Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Мен тўхтамай, гаражга қараб кетавердим. Алибек менга етиб олди-да, елкамдан ушлаб тортди.
– Уҳ, сени қара-я! Тушуняпсанми, ахир ишонтирдим-да! Тайёргарлик қилавер, Илёс! Шерик бўлиб борасанми? Синаб кўрамиз! Прицеп билан!
Менинг дилим ранжиди: мени ёмонотлиқдан қутқармоқчи бўлибди, омадсиз ўртоғини шатакка олар эмиш! Шерик эмиш! Мен унинг қўлини елкамдан силтаб ташладим:
– Прицепингдан ўргилдим!
– Намунча зарда қиласан. Ўзингдан кўр! Мен сенга шунчаки гапираётганим йўқ – биз унча-мунча нарсаларни ўйлаб қўйдик, одамлар билганларини айтишди, қолаверса, довонда ташлаб келган прицепингни ўзим тортиб келганман… Бирон иш чиқиб қолса керак…
– Қилсанг, ўзинг қилавер, мени ўз ҳолимга қўй, бор.
– Қўйсанг-чи, шунча жиннилик қилганинг етар. Ишни ярим йўлда ташлаб кетиш яхши эмас! Ҳа, ростданам, унутаёзибман. Володка Ширяев сенга ҳеч нарса демадими?
– Йўқ, уни кўрганим йўқ. Нима эди?
– Ия, бу қанақаси бўлди! Қаёқларда юрибсан ўзинг? Асал йўлга чиқиб, ким кўрингандан сени сўрайди, хавотир олиб ўтирибди! Сен бўлсанг!..
Турган еримда оёқларим чалишиб кетди, юрак уришим худди тўхтаб қолаёзгандек ўзимни шу қадар оғир сездимки, ҳатто ўлимимга ҳам минг марта рози бўлдим. Алибек бўлса енгимдан тортиб, ҳамон прицеплар учун ясаладиган қандайдир мосламалар ва яна алланималар ҳақида тушунтирарди. Жонтой бир чеккада қулоқ солиб турарди.
– Ўз ҳолимга қўйсанг-чи! – деб қўлимни тортиб олдим. – Мендан нима керак сенларга? Судга бўлса судга беринглар! Шу ёғи ҳам етар! Ҳеч қандай прицепнинг кераги йўқ менга! Ҳеч кимга шерик ҳам бўлмайман! Тушундингми?
Алибекнинг қовоғи осилди, пешонаси тиришди:
– Ўзинг бошлаб, ўзинг ўт қалаб, энди биринчи бўлиб думингни хода қилиб қочмоқчимисан? Шунақами?
– Қандай тушунсанг, шундай тушунавер! – дедим-да, шартта бурилиб, гараж томон кетдим.
Машина олдига келдим, қўлларим қалтирарди, нима қилишни билмасдим. Нима учундир машина остидаги чуқурга сакраб тушдим-да, сал ўзимни босиб олиш учун териб қўйилган ғиштларга ёнбошладим.
– Менга қара, Илёс! – тепамдан шивирлаган овоз эшитилди.
Бошимни кўтариб қарадим: буниси яна ким бўлди! Тумоқ кийиб олган Жонтой менга айёрона тикилганча чуқур тепасида худди қўзиқориндек чўнқайиб ўтирарди.
– Уни жуда бопладинг-да, Илёс! – деди у.
– Кимни?
– Алибекни-да, активистни! Нақ нишонга урдинг! Дарров нафаси ўчди-қолди, бўлмаса бу новатор қулоқни батангга келтирарди.
– Хўш, сенинг қанчалик ишинг бор?
– Нима ишим борлигини ўзинг ҳам тушуниб турган бўлсанг керак. Биз шофёрларга прицепнинг кераги йўқ. Унинг оқибати қандай бўлишини биламиз:
бирортаси ишлаб чиқариш нормасини оширади, йўлни қисқартади, кейин ҳаммаларинг ўша илғор даражасига кўтарилинглар дейилади-ю, бироқ юк ташиш учун тўланадиган ҳақни кесиб қоладилар. Хўш, ким ўз чўнтагига зарар келтиришни истайди? Бир кунлик шуҳрат, обрў кимга керак? Биз сендан хафа бўлаётганимиз йўқ. Ҳа, кўнглинг тўқ бўлсин…
– Биз деганинг кимлар? – деб сўрадим ундан бамайлихотир бўлишга интилиб. Аммо бирдан босиб келган ғазабдан юрагим сиқилиб кетди: – Машинани шатакка олиб кетаётганимда нега нафасингни чиқармай ўтиб кетганингни энди англадим! Олисни кўзлабсану, аммо тумшуғинг остидан нарини кўролмабсан, сенингча, бошқалар ҳеч нарсани тушунмайди. Ўзингча мени аҳмоқ деб ўйлаяпсан шекилли! Биз деганинг сенми? – деб сўрадим яна.
– Фақат менгина эмас, – деди Жонтой кўзларини пирпиратиб.
– Ёлғон, мағзай, бит! Сени деб қасддан прицеп билан юрганим бўлсин! Танимда жоним бор экан, айтганимни қиламан. Сен билан ана ўшанда гаплашаман. Қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи!
– Ҳай-ҳай, ҳаддингдан ошма! – деб ўдағайлади Жонтой. – Сенинг ҳам қанақалигингни яхши биламиз… Бироқ ўйлаб кўр… Ановига келсак, давринг келганда юриб қол…
– Ҳе сени!.. – деб жаҳл устида қичқириб юбордим-да, жони қаҳрим билан жағига туширдим.
У хандақ чеккасига қандай ўтирган бўлса, шундайича орқасига ағанаб тушди. Тумоғи ҳам учиб кетди. Мен хандақдан мушукдек сакраб чиқдиму унга ташландим. Аммо Жонтой ўрнидан туриб олганди, у ўзини чеккага олиб қочиб, бутун ҳовлини бошига кўтариб додлай бошлади:
– Безори! Каззоб! Мушт билан қўрқита олмайсан мени! Сенинг ҳам адабингни бериб қўядиган куч топилар! Ҳаддингдан ошма, зараркунанда!..
Ҳар томондан одамлар югуриб кела бошладилар. Алибек ҳам чопиб келди.
– Нима гап? Нега урдинг уни?
– Ҳақиқат учун! – дея баттарроқ бақира бошлади Жонтой. – Ҳақ гапни юзига айтганим учун! Прицепни ўғирлаган ҳам ўзи, довонда ағдариб ташлаб кетиб, ишни барбод қилган ҳам ўзи, яна бошқалар виждонан унинг хатосини тузатмоқчи бўлишса, у тумшуққа солади! Энди бу ишдан манфаатдор эмас, чунки обрў ва шон-шуҳратни қўлдан бой бериб қўйди!..
Алибек мен томон юрди. Рангида қони йўқ, оппоқ оқариб кетган, ғазабдан тутилиб-тутилиб гапирарди.
– Аблаҳ! – деб кўкрагимдан итариб юборди у. – Алам қилганидан довон учун қасд оляпсанми? Ўйлама, сенсиз, қаҳрамонларсиз ҳам ишлай оламиз!..
Мен индамай туравердим. Бирон нарсани тушунтириб берадиган ҳолим йўқ эди ҳозир. Жонтойнинг ҳаддан ташқари сурбетларча айтган ёлғон-яшиқ сўзларидан шунчалик изтиробга тушган эдимки, ҳатто бирон оғиз сўз айтолмай қолдим. Ўртоқларим менга ўқрайиб туришарди. Жонтой бўлса лабидаги қонни тумоғи билан артиб, ҳамон ўкирарди.
Мен машинага сакраб чиқдим-да, автобазадан ташқарига ҳайдаб кетдим.
Йўлда ичиб олдим. Таъбим жуда хира эди. Ўзимга нисбатан бўлган қаҳру ғазабни бартараф эта олмас ва сўнгги кунларда бўлиб ўтган ҳамма қилмишларимни унута олмас эдим. Асални эсласам, виждон азобида яна қийналардим.
Дастлабки йўл бўйидаги магазинчалардан бирига кириб чиқдим, фойдаси бўлмади, сўнгра йўл-йўлакай яна бир тўхтаб, тўла стаканни паққос урдим. Шундан кейингина сал енгиллашдим. Кўприклар, йўл бўйидаги белгилар ва қаршидан келаётган машиналаргина кўз ўнгимдан лип-лип ўтиб борарди. Кўнглим анча ёришгандек бўлди. «Эҳ! – дея ўйлардим ўзимча. – Бўлганича бўлар. Сенга нима етишмайди, машинангни ҳайдаб юрибсан, бўлди-да, Хадичанинг бу ишларга нима дахли бор, сенга у нима ёмонлик қилди, бошқалардан унинг қаери кам? Ёшгина, чиройли, дилбар аёл бўлса. Сени жон-дилидан яхши кўради. Сен учун ҳар нарсага тайёр, сен бўлсанг, у ҳақида бўлмағур турли хаёлларга бориб юрибсан. Ахир у билан ўтказган тунинг ёмон бўлдими. Яхшиликни билмаган аҳмоқ!»
Кечқурун уйга қайтиб келдим. Калта пўстинимни бир кифтимга кийиб олганимча, эшик олдида гандираклаб турибман: мен баъзан рулни бошқариш осон бўлсин учун ўнг енгимни ечиб олардим. Бу болалигимдан одат бўлиб қолган, болалар билан тош отиб, кимўзар ўйнаганимизда ҳам шундай қилардим…
Асал кўзи тушиши билан менга отилди. Аммо қай аҳволдалигимни кўриб қўрқиб, ҳайрон бўлиб туриб қолди.
– Сизга нима бўлди, Илёс? – Сўнгра гап нимада эканлигини англади шекилли: – Вой, нега турибсиз? Чарчадингизми, совқотдингизми? Қани, ечининг! – деди.
Асал ёрдамлашмоқчи бўлиб қўлини чўзди, бироқ чурқ этмасдан унинг қўлини ўзимдан нарига суриб қўйдим. Номус қилаётганимни қўполлик билан бекитишга тўғри келди. Қоқиниб-сурилиб борарканман, ниманидир тарақлатиб тепиб юбордим-да, ўзимни гурс этиб стулга ташладим.
– Бирор нарса бўлдими, Илёс? – деди Асал менга яқинлашиб келаркан, маст-аласт кўзларимга ташвиш билан тикилиб.
– Нима, сен ҳали билмайсами? – деб бошимни қуйи солдим; яхшиси, унинг юзига қарамайин. Мен, Асал ҳозир ўпкалаб, тақдирдан нолий бошлайди, деб кутиб турардим. Ўзимни оқламай, ҳар қанча койиса ҳам тинглашга тайёр эдим. Аммо у гўё уйда йўқдек чурқ этмасди. Мен секингина кўз қиримни ташладим. Асал орқасини ўгирганча дераза ёнида турарди. Гарчанд унинг юзини кўрмаётган бўлсам ҳам изтироб чекаётганини ва кўзларида ёш милтиллаб турганини сездим. Унга жуда раҳмим келиб кетди, юрагим эзила бошлади.
– Биласанми, Асал, мен сенга бир нарсани айтмоқчи эдим, – деб гап бошладим журъатсизлик билан. – Шуни айтмоқчиманки! – нафасим бўғзимга тиқилиб ортиқ сўзлай олмадим. Қилган гуноҳимга иқрор бўлишга юрагим дов бермади. Йўқ, у мендан буни ҳеч қачон кутмаган, айта олмайман. Унга раҳмим келганди, аммо бекор қилган эканман. Ўша дақиқада ўзимни-ўзим енга олмадим. – Биз, эҳтимол, бу яқин-орада сизларникига, овулга бора олмасак керак, – деб гапни бошқа ёққа бурдим. – Кейинчалик вақт-соати билан борармиз… Ҳозир бундан кўра зарурроқ ишлар бор…
– Хўп, майли! Кейинроқ борармиз, шошадиган жойи йўқ! – деди Асал ва кўз ёшларини артиб, олдимга келди. – Ҳозир бу ҳақда ўйламай қўя қолинг, Илёс. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Яхшиси, ўзингизни ўйланг. Жуда ўзгариб қолдингиз. Сизни ҳеч тушуна олмай қолдим, Илёс.
– Хўп, бўпти! – деб унинг гапини бўлдим, юраксизлик қилиб қўйганимдан жаҳлим чиқиб. – Чарчаганман, уйқум келяпти.
Мен ёлғон-яшиқ сўзларни янада кўпроқ гапириб қўймаслик, орадаги соф севги кўзгусига доғ тушириб қўймаслик учун тезроқ ётиб ухлашим керак эди. Асал ҳам уни-буни сўраб бошимни қотириб ўтирмасди. Мен воқеани бир бошдан оқизмай-томизмай айтиб бермоқчи бўлиб, бир неча бор ҳозирландиму, бироқ орадан вақт ўтган сари иқрор бўлишдан узоқлаша бордим. Билсам, ҳаммасининг ўз мавриди – вақт соати бор экан. Кайфим тарқалгач, бўлиб ўтган воқеаларни унга энди ҳеч қачон очиқчасига гапириб бера олмаслигимни тушундим. Нега бундайлигини ўзим ҳам билмасдим.
Орадан бир кун ўтгач, қайтишда довоннинг нариги томонида Алибекни учратиб қолдим. У прицеп билан келаётган экан. Дўлан ишғол этилган эди.
Алибек мени кўра солиб, юриб келаётган ерида кабинанинг ўнг эшигидан сакраб тушди-да, қўл силкий бошлади. Мен тезликни камайтирдим. У йўлда беҳад хурсанд ва ғолибона турарди.
– Салом, Илёс! Буёққа чиқ, чекишамиз! – деб қичқирди у.
Мен унга яқинлашиб тормоз бердим. Алибекнинг кабинасида ёшгина йигитча – иккинчи шофёр ўтирарди. Машинанинг ғилдиракларига занжирлар ўраб боғланган. Прицепларда пневматик тормоз. Буни мен дарҳол пайқаган эдим. Бироқ тўхтамадим. Менга жуда алам қилган эди. «Уддасидан чиқибсан – қойил! Лекин мени тинч қўй».
– Тўхта, тўхта! – деб Алибек орқамдан югура бошлади. – Ишим бор, тўхта, Илёс! Эҳ, шайтон, сенга нима бўлди?.. Хўп, майли! ўзинг биласан…
Мен машинани тезлатдим. Қичқирма. Бизнинг бир-биримизда ҳеч қандай ишимиз йўқ. Менинг ишим аллақачон расво бўлган. Яхши қилмадим, энг яқин дўстим Алибекдан ажралдим. Ахир у ҳақ эди, ҳамма нарсада ҳақ эди, буни энди тушуниб етдим. Аммо ўша пайтда менинг қанчалик асабларимни бузган, қанчалик умримни сарфлаган нарсага у алам қиларли даражада жуда тез ва жуда оддий йўл билан эришганлигини кечира олмасдим.
Алибек чуқур мулоҳазали ва жиддий йигит эди. У ҳеч қачон довонга менга ўхшаб партизанлик қилиб бормасди ҳам. Бунақанги ҳаракатлар унинг табиатига ёт эди. Унинг куч-қуввати, эътибори ҳам худди мана шунда эди. У машинани шерик билан бирга ҳайдаб тўғри қилди. Улар машинани йўлда навбатманавбат ҳайдашлари, довонни янги кучлар билан қўлга киритишлари мумкин эди. Довонда ҳал этувчи нарса – мотор, ирода ва инсон қўллари. Бунинг устига, Алибек билан шеригининг манзилга бориб келишда бекор кетадиган вақти деярли икки марта қисқарар эди. Буларнинг ҳаммасини у ҳисобга олди, машина компрессоридан прицепга бир вақтда ҳаракат қила оладиган тормоз ўрнатди. У энг оддий нарсани – занжирларни ҳам унутмади, улар билан олдинги ғилдиракларни танғиб қўйди. Хуллас, у фақат «ура» қичқириғи билан эмас, балки шай бўлиб, тўла қуролланган ҳолда довонга ҳужум қилди. Ана шу йўсинда Дўландан машиналар прицеплар билан ўтадиган бўлиб қолди.
Алибекдан кейин довондан бошқалар ҳам прицеплар билан юришга кириша бошлашди. Ҳаммаси эмас, албатта, аммо одатдагидек ҳар бир ишда ҳам асосий нарса унинг бошланишида-да, ахир. Бу орада машиналарнинг сони ҳам ортиб қолганди, қўшни автобазадан ёрдам юборишганди. Бир ярим ҳафта давомида кечаю кундуз Тянь-Шань трактида машиналарнинг гувиллаши тинмади. Хуллас, қанчалик оғир, қанчалик машаққатли бўлмасин, бизникилар хитойлик ишчиларнинг илтимосини белгиланган муддатда адо этишди, уларни уялтириб қўйишмади. Мен ҳам кўпчилик қатори ишладим. Буларни, энди ҳамма ишлар изига тушиб, орадан шунча йиллар ўтиб кетгандан кейингина айтяпман. Ўша қизғин кунларда эса мен эгарда ҳали мустаҳкам ўтира олмас ва ҳаёт отини ҳам унчалик бошқара олмасдим…
Довон ортида Алибек билан учрашганимиздан сўнг автобазага келганимда, кеч кириб қолган эди. Ётоқхонага қараб йўл олдим, аммо йўл-йўлакай марказий кўча томон бурилдим. Яна чойхонага. Ўша кунларда менинг ҳушдан кетгунча ичиб, ўлгудек маст бўлгим, лоақал бир лаҳза бўлса ҳам ҳамма-ҳаммасини унутиб, тошдек қотиб ухлагим келарди. Мен ўзимни зўрлаб бўлса ҳам жуда кўп ичдим, аммо ароқ менга деярли таъсир этмади. Мен чойхонадан баттар хафа бўлиб, ғазабим қайнаб чиқдим. Тун ярмида шаҳарчада дайдиб юрдим ва нима қилаётганимни ўйлаб-пўйлаб ўтирмасдан Береговая кўчасига, Хадичанинг уйига қараб қайрилдим. У ҳам мени кутиб ўтирган экан.
Кейин ҳам аҳвол ана шундай давом этаверди. Мен икки олов ўртасида қолгандим. Кундузлари ишда, автобазада қолган кечаларим эса дарров Хадичаникига югуриб қолардим. Оёғим уникига тортиб турарди, у билан ўзимни хотиржам ва эркинроқ ҳис қилардим. У ерда гўё ўзимдан, одамлардан ва ҳақиқатдан яширингандек бўлардим. Назаримда ёлғиз Хадичагина мени тушунадигандек ва севадигандек туюларди. Уйимга келганимда эса иложи борича тезроқ жўнаб қолишга ҳаракат қилардим. Асал, азиз Асалгинам! Агар у ўзининг оқкўнгиллилиги ва софдиллиги билан мени уйдан тобора узоқлаштираётганини билса эди. У шу фазилатлари билан мени тезроқ кетиш учун баҳона топишга мажбур қиларди, чунки унга муносиб эмаслигимни, мен учун у қилган барча нарсаларга ўзимнинг сазовор эмаслигимни кўра била туриб бу ерда ортиқ тура олмасдим. Мен уйга бир неча бор маст бўлиб келдим. Аммо у бирор марта ҳам таъна қилмасди. Ҳали-ҳалигача унинг менга нисбатан шундай муносабатда бўлганини тушуна олмайман: бўшлиги, иродасизлигиданми ёки аксинча, ўта бардошлилиги ва инсонга нисбатан ишончи туфайлими? Ҳа, у албатта менинг ўзимни қўлга олишимни, муваффақиятсизликлар устидан ғолиб келишимни ва яна аввалги ҳолимга қайтишимни кутар, бунга ишонар эди. Аммо ундан кўра мени койигани, бор ҳақиқатни виждонан айтиб беришга мажбур этгани яхшироқ эди. Эҳтимол, Асал менинг юрагимни ўртаб тирнаётган нарсалар фақат ишдаги кўнгилсизликларгина эмаслигини билганида, мендан жавоб талаб қилган бўлармиди?.. У шу кеча-кундузда менинг ҳаётимда нималар содир бўлаётганини тасаввур эта олмасди. Мен эса унга жуда ачинардим, юрак сирларимни очишни доим галга солардим. Натижада, шу тахлитда иш кўриб, унинг олдида, муҳаббатимиз олдида, оиламиз олдида бажаришим лозим бўлган бурчимни адо этишга улгура олмай қолдим.
Сўнгги марта учрашувимизда Асал мени қувонч билан, шавқ-завқ билан кутиб олди. Юзлари гулгун очилиб, кўзлари табассумдан порлар эди. У калта пўстиним ва этигимни ечирмасданоқ тўғри ичкарига судради.
– Буни қаранг, Илёс! Самад энди типпа-тик туряпти!
– Ростданми? Қани у?
– Ҳув ана – стол тагида!
– Полда эмаклаб юрибди-ку!
– Мана ҳозир кўрасиз! Қани, ўғлим, қандай туришингни дадангга бир кўрсатиб қўй! Қани тур, тура қол, Самад!
Самад ундан нима истаётганликларини тушунгандек бўлди. У стол остидан қувониб эмаклаб чиқди-да, каравот ёнида тўхтади, уни ушлаб, зўрға тикка турди. У жилмайиб, нозик оёқларида бир оз каловланиб турди-да, кейин ўшандай жилмайганича «гуп» этиб полга ўтириб қолди. Чопиб бориб, уни қучоқлаб олдим-да, баданидан ёқимли сут ҳиди анқиб турган гўдакни бағримга босдим. Худди Асал каби нақадар қадрдон ва азиз эди бу ҳид.
– Секинроқ, Илёс, нафаси қайтиб кетади! – деб Асал қучоғимдан Самадни тортиб олди. – Хўш, энди нима дейсиз? Қани, энди ечининг. У тез кунда каттакон бўлиб қолади, шунда ойиси ҳам ишга боради. Ҳаммаси ўрнига тушади, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, шундаймасми, ўғилчам? Сиз-чи, – деб Асал кулимсираб, маъюс кўзлари билан менга боқди. Мен стулга ўтирдим. У ўзининг мана шу бир оғиз сўзи билан сўнгги кунлар ичи айтмоқчи бўлиб юрган, лекин айтолмай юрагида сақлаб келаётган барча гапларини баён этганини пайқадим. Бу сўзларда илтижо ҳам, таъна ҳам, умид ҳам мужассамлашган эди. Мен ўша ондаёқ унга бор гапни сўзлаб беришим ёки тезроқ бу ердан чиқиб кетишим зарур эди. Яхшиси, кета қолай. У беҳад бахтиёр эди ва ҳеч нарсадан шубҳаланмасди. Мен ўрнимдан турдим.
– Мен кетдим, – дедим.
– Қаёққа? – дея сесканиб кетди Асал. – Бугун ҳам қолмайсизми? Лоақал чой ичиб олсангиз-чи.
– Иложим йўқ. Кетишим керак, – деб тўнғилладим мен. – Ўзинг биласан, ҳозир иш жуда қистов…
Йўқ, мени уйдан ҳайдаётган нарса асло иш эмас эди. Ваҳоланки, йўлга эрталаб чиқишим керак эди.
Қоронғида машина ёнига келиб, кабина ўриндиғига ўзимни гурс этиб ташладим ва аламимдан инграб юбордим, моторни юргизиш учун калитни ўз ўрнига тушира олмай, анча вақтгача тимирскилаб ўтирдим. Сўнгра йўлга чиқдим, деразаларда милтиллаб турган чироқлар орқада қолиб, то кўздан ғойиб бўлгунча ҳайдаб бордим. Дарада, кўприкдан ўтишим биланоқ машинани йўлдан четга буриб, бутазорда тўхтатиб, чироқларини ўчирдим. Шу ерда тунашга аҳд қилдим. Чўнтагимдан папирос олдим. Гугурт қутисида биттагина гугурт чўпи қолган экан. У лов этиб ёндию, ўчиб қолди. Папиросни ҳам қутичага қўшиб кабина ойнасидан улоқтириб юбордим, бошимга калта пўстинни тортиб, оёқларимни йиғиштирганимча ўриндиқда букчайиб ётиб қолдим.
Қоп-қоронғи ва баҳайбат тоғлар устида ой хирагина нур сочиб турарди. Дарада шамол ҳазин гувиллар, очилиб турган кабина эшигини у ёқдан бу ёққа тебратар эди. У шамолда оҳистагина ғижирларди. Кабинада ётар эканман, ўзимнинг бутунлай яккаю ёлғизлигимни, одамлардан, оиламдан ва автобазадаги ўртоқларимдан ажралиб қолганлигимни ҳали ҳеч қачон ҳозиргидек чуқурроқ сезмаган эдим. Бундан буён бу тахлитда ҳаёт кечириш мумкин эмас эди. Ўзимга-ўзим сўз бердим: сафардан автобазага қайтиб келишим биланоқ, Хадича билан гаплашаман, ундан мени кечиришини, икковимиз ўртамизда бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни унутишини илтимос қиламан. Шундай қилсам, виждонан ҳаққоний ва тўғри иш тутган бўламан.
Бироқ ҳаёт бу фикримни бошқачасига ҳал этди. Мен шундай бўлишини ҳеч қачон ўйламаган ва кутмаган эдим. Орадан бир кун ўтгач, эрталаб довондаги базага етиб келганимда, уйда ҳеч ким йўқ эди. Эшик ланғиллаб очилиб ётарди. Дастлаб Асал бирон ёққа: сувгами, ўтингами чиққан бўлса керак, деб ўйладим. У ёқ-бу ёққа қарадим. Хонада ҳамма нарса ивирсиб ётарди. Олов ёқилмаган, қора печкадан қандайдир ёқимсиз совуқ уриб турар, уй ҳувиллаб ётарди. Самаднинг каравоти ёнига бордим – бўм-бўш.
– Асал! – деб шивирладим даҳшат аралаш.
«Асал!» – деб шивирлаб акс садо берди деворлар.
Мен эшикка ўқдек отилиб чиқдим.
– Асал! – деб қичқирдим ҳовлида туриб. Ҳеч ким жавоб қилмади. Қўниқўшниларимизникига югурдим, бензин-колонкага чопиб бордим, ҳеч кимдан аниқроқ жавоб ололмадим. Одамларнинг айтишича, кеча боласини танишлариникида қолдириб, ўзи кун бўйи қаёққадир кетибди ва тунда қайтиб келибди. «У воқеадан хабар топиб кетиб қолган!» – деган даҳшатли хаёлдан чўчиб кетдим.
Умримда ҳали ҳеч қачон Тянь-Шань тоғларидан машинани ўша, мен учун бахтсиз бўлган кундагидек тез ҳайдамаган бўлсам керак. Мен нуқул қаердадир анови муюлишдан кейин ёки анови дарада, ёки яна қаердадир йўлда унга етиб оладигандек бўлавердим. Гўё бургутдек парвоз қилиб, кетиб бораётган машиналарни қувиб етардим ва уларга ёнма-ён келиб машинага тормоз берардимда, кабина ва кузовларга кўз югуртириб чиқиб, шофёрларнинг сўкиш-койишлари остида машинани яна илгарилаб елдириб борардим. Мен шу вазиятда радиатордаги сув қайнаб кетмагунча уч соатлар чамаси машинани бетўхтов елдек учириб ҳайдадим. Кабинадан сакраб тушдим-да, радиатор устига қор соча бошладим, сўнгра йўл ёқасидаги пастликдан сув олиб чиққани югурдим. Сувни дарҳол қуйдим. Радиатордан буғ кўтарилар, машина эса пойгадан чиққан отдек уфурарди. Рулга энди ўтирмоқчи ҳам эдимки, Алибекнинг қаршидан келаётган автоприцепига кўзим тушиб қолди. Қувониб кетдим. Гарчанд биз гаплашмай, саломлашмай юрган бўлсак ҳам мабодо Асал уларникида бўлса, барибир у буни менга айтиши керак-ку. Мен йўлга югуриб чиқиб, қўлимни кўтардим-да:
– Тўхта, тўхта, Алибек! Тўхта! – деб қичқирдим.
Рулни бошқариб бораётган навбатчи йигит Алибекка савол назари билан қаради. Алибек эса хўмрайганича тескари бурилиб олди. Машина тўхтамасдан ўтиб кетди. Машина ғилдиракларидан кўтарилган қор тўзони орасида қолиб, анча вақтгача қўлимни кўтарганча туриб қолдим. Сўнгра юзимни артдим. Майли, олмоқнинг бермоғи бор-ку, ахир! Бироқ ҳозир ундан хафа бўладиган даражада эмас эдим. Демак, Асал уларникига бормапти. Бу кўнглимни баттарроқ ғаш қила бошлади. У ўз овулига кетган бўлса керак, бошқа борадиган жойи йўқ. У ота-онаси олдига қайси юз билан бордийкин ва нима деди экан уларга?
Тезда овулга жўнашим керак.
Юкни туширгач, автобаза ҳовлисига кириб ўтирмадим. Машинани кўчада қолдириб, ҳужжатларни топшириш учун диспетчерхонага югуриб кетдим. Бораётиб йўлакда Жонтой билан тўқнашиб қолдим. Унинг ёнидан ўтиб кетдим, у бўлса ортимдан жирканч ва ҳаёсизларча тиржайиб қолди.
Ҳаллослаб диспетчерхонанинг туйнукчасига бошимни суқдим-да, Хадичанинг олдига йўлланмани ташладим. У менга ғалати қилиб бир қараб қўйди. Унинг кўзларидан қандайдир безовталик ва ўзини гуноҳкордек сезаётганлиги ногоҳ сезилиб кетди.
– Тезроқ олсанг-чи! – дедим мен.
– Бирон нима бўлдими?
– Асал… уйда йўқ, кетиб қолибди!
– Ростданми? – деди ранглари оппоқ оқариб кетган Хадича ва ўрнидан турдида, лабларини тишлаб: – Кечир, кечир мени, Илёс! Ҳаммасига мен, мен… – дея бошлади.
– Нимага мен-менлаб қолдинг! Тушунтириброқ гапирсанг-чи, қани, айт барини! – деб деспетчерхонанинг эшигига қараб отилдим.
– Буларнинг ҳаммаси қандай бўлганини ўзим ҳам билмай қолдим, гапларим рост, Илёс. Кеча йўлакда турувчи қоровул туйнук эшикчасини тақиллатиб, бир қиз келиб, сени сўраяпти, деди. Қоровул уни бу ерга чақирди-да, ўзи чиқиб кетди. Мен уни дарҳол танидим. У «жимгина менга тикилиб қаради: «Шулар ҳаммаси ростми?» – деб сўради. Мен, мен эса довдираб қолиб, қўққисдан: «Ҳа, рост. Ҳаммаси рост. У мен билан бирга!» – деб юборибман. У чўчиб кетиб, туйнукчадан бошини шартта тортиб олди. Мен эса бошимни столга шилқ этиб ташлаганимча, жинниларга ўхшаб: «Меники у! Меники!» – деб ҳўнграб йиғлаб юбордим. У коридордан югуриб чиқиб кетди, кейин уни кўрмадим… Кечир мени…
– Шошма-шошма. У қаёқдан билдийкин?
– Жонтой айтган. Ўша, у менга ҳам дўқ қилиб юрарди. Унинг аблаҳлигини билмайсанми ахир!
– Биламан. Бироқ у бу гал ҳақиқатни айтибди.
– Сен, Илёс, бор, уни қидириб топ. Мен энди сизларга халақит бермайман. Бирон ёққа бош олиб кетаман…
Машина мени қишки чўл бағридан олиб борарди. Йўлни қалин, кўкимтир муз қоплаб ётарди. Шамол қор уюмларининг йўлларини тараб, ариқ бўйларидаги қорларни қуюн қилиб учириб, ўзи билан олис-олисларга олиб кетарди. Узоқдаги тоғ этакларида шамолда нураган деворлар ва япроқлари тўкилиб шип-шийдам бўлиб қолган овул боғлари элас-элас қорайиб турарди.
Колхозга кечқурун етиб келдим. Машинани менга таниш бўлган хонадон олдига келиб тўхтатдим, нафасимни ростлаб олиш учун папирос тутатдим сўнг унинг қолдиғини ўчириб ташладим-да, сигнал бера бошладим. Аммо Асал ўрнига елкасига пўстин ташлаб олган онаси чиқди. Мен кабина эшигини очиб, зинага тушдим ва секингина:
– Салом, опа! – дедим.
– Ҳаа, сенмидинг! – деб ғазаб билан жавоб қилди у. – Қилар ишни қилиб қўйиб, тағин мени опа дейишга қандай тилинг борди? Йўқол бу ердан, башаранг қурсин. Саёқ, муттаҳам, лўли! Боламнинг бош-кўзини айлантириб олиб қочибди-да, яна уялмай-нетмай бурнини тортиб келганини қара-я! Беномус! Эл-юрт олдида шармандаи шармисор қилдинг…
Кампир оғиз очиргани қўймасди. У мени оғзига келган аччиқ сўзлар билан тинмай қарғар эди. Унинг бақириқ-чақириғини эшитиб, қўшни ҳовлилардан эркак-аёллар ва болалар тўплана бошладилар.
– Халойиқни чақирмасимдан, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Башаранг қурсин, турқингни сира кўрмайин! – ғазабга тўлган она пўстинини ерга улоқтириб ташлади-да, менга томон хезлаб кела бошлади.
– Ҳой, яхшиликча жўнаб қол бу ердан! – деди аллақандай бир киши йўлга томон қўлини ишора қилиб дағдаға билан.
Йўлга тушишдан бошқа илож қолмаган эди. Ахир мени Асал ҳатто кўришни ҳам истамагандан кейин кетиш керак эди-да. Машинамга тош ва таёқлар отила бошлади. Болалар мени овулдан ана шундай ҳайдаб қолишди. Нега шундай қилишди экан? Эҳтимол, улар мени бу кампирни ҳақорат қилиб, хафа қилган деб ўйлашдимикин? Ёки бирон каллакесар деб ўйлашган бўлса керак…
Ўша туни кўл бўйида узоқ дайдиб юрдим. Ой нурида жилоланаётган кўл тўлқин уриб, ўзини қўйишга жой топа олмасди. Ў, Иссиқкўл, мангу қайноқ кўл! Ўша тун муздек совуқ эдинг, илтифотсизлик билан қарши олган эдинг. Мен тўнтарилиб ётган қайиқ устида ўтирардим. Қирғоқдаги саёзликлар сари ўркач-ўркач бўлиб ёпирилиб келаётган тўлқинлар зарб билан этикларимнинг қўнжига урилар ва пишқириб яна орқага қайтар эдилар.
Сўнг аллаким менга яқинлашиб келди-да, елкамга секингина қўлини қўйди. Бу Хадича эди.
* * *
Бир неча кундан кейин биз бирга Фрунзе шаҳрига жўнаб кетдик. Анорхой дашти яйловларини ўзлаштириш бўйича қидирув ишлари олиб бораётган экспедицияга мен шофёр, Хадича ишчи бўлиб ўрнашдик. Мана шундай қилиб янги ҳаёт бошланди.
Экспедиция билан биргаликда Анорхой чўлининг ичкарисига, нақ Балхаш бўйларигача етиб бордик. Агарда ундан ҳам олисларга бориб қолганимизда ҳам барибир, орқага қайтмаган бўлардим. Ўтмиш билан алоқани узадиган бўлгандан кейин бир умрга узмоқ керак.
Дастлабки пайтларда дард-аламимни иш билан енгдим. Иш эса истаганча топиларди. Уч йилдан ортиқроқ вақт ичида бутун Анорхой даштини кезиб чиқдик, қудуқлар қазидик, йўллар ўтказдик, йўл устида базалар қурдик. Хуллас, ҳозирги Анорхой баланд-паст адирлардан иборат бўлиб, ёвшан билан қопланиб ётган ва ҳатто киши куппа-кундузи адашиб, боши ва оёғи қаёқда эканлигини топа олмай ҳафталаб, ойлаб тентираб юрадиган илгариги ёввойи дашт эмас. Ҳозир у ерлар маданий дам олиш жойлари, уйлар ва қўшарлари бўлган чорвадорлар ўлкасига айланган. Дон экишади, ҳатто чорва учун пичан тайёрлашади. Тўғри, ҳали Анорхойда қўл урилмаган ишлар кўп, биз шофёрларни бўлса қўяверинг, уларнинг иши ҳамма вақт бошидан ортиб ётади. Бироқ мен у ердан қайтиб келдим. Ҳали кўп ерлари нообод, одамлар кам яшайдиган даштда яшаш оғирлигидан ёки бўронли қишда, йўлсиз чўлда тентираб юриш қийин бўлганлиги учун эмас. Бу қийинчиликларнинг бари вақтинчалик нарса, албатта. Агар инсон мустаҳкам ўрнашиб олса, чўлни ўзига бўйсундира олади, у ерга ўзи ҳам кўникиб қолади, чўлни ҳам ўзига мослаштира олади. Хадича иккимиз қийинчиликлардан қўрқмасдик, турмушимиз ҳам ёмон эмас эди, бир-биримизни ҳурмат қилардик. Аммо ҳурмат бошқаю, муҳаббат бошқа. Агар бири севиб, иккинчиси севмаса, унда бу ҳам, менимча, кўнгилдагидек ҳақиқий турмуш бўлолмайди. Ё инсон ўзи шундай тузилганми, ё фақат мен табиатан шунақаманми, билолмадим, ҳарқалай, менга доимо бир нарса етишмасди, унинг ўрнини иш билан ҳам, дўстлик билан ҳам, сени севгувчи аёлга нисбатан эътибор ва ғамхўрлигинг билан ҳам алмаштириб ёки ўрнини тўлдириб бўлмасди. Мен Асалнинг олдига боришга яна бир бор уриниб кўрмай, шошма-шошарлик қилиб кетиб қолганим учун кўпдан бери ич-ичимдан ўкиниб юрардим. Анорхойда ўтказган кейинги ярим йил мобайнида бўлса Асал ва ўғилчамни соғиниб юрак-бағрим эзилиб кетди. Тунлари ухлай олмай чиқардим. Самаднинг кулиб, нозик оёқчаларида зўрға тик тургани кўзимга кўринаверарди. Унинг илиқ тафти ва гўдакларга хос майин ҳидини гўё бутун умрга сингдириб олгандайман. Қадрдон Тянь-Шань тоғлари, мавжланиб ётган мовий Иссиқкўл, илк ва сўнгги муҳаббатимни топган тоғ этакларидаги жонажон даштлар мени ўзига тортарди. Хадича буларнинг ҳаммасини биларди, бироқ мен уни ҳеч нарсада айбламаганимдек, у ҳам мени бирон нарсада айбламас эди. Нега ҳам айблардик? Биз бирга яшай олмаслигимизни ниҳоят тушунган эдик.
Ўша йили Анорхойга баҳор эрта келди. Адирларни қоплаб ётган қорлар тезда эриб, кунлар исиб, ўт ўланлар кўкара бошлади. Даштга жон кира борди, у иссиқлик ва намликни эмиб буғланиб ётарди. Тунлари ҳаво шишадек мусаффо бўлар, осмонда юлдузлар чарақларди.
Биз пармалаш вишкаси ёнидаги чодирда ётган эдик. Ҳар вақтдагидек уйқу келмасди. Кутилмаганда аллақаёқлардан паровознинг қичқирган овози зўр-базўр эшитилиб, чўл сукунатини бузди. Унинг бу томонларга қай тарзда етиб келганини айтиш қийин. Қозоқ темир йўли биздан дашт бўйлаб ярим кунлик йўл нарида. Ёки менга бу товуш шунчаки эшитилгандек бўлдими, билолмайман. Бироқ юрагим «жиз» этиб кетди. У мени йўлга чорларди. Шунда мен:
– Бу ердан кетаман, Хадича, – дедим.
– Тўғри, Илёс. Ажралишимиз керак, – деди у.
Биз ажралишдик. Хадича Шимолий Қозоғистонга, қўриқ ерларга жўнаб кетди. Эҳ, Худо, унинг бахтиёр бўлишини чин юракдан истардим. Мен Хадичанинг кўнглидаги одамини топишига, балки ўзи ҳам сезмай-билмай туриб уни излаб юрган йигит билан учрашишига ишонгим келарди. У биринчи эридан ёлчимади. Унга кўнгилсиз бўлиб, ажралишиб кетди. Шунингдек, мен билан ҳам ўз бахтини тополмади. Агар мен ҳақиқий, чинакам севги нима эканлигини, севиш ва севилишнинг маъносини тўла англаб етмаганимда, эҳтимол, у билан турмуш қуриб кетган бўлар эдимми?.. Дарвоқе бу шунақанги нарсаки, унинг нега бундай бўлиши керагу унга ўзгача бўлиши мумкин эмаслигини изоҳлашга ожизлик қилиб қоласан киши.
Хадичани станциягача олиб бориб, поездга ўтқазиб юбордим ва то орқада қолиб кетмагунимча вагон билан ёнма-ён чопиб боравердим. «Сафаринг хайрли бўлсин. Хадича, орамизда ўтган яхши-ёмонни унут!» – деб шивирлаб қолдим сўнгги марта.
Турналар Анорхой осмонидан жанубга томон учиб борарди, мен эса шимолга, Тянь-Шань томон борардим…
* * *
Манзилга етиб келдиму ҳеч қаерда тўхтамасдан, тўппа-тўғри овулга жўнадим. Чамадонимни туман меҳмонхонасида қолдирдим. Йўловчи машина ҳам жуда қулай келиб қолди: у тоққа, геологразведкачилар ҳузурига кетаётган экан. Мен кузовда борар эканман, ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриндим, бутун вужудимни бир вақтда ҳам қўрқинч, ҳам қувонч чулғаб олган эди. Биз тоғ этагидаги дашт йўлидан, Асал билан учрашган ўша қадрдон йўлдан кетаётган эдик. Аммо у энди илгариги торгина қишлоқ йўли эмас, балки шағал ётқизилган, бетон кўприклари ва йўл белгиларига эга бўлган кенг ва теп-текис кўча бўлиб кетибди. Мен ҳатто аввалги оддий йўлдан асар қолмаганига бир оз ачингандек бўлдим. Машинам тиқилиб қолган ариқни, Асал ўтирган ўша харсанг тошни ҳам таниёлмай қолдим.
Овулга етмасданоқ кабина тепасини қоқа бошладим.
– Нима гап? – деб бошини чиқариб сўради шофёр.
– Тўхтат, тушаман.
– Ўрта йўлда-я? Ҳозир етамиз-ку.
– Раҳмат! Яқин қолди, – деб машинадан ерга сакраб тушдим. – Буёғига пиёда бора қоларман. – У менинг қаёққа ва нега келаётганимни қаёқдан билсин. Пул узатдим.
– Қўй! – деди у. – Шофёрлардан, ҳамкасабалардан олмаймиз.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?