Электронная библиотека » Чингиз Айтматов » » онлайн чтение - страница 50


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:29


Автор книги: Чингиз Айтматов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 50 (всего у книги 67 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– У шунақа. Гап тинглашни яхши кўради. Анграйиб қулоқ солишини кўряпсанми?

– Ўша дақиқада у қандай эсимга тушиб қолди, ўзим ҳам билмайман, – давом этди Қулибек. – Болаларга деярли бақириб гапираман, овозимни бўлса шамол олиб қочади. Келинглар, қоровулхонага етиб олайлик. Бўлмаса, нобуд бўламиз дейман. Болалар бўлса қандай етиб борамиз, деб шундоққина юзимга келиб қичқиришади. Пиёда бориб бўлмайди. Машинани ҳам ташлаб кетиш мумкин эмас. Мен бўлсам келинглар, машинани итариб довондан олиб ўтамиз, у ёғи қиялик дейман. Сан-Тошгача етиб борсак бўлгани, у ёғига пиёда бориш ҳам мумкин, ўрмончиларимизнинг уйи яқин қолади дейман. Болалар буни маъқул кўришди. Қани, бошла дейишди. Иш шундай бўлгач… Биринчи машинадан бошладик: «Усмонали, кабинага чиқ!» Бошқа ҳаммамиз машина ортидан елка тираб итара бошладик. Дастлаб иш юришгандек бўлди. Кейин дармонсизланиб қолдик. Орқага чекиниш ҳам мумкин эмас. Биз машинани эмас, бутун тоғни юқорига кўтараётгандек сезардик ўзимизни. Ортилган юк ҳам қанақа денг – пичан ғарами! Фақат кучимнинг борича: «Қани! Қани!» деб бақирганимни биламан, лекин овозимни ўзим ҳам эшитмайман. Шамол, қор – ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Машина худди жони бордек инграб нола қилади. Машина ҳам, ўзимиз ҳам сўнгги кучни сарфладик. Гўё юрак ёрилиб парча-парча бўлиб учиб кетадиганга ўхшайди. Бош айланади.

– Бай, бай, бай, – ачинди Мўмин бобо. – Роса қийналибсиз-да. Шохдор она буғу ўз фарзандларини паноҳида асрабди. Фалокатдан қутқарибди. Бўлмаса, ким билсин… Эшитяпсанми? – Ташқарида ҳамон бўрон қутуради, бўралаб қор ёғяпти. Болани уйқу боса бошлади. У ухламасликка ҳаракат қилса ҳам, барибир кўзлари юмилиб кетаверди. Уйқу аралаш ора-сира чол билан Қулибекнинг суҳбатини тинглар экан, бола содир бўлган воқеа билан тасаввуридаги манзарани аралаштириб юборди. Гўё ўзини ҳам тоғдаги бўронга келган бу ёш йигитларнинг орасида ҳис қилди.

Унинг кўз олдида оппоқ қор билан қопланган тоғ томон юқорилаб кетган йўл гавдаланарди. Қор бўрони юзни ачиштиради, кўзга қадалади. Улар том бўйи пичан ортилган улкан автомашинани юқорига қараб итаришарди. Улар довон томон аранг кўтарилишади. Машина энди бутунлай жилмай қолди, тисарила бошлади, шундай қўрқинчли, шундай қоронғи. Шамол этни жунжитади. Бола қўрққанидан ғужанак бўлиб олди, у машинанинг орқага сурилиб, янчиб кетишидан чўчирди. Бироқ шу пайт қаёқдандир Шохдор она буғу пайдо бўлди. У шохини машинага тираб, уни юқорига олиб чиқишга ёрдам қилди. «Қани, қани, қани!» – деб қичқира бошлади бола. Машина секин-аста силжий бошлади. Улар довонга чиқиб олишди сўнг пастга қараб машинанинг ўзи юриб кета бошлади. Улар шу зайлда иккинчи машинани, кейин учинчисини, хуллас, кўпгина машиналарни юқорига итариб чиқишди. Ҳар гал ҳам уларга Шохдор она буғу ёрдам қилди. Уни ҳеч ким кўрмасди. Ҳеч ким у билан ёнма-ён турганини билмасди. Бола эса кўриб, билиб турарди. У ҳар гал иложсиз қолган пайтда, куч етмасдан қўрқинчли бўлиб қолган чоғда Шохдор она буғу чопиб келиб шохи билан машинани юқорига суриб чиқаришга ёрдам берганини кўрди. «Қани, қани, қани!» – мадад берарди бола. Ҳар гал ҳам у Қулибекнинг ёнида турди. Кейин Қулибек унга: «Рулга ўтир», – деди. Бола кабинага чиқди. Машина силкиниб гувилларди. Рул бўлса унинг қўлида енгилгина, ўз-ўзидан худди у ёшлигида машина қилиб ўйнаган бочка ҳалқачаси сингари айланарди. Бола хижолатдан азият чекарди, рул унга ўйинчоқдек бўлиб туюлганди. Бир маҳал машина ёнбошга қараб оға бошлади. У гумбирлаб йиқилди ва парчаланиб кетди. Бола қаттиқ йиғлаб юборди. Жуда мулзам бўлди. Қулибекнинг кўзига қарашга уяларди.

– Нима бўлди, а, сенга нима бўлди? – Қулибек уни уйғотди.

Бола кўзини очди. Кўрганларининг ҳаммаси тушида эканлигини англаб қувониб кетди. Қулибек бўлса уни қўлида кўтариб, бағрига босди.

– Туш кўрдингми? Қўрқдингми! Сени қара-ю, яна қаҳрамон эмиш! – у боланинг шамолда қотиб ёрилиб кетган лабларидан ўпди. – Кел, мен сени ўрнингга ётқизиб қўяй, ухлаш керак.

У болани кигиз солинган полга, ухлаб ётишган шофёрлар ўртасига ётқизди ва ўзи ҳам унинг ёнига ётди. Қулибек болани ўзига яқинроқ тортиб, пўстинининг бари билан ўраб қўйди.

Эрталаб болани бобо уйғотди.

– Тура қол, – секингина гапирди чол. – Иссиқроқ кийингин. Менга ёрдамлашасан. Тура қол.

Дераза ортида ҳали тонг пардаси кўтарилганича йўқ. Уйдагилар ҳали ағанашиб, ухлаб ётишарди.

– Ма, кигиз этикни кийиб ол, – деди Мўмин бобо. Бободан янги хашак ҳиди келиб турарди. Демак, у отларга хашак солиб келган. Бола кигиз этикни кийди ва улар ташқари чиқишди. Қор бинойигина ёққан эди. Шамол ҳам тинчиганди. Фақат аҳён-аҳёнда аччиқ ел эсиб турарди.

– Совуқ! – сесканиб тушарди бола.

– Ҳечқиси йўқ. Ҳаво очилаётганга ўхшайди, – минғирлади чол. – Буни қара-я! Биринчисидаёқ шунчалик қаҳрига олмаса. Ҳа, майли, фалокат юз бермади…

Улар қўйхонага киришди. У ерда Мўмин бобонинг бешта қўйи бор эди. Чол қоронғида устунни пайпаслаб топиб чироқни илди ва ёқди. Қўйлар бурилиб қаради-да, бир бурчакка бориб қисилди.

– Буни ушла, мени ёритиб турасан, – деди чол болага чироқни тутқазаркан. – Қора тўқлини сўямиз. Уй тўла меҳмон. Улар тургунча гўшт тайёр бўлиши керак.

Бола бобосига чироқни тутиб турди. Шамол ҳали ҳам тирқишлардан ҳуштак чалар, ҳаво совуқ, тунд эди. Чол аввало эшик олдига бир қучоқ тоза пичан олиб келиб ташлади. Бу жойга қора тўқлини етаклаб келди ва уни йиқитиб, оёқларини боғлашдан олдин чўққайиб ўтирганча хаёл суриб қолди.

– Чироқни қўй. Сен ҳам ўтир, – деди болага у. Ўзи бўлса кафтларини очиб шивирлай бошлади: – О, авлоднинг катта онаси, Шохдор она буғу, қора қўйни сен учун қурбонликка, сенга сўяётирман. Хатарли дамларда болаларимизнинг омон бўлиши, авлодимизни оқ сут бериб боққанинг, сахий қалбинг, оналик меҳринг учун бу. Бизни довонларда, тошқин дарёларда, тойғоқ сўқмоқларда ёлғиз қўйма. Бизни ўз еримизда ҳеч вақт ташлаб кетма, биз сенинг фарзандларингмиз. Омин!

У фотиҳа ўқиб, қўлини юзига тортди. Бола ҳам худди шундай қилди. Сўнг бобо тўқлини ерга ағдариб, унинг оёқларини боғлади ва ўзининг қадимги осиёча пичоғини қинидан чиқарди. Бола эса уни чироқ билан ёритиб турарди.

Ниҳоят ҳаво тинчиди. Қуёш чок-чокидан ситилиб сузиб бораётган булутлар орасидан бир-икки марта чўчигандек нигоҳ ташлади. Теварак-атрофда бўронли тундан қолган қинғир-қийшиқ қор уюмлари, янчилган буталар, қор босиб ёй шаклига келган ёш дарахтчалар, қулаб ётган эски дарахтлар. Дарё ортидаги ўрмон сукут сақлаб, жимгина, маъюсланиб турарди.

Дарёнинг ўзи ҳам пасайиб кетгандай соҳиллари қор билан кўпчиб, унчалик шовқин солмай ғамгин оқарди.

Қуёш ҳам беқарор бўлиб қолган эди – гоҳ кўринади, гоҳ яширинади. Бироқ ҳеч нима болани қайғуга солиб ташвишлантирмасди. Ўтган тундаги ташвишлар унутилган эди. Бўрон ҳам эсдан чиқарилган эди, қор бўлса унга халал бермас, ҳатто завқли эди. У ёқдан бу ёққа югуриб юрди, оёқ остидан қор парчалари отилиб чиқарди. Бола шунинг учун ҳам хурсанд эдики, уйи тўла одам эди. Шунинг учун ҳам қувноқ эдики, йигитлар уйқудан туриб, баланд овоз билан гапиришар, ҳазиллашиб кулишарди. У яна шундан хурсанд эдики, ўзлари учун пиширилган қўй гўштини иштаҳа билан ейишарди.

Бу орада қуёш ҳам олисларга мусаффо нур тарата бошлаганди. Булутлар аста-секин тарқалиб, ҳаво ҳам илий бошлади. Бемаҳал ёққан қор, айниқса, йўл ва сўқмоқлардагиси тезда эриб кета бошлади.

Тўғри, шофёрлар ва юк ташувчилар кетиш учун ҳозирлик кўраётганларида бола бир оз ҳаяжонланди. Ҳаммалари ҳовлига чиқишди, мезбонлар билан хайрлашарканлар, уй-жой ва нон-туз учун миннатдорчилик билдиришди. Уларни Мўмин бобо билан Сейдаҳмад отда кузатиб қўйишди. Музлаб қолган моторларни иситиш учун чол отга бир боғлам ўтин, Сейдаҳмад эса катта бакда сув ортиб олганди.

Ҳаммалари ҳовлидан чиқа бошлашди.

– Ота, мен ҳам бораман, мени ҳам олиб кетинг, – дея бола бобоси ёнига чопқиллаб борди.

– Кўряпсан-ку, мен ўтин ортиб олганман, Сейдаҳмад бўлса бак ортиб олган. Қайси биримиз оламиз сени. Нима бор сенга у ерда? Қорда юриб чарчайсан.

Бола хафа бўлди. Қовоғи осилди. Шунда Қулибек унга:

– Юр, биз билан, – деди ва болани қўлидан ушлаб, олди, – қайтишда бобонг билан бирга келасан.

Улар Арчадарадан қиялаб ўтишадиган йўл томон кетдилар. Ҳали хийлагина қор бор эди. Бу бақувват йигитлар билан биргама-бирга қадам ташлаб бориш осон эмасди. Бола толиқа бошлади.

– Қани, елкамга ўтир-чи, – таклиф қилди Қулибек.

У болани қўлида азот кўтариб, эпчиллик билан елкасига миндириб олди ва уни худди ҳар куни кўтариб одатлангандек юриб кетди.

– Жуда эвини келтирибсан-ку, Қулибек, – деди у билан ёнма-ён бораётган шофёр.

– Умрим ука ва сингилларимни кўтариб ўтган, – мақтаниб қўйди Қулибек. – Тўнғичи эдим-да. Биз оилада олти киши бўлиб, онам ҳам, отам ҳам далада бўлишарди. Энди бўлса синглим болали бўлди. Армиядан қайтдим, уйланмаган эдим, ишга ҳам ҳали жойлашганимча йўқ эди. Синглим бизникига кел, сен болага яхши қарайсан, дейди. Қўйсанг-чи, дейман, бўлди, энди ўзимникини кўтариб юраман…

Улар шу зайлда турли-туман нарсалар тўғрисида гапиришиб боришди. Бола Қулибекнинг бақувват елкасида роҳат қилиб хотиржамгина борарди.

«Менинг ҳам шундай акам бўлсайди, – орзу қиларди бола, – ҳеч кимдан қўрқмасдим. Ўразқул Қулибекнинг олдида бобомга бақириб ёки қўл теккизиб кўрсин-чи. У Ўразқулни дарҳол тинчитиб қўйган бўларди».

Пичан ортилган машиналар йўл айрилишидан икки километр юқорида турарди. Қор билан қопланган бу машиналар даладаги қишки ғарамларга ўхшаб кўринарди. Афтидан, уларни ҳеч ким, ҳеч қаерга қўзғата олмайдигандек.

Мана, гулханни ҳам ёқишди. Сувни иситишди. Моторни ўт олдирувчи ручка билан айлантира бошладилар, моторга жон кирди, аксириб ишлаб кетди. Шундан кейин иш тезлашиб кетди. Навбатдаги ҳар бир машина шатакка олиб юрғизилди. Ўт олиб қиздирилган машина колонна ортидан бориб тизила бошлади.

Ҳамма юк машиналари юргизилгач, қўшалоқ шатакка олинганча кечаси хандаққа тушиб кетган машинани тортиб чиқаришди. Бор одамларнинг ҳаммаси уни йўлга чиқариб олиш учун кўмаклашди. Бола ҳам ёрдамлашди. У кимнидир: «Сен нега оёқ остида ивирсиб юрибсан, қани қочиб қол-чи, бу ердан», дейишини кутиб, хавфсираб турди. Лекин ҳеч ким бундай демади, уни ҳеч ким қувламади. Балки Қулибек унга ёрдам беришга рухсат этгани учун шундай бўлгандир. У бу ерда ҳаммадан кучлиси, уни ҳамма ҳурмат қилади.

Шофёрлар яна бир бор хайрлашишди. Машиналар қўзғалди. Дастлаб аста-секинлик билан, кейин тезлашиб кетди. Қорга бурканган тоғлар орасидаги йўлдан улар карвон бўлиб, тизилишиб борарди. Шохдор она буғу фарзандларининг фарзандлари кетишди. Улар олдиларида, йўлда кўринмасдан Шохдор она буғу чопиб бораётганини билишмасди. Боланинг тасаввурида худди шундай эди. У шиддат билан узун-узун сакраб, колоннани олға бошлаб борарди. Уларни оғир йўлдан фалокат ва бахтсизликлардан қўриқларди. Ҳар қандай қулашлардан, ҳар қандай кўчмалардан, бўрону туманлардан ва қирғиз халқи ўзининг кўчманчилик ҳаётида узоқ асрлар мобайнида бошидан кечириб келган ҳар қандай бошқа фалокатлардан қўриқларди. Мўмин бобо эрта тонгда қора тўқлини олиб келиб унга қурбон қилганида Шохдор она буғудан шуларни сўрамаганмиди, ахир?

Кетишди. Бола ҳам хаёлан улар билан бирга кетди. У кабинада Қулибек билан ёнма-ён ўтириб борарди. «Қулибек ака, – деди бола, – олдинда Шохдор она буғу югуриб боряпти». – «Йўғе?» «Ростим. Ана у!»

– Нимани ўйлаб қолдинг, нега серрайиб турибсан? – Мўмин бобо уни ўзига келишга мажбур этди. – Мингаш, уйга кетиш керак. – У отдан энгашиб, болага чўзилди ва уни эгарга кўтариб олди. – Совқотдингми? – деди чол ва пўстини билан набирасини яхшироқ ўраб қўйди.

Бола ўша кезларда мактабга қатнамасди.

Энди эса оғир уйқудан аста-секин уйғониб, ташвиш тортиб ўйларди: «Эртага мактабга қандай бораман? Ахир менинг тобим қочди-ку, мазам йўқ…» Кейин у унутди. Гўё унга муаллима доскага ёзган: «От. Ота. Тақа» сўзларини ўз дафтарига кўчириб ёзгандай туюлди. «От. Ота. Тақа. От. Ота. Тақа». Биринчи синф ўқувчиси шу сўзларни ёзиб бутун бир дафтарни тўлдирди. У ниҳоят чарчади, кўзлари жимирлашиб, жуда ҳам исиб кетди. Устини очиб ташлади ва усти очиқ ҳолда ётиб совқотди, яна кўз ўнгида турли нарсалар намоён бўлди. Гоҳ у балиқ бўлиб муздек сувда сузарди. Оқ кема сари борарди. Лекин унга ҳеч етолмасди. Гоҳо қор бўронига дуч келарди. Тоғ йўлининг тикка тепалигига келиб пичан ортган автомашиналар изғиринли қор қуюнида таққа тўхтаб қоларди. Машиналар худди одам инграгани сингари инграшарди. Лекин улар жойидан қўзғалишмасди. Парраклар ҳаддан ташқари тезлик билан айланаверганидан лахча чўғдек бўлиб кетган эди. Шохдор она буғу шохларини кузовга тираб, пичан ортилган машиналарни юқорига ғилдиратиб чиқарарди. Бола бутун куч-қуввати билан унга ёрдамлашарди. Иссиқ терга ботиб кетди. Бир пайт беда ғарами болалар бешигига айланиб қолди. Шохдор она буғу болага: «Тезроқ югурайлик, бешикни Бекей хола билан Ўразқул амакига элтиб берайлик», – дерди. Улар югура бошладилар. Бола орқада қолиб кетди. Бироқ олдинда – қоронғиликда бешик қўнғироқчаси тинимсиз жарангларди. Бола унинг оҳанрабо жаранги сари чопиб борарди.

У айвонда оёқ шарпаси эшитилиб, эшик очилганда уйғонди. Мўмин бобо ва кампир бир оз тинчлангандек бўлиб қайтиб киришди. Чет кишиларнинг қоровулхонага келиши, афтидан, Ўразқул билан Бекей холанинг тинчланишига мажбур этди. Балки Ўразқул маст-аластликдан чарчаб охири ухлаб қолгандир. Ҳовлида шовқин-сурон, сўкиш овозлари эшитилмасди.

Ярим тунга бориб тоғ тепасида ой кўринди. У энг баланд музли чўққилар тепасида хирагина гардиш ясаб муаллақ турарди. Абадий музликлар билан қопланган тоғ тун қоронғисида нотекис қирралари билан ғамгин юксалиб турарди. Атрофида эса пастки тоғ тизмалари, қоялар, қоп-қора ва жимжит ўрмонзор осойишталик сақлаб турарди. Энг қуйида эса тошдан-тошга урилиб, шовуллаганча дарё оқарди.

Деразадан ойнинг нурсиз шуъласи қия тушиб турарди. У болага халал бераётганди. Бола ағдарилиб, кўзини қисиб олди. Бувисидан пардани тушириб қўйишни сўрамоқчи бўлди. Лекин айтгиси келмади: бувисининг бобосидан жаҳли чиқиб турган эди.

– Аҳмоқ, – пичирлади у тўшакка кираркан. – Одамлар билан яшашни билмаганингдан сўнг жим турсанг бўлмайдими. Бошқаларни тингласанг бўларди. Сен унинг қўлидасан-ку. Майда пул бўлса ҳамки, маош ўшандан оқиб келиб турибди-ку! Яна ҳар бир ойда. Моянасиз – сен кимсан? Қариб қуйилмаган чол…

Чол жавоб бермади. Буви жим бўлиб қолди. Кейин кутилмаганда баланд овозда деди:

– Агар кишини ойликдан маҳрум қилишса, у одам эмас, ҳеч ким эмас.

Чол яна ҳеч нима демади.

Бола эса ухлай олмасди. Боши оғрир, ўйлари чалкашиб кетганди. Мактаб ҳақида ўйлаб ташвишланарди. У ҳали бирон кун ҳам ўқишни қолдирмаган эди, энди эртага мактабига – Жилисойга боролмаса қандай бўлишини тасаввур қила олмасди. Бола, борди-ю, Ўразқул ишдан бобосини ҳайдаб юборса, у ҳолда бувиси тинчлик бермаслиги ҳақида ўйларди. Унда уларнинг аҳволи нима кечади?

Одамлар нега шундай яшашади? Нега бировлар қаҳр-ғазабли, бировлар мўмин-мулойим! Нега бахтли ва бахтсизлар бор? Нега шундайлар борки, улардан ҳамма чўчийди, яна шундайлар борки, улардан ҳеч ким ҳайиқмайди. Нега бировларнинг бола-чақаси бор, бировларда йўқ? Нега айрим кишилар бошқаларга маош бермасликка ҳадди сиғади? Эҳтимол, энг катта мояна олувчилар энг яхши кишилардир. Мана, бобоси оз олади, шунинг учун уни ҳамма ранжитади. Э, бобога ҳам кўпроқ мояна беришлари учун нима қилиш керак экан-а? Балки ўшанда Ўразқул чолни ҳурмат қила бошлармиди.

Бу ўй-хаёллардан боланинг боши баттар сирқираб оғриди. У яна кечга яқин дарё соҳилида кўрган буғуларни эслади. Тунда уларнинг ҳоли не кечдийкин? Улар нуқул совуқда, тоғ-тошларда, қоп-қоронғи ўрмонларда яшайди. Бу ниҳоятда қўрқинчли-ку. Бўрилар ҳужум қилиб қолса нима бўлади? Бекей холага сеҳрли бешикни шохида ким олиб келади кейин?

У ташвиш аралаш уйқуга кетди ва ухлаётиб Шохдор она буғудан Ўразқул ва Бекей холага қайиндан ясалган бешик олиб келишни ёлвориб сўради: «Улар ҳам фарзанд кўришсин, улар ҳам фарзанд кўришсин», деб илтижо қилди. У узоқдан бешик қўнғироқчасининг овозини эшитди. Шохдор она буғу шохида сеҳрли бешикни кўтариб олганча шошиб келарди…

ЕТТИНЧИ БОБ

Саҳарда бола қўл шарпасидан уйғонди. Бобосининг қўллари совуқ, даладан келганди. Бола беихтиёр жунжикди.

– Ёт, ётавер. – Бобо куфлаб қўлларини иситди, унинг пешанасини силади, кейин кафтини унинг кўкрагига, қорнига қўйди. – Тобинг қочган шекилли, – ачинди бобо. – Иссиғинг бор. Мен шунчаки ётибсан деб ўйлабман. Мактаб вақти ҳам бўлди.

– Мен ҳозир, ҳозир тураман, – бола бошини кўтарди, шу пайт ҳамма нарса кўз ўнгида гир айланиб кетди ва қулоқлари ғувуллади.

– Туришни хаёлингга ҳам келтирма. – Бобо болани ётқизди. – Сен касални мактабга ким олиб боради? Қани, тилингни кўрсат-чи.

Бола ўзиникини маъқуллашга уриниб кўрди:

– Муаллима уришади. Дарсни қолдирганни жуда ёмон кўради у…

– Уришмайди. Мен ўзим айтаман. Қани бўл, тилингни кўрсат.

Бобо диққат билан боланинг тили ва томоғини кўрди. Томир уришини узоқ кузатди: бобосининг қора меҳнатда қотиб кетган қаттиқ қўллари боланинг иссиқ, терга ботган қўлларидан томир уришини аранг тутиб олди. Чол нимагадир ишонч ҳосил қилди-да, тинчлантирган оҳангда деди:

– Худо меҳрибон. Озгина шамоллабсан, холос. Совуқ ўтган. Бугун тўшакда ётиб тур, уйқунгдан олдин мен сенинг товонинг билан кўкрагингга иссиқ думба ёғи суртиб қўяман. Терлайсан, Худо хоҳласа эрталабгача отдек бўлиб кетасан.

Кечаги воқеаларни ва яна ўзини нималар кутаётганини эслаб, чолни ғам босди, набирасининг тўшагида ўтириб хўрсинди ва ўйлаб қолди.

– Худо подшо, – шивирлади хўрсиниб туриб. – Қачон тегди сенга бу касал? Нега айтмай юрдинг? Кечқурун чоғи?

– Кечга яқин. Дарёнинг соҳилида буғу кўрганимда. Мен сиз томонга чопдим. Шундан кейин совқотиб кетдим.

Чол нима учундир айбдор оҳангда деди:

– Ҳа, майли… Сен ёт, мен эса борай. – У ўрнидан турди, лекин бола уни тўхтатиб:

– Бобо, ўша Шохдор она буғунинг ўзи-а? Худди сутдай оппоқ, кўзлари мана бундай, худди одамга ўхшаб қарайди…

– Тентаккина, – жилмайди Мўмин чол. – Ҳа, сен айтгандек бўла қолсин. Балки у ўша кароматли она буғудир, – деди у паст овоз билан, – ким билсин? Мен ўйлайманки…

Чол гапини тугата олмади. Эшик олдида кампир пайдо бўлди. У ҳовлидан шошилиб кирди, ниманидир пайқаган эди.

– Ҳув анув ёққа бор, чол, – остонадан туриб гапирди кампир. Мўмин бобо шу заҳоти бирдан қалби чўкиб, бирон ери лат егандек, ачинарли бир ҳолга тушиб қолди.

– У ёқда одамлар ёғочни дарёдан машина билан чиқармоқчи бўлишяпти, – деди кампир. – Сен албатта бор, нима буюришса қил… Воҳ, эсим қурсин, сут ҳали пиширилгани йўқ-ку, – кампир хатосини пайқади-да, плитага ўт ёқиб, идиш-товоқни тарақлатишга тутинди.

Чолнинг қовоғи осилди. Унга қандайдир эътироз билдиргиси, ниманидир айтгиси келарди. Лекин кампир оғиз очиргани қўймади.

– Нимага энди туриб қолдинг? – ғазабга минди кампир. – Нимага ўжарлик қиляпсан? Сен билан менга ким қўйибди ўжарликни, бошимга битган бало бўлдинг-ку. Уларга қарши туришга қандай ҳолинг бор? Ана Ўразқулнинг олдига қанақа одамлар келишди. Машиналариям антиқа. Ортсанглар бўлди, ўнта ёғочни тоғма-тоғ олиб кета олади. Ўразқул эса бизга қиё боқмай қўйди. Мен уни кўндириш учун қанчалик ҳаракат қилмадим, қанчалик ўзимни ерга урмадим. Қизингни остонага йўлатмади. Пуштсиз қизинг Сейдаҳмадникида ўтирибди. Кўзлари шишиб кетган. У ҳам сени мияси ачиган чол деб қарғаяпти…

– Етар энди, – чол чидай олмади ва эшикка йўл оларкан, деди: – Қайноқ сут бер, болагина касал бўлиб қолибди.

– Бераман, қайноқ сут бераман, бор, бора қол, Худо хайрингни берсин. – У чолни кузатгандан кейин ҳам ҳамон жаврарди: – Нимага бундай қилиқ чиқариб қолди? Ҳеч қачон, ҳеч кимга гап қайтармасди, мўмин-қобил, хокисор эди, мана энди бўлса… Тағин Ўразқулнинг отига минибди-я, яна чопганига куяйми. Бунинг ҳаммаси сенинг касрингга, – у бола томонга ўқрайиб қаради. – Ким учун балога гирифтор бўляпти ўзи…

Кейин болага у жизғирилган ёғ билан қайноқ сут олиб келди. Сут боланинг лабини куйдирди. Кампир эса уни зўрлар, мажбур қиларди:

– Ич, иссиқроқ ич, қўрқма. Шамоллашни фақат иссиқ билан ҳайдайсан.

Бола куйиб борар, кўзларига ёш қалқиб чиққанди. Кампир ҳам бирдан шафқатлироқ бўлиб қолди:

– Хўп, совут, озроқ совутгин… Менга энди шу етмай турган эди, касалингни шундай пайтга тўғри келганини қара! – хўрсинди у.

Боланинг қачондан бери сийгиси қистарди. У ўрнидан туриб бутун баданида аллақандай ғайритабиий, ширин ҳорғинлик сезди. Бироқ кампир буни пайқаган эди:

– Нима, ёзилмоқчимисан?

– Ҳа, – тан олди бола.

– Тўхтаб тур, ҳозир. Кампир уйга тоғора олиб келди.

Бола ўнғайсизланиб тескари ўгирилиб жомга чоптирди, сийдигининг бундай сариқ ва қайноқлигига ажабланарди.

Энди у ўзини анча яхши ҳис қилди. Бошининг оғриғи ҳам камайди. Бола тўшакда тинчгина ётар, бувисининг хизматидан миннатдор бўлиб туриб, хаёлдан ўтказди: эртага эрталаб соғайиб, албатта мактабга бориши керак. У яна мактабида яқинда ўзларининг ўрмонида пайдо бўлган уч буғу ҳақида қандай қилиб ҳикоя қилиб беришигача ўйлаб қўйди, яъни буғуларнинг оқ урғочиси – бу ўша Шохдор она буғу, унинг каттагина ва бақувват боласи ҳам бор, улар билан улкан шохли баҳайбат қўнғир буғу ҳам бирга, у жуда кучли бўлиб, Шохдор она буғу ва унинг болаларини бўрилардан қўриқлайди. У яна шулар билан бирга, агар буғулар шу ерда қолиб, ҳеч қаёққа кетиб қолмаса, унда Шохдор она буғу тезда Ўразқул амаки билан Бекей холага сеҳрли бешик келтириб беришини ҳам ҳикоя қилишни кўнглига тугиб қўйган эди.

* * *

Буғулар эса эрталаб сув ичгани тушди. Қисқа куз қуёши тоғ тизмаларининг ярмига кўтарилганда улар юқоридаги ўрмондан чиқиб келди. Қуёш кўтарилган сари, пастда тоғлар ораси шунча ёруғ ва илиқ бўлиб борарди. Тунги ғавғодан сўнг ўрмон жонланган, нур ва бўёқлар жилва қилар эди.

Буғулар дарахтлар орасидан ўтиб, офтобрўй ялангликларда исиниб, шабнамли баргларни бутоғи билан чимдиб шошмай келарди. Улар ўша тартибда – олдинда эркак буғу, ўртада буғуча ва охирида – икки биқини дўппайган Шохдор она буғу. Буғулар кеча Ўразқул Мўмин бобо билан лаънати қарағай ёғочни дарёга олиб тушган ўша сўқмоқдан келишарди. Судраш натижасида чимзор юзасида қолдирган бир текисдаги тарам-тарам излар тоғли қора тупроқда ҳали ҳам бояги-боягидек турарди. Бу сўқмоқ кечувга, ёғоч ташлаб кетилган жойга олиб борарди.

Буғулар бу ер сув ичишга ўнғай бўлгани учун шу жойга йўл солди. Ўразқул, Сейдаҳмад ва ёғочга келган икки киши трос билан дарёдан ёғочни судраб чиқиш учун машинани қулайроқ жойга ҳайдаб келишни кўздан кечириш учун шу томонга келишарди. Мўмин бобо бошини қуйи солиб, имирсилаб орқароқда келарди. У кечаги жанжалдан сўнг нима бўлишини, ўзини қандай тутишини, нима қилишини билмасди. Ўразқул уни ишга қўядими? Кечагидек ҳайдаб солмаcмикин? Агар: «Сенга нима бор бу ерда? Айтдим-ку, сен ишдан бўшатилгансан!» деса-чи. Одамлар олдида сўкиб, уйга жўнатиб юборсачи? Шубҳалар чолни изтиробга солар, у азобда, аранг жон ҳовучлаб борарди. Орқадан кампир кузатиб келарди. У гўё шунчаки қизиқсинаётгандек эди. Бироқ аслида у чолга соқчилик қилиб борарди. Мўмин чаққонни Ўразқул билан яраштиришга, Ўразқулнинг кечиришига муяссар бўлиши керак эди.

Ўразқул хўжайинчасига гердайиб одимларди. Ҳансираб, пишиллаб атрофга ўқрайиб назар ташларди. Кўп ичганидан боши зирқираб оғриб турса ҳам, у ўзида қасоскорона қониқиш сезарди. У қайрилиб қараганида Мўмин бобонинг ғизиллаб келаётганини кўрди, худди эгасидан калтак еган садоқатли итнинг ўзгинаси. «Ҳечқиси йўқ, ҳали менинг совунимга кир ювмабсан. Энди сенга қиё ҳам боқмайман. Сен мен учун йўқсан. Сен ҳали ўзинг оёғимга бош уриб келасан, – ичи қоралик билан қувонди Ўразқул ўтган кеча хотинини тепиб остонадан ҳайдаб чиқарганида хотини оёғи остида қандай даҳшатли овоз билан чинқирганини эсларкан. – Майли. Мана буларни ёғоч билан жўнатай, мен ҳали уларнинг кунини кўрсатаман, майли, менга деса бир-бири билан ғажишиб ўлишсин. Энди қизи отасининг кўзини ўяди. Ваҳшийлашиб кетган нақ бўри-я», – Ўразқул келган киши билан оралиқ масофада гаплаша бора туриб, йўл-йўлакай шуларни хаёлдан ўтказди.

Бу одамни Кўкатой деб аташарди. У қоп-қора, бақувват киши бўлиб, кўл бўйидан эди, колхозда ҳисобчилик қиларди. Ўразқулнинг эски қадрдони эди. Бундан ўн икки йил аввал Кўкатой ўзига уй қурганди. Ўразқул ёғочдан ёрдам қилди. Тахта тилдириши учун йўғон ёғочларни арзонга сотди. Кейин бу одам катта ўғлини уйлантирди, ёшларга ҳам уй қурди. Яна Ўразқул уни ёғоч билан таъминлади. Энди Кўкатой кичик ўғлини айирганди ва яна қурилиш учун ёғочга муҳтож бўлиб қолди. Яна эски ошна – Ўразқул кунига яради. Ҳаёт қанчалик оғир-а. Бирини қиласан – шу билан, ҳа, энди тинч яшайман деб ўйлайсан. Ҳаёт эса яна ниманидир ўйлаб чиқаради. Шунинг учун ҳам Ўразқулга ўхшаган одамларсиз қўлинг ҳеч қаёққа етмайди.

– Худо хоҳласа, тезда уй тўйига таклиф қиламиз. Боринг, хурсандчилик қиламиз, – деди Кўкатой Ўразқулга.

У ўз-ўзидан мағрурланиб, пишиллаганча, папиросни бурқситарди.

– Раҳмат. Айтилган жойдан қолмаймиз, айтмаган жойга бормаймиз. Чақирсанг, бораман-да. Сеникида биринчи меҳмон бўлишим эмас. Мен ҳозир сен кеч бўлишини кутсанг қалай бўларкин, деб ўйлаяпман, қоронғида жўнасанг дейман-да! Энг муҳими, совхоз ичидан билинтирмай ўтиб кетиш. Агар сезиб қолишса, иш чатоқ…

– Бу-ку тўғри-я, – иккиланди Кўкатой. – Бироқ кечгача анча кутиш керакда. Секин кетаверамиз. Йўл ёқасида постлар йўқ-ку, бизни текшириб кўрса?.. Фавқулодда, милицияга дуч келиб қолинса ёки яна бошқа бирортасига…

– Ҳа-ҳа, буниси ҳам бор, – тўнғиллади Ўразқул, жиғилдон қайнашидан ва бош оғриғидан афтини бужмайтириб. – Юз йил иш билан қатнайсан, йўлда битта ҳам итга дуч келмайсан, агар юз йилда бир марта ёғоч ортиб ўтсанг бас, қўлга тушасан. Ҳамиша шундай бўлади…

Ҳар ким ўзича ўйлаб, жим қолди. Кеча ёғочни дарёга ташлаб кетишга тўғри келгани Ўразқулга қаттиқ алам қилди. Агар ёғоч тайёр бўлганидами, тундаёқ ортиб бўлишарди-да, тонг саҳарда машинани жўнатиб юборарди… Эҳ, кеча фалокатни сотиб олди-я. Бунинг ҳаммаси қари жинни Мўминнинг касрига бўлди, ғалаён кўтармоққа қарор қилди. Қарамликдан, бўйсунишдан қутулмоқчи бўлди. Хўп, кўрамиз! Ҳаммаси ҳам майли-я, аммо бу ниятингга осонликча эриша олмайсан…

Одамлар дарёнинг қарама-қарши қирғоғига келишганда буғулар сув ичарди. Ғалати зот бу одамлар – ҳовлиқма, ғала-ғовурли. Ўз ишлари ва суҳбатлари билан банд бўлиб, қаршиларида – дарёнинг нариги ёғида турган жониворларни сезишмади.

Буғулар дарё бўйидаги эрталабки шафақ рангли буталар орасида, топ-тоза майда шағалли қирғоқда тўпиққача сувга ботиб турарди. Улар шошмасдан, тўхтаб-тўхтаб қултум-қултум сув ичарди. Сув муздек эди. Қуёш эса тепадан тобора ёқимли қизитарди. Ташналикни қондириб, буғулар офтобдан ҳузур қиларди. Йўлда шох-бутоқлардан тўкилган қуюқ шабнам елкаларида қурирди. Буғулар елкасида енгил ҳовур кўтарилади. Осойишта ва сахий эди шу кун эртаси.

Одамлар эса шунда ҳам буғуларни сезишмади. Улардан бири машинага қайтди, бошқалари эса қирғоқда қолишди. Буғулар қулоқларини қимирлатиб, аҳён-аҳён уларгача етиб келган овозларни ҳушёр тинглаб турди ва қирғоқнинг у юзида прицепли автомашина пайдо бўлганида этлари жунжикиб, қотиб қолишди. Машина гувиллаб ҳайқирарди. Буғулар безовталаниб кетишга чоғланди. Лекин машина бирдан тўхтаб қолди, гувуллаш ҳам босилди. Жониворлар секинлади. Ҳарҳолда улар секин-секин жойларидан қўзғалаверди – одамлар нариги қирғоқда бақиришиб гаплашишар ва шошилинч равишда ҳаракат қилишарди.

Буғулар майда тошлоқдаги сўқмоқчадан секингина жўнашди, уларнинг елкалари, шохлари ва ҳаракатлари ҳам буталар орасидан кўриниб турарди. Одамлар шунда ҳам уларни пайқашмади. Фақатгина буғулар очиқ ялангликдаги сел ювиб кетган қуруқ қумни кесиб ўтаётганида, бинафша ранг қум устида, офтобнинг равшан нурида, одамлар уларни кўриб турли ҳолатда оғиз очганча анграйиб қолишди.

– Қара, қара, нима у! – биринчи бўлиб қичқирди Сейдаҳмад. – Буғулар! Қаёқдан келиб қолди бу ерга?

– Нега қичқирасан, нега тўполон кўтарасан? Қанақасига сенга буғу бўлади, кийик-ку улар. Биз уларни кеча ҳам кўрган эдик, – бепарво гапирди Ўразқул. – Қаёқдан келди эмиш. Келди-да, келадиган бўлиб қолди.

– Бай, бай, бай! – завқланиб кетди Кўкатой ва завқидан томоғини бўғиб турган кўйлак ёқасининг тугмаларини бўшатди. – Силлиқлигини қаранг-а, – деди у мафтун бўлиб, – семирибди…

– Урғочисини қаранг, қанақа! Қадам ташлашини кўринг, – деди шофёр кўзларини чақчайтириб. – Воҳ Худо, икки ёшли урғочи боласи. Биринчи марта кўришим.

– Эркаги-чи! Шохларини кўр! Қандай кўтариб юрганикин? Улар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Қаёқдан келиб қолди булар, Ўразқул? – Тўнғиз кўзларини чақнатиб, нафс балосида суриштиришга тушди Кўкатой.

– Ўрмондан чоғи, – жавоб қилди Ўразқул виқор билан, эгалик обрўсини ҳис қилган ҳолда. – Довоннинг орқасидан келган, нариги томондан. Чўчимайди. Чунки ҳуркитилмаган.

– Эҳ, милтиқ бўлгандами ҳозир! – оғзига келганини гапирди Сейдаҳмад. – Ўн пуд гўшт қилармиди, а?

Шу дамгача қўрқиб-писиб бир чеккада турган Мўминнинг сабри чидамади:

– Нима деяпсан, Сейдаҳмад. Уларни овлаш тақиқланган, – деди секингина.

Ўразқул қош-қовоғини уйиб, чолга кўз қирини ташлаб қўйди. «Менинг олдимда овозингни чиқаряпсанми!» – нафрат билан хаёлдан ўтказди у. Уни сўккиси ва бир уриб ўлдириб қўя қолгиси келди, лекин ўзини тийди. Ҳарҳолда бегона одамлар бор.

– Бефойда ўргатишнинг кераги йўқ, – жаҳл билан сўз қотди у Мўминга қарамай. – Улар яшайдиган жойда овлаш тақиқланган. Бизда эса улар яшамайди. Биз бўлсак улар учун жавоб бермаймиз. Тушунарлими? – У ўзини йўқотиб қўйган чолга важоҳат билан қаради.

– Тушунарли, – итоаткорона жавоб қилди Мўмин ва бош эгганча четга чиқди. Кампир яна яширинча унинг қўлига туртди.

– Жим бўлсанг-чи, – таъна билан шивирлади у. Ҳамма қандайдир хижолатда қолгандай ерга қараб турарди.

Яна сўқмоқ орқали жўнаб кетаётган жониворлар орқасидан кузатишга тушишди. Буғулар қояга кетма-кет кўтарилиб борарди. Олдинда қўнғир эркак буғу ўзининг қудратли шохларини мағрур тутиб борар, унинг орқасидан шохсиз буғуча ва бу намойишга эргашиб Шохдор она буғу борарди. Қирдан силжиб тушган тупроқнинг тиниқ қўйнида буғулар равшан ва латиф кўзга ташланарди. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир қадами яққол кўриниб турарди.

– Эҳ, қандай гўзаллик! – шодлигини ичига сиғдира олмади шофёр. Бу соққакўз йигит кўринишдан жуда ёш эди. – Афсус, фотоаппаратни олволганимда зўр иш бўларди-я.

– Хўп, майли, гўзаллигини қўя тур, – унинг сўзини бўлди норозилик билан Ўразқул. – Ҳеч нарсага арзимайди. Гўзалликка қорнинг тўярмиди. Қани, бўл, машинани орқаси билан қирғоққа ҳайда, тўғри сувга, ёни билан албатта. Сен эса Сейдаҳмад, оёғингни еч, – ўз ҳукмидан ичида лаззатланарди у. – Сен ҳам, – шофёрга буйруқ қилди у. – Бўлинглар, ёғочни тросга боғланглар. Қани илдамроқ. Ҳали иш кўп.

Сейдаҳмад этикни ечишга тутинди. Этиги унга кичикроқ эди.


  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации