Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 53 (всего у книги 67 страниц)
– Тур, Султонмурот, йўлга тушамиз, – дея отаси елкасига қоқиб секингина қулоғига шивирлаганида у қўққисдан уйғониб кетди.
Ўрнидан сакраб тураркан, бир лаҳза отасининг қулоғига тегиб турган дағал мўйлови, ўзига қарата айтган сўзлари падари бузрукворига нисбатан қат-қат меҳр, миннатдорлик туйғуларини жўш урдириб юборганлигини ҳис этди. У ўшандай бир кун келиб отасининг соқоллари юзига тегишини, худди ўшандай «тур, Султонмурот, йўлга тушамиз», – деган сўзларини қўмсашини ҳали билмас эди.
Аллақачон ўрнидан турган онаси ўғлига ювилган кўйлак бериб, отаси ўтган йили Чуй каналидан олиб келган каттароқ кўк, худди бошлиқларникидай фуражкани бошига кийгизиб қўйди. Асраб қўйилган ботинкаларни ҳам отаси каналдан олиб келганди.
– Қани, кийиб кўр-чи, қисмайдими? – деди онаси ботинкаларни тутиб.
– Йўқ, қисмаяпти, – деди Султонмурот оёғини сал-пал қисаётганига қарамай. – Ҳечқиси йўқ, кенгайиб кетади ҳали.
Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан сачраётган муздек сув заррасидан этлари жимирлаб кетди ва тушида эмас, ўнгида, ростакамига шаҳарга кетаётганини ҳис этди.
Ёзги субҳидам худди шаффоф шарбатдай қуюла бошлади. Қуёш ҳали узоқузоқларда, оппоқ қорли тоғлар ортида эди. Бироқ у аста-секин яқинлашиб, кўтарилиб, ногоҳ тоғлар ортидан ярқираб чиқишга ҳозирланар эди. Ҳозирча эса туни билан салқинлашиб қолган йўлда сукунат ва соф ҳаво ҳоким. Афсус, уларни овулдан чиқиб кетаётганини болалардан ҳеч ким кўрмади-да. Фақат чекка-чеккадан итларгина ғилдирак товушини эшитиб, мудроқ аралаш ҳуриб қўйишарди…
Йўл адир бўйлаб борар, узоқдан бинафшаранг кўринишдаги унча баланд бўлмаган тизма тоғлар қўйнига кириб борарди. Ўша ёқда, ўша узоқ тоғлар ортида Жамбул жойлашган. Улар ўша ёққа кетишяпти. Тўйган отлар бир текисда дадил йўртиб борар, гўё эгар-жабдуқнинг ҳам, бўйинтуруқ ҳам унга алоқаси йўқдай, одатдагича кишнашиб ва кўзлари устига тушиб турган ёлларини селкиллатганча йўрғалаб боришарди. Йўл яхши таниш, бу йўллардан улар неча марталаб ўтишган; хўжайинлари ўз ўрнида, жилов қўлида, ёнидаги болакай ҳам бегона эмас, қадрдонлари, оғирлиги ҳам тушаётгани йўқ…
Улар шу маромда анчагина йўл босиб, дунёдаги барча аравалар сингари шақир-шуқур, ғичир-ғичир овоз чиқариб боришарди. Қуёш шу топда ён томондан, тоғлар орасидаги бўшлиқдан мўралай бошлади. Нур, ҳарорат, терга ботган отлар яғринига ҳаво тўлқинидай сокин ва майин таралди: нур қўйнида Чопдор бедана тухумидай бурул тусга кирди. Чонтор эса тағин ҳам тиниқлашиб, оқ-тўриқ рангга бўялди; нур, ҳарорат отанинг буғдойранг ёноғига ҳам қўниб, қисиқ кўзлари атрофидаги қалин ажинларни чуқурлаштирганидан, жилов тутган қўллари эса яна ҳам йирик ва чайир кўринарди; нур ва ҳарорат отларнинг туёқлари остига югурган оқимдай йўлга тўшалиб, тан ва кўзларга кўчди; нур, ҳарорат жумлайи жаҳонга ҳаёт ато эта бошлади…
Шу сафар тонгида Султонмурот қалбида илиқ, қувончли ва эзгу ҳислар ҳукмрон эди.
– Қалай, уйғондингми? – ҳазиллашди отаси.
– Аллақачон, – деди ўғил.
– Ундай бўлса, ушла буни, – дея жиловни унга тутқазди.
Султонмурот миннатдорлик билан жилмайиб қўйди, ахир у буни сабрсизлик билан кутаётган эди-да. Ўзи сўраса ҳам бўлар эдику-я, аммо яхшиси отасининг ўзи қачон маъқул кўрса шунда бергани яхши – унақа-бунақа иш эмас, бу катта йўлда юриш дегани. Отлар тизгинни бошқа қўлга ўтганини сезиб, норози бўлгандек қулоқларини чимириб йўртиб бораётиб – худди ҳукмронлик заифлашган айни пайтда ғалаён кўтаришга ва уришишга қарор қилишгандай бир-бирларини тишлай бошлашди. Аммо Султонмурот дарҳол ўзини кўрсатиб қўйди – жиловни силтаб тортганча қичқирди:
– Чу, жониворлар!
Агар бахт одамга бир марта насиб қилса, буни Султонмурот сафарда тўла ҳис қилди. Унинг кайфияти бирор дақиқага ҳам бузилмади. Отаси ёнида ўтираркан, у ўзини ҳар нарсага қодир деб ҳисобларди. Бу кайфият йўл бўйи уни тарк этмади. Шақир-шуқур керосин арава бошқа бировни ҳатто ақлдан оздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг учун эса бу бахт-шодлик қўнғироғи эди. Арава остидан кўтарилаётган чанг ҳам, ғилдираклар ғилдираб бораётган йўл ҳам, бир маромда туёқ ташлаб бораётган отлар ҳам, қорамой ва тер ҳиди анқиб турган абзал ҳам, бош устида сузиб юрган оппоқ парқу булутлар ҳам, атрофдаги шабнамга чўмилган сарғиш, кўм-кўк, бинафшаранг дала чечаклари ҳам, йўллардаги кечиб ўтиладиган сойлару ариқчалар, дуч келган отлиқлару аравалар ҳам гоҳ олдинга, гоҳ орқага енгил учиб, баъзида эса шундайгина отларнинг тумшуғи тагидан учиб ўтаётган қалдирғочлар ҳам – ҳамма-ҳаммаси бахт ва гўзаллик рамзи эди. Бироқ Султонмурот булар ҳақида ўйламасди, зотан бахт бор жойда у ҳақда ўйламайдилар. Султонмурот дунёнинг худди шундай тузилганини, бундан яхшироқ бўлиши мумкин эмаслигини ҳис қилди. Унинг отаси ҳам шундай яхшики, бундан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эмас эди.
Ҳатто сариқ тўш, қора бош дала қушларининг йўл бўйидаги тикан ва буталар шохига қўниб олиб, ўша бир оҳангда сайраши ҳам бежиз эмас эди. Ким учун сайраётганини ўзлари билишади. Султонмурот уларни қанчалик яхши кўришини ҳам билишади. Бу қушларни сарайғирлар деб аташади. Шундай деб аталишига сабаб улар бир умр ўзларининг сайроқ овози билан аллақандай саман айғирни шоширар эмиш: «Чу, чу, сарайғир! Чу, чу, сарайғир!» Ғалати қушларда, сарайғирлар. Бироқ улар ҳар тилда ҳар хил сайрар экан. Бир куни овулга киномеханик, хушчақчақ рус йигит келиб қолди. Султонмурот унга парвона бўлиб қутиларга солинган ленталарни ташишди, кечқурун эса бунинг учун у биринчи бўлиб динамо-машинасини айлантириш бахтига муяссар бўлди. Динамо-машинада электр токи ҳосил қилинади, токдан эса лампочкалар ёнади, лампочкадаги нур эса оппоқ экранга тушади, экранда эса жонли тасвирлар акс этади.
Шунда ўша киномеханик унинг сайрашини эшитиб, сўраб қолди:
– Девор ортида сайраётган қушнинг номи нима?
– Бу сарайғир, – тушунтирди унга Султонмурот.
– У нима деб сайраяпти?
– Чу, чу, сарайғир!
– Бу нима дегани?
– Билмадим. Русчасига: «Ноо, ноо, жёлтий жеребец!» – дегани бўлса керак.
– Биринчидан, айғир сариқ бўлмайди. Ҳа, майли, аммо нима учун тинмай: «Чу, чу, сарайғир!» – дейди.
Чунки бу қушнинг хаёлида худди сариқ айғирга миниб тўйга кетаётгандай туюлар экан, юриб-юриб ҳеч манзилига етолмаётгандай бўларкан-да, у ҳадеб:
«Чу, чу, сарайғир!» – деб қичқирар экан.
– Мен бўлсам бошқача эшитган эдим. Айтишларича, сарайғир бозорда қарта ўйнаган ва уч сўм ютиб олишига сал қолган. Шунинг учун ҳам: «Чут, чут три рубля не выграл!» – деб сайрар экан. Энди ўша уч сўмни ютиб олмагунича сайрашини қўймас экан.
– Қачон у ўша пулни ютиб олади?
– Ҳеч қачон. Худди, тўйга етиб боролмаганидай пулни ҳам ҳеч қачон ютолмайди.
– Ана холос…
Ҳақиқатан, кўринишдан оддийгина қушча-ю, аммо жуда машҳур экан.
Йўл бўйи сарайғирлар сайраб туришарди, Султонмурот уларга жилмайиб:
– Кетдик бирга, бозорга бориб уч сўмни ютиб оламиз! – дерди.
Улар эса тинмай сайрашарди. «Чу, чу, сарайғир!» Бошқа гал эса: «Чут, чут, три рубля не выграл!» – деб жиғибийрон бўлиб сайрашарди.
Султонмурот шаҳарга жуда тез етишга ошиқарди. Қуёш энди шундоқ тоғлар устига келиб қолган эди. Султонмурот отларни тезлатди:
– Чу, чу, сарайғир! – бу сўзларни у Чопдорга айтди. – Чу, чу, тўрайғир! – бунисини эса Чонторга қарата айтди.
Отаси уни сал қайтарди:
– Қичаб ҳайдама. Отлар ўз маромини билади. Керагида чопади, керагида ўзини асрайди ҳам.
– Уларнинг қайси бири яхши, ота, Чопдорми ё Чонторми?
– Иккаласи ҳам яхши отлар. Йўрғалаши ҳам, кучи ҳам баравар. Худди машинадай ишлайди. Фақат парвариш қилиб, ўз вақтида ем-хашак бериб турсанг бўлди – ҳеч қачон доғда қолдирмайди. Ишончли отлар. Ўтган йили Чуй каналида ботқоқликда ишладик. Аравалар юки билан гупчагигача ботиб қолар эди. Гоҳо шундай ўтириб қолардики, баъзиларини ҳеч қаёққа силжитиб бўлмасди. Дод деб юборгинг келарди. Қутқар, деб дарров чопиб келишарди. Илтимос қилишарди. Йўқ, деб бўлармиди? Чонтор билан Чопдоримни олиб келиб аравага қўшардим. Биз ҳайвон деймизу улар ақлли, уларни бекорга бошқа аравага қўшмасликларини, ёрдам қилишлари кераклигини тушунади. Қамчини кўп ишлатмайман, фақат овоз чиқариб қўяман – улар бўлса, ишқилиб абзаллари чидаса бўлди, тиззалаб бўлса ҳам аравани тортиб чиқаради чуқурдан. У ерда, Чуй каналида, буларни ҳамма биларди: омадинг бор экан сени, Бекбой, деб ҳавас қилишарди. Балки шундайдир, фақат отларга яхши қараш керак, ана шунда омад ҳам келаверади.
Чопдор ва Чонтор ишбилармонлардай, ўша бир маромдаги йўрғасида борар, гўё гап улар ҳақда эмасдай эди. Отлар қоринбоғларию қулоқларигача терлабпишиб, ҳамон аввалгидай ёлларини селкиллатишганларича йўл пашшаларини қўнишига имкон бермай боришарди.
– Ота, қайси бири катта, Чонторми ё Чопдорми? – отасидан сўрайди Султонмурот.
– Чонтор уч ёш катта. Чонторнинг кексайгани аста-секин билиниб қоляпти. Чопдор эса айни кучга тўлган вақти. Бақувват, чопқир от. У билан улоқда ҳам кўпларни доғда қолдириш мумкин. Олдинлари бунақа отни йигитнинг қаноти, дейишарди.
Султонмурот Чопдор унга кўпроқ ёққани учун суюниб кетди. Ажойиб тусли – бурул, майда холли. Ўзи ҳам бадфеъл эмас, чиройли, бақувват.
– Менга Чопдор кўпроқ ёқади, – деди у отасига. – Чонтор баджаҳл. Кўзини олайтиргани олайтирган.
– Баджаҳл эмас, ақлли-ку, – кулимсираб қўйди отаси. – У ишсиз қолиб зериктиришларини ёқтирмайди. – У бир оз туриб яна қўшиб қўйди: – Иккаласи ҳам яхши.
Ўғли ҳам маъқуллади.
– Икковиям яхши, – такрорлади у отларни қистаркан.
Бир оздан сўнг отаси деди:
– Қани, жиндай тўхтатиб тур-чи, – тўхтат аравани. – Ўзи эса қулай фурсат кутиб ҳуштак чалди. – Отларнинг сийгиси қистади, аммо айта олишмайди. Буни сезиш керак.
Ҳақиқатан иккала ахта ҳам йўлда шовқин солиб, оппоқ кўпик сачратиб сия бошладилар, қалин, майда, упадай чанг бўлса кўпик бўлиб кўпчиб лойга ботди.
Кейин улар яна йўлга тушишди. Йўл борган сари илгарилар, тоғлар эса ортда қоларди.
Тез орада шаҳар четидаги боғлар кўриниб қолди. Кўчаларга жон кирди. Энди жиловни отаси олди. Тўғри қилди. Энди Султонмуротга отларнинг ҳам, жиловнинг ҳам қизиғи қолмаганди. Шаҳар бошланган эди. Шаҳар ҳар хил бўёқ ва ҳидлар анқиган, шовқин-суронга тўлиқ эди. Гўё тўполон оқимига ташлаб юборади-ю, у оқим бўлса уни айлантириб-айлантириб тўлқинлар домига тортиб кетгандай эди.
Ана ўшанда, ўша бахтиёр кунда ҳеч кимга насиб қилмаган омад насиб қилди унга: отчопарда, Жамбулнинг каттакон мол бозорида сайёр ҳайвонот боғи очилган экан. Тасодифни қаранг: одам умрида биринчи бор шаҳарда бўлса-ю, умрида кўрмаган ҳар хил ҳайвонлари бор ҳайвонотхонага, бунинг устига, карусел ва яна қийшиқ-қинғир қилиб кўрсатадиган ойналар аттракционига дуч келса-я.
ИККИНЧИ БОБ
Кулги хонасига у уч марта кирди. Мириқиб кулиб, ўзини тўхтатиб олгач, яна қийшиқ ва мўъжизакор ойналар олдига борарди. Ана башара, ана сенга найранг! Бир умр ўйлаб, минг қил, юз қил, барибир ўйлаб тополмайсан!
Таниш чойхоначига кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлаб аравасини қолдиргач, отаси уни бозор айлантиргани олиб кетди. Аввалига отасининг шу ерлик ўзбек ошналари билан салом-алик қилишди. «Ассалому алайкум! Мана бу менинг катта ўғлим!» – таништирди Бекбой уни. Ўзбеклар ўрнидан туришиб ва қўлларини кўксига қўйиб, Султонмуротга юзланишди. «Дилкаш халқ! – деди отаси унга. – Ўзбеклар сенинг катта-кичиклигингга қарашмайди, доим иззат қилишади…»
Кейин савдо расталарига, магазинларга, энг муҳими, ҳайвонотхонага боришди. Одамлар орасида туртиниб-суртиниб юриб ҳамма қафасларни ва хоналарни кўриб чиқишди. Фил, айиқлар, маймунлар – нималар йўқ эди дейсиз…
Ҳаммасидан кўра Султонмурот кулранг, майсалари сарғайиб қолган тепаликка ўхшаган баҳайбат, гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига оғирлигини ташлаб, хартумини ўйнатиб турган филни ёдида сақлаб қолди. Вой-бў! Одамлар тўпланишиб филга термилишиб турар ва ҳар хил гапларни айтишарди. У сичқондан қўрқар эмиш. Жиғига тегмаслик керак эмиш, Худо кўрсатмасин, занжирларини узиб юборса, бутун шаҳарни майда-майда қилиб юборар эмиш. Ҳаммасидан ҳам Султонмуротга бир ўзбек чолнинг ҳикояси ёқиб тушди, у филни дунёда энг ақлли ҳайвон, деди. Хартуми билан ўрмон ишларида баҳайбат ёғочларни кўтариш билан бирга атрофда каттароқ кишилар бўлмаса, яна ўша хартуми билан ёш болага илон ёки бошқа бирон-бир хавф таҳдид қилгудай бўлса, уни ердан даст кўтариб олармиш.
Бунақанги ҳикоя отасига ҳам маъқул бўлди. У ҳайратланиб тилини такиллатиб қўяр ва ҳар сафар ўғлига дерди: «Эшитдингми? Дунёда қандай мўъжизалар бор-а!».
Албатта, кулги хонаси ҳам эсида қолди. У ерда ўз устингдан хоҳлаганингча кулаверасан…
Султонмурот бир неча қатор нариги партада ўтирган Мирзагулга назар солиб олди. «Сени ўша кулги хонасига олиб борсамиди! – деб ўйлади завқ билан. – Дарров бошқача бўлиб қолардинг, соҳибжамол! Ўзингни ўша ойнада кўрардингу такаббурлигингдан нишон қолмасди». Аммо у шу заҳотиёқ ўз фикрларидан уялиб кетди. Нега у ҳадеб қизга осилаверади, нима ёмонлик қилди унга? Қиз деса қиздай, соҳибжамол, синфдаги ҳамма қизлардан чиройли. Нима қипти, бу гуноҳми? «Ёмон» олган кунлари ҳам бор.
Муаллима дарс пайтида бир куни унинг ойнасини олиб қўйди. Ҳали севишишга эрта деди. Мирзагул уялганидан қип-қизариб кетди, йиғлаб юборишига сал қолди. У бўлса қизни ўйлаб, нимагадир хафа бўлиб кетди. Нима бўпти, ойна, эҳтимол бехосдан унинг қўлига тушиб қолгандир…
Қиз тарафга яна бир қараб, Султонмуротнинг унга раҳми келиб кетди. Мирзагул кўкариб, совуқдан ғужанак бўлиб ўтирар, кўзлари намли ялтирарди, балки у йиғлаётгандир. Ахир унинг отаси ҳам, акаси ҳам фронтда… Султонмурот бўлса унинг ҳақида ёмон ўйларга бориб юрибди. Эҳ, тентак, чиндан ҳам тентак.
Синфдагиларнинг кўпчилиги шамоллаганларидан йўталишяпти. Балки у ҳам йўталиб кўрар? У титраб, эгилиб-букилиб атайин йўтала бошлади. Нима қипти, ҳамма йўталяпти-ку, унинг қаери кам улардан? Инкамол опа унга маъноли қараб қўйди-да, яна тушунтира кетди.
УЧИНЧИ БОБ
Ҳайвонот боғи ва кулги хонасидан чиқиб улар чайқов бозори томон йўл олишди. У ердан совғалар харид қилишди. Ажимуротга янги, чиройли, ялтироқ пўкак тўппонча олишди. Томоша қилиб тўймайсан, худди ростакам наганнинг ўзи. Қизчаларга эса аллақандай рангли, юмшоқ резина коптоклар олишди. Резинкасига туртиб қўйсанг бўлди, копток гоҳ тепага, гоҳ пастга сапчийди. Онасига рўмол олдилар ва яна қанд-қурс дегандай…
Бутун бозорни айланиб, ҳамма нарсани кўрдилару, лекин каруселда учмадилар, отаси ҳам, туша қол, деб айтмади. Бу кичкина болалар ўйини, сен бўлсанг йигит бўлиб қолдинг, бир-икки йилдан кейин уйлантириб қўйсак ҳам бўлаверади, дея ҳазиллашди. Каруселнинг олдида бир оз туришиб, томоша қилишди. Нефть базасига бориш керак, станцияга улгуриш, бочкаларни тўлғизиб йўлга тушиш керак. Кеч эса кириб қолди, дея уни отаси шошилтирди. Ҳақиқатан улар нефть базасига етиб келишганида қуёш шаҳар ортига оғиб қолган эди. Шу ердан, шаҳар чети бўйлаб юриб, йўлдаги чойхонадан палов еб қоринларини тўйғазиб олишгач, уйга қайтишди.
Қош қорая бошлаганида шаҳар четидаги боғларни ортда қолдириб, яна ўша ўзлари кундузи шаҳарга кириб келган йўлга чиқиб олишди. Ёзги чечаклар ҳиди анқиган оқшом илиқ эди. Йўл бўйидаги ариқчада бақалар вақиллашар, отлар эса бир маромда қадам ташлардилар, ахир тўла бочкалар билан чопиб бўлармиди. Султонмуротни аста-секин уйқу элита бошлади. Чарчади. Чарчамай бўладими ахир – бугун шундай ажойиб кун бўлдики, асти қўявер. Афсуски, аравада чўзилишга жой йўқ. Унинг бўлса жуда ухлагиси келарди. Отасининг елкасига бошини қўйди-ю, қаттиқ уйқуга кетди. Ҳар замон ҳар замон ўнқир-чўнқир жойларда кўзини очарди-ю, яна юмарди. Ҳар гал ухлашдан олдин, дунёда оталар борлиги қандай яхши, деб ўйларди. Отасининг бақувват елкасига бошини қўйиб ухлаш бехавотир ва осойишта эди. Арава ҳамон тарақлаб, ғижирлаб борар, отлар туёғи дукурлар эди.
Қанча йўл босганларини Султонмурот билмай қолди, бехосдан арава тўхтади. Атроф жимиб қолди. Отаси уни қўлига кўтариб олди-ю, қаергадир олиб борди.
– Катта бўлиб қолибди-я, кўтариб бўлмайди. Оғир бўлиб қопти, – шивирлади ўғлини бағрига босиб. Кейин уни пичанлар устига ётқизиб, устини фуфайка билан ўраркан, деди:
– Сен ухлайвер, мен отларни чиқариб ўтга қўйвораман.
Султонмурот шундай маза қилиб ухлаётганидан кўзини очмади ҳам. Фақат яна, дунёда оталарнинг бўлиши қандай яхши, дея ўйлади.
Отаси оёғидан ботинкасининг боғичини ечиб олганида у яна уйғониб кетди. Ботинкалар кун бўйи оёғини роса қисган эди. Отаси ботинка оёғини қисганини қаердан била қолди экан?
У қайтадан уйқуга кетаркан, гўё ўзини оқим бағрига ташлаб сузиб кетаётгандай эркин ҳис қилди. Назарида шамол тўлқинлари майсазор бўйлаб яйраб, ўйноқлаб эсаётгандай туюлди. Гўё у ўша майсазор узра югурар, шўнғир ва ўша мавжланаётган майсазорга кўкдан унсизгина юлдузлар ёғиларди… У ер-бу ерга жимгина ёнаётган юлдузлар тўкилар, аммо у етиб келгунича юлдузлар сўниб қоларди. У туш кўраётганини ҳис қиларди. Гоҳ-гоҳ уйғониб тушовланган отлар кўм-кўк ўтларни илдизи билан суғуриб кавшаётганини ва бўшатиб қўйилган сувлиғини шилдиратиб ғарам ёнидан ўтаётганини эшитар эди. Отаси ёнида ётганини, далада тунаб қолишганини билар ва кўзини очса чиндан ҳам осмондан тўкилаётган юлдузларни кўришига ишонар эди.
Аммо кўзини очгиси келмас, маза қилиб ухлаётган эди. Тун ярмида совуқ туша бошлади. Отаси сари сурила-сурила унинг биқинига кириб олди ва шунда отаси уйқу аралаш уни қучоқлаб маҳкам бағрига босди. Улар йўл бўйида, яйдоқ далада, очиқ ҳавода ухлашарди. Бу сенга уйда, юмшоқ болишда ухлаш эмас…
Кейин у тез-тез юлдузли тушини эслаб юрди…
Шундоққина икки қадам нарида бир бедана тонг отгунча тинмай сайраб турди… Дунёдаги барча беданалар бахтли бўлсалар керак.
ТЎРТИНЧИ БОБ
– Султонмурот, сенга нима бўлди? – Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси олдига келгандагина пайқади.
– Ўзим. Ҳеч нима, – гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан турди.
Синф ҳамон совуқ ва жимжит эди. Болаларнинг одатдаги йўталлари аралаш ҳиринг-ҳиринг кулгани эшитилди.
– Гоҳ беҳудадан беҳудага йўталинг тутади, гоҳ берилган саволни эшитмай қоласан, – деб қўйди норозилик билан Инкамол опа совуқдан елкалари қунишиб. – Бор, яхшиси, похол олиб келиб, печкага ўт ёқ.
Султонмурот шуни кутиб тургандек, дарҳол ишга киришди. Ахир бунақа топшириқ дарс пайтида доим бўлавермайди-да. Навбатчилар танаффус пайти похол олиб келиб печкани ёқиб қўйишади-ю, аммо дарс вақтида бунақаси камдан-кам бўлади.
У отилиб ташқарига чиқди. Юзига қор аралаш шамол урилди. Эҳ, Цейлон эмас-да бу ер! Ҳовли этагидаги похол сақланадиган омбор томон чопиб кетаётиб, отдан тушаётган колхоз раиси Тиналиевни кўриб қолди. У фронтдан ярадор бўлиб қайтган. Ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб юради. Бир неча қовурғаси йўқмиш. Парашютдан ташлайдиган десантчилардан экан. Урушгача агроном бўлган, дейишади. Аммо буни Султонмурот негадир эслолмайди. Урушдан олдин ҳамма нарса худди бир дунёга ўхшайди, шунинг учунми, урушдан бурунги ҳаётнинг бўлганлигига ишонмайсан ҳам…
Султонмурот бир қучоқ похол кўтариб, эшикни оёғи билан туртиб очганча синфга кириб келди. Болалар бирдан жонланиб, шивир-шивир бошлашди.
– Тинчланинг, алаҳсиманглар! – улардан талаб қилди Инкамол опа. – Султонмурот, шовқин кўтармай ишингни қилавер.
Печка ичида похол кули учқунлаб турарди. Ўша учқунга бир тутам похол солиб тутатди. Яна қайта-қайта похол тутамидан ташларкан, печка гувиллаб ёниб кетди. Похол ташлаб туришга улгурсанг бўлгани. Синф хонаси жонланиб қолди.
У орқасига ўгирилиб қарагиси, кимгадир афтини бужмайтириб кулдиргиси ва, айниқса, орқа партада ўтирган Онатойга мушт ўқталиб пўписа қилгиси келарди. Кўряпсизми, у синфда энг каттаси, ўн беш ярим ёшда, уришқоқ, бунинг устига, Мирзагулга тегажаклик ҳам қилади. Қани энди, унга тилини кўрсата олса эди. Ма сенга, ма, деб! Аммо бундай қилиш мумкин эмас, муаллималари қаттиққўл. Ҳа, уни ортиқча хафа қилишни хоҳламайди. Нимагадир кейинги пайтларда унинг ёлғиз ўғлидан хат йўқ. Ўғли командир, артиллериячи. У билан жуда фахрланади. Қандайдир хунук воқеа содир бўлиб, эри урушдан олдин қайгадир ғойиб бўлган. Одамлар ҳам бу ҳақда ҳеч нарса гапиришмайди. Шунинг учун ҳам у овулга келиб ўқитувчилик қиляпти-да. Ўғли Жамбулдаги педагогика билим юртида ўқиб юриб, ўша ердан фронтга кетди. Деразадан отлиқ почтальонни кўриши билан Инкамол опа болалардан бирини тўғри дарсдан чиқариб хатга чоптирарди. У эса югуриб ҳовлига чиқади-ю, агар хат бўлса ўзида йўқ шод қайтади. Ҳатто келгуси сафар муаллиманинг хатини олиб келиш учун навбат белгиланган.
Хат келган кунлари байрам бўлиб кетади! Инкамол опа турган жойидаёқ хатга тезгина кўз югуртириб чиқиб, қоғоздан бош кўтарганида синфда гўё бошқа муаллима пайдо бўлиб қолгандай бўлади. Тутам-тутам оқ аралашган сочларини рўмоли остига чиройли қилиб бостириб олган муаллиманинг шундай қувончга тўлганида хотиржам туриш, унинг кўзларида ёш кўринганида юрагинг ачишмаслиги мумкин эмас.
– Ҳаммаларингга салом, болалар, каттакон салом! Оғаларинг соғ-саломат экан. Жанг қиляпти, – дейди у суюнаётганини бутун синфдан яширолмасдан қалтироқ овозини босиб. Барча унга талпиниб, гўё бу қувончни баҳам кўрадигандай чеҳраларига табассум ёйилади. Бироқ бир озгинадан сўнг ўзи шундай дейди:– Энди, болалар, машғулотимизни давом эттирамиз.
Ана шундагина дарснинг энг ажойиб, энг яхши онлари бошланади: унинг сўзлари таъсир кучини оширади, фикрлари фикр туғдиради, у нима ҳақда гапирса, тушунтирса, исбот қилса, ҳаммаси ўқувчиларнинг ақлу юрагига жо бўлаверади. Унинг илҳоми жўшади-ю, бутун синф сеҳрлангандек жим ўтиради…
Кейинги кунларда унга нимадир тинчлик бермасди, безовта қиларди… Шунинг учун бўлса керак, синфга илмий мудир ҳамроҳлигида колхоз раиси Тиналиев кириб келганда Инкамол опа астагина доска томон чекинди. Сўнг болаларга юзланиб истар-истамас деди:
– Ўринларингдан туринглар, болалар. Султонмурот, сен жойингга бор.
Султонмурот печка оғзини бекитиб, дарҳол ўз жойига йўналди. Келганлар саломлашдилар.
– Салом! – дея жавоб берди уларга бутун синф. Ўртага сергаклантирувчи жимлик чўкди. Ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам.
– Бирор воқеа юз бердими? – дея сўради Инкамол опа бўғилиб.
– Ҳеч қанақа ҳодиса юз бергани йўқ, Инкамол опа, – дея уни дарҳол тинчлантирди Тиналиев. – Мен бошқа иш юзасидан келган эдим. Болаларга гапим бор. Дарс пайтида кирганим учун кечиринг, ижозат берган эдилар, – деди у кекса илмий мудир томонга ишора қиларкан.
– Ҳа, муҳим гап бор, – деб таъкидлади илмий мудир ҳам, – ўтиринглар, болалар.
Синф дув этиб ўтирди.
Тиналиев яқингинада – кузда фронтдан келганидан бери раислик қилаётган бўлса-да, уни ҳамма биларди, ўзи ҳам бу ерда ўтирганларнинг деярли барчасини танийди. Демак, танишиш учун келмаган. Бўлмаса, нега келади? Еттинчи синф ўқувчилари – овулда кўзга кўриниб қолганлардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар қайсиси билан қишлоқнинг ҳар бир жойида, уйда ҳам, идорада ҳам, йўлда ҳам гаплашиш мумкин. Аммо раиснинг биринчи марта болаларга муҳим гап айтиш учун атайлаб мактабга келиши эди. Нима демоқчи, қанақа янгилик бор экан? Ёзнинг йўриғи бошқа, ҳаммалари колхозда ишлашарди, лекин ҳозир қандай гап бўлиши мумкин?
– Гап бундай, – деб сўз бошлади Тиналиев болаларнинг сергак юзларига диққат билан боқиб. У бир томонга қийшайиб тургани кўзга ташланмаслиги учун қаддини тик тутишга ҳаракат қиларди. – Мактабингиз совуқ, аммо сизларга похолдан бошқа нарса билан ёрдам беришга ожизман. Похол бўлса, ҳаммага маълумки, гур этиб ёнади-ю, ўчади. Илгарилари мактабни иситишга бериладиган таппини аввалига тоғдан орқалаб тушиб, кейин араваларга ортиб келинарди. Ўтган йили бу иш билан шуғулланишга одам ҳам, вақт ҳам бўлмади. Ҳамма фронтда, биласизлар. Мен икки тонна кўмирни яшириб қўйганман. Лекин бу кўмир темирчиларга керак. Кўмирни ҳам, темирни ҳам чайқовчилардан сотиб олдим. Пайти келиб улар билан ҳисоблашармиз. Ҳозир эса шароит оғир. Ўтган йили икки юз гектар ерга кузги буғдой сеполмай қолдик, улгуролмадик. Ҳеч ким айбдор эмас. Уруш… Бироқ ҳамма жойда, ҳамма колхоз-совхозлар бизга ўхшаб ҳосилни вақтида йиғиштиролмаса, уруғликни сепиб улгуролмаса, ишни тугаллай олмаса, унда душманни қандай енгамиз? Уларни енгиш учун нон ҳам, снаряд ҳам керак. Шу туфайли олдингизга келдим, болалар, ораларингизда баъзи бировларингизга ўқишни вақтинча қўя туришларингизга тўғри келади. Ҳозир дам ғанимат, уловни баҳорги шудгорга тайёрлаш керак, от-уловларимизга эса қараб қўрқиб кетасан – рамақижон. Эгар-жабдуқни шай қилиш керак, улар ҳам илма-тешик бўлиб кетган, плугларни, сеялкаларни ремонт қилиш зарур, бари қор тагида ётибди… Бу гапларни айтаётганимнинг сабаби нима дерсизлар. Кузда эколмай қолган ерларимизга лалми экайлик дейман. Буни қандай бўлмасин, фронтча қилиб айтганда, сўзсиз бажариш керак! Бу эса пландан ташқари, ўз кучимиз билан қўшимча икки юз гектар майдонни ҳайдаб, баҳори ғалла экиш деган сўз. Икки юз гектар!! Тушуняпсизларми? Аммо қани ўша куч, кимга суянайлик? Биз яна шундай қилишга қарор қилдик: ўзимизда борларидан, баҳорги мавсумга тайёрланаётганлардан ташқари, қўшимча равишда, икки тишли плугчилар бригадаси тузамиз. Ўйлаб, чамалаб кўрдик. Бу ишга хотин-қизларни жўнатолмас эканмиз. Ораси узоқ, Оқсойда. Одам йўқ. Ахийри, сиз ўқувчилардан ёрдам сўрашга қарор қилдик…
Баджаҳл ва тунд, армиядан кийиб келган кулранг шинелини ечмай, кулранг қулоқчинда доим дийдираб юрувчи, ташвишдан юзлари жиддий, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қараманг, елкасига дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев ана шундай деди…
Раис Тиналиев география харитаси осиғлиқ мактаб доскаси ёнида турганча одамлару бутун замину денгизларни, жумладан, Цейлон, Ява, Суматра, Австралия сингари ёғ ичиб, яланғоч ётадиган ажойиб-ғаройиб иссиқ ўлкаларни ҳам сиғдира олган ўша харита олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
Иситишдан кўра ивирсиғи ортиқ похол ёқиб илитилаётган мактабда раис Тиналиев ана шу алфозда сўзлар эди. У узоқ Оқсойдаги юзлаб гектар қўшимча ерларга фронт учун баҳори ғалла экиш ҳақида гапираркан, унинг оғзидан ҳовур чиқиб турарди…
Ҳа, раис Тиналиев ана шундай деди…
Ташқарида ҳамон қор бўралаб, тирқишлардан ғўриллаганча совуқ ел кирар, симёғочга қантариб қўйилган, ҳурпайган отнинг шамолда депсиниб, бошини панага олишга интилаётгани Султонмуротга кўриниб турар эди. Шамол отнинг ёлларини тўзғитар, ингичка думини бир ёнга итқитар эди. От бечора совқотган бўлса керак…
Ҳа, бу ер Цейлон эмас…
– Яхши кунда мен сизларни ўқишдан қолдирармидим, – деди Тиналиев. – Бошқа илож йўқ. Ўзларинг ҳам тушунишларинг керак. Урушдан кейин, балки омон бўлсам, мен ўзим сизларни мактабга бошлаб келиб, ўқишни давом эттиришларингни илтимос қиламан. Ҳозир эса аҳвол мана шунақа…
Кейин илмий мудир сўзлади. Сўнгра яна Тиналиев гапирди. Охири синф жонланиб кетиб, болалар қўл кўтариб: «Мен бораман, ишлашга мен ҳам бораман», – деб чуғурлаша бошлаганларида Тиналиев дарҳол аниқлик киритди:
– Кимда-ким раисга, ҳар қандай ўқувчи ҳам бўлаверади, деб ўйласа, адашади. Кимки ёмон ўқиган бўлса, у ёмон ишлайди. Иккинчидан, яхши ўқийдиган ўқувчининг кейинчалик етиб олиши осон бўлади. Мана сен, Султонмурот, синфдагиларнинг энг каттасига ўхшайсан…
Болалар шовқин кўтаришди:
– Ичимизда энг каттамиз Онатой. Яқинда ўн олтига киради!
– Мен ҳозир ёшини айтаётганим йўқ. Бўй-басти ҳақида гапиряпман. Муҳими, бу ҳам эмас. Мана сен, Султонмурот, – деб яна унга юзланди раис. – Сен ўтган йили полизда ер ҳайдагансан-а, шундайми?
– Ҳа, – дея жавоб қайтарди Султонмурот ўрнидан туриб. – Орол кўчасида ер ҳайдаганман.
– Икки тишли, тўрт от қўшилган плугдами?
– Ҳа, икки тишли, тўрт от қўшилганида, лекин мен фақат ёрдам берганман, холос. У Сартбойнинг плуги эди, уни ўша кунлари армияга олишган, экин пайти эса ўтиб кетаётган эди. Чекиш оқсоқол кўмаклашишни илтимос қилди.
– Биламан. Шунинг учун ҳам гапни сендан бошладим-да, – деди раис.
Ҳамма ялт этиб Султонмуротга қаради. У Мирзагулнинг ҳам тикилиб турганини кўрди. Мирзагул унга бошқаларга қараганда ўзгача нигоҳ ташлади. Гап ўзи ҳақида бораётгандек, қизариб кетди. Бундан Султонмурот ўнғайсизланиб, юраги дукиллаб ура бошлади.
– Мен ҳам полизда ер ҳайдаганман! – дея ўтирган жойидан бақирди Онатой.
– Мен ҳам, – дея қўшиб қўйди Эркинбек. Яна кетма-кет овозлар эшитилди.
Тиналиев болаларнинг жим бўлишларини илтимос қилди.
– Келинглар, болалар, навбат билан гапирайлик. Бу ерда муҳим иш ҳақида гап кетяпти. Гапни ўқишдан бошлайлик. Сенинг ўқишинг қалай? – дея у яна Султонмуротга юзланди.
– Унчалик эмас, – деди Султонмурот.
– Нимаси унчалик эмас?
– Унчалик ёмон эмас.
– Яхши ҳам эмас, – деб қўйди шу пайтгача жим ўтирган Инкамол опа. – Мен унга сен бундан кўра яхшироқ, юз марта яхшироқ ўқишинг мумкин, деб доим айтаман. У жуда қобилиятли. Лекин ҳамма бало шундаки, калласи бўлмағур хаёллар билан банд бўлаверади.
– Ҳа-а, – деди раис ўйчанлик билан. – Мен умид қилган эдимки… Ҳа, майли. Сенинг отанг фронтда. Унинг учун ош-нон етказиб берадиган пайтинг келди. Сенинг ўқишинг-чи, Онатой?
– Меники ҳам шунақа, – деди Онатой хўмрайиб ўрнидан тураркан.
– Бундан чиқди, бир-бирларингиздан қолишмас экансиз-да, – деди кулиб Тиналиев, бир оз индамай тургач, шундай деди: – Мактабга яна қайтганларингда ўқишнинг қадр-қимматини чуқурроқ тушуниб оласизлар. Биламан, ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. Сал нарса бўлса, бор-э, ишлайман, дердик. Фақат ишлаш учунгина яшайдими одам? Сен нима деб ўйлайсан, Онатой?
Онатой нималардир деб изоҳ бермоқчи бўлди-ю, аммо кейин ростига кўчиб қўя қолди:
– Билмадим.
– Мен ҳам кўп гапни билмайман, – деди Тиналиев, – бироқ уруш бўлмаганда ўқишга борардим, яна ўқиган бўлардим…
Синфдаги болалар ошкора кулиб юборишди. Кулгили-да, кап-катта одам, колхоз раиси бўлса-ю, яна ўқимоқчи эмиш. Уларнинг эса ўқиш жонларига теккан.
– Бунинг нимаси кулгили? – деб жилмайди Тиналиев. – Ҳа, болалар, мен ўқишни жуда хоҳлардим. Буни сизлар ҳам кейинроқ тушуниб оласизлар.
Шунда кимдир пайтдан фойдаланиб унинг сўзини бўлди:
– Раис амаки, самолётдан сакраганингиз ростми?
Тиналиев бош ирғади.
Бола тағин савол ташлади:
– Вой-бўй! Қўрқмадингизми? Мен бир марта тамаки омборининг томидан пичан ғарамига сакраганимда тиззаларим қалтираб кетган!
– Ҳа, сакраганман. Фақат парашут билан, – деб тушунтирди Тиналиев. – Бу гумбазга ўхшаган нарса, тепангда худди ўтовга ўхшаб очилади…
– Биламиз, биламиз, – дея чувиллашди болалар.
– Ана шундай, биз десантчилар эдик. Парашут билан сакраш вазифамиз эди.
– Десант нима дегани? – деди яна кимдир.
– Десантми? Бу кўчма, жанговар отрядь. Энг муҳими, махсус топшириқларни амалга ошириш учун юбориладиган отрядь. Билдиларингми, тушунарлими?
Синфга жимлик чўкди.
– Десант бир нечта ва бир неча минг одамлардан тузилиши мумкин, – дея давом этди Тиналиев. – Муҳими, десант душманнинг орқа томонига ўтиб олади-да, мустақил ҳаракат қилади. Агар унча тушунмаган бўлсаларинг, бошқа бирон кун гапириб берарман. Ҳозир эса ишга ўтайлик. Онатой, сен ўтир, нега тик турибсан? Сенинг отанг ҳам фронтда жанг қиляпти.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.