Текст книги "Танланган асарлар: Қиссалар"
Автор книги: Чингиз Айтматов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
– Самад! – деб чақирдим мен тойчоғимни. Кўргим келиб кетди. Болалар менга қараб чопқиллаб келишди.
– Амаки, бизни машинада ўйнатгани келдингизми? – деб олдимга чопиб келди Самад.
– Ҳа, озгина сайр қилдирмоқчиман сизларни! – дедим мен.
Болалар чувиллашиб, ҳаммаси бирданига кабинага чиқишди.
– Бу бизнинг таниш амакимиз, – деб мақтанарди Самад ўртоқларига.
Мен уларни бир оз сайр қилдиргандек бўлдим. Аммо шу билан ўзимни шу қадар қувноқ ва шу қадар бахтиёр ҳис қилар эдимки, болаларнинг ўзлари ҳам бунчалик ҳузур қилмаган бўлсалар керак. Сўнгра уларни машинадан туширдим.
– Қани энди уйларингга чопинглар! – Болалар чопқиллаб кетишди. Мен ўғлимни тўхтатдим:
– Шошмай тур, Самад, сенга озроқ гапим бор! – деб уни қўлимга олиб, бошим узра юқорига кўтардим, юзига узоқ тикилиб турдим сўнгра кўксимга босиб, ўпиб-ўпиб олдим-да, пастга туширдим.
– Қилич қани, олиб келдингизми, амаки? – деди Самад эсига тушиб қолиб.
– Э, ёдимдан кўтарилиб кетибди-ку, ўғлим, энди келаси сафар олиб келаман! – деб ваъда бердим унга.
– Энди эсингиздан чиқармайсиз-а, амаки? Биз бояги жойда ўйнаб юрамиз.
– Яхши, қани энди тезроқ чоп!
Автобазада дурадгорлик устахонасида ёғочдан учта ўйинчоқ қилич ясаб, ўзим билан бирга олиб юрдим.
Болалар ҳақиқатан ҳам мени кутиб туришган экан. Мен уларни машинада яна бир оз айлантирдим. Ўғлим ва унинг ўртоқлари билан дўстлигимиз ана шундай бошланди. Улар менга тез кўникиб қолишди. Узоқдан кўзлари тушиши биланоқ бир-биридан ўзишиб чопиб қолишарди.
– Машина, машинамиз келяпти! – деб қичқиришарди.
Менга яна жон кириб, одамбашара бўлиб қолдим. Йўлда кетаётиб руҳим тетик, димоғим чоғ кетар ва ўзим билан бирга қандайдир ноёб ҳис-туйғуларни элтиб борардим. Йўл ёқасида мени ўғлим кутиб турганини билардим. Лоақал бир-икки дақиқа бўлса-да, у билан ёнма-ён ўтириш мен учун катта бахт-ку. Энди бутун фикру хаёлим қандай бўлса ҳам ўғлимнинг олдига ўз вақтида етиб бориш ташвиши билан банд эди. Мен ҳамма вақт довондан кундузи ўтишни мўлжаллардим. Илиқ баҳор кунлари эди, болалар доим очиқ далада ўйнаб юришарди. Шунинг учун ҳам мен уларни кўпинча йўл ёқасида учратардим. Азбаройи шу учунгина яшаётгандек ва ишлаётгандек туюларди менга: ўзим-да йўқ бахтиёр эдим… Аммо баъзан юрагим қўрқувдан орқасига тортиб кетарди. У ёқда йўл участкасидагилар болаларни машинада ўйнатиб юрганлигимни билишадими-йўқми, билмадиму, аммо ўғлимнинг мен билан учрашишини ман этишлари, уни йўл ёқасига чиқармай қўйишлари мумкин эди. Мен бундан жуда қўрқардим. Асал билан Бойтемирдан бундай қилмасликларини, лоақал мана шу оний учрашувлардан мени маҳрум этмасликларини дилимдан ялинибёлвориб сўрардим. Аммо бир куни худди шундай бўлди…
Биринчи май байрами яқинлашиб келмоқда эди, ўғлимга совға қилмоқчи бўлиб, унга ўзиюрар машина – худди меникига ўхшаш юк машиначаси сотиб олдим. Ўша куни автобазада ўралашиб қолиб, йўлга кечроқ чиққаним учун жуда шошилардим. Эҳтимол, шунинг учун ҳамми, кўнглим алланарсани олдиндан сезаётгандек ғаш тортаётган эди, бекордан-бекор ҳаяжонланиб, хавотирланардим. Йўл участкасига яқинлашиб борар эканман, Самаднинг қанчалик хурсанд бўлишини кўз олдимга келтириб, ўроғлиқ ўйинчоқ машинани ёнимга солиб қўйдим. Гарчи унинг бундан кўра яхшироқ ўйинчоқлари бўлса ҳам, бу алоҳида совға – шофёр бўлишни орзу қилиб юрган жажжигина болага йўловчи таниш шофёрнинг совғаси эди. Аммо бу гал Самадни учратолмадим. Болалар усиз чопиб келишди… Мен кабинадан чиқдим:
– Самад қани?
– Уйда, касал бўлиб қолди, – деди бир бола.
– Касал бўлиб қолди? Боши оғрияптими ёки бошқа ерими?
– Йўқ, у касал эмас! – деди билағонлик билан қизча. – Ойиси буёққа юбормаяпти!
– Нега?
– Билмайман. Борма, деяпти.
Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, кайфиятим бузилди. Мана шу билан тамом, вассалом!
– Ма, олиб бориб бер, – деб ўроғлиқ ўйинчоқни ҳалиги болага узатдим, бироқ шу заҳотиёқ фикримдан қайтдим. – Йўқ, қўя қол, – ўйинчоқни қайтиб олиб, бошимни қуйи солганимча машина томон кетдим.
– Нега амакимиз бизни машинага чиқармади? – деб сўради бола опасидан.
– Касал бўлиб қолди, – деди опаси қовоғини солиб.
Ҳа, қизча тўғри топганди. Бу хабар мен учун ҳар қандай касалликдан ҳам ортиқ эди. Бутун йўл давомида ўйланиб бордим… Наҳотки Асал мендан шу даража кўнгли қолган бўлса, наҳотки у менга нисбатан шу қадар бағритошлик қилса? Мен қанчалик ёмон бўлмай, наҳотки унинг заррача ичи ачимаса! Йўқ, ишонгим келмасди… Асалнинг шу даражага бориши мумкин эмас, бу ерда бошқа бир гап бор… Хўш, нима бор? Мен қаёқдан билай… Шу чоғ, ўртоғи айтганидек, ўғлимнинг бир оз тоби қочиб қолган бўлса керак, деб ўзимни ўзим ишонтиришга уриндим. Нега унга ишонмаслигим керак экан? Ахир ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкин-ку. Мен бунга ўзимни шу даражада ишонтириб қўйган эдимки, кейин бу фикримдан ўзим ҳам чўчиб кетдим. Ўғлимнинг иситмалаб ва алаҳсираб, илондек тўлғаниб ётгани бир-бир кўз олдимдан ўтаверди… Балки бирон ёрдам зарур бўлиб қолар, дори-дармон келтириш ёки касалхонага олиб бориш керак бўлиб қолар. Ахир улар шаҳарда эмас, довонда яшашади! Жуда қийналиб кетдим. Орқага қайтишга шошилдим, қандай тадбир-чора қўллаш мумкин эканлигини тасаввур эта олмасдиму, бироқ хаёлимдан биргина нарса ўтарди: тезроқ етиб боришу, агар, ўғлим соғ-саломат бўлса, кўриб кўнгилни жойига тушириш. Мен уни учратишимга ишонардим, буни қалбим айтиб турган эди. Худди қасддан қилгандек, бакда ёнилғи тамом бўлиб қолди, машинани довондаги бензоколонка олдида тўхтатишга тўғри келди.
* * *
Ҳикоясининг шу ерига келганда ҳамроҳим Илёс жимиб қолди. Қизиб кетган юзларини кафти билан ишқалаб, чуқур хўрсиниб қўйди-да, қия очилиб турган вагон деразасини охиригача суриб, билмадим, нечанчи марта экан, яна чека бошлади.
Вақт ярим кечадан ошган эди. Биздан бошқа йўловчиларнинг ҳаммаси ухлаб қолишган бўлса керак. Ғилдираклар релсларга «тақ-тақ» урилиб, ўзларининг туганмас қўшиғини куйлаб борарди. Деразалар ортидан ёзги тун пардаси ғизиллаб ўтиб турар, станцияларнинг ер бағирлаб ёниб турган чироқлари милт-милт этиб ўтарди. Паровоз елиб бораётиб қаттиқ чинқирди.
– Худди мана шу пайтда сиз менга учраган эдингиз, оға, мен эса сизнинг илтимосингизни бажо келтиролмаган эдим. Энди сизга ҳаммаси аён бўлган бўлса керак, – деб ҳикоясини давом эттираркан, хомушгина жилмайиб қўйди қўшним. – Сиз бензоколонка олдида қолган эдингиз, сўнг «Победа»да мендан ўзиб кетдинглар. Буни кўрган эдим. Айни шу пайт довон этагига ёмғир ёғиб ўтганди…
Ҳа, машинани қаттиқ ҳаяжон ичида ҳайдаб борардим. Ниҳоят қалб сезгиларим мени алдамаган эди. Самад йўл ёқасида кутиб турарди. У машинани кўриши биланоқ йўлни кесиб чопқиллаб қолди:
– Амаки! Шофёр амаки!..
Демак, ўғилчам соғ-саломат! Эҳ, ўзимда йўқ суюниб кетдим, қувончим ичимга сиғмасди!
Мен машинани шартта тўхтатиб, кабинадан сакраб тушиб, ўғлимга пешвоз югурдим.
– Нима бўлди, оғайни, касал бўлиб қолдингми?
– Йўқ, ойим юбормади. Унинг машинасига чиқмагин, дейди. Мен йиғладим, – деб арз қиларди Самад,
– Хўш, ҳозир қандай қилиб келдинг?
– Дадам, агар биров болаларни машинада ўйнатаман деса, қўявер, ўйнатаверсин, деди.
– Ростданми?
– Мен шофёр бўламан, дедим…
– Албатта шофёр бўласан, бўлганда ҳам қандай де! Биласанми, мен сенга нима олиб келдим? – Мен ўйинчоқ машинани олдим. – Бунга қара, ўзиюрар «ЗИЛ»ча, кичкинтой шофёрларга жуда боп машина-да бу!
Бола оғзи қулоғига етиб жилмайди.
– Мен доим, ҳар доим сиз билан бирга машинада юраман-а, амаки? – деб ёлворувчи кўзлари билан термилди менга. Кўнглим бузилиб кетди.
– Албатта, ҳар доим! – деб ишонтирдим уни. – Истасанг, Биринчи май байрамида шаҳарга бирга борамиз, машинани байроқчалар билан ясатамиз, кейин сени яна олиб келиб қўяман. – Нега мен унга бу сўзларни айтганлигимни, бунга қанчалик ҳаққим борлигини ва айниқса, ўз сўзларимга нега бирдан ўзим ҳам ишониб қолганлигимни ҳозир тушунтириш қийин эди. Бу ҳам етмагандек, яна сўзларимга эрк бериб гапиравердим. – Агар ёқса бутунлай меникида қоласан!– дедим ўғлимга жуда жиддий суратда. – Биз кабинада яшаймиз, мен сени доим ўзим билан бирга олиб юраман. Бўптими?
– Бўпти! – жон-жон деб рози бўлди Самад. – Машинада яшаймиз! Кетдик, амаки, ҳозир кетамиз!..
Баъзан катталар ҳам болалик қилиб қўяди. Биз кабинага ўтирдик. Мен ишонқирамай моторни юргиздим, стартёрни босдим. Самад жуда хурсанд эди: мени тортқилар, эркаланар, ўриндиқда ирғишларди. Машина қўзғалди. Самаднинг қувончи ичига сиғмасди, тинмай куларди, рулни, қаршисидаги кнопкаларни кўрсатиб алланималар деб бижирлаб гапирарди. Унга қўшилиб мен ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Аммо бирдан эс-ҳушимни йиғиб олдим. Бутун вужудимни иссиқ аланга қоплаб олди; нима қиляпман ўзи?! Машинага тормоз бердим. Аммо Самад тўхтатишга кўнмади:
– Тезроқ, амаки, тезроқ ҳайданг! – дерди у. Боланинг илтижо билан бахтиёр боқишларини қандай қилиб рад эта олардим. Тезликни янада оширдим. Эндигина ғизиллаб учиб бораётган эдикки, йўлга гудрон ётқизиб юрган грейдер кўриниб қолди. Грейдер бурилди-да, смолали суюқликни йўлга ётқизганича бизга томон келаверди, унинг кетидан эса суюқликлар солинган улкан қозонлар орқасида Бойтемир турган экан. У грабарка билан йўлга ётқизилган гудронни текисламоқда эди. Мен довдираб қолдим. Машинани тўхтатмоқчи бўлдиму, аммо кечиккан эдим: Самад билан аллақанча ерга келиб қолган эдик. Мен бошимни пастроқ эгдим-да, жон-жаҳдим билан газни босдим. Бойтемир ҳеч нарсани сезмай қолди. У бошини кўтармай ишлаб ётган эди: бу ердан ўтиб турган машиналар кам дейсизми? Қайси бирига ҳам қарарди! Бироқ Самад уни кўриб қолди:
– Ана дадам! Амаки, келинг, дадамни ҳам чиқариб оламиз, майлими? Тўхтатинг, дадамни чақираман!
Мен индамасдим. Энди тўхтатишнинг иложи йўқ эди, унга нима дейман ахир? Самад бирдан орқасига қайрилиб қаради, қўрқиб кетди-да, қичқириб йиғлаб юборди:
– Дадамга бораман! Тўхтат, дадамга бораман! Тўхтат, тушаман! Оойии!..
Муюлишдаги қоя орқасига ўтиб машинани тўхтатдим. Ўғлимни овутишга урина бошладим:
– Йиғлама, Самад, йиғлама, қўй! Ҳозир олиб бориб қўяман. Лекин йиғлама!
Аммо қўрқиб кетган бола ҳеч нарсага қулоқ солмасди.
– Йўқ, тушаман! Дадамга бораман! Оч! – деб кабина эшигига ёпишиб тақиллата бошлади. – Оч, дадамга бораман ҳозир! Оч!
Ана холос, жуда ғалати иш бўлди-ку.
– Йиғламагин-да, ахир! – деб ялиниб-ёлвориб, уни кўндиришга уринардим. – Ҳозир очаман, йиғламасанг бўлгани! Дадангнинг олдига ўзим олиб бориб қўяман! Қани, туш-чи, кетдик!
Самад ерга сакраб тушди-да, йиғлаганча орқага чопиб кетди. Мен уни ушлаб қолдим:
– Шошма! Кўзингни арт. Йиғлама. Жон ўғлим, йиғламагин! Машинанг қолди-ку, олмайсанми? Мана қара! – Мен шошиб ўйинчоқни олдим-да, қалтироқ қўлларим билан мурватини бурадим. – Қара, сенга қараб чопиб кетяпти, қани тутиб ол-чи! – Машинача йўлда ғизиллаб юриб кетди ва тошга урилди-да, йўл ёқасидаги ариққа чирпирак бўлиб учиб тушди.
– Керак эмас! – деди у ва яна баттарроқ йиғлаб, орқасига қарамай қочиб кетди.
Мен бўлсам донг қотиб қолдим. Томоғимга қайноқ думалоқ бир нарса қадалгандек бўлди. Мен ўғлимга етиб олиш учун яна орқасидан чопдим:
– Тўхтаб тур, йиғлама, Самад! Тўхта, мен сенинг… мен, мен сенинг, ўзинг биласан-ку! – Бироқ давомини айтишга тилим келмасди…
Самад орқасига қайрилиб қарамай чопиб борарди, у муюлишдан ўтиб кўздан йўқолди. Мен қоягача чопиб бориб, қочиб кетаётган ўғлимнинг орқасидан қараб қолдим.
Унинг йўлда ишлаётган Бойтемир олдига югуриб бориб, унга ўзини ташлаганини кузатиб турдим. Бойтемир Самаднинг олдида чўққайиб ўтирди-да, уни қучоқлаб бағрига босди. Бола ҳам мен томонга қўрқиб, хавфсираб қараб, унинг бўйнидан қучоқлаб олди.
Бойтемир грабаркасини елкасига ташлаб, Самаднинг қўлидан ушлади. Улар йўл бўйлаб узун-қисқа етаклашиб кетишарди.
Мен қояга суянганимча узоқ турдим, сўнгра орқага қайтдим. Ўйинчоқ машинача олдида тўхтадим. У ариқда тўнтарилиб ётарди. Кўз ёшларим юзимдан оқиб туша бошлади. «Мана, ишнинг пачаваси чиқди!» – дедим машинамга, унинг капотини сийпалаб. Моторнинг иссиқ тафти юзимга гуп этиб урилди… Энди ўғлим билан сўнгги учрашувимизнинг шоҳиди бўлган машинамга нисбатан ҳам қандайдир меҳр-муҳаббатим ошиб кетган эди…
* * *
Илёс ўрнидан туриб, эшикка томон юрди.
– Бироз соф ҳаводан нафас олай, – деди у.
Мен купеда қолдим. Ёришиб келаётган саҳар осмонининг бир парчаси дераза ортидан оқариб, тебраниб ўтиб борарди. Ғира-ширада симёғочлар лип-лип ўтиб турарди. Чироқни ўчирса ҳам бўларди.
Мен Илёс билмаган, аммо менга аён бўлган нарсаларни унга айтиб берсаммикин, йўқмикин, деб чалқанча ўйлаб ётардим. Аммо у ҳадеганда купега қайтиб келавермади. «Майли, дам олволсин, эртага айтарман», деган қарорга келдим. Айтмай яхши қилган эканман, чунки эртасига яна ўйлаб кўриб, бу фикримдан қайтдим.
Мен йўл мастери Бойтемир билан деярли ўша кезларда – Илёс Асал билан ўғлининг довонда яшаётганлигидан хабар топган чоғларда танишган эдим. Помирда Қирғизистон йўл ишчиларининг ўзаро текшириш ва тажриба алмашиш бўйича делегациясини кутишаётган эди. Шу муносабат билан Тожикистон республика газетаси қирғизистонлик тоғ йўли ишчилари ҳақида очерк ёзиб беришимизни илтимос қилган эди.
Делегация орасида энг яхши йўл мастерларидан бири Бойтемир Қулов ҳам бор эди.
Мен Бойтемир билан танишиш мақсадида Дўланга келдим.
Биз у билан қўққисдан учрашиб қолдик ва бу учрашув мен учун жуда муваффақиятли бўлди. Довонга етай-етай деб қолганимизда автобусимизни қўлида қизил байроқча тутган ишчи тўхтатди. Билсак, йўлда ҳозиргина тоғ ўпирилиши юз бериб, йўл тузатувчилар уни тозалаётган экан. Мен автобусдан чиқиб, ўпирилиш юз берган жойга қараб кетдим. Тоғ тепасида пастга қараб тош аралаш ер кўчиб, йўлга қулаб тушибди-да, ўзи билан бирга йўлнинг бир чеккасини тўсиб қўйилган бетон устунчаларни ҳам қўшиб тик қиялик бўйлаб жарликка қараб ўпириб кетибди. Йўлнинг бу қисми тахта қолиплар ёрдамида қайтадан тикланаётган эди. Бульдозер уйилиб қолган тупроқни пастликка суриб туширарди. Бульдозер юролмайдиган жойларни эса ишчилар белкураклар билан тозалаб, шаббалашарди. Брезент плаш ва кирза этик кийиб олган киши бульдозер билан ёнма-ён юриб, тракторчига йўл-йўриқ кўрсатмоқчи эди:
– Хиёл чапроққа бур! Яна бироз ичкарига! Тахта қолиплар устидан ҳайда! Ҳа, шундай! Тўхта! Орқага!..
Йўл деярли тозалаб бўлинган эди. Шофёрлар иккала томондан тинмай сигнал беришиб, соқчи ишчиларни сўкиб, йўлни очишни талаб қилишарди, аммо плашли киши буларга парво қилмасди. У бульдозерни мўлжалланган ердан юришга ва қолиплар ичидаги тупроқни яхшилаб шаббалашга қайта-қайта мажбур этарди. «Бойтемир деганлари шу бўлса керак. У ўз ишининг кўзини биларкан!» – деган қарорга келдим мен. Ҳа, янглишмабман, бу айни шу кишининг ўзи экан. Ниҳоят, йўл очилиб, машиналар ҳаракатга тушиб қолишди.
– Сиз нима қилиб турибсиз, автобусингиз кетиб қолди-ку? – деди менга Бойтемир.
– Мен сиз билан учрашгани келдим.
Бойтемир таажжубланмади ҳам. Мен билан оддийгина қўлимни маҳкам қисиб кўришди.
– Меҳмондан қочмаймиз, хурсанд бўламиз.
– Сизда ишим бор эди, баке, – дедим уни ҳурматлаб. Ўзимни ҳам танитдим. – Йўл тузатувчиларимизнинг Тожикистонга боришидан сизнинг хабарингиз борми?
– Ҳа, эшитувдим.
– Гап бундай. Помирга кетишингиз олдидан сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим.
Мен келишдан мақсадимни аста-секин тушунтирар эканман, борган сайин Бойтемирнинг қовоғи осилиб, дағал ва қўнғир мўйловини ўйчан силай бошлади.
– Келганингиз-ку жуда яхши бўлибди, – деди у менга, – лекин Помирга мен бормайман, менинг хусусимда ёзиб ўтиришингизнинг ҳожати ҳам йўқ.
– Сабабини билсак бўладими? Ишлар кўпми? Ёки уйда бирон кори ҳол бўлдими?
– Иш ҳам етарли, ҳар қалай йўл-да, ўзингиз кўриб турибсиз. Уйда дейсизми? – у папирос ола туриб бироз жимиб қолди. – Уйда ҳам… албатта, ҳамма оилаларда бўладиганидек озми-кўпми ишлар бор… Аммо Помирга бормайман.
Мен унга ўхшаган йўл тузатувчиларнинг делегация таркибида боришининг қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришга ва кўндиришга киришдим. Аммо Бойтемир кўпроқ ҳурмат юзасидангина менга қулоқ солар эди, мен уни ҳар қанча ташвиқот қилсам ҳам бари бир кўндира олмадим.
Мен жуда хафа бўлдим ва биринчи галда ўзимдан ўпкаладим. Журналистлик сезгирлигим бу сафар иш бермади, чунки мен унга тўғри ёндашолмагандим. Мен довондан таҳририятнинг топшириғини ҳам, қўшни республика газетасининг илтимосини ҳам бажара олмай қуппа-қуруқ кетадиганга ўхшаб қолдим.
– Хўп, майли, баке, кечирасиз, энди мен кетай. Ҳозир бирор йўловчи машина келиб қолар.
Бойтемир менга осойишта ва сергак кўзларини қадаб, диққат билан тикилди-да, мийиғида кулиб қўйди.
– Шаҳарлик қирғизлар урф-одатларимизни унутиб қўйяптилар-да. Менинг уйим, оилам, дастурхоним ва тунайдиган жойим бор. Мени деб келган экансиз, йўлдан қайтмасдан, бугун уйимга тушиб, эртага кетарсиз. Юринг, мен сизни хотиним ва ўғлимнинг олдига қолдириб қайтай: кўнглингизга олмайсиз, албатта. Қоронғи тушмасдан йўлни бир айланиб чиқишим керак. Тезда қайтаман. Ишимиз шунақа…
– Баке! – деб тўхтатдим уни. – Мен сиз билан бирга йўлни айланиб чиқа қолай.
Бойтемир менинг шаҳарлик қиёфамга бир назар ташлаб олди-да, айёрона кўз қисиб қўйди:
– Қалай бўларкан, мен билан бирга кезиб юришингиз сизга ноқулай бўлмасмикин? Масофа узоқ, бунинг устига йўл ҳам яхши эмас.
– Майли, ҳечқиси йўқ, – деб қатъий туриб олдим мен.
Шундай қилиб, биз йўлга тушдик, ҳар бир кўприк ва муюлиш олдида, ўпирилган жойлар ва осилиб турган қоялар қаршисида йўл-йўлакай тўхтаб, уларни кўздан кечириб борардик. Буларнинг ҳаммаси йўл мастерининг зийрак ва ўткир назаридан ўтарди. Биз ўз-ўзидан гапга киришиб кетдик, албатта. Ҳалиҳалигача нима учун, қайси сўзим билан, нимам билан ва қай йўсинда Бойтемирнинг ишончини қозонганлигимни ўзим ҳам билолмайман. Азбаройи шу ишончи туфайли у менга ўз тақдири ҳақида ва оиласининг тақдири ҳақидаги қиссани сўзлаб берди.
Фақат эндигина, Илёснинг ҳикоясини охирига қадар тинглаб бўлгач, журналист сифатида омадим жуда ўнгидан келганини тушундим. Зоҳиран хотиржам ва осойишта кўринган Бойтемир ўша кунлари ўзи билан ғам-ғусса, ташвиш ва ўй-хаёлларнинг улкан юкини кўтариб юрар эди. Қандайдир, тасодифан, кўнглини ёзиш учундир, Бойтемир бир-икки оғиз айтиб юборди-ю, кейин гапини тўхтата олмай, қалбидаги дард-ҳасратлари қўзғалиб, дарё каби ошиб-тошиб кетди…
ЙЎЛ МАСТЕРИНИНГ ҲИКОЯСИ
Мана сиз, нега Помирга боргингиз йўқ, деб сўрадингиз. Ўзим помирлик қирғизман. Туғилган элим Помир бўлса ҳам мен буёқларда, Тянь– Шанда юрибман.
Жуда ёшлик чоғларимданоқ Помир йўл қурилишида ишлай бошладим. У ёққа комсомол чақириғи билан борган эдим. Қурилиш халқ қурилиши эди, механизмлар етишмасди, иш қанчалик оғир бўлмасин, биз, айниқса ёшлар, иштиёқ билан, ғайрат ва шижоат билан ишлардик. Ғайрат кўрсатмай бўлармиди: асрлар бўйи инсон қадами етмаган Помирга йўл солиняпти-я! Мен зарбдорлар қаторига ўтиб олдим, дам-бадам мукофот ва инъомлар олиб турардим. Буни мақтаниб эмас, шунчаки кези келгани учун айтяпман.
У ерда, қурилишда мен бир қизни учратиб, уни жон-дилимдан севиб қолдим. Ўзи ҳам жуда чиройли, ақлли қиз бўлиб, қурилишга овулдан келган эди; бу эса ўша пайтларда оддий қирғиз қизи учун катта қаҳрамонлик эди. Уёғини суриштирганда, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳатто ҳозир ҳам қизларнинг ишлаб чиқаришга бориб ишлашлари унчалик осон эмас – бунга урф-одатларимиз тўсқинлик қилади. Гулбара билан танишганимизга бир йилча бўлди. Йўл қурилиши охирлаб қолган эди. Йўлни ишга солиб юбориш учун ўз кадрларимиз бўлиши зарур эди. Йўл қурилиши ишнинг бир томони, уни биргалашиб, умумий куч билан бажара олиш мумкин, шунинг билан бирга, унга кўз-қулоқ бўлиб, назорат ҳам қилиб туриш керак-да. Бизда Ҳусаинов деган бир ёш инженер бор эди, у ҳозир ҳам йўл соҳасида ишлайди, министр бўлиб хизмат қилмоқда. Биз у билан дўстлашиб қолдик. Менга йўл ишлари курсларига бориб ўқишга маслаҳат берган ҳам шу киши бўлди. Мен ўқишни битириб келгунимча Гулбара кутиб туролмас, уни овулга олиб кетиб қолишар, деб ўйлаган эдим, йўқ, у қайтишимни кутди. Ниҳоят бирга турмуш қуриб, ўша ерда, йўл участкасида қолиб ишлай бошладик. Биз жуда аҳил ва бир-биримизга меҳрибон эдик… Шуни ҳам айтиш керакки, айниқса тоғ ва довонларда яшовчи йўл тузатувчилар учун мустаҳкам оила – яхши хотин ош-нондек зарур. Мен буни кейинроқ ўз ҳаётимда синаб кўрдим. Агар мен ўз ишимни бир умрга жон-дилимдан севиб қолган эканман, бунда хотинимнинг хизмати ҳам оз эмас. Биз қиз кўрдик, кейин иккинчиси дунёга келди, худди шу кезларда тўсатдан уруш бошланиб қолди.
Помир йўли шаррос қуйиб берган жаладан кейинги дарё каби чайқалиб, тўлқинланиб кетди. Бутун халқ ана шу дарё сингари пастга томон оқа бошлади – улар армияга кетаётган эди.
Ниҳоят менга ҳам навбат келди. Эрталаб ҳаммамиз бошлашиб уйдан йўл ёқасига чиқдик. Кичкина қизчамни қўлимда кўтариб борардим, каттаси эса баримдан ушлаб олганча ёнма-ён борарди. Гулбарам, бечора Гулбарам! Унинг қўлида менинг сафар халтам, ўзини дадил тутишга ва мени ҳам овутиб, тинчитишга уринарди. Аммо кимсасиз тоғу тошлардаги йўл участкасида икки ёш бола-ю, яна худди ўзига ўхшаш икки қўшни аёл билан қолиш унга нақадар оғир эканлигини бутун қалбимдан сезиб турардим. Мен уларни овулга: қариндошуруғларим олдига жўнатмоқчи бўлдим, аммо Гулбара истамади. Кунимизни бир амаллаб ўтказармиз, сени кутамиз, йўлни ҳам қаровсиз қолдириб бўлмайди-ку, ахир, дерди у. Мен рафиқам ва фарзандларим билан сўнгги марта йўл ёқасида туриб хайрлашдим. Биз Гулбара билан у вақтда ҳали жуда ёш, ҳаётга эндигина қадам қўйган эдик…
Мен сапёрлар батальонига тушдим. Москва остоналаридаги кўпгина танкка қарши қурилган тўсиқларга менинг ҳам қўлим теккан. Кейин эса Дон ва Висла дарёларини кечиб ўтиб, Дунайга қараб кетдик. Уруш майдонларида биз қанчадан-қанча йўллар, кечув жойлари, кўприклар барпо этдик. Қилган ишларимизни санаб саноғига етиб бўлмайди! Баъзан шундай пайтлар ҳам бўлардики, гоҳ муздай сувда титраб-қалтирайсан, гоҳ тутун ва олов ичида ёнасан, атрофингда снарядлар бетиним портлайди, кечув жойларни остин-устин қилади, қанчадан-қанча одамлар қирилади, тинка-мадоринг қуриб, ўлишингга ҳам минг марта рози бўласан. Бироқ шундай пайтларда тоғ-тошларда яшаб, худди Хизрни йўқлагандек мени интизорлик билан кутаётган бола-чақамни эсласам ва Помирдек жойдан бу ерда, кўприк остида бекордан-бекорга ўлиб кетгани келмаганимни ўйласам, куч-қудратим шу қадар ортиб кетардики, бир-биридан ажралиб кетаётган симларни ҳатто тишларим билан бурардим, ҳаётдан воз кечгим, таслим бўлгим келмасди. Ана шу куч билан Берлин остоналаригача етиб бордим.
Хотиним тез-тез хат ёзиб турарди, яхшиямки, почта уларнинг ёнгинасидаги йўлдан ўтарди. У ҳамма нарса ҳақида, шу жумладан, йўл ҳақида ҳам батафсил ёзарди – у менинг ўрнимга мастер бўлиб қолган эди. Унга жуда оғир эканлигини билардим: йўл ҳам унча-мунча йўллардан эмас, Помирда-я! Бунинг устига, қўшнилар ҳам дуч келган томонга қараб кўчиб кетишибди.
Қирқ бешинчи йилнинг баҳорига келиб тўсатдан хат келмай қўйди. Фронт почтасида ҳар хил ҳодисалар бўлиши мумкин-ку, деб ўйлаб, ўзимни ўзим овутардим. Кунлардан бирида мени полк штабига чақириб қолишди. Хўш, гап шунақа, старшина, урушиб бўлдинг, яхши жанг қилдинг, ташаккур ва мукофотлар ҳам олдинг. Энди уйингга қайтасан, у ерда сен ҳозир кўпроқ кераксан. Аммо биринчи навбатда ҳарбий комиссариатга кир, ҳужжатларингни топшир, кейин уйингга жўна… Мен кутилмаган бу хабардан қувониб кетдим, албатта. Ҳатто уйга телеграмма ҳам юбордим.
Мен қадрдон жойларимга етиб келдим. Ҳарбий комиссариатга эса кириб ўтирмадим, улгураман ҳали, қаёққа қочиб кетардим! Уйга! Тезроқ уйга етиб борай! Йўловчи полуторка машина учраб қолди, мен унда Помир йўли бўйлаб жўнаб кетдим.
Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб борсам, фронтдаги «Студебеккер»ларда юриб ўрганиб қолибман, кабинага энгашиб шофёрга қичқирардим:
– Тезроқ ҳайда, ошна, шалдироқ аравангни мунча аямасанг! Уйимга кетяпман!
Мана, яқинлашиб ҳам қолдим. Муюлишдан ўтиш билан менинг участкам. Сабр-тоқатим чидамади. Машинанинг юриб кетаётганига қарамай, сакраб тушдим-да, сафар халтамни елкамга ташлаб, югуриб кетдим. Шундай қилсам тезроқ етиб бораман, деб ўйладим. Чопяпман, чопяпман, муюлишдан ҳам ўтдим… Ўтдиму, ҳеч нарсани таниёлмадим. Гўё ҳамма-ҳаммаси ўз жой-жойида тургандек: тоғлар ҳам ўз ўрнида, йўли ҳам ўша, аммо на уй-жой, на ҳовли ва на бирон тирик жон зоти кўринарди. Фақат тош уюмларигина қалашиб ётарди. Бизнинг ҳовлимиз хиёл четроқда, нақ тоғнинг таггинасида эди. Тоғ этагидаги жойлар жуда тор эди. Тоққа кўзим тушди-ю, дарҳол донг қотиб анграйиб қолдим. Баландликдан қор қатлари кўчиб, ўзи билан бирга йўлда учраган ҳамма нарсани теп-текис қилиб супуриб кетган, гўё ўткир тирноқли темир панжалари билан тоғ ёнбағирларини қўпориб, пастликка ағанатиб улоқтиргану чуқур ва улкан жарликнинг саҳнини қўш қўшгандек ағдар-тўнтар қилиб ташлаган эди. Хотиним ўзининг сўнгги хатида жуда қалин қор тушганини, сўнгра кутилмаганда ёмғир ёға бошлаганини ёзган эди. Демак, қор уюмини қуламасидан эртароқ портлатиб, пастга қулатиб юбориш зарур эди, бироқ бу аёл кишининг қўлидан келармиди.
Ана шундай қилиб, оилам билан ҳам учрашдим. Минг бор ўлим билан юзмаюз келиб, тириклайин дўзахга тушиб қайтсаму, бу ерда бола-чақамдан ном-нишон бўлмаса. Тинка-мадорим қуриб, қотиб турардим. Тоғ-тошларни ларзага келтириб ҳайқиргим, дод дегим келарди-ю, нафасим бўғзимга тиқилиб, овозим чиқмасди. Гўё бутун вужудим тошга айланиб қотиб қолгандек эди. Фақат елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб турардим, холос. Мен уни ўша ерга ташлаб кетдим, унда қизларимга, хотинимга совғалар олиб келган эдим, йўлда гимнастёркамни новвотга айирбошлаб олувдим. Мен турган еримда гўё бирор мўъжизани кутаётгандек узоқ туриб қолдим. Кейин орқамга қайрилдим-да, йўлдан кетавердим. Бир зум тўхтаб, ортимга қайрилиб қарадим, тоғлар сарак-сарак бўлиб тебраниб, бутун оғирликлари билан устимга бостириб келаётгандек бўлди. Юрагим қинидан чиқаёзгандек қичқириб юбордим-да, қоча бошладим. Қоч! Бу лаънати жойлардан қоч! Ана шунда даҳшатли овоз билан ҳўнграб йиғлаб юборган эдим.
Қаёққа ва қай тарзда бораётганлигимни эслаёлмайман, учинчи куни станцияга келиб қолибман. Ғала-ғовур халқ тўлқини ичида адашган кишидек дайдиб юрардим. Номимни атаб бир офицер мени чақириб қолди. Қарасам – инженер Ҳусаинов. Ҳарбий хизматдан бўшаб, уйига қайтаётган экан. Мен бошимга тушган кулфат ҳақида унга икки оғизгина сўзлаб бердим. Энди қаёққа бормоқчисан, деб сўради у. «Ўзим ҳам билмайман», деб жавоб бердим. Йўқ, деди у, бундай қилиш ярамайди, чидаш керак. Бир ўзингнинг сандироқлаб юришингга йўл қўймайман. Қани, юр, Тянь-Шанга кетдик, йўлни қуриб тугаллаш керак. У ёғини яна кўрармиз.
Мен бу ерга ана шундай қилиб келиб қолганман. Дастлаб йўлда кўприклар қуриб юрдим. Вақт ўтиб борарди, бирор ишнинг бошини тутиш керак эди. Ўша кезларда инженер Ҳусаинов вазирликда ишлаётганди. У менинг олдимга тез-тез келиб турар ва ҳар келганида аввалги ишимга, участка йўл мастери бўлиб ўтишга маслаҳат берарди. Бунга юрагим дов бермасди. Эсласам, юрагим орқага тортиб кетарди. Қурилишда якка ўзим эмасман, кўпчилик билан ишлаш осон бўлади. У ёқда-чи, ким билади, ёлғизликдан юрагим ёрилиб кетса керак. Орадан неча йиллар ўтиб кетди. Бироқ мен ҳамон ўзимни ўнглолмас, бошимга тушган ташвишларни унутолмасдим. Гўё шу билан ҳаётим тамом бўлгану, бундан бу ёғига ҳеч нарсадан умидим йўқдек эди. Уйланишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Гулбарам ва болаларимни ҳаддан ташқари севар эдим. Ҳеч ким, ҳеч қачон уларнинг ўрнини боса олмайдигандек туюларди менга. Фақат кун кечириш учунгина ва шунчаки уйланиш эса – иш эмас. Бундан кўра сўққабош бўлиб юрган маъқулроқ.
Ниҳоят, участкага мастер бўлиб боришга қарор қилдим, ишлаб кўраман, агар ёқмаса, яна бирон ёққа кетавераман-да, деб ўйладим. Менга бу ерда довоннинг нақ ўзидаги участкани беришди. Ёмон бўлмади, аста-секин киришиб, кўникиб кетдим. Эҳтимол бунга участканинг жуда серташвишлилиги сабаб бўлгандир: довонда ҳар қанча десангиз ҳам иш топилади. Аммо бу менга оғирлик қилмади, аксинча, яхши бўлди. Вақт ўтиши билан қалбимдаги дардаламлар сўна бошлади, уларни аста-секин унута бордим. Баъзи-баъзида ўша мудҳиш кун тушимга кириб чиқарди: ўша ер юзидан супурилиб кетган ҳовли қаршисида тошдек қотиб, елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб тураман. Кейин қайрилардим-да, орқамга қараб қайтиб кетардим. Уйғониб кетиб қарасам, кўзимда ғилт-ғилт ёш бўлади. Бундай пайтларда саҳардаёқ ўрнимдан туриб ишга жўнардим, шу кетганимча то тунга қадар уйга қайтмасдим. Шу тариқа мен сўққабош бўлиб қолгандим. Тўғри, аҳён-аҳёнда: «Эҳтимол, ҳали яна бахтли кунларга эришарман», деган ҳазин ўй хаёлимга келиб қоларди.
Ниҳоят жуда оғир, изтиробли ва чексиз машаққатли бу бахт мен кутмаган бир пайтда келиб қолди.
Бундан тўрт йилча муқаддам тугаб бораётган қиш кунларининг бирида қўшнимнинг бемор онасини вилоят касалхонасига олиб борган эдим. Қўшнимнинг ўзи бўлса уйдан бўшаб чиқа олмасди. Бир ёқда иш, оила, бир ёқда болалари… Кампирнинг аҳволи эса кун сайин оғирлашиб бормоқда эди. Мен уни врачларга кўрсатишга аҳд қилдим. Шу кун участкамизга йўл бошқармасидан машина келиб қолди. Унда нимадир келтиришган эди. Биз ана ўша машинада вилоят марказига бордик. Кампирни врачларга кўрсатдим. Врачлар кампирни касалхонага ётқизиш керак, ётқизилмаса бўлмайди, деб маслаҳат беришди. Кампир касалхонага биринчи марта тушганидан, ётмайман, деб қайсарлик қилиб туриб олди, ўлсам ўламанки, аммо касалхонада қолмайман, дерди у. Қайтариб олиб кет, бўлмаса қарғишимга қоласан. Шунча қилсам ҳам уни кўндира олмадим. Яна қайтариб олиб кетишга тўғри келди. Турли-туман доридармонлар олиб, орқага қайтдик. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Автобазанинг довондаги базасидан ўтиб кетдик. Бир пайт шофёр машинасини шартта тўхтатди, мен унинг:
– Қаёққа борасиз? – деб сўраётганини эшитдим.
Алланима деб мужмалгина жавоб қайтарган аёл кишининг овози қулоққа чалинди ва унинг нари кетаётган одим шарпаси эшитилди.
– Чиқа қолинг! – деди шофёр унга. – Нега ундай қиласиз? – деб машинани унга яқинроқ ҳайдаб борди.
Қўлида бола, тугунча кўтариб олган ёшгина аёл машина бортига яқинлашди. Мен аёлнинг кузовга чиқиб олишига ёрдамлашдим, кабина орқасидаги шамол тегмайдиган пана жойни унга бўшатиб бериб, ўзим бурчакка ўрнашиб олдим.
Биз йўлга тушдик. Кун совуқ, рутубатли шамол эсарди. Бола йиғлай бошлади. Аёл болани овутишга ҳар қанча уринмасин, у сира тинчланадиганга ўхшамасди. Тоза чатоқ бўлди-ку! Кабинага ўтқазай десак, у ерда чалажон кампир ўтирарди. Шунда мен аёлнинг елкасидан секингина туртдим:
– Қани, менга беринг-чи, эҳтимол, тинчиб қолар, ўзингиз сал эгилиброқ ўтиринг, шамол тегмасин.
Мен болани калта пўстиним билан ўраб олдим-да, бағримга босдим. У тинчиб, пишиллаб нафас ола бошлади. Жуда дўмбоқ, ўзиям ўн ойлик чамаси жажжигина бола экан. Мен уни чап бағримга олиб ўтирардим. Бирдан юрагим гупиллаб, худди отиб туширилган қуш каби типирчилай бошлади. Нега эканлигини ўзим ҳам билмайман. Қалбим ҳам қайғу, ҳам қувончли туйғуларга тўлган эди. «Эҳ, наҳотки ҳеч қачон оталик бахтига муяссар бўлолмасама», деб ўйлардим мен. Бола эса бағримда иссиққина ётарди. Унга бошқа ҳеч нарсанинг кераги ҳам йўқ эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?