Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 55 (всего у книги 67 страниц)
Султонмуротдан садо чиқмади. Чекиш эса ҳеч жаҳлидан, ҳовридан тушмай қамчисини ўйнатиб, депсинарди:
– Қоч десанг қаққайиб туради! Ахир ўзинг ўйла, ҳеч замонда сени тута олармидим! Сизларни қувиб нима қилдим! Йўлига қочмайсанми, менга ҳам енгил бўларди! Урай десам эгнинг юпун, эгнингни десам, ўзинг ҳам қоқсуяксан, қамчи билан солиб бўлмаса. Урадиган ҳолинг бўлса ҳам майли эди! Бўлар иш бўлди. Кўнглингга олма. Отанг қайтгач, биргалашиб мен чолнинг адабини берарсизлар. Қани энди кўрсат-чи, нима қилиб қўйдиларинг…
Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. Нимага ҳам ярарди чўлоқ от? Гўштгами? Бироқ заҳматкаш жониворни сўйишга кимнинг қўли борарди? Чекиш ва бошқа биладиган одамларнинг айтишича, отнинг қаттиқ шикастланмаганлигигина бирдан-бир тасалли эди… Онатойнинг Оқтўриғини бир чолнинг ҳузурига олиб бордилар. У йилқиларни даволарди. Беда, пичан оборишиб, у ерда навбатчилик қила бошлашди. Омадлари келиб, беш кунлардан кейин Оқтўриқ илгариги ҳолига қайта бошлади ва уни отхонага олиб келдилар.
Умуман бу ҳафта оғир ўтди, уйда эса онасининг тоби қочиб қолди. Аввалига ўзини ёмон ҳис қила бошлади-ю, кейин иссиғи кўтарилиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Султонмурот онаси, укаларига қараб уйда қолишига тўғри келди. У ана шундагина уйлари бўм-бўш, ҳувиллаб қолганини пайқади. Отаси армияга кетганидаги ўнтача қўйларидан бирортаям қолмади: иккитасини ўзларига сўйишди, қолганларини ҳарбий заёмга сотишиб, бошқа солиқларга тўлаб юборишди. Яхшиямки, ҳали елини тўлишиб қолган, яқин-орада туғиши керак бўлган сигирлари, яна бир томонда Ажимуротнинг эшаги Қораёл бор. Бор-йўқ мол-ҳоллари мана шу. Ўшаларни боқишга ҳам ҳеч вақо йўқ. Сарой томидаги ғарамда қуруқ маккажўхори пояси сақланарди. Ҳисоблаб кўрди, агар қиш чўзилмаса сигирнинг туғишига базўр етаркан, аммо қиш чўзилса, нималар бўлишини ким билади. Эшак ўзига ўзи емак топмоғи керак эди. У ҳовли атрофидаги янтоқ ва бурганларни еб юрарди. Ўтин-чўпга келганда аҳвол жуда чатоқ, таппи тугаёзган, шох-шабба яна бир неча кунга етарли қолган. Кейин нима бўлади? Итлари Оқтош ҳам саёқ бўлиб кетибди. Султонмурот маъюсланиб қолди. Ўз-ўзидан хижолат тортарди. Куну тун отхонада Оқсой десантини тайёрлаш билан машғул бўлиб, хўжаликлари қаровсиз қолганини ҳам пайқамабди. Отаси борлигида ҳечам шундай бўлармиди? Отаси пичан йиғса бутун қиш ва баҳорга етарди. Ўтинни ҳам ғамлаб ташларди. Нимасини айтасиз – отаси борлигида ҳаётлари бутунлай бошқача, хотиржам, саранжом-саришта, ораста эди. Фақат уйларидагина эмас, ҳамма ерда, балким бутун дунёда бошқача эди. Ҳозир ҳовлиларидан файз кетган. Худди куз пайти япроқларсиз қолган дарахтлар каби ҳовлида нимадир етишмай турарди. Ўтов ўз ўрнида, кўчалар, уйлар ўша-ўшаю, барибир отаси борлигидаги файз йўқ. Ҳатто ҳовли орқасидаги кўчадан ўтиб турадиган арава ғилдиракларининг тақир-туқур овози ҳам, илгаригидек, отаси шу йўлларда, худди шу араваларни ҳайдаган вақтидаги сингари мароқли эмас эди.
Жамбулга борган одамларнинг айтишича, шаҳарда шундай қимматчилик, очарчилик ва тўс-тўполон эмишки, тезроқ уйга қайтгинг келармиш. Демак, шаҳар ҳам ўша отаси билан борганларидай эмас, бутунлай ўзгарган.
Нега шундай экан-а? Демак, отаси йўқлиги учун шундай бўлибди-да… У ҳозир қаерда, ҳоли не кечди экан? Охирги хат бир ярим ойлар чамаси олдин келганди. Қаердадир йўлда бирон ерда ушланиб қоляпти, деб тасалли берарди у онасига. Онаси уҳ тортарди. Фронтдан жўнатилган хат, эҳтимол, ушланиб қолиши ҳам мумкин. Балким хат ёзишга ҳеч кимнинг вақти ҳам йўқдир ҳозир? Ҳамма гап ана шунда, бироқ Чуй каналидан хат келмаслиги бошқа-ю, фронтдан хат келмаслиги бошқа. Мана, онаси ҳам, ҳаммалари ҳам шу ҳақда ўйлайдилар.
Аввалги кун тонг маҳалида ит ҳуриб, кейин жимиб қолди. Эркаланиб ғингшиди-ю, бир оздан сўнг дераза тақиллади. Онаси сесканиб, касал бўлишига қарамай тўшакдан туриб кетди. Султонмурот ҳам дераза томон отилди. Ташқарида кимдир турарди. Биринчи бўлиб уни онаси таниди.
– Тоғанг Нурғози келди, – деди у ўғлига, – бор, кутиб ол. – Ўзи бўлса кўнгли айнаб, тиши тишига тегмай кўрпага кирди.
Онасининг акаси, Нурғози тоғаси тоғда яшар ва умр бўйи қўшни совхозда чўпонлик қиларди. Бир куни, ёши ўтиб қолган бўлса-да, уни ҳам армияга чақиришди. Аммо Жамбулдан уни ва яна бир неча чўпонни уйига қайтаришди. Отарларда ҳеч ким қолмаган эди. Подани кимсасиз ташлаб кетиб бўлмайди-ку. Яхшиям Нурғози тоғалари бор экан, онда-сонда бўлса-да, улардан хабар олиб турарди. Мана бу сафар ҳам кечаси қўйларни қўрага қамаб, синглисини касал деб эшитиб, тоғдан тушиб келибди. У оз фурсатга келиб, нима гаплигини билгач, тезроқ уйга қайтмоқчи эди.
Шамолда қорайиб, лўлига ўхшаб қолган, тулкитери тумоқ, кигиз қўнжли этиклари тиззасидан юқорисигача, баҳайбат, чайир тоғаси аёз билан бирга қўй ҳидини анқитиб кириб келди. Шу заҳотиёқ уйда ғала-ғовур кўтарилди. Эгнидан пўстинини ечиб синглисини ёнига чўккалади-да, унинг иссиқ қўлини ўзининг залворли кафтига олиб, индамай томир уришини эшитди. Узоқ вақт диққат билан унинг нозик тўпиғини ушлаб, ўзининг қаттиқ, йўғон бармоқлари билан томирини текширди. Ниманидир сезиб, ниманидир аниқлади. Бир оз хаёлга чўмиб, йўталиб қўйди, сўнгра соқолини сийпалаб, хушнуд жилмайганча Султонмуротга деди:
– Ҳечқиси йўқ. Яхшигина шамоллаб, роса совуқ ўтибди. Билгандай гўшт, думба ёғи олиб келувдим. Қалампир ва пиёз солиб иссиқ, ёғли шўрва ичиб, обдон терла, – маслаҳат берди синглисига у. – Сен-чи, Султонмурот, эгардаги хуржунни олиб кел, нима бўлса ҳаммасини уйга олиб кир. Хуржунни эса бўшатиб бер… Узоқ ўтириб қололмайман, қўйлар эгасиз қолган.
Онаси тоғаси билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб олгунларича Султонмурот олов ёқиб, чой қайнатишга улгурди. Унгача кичкинтойлар ҳам уйғониб қолишди. Дарров тўшакдан туриб қипяланғоч дийдирашганларича ҳаммалари тоғаларига ташланишди. У гўдакларни ёнида турган пўстинига ўраб олар, улар эса тиззасига, елкаларига ирғишлашарди. Айниқса, тоғанинг эркатойи Ажимурот бўлса расмана гўдак бўлди-қолди. Учинчи синфда ўқиётганига қарамай у қўзичоқдай эркаланарди. Тоғасининг тулкитери тумоғини бошига кийиб, қамчинини қўлига олиб ўзи эса худди отга мингандай тоғасининг елкасига чиқиб олди.
– Уялмайсанми! Туш! – Султонмурот уни бир-икки турткилади, аммо бунга Нурғози тоғанинг ўзи индамасди.
– Тегма унга, тегма, майли, ўйнайверсин.
Ана шундай қувноқ, сершовқин тонг отди. Ажимурот аллақачон мактабга бориши керак бўлса ҳам ҳамон имилларди. Онаси бақириб-чақирса ҳам у тоғасининг атрофида гирдикапалак бўлиб ивирсирди. Шундан сўнг тоғаси жиянини қистай бошлади. Базўр уни кийинишга кўндиришди. Охири шунга бориб етдики, Султонмурот укасининг қўлларидан тутиб ташқарига судраб чиқариб юборди. У бўлса эшикка тиралиб олиб, ташқарига чиқариб юборилганидан бўкириб йиғлай бошлади. Шу кўйи бақириб йиғлаганча мактабга равона бўлди. Болакайга ҳамманинг раҳми келиб кетди.
Нурғози тоғанинг ҳатто жаҳли ҳам чиқди.
– Бу нима қилганинг? – деди у Султонмуротни койиб.
– Йўқ, тоғажон, мен унга тегмадим.
– Нимага йиғлаяпти бўлмаса?
– Султонмуротинг унга теккани йўқ, – болишдан бош кўтариб гапга аралашди онаси. – Йўқ. Нурғози ака, у отасини соғинганидан шундай қиляпти. Шунинг учун ҳам болалар сизга ёпишгани-ёпишган. Тўйиб кетдик. Кутавериб кўзимиз тўрт бўлди. Икки энликкина хат келса, кошкийди. Мана, икки ой бўлдики, дом-дарак йўқ…
Нурғози тоғалари синглисини тинчита бошлади. Йиғламаслигини, болалари учун ўзини эҳтиёт қилишини тайинларкан, одамларни ўлди деб ҳисоблашиб, ярим йилдан кейин улардан хат олишганлари ҳақидаги ҳар хил воқеаларни гапириб берди. Уруш-урушлигини қилади-да…
Бу гал, Султонмурот бемор онаси ёнида ўтириб, ҳаётлари отасиз нақадар оғир кечаётганини чуқур ҳис этди. Ажимуротга ўхшаб кичикроқ бўлганидами, соғинчидан бор овози билан ҳўнграб йиғлаб оларди. Шу кўйи, йиғлабсиқтаб, боши оққан томонга жўнаган бўларди. Унинг салгина бўлса-да, умидвор бўлгиси келарди. Тез орада қайтмаса ҳам майли, фақат отаси тирик бўлса бас, ана ўшанда эркин нафас олиб, кутиб, чидаса бўлади. Энди у ўз муаллимаси Инкамол опанинг аҳволига тушунди.
Бир куни опа отхонага келди. Туманга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, кўзлари тўла ғам-андуҳ, қийшайиб қолган дарвоза олдида турарди. Лекин орадан бир кун ўтиб қайтиб келганида эса уни таниб бўлмас, кекса муаллима ўзгариб қолгандай, аслига қайтгандай эди. Ҳатто пешанасидаги ажинлари ҳам текис бўлиб кетганди. Очиқ чеҳра билан ўқувчиларининг ишлари билан қизиқди. Султонмурот уни ҳовлини айлантириб, десант отларини кўрсатди.
– Мана, Инкамол опа, охур олдида турган бизнинг тўрттала отимиз!
– Яхши отлар, парвариш қилингани шундоққина кўриниб турибди, – мақтаб қўйди Инкамол опа.
– Илгари уларни бир кўрганингиздами, – сўзлай кетди Султонмурот. – Қоқсуяк, ҳаммаёғи яғир ва яғринлари яра-чақа, йиринг босган, оёқлари эса оқсоқ эди. Энди бўлса, ўзимиз ҳам таниёлмай қолганмиз. Инкамол опа, мана бу менинг Чопдорим. Бир кўринг қанақалигини! Отамнинг оти. Мана буниси эса Оқпайпоқ, ана унисини Элтомон деб атаймиз…
Сўнгра муаллимага устахонада отларга уриш учун тахлаб қўйилган эгаржабдуқларни кўрсатди. Кейин плугларни кўришди. Ҳамма нарса тахт, шу топнинг ўзидаёқ отларни қўшиб, ҳайдайверса бўладиган…
Инкамол опа жуда хурсанд бўлди. Хайрлашаётганда эса уларни ўқишдан қолдирганларида ташвишланиб, норози бўлганини, бироқ ҳозир буларни кўриб кўнгли жойига тушганини тан олди. Ҳозир, муҳими, ғалабаю одамларнинг тезроқ урушдан қайтишлари, қолган нарсаларнинг ҳиссасини чиқариб оламиз, албатта чиқарамиз, деди у.
Маълум бўлишича, Инкамол опа агар яхши хабар чиқса ҳеч нима, ҳеч қандай пул олмайдиган, бировларнинг қувончини ўзиники деб биладиган машҳур фолбин ҳузурида бўлган экан. Фолбин шунинг учун ҳам доимо ростини гапираркан. Ўша фолбин опага уч марта фол очиб, ўғлини тирик, дебди. Асир ҳам, ярадор ҳам эмас. Фақат шундай топшириқдаки, хат ёзиш ман этилган. Рухсат олгач, мана кўрарсиз, хат устига хат келаверади, дебди… Бу гапларнинг қанчаси рост, қанчаси ёлғонлигини ҳеч ким билмайди-ю, аммо бу воқеани одамларни туманга олиб бориб келган аравакаш отхонада сўзлаб берди.
Инкамол опанинг фолбинга борганини эшитган Султонмурот ўшанда дафъатан ҳайрон бўлди-ю, унинг қўрқув аралаш ҳасратлари боисини энди тушуниб етди ва бир оз енгил тортгач, онасига ҳам ўша башорат қилувчи аёлга бориб отасидан бирор хабар топишни маслаҳат беришга қарор қилди.
Ҳа, буларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлашнинг ўзи оғир ва қўрқинчли эди. Аммо булоқ кўзидан қайнаб чиқиб турган тиниқ сув оқими каби қуйилиб келаётган ёрқин ва қувончли туйғулар ҳам бор эди. Булар унинг ҳақида, Мирзагул ҳақидаги ўйлар эди. У аслида бу туйғуларни чорлашга уринмас, аммо улар ер остидан ниш урган майсалар мисол ўзидан-ўзи пайдо бўларди. Уларнинг қувончли, мусаффолиги мана шунда эди, шунинг учун ҳам улардан айрилиб қолишни истамас, бу ҳақда ўйлашдан чарчамасди. У ҳақда ўйлар экан, ниманидир бажариши, ҳаракат қилиши ва бу йўлда ҳеч қандай фалокатлардан, ҳеч қандай қийинчиликлардан чўчиш нималигини билмасди. Лекин ҳаммасидан ҳам буларнинг барчасини қизнинг билишини истар эди.
Ўз қалбидан кечаётган туйғуларнинг барини нима деб аташни ўзи ҳам яхши билмасди. Аммо бу – ўзи одамлардан эшитган, китоблардан ўқиган севги эканлигини ғира-шира тушуниб етганди. Фронтга кетаётган йигитлар унга хатларини бирор қизга ёки ёш келинчакка бериб қўйишини сўраб бир неча бор илтимос қилишган. У бундай махфий топшириқларни ғурур билан бажарган. Бу ҳақда ҳеч қачон, ҳеч кимга лақиллаб ҳам юрмаган. Бунақа нарсалар ҳақида лақиллаб юриш йигит кишининг иши эмас-ку! Ҳатто узоқ бир қариндоши шундай хат ёзиб беришини илтимос қилган пайт ҳам бўлган. Жамонқул ҳали ёш, саводсиз эди, тоғларда қўйлар кетидан юриб, ёшлигида ўқимаганди. Шунда бирдан армияга чақирилиб қолди. Йигитнинг суюкли қизи билан хайрлашгиси келган, қоғозда бўлса ҳам ўз туйғуларини унга айтмоқчи бўлган. Овулда қиз бола тўйгача йигит билан учрашиши мумкин бўлмагач, нима қилсин. Шунда чаласавод Жамонқулнинг қариндош боладан ёрдам сўрашига тўғри келди. Жамонқул айтиб турди, Султонмурот эса унинг сўзларини қоғозга туширди. Ўшанда бу ўйин ҳам, Жамонқулнинг сўз танлаб ҳаяжонланиши ҳам, хатни ёзиб тугатгунларича томоғига бир нарса туриб қолгандай бўлгани ҳам Султонмуротга кулгили бўлиб туюлган эди. Ўшанда Султонмурот аввалига ўжарлик қилиб ялинтирган, бир йил ўтмай ўзи ҳам бечора Жамонқулни ҳаяжонга солиб қўйган ўша ҳиссиёт ўзининг ҳам бошига тушишини хаёлига келтирмаган ҳолда бечора ошиқдан совғага дастаси архар шохидан қилинган пичоқ олган эди. Жамонқулнинг тоғу тошда ёлғиз юриб тўқиган шеърини ҳозир Султонмурот эслади ва ичида ўзича такрорлади:
Оқсой, Кўксой, Сариқсой – кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади…
Ногаҳон миясига бир фикр келди: у ҳам қизга хат ёзса бўлмайдими! Уялиб, қўрқиб ўтирмай ҳаммасини тўкиб солиш, ўз ҳис-туйғуларини унга етказиш йўли топилгач, унда ҳозироқ ҳаракат қилиш истаги, бошқаларга ҳам унинг ўзига яхши бўлганидай, унинг сингари бошқалар ҳам ўзларини бахтиёр ҳисоблашлари учун аллақандай хайрли ишларни бажариш истаги туғилди. Онасининг тезроқ соғайиб кетиши, отасини ўйлаб ҳадеб хавотирланавермаслиги учун, тезроқ яна фермада ишлаши, уйлари саришта ва иссиқ бўлиши учун, ўғли кимнидир севиб қолганини, унинг кўз ўнгида атроф аллақандай гўзаллашиб бораётганлигини бир оз сезиши учун ҳаммадан олдин онасига ёрдамлашиши керак…
У уйда бўлган уч-тўрт куни мобайнида шунчалик кўп иш қилдики, йил давомида бунчалик иш қилиб бўлмасди. Уй ва хўжаликка доир жамики ишларни тартибга солиб, саранжом-саришталади. Онасидан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўраб турди:
– Яхшимисан! Бирон нарса керакмасми? – Онаси унга жавобан ғамгин кулиб қўярди:
– Энди ўлим ҳам қўрқинчли бўлмай қолди. Ташвиш қилма, бирон нарса керак бўлса ўзим айтаман…
Хатни бўлса у тунда, ҳамма ухлагандан кейин ёзди. Ҳеч ким ва ҳеч нима унга халақит бермаса-да, жуда ҳаяжонланди. Аввал нимадан бошлашни ўйлаб олди. Ундай ёзиб ҳам кўрди, бундай ҳам, барибир бўлмади. Ҳар гал бошқачароқ ва бундан бошқачароқ бошлаши керакдай бўлиб туюлаверарди. Фикрлари худди пала-партиш отилаётган тошдан ҳосил бўлган сув бетидаги пуфакчаларга ўхшаб тарқаб кетарди. Қалбида ардоқлаб юрган туйғуларини изҳор қилгиси келар, аммо буларни қоғозга туширишга келганда гап қовушмай қоларди. Энг олдин унга, Мирзагулга, унинг қанчалар гўзаллигини, овулдагиларнинг ҳаммасидан гўзаллигини ва нафақат овулда, балки бутун оламда тенги йўқ эканлигини айтгиси келарди. Ўзи учун бир синфда у билан ўтириш, унинг гўзаллигини томоша қилиб термилиш ва дунёда шу термилишдан ёқимлироқ ҳеч нарса йўқлигини айтгиси келарди. Бироқ ҳаёт тақозоси билан у ўз десанти туфайли эндиликда мактабга боролмас, қачон уларнинг мактабга қайтиши номаълум бўлиб қолганди. Энди у қизни аҳён-аҳён учратар, шунинг учунми, жуда-жуда изтироб чекар ва қаттиқ соғинар эди. Шундай соғинардики, ҳатто баъзида йиғлагиси келарди. Буни у доим тан олгиси келмасди, эркак киши доим эркакларча иш тутиши керак, бироқ кўз ёшлари ҳақиқатан гоҳо томоғига келиб қоларди. Танаффус пайтлари бекорга ва дабдурустдан, сал-пал шилқимсифатликни эп кўрмай қизнинг олдига боролмаётганлигини ва унинг бекорга ўзини олиб қочиб юрганини хатда тушунтириши керак эди. Унинг туйғуларида ҳеч қандай ёмон ният бўлмаган. Сурбет Онатой ўзининг энг кучли ва довюрак эканлигини, десантчилар ичида энг зўри эканлигини кўрсатиб қўйишни кўзлаганидаги ўша ким ўзарга қувишишни ҳам унга тушунтириб беришни жуда истарди. Аммо ўшанда, қиз ўзи кўргандай, Онатой ҳеч нарса қилолмади. Афсуски, Оқтўриғи шикастланди. Аммо ҳаммасидан унинг айтгиси келган муҳим нарса – қандай қилиб синфдошлари тўдасидан қизни таниб қолгани ва уни узоқ пайтдан бери қаттиқ севишини дарров тушунгани, яна қўлларини ёзиб ва нималар деб қичқириб тепаликдан тушиб келаётганида унинг қандай гўзал кўрингани эди. Қиз унга томон худди мусиқа оҳангидай, шаршарадай, ўт ёлқинидай югурган эди…
Дераза токчасидаги лампаларни икки марта тузатиб қўйишга тўғри келди. Пилиги тугаб борарди. Яхшиям онаси бошқа хонада ётар ва унинг охирги керосинни ёқиб тугатаётганини билмас эди. Хат ҳамон нима деб ёзишни билмагани учун эмас, балки аксинча, ҳаммасини тўкиб солиш истаги борлиги учун ҳам қовушмасди.
Ўтовдаги деразаларни аллақачон қоронғилик қоплаб, аллақачон итлар ҳуришни бас қилганди. Манас қорли тизма тоғлари пойидаги водий аҳолисининг барчаси аллақачон сукунатли февраль туни қўйнида уйқуга чўмганди. Дераза ташқарисида зим-зиё тун. Гўё унга бутун оламда фақат улар – тун ва унинг ўзи Мирзагул ҳақидаги ўйлари билан якка қолгандай туюлди.
Ниҳоят у ёзишга қарор қилди. Ўз хатини «Ошиқлик мактуби» деб номлаб, уни гўзаллик ёғдуси уйдаги лампа ёғдуси ўрнини боса оладиган, овулда яшайдиган соҳибжамол М.га бағишланганини ёзди. Кейин, бозорда минглаб кишилар учрашсалар-да, фақат бир-бировларига қўл узатишни лозим кўрганларигина саломлашишини ёзди. Буларни ҳаммасини у Жамонқулнинг хатидан ёдлаб олганди. Кейин бутун ҳаётини сўнгги нафасигача қизга бағишлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни тўкиб солди. Хат сўнгида Жамонқулнинг шеърини эслади:
Оқсой, Кўксой, Сариқсой – кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади…
ОЛТИНЧИ БОБ
Эртасига, Ажимурот мактабдан келгач, акаси билан далага, ўтин олиб келишга жўнади. Ажимуротга эшаги Қораёлни эгарлашди. Унинг эгарига арқон, ўроқ ва қўлқопларни боғлашди. Итлари Оқтошни ҳам ўзлари билан бирга олишди. Ит жон деб уларга эргашди. Ажимурот, кичиклиги учун эгарга минди, акаси эса эшакни ниқталаб ёнида кетди. Эшак шундай бир жониворки, ниқталамасанг, юрмайди. Йўл эса олис. Султонмурот қуруқ шох-шаббага бой бир жойни биларди. У жой узоқда. Туюқжар дарасида эди. Баҳор ва ёзда дарага ҳар томондан қор сувлари, айниқса, ёмғир сувлари оқиб келарди. Айқириб оқаётган сел оқими, момақалдироқлар гумбурлашидан дара даҳшатга тушар, кузга келиб эса пояси қаттиқ ўтлар чангалзорда одам бўйича ўсиб қоларди. У ерга одам кам борардию, лекин қуруқ қайтмасди.
Атрофдаги ҳамма кўрай териб олинганди. Энди Туюқжарга йўл олиш керак. Султонмурот онасини Оқсойга кетгунича ўтин-чўпни ғамлаб бераман, деб ишонтириб қўйганди.
Аввалига Султонмурот ҳар хил фикрлар оғушида паришонхотир борар ва эзма укасининг саволларига истар-истамас жавоб бериб қўярди. Ўйлайман деса ўй кўп. Қўшчиларнинг Оқсойга жўнаш пайти яқин. Бунга саноқли кунлар қолди. Жўнашдан олдин доимо кўп нарса қилинмагани сезилиб қолади. Айниқса, майда-чуйда ишлар. Оқсойда, керак бўлиб қолганда, михни ҳам топиб бўлмайди ахир. Яхшиям, раис Тиналиев уларникига кириб ўтди. Онасининг соғлиги, десант командирининг ишлари қандай эканлигини кўришга келибди. Ўзи ҳам баъзи нарсаларни – шудгор пайти жой масаласи, ўтовлар ўрнатилиши ва озиқ-овқатни ташиш қандай ташкил қилиниши, ҳаммаси ҳақида гапирди, айниқса, онаси билан гаплашгани яхши бўлди. Кейинги пайтларда касаллик ва отасидан хат келмаётгани туфайли онасининг асаби бузилган эди. Онаси раис билан тортиша-тортиша: «Бу гўдакларни қаёққа жўнатяпсизлар? Чўлда нобуд бўлишади-ку улар. Ўғлимни жўнатмайман, – деди. – Ўзим касалман. Қолган болалар ҳали ёш бўлса. Эримдан хат-хабар йўқ. Уйда эса пичан, ўтин йўқ». Раис эса озроқ пичан берамиз, бошқа илож йўқ, баҳорги шудгор яқин, деди. Ўтин ҳақида эса ҳеч нима ваъда қилмади. Ҳатто оқариб кетиб, ҳалқумидан бир нарса уни қисгандай деди: «Чўлдаги болаларга келсак, бекорга ташвишланяпсиз. Юрагимдан ҳис қилиб турган бўлсам ҳам сўзларингизга эътибор ҳам бермайман. Бу, ахир, фронт топшириғи-ку. Шундай экан, хоҳлайсанми-йўқми, сўзсиз бажариш шарт. Мана, масалан, эрларингиз ҳужум олдидан уйни эслаб у йўқ-бу йўқ, уй иситилмаган, болаларнинг қоринлари оч, атакага бориб нима қиламиз, деб йиғлаб қолишса нима бўларди? Уруш пайти бунақа нарсани ким-кимга йўл қўярди? Бизлар учун эса Оқсой – бу бизнинг ҳужумимиз. Ўша ҳужумга биз охирги кучимиз – мактаб ёшидаги болалар билан боряпмиз. Бошқа одамлар йўқ».
Мана шундай суҳбат бўлди. Султонмурот онасига ҳам, раис Тиналиевга ҳам ачинади. Уни ҳам тушуниш керак, бу ишни турмушнинг яхшилигидан қилаётгани йўқ. У Султонмуротнинг тезроқ ишга чиқишини илтимос қилди. Вақт жуда ғанимат, деди. Онангнинг аҳволи сал енгиллашгач, бир дақиқа ҳам вақтни ўтказмай тезроқ ишга кириш…
Кечаги кундан бошлаб онаси ўзини бир оз яхши ҳис эта бошлаб, уйда у-бу нарсаларга урина бошлади. Энди унинг отларга, болалар ёнига қайтиши мумкин эди. Бироқ ер тагидан бўлса-да, ўтин топиш керак бўлиб қолди. Оилани оловсиз, ўтинсиз қолдириб бўлмайди…
Эрта баҳор куни эди. Илиқ туш пайти. На қиш, на баҳорга ўхшайди. Кучларнинг осуда келишуви. Атроф яйдоқ, топ-тоза ва жим-жит. Ҳар жой-ҳар жойда қори эриб улгурмаган кенг ялангликлар қорайиб турибди. Шаффоф ҳавода қорли тоғлар салобати узоқ-узоқлардан кўзни қамаштиргудай оқариб кўринади. Атрофда бепоён ер ястаниб ётибди. У инсон парваришига муҳтож!
Султонмурот тўхтади. У ердан, ғарбдан, адирлар қўйнидан Улуғ Манас тоғи этагидаги Оқсой дарасини топишга уринди. Бироқ ўша Оқсой деб аталмиш жойда у ҳеч нарсани кўролмади. Фақат кенглик ва ёруғлик… Ана шу томонга бир неча кун йўл юриб боришлари керак. У ёқда қандай бўларкин? Уларни у ёқда нималар кутаётибди? Аъзойибаданини хавотирли бир совуқлик жимирлатиб ўтди.
Лекин кун ажойиб эди. Ажимурот эса қувончдан, озод кундан, акаси ёнидалиги ва вафодор итлари атрофларида югураётгани, бутун бир дунёда эркин эканликлари, уйларига ўтин олиб келишга бораётганларидан хурсанд бўлиб эсини йўқотаёзди. Ўзи бўлса эшак устида. Ингичка товуши билан ҳар хил қўшиқларни, урушдан олдингиларини ҳам айтиб борарди:
Команда бер, маршаллар,
Бизлар жангга кирамиз.
Душман қанча бўлсаям,
Ҳаммасини қирамиз.
Эҳ, тентаквой! Эси паст гўдак…
Аммо Ажимуротнинг ҳеч нарса билан иши йўқ. У борлиқни унутиб куйлашда давом этарди:
Бир, икки, уч,
Бизлардадир куч!..
Султонмуротнинг ҳам кўнгли ёришди. Эшакка миниб олган ботирга қараш кулгили эди. Ўтган йилги ғарам ёнидан ўтишаётганларида беихтиёр жим бўлиб қолишди. Бу овлоқ жойда, тўкилиб-сочилиб ётган похол ғарамлари оғушида баҳор нафаси уфурарди. Атроф жимжит. Бурноғи йили ҳосилни ўриб-янчиб олишлари билан бу ерларда ҳамма нарса жимиб қолган. У ердан ҳўл, чирик сомоннинг, тугаб бўлган ёзнинг ҳиди анқийди. Ариқ ичида теграси йўқ ғилдирак ётарди. Янчилган буғдой пояларидан қилинган чайла ҳамон сақланиб қолган. Хирмончилар тушликда шу чайлада дам олишарди. Офтобрўя жойда, хирмоннинг ўртасида, буғдой чори уйилган жойда қолиб кетган донлардан қалин майсалар кўкара бошлабди.
Оқтош ғарам ичида ниманидир ҳидини олиб у ёқ-бу ёққа югуриб ёввойи каптарларни чўчитарди. Улар оқариб кетган сомонлар осилиб қолган жарликлар остидан парр этиб кўтарилади. Каптарлар бу ерларда қиш бўйи донлаб юришарди. Улар дала тепасида зич ҳолда гир айланишиб шиддатли ва шодон парвоз қилишади. Оқтош уларнинг ортидан югуриб ювош ҳурганича яна чопиб кетар эди. Ажимурот ҳам бақириб-чақириб каптарларни қўрқитдию, тезда уларни унутди. Султонмурот эса қушларни узоқ кузата бошлади. Қуёшда садаф бўлиб товланаётган қанотларига боқиб, уларнинг енгил парвозини завқ билан томоша қилди ва бир маҳал галадан бир жуфт каптар ажралиб чиқиб ёнма-ён учиб бораётганини кўриб қолиб, армияга кетган ёш математика ўқитувчиси ёдига тушди:
Оқ каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун қуш тўпдаги.
Бирга бўлсак оҳ, қани,
Хоҳламасман бошқани…
Бўзачиникидан чиқиб кетишгач, ўқитувчининг хиёл кайфи ошди. У бричкада овулдан чиқиб кетаётиб, ўзининг мовий осмонда учиб бораётган ошиқ кўк кабутар эканлигини, ёрнинг эса ёнма-ён учиб бораётган мода кабутар эканлигини узоқ куйлади… Ўшанда бу қўшиқ Султонмуротга қизиқ, салобатли ўқитувчи эса бирдан шунчалик кулгили бўлиб кўринган эди. Ҳозир эса узоқлашиб бораётган бир жуфт ёввойи кабутарларни кузатиб қоларкан, бадани жунжикиб қотиб қолди. Математика ўқитувчисининг бу қўшиғи шу дамда унга кучли таъсир этди. Болага ўша кўкда учиб юрган кабутар, ўзи ёнма-ён учаётган, ҳув ёнидаги эса Мирзагул бўлиб кўриниб, ҳозироқ қиз ёнида бўлиш истаги уни қамраб олди-да, худди қиш даласи тепасида доира ҳосил қилиб учаётган мана шу кабутарлардай парвоз қилгиси келиб кетди. Унга ёзган мактубини эсларкан, кабутар ҳақидаги, «Оқ кабутар» қўшиғидаги сўзларни ҳам хатга қўшиб ёзишга қарор қилди… Ҳамма гап энди хатни унга қандай етказишда эди. Мирзагул болаларнинг олдида ҳеч қачон ундан хат олмаслигини билади. Ҳатто, танаффус пайтлари ҳам ундан ўзини олиб қочиб юради-ку. Энди бўлса Султонмурот мактабга ҳам бормайди. Қизнинг уйига бориб бўлмаса, ота-онаси қаттиққўл… Борганида ҳам нима дейди, қандай тушунтиради? Нега бир овулда яшаб туриб хат бериш керак экан, дейишмайдими.
Бироқ у қиз ҳақида ўйлагани сари унинг ўйлаётганини қиз билишини шунча кўп истар эди. Буни унинг билиши фавқулодда жуда ҳам муҳим эди.
Йўл бўйи у ҳали қиз ҳақида, ҳали Оқсойга жўнашлари, ҳали фронтдаги отаси ҳақида ўйлаб борди ва қандай қилиб Туюқжар дарасига етиб келганларини сезмай қолди. Бу ерга улардан олдин кимдир келиб, қалин кўрайнинг бир чеккасини ўриб кетибди. Бироқ музлаб қолган сой атрофидаги жарликда ва маймунжийданинг тиканли чакалаги ичидаги кўрайзорлар ҳам етарли эди. Кўрайни қандай ўришни эмас, балки қандай олиб кетиш ғамини ейишга тўғри келди. Кўп ўйланиб ўтирмай ишга киришишди. Эшаклари Қораёлни қор остидан қулоқ чиқарган ўтган йилги майсаларни ўтлашга қўйиб юборишди. Оқтошга қаровнинг кераги йўқ, ўз ҳолича дарада, Худо билади, кимни ва нималарни искаб юрибди. Ака-ука ғайрат қилиб ишлашди. Шох-шаббани ўроқ билан ўришиб, кейин кесилган новдаларнинг ҳаммасини дасталаб боғлаш учун бир жойга тахлашди. Улар жимгина ишлашарди.
Тезда терлаб кетишиб, қўйтери пўстинларини ечиб қўйишди. Кўрай қалин, йўғон ўсган бўлса, ўроқ билан ўриш хўп завқли. Овул атрофида бунақасини топиб бўлмайди. У ёқда нима қилсин? Бу ерда эса даста-даста қилиб ўриб олишнинг ўзи мароқли. Кўрай чаноғида шиқирлаб, қўзоғидаги уруғлари қорга тўкилади. Худди ёздаги, август ойидаги сингари аччиқ чанг ҳиди димоққа уради. Қадни ростламоқ маҳол. Аммо бу ернинг кўрайи жуда зўр, қўри роса кучли бўлади. Онаси, сингиллари қувонадиган бўлишди-да. Уйда печка яхши ёнса, кайфият ҳам яхши бўлади.
Улар анча иш қилиб қўйишган, энди дам оламиз, деб туришганида Оқтош бирдан жон-жаҳди билан ҳуриб қолди. Султонмурот бошини кўтариб ўроқни силкитиб бақириб юборди:
– Ажимурот, қара, тулки!
Дарадан қиш бўйи қотиб қолган ерда итдан қўрқиб кетган тулки олдинда гоҳ тўхтаб, гоҳ ортига қараганча чопиб борарди. Тулки гўё қор устида сирпаниб кетаётгандай бемалол, эркин чопиб борарди. У анчагина катта, қулоқлари диккайган, бели кўкимтир-қизил рангли ва, шунингдек, узун думи ҳам кўкимтирқизил тусда эди. Оқтош уни жон-жаҳди билан таъқиб этар, бироқ ўлжасига қанчалик кўп интилмасин, шунчалик кўп қорга ботиб қоларди.
– Ушла уни! Ушла! – бақирди Ажимурот ва улар ўроқларини силкитиб тулкининг йўлини кесиб чиқишди.
Қаршидан югуриб келаётган одамларни кўрган тулки бирдан ортига қайрилиб, тиканли буталар орқасига ўтиб кетди ва Оқтош унинг эски изидан чопиб ёнидан ўтгач, тулки яна тескари томонга қараб қочди. Албатта, тулки ўз кушандасини бемалол адаштириб қутулиб кетиши мумкин эди, бироқ ҳамма бало шунда эдики, у жар лабига келиб қолган эди, худди қопга тушиб қолгандай, жар ёқасининг бу ери тик, ўтиб бўлмас девордай эди. Ҳеч қаёққа қочиб қутулиш мумкин эмасдай эди. Мана бу тўполончи, тиниб-тинчимас ит бўлмаганида тулки маймунжийда орасига яшириниб оларди, қани, уни қалин тиканзорлар ичидан биров топиб кўрсин-чи. Лекин ит ҳали нодон, жайдари ит бўлишига қарамай чидамли ва қафиятли чиқиб қолди. Унинг ҳуриши бир дақиқа ҳам тўхтамади, тулкини даҳшатга солган ҳам ана шу итнинг ҳуриши бўлди.
Ака-ука эса кутилмаган ҳодисага берилиб, терлаб-пишиб, қизишиб, ўз овозларидан ва таъқиб завқидан қулоқлари битиб энгашганларича унинг орқасидан югуришарди. Тулки ё итнинг қўлига тушиши, ёки жардан чиқиб кетиш учун одамларнинг ёнидан ўтиши керак эди.
Тулки одамлардан қочиш ўрнига, ўгирилиб қараганча, улар томон юзма-юз юра бошлади. Кутилмаган ҳодисадан болалар тўхтаб қолишди. Тулки орқадан изма-из таъқиб қилиб, қияликлардан тез-тез йиқилиб, суриниб, ҳаллослаб келаётган Оқтошнинг ҳолини кўриб жар пастидаги қор уюми томон деярли шошилмай борарди. Бечора Оқтош акиллаб чопаверишдан гангиб қолган эди. Тулки қалин қор бўйлаб гир айлантириб уни роса аҳмоқ қилаётганини ит сезмас эди.
Ҳа, ака-укалар ҳам унчалик сезгир эмасди. Иккови ҳам югуриб келаётган мўъжизани кўриб қотиб қолишди. Чопаётганида тулки шунчалик чиройли эдики, худди оқим бўйлаб сузаётган қайиққа ўхшарди. Тулки уларнинг ўртасидан ўтишга, ҳеч кимнинг ранжимаслиги учун қоқ ўртадан йўл солишга шайланди. Бироқ у шундан кейин сал чапроқдан, Султонмуротдан бир-икки қадам наридан ўтиб кетди. Мана шу қисқа дақиқаларда у тулкини бошдан оёқ, худди тушдаги каби ўз кўзларига ишониб-ишонмай томоша қилди. Шиддат билан бошини тик тутиб, тулки унинг ёнидан ўтиб бораркан, қоп-қора порлаб турган кўзлари билан унга боқди. Султонмурот бу ақлли ҳайвон нигоҳидан ҳайратланишга улгурди. Тулки унинг хаёлида мана шу тахлитда бошини ва худди шунингдек, момиқ думини кўтарганча оқиш қорни, қора илдам панжалари ва ақлли, ҳамма нарсани сезувчи нигоҳи билан қолган эди… У Султонмурот ўзига тегмаслигини билган эди.
Ажимурот ўроғини тулкига отиб қичқирганидагина у ўзига келди:
– Ур уни! Ур!
Султонмурот уни уришга улгурмай тулки кўрай орқасига ўтиб кетди. Ортидан Оқтош қувиб кетди ва улар ҳам жар бўйлаб пастга қараб чопишди.
– Ёпирай! – дея олди Султонмурот. Ака-укалар югуришди-югуришди-да, кейин тўхтаб қолишди.
Тулки изсиз йўқолган эди. Фақат гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Оқтош ҳурарди.
– Эҳ, сени қараю, – деди кейин Ажимурот. – Шундай тулкини қўлдан чиқардинг-а. Ҳатто қўлингни қимирлатмай қаққайиб турибсан-а.
Султонмурот нима дейишини ҳам билмасди. Укаси ҳақ эди.
– Нима қиласан уни? – минғирлаб қўйди у.
– Нима қиласан? – укаси айтмоқчи бўлган гапини тушунтириб ўтирмай қўл силтади.
Кейин улар ўрилган шох-шаббаларни жимгина бир жойга йиға бошлашди. Боғламларни каттароқ қилиш учун яна бироз ўришлари керак эди. Шу пайтдагина Ажимурот хафа бўлиб деди:
– Нима қиласан, нима қиласан, дейсан! Отамга Нурғози тоғамникига ўхшаган тулки тумоқ тикар эдик, сен бўлсанг қаққайиб турибсан!
Султонмурот эсанкираб қолди: мана, демак, укаси тулкини қувганда ниманинг ғамини еган экан. Энди эса отасини Нурғози тоғаники каби момиқ тумоқда тасаввур қилиб кўриб, ҳақиқатан ҳам мана шундай чиройли тулкини тутолмаганига ачинди. Отасига шунақа телпак жуда ярашар эди-да. Султонмуротнинг ўйларини Ажимуротнинг пиқиллаб йиғлаган овози бўлди. Укаси шохшабба боғламлари устига ўтириб олганча астойдил йиғларди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.