
– Шунчаки ўзим. У ерга борманг.
– Сизни кўрмоқчи эдим.
У ҳеч нарса демади.
Миямдан эса ўша лаънати унашиш сира нари кетмасди. Нима бўлганини билгим келарди. Аммо сўрашга тилим бормасди. Юрагим дов бермасди. Унинг нима деб жавоб беришидан чўчирдим.
Асал менга қараб қўйди.
– Ўша гап ростми?
У бош ирғади. Рул қўлимдан чиқиб кетаёзди.
– Тўй қачон? – деб сўрадим.
– Яқинда, – деди у оҳиста.
Машинани ғизиллатиб, бошим оққан томонга кетиб қолишимга сал қолди. Тезликни ошириш ўрнига аксинча қилиб қўйибман. Мотор бекорга гуриллаб айланарди. Асал чўчиб ўзини четга олди. Мен эса ҳатто ундан узр ҳам сўрамабман, ўша маҳал узр сўраш эсга келармиди.
– Энди бошқа учрашмас эканмиз-да? – дедим.
– Билмадим. Учрашмаганимиз маъқулроқ.
– Мен эса, мен барибир… Истасангиз-истамасангиз доим сизни излайман!
Биз яна жим қолдик. Эҳтимол, иккимиз ҳам бир нарса ҳақида ўйлаётгандирмиз, аммо иккимиз икки йўлдан кетаётгандек, гўё ўртамизда менинг унга яқинлашишимга, унинг эса менинг кабинамга ўтиришига имкон бермайдиган қандайдир девор тургандек эди.
– Асал! – дедим. – Мендан ўзингизни тортманг. Сизга ҳеч ҳам халал бермайман. Сизни узоқдан кўриб юраман. Майлими?
– Билмадим, балки…
– Ўтиринг, Асал.
– Йўқ, майли, кетаверинг. Овулга яқинлашиб қолдик.
Шундан кейин ҳам биз учрашиб турдик, ҳар сафар учрашганимизда гўё тасодифан тўқнашиб қолгандек бўлардик. Юришимиз ҳам аввалгидек. У йўл четидан, мен эса кабинада борардим. Жуда алам қиларди, аммо нима қила олардим, бировни зўрлаб кабинага чиқариб бўлмайди-ку, ахир.
Куёв ҳақида оғиз очмасдим. Ноқулай аҳволда қолиши мумкин, қолаверса, сўрашни ҳам истамасдим. Аммо сўзларимдан тушунишимча, Асал уни яхши билмас экан. У она томондан бир оз чатишган экан, ўзи эса узоқда, тоғдаги ўрмон хўжалигида яшармиш. Бу оилалар қадимдан бир-бирлари билан қиз беришиб, қиз олишиб, шу билан авлодма-авлод қариндош-уруғчилик алоқаларини сақлаб келишаркан. Бизда эса бундай уруғ-аймоқчилик жуда ҳурмат қилинади. Асалнинг ота-онаси уни бегонага беришни хаёлларига ҳам келтирмасди. Мен ҳақимда сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди. Мен ким бўлибман? Аллақандай келгинди, таг-зотининг тайини йўқ бир шофёрман-да. Очиғини айтганда, ўзим ҳам қиздан умидвор бўлиб оғиз очолмаган бўлардим.
Ўша кунлари Асал камгап бўлиб қолди. Ғам-ғусса чекиб, доим алланималар ҳақида ўйлаб юрарди. Менинг эса бутун умид ва ишончларим совурилган эди. Унинг тақдири ҳал бўлмоқда, учрашиш ҳам бефойда эди. Бироқ биз худди ёш болалардек, гапиришганда бу ҳақда сўз очмай, четлаб ўтардик ва у билан шу тахлитда учрашавердик, чунки учрашмасдан туролмас эдик. Иккаламизга ҳам бусиз яшаш мумкин эмасдек туюларди. Аммо бизни олдинда нималар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмасдик.
Орадан беш кун ўтди. Шу куни эрталаб автобазада йўлга тайёргарлик кўраётган эдим. Бир ўртоғим келиб, сени диспетчерхонага чақиришяпти, деди. Чопиб кетдим.
– Суюнчи бер! – деди қувонч билан Хадича. – Сени Синцзян йўлига ўтказишди!
Мен турган еримда қотиб қолдим. Синцзянга мени биринчи марта юбораётганлари йўқ эди. Шундай бўлиши турган гап эди, аммо кейинги кунларда менга умрбод колхозга қатнашим шартдек бўлиб қолганди.
Хитойга қатнаш кўп кунлик йўл, ким билсин, Асални кўришга вақт топа олармикинман. Уни хабардор қилмасдан тўсатдан ғойиб бўлиб кетаманми?
– Сенга маъқул тушмади дейман-а? – деди Хадича.
– Колхоз нима бўлади? – дедим ҳаяжонланиб. – У ердаги ишлар ҳали тамом бўлгани йўқ-ку.
Хадича елкасини қисиб қўйди:
– Уёққа боришни илгари ўзинг истамаган эдинг-ку. «Оббо, қўлга туширди-ю!» – деб ўйладим мен ва жаҳлим чиқиб:
– Илгари истамаган бўлсам истамагандирман-да! – дедим.
Стулга ўтирдим, нима қилишимни билмай қолдим.
Жонтой югуриб кириб келди. Маълум бўлишича, менинг ўрнимга уни колхозга юборишаётган экан. Мен сергакланиб турдим. Жонтой бош тортса керак, чунки қишлоққа қатнаганда норма камайиб кетар эди. Бу эса қўлга оз пул тегади деган сўз. Аммо у, билмадим, нима учундир, йўлланмани олди, яна бунинг устига мамнун бўлиб:
– Хоҳлаган томонингга юборавер, Хадича, дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам майли! Ҳозир овулда қўйларнинг айни қўзилаётган пайти, сенга ҳам олиб келайми? – деди. Кейин буёқда мен ўтирганимни кўриб: – Кечирасан, халақит бердим шекилли, – деб қўйди.
– Йўқол бу ердан! – деб ўшқирдим бошимни кўтармасдан.
– Хўш, нега ўтирибсан, Илёс! – деб елкамга туртди Хадича.
– Колхозга мен боришим керак, мени юбор, Хадича! – деб илтимос қилдим ундан.
– Ақлинг жойидами ўзи, иложим йўқ, наряд тамом бўлган, – деди-да, менга ташвишланиб тикилди. – Намунча колхозга қатнагинг келиб қолди?
Мен ҳеч нарса демай, чиқиб кетдим. Гаражга келдим. Жонтой мени масхара қилгандек ёнимдан машинасини ғизиллатиб ўтиб кетди, қаноти билан уриб кетишига сал қолди.
Машина ёнида алламаҳалгача ивирсиб юрдим, аммо бирон илож топа олмасдим. Юк ортиладиган станцияга бордим. У ерда бир тўда шофёрлар навбат кутиб туришган эди.
Ўртоқларим папирос чекишамиз, деб чақиришди, аммо мен кабинадан чиқмай ўтиравердим. Кўзимни юмдиму Асалнинг йўлда мени беҳуда кутиб ўтирганини кўз ўнгимга келтирдим. Бир кун кутар, икки кун, уч кун… Сўнг менинг ҳақимда нима деб ўйлаши мумкин? Қўрқоқ, қочиб қолди, деб ўйласа-я!
Менинг навбатим эса яқинлашмоқда эди. Олдимдаги машинага юк орта бошлашди. Кран қандайдир катта-катта яшикларни кузовга туширмоқда. Яна бир оздан кейин кран остига менинг машинам туриши керак. «Кечир мени, Асал! – деб ўйладим мен. – Кечир, мени, гўзалим, сарвқоматим! Сени огоҳлантиролмадим!» Аммо шу пайт тўсатдан миямга оддийгина бир фикр келиб қолди: ахир мен у ёққа аллақачоноқ бориб унга айтиб қайтишим мумкин эди-ку. Йўлга бир неча соат кечикиб чиқсам, осмон қулаб ерга тушмас? Автобаза бошлиғига кейинчалик тушунтирарман, балки тушунар, тушунмаса бир оз койир, ҳайфсан эълон қила қолар ёки жуда зўр келса ишини олар. Аллақачон шундай қилишим керак эди! Кетдим!
Машинамни орқага юргизмоқчи бўлиб, дарҳол моторни юргиздим. Аммо ортимда машиналар тирбанд эди. Бу орада олдимдаги юк ортилган машина ўз жойини бўшатди. Навбат менга келди. Мен сал ҳаяллаб қолдим.
– Машинангни келтир! Ҳей, сен! – деб бақирди кранчи менга қараб.
Юк олиш учун машинамни олдинга силжитдим. Краннинг хартуми тепамга яқинлашиб келмоқда. Бўлди, иш тамом! Экспорт юки билан бирон ёққа жилиб кўр-чи. Нега ахир шуни илгарироқ ўйлаб кўрмабман-а? Сафарга жўнатувчи киши келиб, ҳужжатларга белги қила бошлади. Мен кабинанинг орқа деразачасига қарадим. Тепадан кузовга контейнер тебраниб тушмоқда эди. У борган сари кузовга яқинлашиб келаверди.
Ана шунда мен:
– Пўшт! – деб қичқирдим-да, машинани шиддат билан контейнер остидан олиб қочдим. Хайриятки, мотор ўчирилмаган эди. Орқадан қичқириқ, ҳуштак ва сўкиш овозлари эшитилди. Бироқ мен эътибор бермасдан машинани омборлар, тахлаб қўйилган ёғочлар ва кўмир уюмлари ёнидан ғизиллатиб борардим. Пастқам йўллар билан шаҳардан чиқиб олдим ва тоғ этагига, кимсасиз йўлга етиб келгач, рулга маҳкам ёпишиб олдим. Машина елиб борарди, «ЗИЛ» гоҳ у томон, гоҳ бу томон чайқалиб кетарди. Аммо биз бунга кўникиб қолган эдик.
Кўп ўтмай Жонтойни қувиб етдим. Олдинга ўтиб кетмоқчи бўлиб сигнал бердим. У кабинадан бошини чиқариб хўмрайиб қаради. Довдираб қолиб, кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди: мени таниди. Аблаҳни қаранг! Бировнинг шошилаётганини кўриб тургандан кейин унга йўл бериш керак-да. Аммо у-чи, йўл бергиси келмайди, бошимни айлантирмоқчи. Шунда мен машинани четга бурдим-да, уни тўғри пайкал билан қувиб боравердим. Жонтой ҳам машинасини қистай бошлади. Энди у йўлга чиқиб олишга имкон бермасди. Биладики, атрофда ҳаракат қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортадиган бирон кимса йўқ. Бунинг устига, ҳозир уни ҳеч нима қила олмаслигимни билади. Шу зайлда учиб борардик: у йўлда, мен пайкал ичи билан. Иккаламиз ҳам рулга ёпишиб олганмиз, йиртқичлардек бир-биримизга кўз олайтирамиз, сўкинамиз.
– Сен қаёққа? Нега? – деб бақирди у менга. Мен унга мушт ўқталиб дўқ қилардим. Ҳарҳолда менинг машинам юксиз эди. Уни қувиб ўтдим, орқамга қайрилиб қарасам, у энди шошмай, тинчгина келарди. Ҳа, иблис, менга деса баттар бўл.
Асални ҳеч қаерда учратолмадим. Овулга келиб, машинани уларнинг ҳовлиси олдида тўхтатдим. Худди пиёда чопиб келгандек нафасим бўғзимга тиқила бошлади. Ҳовлида ҳам, кўчада ҳам ҳеч ким кўринмасди. Фақат эгарланган отгина қозиққа боғлоқлик турарди, холос. Нима қилсам экан? Кутишга аҳд қилдим. Машинани кўриб кўчага чиқар, деб ўйладим ўзимча. Гўё бир нарсани тузатаётгандек моторни очиб, у ёқ-бу ёғини қарай бошладим, аммо ўзим эшикдан кўзимни узмасдим. Унчалик узоқ кутмадим: эшик очилиб, ичкаридан Асалнинг онаси ва тўладан келган, қора соқолли, икки қават тўн кийган чол чиқди. Қўлида ажойиб қамчи. Афтидан, у ҳозиргина чой ичган бўлса керак, терлаб-пишиб, бўрсиб кетганди. Улар от боғланган қозиққа яқинлашдилар. Асалнинг онаси иззату икром билан узангини ушлаб туриб, чолнинг эгарга чиқиб олишига ёрдамлашди. Билсам у совчини кузатаётган экан.
– Биз сиздан хурсандмиз, қуда! – деди у. – Аммо биздан ҳам кўнглингиз тўқ бўлсин. Ўз қизимиз учун ҳеч нарсани аямаймиз. Худога шукур, қўлимиз қуруқ эмас.
– Э-э, бойвучча, хафа бўлмаймиз, – деди у эгарга тузукроқ ўрнаша туриб. – Олло таоло ёшларга умр берсин. Яхшилик қилсак бегонага эмас, ўз фарзандларимизга қиламиз. Худога шукур, биринчи марта қудалашаётганимиз йўқ. Хўп, омон бўл, бойвучча. Шундай қилиб, жума кунига келишдик-а!
– Ҳа, жума куни кутамиз. Жума – улуғ кун. Оқ йўл сизга. Қудамга салом айтинг!
«Нега улар жума куни ҳақида гапириб қолишди?» – деб ўйладим мен. «Бугун қанақа кун? Чоршанба… Наҳотки жума куни олиб кетишса? Эҳ, қачонгача эски урф-одатлар биз ёшларнинг ҳаётимизни поймол этади?»
Чол отини тоғ томон йўрттириб кетди. Асалнинг онаси отлиқ узоқлашиб кетгунча кутиб турди, сўнгра менга томон ўгирилиб, хўмрайиб қаради.
– Нега бу ерда пашшахўрда бўлиб қолдинг, ҳо такасалтанг? – деди у. – Бу ер сенга карвонсарой эмас! Туёғингни шиқиллатиб қол! Қани жўна, эшитяпсанми? Сенга айтяпман.
Демак, аллақачон сезиб қолибди.
– Машинам бузилиб қолди! – дедим ўжарлик билан пўнғиллаб ва белимгача капотнинг остига шўнғиб кетдим. Йўқ, уни кўрмагунимча ҳеч қаёққа кетмайман, дердим ўзимча.
Кампир жавраб-жавраб кириб кетди.
Мен капотнинг остидан чиқдим-да, машина зинасига ўтириб олиб, чека бошладим. Қаёқдандир кичкинагина қизча пайдо бўлиб қолди. У бир оёқлаб ҳаккалаб машина атрофида гир айлана бошлади. Қизча сал Асалга ўхшарди. Унинг синглиси эмасмикин?
– Асал кетиб қолди, – деди у, ўзи эса ҳамон сакраб-сакраб ўйнарди.
– Қаёққа? – деб ушлаб олдим уни. – Қаёққа кетди?
– Мен қаёқдан билай! Қўйвор! – деб қўлимдан юлқиниб чиқди-да, қочиб кетаётиб тилини кўрсатиб қўйди.
Капотни тақ этиб ёпиб, рулга ўтирдим. Қаёққа борай, уни қаердан излай? Вақт ўтиб кетяпти, қайтишим керак. Мен орқага қайтдим, даштга етиб келиб, ариқдан ўтиш жойида машинани тўхтатдим. Нима қилиш кераклигига сира ақлим етмасди. Кабинадан тушдим-да, ерга ағанаб ётдим. Юрагим сиқила бошлади. Асални ҳам топа олмадим, сафарни ҳам барбод қилдим. Орқага қайтишнинг фойдаси йўқ. Бўлар иш бўлди. Нима бўлса бўлар. Ўйга ботдим, кўзимга ҳеч нарса кўринмас, қулоғимга ҳеч нарса эшитилмасди. Шу кўйда қанча вақт ётдим, билмайман. Ҳарқалай, анчагина ётган бўлсам керак. Кейин, нима учунлигини ҳали ҳам билмайман: бир маҳал бошимни кўтардим. Машинанинг нариги томонида туфлича кийган оёқлар тўхтади. Ўша! Дарров танидим. Шундай қувониб кетдимки, ўрнимдан туролмай, чўккалаганча ўтириб қолдим. Бу сафар ҳам биз ўша жойда – биринчи марта учрашган ерда кўришдик.
– Йўлингдан қолма, кампир! – дедим машина остидан «туфличалардан» кўз узмай.
– Ҳеч ҳам кампир эмасман-да! – деб ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Асал.
– Кимсан бўлмаса?
– Қиз боламан?
– Қиз боламан? Чиройлимисан?
– Қараб кўринг-чи!
Иккаламиз ҳам бараварига кулиб юбордик. Мен сакраб туриб, унга томон отилдим. У ҳам менга қараб югурди. Юзма-юз тўхтадик. Бахтиёр болалардек қувнаб кулардик.
– Гўзалларнинг гўзали! – дедим мен. Қўлтиғида иккита китоб, эгнида калта енгли кўйлак, юзлари гул-гул ёниб, шабадада тебраниб турган нозиккина сарв дарахтига ўхшарди у.
– Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдинг?
– Кутубхонадан келаётган эдим, қарасам, йўлда сизнинг машинангизнинг излари!
– Ростданми?
Мен учун бу «севаман» сўзидан ҳам азизроқ, қимматлироқ эди. У ҳам менинг ҳақимда ўйлар экан, ҳатто машинамнинг изини ҳам таниркан, демак, мени севар экан-да. Орқадаги чап ғилдиракнинг покришкаси икки хил эди, қиз ана шундан хабардор экан.
– Мен изга кўзим тушиши биланоқ бу ёққа югурдим, кўнглимда сиз худди шу ерда кутиб тургандек бўлавердингиз!
Мен унинг қўлидан ушладим:
– Бу ёққа чиқ, Асал, бир оз айланамиз.
У жон деб рози бўлди. Энди у ҳам, мен ҳам гўё бутунлай бошқа одам эдик. Барча ташвишу ғам-ғуссалар унутилиб, улардан асар ҳам қолмаган эди. Кўзимизга самою ер ва иккимиздан бошқа ҳеч нарса кўринмасди, биз бахтиёр эдик. Кабина эшигини очиб, уни ўтқаздим, ўзим эса рулни тутдим.
Йўлга тушдик. Йўл бўйлаб боравердик, қаёққа ва нега – ўзимиз ҳам билмасдик. Аммо биз учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Ёнма-ён ўтирсак, бир-биримизга кулиб қарасак, қўлга қўл тегиб турса, бунинг ўзгача гашти борда. Асал менинг солдатча шапкамни тўғрилаб қўйди. Мен уни икки йилдан бери кийиб юрган эдим.
– Шундай кийсангиз ярашаркан! – деди у ва эркаланиб елкамга суйкала бошлади.
Машина даштда қушдек учиб борарди. Бутун борлиқ ҳаракатга келгандек эди. Тоғлар, даралар, дов-дарахтлар – ҳамма-ҳаммаси бизни қарши олишга ошиқарди. Қаршимиздан шамол урилар – биз олға қараб елиб борардик, қуёш бизга табассум билан боқарди, чунки биз қувнаб-кулиб борардик. Ҳаво ёвшан ва гуллолаларнинг хушбўй ҳидини таратарди, чунки биз тўйиб-тўйиб нафас олаётган эдик.
Яккаю ёлғиз қабр устидаги кўҳна гумбаз харобаларида ўтирган чўл калхати кўтарилиб, қанотларини силкиб-силкиб машина билан биргама-бирга йўл бўйлаб ер бағирлаб учиб борарди.
Йўлда кетаётган икки чавандоз чўчиб кетиб, ўзларини четга олди. Кейин дағдаға билан қийқириб, орқамиздан от қўйди.
– Ҳей, тўхта! Тўхта, – деб қийқириб, ер ўпиб чопиб келаётган отларини қамчилашарди. Уларнинг ким эканлигини билмасдим. Балки Асалнинг овулидандир. Аммо биз уларни тез чанг-тўзонда қолдириб кетдик.
Олдинда қандайдир арава йўл четига бурилди. Аравада ўтирган йигит билан қиз ўринларидан қўзғалиб чўккалашди-да, қўлларини бир-бировларининг елкасига ташлаганча иккинчи қўлларини силкиб қолишди.
– Раҳмат! – дея кабинадан қичқирдим уларга.
Дашт тамом бўлиб, катта йўлга чиқиб олдик. Ғилдираклар остида асфальт ғувиллай бошлади.
Машина бизни кўл томон элтарди. Мен уни шартта йўлдан четга бурдимда, тўппа-тўғри қўриқ ерга солдим, ўт-ўланларни босиб-янчиб қирғоққа томон ҳайдадим. Тепаликда, нақ сув тепасида тўхтадик.
Ў, Иссиқкўл, қирғиз диёрининг сўнмас қўшиғи! Бу денгиз ошиқ-маъшуқлар ҳақидаги афсона ва қўшиқлар диёри эканлигига ишонмай бўладими, ахир. У шу дамда мавжланиб, қатра ғуборсиз, ранг-баранг товланиб турарди.
Кўкимтир тўлқинлар ўркач-ўркач бўлиб, гўё қўл ушлашиб олишгандек, сарғимтир қирғоқлар сари елиб-югурарди. Тоғлар ортида қуёш ботмоқда, сувнинг этаклари кўзни қамаштириб, пушти ранг касб этган эди. Узоқларда осмон гумбазига бош урган қорли тоғларнинг оч бинафшаранг тизмалари кўзга чалинади. Бу тизмалар устида кулранг булутлар сузиб юрарди.
– Уни қара, Асал! Оққушлар! – деб қичқириб юбордим мен. Оққушлар Иссиқкўлга фақат кузда учиб келишиб, шу ерда қишлашади. Баҳорда эса бу ерга жуда камдан-кам келишади. Одамларнинг айтишича, булар шимолга кўчиб кетаётган жануб оққушлари эмиш. Уларнинг келиши яхшиликдан, бахтдан дарак берар эмиш…
Оққушлар галаси оқшомги кўл узра учиб юришарди. Қушлар гоҳ юқорига кўтарилар, гоҳ қанотларини ёйиб пастга сузишарди. Улар сувга қўнар, қанотлари билан шалоплатиб уриб, кўпириб турган сув томчиларини узоқларга сачратардилар-да, яна осмонга кўтариларди. Сўнгра улар турнақатор тизилиб, бир текисда қанот қоқишиб, тунамоқ учун кўрфазнинг қумлоқ соҳиллари томон учиб кетишарди.
Биз кабинада ўтириб, кўлни жимгина томоша қилардик. Гўё ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйгандек, шундай дедим:
– Ҳуув анови қирғоқдаги тунука томларни кўряпсанми, у бизнинг автобазамиз бўлади. Мана бу бўлса, – деб кабинани кўрсатдим, – бизнинг уйимиз!– дедим-да, бирдан кулиб юбордим. Уни қаёққа ҳам олиб борардим.
Асал кўзларимга тикилиб, ўзини кўксимга ташлади. У менинг пинжимга тиқиларкан, ҳам йиғлар, ҳам куларди.
– Жонгинам, азизим! Менга ҳовли-жойнинг кераги йўқ! Фақат ота-онам, кейинчалик бўлса ҳам, қачон бўлмасин, мени тушуниб, гуноҳимни кечиришса бўлгани. Улар мендан умрбод хафа бўлишади, буни яхши биламан… Аммо айб мендами ахир…
Тезда қош қорая бошлади. Кўкни булутлар қоплаб олди – кўлга сокинлик чўкиб, энди қорайиб кўринарди. Тоғ тизмаларига гўё электр пайвандчи ўтириб олгандек, бирдан ўт чақнаб, кўзларни қамаштирар ва яна ўчар эди. Момақалдироқ босиб келаётган эди. Оққушларнинг йўлларини ўзгартганлари ҳам бежиз эмас. Тоғда ёғингарчиликка дуч келишларини олдиндан сезганлар.
Мана, момақалдироқ гумбурлади. Ёмғир шаррос қуя бошлади. Кўл чайқалиб-тўлқинланиб қирғоқларга урила кетди. Бу биринчи баҳор момақалдироғи эди.
Бу – бизнинг бирга ўтказган биринчи тунимиз эди. Кабина устидан, ойналардан ёмғир пақирлаб сув қуйгандек оқиб, сизиб тушарди. Олис-олисларга чўзилган оч яшил яшинлар қопқора кўлга сузиб тушарди. Биз эса бир-биримизнинг пинжимизга кириб, шивирлашиб гаплашардик. Асалнинг чўчиганиданми ё совуқ қотганиданми, сал титраётганини сезиб турардим. Уни камзулим билан ўраб, қаттиқроқ қучоқладим. Шунда ўзимга ўзим жуда кучли, улкан одамдек бўлиб кўриндим. Ўзимда шунчалик меҳр ва муҳаббат борлигини ҳеч қачон сезмаган эдим, бировга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилиш шунчалик завқли эканини ҳам билмасдим. Унинг қулоғига: «Ҳеч кимга, ҳеч қачон сени хафа қилдириб қўймайман, қизил дуррачали сарвиқоматим!» – деб пичирладим.
Ана-мана дегунча ёмғир ҳам анча шаштидан тушиб қолди. Аммо чайқалиб ётган кўл ҳамон бешик-бешик бўлиб тўлқинланар, ёмғир шивалаб ёғарди.
Мен кабина токчасидаги сафарда олиб юриладиган радиоприёмникни олдим. Ўша кезлардаги менинг топган-тутганим шу эди. Мусиқа тинглашни жуда яхши кўраман, шунинг учун ҳам приёмникни доим ўзим билан бирга олиб юрардим. Унинг у ёқ-бу ёғини созлаб, керакли тўлқинни тутдим. Ҳозиргидек эсимда: ўша кеча театрдан «Чўлпон» балетини олиб эшиттиришмоқда эди. Балетда куйланаётган ёқимли ва кишини ўзига тортувчи қудратли мусиқа садолари худди ўша ашулада куйланган чин севги каби тошлар оша, чўққилар оша кабинага оқиб келаётган эди. Бутун зал ҳаяжонга келган, гулдурос қарсаклар билан артистларни олқишлар, томошабинлар уларнинг номларини айтиб қичқиришар эди, эҳтимол раққос ва раққосаларнинг оёқлари остига гуллар отишаётгандир. Аммо, менимча, театрда ўтирганлардан биронтаси ҳам биз каби – тўлқинлар мавжланиб, шиддат билан қирғоққа урилаётган кўл соҳилида, шаррос ёмғир остида кабинада ўтирган ошиқ-маъшуқлар сингари завқ-шавққа тўлиб ҳаяжонланаётган бўлмаса керак. Бу бизнинг балетимиз, биринчи кечамиздаги илк балетимиз эди. Ўз бахтини излаб кетган қиз – Чўлпоннинг тақдири бизнинг қалбимизга нақадар яқин эди. Менинг Чўлпоним – тонг юлдузим мен билан бирга, ёнгинамда ўтирибди. Ярим кечага бориб у елкамга бошини қўйганча ухлаб қолади, мен эса алламаҳалгача ўзимни боса олмай, ширин хаёллар оғушига чўмдим. Унинг юз-кўзини, бетларини аста-секин силар, тиниб-тинчимас Иссиқкўлнинг қандай тўлғанаётганини, хўрсиниб чуқур нафас олаётганини тинглар, кузатар эдим.
Эрталаб биз автобазага етиб келдик. Яхшигина дакки едим. Аммо бундай қувончли воқеа муносабати билан кечирдилар. Кейинчалик менинг юк ортувчи кран остидан қандай қочиб қолганимни эслашиб, анчагача кулиб юрдик.
Мен сафарга – Хитойга жўнашим керак эди. Асални ҳам ўзим билан бирга олволдим. Уни йўлда дўстим Алибек Жонтуриннинг уйида қолдирмоқчи бўлдим. У оиласи билан бирга довондаги базада, Нориннинг шундай ёнгинасида яшарди. Бу жой чегарадан унча узоқ эмас эди. Бу йўлдан юрганда доим уникига тушиб ўтардим. Алибекнинг хотини яхши аёл эди, уни жуда ҳурмат қилардим.
Биз йўлга чиқдик. Биринчи навбатда йўл ёқасидаги магазиндан Асалга унча-мунча кийим-кечак олдик. Унинг эгнида биргина кўйлаги-ю, қўлида кутубхонадан олган икки дона китобидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди. Булардан ташқари, каттакон, гулдор шолрўмол ҳам сотиб олдик. Бу ишимиз жуда яхши бўлган экан. Йўлда биринчи учраган кишимиз кекса шофёр, оқсоқолимиз Ўрмат ака бўлди. У олисданоқ менга тўхта, деб ишора қилди. Машинага тормоз бериб тўхтатдим. Кабинадан тушиб саломлашдик:
– Ассалому алайкум, Ўрмат ака!
– Ваалайкум ассалом, Илёс! Илёс! Қўлингга бахт қуши қўнибди, Худойим бахт берсин, ували-жували бўлинглар! – деб фотиҳа берган бўлди менга.
– Раҳмат! Қаёқдан била қолдингиз, Ўрмат ака? – деб таажжубландим мен.
– Э, ўғлим, хушхабарнинг садағаси кетай. Бутун трасса бўйлаб оғизма-оғиз кўчиб юрибди.
– Йўғ-э! – деб баттарроқ таажжубландим.
Йўл устида туриб гаплашардик, Ўрмат ака ҳатто машинага яқин ҳам келмади. Асалга кўз қирини ҳам ташламади. Яхшиямки, буни Асалнинг ўзи фаҳмлаб қолиб, бошига рўмолини ташлаб, юзини беркитди. Шунда Ўрмат ака мамнунлик билан жилмайди-да:
– Мана бу ишинг жойида! – деди у ва кабинага яқинлашиб келиб, Асалга боқди. – Раҳмат, қизим, ҳурмат қилганинг учун раҳмат. Бундан буён сен бизнинг келинимизсан, автобазадаги ҳамма оқсоқоллар келинисан, қизим. Ҳали улар йўлда учраб қолишади. Мана, Илёс, кўрмана. Келинни қуруқдан-қуруққа кўрсатмайдилар, – деб у пул узатди. Мен қўлини қайтара олмадим, йўқса, хафа қилиб қўярдим.
Биз хайрлашдик. Асал ҳамон бошидан рўмолини олмасди. Одатдагича тагли-тахтли қирғиз оиласига тушган келиндек, у одамлар билан учрашганда уятчанлик билан юзини беркитарди. Ўзимиз ёлғиз қолганимизда эса ўзаро кулишардик, бошига рўмол ташлаб олган Асал менга янада гўзалроқ бўлиб кўринарди.
– Жонгинам, қани, бошингни кўтар, мени бир ўпиб қўй-чи, – дедим унга.
– Мумкин эмас, оқсоқоллар кўриб қолишади, – деди-ю, шу заҳотиёқ кулги аралаш, гўё биров кўриб қолмасин деяётгандек, эҳтиётлик билан чаккамдан ўпиб олди.
Йўлда борарканмиз, яна ҳам қизиқроқ ҳодисаларга дуч келдик. Автобазанинг трассадаги ҳамма шофёрлари учрашганда бизни қайта-қайта тўхтатишиб табриклашарди, бахт-саодат тилашарди. Уларнинг кўпчилиги йўл-йўлакай гул териб, гулдаста ясабгина қолмай, ҳатто совғалар тайёрлаб қўйишга ҳам улгуришибди. Билмадим, кимнинг ақлига келди экан бу. Бу фикрни ҳойнаҳой рус йигитларимиз ўйлаб топишган бўлса керак. Улар қишлоқда тўй бўлиб қолса, машинани боплаб безатадилар. Ҳозир ҳам улар машинамизга қизил, кўк, яшил ленталар тақиб, шойи дурралар, гулдасталар ила бошладилар. Машинамиз турли-туман рангларга ғарқ бўлиб, чўғдек товланардики, эҳтимол у ўнлаб километр наридан кўзга ташланиб турган бўлса керак. Асал иккимиз ғоятда бахтиёр эдик, мен дўстларимнинг бу илтифотидан қалбдан фахрланардим. Дўст кулфатда синалади, дейдилар. Менимча, улар бахтли дамларда ҳам синаладилар.
Йўлда энг яқин дўстим Алибек Жонтурин ҳам учради. У мендан икки ёш катта. У – калласи катта, норғул йигит эди, ўзи анча ёш бўлса ҳам сермулоҳаза, оғир, вазмин йигит бўлиб, ажойиб шофёр эди. Базада уни жуда ҳурмат қилишарди. Алибекни профком қилиб ҳам сайлашганди. Қани, у нима деркин, деб ўйлаб турибман.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?