Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 46 (всего у книги 67 страниц)
Биз ўйинга киришиб кетгунча гулханлар бўй чўзади. Гулханлардан яйлов тоза ёришиб кетади, деб ўйлайсизми, дада? Ҳамма жой эмас. Оловнинг атрофи ёруғ, ундан нари эса аввалгидек қоп-қоронғи. Биз эса уруш-уруш ўйнаймиз, шу қоронғилик қўйнида яширинамиз ва ҳужум қиламиз, худди кинодагидек. Агар сен командир бўлсанг, ҳамма сенга итоат қилади. Командирлик командирнинг ўзига ҳам ёқса керак…
Кейин тоғлар устига ой сузиб чиқади. Ой чиққанда ўйин яна гаштли бўлади, лекин бобом мени олиб қайтади. Биз уйга яйловдан, бутазордан қайтамиз. Қўйлар жимгина ётишади. Йилқилар атрофда ўтлаб юради. Биз кетаётиб кимнингдир қўшиқ айтаётганини эшитамиз. Ёш чўпондир, балки кексадир. Бобом мени тўхтатади: «Қулоқ сол. Бундай қўшиқларни ҳамиша эшитавермайсан». Биз тўхтаймиз, қўшиқни тинглаймиз. Бобом куйга маҳлиё бўлганча бош чайқайди.
Бобо ҳикоя қилади: эски замонда бир хон бошқа бир хоннинг қўлига асир тушибди. Хон асир тушган хонга дебди: «Агар истасанг – менинг қулим бўлиб тирик қоласан, бўлмаса, энг сўнгги тилагингни бажо келтираман-да, кейин ўлдираман». Хон ўйлаб туриб жавоб қилибди: «Қул бўлиб яшашни истамайман. Яхшиси, мени ўлдиргин, лекин аввал менинг ватанимдан биринчи дуч келган чўпонни чақиртириб бер». – «Уни сенга нима кераги бор?» – «Ўлим олдидан унинг қандай куйлашини тингламоқчиман». Бобом айтади: она юрт қўшиғи учун одамлар жонини беради. Қандай одамлар экан-а, бир кўрсанг уларни. Эҳтимол, катта шаҳарларда яшашар?
Эшитиш ёқимли. Бобом: булар эски қўшиқ дейди. «Қандай одамлар бўлган-а! – шивирлайди у. – Қандай қўшиқлар куйлашган-а, эй Худойимей…» Негалигини билмайману, бобомга шундай раҳмим келади ва уни шунчалик яхши кўриб кетаманки, охири йиғлагим келади…
Тонг саҳардаёқ яйловда ҳеч ким қолмайди. Қўй ва йилқиларни ёз бўйи боққани нарига, тоққа ҳайдаб кетишган. Улар ортидан изма-из бошқа колхозлардан бошқа кўчманчилар келишади. Кундузлари тўхташмайди, ёнимиздан ўтиб кетишади. Тунда эса яйловга қўнишади. Биз яна бобом икковимиз одамлар билан учрашгани борамиз. Бобом одамлар билан кўришишни жуда яхши кўради. Бу одатни мен ундан ўргандим. Эҳтимол, вақти келиб бир кун яйловда ҳақиқий авлиё билан учрашиб қоларман…
Қишда Ўразқул амаки билан Бекей холам шаҳарга докторга қаратгани кетишади. Балки доктор ёрдам қилар, бир дори берса-ю, бола туғилиб қолса, деб умид қилишади. Лекин бувим ҳамиша, азиз жойларга борган маъқул, дейди. Бу қаердадир, тоғнинг ортида, далаларида пахта ўсадиган жойда эмиш. Теп-текис ерда, тоғ бўлиши мумкин бўлмаган текисликда азиз бир тоғ – Сулаймон тоғи бор эмиш. Ана шу тоғ пойига бир қора қўчқор сўйиб, Худога илтижо қилса, тоққа чиқиб ҳар қадамда Худога сиғиниб, ёлворса ҳамда чин кўнгилдан сўраса, Худонинг раҳми келиб, фарзанд ато этармиш. Бекей холам ўша ёққа, Сулаймон тоғига боришга жуда интизор. Ўразқул амаки эса унчалик истамайди. Узоқ. Кўп пул керак, дейди. У ёққа фақат самолёт билан тоғдан ошиб бориш керак, ахир. Самолётгача ҳам қанча юриш керак, бу ҳам пул…
Улар шаҳарга кетишса биз шумшайиб қоламиз. Ахир кўпчилик эмасмиз-да, бор қўшниларимиз – Сейдаҳмад, унинг хотини Гулжамол ва уларнинг кичкинагина қизчаси, холос.
Кечқурунлари, ишдан қўл бўшаганда, бобом менга эртаклар айтиб беради. Биламан, уйдан ташқарида зим-зиё, совуқ тун. Изғирин изиллаб турибди. Энг улкан тоғлар ҳам бундай тунларда ваҳимага тушиб бир тўп бўлиб тўпланишиб, уйимиз олдига – дераза остидаги ёруққа яқинроқ келиб олишади. Менга бу ҳам қўрқинчли, ҳам севинчли туюлади. Паҳлавон бўлганимдами, катта пўстин киярдим-да, ташқарига чиқардим. Мен у тоғларга бор овоз билан дердим: «Қўрқманг, тоғлар! Мен шу ердаман. Майли, изғирин, қоронғу зулмат, довул бўлсин, мен ҳеч нимадан қўрқмайман, сизлар ҳам қўрқманглар. Бир ерга ғуж бўлиб тўпланишмасдан жойларингда тураверинглар».
Мен кейин қор уюмларидан юриб, дарёдан ҳатлаб ўтиб – ўрмонда пайдо бўлардим. Тунда ўрмон дарахтлар учун жуда ваҳимали, ахир. Улар ёлғиз, бир сўз айтадиган жонзоти ҳам йўқ. Совуқда яланғоч дарахтлар музлайди, уларга бош суқадиган жой қайда. Мен эса ўрмонга бориб, уларга айтарлик ваҳимали бўлмаслик учун ҳар бир дарахтнинг танасига қўлим билан уриб-уриб қўярдим. Кўклам кўкармай қоладиган дарахтлар – бу ўша, қўрқинчдан қотиб қолган дарахтлар бўлса керак. Кейин биз бу қуриб қолган дарахтларни ўтинга кесамиз.
Бобом менга эртак айтаётганда мен мана шуларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлайман. У узоқ ҳикоя қилади. Улар ҳар хил – кулгилилари ҳам бор, айниқса, очкўз бўри шўри қуриб ютиб юборган Чипалак отли жимжилоқдай бола ҳақидагиси кулгили. Йўқ, аввал уни туя ютиб юборади. Чипалак барг-хазонларнинг остида ухлаб қолади, туя эса шу атрофда тентираб юрган бўлади, «ҳап» эткизиб барг-маргларга қўшиб ютиб юборади. Шунинг учун ҳам айтишади-да: туя нима ютганини билмайди деб. Чипалак чинқириб, одамларни ёрдамга чақиради. Кексалар ўзларининг Чипалакларига ёрдам бериш учун туяни сўйишга мажбур бўлишади. Бўри билан ҳам шунга ўхшаган воқеа содир бўлади. У ҳам ўзининг овсарлиги туфайли Чипалакни ютиб юборади. Охирида бўзлаб йиғлайди. Бўри Чипалакка дуч келиб қолади. «Оёғим остида ўралашган қанақа пашша? Сени бир ямлаб ютиб юбораман». Чипалак эса дейди:
– Тега кўрма менга, бўри, акс ҳолда, кучукка айлантириб қўяман.
– Ҳа-ҳа, – хахолайди бўри, – бўрининг кучук бўлиб қолганини ким кўрибди. Шу дағаллигинг учун мен сени ейман. Шундай дебди-да, уни ютиб юборибди. Ютибди-ю, эсидан ҳам чиқариб юборибди. Лекин шу кундан бошлаб бўрилик ризқ-рўзидан айрилибди. Бўри писиб қўйларга энди етдим деганда, Чипалак унинг қорнида туриб қичқираркан: «Эй, чўпонлар, ухламанглар! Бу мен, қўнғир бўриман, қўйларингни бўғизлагани писиб келяпман!» Бўри нима қиларини билмайди. Ўзининг биқинини тишлайди, ерга думалайди. Чипалак эса ҳеч жим бўлмабди. «Эй, чўпонлар, чопинглар бу ёққа, уринглар мени, дўппосланглар». Чўпонлар таёқ кўтариб бўрига ташланишибди, бўри қочибди. Чўпонлар ҳайратга тушиб қувишармиш. Бўри ақлдан озибди, ўзи қочади-да, тағин ўзи қичқиради, деб ҳайрон бўлишармиш. Бўри эса қичқирармиш: «Мени қувиб етинглар, оғалар, уринглар, раҳмингиз келмасин!» Чўпонлар кулгидан йиқилиб қолишармиш, бўри эса аранг қочиб қутилармиш. Лекин бу билан унинг ҳоли енгиллашмабди. Қаёққа тумшуқ суқмасин, Чипалак унга панд бераверибди. Ҳамма жойда уни қувишаверибди, ҳамма жойда ундан кулишаверибди. Бўри очликдан озиб кетибди, териси билан суягигина қолибди. Тишларини шақирлатиб улибди: «Бу қанақа жазо бўлди менга? Нега мен ўз бошимга ўзим балони сотиб олдим? Қариганда жинни бўлдим, эсимни еб қўйдим». Чипалак эса унинг қулоғига шивирлабди: «Тошматга чоп, унинг қўйлари семиз! Бойматга чоп, унинг итлари кар. Эрматга чоп, унинг чўпонлари ухлаб ётибди». Бўри эса ўтириб олиб ҳиқиллармиш: «Ҳеч қаёққа бормайман, яхшиси, битта-яримтага кучук бўлиб ёлланаман…»
Кулгили эртак-а, дада, тўғрими? Бобомнинг бошқа эртаклари ҳам бор – мунгли, даҳшатли, қайғули. Лекин менинг энг севимли эртагим Шохдор она буғу ҳақидаги эртак. Бобом, Иссиқкўлда яшаган ҳар бир киши бу эртакни билиши керак, дейди. Билмаслик гуноҳ. Балки, сиз биларсиз буни, дада? Бобомнинг айтишича, бунинг ҳаммаси рост, бўлган иш, дейди. Қачонлардир шундай бўлган экан. Биз ҳаммамиз Шохдор она буғунинг болалари эканмиз. Мен ҳам, сиз ҳам, бошқалар ҳам…
Қишда биз мана шундай яшаймиз. Қиш узоқ чўзилади. Бобомнинг эртаклари бўлмаса, қишда мен жуда зерикиб қолардим.
Баҳорда биз томонлар яхши бўлади. Кунлар исиб кетгач, яна тоққа чўпонлар келишади. Ўшанда биз тоғда яна кўпайишиб қоламиз. Фақат дарёнинг у томонида – биздан нарида ҳеч ким йўқ. У ёқда фақат ўрмон ва ўрмондаги нарсалар бор, холос. У ёққа ҳеч ким оёқ босмасин, ҳеч ким биронта новдага тегмасин, деб биз қоровулхонада яшаймизда. Биз томонга ҳатто олимлар келишганди. Шим кийган иккита аёл, чол ва бир ёшгина йигит. Бу йигит уларнинг шогирди. Роса бир ой яшашди. Ўт, япроқ ва новда йиғишди. Улар айтишдики, бизнинг Сан-Тошдагига ўхшаган ўрмонлар ер юзида жуда оз қолибди. Деярли йўқ эмиш. Шунинг учун ҳам ўрмонимиздаги ҳар битта дарахтни асраш керак.
Мен эса бобом ҳар битта дарахтни шунчаки эҳтиёт қилади деб ўйлардим. Бобом, Ўразқул амаки қарағайларни ёғоч ўрнида бировга берса жуда ёмон кўрарди…
УЧИНЧИ БОБ
Оқ кема узоқлашиб кетди. Унинг трубасини дурбинда ҳам кўриш мумкин бўлмай қолди. Ҳадемай у кўздан йўқолади. Энди болага отасининг кемада сузиши ҳақидаги ўйларига нуқта қўйиш пайти келди. Ҳаммаси яхши бошланган эди, мана, охири унча хуш келмади. У балиққа айланиб, дарёдан кўлга сузишни, оқ кеманинг унга қандай дуч келишини, отаси билан қандай учрашишини осонгина тасаввур қиларди. Отасига нималар ҳақида сўзлаб беришни ҳам биларди. Бироқ ишнинг охири юришмади. Чунки қирғоқ ҳам деярли кўриниб қолди. Кема пристан томон йўл олди. Матрослар қирғоққа тушишга ҳозирлана бошлашди. Улар уй-уйига кетишади. Отаси ҳам уйига жўнаши керак. Пристанда уни хотини ва икки боласи кутмоқда. Энди нима қилсин? Отаси билан бораверсинми? У ўзи билан бирга олиб кетармикан? Мабодо олиб кетадиган бўлса, хотини: «Ким бу, қаердан келган, нима кераги бор?» деб қолса-чи. Йўқ, яхшиси бормагани маъқул…
Оқ кема кўзга элас-элас илашувчи бир нуқтага айланиб, тобора узоқлашиб боради. Қуёш сувга бош қўйди. Кўл юзасидаги кўзни қамаштирувчи оловли бинафша ранг ёғду дурбиндан кўриниб турарди.
Кема кўздан ғойиб бўлди. Шундай қилиб, оқ кема ҳақидаги эртак ҳам тугади. Уйга жўнаш керак.
Бола портфелини ердан олди, дурбинни қўлтиғига қисди. Қирдан тезгина, илон изи сўқмоқдан қиялаб чопиб тушиб кетди. Уйга яқинлашган сари юраги пўкиллай бошлади. Бузоқ ямлаб қўйган кўйлак учун энди жавоб бериш керак. Жазодан бўлак ҳеч нима хаёлига келмасди. Руҳан бутунлай тушиб кетмаслик учун бола портфелга мурожаат қилди:
«Сен қўрқма. Хўш, бизни койишади. Ахир мен атай қилганим йўқ-ку. Мен, тўғриси, бузоқча бўшалиб кетганини билмабман. Хўш, мени савашар ҳам. Чидайман. Агар сени полга қараб улоқтиришса, чўчима. Ахир сен портфелсан-ку, синиб қолмайсан. Агар кампирнинг қўлига дурбин тушса борми, омон қолмайди. Биз аввал дурбинни молхонага беркитиб қўямиз-да, кейин уйга борамиз…»
У шундай қилди ҳам. Лекин остонадан ҳатлаб ўтишга юраги дов бермасди.
Аммо уйда ваҳимали сукунат ҳукмрон эди. Ҳовли шундай жим-жит, кимсасиз эдики, эгаси кўчиб кетгандек ҳувиллаб ётарди. Маълум бўлишича, Бекей холани эри яна дўппослабди. Мўмин бобо яна қизининг калтакланганлиги, сочлари тўзғиб фарёд чекаётганлиги устидан чиқибди ва яна бу шармандагарчиликнинг олдини олиш учун жиннилиги тутган куёвини тинчитишга, унинг муштига ёпишиб, ялиниб-ёлворишга киришибди. Бунинг устига отаси турибди демай, унинг кўзи олдида, қизини энг тубан сўзлар билан ҳақорат қилибди. Уни бепушт мочағар, ярамас қисир эшак ва яна маза-бемаза сўзлар билан сўкибди. Қизининг ёввойи ва телбаларга хос овоз билан: «Худо мени бефарзанд қилиб яратган бўлса, менинг гуноҳим нима? Бу дунёда қўйдай туғиб ётган аёллар озми, фақат мени Худойим фарзанддан қисган. Нега? Нима учун менинг тақдирим шундай? Бундан кўра ўлдир мени, йиртқич. Мана, ур, ур!..» – деган ҳайқириғини ҳам эшитган.
Мўмин чол бурчакда ғужанак бўлиб ўтирганча, ҳамон энтикиб-энтикиб нафас олар, тиззаси устига ташланган қўллари изтироб ва аламдан титрарди. Юзлари докадай оқариб кетган эди.
Мўмин набирасига қаради-ю, сўз қотмади, яна ҳорғин кўзларини юмди. Бувиси уйда йўқ эди. У Бекей холани эри билан яраштириб қўйгани, уларникида тинчлик ўрнатгани, синган идиш-товоқларни йиғиштиргани кетганди. Бувисининг шунақа феъли бор: Ўразқул хотинини савалаётганда орага тушмайди, чолни ҳам қайтаради. Жанжалдан кейин эса яраштиргани боради. Шунисига ҳам раҳмат.
Ҳаммадан кўра боланинг чолга раҳми келарди. Ҳар сафар шундай дамларда чолнинг жони ҳалқумига келарди. Бурчакка тикилганча карахт ўтирар, ҳеч кимнинг кўзига кўрингиси келмасди. Ҳеч кимга, ҳеч бир зотга қалбида нималар кечаётганини билдирмасди. Аслида бундай пайтларда Мўмин жуда қартайиб қолгани, яккаю ёлғиз ўғли урушда ҳалок бўлгани ҳақида хаёл сурарди. Ўғлимни ҳозир ҳеч ким билмайди, эсламайди ҳам. Ўғли ёнида бўлганида балки бунчалик хўрланмасмиди. Мўмин умр бўйи бир ёстиққа бош қўйиб яшаган хотинини ҳам қўмсарди. Лекин энг катта бахтсизлиги – унинг қизларига бахт кулиб боқмади. Кенжатойи набирасини унга қолдириб шаҳарга кетди, энди у ерда катта оиласи билан бир хонага тиқилиб ўтирибди. Иккинчиси бунда Ўразқулнинг жабрини тортяпти. У кексайиб қолган бўлса ҳам, фарзанди ҳузурида бўлиб, қизи учун ҳамма хўрликларга бардош беради, алам қиладиган жойи шундаки, қизига она бўлишдек бахт насиб қилмаяпти. Ўразқул билан турмуш қурганига ҳам мана қанча йиллар бўлди. Бу турмуш қизининг жонига тегди, лекин қочиб қаёққа ҳам борарди? Ўзи ҳам қариб қолди, куни битиб бир кун ўлиб-нетиб қолса, унда нима бўлади, бахти қаро қизининг ҳоли нима кечади?
Бола бирпасда косадаги қатиқни бўшатди-да, бир бурда нонни кавшаб, дераза остига жимгина чўкди. Чироқни ёқмади, бобосини безовта қилгиси келмади. Қўй, ўзича ўтириб хаёл сурсин.
Бола ҳам ўз ўйларига берилди. У ҳеч тушунолмасди. Бекей хола нега эрига ароқ тутгани-тутган. Эри бўлса унинг эвазига дўппослагани-дўппослаган, хола бўлса яна яримта топиб келаверарди.
Эҳ, Бекей хола, Бекей хола! Неча марта эри чалажон қилиб урса ҳам, барибир кечираверади. Мўмин бобо ҳам уни ҳамиша кечираверади. Нега кечиришади? Бунақа одамларни кечирмаслик керак. У ярамас, саёқ одам. Бизга унинг кераги йўқ. Усиз ҳам кунимиз ўтади.
Шиддатли болалик тасаввурлари унинг хаёлида адолатли жазо ҳукмини жонлантирарди. Бу ҳукмнинг ҳаммаси Ўразқулга қаратилган бўлиб, булар уни, йўғон, бесўнақай, ифлос одамни дарёга судрарди. Кейин эса ҳавода силкитиб-силкитиб дарёнинг нақ ўртасига итқитади. У эса Бекей хола ва Мўмин бободан кечирим сўрайди. Ахир у балиққа айланиб қололмайди-да…
Бола анча енгил тортди. У ўз тасаввурида Ўразқулнинг дарёда қандай ғарқ бўлиб бораётганини ва ёнгинасида кигиз қалпоғи сузиб кетаётганини кўз олдига келтирганда ўзини кулгидан тиёлмади.
Аммо катталар, минг афсуски, бола ўйлагандек одил иш тутишмади. Улар ҳаммасини аксинча қилишди. Ўразқул уйга яна маст бўлиб қайтди. Уни ҳеч нима бўлмагандай қарши олишди. Бобо отини ушлади, хотини самоварга югурди. Ҳаммаёқ фақат уни кутаётгандек. У эса жиннилик қила бошлайди. Олдинига маъюсланиб йиғлайди. Нега йиғламасин, ахир бу қанақаси, қўл бериб сўрашишга арзимайдиган энг жўн одамнинг ҳам истаганича боласи бор. Бешта, ҳатто ўнта. Ўразқулни-чи? Унинг нимаси кам бошқалардан? Нимаси етмайди унинг? Ёки мартабаси пастми? Худога минг қатла шукур, ноёб ўрмоннинг катта қоровули! Ёки у қандайдир дайди зотми? Ахир лўлининг ҳам лўливаччаси бор. Ёки у бетайинми, обрўси йўқми? Ҳаммаси бор. Ҳаммасига етишган. Эгарланган оти бор, қўлидан қамчи тушмаган, ҳар ерда уни ҳурмат билан кутиб олишади. Хўш, унинг тенгдошлари ўз фарзандига тўй қилишади, у-чи? Ўғилсиз, уруғсиз, ким у?
Бекей хола ҳам йиғлайди жонини ҳовучлаб, эрининг кўнглини топишга тиришади. Яшириб қўйган «яримта»сини олади. Аламидан ўзи ҳам ичади. Борган сари ичиш ортади, кейин охири Ўразқул ҳайвонга айланиб, ўзининг бутун аламини ана шу аёлдан, ўзининг хотинидан олади. У эса унинг ҳамма гуноҳини кечиради. Бобо ҳам кечираверади. Ҳеч ким Ўразқулга бас келолмайди. Ҳушига келиб қарасаки, моматалоқ бўлиб кетган хотини эрта туриб самовар қўйган бўлади. Чол эса отини тўйғазиб, эгарлаб қўйибди. Ўразқул чойни ичиб, отга мингач, яна бошлиқ, Сан-Тошдаги барча ўрмоннинг хўжайини. Лекин Ўразқулдақа одамни аллақачон дарёга улоқтириш кераклиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди.
Қош қорайди. Ҳали-замон қоронғи тушади.
Болага биринчи портфель олиб берилган куни ана шундай ўтди.
У ухлаш олдидан портфелини қўйгани жой топмасди. Охири бош томонига қўйди. Худди шундай портфелдан синфларнинг ярмисида бўлишини бола ҳали билмасди. Лекин бу ҳам барибир унинг кўнглини бузолмайди, унинг портфели гўё бошқача, алоҳида портфелдай туюларди. Худди шундай, унинг жажжи ҳаётида катта воқеалар юз бериши, бир кун келиб, ёруғ жаҳонда ёлғиз ўзи, фақат мана шу портфель билан қолишини ҳали билмасди. Бунинг ҳаммасига унинг ўзи севган Шохдор она буғу ҳақидаги эртак сабаб бўлишидан бехабар эди…
Бу оқшом ҳам ўша эртакни яна бир бор эшитгиси келди. Мўмин чолнинг ўзи бу афсонани севар, гўё ҳаммасини ўз кўзи билан кўргандай, хўрсиниб, йиғламсираб, жим қолиб ва ўйга толиб ҳикоя қиларди.
Бироқ бола бобосини безовта қилишга ботинмади. У бобосининг эртак айтишга ҳоли йўқлигини сезарди. «Биз ундан бошқа сафар илтимос қиламиз, – деди бола портфелига. – Ҳозир эса сенга Шохдор она буғу ҳақидаги эртакни худди бобомдан эшитганимдек сўзма-сўз ўзим айтиб бераман. Шундай секин сўзлайманки, бошқа ҳеч ким эшитмайди, сен эса эшитгин. Мен ҳамма нарсани кинодагидай сўзлашни ва кўришни севаман. Мана шундай. Бобом бунинг ҳаммаси бўлган иш, дейди. Шундай бўлган экан…»
ТЎРТИНЧИ БОБ
Бу жуда қадимда ўтган. Замонларнинг замонида, ер юзида майсалардан кўра дов-дарахтлар кўп бўлган, қурғоқ ерлардан кўра ўлкамизда оби ҳаёт мўл бўлган даврларда бир қирғиз қабиласи улкан ва муздай дарё бўйида яшарди. Бу дарёни Энасой деб аташарди. У бу ерлардан узоқда, Сибирдан бошланади. У ерларга отда уч йилу уч ойда етиб бориш мумкин. Бу дарёни ҳозир Енисей дейишади, илгарилари Энасой деб юритишган. У ҳақда шундай қўшиқ ҳам тўқилган:
Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.
Мана шунақа эди, бу Энасой дарёси.
Энасой бўйида турли хил элат яшарди. Улар ғоят оғир ҳаёт кечирарди, чунки улар бир-бирларига доимо адоват кўзи билан қарар эдилар. Қирғиз қабиласини душманлар турли томондан қуршаб олганди. Гоҳ улар, гоҳ булар ҳужум қилишар, гоҳо қирғизларнинг ўзи ҳам бошқаларга човут солиб, молларни ҳайдаб кетишар, уйларига ўт қўйишар, одамларни ўлдиришарди. Қулай келиб қолганда бир томон иккинчи томон одамларини ўлдириб юборар эди. Замон шунақа эди. Одамнинг одамга ичи ачимасди. Одам одамни ғажир ди. Шу даражага борилдики, ҳеч кимнинг деҳқончилик қилгиси, мол боққиси, ов қилгиси келмай қолди. Қароқчилик билан кун кечириш осон туюларди; қўққисдан босасан, ўлдирасан, оласан-кетасан. Бир қотилликка қасдма-қасд ўн қотиллик билан жавоб беришга ҳаракат қилишарди. Шу зайлда кун ўтган сайин кўпроқ қон тўкиларди. Одамларда ақл ўтмаслашиб борарди. Душманларни яраштирадиган, инсофга келтирадиган одам йўқ эди. Душманга қирон келтириб, ўзга қабиланинг сўнгги одамигача қонини оқизган, молу мулкини қўлга киритган одам энг ақлли ва уддабурон саналарди.
Ўрмонда бир ғаройиб қуш пайдо бўлиб қолди. Инсон овозига ўхшаш аянчли овоз билан тундан тонггача сайрар ва йиғлар, шохдан шохга сакраб сўйларди:
«Катта бахтсизлик бўлади! Катта бахтсизлик бўлади». Шундай бўлди ҳам, ўша қора кун келди.
Ўша куни қирғиз қабиласи Энасой бўйида ўзининг буюк оқсоқолидан жудо бўлди. Ботир Қулчи кўп йиллар йўлбошчилик қилди, кўпгина юришларда, жанг-жадалларда қатнашди. Жангларда омон қолди, лекин ажали етди. Қабиладошлар икки кун катта ғам-аламда ўртандилар, учинчи куни эса ботирнинг жасадини ерга топширгани йиғилдилар. Эски одатга кўра, буюк оқсоқолни Энасойнинг ўнқир-чўнқирли қирғоғи бўйлаб сўнгги йўлга кузатиш лозим эди, токи марҳумнинг руҳи Энасой дарёси билан юксакликда жудолашсин, ахир «Эна» – бу она демак, «сой» эса – бу дарёнинг ўзани-ку. Унинг қалби Энасой ҳақидаги қўшиқни сўнгги бор куйласин.
Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.
Дафн этиш лозим бўлган тепаликда ёруғ жаҳоннинг тўрт томонини кўрсатмоқ учун ботирнинг қабри бош узра кўтарилди: «Мана сенинг дарёнг. Мана сенинг осмонинг. Мана сенинг еринг. Сен биз билан, ҳаммамиз бир уруғ одамларимиз. Осуда ухла. Биз ҳаммамиз сени кузатгани келдик». Келажак авлод хотираси учун ботирнинг қабри устига мармар тош қўйилди.
Ботирнинг жасадини дафн этишга олиб ўтишганда ҳар бир оила ўз остонаси олдида у билан видолашишади, оқ мотам яловини эгиб, ув тортиб йиғлашади, кейин бошқалар билан бирга қўшилиб яна оқ мотам яловларини эгилтирган ҳолда, айтиб йиғлашаётган келгуси ўтов томон илгарилаб боришади ва шу зайлда сўнгги манзилга, то қабристонгача етиб боришлик учун мотам кунларида барча қабиладошлар ўтовларини дарё ёқасига қатор тикишди.
Ўша куни ҳамма тайёргарлик кўриб бўлинганда қуёш уйқудан бош кўтарганди. Учига отнинг думи боғланган туғ ва ботирнинг уруш аслаҳалари – найза ва қалқони олиб чиқилди. Унинг оти дафн этиш ёпиқлари билан буркалган эди. Карнайчилар жанговар куй чалишга, барабанчилар барабанга таёқни жон-жаҳдлари билан уришга шай эдиларки, токи ўрмон ларзага келсин, қушлар булут янглиғ осмонга кўтарилиб, шовқин-сурон ва нола солсинлар. Йиртқич ҳайвонлар бўкириб-ҳайқириб чакалакзорларга чопиб қолсин, майсалар ерга қапишиб кетсин, садолар жаранглаб, тоғларни ларзага келтирсин. Мотамсаро аёллар сочларини ёйиб, ботир Қулчига аза очишга шай туришарди. Йигитлар забардаст елкаларида ботирнинг катта, оғир жасадини безовта қилмай кўтариш учун тиз чўккан эдилар. Ҳамма нарса ботирни охирги йўлга кузатиб қўйишга тайёр эди. Ўрмон этагида эса тўққизта бия, тўққизта ҳўкиз, тўққизта тўққизлик қўй қурбонлик учун ҳозирлаб қўйилганди. Шунда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Энасойликлар бир-бирига ҳар қанча душман бўлмасин, оқсоқолларнинг дафн маросими кунларида бир-бири билан уруш қилишни расм қилмаганди. Мана ҳозир эса бир тўда душман ғам-андуҳга ботган қирғоқдагиларни тонг чоғи тўрт томондан сездирмай ўраб келиб, пистирмалардан баробарига отилиб чиқиб, ҳамлага ўтдиларки, оқибатда ҳеч ким отга ҳам минолмади, қўлига қурол ҳам ола олмади. Шу тариқа кўз кўрмаган қирғин уруш бошланди. Ҳаммани бир чеккадан ўлдира бошлашди. Енгилмас қирғиз қабиласини бир ҳамла билан қириб ташлаш – душман режаси ана шундай эди. Ҳаммани бир бошдан қилич дамидан ўтказишди, токи бу ёвузликни эслаб ҳеч ким ёдга олмасин, қасоскор қолмасин, вақт эса ўтмиш изларини қумлар билан кўмиб юборсин. Туя кўрдингми – йўқ.
Инсонни туғиш ва ўстириш қанчалар қийин, ўлдириш эса – ҳаммасидан осон. Баъзи бировлар ўзи қонига ботиб қиймаланиб ётишар, бировлар эса қилич ва найзадан қутулиб қолмоқ учун ўзини дарёга отар, Энасой тўлқинлари орасида чўкиб кетарди. Дарё ёқалаб жарликлару тикка кесиб тушган қирғоқлар бўйлаб бутун бир чақирим йўлда оловга қопланган қирғиз ўтовлари ловуллаб ёнарди. Ҳеч ким қочиб қутула олмади, ҳеч ким омон қолмади. Ҳаммаси ўлдирилди ва куйдирилди. Ўлиб ётганларнинг жасадини қирғоқдан Энасойга улоқтирдилар. Душманлар: «Энди бу ерлар бизники! Энди бу ўрмонлар бизники! Энди бу моллар бизники!» – деб қувонишарди.
Улар бой ўлжа билан қайтишар экан, ўрмондан икки бола – бир ўғил ва бир қизнинг қандай чиқиб келганини пайқашмади. Бу ўзбошимча ва шўх болалар ота-оналаридан яширинча эрталабоқ яқин ўрмонга қўлсават учун пўстлоқ шилгани кетишганди. Улар ўйнаб юришиб, ўрмоннинг анча ичкарисига кириб кетишганини сезмай қолишди. Жанг суронини эшитиб орқага отилган гўдаклар на отасини, на онасини, на акасини, на опасини тирик топа олдилар. Гўдаклар ота-онасидан ва элатидан жудо бўлиб қолди. Улар бўзлаб култепадан култепага чопишар, лекин биронта тирик жонни топиб бўлмасди. Бир зум ичида етим бўлиб қолишди. Ёруғ жаҳонда яккаю ёлғиз қолдилар. Узоқларда эса жанг тўзони кўкка уриларди, душманлар қонли кураш натижасида қўлга киритган мол ва қўйларини ҳайдаб кетишарди.
Болалар туёқлар остидан кўтарилган чангни кўриб, ўша томонга югуришди. Улар қонхўр душман изидан йиғлаб, қичқириб чопишарди. Фақат боланинг қалбигина шундай содда дил бўлади. Жаллодлардан яшириниш ўрнига уларга етиб олишга шошилишарди. Ҳар нима бўлса ҳам ёлғиз қолишмаса, бу вайронадан, лаънати жойдан нари кетишса, бас. Бир-бирининг қўлидан ушлаб олишган бола ва қизча кетаётганлар орқасидан қувиб жиндаккина кутишни, ўзлари билан бирга олиб кетишларини ёлвориб сўрашарди. Бироқ қий-чув ва туёқларнинг дупур-дупурию ҳайдовчиларнинг ҳайқириғида бу ожиз овозларни ким эшитарди.
Болалар жон-жаҳди билан узоқ чопишди. Лекин барибир, етиб олишолмади. Кейин эса йиқилиб қолишди. Атрофга боқишга, қимирлашга қўрқишарди. Ҳаммаёқ ваҳимали эди. Шу зайлда бир-бирининг пинжига кириб кўзлари юмилганини билмай қолишди.
Етимча етти кўча, деб бекорга айтмаганлар. Тун бехатар ўтди. Ҳайвон уларга тегмади, ўрмон махлуқлари кўтариб кетмади. Улар уйғонишганда, тонг отганди. Қуёш нур сочиб, қушлар сайрарди. Болалар ўринларидан туриб яна мол ҳайдовчиларнинг изидан йўлга тушишди.
Йўлма-йўл мева ва илдиз еб жон сақлашди. Йўл юра-юра учинчи куни бир тоғ тепасида тўхташди. Пастга қарашса – кенг, ям-яшил майсазорда катта тантана бўлаётибди. Бу ерда тикилган ўтовларнинг, гуриллаб ёнаётган гулханларнинг, гулхан атрофида ўтирган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Қизлар ҳайинчак учиб қўшиқ айтишмоқда. Давра тортган одамлар ўртасида полвонлар худди бургутдай гир айланиб, бир-бирини итқитиб отишяпти. Душманлар ўзларининг ғалабасини нишонлашарди.
Бола билан қиз яқин боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тоғ тепасида туришарди. Лекин гўшт қовурдоқ, нон, саримсоқнинг ёқимли ҳиди уфуриб турган гулхан атрофида пайдо бўлиб қолишни исташарди.
Болалар чидаб туришолмади, тоғдан туша бошлашди. Тантана эгалари ҳайрон бўлишди, уларни тўда бўлиб ўраб олишди.
– Кимсанлар? Қаёқдан?
– Биз очмиз, – жавоб берди бола билан қизча, – бизга ейдиган бир нима берсангиз.
Улар болаларнинг тилидан ким эканлигини дарров пайқаб қолишди. Бақириб-чақириб, шовқин солишди. Тугатилмаган душман оиласининг омон қолган аъзоларини ҳозир ўлдириш керакми ёки хоннинг олдига олиб бориш керакми? – деб баҳсга тушиб кетишди. Улар баҳслашиб турганда раҳмдилгина бир аёл болаларга жиндек пишган от гўшти узатди. Болаларни хон ҳузурига судраб боришар экан, улар қўлларидаги овқатни ютоқиб еяверишди. Уларни остонада ойболта ушлаб турган ясовуллар хоннинг баланд қизил ўтовига олиб келишди. Бутун қароргоҳ бўйлаб эса аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган қирғиз зотлари ҳақидаги ташвишли хабар тарқалди. Бу нимадан дарак бериши мумкин? Ҳамма ўз ўйини ва тантанани тарк этиб, ур-тўполон билан хоннинг ўтови томон чопиб кетди. Бу пайт хон машҳур лашкарлари билан қордай оппоқ намат тўрида савлат тўкиб ўтирарди. У асал қўшилган қимизни симириб, мақтов қўшиқларини сел бўлиб тинглаб ўтирарди. Хон одамлар нима учун тўпланишганини билгач, ғазабдан қутуриб кетди: «Мени безовта қилишга қандай журъат этдиларинг? Биз ахир қирғиз зотини бутунлай қириб ташламаган эдикми? Мен сенларни Энасойнинг абадий ҳукмрони қилиб қўймадимми? Намунча ўпкаларингни қўлтиқлаб югуриб келмасаларинг, қўрқоқлар? Қаранглар, олдиларингда ким турибди! Эй, чўтир юзли Баймоқ кампир, – қичқирди хон. У оломон орасидан ажралиб чиққанда эса унга деди:
– Мана буларни ўрмонга обориб шундай қилгинки, шу билан қирғиз зоти тугасин, хаёлда ҳам қолмасин, номи абадий ўчсин. Бошла, чўтир Баймоқ кампир, айтганимни дарҳол бажо келтир…»
Чўтир Баймоқ кампир жимгина итоат қилиб, бола билан қизни қўлидан ушлади-да, олиб кетди. Улар ўрмон оралаб узоқ юргач, Энасой қирғоғидаги баланд жарликка етиб келишди. Чўтир Баймоқ кампир болаларни шу ерда тўхтатиб, уларни жар ёқасига олиб келди. Сўнг, уларни жарликка итариб юбориш олдидан шундай деди:
– О, муаззам Энасой дарёси! Сенинг қаърингга тоғни қулатса, у бир харсангдай жо бўлади. Агар юз йиллик қарағайни ташласа, уни чўпдай оқизиб кетасан. Кел энди, икки қум заррасини – икки инсон боласини ўз бағрингга олгин. Уларга ер юзида жой йўқ. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Агар юлдузлар одамга айланиб қолса борми, осмон уларга торлик қилиб қолади. Агар балиқлар одамга айланиб қолса борми, уларга дарё ва денгизлар торлик қилиб қолади. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Ол, бу болаларни, улоқтириб кет. Қўй, улар бу манфур дунёмизни гўдакликда, тоза қалб билан, болалик ҳаёси билан, ёвуз ният ва ёвуз ишлар билан ўз номига иснод келтиришга улгурмасданоқ тарк этишсин, токи инсон азоб-уқубатини кўриш ва бошқаларнинг ҳам ғам-аламига сабабчи бўлиш уларга насиб қилмасин. Ол буларни, ола қол буларни, қудратли Энасой…
Болалар зор қақшаб, ҳўнграб йиғларди. Тик қирғоқдан пастга қараш қанчалик даҳшатли эканлигини кўриб турган болаларнинг қулоғига кампирнинг сўзи кирмасди. Пастда эса қутурган тўлқинлар сапчийди.
– Қучоқлашинглар, болалар, охирги марта хайрлашиб олинглар, – деди чўтир Баймоқ кампир. Ўзи эса уларни жарга ирғитиш қулай бўлсин учун енгларини шимарди. Кейин шундай деди:
– Энди мени кечиринглар, болалар. Пешанангизга ёзгани шу экан. Бу ишимни ҳозир ўз ихтиёрим билан қилмаётган бўлсам ҳам, лекин сизларнинг бахтингизга…
У гапини тугатмаган ҳам эдики, ёнгинасидан бир овоз келди:
– Тўхта, доно, оқила кампир, гуноҳсиз болаларни жувонмарг қилма.
Чўтир Баймоқ кампир қайрилиб қаради-ю, ҳайратда қолди: қаршисида ғаройиб она буғу турарди. Унинг йирик-йирик кўзлари таънали ва ғамгин боқарди. У сутдек оқ, қорни бўталоқнинг юнгидек қўнғир юнг билан қопланган. Шохлари бўлса гўзаллик тимсоли: сербутоқ, гўё кузги дарахтнинг бир бўлак шохи. Елини эмизикли аёлнинг кўкрагидек топ-тоза ва силлиқ.
– Кимсан? Нега одамга ўхшаб гапиряпсан? – сўради чўтир Баймоқ кампир.
– Мен она буғуман, – жавоб берди у. – Шунинг учун одамга ўхшаб гапирдимки, бўлмаса сен тушунмайсан, қулоқ ҳам солмайсан.
– Нима истайсан, она буғу!
– Қўйиб юбор болаларни, доноларнинг доноси. Сендан илтимос қиламан, уларни менга бер.
– Нима қиласан уларни?
– Одамлар менинг икки эгизимни, икки буғу боласини ўлдиришди. Мен ўзимга бола излаб юрибман.
– Сен буларни боқмоқчимисан?
– Ҳа, доноларнинг доно аёли.
– Сен яхшилаб ўйнаб кўрдингми, она буғу? – масхараомуз кулди чўтир Баймоқ кампир. – Булар ахир одам боласи-ку. Булар катта бўлишади, кейин сенинг болаларингни ўлдиришади.
– Улар катта бўлишса, менинг болаларимни ўлдиришмайди, – жавоб қилди унга буғулар онаси. – Мен уларга она бўламан, улар эса менинг болаларим. Ахир улар ўз ака-укаларини ўлдиришадими?
– Эҳ, нимасини айтасан, она буғу, сен одамларни билмайсан, – бош тебратди чўтир Баймоқ кампир, – улар ўрмон ҳайвонларигагина эмас, ҳатто ўзўзларига ҳам раҳм-шафқат қилишмайди. Бу етимчаларни сенга берардим, шунда менинг сўзларим қанчалик ростлигига ўзинг гувоҳ бўлардинг, лекин одамлар барибир қўлингдан тортиб олиб бу болаларни ўлдиришади. Бунча ғамнинг сенга нима кераги бор?
– Мен болаларни узоқ ўлкаларга олиб кетаман, у ердан болаларни ҳеч ким қидириб тополмайди. Болаларга раҳм қил, доноларнинг доноси, озод қил уларни. Мен уларга садоқатли она бўлайин. Елинларим тўлиб турибди. Сутим болаларни орзиқиб кутяпти. У болаларга интизор.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.