Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 67 страниц)
– Босган ерингда ўтлар унмасин! Илоҳим суякларинг дала-даштларда чириб, кўзларингни қарға-қузғунлар чўқисин, бошимга не кунлар солмадинг, Худо урсин сени, йўқол кўзимдан, йўқол, одам қиёфасидаги махлуқ, турқатворингни бошқа кўрмайин, йўқол! – дея қийқирди-ю, бирдан жимиб қолди, сўнг у яна шамолда тўзиб кетган сочларидан чўчигандай қичқирганча нариги томонга югуриб кетди.
Шу воқеа устидан чиқиб қолган қўни-қўшнилар унга етиб олмоқ учун от чоптириб қувлаб кетишди.
Ёмон туш кўриб босинқирагандай бошим гувилларди. Руҳан эзилиб адойи тамом бўлган мен бечора отда, жиловни тутган Дуйшэн сал олдинда борардик. У бинт билан ўраб боғлаган бошини қуйи солганча сукут сақларди. Орадан анча вақт ўтиб, машъум дара ортда қолиб кетди. Милиционерлар ҳам илгарилаб кетган эди. Дуйшэн отни тўхтатди-да, ҳорғин кўзлари билан биринчи бор менга назар ташлади.
– Олтиной, мени кечир, сени бу балолардан сақлай олмадим, – деди у. Сўнг қўлимни олиб, юзига босди-да: – Сен мени кечирган тақдирда ҳам, мен ўзимни бир умрга кечира олмаган бўлардим…
Мен уввос тортиб йиғлаганча отнинг ёлига ёпишиб олдим. Дуйшэн бўлса йиғлаб кўнглимни бўшатиб олгунча, ёнимда сочларимни силаб, сукут сақлаб турди-да:
– Тинчлан, қани кетдик, – деди у ниҳоят. – Гапимга қулоқ сол. Уч кун аввал волостда бўлдим. Сени шаҳарга юбориб ўқитамиз. Эшитяпсанми?
Қуёш нурида товланиб шарақлаб оқаётган зилол сув бўйига етиб келганимизда:
– Қани, энди отдан туш, Олтиной, – деди Дуйшэн. У киссасидан бир бўлак совун олиб узатар экан: – Истасанг, мен у ёққа бориб отни ўтлатиб турай, сен эса бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммасини хаёлингдан чиқар! Ол, Олтиной, енгил тортасан. Маъқулми?
Мен хўп, дегандай бош ирғадим ва Дуйшэн нари кетгандан сўнг ечиниб, аста-секин сувга тушдим. Ярқираб оқаётган сув остидаги оқ, кўк, яшил, қизғиш рангдаги тошлар камалак янглиғ жилваланиб менга боқишарди. Шитоб билан оқаётган мовий сув оқими тўпиғимга келиб урилиб, нималарнидир бижирларди. Мен ундан ҳовучлаб олиб кўкрагимга сепдим. Муздек сув танимга югуриб, ҳузур бахш этди. Мен шу кунларда биринчи бор қувонганимдан беихтиёр кулиб юбордим. Кулишга нима етсин! Яна, яна устимга сув сепдим-да, кейин ўзимни оқимнинг чуқур жойига отдим. Шиддатли оқим мени яна саёзликка чиқариб қўяр, мен эса ўрнимдан туриб, яна ўзимни шариллаганча кўпикланиб оқаётган оқимга отардим.
– Эҳ, ҳаётбахш сув, сенга минг қатла шукурлар бўлсин, бу қаро кунларнинг барча нажосатию, разолатларини оқизиб кет! Мени ҳам ўзинг каби тоза, мусаффо эт! – дея пичирлаб кулардим ва нима учун кулаётганимни ўзим ҳам билмасдим…
Қани энди одамларнинг босган излари эсдалик белгиси сифатида ўчмасдан умрбод сақланиб қолса! Агар мен ҳозир Дуйшэн билан тоғдан тушиб келаётган ўша ёлғизоёқ йўлни тополсам, ерга тиз чўкиб, муаллим босган изларни ўпган бўлардим. Бу сўқмоқ йўл мен учун ҳамма йўллардан ҳам ардоқлидир. Худонинг марҳамати билан мени янги ҳаётга, янги ишонч, янги орзу-ниятларга чорлаган ўша кун, ўша сўқмоқ йўл хайрли ва нурафшон бўлсин… Ўша кунги порлаган қуёшга, саховатли еру заминга тасанно!..
* * *
Икки кундан кейин Дуйшэн мени кичик темир йўл станциясига олиб борди. Бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеалардан сўнг овулда қолишни ўзимга эп кўрмадим. Янги ҳаётни янги манзилда бошламоқ зарур эди. Овулдошлар ҳам менинг қароримни маъқуллашди. Сайқал буви билан Қартанбой ота безовта бўлишиб, ёш болалардек йиғлаб-сиқтаганча менга аталган халтаю тугунчаларни кўтаришиб йўлга кузатиб қўйишди. Мен билан хайрлашгани бошқа қўниқўшнилар, ҳатто жанжалкаш Сотимқул ҳам пайдо бўлган эди.
– Худойим ўз паноҳида сақласин сени, – деди у, – Дуйшэннинг панднасиҳатларидан чиқма, шунда ҳаётда қоқилмайсан. Бизлар ҳам анча-мунча нарсаларни тушунадиган бўлиб қолдик. Журъатли, жасоратли бўл. Йўлинг чарағон бўлсин, болам!
Мактабимиз ўқувчилари анчагача қўлларини силкитиб, арава орқасидан югуриб боришди. Мени Тошкентга, етим болалар уйига бораётган бир нечта болаларга қўшиб кузатишди. Станцияда бизни чарм курткали бир рус аёли кутаётган эди.
Кейинчалик мен тоғ даралари орасида, тераклар билан қопланган ушбу кичик темир йўл станциямиз олдидан неча бор тўхтамай ўтиб кетдим. Гуё юрагимнинг ярмини абадий ўша ерда қолдириб кетгандай бўлдим.
Оч бинафша рангдаги баҳор оқшоми хайрлашаётганимни худди сезиб тургандай хомуш тортиб, аллақандай юракни зирқиратарди. Дуйшэн озор чекиб, дили вайрон этилганини пинҳон тутишга қанчалик ҳаракат қилмасин – уни яшира олмади. Муаллимнинг юрак дардини ич-ичимдан сезиб турардим; бундай оғриқ менинг ҳам томоғимга тиқилгандай эди. Дуйшэн менга разм солиб, меҳрибонларча юз-кўзларимни, сочлариму ҳатто кўйлагим тугмачларини силаб ўтирарди.
– Олтиной, менга қолса, сени, бир зумга бўлса-да, ўз бағримдан чиқармаган бўлардим, – деди у. – Лекин ўқишингга халал беришга ҳаққим йўқ. Ахир, ўзим ҳам унчалик саводли эмасман-ку… Сен ўқишга борсанг, албатта яхши бўлади. Эҳтимол, ҳақиқий ўқитувчи бўлиб, болаларга сабоқ берарсан, ўшанда қадрдон мактабимизни эслаб роса куларсан ҳам… Айтилган орзу-ниятларим илоҳим рўёбга чиқсин…
Бу орада олисдан дарани янгратиб келаётган паровоз кўриниб, юкларини кўтарганча одамлар ғимирлашиб қолишди.
– Мана, ҳозир жўнаб кетасан, – деди Дуйшэн титроқ овозда, қўлимни сиқиб. – Бахтли бўл, Олтиной. Энг муҳими – ўқиш ва яна ўқиш, буни унутма…
Мен бўлсам, бирон нима дейишга мажолим келмай, лол бўлиб қолган эдим. Дуйшэн:
– Йиғлама, Олтиной, – дея кўз ёшларимни артаётиб, иттифоқо, алланарса эсига тушиб қолди: – Ана у сен билан бирга эккан теракчаларни ўзим парвариш қиламан. Сен комил инсон бўлиб қайтиб келганингда уларнинг ҳам бўй чўзиб, қанчалик чирой очганини кўриб, қувончга тўласан ҳали.
Шу маҳал поезд келиб, вагонлар шарақ-шуруқ этиб тўхтади.
– Қани, энди хайр-хўшлашамиз! – Дуйшэн мени қаттиқ қучиб олганча пешонамдан ўпа бошлади. – Соғ-саломат бўл, сафаринг бехатар бўлсин, хайр, оқ йўл сенга… Чўчима, жигарим, ҳамиша журъатли, жасоратли бўл!
Мен вагон зинапоясига сакраб чиқдим-да, орқамга ўгирилиб қарадим. Дуйшэннинг синган қўлини бўйнига осиб, хиралашиб қолган кўзларини узмай мен томон талпинаётгани сира-сира кўз ўнгимдан кетмайди. Шу маҳал поезд ўрнидан қўзғала бошлади.
– Хайр, Олтиной! Хайр, қароғим! – қичқирди у.
– Хайр, қадрдон устоз! Хайр, меҳри дарё муаллим!
Дуйшэн вагон билан ёнма-ён югуриб бораверди, кейин ортда қолиб кетди. Сўнг яна олға ташланди-да:
– Олтин-ой! – деб ўкириб юборди.
Менга у худди эсига тушиб қолган аллақандай муҳим бир гапни, гарчи кеч бўлса-да, айта олмаганидан ўкиниб бақиргандек туюлди.
Поезд туннелдан ўтиб, тўғри йўлга чиқиб олгандан сўнг, тезликни ошира бориб, мени қозоқ даштликлари орқали янги ҳаёт сари элтарди…
Хайр, муаллим, хайр, менинг биринчи мактабим, хайр, болалик чоғларим, хайр, менинг ҳеч кимга изҳор этмаган муҳаббатим…
Ҳа, Дуйшэн орзу қилган катта шаҳарда, деразалари катта-катта, чароғон мактабларда ўқидим. Сўнг рабфакни тугатгач, мени Москвага институтга юборишди.
Узоқ йиллик ўқиш давомида, илм-фан сир-асрорларини эгаллашда қанчадан-қанча қийинчилигу синовларни бошимдан кечириб, неча бор тушкунликка тушган энг оғир дамларда, ҳар гал, хаёлан биринчи муаллимимга мурожаат этардим, у эса мени ҳамиша чекинмасликка, олға интилишга даъват қиларди. Одамлар бир ўқишдаёқ ўзлаштирган нарсаларини мен катта машаққатлар эвазига ўқиб ўзлаштирдим. Чунки ўтилган дарсларнинг барчасини ибтидосидан бошлашга тўғри келган эди.
* * *
Рабфакда ўқиб юрган кезларимда муаллимга севишимни ошкора изҳор этиб, мактуб йўлладим, бироқ, афсуски, у хатимга жавоб қайтармади. Шу билан ўзаро ёзишмаларимиз тўхтаб қолди. Чамамда, муаллимим ўқишимга халал бергиси келмади ва буни ўзига ҳам хуш кўрмади. Балки, у тўғри қилгандир… Эҳтимол, қандайдир яна бошқа сабаби бордир? Ўшанда мен турли ўй-хаёлларга бориб, озмунча азоб-уқубатлар чекмадимми…
Биринчи диссертациямни Москвада ёқладим. Мен учун бу катта ва жиддий ғалаба эди, албатта.
Шу йиллар мобайнида ўқиш билан банд бўлиб, овулимизга боришга имконият топилмади. Бу орада уруш бошланиб қолди. Кеч куз пайти, Москвадан Фрунзега эвакуация қилинар эканман, муаллим кузатиб қўйган ўша станцияга тушиб қолдим. Омадим келиб, ногаҳон, овулимиз орқали совхозга кетаётган бричка-аравага дуч келиб қолдим.
Оҳ, жонажон ватаним, биз учун оғир уруш йилларида, сени йўқламоқ насиб этди менга. Янгидан-янги овуллар пайдо бўлиб, янгидан-янги йўллару кўприклар бунёд этилиб, бутун атроф янги қиёфага кирганини кўриб қанчалик кўзим қувонмасин, лекин, барибир, урушни ўйлаб, дилимга қил сиғмасди.
Овулга яқинлашганимиз сари, мени ҳаяжон босарди. Узоқдан янги, нотаниш кўчаларга, янги уй ва боғ-роғларга йўл-йўлакай назар ташлаб келардим. Сўнг ўша тепаликда турган мактабимизни кўришим билан нафасим ичимга тушиб кетди – тепаликда икки улкан терак шамолда салобатли тебраниб турарди. Шу маҳал бутун умрим бўйи “муаллим” деб атаб келган кишимни оддийгина, ўз исми билан:
– Дуйшэн! – деб пичирлаб айтдим. – Менга қилган барча яхшиликларинг учун раҳмат! Демак, ёдингда эканман, эсдан чиқармабсан… тасанно. Бу нақадар сенга хос хислат-фазилат!
Кўз ёшларимни кўрган аравакаш йигитча безовталаниб:
– Нима бўлди сизга? – деб сўради.
– Ҳечқиси йўқ, ўзим шундай. Бу колхозда бирон кишини танийсизми?
– Албатта. Бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзимизнинг одамлар.
– А, Дуйшэн дегани-чи, муаллим бўлар эди-ку?
– Дуйшэнними? У ахир армияга кетган-ку. Уни ўзим шу аравада колхоздан военкоматга олиб бориб қўйган эдим.
Овулга киришда мен йигитчадан тўхташни илтимос қилдим ва аравадан тушиб, нима қилишимни билмай, ўйланиб қолдим. Ўша ташвишли кунларда уйма-уй юриб, таниш-билишларни излаб, мени танияпсизларми, мен сизларнинг ҳамқишлоқларингман, деб айтишга юрагим бетламади. Дуйшэн бўлса аллақачон армияга жўнаб кетган экан. Қолаверса, янгам билан амаким яшайдиган манзилга ҳеч қачон қадам босмасликка онт ичгандим. Одамларнинг кўп гуноҳларини кечириш мумкин, бироқ бундай ёвузликни, ўйлашимча, ҳеч ким, ҳеч қачон кечирмайди. Ҳатто янгам билан амакимнинг овулига келишимдан хабар топишини ҳам зинҳор истамасдим. Йўлдан бурилганимча тепаликка – қўштераклар томон одимлаб кетдим.
– Эҳ, тераклар, қадрдон тераклар!
Ҳали сизларни ёш навниҳол эканларингизда экиб, вояга етказган одамнинг айтганларию, қилган барча орзу-ниятлари бу кун рўёбга чиқди! Сизлар эса нега хомуш кўриниб, мунгли шовуллайсиз! Ёки қиш яқинлашиб, шамол япроқларимизни узиб ташлайди, деб шикоят қиляпсизларми? Ёки халқ дардаламлари танимизни зирқиратяпти, деб қайғуряпсизларми?
Ҳа, ҳали қиш келади, қаҳратон совуқлари, қор бўронлари бўлади, лекин баҳор ҳам келади…
Кузги япроқларнинг гувиллашига узоқ муддат қулоқ солиб турдим, улар ўз тилида роз айтишиб шувиллашарди. Тераклар ёнидан ўтган ариқ атрофларини кимдир яқиндагина саришта қилиб қўйибди: ҳатто ҳали кетмон излари ҳам кетгани йўқ. Ариқ тўла тўлқин уриб оқаётган зилол сув теракларнинг сарғимтир япроқларини қалқитиб борарди.
Тепаликдан менга янги мактабнинг бўялган тунука томи кўриниб турарди. Эски мактабимиздан эса асар ҳам қолмабди.
Кейин тепаликдан тушиб, йўлимиз бир бўлган ҳамроҳ билан бричкааравада станция сари кетдим.
* * *
Уруш тугаб, ғалаба кунларига ҳам етиб келдик. Халқ бу орада қанчаданқанча мудҳиш кунларни бошидан кечирмади дейсизми: болакайлар оталарининг сумкаларини кўтаришиб, мактабга югуришар, хизматдан қайтиб келган эркаклар яна меҳнат билан машғул бўлар, бева қолган аёллар тақдирга тан бериб, сукут сақлаганча кўз ёши тўкишарди. Ахир, хизматга кетганларнинг ҳаммаси ҳам ҳали қайтмаган эди-да. Мен ҳам шулар қатори, Дуйшэннинг ҳоли не кечганини билмасдим. Шаҳарга келган ҳамқишлоқларимнинг айтишича, у бедарак йўқолган эмиш, қишлоқ кенгашига шундай қоғоз келган эмиш.
– Ким билсин, балки ҳалок бўлгандир, – деб тахмин ҳам қилишди улар. Вақт ўтиб боряпти, ундан эса ҳамон дарак йўқ.
“Демак, муаллимим қайтиб келмас экан-да, деб ўйлардим ўзимча дамбадам. – Станцияда хайрлашган ўша унутилмас кундан бошлаб бизга бошқа учрашиш насиб қилмади…”
Гоҳида ўтмишимни эслар эканман, қалбимда қанчадан-қанча дарду аламлар тўпланиб қолганлигини хаёлимга келтирмабман.
Қирқ олтинчи йилнинг кеч куз пайти. Томск университетига илмий командировкага бордим. Сибирь ерлари бўйлаб биринчи юришим эди. Сибирь ўша қиш олди кезларида қандайдир мунгли ва қаҳрли кўринарди. Дераза ортидан асрий ўрмонлар қоронғу девор янглиғ ўтиб борар, кичик ўрмон орасида жойлашган қишлоқчалардаги қора томли уйларнинг мўриларидан буруқсиб чиққан оқ тутун милтиллаб кўзга ташланиб турарди. Аёзли далаларга биринчи қор тушганди. Тепада эса ҳурпайган қарғалар учиб юрарди. Осмоннинг авзойи бузуқ эди.
Аммо поездда вақтим чоғ, эмин-эркин борардим. Купедаги ҳамсояларимиздан бири – собиқ жангчи, қўлтиқтаёқли ногирон қизиқчи йигит ҳарбий ҳаётга доир воқеа-ҳодисалару латифаларни айтиб, бизларни кулдиргани кулдирган эди. Мен унинг ўйлаб топган битмас-туганмас уйдирмаларининг, бир қарашда, оддийлиги ва беғаразлиги остида чин ҳақиқат ётганлигини ҳис этиб, ҳамиша ҳайратда қолардим. Шу боисдан ҳам вагондагиларнинг барчаси уни жуда севиб қолишди.
Поезд ўрнидан қўзғалиб, юришини тезлаштирди-да, станция бекатига қарашли ёлғиз уй деразаси олдидан сузиб ўтди, стрелкага етганда ортимга тисарилиб деразага қарадим ва ойнага ёпишиб олдим. У ерда Дуйшэн турганини кўриб қолдим! У будка ёнида қўлида йўл байроқчасини ушлаб турган эди. Шунда менга нима бўлганини ҳам билмай гангиб қолдим.
– Тўхтанглар! – дедим бутун вагонни бошимга кўтарганча, нима қилишимни билмай, вагон эшиги томон югуриб кетдим. Шу лаҳзада кўзим стоп кранига тушиб қолди-да, унинг пломбасини куч билан шартта узиб олдим.
Вагонлар бир-бирига урилиб, зарб билан тўхтади ва худди шундай яна кескин орқага тисарилиб тўхтади. Полкалардаги юклар ағнаб, идиш-товоқлар шарақлаб юмалаб кетди, болалару хотин-қизларнинг қий-чуви, кимнингдир:
– Поезд одамни босиб кетибди! – дея ҳайқирган бўғиқ овози эшитилди.
Мен эса вагон зинапоясига келиб, жаҳаннамга ташлангандай, ўзимни ерга отдим, ҳеч нимани кўрмасдан, пайқамасдан эси-ҳушимни йўқотиб, гарангсигандай стрелкачи будкаси томон, Дуйшэн сари югуриб борардим. Ортимдан кондукторнинг ҳуштаги янгради. Пассажир-қатновчилар ҳам вагонлардан сакраб тушиб, улар ҳам орқамдан югуришар эди. Поезд билан ёнма-ён чопиб, бир зумда унинг нариги бошига етиб бордим. Дуйшэн ҳам пешвоз югуриб келарди.
– Дуйшэн, меҳрибоним, ўқитувчим, – дея қичқирардим, ўзимни унинг қучоғига отганча.
Стрелкачи ҳайрон бўлиб тўхтаб қолди-да, менга юзланди. Бу ўша, юзкўзлари қуйиб қўйгандай Дуйшэннинг ўзгинаси, лекин илгарилари мўйлаб қўйиб юрмасди, анча-мунча кексайиб ҳам қолибди.
– Сизга нима бўлди, синглим, тинчликми? – деди у ҳамдардлик билан қозоқ тилида. – Сиз мени бировга ўхшатдингиз, ҳойнаҳой, мен йўл стрелкачаси Жонғазин бўламан, исмим Бейнев.
– Бейневмисиз?
Қайғу-аламдан, ор-номусдан овозим борича дод-вой солиб юбормаслик учун қандай қилиб жимиб қолганимга ўзим ҳам ҳайронман. Нима иш қилиб қўйдим? Қўлларим билан юзимни беркитиб, бошимни қуйи солдим. Қанийди, ер ёрилса-ю, ерга кирсам. Стрелкачидан узр сўраб, халойиқдан кечирим сўрашим керак эди, мен ҳамон дамимни ичимга ютиб, тош қотиб турардим. Югуриб келган оломон-йўловчилар ҳам, негадир, чурқ этишмасди. Ўзим эса улар ҳозироқ бақиришиб, сўкишиб, роса таъзиримни беришса керак, деб кутиб турардим. Мана, мудҳиш сукунатда аллақандай бир аёл хўрсиниб йиғлаганча:
– Боёқиш, эрига ёки акасига ўхшатган бўлса керак, бечора янглишибди, – дея гап бошлаши билан одамлар ҳаракатга кела бошлади.
– Шунақаси ҳам бўлар экан-да, – дея луқма ташлади кимдир.
– Урушда нималар бўлмайди дейсиз, – жавоб қайтарди бир аёл гапни шартта бўлиб.
Стрелкачи қўлларимни юзимдан олиб, деди:
– Юринг, совуқда турманг, сизни вагонга кузатиб қўяман.
У мени қўлтиғимдан ушлаб олди, иккинчи қўлимдан қандайдир офицер олган эди.
– Юраверинг, гражданка, ҳаммасини тушунамиз, – деди у.
Одамлар йўл беришди ва гўё мени дафн маросимига кузатишётгандек эди. Биз олдинда секин одимлаб борардик, бошқалар ҳам худди шу зайлда боришарди. Биз томон келаётган йўловчилар ҳам чурқ этмасдан тўдага қўшилишиб боришарди. Кимдир тивит рўмолини елкамга ташлади. Купедаги қўлтиқтаёқли ҳамроҳим ёнимизда борарди. У оқсоқлаганча олдинга ўтиб олди-да, бирдан юзимга қаради. Хушчақчақ, ҳазилкаш, меҳрибон ва довюрак бу йигит негадир бошяланг чиқиб йиғлаётгандек кўринарди. Уни кўриб мен ҳам йиғладим. Вагонлар бўйлаб саф тортганча борар эканмиз, тепамизда телеграф симларининг шамолдан ҳуштак чалиб гувиллаши менга мотам маршидек эшитилди. “Йўқ, мен уни энди ҳеч қачон кўрмас эканман-да”.
Вагонимиз ёнида бизни поезд бошлиғи тўхтатди. У менга бармоғини бигиз қилиб бақирарди. Суд жавобгарлигию жарима ҳақида нималарнидир айтиб пўписа қиларди. Бироқ мен лом-мим демасдан туравердим. Энди менга барибир эди. У менга ҳужжатни узатиб, имзо қўйишимни айтди, менинг эса қўлимга қалам олишга мажолим йўқ эди.
Шу пайт ҳалиги мен билан купеда келаётган қўшним қўлтиқтаёғи билан унга яқин бориб, қўлидан қоғозни тортиб олди-да:
– Уни тинч қўй! Мен имзо чекаман, стоп-кранни мен узганман. Ўзим жавоб бераман!.. – деб қичқирди.
Қадимдан рус юрти саналиб келинган Сибирь кенгликларидан кечиниб келаётган поезд елиб борарди. Қўшнимнинг гитараси эса тун бағрини тилиб, ғамгин сас таратарди. Бева қолган рус аёлларининг даҳшатли урушдан эсдалик бўлиб қолган мотамсаро чўзиқ ашула садоларини эса, ўзим билан бирга олиб кетаётгандай ҳис этардим.
* * *
Йиллар ўтди. Ҳаммаси ортда қолди. Турмуш яна изга тушиб, янги жўшқин ҳаётнинг катта ва кичик ташвишлари абадий юз кўрсатиб, ҳамиша келажак сари чорларди. Ёшим улғайиб, бир ерга етганда турмушга чиқдим. Умр йўлдошим оқ кўнгилли йигит, болаларимиз, оиламиз бор, иноқ яшаяпмиз. Мана, энди фалсафа фанлари докториман. Тез-тез сафарда бўлишга тўғри келади. Кўпгина мамлакатларда бўлдим. Овулимизга эса бошқа келолмадим. Бунинг кўпгина сабаблари бор, албатта. Бироқ бу билан ўзимни оқламоқчи ҳам эмасман. Ватандошларимдан узилиб қолишим яхши эмас – буни кечириб бўлмасди. На қилай, тақдиримда ёзилгани шу бўлса. Мен ўтмишни унутиб юборганим йўқ, унута олмасдим ҳам, фақат ундан, қандайдир, узоқлашган эдим, холос.
Тоғларда шундай булоқлар бўладики, янги йўл тушиши билан бу чашмаларга элтадиган сўқмоқ йўлларни аста-секин ялпиз ёки маймунжонлар босиб, унутилиб кетади. Шу йўсинда йўлдан бурилиб, саратоннинг жазирамасида чанқоқни қондириш учун чашмани эслаб бораётган йўловчиларнинг сафи ҳам тобора сийраклашиб қолади. Кимдир унутилган ўша жойни излаб топиб, буталар орасидан уни авайлаб очади-да, таассуфидан секин уҳ тортиб юборади: кўпдан бери ҳеч ким томонидан лойқалатилмаган муздеккина булоқ сувининг тиниқлигию чуқурлигини кўриб ҳайратда қолади. У булоқ кўзгусида ўзини ҳам, қуёшни ҳам, осмону фалакни ҳам кўради… Кўрадию, бундай жойларни билмаслик гуноҳ, бошқа ошна-оғайниларни ҳам бундан хабардор қилиш керак, деган қарорга келади. Ўйлайдию ўзи ҳам яна бу томон йўли тушмагунча уни унутиб юборади.
Ҳаётда ҳам баъзан шундай бўлади. Ҳаёт деганлари, шу бўлса керак…
Мен яқинда овулга бориб келганимдан сўнггина кўзи беркилиб бораётган бундай булоқлар эсимга тушиб қолди.
Сиз, албатта, ўшанда менинг Гуркуровдан бирдан жўнаб қолганимга таажжубланган бўлсангиз керак.
Мен сизга ҳозирги гапириб берганларимни ўша пайтда, ўша ернинг ўзида одамларга айтақолсам бўлмасмиди? Йўқ, албатта. Ўшанда кўнглимга қил ҳам сиғмасди, уятга қолган эдим, ўзимдан ўзим номус қилардим, шу боис дарҳол жўнаб кетишга қарор қилгандим. Дуйшэн билан учраша олмаганлигимни, унинг юзига ботиниб қарай олмаслигимни тушунардим. Шунинг учун ҳам айтмоқчи бўлган барча фикр-мулоҳазаларимни бир жойга жойлаб, уларни овулдошларимизгагина эмас, балки бошқа кўпчиликка ҳам етказиш учун ўзимни тинчлантириб, хотиржам бўлиб олишим керак эди.
Қолаверса, ўзимни айбдор санашимнинг яна бир сабаби шундаки, янги мактабнинг очилиши маросимида барча иззат-икромлар менга эмас, балки бошқа бир табаррук инсонга қаратилиши ва фахрли ўринга мени эмас, балки уни ўтказиш керак эди, деб ўйлайман. Бунга аввало, овулимизнинг биринчи муаллими – қария Дуйшэн сазовор эди. Ваҳоланки, аксинча бўлиб чиқди. Биз байрам дастурхони атрофида ўтирибмиз. Бу ажойиб инсон эса, мактабни тамомлаб кетган собиқ талабаларнинг табрик телеграммаларини тантанали маросимга етказишга ошиқарди. Бу биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ, албатта. Бундай воқеаларни неча бор кузатганман. Шу боисдан ҳам ўз-ўзимга савол бераман: биз оддий кишиларни доҳий сингари иззат-ҳурмат қилиш одатини қачондан бери унутиб қўйганмиз?.. Худога минг қатла шукурки, биз ҳозир бундай нарсаларга тилёғламалик қилиб, риёкорона иш тутмасдан, балки доҳий сингари адолат юзасидан иш тутаётганимизнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу жиҳатдан ҳам биз тобора доҳийга яқинлашаяпмиз.
Ёшлар Дуйшэннинг ўз даврида қандай муаллим бўлганини билишмайди. Катта авлод вакилларидан кўпчилиги эса энди йўқ. Дуйшэннинг шогирдларидан кўпчилиги урушда ҳалок бўлган, улар чинакам жангчилар бўлганлар. Муаллимимиз тўғрисида ёшларга сўзлаб беришга бурчли эдим. Менинг ўрнимда бошқа бўлганда ҳам шундай қилган бўларди. Лекин узоқ муддат овулда бўлолмаганлигим ва Дуйшэн ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлигим сабабли унинг образи, вақти келиб, мен учун сокин музейхоналарда сақланадиган ёдгорликдай бўлиб қолган эди.
Мен ҳали муаллимим ҳузурига бориб, ҳаммасига жавоб бериб, ундан кечирим сўрайман.
Москвадан қайтиб келгач, Гуркуровга бориш ниятим бор. Одамлардан янги интернат-мактабини “Дуйшэннинг мактаби” деб аташларини сўрамоқчиман. Ҳа, худди ана шу оддий хўжалик аъзоси, ҳозирги почтачининг номига қўйишларини таклиф қилмоқчиман. Ишонаманки, таклифимни қўллабқувватлайсизлар. Сизларга шуни айтмоқчи эдим.
Москвада ҳозир тун, соат икки.
Меҳмонхонанинг балконида туриб, азим шаҳарнинг чарақлаб турган сонсиз-саноқсиз чироқларига назар ташлар эканман, ўзимча овулга келган заҳотиёқ, муаллим билан учрашиб, унинг оппоқ соқолларидан ўпаман, дея хаёл сурардим…
* * *
Деразани ланг очиб қўяман, хонага мусаффо ҳаво оқими ёпирилиб киради. Тонг ёришиши билан бошлаб қўйган суратларимнинг хомаки нусхаларини диққат билан кўздан кечираман. Улар кўпчиликни ташкил этади, мен уларни, ҳар сафар, қайта-қайта кўздан кечириб, неча бор қайта ишлаганман. Бироқ ҳали улар ҳақида бирон фикр айтишга эрта. Ҳали бош ғояни тўла-тўкис гавдалантира олганимча йўқ. Субҳидам сокинлигида у ёқдан-бу ёққа юриб, ўйлаганим ўйлаган бўлиб, унинг интиҳосига етолмасдим ва ҳамиша шу такрорланарди. Ҳар гал ҳам чизган суратим ҳали тугалланмаганига ва ҳар гал ҳам у кўнглимга тугиб қўйган бир ният эканлигига ўзимни ишонтира билиш эди, холос. Шундай бўлса-да, барибир, сизлар билан маслаҳатлашиб олмоқчиман. Менинг бу юмушим овулимизнинг биринчи муаллими Дуйшэн оқсоқолга бағишланишини ўзингиз ҳам пайқаб тургандирсиз, албатта.
Бироқ мен ҳали курашларга тўла, хилма-хил тақдирлару инсоний эҳтиросларга тўла мураккаб ҳаётни бўёқлар воситасида ифода қила олишимни ҳамон тасаввур эта олмасдим.
Ниятим – ушбу лиммо-лим қадаҳни чайқатиб, тўкиб юбормаслик. Бошқача айтганда, уни нафақат сиз замондошларимизга етказиш, балки ҳаммамизнинг ҳақиқий ижод намунамиз сифатида эл-улусга тортиқ қилишим учун нима қилишим керак, деган савол на турганимда, на ўтирганимда менга ҳаловат беради. Уни чизмасликка ҳаққим йўқ! Гоҳида ўзимни бу ишнинг уддасидан чиқа олмаётгандай сезиб, қаёқдан ҳам тақдир қўлимга мўйқалам тутқазиб, бунчалик азоб-уқубатларга қўймаса, деб ўйга толаман. Гоҳида эса ўзимни тоғни урса, талқон қила оладиган паҳлавонлардек ҳис этардим. Шундай пайтларда кўриш, ўрганиш ва сарасини танлаб олиш учун ўйга чўмардим. Болалик чоғларингда, гарчи уларни эсдан чиқарган бўлсанг-да, сенга олам-олам қувонч бағишлаган ўша Дуйшэн билан Олтиной эккан қўштеракларнинг суратини чиз. Офтобда қорайиб кетган ялангоёқ болакайларнинг расмини чиз. Уларнинг азамат теракларнинг шохларига чиқиб олиб, юксакликдан бепоён далаларга ҳайратомуз боқишларини чиз.
Ёки Дуйшэннинг суратини чизиб, остига “Биринчи муаллим” деб ёзиб қўй. Унда Дуйшэннинг болаларини қўлда кўтариб, сув кечиб, ариқдан ўтказаётган пайтию бошларига қизғиш тулки телпак кийиб олган ўша бераҳм зўравонларнинг, “бизни кўриб қўйинглар”, дегандай масхара қилиб, семиз асов отларини ўйноқлатганча ёнимиздан ўтиб кетаётганлари акс этсин… Ёки бўлмаса, муаллимнинг Олтинойни шаҳарга кузатаётган пайтини чиз. Унинг ғам-алам ўтида ёниб, сўнгги бор қичқиргани ёдингиздами? Шундай бир сурат чизгинки, у худди Дуйшэннинг тубсиз нидоси Олтиной қулоғи остида ҳануз янграб тургандек, ҳар бир кишининг юрагида акс садо бериб турсин.
Мен бу гапларни ўзимга айтяпман. Алланималар ҳақида ўзимга-ўзим кўп гапираман-у, ҳамма вақт ҳам уларнинг уддасидан чиқавермайман. Мана, ҳозир ҳам чизган суратим қанақа чиқиши менга даргумон. Аммо бир нарсага ишончим комилки, у ҳам бўлса – муттасил изланиш…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.