Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Мирзақул қариялардан беш-олтитасини тўплаб олиб, Бойдалининг ўлими ҳақидаги хабарни унинг бола-чақаларига қандай етказиш кераклигини сўраб, маслаҳат қилди. “Ўлди”, деб хат келгандан кейин нима ҳам қилиш мумкин. Аммо шундай оғир йилларда аёли Тўтиой бел боғлаб, болаларини кўз қорачиғидек ардоқлаб, оч қолдирмай, эплаб боқиб турганда, Бойдали ҳалок бўлибди, деб қандай айта оламиз. Ўзи аранг яшаб турганда, бу хабарни айтсак, охирги умид-ишончидан ҳам маҳрум этган бўлмаймизми? Тўтиойнинг руҳи тушиб кетса, болаларига ким қарайди. Қўй, Мирзақул, буни ҳозир айтолмаймиз, журъатимиз етмайди. Пишиқчилик келсин, эл-юрт тўйинсин, сўнгра кузга бориб ҳаммамиз биргаликда Худойисини ўтказиб, овулимиздан чиққан баҳодир ҳалок бўлди, деб хотирасини ҳурмат билан эслаб ўтамиз…”
Кексаларнинг бу маслаҳати овулдаги кўпчиликка маъқул тушди. Ҳали тамаки саройида аёлларнинг ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Тўтиойга ачиниб, йиғлаётганларининг боиси ҳам шунда эди.
Тунда Исмоил уйига одатдагича қайтиб, Саида унга қўшниси Бойдалининг қисмати ҳақида гапириб берганда, у мийиғида алланарсалар деб тўнғиллаб, эгнини қоқиб қўйди.
Унинг бундай бесўнақай ва ҳаракатсиз туришидан: “Ия, ўлган эканми?” дегандек, ёки бўлмаса: “Ўлса ўлгандир. Ўққа бошингни тутганингдан кейин нима бўларди. Мен бошимни олиб бекорга қочиб юрганим йўқ! Аҳмоқ бўлмаса, минага ўзини ташлармиди? Ундан нима фойда кўрди? Ажали етди холос!” – деган каби маънони уқиб олиш мумкин эди. Ҳайтовур, у хўмрайиб бадхоҳлик қилгандек, ёнида турган катта косадаги гўжани олиб, қулқуллатиб симириб юборди-да, тўймагандек қовоғини солиб:
– Яна борми? – деди.
Саида Исмоилни бундай ҳолатда кўриб ҳайратда қолган ва: “Қаҳратон қишда бирда оч, бирда тўқ юриб, ўз жонини сақлаш билан овора бўлгандир…”, деб ичида аяган эди.
Исмоилни кузатиб юборгандан кейин Саида алламаҳалгача ухлаёлмай ётди. Эшикда шамол увиллаб, қор учқунларини учириб, деразаларни чертарди. Совуқда тўнғиган ит овул чеккасида бир-икки ангиллаб, ғингшиб қўйдида, сўнгра “сов-у-у-у-уқ, сов-у-у-уқ” дегандек улиди. Саиданинг аъзойи бадани қалтираб, ўша қор босган ой далада бўрон аралаш эсган шамолдан чийиллашиб ҳуштак чалаётган қалин қамишзорлар орасидан ғорга кетиб бораётган Исмоилни кўз ўнгидан ўтказиб, қўрққанидан ўрнидан туриб кетди. Шу пайт Саиданинг боласи йиғлаб қолиб, уни эмизиб бўлгандан кейин, яна хаёл суриб, уйқуга кетди. Бироқ уйқусида ҳам Исмоил ёдидан чиқмади… Тушида Саида илгаригидек янгидан келин бўлиб келгану, Исмоил иккаласи иморат қураётган эмиш. Исмоил белигача ечиниб олган бўлиб, қуёшдан қорайиб кетган баданлари тердан йилтирарди. У Саидани қучоқлаб олиб, бағрига босади. Бундоқ қараса, устида солдатча кийими: Исмоил ҳозиргина аскардан келиб турган экан. Саида ўзида йўқ қувониб кетади. Бу манзара унга гўё ўнгидагидек бўлиб кўринади. Исмоил соғиниб, юрак-бағри ўртангандек, илиқ лаблари билан Саиданинг юзларидан қайта-қайта ўпиб олиб, липиллаб ёниб турган пиликни “уф” деб бир пуфлашдаёқ ўчиради… Саида жони ором олаётгандек баданлари жимирлаб: “Соғиндим сизни, беҳад соғиндим!” – деб унинг қулоғига шивирлайди… Кутилмаганда шувиллаб қуюн кўтарилади-да, Исмоил кўздан ғойиб бўлади. Саида унинг орқасидан қичқирганича югурарди. Бир маҳал қараса, ҳамма ёқ қор, ўзи эса ғорда ўтирган эмиш, Исмоил товуқ гўштини узиб-юлқиб суяклари билан бирга чайнаб, Саидадан қизғангандек, ўқрайиб-ўқрайиб қарайди. Саида Исмоилга яқинроқ келиб, гапиришга оғиз жуфтлайди-ю, яна гапира олмай, кўнглидан ўтказади. “Мунча очкўзлик қилмасанг. Борига қаноат қилсангчи, тошни ютиб юборай дейсан-а, Исмоил!” Шу маҳал атрофдан қандайдир қичқирган овозлар эшитилиб, бир гала аскарлар ичидан милтиғини ўқталиб, қийқириб келаётган Бойдали ўзини тиканли сим тўсиқлари устига ташлайди. Ер-кўк ларзага келиб, ҳавони чанг-тўзон қоплаб олади. Ҳалиги аскарлар эса Бойдалининг жасадини қўлда кўтаришиб, олға томон югуришади. Саида қўрқув аралаш ғорнинг оғзини беркитмоқчи бўлгандек, дик этиб ирғиб туриб кетади…
Эртаси эрта билан Саиданикига почтальон Қурмон оға чопиб келди, у айни вақтда қишлоқ Советининг хизматини ҳам адо этарди. Унинг этаклари икки ёққа тарвақайлаб кетган, қиёфасидан қандайдир ташвиш аломатларини фаҳмлаб олиш мумкин эди. Қурмон оға от устидан энгашиб, эшикни қамчи дастаси билан ура бошлади!..
– Саида, райондан ИНКУУнинг одамлари келиб, тезда сенинг идорага етиб боришингни сўрашяпти. Қани, тезроқ бўла қол!..
Саида эшикка югуриб чиқар экан, уларнинг нега чақираётганларини сўрамади ҳам. У, Қурмонни кўриши биланоқ юраги така-пука бўлиб, масалага дарҳол тушунган эди. Саида гарчи ўнгида фарёд кўтариб йиғламаётган бўлса ҳам, кўнглида “Айланай Исмоил, энди нима қиламиз?” деб фиғон чекаётган эди. Нариги ёқдан севиниб чопиб келган Ҳасантой, Қурмон оға хат келтирди, деб ўйладими:
– Исмоилдан хат келди. Саида янга! Суюнчи! – деб қичқирди-ю, ранги бўздек оқариб кетган Саидани кўриши биланоқ овози бўғзида қолди ва елкасини қисиб, бирон айб қилиб қўйган кишидек, четга бориб хомуш бўлиб туриб қолди.
– Э, шўрлик болам-а! – деди Қурмон оға. Унинг бу сўзи болагами ёки Саидага қарата айтилдими, ким билади дейсиз. Қурмон оға отига қамчи босиб чоптириб кетди.
Саида қишлоқ Советининг идорасига қандай етиб келганини сезмай қолди. Қўрқувдан баданлари музлаб, қалтираган қўллари билан аранг эшикни очиб кирган эди. Қурмон оға айтгандек, стол ёнида тўппонча таққан, шинелли киши ўтирганини кўрди. Саида ўтирган кишининг юзига қарашга ботина олмай, ундан кўзини олиб, бошини хам қилганча яқинлашиб бораверди. “Исмоилдан энди айрилар эканман!” деган биргина хаёл уни банд этган эди. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай унинг тасаввурида: “Исмоилни бермайман! Ҳеч кимга бермайман!” деган иккинчи бир кучли хаёл ҳукмронлик қиларди.
Саида қишлоқ Совети идорасига кириб келганда ҳам ўша хаёл устунлик қилиб: “Исмоилни бермайман! Ҳеч кимга бермайман!” – деб, онт ичгандек қақшаб ичида қайта-қайта такрорлаётган эди.
– Ўтиринг! – деди НКВД вакили Саидага. Лекин Саида буни эшитмай қолди.
– Ўтиринг! – деб иккинчи марта айтилганда, Саида кўр кишидек курсининг четини сийпалаб аранг ўтирди.
НКВД хизматчиси у-бу гапларни бамайлихотир сўраб, уларни қоғозга ёзиб оларкан, бир лаҳза ўзича ўйланиб ўтиргандан кейин, Исмоилнинг фронтга кетиб бораётганда бешотар милтиғи билан эшелондан тушиб қолиб, қочиб кетганини айтди.
– Эрингиз ҳозир қаерда?
– Билмайман, менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ, – деб жавоб берди Саида.
– Сиз, раҳм қилиб, айтмасликка онт ичган бўлсангиз ҳам, у барибир ҳеч ерга қочиб қутула олмайди, охири қўлга тушади. Ундан кўра эрингизга, ўзингизга яхшиликни раво кўрсангиз, очиғини айтинг. Эрингиз ўз ихтиёри билан озодликка чиқсин… Сиз бу ишда бизга ёрдам беринг.
– Билмайман, менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ! Аскарга олиб кетган ўзларинг, кейин нима бўлди, у ёғи менга қоронғи.
Вакил қанчалик кўп суриштирмасин, Саида билмайман, деб, ичида эса, “Худо лойиқ кўрган ёримни ўлимга итариб, ўзимга ўзим душманлик қилармидим! Бошимни кесиб ташланглар, ўлимдан қўрқмайман, бироқ ҳеч нарсани айтмайман!” деб ўзини билмасликка солиб, ўжарлик қилиб ўтираверди. Сўроқ тугаб, Саида қўрқувдан дармонсизланиб қолган эди. У йиқилаёзгандек аранг эшикдан чиқиб бораётганида, нариги ёққа отини боғлаб келаётган Мирзақулга кўзи тушди. Мирзақул қўлидаги папирос қолдиғини сипқориб тортиб, шошганича келаётган эди. У бугун ҳам қандайдир бошқача кўринарди, соқоли ўсиб, жағлари янада ич-ичига кириб кетган, эти қочиб, қотиб қолган елкаси бир оз пастга осилиб, эскириб кетган шинели остидан туртиб чиқиб турарди. Телпак четидан қоши аралаш тикилиб турган кўзлари эса жон азобида қийналаётгандек, кишига ўйчанлик билан термиларди. Мирзақул Саидани кўриши биланоқ тўхтаб, оёғига тикан киргандек унга қадалиб қаради.
– Айтдингми? – деди у қўли билан эшик томонни имлаб кўрсатиб.
– Нимани айтишим керак эди? Мен ҳеч нарсани билмайман! – деди Саида унга.
– Хў-ўш, айтмайман дегин! – Мирзақул жаҳли чиққандек жим қолди, сўнгра папиросини оёқ остига олиб тепкилаб, бошини чайқаб олди.
– Одамнинг яхши-ёмонлиги мана шундай пайтларда сезилар экан! Айтмай уни қаёққа олиб бормоқчисан? Номус борми сенда? Ватаним деган эркак – ҳаммамиз қолмасдан жўнадик, яхшиликками, ёмонликками, элу юртдан ажралмасдан. Буни сен тушунасанми? Гапир, ҳали ҳам кеч эмас, Исмоилни топ, эл қаерда бўлса, у ҳам шу ерда бўлсин.
Юраги зардобга тўлиб, жон талвасасида турган Саида ҳеч ҳайиқмай Мирзақулни юлқилай бошлади.
– Тушунганда нима? Қочса қочиб кетгандир. Мен уни қаердан билай! Ҳар кимга ўз жони азиз, ўз бошини ўзи сақлаб юргандир, сенга нима, мунча чиранмасанг, йўлингни кесиб ўтгани йўқ-ку. Ёки ҳаммани ҳам ўзингга ўхшаб майибмайриқ бўлиб келсин демоқчимисан?..
Саиданинг бу сўзлари Мирзақулнинг иззат-нафсига қаттиқ теккандек, кўзлари олайиб, чўлтоқ қўли дирк этиб силкиниб тушганда, киссасидаги бўш енги сурилиб чиқай деди.
– Де-демак, сенингча, мен Исмоилдан… ё-ёмонлигим учун… шундай аҳволга тушиб қайтиб ке-ке-келган эканман-да! – деди у ҳар бир сўзини салмоқлаб, тутилиб. Сўнгра турган ерида орқасига хиёл тисарилиб, қўлидаги ўрилган қамчи билан Саиданинг бўйин ва боши аралаш савалай кетди. Саида ҳам парво қилмай тураверди.
У қулоғи остидан шип-шип ўтаётган қамчини пайқамаётгандек, гўё сеҳрлаб қўйилган қуён каби Мирзақулнинг соғ қўли аралаш енги ичидаги диркиллаб, қалтираб турган чўлоқ қўлидан кўзини узмай, мўлтайиб тураверди. Иккинчи бир қараганда Мирзақул қўлидаги қамчини тиззасига уриб синдирмоқчи бўлди-ю, бироқ чўлоқ қўли енг ичида яна дирк-дирк қимирлаб, бу ҳаракатдан ҳеч нарса чиқмагандан кейин, қамчини томнинг тепасига улоқтириб юборди. Ўзи эса ўқ теккан киши сингари шинелининг бўш енгини чангаллаганича кўксига босиб, ариқни ариқ демай, қор уюмларидан сакраб, югурганича ташқарига чиқиб кетди. Унинг елкаси яқиндан тўқ қизил бўлиб кўриниб, фронтдан олиб келган орқасидаги эски сумкаси ёнбошига шалоп-шалоп уриларди.
Мирзақул олға томон чопиб кетганда, орқада мулзам бўлиб қараб қолган Саида қамчи урилган бўйнининг ловиллаб ачишаётганини эндигина сеза бошлаган эди. Қора тутун босиб келгандек изтироб ичида қолган Саида фарёд солиб йиғлагиси келарди.
У кўча бўйлаб бораркан, олдидан ураётган изғирин қор бўронини ҳам, ёнверидан тез-тез ўтиб кетаётган йўловчиларни ҳам пайқамай, ўзини кенг далада гангиб бораётгандек ҳис қилди. Қавариб, шилиниб кетган бўйни ловиллаб ачишиб, лабини тишлаганича атрофга ҳеч қарамай, хўмрайиб борар, бир-биридан аччиқ, бир-биридан изтиробли ўй-хаёлларга чўмиб, етти номуси ерга киргудек бўларди.
“У мени урди, савалади, шарманда қилди! Мен буни Исмоилга айтаман, ундан ўч олсин!” деярди ва дарҳол яна ўз ҳукмидан қайтиб: “Йўқ, айтмайман, зотан, буни айтиб ҳам бўлмайди. Исмоил тутилиб қолиши мумкин, яхшиси дамингни чиқарма-ю, юрагингга тугиб қўй, у билан гапиришиб олишнинг ҳам мавриди келар! Туғишган – душман деганлари шу-да, ўз туғишганини кўрарга кўзи йўқ. Исмоил омон бўлса, қишни чиқариб, довон очилиши биланоқ Чотқолга жўнаймиз. У ерда ҳеч кимдан яширинмай, элу юрт қатори эркин яшаймиз. Мирзақулнинг юзига иккинчи марта қарамаганим бўлсин!..”
Саида уйга қайтиб келди-да, бешик тебратиб ўтирган қайин онасини қучоқлаб ерга йиқилди. У жимгина ўтирган муштипар онанинг ориқ тиззаларига бошини қўйиб, номусдан изтиробга тўлган кўнглига эрк бериб, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлади:
– Она, Мирзақул мени урди! Айланай онажон, Мирзақул мени урди!
Юзларидан юм-юм оқиб тушаётган ёш томчилари томоғига тўлиб, узоқ вақт нола тортиб йиғлади. Шунда унинг қулоғига қайин онасининг йиғи аралаш аянчли овози узоқдан эшитилди.
– Онанг айлансин сендан, арзанда болам, жоним қурбон бўлсин сенга… Умидимиз, ишончимиз сенсан! Кўзимизнинг оқу қораси, куч-қувватимиз ҳам сенсан… Сен бор экансан, кўнглим тоғдек бўлиб, овуниб ўтирибман. У дунёю бу дунё сендан розиман… Бундай кўргиликларга чидаш бермай илож қанча… Мирзақул ота-боболарини унутиб, ўз уруғларидан юз ўгирган бўлса, Худо бордир, арвоҳ бордир…
Саида Исмоилнинг келар пайтини билиб, ярим кечада ўрнидан турди-да, уни овулнинг чеккасида кутиб олди. Исмоил бу сафар овулга кирмасдан, ўз қароргоҳига қайтиб кетди.
* * *
Илк баҳор, қишлоқдагиларнинг кўпчилигида озиқ-овқат тугаб қолган пайт. “Овулда энди сигирлар туғиб, сут-қатиққа оғзимиз тегса, кейин думбул, арпа, сўнгра пишиқчиликка ҳам етиб олар эдик” деб гапиришар эдилар. Аммо айтишга осон, унгача озмунча вақт борми…
Саида учун турмушнинг энг оғир, энг машаққатли кунлари келди. У Мирзақул билан уришиб қолгандан кейин, Исмоил янада сергак бўлиб, ғордан чиқмай, уйига келишни ҳам бас қилиб қўйди. Саида топган-тутганини қўйнига тиқиб, пайтини топса, кундузи ўтинга борганда, бўлмаса кечалаб Исмоилнинг олдига ўзи қатнарди. Бу ҳам майли-ку, лекин Исмоилнинг мечкай бўлиб шишиб кетгани уни ваҳимага солиб, қаттиқ ташвишлантириб қўйган эди. Исмоил қанча ичиб-емасин, тўйган-тўймаганини билмай, бирдек бўзрайиб ўтираверар эди.
– Дон-дундан уйда қолдими ҳеч ёки ғорда ётавериб, охири очимдан ўлиб кетмайин тағин, яширма, ростини айт! – деди у.
– У нима деганингиз! Тани жонингиз соғ бўлса, бир бурда нон топилар…
Саида эртаси барвақт туриб, бултурги хирмон жойларига қараб йўл оларди. У ўзи билан бирга олиб келган тўрвасини ерга ёзиб қўярди-да, эрталабдан оқшомгача сомон шопирарди. Хирмон тагида қолган сомон орасидан биттаяримта буришқоқ майда буғдой доналари тушарди. Кун бўйи бир коса буғдой тўпласа, уни кечаси билан қўл тегирмонида тортиб, Исмоилга нон пиширарди. Шу тахлитда яна неча кун тирикчилик ўтказишларини ким билсин. Саиданинг ишонгани – қўлидаги ёлғиз ғунажини. У туғиб берса, Исмоилга сут-қатиқ, мой бўларди!
Исмоил! Исмоил!.. Қачон бўлмасин инграб, бутун дунё кўзига ёмон кўрингандек, бирон оғиз илиқ сўз айтмас, мақсадсиз, орзу-ҳавассиз, биқиниб яшарди. Унинг нималар ҳақида ўйлаётганини, эзгу ниятини билиш қийин эди. Гапирганда ҳам ўша довоннинг очилишига қанча вақт қолганини сўраб, кун санарди-ю, яна овқат ҳақида ўйларди, холос. Эт деганда оғзининг суви келарди. У туриб-туриб, совуғим ошиб кетди, жирим қуриб кетди, деб нолир эди. Исмоил бу сўзларни айтганда, бир лаҳза бўлса ҳам фикр-ёдидан аллақандай мудҳиш хаёллар кўтарилгандек, ўқрайган кўзларидан ўт чақнаб, анча вақтгача қовоқ солиб, жим қоларди. Ажаб, шундай пайтларда у нималар ҳақида ўйлар экан-а?..
Шу аҳволда ғорда ётавериб жинни-пинни бўлиб қолдими, деб Саида қўрқиб кетди. “Энди нима қиламан?” – деярди у ачиниб. Балки ўғлини соғиниб қолгандир, деган хаёл билан Саида кунлардан бир куни боласини чўмилтириб, унинг кўйлак ва йўргакларини ювиб, овулдагиларга: “Бобосиникига ўйнагани кетяпмиз” деб болани ғорга кўтариб борди.
У бирга ўтиришган ота-боладан кўзини олмай, завқланиб қарар ва шу чоқ ўзини ҳам ғоят бахтиёр ҳис этарди. Саида орадан бир кунни ўтказиб, яна овулга қайтиб келди.
Ёз эрта кираётгандек бугун қуёш эрталабданоқ чарақлаб чиқиб, қиздира бошлади. Қирмоч боғлаб босилиб ётган қор бети чет-четидан ола-була бўлиб эриб, яхлаб қолган шудгор ерлардан буғ чиқиб турар эди. Водий бўйлаб майин шамол эсиб, гўё ҳаво илигандек, чўкинди қорлар остини ўйиб, шилдираб сув оқарди.
Атрофда чурқ этган тирик жон йўқ. Ҳув анови хирмондан димиққан илиқ ҳид келарди, кимдир биров тўпон ағдариб шопириб ётганга ўхшарди. Бу Саида эди: тўпонни қоплаб, очиқроқ ерга олиб борарди-да, “шамол отаси”ни чақириб, уни ҳавога сочиб шопирарди ва қум ичидан олтин заррачаларини излагандек яна уни титиб кўрарди. Бироқ, бу хилда ишлаш қанчалик майда, қанчалик зерикарли бўлмасин, Саида ундан бош тортмасди. Нима бўлса ҳам Исмоилни кўкламгача боқиб чиқиши керак, сўнгра Худо ўша кунларга етказса, довон очилиб, йўлга тушиб қолар…
Ёқимли баҳор қуёши танларни яйратиб, кишига ўзгача роҳат бахш этарди. Шу топда Саида бир зумгина тўхтаб, ўзича тотли хаёлларга чўмар, ҳатто очликдан кўнгли озиб бораётганини ҳам унутиб, аъзойи бадани қалтирабтитраётгандек сезиларди.
У келажак ҳақида орзу қиларди. Ҳув ана, олисда – мангу қор босиб оқариб кўринган тепаликлар орқасида Чотқол чўзилиб ётибди. Саида Чотқолни эслаганида, негадир худди афсоналарда тасвирланганидек, кўз ўнгида ажойиб манзара гавдаланарди. Ёзин-қишин кўм-кўк бўлиб чайқалиб ётган яшил ўтлоқлар, сув бўйларига қатор-қатор тизилган оқ ўтовлар, осмонга тутун тарқатиб, биқирлаб қайнаётган ичи тўла қозонлар… Улар мана шу ажойиб ўлкага – Чотқолга кетишади. У ерда Исмоилнинг тоғалари бор. Чотқолда Исмоилнинг аскардан қочиб келганини ҳеч ким билмас ва сўрамас ҳам эмиш. У ерда Мирзақулга ўхшаган ёмон кишилар ҳам йўқ эмиш. Чотқолга борганларидан кейин Исмоил колхозга чўпон бўлиб ишга киради, Саида эса унга кўмаклашади. Мана шунга ўхшаш туганмас ўй-хаёллар…
Қани энди тезроқ кўклам кела қолса-ю, илиқ кунларга ҳам тезроқ етиб олиш насиб қилса…
Одамзод баҳорни ана шундай интиқлик билан кутади: қаҳратон қишдан сўнг илиқликни қўмсайди, зеро, жўшқинликка ташна бўлади. Чунки бу фаслда қишда ҳаёти сўнган бутун мавжудот уйғонади. Кўнгиллар яйраб, завқ-шавққа тўлади киши… Бироқ Саиданинг дарду хаёли тамомила бўлакча эди. Бошқа пайтларда сира йўлаб бўлмайдиган қор довонининг очилиши – Чотқолга йўл очилиши – унинг учун эри ва бутун оиласини қутқариб қолиш йўли эди. Бу эса улар учун бирдан-бир имкон, ягона нажот йўли эканини Саида яхши англарди…
Шу боис у бу ҳақда кечаю кундуз қаттиқ қайғуриб, қўрқинчу умидворлик билан хаёл сурарди.
“Ўлмаган жондан – умид” деганларидек, Саиданинг орзу-умидлари сўнмаган эди. Шу ҳақда ўйлар экан, қайнонаси қачондир айтган сўзларни миннатдорлик билан эсларди: ўғлининг қисматидан руҳан эзилган, азият чеккан айнан шу муштипар Бексаат онагина ёш келин-куёвга Чотқолдан паноҳ топиш ҳақида илк бор фикр билдирган эди.
* * *
Саида от ўғриси ҳақидаги кўҳна қўшиқни бурун ҳам овулларда кўп эшитганди:
Уюрдан от обқочарман,
Гулхандан ўт олгандай,
Чотқол сари учарман,
Музу қорлар кечгандай…
Саида шу чоққача бу қўшиқнинг мазмунига ҳеч қандай аҳамият бермаган ва Чотқол, вақти келиб, унинг учун оламдаги энг азиз ва табаррук қароргоҳ бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди…
Ўзини ўзи банди қилиб қўйганидан гангиб, одамови бўлиб қолган Исмоил учун ҳам, ўша от ўғриси қўшиғида куйланганидек, умид ёғдуси сўнмаганди: у бутун қалби билан муз ва қорлар оша Чотқолга ошиқарди, унинг фикри-хаёли фақат шу ҳақда эди.
Исмоилнинг онаси – беозор, касалманд Бексаат кампир – ўша қишни бамисоли бир уюм тупроқ тагидаги инида онда-сондагина атрофга қараб қўйиб, таҳликали кун кечирувчи кўрсичқондек ўтказди. Қочқинчи ўғлини одамлар нигоҳидан яшириш зарурати туғилган кезларда она бечора бутун фаросатини ишга солиб, ҳовлисидан ҳеч қаёққа чиқмасликка, ҳеч қаерда кўринмасликка, ҳамқишлоқлари билан ортиқча учрашув ва мулоқотлардан йироқ юришга ундади. Бундан ўзгача тарзда яшашнинг сира иложи йўқ эди. Шўрлик кун бўйи уйида набирагинасига қараб ўтирарди, бошқа ҳеч нима талаб ҳам қилинмас эди ундан. Энг муҳими: кампирнинг шундай ҳаёт тарзи ўғлини ҳам, келинини ҳам тўла қаноатлантирарди. Улар унга тўла ишонишар ва суянишар эди. Шу кампир бўлмаганида аҳволлари қандай кечарди?! Саида ўтин йиғишга, шунингдек эрининг тоғ этагидаги бошпанасига бориб келиши учун гўдагини кимга ва қаерга қолдириб кетган бўларди?!
Саида Мирзақул уни қамчилаб савалагунига қадар ҳам қайнонасини бот-бот огоҳликка чақириб турарди: мабодо биров ундан ўғли тўғрисида бир нарса сўраб қолса, ўзини дадил тутиб, унинг тақдирига ачинаётганини билдириши жоизлиги, ҳозирги замонда юз бераётган воқеаларни бир нотавон, саводсиз кампир қаёқдан ҳам билишлигини айтиши даркорлигини уқтирар эди. Бугина эмас… Исмоилни аскарликка олиб, урушга жўнатишганидан бери ундан ҳеч қандай дом-дарак йўқ. Ким билади дейсиз: хатлар йўлда қаерлардадир йўқолиб кетар, балки. Ишқилиб яккаю ягона, ёлғизгина ўғлимни Худойим ўз паноҳида асрасин-да. Тирик бўлса, бир куни албатта қайтиб келади. Шу кунлар менга насиб қилиш-қилмаслиги эса ёлғиз Эгамнинг ўзигагина аён, деганга ўхшаш огоҳлантиришлар…
Шундай вазиятларда кекса Бексаат ҳаммасини тўлиғинча тушуниб етганини бош ирғаб маъқуллаб турарди. Унинг серажин яноқлари сезилар-сезилмас оққан кўзёши томчиларидан намиқиб кетган, у шу қадар мункайиб, озибтўзиб, бир тутам бўлиб, кексайиб қолган эдики, Саида унга ачинишни ҳам, бирор маслаҳат беришни ҳам билмасди:
– Эй, энагинам, нега беҳудага ҳадеб кўзёш тўкаверасиз! Худонинг ғазабини келтирманг, – дея гина қила бошлади келини. – Нима бўлгандаям Яратганга шукр қилсангиз-чи: ўғлингиз гарчи қочқинчи бўлса ҳам, тирик юрибди-ку, ахир. Ярим кечада, оз фурсатга бўлса-да, уйимизга келиб турибди-ку! Аёзли кечаларда юриш қанчалик оғир бўлмасин, барибир, бу ерлардаги аҳвол урушдагидан афзалроқ-ку, у ёқларда қанчадан-қанча одамлар қирилиб кетмоқда… Ўғлингизнинг ўзи ҳам айтган эди-ку: бегона юртларда жон фидо қилишимнинг нима ҳожати бор. Тушимга ҳам кирмаган, ота-боболарим ҳам кўрмаган аллақаерларга бориб жанг қилишни менга ким қўйибди! Урушни ким бошлаган бўлса, унинг ўзи урушаверсин. Мен эса “Болта тушгунча кунда дам олар” мақолига амал қилиб, тоқат билан кутиб ётавераман, деб.
Саида бу сўзларни ҳар гал суҳбатга эҳтиёж сезилиб турган кезларда, айниқса тунда овулда музлаган деразаларда чироқлар бирин-кетин ўчиб, совуқ ўтиб ўз хонасидан паноҳ топган итларнинг акиллаши тинган, ҳар рўзғор, ҳар оила чўғи сўнган ўчоқхонаси атрофида ғужлашиб, то саҳар-мардонигача – хўрозлар қичқириб, сигирлар маърашгунга қадар – ташқи оламдан узилган пайтларда ўз ҳикоясини такрорлашдан эринмас эди… Қайнона-келин гўдакни ухлатишиб, беихтиёр ўз мушкулотлари юзасидан сўз очишган кезларда Бексаат кампир одатда келинининг гапларини жимгина тинглаб ўтирар эди. Шундай лаҳзаларда қайнонаси жавоб маъносида оғир хўрсиниб қўяр, бошини ожизона қимирлатар эди; ҳар гал суҳбат ниҳоясига етганда эса, бошга солганини кўраверамиз-да, деган иборани тилга оларди. Энди эса ўз ваҳимасини сира яшира олмади. Ноилож бошини чангаллади, қонсиз лаблари аранг пичирларди.
– Саидажон, бовурим, жуда ҳам қўрқиб кетаяпман, буларнинг ҳаммаси охири нима билан тугар экан-а!
Саида кўнглидаги умидсизликни қайнонасига сездирмасликка, иродасизлик қилмасликка мажбур эди.
– Энажон, тинчланинг. Нега энди элдан бурун йиғлаб-сиқтайсиз. Мана кўрасиз, ҳадемай ҳаволар илиб, қорлар эрий бошлайди, ердан нам кўтарилади, ўғлингизга ҳам, ўзимизга ҳам яхши бўлади, – деб қайнонасини юпата бошлади.
– Кейин эса яна бирор нима ўйлаб қаловини ҳам топармиз, ахир биз тирик инсонлармиз-ку. Фақат овулдошларнинг биронтаси ҳам ўғлингиздан бохабар бўлишига сира йўл қўйманг, суриштириб қолишса, сиз ҳеч нима билмайман деб тураверинг, вассалом…
Бехосдан қайнона-келин жимиб қолишди, ўшанда ҳам уларнинг ҳар бири мазкур жумбоқ юзасидан ўзича хаёлга чўмишгани ҳолда унинг ечимини тополмай охири нима бўлишини билолмас эдилар. Бироқ Исмоилни кутиб олиш – овқатлантириш, кўнглини топиб, унга меҳрибонлик кўрсатиш ва эрта тонгда овулни тарк этиши каби юмушларда жонбозлик кўрсатар эдилар: у одатда туннинг қоқ ярмида пайдо бўларди. Саида эрининг келиши олдидан пўстинга ўралиб ҳовлига чиқар ва унинг уйга бехатар кириши учун омборхонанинг нариёғидан кузатарди. Саида Исмоилнинг пайдо бўлишини теваракатрофга назар ташлаб, ҳар қандай овозга қулоқ тутиб хавотирланганча кутиб турар эди. Айни чоқда узоқда қор билан қопланиб ётган тоғ қоялари устидан милтиллаб кўринаётган юлдузлар ва оймомога қалбан мурожаат этарди. Унинг мажруҳ қалбидаги дарду ҳасратларини фақат юлдузлару оймомогагина тўкиб солиши, уларгагина илтижо қилиши мумкин эди, холос. Зора улар унинг оҳу зорларини эшитиб, қандайдир бир мўъжиза билан ердаги воқеаларга таъсир ўтказишса: эрини, чақалоғини, қайнонасини ҳамда ўзини бало-қазолардан авайлаб-асрашса. Хусусан, Исмоилнинг қочоқлигидан хабар топиши биланоқ уларнинг ҳаммаларининг қўл-оёқларини боғлаб Сибирга бадарға қилиш ва йўқотиб юбориш пайида юрган кимсалардан қутқара қолишса. “Менинг илтижоларимни эшитингизлар, уларни фақат Сизларгагина изҳор қилмоқдаман, – унинг ўзи тўқиган муножотлари шу сўзлар билан бошланарди. – Сизлар самода ўз ўрнингиздасиз, шу важдан ҳеч нима сизларга таҳдид сололмайди, ҳеч ким ҳеч кимни таъқиб ҳам қилмайди ва у ерда ҳеч қандай ўзаро урушлар ҳам бўлмайди. Бизлар эса бу ерда даҳшатли урушнинг дастидан ўзимизни қаёққа уришни ҳам билмаймиз. Урушда эса сон-саноқсиз халойиқ қирилиб ётибди. Овулимизда эркак зоти қолмади ҳисоб: ҳаммаси урушга кетган. Душман билан урушиш, жанг қилиш керак, дейилиши биланоқ ҳамма бирдай фронтга жўнади. Аслида эса бирон киши ҳам ўлишни кўнглидан хоҳламайди, шунга қарамай, ҳамма ўзини ўлимга ураётибди. Нега шундай-а? Эримнинг айтишича у эшелондан қочган экан, ўз хоҳиши билан шу қарорга келган, ҳар ким ўз ақлиҳуши билан иш тутади, бандаликни қаерда бажо келтиришнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Шундайликка шундаю, аммо буларнинг ҳаммаси охир-оқибат қандай якун топаркин-а? Шу боис Сизлардан ёлвориб илтижо қилаяпман, юлдузлар ва оймомо! Сизлардан ўзга ҳеч кимимиз йўқ бизларнинг. Мунглиғ қайнонам икковимиз фақат шу ҳақда бош қотирамиз. Гўдакчамиз ҳали жуда ёш бўлса, ундан нимани ҳам сўрашимиз мумкин! Унинг мурғак тақдири қандай кечаркин? Шу ҳақда эрим билан кенгашган чоғларимда у ўз билганидан қолмайди: менинг қисматим нима бўлса, сизларники ҳам шундай бўлади. Турмуш қурганимизда нима бўлган эди? Ўшанда ҳар биримиз ёмон кунда ҳам, яхши кунда ҳам доим бирга бўлиш тўғрисида қасамёд қилган эдик. Мен-ку шунга ҳамиша шайман. Бироқ бундан кейин шу зайлда қандай яшай олар эканмиз? Ҳаммани урушга чорлаётган ўлкалардаги бу даҳшатли уруш яна қанча давом этаркин? Бизнинг ҳаммадан яшириниб, таҳликада кун кечириш тарзимиз қачонгача давом этаркин, қўққисдан сиримиз очилиб қолса-чи?.. Эрим бечорага ҳам раҳмим келади, қачондан бери тўдасидан айрилган бўридек, одамлардан қочиб-безиб юрибди шўрлик. Аҳволи оғир унинг. Қаттиқ йўталади, шамоллаган боёқиш. Уйда ҳам ҳамма нарсамиз тамом бўлай деб қолди. Ўрада уруғ учун асраётган картошкамиздан озгина қолди, у ҳам ниш чиқариб ўсмоқда. Ун ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади: у умуман тугаяпти. Ваҳоланки унинг ҳар бир сиқимини ҳам ниҳоятда тежаб-тергаб ишлатаяпмиз, нонни эса қаллиғим учунгина пиширамиз, ўзимизнинг кунимиз эса фақат жўхори бўтқасига қолган… Жамоа хўжалигидаги кўпгина хонадонларда ҳақиқий очарчилик бошланмоқда дейиш мумкин. Одамлар аранг, зўрға-зўрға тирикчилик ўтказишаяпти, шу сабабли ҳамма кўклам бошланиб, сигирлари туғиб, сут-қатиққа ёлчийдиган кунлар келишини орзиқиб кутмоқда. Наҳотки ўтмишда ҳам одамлар шунчалик қашшоқликда кун кечиришган бўлишса-я? Айтишларича, қадимда ҳам очарчилик ва қаҳатчиликлар бўлиб турган, лекин бунақа урушлар бўлмаган. Одамлардан қочиб, яшириниб кун кечиришдан кўра, камбағал-қашшоқликда яшаш минг бор афзалдир…”
Мабодо Исмоил нимагадир кечикиб қолгудай бўлса – баъзида унга тун қоронғисида тасодифан бирон кишига дуч келиб қолмаслик учун овулдаги ҳамма хонадон деразаларида чироқ ўчирилишини узоқ вақт кутиб туришга тўғри келарди – Саида ўшандай кезларда ҳам омборхона орқасида туриб ўз жуфти ҳалолининг йўлига сабр-тоқат ва содиқлик билан кўз тикиб тураверар ва ўй-хаёлларга берилган ҳолда самовий юлдузларга қалбдан илтижо изҳор этар эди. Унинг шундай ўй-хаёл ва мушоҳадалари фақат қоп-қоронғи кечада узоқдан Исмоилнинг қораси кўзга илинган лаҳзалардагина бўлинар эди. Саида ҳамма нарсани, ҳаттоки ҳозиргина кўнглида кечиб турган барча ўйфикрларини ҳам унутиб, қаҳратон аёздан титраб-қалтираган ҳолда эрининг ёнига борар ва уни уйга бошлаб кетар эди… Ҳар қалай, қисқа муддатга бўлсада, бирга бўлишар… Тонг отиши билан эса яна ғойиб бўларди.
Саида учун эрининг кийим-кечакларини ювишнинг ҳеч ҳам қийин жойи йўқ, лекин уни ҳовлида ёйиб қуритишга юраги дов бермасди. Тасодифан бирон кимса ҳовлига кўз ташлаб, эркак киши кийимларини пайқаб, сўрабсуриштириб қолса нима дейди? Шунинг учун кекса Бексаат ювилган кийимларни тунда ўчоқ бошида узоқ вақт сабр-тоқат билан қўлда тутган ҳолда оловда қуритиб чиқарди.
Шундай кунларнинг бирида қуритилган кийимларни нимжон қўлларида тута туриб, келинига йиғламсираб мурожаат қила бошлади:
– Саида, энди бор гапни сенга очиқчасига айтмасам бўлмайди: ичимда қандайдир бир ёмон дард пайдо бўлганга ўхшайди, биқиним мудом тош тиқилгандек оғрийди. Ётсам ҳам, турсам ҳам қаттиқ санчади. Кун сайин тинкамадорим қуриб бораяпти.
– Унда Сиз нега шу пайтгача индамай юрибсиз? Оғриқ қачондан бери безовта қилади сизни? – Саида эндигина қайнонасининг мадори қуриб кўзлари қанчалик хиралашиб қолганига ишонч ҳосил қилди. Айни чоқда кампирнинг ичдан азоб бериб келаётган дардни ҳеч кимга билдирмай, индамай юргани шундай оқибатга олиб келганини ҳам англаб етди. Саиданинг авзойи бузила бошлади. – Мен бўлсам буни ҳечам пайқамай юрган эканман, – деди Саида гуноҳкорона. – Ҳамонки шундай дардга йўлиққан экансиз, бунинг бирор чорасини топишимиз даркор!
– Биз нима ҳам қила олардик? Сен фақат Исмоилга ҳеч нарса дема. Негалигини ўзинг яхши тушунасан. Менсиз ҳам унинг ғам-ташвиши етарли. Менинг дардимга дармон излашнинг эса ҳожати йўқ. Шунинг учун ҳам шу чоққача жим юрган эдим-да. Ҳа, қизим, мен бошқа нарса ҳақида ўйлаяпман. Ўзим билан бирга олиб кета олмайдиган бошқа дард бор. Танамдаги оғриқ ўзим билан бирга кетади. Аммо сизларнинг ҳолингиз не кечиши, у ҳам, сен ҳам эл орасида бош кўтариб юролмасликка қачонгача чидай олишингизни ўйласам… – деб ўғлининг ҳали қуриб улгурмаган кўйлагини янада қаттиқроқ ғижимлади ва ҳиқиллаганча туртиб чиққан ориқ елкаларини титратиб, йиғламсираган овозда давом этди: – Ахир инсон одамларсиз яшай олмайди-ку. Одам одам билан тирик! Яккаю ягона жигарбандимга раҳмим келади, унинг аянчли аҳволига ачинаман; агар аёл илон туғса, ўша илонни ҳам вужудининг бир қисмидек авайлайди, жигарни юлиб бўлмаганидек, уни ҳам танадан ажратиб бўлмайди. Мен бу дунёда фақат фарзандим учун яшадим. Нимасини айтай, ўзинг ҳам онасанку ахир. Сен бир гапни билишинг керак, фақат эрингга бу ҳақда оғиз оча кўрма. Ҳа, ундан олдин яна бир гапни эслатиб қўяй. Сен мен учун, Саида, бу дунёда ҳаммадан ҳам яқин кишимсан, ўлаётганимда ҳам Оллоҳдан фақатгина сенинг бахтингни сўрайман ва Оллоҳга ҳаммасидан рози эканимни айтаман. Ва нариги дунёда ҳам фақат бир нарсани – сенинг бахтингни сўрашимни айтаман. Гоҳида ўйлаб қоламан, бу жазо бизга қайси ёзиқларимиз учун? Ўзинг биласан, асли бу ерлик эмасмиз, гарчи бу ердагилар учун анчадан бери туғишгандек бўлиб қолсак ҳам. Бу ерларга кўчиб келганимизнинг сабаби болаларим турмади. Хўжайиним бироз хаста эди, бу ёққа келганимиздан сўнг соғлиғи бутунлай ёмонлашди. Хуллас, бу манзилга келиб, бирон рўшнолик кўрганимизни билмайман. Унгача эса учта гўдагимни дафн этдик. Кейин Исмоил бўйимда бўлди, у тўртинчи фарзандим. Эрим дедики, бу ерда ишимиз юришмаяпти, болаларимиз турмаяпти, кел, қўшни овулга кўчиб ўтайлик, у ерда ҳам узоқ қариндошлар бор, шекилли. Мен эса буниси ҳам ўлиб қолса-чи, деб қўрқардим… Дунёнинг нариги чеккасига боришга ҳам тайёр эдим. Бу ерларга шу тариқа келиб қолганмиз. Ўғлим туғилиб, ҳаётимиз гўё изига тушиб кетгандек туюлса-да, эримнинг соғлиғи кундан-кунга ёмонлашиб борарди. У қаттиқ йўталар, ўпка хасталигидан озор чекарди. Орадан беш йил ўтиб у дунёдан кўз юмди. Мен эса беш яшар ўғилчам билан ёлғиз қолдим. Ўшанда маъракадан сўнг сен ҳеч қачон кўрмаган, танимаган акаларим келишган эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?