Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 44


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 44 (всего у книги 67 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Оқ кема

БИРИНЧИ БОБ

Унинг икки эртаги бўларди. Бири ўзиники бўлиб, уни ҳеч ким билмасди. Иккинчисини эса бобоси сўзлаб берганди. Кейин биронтаси ҳам қолмади. Гап шу хусусда.

Ўша йили у етти ёшга тўлиб, саккизга қадам қўйганди.

Аввал портфел сотиб олинди. Қоп-қора дермантин портфелни очиб-ёпганда шиқиллайдиган қулфи ялтираб турарди. Ёнида майда-чуйда соладиган киссаси ҳам бор. Қисқаси, ғаройиб, айни пайтда оддий мактаб портфели эди. Ҳамма нарса, эҳтимол, шундан бошланди.

Бобоси уни кўчма дўкондан сотиб олди. Кўчма дўкон тоғдаги чорвадорларга мол сотиб, айланиб юрганда, уларга ҳам, Сан-Тошдаги ўрмончилик қоровулхонасига ҳам бирров бурилганди.

У бу ердан, дара ва нишаб йўллар бўйлаб тоғдаги қатағон ўрмонга кўтарилди. Қоровулхонада бор-йўғи уч оила яшайди. Лекин шундай бўлса-да, вақти-вақти билан кўчма дўкон ўрмончиларни ҳам йўқлаб турарди.

Уч ҳовлида ёлғиз битта бола бўлиб, у ҳар сафар кўчма дўконни биринчи бўлиб кўрар эди.

– Келяпти! – деб қичқирди у эшик ва деразага қараб чопиб. – Машина-магазин келяпти!

Иссиқкўл бўйларидан бу тарафга чўзилган айланма йўл келакелгунча дара, дарё соҳили бўйлаб, тошлоқ ва ўнқир-чўнқирлардан ўтиб келарди. Бу йўллардан юриш ҳазилакам иш эмас. Қоровултоққа етгунча йўл пастдан юқорига торайиб, қиялаб борарди-да, кейин тикка тақир нишаблик бўйлаб ўрмончилар ҳовлисига тушади. Қоровултоғ шундоқ ёнгиналарида – ёзда бола дурбиндан кўлни томоша қилгани деярли ҳар куни ўша ёққа чопарди. У ердан эса йўлда келаётган пиёдаю отлиқ, албатта, машина ҳам, ҳамма нарса кафтдагидек кўриниб турарди.

Ўша сафар – иссиқ ёз кунларидан бирида бола ўз кўлобида чўмилиб турган эди, шунда қия йўлни чангитиб келаётган машинани кўриб қолди. Кўлоб дарёнинг четроқ саёз жойида, қумлоқ ерда бўлиб, бобоси тош қалаб тўсиб берган эди. Агар шу тўсиқ бўлмаганда, ким билади, балки бола ҳам аллақачонлар тирик қолмаган бўлармиди? Бувисининг айтишича, дарё аллақачон унинг суякларигача ювиб, тўғри Иссиқкўлга элтиб ташлармиди ва у ерда балиқлар ҳамда сувдаги ҳар хил балои баттарларга ем бўлармиди? Ҳеч ким уни қидириб жон койитмас, дардида куйиб адо бўлмас эди, рост-да, сувда пишириб қўйибдими? Сирасини айтганда, у кимга ҳам керак. Ҳали ҳозирча бу фалокат бўлганича йўқ. Содир бўлса, ким билади, бувиси балки чиндан ҳам уни қутқаргани уриниб кўрмас, кампир туғишган бувиси бўлганда бошқа гап эди, ахир, унинг ўзи, ўгайсан, деб юради-ку. Ўгай эса қанча едириб, қанча ичирма, барибир ўгайлигига боради. Ўгай… Агар у ўгай бўлишни истамаса-чи? Хўш, нега энди у ўгай бўлиши керак? Балки у эмас, бувисининг ўзи ўгайдир?

Лекин бу тўғрида ҳам, бобоси ясаган тўсиқ ҳақида ҳам кейинроқ гап бўлади.

Шундай қилиб, у ўшанда кўчма дўконни узоқдан кўриб қолди, машина кетидан тўзон кўтариб, тоғдан тушиб келаётган эди. Шунда у қувониб кетди, ўзига портфел олинишини билгандек қувониб кетди. Шу заҳотиёқ сувдан сакраб чиқди, чиллакдек оёқларини иштонининг почаларига тиқди-ю, сувнинг совуқлигидан кўкариб кетган баданининг ҳўли билан кўчма дўконнинг келаётганини биринчи бўлиб етказиш учун сўқмоқдан уйлар томон чопиб кетди.

Бола буталар устидан ҳатлаб, сакраб ўтиш қийин бўлган харсанг тошларни ёнлаб ўтиб, на ўсиқ ўтлар, на харсанг тошлар олдида, булар шунчаки нарсалар эмаслигини билса-да, бир дақиқа ҳам тўхтамай чопиб борарди. Улар ранжиб қолиши, ҳатто чалиб йиқитиши ҳам мумкин эди. «Машина-магазин келди. Мен кейин келаман», – йўл-йўлакай у «чўкиб ётган туя»га гап қотди. У бағрини ерга бериб ётган сарғиш букри тошни шундай деб атарди. Одатда бола ўз «туя»сининг ёнидан унинг ўркачини силамасдан ўтмасди. Худди бобоси думи чўлтоқ ахта отини шапатилагани каби, у ҳам ишнинг кўзини биладиган кишилар сингари ўз «туя»сининг ёнидан ўтиб бораётиб наридан бери, сен сабр қилиб турасан энди, менинг ишим чиқиб қолди, деб уни шапатилаб қўярди. Унинг харсанг тошида «эгар» ҳам тайёр эди. Ярми оқ, ярми қора бу чавкар тошдаги эгарчада худди отда ўтиргандек ўтирган бўларди. Яна «бўри» деган тош бор – бўрига жуда ўхшаш қўнғир, оқ оралаган, ёлдор ва чўнг пешанали. Бола унинг олдига писиб эмаклаб борарди-да, мўлжалга оларди. Лекин энг севимли тош, бу сув ювиб кетган қирғоқдаги каттакон харсанг «танк» эди. Қараб турсанг «танк» қирғоқдан отилиб чиқади-ю, дарёни шовқин-суронга солиб, тўлқинлантириб, кўпиклантириб, юриб кетадигандек. Танклар киноларда ахир шундай юради-ку, қирғоқдан сувга отилади: кетди! Бола киноларни кам кўрган, шунинг учун ҳам кўрганлари ёдида қаттиқ ўрнашиб қолган. Бобоси баъзан уни кино кўрсатгани тоғ ортидаги – қўшни дарадаги совхоз наслчилик фермасига олиб борарди. Шу сабабли ҳам қирғоқда дарёни ҳар қачон кесиб ўтишга шай турган «танк» пайдо бўлди. Яна бошқа – «яхши» ва «ёмон» тошлар, ҳатто «айёр» ва «овсар»лари ҳам бор.

Ўтлар орасида ҳам – «севимли», «ботир», «ҳуркак» ва «ёвуз» ҳамда бошқа ҳар хиллари мавжуд эди. Чақиртикан, масалан, – энг биринчи душман. Бола у билан кунига ўн марталаб жанг қилган, чопиб ташлаган. Лекин бу жангнинг охири кўринмасди – чақиртикан ҳадеб ўсаверар ва кўпаяверарди. Мана, даладаги печакгуллар, тўғри, улар ҳам ёввойи, шунга қарамай булар энг ақлли ва қувноқ гуллардир. Улар эрталаб қуёшни ҳаммадан ортиқ яйраб қарши олади. Бошқа ўтларга – тонг нима, тун нима, барибир. Печакгуллар эса кун илиши биланоқ кўз очади, кулиб боқади. Олдин бир кўзини, кейин иккинчисини очади, шундан сўнг бағридаги барча гуллар бирин-кетин очила бошлайди. Оқ, оч кўк, бинафша ва яна ҳар хил рангда… Агар уларнинг олдида сукут сақлаб ўтирсанг, гўё бу гуллар уйқудан уйғониб, алланималар ҳақида шивирлашаётгандек туюлади. Чумолилар ҳам буни сезади. Улар эрталабдан печакгуллар ҳузурига чопиб, қуёш нурларидан кўзларини қисиб, гулларнинг ўзаро нималар ҳақидадир шивирлашаётганига қулоқ солади. Балки, кўрган тушларини сўйлашаётгандир?

Кундузлари, одатда туш вақтига бориб бола серпоя широлжинлар ғуж бўлиб ўсган томонга жўнашни яхши кўрарди. Широлжин баланд бўйли, гулсиз, лекин хушбўй ҳидли бўлади. Улар ёнверига бошқа ўсимликни йўлатмай тўда-тўда бўлиб, алоҳида ўсади. Широлжин – садоқатли дўстдир. Айниқса, бирор кўнгилсизлик юз бериб, пинҳона йиғлагинг келганда широлжин остидан яхши паноҳ топиш мумкин. Улар ўрмон ёқасидаги қарағайзорлар сингари ёқимли ҳид таратиб туради. Широлжинлар қучоғи қайноқ ва сокин. Энг муҳими – улар осмонни тўсиб қўймайди. Чалқанча ёт-да, осмонни томоша қилавер. Аввал кўз ёшлари орасидан ҳеч нимани ажрата олмайсан. Кейинчалик эса, булутлар сузиб кетади ва сен ўйлаётган нарсалар осмонда, кўз олдингда аниқ намоён бўла бошлайди. Булутлар яхши билади: кўнглинг анча нохуш, қаёқларгадир жўнаб қолгинг ёки учиб кетгинг келади, токи сени тополмай, оҳ-воҳ қилишсин: «Эҳ болагина, бедарак кетди-я, энди уни қаердан топамиз», деб куйиб юришсин. Бундай бўлмаслиги учун – сен йўқолиб қолмаслигинг ва жимгина ётиб, булутлардан завқланишинг учун сен нимани истасанг булутлар ўшанга айланиб қолади. Ўша биргина булутнинг ўзидан турли-туман шакллар юзага кела бошлайди. Фақат булутлар қандай шаклга кираётганини кўриб билсанг, бас.

Широлжинлар таги жим-жит, улар осмонни тўсмайди. Широлжинлар мана шунақа, илиқ қарағайзор ҳидини уфуради.

У ўтлар тўғрисида кўп нарса биларди. Сув босадиган пичанзордаги кумушранг супурги ўтларга раҳми келарди, жуда ғалати-да бу супурги ўтлар, ҳавойи жуда. Уларнинг ипакдек майин попуклари шамолсиз яшолмайди. Шамолни кутгани-кутган, шамол қаёққа эсса, ўша ёққа эгилиб, худди буйруққа бўйсунгандек, ёппасига салом беради. Агар ёмғир қуйиб берса ёки момақалдироқ бошланиб қолса борми, гиёҳлар қаерга бош суқишини билмай қолади. Тўлғанади, тиз чўкади, ер бағирлаб қолади. Оёқлари бўлганда-ю, эҳтимол, кўз етган жойгача қочиб қолишармиди… Йўқ, улар ўзларини муғамбирликка соляпти. Момақалдироқ тинсин-а, ҳавойи супурги ўтлар яна шамолнинг ҳукмида– шамол қаёққа эсса, улар ҳам ўша ёққа эгила бошлайди.

Бола ёлғиз, жўраларсиз мана шу содда – баёв нарсалар қуршовида яшарди, автодўконгина ҳамма нарсани унутишга, кўринганда чопишга мажбур қила оларди. Шунинг учун кўчма дўконни кўрган заҳоти ҳамма нарсани унутиб, ўзини ўша томонга отарди. Нимасини айтасан, кўчма дўкон – бу сенга аллақандай тош ёки ўтлар эмас. Унда кишининг жонидан бўлак ҳамма нарса бор!

Бола уйига етиб келганида кўчма дўкон ҳам орқа томондан ҳовлига яқинлашиб қолган эди. Ўрмон хўжалиги қоровулхонасига қарашли бу уйлар дарёга қаратиб солинган. Ҳовлилар қиялаб қирғоққа туташар, дарёнинг нариги қирғоғида эса ўрмон сув ювган жар четидан бошланиб, тоғга қараб кўтарилиб кетар эди. Шунинг учун ҳам ўрмон хўжалигига қарашли қоровулхонага йўл уйларнинг орқа томонидан айланиб келарди. Бола ўз вақтида етиб келмаганида кўчма дўкон келганини ҳеч ким билмай қоларди.

Бу пайт эркаклардан ҳеч ким йўқ, ҳаммалари эрталабоқ тарқаб кетишган, аёллар уй ишлари билан машғул эди. Бола очиқ турган эшикларнинг олдидан қулоқни қоматга келтириб қичқириб ўтди:

– Келди! Машина-магазин келди!

Аёллар типирчилаб қолишди. Яшириб қўйган пулларини топиш учун югуриб қолишди, уйларидан отилиб чиққанларича бир-бирларидан ўзиб кетишди. Машина олдига чопишди, ҳатто бувиси уни мақтаб қўйди:

– Кўзи ўткир-да, бизнинг боланинг!

Бола кўчма дўконни ўзи бошлаб келгандай боши осмонга етган эди. Бу хушхабарни уларга у етказгани, бирга ҳовлидан чопиб чиққани, эшиги очиқ турган автофургон олдида улар билан тиқилишиб турганидан хурсанд эди. Лекин аёллар бу ерда уни тез унутиб қўйишди. Унга қарашга вақт бормиди? Минг хил мол – кўз қамашади. Аёллар бор-йўғи уч киши: бувиси, бу ернинг энг каттакон кишиси – ўрмон қоровули Ўразқулнинг хотини Бекей (Бекей – онасининг опаси, унга хола) ва ёрдамчи ишчи Сейдаҳмаднинг хотини ёшгина Гулжамол қизчасини кўтариб олганди. Бор-йўғи уч аёл. Лекин улар ҳовлиқиб, молларни шундай титиб ташлашдики, охири сотувчи уларнинг навбат кутишини ва ҳаммалари бараварига жаврамасликларини талаб қилишга мажбур бўлди.

Аммо унинг сўзи аёлларга унчалик таъсир қилмади: аввал бошида улар бор нарсани бир чеккадан тортқилай бошлашди, кейин танлашга тушишди, охири танлаганларини ҳам қайтаришди.

Бир четга олиб қўйишади, ўлчашади, баҳслашишади, шубҳаланиб, бир сўраган нарсаларини ўн қайталаб сўрашади. Бири ёқмайди, иккинчиси қиммат, учинчисининг ранги унчамас… Бола бир четда турарди. У зерикди. Зеро, у кутган ғаройиб нарса йўққа чиққан, тоғ йўлида кўчма дўконни биринчи бор кўргандаги қувончи ғойиб бўлганди. Кўчма дўкон кутилмаганда ҳар хил лашлушлар тиқилган оддий машинага айланиб қолди.

Сотувчининг қовоғи солина бошлади: бу хотин-халаж бирон нарса сотиб олиш учун тўпланишганга ўхшамайди. Тоғ ошиб, бунча узоқ манзилга нима учун ҳам келди-а?

Шундай бўлди ҳам. Аёллар шахтларидан қайтиб шалвираб қолишди. Бир оз чарчагандай ҳам бўлишди. Негадир бир-бирларининг олдидами ёки сотувчи олдидами, ўзларини оқлашга тушишди. Буви биринчи бўлиб, пули йўқлигидан шикоят қилди. Пули йўқнинг – хариди йўқ. Бекей хола эри йўқлиги сабабли каттароқ харид қилишга ботина олмади. Бекей хола оламдаги ҳамма аёллар ичра энг бахтсизи – сабаби, фарзанди йўқ. Шунинг учун эри Ўразқул маст бўлганида уни дўппослайди, бундан бобо ҳам жабр тортади: ахир Бекей унинг қизи-да, Бекей хола майда-чуйда ва икки шиша ароқ олди. Бекорга олди, ўзига жабр. Буви ўзини тутиб туролмади. Сотувчи эшитмасин деб пичирлаб сўради.

– Нега ўз бошингга ўзинг балони сотиб оляпсан?

– Ўзим биламан, – қисқа жавоб қилди Бекей хола.

– Аҳмоқ, – яна ҳам секинроқ, лекин бадхоҳлик билан шивирлади буви. Сотувчи бўлмаганидами, Бекей холанинг боплаб адабини берарди. Э-ҳе, уларнинг қарғашганини бир кўрсангиз…

Уларнинг жонига ёш жувон Гулжамол оро кирди. У ўзининг Сейдаҳмади шаҳарга тушишга тайёрланаётганини, пулсиз шаҳарга бориб бўлмаслигини, шу сабабдан пул сарф қилолмаслигини сотувчига тушунтира кетди.

Шу тариқа улар кўчма дўкон олдида ивирсиб туришди-туришди-да, сотувчи айтгандек, «уч пул»га нарса харид қилиб, уйларига тарқалиб кетишди. Шу ҳам савдо бўлдими ахир? Сотувчи жўнаб кетган аёлларнинг орқасидан тупуриб қоларкан, тезроқ рулга ўтириб жўнаб кетиш учун қўқитиб ташланган молларни йиғиштира бошлади. Шу пайт болага кўзи тушди.

– Нимага турибсан, шалпанг қулоқ? – сўради у. Боланинг қулоқлари осилган, бўйни ингичка, боши катта ва юм-юмалоқ эди. – Бирон нима оласанми? Олсанг, тезроқ кел, бўлмаса ҳозир ёпаман. Пулинг борми?

Сотувчи шунчаки ўзи, бекорчиликдан сўради, лекин бола узрли жавоб қилди.

– Йўқ, амаки, пулим йўқ, – деб бош чайқаб қўйди.

– Мен бўлсам пулинг борми деб ўйлабман, – сохта ишончсизлик билан гап қотди. – Сиз бу ердагилар ҳаммангиз бойсизлар, лекин ўзларингни камбағалга солиб юрасизлар… Чўнтагингдаги нима у, пул эмасми, ахир?

– Йўқ, амаки, – деди бола олдингидек самимий ва жиддийлик билан йиртиқ чўнтагини ағдариб кўрсатаркан (иккинчиси тикиб ташланганди).

– Демак, пулларинг тушиб қолибди-да. Чопган жойларингни қидир. Топасан.

Улар жим қолишди.

– Кимнинг боласисан? – яна сўроққа тута бошлади сотувчи. – Мўмин чолними, а?

Бола бош ирғаб жавоб қилди.

– Набираси бўласанми?

– Ҳа, – бола яна бош силкиди.

– Онанг қаёқда?

Бола ҳеч нима демади. Унинг бу ҳақда гапиргиси келмасди.

– Онанг ўзи ҳақида ҳеч хабар бермайдими? Ўзинг билмайсанми?

– Билмайман.

– Отангни-чи? Уни ҳам билмайсанми? Бола жим қолди.

– Э, оғайни, қанақасан ўзинг, ҳеч нимани билмайсан, – ҳазиломуз ўпка қилди сотувчи. – Ҳа, майли, агар шундай бўлса… Ушла. – У бир сиқим конфет узатди. – Соғ бўл.

Бола ийманиб турарди.

– Ол, ол. Мени йўлдан қўйма. Кетишим керак.

Бола конфетларни чўнтакка солиб, кўчма дўконни йўлга узатиб қўйиш учун машина орқасидан чопишга шайланди. У ўта бароқ, танбал кўппаги Балтекни ёнига чақириб олди. Ўразқул ҳамиша уни отиб ташлайман, деб дўқ қилиб юради: бундай кўппакни боқишнинг нима кераги бор. Бобоси ҳар доим аввал биронта овчарка топиш керак, Балтекни эса бирор жойга элтиб ташлаш лозим, деб сабр қилишни сўрайди. Балтекнинг қорнидан бўлак ташвиши йўқ. Тўйса – ухлар, оч бўлса, ўзиникими, бегонами, фарқ қилмай, дуч келган кишига тама билан суйкаланар эди.

Мана шунақа кўппак эди Балтек. Баъзида зерикканидан машина орқасидан чопиб қоларди. Тўғри, узоққа бормасди. Жиндай чопгач, орқасига қайтарди. Дардисар ит. Лекин барибир, ит билан чопиш ёлғиз чопишдан юз марта маъқул. Ҳар нима бўлмасин, ит-да.

Бола, сотувчи кўрмасин деб, секингина Балтекка битта конфет ташлади. «Билиб қўй, – кўппакни огоҳлантириб қўйди у, – узоқ чопамиз». Балтек унга осилиб, думини ликиллатарди: яна умидвор эди. Лекин боланинг бошқа конфет ташлагиси йўқ эди: ахир сотувчини хафа қилиб қўйиши мумкин, у бир сиқим конфетни итга бергани йўқ-ку.

Худди шу маҳал лоп этиб бобо келиб қолди. Чол асалари қутилари томонга кетганди. У ердан уйлар орқасида нималар бўлаётгани кўринмасди. Иш ўнгидан келди, бобо айни маҳалда кўчма дўкон кетмай туриб етиб келди. Тасодиф. Акс ҳолда набирага портфел насиб қилмаган бўларди. Шу куни болага бахт кулиб боқди.

Кўпни кўрган кишилар кекса Мўминни – Мўмин чаққон деб аташарди. Бу атрофда уни ҳамма танирди, у ҳам ҳаммани биларди. У очиқ кўнгиллиги, ҳатто сал-пал биладиган одамига ҳам бирон яхшилик қилишга тайёрлиги, ҳар кимнинг хизматига ҳозиру нозирлиги, ҳаммага садоқати ва хушмуомалалиги туфайли шундай лақаб олганди. Аммо тиллани текин тарқатишганда ҳеч ким учун қадри қолмаганидек, унинг жонбозлигининг қадрига ҳам ҳеч ким етмасди. Унинг ёшидаги кишиларга қандай ҳурмат ва иззатда бўлишмасин, Мўминга ҳеч ким бундай муносабатда бўлмасди. У билан бетакаллуф муомала қилишарди. Буғу авлодининг машҳур оқсоқолларидан бирортасининг улуғ маъракаларида – Мўмин буғу авлодидан бўлиб, бу билан ғоятда фахрланар ва ўз қабиладошларидан биронтасининг маъракасидан қолмасди – унга мол сўйдиришар, мартабали меҳмонларни қарши олиб, отдан тушириш, чой узатишу ўтин ёриб, сув келтиришгача ҳамма ишни топшираверишарди. Турли тарафдан сон-саноқсиз меҳмонларни кутиб олиш лозим бўлган бундай катта маъракаларда озмунча ташвиш бўладими? Мўминга нима хизмат буюрилмасин, у ана-мана дегунча барини саранжом-саришта қилар, энг муҳими – бошқалардек бўйин товлайвермасди. Бу тумонат меҳмонларни кутиб ва овқатлантириб жўнатиши лозим бўлган овул ёшлари Мўминнинг бу ишларни қандай қилиб жойига қўяётганини кўриб қойил қолишарди:

– Мўмин чаққон бўлмаса, биз нима қилардик-а?

Баъзида эса ўз набираси билан узоқдан келган чол чойхоначи йигитга қарашиб кетарди. Мўминнинг ўрнида бошқа одам бўлганда бу ишни ҳақорат деб биларди, лекин Мўмин парво ҳам қилмайди.

Кекса Мўмин чаққоннинг меҳмонларга елиб-югуриб хизмат қилиши ҳеч кимни ажаблантирмас – шунинг учун ҳам ўз номи билан Мўмин чаққон-да. Мўмин чаққон бўлишига ўзи сабабчи. Агар чет одамлардан биронтаси ажабланиб, – ҳей қария, нега хотинларга дастёрлик қилиб юрибсан, бу овулда ёш йигитлар қуриб кетганми, – деб қолгудай бўлса, Мўмин шундай жавоб қиларди:

– Марҳум менинг оғам эди (у буғу авлодининг ҳаммасини ўз оғаси санарди. Лекин бошқа меҳмонлар учун ҳам улар ёт эмас, «оға» эди). Уларнинг маъракасида мен хизмат қилмасам ким хизмат қилади? Биз, буғу авлоди, бош онамиз – Шохдор она буғудан тарқалганимиздан буён ана шундаймиз. Кароматли Шохдор она буғу эса бизга тирикда ҳам, ўликда ҳам дўстликни васият қилиб қолдирган.

Мўмин чаққон мана шунақа одам эди!

Кекса ҳам, ёш ҳам уни «сан»лаб гапирар, қалтис ҳазил ҳам қилаверишарди – чол беозор эди, у билан ҳисоблашмаса ҳам бўлаверарди – чол безабон эди. Ўз ҳурматини талаб қилишнинг уддасидан чиқмаган кишини одамлар оёқости қилаверади, деб бекорга айтишмаган-да. У шунинг уддасидан чиқмасди.

Унинг қўли гул эди. Дурадгорлик, эгарчилик қиларди, ёшлигиданоқ пичан ғарамлашнинг устаси эди, колхоз учун шундай ғарамлар ясардики, қишда уларни бузишга кўз қиймасди: ёмғир унинг устидан худди ғознинг патида сирғангандек силлиқ тушар, қор эса томнинг икки нишабига тушгандек тушиб кетарди. Урушда меҳнат фронтида Магнитогорскдаги заводларнинг ғиштини терди, стахановчи бўлиб шуҳрат қозонди. Қайтиб келгач, қоровулхонада ёғоч уй қурди, ўрмончилик билан машғул бўлди. Ёрдамчи ишчи бўлиб ҳисобланса ҳам, аслида, ўрмонга кўз-қулоқ эди, унинг куёви Ўразқулнинг эса умри кўпинча меҳмондорчилик билан ўтарди. Бошлиқлар бостириб келдими, бас, Ўразқул уларни дарҳол ўрмонга бошлар, ов уюштирар, хуллас, ҳамма нарсага мутасаддилик қиларди… Молларга ҳам Мўмин қарар, асаларилар ҳам унинг бўйнида эди. Мўминнинг бутун умри эрта тонгдан қора кечгача ишда, ташвишда ўтди, лекин ҳурмат талаб қилишни ўрганолмади.

Мўминнинг ташқи кўриниши ҳам мўйсафид кексаларга ўхшамасди. Сипогарчилиги ҳам, жиддийлиги, баджаҳллиги ҳам йўқ. Оқкўнгил эди у. Унинг қадр топмайдиган бу инсоний хусусиятини бир қарашдаёқ пайқаб олса бўларди. Бундай қисмат ҳамиша унга: «Оқкўнгил бўлма, ёвуз бўл! Мана, сенга оқибат! Ёвуз бўл!» деб таъкидлаб келса ҳам, у ўз хушфеъллигини ташламайди. Унинг юзлари кулимсираб турар, ажинлари қатқат эди. Кўзлари эса ҳар доим: «Нима истайсан? Бирор оғирингни енгил қилайми? Мен тайёрман, фақат айтсанг бас, нимага муҳтожсан?» – дегандек мўлтираб турарди.

Бурни ҳам юмшоқ, ўрдакникидай ялпоқ, бамисоли кемирчаги йўқдай. Бўйи ҳам кўп баланд эмас, ўсмирлардай чаққонгина чол. Соқол нима деган гап – шу ҳам насиб қилмаганди. Қип-қизил кўса. Яйдоқ иягида икки-учтагина сариқ тук бор, холос. Бор-йўқ соқол шу.

Бот-бот йўлда басавлат чолга дуч келасану соқоли кўксига тушган, кенг-мўл пўстинининг ёқасига сербар барра қопланган, бошида қимматбаҳо телпак, остида эгарлари кумушдан арғумоқ – бир қарасанг донишманд, бир қарасанг пайғамбар, бундай кишига таъзим қилгани ҳеч тортинмайсан, бундай киши ҳамма жойда иззатда! Мўмин эса фақат Мўмин чаққон бўлиб туғилган. Эҳтимол, унинг ёлғиз устунлиги шунда эдики, у қандай ўтирдим, билиб гапирдимми, қандай жавоб қилдим, қандай кулимсирадим деб ташвишланмас, бировларнинг олдида обрўси тўкилишидан чўчимасди. Мўмин мана шу маънода, ўзи сезмаган ҳолда, камдан-кам учрайдиган бахтли одам эди. Кўп одамларни касаллик эмас, ўз наздида ўзлигидан каттароқ қўйишдек худбинлик, аламзадалик балоси кемириб адо қилади. (Доно, бообрў, хушрўй, бунинг устига қаттиққўл, адолатли ва жасур деган ном чиқаришни ким истамайди?..)

Мўмин эса бундай эмасди. У афандифеъл эди ва унга афандига муомала қилгандек муомала қилишарди.

Фақат бир нарса Мўминни қаттиқ хафа қилиши мумкин эди: биронтасининг маъракасини ўтказиш учун қариндошлар тўпланадиган кенгашга уни чақиришни унутиб қўйишса… У қаттиқ ранжир ва буни унутолмай азоб чекарди, гап – уни четлаб ўтганларида эмас, у кенгашда барибир ҳеч нимани ҳал қилмас, фақат қатнашарди, холос. Бунинг боиси қадимий урф-одатнинг поймол бўлгани эди.

Мўминнинг ўз ташвишлари бор, у буларнинг азобини тортарди, оқшомларни кўз ёши билан ўтказарди. Бегоналар бундан деярли хабарсиз. Яқин кишилари эса билишарди.

Мўмин набирасини кўчма дўкон олдида кўргандаёқ унинг нимадандир хафа эканлигини дарҳол фаҳмлади. Сотувчи мусофир бўлгани учун чол дастлаб у билан сўрашди. Эгардан тезгина сакраб тушиб, дарҳол икки қўлини сотувчига узатди:

– Ассалому алайкум, катта савдогар! – деди у ярим ҳазил, ярим чин. – Карвонинг омон-эсон етиб келдими, савдо-сотиғинг яхши бўляптими? – Мўмин очиқ кўнгиллик билан сотувчининг қўлларини силкитди. – Қанча сувлар оқиб ўтди кўришмаганимиздан бери. Хуш кўрдик!

Сотувчи унинг сўзлари ва кўримсиз кийим-боши устидан такаббурона кулиб қўйди – ўша-ўша бесўнақай кирза этик, кампир тиккан бўз иштон, титилиб кетган камзул, ёмғир ва офтобда сарғайиб кетган кигиз қалпоқ. Сотувчи Мўминга жавоб қилди:

– Карвон бут. Фақат шуниси чатоқки, савдогар бу ёққа келганда, думингизни тутқазмайсиз, ўрмонга, қирга қочасиз. Хотинларингизга бир тийинни ўн жойидан тугиб сақлаб қўйишни тайинлайсиз. Бу ерда молни уюб ташласанг ҳам бирон киши бир тийин чиқаргиси келмайди.

– Айбга қўшма, қадрдон, – хижолатомуз кечирим сўради Мўмин. – Сенинг келишингни билганимизда кетмасдик. Пулни айтадиган бўлсанг, йўқни йўндириб бўлмайди. Мана кузда картошкаларни сотамиз…

– Гапир-а, – унинг сўзини бўлди сотувчи. – Сиз қурумсоқ бойларни яхши биламан. Тоғда яшайсиз, ер, пичан истаганингча. Чор атрофинг ўрмон – уч кунда айланиб чиқолмайсан. Молинг борми? Асаларинг борми? Ҳаммаси бор. Бир тийин устида эса азон айтасан. Мана, харид қил, шойи кўрпа, тикув машинасидан битта қолди…

– Худо ҳаққи, бунақа пул йўқ менда, – ўзини оқлади Мўмин.

– Шу гапларимга ишонади деб ўйлайсанми? Қурумсоқ чол, пул йиғасан. Хўш, қаерга олиб кетасан?

– Худо ҳаққи, йўқ. Шохдор она буғу ҳаққига қасам ичаман!

– Ҳай, майли, чий бахмал ол, янги шим тиктириб оласан.

– Олган бўлардим, Шохдор она буғу ҳаққи!

– Ээ, сен билан тортишиб ўтиришдан фойда йўқ,– сотувчи қўл силтади. – Бекор келибман. Ўразқул қаёқда?

– Эрталаб барвақт Оқсойга кетганди. Чўпонларда иши бор…

– Меҳмондорчиликда юрган чиқар, – ўзича тушунган бўлди сотувчи.

Ноқулай жимлик чўкди.

– Сен хафа бўлмагин, чироғим, – яна гап бошлади Мўмин. – Кузда, Худо хоҳласа, картошкани сотамиз…

– Кузгача узоқ.

– Бундай бўлса, кечиргин. Худо хайрингни берсин, уйга кир, чой ичиб кетасан.

– Чой ичгани келганим йўқ, – рад этди сотувчи.

У фургоннинг эшикчасини ёпиб туриб, чолнинг ёнида кўппагининг қулоғидан ушлаб машина орқасидан чопишга шай бўлиб турган болага кўзи тушдида, деди:

– Ҳеч бўлмаса портфель олгин. Бола ҳадемай мактабга борар, албатта? Ёши нечада?

Мўминга бу маслаҳат маъқул тушди: ҳафсаласи пир бўлган сотувчидан нимадир харид қилиши шарт эди, қолаверса, набирасига чиндан ҳам портфель керак, бу йил кузда мактабга боради.

– Тўғри айтасан, – безовталаниб қолди Мўмин, – менинг хаёлимда ҳам йўқ эди. Бўлмаса-чи, етти-саккизга чиқди. Қани, бу ёққа кел, – набирасини чақирди у.

Бобо чўнтагини ковлаштириб, яшириб юрган беш сўмликни чиқарди. Кўпдан бери ёнида юрган бўлса керак, ғижимланиб кетибди.

– Ушла, шалпанг қулоқ, – сотувчи болага айёрона кўз қисиб портфелни узатди. – Энди ўқишни қотиргин. Хат-саводингни чиқармасанг, бобонг билан мана шу тоғларда абадий қолиб кетасан.

– Ўқийди! Унинг зеҳни ўткир, – қайтимни санаркан, жавоб қилди Мўмин. Кейин янги портфелни авайлаб ушлаб турган набирасига кўз югуртирди-да, уни бағрига босди. – Мана, яхши бўлди. Кузда мактабга борасан, – деб қўйди секингина.

Бобоси қадоқ қўлини боланинг бошига майингина қўйди. Шу дам боланинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди ва қотма бобоси кийимларининг ўзига таниш ҳиди димоғига урилди. Ундан қуруқ пичан ва меҳнаткаш кишининг тер ҳиди келарди. Садоқатли, ишончли, мўътабар киши у. Эҳтимол, ер юзида болани жон-дилидан яхши кўрадиган, ақллилик балосига учраган киши – Мўмин чаққон деб аталган бу чол шундай содда, афандифеъл эди… Хўп, нимаси ёмон буни? Ҳар нима бўлмасин, ўз бобонг бўлгани яхши.

Чексиз қувончга тўлишини бола хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу пайтгача мактаб ҳақида ўйлаб кўрмаганди. Шу пайтгача фақат бобоси билан буғу авлодидан машҳур кексаларнинг маъракасига борганда – тоғлар ортидаги Иссиқкўлда қишлоқларидан мактабга қатнаган болаларни кўрганди.

Бола шу ондан бошлаб портфелдан айрилмай қолди. Шодлигидан терисига сиғмай мақтаниб қоровулхонанинг бутун ҳовлисини айланиб чиқди. Аввал бувисига кўрсатди. Мана, бобом олиб берди! Кейин Бекей холасига кўрсатди. У ҳам портфелни кўриб хурсанд бўлди ва болани мақтаб қўйди.

Бекей холанинг хушнуд дамлари камдан-кам бўларди. Кўпинча ғамгин ва тажанг юрар, жиянига эътибор ҳам қилмасди. Бунга вақти ҳам бўлмасди. Унинг ўз дарди бор. Бувиси, фарзанди бўлганда бутунлай ўзгача юрарди, дерди. Эри Ўразқул ҳам, Мўмин бобо ҳам ҳозиргидай эмас, балки бошқача одам қиёфасида юрган бўларди. Унинг иккита қизи – Бекей хола ва боланинг онаси бўлса-да, бари-бир, чолга оғир эди; ўз боланг бўлмаса – бир бало, болангда бола бўлмаса – минг бало. Бувиси шундай деб зорланади. Ким билсин…

Бола Бекей холасидан сўнг олган нарсасини кўрсатиш учун ёшгина Гулжамол билан унинг қизчаси олдига югурди. Бу ердан эса пичан ўраётган Сейдаҳмад олдига тушиб кетди. Жигарранг «туя» олдидан чопиб ўтаркан, унинг ўркачларига уриб қўйишга ҳам вақти бўлмади, «эгар» ёнидан, «бўри» ва «танк» ёнидан ўтиб, кейин қирғоқ бўйлаб югуриб борарди. Ёпишқоқ бутазор орасидаги сўқмоқ йўлдан чопиб ўтди. Сўнгра эса ўтлоқдаги узун йўлакдан Сейдаҳмаднинг олдигача чопқиллаб келди.

Бугун бу ерда Сейдаҳмаднинг ёлғиз ўзи эди. Бобо аллақачон ўзининг тегишини, бир йўла Ўразқулнинг ҳам тегишини ўриб қўйганди. Пичанни ҳам аллақачон ташиб бўлишди – бувиси билан Бекей хола ташиб турди, бобоси босаверди, у эса бобосига ёрдамлашди. Молхонанинг олдига иккита ғарам уйишди. Бобоси уларни шундай ихчам босдики, бир томчи ёмғир ҳам ўтмасди. Ғарамлар худди тароқ билан тараб қўйилгандек силлиқ эди. Ҳар йили шу. Ўразқул пичанга қўлини урмайди, ҳаммаси қайнотасининг бўйнида – ҳарҳолда у амалдор. – Истасам, – дейди у, – сенларни бир зумда ишдан ҳайдаб юбораман. – У бобо билан Сейдаҳмадга шундай дўқ қиларди. Бу ҳам мастликнинг касофати. Бобони ҳайдаб бўпти. Унда ким ишлайди? Бобосиз ишлаб кўрсин-чи! Ўрмонда иш ошиб-тошиб ётибди, айниқса, кузда. Бобом айтадики, ўрмон қўй суруви эмас, тарқалиб кетмайди, лекин ташвиш ундан оз эмас. Шунга кўра ўт тушса ёки тоғдан сел қуйилса борми – дарахт бир ёққа сакрай олмайди, жойидан қўзғалмайди, турган жойида нобуд бўлаверади. Кимки дарахтларни асраб қололса, ўша ҳақиқий ўрмончи бўла олади. Ўразқул Сейдаҳмадни ҳайдаб бўпти, ундай ювош одам борми. Ҳеч нимага аралашмайди, талашиб-тортишмайди. Бироқ Сейдаҳмад ҳар қанча ювош, бақувват йигит бўлмасин, ялқов, уйқуни яхши кўради. Ўрмончиликка ҳам шу важдан келиб қолган. Бобо, бундай йигитлар совхозда машина қувиб, тракторда ер ағдариб юришибди, деб куйинади… Сейдаҳмад эса томорқасидаги картошкани шўрага бостириб юборди. Гулжамолнинг бир ўзи қўлда боласи билан томорқада ишлашига тўғри келди.

Сейдаҳмад пичан ўримини ҳам кечиктириб юборди. Бобо ҳатто ўтган куни уни койиб берди. «Ўтган қишда, – деди у, – сенга эмас, молларга ичим ачиди. Шунинг учун пичан бердим. Агар яна мен кекса чолнинг пичанига кўз тикадиган бўлсанг, ҳозироқ айта қол, сен учун ҳам ўришга тайёрман».

Гап таъсир қилди. Сейдаҳмад бугун эрталабдан ўримга тушиб кетди.

Орқадан келаётган қадам товушини эшитиб, Сейдаҳмад қайрилди, кўйлагининг енги билан юзини артди.

– Нимага келяпсан? Мени чақиришяптими?

– Йўқ. Портфель олдим. Мана. Бобом олиб берди. Мен мактабга бораман.

– Шунга шунчалик чопиб келдингми? – Сейдаҳмад хахолаб кулди. – Мўмин бобонинг эси кирарли-чиқарли бўлиб қолган, – у бармоғини чаккасига босиб айлантирди, – сен ҳам шунақа чоғи! Қани, қанақа портфель? – У қулфчасини шиқиллатиб, портфелни у қўлидан бу қўлига олди-да, калласини лиқиллатганча кулимсираб қайтариб берди. – Тўхта, – хитоб қилди у, – сен қайси мактабга ҳам борардинг? Қаерда сенга мактаб тайёр турибди?

– Қаерда бўларди? Фермадаги-да.

– Жилисойга қатнамоқчимисан? – ҳайратланди Сейдаҳмад. – Ахир у ёққа тоғ оша беш километрча юриш керак, бундан кам эмас.

– Бобом, отда олиб бориб келаман, деди.

– Ҳар куни у ёққа бориб, бу ёққа келарканми? Эсини ебди чол. Унинг ўзини ҳам ўқитиш керак. Сен билан бир партага ўтиради, дарс тугадими – қайтаверади. – Сейдаҳмад Мўмин бобони набираси билан бир партада ўтиришини кўз олдига келтириб қотиб-қотиб кулди.

Бола ўйга толиб жим қолди.

– Ҳа, мен буни шунчаки кулги учун айтяпман-да! – тушунтирди Сейдаҳмад.

У боланинг бурнига оғритмайгина чертиб, бошидаги бобосининг фуражкасини тортиб, қоши устига бостириб қўйди. Мўмин ўрмон маҳкамасининг одатдаги фуражкасини кийишга ор қиларди. («Нима, мен бирон-бир бошлиқманми? Мен ўзимнинг қирғиз қалпоғимни бошқа ҳеч қанақасига алмашмайман».) Ёзда ҳам Мўминнинг бошида қора сидирға сатин билан ҳошияланган йўл-йўл оқ қалпоқ – алмисоқдан қолган эски кигиз қалпоқ, қишда ҳам шундай даққиюнусдан қолган тери тақия бўларди. Ўрмон ишчиларининг одатдаги яшил фуражкасини у набирасига берарди.

Сейдаҳмаднинг янгиликни масхараомуз қарши олиши болага ёқмади. У хўмрайиб фуражкасининг соябонини манглайи устига кўтарди ва Сейдаҳмад яна бурнига чертмоқчи бўлганда бошини буриб ғижинди:

– Тегишма!

– Оббо сен-эй, жаҳлинг тез экан-ку! – мийиғида кулди Сейдаҳмад. – Ҳа, сен хафа бўлмай қўя қол. Портфелинг ажойиб. – Кейин унинг елкасига қоқиб қўйди. – Энди туёғингни шиқиллат. Ҳали мен анча-мунча ўришим керак…

Сейдаҳмад кафтига туфлади-да, яна ўришга тушиб кетди.

Бола эса яна чопганича ўша сўқмоқдан, яна ўша тошлар ёнидан уйга қайтди. Тошлар билан овунишга ҳали-бери вақти йўқ эди. Портфель – жиддий нарса.

Бола ўз-ўзи билан сўзлашишни яхши кўрарди. Лекин бу сафар ўзига эмас, портфелига сўз қотди: «Сен унинг гапига ишонма, бобом унақа эмас. Унинг сира шумлиги йўқ, шунинг учун ҳам ундан кулишгани-кулишган. Чунки қувлик-шумликни билмайди. У биз иккаламизни мактабга олиб бориб юради. Сен ҳали мактаб қаердалигини билмайсан-а? У унчалик узоқ эмас. Мен сенга унинг қаерда эканлигини кўрсатаман. Биз унга Қоровултоғдан дурбинда қараймиз. Мен яна, сенга оқ кемани кўрсатаман. Фақат биз аввал молхонага кириб чиқамиз. У ерда дурбинимни яшириб қўйганман. Мен унда бузоқчамни кузатиб туришим керак, лекин мен ҳар куни оқ кемани кўришга чопаман. Бузоғимиз катта бўлиб қолди, тортиб кетса тўхтатолмайсан, сигирни эмиб қўядиган одат чиқарди. Сигир унинг онаси, сутини ундан аярмиди. Тушундингми? Оналар ҳеч қачон, ҳеч нимани аяшмайди. Мана, Гулжамол шундай дейди, унинг қизчаси бор… Тезда сигирни соғиб бўлишади, кейин биз бузоқни яйловга ҳайдаймиз. Ўшанда биз Қоровултоққа чиқамиз-да, тоғдан туриб оқ кемани кўрамиз. Мен ахир дурбин билан ҳам худди ана шундай гаплашаман. Энди биз учтамиз – мен, сен ва дурбин…»


  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации